Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Берунийнинг адабий мероси
Facebook
Берунийнинг адабий мероси PDF Босма E-mail

Абу Райҳон Берунийни (973-1048) биз асосан ўз даврининг барча илмларини эгаллаган ва фаннинг ҳамма соҳалари билан шуғулланган қомусий олим сифатида биламиз. Ҳолбуки, у бадиий ижод билан ҳам муттасил шуғулланган: араб тилида шеърлар ёзган, кўплаб шоирларнинг шеърларини таҳлил этган, шарҳлаган ва уларни ноҳақ танқидлардан ҳимоя қилган, қатор адабий асарларни форсийдан арабчага ўгирган, таржима асарларини тадқиқ этиб, уларга баҳо берган. Беруний ёзган 152 номдаги асарнинг 18 таси адабиёт ва унга ёндош соҳаларга оидлиги бежиз эмас. Унинг адабий мероси М. Салье, Б. Булгаков, У. Каримов, А. Ирисов, А. Қаюмов, А. Расулов, Н. Комилов, Ҳ. Ҳомидий, М. Турсунов каби таниқли олимлар томонидан тадқиқ ва таржима қилинган. Хусусан, А. Расуловнинг «Беруний ва унинг шеърлари ҳақида баъзи мулоҳазалар» мақоласида қомусий аллома қаламига мансуб 70 мисра шеър келтирилган. Ўтмишда шоирлар турли фанлардан яхши хабардор бўлганларидек, олимлар ҳам кўпинча бадиий етук асарлар яратганлари маълум. Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём каби қомусий олимларнинг шаклан гўзал, мазмунан теран рубоийлари бунинг ёрқин исботидир. Ҳассос сўз санъаткори Фузулий эса: «Шоирлигим муқаррар бўлгач, умримнинг бир қисмини сарфлаб, турли илмларни ўргандим. Чунки илмсиз шеър пойдевори йўқ деворга ўхшайдики, бундай девор жуда омонат бўлади», — деб ёзган эди.
Беруний ўз шеърларини араб тилида ёзган бўлиб, улар бизгача тўлиқ етиб келмаган. Фақат Ёқут Ҳамавий (1179—1229) «Мўъжам ул-удабо» («Адиблар луғати») асарида: «У шеър ҳам айтган. Гарчи шеърлари юксак даражада бўлмаса-да, у каби сиймолардан бунинг содир бўлиши ажойибдир. У шеърларида подшоҳлар билан ўтгаи дамларини эслайди, Абулфатҳ ал-Бустийни мадҳ эгади», — деб алломанинг 17 байтли бир мадҳияси, икки шеъри ва учта фалсафий тўртлигини келтиради. Мадҳияда Беруний дастлаб устози Абу Наср Мансур бии Али бин Ироқ, кейин хоразмшоҳлар Абулҳасан Али (997 — 1009), Абулаббос Маъмун (1009—1017) ҳамда Маҳмуд Ғазнавийни мадҳ этади. Чунончи, устозини:

Боқди Ироқ оиласи сут билан,
Мен — ниҳолга Мансур бўлди дармоним, —

деб миннатдорчилик туйғуларини изҳор этса, Абулаббосни таърифлаб:

Сўнгги Маъмун назар солди ҳолимга,
Бошим кўкка етказди ул султоним, —

дейди. Маҳмуд Ғазнавийни эса қуйидагича улуғлайди:

Неъматини Маҳмуд дариғ тутмади,
Кўрмасликка олди доим нуқсоним.
Жаҳолатим афв айлади ҳурматлаб,
Обрў юксак, тўним янги, бут ноним.

Ушбу қасидани аллома-шоир илм довонларини забт этиб, шон-шуҳрат чўққисига юксалганидан кейин ёзган. Қуйидаги фахрия мисралар бунинг далили:

Пешволардан олға ўтдим жаҳд ила,
Мен ғаввосу илм бўлди уммоним.
Ҳинддан сўра Машриқ аро қадримни,
Мағриб мени ўқир — йўқдир армоним.

Қуйидаги мисралардан эса «меҳнатсиз шуҳрат қозонган»лар қораланиб, илм заҳматини тортганлар улуғланади:

Ким учса саъй-жаҳд қилмай шуҳратга,
Карам либосида кўзи бўлса оч,
Еафлат соясида шод бўлур, аммо,
Шараф кийимисиз қолар яланғоч.

Аллома ижодидан етиб келган шеърий парчалар орасида ишқ-муҳаббат мавзуидаги гўзал ва ҳассос бир тўртлик ҳам бор:
Масофа туфайли айшим бузилди, Дилимда ором йўқ, тенгсиздир фироқ. Мактубинг дардимга тўтиё бўлди, Минглаб парихондан ўша яхшироқ.
Абулҳасан деган шоирнинг Беруний ва унинг аждодларини муболаға билан мадҳ этиб ёзган қасидасига олимнинг кинояли жавоби тадқиқотчилар ўртасида мунозарага сабаб бўлиб келади. Чунки баъзилар олимнинг фикрларини тўғридан-тўғри қабул қиладилар. Ҳолбуки, Беруний маддоҳ таърифларини ҳаддан ошириб, ўзи ва ота-боболарини йўқ сифатлар билан улуғлагани учун унга киноя билан жавоб қилади:

Эй мени мадҳ этган беодоб шоир,
Бу мадҳинг айлади мени кўп таҳқир.
Мақтовга сўз излаб, шеърлар ёзибсан,
Насабим кўтариб кўкка беназир.

Онт ичиб айтаман: билмам насабим,
Ҳатто ота-бобом, насабим кимдир?
Отам Абу Лаҳабдек одобсиз бир чол,
Онамчи, ҳув ўша ўтинкаш кампир.

Мақтову мазаммат, эй Абулҳасан,
Ҳазилу чин каби менга барибир.
Бу ишга берилиб, ўзни қийнама,
Қўй энди, уриниб бўлма беҳузур.

Бу ерда Абу Лаҳаб — Муҳаммад пайғамбарнинг амакиси ва энг ашаддий душмани. Асл исми Абд ал-Уззо ибн Абдулмуталлиб. Муҳаммад алайҳиссаломни масхаралаб, унга қарши хотини билан биргаликда турли иғвою фитналар қилгани учун «дўзах ўтининг отаси» маъносида Абу Лаҳаб лақаби берилган.
Беруний «Ал-Осор ал-боқиан ал-қурун ал-ҳолия» («Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»), «Ҳиндистон», «Ал-жавоҳир» («Минералогия»), «Геодезия», «Сайдона» («Фармакогнозия») асарларида ўз фикрларининг далили учун кўплаб шоирларнинг шеърларидан намуналар келтиради ҳамда билимдон ва нозиктабъ адабиётшунос сифати-да ударни таҳлил қилиб беради. Айниқса, «Ал-жавоҳир» ва «Сайдона» асарлари шеърий мисолларга бойлиги билан ажралиб туради. Чунончи, «Ал-жавоҳир»да 84 шоирнинг 740 мисра шеъри иқтибос сифатида келтирилган. Шуни пазарда тутиб, Фозила Сулаймонова у Берунийнинг бошқа соф илмий асарларидан асосий мавзу бадиий адабиёт ва ахлоқ-одобга оид материаллар орқали бойитилгани билан алоҳида аҳамият касб этишини қайд қилган эди(Қаранг: Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. Тошкент, 1997 йил, 242-бет.). «Осор ул-боқия» ва «Сайдона» асарларида ҳам 40 — 50 тадан шоирнинг шеърларидан намуналар берилган. Жумладан, «Сайдона» асарида турли доривор моддалар, ўсимлик ва меваларни таърифлар экан, шоирларнинг улар билан боғлиқ шеърларидан тез-тез фойдаланади. Айтайлик, шафтолининг рангини таърифлаш учун Ҳотам ибн Алининг қуйидаги мисраларини келтиради:

У менга шафтоли узатди.
Шафтолининг кўриниши
(Унинг) хижолат чекиб қизаргандаги
(Чеҳрасига) ўхшар эди(Қаюмов А. Беруний ва адабиёт. Тошкент, 1974 йил, 123-бет.).

«Ал-жавоҳир» китобининг олтин ҳақидаги бобида Абусаид ибн Дўст деган шоирнинг қуйидаги мисраларини келтиради:
Қари одамнинг танаси йилдан-йилга кичрайиб бораётганини кўраман, Аммо унинг тажрибаси ортиб бормоқда.
Худди кондан чиққан олтин қиздирилганда салмоғи камайса-да, Баҳоси ошиб бораётгани сингари.
Бу шеърларни илмий жиҳатдан таҳлил қилар экан, шеъриятнинг ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини унутмайди, шоирлар табиатдаги нарса-ҳодисаларнинг аниқ хусусиятларини эмас, балки кишилар тасаввуридаги ҳолатларини образли усулда тасвирлашларини алоҳида қайд этади. Уларни ноҳақ ва нохолис танқидлардан ҳимоя қилади. Шеърият конкретликка эмас, балки шартлиликка асосланишини таъкидлайди.
Олим асарларида гилга олинган ва шеърларидан намуналар келтирилгап шоирлар 150 дан ортиқ. Уларнинг кўпчилиги араб шопр. шоири, лекин Урта Осиё ва эронлик арабийзабон пюирлар ижодига ҳам кўплаб мурожаат қилингап. Ҳамза Исфаҳоний, Абубакр Кўҳистоний, Абулқосим Журжоний, Абубакр Хоразмий, Хотибий Самаркандий Абумансур Саолибий, Мансур Форисий ва бошқалар шулар жумласидандир.
Машх.ур араб шоирлари Абу Таммом ва Абу Ну-вослар ижодига бағишлаб икки рисола ёзган — «Шарҳу девону Абу Таммом», «Шарҳу девону Абу Нувос». Бу аёлрларпинг қўлёзмасиии Ёқутнинг ўзи Беруний қўлида кўрган экан. Бундан ташқари, умуман шеърият таҳлилига бағишланган «Китоб ат-тааллур ба иҳолат ал-ваҳим фи маопи назм авлил-фазл» («Фазл аҳли шеърларида айтилган фикрларни баён қилиш китоби»), «Китобу мухтор ал-ашъор ва ал-осор» («Танланган шеърлар ва асарлар») китоблари мавжуд.
Академик И. Крачковский «Ҳиндистон» китобини Ҳомернинг «Илиада» ва «Одиссея» асарлари билан қиёслаб ўрганиш асносида Беруний юнон тилини ҳам билган ва асарнинг бевосита асл нусхасидан иқтибослар олган, деган хулосага келади. Чунончи, «Ҳиндистон» асарининг VIII боби охирида «Илиада» XIX бобидаги 357-мисра («Зевсдан гўё қор парчалари қалин уриб чиққандай»)ни келтиради. Берунийнинг ўз эътирофи бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайди. «Мен болалик чоғимданоқ ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони бо-рича кўпроқ билим олишга интилдим, — деб ёзган эди аллома, — бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб унга кўрсатар ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим»(Кўчирма қуйидаги китобдаи олинди: Ҳомидий Кўхна Шарқ дарғалари. Тошкент, 1999 йил, 34-бет.).
Моҳир таржимон сифатида у Маҳмуд Ғазнавий саройининг малик уш-шуароси Унсурийнинг «Шодбаҳр ва Айнулҳаёт», «Хингбут ва Сурхбут» достонлари, форсий халқлар оғзаки ижодидан эса «Косим ус-сурур ва Айн ул-ҳаёт», «Ҳурмуздёр ва Меҳрёб», «Бомиённинг икки санами», «Додмоҳ ва Киромидухт», «Нилуфар», «Дабистий билан Борбаҳокор ҳикояси» каби асарларни араб тилига ўгирган.
Беруний, айниқса, Ҳиндистонда таржима билан қизғин шуғулланган: ҳиндларнинг китобларини арабчага, араб ва юнончада битилган асарларни эса санскрит тилига ўгирган. У таржима билан шуғулланар экан, бошқа таржимонлар фаолиятига ҳам баҳо беради, улар таржима қилган асарларни аслиятга қиёсан текширади. Айни жиҳатдан унинг IX асрда яшаган олим ва таржимон Абдулло ал-Муқаффа фаолияти билан боғлиқ қуйидаги мулоҳазалари эътиборга молик:
«Калила ва Димна» номи билан машҳур бўлган «Панчатантра» деган китобни имконият топиб таржима қилсам, деган орзуим бор. Чунки у китоб Абдулло ибн ал-Муқаффа каби ўзгартириб юбормасликларига ишониб бўлмайдиган бир гуруҳ кишилар тили билан ҳиндчадан форсчага, сўнгра форсчадан арабчага таржима қилиниб келди. Абдуллоҳ ибн Муқаффа «Калила» китобига (ўзидан) Барзовайҳ бобини қўшди; бундан мақсади динга эътиқоди кучсиз кишиларни шак-шубҳада қолдириш ва уларни маннония мазҳабига чақираётганларга зарба бериш эди. Китобга боб қўшиб ишончсиз бўлган киши, таржимада ҳам (жумла) орттириб ишончсиз бўлишдан четда қололмайди»(Абу Райҳон Беруний. Ўйлар ҳикматлар... 34-бет.).
Бошқа таржимонлар ҳақида ҳам «мана бу фаслда сўзларни қориштириб юборган», «мана бу ўринда ўзгар-тиришлар қилган» каби фикрларни билдириб ўтади. «Рамаяна» асари таржимаси муносабати билан диний мутаассибликнинг таржимачилик ишига, умуман, фан ривожига салбий таъсир ўтказаётганлигини танқид қилади. Уламолар охири «с» билан тугалланадиган юнон ва рим олимларининг номларидан ўлгудай нафратланадилар, натижада ҳар турли таъқиблардан қутулиш мақсадида мутар-жимлар уларнинг номларини арабийлаштиришга мажбур бўладилар — «Катигорийас», «Аналитикус», «Аристотелус» каби сўзларнинг «Ал-мақолут», «Ал-қиёс ва бурҳон», «Арасту» бўлиб кетишининг сабаби шунда, дейди(Бу хакда каранг: Комилов Н. Тафаккур карвонлари. Тошкент, 1999 йил, 53 — 54-бетлар.).
Олимнинг таржима билан боғлиқ кўпгина фикрлари хозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жумладан:
«Таржималарда ибораларда ихтилоф бўлмай илож йўқ».
«Агар (таржималаримизда) ишлатган сўзларимиз одатда ишлатиладиганга тўғри келмаса, маъноларига эътибор берилсин, чунки мақсад маъноларни билдиришдир».
«Баъзи сўзлар борки, у бир дин ва бир тилда бемаъни бўлса ҳам, бошқа бир дин ва бошқа бир тилда бемаъни бўлмайди».
Шаркда шеърият жуда ривожланган. Шеърга солинган фикрнинг таъсирчанлиги ва ёдда осон сақланишини эътиборга олиб, кўпчилик олимлар ўзларининг илмий асарларини ҳам шеърий усулда яратганлар. Ҳиндларнинг барча қадимий китоблари шеърий йўл билан ёзилган бўлиб, улар насрий китобларга ҳатто қайрилиб ҳам қарамаганлар. Шунинг учун мен Иқлидус ва Ал-Мажастий асарларини ҳиндларга таржима қилиб кўрсатишда худди шу — хинд шеърий ўлчови бўлмиш шлокалар туфайли қийналмоқдаман, дейди Беруний. «Ҳиндистон» китоби-да шлокани арузга қиёслаб ўрганар экан, шлока ҳам аруз каби очиқ ва ёпиқ бўғинлардан ташкил топгани, ҳиндларда ҳам енгил ва оғир бўғинлар мавжудлиги, икки енгил бўғин бир оғир бўғинга тенглиги хусусида ёзади. Айни пайтда, улар ўртасидаги тафовутлар ҳам кўп. Жумладан, шлокада енгил товушлар ёки унлиларнинг бир нечтаси кетма-кет келиши мумкин; шлокада ҳарфларнинг ёзувдаги сони эмас, талаффуздаги миқдори ҳисобга олинади ва ҳоказо. Таҳлиллар натижасида у шлока аруздан кўра қулай, деган хулосага келади. Шлоканинг ички имкониятлари ҳам бой дейди.
Арузни Халил ибн Аҳмад асослагани каби, шлокани ҳам биринчи бўлиб Пингала ва Чалигу деган олимлар кашф этганлар. Уларнинг бу шеърий тизимга бағишланган махсус китоблари ҳам бўлган. Беруний ҳинд олимларининг шлока назариясига оид китобларини танқидий ўрганиб, уларнинг хатоларини ҳам кўрсатади. Мисол учун, Харибҳата китобида ўлчов қаторларининг арифметик таърифи нотўғри келтирилганлигини кўрсатиб, ўзининг уларни тўғри акс эттирувчи аниқ жадвалини тақдим этади.
Маълум бўладики, Абу Райҳон Беруний қомусий аллома сифатида аниқ ва табиий фанлар соҳасида буюк кашфиётлар яратибгина қолмай, ижтимоий-гуманитар йўналишда ҳам салмоқли тадқиқотлар олиб борган.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан