Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Тавҳид асрори (Фано ибрати)
Facebook
Тавҳид асрори (Фано ибрати) PDF Босма E-mail

Нишопур яқинидаги Шодях шаҳри. Шаҳарнинг серқатнов кўчаларидан бирида озода ва шинам бир бино жойлашган. Бинонинг олдидан ўтган одамнинг димоғига хушбўй ҳидлар урилади, беихтиёр ичкарига кириб, бирпас ҳордиғини ёзгиси, чиройли безатилган токча ва рафлардаги дориворлар, мушку анбар, занжабилу сунбул, сандалу кофурлар ва бошқа ёқимли атриётлардан харид қилгиси келади. Шодях аҳолисигина эмас, балки атроф-жавонибдаги қишлоқ-шаҳарлардан ҳам бу ерга ҳожатмандлар келадилар, шифобахш дори-дармонлар сотиб оладилар. Дўкон соҳиби Иброҳим художўй ва софдил инсон эди. У атторлик касбини ҳалол бажарар, узоқ шаҳарларга сафар қилиб, ноёб дорилар ва қимматбаҳо атир-упалар олиб келиб сотар, бу касбидан одамлар ҳам, ўзи ҳам барака топарди. Хуллас, обрў-эътибори жойида эди. Иброҳим вафот этгандан кейин атторлик касби ўғли Муҳаммадга мерос қолди. Нишопур мадрасаларида таҳсил олиб саводли бўлган, шеърлар ёзиб, оғизга тушиб қолган Муҳаммад ота касбига ҳам ихлос билан киришди, дўконни тартибга солиб, савдони ривожлантириш тараддудига тушди.
Бир куни дўкон ёнидан жулдир кийимли бир девона дарвеш ўтди. У гоҳ дўконга ва унинг лиқ тўла токчаларию қизғин бораётган савдосига, гоҳ тўрда савлат тўкиб ўтириб, хизматкорлар ишини кузатаётган дўкон эгаси Муҳаммадга қараб, баъзан кулиб, баъзан оҳтортиб йиғларди. Девона охири, “шайъуллоҳ” — худо йўлига садақа қилинг, деб овоз чиқарди. Муҳаммад унга парво қилмади. Шунда дарвеш айтди:
— Эй хожа, не навъ ўлгунгдур?
Муҳаммад жавоб берди:
— Сен қандай ўлсанг, мен ҳам шундай ўлгумдир!
Дарвеш деди:
— Йўқ, сен ундай ўла олмассан.
Муҳаммад сўради:
— Не учун?
Дарвеш деди:
— Шунинг учунким, менинг юким енгил, қуруқ танам ва уни беркитган жанда хирқадан ўзга нарсам йўқ. Менинг бу дунё дўконини тарк этишим осон. Аммо сенинг юкинг оғир: ҳашаматли иморатинг, мол тўла дўконинг, зар тўла ҳамёнинг, хизматкор-ғуломларинг бор. Шунча юк билан манзилга қандай етиб борасан? Ўз ишингнинг чорасини қил, мен эса мана бундай ўламан. — Дарвеш шундай дедию, белидаги қовоқ качкулини бо-шининг остига қўйиб жон берди. Муҳаммад ҳайратдан лол бўлиб қолди. Аста-секин дўкон олдида одам йиғилди. Барча худонинг кароматини кўриб, кўзларига ёш олдилар. Муҳаммаднинг аҳволи мутлақ ўзгарди, дарвешнинг ўлими унга қаттиқтаъсир этган эди. У соҳибкаромат дарвешни иззат-эҳтиром билан кўмди, сўнгра хизматкор ва ғуломлари, қариндош-уруғларини йиғиб, бор мулкини уларга бўлиб берди-да, улар билан хайр-хўшлашиб Шодяхни тарк этди. Атторлик номи касбини эслатиб турар, лекин энди бу ном унинг шоирлик тахаллусига айланди. Энди у одамларнинг вужуд-аъзолари учун эмас, балки қалблари учун дори-дармон излаш, илоҳий илмларни эгаллаган ориф мардлар даргоҳидан хушбўйликлар қидиришга тушган эди.
Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида келтирилишича, Аттор дарвешликхирқасини Шайх Маждиддин Бағдодий қўлидан кийган. Маждиддин Бағдодий шайх Нажмиддин Кубро халифаларидандир. Аммо Давлатшоҳ Самарқандий маълумотига кўра, Аттор хирқани Маждид-дин Бағдодий қўлидан олган бўлса ҳам, тариқат сулукида Шайх Рукниддин муриди ҳисобланади.
Муҳаммад Шодяхдан чиқиб кетгач, Нишопурга бориб, Шайх Рукниддин хонақосида мужоҳидат ва риёзат билан машғул бўлади. Етти йил Шайх Рукниддин муридлари сафида тариқатни ўтагач, Маккаи мунавварага ҳажга сафар қилади. Миср, Ироқ, Шом шаҳарларини кезиб чиқади, кўп бузургворларнинг суҳбатини олади, сўфий шайхларининг китоблари, ҳаётини берилиб ўрганади. Давлатшоҳнинг айтишича, Аттор умр бўйи сурункали меҳнат қилиб, сўфия ҳикоялари ва машойих ривоятларини йиғди, “ҳеч ким бунчалик маълумот, рамзу ишорат ва ҳақойиқ дақойиқ” сўзларни жамламаган эди.
Аттор бу ривоят ва ҳикматларни шунчаки йиғиш билан чекланмади, балки ўзининг оламшумул достонларида фойдаланиб, ирфон ғояларини қайноқ бир эҳтирос билан тараннум этди. Натижада, у тариқатнинг йирик пешволаридан бирига айланди, сўфий шоир сифатида Шодяхдан чиқиб кетган одам “Фаридиддин” (Диннинг яго-наси), “Шайх” деган шарафли унвонларга эга бўлди. Энди уни Муҳаммад Фаридиддин ибн Иброҳим Шайх Аттори Нишопурий деб улуғлар эдилар. Шеърлари эса илоҳий маърифат ғояларининг битмас-туганмас хазинаси бўлиб, Ҳақ ва Ҳақиқат асрорини кашф этиш, Мутлақ руҳ билан Қудсий комил инсон руҳи орасидаги муносабат ва моҳиятни англаб етишга ҳидоят этувчи буюк бир даъватнома-дай жаранглаб, ташна қалбларда муқаддас Ишқ оловини ёқиб келди. Шу боис ҳазрати Мавлави Жомий Фаридиддин Атторни улуғлаб, “Унинг маснавиёти ва ғазалларида тавҳид асрори ва руҳ завқияти билан вужудият ҳақиқати шу қадар кўп ифодаланганки, бу тоифанинг ҳеч бирининг сўзида топилмайди” деса, ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида шоирларни мартабаларига қараб тасниф этар экан, Шайх Атторни пайғамбарона валийлик ва ваҳийлик неъматидан баҳраманд, “мақсадлари назмдан асрори илоҳий адоси ва маърифати номутанноҳий (туганмас) имлосидан ўзга” бўлмаган шариф зотларнинг сардафтари сифатида тилга олади. Давлатшоҳ эса атторни “султонул орифин”, яъни орифлар султони деб улуғлар экан, яна қўшиб қўяди: “У шариату тариқатда ягона, шавқ ва ниёзмандлик, ўртаниш-ёнишдан шамъи замона, ирфон денгизига чўмган ва ҳақиқат дарёсига шўнғиб, дурлар терган” кишидир.
Кўп шайхлар сингари Фаридиддин Атторнинг ҳаёти ҳам ривоят ва афсоналарга йўғрилган. Унингтуғилган йилини биров 1119 йил деса, биров 1136 йил дейди. Яна бошқа манбаларда 1145 йил кўрсатилган. Туғилган жойи Нишопур яқинидаги Кадикон қишлоғи. Шуниси аниқки, Аттор узоқумр кўради. Жомий ва Давлатшоҳшоир 114 йил яшаган деб қайд этадилар. Умрининг охирги йилларини у асосан она шаҳри Нишопурда ўтказган. Баъзан олимлар Атторни уйланган ва фарзанди ҳам бўлган деб ёзадилар. Шоир гоҳ расмий дин арбоблари, гоҳ сунний мутаассиблар таьқибига ҳам учрайди.
Чунончи, “Мазҳарул ажойиб” (Мўъжизаларнинг кўриниши) номли асарида Аттор тўртинчи халифа Али ибн Абутолибни мадҳ этади, асарда шиачилик руҳи сезилиб тургани учун у Нишопур суннийларига ёқмайди. Улар шоирни кофирликда айблаб, мол-мулкини тортиб олиб, ўзини шаҳардан бадарға қиладилар. Аттор бир қанча вақтлар ғорларда, хонақо ва работларда кун ўтказади. Жалолиддин Румий отаси билан Балхдан чиқиб, ҳажга бораётганда йўлда Шайх Атторни учратади. Дейдиларки, Аттор боланинг келажакда буюк инсон бўлишини башорат қилиб, унга ўзининг “Асрорнома” достонини ҳадя этган. Бу асарни Румий ҳар доим ўзи билан бирга олиб юрган ва Атторни ўзининг устозларидан бири деб ҳисоблаган. Румий эътирофи:

Гирди Аттор гашт Мавлоно,
Шарбат аз дасти Шамс будаш нўш.

(Мавлоно Аттор атрофида айланиб юрди, аммо шарбатни Шамсиддин Табризий қўлидан ичди).
Атторнинг ўлими ҳам фожиали содир бўлган. У ўз ажали билан ўлган эмас, балки лаънати мўғуллар қўлидан ҳалок бўлган. Мўғуллар балоқазодай Эрон ерларини талайдилар, шаҳарларни ёндирадилар, китобларни куйдирадилар, уламоларни қатор қилиб сўядилар. Ҳар бир мўғул аскари қўлига тушган нарсани ўмариб кетар, истаган одамни асир қилиб, қул сифатида сотар ёки қилич билан чопиб ташлар эди. Ривоят қиладиларким, бир мўғул аскари Атторни асир қилиб олиб, боғлаб, судраб борарди. Йўлда шоирни танийдиган бир одам учраб қолади. У шоирга раҳми келиб, мўғулга қараб: қулингни менга сотгин, минг динор бераман, дейди. Мўғул рози бўлиб турганда, Аттор: бу кам, сотма, мен қимматман, деб айтади. Мўғул минг динорга бермай, яна судраб кетади. Йўлда бошқа бир одам учраб қолади. Мўғул ўз “молини” унга таклиф этади. У одам: майли, розиман, бир қоп сомон бераман, дейди. Шунда Аттор мўғулга қараб, тезда рози бўлгин, мен бундан ортиққа арзимайман, дейди. Жаҳли чиққан бадбахт мўғул шоирни шу заҳотиёқ қилич билан чопиб ташлайди. Дунёни илоҳий сўз билан тўлдирган, маънолар кошифи улуғ шайх Фаридиддин Аттор ана шу тариқа кофир мўғул қўлида шаҳид бўлиб, ўзи интилган парвардигор ҳузурига йўл олди.
Бу воқеа ҳижрий олти юзу йигирма беш, мелодий бир минг икки юз йигирма тўққизинчи йилда содир бўлган эди. Атторнинг жасадини Нишопурга олиб келиб дафн этадилар. Унинг қабри устига чоғроққина мақбара қурилади. Ўн бешинчи асрга келиб, мақбара харобага айланади, буни эшитган Алишер Навоий Шайх Аттор сағанасини янгидан тиклаб, салобатли бир мақбара қурдиради. Давлатшоҳнинг гувоҳлик беришича, Аттор мазори Нишопурнинг улуғ зиёратгоҳига айлангандир.
Аттор сермаҳсул шоир, ундан катта адабий мерос қолган. Давлатшоҳ “Тазкиратуш шуаро” китобида Атторнинг шеърий асарлари умумий ҳажмини икки юз эллик минг байтга яқин деб кўрсатади. “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Мусибатнома”, “Ҳайдарнома”, “Мазҳарул ажойиб”, “Жавҳаруз зот”, “Ҳайлож”, “Мухторнома”, “Хусравнома”, “Шарҳул қалб”, “Мантиқут тайр”, “Булбулнома”, “Уштурнома” номли достонлардан ташқари, Аттор тариқат шайхлари ҳаётига оид “Тазкиратул авлиё” номли насрий асар ҳамда ғазал ва қасидалардан тузилган катта девон мерос қолдирган. Аттор — илоҳий ишқ куйчиси, тавҳид илмини шеърий тил ила тафсир этган зот. “Шоирлик унинг касби — шеваси эмас эди, — деб ёзади Давлатшоҳ, — балки унинг сўзи ғайб асрорининг юзага келиши, зуҳурротидир. Сўфия ҳақойиқу дақойиқлари, ишорат ва рамзларини ҳеч ким Шайх Аттор каби идрок этолмаган”.
Дарҳақиқат, Фаридиддин Атторнинг шеъриятида санъатбозлик, атайлаб сўз маҳоратини намойиш этишга ружу йўқ. Унинг сўзи содда ва равон, аммо ёниқ, ҳароратли. Ў такрор ва қайтариқларга ҳам йўл қўяди, “эзмалик” ҳам қилади. Бироққирғоқларига сапчиган бу жўшқин шеърият дарёсига шўнғисангиз, ҳайратдан лол қоласиз. Кўз олдингизда илоҳий илҳомнинг мўъжизалари намоён бўлади. Бунчалик изҳори дард, изтироб ва ёниш лаззатидан сармаст бўлиб куйлаш иштиёқи, нурга талпиниб, нурла йўғрилиб, нурланиб порлаш шодлиги, ҳаяжон ва завқтошқини! Шоирнинг ҳар бир байти валий бир инсоннинг гайбдан мужда етказувчи табаррук сўзи, ўтли нидосидир. Шу учун бўлса керак, улуғ Навоий “Лисонут тайр” асарида устоз Атторни ўт ичида туғилиб, илоҳий ишқни ёниб куйлаш шиддатидан олов чиқариб, атрофга аланга таратадиган ва ўзи ҳам шу оловга қўшилиб ёниб кетадиган афсонавий қақнус қушига ўхшатади (Навоийнинг ўзида шу олов ақлидандир).
Ғоят ажойиб ва муносиб ташбеҳ! Фаридиддин Аттор ҳақиқатан ҳам умр бўйи пок илоҳий ишқни куйлаб ўтди ва оламнинг моҳиятини, инсоний моҳиятларни қидириб, саодатга ҳидоят этувчи оламжаҳон ҳикматлар яратди, софлик ва садоқат рамзи бўлган қатор тимсоллар — образларни бунёд этди.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан