Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Cадақа. Кэтрин Менсфилд
Facebook
Cадақа. Кэтрин Менсфилд PDF Босма E-mail

Турмушга чиққанига эндигина икки йил бўлган кўҳликкина, ёш, ақлли, замонавий ва ўқимишли жувон Розмари Феллни эри жуда яхши кўрар, ундан ҳеч нарсани аямасди. Розмари тушган оила, мабодо келин у ёки бу нарса харид қилмоқчи бўлса, Лондонни наззрига илмай, тўппа-тўғри Парижга йўл оларди. Қиш оқшомларидан бирида Розмари тилла магазинга кириб келди. Мудир атайлаб яшириб қўйилган қутичани пештахта остидан чиқарди.
—    Вой, бунча чиройли! — деди ҳайратланиб Розмари.— Қанча тураркан?
Мудир унинг сўзини эшитмаганликка олди, аммо бироздан кейин:
—    Арзимаган пул, хоним,— деди.
—    Менга сақлаб қўйсангиз, илтимос.
Магазин мудири таъзим қилди.
Ташқарида ёмғир қуяр, эндигина ёнган электр чироқлари қандайдир ғамгин милти-раб турарди.
Ана шу вақтда кичик жуссали, қорачадан келган ёш бир қиз Розмарининг ёнида пайдо бўлди ва мунгли овозда:
—    Хоним, хайр қилинг...— деди.
—    Менга айтяпсизми? — овоз келган томонга ўгирилди Розмари ва худди сувдан чиққандай қалтираб турган бегона қизни кўрди.
—    Хоним,— деди қиз янада мунглироқ оҳангда,— садақа қилинг...
«Садақа»? Бу товуш қандайдир содда, самимий эди, сира гадойникига ўхшамасди.
—    Нима, ҳечам пулингиз йўқми?— сўради Розмари шу заҳоти ноўрин савол бериб қўйганини пайқаб, хижолат чекди.
—    Ҳа, хоним,— жавоб қилди қиз.
—    Наҳотки? — Розмари қизга диққат билан разм солгач, раҳми келиб, саховат кўрсатмоқчи бўлди.
Фараз қилингки, қизни уйга олиб борсин, хўш, унда нима бўлади? Шов-шув кўтарилиши табиий. Розмари бу бечорага ҳайратланиб қараётган дўстларига нималар дейишини тасаввур қилди: «Шунчаки уйга олиб келдим...» Ниҳоят, қизга яқинлашиб, деди:
—    Юринг бизникига.
Қиз эргашди.
—    Сиз мени полицияга топшириб юбормайсизми? — шубҳаланиб сўради у, бироз юришгач.
—    Полицияга дейсизми? — кулиб қўйди Розмари. —Нега энди? Савоб иш қилмоқчиман, холос.
Улар чиққан енгил машина тун қўйнига шўнғиб кетди.
—    Мана уйга ҳам етиб келдик... Ўтиринг, марҳамат,— деди у қизни камин ёнида турган катта оромкурсига таклиф қилиб.
—    Яхши, хоним,— пичирлади қиз ва шляпасини ечди.
—    Келинг, пальтонгизни ҳам ечинг,— деди Розмари.
Қиз ўрнидан турди, ўкг қўли билан оромкурсига суянди. Розмари унга кўмаклашди.
—    Авф этасиз, хоним,— деди қиз ранги ўчиб.— Ҳушдан кетяпман. Ҳозир йиқилиб тушсам керак. Хоним, ейишга бирон нарса топилмайдими?
—    ё худо! Қандай бераҳмман-а!
Розмари хизматкорга буюрди:
—    Чой опкелинглар! Дарров чой опкелинглар! Озгина коньяк ҳам!
Қизнинг кўзларига ёш қалқди, у энди тортинчоқликни унутганди.
—    Мен бу ҳолатда узоққа боролмайман! — деди у бақириб.— Чидаб туролмай-ман. Бу кунимдан ўлганим яхши...
—    Бироз сабр қилинг,— деди Розмари.— Ўзингизни босинг. Илтимос, йиғламанг.
Чой келтирилди. Қиз йиғини тўхтатиб, лаззатли таомлардан тўйиб тановул қилди.
Дастурхон йиғиштирилганда лаблари қирмиз, кўзлари шаҳло бир соҳибжамол
оромкурсида ястаниб ўтирарди.
Шу пайт эшик тутқичи буралди: «Розмари, кирсам майлими?» Бу унинг эри Филипп эди.
—    Ҳа,— деди Розмари жилмайиб.— Бу менинг ўртоғим...
—    Смит хоним,— деди оромкурсидаги гўзал.
—    Смит хоним,— деди Розмари.— Биз гурунглашаётгандик.
—    Агар малол келмаса,— деди Филипп хотинига қараб,— кутубхонага чиқсангиз. Смит хоним бизни авф этсинлар.
Кўзлар тўқнашди. Розмари қиз учун жавоб берди:
«Албатта». Эру хотин хонадан чиқиб кетишди.
—    Хўш,— деди Филипп кутубхонада,— ким у? Меҳмонми?
Розмари эшикка суяниб кулди.
—    Кўчадан топиб келдим. Ростдан. У мендан садақа сўровди, уйга таклиф қилдим.
—    Табриклайман! — деди Филипп ҳазиллашиб.— Хўш, уни нима қилмоқчисиз?
—    Билмасам,— деди Розмари елкасини қисиб.— Ўйлаб кўрамиз-да.
—    Аммо-лекин,— деди Филипп сигаретининг кулини тушираркан.— У ҳаддан ташқари гўзал экан, ёши ҳам йигирмадан ошмаган, менимча.
«Гўзал?» Розмари шундай ажабландики, ҳатто уятдан қизариб кетди.
—    Оҳ! — гапни илиб кеди Филипп.— У ниҳоятда гўзал экан! Наҳотки сезмаган бўлсангиз? Хўш, энди Смит хонимни бугунги зиёфатга таклиф этишга ижозат берсангиз, жоним.
—    Қўйсангиз-чи! — деди Розмари ва кутубхонаДан чиқиб кетди, бироқ меҳмонхо-нага бормади. У ёзув-чизув қиладиган хонасига кириб, курсига чўкди: «Гўзал! Ҳаддан ташқари гўзал...» Розмарининг юраги гупиллаб ура бошлади. У сейфни очиб беш фунт стерлинг олди, сўнг иккитасини қайтиб жойига қўйди-да, уч фунт стерлингни чангаллаганича меҳмонхонага йўналди...
Бир ярим соатлардан кейин Розмари кутубхонага қайтиб келди.
—    Сизга айтиб қўймоқчи эдим,— деди Розмари.— Смит хоним тунги зиёфатда қатнаша олмас экан.
Филиппнинг қўлидаги қоғоз тушиб кетди.
—    А? Нега? Нима бўлди?
Розмари кулиб, эрининг тиззасига ўтирди.
—    Негадир ўз-ўзидан кетаманга тушиб қолди,— деди у бироздан сўнг.— Бечорага хайр қилдим. Кетди. Раъйини қайтара олмадим.
Орага жимлик чўкди.
Бироздан сўнг Розмари мақсадга ўтди:
—    Бугун магазинда ажойиб қутича кўрдим. Ўшани олсам майлими?
—    Ихтиёрингиз,— деди Филипп.— Биласиз-ку, мен ҳеч қачон сизнинг раъйингизни қайтармаганман.
Лекин Розмари сўрамоқчи бўлган нарса, аслида, бу эмасди.
—    Филипп,— шивирлади у.— Мен гўзалманми-а?

Инглиз тилидан Ўроқ РАВШАНОВ таржимаси