Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Абдулла Авлоний (1878—1934)
Facebook
Абдулла Авлоний (1878—1934) PDF Босма E-mail

Атоқли маърифатпарвар, истеъдодли шоир, машҳур тарбиячи Абдулла Авлоний Тошкентда косиб оиласида дунёга келган. У эски мактабда таълим олди. У ўз таржимаи ҳолида ёзишича: «12 ёшимдан Ўқчи маҳалласидаги мадрасада дарс ўқий бошладим, 13 ёшимдан бошлаб ёз кунлари мардикор ишлаб, оиламга ёрдам қилиб, қиш кунлари ўқир эдим. 14 ёшимдан бошлаб, ўша замонга мувофиқ ҳар хил шеърлар ёза бошладим. Бу замонларда «Таржимон» газетасини ўқиб, замондан хабардор бўлдим».
Мадрасани битириб, мактабдорлик билан шуғулланди. Ўқиш ва ўқитиш усулига ислоҳ киритиб, янги типдаги мактаб ташкил этган ёш педагог ўқувчиларга замонавий билимлар бериш, шарқ ва ғарб тилларини ўргатиш каби муҳим таълим-тарбиявий ишларни амалга оширади.
Абдулла Авлоний мактаблар учун «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим» (1912), «Тарих», «Туркий гулистон ва ахлоқ» (1913) каби замонаси учун ҳодиса бўлган дарсликларни ёзган. 1895 йиллардан ижодий фаолиятини бошлаган Авлоний «Қобил», «Шуҳрат», «Ҳижрон», «Авлоний», «Сурайё», «Абулфайз», «Индамас» тахаллуслари билан шеър, ҳикоя, фелъетон ва кичик ҳажмли драматиc асарлар (1900—1917) яратди. Шоир ўз шеърларида замонасидаги қолоқликни, жоҳилликни тандид қилар ва кишиларни билимга, маърифатга чақирар эди.
Абдулла Авлоний 1917 йилгача маҳаллий халқ вакилларндан етишиб чиққан йирик журналист сифатида Тошкентда «Шуҳрат», «Осиё» каби газеталарни ташкил этади. У «Адвокатлик осонми?», «Икки муҳаббат», «Тўй», «Съезд», «Лайло ва Мажнун», «Ўликлар» каби драматик асарларида жаҳолат, бидъат, билимсизликнинг фожеали оқибатларини, қўпол ва ярамас урф-одатларни фош этади.
Абдулла Авлоний шоир сифатида ўнлаб, юзлаб шеърлар битган. Улар хоҳ эски урф-одатлар ҳақида бўладими, хоҳ муҳаббат ёки мактаб-маориф ҳақида бўладими, ҳамма-ҳаммасида инсон ва тарбия, ахлоқий гўзаллик ва маънавий бойлик ҳақида куйлайди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида халқ дидактикаси билан янги замон педагогикаси уйғунлашиб кетади. Жумладан, «Ўз мамлакатимизда» шеърида маишат учун пул-бойлжкни исроф этган, аммо бола тарбияси учун кўзи қиймаган хасисларни «Илм учун пулни кўзлари қиймас»лигини қоралайди. Ёки «Мактаб» шеърида:

Мактаб мисни тилло қилур,
Мактаб сизни мулло қилур,—

дейиш орқали мактаб инсон учун зулм, ноҳақлик, адолатсизликдан халос этувчи, нажот йўли деб билади. Айниқса, унинг «Адабиёт» (1915) китоби бу жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.

Хуллас, А. Авлоний ёзганидек:
Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдай бўлур ўткир.

Авлоний 1913 йилда Европа усулидаги «Турон» театр труппасини ташкил этди, унда ўз асарлари ва қардош халқлар тилларидан таржима қилинган қатор драмаларни саҳналаштирди.
Абдулла Авлоний ўзбек халқи маорифи, маданияти, маърифати билан бир қаторда қўшни Афғон халқи ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам 20-йилларда муҳим рол ўйнаган. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг Шўролар иттифоқининг Афғонистондаги консули — элчиси вазифаларида хизмат қилган.
А. Авлоний 1920—1930 йилларда республикамиз рўзнома ва ойномаларида қатор мақолалари билан фаол қатнашади.
Авлоний Ўрта Осиё Давлат университетида дарс бериш билан бирга, қатор адабиёт дарсликларининг муаллифи бўлган. У 1934 йили 56 ёшида вафот этади.