Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Туркий адабиётнинг ноёб обидаси
Facebook
Туркий адабиётнинг ноёб обидаси PDF Босма E-mail

Машҳур шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожибнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда оз маълумот сақланиб қолган. Бизгача етиб келган ягона ва йирик асари «Қутадғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим») муаллифнинг эллик ёшларида — 1069 — 70 йилларда яра-тилганидан келиб чиқиб, у 1020 — 21 йилларда туғилган деб тахмин қилинади.

 

Юсуф Хос Ҳожиб туғилган Болосоғун ўша давр-нинг маданий марказларидан бўлиб, «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо йўли устида жойлашгани учун савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, илм-фан анча тараққий этган, кўплаб мактаб ва мадрасаларга эга бўлган шаҳар эди»(Ҳомидий X,. Кўҳна Шарқ дарғалари. 95-бет.). У икки марта қорахонийлар салтанатининг пойтахти ҳам бўлган. Юсуф замонасининг барча асосий билимларини эгаллагани, араб ва форс тилларини мукаммал билгани ҳам шоир тўғрисида маълумот берувчи асосий манба бўлмиш шу китоб туфайли ойдинлашади.
«Кутадғу билиг»нинг ёзилган йили тўғрисида муаллиф шундай дейди:

Йил алтмиш эки эрди тўрт юз била,
Бу сўз сўзладим ман тутуб жан сура.
Тугал ўн сакиз айда айдим бу сўз,
Удурдим, адирдим сўз эвдим Тера.

Мазмуни:
Тўрт юз олтмиш иккинчи йил эди,
Мен жонни койитиб, ушбу сўзни сўзладим.
Бу сўз(лар)ни тугал ўн саккиз ойда айтиб бўлдим,
Танладим, фарқладим, териб сўз йиғиб (тўпладим).

Маълум бўладики, у ўз асарини 18 ой ичида — Болосоғун (Қуз ўрду)да бошлаб, Қашқарда ёзиб тугатган ва қорахоний ҳукмдор Тавғоч Буғрохонга тақдим этган. «Китобда номи тилга олинган хоқон Носириддин Тавғоч улуғ Буғро Қорахон Абу Али Ҳасан Хорунхон бинни Арслонхон бўлиб, 1075- 1103 йиллар давомида қорахонийлар давлатини бошқарган. «Қутадғу билиг» асари уига бағишланган пайтда у Қашқарда Арслонтегин Тўғрул Қорахоқон Маҳмудхон (1059—1075)нинг ўртоқ-қоғони сифатида ҳукм сурарди»(Имомназаров М. Юсуф Хос Ҳожиб // Буюк сиймолар, алломалар. 1-китоб. 62-бет.). Китоб Буғрохонга ниҳоятда маъқул бўлади ва муаллифни тақдирлаб, унга Хос Ҳожиб (Эшик оғаси) мансабини беради. Шундан кейин шоир Юсуф Хос Ҳожиб номи билан машҳур бўлиб кетади. Лекин достоннинг охиридаги шикоят оҳанглари шоир умрининг сўнгги йиллари бу давлатнинг таназзули даврига тўғри келганлиги, шунга мувофиқ ҳаёти ҳам оғир кечганлигидан гувоҳлик беради. Чунончи:

Изим, мунгқа тегдим, вафасиз тушуттим,
Вафалиғ ким эрки, севуг жан берайи.
Ати қалди — янглуқ киши қилқи барди,
Бу қилқ қанча барди — узу ман барайи.
Бағирсақ киши йоқ ажунда — тиладим,
Бағирсизқа кўнглум некутег улайи.
Кими ўзка кўзтек яқин туттум эрса,
Еғи(й) чиқти — йектег йекиг не қилайи?

Мазмуни:
(Эй) Эгам, мунгга гирифтор бўлдим, вафосиз(лар)га дуч келдим,
Вафоли ким экан — севикли жонни бағишлайин.
Одамнинг оти қолди, кишиларнинг (яхши) феъли кетди,
Бу феъл қаерга кетди — кетидан мен ҳам борайин.
Дунёда меҳрибон одам йўқ, (анчайин) қидирдим,
Меҳрсиз (лар)га кўнглимни қандай қилиб боғлайин.
Кимни ўзимга кўздек яқин тутган бўлсам,
Шайтондек душман бўлиб чиқди, шайтонни нима қилайин?

«Қутадғу билиг» — бахт ва саодатга элтувчи билим деган маънони билдиради. «Ўқувчи қўлидан қўймасин, унга бахт келтирсин, деб китоб номини «Қутадғу билиг» қўйдим», — дейди бу ҳакда муаллифнинг ўзи. «Ҳақиқатан ҳам, агар ҳар ким ушбу китобда тилга олинган хислатларга, фазилатларга эга бўлса, ундаги панд-насиҳат, йўл-йўриқларга амал қилиб иш кўрса, бахт-саодат унга ёр бўлади»(Каримов Қ. «Қутадғу билиг» асари ҳақида // Юсуф Хос Ҳожиб: Қутадғу билиг. Тошкент, 1971 йил, 8-бет.). Шунинг учун ҳам бу китоб ўз давридаёқ кенг тарқалиб, машҳур бўлган. Чин (Шимолий Хитой) ликлар уни «Адаб ул-мулук» («Ҳукмдорлар одоби»), мочин (Жанубий Хитой)ликлар «Ойин ул-мамлакат» («Ҳукмдорлик қонун-қоидалари»), машриқ (Шарқий Туркистон)ликлар «Зийнат ул-умаро» («Хукмдорлар зийнати»), эронликлар «Шоҳнома»и туркий» («Туркий «Шоҳнома»), баъзилар «Пандномаи мулук» («Ҳукмдорлар пандномаси»), туронликлар эса «Қутадғу билиг» деб атаганлар. «Бу номларнинг барчаси ҳам китобнинг давлат идора ишларига ва ахлоқ-одоб масалаларига доир эканини кўрсатади»(Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. Тошкент, 1976 йил, 113-бет.).
«Қутадғу билиг» исломий туркий адабиётни бошлабгина бермай, уни янги тараққиёт босқичига ҳам кўтаради. Чунки у нафақат туркий халқларнинг адабий анъаналари, бой маънавий мероси, балки қардош халқлар, биринчи навбатда, буюк форс-тожик адабиёти тажрибаларини ҳам ижодий ўзлаштирган ҳолда яратилган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи достон муқаддимасида:

Арабча, тожикча китоблар ўкуш,
Бизинг тилимизча бу йумғи уқуш, —

деган эди (Яъни: «Арабча ва тожикча китоблар кўп бўлиб, бизнинг тилимизда эса бу донишмандликка оид илк асардир»).
Маҳмуд Кошғарий каби туркий тилнинг мавқеи — унинг маданий-адабий ҳаётда ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун Юсуф Хос Ҳожиб «форс-тожик тилида ижод қилиш анъанаси изидан бормади, балки катта журъат билан ўз она тилида йирик бадиий асар яратишга киришди ва уни муваффақият билан тугатди. У халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётининг тажриба ва анъаналаридан фойдаланди, халқ ижодининг мақол ва ҳикматли сўз каби инжулари билан ўз асарини бойитди, форс-тожик тилидаги панд-номалардан илҳомланди ...».
«Қутадғу билиг» — XI аср сўз санъатининг нодир намунаси бўлиб, унда ўз даврининг илғор ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий масалалари бадиий талқин қилинган, туркий халқлар тарихи, маданияти, илм-фани, урф-одати ва анъаналари, турмуш тарзи, қадриятлари хусусида кенг маълумот берилган. Бирон-бир тоифа-табақа, бирон-бир касб-ҳунар, бирон-бир илм-фан, бирон-бир ҳаётий масала, бирон-бир воқеа-ҳодиса, бирон-бир анъана ва урф-одат, бирон-бир инсоний фазилат ва қусурлар муаллиф назаридан четда қолмайди — бу асарнинг қомусий харак-теридан далолат беради. Чиндан ҳам, у ўз даврининг бадиий қомуси(Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. 135-бет.).
Асарнинг қисқача мазмуни шундай: Кунтуғди (чиққан кун) деган одил подшоҳ бўлиб, унинг довруғи узоқ-узоқларга ёйилган эди. Ойтўлди (тўлган ой) деган донишманд киши унинг хизматига келади. Суҳбати подшоҳга маъқул келиб, саройда хизмат қила бошлаган Ойтўлдининг мартабаси кундан-кунга ошиб, вазирлик даражасига эришади. Одил подшоҳ ва донишманд вазир узоқ йиллар мамлакатни адолат билан бошқарадилар, фуқаро осойишталигини таъминлаб, фаровонликни оширадилар. Вазирнинг ақл-идроки ва тадбиркорлиги подшоҳни мамнун қилади. У вафот этгач, ўрнига ўғли Ўгдулмиш (ақлга тўлган) вазир бўлади. Ўгдулмиш давлатни бошқариш салоҳияти ва донолик борасида отасидан ҳам омилкор чиқади. Ақлли кишиларнинг давлатга катта фойда келтираётганини кўрган Кунтуғди унинг қариндоши донишманд Ўзғурмишни (уйғонган) ҳам саройга таклиф қилади. Лекин тарки дунё қилиб, зоҳидлик йўлига кирган ва тоққа чиқиб кетган Ўзғурмиш ҳукмдорнинг бу так-лифини икки марта ҳам рад этади. Учинчи марта энди Кунтуғди уни хизматга эмас, балки ўзига панд-насиҳат қилиш мақсадида чақиради. Шундан кейингина у^ҳукмдор ҳузурига келиб кетади. Кунтуғди, Ўгдулмиш ва Ўзғурмиш ўртасидаги суҳбат, баҳс-мунозара, савол-жавоблар орқали муаллиф ўзининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий қарашларини илгари суради.
Юсуф Хос Ҳожиб «ўз даврининг етук файласу-фи, олими, фозили, давлат арбоби, фан ва маданият ҳомийси, ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб, осмон жисмларининг сирларигача тушуниб етган баркамол киши»си(Каримов К.. «Қутадғу билиг» асари хақида. 25-бет.) сифатида инсоният жамиятининг таяниши керак бўлган маънавий устунларини топишга ҳаракат қилади. Уларнинг биринчиси — Адолат бўлиб, подшоҳ Кунтуғди, иккинчиси — Давлат бўлиб, вазир Ойтўлди, учинчиси — Ақл бўлиб, вазирнинг ўғли Ўгдулмиш, тўртинчиси — Қаноат бўлиб, унинг қариндоши Ўзғурмиш тимсолида тасвирланади.
Шоирнинг ҳукмдорни қуёшга ўхшатиши бежиз эмас қуёш барчага баравар нур сочгани каби, хукмдор ҳам мамлакатни адолат билан бошқариши, турли тоифага бир хилда адолат кўрсатиши керак. Ҳукмдор Адолатли бўлса, Давлат тараққий этиб, ойдай тўлишади, яшнайди. Бунга эришиш учун Ақл билан иш кўриш керак. Чунки Ақлнинг ёрдамисиз бунга эришиб бўлмайди. Ақл билан идора қилинаётган бундай Адолатли Давлатни барқарор сақлаб қолиш учун Қаноат зарур бўлади, аксинча барча нарса издан чиқиб кетиши мумкин. Чунки хом сут ичган банда йиллар давомида минг бир машаққат билан эришганларини қаноатсизлиги туфайли бир лаҳзада бой бериши ҳеч гап эмас. Эришилган муваффақиятлар, қўлга кирган катта имкониятлар, молу дунёнинг беҳисоблиги кўпинча кишида ғурур уйғотадики, бу охир-оқибат кибру манманликка олиб келади. Кибру манманлик эса кишини ҳалокатга етаклайди. Мўйсафид тарих бундай ҳодисаларнинг кўпига гувоҳ: одилликлари билан донг таратган кўплаб ҳукмдорларнинг кейинчалик манманликка берилиб кетганликлари сабабли гуллаб-яшнаган мамлакатлар инқирозга юз тутган. Чунончи, Қаноат (Ўзғурмиш) — Давлат (Ойтўлди) ва Ақл (Ўгдулмиш)нинг қариндоши бўлгани ҳолда, Давлат (Ойтўлди) уни мутлақо унутиб юборади — бирор марта эсламайди ҳам. Қаноат (Ўзғурмиш) ҳақида Адолат (Кунтуғди)га Ақл (Ўгдулмиш) хабар беради. Шундан кейингина Адолат (Кунтуғди) Қаноат (Ўзғурмиш)ни истаб қолади ва Ақл (Ўгдулмиш) орқали уни ўз ҳузурига даъват қилади. Лекин сарой Қаноат (Ўзғурмиш)нинг жойи бўлмагани учун у келишни истамайди ва Адолат (Кунтуғди)га панд-насиҳат қилиш учунгина Ақл (Ўгдулмиш)нинг учинчи ташрифидан сўнг саройга келиб кетади. Бу орқали шоир Давлат Қаноатни билмайди, У Адолат учун Ақлгагина керак деган хулоса чиқаради.
Давлат — ўткинчи, шунинг учун у ўлади ва унинг ўрнини Ақл эгаллайди. Ақл Давлатдан ҳам омилкор чиқиб, мамлакат икки ҳисса гуллаб-яшнайди. Қаноатни эса одам боласининг тийиқсиз нафсу хоҳишлари гўрга тиқади - у дардга чалиниб вафот этади. Дунёда Адолат ва Ақл пойдор бўлиб қолади(Бу ҳақда яна қаранг: Имомназаров М. Юсуф Хос Ҳожиб. 64 —65-бетлар.). Кўриниб турганидек, асарнинг мажозий қатлами — ботиний мазмуни кенг ва теран бўлиб, у келгусида бу борада жиддий тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади.
Шу тариқа улуғ донишманд, Фитрат таъбири билан айтганда: «Мана шул тўрт мажозий кишиларни... бир-бирига кўруштириб, сўйлаштиради. Айтмак истагани сўзларни, бермак истагани насиҳатларни шуларнинг тилидан айтиб эшиттирадир»(Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 2-жилд (Илмий асарлар). Тошкент, 2000 йил, 12-бет.). Шунга мувофиқ, қўйилган масалалар воқеалар ривожи, қаҳрамонлар саргузашти орқали эмас, балки уларнинг ўзаро суҳбати, баҳс-мунозараси, савол-жавоблари, панд-насиҳат воситасида ҳал қилинади. Муаллиф подшоҳ ва амалдорлардан тортиб деҳқону ҳунармандгача — жамият барча тоифаларининг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида фикр юритади. Айтайлик, подшоҳнинг давлат ва раият олдидаги бурчию халқнинг давлат ва подшоҳ олдидаги вазифалари, фармонлар ва уларнинг ижроси, давлатни бошқариш, ҳукмдорлар ва амалдорлар ҳамда уларнинг ўз қўл остидагилар билан муомаласию муносабати ва бошқалар. «Хуллас, Юсуф Хос Ҳожиб ҳаётнинг оддий икир-чикирларидан тортиб юлдуз сирларигача, коҳинларча даволаш усулининг сохталигидан тортиб кўрким, ўкит, чурни, шалисо, тарёқ ва Митридус ҳапи каби дорилар, уларни қайси касалларга бериш нафли бўлишигача, қон босими ошишию қон олишгача, оддий бир киши билан гаплашишдан тортиб давлатни идора қилиш усулининг нозик сирларигача, туркий халқларнинг Алп Эр Тўнгаси ажамликларда Афро-сиёб номи билан аталишигача, Фирдавсийнинг Фаридун, Заҳҳок каби қаҳрамонларидан тортиб Чин ва Мочин олимларининг ашъору амсолларигача, Ҳинд ражларидан тортиб Рум қайсарларигачаю Асир зангиларигача, хуллас, хамма-ҳамма соҳалардан хабардор, билим доираси кенг, асарида тилга олинган барча хислат, фазилат, заковат, равиш, атвор, йўриқ ва ҳоказо-ҳоказоларнинг барчасини мужассамлаштирган улуғ сиймодир...»(Каримов Қ. «Қутадғу билиг» асари хақида. 35-бет.). Шунинг учун ҳам асарни тадқиқ этиб, нашрга тайёрлаган таниқли олим Қаюм Каримов уни «ақл ва ҳикмат дарслиги» деб атаган эди. Ҳақиқатан ҳам, «Қутадғу билиг» ахлоқий-таълимий асардир. Унинг ахлоқ ва одоб масалаларига бағишланган махсус бобларидагина эмас, балки ижтимоий-сиёсий ма-салаларга бағишланган бобларида хам Юсуф Хос Ҳожиб ўз ахлоқий-таълимий қарашларини ифодалайди, халқнинг турли табақаларига ўгит беради, уларга панд-насиҳат қилади»(Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. 126-бет.).
«Қутадғу билиг» қорахонийлар ҳокимиятининг ўзига хос назмий Низомномаси сифатида дунёга келган. Чунки бу рамзий-тимсолий асар оддий халқ учун эмас, биринчи навбатда, юрт эгалари бўлмиш ҳукмдорлар ва катта-кичик амалдорларга атаб ёзилган ва уларга мамлакатни адолат билан бошқариш, тинчликни сақлаш, раиятга зулм қилмаслик, билъакс халқнинг оғирини енгил қилиш, турмушини фаровон айлаш, жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлаш, илм-маърифатга кенг эътибор бериш, истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ, бурч, адолат бўйича маслаҳатлар ва тавсиялар берилган. Қорахонийлар сулоласи мисолида туркий давлатчилик асослари янги босқичга кўтарилган даврда сиёсий-ижтимоий жиҳатдан замон кун тартибига қўйган масалаларни ҳал қилишга ёрдам берадиган «Қутадғу билиг» сингари ҳукмдорлар адабномасига ҳаётий зарурат туғилган эди ва Юсуф Хос Ҳожиб даврнинг бу талабини муваффақият билан адо этди. У Қашқардан Амударёгача чўзилган, Шарқий Туркистоннинг бир қисми, Еттисув, Шош, Фарғона ва қадимги Суғдни ўз ичига олган қорахонийлар давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш, тавғочхон ва элоқхонлар(Тавючхон — Қорахонийлар давлатида бош хон, элоқхон — унинг вилоятлардаги ноиби. Элоқхонлар марказий хокимиятга бўйсунишдан бош тортиб, сиёсий мустақилликка интилар, ҳатто ўз номларидан пул хам зарб қилар эди.) ўртасидаги ихлофларни бартараф этиш, ҳукмрон доираларнинг турли ижтимоий табақаларга муносабатини белгилаш, маърифат ва обо-дончилик учун кураш, яхши хулқ-одобни тарғиб қилиш каби мақсадларни ўз олдига қўйган. Бу билан Юсуф Хос Ҳожиб ўз даврининг йирик маърифатпарвари ва донишманди сифатида намоён бўлади.
«Қутадғу билиг» асосан 6520 байтдан иборат бўлиб, 85 бобга бўлинган. Бундан ташқари, достонга 104 байтдан иборат уч боб илова қилинган. Бинобарин, иловаси билан бирга, у 6644 байтдан иборат. Бизгача асарнинг муаллифнинг сўнгги таҳриридан ўтган ва Тавроч Буғрохонга такдим этилган нусхасидан кўчирилган намунаси етиб келган бўлиб, у насрий (38 сатр) ва шеърий (77 байт) муқаддима, кириш боблар (390 байт), асосий қисм (68 боб, 5896 байт, хотима (2 қасида ва маснавий боб)ни ўз ичига олади.
«Қутадғу билиг»нинг дастлабки 11 боби анъанавий кириш боблар (Оллоҳ таоло ҳамди, Муҳаммад алайҳиссалом наъти, ҳақ йўлдан борган тўрт халифа — Абу Бакр, Умар, Усмон, Али мадҳи, баҳор васфи, Буғрохон таърифи, етти юлдуз ва ўн икки бурж баёни, билим ва заковатни улуғлаш, тилнинг фазилатлари, муаллифнинг узри ва бошқалар)дан иборат. Ўн иккинчи бобдан асосий мавзуга ўтилади. Ҳар бир бобга алоҳида сарлавҳа қўйилиб, у маълум бир масала талқинига бағишланади ва якунида «энди шоир сўзини эшит», «доно фикрини тингла», «билимли каломини кўр», «шунга ўхшаш мана бу байтни ўқиб кўр» каби мурожаатлар орқали панд-насиҳат мазмунидаги бир тўртлик келтирилади. «Қутадғу билиг»нинг Қ.Каримов нашридан тушиб қолган 109 байтли матндаги 5 тўртликни ҳам қўшсак, асарда жами 210 та шундай тўртлик мавжуд. Масалан, Ойтўлдининг ўғли Ўгдулмишга панд-ўгит бериши бобида қуйидаги хитоб байт ва хулоса тўртлик келтирилади:
Неку тер, эшитгил, синамиш киши, Синамиш кишилар билир иш баши:

Бўр ичма, зинака яғума ҳазар,
Бу экки чиғайлиқ тўнини кедар.
Бу бўрдин қўпар минг язуққа юрак,
Зинадин қочар қут, юзунгга судар.

Мазмуни:
Синаган киши нима дейди эшитгин,
Синаган кишилар ишнинг бошини (кўзини) билади.
Ичимлик ичма, зинҳор зинога яқинлашма, ҳазар қил,
Бу икки нарса гадолик тўнини кийгазади.

Ичимликдан юрак (ботирлашиб) минг-минг гуноҳларга қўзғолади, Зинодан қут қочади, юзингга тупуради.
Шундан сўнг янги сарлавҳа билан бошқа боб баёнига ўтилади — асар бошдан-охир шу тартибда ёзилган.
Асарнинг тўртликлардан ташқари қисми маснавий шаклида (71, 72, 73-боблар бундан мустасно) ёзилган. Сўнгги уч боб (йигитликка ачиниш ва қарилик; замона бевафолиги ва дўстлар жафоси; Юсуфнинг ўз узрини айтиши ва ўзига насиҳат қилиши) эса қасидадан иборат. Шарқда йирик эпик асарлар учун қабул қилинган ва «жанговар услуб» номи билан машҳур бўлган мутақориб баҳрида (қисман мутақориби мусаммани солим, асосан мутақориби мусаммани мақсур ва маҳзуф вазнларида) яратилган. «Бу эски турк шоири турклар учун жуда қийин бўлған бир вазнда жуда муваффақ бўлуб ёзған... — дейди бу ҳақда Фитрат. — Вазн жуда тузук чиққан, баъзи жойларидан «Шоҳнома» оҳангининг ҳиди келади»(Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 2-жилд. 12-бет.).
Маълумки, халқ оғзаки ижоди деб аталган буюк чашмадан баҳраманд бўлмаган ижодкор топилмайди. Бадиий ижоднинг табиати асли-азал халқдан олиб, яна халққа беришдан иборат эканлиги сир эмас. Юсуф Хос Ҳожиб ҳам халқ оғзаки ижодини чуқур билган ва ўз асарида мақол-маталлар, образли иборалардан маҳорат билан фойдаланган. У «туркча масал», «турклар сўзи» деб уларнинг кўпини таъкидлаб ўтади. Чунончи:

Мунгар менгзату айди туркча масал,
Эшитгил муни сан, ўқуб ўзка ал:
«Ўрунг сут била кирса эзгу қилиқ,
Ўлум тутмағинча эвурмас йўриқ».

Мазмуни:
«Шунга ўхшаш бир туркча масал айтди
— сен уни эшит ва яхшилаб уқиб ол: «Пок сут билан кирган яхши феъл ўлгунча айнимайди».

Ёки:
Яма яқши аймиш бу турк буйруқи,
Қўрур кўз яруқи ўғул-қиз, уқи.

Мазмуни:
Жуда яхши айтибди турк буйруғи:
Ўғил-қиз кўрар кўзнидир ёруғи.

Мутафаккир шоир ҳикматлари катта ҳаётий тажриба ва қомусий билим маҳсули эканлиги, ҳаётий негизи мустаҳкамлиги, кундалик турмуш ва атрофдаги нарса-ҳодисалар билан боғлаб тушунтирилганлиги, шаклан гўзал, мазмунан теран, услубан равон, бадиий юксак-лиги, тилининг соддалиги, тимсолу ташбеҳларининг табиийлиги, фикр-хулосаларининг самимийлиги, ҳассос ва таъсирчанлиги билан асрларни бўйлаб келди ва бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини, таъсир кучини йўқотган эмас. Шоирнинг у ёки бу масала бўйича панд-насиҳатлари худди ҳикматдай жаранглайди, халқ мақолларига ўхшаб кетади — уларнинг бадиий баркамоллиги ва маърифий аҳамияти ҳам шунда. Чунончи, у инсоний камолот, хусусан, илм-маърифат масалаларига катта эътибор қаратади. Унинг фикрича:

Киши эки турлуғ киши атанур:
Бири — ўгритигли, бири — ўғранур.
Экида нару борча йилқи сони,
Тиласа муни тут, тиласа они.

Мазмуни: «Икки хил киши инсон аталишга лойиқ: бири ўргатувчи, бири — ўрганувчи. Бошқаларнинг ҳай-вондап фарқи йўқ. Хоҳласанг — униси бўл, хоҳласанг — буниси».

Уқуш қайда бўлса, улуғлуқ бўлур,
Билиг кимда бўлса, бедуглук алур.
Мазмуни: «Заковат бор жойда улуғлик бўлади,
кимнинг билими бўлса, буюкликка эришади».
Ачиғ сувтаг ул кўр бу дуня моли,
Нача ичса қонмаз, ўлимаз тили.

Мазмуни: «Бу дунё неъматлари шўр сувга ўхшайди:
киши ундан ҳар қанча ичса ҳам қонмайди».
Жиғой қилса кимни кўзи суқлуқи,
Боютмас они бу ажун тўқлуқи.

Мазмуни: «Кўз очлиги кимни қашшоқ қилган бўлса, дунё бойлиги уии бой қилолмайди».
«Қутадғу билиг»нинг 3 қўлёзма нусхаси фанга маълум: Ҳирот (Вена), Қоҳира ва Наманган. Асарнинг илк нашри 1870 йилда венгер шарқшуноси Ҳ. Вамбери томонидан амалга оширилган. Шундан кейин В.В. Радлов (1890; 1910), С.Е. Малов (1929; 1951), Р.Р. Арат (1942; 1943; 1947; 1959), Қ. Каримов (1971), Б. Тўхлиев (1989), уйғур олимлари (1984) уни нашр этдилар. Лекин «достоннинг учала нусхаси ҳам мукаммал эмас: Ҳирот (Вена) ва Қоҳира нусхаларида кўп байтлар тушиб қолган, Наманган нусхасида эса, назмий муқаддима йўқ, байтларнинг ўрни алмашган. Асарнинг айрим байтларини Р.Р. Арат Анқара Маориф вазирлиги кутубхонасидан, айримларини қазилмаларда топилган сопол кўзачаларига ёзилган байтлардан олиб, матнни тўлдирган(Абдураҳмонов Ғ. «Қутадғу билиг» танқидий матнини тайёрлаш муаммолари // «Ўзбек тили ва адабиёти», 2006 йил, 4-сон, 42-бет.). Чунончи, «XIX асрда Волга дарёси қирғоғида жойлашган Саройчуқ деган шаҳарга яқин бир жойдан оддийгина сопол кўзача топилди. Аммо бу оддий кўзача олимлар эътиборини тортди, чунки унда «Қутадғу билиг» достонидан олинган мисралар битилган эди»(Бу ҳақда қаранг: Тўхлиев Б. Сўзбоши // Юсуф Хос Ҳожиб. «Қутадғу билиг». Тошкент, 1990 йил, 6-бет.). Асар инглиз, немис, француз, рус, чех, турк, уйғур, хитой ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.
Заҳматкаш олим Қаюм Каримов «Қутадғу билиг»нинг нисбатан тўлиқ ҳисобланган Наманган нусхасини асос қилиб олган ҳолда, ундаги етишмаган жойларни Ҳирот (Вена) ва Қоҳира нусхалари асосида тўлдириб, асарнинг транскрипцияси ва ҳозирги ўзбек тилига тавсифини амалга оширган. Айни пайтда, у Юсуф Хос Ҳожиб ва унинг «Қутадғу билиг» асари тадқиқига бағишлапган мақолаларида баъзи парчаларнинг шеърий таржимасини ҳам келтиради. Бундан ташқари, таниқли адабиётшунос Боқижон Тўхлиев асарнинг насрий баён ва шеърий таржима аралаш болаларбоп қисқартирилган нусхасини нашр эттирди. Шоир Саъдулла Аҳмад эса асарнинг айрим қисмларини шеърий таржима қилган.

 

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан