Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Садоқат қурбони. Ги де МОПАССАН
Facebook
Садоқат қурбони. Ги де МОПАССАН PDF Босма E-mail

Мана, қачонлардир содир бўлган, ўзим гувоҳ бўлган ва нимагадир ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган ғамгин хотираларимдан бири. Ўша кунлардан бери қанчалик ғамгин, ҳаяжонли, қўрқинчли дамларни бошимдан кечирмадим. Лекин барибир, ўн-ўн икки ёшларимда мен билган Маймоқ холанинг қиёфаси бирор кун кўз олдимдан кетмаслигига ўзим ҳам ҳайрон қоламан.

У душанба кунлари бизникига келиб кийим-кечак, кўрпа-ёстиқларни ямаб юрадиган тикувчи кампир эди. Ота-оналарим ўша пайтлар дабдабали кўриниши туфайли «қаср» деб аталадиган қишлоқ уйларидан бирида яшашарди. Сирасини айтганда, бу «қаср» фақат томи баланд қурилган, атрофи тўрт-беш ферма билан қуршалган оддий, қадимий бинолардан бири эди. Қўрғончамиздан юз метрлар нарида бир пайтлар қизил ғиштдан қурилган, вақт ўтиши билан хиралашиб қолган черков биноси атрофида каттакон қишлоқ жойлашганди.

Ҳар душанба куни эрталаб соат олти, олти ярим орасида Маймоқ хола бизникига келиб, тўппа-тўғри чердакдаги кирхонага кўтарилар ва ишга киришарди.

У баланд бўйли, ориқдан келган, соқолли, тўғрироғи, бутун юзини ҳайрон қолдирар даражада соқолсимон мўйлар қоплаб олган аёл эди. Худди қандайдир ақлдан озган киши аёл кийимидаги бу солдат кампирнинг юзларига атайлаб ёввойи жангал буталарини қадаб чиққандай тасаввур уйғотарди. Бундай мўйлар унинг бурнининг устида ҳам, остида ҳам, атрофида ҳам, яноқлари-ю иякларида ҳам бетартиб ўсиб ётарди. Қошлари эртаклардагидек қалин ва узун, бироқ мутлоқ оқариб кетган ва янглишиб шу ерга қўндирилган ҳўрпайган мўйловга ўхшаб кетарди .

У оқсоқланиб юрарди. Бироқ оқсоқланиши бошқа оқсоқларникига сираям ўхшамасди. У худди лангар ташлаб турган, денгиз тўлқинида чайқалаётган кема мисол оқсоқланарди. У соғ оёғи билан қадам ташлаганида, унинг суякдор қомати худди улкан тўлқин устига кўтарилаётган елканли кемани эслатар, навбатдаги қадамини ташлаганида худди жарликка қулаб тушаётгандек кўринарди. Шундай қилиб, унинг юриш тарзи менга денгизда бўрон пайти сузиб юрган кемани эслатарди. Унинг ҳеч қачон бошидан тушмайдиган оппоқ чепцаси, орқасидан осилиб турган ленталари менга гоҳ шимолдан жанубга, гоҳ жанубдан шимолга қараб уфқни кесиб ўтаётган кема елканлари бўлиб кўринарди.

Мен Маймоқ холани жуда қадрлардим. Душанба кунлари уйқудан туришим биланоқ оёқларини грелка устига қўйиб аллақачон ямоқчиликка киришган Маймоқ холамнинг ёнига, кирхона томон чопардим. Кириб боришим биланоқ у том остида жойлашган баҳайбат бу кирхонада шамоллаб қолмаслигим учун мени ҳам грелка устига ўтқазиб қўярди.

— Бу сенинг томоғингдаги қонингни тортиб олиб, оёқларингни иситади — дерди у мени ишонтириб.

Кейин у илгаксимон бармоқларини чаққон қимирлатиб, тикиш жараёнида менга турли-туман воқеаларни ҳикоя қила бошларди. Унинг қалин шишали кўзойнаклари остидаги кўзлари (қариликдан унинг кўзлари яхши кўрмай қолганди) менга жуда ҳам катта, ғайритабиий мовий ва қўшалоқ бўлиб кўринарди.

Гўдак қалбимни ҳаяжонга соладиган унинг ҳикояларидан у ҳам тақдир қисиб қўйган кўплаб аёллар сингари сахий ва олижаноб қалбли эканлигини ҳис қилардим. У ўз қисматига соддадиллик билан бутунлай кўникиб кетган аёллар хилидан эди. У менга қишлоқда рўй бераётган воқеалар, оғилхонадан қочиб кетиб, бир кун эрталаб Проспер Меренинг шамол тегирмонининг парракларига жиддий кўринишда тикилиб турган сигир ҳақида гапириб берарди. Кейин черков қўнғироқхонасига тухум қўйган товуқ ҳақида гапириб, ҳозиргача бу товуқ у ерга қандай қилиб чиққанлигининг сири очилмаганлигини, Жан-Жан Пилас ёмғирда ҳўл бўлиб қолган иштонини қуритиш учун дорга осиб қўйганида, бир йўловчи уни ўмариб кетганини ва унинг кўппаги ўғрини қишлоқдан ўн льегача қувиб бориб, иштонини қайтариб олиб келганликларини сўзларди. У менга бундай оддийгина воқеаларни шунчалик қизиқарли қилиб ҳикоя қилиб берардики, улар тасаввуримда сирли ва улуғвор бир драманинг унутилмас саҳналаридек кўз олдимда жонланар ёки ҳар куни онам менга ўқиб берадиган буюк ёзувчининг моҳирона тўқилган саргузашт қиссасидек туюларди.

Душанба кунларидан бирида эрталаб яна Маймоқ холамнинг ҳикояларини мароқ билан тингладим. Кейин хизматкоримиз билан Нуарпре фермасининг орқасидаги Алле ёнғоқзорига бордик. У ёқдан қайтиб келиб яна кирхонага, Маймоқ холамнинг ёнига чиқишга қарор қилдим. Бу воқеа ҳозир худди кеча содир бўлгандек ҳамон кўз олдимдан кетмайди.

Мен кирхона эшигини очиб тикувчи кампир қўлларини ёзганича бир қўлида игна ва ип, иккинчисида менинг кўйлагимни тутганича стул олдида ағнаб ётганини кўрдим. Унинг кўк пайпоқли бир оёғи, менимча соғ оёғи бўлса керак, стул остига кириб қолган, кўзойнаги девор томонга отилиб кетган ва ўша ерда ялтираб кўриниб турарди.

Мен аллақандай қўрқувни ҳис қилиб, жон-жаҳдим билан қичқириб юбордим ва ташқарига отилдим. Бир зумда ҳамма чопиб келди ва бир неча дақиқа ўтгач, Маймоқ холам оламдан кўз юмганлиги маълум бўлди.

Бу гапни эшитиб гўдак қалбимни қамраб олган чуқур, даҳшатли қайғуни ифодалаш учун ҳалигача сўз топа олмайман. Мен оёқларимни базўр судраганимча зинапоядан тушдим. Уйга кириб қоронғу бурчакдаги баҳайбат қадимий ором курсига ўзимни ташлаб, тиззалаб ўтириб олганимча, йиғлай бошладим. Афтидан, мен у ерда ўтириб узоқ йиғлабман, чунки тез орада қоронғулик тушганини сезиб қолдим.

Тўсатдан хонага кимлардир чироқ олиб киришди, бироқ мени сезишмади. Уларнинг овозларидан булар ота-онам ва дўхтир эканлигини сездим. Ўша заҳотиёқ чақирилган дўхтир тикувчи кампирнинг ўлими сабабларини тушунтирарди. Унинг гапларидан, тўғриси, ҳеч балони тушунмадим. Кейин дўктирни бир қадаҳ ликёр ичишга таклиф қилишди. У ўтириб олиб яна Маймоқ холам ҳақида гапира бошлади. Дўхтир айтиб берган тафсилот то умримнинг охиригача хотирамга михланиб қолган бўлса керак. Назаримда ҳозир ҳам уни сўзма-сўз такрорлаб айтиб беришим мумкин.

— Эҳ бечорагина! — гап бошлади дўхтир. — У менинг бу ерга келганимдаги биринчи мижозим эди. Чунки мен бу қишлоққа ишга келган куним унинг оёғи синган эди. Дилижондан тушиб, қўлларимни ювишга ҳам улгурмасимдан мени чақириб келишди. Унинг оёғи синган ва бу жуда-жуда хавфли эди! Ўша вақтлар у эндигина ўн саккиз ёшга тўлган ва жуда ёқимли, ҳақиқий соҳибжамл қиз эди! Бунга ҳозир ҳатто ишонгингиз ҳам келмайди. Унинг оёғи нима сабабли синганига келсак, бу сирни ҳеч кимга, ҳеч қачон айтмаганман. Буни мендан ташқари яна бир киши билади. Бироқ у аллақачон бу ерлардан кетиб қолган. Мадомики, кампир энди бу оламдан кўз юмган экан, унинг чўлоқ бўлиб қолишининг сирини айтиб бера қолай.

Ўша пайтлар бу қишлоққа ҳарбийлар каби қад-қомати келишган чиройли бир йигит ўқитувчининг ёрдамчиси бўлиб ишга келганди. Қишлоқнинг барча қизлари уни деб ақлу-ҳушларини йўқотишган, йигит ўзини улардан бирортасини назар-писанд қилмагандек тутарди. Бунга сабаб менимча уйғониб, доим чап оёғи билан турадиган қишлоқ ўқитувчиси Грабю амакининг қаттиққўллигидан қўрққанлиги бўлса керак.

Ўша кунларнинг бирида Грабю амаки бугун сизникида оламдан ўтган гўзал Гортензияни, яъни кейинчалик Маймоқ лақабини олган қизни тикув-чатув ишларини бажартириш учун уйига таклиф қилади. Ўқитувчининг ёрдамчиси гўзал қизга мулозамат қила бошлайди ва албатта бундай қўл етмас йигитнинг назар эътибори, шунча қизлар ичидан ўзини танлаши қиз бечорани қувонтириб юборади. Қисқаси, қиз уни севиб қолади ва кунлардан бир кун йигит иш тугагач, кечқурун мактаб чердаги устида илк учрашувга чиқишга унинг розилигини олади.

Кечқурун қиз ўзини уйига кетаётган қилиб кўрсатиб, зинапоядан пастга тушиш ўрнига чердакка чиқади ва ўз севгилисини кутиб похол-пичанлар орасига яширинади. Тез орада йигит ҳам чердакка чиқиб келади. У эндигина ўз қалбидаги ҳисларни тўкиб сола бошлаган пайт, чердак эшиги очилиб, остонада қаҳри қаттиқ мактаб ўқитувчиси пайдо бўлади.

— Бу ерда нима қилаяпсиз, Сижисбер? — дейди у.

— Похол устида ётиб бироз дам олмоқчийдим, жаноб Грабю, — дейди қўлга тушганлигини ҳис қилган ёш ўқитувчи бутунлай ўзини йўқотиб.

Чердак жуда катта, кенг ва қоронғи эди.

— Боринг, яширининг, тезроқ яширининг, аксинча мени ишдан ҳайдашади, — дейди йигит шивирлаб, қўрқиб кетган қизни ичкарига итариб.

— Демак, бу ерда ёлғиз ўзингизми? — сўрайди ўқитувчи, шивир-шивирни илғаб.

— Ҳа, жаноб Грабю, ёлғизман.

— Йўқ, ёлғиз эмассиз, ким биландир шивирлашдингиз!

— Гапим рост, жаноб Грабю, бу ерда бир ўзимман.

— Буни ҳозир текшириб кўрамиз, — эътироз билдирибди ўқитувчи ва эшикни ташқарисидан қулфлаб, шам олиб келиш учун пастга тушиб кетипти.

Шунда қуён юрак йигит, бундайлар жуда кўп учраб туради, бутунлай эс-ҳушини йўқотиб қўйибди.

— Тезроқ яширинсангиз-чи, сизни бу ердан топа олмасликлари учун бутунлай қорангизни ўчиринг. Сизни деб бир умрга бурда нонимдан айрилиб қоламан. Сиз.. сиз менинг мартабамни йўққа чиқарасиз. Тезроқ йўқ бўлинг, — дебди у бутунлай қаҳрга миниб.

Бу пайт эшик қулфига калит солинаётганлиги эшитилибди.

Гортензия эса кўча томонга қараган туйнук дарча томонга чопиб борибди.

— У кетганидан кейин кўчага чиқиб менга ёрдам беринг, — дебди у секин ва қатъий овозда.

Кейин тезлик билан дарчани очиб, ўзини кўчага отибди.

Грабю амаки чердакда ёрдамчисидан бошқа ҳеч кимни топа олмай, ҳайрон бўлганича чиқиб кетибди.

Орадан чорак соатлар ўтгач, ҳузуримга Сижисбер югуриб келиб барча гапларни айтиб берди. Бечора қиз девор ёнида ётар, ўрнидан тура олмасди. Ахир у баланд чердакдан йиқилиб тушганди-да!

Ёмғир шивалаб ёғарди. Шўрлик қизни уйимга олиб келдим. Унинг ўнг оёғи уч жойидан синган, суяк парчалари оёқ терисини ёриб чиқиб кетганди. У бир оғиз ҳам зорланмас, фақат ҳайратланарли шикастнафаслик билан «ўзимдан бўлди, ўзимдан бўлди!» дея такрорларди холос.

Мен унинг қариндошларини чақириб, қизга раҳмим келганидан уни отлари олиб қочган экипаж уйим ёнида уриб кетди, деб ёлғон тўқидим. Менга ишонишди ва жандармлар бир ой давомида бахтсиз ҳодисага сабабчи бўлган экипаж ҳайдовчисини беҳуда қидиришди.

Бўлган гап шу. Бу аёл олий даражада тарихий жасорат кўрсата оладиган қаҳрамонлар хилидан эканлигига ишончим комил. Бу унинг умридаги ягона ва охирги муҳаббати эди. У бокиралигича оламдан кўз юмди. Бу жафокаш аёл, худонинг энг мўмин бандаси ва ўз садоқатининг бегуноҳ қурбони бўлди. У билан чексиз фахрланаман , акс ҳолда умримда ҳеч кимга айтмаган бу сирни сизга айтиб бермаган бўлардим. Нима учунлигини ўзингиз тушунасиз.

Дўхтир гапини тугатди. Онам унсиз йиғларди. Отам ҳам бир нарсалар дегандек бўлди, кейин ҳаммаси чиқиб кетишди.

Мен ҳамон тиззалаб оромкурси устида ўтирганимча ҳиққиллаб йиғлардим. Қулоғимга зинапоя томондан оғир қадам ва туртиниш товушлари эшитилди.

Афтидан Маймоқ холамнинг жасадини олиб тушишмоқда эдилар…

Француз тилидан Абдумурод КЎЧИБОЕВ таржимаси