Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Руҳий қудсийлардан бири
Facebook
Руҳий қудсийлардан бири PDF Босма E-mail

Улуғларини улуғлай олган, қадрлаган халқнинг келажаги улуғдир. Мустақиллик неъматларидан бири шуки, бу кун биз улуғ аждодларимиз руқини шод этиб, улар меросини ўрганиб, маънавиятимизни бойитмоқдамиз. Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Сайфиддин Бухорий Бохарзий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Вали, Ҳазрати Махдуми Аъзам ҳақида китоблар, мақолалар ёзилди, уларнинг юбилейлари ўтказилди, тариқатлари ўрганилиб, асарлари бирин-кетин нашр этилмоқда.

Қадимги Туронзамин бундай номи оламга таралган авлиёлар, орифу олимларга серобдир. Абдураҳмон Жомийнинг машойихлар ҳаётига бағишланган “Нафаҳот ул-унс” номли китобида келтирилган 662 шайхи киборнинг тенг ярми Мовароуннаҳр ва Хоразмда вояга етишган зотлардир. Асар ХV аср ўрталаригача бўлган даврни ўз ичига олади ва унда Хожа Аҳрор Вали охирги ҳалқа сифатида тилга олинади. Шубҳасизки, кейинги асрларда яна кўплаб мутафаккир файласуф сўфийлар, амалиётчи “мажзуб” валилар бизнинг муборак заминимизда туғилиб, халқни ҳақ йўлига ҳидоят этиб турдилар. Файзли, баракали бу Ватан ҳеч қачон авлиёуллоҳ нуридан холи бўлган эмас, ўшаларнинг нури поки туфайликим етмиш йиллик даҳрийлик қутқусига қарам халқимизнинг қалб тўрида ҳали-ҳануз илоҳий файз порлаб туради ва “партав” нури бугунга келиб, улуғ Ўзбекистонни шуълалантирмоқца, юртимиз руҳониятини бардам қилиб, ёлғон ва шарорат, пастлик ва ҳақоратларга қарши ўлароқ покизалик, иймон-эътиқод учун курашимизга йўл кўрсатмоқда.
Шунинг учун сўфий шайхлар ҳаёти ва амалларига бағишланган китобларни излаб топиб, қадрлаб-авайлаб нашр эттиришнинг аҳамияти бағоят катта ва бундай савоб, шарафли ишга бош қўшган одамларнинг дунё ва охирати обод бўлиши муқаррардир. Шундай жонсарак, фидойи инсонлардан бири Қарши давлат дорилфунунининг доценти Аҳмаджон Чориевдир. Аҳмаджон ҳали илм аҳлига ҳам, тасаввуф билимдонларига ҳам маълум бўлмаган қашқадарёлик шайхул машойихлардан бири Султон Сайид Аҳмад Вали ҳақидаги мароқиб (мароқиб — сўфийлар ҳақидаги асардир) китобни топиб, олиб келди ва уни ҳозирги ўзбек ёзувига ўтказиб, нашрга тайёрлади.
Китобнинг муаллифи номаълум. Асар форс тилида ёзилган. Сайфиддин ибни Қамариддин деган муҳтарам инсон уни ўзбек тилига таржима қилдилар. Таржиманинг тили фавқулодда содда ва равон, ҳозирги ўзбек тилига жуда яқин. Жумлалар бурро ва аниқ, ифодали ва тушунарли усулда битилган.
Султон Сайид Аҳмадни “Ҳазрати Бузруквор”, “Ҳазрати Башир” (ёки Бешир) деган сифатлар билан улуғлаганлар. Китоб қўлёзмасида анчагина тарихий маълумотлар мавжуд. Чунончи, соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Амир Темурнинг пири Мир Сайид Мирзо Барака тўғрисида муҳим маълумотлар бор. Султон Сайид Аҳмаднинг саргузаштлари, ўша замоннинг улуғ шайхи ҳазрати эшон Хожа Аҳрор Вали билан мулоқотлари ҳам қизиқарли қилиб тасвирланган. Зеро, Хожа Аҳрор Вали Султон Сайид Аҳмадни ҳасадчи ва нодон кишилар зуғумидан сақлаб қолган эканлар. Ҳазрати Башир, яъни Султон Сайид Аҳмад Вали Мирзо Улуғбекнинг замондошидир. Китобда “Мири ҳақиқат” тарих санаси сифатида келтирилган. Одатда, қадимгилар тарих санасини қўйганда, кўпроқ вафот этган йилни назарда тутадилар. Лекин бу ерда гап ҳазрати Баширнинг туғилиши воқеасини баён этади, яъни Сайид Мирбараканинг биродари Мирсаид Неъматуллоҳ қишлоғига Косатарош (Қашқадарё вилоятида, Китоб туманига қарашли) келиб, Ҳожи Ҳасан деган мўътабар бир мўйсафид уйида меҳмон бўлади. Мўйсафид фарзанди йўқлигидан ҳасрат қилади. Шайх Мирсаид Неъматуллоҳ дуоси шарофати билан Ҳожи Ҳасаннинг хотини Биби Малокат ҳомиладор бўлиб, ўғил кўради.
Аммо кўкрагида сут йўқ эди. Болани бошқа хотин эмизиб катта қилади. Шунга биноан, Султон Сайид Аҳмадни тожикча “бешир”, яъни сутсиз деб атайдиган бўладилар.
“Мири ҳақиқат” сўзининг абжад ҳисобидан чиқадиган натижаси ҳижрий 868 йилига тўғри келадики, уни мелодийга айлантирсак, 1464 бўлади.
Демак, “Мири ҳақиқат” лақабига сазовор бўлган Сайид Аҳмад Вали Ўрта Осиёда нақшбандия таълимоти тарқалган бир замонда яшаган. Аммо бу шайхнинг таважжуҳи кўпроқ Хожа Аҳмад Яссавий тариқатига қаратилган бўлади. Тўғри, китобда “Дил ба ёру даст ба кор” шиори тилга олиниб, сўфий-дарвешлар албатта доимий меҳнати билан шуғулланиши ва ҳар ерда, ҳар қандай шароитда Аллоҳ зикрини тилда ва дилда канда қилмаслик ҳақида сўз боради, тариқат одоби, зикр тушириш тарзи ва бошқа қоидалар яссавия йўлида бўлиши таъкидланган. Айниқса, самоъга кўп аҳамият берилган. Султон Сайид Аҳмаднинг ўзлари самоъ рақсларидан ҳузурланиб, шогирд-муридларига ҳам буни ўргатганлар. Самоъ пайтида дарвешнинг руҳи осмонларни сайр этади, илоҳий руҳлар билан учрашиб, маърифатдан баҳраманд бўлади, деган экан ул зот. Яна муҳим томони шуки, бу мажлисда бир неча қўшиқчи, муғанний-созандалар ҳам иштирок этиб турган, хуллас, шайх санъат аҳлини эъзозлаган. Китобда ўнлаб созанда ва хонандаларнинг номлари келтирилган.
Афтидан, Сайид Аҳмад нақшбандия ва яссавия тариқатларини қўшиб, ҳар икки пирга эътиқод қўйган одам бўлган. Бу ҳол Хожа Аҳрор даврида нақшбандиянинг низом сулукида ўзгаришлар бўлганидан далолат беради.
Шайхи Бузруквор Сайид Аҳмад Вали ўзлари умр давомида меҳнат билан машғул бўлиб келган, тоғда бир қанча йиллар ғорда яшаган пайтида, бодомзорлар бунёд этган, ариқ қазиб сув чиқартирган, барча муридлари ҳам меҳнат билан ҳалол яшаганлар. Шайх, айниқса ҳаромдан ҳазар қилган. Талончилик, порахўрлик, ноҳақ тортиб олинган моллардан, урушда қўлга киритилган ўлжадан қўл тортган. Ҳатто вақф ерни ҳам қабул қилмаган, бунда етим-есирларнинг, мусулмонларнинг ҳақи бор, деб огоҳлантирган. “Менга худо берган бир парча ер етарли, шунга буғдой экиб, боғ кўкартириб, кунимни ўтказаман”, деган.
Китобда ҳозирги кунимизга ибрат бўладиган жуда кўп ҳикоят ва насиҳатлар бор. Сиз ушбу китобни ўқиб, тасаввуф аҳлининг ҳаёти, амалий ишлари, халққа, мазлумларга келтирган нафидан хабардор бўласиз. Хусусан, китобнинг тариқат ҳақидаги иккинчи боби тасаввуф асосларини ўрганиш учун муҳим манбадир. Унда ҳол илми, зикри арра, мақомат даражалари, жаҳрия зикри самоъ тартиб-қоидалари ҳақида анча тоза гаплар бор. Арабий ва форсий манбаларда келтирилган тасаввуф рукнларини муаллиф Шайх Султон Сайид Аҳмад Вали қарашлари ва ишлари билан солиштириб, сўфийлик мартабалари, валилик ва каромат маъноларини талқин этади. Қизиқ-қизиқҳолатлар, ғайб асроридан огоҳбўлиш қобилияти, шайхнинг илҳом дамларида эришган файзу неъматлари, маънавий оламдан баҳрамандлик шарофатини берилиб ҳикоя этади. Келтирилишича, тариқатда тараққий топмоқчи бўлган одам ўн икки босқични босиб ўтиши керак. Бу ўн икки босқични ўн икки “осмон” деб атаб, ҳар бирига ном ҳам беради, чунончи: барқи ломеъ осмони, мартабаи огоҳий осмони, (сукра осмони) инсоф осмони, мароқиб осмони, мўминлик осмони, тажрид осмони, тафрид осмони, инсоф осмони, таслим осмони, мўминлик осмони, авлиёлуллоҳ осмони, ақли камол осмони, ҳукм ва сури Исрофил осмони. Ҳар бир мартаба — “осмон”нинг белгилари бирма-бир тушунтирилган.
Китобда ХV аср воқеаларига оид маълумотлар билан бирга тасаввуфнинг машҳур шайхлари ҳаётидан ҳам бир қанча ҳикоятлар келтирилади. Муаллиф ушбу асарни ёзишда кўплаб манбаларни қараб чиққани аниқ. Китоб Султон Сайид Аҳмад Валининг вафотини ҳикоя қилиш билан тугайди.
Шуни қайд этмоқчимизки, ушбу асар гарчи номи машҳур бўлмаган “маҳаллий” шайх ҳаётига бағишланган бўлса-да, аммо унинг мазмуни хийла бой бўлиб, номдор шайхларнинг маноқибларидан қолишмайди. Сўфийлик удумлари, сўфийларнинг нияти ва мақсади нима эканини билишга қизиққан одамга бу китоб кўп нарса беради. Бу асар шу жиҳатдан ҳам қимматли манба сифатида қадрланишига арзийди. Одамзотнинг еру кўк, жонли ҳам жонсиз мавжудот билан алоқаси, беозорлик, раҳму шафқатли бўлиш ғоялари китобнинг бошидан охиригача тарғиб қилинган. Асарнинг фазилати кўп.
Хуллас, бу китоб ҳар биримизга маънавий мадад беради.

 

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан