Facebook
Ҳикмат қасри PDF Босма E-mail

Инсон тарбияси, камолотини ҳаётнинг туб моҳияти, жамиятнинг муҳим вазифаси деб билган Шарқ халқлари адабиётининг асосини панд-насиҳат ташкил этади. Бу адабиёт, таъбир жоиз бўлса, панд-насиҳат воситасида тикланган ҳикмат қасрига ўхшайди. Бу ҳикмат қасридан ҳаётнинг барча саволларига жавоб топиш мумкин.

Шарқ сўз санъатининг тамал тошини қўйган ҳам, унинг бешигини тебратган ҳам айнан панд-насиҳат ҳисобланади. Бу ҳол мазкур халқларнинг табиати, ўзига хослигидан келиб чиққан, албатта. Шарқ халқлари қадим-қадимдан насиҳат айтишга ҳам, насиҳат тинглашга ҳам мойил бўлишган — бу нарса уларнинг қонида бор. Халқ эртакларини бир эсланга: битта ҳикматли сўзни бир тиллага олган «девона» фақат ўзбек бўлиши мумкин!
«Калила ва Димна», «Тўтинома» каби халқ китоблари, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» ва «Бўстон», Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон», Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» сингари панднома асарлари ана шу анъананинг акс садоларидир. Улар орасида «Қобуснома»нинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Форс тилидаги илк насрий асар «Қобуснома»ни XI асрнинг 82-83-йилларида Ғарбий Эрон подшоҳининг набираси Кайковус ибн Искандар (1021-1098) ўз ўғли Гилоншоҳга бағишлаб яратади ва ўша давр анъанасига кўра уни бобоси шоҳ Шамс ул-маолий Қобус шарафига «Қобуснома» деб атайди.
Зиёрийлар сулоласидан бўлган Шамс ул-маолий Қобус ибн Вушмагир (баъзи манбаларда (Вашмгир) — Журжон амирп (976 1012). У қорахонийларнинг сомонийларга қарши кураши натижасида Хоразмда юз берган давлат гўнтариши туфайли она юртини тарк этиб, дарбадарликда юргап Абу Райҳон Берунийни ўз ҳимоясига олган. Ёқут Хамавийнинг ёзишича, у алломага вазирлик лавозимини ҳам гаклиф этган, лекин Беруний бунга кўнмаган. Олим «Қобуснинг саройида катта ҳурматга сазовор бўлди. У бу ерда бир қанча илмий асарларини Яратди ва Хоразм гинчигандан сўнг, ўз юртига қайтди»(Долимов С. «Қобуснома» ҳақида (Сўзбоши) // Қобуснома. Тошкент, 1967 йил, 7-бет.).
Абу Али ибн Сино ҳам Қобус ҳузурига бормоқчи бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи таржимаи ҳолида шундай ёзади: «...мақсадим Амир Қобуснинг ҳузурига бориш эди. Шу пайтда Қобусни тутиб, қалъалардан бирига қамаб қўйишди ва у ўша ерда ўлди».
«Қобуснома» асрлар мобайнида Ғарб ва Шарқ мутафаккирларининг эътиборларини ўзига жалб қилиб келган: 1702—1705 йилларда турк тилига, 1786—1787 йилларда Муҳаммад Сиддиқ Рашидий томонидан уйғур тилига, 1881 йилда Қаюм Носирий томонидан татар тилига ҳамда XIX асрдаёқ инглиз, фаранг, олмон, рус тилларига таржима қилинди. 1935 йилда Теҳрон дорилфунунининг профессори, атоқли адиб Саид Нафисий «Қобуснома»ни Теҳронда босмадан чиқарди.
1860 йилда «Қобуснома» 16 ёшли шаҳзода Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг (1844—1910) топшириғига кўра ўзбек тилига биринчи марта буюк шоир ва мутафаккир Муҳаммадризо Огаҳий томонидан таржима қилинди. Огаҳийнинг ёзишича, ёш Муҳаммад Раҳимхон йигитлигидаёқ китоб мутолаасига ўч бўлиб, хусусан, насиҳатнома асарларни ниҳоятда севиб ўқиган. «Қобуснома»ни ўқигач, уни туркий тилга таржима қилдириш ҳавасига тушиб, бу гпини Огаҳийдан илтимос қилади: «Бу нусхани туркий тили била таржима қил, токи турк тавойифи (гуруҳлари)нинг авоми ҳам бу пандлардин баҳра олғай ва бизнинг отимиз, сенинг сўзинг олам инқирозиғача замон авроқида боқий ва ёдгор қолғай». Шоир камоли ихлос билан бу ишни амалга оширади.
Бу дурдона асарда Оллоҳни танишу пайғамбарларнинг яратилишидан тортиб илму ҳунар эгаллаш йўллари ва фойдаларигача, ота-она ҳақини адо этишдан фарзанд тарбиясигача, деҳқончилик ва бозор қилишдан то вазиру подшох бўлишгача — ҳаётда инсоннинг умргузаронлиги учун зарур бўлган барча масалалар мухтасар қамраб олинган.
Чинакам санъат дурдоналари хамма даврларда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолади, барча авлодларга бирдай хизмат қилаверади. «Қобуснома» ҳам ўз даврида қандай аҳамиятга эга бўлган, асрлар давомида қандай шуҳрат қозониб келган бўлса, ҳозирги замонда хам унинг қадри заррача камайган эмас. Бунинг сабаби асарда инсон ҳаётига дахлдор бўлган деярли барча азалий ва абадий масалаларнинг қаламга олинганидир. To инсоният мавжуд экан, бу масалалар у ёки бу кўринишда мавжуд бўлади — уларнинг шакли ўзгарса ҳам, моҳияти бирдай тураверади. Шундай экан, Кайковус кўтарган масалалар ва у айтган ёки келтирган панд-насиҳатлар, ҳикматлар ҳам ҳамма даврлар ва барча авлодлар учун ўз долзарблигини сақлаб қолаверади.
Муаллиф китоб муқаддимасида шундай ёзади: «Билғилки, жаҳон халқининг расми шулдурки, такупўй ва жустужўй қилиб, дунёда бирор нарса ҳосил этарлар ва уни ўзларининг яхши кўрғон кишисига қўйиб кетарлар. Мен дунёда ушбу сўзларни ҳосил қилмишман ва менинг яхши кўрғон кишим сендурсан. Менга риҳлат вақти ёвуқ етди, дунёдин ҳар нимаким ҳосил қилдим, сенинг олдингга қўйдим, токим худком бўлмағайсан ва бероҳлик йўлига қадам қўймағайсан».
Дарҳақиқат, сўз шундай ганжинаки, у фойдаланган билан тугамайдигина эмас, ундан барча замонларда барча авлодлар истифода этадилар. Агар сиз фарзандингизга мол-дунё қолдирсангиз, ундан ёлғиз фарзандингиз ёки унинг болалари, нари борса, қариндош-уруғларингизгина фойдаланиши мумкин, холос. Лекин дурдона асарлардан нафақат фарзандингиз, авлод-аждодингиз, балки бутун инсоният истифода этади. Шу маънода, Кайковуснинг қолдирган мероси — нуридийдаси Гилоншоҳга атаб ёзган китобидан, мана, қарийб ўн асрдирки, барча адаб аҳли фойдаланмокда. Бу асар йўлчи юлдуз бўлиб одам болаларига Ҳақ йўлни кўрсатиб келмокда, инсоний камолот сир-асрорини сўйлаб бермоқда.
«Қобуснома»да Ануширвони Одил ҳақидаги гўзал ривоят келтирилиб, унинг пандларидан намуналар берилади. Ривоятда айтилишича, Ануширвоннинг қабр тошига қуйидаги сўзлар ёзилган: «Мен ҳаётлигимда ва подпюҳлигимда ҳамманинг ҳожатини чиқарар, бирор кишини ҳузуримдан умидсиз қайтариб юбормас эдим. Энди эса, тупроқ остида ожиз ётибман, лекин хоҳлайманки, менинг зиёратимга келганлар бирор-бир манфаат кўрмай қайтиб кетмасинлар — тириклигимда одамлар мендан қандай баҳраманд бўлган бўлсалар, энди васиятларимдан ҳам шундай фойда кўрсинлар, деб мозор тошига қуйидаги насиҳатларни ёздирдим: менинг бу пандларим зиёратчилар қадам ранжининг мукофоти бўлсин!»
Ҳа, улуғ зотлар нафақат тириклигида, балки ўлганидан кейин ҳам ибратли ҳаёти, ҳикматли сўзи билан инсониятга хизмат қилаверади. Ануширвоннинг ҳаёти ва фаолияти бунинг ёрқин исботидир. Бу ривоят то ер юзида хаёт мавжуд экан, одамларни эзгу ишлар қилишга, ўзидан яхши ном қолдиришга даъват айлашда давом этаверади. Унинг буюклиги ва умрбоқийлиги ҳам шунда.
Китобда Ануширвони Одилнинг 33 та панди келтирилган: бу насиҳатлар узоқ умр кўрган ва катта ҳаётий таж-риба соҳиби бўлган донишманд бир инсоннинг қалб қўри, ақл нурига йўғрилган гўзал ва сермазмун ҳикматларидир. Мана, Ануширвони Одил нима дейди:
«Агар ҳар кишини турмуш устоди доно этмаса, ҳеч бир доно унга сўз ўргатиш учун ранж чекмасун, ранжи зоеъ бўлур».
«Ҳар кишининг (билими) бўлса-ю, аммо унга лойиқ ақли бўлмаса, бу билим унга зарар еткаргусидур».
«Агар ўз сирингнинг очилишини истамасанг, бировнинг сирини фош қилмағил».
Бу насиҳатлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқот маган, уларга замондошларимизда ҳам эҳтиёж мавжуд. Шунинг учун ҳам «Қобуснома» бизнинг дав-римизда уч марта нашр этилди ва ҳар гал қўлма-қўл бўлиб кетди.
Донишманд ота-боболаримиз ўз фаолиятларини муайян соҳа билан чегаралаб қўйишмаган, улар қомусий билим соҳибларигина бўлиб қолмай, ҳунарларнинг ҳам бир неча турларини билишган, ўзлари бевосита шуғулланишмасада, ҳаётда мавжуд барча касблар ҳақида тасаввурга эга бўлишган. «Қобуснома»да хам шу нарсани кўрамиз. Кайковус адабиёт, тиббиёт, илми иужум, сиёсат, тижорат, деҳқончилик, ҳарб илми тўғрисида ҳам, севиш, уйланиш, фарзанд тарбияси, дўстлашиш, олди-берди тўғрисида ҳам, ҳаммомга бориш, чавгон ўйнаш, шикорга чиқиш, меҳмон кутиш ва меҳмонга бориш тўғрисида ҳам, табиблик, шоирлик, созандалик тўғрисида ҳам, хунар ўрганиш, илм олиш, бозор қилиш тўғрисида ҳам бирдай билимдонлик билан кенг ва батафсил фикр юритади, ўз мулоҳазаларини ибратли ҳикоят ва ривоятлар воситасида далиллайди. Бу асарнинг таъсирчанлиги ва ўқимишлилигини янада оширган. Савдогар ва дарвеш, Афлотун, Хорун ар-Рашиднинг туши, Шайх ва алавий йигит, пардозгир ва унинг кўзаси, қария ва йигит, Маҳмуд Ғазнавий ва подшоҳ хотип Саййида, Искандар Зулқарнайн ва унинг дунёдан бўш кетган қўли, сутга сув қўшиб сотувчи муттаҳам, котиб Абдужаббор ҳақидаги ривоят ва ҳикоятлар бу жиҳатдан алоҳида диққатга сазовор.
Кайковус насиҳатларининг кўпи халқ мақолларидай, донишмандларнинг ҳикматлардай жаранглайди, фалсафий мулоҳазалари чуқур ва асосли. Чунончи:
«Билғилки, донишмандлар охири ғам бўлғон шодликни шодлик билмаслар ва охири шодлик бўлғон ғамни ғам ҳисобламаслар».
«Сирингни ўзингдан ўзга кишига айтмағил, агар айтсанг, сўнгра уни сир демағил».
«Кишининг дўстсиз бўлғонидан биродарсиз бўлғони яхшидур».
«Мол ҳар нечаким азиздур, аммо жонингдан азиз эмасдур».
Китобда ўтган донишмандларнинг ҳам кўпгина ҳик матли сўзлари келтирилади. Жумладан:
«Андоқким дебдурлар: «Улуғлик ақл ва донишлик биладур, гавҳар ва насаб била бўлмас».
«Ҳакимлар дебдурлар: «Сўз бир нашъадур, ундан хумор пайдо бўлур».
«Донишлар дебдурлар: «Дононинг панд-насиҳати кўнгил кўзин равшан қилур, нединким, ул панд ақл ва ҳикмат сурмаси ва тўтиёсидур».
«Фақир (мен) китобда ўқимишманким, одамнинг қуввати то ўттиз йилгача ҳар куни зиёда бўлур. Ўттиз ёшдин сўнг қуёш осмоннинг ўртасиға етғондек зиёда бўлмай ва нуқсон топмай турар. Ундан сўнг ботиш сайри оҳистароқ бўлғай. Қирқ ёшига етғондин сўнг то эллик ёшғача хар йил ўзида нуқсон кўрғайким, бурунғи йилда кўрмамиш бўлғай. Эллик ёшидин олтмиш ёшғача ҳар ой ўзида нуқсон кўрарким, аввалғи ойда кўрмамиш бўлғай. Агар ёши олтмишдан ўтса, ҳар соатда дард ва ранж кўрғайким, ўтғон соатда кўрмамиш бўлғай».
Хуллас, «Қобуснома»ни ўқир экан, ўз даврининг барча диний ва дунёвий илмларини эгаллаган, замонининг барча касб-хунарларидан хабардор бўлган, ҳаётнинг хамма аччиқ-чучугини тотган, турфа тақдирлар, воқеаларни кўрган катта тажриба соҳиби, халқнинг характери, анъ-ана ва урф-одатларини чуқур билган донишманд бир зот билан суҳбатлашгандай, унинг ҳикматларга йўғрилган сўзларидан баҳра олгандай бўласиз, кўнглингиз ёришиб, ақлингиз тўлишади. «Қобуснома»нинг ҳамма замонлар ва ҳамма авлодлар учун севимли ва фойдали китоб бўлиб келаётганининг сири хам ана шунда.

 

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан