Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Мангуликка дахлдор ижод
Facebook
Мангуликка дахлдор ижод PDF Босма E-mail

Машҳур форс-тожик шоири, адиби ва мутафаккири Муслиҳиддин Саъдий Шерозий номини эшитмаган, унинг жаҳон сўз санъати дурдоналари қаторидан ўрин олган «Бўстон» ва «Гулистон» асарларидан баҳраманд бўлмаган адабиёт мухлиси топилмаса керак. Шарқ халқлари орасида Шайх Саъдий номи билан шуҳрат қозонган бу донишманд инсон 1203 йили Шероз шаҳрида туғилган. Отаси Шероз отабеги Саъд бинни Зангийнинг мулозимларидан бўлган. Лекин у 10-11 ёшларида отадан етим қолади.
Сарой томонидан нафақа тайинланган бўлса-да, оиланинг моддий аҳволи оғир эди. Майда савдогарчилик билан шуғулланган акасининг ҳам бозори тезда касод бўлади. Шунга қарамай, билпмга чанқоқ Муслиҳиддин бошланғич маълумотни туғилган шаҳри Шерозда олгач, таҳсилни давом эттириш учун халифалик пойтахти, ўша даврнинг энг йирик илм ва маданият маркази бўлган Бағдодга боради. Донгдор «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида калом, фиқҳ, тафсир илмлари, араб тили сарфу наҳфи, араб ва форс адабиёти, Шарқ фалсафаси, тарих, мантиқ, тиб ҳамда бошқа табиий ва аниқ фанларни ўрганади. Таниқли тасаввуф олими ва файласуф адиб Шаҳобиддин Суҳравардий ҳамда йирик илоҳиёт алломаси Абулфараж Абдураҳмон ибн Жавзий қўлида таҳсил олади.
XI асрда салжуқий султонлардан бир нечтасига вазирлик қилган машҳур давлат ва жамоат арбоби Низомулмулк асос солган «Низомия» мадрасаси 6 минг талабани ўз бағрига олса, «Мустансирия» кутубхонасида 70 минг жилддан ортиқ китоб бўлган. Бу икки улкан мадрасанинг мусулмон Шарқидаги нуфузини шундан ҳам билса бўлади. Талабалар орасида, айниқса, забардаст араб шоири Мутанаббий шеърларига қизиқиш кучли эди. Бу мутолаалар кейинчалик Саъдий ижодига кучли таъсир кўрсатди. У бу ердаги илмий-адабий давраларда фаол иштирок этиб, билимининг кенг ва чуқурлиги, далилларининг ўткир ва асослилиги, воизлик иқтидори туфайли ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилар ва баҳсу мунозараларда ҳамиша ғолиб чиқар эди.
Мадрасани тугатган Саъдий олган билимларини амалиётга қўллаш ўрнига, Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатга отланади. Буни икки сабаб билан асослаш мумкин: биринчиси — шоирнинг саёҳатга ўчлиги, иккинчиси — мўғуллар тасарруфидаги улкан ҳудудда илму ижод учун осойишта шарт-шароитнинг йўқлиги. У гоҳ олим ва воиз, гоҳ сўфий ва дарвеш суратида Эрон, Арабистон, Кичик Осиё, Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон каби мамлакатларни баъзида оту эшак, баъзан эса пойи пиёда кезиб чиқади. Бу саёҳатлар 20 йилдан ортиқ давом этган. Саёҳат даврида Саъдийга карвонни қароқчилардан ҳимоя қилиб, муҳорабага киришига ҳам, турли жойлардаги мадраса ва қозихоналарда ваъз ўқишига ҳам, шайху сўфийлар билан мубоҳаса қилишига ҳам тўғри келган. У Ҳиндистонда ҳам бўлиб, бир муддат бутхонада истиқомат қилган, салибчиларга асир тушиб, уларнинг қалъаларини тузатиш ишларида қатнашишга мажбур бўлган. Бу саёҳатлар давомида Саъдий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон феълини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишади. XIII асрнинг ўрталарида Шерозга қайтиб келган шоир дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечиради ва 1292 йили вафот этади. У дафн этилган боғ ва мақбара шеърият ихлосмандларининг муқаддас зиёратгоҳларидан бири бўлиб, ундан кеча-кундуз шоир мухлисларининг қадами аримайди.
Барча машҳур кишилар каби Саъдий ҳаёти ҳам афсона ва ривоятларга кўмилиб кетган. Чунончи, турли манбаларда шоирнинг Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳати 20 йилдан 50 йилгача давом этгани нақл қилинади. Ёки у жуда узоқ — 102, 108, 120 йил умр кўргани айтилади. Гўё у ўз умрини уч қисмга тақсим қилиб, 30 йилини илм таҳсили, 30 йилини саёҳат, 30 йилини ижодга бағишлаган эмиш (Баъзи манбаларда 30 ўрнига, 40 рақами тилга олинади). Бу тахминларнинг барчаси Саъдийнинг таржимаи ҳоли ҳақида етарли маълумот сақланиб қолмаганлигидан. Шунинг учун ҳам шоир ижодининг тадқиқотчилари унинг таржимаи ҳолини асарлари асосида тиклашга ҳаракат қилганлар. Жумладан, «Бўстон» ва «Гулистон» асарларидаги баъзи ҳикоятлардан келиб чиқиб, унинг ёмон хотинга учрагани, ундан бир ўғил кўриб, Яманда бўлган вақтида ёлғиз жигарбанди ҳам вафот этгани хусусида маълумот беришади. Бу ҳақда «Гулистон»да шундай ҳикоят келтирилади:
«Дамашқдаги дўстларимнинг суҳбати жонимга тегиб, шаҳардан бош олиб, Қуддуси шариф биёбонига жўнадимда, ҳайвонлар билан улфатлашиб, то фаранглар қўлига асир тушгунимча ўша ерда яшадим. Мени яҳудийлар билан бирга қўшиб, Тароблис хандақини қазишга олиб бориб ишлатдилар. Ҳалаблик сардорлардан бири мен билан ошна эди, ёнимиздан ўта туриб, мени таниб қолди-да, хитоб қилди: «Ие, бу қандай ҳол?» Мен унга: «Нима ҳам дейман?» деб жавоб бердим.
Аҳволимга ачиниб, ўн динор тўлаб, асирликдан халос этди ва ўзи билан Ҳалабга олиб кетди. У ерда юз динорлик қалин пули билан қизини менга никоҳлаб берди. Орадан сал вақт ўтгач билсам, қизи бадфеъл, шаллақи ва ўжар экан, тилини заҳар қилиб, жонимдан безор эта бошлади.
Охири бир кун башарамга тик боқиб, таъна-маломатлар билан деди: «Сен отам ўн динор баробарига фаранглардан халос этган одам эмасмисан?» Мен жавоб бердим: «Ҳа, отанг ўн динор баробарига фаранглардан озод этиб, юз динор баробарига чангалингга топширган одам мен бўламан!»
«Бўстон»нинг шоир ҳаёти тафсилотларига бағишланган қисмида эса қуйидаги ишорага дуч келамиз:

Ба Санъо дурам, тифле андар гузашт,
Чи гўям к-аз онам, чи бар сар гузашт.

Мазмуни: «Санъода мусофирлигимда болам дунёдан ўтди. Бошимдан кечган ҳодисаларнинг қайси бирини айтай?»
Мўғуллар истилосидан ташқари, Европа мамлакатларининг Шарққа уюштирган салиб юришлари ҳам Саъдий даврига тўғри келади. Бу ҳодисалар шоир яшаган замоннинг қанчалик мураккаб ва оғир бўлганлигини кўрсатади. Унинг саёҳатлари чўзилиши, хусусан, Арабистонда кўпроқ қолиб кетиши ўз юртидаги худди шу нотинчлик, илму ижод учун шарт-шароитнинг йўқлигидан бўлса керак.
Форс-тожик адабиётида Саъдийнинг мақоми жуда юксак. Хусусан, бой ҳаётий тажриба асосида яратган «Бўстон» (1257) ва «Гулистон» (1258) асарлари унга оламшумул шуҳрат келтирди.
«Бўстон» ўн қисмдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: ҳамд; наът; китобнинг ёзилиш сабаби; Абу Бакр бин Саъд бин Зангий мадҳи; Саъд бин Абу Бакр бин Саъд мадҳи; биринчи боб — одиллигу тадбиру андиша зикрида; иккинчи боб — эҳсон зикрида; учинчи боб — ишқу ошиқлигу мастлик зикрида; тўртинчи боб — тавозеъ зикрида; бешинчи боб — ризо зикрида; олтинчи боб — қаноат зикрида; еттинчи боб — тарбият олами зикрида; саккизинчи боб — шукру омонлик зикрида; тўққизинчи боб — тавба ва савоб йўли зикрида; ўнинчи боб — муножот ва китоб хотимаси зикрида.
«Бўстон» китобийликдан узоқ бўлиб, у бевосита қайноқ ижтимоий-сиёсий ҳаётдан, жонли халқ тилидан сув ичган, озиқланган ва шунинг учун ҳам жамиятнинг ҳамма табақаларига тушунарли бўлган»(Ҳайитметов А. «Бўстон» ва ўзбек адабиёти // Шайх Саъдий ва ўзбек адабиёти. Техрон-Тошкент, 2004 йил, 42-бет.).
«Гулистон» саккиз бобдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: дебоча; биринчи боб — подшоҳлар сийрати зикрида; иккинчи боб — дарвишлар ахлоқи зик-рида; учинчи боб — қаноат фазилати зикрида; тўртинчи боб — сукут сақлашнинг фойдалари зикрида; бешинчи боб — ишқ ва ёшлик зикрида; олтинчи боб — қарилик ва заифлик зикрида; еттинчи боб — тарбият таъсири зикрида; саккизинчи боб — суҳбат одоби зикрида.
«Гулистон» — форс-тожик дидактик адабиётининг чўққиси ҳисобланади. У «панду насиҳат ва одоб-ахлоқ китоби сифатида шуҳрат қозонган... Умрининг кўп қисмини саёҳатларда ўтказган, кўп халқлар, миллату элатлар ҳаётини кузатган, турли табақа кишилари билан мулоқотда бўлган Саъдий кўрган-кечирганларини, ҳаётий тажрибасини умумлаштириб, уларни юксак бадиий шаклда, қисқа-қисқа, аммо ғоят ширали, таъсирчан мусажжаъ насрий жумлалар ва шеърий байтлар билан зийнатлаб, ўзига хос ҳикоятлар тўпламини яратган. Уларда донишманд бир ҳаким инсоннинг заковати, насиҳатлари ҳам, енгил ҳазил-мутойибаси, лутфу нуктадонлиги ҳам, ҳис-туйғуларга лиммо-лим шоирона маҳорати ҳам мужассам. Шу сабабли ҳар хил тоифадаги, турли табъли одамлар «Гулистон»дан баҳра ола биладилар»(Комилов Н. Ҳикматлар хазинаси. Сўзбоши // Саъдий Шерозий. Гулистон (Огаҳий таржимаси). Тошкент, 1993 йил, 3—4-бетлар.).
Саъдийни ғазал жанрининг устоди сифатида ҳам улуғлашади, чунки унгача форс шеъриятининг етакчи жанрлари қасида, достон, маснавий, қитъа ва рубоий эди.
Рудакий, Саноий, Хоқоний, Жамолиддин ва Камолиддин Исфаҳонийлар кўплаб ғазаллар ёзган бўлсалар-да, улар қасида ва қитъа характерига эга бўлиб, ўзаро мустақил алоҳида байтлардан ғазал яратиш анъанасини Саъдий бошлаб берди. У ғазалчиликдаги ўзигача олиб борилган изланиш ва тажрибаларни ривожлантириб, ғазални такомилга етказди, кейин Хусрав Деҳлавий, Хасан Деҳлавий, Хожу Кирмоний каби забардаст шоирлар уни янада тараққий эттириб, Ҳофиз Шерозийга етказдилар, Ҳофиз эса уни юксак чўққига олиб чиқди. Саъдий ғазаллари 4 девондан иборат бўлиб, улар «Таййибот» («Латиф ғазаллар»), «Бадоеъ» («Янги ғазаллар»), «Хавотим» («Хотима ғазаллар») ва «Ғазалиёти қадим» («Эски ғазаллар»)дан иборат.
Саъдий икки тилда ёзиладиган шеър тури — муламмаъ (ширу шакар)нинг ҳам асосчиси ҳисобланади. Араб тилини яхши билганлигидан у арабча мисра ва байтларни форсий билан уйғунлаштириб, ушбу шаклни ихтиро қилган. Кейинчалик форсий-туркий ибора ва мисралар воситасида ширу шакар ёзиш анъанаси пайдо бўлди.
Саъдий таржеъбанд жанрини ҳам ривожлантириб, баланд пояга кўтарди. Ундан кейин ўтган шоирлар, ҳатто Ҳофиз ва Жомий каби шеър устодлари ҳам бу борада унга эргашдилар.
Саъдий форс-тожик бадиий насрининг ҳам асосчиси ҳисобланади. Унгача фақат мактублар, ҳужжатлар, илмий ва тасаввуфий асарлар, адабий характердаги тарихий лавҳаларгина насрда ёзилган. Бундан ташқари, шоирнинг ҳаёт ва инсон ҳақидаги фикрларининг қаймоғини ўзида жамлаган «Соҳибия» асари, арабча ва форсча қасидалари, қитъа, рубоий ва фардлари ҳам машҳур.
Саъдий Шерозийнинг Эронда Муҳаммадали Фурўғий томонидан тартиб берилган куллиёти 18 қисмдан иборат: 1. Гулистон. 2. Бўстон. 3. Ғазалиёт (Ғазаллар). 4. Таржеъот (Таржеъбандлар). 5. Қитъаот (Қитъалар). 6. Рубоиёт (Рубоийлар). 7. Мулҳақот (Пайваста шеърлар). 8. Муфрадот (Фардлар). 9. Мавоиз (Панд-насиҳатлар). 10. Маросий (Марсиялар). И.Қасоиди арабий (Арабча қасидалар). 12. Ғазалиёти муштамил бар панду насиҳат (Панд-насиҳат мавзуидаги ғазаллар). 13. Мусалласот (Мусалласлар — ҳар банди уч мисрадан иборат шеър тури: дастлабки икки мисраси ўзаро қофиядош бўлиб, учинчи мисра кейинги бандларнинг охирги мисраси билан ҳамқофия бўлади). 14. Қитъаот. 15. Рубоиёт дар ахлоқу мавъиза (Ахлоқ ва панд-насиҳат мавзуидаги рубоийлар). 16. Маснавиёт (Маснавийлар). 17. Муфрадот. 18. Расо-йили наср (Насрий рисолалар).
Саъдийга қадар алифбо асосида девон тартиб бериш анъанаси бўлмаган. Саъдий ҳам девонини алифбо асосида тартибга солмаган. Бу ишни шоир вафотидан кейин — 1326 йили Бесутун тахаллусли Али бинни Аҳмад бинни Абу Бакр деган киши амалга оширган. Шундан сўнг барча шоирлар шеърларини уларнинг охирги ҳарфи бўйича тартибга сола бошладилар.
Бир умр халқ ичида яшагани, ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини тотгани учун ҳам Саъдий асарлари бошқа Шарқ шоирлариникидан ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Уни Шарқ адабиётшунос-лари вуқуъгўй, яъни ҳаётни бор бўйича тасвирлайдиган адиб дейишади. Ҳозирги термин билан ифодалаганда, бу реалист ёзувчи дегани бўлади. «Бўстон» ва «Гулистон» ҳаётий ҳикоятлардан ташкил топгани, донишманд шоирнинг бу ҳикоятлар сўнгида қиссадан ҳисса тарзида келтирган шеърлари реал турмушдан чиқарилган хулосалар эканлиги билан ҳам жаҳон илму адаб аҳлини бирдай ўзига тортиб келмоқда.
«Гулистон»га эргашиб кўплаб асарлар ёзилган, лекин улардан фақат 3 таси: Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон»и, Мажидиддин Хавофийнинг «Хористон»и, Ҳабиб Қоонийнинг «Паришон»и шуҳрат қозонган.
Саъдий ҳам китоблар, ҳам одамлардан бир умр таълим олди — Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатлари уни дунёда кўпни кўрган, катта ҳаётий таж-риба тўплаган, ўз даврининг барча илмларини эгаллаган донишманд кишига айлантирди. Бу ҳақда унинг ўзи «Бўстон»нинг муқаддимасида ёзади:

Дар ақсои олам бигаштам басе,
Басар бурдам айём бо ҳар касе.
Таматтўъ ба ҳар гўшае ёфтам,
Зи ҳар хирмане хўшае ёфтам.

Мазмуни: «Дунёнинг энг чекка жойларигача сафар қилдим, турли тоифадаги одамлар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Ҳар гўшадан бир манфаат топдим, ҳар хирмон-дан бир бошоқ олдим».
XIX асрда яшаган таниқли турк танқидчиси Зиёпо-шо «Харобот» асарида Фирдавсий ва Саъдийни ўзаро қиёслаб, жумладан шундай деган эди:
«... Фирдавсий «Шоҳнома»ни вужудга келтириш учун ўттиз йил машаққат тортди. Ҳақиқатан ҳам, ўлмас бир асар яратди. Қуёш чиқишини бир юз йигирма ерда бир-бирига ўхшамайдиган бир юз йигирма хил ранг билан тасвир қилган. Аммо шунга қарамасдан, «Шоҳнома» оммага Саъдийнинг «Бўстон»и берган фойдани бера олмайди. Саъдий «Бўстон»да дунёни, яшаб турган дунёни тасвирлаган. Агар бадиий ижоддан мақсад оммага фойда етказиш бўлса, «Бўстон»нинг ҳар бир сўзи топилмас бир дур, — бир гавҳардир ва ҳар бир байти бир хазина»(Кўчирма қуйидаги китобдан олинди: Садриддин Айний. Асарлар. 8-жилд. Тошкент, 1967 йил, 145-бет.).
Шу тариқа, у бадиий асар тўғрисида оммага манфаати тегиши ва ифода тарзининг очиқлиги нуқтаи назаридан муҳокама юритиб, Саъдийни форс-тожик мумтоз шоирларининг барчасидан афзал қўяди.
Садриддин Айний ҳам Саъдийнинг «асарларидан ақлга сиғмайдиган, ўхшаши тириклик оламида бўлмаган ёки бўлиб ўтмаган бирор нарсани тополмайсиз», — деб лутф этган эди. У шоир ижодини текшириш давомида: «Саъ-дий, шубҳасиз, форс-тожик классик адабиётининг жуда улуғ сиймоларидан бўлиб, бундақаси бўлмаган», — деган хулосага келади. Дарҳақиқат, мумтоз форс-тожик адабиётида бирор-бир адиб ижоди Саъдий асарларичалик ҳаётийлиги билан ажралиб турмайди. У илҳомни, мавзуни, мазмунни, сўз ва образли ибораларни халқдан олиб, халққа қайтарди — шоир асарларининг халқчил асоси шунда.
Саъдий ўзидан кейинги форс-тожик адабиётига энг кучли таъсир кўрсатган забардаст сўз санъаткоридир. «Умуман, бутун Шарқда Саъдий номи жуда кўп тилга олиниб туради. Шоирлар, файласуфлар ва олимларгина эмас, оддий халқ намояндалари ҳам ўз фикрларининг тўғрилигини исботлаш учун бу сўз устодининг ажойиб асарларидан далил келтирадилар. Доно шоирнинг пур-ҳикмат жумлалари саккиз асрдан бери мажлисларга, кишилар нутқига оро бериб, онгига таъсир кўрсатиб келмоқда»(Шомуҳамедов Ш. Форс-тожик адабиёти классиклари ижодида гуманизм. Тошкент, 1968 йил, 359-бет.).
Халқ ҳаётини яхши билган Саъдий кўплаб халқ мақол-маталлари, образли ибораларини асарларига олиб киради. Ўз навбатида, бу донишманд инсоннинг ўзи ҳам кўплаб ҳикматлар ижод этганки, улар халқ оғзаки ижоди таркибига сингиб кетган: улардан қайси бири халққа тегишли-ю, қайси бири Саъдийдан ўзлаштирилганлигини ажратиб бўлмайди:

Кимки бефойда умрин ўтказди,
Ҳеч нарса олмасдан олтин кетказди.

Севинма душманим олмиш деб ажал,
Бир куни сенга ҳам гал келади, гал.

Бирлашса чумоли иттифоқ бўлиб,
Арслон терисини олажак шилиб.

(Ш. Шомуҳамедов таржималари)
Дарҳақиқат шоирнинг панду насиҳатлари, мақол ва ҳикматга айланиб кетган чуқур мазмунли фикрлари, фалсафий хулосалари ҳаётий: у дунё кезиб, ҳаётни ҳар томонлама ўрганиб, инсон умрининг моҳияти, феъл-атворининг турфа қирраларини узоқ йиллар мобайнида теран нигоҳ билан кузатиб, оҳорли ва чуқур мазмунли бадиий умумлашмалар қилади — уларнинг халқ мақолларидай, ҳикматли сўзлардай жаранглашининг сабаби шунда:

То мард сухан нагуфта бошад,
Айбу ҳунараш нуҳуфта бошад.
Ҳар беша гумон мабар, ки холист,
Шояд, ки паланг хуфта бошад!

Мазмуни: «То киши сўзга оғиз очмай туриб, унинг нуқсонию фазилатини билиб бўлмайди. Шунга ўхшаб, тўқайни сокин кўриб, уни тинч деб ўйлама, ажаб эмаски, бир овлоқда йўлбарс ухлаб ётган бўлса!»

Ёки:
Гурбаи мискин агар пар дошти,
Тухми гунжишк аз жаҳон бардошти.

Ин ду шохи гов агар хар дошти,
Ҳеч касро пеши худ нагзошти.

Мазмуни: «Бечора мушукнинг агар қаноти бўлса, дунёда чумчуқнинг уруғини қуритар, ҳўкиздаги икки шох эшакда бўлганида ҳеч кимни яқинига йўлатмас эди».
Панд-насиҳат, ҳикмат Саъдий асарларининг қатқатига сингиб кетган. У ҳаётий воқеа-ҳодисаларни турли шаклларда ифодалаб, кўрган-кечирганлари юзасидан хулоса чиқаради ва кишиларни инсоний камолотга даъват этади, умр йўлларида қоқилмаслик, адашмасликка, ўткинчи ҳаётнинг қадрига етишга, бир-бирини авайлашга чақиради, ҳалол меҳнат қилиб, осойишта яшашнинг аҳамиятини тушунтиради, илму ҳунарнинг афзалликларини уқтиради.
Ҳеч нарса ҳаётнинг ўрнини босолмагани сингари, ҳаёт ҳаққониятига асосланган асарларнинг умри ҳам боқий бўлади. Айни жиҳатдан, шоир шеърларининг ҳар бир ҳужайрасидан ҳаёт нафаси уфуриб туради. Бу шеърларнинг қон томири турмушнинг қайноқ вужудига уланган.
Ҳаётнинг ўзи устозлик қилган киши чинакам донишманд бўлади. Чунки ҳаёт сабоқлари ҳамиша жонли ва аниқ бўлади. Бунинг устига, ҳаёт деган устознинг дунёнинг жилд-жилд китобларига кирмай қолган усул ва тажрибалари ҳам кўп. Йиллар давомида жилд-жилд китоблардан ололмаган сабоғингни ҳаёт бир лаҳзада миянгга жойлаб қўйиши мумкин. Китобий илмлар хотирадан ўчиб кетиши мумкин, лекин ҳаёт сабоқлари сира эсдан чиқмайди. Саъдий ҳикматлари ҳаётдан олингани учун ҳам асрлар давомида ўз қимматини йўқотмай келаяпти ва то ер юзида инсон авлоди яшар экан, уларнинг аҳамияти заррача камаймайди, билъакс, ортиб бораверади. Зеро, инсоннинг табиий ва маънавий интилишлари ҳамма давр-лар ва жамиятларда ҳам деярли бир хил.
Бу шеърлар ўз замонининг барча илмларини эгаллаган аллома, дунё кезган донишманд, олам ва одам моҳияти устида бир умр тафаккур юритган мутафаккирнинг ўй-фикрлари, фалсафий умумлашмалари, ҳаётий хулосалари. Дунёни мукаммал, ҳаётни тўкис, инсонни баркамол кўришни истаган бани башар такдири учун масъул зотнинг орзу-армонлари, умид-изтироблари.
Дунёни улкан бир бозор сифатида тасаввур қилсак, Саъдий унинг ўртасида туриб инсониятга ҳикмат улашаётган буюк донишмандга ўхшайди. Лекин панд-насиҳат иқлимининг Ҳотами Тойи бўлган бу саховатли инсон ўз ҳикматларини текинга улашади. Текин нарсанинг кадри йўқ, деганларидек, бу ҳар бири гавҳарга тенг хикматларни олган ютади, олмаган ютқазади. Зеро, шоир ҳикматлари тириклик аталган на охири, на боши маълум бу йўлда бани башар йўлидаги манзилларни кўрсатувчи йўл кўрсаткичлардир. Ўткиичи дунё зулматидан абадий ҳаёт саҳнасига олиб чиқадиган йўлчи юлдузлардир.
Саъдий асарларини бир нонга ўхшатсак, унинг дони дунё экинзорларидан битта-битталаб терилган, ранжу машаққат тегирмонида янчилиб, меҳру муҳаббат сувига қорилган, қайноқ қалб тандирида пишиб, хайру саховат дастурхонига тортилган, дейиш мумкин. Бу нондан бир бурда еган кишининг ақли тўлишади, кўзи очилади, дунё сири, ҳаёт моҳияти, умрнинг мазмунини англашга бошлайди.
Инсон аслида бу тубан дунё, тескари айланувчи фалак, мураккаб ҳаёт, буқаламун тақдир олдида кўзи юмуқ гўдакка ўхшайди. Олам ва одам моҳиятини англаб етган мутафаккир шоир шунинг учун ҳам инсоннинг кўзини очишни хоҳлайди — унинг теграсидаги одамлар, ҳаёт ва дунёнинг асл қиёфасини кўрсатишга ҳаракат қилади. Ўзи дунё кезиб топган тўғри йўлни бошқаларга ҳам кўрсатгиси келади. У одамларнинг ортиқ адашиши, хато қилиши, умрини беҳуда ўтказиши, ғафлатда яшашини истамайди. Ўнинг бу қадар кўп панд-насиҳат айтишининг сабаби шунда. Зеро, кўзининг очилиши учун ҳамманинг ҳам боши деворга урилиши шарт эмас, бошқаларнинг хатоларидан сабоқ чиқаришнинг ўзи кифоя.
Саъдий асарларининг тили содда, услуби лўнда, халқона сўзлар ва образли ифодаларга бой, ташбеҳу тимсолла-ри ҳаётий, шеърий санъатларни маҳорат билан қўллайди, шаклан гўзал, мазмунан теран, бадиий юксак бу асарларга ўхшатиб ёзишга уринганлар кўп, лекин ҳеч ким Саъдий даражасига кўтарилолмаган. Шунинг учун ҳам форс-тожик адабиётшунослари унинг услубини «саҳли мумтанеъ», яъни «осон-у, имкони йўқ» деб таърифлаганлар.
«Гулистон» XVII асрнинг биринчи ярмидаёқ Еврона тилларига таржима қилиниб, тарқала бошлаган. У илк бор француз дипломати Андре Рие томонидан француз тилига ўгирилиб, 1634 йили Парижда нашр этилган. Бу таржима жуда эркин бажарилган ва мукаммал бўлмаса-да, кўпчиликнинг эътиборини тортади. 1635 йили асар французчадан немис тилига таржима қилинган. Шундан кейин бошқа Ғарб тиллари, шунингдек, рус тилига ҳам ўгирилган. Рус тилида «Гулистон» (1957, 1959) ва «Бўстон» (1963) асарларининг мукаммал таржималари босилиб чиққан.
«Саъдий ёлғиз Эрон эмас, балки Осиёнинг, Африканинг ҳамма ерида ҳурматли бир файласуфдир. Унинг тарзи баёнининг тароватини ва ифодасининг қимматини Европа илму адаб аҳли ҳам кўпдан бери тан олганлар», — деб ёзади машҳур мажор олими Ҳерман Вамбери. Буюк немис шоири ва мутафаккири И.В. Ҳёте Саъдийни «жуда маҳсулдор ва файзли», «ҳаёт тажрибаси билан бойиган жуда яхши шоир» деб ҳисоблаган.
Машҳур француз файласуфи ва адиби Вольтер «Гулистон»дан хабардор бўлган ва баъзи шеърларида ундан фойдаланган. Таниқли француз масалчиси Лафонтен ҳам «Гулистон»даги ҳикоят ва нақллардан ўз масалларида истифода этган. Улуғ рус шоири А.С. Пушкин: «Саъдий ва Ҳофиз асарларининг пинҳоний асрорига етгунимча шеърларимда қувончбахш жиҳатлар ва ҳаётдўстлик кам учрарди», — деган эди.
Саъдий асарлари қадимдан ўзбек халқи орасида ҳам машҳур. «Бўстон» ва «Гулистон» асарлари мадрасаларда асосий дарсликлар сифатида ўқитилиб келган. Мумтоз шоирларимиз бу улуғ сўз санъаткоридан ўрганганлар, таъсирланганлар. Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Хожанинг «Гулзор», Абдулла Авлонийнинг «Туркий «Гулистон» ёхуд ахлоқ» асарлари бевосита Саъдий «Гулистон»и таъсирида яратилган. «Девони Фоний»да Саъдий ғазалига 22 та татаббуъ, унинг таврида 4 та ғазал мавжуд. Чунончи, Навоийнинг Саъдий ғазалига ёзган бир татаббуъсида ўқиймиз:

Фоний, ба раҳи Саъдий агар зад қадаме чанд,
Бо ў суханаш бин, ки чу ширу шакар афтод.

Мазмуни: «Фоний Саъдий йўлида бир неча қадам ургани учун ҳам сўзлари сут ва шакар қўшилганидек ширин бўлди». Албатта, тасаввуф адабиёти намояндаси сифатида Саъдий сўфиёна шеърлар хам ёзган («Гулистон»нинг иккинчи бобида шоир болалигида отаси билан сўфийлар мажлисида бўлганлиги тўғрисида ҳикоя қилади). Лекин уларда ҳам, Навоий таъбири билан айтганда, ҳақиқий ва мажозий муҳаббатни маҳорат билан омихта қилиб юборган. «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида келтири-лишича, Саъдий Шерозийга Хизр назар қилган. Машҳур тариқат пири Низомиддин Авлиёга қўл бериб, унинг раҳбарлигида риёзат босқичларини босиб ўтаётган Амир Хусрав Деҳлавий бир кеча тушида Хизр алайҳиссаломни кўриб, ундан ўз оғзига муборак тупугини солиб қўйишини ўтинади. Лекин Хизр айтадики: «Бу давлат сендан аввал Саъдийга муяссар бўлди!»
Мўътабар зотлардан бирининг тушига Муҳаммад алайҳиссалом кириб, Саъдий билан баҳслашгани учун унга танбеҳ берган. Уни тан олмайдиган бир улуғ киши кечаси туш кўрса, осмон эшиклари очилиб, қўлида нур табақлари билан фаришталар чиқиб келишади. Унинг: «Бу не нурдир?» — деган сўроғига: «Бир байти Оллоҳ таолога қабул тушган Шайх Саъдий учундир!» — деб жавоб беришади. Мана, ўша байт:

Барги дарахтони сабз дар назари ҳушьёр,
Ҳар варақи дафтарест маърифати Кирдигор.

Мазмуни: «Ҳушёр киши наздида яшил дарахтларнинг ҳар бир япроғи Яратувчи маърифати дафтарининг бир варағидир».
Маълумки, наср ва назм аралаш халқона услубда ёзилгани, ривоят, нақл, ҳикматга бойлиги билан катта шуҳрат қозонган «Гулистон» асари ўзбек тилига бир неча марта таржима қилинган. Бу асарни биринчи марта 1390—1391 йилларда XIV аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Сайфи Саройи «Гулистон биттуркий» номи билан Мисрда таржима қилган.
Сайфи Саройи дўстлари ва маслакдошларининг даъватига кўра, «Гулистон»ни ўзбек тилининг қипчоқ шевасида ўгиради. У асарнинг аслини айтарли сақлаб қолган, айни пайтда, аслиятдан бир қадар чекинган. Бу давр омили билан ҳам боғлиқ: ўрта асрларда таржимага бирмунча эркин ёндашилган — таржимоннинг асарни қисқартириш, ўзгартириш, ҳатто унга қўшимча қилиши мумкин бўлган. Сайфи Саройи ҳам таржима жараёнида «Гулистон»даги айрим парчаларни тушириб қолдиради, баъзи шеърларни ижодий қайта ишлайди, ўзининг ва замондош шоирларнинг баъзи шеърларини киритади, айримларини таржи-ма қилмай, ўзича қолдиради. Шунга қарамай, таржима муваффақиятли чиққан ҳамда асрлар мобайнида туркий халқларни Саъдий ижоди билан таништириш ва дониш-манд шоирнинг маънавий-ахлоқий қарашларини тарғиб қилишда муҳим роль ўйнаган.
Ўзи ҳам даврининг баркамол шоири бўлган Сайфи Саройи «Гулистон» таркибида келган шеърлар таржимасида алоҳида маҳорат кўрсатган. Чунончи, қуйидаги тўртлик аслиятга ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатидан тўла мувофиқ:

Абр агар оби зиндаги борад,
Ҳаргиз аз шохи бед бар нахўри.
Бо фурўмоя рўзгор мабар,
К-аз наи бўрьё шакар нахўри.

Агар ёғса булутдан оби ҳайвон,
Яқин бил тол ағочинда емиш йўқ.
Ёмон бирла умрни зоеъ этма,
Қури найдан киши шаккар емиш йўқ.

Албатта, Сайфи Саройи «Гулистон»нинг насрий қисмини ҳам катта маҳорат, шоирона ҳассослик билан таржима қилган. Жумладан: «Ду кас мурданду таҳассур бурданд: яке он, ки дошту нахўрд ва дигар он, ки донисту накард». Мутаржим бу жумлани сажъ санъати воситасида ўзбекчалаштиради: «Икки киши дунёдин кетти, дағи ҳасрат-надомат элтти: бири улким, йиғдидағи емади, бири улким, билди — дағи қилмади». Баъзида жумлани ихчамлаштириб таржима қилади: «Якеро гуфтанд: «Олими беамал ба чи монад?» Гуфт: «Ба занбўри беасал!» — «Амалсиз олим болсиз занбурға ўхшар». Баъзида Саъдийнинг насрий ҳикматларини шеър билан таржима қилади: «Дурўғи маслиҳатомез беҳ, ки аз росте фитнаангез»:

Фитна юзли рост сўздан бўл йироқ,
Маслаҳатли ёлғон андан яхшироқ.

XIX асрда «Гулистон» Хива хони Муҳаммад Раҳим-хон II — Феруз топшириғи билан забардаст шоир ва моҳир мутаржим Муҳаммадризо Огаҳий томонидан ик-кинчи марта ўзбек тилига таржима қилинади. Асарни бирмунча қисқартириб таржима қилгани, чунончи, 187 ҳикоятдан 25 тасини қолдириб кетгани, 1000 га яқин шеърий парчалардан 522 байтини шеър билан ўгириб, қолганини насрлаштиргани, бир қанча арабий матнларни ўзбекчалаштирмаганига қарамай, «Огаҳий Саъдий Шерозий ҳикоятларининг бадиий таровати, руҳини ўқувчига етказади. Саъдий сажълари, ихчам, лекин лўнда афористик жумлаларда тузилган насри, қитъа ва рубоийлари, сероҳанг жарангдор ифодалари Огаҳий таржимасида ўзбекча нафосат билан акс этган»(Комилов Н. Ҳикматлар хазинаси. 8-бет.).
«Гулистон»нинг учинчи таржимаси тошкентлик мударрис ва шоир Мулло Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли қаламига мансуб бўлиб, у «Шавқи Гулистон» деб аталган. «Муродхўжа мадраса талабалари эҳтиёжини ҳисобга олиб, асарнинг қийин сўз ва ибораларини шарҳлаган ва форсий оригиналини ҳам қўшиб, «Ғуломия» матбаасида нашр эттиради»(Ўша ерда. 7-бет.) (1909). Лекин сўзма-сўз таржима принципи устунлиги ва бадиий савияси баланд бўлмаганлиги туфайли бу таржима унча шуҳрат қозонмаган.
1968 йили «Гулистон»нинг тўртинчи таржимаси босилиб чиқди. Асардаги шеърларни Ғафур Ғулом ва Шоислом Шомуҳамедов, наср қисмини Рустам Комиловлар ўзбекчалаштиришган. Бу «Гулистон»ни ҳозирги давр ўқувчисига таништириш йўлида муҳим қадам бўлди. Чунки мавжуд таржималарнинг барчаси тил жиҳатидан эскирган бўлиб, улар замонавий китобхоннинг талаб-эҳтиёжларини қондиролмас эди. Бинобарин, асарнинг янги таржимасини даврнинг ўзи кун тартибига қўйган эди. Руҳий яқинлик ва нуқтаи назарлар бирлиги — бадиий таржиманинг муваффақиятини таъминлайдиган муҳим омил. Ғ. Ғулом таржималарининг ютуғи ҳам айнан. Саъ-дий фикрлари унинг қалбида акс садо берганлигида, бу икки донишманднинг қарашлари муштараклигида.

Жаҳон, эй бародар, намонад ба кас,
Дил андар жаҳонофарин банду бас.
Макун такья бар мулки дуньёву пушт,
Ки бисьёр кас чун ту нарварду кушт.
Чу оҳанги рафтан кунад жони пок,
Чи бар тахт мурдан, чи бар рўи хок.
Бу жаҳон ҳеч кимга қолмас, биродар,
Дилингни Тангрига топширсанг етар.
Таянч, деб билмагин бу дунё молин,
Кўпларни ўстириб, берди заволин.
Жон берар экансан, фарқи йўқ сира,
Тахтда ўласанми ё тупроқ узра.

Албатта, бу сўзма-сўз эмас, балки маъно таржимаси, яъни Саъдий фикрларининг Ғафур Ғулом қалбида қайта ишланган ўзбекча ифодаси.
Бундай гўзал таржималарни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бу — туташ қалблар, муштарак қарашларнинг ўзаро бирлигига ўхшайди. Теран билим ва катта турмуш тажрибасига эга Саъдий ўз фикрларини ҳаётий ташбеҳлар воситасида лўнда ва ихчам ифодалайди. Ҳаётий тажри-балар маҳсули бўлган бу фикрлар асрлар мобайнида кишиларни ҳайратга солиб келмокда.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан