Ўттиз ёшлардаги оқиш-кулранг сочли ёқимтойгина аёл оҳиста одимлаганча менинг столимга яқинлашди. Унинг бўйи баланд эмас, бир ярим метрча келар, аммо кийими одатда кичик шаҳарчада яшовчи аёллар киядиган либослардан анчагина яхшироқ бўлиб, диди баландлиги дарров сезиларди. Бу овлоқ жойларга биронта каттароқ шаҳардан келгандир, балки башанг кийиниш қобилияти туғмадир... – Ўтирсам майлими? – сўради у менинг ёнгинамда тўхтаб. – Қарши бўлмасангиз, сиз билан гаплашиб олсам дегандим. Мен унинг чап қўлига нигоҳ ташладим ва бош ирғадим. Аёллар билан учрашганда доимо уларнинг қўлига қарайман. Уларнинг қўллари юзларига нисбатан кўпроқ нарсани айтиб бериши мумкин. Илло, улар пластик жарроҳлар ва пардоз воситалари ёрдамида юзларини мўъжизакор тарзда ўзгартиришади, аммо қўлларини алдаёлмайсиз, улар доимо рост сўзлайди. Суҳбатдошимнинг узун ва нозик бармоқлари мени қизиқтириб қўйди. Биринчидан, уларга бир неча ўнлаб минг доллар турадиган олмос кўзли узук тақилганди, иккинчидан, суҳбатимиз қизиқ бўлишини юрагим сезаётганди. Нотаниш аёл ўтирди ва асабийлашган ҳолда қадаҳни ўйнаркан, сўзини кутилмаган тарзда бошлади: – Мен одам ўлдиришингизни истардим. – Манзилингиздан адашибсиз, хоним, – дедим мен бош чайқаб, унга бўлган қизиқишим дарҳол сўнди. – Бу менинг касбим эмас. – Пул ишлаш-чи, бу касбингизга кирадими? – совуққина сўради у ва қаттиқ тикилди. – Бу борада нишонга бехато урдингиз, – таъкидладим мен. – Мен пул ишлашни биламан ва буни яхши кўраман. – Ундай бўлса, нима учун йигирма беш минг доллар ишлаб олишдан бош тортяпсиз? – мулойимлик билан қизиқсинди аёл. Шу билан бирга, у мен томонга одоб қоидаси рухсат берадиганидан кўра анчагина яқинроқ энгашди. Мен унга бир неча сония тикилдим, кейин кўзимни ликопчага қаратдим ва уни четга суриб қўйиб, тушунтира бошладим: – Хоним, мен исталган нарсани хоҳлаган одамимга сотишим мумкин. Бундан ташқари, гапга чечанликда ҳам олдимга тушадигани йўқ. Агар биронтасига гапиравериб, зериктириб ўлдиришимни истасангиз, унда бош устига. Аммо ростакамига... – Бу одамни гап билан зериктириб ўлдиришингиз қийин, – оғир хўрсинди нотаниш аёл. – Кимни айтяпсиз? – Эримни. – Нега уни ўлдирмоқчи бўляпсиз? Шунчаки уни ташлаб кетиш осонроқ эмасми? Нохушликлар ҳам камроқ бўлади, панжара ортига ҳам тушмайсиз. Кўчада машинам турибди, у жуда тез юради, бир неча соатдан сўнг бошқа штатда бўлишимиз мумкин. – Йўқ, – бош чайқади у, – қочиш билан иш битмайди. У жудаям бой одам, пулини қарға чўқимайди. Агар уни ташлаб кетсам, менга бир мири ҳам тегмайди. Агар ўлса, бутун бойлиги менга қолади. – Сизга жудаям ачиняпман, аммо билиб қўйинг: мен ифлос ишлар билан шуғулланмайман.. – Йигирма беш минг доллар ҳақида унутмадингизми? – эслатди у. – Мен ҳеч қачон ҳеч нарсани унутмайман, – жилмайдим мен. – Айтганча, нима учун айнан менга мурожаат қиляпсиз? Буни маҳаллий йигитларнинг биронтасидан илтимос қилганингиз осонроқ эмасми? – Йўқ, бу ерликлар бундай ишга қодир эмас. Менга айнан келгинди одам керак. Бу ерда бир-икки кун бўлади, ишини битиради ва эртаси куниёқ жуфтакни ростлайди. Ўша одамни мен қайтиб кўрмайман ва унинг ўзи ҳам бу гадой топмас жойларга қайтиб келмайди. Сиз бу ерда узоқ ушланиб қолмассиз ахир? – Бундай ниятим йўқ, – бош ирғадим мен. – Сиз келганингизда мен овқатланиб бўлиб, йўлга тушишга отланаётган эдим. – Ҳаммаси омадли бўлаётганини кўряпсизми?! Менга сизни Худонинг ўзи етказди! Бу ишни шу бугун кечқурун бажаришингиз ва дарҳол жўнаб кетишингиз мумкин. Сиздан ҳеч ким шубҳаланмайди. Ахир сизни мен билан боғлаб турадиган ҳеч нарса йўқ – биз ҳозиргина учрашдик ва дарҳол ажрашдик... Бу шаҳардан чўнтагингизда йигирма беш минг доллар билан кетишингизни ҳам унутманг. – Пул ёнингиздами? – эҳтиёткорлик билан қизиқсиндим мен. У атрофига аланглади, кейин каттакон сумкасини очди ва унинг ичидагини менга кўрсатди. Сумка сиқиб боғланган доллар тахламларидан шишиб кетганди. Мен ҳали шунча пулни қўлимга ушлаб кўрмагандим. Шу сабаблими, куракларим жимирлаб кетди. Суҳбатимиз бошланганидан бери биринчи марта унинг таклифи ҳақида жиддий ўйлай бошладим. Нима бўлганда ҳам, бу аёлнинг гапларида мантиқ бор эди. Ҳақиқатан ҳам хавф иложи борича камайтирилган эди. Келгинди одам қотилликни содир этади-ю, дарҳол жўнаб қолади. Уни ҳеч ким танимайди, табиийки, барча шубҳа маҳаллий йигитларнинг бўйнига тушади. – Агар ресторандагилардан биронтаси бизни эслаб қолса-чи? – сўрадим мен барча икир-чикирларни ҳам эътиборга олишга уриниб. – Қўрқманг, – далда берди у. – Мен бу ерга камдан-кам кираман. Ресторандагиларнинг биронтаси мени танимайди. – Шундай бўлса ҳам бу ердан кетганимиз маъқул. Мен ҳеч нарса ваъда қилолмайман, аммо гаплашиб олишимиз мумкин. Гаплашганингиз учун қамоққа тиқишмайди. Аёл тезгина турди ва ресторандан чиқиб кетди. Мен ликопчага қарадим, аммо овқатимнинг қолганини егим келмади – негадир иштаҳам бўғилганди. Бир-икки дақиқадан кейин мен ҳам ресторанни тарк этдим. Мен аёлга ресторандан учта мавзе наридаги хилват кўчада етиб олдим. У менинг машинамга ўтирди ва биз йўлда давом этдик. Мен кўзимни йўлдан узмасдим. Унга қарагим келмас, йигирма беш минг доллар учун бир одамни ўлдиришим мумкинлигига сира кўзим етмасди. Унинг кўрсатмасига биноан шаҳардан ташқарига чиқдим. – Қалай, бир қарорга келдингизми? – сўради у кичиккина тепалик устида тўхтаганимизда. – Ўзингиз айтинг-чи, аслида нимани истаяпсиз? – эҳтиёткорликни унутмай, саволига савол билан жавоб қайтардим мен. – Бу жудаям осон, – елка қисди нотаниш аёл. – У уйга соат ўн бирдан аввал қайтмайди. Сиз меҳмонхонада кутасиз. У кирганида ўқ узасиз, ўлганлигига ишонч ҳосил қиласиз, ўғирлик юз бергандек қилиб кўрсатиш учун дераза ойнасини синдирасиз ва дарҳол жўнаб қоласиз. Мен ётоқхонада бўламан. Сиз кетганингиздан сўнг ўн дақиқа ўтгач, мен полицияга қўнғироқ қиламан ва уйимизга ўғри кириб, эримни отиб кетганини айтаман. – Ўн дақиқа етади, деб ўйлайсизми? – шубҳаландим мен. – Агар дарров шаҳардан чиқиб кетсангиз, албатта етади, – ишонч билан бош ирғади аёл. – Ахир кетмоқчи эканлигингизни айтдингиз-ку? – Пуллар-чи? Уларни қачон оламан? – Ҳозир сизга беш минг бераман, – аёл тиззасидаги сумкани кўрсатди. – Қолган йигирма мингини ишни бажаргач оласиз. Сумка менинг ёнимда, ётоқхонада бўлади. – Ўзингиз кейин нима қилмоқчисиз? – сўрадим мен пулларни тезгина чўнтагимга соларканман. – Шовқин-тўполон тингунича бироз кутаман, – жилмайди аёл. – Пулларни дарҳол ололмайман, бироз кутишимга тўғри келади. Кейин бу ердан жўнаб кетаман... Сиз уни ўлдирасизми? – сўради у узоқ жимликдан сўнг. – Ҳа, – жавоб бердим мен ҳам ундан қолишмайдиган узоқ жимликдан сўнг. – Қуролни қаердан олсам экан? Менда ҳеч нарса йўқ. У ўзининг тубсиздек кўринувчи сумкасидан 32-калибрли тўппонча олди ва уни шарфи билан яхшилаб артиб, менга узатди. – Уни манави тўппонча билан отинг, кейин шаҳар ташқарисида ташлаб юборарсиз... Соат ўн бир яримларда уйга яқинлашинг. Эшик очиқ бўлади. Меҳмонхонага кириб, кутиб турасиз... Мен соат 22.25 да унинг уйи ёнида тўхтадим ва чека бошладим. Гугурт чақиб, сигарета яқинлаштирарканман, қўлларим титраётганини кўриб, мамнун бўлдим. Бу иш осондек, мушкулликлар бўлиши мумкин эмасдек туйиларди. Роппа-роса соат ўн бир яримда зинапоя ёнига келдим. Аёл ваъда қилганидек эшик очиқ эди. Мен йўлакдан аста ўтиб, қоп-қоронғи меҳмонхонага кирдим. Хона ўртасида тўхтадим ва қаерга беркинишни ўйлаб, атрофга алангладим. Мен эндигина энг узоқ бурчакка яширинишни мўлжаллаган онда тўсатдан меҳмонхонада чироқ ёнди. Қўлим дарҳол тўппонча солинган чўнтагим томон узатилди, аммо ярим йўлда тўхтаб қолди. Ётоқхона эшиги олдида баланд бўйли, юзларини ажин босган оқ сочли эркак турар, унинг қўлидаги тўппончанинг мили тўғри менинг қорнимга мўлжалланганди. Турган гапки, аввалига фақат тўппончани кўрдим, кейинроқ унинг кўйлагига қадалган шериф юлдузчасини пайқадим. “Боплаб қўлга тушдим-ку!” – деб ўйладим нима қилишимни билмай қаққайиб турарканман. Бақувватгина қария мени диққат билан кўздан кечирди, кейин ортиқча хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилди, шекилли, шошилмай мен томон юра бошлади. Мен хонадан қочиб чиқиб, бу лаънати шаҳарчадан жуфтакни ростлаб қолишни истардим-у, аммо турган жойимдан қимирлай олмасдим, чунки у мени дарҳол отиб ташлашини яхши билардим. Эркакнинг ортида эса менинг ёрдамимда эридан қутулмоқчи бўлаётган ёш аёл турарди. – Жуда вақтида келдингиз, – маъқуллаб деди эркак. – Бу мақтовга арзигулик фазилат, йигитча. Пухта одамлар ҳозир жудаям кам қолган. – Бу билан нима демоқчисиз? – ҳайратланиб минғирладим мен. – Мен вақтида келдимми? – Сиз нима учун келганингизни яхши биламан, – жилмайиб бош ирғади у. – Сиз мени ўлдиргани келгансиз, шундайми? Тўғрироғи, мени ўлдириш учун келганингизга ишонасиз. – Менга қаранг, – хирилладим мен томоғимга туриб қолган “тош”ни ютиб юборишга уриниб. Мен гоҳ кўйлагига шериф юлдузи қадалган қарияга, гоҳ жонига теккан эрини ўлдиртириш учун йигирма беш минг доллар тўламоқчи бўлган аёлга қарардим. – Бу ерда нималар бўляпти ўзи, тушунтирсангиз-чи бундоқ? У менга яқинлашди ва елкаси оша аёлга буйруқ берди: – Ундан пулларни ол. Аёл мен билан шерифнинг ўртасига туриб қолмасликка уринганча юзимдан кўзини узмай аста яқинлашди ва костюмимнинг ички чўнтагидан ҳамёнимни чиқарди. Тўғри, у мен уйга кириш олдидан камаримга қистириб олган тўппонча ҳақида ҳам унутмади. – Тўхтанг, – эътироз билдирдим мен. – У ердаги пуллар беш мингдан кўпроқ. Ўзимнинг пулларим ҳам бор. – Сизники эди, – илжайди шериф. – Энди уники бўлди. – Ҳаммаси жойида, – деди аёл пулларни тезгина санаб чиқиб. – Менинг беш минг долларим ва яна қўшимчасига уч минг... – Менга қаранглар! – жаҳл билан хитоб қилдим мен. – Бу ерда нималар бўляпти ўзи?! У яна кулганида, унинг кулгиси ҳиқилдоғимга келганини сездим. Доим оғзи қулоғига етиб юрадиган нусхаларни ўлардек ёмон кўраман! – Сен ҳалиям ҳеч нарсани тушунмадингми? – очиқчасига мазах қилди шериф. – Тушунмадим. – Бу Кларанинг севимли найранги, – тушунтира бошлади у худди ёш бола ёки тентак билан гаплашаётгандек сабр-тоқат билан. – Тўғри, бу ишдан кўп даромад қилмайди, аммо унинг учун пуллар асосийси эмас – эркинлик ва мустақилликнинг ҳис этиш кўпроқ ёқади. Бугунги кунда аёллар қандай эканлигини ўзинг биласан. Улар эркинликни ва эрига тобе бўлмаслик учун ўз пулига эга бўлишни исташади. – Айтмоқчисиз-ки... – бутунлай саросимага тушиб қолдим мен. – Бу гап-сўзларнинг бари... – Мутлақо тўғри, – вазминлик билан бош ирғади шериф. – Кларада доимо бир нечта ўта қизиқарли воқеалар тахт туради. Буниси энг ишонарлиси, тўғри эмасми? Клара пулларни меҳр билан силади ва хуш табассум билан эрига қаради. – Омадли оқшом бўлди, Карл. Шунча пули бор лапашангни ҳали қўлга туширолмагандик. Пули айни менга керагича экан ўзиям! – Юлдузни нега тақиб олдингиз? – ғазабим қайнаб, ўшқирдим мен. – Нима, бу сизга ҳуқуқ берадими? – Мен шу графликнинг шерифиман, – хохолаб кулди Карл менинг ҳайратимдан завқланиб. – Нима, у сизга бу ҳақда айтмаганмиди? – Йўқ, афтидан, у менга кўп нарсани айтмаган, шекилли. Агар сиз шериф бўлсангиз... – Тўғри, мен қонунни ҳимоя қилишим керак. Аммо мен хотинимни ҳам жуда севаман, – шериф креслога ўтирди ва яна тўппончасини менинг қорнимга ўқталди. – У менга турмушга чиққанида, севгидан асар ҳам йўқлигини, ҳамма гап менинг пулларимда эканини тушунганман, албатта. Мен унга кўнгли тилаган нарсани бажо келтиришга ваъда берганман ва баҳолиқудрат сўзимнинг устидан чиқяпман. – Сени жуда севаман, Карл, – эркаланиб сўз қотди Клара, – буни биласан-а? – Албатта, мени севасан-да, – кулиб юборди шериф. – Ахир мен жажжи ўйинларингни ўйнашинг учун рухсат беряпман-ку! – Кейинги ҳафтада Флоридага бораман, – мамнун оҳангда хабар қилди аёл, у энди менга аввалгидек ёқимтой кўринмай қолганди. – Пулларни нимага сарфлашни ҳали ўйлаганимча йўқ. Балки от ва итларга тикарман. – Кейин-чи? – титроқ кирган овозда қизиқсиндим мен. – Агар сен ақлли йигит бўлсанг, бу шаҳардан туёғингни шиқиллатиб қоласан, – елка қисди талончи шериф. – Бошқа чоранг йўқ. – Афсуски, сиз ҳақсиз, – алам билан унинг гапини тасдиқладим мен. Менга тавозе билан эшик томонни кўрсатишди, аммо нима учундир бу ердан чиқиб кетолмасдим. Машинам томон чопиш ва тирик ҳамда озод эканлигимдан қувониш ўрнига меҳмонхонанинг ўртасида қаққайиб турар ва гоҳ шерифга, гоҳ унинг устомон хотинига мўлтирардим. Кўзлари чақнаб турган Клара пулларни ўзининг каттакон сумкасига жойлай бошлади. – Шошилма, азизам, – уни тўхтатди шериф. – Менимча, беш минг менга тегишли эканлигини унутдинг, шекилли. – Карл... – ҳиқиллади хотини. – Менинг беш минг долларимни қайтар, – буюрди шериф қатъий овозда. Клара истар-истамас эрига яқинлашди ва беш тахлам пулни унинг чўнтагига тиқди. Кейин стол устига 32-калибрли тўппончани ташлади ва креслонинг тирсак қўйгичига ўтирди. Бир қўли билан эрининг елкасидан қучганча, иккинчиси билан сочларини эркалатиб тўзғита бошлади. Бахтиёр эр-хотинлар жилмайганча менга тикилишарди. – Кетадиган вақтинг бўлди, – эслатди шериф. Калламда турли хаёллар ғужғон урарди. Мен бошқа чорам йўқлигини яхши билардим. У мени отиб ташлаши ва сувдан қуруқ чиқиб кетиши мумкин. У мени панжара ортига ўтказиши ҳам мумкин. Ахир унинг уйига чўнтагимда тўппонча билан бостириб кирганимни унутмаслик керак. Кларанинг айтганларини қулоқ қоқмай қайтаради. Фақат ўтакетган аҳмоққина шунчалик алданиб қолиши мумкин. – Бўпти, – дедим мен. – Мен кетдим. Мен эшик томон йўналдим, аммо остона олдига келганда тўхтадим. Шерифнинг қўлида тўппонча бўлмаганида эди, уларни энг намунали эр-хотин дейиш мумкин эди. – Шериф, – дедим мен, – умид қиламанки, хотинингиз ҳамма икир-чикирларни айтиб ўтирмайди. Айниқса, мени қотилликка кўндириш учун нималарга рози бўлганини... – Шерифнинг башараси бир зумда ўзгарганини кўриб, то аёл гапимни бўлмасидан олдин тугатиб олишга шошилдим. – Биласизми, пул учун одам ўлдиришга тайёр кимсалар бор, аммо кўпчиликка фақатгина пулнинг ўзи камлик қилади. Хуллас, бундайлар учун ишқ-муҳаббат деган нарса ҳам керак бўлади. Мен аҳволингизни жуда яхши тушуняпман. Сизнинг ўрнингизда бўлганимда ўзим ҳам худди шундай иш тутган бўлардим. Бунақанги эҳтиросли аёл учун эса жиноятдан ҳам қайтмаган бўлардим! Охирги марта бундан ўн беш йил муқаддам, енгил атлетика бўйича мактаб жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганимда шунчалар қаттиқ югургандим. Мен машинамга ўтириб, ўт олдирдим. Машина ўрнидан қўзғалганида, орқа тарафда ўқ овози янгради...
Хуршид Тожибоев таржимаси
|