Номи ҳам, иши ҳам бутун дунёга машҳур буюк кишилар бўлади. Улуғ ватандошимиз Абу Али ибн Сино ана шундай машҳур алломалардан ҳисобланади. Унинг гўлиқ исми — Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан нбн Али. Отаси Абдуллоҳ асли балхлик бўлиб, сомоиийларнинг давлат хизматчиларидан эди. У Нуҳ ибн Мансур Сомоний (976 — 997) ҳукмронлиги даврида хизмат тақозосига кўра Бухоронинг Хармайсан (ҳозирги Ромиган) туманидаги Афшона қишлоғига келиб, маъмурий ишларга бошчилик қилади. Шу ерлик Ситорабону деган қизга уйланади. Ҳусайн 980 йили Афшонада туғилади.
985 йили Ҳусайнлар оиласи Бухорога кўчади. Шаҳарда у илм таҳсили билан машғул бўлади. Ўз даврининг етук олимларидан бўлган Абу Абдуллоҳ Нотилий ва Исмоил Зоҳид қўлида мантиқ, фалсафа, фиқҳ ва риёзиёт асосларини ўрганади. У 10 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд билар, сарфу наҳв ва адаб илмини ўзлаштириб олган эди. «Ўша кезларда мен бирор кечанинг ҳам охирнгача ухламас, кундузлари ҳам илмдан бошқа нарса билан шуғулланмас эдим», — деб ёзади бу ҳакда Ҳусайннинг ўзи таржимаи ҳолида. Кейин тиб илми билан қизиқиб, қисқа бир муддатда уни эгаллаб олади. Бу соҳада у тезда барча табибларданда ўтиб кетади. Тиббиёт борасидаги муваффақиятлари тўғрисида у «ҳатто билимдон табиблар ҳам келиб, ҳузуримда тиб илмидан дарс ола-диган бўлдилар», — деб эътироф этади. Бухоро амирп Нуҳ ибн Мансурни даволаганидан кейин унинг шуҳрати ошиб кетади. Абу Али ибн Сино бутун дунёда табобат илмининг султони сифатида машҳур. Оламшумул тиббий асарлари гуфайли Ғарбда Авиценна номи билан донг таратган бу буюк ватандошимиз Шарқда кўпроқ забардаст файласуф сифатида машҳур бўлган. «Шайх ур-раис» — «Донишмандлар сарвари» фахрий унвони ҳам аввало унинг буюк файласуфлигига ишора қилади. Шарқда Ҳаким лақаби ҳам файласуф олим ва мутафаккир адибларга берилгани маълум: Хаким Носир Хисрав, Ҳаким Умар Хайём, Ҳаким Саноий... ва Ҳаким Абу Али ибн Сино. Ҳатто Оллоҳ таолога нисбатан ҳам Ҳакими илоҳйй нисбати қўлланган. Зеро, ҳаким арабча сўз бўлиб, аввало доно, донишманд, ҳикмат соҳиби, олим, аллома, файласуф, кейин эса табиб маъносини билдиради. Турли манбаларда Ибн Синонинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилади. Лекин бизгача бу муаззам меросдан 160 таси етиб келган. Шундан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, кимё, мусиқа, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка оид. Маълум бўладики, алломанинг фалсафий мероси тиббий мавзудаги асарларига қараганда қарийб икки баравар кўп. Ибн Синонинг фалсафага оид энг йирик ва энг муҳим асари — «Китоб аш-шифо» (қисқартирилган шакли — «Китоб ан-нажот»), Унинг фалсафий қарашлари яна «Ал-ишорат ва-т-танбиҳот» («Ишоралар ва танбеҳлар»), «Ҳикмат ал-машриқин» («Шарқликлар фалсафаси»), «Китоб ал-ишорат фи-л-мантиқ ва-л-ҳикмат» («Мантиқ ва фалсафанинг ишоралари»), форс тилида ёзилган «Донишнома» («Билим китоби») ва бошқа турли ҳажмдаги фалсафий рисолаларида ўз аксини топган. Ибн Сипо шоир, тилшунос ва адабиётшунос ҳам ҳисобланади. 1000 йилда Бухорода ёзган «Ал-мажмуъ» (кейинчалик «Ал-ҳикмат ал-арузия» номи билан машҳур бўлган) рисоласидаёқ аруз масалаларини тадқиқ этган олимнинг адабий қарашлари Арасту ва Форобийнинг таъсирида шаклланган. У Арастунинг «тасвирлаш», воқеликни «қайтадан яратиш» ҳақидаги қарашларини шарҳлаган ва ривожлантирган, бадиий тўқиманинг ижод-даги аҳамиятига кенг тўхталган, антик адабиётдаги адабий жанрлар, хусусан, фожиа жанрининг батафсил тавси-фини берган. Унинг адабий-назарий қарашлари «Китоб аш-шифо» асарининг «Мантиқ» қисмидан ўрин олган «Риторика» («Ал-хитоба») ва «Шеър санъати» («Ас-ноф ас-синоат аш-шеър») фаслларида ўзининг мукаммал ифодасини топган. «Шеър санъати» фаслида жумладан, қуйидагиларни ўқиймиз: «Образли қилиб айтилган сўз киши руҳини ўзига бўйсундирадиган бир ҳолат касб этади... Нарсанинг ўзи қандай бўлса, ўшандайлигича олмасдан, уни сал ўзгартирилган тарзда олинганлигига истиора ё мажоз дейдилар. Шеър мана шу истиора билан мажознинг таркибидан ҳосил бўлади... Шеър уч хил нарса билан хаёлга таъсир этади...
1) гармония (куй); 2) сўз; 3) вазн»'.
Алломанинг шогирди Жузжоний санаб ўтган китоблари рўйхатида адабиётшуносликка оид «Ал-мантиқ би аш-шеър», «Ал-қасоид фи-л-узмат ва-л-ҳикмат» асарларини ҳам учратамиз. У тилшуносликка доир «Лисон ул-араб», «Махориж ул-ҳуруф» асарларини яратган. Жузжоншт унинг тилшунослик билан жиддий шуғулланган даврида 3 та қасида ёзгани ва уларда энг кам ишлатиладиган нодир сўзларни қўллаганидан хабар беради. Ибн Сино «Рисолат ут-тайр» («Қуш ҳақидаги рисо-ла»), «Ҳайй ибн Яқзон» («Уйғоқ ўғли Тирик»), «Саломон ва Абсол», «Юсуф», «Меърожнома» номли фалсафий мазмундаги қиссалари билан рамзий-ирфоний адабиётни ҳам бошлаб берди. Хусусан, «Рисолат ут-тайр» қиссаси Фаридиддин Атторнинг машҳур «Мантиқ ут-тайр» ва Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонлари яратилишига туртки бўлган. Бу асар рамз-ишоралар билан ёзилган бўлиб, алломанинг жон, ҳақиқат, Тангри тўғрисидаги фикрларини билиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. «Ҳайй ибн Яқзон» қиссаси эса буюк итальян шоири ва мутафаккири Алигьери Дантенинг муаззам «Илоҳий комедия»сига ҳам таъсир кўрсатганлиги тўғрисида фикрлар мавжуд. Данте, айниқса, Ибн Синонинг «Рисола фи-л-ишқ» асаридан илҳомланган, ундаги асосий фикр ва қарашлардан таъсирланиб, уларни ривожлантирган. У «Дўзах» китобининг тўртинчи қўшиғида Ҳомер, Эсхил, Софокл, Арасту, Афлотун, Пифагор, Ҳераклит, Демокрит каби дунё илмининг бешигини тебратган улуғ дониш-мандлар қаторида Абу Али ибн Синони ҳам тилга олади: Кўзимни узоққа югуртдим шунда: Ҳисобдон Эвклид, Батлимус, Гален, Гиппократ, Ибн Сино, Ибн Рушд пайдо — Янги ғояларни тарғиб этган чин. Шарқда илмий, фалсафий асарлар ҳам кўпинча шеърий шаклда ёзилган. Бу уларнинг таъсирчанлиги, оммабоплигини ошириши билан бирга, ёдда сақланишини ҳам осонлаштирган. Ибн Сино ҳам тиббиётга оид рисолаларини шеърий усулда — ражаз вазнида ёзиб, шундан келиб чиққан ҳолда уларни уржузалар деб атайди. Унинг ҳозиргача фанга маълум уржузалари сони 9 та бўлиб, 8 таси тиббиёт, биттаси мантиққа оид. Машҳур Бузургмеҳр Ануширвони Одил учун савол-жавоб тарзида ёзган «Пирўзинома» номли ҳикмат китобини ҳам Нуҳ ибн Мансур амрига кўра 1097 йили Ибн Сино паҳлавий тилидан форс-тожикчага таржима қилади. «Саргузашт» асарини Ибн Синонинг ўзи бошлаб, шогирди Жузжоний давом эттирган — 1013 — 1014 йиллардан умрининг охиригача аллома билан у бирга бўлган. Ибн Сино араб ва форс тилларида қасида, ғазал, қитъа ва рубоийлар ёзган ҳассос сўз устаси ҳисобланади. Афсуски, унинг адабий мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган. Аллома адиб бадиий асарларининг тадқиқотчилари ҳозирча форс-тожик тилидаги 46 рубоий, 4 ғазал, 5 қитъа ва 2 байт шеърни Шайх ур-раис қаламига мансуб санаб, унга нисбат берилган бошқа шеърларга бир оз шубҳа билан қарайдилар. Бу ижод маҳсулининг асосий қисмини рубоийлар ташкил этиб, уларнинг бир қисми Умар Хай-ёмга ҳам нисбат берилади. Бундан ташқари, 1957 йили Теҳронда чоп этилган девонида Ибн Синонинг 26 та арабча шеъри келтирилган. Улар умрнинг ўткинчилиги, қариликдан шикоят, панду насиҳат ва ишқий мавзуларда. Бу шеърларидан ирфоний мавзудаги «Қасидаи айния»си машҳур. Абу Али ибн Сино 1037 йили Эроннинг Ҳамадон шаҳрида вафот этади. Буюк аллома мақбарасидан кеча-кундуз сайёҳлар, зиёратчилар қадами узилмайди. Ибн Синони Шарқда фалсафий шеъриятни бошлаб берган шоир сифатида билишади. Чиндан ҳам, бу қомусий олим олам ва одам ҳақидаги илмий-фалсафий қарашларини биринчи бўлиб шеъриятга сингдирди. Хусусан, рубоийларида унинг теран илмий фикрлари, кенг фалсафий мушоҳадаларини кўрамиз. Буюк файласуф оламнинг Оллоҳ томонидан яратилганини эътироф этган ҳолда, табиат ҳодисалари, инсон вужудининг фаолиятига реал қарагани, дунёвий илмлар ривожига катта ҳисса қўшганини яхши биламиз. Айниқса, тиб илмида у шунчалик илгарилаб кетганки, ўз даврида у даволай олмаган касаллик бўлмаган ҳисоб. Замонасининг барча олиму донишмандлари унинг бу борадаги беқиёс илми ва истеъдодига тан берганлар. «Тиб қонунлари» асари асрлар давомида Шарқдагина эмас, Ғарбда ҳам тиббиёт соҳасидаги асосий қўлланма бўлиб келганлиги маълум. Ибн Сино асарлари XII асрдан бошлаб лотинчага, у орқали Европа тилларига таржима қилина бошлаган. Жумладан, «Тиб қонунлари» асарининг ўзи лотиичада 40 марта тўлиқ пашр этилган. Унинг оддий дориларга бағишланган иккинчи қисмида 800 га яқин дориларнинг хусусияти, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён қилинган. Шунинг учун ҳам тиббиёт илмининг бобакалони фахр ва армон билан ёзган эдики:
Кўк тоқигача ер қаъридан асли азал, Ҳар қанча тугун бўлса, ақл айлади ҳал. Ҳар макру фириб бандини ечсам-да тугал, Кўнглимда тугун бўлиб фақат қолди ажал
(Шоир рубоийлари муаллиф таржимасида берилмоқда.).
Файласуф олим сифатида у Оллоҳ ва олам, Оллоҳ ва одам, олам ва одам муаммолари, инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти, шахс ва жамият муносабати устида теран тафаккур юритган. Бу масалалар ҳамма замонларда ҳам фалсафанинг муҳим ва долзарб муаммоларидан бўлган. Бу масалаларга у ёки бу даражада дахл қилмаган файласуф ҳам, мутафаккир шоир ҳам йўқ ҳисоби. Ўз даврининг барча илмларини чуқур билган, азалий ва абадий мавзулар устида умуминсоний миқёсда мушоҳада қилган Ибн Синонинг салмоқли фалсафий мазмунга йўғрилган ҳар бири ҳикмат даражасидаги рубоийлари унинг ҳам бу масалаларни четлаб ўтмаганининг ёрқин далилидир. Ибн Синонинг фалсафий қарашларига кўра, борлиқ иккига бўлинади: вужуди вожиб (зарурий вужуд) ва вужуди мумкин (имконий вужуд). Вужуди вожиб бу — Худо, вужуди мумкин — ундан келиб чиқадигаи олам ва ундаги нарсалар. Улар орасида сабаб ва оқибат муносабати мавжуд бўлиб, бу жараёида дунёдаги барча нарсалар тажаллий, яъни қуёшдан таралаётган нур шаклида илоҳий вужуддан келиб чиқади. Оллоҳ — боқий, унинг оқибати бўлмиш одам — фоний. Образли қилиб айтганда, Оллоҳ — жон, олам — бадан, фаришталар — унинг сезги хоссалари, барча жонли ва жонсиз нарсалар эса аъзолари бўлиб, тавҳид (Оллоҳнинг ягоналиги) аслида шу — қолган барча қарашлар кишини чалғитадиган тахминлардан иборат. Файласуф шоирнинг қуйидаги рубоийси худди шу ҳақда:
Ҳақ — жони жаҳоннинг-у, жаҳон бўлса — бадан, Бу танни(нг) сезиш ҳисси малак жинси билан. Бор жонсиз-у, жонли мавжудот аъзосидир, Тавҳид шу-ю, қолган бариси ҳийла экан.
Бу дунёда ҳеч нарса бутунлай йўқ бўлиб кетмайди, балки бошқача шаклда қайта туғилади — икки олам соҳиби бу дунёни тарк этган нимаки борки, уларни ўз хазинасида эҳтиёт қилиб сақлайди ва фалак яна шу ҳолга эврилганда ўзининг илоҳий пардасидан ташқарига чиқаради:
Кетмас йўқолиб ҳеч нима беному нишон, Ғайб оламидан жой олади у шу замон. Бир кун яна ўз аслига эврилса фалак, Сир пардасидан чиқаргуси Ҳақ бегумон.
Маълумки, илм — тубсиз бир уммон. Қанча кўп ўқиганингиз сари шунча кам нарсани билишингизни англаб бораверасиз. Мутафаккир шоир Алишер Навоий: «Бўлди ўз нодонлигимни англамоқ донолигим», — деб бежиз айтмаган. Ибн Синонинг замонанинг барча илмларини эгаллаб, туну кун тафаккур қилиш натижасида дунёдаги ҳамма нарсанинг сир-синоатига етдим, менга маълум бўлмаган нарса қолмади, лекин билимим ҳақида чуқур ўйласам, ҳеч нарсани билмаслигим маълум бўлди мазмунидаги мана бу рубоийси шу хусусда:
Сўз қолмади парда ичра ҳеч маълум эмас, Дунёда бирор сир мен учун мавҳум эмас. Мен маърифатингда кўп тафаккур қилдим, Маълум бўлди: ҳеч нима маълум эмас.
Бошқа бир рубоийда эса бу фикрни янада чуқурлаштириб, мен ҳатто ўзимнинг кимлигимни, бу дунёда нега овора бўлиб юрганимни ҳам билмайман, дейди:
Кошки билсам — мен ўзи қандай инсон? Дунёда нима деб бу қадар саргардон? Ер бўлса агар бахт — яшасам хуш-хандон, Ер бўлмаса, йиғласам тўйиб беармон.
Алишер Навоий ҳам ғазалларидан бирида: «Эл нетиб топқай мениким, мен ўзумни топмамон», — деган эди. Бу мазмундаги фикрларнинг асосида тасаввуфий маъно ётади. Ўзни топиш, ўзни англаш, яъни ўзлик — инсоннинг дунё, нафс ва жисм билан боғлиқлиги. Улар ҳар лаҳза кишига ўзлигини эслатиб, уни Худо ёдидан чалғитади. Хожа Ориф Ревгарийнинг айтишича, дунёга қаттиқ боғланган киши илоҳий парвоз қилолмайди, бинобарин, талаб во-дийсига қадам қўёлмайди. Шунинг учун ҳам Навоий: «Ўзлугумдин ўзга ул юзга ҳижобе топмадим», — деган эди. Яъни менинг ўзлигим — дунё, нафс ва жисм тўсиқ бўлиб, ҳақиқий ёрнинг юзини мендан тўсиб турибди. Ўзининг кимлигини англаб етган инсон дунёнинг ҳам, нафснинг ҳам, жисмнинг ҳам фонийлигини, уларнинг барчаси кишини асосий мақсаддан — Ҳақдан чалғитадиган воситалар эканлигини теран идрок этади ва дунёга кўнгил қўймайди, нафс хоҳишларига эргашмайди, жисмоний лаззатларга берилмайди. Бинобарин, шоирлар мен ҳали ўзимни топганимча, ўзлигимни англаб етганимча йўқ, деб ёзар эканлар, бундай фикрларни уларнинг дунё, нафс ва жисм ҳавасларидан буткул қутулмаганликларининг эътирофи сифатида тушуниш керак. Шарқда Абулмаоний маънолар отаси номи билан шуҳрат қозонган Мирзо Бедил ҳам рубоийларидан бирида «Инсон гаштан ба худ расидан будаст» — «Инсон бўлиш ўзликка етишиш экан», дейди. Мен улуғ бўлдиму кенг дунё тор бўлиб қолди, қимматим ошди-ю, харидор топилмади дея ўзини дарба-дарликка маҳкум этган оғир қисматдан нолиган аллома сарсон-саргардонликда кечган ҳаётида жуда кўп режалари амалга ошмай қолгани, ўзи кўзлаган мақсадга етолмагани, кўнглида минг қуёш нур сочса-да, камолга йўл тополмаганлигини шикоят, норозилик йўсинида мисралар қатига мана бу тарзда нақш этади:
Дил дунё биёбонида оз чопган эмас, Кўп билса-да, ўз нуқсини ҳеч ёпган эмас. Кўнглимда агарчи минг қуёш гюрлар эди, Охирда камолга зарра йўл топган эмас.
Ибн Синонинг кўпчилик шеърлари унинг шоирлик салоҳияти баланд бўлганлигидан далолат беради. Бу шеърларда мазмун чуқур бўлибгина қолмай, шакл ҳам гўзал, бадиий санъатлар ҳам маҳорат билан қўлланган:
Май мангулик бахш этар эмиш, қуй, соқий! Кўнглингга ҳузур етар эмиш, қуй, соқий! Куйдирса-да ўт каби, ғамингни аммо Сувдек оқизиб кетар эмиш, қуй, соқий!
Эй нафс, қидирганинг мудом ҳою ҳавас, Узингни ҳимоя қилгали шош бу нафас. Дунё дема, қўй ҳийлани, мансаб тилама, Душманлик ишинг ҳамиша, ҳеч дўстлик эмас!
Донишманд шоирнинг ахлоқий мавзудаги шеърлари ҳам қурук панд-насиҳатдан иборат бўлмай, теран фалсафий мазмун билан йўғрилган: Бир-икки жаҳолат майидан маст эрлар Доно санаб ўзни, асабингни ерлар. Эшшак бўла қолким, улар эшшаклигидан Ким бўлмаса эшшак, уни кофир дерлар. Бу рубоийда киши қанча нодон бўлса, шунча жоҳил бўлади, жоҳил билан эса фақат унга тенг бўлиб гаплашиш керак, акс ҳолда, сени одам сафига қўшмайди, деган аччиқ ҳақиқат бадний талқин қилннган. Бу дунёни ҳамма ўз қаричи билан ўлчайди, лекин ҳеч кимнинг дунёнинг ўз қаричига сиғиш-сиғмаслиги билан заррача иши йўқ. Жоҳилга гап уқтириб бўлмайди, унга фақат ён бериш керак. Рубоийда кучли заҳарханда, ўткир киноя мавжуд: нодоннинг жаҳолати шундаки, у ўзининг нодонлигини фазилат, аҳмоқона қилмишларини ибрат деб ҳисоблайди. Донишмандлар бежизга жаҳолат — инсониятнинг кулфатидир дейишмаган. Парадоксни қарангки, инсон қанча доно бўлса, ўзини шунча нодон деб ҳисоблайди, қанча нодон бўлса, ўзини шунча доно деб билади: Кўнглим сира илм таҳсилидан маҳрум эмас, Қолди жуда оз сир менга то мавҳум эмас. Етмиш икки йил тинмай илм ўргандим, Маълум бўлди: ҳеч нима маълум эмас. Лекин Ибн Сино нафақат фалсафий, балки гўзал ва ҳассос ишқий рубоийлар муаллифи эканлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу мавзудаги рубоийлар унинг нафақат теран фикрлар ифодаси, балки нозик туйғулар тасвирида ҳам тенгсиз маҳорат кўрсатганлигининг ёрқин мисолидир:
Зулфинг шундай агарда ларзон бўлади, Анбар баҳоси ҳамиша арзон бўлади. Яхшиям юзинг зулф ичра пинҳон бўлади, Йўқса нуридан туну кун яксон бўлади.
Аждар каби сочингда хатар тўлғонади, Елкангда нега у ҳийлагар тўлғонади? Кўргач ўша лаъл лабингда зумрад бордир, Аждар каби белингга қадар тўлғонади.
Инсон умрини гулга қиёслаб ёзган мана бу рубоийси ҳам гўзал:
Дил тўла ғаму аммо куламиз гулдек, Бир лаҳза яшаймизу ўламиз гулдек, Бир лаҳза қучоқларга тўламиз гулдек, Бир лаҳза ўтиб, яна сўламиз гулдек.
Аслида алломанинг шеърий иқтидори юксак бўлганлиги унинг деярли барча шеърларидан билиниб туради. Чунончи, унииг қуйидаги рубоийси илму адаб аҳли орасида ниҳоятда машҳур:
Кофирга чиқармоқ мени осон йўқдир, Хеч бир кишида мендаги имон йўқдир. Мендек имони бут киши кофир бўлса, Бас, жумла жаҳонда бир мусулмон йўқдир!
Алломанинг салафлари ва замондошлари, жумладан, Абу Абдуллоҳ Рудакий рубоийларининг асосан ишқий, Шайх Абусаид Абулхайр рубоийларининг эса тасаввуфий мазмунда эканлигини назарда тутсак, том маънодаги фалсафий рубоийлар дастлаб Абу Али ибн Сино ижодида учраши маълум бўлади. Бинобарин, ўз рубоийлари мисо-лида у Шарқ сўз санъатида чинакам фалсафий шеъриятни бошлаб берди. Кейин ўзини Шайх урраиснинг ҳароратли шогирди деб ҳисоблаган Умар Хайём азал ва абад, олам ва одам муаммолари хусусида теран фалсафий рубоийлар яратиб, уни жаҳон сўз санъатининг етакчи жанрларидан бири қаторига олиб чиқди.
Эргаш Очиловнинг "Барҳаёт сиймолар" китобидан |