Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»«Отамдан қолган далалар» ҳақида
Facebook
«Отамдан қолган далалар» ҳақида PDF Босма E-mail

Миллий адабиётимизнинг XX аср охирги чораги ривожида Тоғай Муроднинг муносиб ўрни бор. У эллик беш йиллик ҳаёти, салкам ўттиз йиллик ижодий фаолияти давомида бир неча ҳикоя, тўрт кисса, икки роман яратди, жаҳон адабиётидан таржималар қилди, адабий-танкидий маколалар ёзди. Ёзувчи колдирган адабий мерос миқдор жиҳатдан у қадар кўп эмас. Аммо унинг кисса ва романлари ўзига хос бадиияти, тил ва ифода тарзи, «адабий аҳоли» сафига олиб кирган ҳеч қайси адибникига ўхшамайдиган тирик одамлари - персонажлари билан давр адабиётида ёрқин из колдирди.
Илк романи «Отамдан қолган далалар» Тоғай Мурод ижодидагина эмас, миллий адабиётимиз тарихида муҳим ҳодиса бўлди. Бу асарни ёзишга киришар экан, ёзувчи ўзини, ўзининг ҳаёт ҳақидаги билим, тасаввурларини қайта танқидий тафтишдан ўтказди. Шу пайтга қадар амал қилган ижодий акидаларига содиқ қолган ҳолда қишлок ҳаёти, оддий одамлар турмушини ўзгача нигоҳ билан англаш йўлини тутди. Мустабид тузум шароитида оддий заҳматкаш меҳнат аҳли айни ўша ноёб фазилатлари - тўғрисўзлиги, меҳнаткашлиги, ҳалоллиги, одоб-андишаси туфайли хору зор бўлаётганлигини адиб чукур алам-изтироб, надоматлар билан куйиб-ёниб тасвирлайди. Асарда ижтимоий руҳ -пафос кенг кўлам касб этади.
«Энди қоним ўз ганимларим учун қайнамади. Йўқ, ўз ганимларим ўз йўлида қолди. Энди қоним... оламжаҳон ганимларим учун қайнади. Энди қоним... қудратли ганимларим учун қайнади...
- Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!
Мен ана шундай шахт билан оламжаҳон ганимларим сари шайландим» - ёзувчининг романни ёзиш олдидаги, жараёнидаги ҳолат-кайфияти ана шундай бўлган.
«Отамдан қолган далалар» муаллифи бошқа бир ўринда бу асарни ёзишдан кўзлаган мақсади устида тўхталиб, яна ҳам аниқроқ қилиб: «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси - Озод Ўзбекистон учун битдим... Кўнглимда эл-юртим йўлида нимаики дардим бор барини ушбу романимда тўкиб солдим», дейди. Бу лўнда эътирофда романнинг асосий руҳи - пафоси аниқ-равшан ифодаланган. Бу роман Аллоҳ инъом этган энг улуғ неъмат мустақиллигини, эркини бой берган, босқинчилар бўйин-туруғини бўйнига илган эл-юрт бошига тушган бало-офатлар, мислсиз хўрликлар, истибдод исканжасида қолган халқ чеккан заҳматлар туфайли адиб дилидаги оҳ-армон, нола-фиғон, салкам бир аср давом этган империя зулми, зуғумига қарши зўр нафрат - исён каби янграйди.
Тарихдан маълумки, ўлканинг тараққийпарвар кишилари ҳали рус чоризми босқини бошланмасдан буруноқ бўлғуси мудҳиш ҳодисалар даҳшатини олдиндан ҳис этганлар, аниқ кўрганлар, одамларни бу даҳшатдан огоҳлантирганлар. Афсуски, ўша чигал тарихий шароитда бу мудҳиш бало-офатнинг олдини олиш имкони бўлмаган. Парокандалик, маънавий инқироз, жаҳолат дардига мубтало юрт манфур зотлар ҳамласига дош беролмади, муқаддас ўлка шафқатсиз келгиндилар оёғи остида топталди. Зулм ва зуғум ҳаддан ошди, халқ неча бор қўзғалди, халқнинг адолат, эрк, озодлик йўлидаги ҳар бир ҳаракати шафқатсизларча бостирилди. Ниҳоят, инқилобий ўзгаришлар даври келди. Юртнинг эркпарвар ўғлонлари, адиблари инқилобий ўзгаришларга катта умид боғлади, бироқ бу орзу-умидлар ҳам рўё, сароб бўлиб чикди. Миллий зулм мунофиқона ва янада шафқатсиз тус олди, юртда бош кўтариб юрадиган ўғлонларнинг боши кетди, ўлканинг меҳнаткаш фуқароси эса меҳнатдан бошқани билмайдиган оддий ижрочига, улуснинг ақли, виждони, кўзи, қулоғи бўлишга даъват этилган айрим зиёлилари, адиблари тоталитар тузум сиёсатининг малайи - маддоҳига айлантирилди...
Шуниси кишига таскин берадики, мислсиз миллий зулм, зуғумлар исканжасида ҳам миллий истиқлол, эрк, озодлик ғоялари туғилиб шаклланаверди.
Истиқлол кунларига келиб чин ижодкорлар учун кўнглида эл-юрт йўлида нимаики дарди бўлса- барини тўкиб солиш имкони пайдо бўлди... Қискаси, «Отамдан колган далалар» истиқлол даврининг адабиётимиздаги илк хайрли самараларидан биридир. Империя сиёсатини, мустабид тоталитар тузум мафкураси моҳиятини бу қадар ошкора, кескин фош этадиган асарнинг бизда ўша кезлари чиқишини гасаввур этиш қийин. Гарчи муаллиф роман устидаги ишини 1986 йили бошлаган бўлса-да, 1991 - истиқлол йилида интиҳосига етказгани, асар 1993 йили дунё юзини кўргани тасодифий эмас.
Роман марказида Деҳқонқул такдири туради; асар воқеалари ҳаёти, тақдир-қисмати, руҳий дунёси, она-Ер, киндик қони тўкилган муқаддас тупроқ билан мустаҳкам боғлиқ, ўзбекнинг рамзи дегулик меҳнаткаш, заҳматкаш инсон - бош қаҳрамон Деҳқонқул тилидан сўзлаб берилади. Деҳқонқул ҳикоясини ўз саргузаштларидан эмас, балки анча наридан - бобоси Жамолиддин, отаси сурхони Ақраб тарихидан бошлайди. Чунки Бобо ва Ота тарихини эсламай ва сўзламай туриб, Деҳқонкул қисмати, характери маъно-моҳиятини англаш, англатиш қийин.
Бобо - Жамолиддин - Оқподшо истилоси шоҳиди. У -туғма меҳнаткаш деҳқон, имон-эътиқоди бутун шахс. Муаллиф Қодирийдан, унинг машҳур қаҳрамони Обид кетмондан илҳомланиб, Жамолиддин меҳнаткашлигини унинг кетмони довруғи орқали таърифлайди. Бир қарашда меҳнатдан бош кўтармайдиган, тоат-ибодатдан бошқасини билмайдиган бандаи мўминдек кўринган бу одам юрт такдири ҳақида ҳам ўйлайди, ўзининг ватан туйғусини, имон-эътиқодини, инсонлик шаънини баланд тутади, юртининг покиза тупроғи, тиниқ оқиб турган сувлари бешарм, бефаҳм келгиндилар томонидан булғанганини кўрганида ўзини кўярга жой тополмайди; содда оломон такдир ва зулмга қарши бош кўтарганида беихтиёр улар сафида бўлади; охири шафқатсизлик, хўрлик, таҳқир-надоматларга тоқат қилолмай, босқинчилар оёғи етмас ерларни қўмсаб, қанчалар оғир бўлмасин, туғилган юрти - гўзал Фарғонани ташлаб бош олиб кетади...
Ота сурхони Ақраб - қизил империя салтанатининг таркиб топиш даври гувохи. У - қўли гул боғбон.
«Отамиз қадамиш чўп ниҳол бўлади.
Отамиз қарамиш дарахт шигил-шигил бўлади.
Отамиз кесмиш ток шокила-шокила бўлади.
Отамиз қирқмиш гул шода-шода бўлади», дейди ифтихор ила Деҳқонқул. Шу билан баробар, ота - Ақрабда ҳам она-Ватан, фуқаролик туйғуси баланд, юртнинг мустақиллиги, озодлиги деб Қизил офатга қарши жангга киради, эл-юртига, она заминига, оиласи, фарзандларига чексиз садоқатини намоён этиб, эътиқоди, матонати билан ёвларни ҳам лол колдириб, мардона туриб жон таслим этади...
Мана энди гал Деҳқонқул таърифига келади. Деҳқон-қул - шўролар даврининг одами. Хўш, Деҳқонқул Ота ва Бобосидан нималарни мерос қилиб олди? «Социалистик ҳаёт тарзи» шароитида у нималарга эришди-ю, нималарни бой берди? Деҳқонқулга ота-бобосидан фақат меҳнаткашлик хислатигина ўтган, холос. Ота-боболарга хос юртсеварлик, эрксеварлик, инсоний ғурур, ўзликни англаш ҳисси унда бутунлай барҳам топган.
Дадил айтиш мумкинки, Деҳқонқул образи - ўзбек адабиётида жиддий бадиий кашфиёт бўлди. Деҳқонқул совет даври адабиётида завқ-шавқ билан қаламга олинган меҳнат қаҳрамонларига пародия тариқасида яратилган. У -тоталитар тузум, қизил империя сиёсати тарбиялаб етиштирган «меҳнат кишиси», «янги инсон» тимсоли, мустабид ҳокимият мунофиқона мафкурасининг тирик қурбони. Деҳқонқул шўролар ҳукуматининг деярли тенгдоши. Ёзувчи адабиётимизда урф бўлган йўлдан бормайди, қаҳрамон тақдири орқали даврни, «социалистик жамият тарихини ифодалаш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Совет ҳокимияти йилларининг «муҳим паллалари» атайин четлаб ўтилади, фукаролар уруши йилддрида ақлини таниган болакай 60-йилларда ҳам болакайлигича қолаверади. Бу ҳол ўқувчига асло «мантиқсизлик» бўлиб туюлмайди. Ёзувчини биринчи галда Деҳқонқулни қул, муте қилиб шакллантирган ҳаётий омиллар қизиқтиради.
Деҳқонқулни, аввало, Ленин ишига, партияга, шўролар хукуматига, улуғ оғага ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялашган, унга Ленинни ота, Крупскаяни она деб ўргатишган, ўлан-лапарларни эмас, «партия-совет кўшиқлари»ни тинглаб, айтиб тили чиққан, уйқудан турганда ҳам, уйкуга ётишдан олдин ҳам, тўю маъракаларда ҳам партия, доҳий, улуғ оғага таъзим, салом билан йўғрилган мадҳиялар қулоғига қуйилган; юрти дунёда энг озод, ҳур, тўқ-фаровон эканига, 80-йилларга бориб коммунизмда яшашига чиппа-чин ишонтиришган... У бора-бора сўз билан амалиёт орасидаги зиддиятни сезган, кўрган; тенгдошлари қатори ўқишни кўйиб пахта далаларидаги, заҳарли химикатлар ёмғири остидаги «ҳур меҳнат» гашти нима эканини гўдаклигидаёк таниган, шу «шонли меҳнат»га меҳр-муҳаббат руҳида вояга етган. Салгина бўлсин, бу машаккатлардан ўзини четга олганида босмачининг, совет тузуми душманининг ўғли деб ҳақорат килинган; бу хилдаги дағдағалар кўнглидаги қаршилик кўрсатиш туйғусини бутунлай сўндирган...
Шу тариқа Деҳқонқул ўзига хос манқурт бир кимса бўлиб етишади. Бу одам фақат садоқат билан меҳнат килишнигина билади. У деҳқончилик илмини миридан-сиригача эгаллаган. Ўзи ўтқазган ҳар бир ниҳолнинг ҳоли, дарди унга аён. У ўзини ҳам, аёлини ҳам, болаларини ҳам ўйламай, аямай бетиним тер тўкади; табиат билан туташиб, табиий офатлар билан олишиб, енгиб йилма-йил мўл ҳосил етиштиради, машъал бригадирга айланади.
Аслида бунинг нимаси ёмон? Меҳнат инсонни улуғлайди, деймиз-ку! Шунчалар фидойи меҳнаткаш инсон Деҳқонкул мега кўзимизга қаҳрамон эмас, аянчли бир кимса бўлиб кўринади, ўкувчида фахр-ифтихор эмас, ўкинч-надомат, ачиниш туйғусини қўзғатади. Бутун гап мана шунда. У ким учун, нима учун бетиним тер тўкаётганини, ҳоли не кечаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. У карахт бир ҳолга тушиб колган. Теварак-атрофда, ҳаётда нималар бўлаётганини, ҳақ на ноҳақ ишлар, адолатсизликлар, якин кишилари, аёли, фарзандлари ҳол-аҳволи уни мутлақо қизиқтирмайди. Идеологиянинг кип-қизил мунофиқона ёлғонларига асло парво қилмайди, бемаъни кўрсатмаларига каршилик
билдирмайди, билдиролмайди; мунофиқ қаламкашларнинг дала шийпонлари ҳақидаги мунофиқона очерки ҳам, москвалик киночиларнинг машъал бригада ҳаётига бағишланган бошдан-оёқ ёлғонга қурилган картинаси ҳам уни ажаблантирмайди, аксинча, картинадаги сохта ролни актёрлар каби ҳеч қийналмай ижро этиб беради. Ўзининг, ҳамқишлоқларининг ўта ночор, аянчли турмушини кўриб, билиб туриб ҳам
Мунча ширин экан бу Совет даврони,
Мамнун яшар ҳар инсон - йўқдир армони,-
сингари тутуруқсиз қўшиқларни бепарво тинглайверади. Машъал бригадир бўла туриб, қўли қисқалигидан, мотоцикл олишга қурби етмаганидан, аёлининг оддий сўровларини бажо келтиролмаётганидан, бугина эмас, қозони гўшт кўрмаётгани, болалари тўйиб овқат емаётганлигидан изтиробга тушмайди. Марказга, кўрик-кенгашга ижарага олинган кийимларни кийиб боришдан ор қилмайди. Кенгашдаги иштироки ҳам маълум, тўрдагилар чапак чалса, у ҳам чапак чалади, тўрдагилар оёққа турса, у ҳам оёққа туради...
Тўғри, унда ҳам гоҳо ота-бободан қолган ғурур андак уч беради; бироқ у шаҳарга бориб, тўр шляпа билан бахмал сўзана сотиб олишу, телбаларча бахмал сўзанани шартта йиртиб оёғига пайтава қилиб ўраш, телеэкранда кўринган Америка президентига бошидаги шляпасини олиб силкитишдан нарига ўтмайди. Бу қўли очиқ, меҳмондўст, танти ўзбек емай-ичмай, топганини меҳмони олдига кўяди, меҳмони оёғи остига қўй сўйиб керилади, аммо меҳмонлар учун бозордан олиб келган икки дона хурмони деб етим ўғилчасини уриб оғзи бурнини қонга белайди.
Хўш, бу хилдаги телбаларча тантилик, қулларча эрксиз меҳнат, шўроларга садоқат, маънавий карахтлик, қарамлик, мутелик туфайли у нималарга эришди?! Оддий орзулари ушалмаган вафодор аёли турмуш ситамлари, машаққатларидан тўйиб жонига қасд қилади, ўзига ўт қўяди, тўйиб овқат емай оёққа турган ўғлонлари (ўғлонларидан бирининг исми Қулмат) очофат, муте, ногирон-дардманд
бўлиб етишмоқда; ўзи эса ҳалол, фидокорона меҳнатлари эвазига юлғич, порахўр деб айбланиб, қамоққа олинади, айтиб адо бўлмас қийноқ, хўрликларга гирифтор этилади, уни ўз тезагини ейишга мажбур этадилар, эркаклик шаънини топтайдилар... Бу шўрлик банда шу даражага бориб етганки, уни камокка олиб кетаётганларида ҳам даладаги ишини, пахта теримини ўйлайди, қамокдаги азоб-уқубатлар пайтида ҳам «ленинча адолат»га умид боғлайди, шунча хўрликлардан кейин ҳам даласига, меҳнат кучоғига кайтиш хаёли билан нафас олади...
Қисқаси, Деҳқонқул қисмати, карахт ҳолати, муте табиати тасвири - империя сиёсати, «социалистик ҳаёт тарзи» миллатни, миллий туйғу, қадриятларни топташга қаратилган, чиройли шиорларга ўралган мунофиқона коммунистик мафкура устидан чиқарилган зўр айбномадир. Мустақиллигини йўкотган, ўзлигидан узоқлашган, фикрлашдан тўхтаган муте, итоаткор кимсаларнинг охир-оқибат келадиган манзили - шу! Ёзувчи Деҳқонқул қисмати орқали шу фикр-ғояни ўқувчини ларзага солар бир тарзда ифода этган. Шу тариқа бу асари, аниқроғи, Деҳқонқул образи орқали ёзувчи ўзи ният қилганидай, ўзбек халқининг, аниқроғи, шўро даври етиштирган ўзбек деҳқонининг ўзига хос ҳайкалини яратади.
«Отамдан қолган далалар» 1994 йили истиқлол даври ўзбек адабиётининг илк етук намунаси сифатида Давлат мукофотига сазовор бўлди, ўқув дарсликларидан муносиб ўрин олди. Роман асосида яратилган фильм Бухорода ўтказилган миллий кинофестивалда бош соврин билан гакдирланди; Туркиянинг Истанбул шаҳрида бутун дунёдан машҳур киношунослар, актёр, кинодраматурглар ташриф буюрган анжуманда «Отамдан қолган далалар» фильмини томошабинлар тик туриб ўн беш дақиқа олқишлади.
Тоғай Мурод 2001 йили дунё юзини кўрган галдаги романи «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асарида шўро даври одамларида шаклланган - шакллантирилган шўровий эътиқод фожиасининг бошқа бир кўринишини қаламга олади. «Отамдан қолган далалар» қаҳрамони ўз номи билан қул, муте, итоаткор бандаи ожиз. У билиб-билмай шу йўлга кирган. Фидокорона меҳнатда ўтган, ўтаётган умри, хатти-ҳаракатлари маънисиз - абсурддан иборат эканлигини англаб етишга кодир эмас. Унинг фожиаси шунда. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи каҳрамони Ботир фирқа эса оқ-корани танийдиган раҳбар ходим. Ҳамма нарсага ақли етади. Ўзи қилаётган, амалга ошираётган ишларининг ножўя эканлигини билиб турган ҳолда ўз даври арбоби сифатида тузум сиёсатини амалга оширишда собит турган, бу йўлда ҳеч кимни, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам аямаган. Унга узоқ умр насиб этди. У XX аср тенгдоши. Аср охирига келиб у амал қилган эътиқодлар сароб бўлиб чикди, ўз қўли билан яратган ҳайбатли қоялар бирин-кетин қулай бошлади. Бирок у отдан тушса ҳам эгардан тушишни истамайди, таги пуч ғояларга содиқлигича қолади. Унинг фожиаси - ҳам кулгили, ҳам аянчли қисмати айни шу жараёнда жуда ёрқин намоён бўлади.
Тоғай Муроднинг ёрқин миллий руҳ билан йўғрилган ҳар икки романи XX аср жаҳон модернистик адабиётига хос қатор хусусиятларнинг, жумладан, «ўзбекона абсурд» ғоясининг бетакрор талқини жиҳатидан ҳам миллий адабиёгимизда муҳим янгилик бўлди.
Тоғай Мурод асарларига хорижда қизиқиш ҳамон давом этмоқда: «Ойдинда юрган одамлар», «От кишнаган оқшом» қиссалари рус тилига ўгирилиб, «Звезда» ҳамда «Дружба народов» журналлари саҳифаларида эълон қилинди; 2017 йил декабрда эса бу икки қисса Москвадаги «Рипол классик» нашриётида «Тарлан» номи билан нашрдан чикди. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи француз тилига таржима қилиниб, Францияда, Париждаги нуфузли  нашриётда чоп қилинди. Улар ҳакида кўп илиқ гаплар айтилди, ёзилди. Зотан, беназир санъат асарларининг умри боқий, улар бир миллатнинг мулки эмас, башариятга дахлдор. Энди гал ўзбекнинг асл ўғлони Тоғай Муроднинг беназир бош романи «Отамдан қолган далалар»га, у жаҳон бўйлаб ўз сафарини бошлашига умид қиламиз.

Умарали Норматов,
филология фанлари доктори,  профессор,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби