Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Достоевский ва Ислом
Facebook
Достоевский ва Ислом PDF Босма E-mail

Ҳаттоки икки тушунчани, яъни “Достоевский дунёси” ва “Ислом дунёси” тушунчаларини таққослаш – Фёдор Михайлович меросини “рус ғоясини шакллантирувчи” ҳамда “Православ дини ҳимоячиси” сифатида қабул қилувчиларни даҳшатга солади.

Лекин улуғ рус ёзувчиси ва тафаккур соҳибининг ҳаётий тажрибаси бундан кенгроқдир. Ҳа албатта, у Россия учун доим қайғурган ва унинг порлоқ келажаги тўғрисида орзу қилган. Ҳа, у христиан бўлган.
Шу билан бир қаторда, мусулмонлар билан самимий суҳбатлар унинг учун жуда муҳим бўлган. Ундан ташқари, у Иброҳим (а.с.) дан тарқалган динларнинг ягона илдизга эга эканини фаҳмлаган. Унинг фикрлари ва кузатишлари ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.  
Ушбу ҳақда мен Бошқирдистон давлат университети рус адабиёти кафедраси доценти Валентина Васильевна Борисова билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдим.
-    Сизнинг фикрингизча, Достоевскийни одатий дунёқарашини “почвенник”лар оқимига мансуб деб ҳисобланиши адолатданми ва ҳақиқатда ҳам у Ислом дини билан чуқур қизиққанми?
-    Достоевскийнинг ички дунёси у ҳақда шаклланган стереотиплар ва тор мактаб қарашларидан кенгроқдир. Унинг фикрлари доимий изланишда, ҳаётий тажрибаси эса жуда бой бўлган. Эсланг: ёзувчи бир лаҳзанинг ўзида ўлимга хукм қилингач, тўсатдан авф этилади, Достоевский рус сургуни қандайлигини англайди, бир вақтнинг ўзида у ҳам ҳақоратланган ва камситилганлар билан, ҳам замонасининг донишманд ва  хукмдорлари билан муомала қилади.        
Исломга у мусулмонлар билан бирга ҳаёт кечирганда чуқур қизиқиш билдирган. Шуни унутмаслик керак-ки, ёш Достоевский 9 йил Осиёда яшаган: аввал Омскда сургунда, сўнг 4 йил Семипалатинскда. Ва  Осиёда яшаган йилларида Фёдор Михайловичнинг энг яқин дўсти аввалда ҳам, ҳозирда ҳам таниқли бўлган шарқшунос, ажойиб инсон Чокан Чингизович Валихонов бўлган.
Маълумки, у Фёдор Михайловичдан бирмунча ёш бўлишига қарамай, Валихонов ёзувчига Ислом маданияти ва бошқа шарқ динлари, чунончи буддизм ҳақида сўзлаб берган. Икки буюк инсон – рус ва қозоқ адабиёти классиклари ўртасидаги дўстликни, ҳозирда ҳам Қозоғистонда ҳурмат қилишади, зеро Семилапалатинскда Достоевский номида адабий-хотира музейи ташкил этилган.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, Достоевскийнинг бошқа мусулмонлар билан ҳам амалий мулоқот тажрибаси бўлган. Сургунда ёзилган “Ўлим уйидан битиклар” номли машҳур романининг бир неча жойларини кўриб чиқамиз.
У ерда бир неча варақда ёзувчининг доғистонлик татар, Али исмли мусулмон билан ўтказган ўзаро суҳбатлари ҳақида ёзилади. Масалан, автор ўзида мавжуд бўлган Инжил билан Алини рус тилида ўқишга ўргатиши акс эттирилган.   
Диққатга сазовор жойи шундан иборат-ки, Достоевский бу ерда нафақат мусулмоннинг ўқитувчиси, ёки “миссионер” ва “даъватчи” сифатида жонланган. Балки у Алидан ҳам кўп нарса ўрганган.
Мана қаранг: Али, Достоевскийнинг Исо Масих ҳақидаги ҳикоясини эшитиб, хитоб қилди: “Исо – Аллоҳнинг расули! Исо яхши сўзлар сўзлаган! Худди шундай бизнинг Китобда, Қуръонда ҳам ёзилган”.
Балки дастлаб, шу вақтда Фёдор Михайлович Христианлик ва Ислом, Қуръон ва Инжил – бир-бирига      ўзаро боғлиқ эканини сезган. Менинг фикримча, Достоевский ўша вақтда икки буюк диннинг бир илдизга эга эканини тушунган.
“Ўлим уйидан битиклар”ни асарини ўқиймиз:
“Доғистонлик татарлар 3 нафар эди, ҳаммаси оға-инилар. Улардан иккиси қари бўлиб, лекин учинчиси, Алининг ёши  22 дан кўп эмас, кўринишидан ундан-да ёш. Унинг жойи менинг жойим ёнида эди. Унинг чиройли, очиқ, аққли ва бағрикенг-кўнгилчан чеҳрасини биринчи кўришимдаёқ ёқтириб қолган эдим, мен тақдирга бошқа бирор-бир қўшни эмас, айнан уни юборганидан шукроналар айтардим. Унинг бутун қалби – гўзал чеҳрасида акс этганди. Унинг табассуми ишонч ва болаларча беғуборликка тўла эди: катта қора кўзлар ёқимли ва юмшоқ бўлиб, уларга қараб мен ғамгинлик ва интизорлигимни унутардим. Мен бўрттирмай айтяпман”. (...)
Тасаввур қилиш қийин, бу йигит бутун сургун давомида бундай қалб юмшоқлиги, қатъий ҳалоллиги, бағрикенглиги ва ёқимтойлигини сақлаб қола олган, қўполлашиб, бузилиб кетмаган. Лекин кўринишдан юмшоқ кўрингани билан, у жуда кучли ва иродали инсон эди. Мен буни кейинроқ билдим.     
У покиза эди, худди афифа қиз каби, кимнидир жирканч, беадаб, ифлос ва адолатсиз, зулмкор хатти-харакатлари унинг чиройли кўзларида нафрат уйғотар, ва улар бундан-да гўзаллашар эди. У доим жанжал ва хақоратлардан узоқ турар, лекин ўзини бекорга хафа қилдириб қўядиганлар тоифасидан эмасди, ўз номусини сақлайдиганлардан эди. Аммо хеч ким у билан жанжаллашмас: ҳамма уни ёқтирар ва хушмуомалада бўларди.
Дастлаб у мен билан хушмуомала бўлди. Оз-моз мен у билан гаплаша бошладим: оға-иниларидан фарқли ўлароқ, бир неча ойда у рус тилида чиройли гаплаша оладиган бўлди. У менга жуда аққли, ниҳоятда камтар, мулозаматли ва кўп тафаккур қилувчи йигит бўлиб кўринди.
Умуман аввалдан айтаман: Али ғайриоддий инсон бўлиб, у билан учрашувим ҳаётимдаги энг яхши учрашувларимдан бири эди. Баъзи инсонлар табиатан Яратган томонидан тақдирланган бўлиб, уларнинг ёмон йўлга кириши тўғрисида биргина фикр ҳам бу ишнинг мумкин эмаслигини тақозо қилади. Улар ҳақида сиз ҳар доим хотиржамсиз.
Бир куни биз у билан тўлиқ “Нагорний” ваъзини ўқиб чиқдик. Мен шуни фарқига бордим-ки, у баъзи жойларда алоҳида ҳис-туйғу билан ўқимоқда.
Мен ундан сўрадим, ўқиётгани унга ёқаяпти-ми деб.
У шиддат билан менга қаради ва унинг юзи қизариб кетди.
-    Ҳа, ҳа! – жавоб берди у, - ҳа, Исо - муқаддас пайғамбар, Исо Худонинг сўзини гапирган. Қандай ҳам яхши!
-    Сенга нима кўпроқ ёқаяпти?
-    Қайси ерда у: кечиримли бўл, муҳаббат қўй, ранжитма ва душманларингни сев, дейди. Ҳа, қандай гўзал сўзлар!   
У бизни эшитиб турган оға-иниларига ўгирилиб, уларга бир нарсаларни қизғин тушунтира бошлади. Ўзаро узоқ ва жиддий гаплашиб олганларидан сўнг, бир-бирларига ҳайриҳоҳ равишда бошлари қимирлатиб қўйдилар.   
Сўнг, жиддий-ҳайриҳоҳ ҳолатда, яъни пок исломий табассум билан (мен бу табассумни, унинг жиддийлигини жуда ёқтираман) менга юзланиб шуни тасдиқладилар-ки, Исо Худонинг элчиси ва у улкан мўъжизалар кўрсатган: лойдан қуш ясаб, пуфлаган вақтда у учиб кетган... ба бу ҳодиса уларнинг китобида ҳам ёзилган. Буни гапира туриб, улар ўз гапларида қатъий эдилар. Мен улкан завқ туйдим, Исони мақталиши, Алининг эса бахтиёрлиги, унинг оға-инилари менга бу завқни хадя этишга қарор қилган эдилар.       
Қаерда, қаерда энди менинг меҳрибон, ёқимтой Али-им!”.

-    Ҳа, баъзи инсонлар қамоқ жазосини оғир синов сифатида қабул қиладилар. Лекин Яратганнинг иродаси билан, Достоевскийнинг хаётида китоби    й эмас, балки  маърифатли олим Валихонов ёки Доғистонлик оддий ака-укалар каби тирик мусулмонлар билан мулоқотда бўлган. Албатта, Петербургда яшаганида ўзига янги бўлган бундай инсонлар билан учрашмаган ва яқин бўлмаган бўлар эди. Лекин Достоевский бу инсонларни акс эттириш билан биргаликда, узоқ ўтмиш образлари тўғрисида фикр юритишга харакат қилган.   
Шубҳасиз, у Ислом динининг асосчиси (Муҳаммад САВ) шахсига ижобий ёндошган. “Жиноят ва жазо” романида Раскольниковнинг Аллоҳнинг Расули Муҳаммад (САВ) ҳақида қуйидаги сўзлари бор: “Эҳ, мен Пайғамбарни отда қилич билан тасуввур қиламан! Аллоҳ буюради, ва итоат қил, титроқ жонзот”.
Агар аҳамият берган бўлсангиз, Раскольников онгида золим Пайғамбар образи шаклланади – бундай қарашга мусулмон инсон қўшила оладими? Албатта, йўқ. Чунки мусулмонлар учун “Магомет” (19 асрда Россияда шундай аташган, лекин Достоевский ҳақиқий исм “Муҳаммад” эканини билган) – комил инсон,  айни христианлар учун Исо Масих каби.
Бу ерда адабий қаҳрамон Пайғамбар тимсолини нотўғри талқин этади. У қўпол диний хатога йўл қўяди. Автор эса уни тўғрилайди.
-    Қайдай қилиб?
-    -    У ўз қаҳрамонининг Исо ва Муҳаммад (САВ) – бир-бирига қарама-қарши идеал деган қарашларига қўшилмайди. Бундай қарама-қаршилик – фақат Раскольников онгида.
Роман охирида пайғамбарлик қатори бирлиги, яъни аввал Исо, сўнг Муҳаммад (САВ) келиши хақиқати тикланади. “Жиноят ва жазо” хотимасида Авраам ёки арабчадан Иброҳим ҳақида эслатма келади. Раскольников сибир дарёси (бу албатта, Иртиш) бўйида ўтириб, узоқдаги қирғиз чўлига тикилиб қолади. Унинг кўз ўнгида – қуёш нурига ғарқ бўлган олтин чўлнинг кенг сархадлари. Қозоқлар бу ҳолатни “сари арка” – олтин, сариқ чўл деб атайдилар. У назар солади: уни қандайдир ғам эзади ва қийнайди. Албатта, бу ўз идеали ғами. Унинг фикрича, хануз “Иброҳим замони ва унинг подалари даври ўтмаган”.
Қандайдир суратда ушбу қирғиз-қозоқ чўли унга қадимги Фаластинни эслатади. Бу ерларда  қачонлардир Иброҳим (а.с.) фаолият юритган, яъни барча семит ҳалқларнинг отаси, шунингдек араб ва яҳудийларнинг ҳам. Ва Иброҳим (а.с.) – у “умум инсон”.
У Инжилдаги умум инсон, бирдек яҳудийлар, христианлар ва мусулмонлар томонидан ҳурматланади. Иброҳим (а.с.) ҳақида эслаш бу рамзий маъно касб этади. У Раскольников ўз маънавий-аҳлоқий чанқоғини қондириш учун қайтаётган маънавий манбага ишора қилади.

“Жиноят ва жазо”нинг хотимасини очамиз:

“Кун яна очиқ ва илиқ эди. Эрта тонгдан, соат олтиларда, ишга борди, дарё бўйидаги омборхонада алебастрни кукунга айлантириш учун куйдириш печи  ўрнатилган эди. Ваҳоланки, у ерга бор-йўғи уч киши борган эди. Бир маҳбус соқчилардан бири билан қўрғонга қандайдир асбоб олгани кетди, бошқаси эса ўтин тайёрлаб, печга ташлай бошлади. Раскольников омборхонадан қирғоқ бўйига чиқиб, тахланган тўнкалар устига ўтирди, кенг ва чексиз дарёга тикилиб қолди.
Қирғоқнинг юқори қисмида ясланган кенг яланглик кўринарди. Узоқдаги бошқа қирғоқдан ашула овози элас-элас эшитиларди. У ерда, қуёш нурига чўмилган ҳудудсиз чўлда кўчманчи юрталар нуқта каби кўринарди. У ерда озодлик бор эди ва бу ердагига ўхшамаган бошқа одамлар яшарди, худди-ки вақт тўхтаб қолгандек, Иброҳим замони ва унинг подалари даври ўтмаган-дек. Раскольников қимирламай ва назарини бир нуқтадан узмай ўтирарди: унинг хаёллари орзуга, тафаккурга айланар; у ҳеч нарса ҳақида ўйламас, лекин қандайдир ғам уни эзар ва қийнарди”.
Дарҳақиқат, Достоевский томонидан исломий қадриятларни хаётий тажриба ва тафаккур орқали ўрганиши ўша вақт учун ноёб ходиса эди. Шу нарсани эсдан чиқармаслик керак-ки, ўша даврда ҳатто рус маданияти таъсирида шаклланган ёки бошқа европалик бўлган илмли одамлар ҳам Ислом тўғрисида тўғридан-тўғри маълумотга эга бўлмаганлар – Қуръон таржималари номусулмонлар томонидан “империявий-миссионерлик” мақсадида амалга оширилган, Суннат ва Сийрат (Росулуллоҳ САВ хаёт йўллари) эса шаръий адабиётлар ва Ислом тарихи каби умуман таржима қилинмаган.
Аслини олганда, янги мингйиллик бошида кўз ўнгимизда русийзабонлар учун Ислом асослари тўғрисидаги билимларни ўрганиш имкони туғилди. У вақтларда эса кўпчиликда “ухловчи Шарқ” маданиятида сеҳрли эртаклар ва “арабеска”ларгина сақлайди, диний хаёти эса фақат бидъату хурофотлардан иборат, деган қатъий тушунча бор эди.
Шуниси ҳайратланарлики, Достоевский Аллоҳ элчиларининг узлуксизлиги ва Ислом Пайғамбарига (САВ) бўлган ижобий ёндошуви билан ўз замонасига нисбатан илғор фикр соҳиби бўлган!

БДУ доценти БГУ В. Борисова билан суҳбат
Джаннат Сергей Маркус