Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Жаҳон адабиётининг муаззам сиймоси
Facebook
Жаҳон адабиётининг муаззам сиймоси PDF Босма E-mail

Жаҳон сўз санъатининг муаззам сиймоларидан бири, ўзидан кейинги Шарқ ва Ғарб адабиётига кучли таъсир ўтказгани жиҳатидан башарият шоири деб улуғланган Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий Румий 1207 йил 30 сентябрда (ҳозирда ҳар йили шу кунда бутун дунёда Румий куни нишонланади) ўша даврнинг йирик илм ва маданият марказларидан бўлган Балх шаҳрида етук воиз, билимдон мударрис, фиқҳ олими, фатво соҳиби, тасаввуф донишманди, кубравия тариқати шайхи, Султон ул-уламо номи билан донг таратган Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келади.
Ривоятларга кўра, Жалолиддиннинг онаси Мўмина хотун Балх амири Рукниддиннинг қизи бўлиб, насл-насаб жиҳатидан у Муҳамммад алайҳиссаломга, отаси эса хоразмшоҳлар хонадонига мансуб бўлиб, ислом оламининг биринчи халифаси Абу Бакр Сиддиққа бориб боғланади. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» таз-кирасида: «Онаси Хуросон подшоҳи Алоуддин Муҳам-мад Хоразмшоҳнинг қизидур», — деб хабар беради. «Қизингни Баҳоуддин Валадга узатасан», — деб шоҳга тушида пайғамбар томонидан ишора бўлган эмиш. Сул-тон ул-уламо рутбасини хам Баҳоуддин Валадга гушида Расулуллоҳ марҳамат қилади.
Ота-боболари узоқ йиллар давомида Балхда хатиблик қилиб келган Баҳоуддин Валадни нафақат туғилган шахри, балки Хуросону Мовароуннахрда, ҳатто Ироқу Бағдодда ҳам жуда яхши билишар ва ниҳоятда ҳурмат қилишар эди. У кўп сафар қилган ва барча шаҳарларда ўша даврнинг машҳур кишилари билан ҳамсуҳбат бўлган. Лекнн дунёқараши кенг ва илғор фикрли Баҳоуддин Валадни қатъияти ва тўғрисўзлиги учун амир-амалдорлар ва шайху уламолар хушламаганлар. Икки ўртадаги келишмовчиликлар, зиддиятлар, баҳсу мунозаралар, курашлар охир-оқибатда Султон ул-уламонинг Муҳаммад Хоразмшоҳ билан ораси бузилиши ва ҳаж сафари баҳонасида хоразмшоҳлар салтанати ҳудудини тарк этишига олиб келди. У Вахш, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида ҳам бир неча йил яшаган. Чунончи, 1212 йили «Мухаммад Хоразмшоҳ Самарқанд ҳукмдори Султон Усмон билан жанг қилиб, шахарни эгаллаб, уни талон-торож қилган чоғида Баҳовалад оиласи билан Самарқандда яшарди. Мавлоно эса у пайтда беш ёшлик гўдак эди (Мавлоно «Фиҳи мо фиҳи» асарида ўша воқеаларни эслайди)»(Муҳаммад Истеъломий. Илоҳий ишқ куйчиси (Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий). Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржимаси. Теҳрон, 2001 йил, 10-бет.).
Каъба зиёрати учун йўлга чиққан Баҳоуддин Валад Нишопурда машҳур тасаввуф шайхи ва мутасаввиф шоир Фаридиддин Аттор билан учрашади. Кўзларида илоҳий нур чақнаб турган 13 ёшли Жалолиддиннинг келажакда улуғ бир зот бўлиб етишишини сезган Аттор «Асрорнома» асарини унга тақдим этар экан, Баҳоуддин Валадга қарата: «Бу бола ҳадемай оламдаги барча ошиқлар қалбига ўт солади!» — деб башорат қилади. Айтишларича, Жалолиддин бир умр «Асрорнома»ни ёнидан қўймаган экан.
Хуросон, Бағдод, Ҳижоз ва Шом (Сурия)га қилинган бир неча йиллик сафардан сўнг Мавлоно оиласи Лорандада 7 йил яшаб қолади. Лоранда ҳокими Баҳоуддин Валаднинг ҳурматини жойига қўйиб, у учун алоҳида мадраса қуриб беради — Султон ул-уламо шу мадрасада яшаб, мударрислик қилади. Жалолиддиннинг ваъз мажлислари ва мударрислик фаолияти ҳам Лорандада бошланади, шу ерда оилалик бўлади. Онаси Мўмина хотун ҳам Лорандада дафн қилинган.
Бу даврда Кўнияда салжуқийлардан бўлган маъри-фатпарвар ва шоиртабиат Султон Алоуддин Кайқубод ҳукмдорлик қилаётган эди(Салжуқ турклари Кичик Осиёдаги Византия ерларини босиб олиб, XI аср охирида Кўния султонлигини тузганлар. Султон Алоуддин Кайқубод ҳукмронлиги (1219-1236) унинг энг гуллаб-яшнаган даврига тўғри келади.). У Султон ул-уламонинг довруғини эшитиб, Кўнияга таклиф этади. 1223 йили Мавлоно оиласи Кўнияга келганда Алоуддин уни катта тантана билан кутиб олиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Баҳоуддин Валад Олтунпо мадрасасида истиқомат қилиб, дарс беради. Унинг воизлик шуҳрати бутун шаҳарга ёйилиб, амир-амалдорлар, ҳатто Султоннинг ўзи ҳам доимий равишда ваъз мажлисларига келиб туришарди.
1232 йили Баҳоуддин Валад Кўнияда оламдан ўтади.
Жалолиддин Румий ана шундай улуғ инсоннинг вориси эди. Унинг исми — Муҳаммад, лақаби — Жалолид-дин бўлиб, ёру дўстлари ҳурмат билан Мавлоно деб атаганлар. Ёшлигиданоқ мўътабар шахс сифатида хожа, сарвар, жаноб маъносидаги Худовандгор лақабини олган. Замондоши Шамсиддин Афлокий «Маноқиб ул-орифон» асарида уни қалби Ҳақ сирларига ошно инсон маъносидаги «Сируллоҳ ул-аъзам» деб зикр этади. Ҳозирги Туркия ҳудудидаги қадимги Кичик Осиё — Румда яша-гани учун ҳам у Румий, Мавлоно Румий, Жалолиддин Румий номлари билан машҳур бўлган. Кейинги даврда уни Мавлавий деб аташ кенг расм бўлади.
Жалолиддин беш ёшидан бошлаб илоҳий олам билан алоқага киришганини ривоят қиладилар. У олти ёшида болалар билан томда ўйнаб юрганида улардан бири:
— Келинглар, томдан томга сакраймиз! — деб таклиф қилади. Жалолиддин унга қарши чиқади:
- Бу иш ит билан мушукка муносиб. Одам боласи-нинг уларга тақлид қилиши яхши эмас. Агар қувватингиз етса, осмон томига сакранг!
Шу сўзни айтар-айтмас, Жалолиддин ҳавога кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлади. Болалар қўрққанларидан қичқириш ва йиғлашга тушадилар.Бир муддатдан сўнг у ранги ўзгарган ҳолда яна томга қайтади ва болаларга айтадики:
— Ўша сўзларни сизга айтиб турган вақтимда яшил либос кийган кишилар мени сизнинг орангиздан тор-тиб олдилар. Осмонга кўтариб, фаришталар олами нинг ажойиботларини кўрсатдилар. Сизларнинг фарёду фиғонингизни эшитиб, яна бу ерга туширдилар.
Отаси ва унинг шогирдлари тарбиясини олган (ма-салан, Навоий Бурҳониддин Муҳаққиқ Жалолиддинни тўққиз йил давомида тарбиялаганини айтади), Дамашкда буюк фиқҳ олими Ибн ал-Адим, Ҳалабда ҳадис, тарих, фалсафа, калом ва илми бадеъ алломаларидан бўлмиш Ўмар бинни Аҳмад бинни Ҳиббатуллоҳ қўлида ўқиган Жалолиддин ўз даврининг етук олими ва мударриси бўлиб етишади. Отаси вафотидан сўнг 24 ёшида унинг ўрнига муфти ва фақиҳ бўлади, мударрислик курсисига ўтиради.
Баҳоуддин Валад вафотидан бир йил ўтгач, устозини излаб унинг Сирдон номи билан машҳур термизлик шогирди Саид Бурҳониддин Муҳаққиқ Кўнияга келади. Унинг тавсиясига кўра, Жалолиддин яна бир неча йил Ҳалаб ва Дамашқ мадрасаларида таҳсил олиб, илмини камолга етказади. Бу йиллар машҳур тасаввуф олими Муҳйиддин ибн Арабийнинг кексалик даврига тўғри келади, бинобарин, «тахмин қилиш мумкинки, бу улуғ муаллим ва қобилиятли толиби илм орасида маънавий робита мавжуд бўлган»(Муҳаммад Истеъломий. Илоҳий ишқ куйчиси. 17-бет.).
Мавлоно асосан диний илмлар билимдони, шариат олими эди. Таҳсилни тугатиб келгач, Бурҳониддин уни хилватга даъват этиб, уч бора чилла ўтирғизганидан кейин унга муршидлик хирқасини кийгизади. Лекин то мажзуб дарвеш Шамсиддин Табризий билан учрашгунча у фақиҳ ва мударрис сифатида ҳурмат ва шуҳрат оғушида хотиржам ҳаёт кечирарди.
Шамсиддин Табризий Шайх Абубакр Саллабоф Табризий, Шайх Рукниддин Синжосий, Бобо Камол Жандий каби ўз даврининг машҳур пирлари тарбиясини олган. Шайх Авҳадиддин Кирмоний, Шайх Фахриддин Ироқий, Шайх Закариё Мўлтоний сингари комил сўфийларнинг сўҳбатига муяссар бўлган, Дамашқда улуғ тасаввуф олими Муҳйиддин ибн Арабий билан баҳсу мунозара қилган буюк сўфий эди. Ундан «Мақолоти Шамс» номи билан машҳур бўлган мақолалар тўплами бизгача етиб келган. Давлатшоҳ Самарқаидийнинг ёзишича, Бобо Ка-мол Шамсга:
— Сен Румга сафар қил у ерда куйган бир инсон бор. Унинг вужудини ёндириш керак, — деган экан. Дарҳақиқат, ўзини безовта руҳининг ихтиёрига топшириб, шаҳарма-шаҳар муносиб суҳбатдош қидириб юрган бу мажзуб дарвеш уни Мавлоно сиймосида Кўнияда топади. Бу учрашув 1244 йил 26 ноябрда содир бўлади. Ушанда Шамс Кўния кўчаларида шогирдлари қуршовида келаёт-ган Мавлонони тўхтатиб, унга шундай савол билан юз-ланади:
— Эй у дунёю бу дунё маъною моҳиятларининг саррофи! Айтгил, ким устун — Муҳаммад пайғамбарми ёки Боязид Бистомий?
Мавлоно бошқа ҳар қандай уламога ўхшаб жавоб беради:
— Бу не сафсата? Албатта, Муҳаммад устун!
- Яхши, — деди у. — Нега унда Муҳаммад: «Юрагимни занг босиб, Эгамнинг олдида ҳар куни етмиш марта тавба қиламан», — дейди-ю, Боязид эса: «Мен ўзимдаги ҳар қандай қусурлардан халос бўлдим. Вужудимда Худодан бўлак ҳеч нарса қолмади. Улуғман, улуғман, шон-шарафга тўлиқман!» — деб бонг уради?
— Муҳаммад алайҳиссалом ҳар куни етмиш мақомни босиб ўтарди, — хотиржамлик билан жавоб қайтаради Жалолиддин савол берувчининг анойи одам эмаслигини ҳис қилиб. — Ва ҳар гал янги пояга етиб, аввалги пояда эришган ютуқларининг қосирлиги учун тавба-тазарру этарди. Боязид эса ёлғиз биргина пояга етиб, шунинг мартабасидан боши айланиб, жазава ичра ўшандоқ сўзларни айтган.
Бу жавобни эшитгач, Шамсиддин фарёд уриб, ўзини ерга ташлайди ва ҳушидан кетади. Мавлоно отдан тушиб, шогирдларига уни мадрасага олиб боришни буюради. У ўзига келиши билан бошини Мавлононинг тиззасига қўяди, қўлидан тутади. Шундан кейин улар хилватга кириб, нақ уч ой суҳбат қурадилар. Уларнинг тинчини бузишга ҳеч ким журъат қилолмайди. Жалолиддин дарслари ва ваъзларини унутади. Бу суҳбатлар натижасида фақиҳ ва мударрис Мавлоно сўфий ва шоир Мавлонога айланади. «У мадрасани хонақоҳга, ваъз мажлисларини самоъ йиғилишларига, мутаассибларча фикр юритишни сўфиёна ишққа, донишмандона босиқлигини сўфиёна жазавага алмашиб бўлган эди»(Муҳаммад Истеьломий. Илоҳий ишқ куйчисй. 26-бет.). Шу тариқа, авлиё шоир Фаридиддин Аттор башорати ва мажзуб дарвеш Шамсиддин Табризий даъвати билан Жалолиддин Румий букж мутасаввиф шоир бўлиб етишади. Унинг шеърларидан бирида: «Агар Аттор менга рух бахш этган бўлса, Шамс Табризий тилсим калитини тутқазди», — дейиши бежиз эмас. Ҳатто шеърларини Шамс тахаллуси билан ёзиб, девони «Девони Шамс Табризий» номи билан шуҳрат қозонади. У Шамс билан учрашгунча Хомуш тахаллуси билан шеър ёзиб қолмай, кейин ҳам ғазалларида гоҳ Шамс, гоҳ Хомуш тахаллусини қўллаган.
Мавлононинг ҳаётида ҳал қилувчи роль ўйнаган яна бир инсон халифаси Ҳусомиддин Чалабий эди. Жавон-мардлик тариқатининг пешқадам вакилларидан бўлган бу фидойи зот бир умр устозидан ажралмади ва муаззам «Маснавийи маънавий» ҳам унинг турткиси ва котиблигида яратилган. Унгача Мавлоно шогирдлари Саноий ва Атторнинг сўфиёна мазмундаги маснавийларини мутолаа қилардилар. Румийнинг ўзи ҳам: «Саноий руҳ эди-ю, Аттор унинг икки кўзи — биз уларнинг изидан келганмиз», — дер эди. Бир хилват кечада Ҳусомиддин устозига Саноийнинг «Ҳадиқат ул-ҳақиқа» ва Атторнинг «Илоҳийнома»сига ўхшаш бир асар таълиф этишни таклиф қилади. Мавлоно ўша заҳот салласининг печидан бир қоғоз чиқаради, чунки бу ният унинг ўзида ҳам кўпдан мавжуд эди. Бу «Маснавийи маънавий»нинг ибтидоси — илк 18 байти эди. Шу тариқа «Маснавий»ни ёзишга киришилди. Узоқ йиллар давомида Мавлоно «Маснавий»ни айтиб туради, Ҳусомиддин упи қоғозга дарж этиб, кейин муаллифга ўқиб беради. Бу ҳол кўпинча тонггача давом этарди. Олти дафтардан иборат «Маснавийи маънавий» шу тарзда яратилади. У 1250 1269 йилларда — ўн йил мобайнида қоғозга тушади. Ҳусомиддин бўлмаса, Мавлононинг илҳоми келмасди.

Ул Зиёулҳақ Ҳусомиддин бу он
«Маснавий»ни бурди кўкдин ер томон.

Мавлоно 1273 йилнинг 17 декабрида дунёдан кўз юмади.
Алишер Навоий «Махбуб ул-қулуб» асарида қалам аҳлини уч гуруҳга ажратади: ҳақиқий ишқни куйлаган шоирлар, ўз ижодида ҳақиқий ва мажозий ишқни омихта қилган шоирлар, мажозий муҳаббатни тараннум этган шоирлар. Жалолиддин Румий биринчи тоифага мансуб бўлиб, у ўзининг барча асарларида еру кўкнинг соҳиби бўлмиш Оллоҳи каримни ва унинг заминдаги халифаси Ҳазрати инсонни улуғлайди. Эрон олими Тақий Пурномдориённинг ёзишича, XI асрнинг охирларида «Саноий бошлаб берган ирфоний шеър Аттор туфайли шаклланган бўлса, XIII асрга келиб, Мавлавий ижоди билан камолга етди».
«Девони Кабир» ёки «Куллиёти Шамс Табризий» деб аталган шеърий девонининг эронлик румийшунос Бадеъ-уззамон Фурўзонфар томонидан яратилган мукаммал матнидан 3365 ғазал ва қасида, 15 таржеъ, 1994 рубоий ўрин олган бўлиб, уларнинг умумий миқдори 42 минг байтни ташкил этади. У ғазалларининг ўзида арузнинг 21 та баҳридан фойдаланган. «Бу девоннинг ўн минглаб байтида ошиқу маъшуқни бир-биридан айри ҳолда та-саввур қилиб бўлмайдиган даражада ниҳоятда қудратли бир ишқ куйланади»(Муҳаммад Истеъломий. Илоҳий ишқ куйчиси. 53-бет.).
Жалолиддин Румийга «Маснавийи маънавий» асари жаҳоний шуҳрат келтирди. «Фалсафий-сўфиёна мушоҳадалар, руҳият диалектикасини кашф этиб, инсон ақлини лол қолдирадиган теранлик билан ёзилган «Маснавийи маънавий» (Н. Комилов) шоирнинг энг йирик асари бўлиб, 6 дафтар — 25685 байт (51370 мисра)дан иборат. Ҳар бир дафтарда муаллиф қисқа муқаддимадан сўнг турли-туман ҳикоят ва ривоятлар асосида диний-тасаввуфий, ахлоқий-тарбиявий масалалар хусусида баҳс юритади ва уларни баён этиш асносида қиссадан четга чиқиб, ўзининг бу борадаги қарашларини ифодалаб, панду насиҳатлар қилади, шундан сўнг яна уларни давом эттириб, мағзини чақиб беради, илмий-маърифий аҳамиятини тушунтира-ди, ҳақ йўлига ҳидоят қилиб, тўғри йўлни кўрсатади, ҳаётий мисоллар, халқона образли ва ҳикматона иборатлар орқали ўқувчи онгига таъсир қилади ва, табиийки, қуръоний маънолар, оят ва ҳадислар, пайғамбар ва авлиёларнинг ҳикматли сўзлари мазмунини шарҳлаб ўтади, мавзуга оид бошқа нақлларни ҳам эслаб, қолипловчи ҳикоя тарзида уларнинг ичига киритиб юборади; баъзида қиссалар бир-бирига шунақанги уланиб кетадики, бу билан «Минг бир кеча»га ўхшаш асарларни эслатиб юборади. Шу тариқа, олам ва одам муносабатлари, инсон ҳаёти, турмуш тарзи, туйғу-кечинмалари, қувонч-ташвишлари, муҳаббати ва нафрати билан боғлиқ барча масалаларга у ёки бу даражада муносабат билдиради. Бу муаззам асарда Қуръони каримнинг 70 фоиз маъноси ўз аксини топган, 690 та ҳадисга румиёна шарҳ берилган, 270 та турли мавзудаги ҳикоя ўрин олган. Унинг форсий Қуръон, Маънавият денгизи, Тасаввуф қомуси, Дунёнинг китоби деб улуғланиши шундан. Чунки у Қуръон, Ҳадис, тасаввуф ва ҳаётни, инсон қалби ва феъл-атворини тушуниш учун ўзига хос очқичдир.
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Нароқиён «Маснавийи маънавий» биринчи ва иккинчи китобларининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида бўлиб ўтган тавдимот маросимида унинг умумбашарий бир хазина эканлиги, чунки у азалий ва абадий бўлган икки масала — ўзликни англаш ва ўзликни топишга бағишланганлигини таъкидлаган эди.
«Маснавийи маънавий»да халқ мақоллари даражасида-ги мазмунан теран ва бадиий юксак ҳикматли мисра ва байтларнинг кўплиги шундан — уларни бир ерга йиғиб, мавзусига кўра жойлаштириб чиқса, инсонга Оллоҳни ва ўзини танитадиган, олам ва одам моҳиятини англатадиган, яшаш сир-синоатларини ўргатиб, уни камолот касб этишга йўллайдиган ўзига хос «Ҳикмат китоби» дунёга келади. Бу ҳикматлар Қуръони карим ва Ҳадиси шариф отлиқ мўътабар чашмалардан сув ичгани, қомусий билим ва катта ҳаётий тажриба асосида яратилгани, кундалик турмуш воқеалари асосига қурилгани, халқона соддалик, самимиятга йўғрилгани, юксак бадиияти, ҳассос руҳи, равонлиги, жарангдорлиги ва таъсирчанлиги билан бутун дунё илму адаб аҳлини ҳайратга солиб келяпти. Чунончи:

Оқил улким, ибрат олгай доимо
Дўстлари бошига тушганда бало.

Бу жаҳон — тоғ, феълу атворинг — нидо,
Ул нидони сенга қайтаргай садо.

Ер ҳалолдир — бехиёнат ҳар маҳал,
Экканингни қайтариб бергай тугал.

«Маснавийи маънавий»даги ривоятлар чуқур мазмун-га эгалиги, бир неча талқинга асос бериши, фалсафий-ахлоқий аҳамияти катталиги билан алоҳида ажралиб туради. Чунончи, бир ривоятга кўра, турли шаҳарлардан келиб қолган тўрт киши — форс, турк, юнон ва араб иттифоқо бозор ёнидаги чорраҳада учрашиб қоладилар. Бир олийжаноб киши уларга бир дирҳам садақа қилиб ўтиб кетади. Дирҳам ўртада, чунки унда ҳар бири-нинг ҳақи бор. Бу пулга бирор егулик сотиб олмоқчи бўладилар. Шунда форс — ангур, турк — узум, юнон — истофил, араб — инаб емоқчилигини айтади. Орада жанжал кўтарилади: тўрталалари ҳам айни бир нарса — узумни хоҳлаётган бўлсалар-да, бир-бирларининг тилларини тушунмаганлари учун ёқа бўғишиб кетадилар.
Мутафаккир шоир ривоятни шундай якунлайди: улар-нинг ёнидан бир неча тилни биладиган бирор донишманд инсон ўтганида, ҳаммасининг истаги бир эканлигини тушунган ва қўлларидан пулни олиб, узум келтириб берган ва шу билан жанжалга нуқта қўйган бўлар эди.
Бу ривоятдан биров тил билмаслик кишиларни жаҳолатга етаклайди, бошқа киши кўп тилни билган одам ҳар қандай муаммони осон ҳал қилади, деб хулоса чиқариши мумкин. Унда ихтилофлар аслида моҳиятни тушунмай, сўздаги фарқлар туфайли келиб чиқади, деган чуқур фалсафий ҳикмат ҳам ифодаланган. Йўллар, тиллар, воситалар турли-туман бўлса ҳам, мақсад бир — Худо деган тасаввуфий мазмун ҳам мавжуд. Ҳолбуки, унинг мазмуни янада теран: буюк донишманд аслида инсониятнинг мақсади бир, лекин бир-бирининг тилини тушунмагани учун талашиб ётибди, деган оламшумул бир фикрни илгари суради.
Маълум бўладики, «Маснавийи маънавий»даги ҳикоят ва ривоятларнинг зоҳирий маъносига эмас, балки ботиний мазмунига диққат қилиш керак, чунки асардаги воқеалар баёнидан мақсад моҳиятни, унга олиб борадиган йўлни кўрсатишдир.
Жалолиддин Румий «Маснавийи маънавий» дебочасидаги 18 мисранигина ўз қўли билан ёзган, қолган барча асарлари «котиб ул-асрор» деб аталган шо! ирдлар томонидан ёзиб олинган. Тадқиқотчиларнинг ёзишларича, «Маснавийи маънавий»нинг бутун мазмуни шу 18 мисрада берилган — қолган олти дафтар шу 18 мисранинг шарҳи ва талқинларидан иборат. Агар шу 18 байтни ҳам хулосалайдиган бўлсак, мақсад асарнинг дастлабки икки байтида айтилган:

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.

«Най — аслидан ажралган руҳ тимсоли, ошиқ қалб рамзи. У аслига қараб тинимсиз равишда интилади, нола-изтироблар билан ўзлигини ва ўз Раббини англаб боради. Румий бу маънони олам-жаҳон ҳикоят ва масаллар келтириб, Қуръон оятлари ва ҳадислардан фойдаланиб тушунтириб беради»(Комилов Н. Тавҳид асрори. Тошкент, 1999 йил, 30-бет.).
«Фиҳи мо фиҳи» («Ичингдаги ичингдадир») асари Жалолиддин Румийнинг турли муносабталар билан берилган саволларга жавобларидан иборат. «Фиҳи мо фиҳи»да руҳ диалектикаси, инсон майллари, тушунча-тасаввурлари, эҳтиёж ва талаблари, изтироб ва қийноқлари, зиддият ва мувофиқликлар, кураш ва ғалаба, йўқлик ва борлиқ, рўё ва ҳақиқат, жисм ва жон ва ҳоказолар устида билдирилган фикрлар шунчалик чуқур ва шу қадар ёрқинки, бу фикрларни бундан етти юз йил илгари айтилганига ишонқирамай қоласиз»(Комилов Н. Тафаккур хазинаси // Мавлоно Жалолиддин Румий. Ичингдаги ичингдадир (У. Абдуваҳоб таржимаси). Тошкент, 1997 йил, 7-бет.). Бу асар «Маснавийи маънавий»нинг мазмун моҳиятини тушуниш учун ўзига хос калит ҳисобланади.
Мавлононинг ёру дўстлари ва муридларига ёзган 144 та мактубни ўз ичига олган «Макотиб» ёки «Мактубот» номли асари ҳам мавжуд.
Мавлононинг яна бир насрий асари «Мажолиси сабъа» («Етти мажлис») бўлиб, унинг ваъзу нутқларини ўз ичига олган. Етти мажлисдан иборат бу асар мурид ва шогирдлар томонидан ёзиб олиниб, таҳрир қилинган. Унда «ишлатилган наср кўп ҳолатларда санъат ва такаллуф, тушуниш ва дарк этиш анча мушкул ибора ва сўзлар билан безатилган. Аммо у Мавлононинг бошқа асарларига мазмунан яқин бўлиб, «Маснавий»ни англашда ҳам анча ёрдам бериши мумкин»(Муҳаммад Истеъломий. Илохий ишқ куйчиси. 58-бет.).
Румий ижоди юксак бадиияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир қувватига эга. Унинг «мавҳум мантиқий категорияларда эмас, балки оташин тимсоллар воситасида талқин» этилган табиат ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиш, ўзгаришда экани, эскининг йўқолиб, янгининг пайдо бўлиши — «дунё зиддиятлар бирлигидаги «жанги»дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари буюк немис файласуфи Гегелнинг эътирофича, унга диалектик метод яратишга ёрдам берган(Радий Фиш. Жалолиддин Румий. 46-бет.). Ёки улуғ мутафаккир Ҳусн ва Ишқ тортилиши мисолида биринчи бўлиб оламнинг асосида ўзаро тортишиш кучлари ётиши ҳақидаги фикрни ўртага ташлайдики, мазкур қонуннинг чиндан-да амал қилишини бир неча асрдан кейин инглиз олими Ньютон кашф этди. «Унинг адабий-фалсафий мероси, хусусан, «Маснавий»си XII —XIII асрлардаги тасаввуф тарихи ва фалсафий ақидаларни ўрганиш учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга»(Ходизода Р. Ҳикояҳои халқи дар «Маснавийи» Румий (Сарсухан) // Жалолиддин Румий. Ҳикоятҳои халқии «Маснавий». Душанбе, 1963, 5-бет.).
Жалолиддин Румий ўзидан кейинги Шарқ ва Ғарб сўз санъатига катта таъсир кўрсатди. Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Мирзо Абдулқодир Бедил, Муҳаммад Иқбол каби буюк сўз усталари уни ўзларига устоз деб билиш-ган. Жумладан, Абдурауф Фитрат ҳассос ўзбек шоири Машрабнинг Румий таъсири остида ижод қилгани(Абдурауф Фитрат. Машраб // Танланган асарлар. 2-жилд. 97; 98; 102-бетлар.), у «кўбрак Жалолиддин Румийдаги сўфиёна ҳаяжонни ўз шеърларида акс эттиришга» тиришганини таъкидлаган эди. Унинг «Мабдаи нур» маснавийси эса «Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сига ўзбек тилида шарҳ каби ёзилгандир». Машҳур шоир ва файласуф Иқбол «Ўзлик асрори» ва «Жаброил қаноти» асарларида Мавлонони ўзига пир, йўл кўрсатувчи Хизр деб таърифлайди. Буюк немис шоири ва мутафаккири Ҳёте Фирдавсий, Анварий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Жомийлар қаторида Румий ижодини ҳам «Хизр чашмаси» деб атаган. Машхурликда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, Саъдийнинг «Гулистон»и, Ҳофизнинг «Девон»и билан бир қаторда турган «Маснавийи маънавий» инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам ихлос билан ўрганилган. «Декамерон» асаридаги кўплаб сюжет ва мотивларни Шарқ оғзаки ва ёзма адабиётидан олган Жованни Боккаччо «Маснавийи маънавий»даги қатор ҳикоятлар асосида ҳам новеллалар яратгани маълум.
«Маснавийи маънавий» — энг кўп шарҳ ёзилган асар. Унга шарҳ ёзиш XV асрдан бошланади (Аслида ўз маснавийларида Султон Валад «Маснавийи маънавий»нинг нозик ва мураккаб тушунчалар, сўзлар ва истилоҳларини шарҳлаб ўтишга уринган, лекин кўп нарсаларни тавсифлашга муваффақ бўлмаган. Унинг муриди Аҳмад Румий ҳам асардаги мураккаб сўз ва тушунчаларни шарҳлаш мақсадида қайд ва изоҳлардан иборат тўплам тайёрлай-ди). Хожа Абулвафо Хоразмий шогирди Камолиддин Ҳусайн Хоразмийни унга шарҳ ёзишга ундайди. Лекин у «Жавоҳир ул-асрор ва завоҳир ул-анвор» («Сир-лар жавоҳири ва нурлар товланиши»)да «Маснавийи маънавий»нинг фақат уч дафтарини шарҳлаган. У «Канз ул-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар қаймоғи») номли шеърий шарҳ ҳам ёзган(Бу маснавийни Пахлавон Махмудга хам нисбат берадилар. Лекин у 1967 йили Эронда Махмуд Шабустарий асари сифатида нашр этилган.). Абдураҳмон Жомий «Маснавий»нинг дастлабки 18 байти, хусусан, най образини тафсир қилиб, у ёзилган вазнда шеърий манзума битади. Доъий Шерозий ўз «Ишқнома»сида «Маснавий»дан сўзлайди, ундан иқтибослар келтиради, «Девони Шамс» услубида ғазаллар битади ва «Маснавий»га «Ҳошияи Шоҳ Доъий» номи билан машҳур бўлган шарҳ ёзади. Ҳусайн Воиз Кошифий Мавлоно ғоялари ва дунёқарашини янгича талқин қилиб, «Лубби лубоби «Маснавий» деган асарни яратади (яъни «Маснавий» маъноларининг моҳияти»). Машҳур нақшбандия шайхи Яъқуб Чархий ҳам асардаги най тимсолини шарҳлаб рисола ёзган. Усмонли турк шоири Мустафо Сурурий «Маснавий»нинг форсий тафсири» номли шарҳ битган. Иброҳим Дада Кўниявий шарҳи ҳам машҳур бўлган. Исмоил Анқаравийнинг «Фотиҳ ул-абёт» («Байтлар кашфи») деган тафсири бўлиб, у тафсирга қўшиб, асарнинг ишончли матнини хам келтирган. Яна бир илмий тафсир Абдулатиф Аббосийнинг «Латоифи маънавий» («Маънавий нозикликлар») китоби бўлиб, у «Шарҳи абёти мушкил» («Мураккаб байтлар шарҳи»)га таяниб яратилган. XVII аср бошида Туркияда Шамъий томонидан ҳам «Маснавий»га шарх ёзилган.
XVIII асрда эса Хожа Айюбнинг «Асрор ул-ғуюб» («Яширин нарсалар сири»), Вали Муҳаммад Акбарободийнинг «Шарҳи Маснавий», Абдулали Лакҳнавийнинг «Баҳр ул-улум» («Илмлар денгизи») каби асарларини «Маснавий»нинг энг муфассал ва қимматли шархлари сифатида эътироф этиш лозим. Шайх Одина Хоразмий «Мифтоҳ ул-асрор» («Сирлар калити») шархида «Маснавийи маънавий»нинг уч жилдини ирфоний жиҳатдан шарҳлаб беради. XIX асрда Ҳожи Муллоҳоди Сабзаворий машҳур шарх ёзган. Бундан ташқари, асарнинг алоҳида ривоятлар ва байтларини шарҳлаб ҳам кўплаб рисола ва манзумалар битилган — бу тафсирлар, шарҳлар, бағишловлар рўйхатининг ўзи бир китоб бўлади.
XIX    аср ўрталаридан Румий асарлари ғарб тилларига ҳам таржима қилина бошлади. Жозеф Фон Ҳаммер Пургштал «Маснавийи маънавий»дан парчалар таржима қилиб, «Шарқ дурдоналари» журналида чоп эттиради. «Эрон адабиёти тарихи» китобида шоир хақида кенг маълумот беради. Фредриш Рукерт унинг 40 та энг гўзал ғазалини немис тилига таржима қилиб, «Ғазалиёт» номи билан нашр қилади. Бу китоб немис китобхонлари орасида катта шухрат қозонади. Мазкур таржималар билан танишган Гегель ниҳоятда таъсирланиб, уни «олий Румий» деб улуғлайди. «Герман Эте Мавлавийни Шарқнинг энг буюк ориф шоири ва бутун дунёда ваҳдат ул-вужуд фалсафаси бўйича энг буюк шоир деб эълон қилди» (Т. Пурном-дориён). Никольсон ўз умрини «Маснавийи маънавий» таржимаси, тадқиқи ва шарҳига бағишлади — унинг нашри ва шарҳи энг ишончли ва машҳур. Арберри «Фиҳи мо фиҳи» асарини таржима қилади. Клемен Ҳуар Мавлоно ҳақида ҳикоя қилувчи Афлокийнинг «Маноқиб ул-орифин» асарини француз тилига ўгиради (1918 — 1922). Масьинон Мансур Ҳаллож ҳақидаги тадқиқотида Румий ҳақида ҳам муҳим фикрлар билдириб ўтади. Бир неча йил аввал «Маснавийи маънавий»нинг сайланма матни инглиз тилига ўгирилиб, 250 минг нусхада чоп этилди. «Маснавий»ни турк тилига Сулаймон Наҳифий ўз ваз-нида, Обиддин Пошшо, Валад Узбудак, Митҳат Баҳори Байтурлар насрда изоҳли таржима килганлар. Ашраф ҳинд, Мунший Али ва Юсуф Алишоҳ эса урду тилига ағдарганлар.
Жалолиддин Румий асарлари асрлар давомида ўзбек шоирларига илҳом бериб келган, маснавийхонлик халқимиз ўртасида кенг тарқалган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида «Маснавийи маънавий»нинг «юзга яқин қўлёзма ва босма нусхаларининг мавжудлиги»(Ҳасаний М. Улуғ китобнинг улуғ шарҳи // Шайх Одина Муҳаммад Хоразмий. Мифтоҳ ул-асрор. Тошкент, 2006 йил, 4-бет.) бунинг исботидир. Лекин шўро даврида уни мистик шоир деб эълон қилиб, шундай буюк маънавият дарёсидан, юксак бадиият дунёсидан бебаҳра яшадик. Бизда Румий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш ўтган аср саксонинчи йилларнинг ўрталарида жамия-тимизда вужудга келган эркинлик эпкинлари туфайли таниқли шарқшунос ва адиб Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» деб номланган тарихий-биографик романини таржима қилиш билан бошланди(Қарацг: Радий Фиш. Жалолиддин Румий (Русчадан Ж. Камол таржимаси). Тошкент, 1986 йил.). Шундан кейин форс-тожик адабиёти билимдони, забардаст мутаржим Шоислом Шомуҳамедов буюк сўз санъаткорининг бир неча ғазал, рубоий ва ҳикоятларини тилимизга ўгирди.
Истиқлол йилларида Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, меросини таржима қилиб, нашр этишда алоҳида давр бошланди дейиш мумкин. Нажмиддин Коми-лов, Ориф Ўсмон, Ҳамиджон Ҳомидий, Иброҳим Ҳаққул, Ҳамидулла Болтабоев, Тоҳир Қаҳҳор, Рашид Жумаев каби олимлар бу борада қатор илмий тадқиқотларини эълон қилдилар. Таниқли шоир ва моҳир мутаржим Жамол Камол шоир рубоийлари ва маснавийларидан намуналар таржима қилди ва нашр эттирди. Истеъдодли ёзувчи ва таржимон Улуғбек Абдуваҳоб «Фиҳи мо фиҳи» ваъзлар китобини туркча таржимаси орқали ўзбекчалаштирди. Заҳматкаш мутаржим Асқар Маҳкам туркиялик румийшунос олим Обиддин Подшо ва эронлик мавлавийшунос Карим Замонийларнинг шарҳларидан фойдаланган ҳолда, «Маснавийи маънавий» биринчи китобининг бир қисмини ўгирди.
Албатта, бу таржималар ичида Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидаи «Маснавийи маънавий» олти китобининг тўла таржима қилиниб, нашр этилиши адабий-маънавий ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлди. Асрлар давомида бу муаззам асарнинг фақатгина таърифини эшитиб келган ўзбек ўқувчилари, ниҳоят уни она тилларида ўқиб, буюк маънавият уммонидан баҳраманд бўлиш бахтига эришдилар.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан