Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»“Камоли нури раҳматман” (Машраб жазбаси)
Facebook
“Камоли нури раҳматман” (Машраб жазбаси) PDF Босма E-mail

Тасаввуф ғоялари XI асрдан бери Шарқ шоирларини ўзига мафтун этиб келган, биров илоҳий ишқни бевосита куйлаб, завқу шавқини изҳор этса, биров мажозий-дунёвий тимсоллар орқали ҳақиқат асрорини кашф этиш, инсоний кечинмалар тасвиридан илоҳий муҳаббат сари боришни маъқул кўрган, учинчи хил шоирлар бўлса, сўфиёна таълимотни диний қарашлар билан омухталаб, тариқат мақомотини шеърга солиб, шарҳлаб берганлар. Аммо бу силсилада Бобораҳим Машрабнинг ўзгача мавқеи бор. Машраб — илоҳий ишқнинг масту девонаси, мажнун шоир. Унинг ижодида юксак фалсафий-тасаввуфий ғоялар заминий дарду алам, оддий инсонлар, ғарибу бенаволарнинг ночор аҳволидан қайғуриш, зулмситамдан портлаган адолат туйғусининг пўртанали исёни ифодаланган. Машраб шеърияти — дунёдан норози кетган, покдил инсонларнинг виждон қичқириғи, нур қидириб, нурга талпинган, Илоҳга муштоқ интизор юракнинг нолафиғони. Унинг шеърларининг ҳар бири бир лахча чўғ, ёндирувчи олов: “Бошимдан то оёғим туташиб хирмани оташ”. Шоирнинг хуш кўрган ташбеҳлари шуъла, самандар, хуноба, чақмоқ, гулхан. Унинг фиғони — оҳу ноласининг чегараси йўқ, наърасидан олам ларзага келади. Агар маҳшар куни оҳ урсам, у дунёву бу дунёгина эмас, балки аршу курси, “биҳишти жовидон ҳам ўртар”, дейди дардли шоир туғёнли ҳисларининг шиддатини шоён этароқ. У маърифат аҳди кушандаси, солиҳ, ҳалол одамларни хор этган нотанти, кажрафтор фалакнинг “устига ўтлар қўйиб”, барбод этмоққа чоғланади. Ўз шеърларини “дарднома”, ўз юрагини эса “жароҳатхона”, “ҳасратхона”, “мотамкада” деб атайди.

Муҳаббат дардида овора бўлган халқни кўрдим,
Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим.
Тани дарду аламдан ёра бўлган халқни кўрдим,
Дили тиғи ситамдан пора бўлган халқни кўрдим,
Зулм туғён этибдир— ҳар бириси бехабар танҳо..

Хўш, будард қанақа дард, ситам кўрган бу “халқ” ким, зулм деганда Машраб нимани назарда тутади? Шоир ижоди ҳақидаги тадқиқотларда унинг шу руҳдаги шеърлари меҳнаткаш халқ ҳаётининг аянчлик тасвири сифатида талқин этилади. Албатга, Машраб бенаво-бечораларни кўрган-да, дили эзилган, ноҳақликлардан фиғон чекиб ўтли сатрлар битган. Бироқ, у ўзининг бу туйғуларини очиқ, ялан-ғоч тарзда, аллақандай исён-тўполонларга даъват руҳида ифодалаган эмас. У ҳаётга бир илоҳий ишқ ошиғи, тасаввуф нуридан порлаган қалб нигоҳи билан қарайди ва ҳислари, муҳокамалари ҳам шу асосда ривожланган. Машраб айни мана шундай дардли шеърларида заминий дард — ижтимоий ҳақсизлик ва адолатсизлик дардини илоҳиёт дарди, яъни руҳнинг асл манбаига қайтиш учун чекаётган изтироблар, “аршдан ерга инган” инсон кўнглининг моддиюндан покланиш дарди қийноқлари билан қўшиб тасвирлайди. Бошқача айтсак, Машраб куйлаган дард нон топиш, мансаб-манфаат учун юз елиб-югураётган одам-лар “дарди” эмас, балки илоҳий “муҳаббат дарди”да ёниб, тунларни бедор ўтказаётган, кўз ёши шашқатор ҳақпараст ва ҳақсевар порсолар дардидир. Машраб шуларга ихлос қўйган, ўзини ҳам шулар зумрасидан деб билади ва уларни чин юракдан севади:

Азалдан мен дили ғамгин халойиқ хайлини севдим.

Покдил кишиларнинг шоир қалбидан жой олишига яна боис шуким, улар қалбида илоҳсеварлик туйғуси билан инсонсеварлик туйғуси бирга узвийликда яшайди, илоҳиёт дардидан бехабар одамда меҳр-шафқат, ўзгалар дардини англаш туйғуси ҳам ривожланмаган бўлади. Зулм деганда ҳам шоир “дарди бўлмаган” кишиларнинг дард аҳлига, жисмнинг руҳга, жаҳолатнинг маънавият-га, нафснинг инсонни ўз асли ва ўз-ўзини танишга тўсқинлиги зулмини назарда тутади. Синфий, ижтимоий нобаробарлик, ҳасаддан туғилган фитна, уруш-қирғинлар сабабкори нафс инсонни ўз қулига айлантирган. Шунинг учун Машраб камбағаллар, оч-яланғоч халқтақдирига, етим-ғарибларнинг ночор аҳволига ачиниб қолмай, умуман инсон зотига ачинади. Шоир маънавият олами томон юқори кўтарилган сари бани башар ожизликлари, ғафлат ва жаҳолат туманида қолган нохушликларни аниқроқ кўра бошлайди. Бу дард энди айрим шахсларнинг, алоҳида кишиларнинг дардидан юз чандон ул-кан бўлиб туюлади ва Машрабнинг юрак-бағрини баттар эзади. Чунки “халқ” “муҳаббат даштида” овора, яъни ҳаққа етишиш, ҳақиқатни кўриш иштиёқида Мажнун каби сарсон-саргардон, умид кўзлари кўкка тикилган. Шоир демоқчики, фоний дунёнинг зулми беҳад куча-йиб, вужудимизни кўринмас тўр билан қоплаб олган. Биз бундан бехабармиз, ҳар биримиз танҳо изтироб чекамиз ва ўзимизни яна унинг комига отамиз. Бироқ руҳимиз бу зулмдан қутилиб, эркин бўлишга интилади. Шу зайлда, инсон руҳ ва жисм талаблари орасида азобда. Бу азобдан қутулиш учун Иброҳим Адҳам каби борйўги, тахту тожини қолдириб, сўфий жандасини киймоқ керак. “Жаҳонни тарк қилди Машраб Иброҳим Адҳамдек”. Бу ягона йўл бўлиб “толиби ишқ”, яъни илоҳ васлига талабгор одамнинг ҳиммати-мардлигидир, у шу орқали руҳи, сози ва сўзини, виждонининг эркини таъминлашдан ташқари, ситам аҳлига қарши курашиш имконини ҳам яратади.

Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.
Оғиздан дур сочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Ёмонлардан қочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Ҳа, Машраб исёни ва тарки дунёчилик фалсафасининг моҳияти ҳам шу нуқтада аёнлашади. Чунки у нопоклик оламидан поклик оламига, ҳайвоний ҳирслар қулига айланган нокас одамлар оламидан илоҳиёт оламига чекиниб, қаландарликдан паноҳ изласа-да, аммо у бадбинликка чорлаган шоир эмас эди. Ҳаётга зоҳидона нафрат туйғуси Машраб учун бегона. Дунё зулми муҳаббат ва софликка ошно руҳни эзган, шоир “барини тарки назар этдим”, “икки дунёдин юмдим кўзим” деб таъкидлагани билан гўшанишин бўлиб олган эмас. Замон ва замин дардини ўзида сиғдирган Бобораҳим Маш-раб халқ ичида юриб, ҳақсизлик ва жаҳолатга қарши исён қилади. Аммо унинг исёни, олимларимиз ёзиб келганидай, феодал тузумга ёхуд дин ва худога қарши исён эмас, балки аксинча, динни шайтоний нафсга қурбон қилган, мунофиқ ва порахўр, тамагар кишилар, уларнинг ҳамтовоқлари бўлган ўзга “аҳли бадкирдор”га қарши исён эди. Агар тасаввуфий нуқтаи назардан янада чуқурроқ олиб қарайдиган бўлсак, бу дунёнинг ўзига, барча нокасликлар, ишқсизлигу илоҳсизликлар жамул-жамига қарши норозилик исёнидир. Шу учун ўз руҳининг аршга кўтарилгани, кайхоний парвозидан ҳайратланувчи Машраб, айни вақтда фалак зулмидан “бахти қаролар подшоҳига” айлангани, “жафодан монанди дол” бўлганини айтиб нолийди, зоҳирни кўриб, ботинни англамайдиган калтафаҳм шайхлар, ҳаром ва порадан ҳазар қилмайдиган муллоларни ҳажв остига олади, соф “заминий” шеърлар битади:

Неча мулло илм ўқиб, роҳи шаётинни топиб,
Чун рибову ришвани ерлар хушдорлик била,
Рост сўз айтсанг аларга зарра қилмаслар қабул.
Куфр айтдинг деб урарлар неча озорлик била.

Машрабдаги комил эътиқод, илоҳ ишқи билан чўғланиб, ловиллаб турган виждон ҳақиқатни рўйрост айтиб, разолат аҳлини фош қилишга қудрат ва журъат берган. Зотан, у оддий қаландар эмас, балки улуғ шоир-қаландар, бир томондан, “девона” авлиё, иккинчи томондан дўсти қадрдон, ҳамдард инсон эди. Шунинг учун унинг шахси ҳам, ашъори ҳам тарихда фавқулодда ҳодисадир. Бу фавқулодда шахс инсон тийнати ва тақдирига хос улуғ бир зиддиятли фожиани теран англаб етди ва бу Дард унинг шеърининг борлиги, моҳиятини белгилади. Машрабнинг тушунчасига кўра, ушбу дарднинг давоси — илоҳиёт васли, яъни тавҳид ва фано, бу мартабага эса инсонни ишқ олиб бориши мумкин. Шу маънода ишқ барча мушкулотнинг калити, инсоннинг халоскори, вужудни покловчи олов, иксири аъзам. Машраб салафлари Фаридиддин Аттор ва Жалолиддин Румийлар ижодида илоҳиёт билан қўшилиш шодлиги, васл базмининг нашида ва сурури ҳамда ана шу қўшилиш — тавҳиднинг нима эканини таҳлил ва таҳқиқ этиш асносидаги шоирона кашфи бош мақсад бўлса, Машрабда тавҳид масрурлиги, Ёр ҳузур-ҳаловати тасвири шу ҳаловатга етиш йўлидаги қийинчиликлар, яъни ишқ изтироблари, тасаввуфий тил билан айтганда, талаввун ва тафриқа, тажрид ва тафрид босқичларидаги азоблар қўшиб тасвирланади. “Талвин” (ёки “талаввун”) — хилма-хиллик, солик кайфиятнинг барқарор бўлмаган, ҳали кўнглидан шубҳа батамом кўтарилмаган пайти. Бу босқичдан эсон-омон ўтса, унинг камолига камол қўшилиб, “тажрид”га киради, яъни руҳялонғоч бўлади, жисм қафасидан ажрала бошлайди, у худодан бошқа нарсани истамай қолади, худо талабидан бошқа талаби бўлмай, дунёни арзимас кўриб, фикру зикри парвардигор ёди билан бўлишдир. Бу босқичда қалб мосуваллоҳдан қутулади, илоҳ учун холи бўлади. Тажрид босқичи қурб (яқинлашиш)га олиб боради, солик ғариб ҳолатларни бошдан кечиради. Тажриддан қурбга, қурбдан эса тафридга (яккаланиш) ўтилади. Бу — ҳаққа етиш демак. Руҳ шунда барқарор бўлиши (“тамкин”), ҳузур-ҳаловат оламига етишиши мумкин.
Мана ошиқ соликнинг “талаввун” давридаги ҳолати:

Кетти қарору сабру ҳуш, қолмади танда тоҳатим,
Тун-кун ила зиёдадур меҳнату дарду офатим,
Оҳ урубон қаён кетай, тоғу тоша бошим урай,
Бошима минг балову ғам— кунда эрур аломатим...

Аммо Машрабнинг лирик қаҳрамони бу мақомлардан ўтиб, фано ва бақо мартабасига эришган, кўнглида баҳри раҳмат тошиб, илоҳий нурга ғарқ бўлган орифи комилдир. Шоир башорат этади:

Вақти талаввундин ўтубман, муждаи тамкин манам.

Бу “тамкин” оламини кашф этган ошиқ солик руҳи Эзгулик ва Ҳақиқат салтанатини Мутлақ руҳ уммони би-лан бирга ҳис этади, шу уммоннинг бир қатраси, гавҳари (“дурри дарёи маоний”)'деб англайди. У ягоналик шавқи, яъни “ваҳдат майидан” сархуш бўлиб (“машраб” илоҳий шаробдан сархуш дегани), улувият мақомида ўзини арши аълода кўради:

Аршнинг кунгирасин устига қўйдум аёғим,
Ломакондан жой олибман, бу маконни на қилай ?

“Ломакон”нинг маъноси макондан хориж, ҳадду ҳудудсиз демак. Яъни макон тушунчаси биз яшаб турган дунё билан боғлиқ, илоҳиёт дунёси макон тушунчасига сиғмайди. Аммо Машраб восил бўлган Мутлақ руҳ нафақат макондан, балки замондан ҳам хориж — у азалий ва абадий; унинг олдида мавжуд моддий дунё бир лаҳзалик қўнимгоҳ: “Бир лаҳзада дам олмай турибон, лаҳзада кетдим”.
Энди бу Буюк қудратга қўшилган шоирнинг руҳи ҳам шундай улуғлик касб этадики, ердаги тушунча-тасаввурларга сиғмайдиган, ўн саккиз минг олам, етти фалак ҳамда шамсу қамарни қамраб олувчи баҳри мунавварга айланади:

Он қадар нурга тўлибман, осмонга сиғмадим,
Токи аршу курсию лавҳу жинонга сиғмадим,
Дафтари руҳи қудусдурман, забонга сиғмадим...

Дарҳақиқат, тангри таоло инсон ақлу тушунчаси, тасаввурига сиғмайдиган, барча сифатлар, исмлар, таърифу тавсиф ва ўлчовлардан баланд турадиган зот. Машраб ана шу бекарон буюкликни назарда тутади ва айни вақтда шу Буюк қудратнинг бир қисмига айланган комил инсонни ҳам англайди. Илоҳий муҳаббат файзи туфайли камолот тахтини эгаллаган инсон ҳам худди илоҳнинг Ўзи каби замон ва макондан хориж бўлиб, у абадийликка баробардир. Шундай мартабали инсон қалбида ҳақиқату тариқат, шариату маърифат ҳам мужассам:

Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд,
Чу султони азалдурманки, арш-аълога сиғмамдур.

Бундай комил инсон олдида барча динлар баробар, масжиду бутхона, каъбаю калисо орасида фарқ йўқ. Чунки барча динларда ҳам ҳаққа интилиш ва ҳақни севиш — асосий ғоя, яъни ҳақ ҳамма динларнинг туб моҳиятини белгилайди, демак динлар шу асосда ўзаро бирлашади. Шундай экан, ҳақ динлардан, мазҳаблардан баландда туради, аниқроқ қилиб айтсак, дин ва мазҳаблар — ҳақиқатга олиб борадиган турли йўл, одат ва расм-русумлардир. Жумладан, диний маросим, ҳукмлар ҳисобланмиш тоат, рўза, ҳаж ва бошқалар, сиғиниш даргоҳлари — зоҳирий воситалар. Ҳаққа воситалар орқали ҳам, бевосита ҳам интилиш мумкин. Бевосита интилиш — бу кучли муҳаббат шавқи қанотида (Машрабнинг фикрига кўра, инсон чўлоқ қуш, ишқ уни тузатиб, қанот бағиш-лайди), ўзликдан кечиш. Ўзликдан кечиш индивиддаги ноқисликларни бартараф қилиб бориш, жисмни маҳв эта бориб, ботиндаги интуитив туйғуларни, идрокий шуурни ривожлантириш, сўфийлар айтган важд қобилиятини шакллантиришдир. Шунда у сукра ҳолатига киради, ўзини ва раббини англайди. “Кимки ўзини англаса, раббини ҳам танийди”, деган қуръоний оят яна шунга ҳидоят этадики, кимки ўзини англаса, у оламни англайди, илоҳий сиру асрор, ғайб ҳикматидан бохабар бўлади ва:
Пири комилсан, ҳаҳиқат бобида дарёйи ҳол,
дея олади ўзи-ўзига. Энди бундай зот жаннату дўзахни ҳам назарга олмаслиги мумкин, чунки у мақсадига эришган — Ёр висолига етган. Қолганлар Машраб айтганидай, “суратпараст ўлган фашу дасторига мағрур” шайху киборнинг иши. Ҳатто хонақо ҳам Машраб учун муқаддас жой эмас. Ҳолбуки, хонақо сўфийлар йиғиладиган ва шайхпир раҳбарлигида муридсоликлар тарбияланадиган жой. Лекин Машраб “хонақодан қочиш”ни маслаҳат беради, чунки бу ҳам зоҳирий даргоҳ, чин ошиқ бу ерга ҳам сиғмайди...
Оламни ўзига сиғдириб, оламга сиғмаган бу комил руҳ шоир талқинида гўё барча ошиқлар шайху ориф, наби ва валиларнинг, ҳақ ва ҳақиқат излаган зотларнинг кўнгил ганжинасини жамулжам этган ййғма тимсол, воҳид бир Жавҳар. Унда малаклик сифати ҳам, Жабраилу Мекоил хислати ҳам мавжуд. Бу ишқ жавҳари, ошиқруҳҳали олам яралмасдан бурун бор эди, Одам Атони беором этган, Руҳга имону Мусога эътиқод берган, Иброҳим Халилуллоҳни оловга ташлаб яна олов ичидан омон-эсон олиб чиққан куч шу илоҳий қудратдир. Иброҳим куйган олов — ишқ олови эди, дейди Машраб ва яна бир қизиқ ташбеҳни қўллайди: “Юнус ул батни самак ўлғонда мен қармоқ эдим”. “Қиссасул анбиё”ларда ривоят қиладиларким, Юнус пайгамбар Тангрининг иродаси билан денгизда тўфон кўтарилганда кемадагиларни халос этиш учун ўзини сувга отади ва наҳанг балиқ уни ютади. Юнус қирқ кун балиқ қорнида яшайди ва қирқинчи куни балиқ уни қиргоққа чиқариб қўяди. “Юнус балиқ қорнида эканда мен қармоқ эдим” деганда, Машраб, Юнусни балиқ ичига солган ҳам, уни омон сақлаган ҳам ва яна балиқ қорнидан олиб чиққан ҳам Ишқдир, яъни илоҳ муҳаббатидир демоқчи. Қармоқ — ишқ ёки Мутлақ руҳ, шоир бу ўринда бу ҳар икки тушунчани бирга олиб, уни яна ўзи ва комил инсон руҳи билан тенглаштирмоқда.
Шундай қилиб, агар Машраб шеъриятини синчиклаб мутолаа қилинса, шундай хулосага келиш мумкинки, илоҳнинг ўзи — муҳаббат, унинг учқунлари, зарралари олам узра таралган, билим ҳам, маърифат ва ҳикмат ҳам, дину эътиқод ҳам Ишқ туфайлидир. Ишқ Исони кўкка кўтарди, Мусони Тур тоғига чиқариб, дийдорталаб қилди, исломни жорий этиб, Расулуллоҳни меърож туни Парвардигор ҳузурига етаклади. Машраб шеърларида Вомиқ, Мажнун, Фарҳод, Боязид, Шиблий, Шамси Табризий, Аттор, Баҳоуддин Нақшбанд, Иброҳим Адҳам, Мансур Ҳаллож номлари тилга олинади. Булар бари ишқ сипоҳийлари, илоҳий нур парвоналари сифатида таърифланади. Бари Машраб қавмидан, ажойиб муқаддас силсила! Илоҳиёт олами беҳудуд, чексиз бўлганидай ишқҳам чегарасиз, унинг ўтмиши, мозийси йўқ, у доим истиқболдир. Ақллар қарийди, жисмлар эскиради, ҳислар сўнади, аммо ишқ ҳамма вақт навқирон, Ҳақиқат ва Эзгуликнинг ўзидай абадий. Шунинг учун шоир бемалол: “Намозу рўзадан кечкил, муҳаббатга бота кўргил” деб айтар экан, қанчадан-қанча донишмандлар, уламову аъламларга кулки бўлган ўз қавми — “девоналар” аслида орифларнинг орифи эканини фахр билан таъкидлаб ўтади. Мутлақиятга восил бу руҳ соҳиби бошини Мансур каби дорга тутишга рози:

Вахдат майини пири муғон илкидан ичдим,
Мансур каби бошимни дорга тута қолдим.

Воқеан, Мансур ҳақида. Мансур Фаридиддин Аттор идеали бўлганидай, Машрабнинг ҳам сиғинган ғойиб пиридир. Мансур Ҳалложни у ишқ қурбони, ҳақгўйлик тимсоли сифатида улуғлаб, алқайди.
Ҳусайн Мансур Ҳаллож /922 йилда қатл этилган/ — тасаввуфнинг йирик намояндаларидан, Боязид Бистомийнинг шогирди ва маслакдоши. Мансур сукра /бехудлик/ концепциясини ривожлантириб, сўфий руҳи наинки тараққий этиб, покланиб, илоҳиёт оламига яқинлашади, ҳол мақомида, жисмдан фоний ўлароқ, балки Мутлақ руҳ билан қўшилиб, мутлақиятнинг ўзига айланади, яъни Ҳақни топган ҳам ҳақиқат бўлади деган ғояни тарғиб қилади. Мансурнииг фалсафий аҳкоми, мушоҳадаси, орифлик мартабаси жуда юксак. У фақат бандаларни рўзи маҳшарда жазоловчи, ёққани, таот қилганига неъмату мағфират ато этиб, ёқмагани, итоатсизини дўзах азоби билан жазоловчи худони эмас, балки Олий бир ҳақиқатни, моҳиятлар моҳияти бўлган жавҳар зотни назарда тутар, уни оламнинг асоси ва инсон қалбининг эгаси деб ҳисобларди. У тасаввуфнинг амалий-ахлоқий сулукини босиб ўтиш /талаб, тавба каби/ билан кифояланмай, ботиний шуур кучига таянган маънавий камолотнинг авжи илҳомида вахдати вужуд таълимотини таҳлил этароқ: модомики инсон Мутлақ руҳнинг бир бўлаги экан, ва у тана жисм билан курашиб, тозалана бориб, аслига қайтар экан, демак, ориф инсон билан Илоҳ орасида тўсиқ фарқ қолмайди, улар бирлашади, яъни инсон ҳам худо /ҳақ/дир, деган фикрга келиб, буни элга шоён этади. Мансур ишлатган “Аналҳақ” — мен ҳақман деган иборасининг маъноси шу. Бунинг яна бир маъноси шуки, мен ҳақ гапни айтаяпман, ҳақ битта, дунё ҳақиқат эмас, балки мажоз-ёлғондир. Инсон мажоз оламидан қутулиб, ҳақни топмоқчи бўлса, ҳаққа қўшилиши керак. Ана шу ақидаси учун зоҳирбин дин мутаассиблари, қози-муллолар унинг қўл-оёқларини кесиб, дорга осиб ўлдиришга ҳукм этганлар. Бир вақтлар яҳудийлар Исони хочга чормих қилиб, тафаккур ва ҳикматни маҳв этишга уринганлари каби.
Аммо Мансурнинг ўлдирилиши унинг ғоялари кенгроқ ёйилишига сабаб бўлди, унинг тарафдорлари кўпайди. Мансурнинг фожеали тақдири, фавқулодда жасоратли ғоялари Машрабни қаттиқ ҳаяжонга солади. Шоир қайта-қайта ўзини Мансурга қиёс этади, унга ҳаваси келади ва ўз умрининг ҳам охир-оқибатда Мансурникидай якунла-нишини олдиндан башорат этгандай бўлади:

Мансури Ҳаллождек ичиб шароби антаҳур,
Чарх уруб, йиғлаб турурман ушбу дам дор остида.

Ёки:

Минг шукр худойимга, Мансурга қўшилдим мен.

Жалолиддин Румий демишларким, Мансур руҳи юз йилдан кейин Аттор руҳига нузул этди. Агар бу фикрни давом эттирадиган бўлсак, айтиш мумкинки, Мансур руҳи Фаридиддин Аттор орқали олти юз йилдан кейин ўзбек шоири Бобораҳим Машраб жисмига сингган эди. Машрабнинг бетоқат кайхоний руҳи, шеъриятидаги шуурий қамров шунга шоҳид. Зотан, Машраб назарида Мансур битта эмас, у — минг-минг:

Минг аналҳаҳ келадур Мансур осилган дордин,
Ҳар замон лаббайка деб келгай нидо жаббордин.

Яъни Мансур сўзи хато эмас эди, у ҳақ гапни айтди, Тангрининг ўзи “лаббайка” — мана мен раббинг, деб нидо бермоқда, унинг сўзларини тасдиқламоқда, дейди шоир. Машраб назарида еру кўк, дарахтлар, дарёлар, майса-кўкатлар, дор ёғочи, кесилган бош, Насимийнинг эт-суяклари ҳам аналҳақ деб фарёд чекади. “Бу ишқнинг фарёди”. “Мансурни дорда қилган ишқ” чексиз бўлганидай, Мансурлар, Насимийлар ҳам беҳисобдир. Машраб, Мансур ғояларига биру бор имон келтириб, унинг бағрига талпинади. Соғинчимнинг дарди шундай зўрки, деб ёзади Машраб, дарахтларни хома, дарёларни сиёҳ, осмонларни китоб саҳифаси қилиб ёзсам ҳам адо бўлмайди. “Қуръон”дан иқтибос қилинган бу ташбеҳ нақадар чиройли ва ҳашаматли! “Қуръон”да у Аллоҳнинг қудрати тавсифи сифатида келтирилади, Машраб эса ҳам Аллоҳ қудрати ва ҳам Аллоҳ ишқи қудратини таърифлаб қўллаган бу ташбеҳни.
Машраб Мансур аҳкоми, маслагини қабул қилиб, ғояларини қизғин тарғиб этишдан ташқари, Мансурни қатл этганлар билан очиқ мунозара бошлайди, уларни айблайди. Бундай муносабат Машраб салафларида йўқ. Аттор, Румий, Ҳофиз гарчи Мансур Ҳалложга катта муҳаббат билан ёндашган бўлсалар-да, аммо унинг қотилларини ёмонотлиқ қилиш, мазаммат этишга журъат этмаганлар. Машраб бунга журъат этади: “Ул русияҳлар-ким, Мансурни ўлдурғон”. Шоир наздида Мансурни осишга фатво берганлар, гарчи ўзларини мусулмон ҳисобласалар-да, динни ҳимоя қилдик деб жар солсалар-да, лекин улар гуноҳи азимга ботдилар, кофир бўлдилар. Иброҳимни оловга ташлаган Намруд, Мусони таъқиб этган Фиръавн, Исони англамай чормих этган яҳудийлар қанчалик гумроҳ, гуноҳкор бўлсалар, Мансур қотиллари ҳам шунчалик гумроҳдирлар. Шу маънода Халил оташи билан Мансур дори ўхшаш воқеалар. Зеро, Мансур тавҳид — яккахудоликни тарғиб этган набилар мазҳабидадир, у тавҳид ғоясини ботиний муҳаббат асосида тараққий эттирди. Мансур қотиллари эса набиларга қарши курашадиган кофирлар, яъни тавҳидни англамаган ғофил ва жоҳил қавм билан ҳаммазҳаб. “Будесам, аналҳақдеб олам бари ҳақ дер”, дейди Машраб. Мансур ҳақлигига олам гувоҳ. Мансур ва Машраб эътиқоди бўйича, чин мусулмон, туну кун Тангри ёдида ёнган, уни севган одамлар, аксинча, дунёпараст киши ҳар қанча ибодат қилган би-лан, аслида кофирдир. Чунки “куфр” сўзининг маъноси беркитиш, ёпишдир. Дунё кишининг кўзига илоҳиёт дийдорини беркитади, илоҳий файздан узоқчаштиради. Мансурни ўлдирганлар шу маънода ҳам гумроҳдирлар. Шунинг учун камолот рутбасида турган вали шоир баралла дейди:

Неча гумроҳларга соям тушса, ғарқи нур бўлур...

Аммо бу эътиқод Мансурга қандай фожеа олиб келган бўлса, Машрабга ҳам шуни насиб этди: унинг ҳақ сўзидан, оташин шеъри ва тиғли ҳажвидан таҳликага тушган шариат “ҳимоячилари” ҳукмрон табақа вакиллари билан қўшилган ҳолда шоирни гуноҳкор ҳисоблаб ўлдирдилар. Тарих яна бир марта қонга беланди, яна бир марта маърифат билан зулмат, эркин тафаккур билан таассуб ва нодонлик тўқнаш келиб, қурбонлик берилди — шоирнинг ўзи бутун инсоният фалокати деган ўша Нафси лаин жоҳил уламолар қиёфасида ҳақиқатдан ўч олди. Бироқ Машраб руҳи, шеърлари тирик, халқ бу гавҳарни бағрида сақлаб келди. Шуниси ҳам борки, унинг сўзларини ҳали ҳам ҳар хил талқин этувчилар, ўз қарашлари, манфаатларига хизмат қилдирувчилар бор. Тушуниб-тушунмай, У ҳақда гапириш, ўзгараётган замонга қараб, унинг маъноларини мослаб олишга уриниш кузатилмоқда. Сояи раҳмат бошига тушган шаҳид шоир огоҳлантирган эди:

Машрабо, ҳар бир сўзунгдур гавҳари ҳимматбаҳо,
Айтма бу сўзларни ҳар нокасга нодонлик била.

Машрабнинг илоҳий пок шеърияти тадқиқи ҳам пок ният, покиза қалб меҳнатини талаб қилади.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан