Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Жузъ ва кулл фалсафаси
Facebook
Жузъ ва кулл фалсафаси PDF Босма E-mail

Фано бўлсанг, “менинг зотимдан мусаффо бўласан”, кавну макон сеники бўлади. Дунёвийликни орадан кўтарсанг — бутун оламларни қамраб оласан. Шунда аввалу охир деган тушунчалар қолмайди, замон ва макон ўлчовидан ташқарида бўласан.

“Яке шав, Боязиду бас маро бин, Даруни жузву кулл айни бақо бин” (Боязид, фано бўлиб ваҳдатга — бирликка айлангин-да, кейин мени кўргин, ўзингни — қисмни бутун — кулл ичида кўргандай, бақо — абадият ичра кўргин). Бунда ҳам Мансур бақога айланган зот сифатида намоён бўлмоқда. Аттор фонийлик ва боқийликни бир-биридан кескин ажратмайди. Биринчидан, фонийлик деганда тасаввуфда Ҳолиқдан ўзга ҳамма нарса, яъни махлуқият оламининг бебақолиги, ўткинчилиги англашилади. Жумладан, инсон вужуди ҳам тупрокдан бўлгани учун фонийдир. Аммо руҳ абадийлик топиши мумкин, чунки у Мутлақ руҳнинг жузъи. Лекин руҳ жисмдан ажралмасдан ҳам шу мартабани эгаллаши мумкинми? Мумкин, дейди тасаввуф аҳли. Агар инсон камолоти олий даражага кўтарилиб, у Ҳаққа восил бўлган бўлса, айнан мутлақ фонийлик, яъни илоҳий маърифат, ҳикмату до-ниш-ла лиммо-лим бўлиб, моддий вужудни унутиб, руҳий-илоҳий вужудга айланиши мумкин. Шахсий “мен”нинг кайҳоний “Мен” билан бирлашиши, кайҳоний Руҳ қиёфасини олиши камолотнинг олий даражаси ҳисобланади ва шу мартабада инсон Абадият деб аталмиш бепоён муҳитга қўшилиб, боқийлик топади. Шунда илоқийлашган Инсон кишилар кўзига турли қиёфада кўриниши мумкин, у жавҳари зотнинг айни ҳақиқати, айнул-яқин бўлиб, гоҳ одамларнинг эгзу ишларида, гоҳ мангулик хилқатида, гоҳ муайян сўфий сиймосида аёнлашади. “Жавҳаруз зот” достонининг “Мансурнинг қиссаси ва унинг ҳар хил навъда кўриниши” деган бобида келтирилади:

Даруни жузъу кулл хуршиди рахшон,
Чунон гум дид худ андар сифот ў,
Ки пайдо шуд ҳаҳиқат айни зот ў,
Чунон худ дид дар охиру дар аввал,
Касе андар яке сурат мубаддал.
Чунон андар яки бинмуд жонаш.
Ки сурат гашт андар жон нишонаш.
Чунон худ дид андар офариниш,
Ки ў буд бешаке дар жумла биниш.
Чунон худ дид зоти лоязоли,
Ки бинмуда рухаш дар жумла ҳоле.
Чунон худ диду худро жумла худ дид,
Ки сурат маҳв шуду кулли аҳад дид.

(Жузъ ва кулл ичида порлаган қуёшдай, ўзини сифатлар ичра шундай сингиб, йўқолиб кетгандай кўрдики, пайдо бўлганда ҳақиқатдан айни зотнинг ўзи эди. Ўзини аввалу охир, яъни узлуксизлик ҳолатида кўрдики, бир шаклга айланганлигини сезди. Жони бирликда шундай кўриндики, сурати — хилқати жон ичида кўрина бошлади. Яратилишда ўзини шундай ҳолатда кўрди-ки, барча дийдаларда, кўзларда у бор эди. Ўзини шундай завол билмас зот сифатида кўрдики, юзи барча ашёда турли ҳолатларда кўринарди. Ўзини мана шундай кўрдию, барчани Ўзидан кўрди, чунки сурати йўқолди ва барчани бир — аҳад кўрди).
Атторнинг фалсафий муҳокамалари шу тахлит чуқурлашиб, мураккаблашиб бораверади. У “жузъ” ва “кулл”, яъни бирлик ва умумийлик тушунчаларини кўп қўллайди. Бу икки тушунча фалсафанинг асосий категорияларидан эканини биламиз. Жамики ашёлар, ҳодиса ва сифатлар яккалик, алоҳидалик ва умумийлик қонуниятига бўйсунади. Яккалик ва умумийлик ўзаро зид ва айни вақтда ўзаро вобаста категориялар. Яккаликсиз умумийлик ва умумийлиги бўлмаган яккалик йўқ. Ҳар бир яккалик (жузъ)да умумийнинг хусусияти мавжуд, табиий равишда умумийлик яккалик хусусиятларининг жамидир. Яккалик аксар конкрет шакллар, сонлар, сифатларга, ашёларга қараб фикримизни йўналтирса, умумийлик мавҳумлик томон бизни етаклайди, абстракцияни талаб қилади.
“Кулл” ва “жузъ” тушунчалари орқали Аттор ваҳдат ва касрат оламини ифодаламоқчи, албатта. Мансур ва минглаб, миллионлаб Мансурлар ҳам жузъдир. Аммо айни вақтда уларда ваҳдат оламининг — умумийликнинг хусусияти мавжуд. Инсон ҳам, қолган дунёвий махлуқотлар ҳам илоҳнинг сифатлари ва асмо (исмлари)дан иборат. Мансур руҳий-маънавий тараққиёт босқичларини забт эта бориб, касратда кўринган сифатлардан ошиб, уларни буткул ўзида мужассамлаштириб, вужуди йўқолиб, зот сифатида қайта пайдо бўлди; аввал турли суратларда, ҳолатларда эди (ўзгариш, қариш, аҳволнинг турли хиллиги ва ҳоказо), илоҳийлашгач, бир рангда, бир ҳолатда намоён бўлди, дейди шоир. Бугина эмас, инсон Мансур каби илоҳийлашган мартабани эгаллагач, жони танаси ичида эмас, балки танаси жонининг ичида кўринадиган бўлади, яъни бутун вужуди жон-руҳдан иборат бўлади. Жузъий руҳнинг умумийлик касб этишининг хосияти мана шунақа. Аттор, шунингдек, “ҳақиқат”, “яки” (бирлик, ваҳдат), “жамъ” сўзларини қўллаганда ҳам Улуғ тангрининг сифатини, азалий ва абадий Мутлақ руҳнинг вужудини тушунади. Аммо муҳими шундаки, Аттор ҳақ ва ҳақиқат ҳақида гапирганда, ҳам-мавақт инсонни кўздан қочирмайди, мазкур тушунчаларни инсон моҳиятига боғлаб тушунтиради. Инсон унинг диққат марказида. Инсон хусусиятидан келиб чиқиб илоҳиёт ҳақида сўз юритади. Чунки тасаввуф аҳли учун, жумладан Аттор учун ҳам, асосий масала инсонни инсонга англатиш, инсонни тушуниш эди. Инсон ким? Унинг буюклиги ёки ожизлиги нимада, унинг хилқати қандай тузилган, вужуди нимадан иборат? Ана шундай қадимий ва абадий масалалар тасаввуф таълимотида турли муносабат билан, ҳар хил усул ва мисоллар орқали талқин ва тафсир қилиб келинган. Тавҳид моҳияти ҳам, ҳақиқат ҳам охир-оқибат инсон моҳияти ва ҳақиқати билан изоҳланган. Зеро, инсон бўлмаганда мазкур масалаларнинг ўзи пайдо бўлмаган, ҳатто илоҳ ҳақида гапиришга ҳам, тафаккурий изланишлар, тажриба ва кашфиётларга ҳам ҳожат қолмасди. Илоҳиётни таниш ва ўрганиш — бу аслида инсон руҳини ва унинг хусусиятларини ўрганиш ва таниш демак. Фаридиддин Аттор наздида ҳам тавҳид қатраси ҳам тавҳиднинг ўзи:

Чу дар тавҳиди жонон дар якием,
Яки жавҳар кулл бешакием.
Чу дар тавҳид жуз яки надидам,
Якиро дар яке яки гузидам.

(Жонон — худо тавҳидида бирликдамиз, Кулл-умумият жавҳарининг ягонасилигимиз шаксиз. Тавҳидда ягоналик — бирликдан ўзга нарсани кўрмадим. Ваҳдат — ягоналикни ягоналикдан ягона деб танладим).
Тавҳид тимсоли — Мансур, унинг вужудида илоҳий асрор ҳам акс этган.

Манам тавҳиди ёру сиру асрор,
Манам дар жисму жон бинмуда гуфтор.

Тавҳид — бирлашиш инсоний ҳақиқатнинг тўла юзага чиқиши, яширин хазина эшигининг очилишидир. Инсо-ний ҳақиқатни кашф этиш орқали илоҳий ҳақиқатга эришилади, шунинг учун ҳақиқат — бу Ёрни кўришдир.

Ҳақиқат чист ? Жонон дидан инжо,
Дуйи бигзоштану онгоҳ якто.
Ҳақиқат чист ? Жуз якто шудан зуд,
Чу дур дар баҳри ҳам якто шудан буд.

(Ҳақиқат нима? — Жонон — худони кўриш бунда, сену менликни тарк этсанг, унда бир бўласан, ҳақиқат нима? — Тезда бир бўлмоқ фақат, Дур каби вобасталик денгизида ягона — бир бўлмоқдир).
Атторнинг “жонон дидан инжо” (жононни кўриш бунда) деган фикрига диққатингизни қаратмоқчиман. Чунки шоир бу орқали, менимча, жонон, яъни илоҳ васлига шу дунёда етиш мумкинлиги ҳақида гапирмоқ-да, ваҳдат тириклигида содир бўлиши мумкин. Шунинг учун Ҳақиқат, Бирлик, Ваҳдат, Тавҳид, Аналҳақ тушунчаларини баравар қўйиб, бирини иккинчисига боғлаб шарҳлаган ва илоҳий қурбни топган киши йўлида пардаларни бир-бир узоқлаштириб борар экан, “маънида Мансур суратига айланиши” ёки “буд” — вужудий борлиқни маҳв эта бориб, суратдан қутулганда шоир “Мансур кўзидан ўзга ҳеч нарса қолмаслиги” хусусида ёзиб, ўзини ҳам Мансур Ҳаллож билан бирга деб билади, Мансур мартабасидаман, мен ҳам Ҳақиқатман деб айтади:

Ҳақиқат чист ? Чун Аттор будан,
Ҳамиша воқифи асрор будан...
Ҳақиқат чист ? Аз жон бигзар, эй дўст!
Чу диди ин замон Аттор, кулл ўст.

(Ҳақиқат нима? Аттор каби бўлиш. Ҳамиша сирлардан огоҳ бўлиш. Ҳақиқат нима? Эй дўст, жондан кеч, бу дам Атторни кўрдингми, кулл — ўша).
Мансур ҳам, Аттор ҳам — ҳақиқат, бошқача айтганда, жондан кечиб жононга етган, маънилар тажассумига айланган ҳар бир “воқифи асрор” инсон ҳақдир. Атторнинг ўзини Мансур билан тенг қўйиши бежиз эмас, зеро Мансур руҳи Атторнинг мураббийси, илҳоми ва қалб чироғи-дир. Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат”да ҳазрат Жомийдан таржима қилиб келтиради: “Ва Мавлоно Жалолиддини Румий сўзлари мазкурдурки, Шайх Мансури Ҳаллож нури юз эллик йилдан сўнгра Шайх Фаридиддин Аттор руҳига тажаллий қилди ва унинг мураббийси бўлибдур”-
Шунинг учун Фаридиддин Аттор шеъриятини Мансур Ҳаллож фалсафасининг назмий тафсири деб айтиш мумкин. Мансурни қанча чуқур ўргансак, Аттор асарларини таҳлил этиш орқали Мансур эътиқоди ва таълимоти моҳиятига етиб борамиз. Шоир илоҳий сирни кашф этганига ишончи комил ва бундан ниҳоят хурсанддир:

Зиҳи Аттор каз сирри илоҳий,
Намуди айни дийдору ту шоҳи.
Зиҳи густохи бар асрори маъни,
Ту хоҳи дид ҳақ — изҳори маъни.
Аёни восилони дар жаҳон ту,
Ки бинмуда чунин сири аён ту.

(Баракалла Аттор, илоҳий сирдан кўзга аёнлик кўргаздинг, шу боис сен шоҳсан. Маънолар сирига интилиб, густоҳлик (беадаблик) қилишинг ҳам яхши, сен ҳақни-маънолар изҳорини кўришинг муқаррар. Жаҳонда сен васлга етганларнинг тимсоли — гавдаланган шаклисан, шунинг учун ҳам бундай сирни аён қила олдинг).

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан



Касрат ва Ваҳдат

Аттор достонлари ўз тузилиши, ёзилиш хусусиятига кўра қуйидаги икки гуруҳга бўлинади: рамзий-аллегорик тимсоллар асосида ёзилган асарлар ва бевосита муҳокама-мушоҳада, фикрий-шуурий баёнлар тарзида ёзилган асарлар. Биринчи гуруҳга “Булбулнома”, “Мантиқут тайр”, “Уштурнома” асарларини, иккинчи гуруҳга “Жавҳаруз зот”, “Ҳайлож”, “Асрорнома”, “Шарҳул қалб”, “Мусибатнома” каби достонларни киритиш мумкин. Бундан ташқари, “Хусравнома”га ўхшаш мажозий ишқнй куйлаган романтик-саргузашт асари ҳам бор. Шоирнинг аксар асарлари кўпдан-кўп ички ҳикоятлар, масал ва тамсиллар билан бойитилган. Ҳикоятлар фалсафий мушоҳада ва фикрларни образлар орқали исботлашга хизмат этади. Биргина “Илоҳийнома”да уч юздан ортиқҳикоят ва қисса мавжуд. Аммо Фаридиддин Аттор достонлари қандай усулда ёзилганидан қатъи назар, уларнинг барчаси илоҳий маърифат асрори ва уни англаш мушкилотига бағишланган. Гоҳрамзий-тамсилий йўсинда, гоҳ ҳикоятлар талқини орқали, гоҳ ўзининг ҳаяжонли, лекин ёрқин шеърий сатрлари орқали у тасаввуф ва тавҳид илмининг нозик масалалари, тариқат мақомоти, покланиш жараёни ва руҳий такомиллик даражалари, юксалиш шавқи ва дардини тасвирлаб беради.
Масалан, икки қисмдан иборат “Жавҳаруз зот” асарида аввал бутун руҳий ва моддий оламлар ягоналиги, яъни Вавдат олами ва мутлақ Холиқият қудрати таърифланади. Сўнгра шу ваҳдат олами ичра Инсоннинг ўрни, Инсон хилқатининг моҳияти тушунтирилади, ўзини ва Холиқини таниш йўллари, изтироб-азият, тажриду тафрид босқичини босиб, Ҳаққа қўшилиши тасвирланади. Ва тавҳид асрорининг бу тасвири асардаги муқаддимавий боблар ҳисобланмиш наът-ҳамдлар билан тўғридан-тўғри боғланиб кетади. Шоир гарчи асарни бобларга ажратиб, алоҳида сарлавҳалар билан кўрсатган бўлса-да, бироқ мундарижада изчилликни кўрмаймиз. Бошқача айтганда, муаллиф тавҳид ҳақида фикрларини ҳар гал янги сўз, янги ифода, янги ишоралар билан тўлдириб, чуқурлаштириб бораверган.
“Жавҳаруз зот” асари бундай бошланади:

Ба номи, он, ки нури жисму жон аст,
Худойи ошкороу ниҳон аст.

(Жисм ва жоннинг нури бўлган зот номи билан, ошкоро ва яширин бўлган худо номи билан бошлайман).
Бундай муқаддиманинг ўзидаёқ Тангри таолога муножот, ҳамд-таъриф ва илоҳиёт ҳақидаги фалсафий қарашлар тизмаси акс этган. Шу боис дастлабки байтлардаёқ Аттор тан ва руҳ (жон) бирлиги, ер ва осмон, тўққиз фалак, макон ва ломакон олами — ҳаммаси Мутлақият нуридан эканини айтади. Илоҳ ҳар бир заррада мавжуд, аммо уни кўриш мумкин эмас. Худо “Ўз борлиқила ҳам пинҳону, ҳам пайдо”, барча ашёлар битта Жавҳардан келиб чиққан.
Аттор асарларида ҳам “ҳар икки олам” — “нариги дунё”, “бу дунё” каби урф бўлган иборалар учраб туради. Лекин буни шоирнинг эътиқоди ифодаси деб қарамас-лик керак. Аттор учун олам ягона, бир бутунликдан иборат чексиз-чегарасиз борлиқ. Ҳатто Ер бу чексизлик уқёнусида бир дона хас мисолидир. Инсон, демак, ундан минг чандон кичик мавжудот. Чексиз каггалик ва чексиз кичиклик, кенглик ва торлик (“қабз”), ёйилиш ва йиғилиш, мухтасарлик ва муфассаллик, зарару нафъ, яралиш ва йўқолиш, берклик ва ошкоролик, куллу жузъ, қотиш ва суюқланиш, туғилиш ва ўлиш, тортилиш ва узоқлашиш ва ҳоказолар, буларнинг мувозанати, зиддиятлари ҳақида, бу тазодий ҳодиса-воқеаларнинг “жангу сулҳи”, улардан инсон ақли, шуури ва руҳида пайдо бўлган ўзгаришлар хусусида ёзади. Ана шу ҳодисалар, ашёлар “жангу сулҳи”, ички қонуниятлари моҳиятидан илоҳий қудрат моҳиятини, сиру синоатини англашга даъват этади.
Фаридиддин Аттор тушунчасига кўра, поёнсиз борлиқ Зоти мутлақ (“жавҳари зот”)нинг ижоди бўлиб, Унинг нури билан ҳаракатда, фаолиятдадир. Жавҳари зот ўзгармас, азалий ва абадий вужуд (“вожибул вужуд”), бироқ у яратган олам тинимсиз ҳаракат ва ўзгаришда, ички зиддиятларга тўла, эскиради ва янгиланади. Олам Ўша жавҳари зотнинг суратланиши, унинг қудратининг минг-минг шаклларда аёнлашиб кўриниши, Унинг номлари, сифатларидир. Шунинг учун Зот оламини Ваҳдат — ягоналик олами деб, у яратган оламни касрат — кўплик олами деб номлаганлар. Бундай талқин бир қарашда ваҳда-тул вужуд (вужуд ягоналиги ёки ягона вужуд) назариясига тескаридай бўлиб кўринади, чунки борлиқни ваҳдат ва касрат деб иккига бўлганимиздан кейип, улар ўзаро зид маъноли тушунчалар бўлиб қолиши мумкин. Аммо ҳамма гап шундаки, касрат олами ўз-ўзича яшай олмайди, у яратилган бўлганлиги учун Жавҳари зот туфайли мавжуддир. Яъни мавжудотнинг ҳар бир зарраси, бутун олам ашёлари, фалакдан малаккача, инсу жинс, кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган жамики жонли ва жонсиз нарса-ҳодисалар Ҳақ таоло нури — тажаллисидан баҳраманд ва шу боис ҳар бири алоҳида хусусиятларга эга. Касрат олами гўё ваҳдат оламининг аёнлашуви, инъикоси. Тангри таоло “вужуд олами”нинг ҳар бир нақши-суратида “ўзини намоён этади”, дейди Аттор. Бошқача айтганда, Тангри хоҳлаган суратда кўринади, дунёнинг барча ажойиботи, асов қудратлару ҳайратланарли нарсаларни Унинг турли шаклдаги зуҳурланиши деб билмоқ керак.

Ба ҳар кисват, ки мехоҳад барояд,
Ба ҳар наҳше, ки мехоҳад номояд(Фаридиддин Аттор. «Жавҳаруз зот». Куллиёти маснавиёт. Лакҳнав нашри. 1289 ҳ. йил, 324-бет.).

(Қандай либосдан хоҳласа чиқаверади, ҳар бир хоҳлаган суратида намоён бўлаверади).
“Асрорнома”да бу фикр яна аниқроқ ифодаланган:
Жумла зарроти жаҳон миръоти ўст, Ҳар чи бини — мусҳафи оёти ўст(Фаридиддин Аттор. «Асрорнома». Ҳиндистон, Лакҳнав нашри, 1897, 12-бет.).
(Жаҳоннинг бутун ашёси — зарралари Унинг кўзгусидир, нимаики кўрсанг, Унинг оятлари китобидан саҳифалар деб бил).

Жумла дар тавҳиди ў мустағраҳанд,
Ҳамчу мустағарақ, ки маҳфи мутлақанд.
Ҳар чи ҳаст аз пушти моҳи то ба моҳ,
Жумлаи заррот бар зоташ гувоҳ(Фаридиддин Аттор. «Мантиқут тайр». Ўша нашриёт, 1889, 4-бет.).

(Бутун олам Унинг тавҳидига ғарқдирлар, шундай ғарқ бўлганларки, мутлақ йўқолганлар. Балиқ орқасидан, яъни Ердан то Ойгача ҳамма нарса Унинг зотига гувоҳцир).
Демак, олам Унинг жамоли ва камоли акс этган кўзгу, Унинг илм-ҳикмати, мўъжизакорлик қудрати ва шукуҳининг намойишхонаси. Шу тариқа, ваҳдат ва касрат олами бирлашиб, ягона вужудни ташкил этади. Олам Ягона руҳ вужудининг тажаллисигина эмас, балки шу Руҳнинг ўзидан иборат. Худо, шунинг учун ҳам, ҳамма ерда ҳозиру нозир, барча нарсада Унинг қудрати аён, бошқача айтганда, барча мавжудлик Унинг мавжудлиги туфайли мавжуддир.(Ушбу назария тасаввуф тарихида «ваҳдатул вужуд» номи билан машҳур бўлиб, уни араб олими Муҳийиддин Ибнал Арабий номи билан боғлайдилар. Лекин, шуни айтиш керакки, Аттор бирор ерда Ибнал Арабий номини тилга олмайди. Бу тушунарли, чунки Ибнал Арабий Атторнинг кичик замондоши эди. (Аттор 1229, Ибнал Арабий эса 1240 йилда вафот этган.) Ибнал Арабий китоблари ҳали Эрону Хуросонга тарқалмасдан Атгор бу ғояларни ўз асарларида ифодалаган эди. Шунинг учун Фаридиддин Атторни «Ваҳдатул вужуд» таълимотининг асосчиларидан деб ҳисоблаш мумкин.) Шоирнинг фикрига кўра, Мутлақ руҳ оламни яратиб, четдан томошабин бўлиб қараб турган эмас. У олам билан бирга, оламнинг вужудида мужассам, олам вужуди Унинг вужудининг давоми: “Эй дин кишиси, дарҳақиқат, нимаики кўрсанг бу аслида Ҳақнинг ўзидир”...
Худди шу фикр кўп мунозараларга сабаб бўлиб, ваҳдат моҳиятини англамаган зоҳирий билимлар билан чегараланувчи кишилар қаршилигига учраган эди. Жо-мийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида келтирилган Шайх Абдураззоқ Кошоний ва Шайх Рукниддин Алоуддавла орасидаги баҳсга эътибор қилинг: Кошоний Борлиқдаги ҳар бир ашъё-нақш шу ашъёни Яратганнинг нақши — сурати: денгиз тўлқини янги бўлиб туюлгани билан аслида эски денгизнинг ўзидир, деган маънода тавҳид назариясини ҳимоя этса, Рукниддин унга эътироз билдириб, Ибн ал-Арабий китоблари зарарли экани, шайхларнинг ҳол мақоми бехудлигида айтган гапларини жиддий фикр сифатида қабул қилмаслик хусусида гапиради (“Нафаҳот ул-унс”, Тошканд нашри, 1909 й., 465-475-бетлар).
Айниқса, диний ақоидни ақлий-мантиқий усулда ўрганувчи мутакаллимларга ваҳдати вужуд назарияси ёқмайди. Улар буни куфр деб ҳисоблаганлар. Зеро, мутакаллимлар фикрига кўра, ҳар бир нарсада худони кўраман дейиш Аллоҳ ягоналигини шубҳа остига олиш билан баробар. Аллоҳ бандасига кўринмайди (ғайб), балки сифатлари, жамолу қудрати орқали Унга имон келтирамиз. Бундан ташқари, дунё қанчадан-қанча киши нафратини келтирувчи палид нарса ва жонзотларга ҳам эга, наҳотки ўшаларда ҳам илоҳ зуҳур этса, бу мантиқданми, деб савол қўяди мутакаллимлар. Сўфийлар эса бу даъволарни авом даражасида фикрлаш, жоҳиллик деб атаганлар ва тажалли назарияси ширкка йўл очмайди, балки воҳиду аҳад Аллоҳ қудратининг чексизлигини идрок этишнинг энг мақбул усули деб тушунтирганлар. Тўғрида, ҳар ким ўз даражасида тафаккур этади, ўз нигоҳи билан ҳақиқатни англашга интилади. Шу муносабат билан қуйидаги ҳикоятни келтирмоқчимиз, ўйлаймизки, у масалага ойдинлик кири-тишга кўмаклашади: “Ҳазрати шайх Аҳмади Жом бир мажлисда ўтирардилар. Суҳбат асносида мутакаллим билан сўфий орасида мунозара бошланади. Мутакаллим дейди: ит ва мушукда зуҳур этган худодан безорман. Сўфий эса унга жавоб қайтариб: мен ит ва мушукда зуҳур этмаган худодан безорман, дейди. Мажлис аҳли: бу икковидан бири албатта кофир бўлди-ю, деб ўйлайдилар. Шунда шайх сўз олиб, мунозарага сабаб бўлган масалани тушунтириб, дейди: мутакаллим эътиқодига биноан ит ва мушук энг паст махлуқ ва улар жисмига нурнинг қўшилиши, тажаллий зуҳури айни нуқсондир, бас, унинг мақсади нуқсонли худодан безор бўлиш, яъни худода нуқсонни кўрмасликдир. Ва сўфий ҳам муътақиддирким, ит ва мушукда илоҳий нурнинг қўшилиб, зуҳур этишида ҳеч бир нуқсон кўринмайди, агар худо ит ва мушукларда зуҳур этмаганда эди, у нуқсонли бўларди. Бас, сўфийнинг ҳам мақсади ноқис худодан безорлиқдир. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам худони нуқсонлардан ҳоли кўрмоқчи ва ҳеч шубҳа йўқки, худо барча нуқсонлардан покдир”.
Шайх, Аҳмади Жом сўзининг хотимасида қўшиб қўйган: “Ва сўфия аҳли қўллайдиган “зуҳур” ва шунга ўхшаш сўзлардан улар “ҳулул” (худонинг бирор-бир жисмга сингиши) ва “иттиҳод” (қўшилиши) тарафдори экан деб ўйламаслик керак, зинҳор бундай эмас”. Шу тариқа, ваҳдат ва тавҳид тушунчаларини англашда дин арбоблари билан тасаввуф аҳли орасида фарқ бўлганини шу мисол ҳам кўрсатиб турибди. Энди Аттор асарлари таҳлилига қайтишдан олдин “тавҳид” сўзининг тасаввуф луғатларида қандай маъноларга эга эканини кўриб ўтсак.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан