Facebook
ШАТАҲОТ PDF Босма E-mail

Тасаввуф ҳақида бироз бўлса ҳам хабардор бўлган киши «шатаҳот» сўзининг фақат тасаввуфда ишлатилишини ва у сўфийларнинг ўзларини йўқотиб қўйганда айтадиган, тушуниб бўлмайдиган, сиртдан қараганда айб, таъвийл қилганда маъно касб этадиган сўзлари эканини билади.
Аслида, «шатаҳот» сўзи «ҳаракат» ва «тўлиб тошиш» маъносини англатади. Журжоний шатаҳотни қуйидагича таърифлайди:
«Шатаҳот қўпол ҳидли ҳамда яхшилик даъвосига далолат қилувчи сўз бўлиб, аҳли маърифатдан изтирор ва изтироб пайтида содир бўлади. У, муҳаққиқларнинг тойилишларидир. У, орифнинг айтган ҳаққ даъвоси бўлиб, илоҳий изнсиз айтилган гапдир».
Шатаҳот сўфийнинг оғзидан оддий ҳолатда эмас, балки жазб ва қаттиқ таъсирланиш оқибатида чиқади. Зикр ила Аллоҳ таолога етишиб қолган сўфий ўзини йўқотиб қўйиб, нима деяётганини билмай қолади.
Дастлаб бу каби ҳолатлар Қуръони Карим тиловати давомида юзага келар ва таъсирланган сўфийлар ҳушларидан кетиб йиқилар эдилар. Кейинроқ бу нарса сўфийларнинг ғазал услубида рамз билан айтган шеърларидан таъсирланишга ҳам ўтди.
Уламолар, ҳатто, баъзи сўфийлар ҳам шатаҳотларни қаттиқ танқид қилишган. Айниқса, шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи Халложга ва унинг шатаҳотларига қарши қаттиқ ҳужум қилган:
«Халлождан унинг «Аналҳаққ» – «Ҳақ менман» деганини нақл қиладилар. У ваҳми ила хато қилган. Агар у ҳаққда бўлганида, аналҳаққ демас эди».
Агар сўфийларга ўзларидан содир бўлган шатаҳотлар учун маломат сўзлари айтилса, улар ўзларини ҳимоя қилиб, тушунарли сўзлар билан шатаҳотларини тафсир қилган ҳоллари ҳам бўлган.
Ибн Арабий бир вақт қуйидаги байтни айтган:
«Эй, мени кўрадиган ва мен Уни кўрмайдиган зот!
Қанчалар Уни кўраман-у, У мени кўрмайдиган зот!»
Бу ғаройиб маънодаги байтни эшитганлардан би­ри унга «Қандоқ қилиб сен Уни кўрасан-у, У сени кўрмайди?!» деган.
Ибн Арабий дарҳол яна байт ўқиган:

«Эй, мени жиноятчи кўрадиган ва мен
Уни азобловчи кўрмайдиган зот!
Қанчалар Унинг неъматин кўраман-у,
У менинг ёлборганим кўрмайдиган зот!»

Суфийларнинг шатаҳотга йўл қўйганлари икки хил бўлганини таъкидлашимиз лозим. Зикр ҳолига ғарқ бўлиб, ўзини билмай қолганда шатаҳотга йўл қўйиб, ҳушёр ҳолга қайтганда ўзини оқлов сўзлари айтганлар ва ҳушёр ҳолида ҳам шатаҳотда давом этаверганлар.
Биринчи тоифани маъзур топилган. Бунга ал-Ҳасрийдан нақл қилинган қуйидаги иқтибос далил бўла олади:
«Жунайд тамаккунли одам эди. Унинг ўзидан кетиши йўқ эди. Амр ва наҳйни улуғлар эди. У, йўлни аслидан олган эди. Шунинг учун ҳам, у барча тоифаларга мақбул бўлгани ажабланарли эмас».
Иккинчи тоифа номақбул топилган. Бу тоифанинг энг машҳур арбобларидан бири Мансур Халлождир. У ўзининг машҳур шатаҳотини айтганда, ҳушёр ҳолида ундан қайтиши талаб қилинган. Аммо Халлож ҳушёр ҳолида ҳам гапидан қайтмаган. Шу тарзда тўққиз йил ўтган. Ўшанда ҳам айтганидан қайтмаганидан кейингина Халлож қатл қилинган.
Аммо, вақт ўтиши билан шатаҳотлар барҳам топган. Машҳур сўфийлардан Жийлоний ва Рифоъий шатаҳотга йўл қўйиш у ёқда турсин, уни қаттиқ танқид ҳам қилишган.
Ўз шеърлари ва гапларида қадаҳ, май, лайло каби истилоҳларни ишлатган сўфийлар ҳам кўп бўлган. Бундай истилоҳларни сўфийларнинг ўзлари «рамз», «ишора» ва «лағз» дейдилар.
Аҳли тассавуфнинг бундай услубни қўллагани сабаблари ҳақида Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тарийқати шайхи Муҳаммад Закий Иброҳим, жумладан, қуйидагиларни айтади:
«Баъзи сўфийлар ўз шавқу завқларини, эҳсосларини ифода этиш учун киноя ва истиора йўли ила рамз, ишора ва лағзларни ишлатганлар. Улар шу иш билан танилиб, «аҳли ишора» номини ҳам олганлар. Уларнинг бундай қилишларининг бир неча сабаблари бор:
1. Одатдаги сўз ва иборалар уларнинг шуурлари, эҳсослари ва шавқу завқларини тўла ифода қилишга камлик қилгани.
2. Ҳар бир илмнинг ўзига хос истилоҳлари бор. Суфийлар ҳам ўзларига хос истилоҳларни ишлатсалар нима бўлибди?!
3. Зулм ва истибдод шароитида, очиқ гап учун жазоланиш муҳаққақ бўлиб турганда, ҳар ким ўзлигини билдириши лозим бўлганда, сўфийлар томонидан мазкур услуб қўлланган».
Шунингдек, баъзи сўфийлар зоҳирида шариатга хилоф ёки ҳурматсизлик бўладиган гапларини айтганликлари ҳам бор. Улар ҳам, ўзларича, буни «завқни ўзига хос услуб билан изҳор қилиш» дейдилар.
Аммо баъзи катта сўфийлар бу ишларнинг ҳам­масини ҳам қоралаганлар. Мисол учун, шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтадилар:
«Аср кишиларидан баъзи биродарларимизнинг:
«Монастир олдида зунноримни боғладим.
Мен учун ҳимо фақиҳидан ўч олинг, дедим», деб ёзганлари ажаб.
Гўёки, у бундан бошқа маъноларни ирода қилган эмиш! Бу каби сўзларни зинҳор қабул қилманг. Шайх ҳазратлари ҳақида яхши гумонда бўлишимиз лозим. Аммо дийнимизга бўлган одобимиз ундан ҳам кўпроқ лозим. Ҳаққ тарафида туришимиз ҳаммасидан ҳам муҳим.
Биз зуннор боғламаймиз. (Зуннор – ғайридийнлар ўзларининг ғайридийнлигининг белгиси сифатида боғлаб юриши лозим белбоғ) Биз монастир эшиги олдидан ҳам ўтмаймиз. Биз фақиҳнинг қўлу оёғини ўпамиз. Биз ундан дийнимиз илмини ўрганамиз. Биз: «Шайх бу лафзлар ила ўзи беркитган мақсадларни талаб қилди», деймиз. Шоядки, у талаб қилган ҳам, беркитмаган ҳам бўлса эди ва ўшанинг ўрнига:
«Шариат эшиги олдида зунноримни ечдим.
Илоҳий фиқҳ ила асроримни пок этдим.
Монастир ва зуннор иккиси ҳам залолатдир.
Борий зотга етишиш эшиги ёлғиз шариатдир»,
деса яхши бўларди».
Ҳозирги кунимизда шатаҳотлар асосан, тарих бўлиб қолган. Тасаввуфни ва унинг тарихини, мутасаввифларнинг шеъриятини ўрганган кишиларгина бу масалага дуч келадилар.
Боҳислар «Нима учун тасаввуф қолса ҳам, шатаҳотлар йўқ бўлиб кетди?» деган саволга икки хил жавоб берадилар.
Биринчи жавоб: кейинги пайтда фанода ва истиғроқда олдинги сўфийларнинг даражасига етадиган сўфийлар чиқмай қолди.
Иккинчи жавоб: аввалда баъзи суфийлар даъво қилган ўзини йўқотиб қўйиш ва шатаҳот даражасига етиш ҳоллари қалбаки бўлган. Ҳозирда ўша қалбакилик йўқолган.
Бизнинг фикримизча, икки сабаб ҳам қисман тўғри бўлса керак.
Шатаҳотларни ўрганган олимлар яна бир саволни қўзғаб, унга ўзлари жавоб берадилар.
Мусулмонлардаги тасаввуфга ўхшаш ҳолат бошқа дийнларда, жумладан, масийҳийлик ва яҳудийликда ҳам бор. Аммо шатаҳот фақат мусулмонларда бор. Нима учун бу нарса мусулмонларда бор-у, масийҳийлик ёки яҳудийликда йўқ?
Жавоб қуйидагича:
«Шатаҳотнинг мусулмонларда зоҳир бўлишининг сабаби Исломда Холиқ билан махлуқнинг орасидаги барча фарқлар очиқ-ойдин ёритиб берилган. Шу билан бирга, Исломда Робб билан банданинг орасида восита ва тўсиқ бўлиши мумкин эмас. Мухлис банданинг қалби доимо ўз Роббига етишишга интилади. Ана ўша талаб тасаввуф орқали қондирилган.
Масийҳийликда эса, банда билан Робби орасида ёпиқ эшик бор. Роббга етишиш учун воситачи бўлиши керак. Воситачисиз У зотга мутлақо етишиб бўлмайди.
Яҳудийликда иш бундан ҳам мураккаб. Яҳудийларнинг эътиқоди бўйича Илоҳ ғазабнок, қасоскор ва жаббордир. У доимо чақмоқ, тўфон ва турли бало офатларни юбориб туради. Шунинг учун ҳам, уларнинг эътиқодига кўра, Робб билан банда ўртасида муҳаббат ва унс бўлиши мумкин эмас.
Аммо, бугунги кунимизда шатахотлар каби ҳолатларни исталганча топишимиз мумкин. Бундай ҳолатлар оддий ҳаётимизда ҳам, турли санъатларимиз намуналарида ҳам (хусусан, абстрактсинизмга асосланган асарлар ва уларнинг муаллифларида), ишқий илоҳий шеъриятимизда ҳам, бугунги тасаввуфчиларимиз орасида ҳам учраб туради.
Буларнинг орасида мутлақо билимсизлиги туфайли шундоқ ҳолга тушиб, ўзининг аҳволидан бутунлай бехабарлари ҳам, шариатни яхши билмай туриб тарийқатда эканини даъво қилувчилар бор. Ва аксинча, шариатга ҳам, тарийқатга ҳам иложи борича кўпроқ амал қилишга интилганлари ҳам озми-кўпми учраб туради.
Лекин буларнинг ҳолатлари том маънодаги шатахотларэмас. Кўпинча бу ҳолатлар сунъий равишда ўзини телбаликка солиш ёки тақвосизлиги оқибатида айтаётган сўзининг фарқига бормасликдан келиб чиқади. Шаръий билимларни чуқурроқ ўрганиш ила бундай ҳолатлар тез барҳам топишига ишончимиз комил. Валлоҳу аълам.
Аслини олганда, шатахотдан аввалги жазб ҳолати, яъни Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига ғарқ бўлиш ва ўзни унутиш кўпгина мутасаввифлар орзу қилган юксак мақомдир. Аммо, бу мақом айни пайтда зўр бир синовдир.
«Фано филлоҳ»нинг маъноси Аллоҳга қўшилиб кетиш эмас, балки Аллоҳ таолонинг амридан ташқари барча орзу хоҳишларини батамом ташлашдир. Зеро, банданинг тўлиқ бахти учун Аллоҳ таоло унга амр қилган нарсаларнинг ўзи кифоя қилади. Шунинг учун, бу ҳолатга етишган банданинг Аллоҳ азза ва жалланинг амрларини ва наҳйиларини севиб қабул қилмоғи ва Роббул оламийн истагандай солиҳ бир банда бўлмоғи талаб қилинади. Бу талабни тўғри англаган солик жазб ҳолатидан шукр мақомига ўтади. Бу талабни англамаган ва Аллоҳ таолонинг яқинлиги завқини қалби кўтаролмаган, Аллоҳ таолонинг Роббул оламийн эканини ҳамда унинг исмлари ва сифатларини тўлиқ идрок қилишдан ожиз қолган ва ўзининг бандалигини, тобеълигини, махлуқлигини унутган солик шатахотга тушади. Аммо, ўзини тезда ўнглаб, тавба қилса, яна аввалги мақомига қайтади. Шатахотда қолиб кетса, шариат тарафидан мазаммат қилинади. Шатахотида собит туриб фитнага сабаб бўлса, жазога тортилади.
Қизиғи шундаки, шатахот ҳолатини оқловчилар ҳам, бундай ҳолга тушган одамларнинг ўзлари ҳам силсилаларининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг энг яқин саҳобалари бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо турганларини иддао қилишади. Агар шундай бўлса, нега улар ўз силсилаларининг бошида турган улуғ устозларга хилоф қиладилар?
Ибн ал-Ҳож раҳматуллоҳи алайҳининг «ал-Мадхал» номли китобларида Ибн Зубайрдан қуйидагича ривоят қилинади:
«Отамнинг олдига борган эдим:
«Қаерда эдинг?!», – деди.
«Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўриб қолдим. Улардан бири Аллоҳдан қўрққанидан ҳушидан кетиб қолар эди. Улар билан бирга ўтирдим», – дедим.
«Бундан кейин улар билан ўтирма!», – деди.
Ўзининг бу гапи менга унча таъсир қилмаганини кўриб, яна:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Абу Бакр ва Умарнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Улар бундоқ бўлмас эдилар. Сен ҳалигиларни Абу Бакр ва Умардан кўра кўпроқ Аллоҳдан қўрқади, деб ўйлайсанми?!», – деди.
Мен уларни тарк қилдим».
Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг шатахотларга муносабатлари ана шундай бўлган. Бинобарин, шатахотлардан ҳайратга тушувчилар, шатахот эгаларини улуғловчилар ушбу ҳадис маъносини яхшироқ ўйлаб кўрсалар, фойдали холий бўлмасди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Тасаввуф ҳақида тасаввур" китобидан