Facebook
Фозиллар фозили PDF Босма E-mail

Машҳур форс-тожик шоири, адиби ва мутафаккири Носир Хисрав (Тўлиқ исми Абумуъиниддин Носир Хисрав ал-Қубодиёний) 1004 йили Қубодиёнда ўзига тўқ хонадонда дунёга келиб, бошланғич маълумотни ўз қишлоғида олади. Кейин илмини камолга етказиш учун Марв ва Балх мадрасаларида таҳсилни давом эттиради. Математика, астрономия, фалсафа, тарих, адабиёт, калом, мусиқа, география, тиббиёт ва бошқа фанларда ўз давринннг ягонасн бўлган қомусий олим бўлиб етишади.

«Носир Хисрав бу даврда улуғ ватандошлари Абу Али ибн Сино, Форобий асарларини чуқур ўрганади ҳамда бутун умрга уларнинг содиқ шогирди ва давомчиси бўлиб қолади. Бундан ташқари, у қадим дунё файласуфлари Сократ, Платон, Аристотель таълимотини ўрганиш билан шуғулланади»(Буюк сиймолар, алломалар. 1-китоб. Тошкент, 1995 йил, 56-бет.). Носир Хисрав Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд саройида мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарган.
Салжуқий ҳукмдорлардан бирининг саройида ҳам бир муддат ишлаган. У 40 ёшида сафарга отланиб, етти йил (1045—1052) давомида Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ мамлакатларини кезиб чиқади. Саёҳатлари вақтида адолатли ҳукмдорлар туфайли осойишта ва фаровон шаҳарларни кўрган шоир кейинчалик ўз асарлари орқали одил подшоҳ ғоясини илгари суради.
Мисрда уч йил яшаб, фотимийлар(Фотимийлар исмоилий халифалар сулоласи. Жаъфари Содиқнинг Исмоил деган ўғли орқали ўзларини Али ва Фотима авлоди деб хисоблаганлар (Ислом (энциклопедия). Тошкент, 2004 йил, 253-бет).) тариқатига киради ва исмоилийлар(Исмоилийлар — шиалик ичида вужудга келган оқимлардан бири. У VI аср ўрталарида иайдо бўлиб, X—XI асрларда Яқин ва Ўрта Шарқда кенг тарқалган. IX аср иккинчи ярмидан бу таълимот тарафдорларини қарматийлар деб атай бошлаганлар. Уларнинг фаол даъватлари туфайли Шимолий Африкада Фотимийлар халифалигига асос солинади. X аср охирида Мағриб, Миср, Сурия, Фаластин, Ҳижозда исмоилийлар ҳокимияти ўрнатилади (Қаранг: Ислом (энциклопедия). 124—125-бетлар).) маслагини қабул қилади. Фотимийлар бутун дунёни эгаллашни мақсад қилиб, уни 12 жазира (орол)га бўлган эдилар. Носир Хисрав Хуросон бўйича жазира бошлиғи — Ҳужжат этиб тайинланади (У қатор шеърларида Ҳужжат тахаллусини ҳам қўллаган. Лекин баъзилар уламо ва ҳукамо билан баҳслашганда далилу ҳужжатлари мустаҳкам фозил киши бўлганлигидан ҳужжат лақабини олган, дейдилар). Махсус топшириқ билан Балхга қайтгач, бу ерда исмоилийлик ғояларини қизғин тарғиб-ташвиқ қила бошлайди. Унинг бу ҳаракати сунний мазҳабидаги уламолар ва салжуқий ҳукмдорларга ёқмай, уни шиалик ва кофирликда айблаб, ўлимга ҳукм қилишади. Шундан сўнг у Бадахшондаги Ҳазрати Саййид қишлоғидаги Юмғон дарасини макон тутиб, қолган 25 йиллик умрини шу ерда ўтказади. Бадахшоннинг ўша вақтдаги ҳокими Али ибн Асад исмоилия мазҳабини қабул қилгани учун шоирни ўз ҳимояси остига олади. Унинг даъватлари натижасида бу ерда исмоилийлар жамоаси вужудга келади ва улар асрлар давомида ўз эътиқодларига содиқ қоладилар. Носир Хисрав 1088 йили вафот этади. Носир Хисрав мақбараси шимолий Афғонистондаги Кўкча дарёсининг ўнг қирғоғида — тоғ тепасида жойлашган Ҳазрат Саййид қишлоғида. Улуғ шоир ва мутафаккир мақбараси асрлар давомида муқаддас зиёратгоҳлардан бири бўлиб, маҳаллий аҳоли томонидан «Мозори Шоҳ Носир» деб аталади. Тожикистонда кўплаб мактаб, кўча, маҳалла ва жамоа хўжаликлари буюк аллома номи билан юритилади.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, Хуросонга кетишидан аввал Носир Хисрав машҳур тасаввуф шайхи Абулҳасан Харақоний суҳбатига мушарраф бўлган. «Ҳазрати шайхга, каромат юзасидан, унинг аҳволи (илгариёқ) аён бўлган эди. Муридларига айтди:
Эртага фалон тусли ҳужжати (мустаҳкам) одам фалон тарзда хонақоҳ эшиги ёнига келади. Унга иззат-икром кўрсатинглар. Агар имтиҳон юзасидан илми зоҳирдан сўраса, айтингларки, бизнинг шайхимиз деҳқон ва омий одам деб. (Сўнг) ўша кишини менинг ҳузуримга олиб киринглар.
Ҳаким Носир хонақоҳ эшиги ёнига келгач, муридлар (аввал) шайхнинг айтганини қилдилар, (сўнг) уни шайх ҳузурига олиб кирдилар. Шайх унга иззат-икром кўрсатди. Ҳаким Носир деди:
Эй бузруквор, истардимки, суҳбатингни топсам, сўнг ҳол аҳли паноҳидан жой олсам.
Шайх табассум қилди ва деди:
- Соддадилсан. Бизлар билан қандай суҳбатлаша оласан, ахир, неча йил ўтдики, ноқис ақлга асирсан? Мен мардлар хизматига қадам қўйган биринчи кунимоқ бу маккора (ноқис ақл — Э.О.) чодири бурчагини банд этган эдим, уни талоқ қилдим.
Ҳаким Носир деди:
- Шайхга ақл ноқислиги қандай маълум бўлди экан, балки, айтганларидек, ақлнинг аввалп Тангридир?
Шайх деди:
— Эй ҳаким, ақлнинг аввали пайғамбар алайҳиссаломдир. Бу майдонда қўрслик қилма. Ноқис ақл бу — сенинг ва Пурсино (Ибн Сино — Э.О.)нинг ақлидир, (чунки) ҳар иккалангиз ҳам мағрурсиз. Бунга далил кеча айтган қасидангким, (унда) гумон қилдингки, «кун-фаякун»нинг гавҳари — ақлдир. Ғалат иш қилдинг, (аслида) ўша гавҳар — ишкдир.
Ва (шайх) ўша қасида матлаини муборак тилларига олдилар. Унинг матлаи будир:

Етти гумбаз томининг нақши эрур икки гуҳар,
Коинотда неки бўлса, баридан юксак турар.

Ҳаким (Носир) шайхдан келган кароматни мушоҳада қилиб, ҳайрон қолди, зеро, бу қасидани ўтган кеча ёзган, ҳали ҳеч ким уни эшитмаган эди. (Шу сабабдан) ҳакимнинг шайх хусусидаги эътиқод ва ихлоси ортди, бирмунча вақт шайх хизматида кун кечирди, риёзат ҳам пок ботинни касб этиш ила машғул бўлди. Сўнг шайх унга сафар ижозатини берди»(Давлатшоҳ Самарҳандий. Шоирлар бўстони. 30 —31-бетлар.).
Носир Хисрав «Сафарнома», «Зод ул-мусофирин» («Мусофирларнинг йўл озиқлари»), «Важҳи дин» («Дин чеҳраси»), «Саодатнома», «Рўшнойинома» («Маърифат китоби»), «Хон ул-ихвон» («Дўстлар дастурхони»), «Бўстон ул-уқул» («Ақллар бўстони»), «Далил ул-мутаҳаййирин» («Ҳайратда қолганлар далили»), «Жомеъ ул-ҳикматайн» («Ҳикматлар йиғиндиси»), «Рисола дар жавоби 99 саволи фалсафий» («99 фалсафий саволга жавоб рисоласи»), «Кушойиш ва раҳойиш» («Ечилиш ва қутулиш») каби кўплаб шеърий ва насрий асарлар яратган. У форс-тожик ва араб тилларида икки девон ҳам тартиб берган бўлиб, араб тилидаги девонининг тақдири ҳозиргача номаълум. Шоирнинг қасида, ғазал, қитъа ва рубоийларини ўз ичига олган 12 минг мисрадан иборат форсий девони эса Эронда бир неча марта чоп этилган.
«Важҳи дин» асосан, илоҳиёт масалаларига бағишланган. Унда Носир Хисрав шариатни исмоилия мазҳаби таълимотига кўра талқин қилади.
«Важҳи дин» Помир тоғларида асрлар давомида Носир Хисрав хотирасини авлиё даражасида эъзозлаб келган исмоилийлар жамоаси орасида мўътабар китоб бўлган. Асарнинг қўлёзма нусхалари кўплаб кўчирилган ва диний маросимларни ўтказишда амалий қўлланма сифатида фойдаланилган»(Карим Ғ. Ҳаким Носир Хисрав ва унинг ижодий мероси // Носир Хисрав. Сафарнома (Форсийдан Ғ. Карим таржимаси). Тошкент, 2003 йил, 9-бет.).
«Зод ул-мусофирин» («Мусофирларнинг йўл озиқлари») тасаввуфий мазмунда бўлиб, у тариқат йўлига кириб, Худо сари сайр қилаётган сўфий учун зарур руҳий-маънавий озиқлар ҳақида. 1061 йили Юмғонда ёзилган 27 бобдан иборат бу асар асосан шоирнинг фалсафий қарашларини ўз ичига олади.
«Кушоиш ва раҳойиш» («Ечилиш ва қутулиш») — Носир Хисравнинг ўзига берилган 30 та саволга жавобдан иборат.
«Рўшнойинома» ва «Саодатнома» панд-насиҳат руҳидаги асарлар бўлиб, уларда шоирнинг ахлоқий-маънавий ва тасаввуфий қарашлари ўзининг бадиий талқинини топган. «Рўшнойинома» — 32, «Саодатнома» — 30 бобдан иборат. «Рўшнойинома» 1049 йили ёзилган. «Саодатнома»да «Рўшнойинома»даги баъзи масалалар ривожлантирилган, баъзилари такрорланган.
«Саодатнома» «Яхшилик хусусида», «Беозорлик хусусида», «Сабр хусусида», «Жоҳил ва нокаслар баёнида», «Суҳбат одоби ва насиҳат тинглаш хусусида», «Дўстлик, душманлик ва вафо хусусида», «Тама ва хорлик хусусида», «Эҳсон хусусида» каби боблардан иборат.
«Рўшнойинома» «Насиҳат», «Инсон камоли ҳақида сўз», «Одамларнинг турли сифатлари ҳақида», «Авомнинг турли сифатлари ҳақида», «Яхши ва ёмон ахлоқ сифатлари хусусида сўз», «Панд ва насиҳат ҳақида сўз», «Риёкор дўстлар танқиди хусусида», «Ғийбатчилар танқиди хусусида», «Амал ва бойлик танқиди хусусида», «Ризо ва таслим хусусида», «Дунёга хитоб», «Шеър ва дид сифати ҳақида», «Шоирлар танқиди хусусида» каби боблардан иборат.
Дунёвий илмларни чуқур ўзлаштирган Носир Хисрав тафаккур одами, хур фикрли киши бўлган. Олам ва одам моҳияти тўғрисида ақл воситасида фалсафий фикр юритган. Ижоди орқали кажрафтор фалак, адолатсиз замон, жоҳил ва манфаатпараст кишиларни танқид қилиб, меҳнаткаш деҳқонни, косибу ҳунармандни, илм соҳибларини улуғлаган, инсоний камолотга даъват қилган. Унинг ҳур фикрлари ўзидан кейинги ижодкорлар, жумладан, Умар Хайёмга кучли таъсир кўрсатган. Асарларининг теран фалсафий фикрларга бойлиги, ҳикмат ва донишмандликка омухталиги, сермазмун маънавий-ахлоқий панд-насиҳатлари туфайли Шарқ мамлакатларида Носир Хисрав номига эҳтиром юзасидан Ҳаким номини қўшиб айтадилар.
Абдураҳмон Жомий таъбирп билан айтганда, «шеър илмларида моҳир ва ҳикмат фанларида комил» бўлган Носир Хисрав ҳаёти ва ижоди асрлар давомида ўзбек халқи орасида ҳам машҳур бўлган. Шоиру олимларимиз унинг асарларидан баҳраманд бўлганлар, таъсирланганлар, унга ўз муносабатларини билдирганлар. Чунончи, Алишер Навоий «Насойим ул-мухаббат»да у ҳакда ёзади: «Бағоят муртоз киши эрмиш. Кўҳистон аҳли боштин-аёқ онинг муридидирлар ва Шоҳ Носир Хисрав била таъбир қилурлар. Зоҳир улумин хейли кўргап эрмиш ва ботин илмин дағи риёзат жиҳатидан ҳосил қилғондур, аммо бу тоифанинг (яъни тасаввуф аҳлининг — Э.О.) анинг мазҳабида таънлари бор ва бу таън гўё «Рўшнойинома»сида мазкур бўлғон абёти жиҳатидиндурки, ҳукм мазҳаби равишида воқеъ бўлубдур»(Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. 475-бет.).
Носир Хисрав асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Узбекчага унинг бир қатор шеърлари, «Саодатнома» маснавийсидан парчалар ва «Сафарнома» асари М. Муинзода, Ш. Шомуҳамедов, Ғ. Карим ва Эргаш Очиловлар томонидан ўгирилган. Чунончи, шоирнинг дунёда мен ўрганмаган илм деярли қолган эмас мазмунидаги фахрия байтларини Ш. Шомуҳамедов аслига мувофиқ қойилмақом қилиб таржима қилган:

Сар андар жустани дониш ниҳодам,
Накардам рўзгори хеш бебар.
Намонд ҳечгона дониш, ки ман зи он
Накардам истифода бешу камтар.

Билим қидиришга урдим бошимни,
Бекор ўтказмадим умримни бир дам.
Бўлади кўпми-оз фойдаланмаган,
Умримда бирор илм қолмади десам.

«Саодатнома» асарида шоир ҳар хил касб-ҳунар, турли тоифаларга алоҳида фасл бағишлайди, косиб, деҳқон каби жамиятни боқувчи, халқ эҳтиёжини қондирувчи соҳа эгаларини улуғлайди. Жумладан, деҳқонни шундай таърифлайди:

Беҳ аз санноъи олам деҳқон аст,
Ки ваҳшу тайрро роҳатрасон аст.

Ш. Шомуҳамедов таржимаси:

Косибдан ҳам жаҳонда деҳқон ортиқ,
Ҳамма жондорга этмиш ризқ тортиқ.

«Сафарнома» асари буюк алломанинг ўзбек тили-да босилиб чиққан биринчи китобидир. Уни таниқли шарқшунос олим, истеъдодли адиб ва моҳир мутаржим Ғулом Карим таржима қилган. Таржимага асарнинг Камол ва Салоҳат Айнийлар томонидан 1970 йили амалга оширилган Душанбе нашри асос қилиб олинган. Шу ўринда, таржимада жузъий қисқартиришларга йўл қўйилганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Чунончи, Қуддусдаги масжидлар ва бошқа баъзи иншоотларнинг узундан-узоқ тавсифи берилган ўринларни таржимон таржима жараёнида тушириб қолдирган. Шунингдек, «Сафарнома»нинг атоқли шарқшунос олим Е.Э. Бертельс русчага ўгирган нусхасидаги изоҳларга таянган ҳолда, 164 та изоҳ берган. Бу изоҳлар асар мутолаасини енгиллаштирган ва қизиқарли қилган.
«Сафарнома» — Носир Хисрав етти йил (1045—1052) давомида Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ мамлакатлари, Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Мадина, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфаҳон ва бошқа шаҳарларга қилган сафари таассуротлари асосида ёзилган(Носир Хисрав. Сафарнома. Тошкент, 2003 йил. Бундан кейин мазкур китобдан олинган иқтибосларнинг сақифаси қавс ичида кўрсатилади. — Э.О.). Асар янги ва қизиқарли маълумотларга бой. Равон тил, енгил услуб, самимий бир оҳангда ёзилган. Синчков муаллиф оддий сайёҳ эмас, балки олим ва адиб сифати-да иш кўриб, ўзи борган ҳар бир мамлакат, вилоят ва шаҳар орасидаги масофани кўрсатиб боради («Балхдан Райгача бўлган масофа менинг ҳисобимда уч юз эллик фарсанг чиқди» (17); баъзи шаҳарларни қадамлаб ўлчаб чиқади («Бу шаҳар (Табриз. — Э.О.) Озарбайжон пойтахти бўлиб, обод ва гавжум экан, эни ва бўйини одимлаб ўлчаб чиқдим: ҳар тарафи бир минг тўрт юз одим экан») (19); масжидлар ва турли иншоотлар ҳақида гапирар экан, уларнинг ички ва ташқи кўриниши, неча қаватлиги, баландлиги қанчалиги, ҳатто ертўласи ва томигача батафсил маълумот беришга ҳаракат қилади. Ўзи кўрганларига кифоя қилмай, юрган йўлида ҳам одамлар-дан кўп нарсаларни сўраб-билиб олади. Ўзим пиманики кўрган бўлсам, барчасиии ҳаққоний таърифладим, лекин эшитиб ёзганларимда ихтилофлар бўлса, маъзур тутасизлар деб, узр сўраб ҳам қўяди.
Муаллиф ўзи кўрган ўлкаларнинг жуғрофий жойлашуви, қайси давлатлар билан алоқаси, савдо-сотиқ ва бошқа муносабатлари, иқлими, сиёсати, иқтисоди, халқининг урф-одат ва турмуш тарзи, диний эътиқоди, меҳнати, кийиниши, еб-ичиши, қисқаси, барча-барчаси тўғрисида батафсил маълумот беришга харакат қилади. Чунончи: «Айтишларича, Обискун (Каспий) денгизига бир минг тўрт юзта катта-кичик дарё сувини қуярмиш. Денгиз бир минг икки юз фарсангга чўзилган бўлиб, ўртасида аҳоли яшайдиган ороллар бор экан» (18).
Носир Хисрав ҳикояларини ўқир экан, шўро даврида бизнинг муттасил қулоғимизга қуйиб келганлари каби Шарқ халқлари нодон ва қолоқ эмаслиги, бугунги кунда инсоният тамаддунининг тамал тошини қўйганликни даъво қилаётган баъзи Ғарб халқларининг боболари ҳали ўн бармоғини мукаммал санай олмаган даврлардаёқ (Ғ. Ғулом) бизнинг аждодларимиз оламни ҳайратга солган кашфиётларни амалга оширганликлари, қишлоқ хўжалигида, саноатда, қурилиш ва ҳарбий ишларда инсон меҳнатини осонлаштирадиган ва ҳаётини қулайлаштирадиган қатор янгиликларни ҳаётга жорий қилганликларини кўрамиз. Масалан, «Мисрда сафолдан коса, қадаҳ, табоқ ва бошқа турли хил буюмларни шу қадар нафис ва шаффоф қилиб ясашадики, уларга бир томондан қўл теккизсанг, иккинчи томонидан кўринади. Сафол буюмларни буқаламун рангига бўяшади, шунинг учун ҳар томондан қараганда турлича кўринади» (56). «Бу ернинг бозорида баққол, аттор ва майдафурушлар бирон нарса сотишса, идишни ўзлари беришади. Идишлари шиша ёки солдан ва қоғоздан қилингандир. Харидорнинг бозорга идиш кўтариб боришига ҳожат йўқ» (57). «Танис шаҳрида бир хил қайчи ишлаб чиқаришади: михини суғурса очилар, қайта киритганда кесади» (42). Шарқий Туркиядаги Миёфориқон шаҳридаги «Масжидга тақаб қурилган таҳоратхона қирқ бўлмадан иборат. Усти очиқ бир ариқ ўтказилган бўлиб, барча бўлмаларни оқар сув билан таъминлайди, усти ёпиқ иккинчи ариқдан эса, ифлосланган сув оқиб чиқиб кетади» (21). Ёки Омад шаҳри таърифига эътибор қилинг:
«Масжид ҳовлисида каттакон тош бўлиб, унинг ўртасида айлана тошҳовуз қилинган. Чуқурлиги одам бўйи ва айланаси икки газдир. Ҳовуз ўртасидаги жез қувурдан тоза сув фавворадек отилиб туради, аммо сув келадиган ва оқиб кетадиган жойни кўриб бўлмайди» (23).
Тароблис шаҳрида Самарқандникидан яхшироқ қоғоз тайёрлашади (27).
«Сафарнома» — XI асрдаги бир қатор Шарқ мамлакатлари ва халқлари ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумот берувчи, ўқувчиларнинг бу эл ва элатлар хусусидаги тасаввурларини бойитувчи, билимларни оширувчи тарихий, жуғрофий, адабий ва маърифий асар сифатида ўзбек ўқувчиларига ажойиб туҳфа эканлиги маълум. Тарихимиз, динимиз, маданият, санъат, адабиётимиз ва урф-одатларимиз кўп жиҳатдан муштарак бўлган бу юртларнинг бугуни ва кечаси ҳақида қанча кўп билсак, шунча яхши эканлиги шубҳасиз.
Носир Хисрав бутун Араб ва Ажам ўлкаларини кезиб, фақат тўрт жойда адолат қонунлари устувор эканлигини ёзади: «Биринчиси — Лашкархон ҳокимлиги давридаги Дашт ноҳияси, иккинчиси — амирлар амири Жистон ибн Иброҳим давридаги Дайламистон, учинчиси — амир ал-мўъминин Ал-мустансирубуллоҳ вилоятида ва тўртинчиси — Табасда, амир Абулҳасан Гелаки ибн Муҳаммад ҳокимлиги пайтида» (100).
Алломанинг одил шоҳ ҳақидаги ғояни илгари суриши ва қизғин қўллаб-қувватлашида балки шу ҳукмдорлар асос бўлгандир? Масалан, Табасда ҳамиша тинчлик-осойишталик ҳукм сурган. «Кечаси ҳовлилар дарвозаларини қулфлашмас, мол-ҳоллари ташқарида эди. Ваҳоланки, шаҳар девор билан ўраб олинмаган» (100). Лаҳсода одамларнинг донини подшоҳлик тегирмонида текинга тортиб беришади, янги иш бошламоқчи бўлган одамга фоизсиз ва муддатсиз қарз беришади, касод бўлган кишиларни ҳеч бир манфаатсиз қўллаб-қувватлашади (87).
«Миср бозорларида бирор нарса сотишаётганда фақат рост гапиришади. Агар кимки харидорни алдаса, уни туяга мингазиб, қўлига қўнғироқ тутқазишади ва шаҳар бўйлаб айлантиришади. У қўнғироқ чалиб: «Мен ёлғон гапирдим ва маломатга қолдим», деб қичқиради. Ёлғончининг жазоси шу!»
«Миср аҳолисининг эмин ва осойишталиги шу даражада эдики, баззоз, сарроф ва заргарлар дўконларининг эшигини ёпмай, фақат парда осиб қўйишар, бирон кимса молларига кўз олайтирмас эди» (60). Бировларнинг молидан тама қилмасликлари учун қозиларга етарли даражада маош тайинланган (61). Халққа дори-дармонлар шоҳ саройидан текинга тарқатилади.
Шарқ мамлакатлари асосан сув танқислигидан азоб чекишган. Лекин бунинг ҳам иложини топишган. Зеро, инсон ҳеч қачон тақдирига кўниб, қўл қовуштириб ўтирмайди. Сув омборлари, турли ҳовузлар қуриб, бир йиллик ёмғир сувини жамлаб олишган. Коризлар орқали сув келтириб, деҳқончилик қилишган. Миср ва бошқа баъзи ўлкаларда деҳқончилик санъат даражасига кўтарилган.
Носир Хисрав 4 марта ҳаж қилганлигини айтади (81). Унинг Ал-Маъарий, Қатрон Табризий каби машҳур шоирлар ҳақидаги мароқли ҳикоялари ҳам мавжуд.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан