Тарас Бульба. ошкор ва пинҳон қиёфа PDF Босма E-mail
05.06.2014 23:31

Зуҳриддин Исомиддинов

011

Гоголнинг «Тарас Бульба» (1835) қиссасини ҳамма билади. Бу асар ўнлаб йиллар давомида мактаб дарслик ва мажмуаларидан тушмаган. У ҳозирга қадар ўзбек тилида, алоҳида китоб ҳолида уч бора, юз мингдан ортиқ нусхада чоп этилган.

Сабаби, аввало ёзувчининг зўр бадиий маҳорати, шунингдек, марказий образ – Тарас Бульбанинг мард, ёвқур, ватани, эътиқоди учун ўлимга ҳам тайёр, қатъий феълли, ёвга нафрати чексиз, сотқинлик қилган ўғлини ўлдиришдан зарра иккиланмайдиган бир шахс қилиб тасвирланганида. Иззат Султон айтганидай, характер адабий асарда ғоявий ва ҳаётий мазмуннинг шакли бўлса, яъни асар қаҳрамони ёзувчи ғоясини ифода этса, Тарас Бульба образи орқали Гоголь қандай ғояни тақдим этади? Бир қарашда, бу савол ниҳоятда жўн. Зеро Тараснинг мард, қатъий иродали, ватанпарвар бир киши сифатида тасвирлангани ҳаммага маълум-да.

Темир иродали Тарас, унинг мардона ўғли Остап, болалигидан кўнгли бўшроқ ўсган Андрий, «Сечь учун» жонини тиккан азамат казаклар, баҳодирлик замонларини қўмсаб, кексайган чоғида ҳам қўшин сафида юрган машҳур атаманлар, ёввойи демократияга хос аскарбоши сайлови, қамалдаги шаҳарнинг очликдан эти суягига ёпишган фуқароси, бепоён қиру ўтлоқлар, партиархал ўтмиш тасвири… Бу каби ёввойи дилбарликлар, ўша давр ҳаётининг ўзига хос романтикаси ўқувчини мафтун этади. Китобхон бош қаҳрамонни, у ҳар қанча қўполу ўжар бўлмасин, ёқтириб қолади. Тарас Бульба – ҳар бир адабиёт муҳибига тирик бир шахс каби таниш.

Асардаги энг таъсирчан воқеа, албатта, Тарас Бульбанинг ёв томонига ўтиб кетган ўғли Андрийни отиб ўлдириши саҳнасидир. Аммо хоин фарзанднинг бошқа биров эмас, айнан уни дунёга келтирган ота томонидан ўлдирилиши мотиви жаҳон адабиётида Гоголга қадар ҳам бор эди (масалан, француз адиби Проспер Мерименинг «Матео Фальконе» (1829) деган ҳикоясида ўзини қувиб келаётган полициячилардан яширишни сўраган қочқинга аввал бошпана бериб, сўнг миршаббоши ваъда қилган тилла соат эвазига у яширинган пичан ғарамини кўрсатиб, уйларидаги меҳмонни тутишга кўмаклашган болани – ўз ўғилчасини отиб ташлаган Матео Фальконе образи). Аммо Тарас Бульбанинг бу жиҳатдан эсда қоларли жиҳати шундаки, у ёв томонга ўтган навқирон ўғли Андрийни жанг чоғида тутиб, отиб ўлдиради.

Айнан шу жиҳати билан Тарас Бульба «Ёвга асир тушган ўзининг солдат ўғлига душманнинг офицерини алмашмайдиган» Сталин замонида ҳам, ундан кейинги зўраки патриотизм даврида ҳам эътиқод, юрт озодлиги учун курашчиларнинг тимсолига айланган. Масалан, Абдулла Қаҳҳор бу образга баҳо бериб: «Гоголнинг зеҳнимда умрбод қолиб кетган образларидан бири Тарас Бульба бўлди: барваста, бақувват, иродаси темир, ўртоқларига меҳрибон, душманга беомон бўлган бу чол кўз олдимдан сира кетмайди, ҳамма вақт худди яқиндагина кўрганга ўхшаб тураман. 41-йилда немис босқинчилари Украина тупроғига бостириб кирган куни, назаримда, Тарас Бульба бақириб, сўкиниб, хиёнаткор ўғлини ўз қўли билан ўлдириб, икки ёндан иягигача осилиб тушган мўйлови хиёл титраган ҳолда, қўлига қурол олиб, душманга қарши чиқиб кетаётгандай бўлди», деб ёзган эди (А.Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат, Т., , 1968, 59-60 б.).

Бу образнинг ана шу хислатлари адабиётда аксиома тарзида қабул қилинади. Масалан, Катта Совет қомусининг «Гоголь» мақоласида шундай сўзларни ўқиймиз: «Тарас Бульба образида халқнинг қаҳрамон ўғилларига хос бўлган энг яхши хислатлар – уларнинг ватанга, биродарларига содиқлиги, мардлик, ватан душманларига нафрати, чексиз жасурлиги ва жўмардлиги акс этган. Тарас мазлумларнинг даҳшатли қасоскори, ҳақ иш учун курашнинг доно ва тажрибали раҳбари сифатида кўрсатилади. У ўғли Андрийни энг оғир жинояти – ватанга хиёнати учун сира ҳам иккиланмасдан қатл этади. Бу ерда ҳам унинг учун умумий иш, ватан олдидаги бурч туйғуси шахсий ҳиссиётлар, қондошликдан юқори қўйилади». (Большая Советская энциклопедия, – М., изд-во «БСЭ», 1952, с. 572).

Гоголшунос олимларнинг Тарас образи ҳақидаги бундай фикрларидан яна кўп иқтибос келтириш мумкин. Аммо барчасининг мазмуни бир хил: Тарас Бульба – рус ва украин халқлари ўтмишидаги мард, жасур, олийжаноб қаҳрамонларнинг умумлашма образи, улардаги эзгу ва ибратли хислатларнинг барчаси Тарасда мужассам бўлган… ва ҳоказо.

Бизнингча, бундай мулоҳазалар қанчалик асосли, улар учун асарда қанчалик замин бор, буларни яна бир қур ўйлаш, қайта кўриб чиқиш зарар қилмаса керак. Биз ушбу мақолада Тарас Бульба образи, у орқали Гоголь қандай ғояни ифодалашни ният қилгани борасида анъанавий талқинлардан мутлақо бошқача бир тахминни илгари сурмоқчи эдик. Албатта, салкам икки аср давомида ўнлаб гоголшунос томонидан якдиллик билан айтилган, юзлаб дарслик, мажмуаларда такрорланган бояги руҳ, ўша мазмундаги гапларнинг аксини айтиш, айниқса исбот қилиш осон эмас.

Муҳтарам ўқувчилар буни яхши англаши ва фикримизни тушунишга уриниб кўришларига умид қилиб, асар, хусусан Тарас образи таҳлилига киришамиз (Шу ўринда «Тарас Бульба» услубини она тилимизда қайта тиклаган Наби Алимуҳамедовнинг маҳоратини эътироф этароқ, фикрларни далиллаш учун унинг таржимаси матнига таянганимизни айтиб ўтиш керак. Қаранг: Тарас Бульба, – Т., «Ёш гвардия», 1976. Кейинги мисоллар шу нашрдан олиниб, саҳифаси қавс ичида кўрсатилади).

«Тарас Бульба», аслида қисса эмас – насрда битилган достон. Унинг бутун руҳи, охирига қадар мардона бир оҳанг билан давом этадиган услуби, Сечь казакларининг эркин ва ҳур ҳаёти тасвирланган ўринларида қадим достонларни ёдга туширувчи оҳанг-ифодалар, матнидаги ритм бу фикрни далиллайди. Таъбир жоиз бўлса, «Тарас Бульба» – қаҳрамонлик эпоси.
Худди шу нарса, назаримизда, асар пафосини белгилашда кўпларни чалғитган кўринади.

Нафақат бадиий адабиёт, балки бутун санъат тарихидан ҳам маълумки, айрим буюк санъаткорлар ижодида гоҳо ғалати бир усул қўлланади. Унинг моҳияти шундайки, муаллиф ўзининг қарашларини, асл ниятини қай бир сабаб (асосан, ҳокимият ёки афкори омма тазйиқи) туфайли асарда очиқ ифода этолмайди. Лекин шунга қарамасдан, айнан унга ишора қилади ёки асл мақсад-муддаони шундай усталик билан ниқоблайдики, бирон бир нозир санъаткорни айблашга ожиз қолади. Масалан, муҳташам бир мадрасани қурган уста унинг девори сиртига ҳокимнинг исмини ёзади ва бу ҳоким ўзини абадиятга дахлдор ҳис қилиб юраверади. Орадан бирон асрча вақт ўтиб, сувоқ кўчиб тушгач, уста сувоқ тагига – ғишт девор ичидаги кошинкор токчага ўз номини ҳеч ўчмайдиган қилиб битиб қолдирганини кўрамиз.

Рассомликда-ку бу хийла машҳур усул: чизманинг устки қаватида монийи замон истамаган, аммо давр тақозосига кўра мавқеи баланд бир шахс буюк мутафаккирлар даврасида тасвирланган бўлса-да, замонлар ўтиб, устки бўёқ қовжираб тўкилгач, асл қиёфа – рассом ўша мунаввар даврага кимни муносиб деб билган бўлса, ўша кишининг суврати балқиб чиқади.

Ҳаммага таниш бир мисол: Пушкиннинг «Капитан қизи» қиссасида адибнинг Пугачёвга хайрихоҳ муносабатини пайқамаслик мумкин эмас: унинг мардлиги, олижаноблиги, ваъдага вафо қилиши, камтар ва одмилиги асар қаҳрамони бошига тушган воқеалар орқали ишонарли далилланади. Оддий халқнинг унга эҳтироми ҳам баралла тасвирланади. Аммо буни ўша давр чиғириғидан ўтказиш учун асар қаҳрамони тилидан Пугачёв «ашаддий босқинчи», «бебош оломоннинг саводсиз бир қўрбошиси», «сохта шоҳ», «безорилар бошлиғи» деб аталади. Ҳатто сарлавҳа ҳам «Пугачёв қўзғалони» эмас, атайлабдан «Капитан қизи» деб қўйилган. Асар тагматни, руҳию мазмуни эса боягидай…

Адабиёт тарихида бундай мисоллар кўп. Жек Лондоннинг ҳам «Қир уларни, қир!», «Бўри ўғли» каби ҳикоялари борки, сиртдан қараганда адиб гўё бетараф, лоқайд бир позицияда тургандек, аммо тасвирланган воқеалардан, оқ танлилар истило этган Оолонг оролининг туб аҳолиси, ё бўлмаса узоқ Шимолни макон тутган ҳинду қабиласи кишиларининг ўзига хосликлари, дини топталиб, босқинчиларнинг одамлик қиёфасини тамом йўқотган вакиллари энг асл инсонларни қандай хўрлагани ҳассос бир қалам кучи билан холис чизиб кўрсатилади…

Назаримизда, Гоголь мазкур қиссада ҳам шундай йўл тутган.

«Тарас Бульба»нинг сюжетию қаҳрамонларини ҳамма билади. Шу боисдан, воқеаларни қайта баён қилиб ўтирмай, бевосита муддаога ўта қоламиз.

Тарас – дағал табиатли, ўжар ва дангалчи бир одам. Киевда ўқиб қайтган, бир йил кўришмаган ўғилларини ҳазил-мазах қилиб кутиб олади. Шўхлиги тутиб, улардан бири Остап билан ўша оннинг ўзидаёқ муштлашиб кетади. Ҳар икки ўғлининг вояга етиб, диловар паҳлавон бўлганини кўргач, уларни дарҳол Запорожье Сечига – ҳарбий қўналғага олиб бориб, у ердаги биродарлари олдида мақтангиси ҳам келиб қолади. Чунки унинг ўзи – бутун умрини уруш-талашлар билан ўтказган, шу жанг-жадалларда бировларни ўлдириб ё талаб олган олтину кумуш билан бойиган бир одам. Бутун ўй-хаёли тиниб-тинчимасликда, ҳаракат ва урушда. Кузатсак, бирон дақиқа бўлсин, ўй ўйлаш, фикрлаш унга ёт. Аввал уч кундан кейин жўнаймиз, деган одам, сабри чидамай, ўғилларининг келиши шарафига ўша оқшомда берилган зиёфатнинг ўзида эртагаёқ йўлга тушишларини эълон қилиб юборади – эртаси тонг саҳарда икки ўғилни туғиб ўстирган шўрлик она, ўғилларини қайтиб кўрмаслигини кўнгли сезибми, зор йиғлаб уларни кузатади.

Сечь. Келиб кўрсалар, ҳамма роҳат-фароғатда, айшини суриб яшаяпти. Казаклар машқ қилади, ҳунармандлар ишлайди, лекин асосий вақт – вақтихушликка, овга, томошага, муштлашувга сафланади. Остап ҳам, Андрий ҳам бу ҳаётга боши билан шўнғиб кетади, кунлар шу зайлда ўта бошлайди.

«Лекин кекса Тарас уларга бошқа бир касб тайёрламоқда эди. Бундай айш-ишрат ва ўйин-кулги билан ўтган умр унинг назарида зое кетгандай бўлар, у ҳақиқий иш истар эди. У доим Сечни мардоналик ишига бошласам, марди майдонлар иш кўрсатадиган бир можаро бошласам, деб ўйлар эди. Ниҳоят, бир куни аскарбоши олдига келиб, тўппа-тўғри: «Аскарбоши, одамларимиз бир яйрасин», деди.

Аскарбоши оғзидаги кичкина трубкасини олиб, ёнига тупуриб ташлагач: «Яйрайдиган жой йўқ!» деди.
«Нега йўқ бўлсин? Турклар ёки тоторлар устига отлансак бўлади».
Бемалол ўтириб, секин трубкасини яна оғзига солган аскарбоши: «Турклар устига ҳам, тоторлар устига ҳам отланишнинг иложи йўқ!» деди.
«Нега иложи йўқ? …Ахир у ғайридин-ку. Худо ҳам, пайғамбар ҳам ғайридинларни уринглар, деган.

…Демак, казакларнинг кучи беҳудага йўқ бўлиб кетаверсинми, одамлар тузукроқ бир иш қилмай бекорга сасиб-чириб кетсинми? Ватанга ҳам, динга ҳам улардан ҳеч қандай фойда бўлмасинми? Бундай бўлса, бизнинг тириклигимиздан нима фойда? Шуни менга уқдириб бер. Сен доно одамсан, бекорга аскарбоши бўлганинг йўқ. Менга тушунтир, дунёда нима деб юрибмиз?
Аскарбошига унинг бу саволига жавоб бермади. У ҳам хийла ўжар одам эди. Андак жим тургач, «Нима десанг ҳам, уруш қилмаймиз!» деди.
…Бульба дилида: «Шошмай тур, занғарнинг боласи! Танбеҳингни берай!» деди-да, аскарбошидан ўч олмоқни дилига тугиб қўйди» (31-32).

Тарас Бульба фитна тайёрлашга киришади: уруш чиқариш учун аскарбошини мансабидан тушириб, бошқа одамни қўймаганча иш пишмаслигини пайқаб, маст оломонга таянади: «Тарас у-бу билан сўзни бир ерга қўйиб, ҳаммага ичирди» (32). Оқибатда, Сечдагилар орасида якдиллик йўқолади, жанжал чиқади ва катта бир ғавғодан кейин Тарас одамлари зўр келиб, Бульбанинг эски ошнаси Кирдюг аскарбоши бўлади. Натижа эса маълум: унинг қўли билан бундай мартабага минган Кирдюг Тараснинг айтганларига кўнмай иложи йўқ эди… Гоголь буни бир оғиз сўз билан: «Эртаси Тарас Бульба запорожьеликларни бирон ишга қўзғатиш тўғрисида янги аскарбоши билан маслаҳатлашар эди» (36) дея ифодалайди. Демак, Тарас Бульба дастлабки ниятига эришади: кимга қарши бўлса ҳам, ишқилиб уруш чиқариш, отланиш, урушиш нақд бўлиб қолади. Бунинг учун энди Тарас Бульбадан ортиқ куч сарфлаш талаб этилмасди.

Кирдюг бу «маслаҳатлашув»дан сўнг бир соат ичида бутун Сечни йиғиб, уруш бошлашга олиб келган сабабларни бир оз андавалагач, лўнда қилиб: бойиш учун бошқа бирон юртни талаш керак, ҳозир анча қашшоқлашиб қолдик, ҳатто, ибодатхонамиз ҳам ғарибгина, демак, лоақал «ёшларнинг ўзини қайиққа ўтқазиб жўнатсак дейман. Наталия бўйларини бир алғов-далғов қилиб келсинлар» (38) дейди. Аммо бутун Сечь жойидан қўзғалади, урушга тайёргарлик қизиб кетади, тез орада аллакимлардан эшитилган бир иғвога учиб, Гетман юрти деб аталган Польшага юришга отланишади, ундан аввал эса, жуҳудлар бизни хонавайрон қилди, деган яна бир ғалва чиқариб, жами яҳудийларни тутиб, сувга чўктиришга киришиб кетишади – қатлиом бошланади.

Муҳтарам ўқувчининг ёдидан чиқмаган бўлса, асарнинг бирон жойида Гоголь польшаликларнинг ё татарларнинг, турклар ёки яҳудийларнинг, Тарас таъбирича, «христианлар»га, яъни казакларга ёки уларнинг юртига нисбатан бирон бир хуружини кўрсатмаган.

Шу тариқа, запорожьеликлар моҳир идеолог, ашаддий бузғунчи Тарас Бульбанинг қутқуси билан йўлга отланиб турганларида аллақайдан бировлар: «Бизни польшаликлар хароб қилди» дея «ёрдам» сўраб келиб қолишади (асарда бу гапнинг ростлиги тасдиқлаб кўрсатилмаган). «Наталия»дан (Туркия Онадўлиси) воз кечиб, ғарбга йўл олишади («тез орада Польшанинг ғарби-жанубий қисми бошдан-оёқ ваҳима ичида қолди» – 47) – уруш бошланади. Асосий муддаоси қирғин қилиб, тинч аҳолини талашдан иборат бу бебош қароқчиларни ҳеч ким тўхтата олмас эди. «Аксари улар кутилмаган жойлардан чиқиб қолиб, бор-йўқни вайрон қилар, қирон келтирар эдилар. Қишлоқларга ўт тушар, аскарлар ҳайдаб кетиш имкони бўлмаган молларни шу ердаёқ сўяр эдилар. …У ваҳший замонда запорожьеликларнинг қилган бедодликлари эндиги одамларнинг тепа сочини тик турғизар эди. Гўдаклар қирғини, кўкраги кесилган хотинлар, тиззасигача териси шилиниб, қўйиб юборилган одамлар, хуллас, бу каби ваҳшатлар кўп эди» (48).

Бу урушда Тарас Бульба каби эски қароқчилар ўз уйида юргандек ва ўз касбини давом эттираётгандек бўлса, илгари бундай баттолликларни кўрмаган ёшлар ҳам хоҳ-нохоҳ зулм қила-қила ўзларида янги сифатлар орттиради – уларнинг юзига золимлик нуқси-муҳри урилади: «Яқиндагина темирқанот чиқариб, учирма бўлган қушлардек бир ой ичида чиниқиб, тамомила ўзгарар ва вояга етар эдилар. Шу чоққача юзларида йигитларга хос бўлган юмшоқлик зоҳир бўлиб турган кишилар юзида энди бир даҳшат, салобат, ўзларида куч кўринар эди» (49). Тарасга эса худди шу нарса керак эди – мана шундай даҳшатли одамлар билан у истаган бузғунчиликка, вайронкорликка қўл ура олар эди.

Ана энди асосий «ов» бошланади: «Аскар тўппа-тўғри Дубно шаҳрига қараб юришга қарор берди; овоза гапларга қараганда бунда мол ва хазина, давлатманд бойлар кўп эди» (50). Эътибор беринг: асосий муддао – ҳеч қанақа дин-пин ҳимояси эмас – бойликни талаш. Шаҳар қамал қилинади. Бир неча ойлик қамал натижасида тинч аҳолининг кўпи очликдан қирилиб кетади, фақат ҳокимнинг оиласи, оз сонли аскарларгина сўнгги умидларига таяниб, жон сақлаб туради.

Аммо зулм – фақат мазлумлар учун эмас, золимларнинг ўзи учун ҳам ҳалокатли. Қамал қилиб, шаҳарни ўраб олган казаклар маънан тамомила айнишга юз тутади: «Бекорчиликдан зерикиб, атроф-теваракдаги қишлоқларни талон ва торож қилишга, экин ва хирмонларга ўт қўйишга, ўроқ тегмаган буғдойларни молларга оёқости қилишга тутиндилар; …яхши унган, кўкариб турган буғдойларга йилқиларни қўйиб юбордилар» (51).

Қамал, очлик шиддати зўрлигидан шаҳар ҳокими қизининг оқсочи таваккал қилиб тунда лаҳм орқали келиб, Андрийга шаҳар ҳокимининг фарзандидан – бир вақтлар Киевда унинг оромини ўғирлаган соҳибжамолдан салом етказади. Андрий ҳам лаҳм орқали шаҳарга ўтиб бориб, қиз билан топишади, қилаётган ишларининг мудҳиш натижаларини – ўз тирикчилиги билан юрган тинч шаҳар аҳолисининг даҳшатли очлик ва азоб-уқубат ичра ўлим топаётганини ўз кўзи билан кўради, буларга қай айби учун мунча зулм қилиняпти, дея мулоҳаза юритади (ёдингизда бўлса, Андрий аввалдан ҳам Остап каби шартаки эмас, онасига тортган, мулоҳазали эканини Гоголь бот-бот эслатиб туради). Ва Андрий бир қарорга келади – севган маликаси ва бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиб, ўз дўстларига қарши қурол кўтаришга жазм этади.

Оқибати эса маълум: Тарас ўғлини жанг маҳали чакалак ичида тутиб олиб, отиб ўлдиради – ота ўз қўли билан зурриётини йўқ қилади.
Аммо Тарас бу билан тўхтамайди. Ўз фарзандини ўлдиришдай мудҳиш ва аянч бу воқеа унга ҳеч бир таъсир қилмайди – дарҳол отланиб, яна қирғинбарот ичига кириб кетаверади.
Тарасни нима ёки қандай куч олға ундаб, ҳаракатга келтиради? Унинг ғояси, ҳаётдан мақсад-муддаоси нима?

Эътибор қилсак, Тарас нутқида икки нарса: дин ва ватанни ҳимоя қилишга кўп урғу берилади. У ўзини христиан динининг оташин ҳимоячиси, ватаннинг халоскори қилиб кўрсатади. Аммо бутун асар давомида Тарас Бульба бирон марта бўлсин, черков-перковга кириб ибодат қилганини, ё бўлмаса, лоақал ёлғиз қолган бирон маҳали христианлик тўғрисида ўйлаганини, ёки христианга хос бирон хатти-ҳаракат қилганини кўрмаймиз, унинг бутун эътиқоди – оғизда. Дин унинг учун уруш очишга бир баҳона, холос. Христианлик йўлида қилган энг катта хизмати шуки, худди провославлар каби христиан ҳисобланган католик черковларини ёқиб, кулини кўкка совуради, ўзлари каби славян бўлган полякларни талайди, уй-жойини, шаҳру қишлоғини вайронага айлантириб, ўзларини қириб ташлайди.

Ўзгалар ватанини вайрон қилган одамдан ўз ватанини обод қилишни кутиш мумкинми? Тарас ватанпарвар бўлиб казаклар юрти Запорожье ва умуман, Россияю Украина учун нима қилди?

Ҳеч нима! Ўз қишлоғида жўнгина тирикчилигини ўтказиб, осуда яшаётган тобе одамларининг ҳаётини остин-устун қилиб, ясовул Товкач билан ортидан етиб боришларини буюрди. Ва уларнинг ҳаммаси, битта ҳам қолмай, жанг йўлларида ўлиб кетди. Демак, Тарас фақат Польшадаги тинч аҳолининг азоб чекиб ҳалок бўлишидагина эмас, ўн минглаб казакларнинг дарбадарликда ўлишида ҳам айбдор: ватанини гуллатиши, оиласи бағрида, ҳаётидан рози бўлиб яшаши мумкин бўлган одамлар беҳудага ўлиб кетди. Улар, худди ўзлари каби тинч яшаши мумкин бўлган одамларни қириш, шаҳар ва қишлоқларни ғорат қилиб, уйларга ўт қўйиш, экинзорларини пайхон қилиш асносида ўлим топди.

Шу ўринда ўғли Остапнинг у бошлаган ишларга муносабатини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Остап мард ва диловар йигит. Энг зўр тилаги – жангда ботирлик кўрсатиш. Уруш масаласида эса ўз фикри йўқ, отаси айтганини, атаманлар буюрганини қилади. Фақат, жангда асир олингач, бир неча ой бандилик азобини чеккач, ўзлари очган уруш – ўйин эмаслигини, қилган ишлари марди майдонлик эмас, гуноҳи азим эканлигини, бу эса жазосиз қолдирилмаслигини англайди, отаси уни мудҳиш бир қиморда довга тикканини тушуниб етади… Варшаванинг қатл майдонида суяклари мажақлаб синдирилар экан, ўлими олдида «кўзлари жовдираб тўрт томонга қаради. Ҳолдан кетиб, дармонда бўлиб, ночор ва нотавон: «Отам! Қаердасан? Эшитаяпсанми?» деб қичқириб юборди» (134). Эътибор беринг, Остап отасига – бу майдонда бўлиши етти ухлаб тушга кирмайдиган Тарасга хитоб қилади. Беҳудага эмас, бу ўлим олдидаги фарзанднинг уни чоҳга итарган отага таънаси эди. Ҳа, пировардида Остапнинг кўзи очилди, очилганда ҳам жовдираб очилди, аммо… энди кеч эди.

Бироқ мудҳиш қилмишларининг ажри-жаззасини олган аламзада Тарас шунда ҳам тийилмайди, яна фитналар чиқариб, янги қирғинбаротларга бошлаш учун Сечга тағин қайтиб келади.

«Теварак-атрофга қараса, эски қадрдон биродарларидан ҳеч ким қолмапти. Сечдагилар барчаси янги одамлар. Ҳаққоният, дин ва қардошлик садағаси бўлганлардан ҳеч ким қолмапти. Аскарбоши билан бирга тоторларни қувалаб кетганлардан ҳам аллақачон ҳеч ким қолмапти. Ҳаммалари бошларини эгиптилар, ҳаммалари ҳалок бўлиптилар. Гоҳлари жангда мардона ўлим топиптилар, гоҳлари Қримнинг шўртоб саҳроларида ташналик ва очликдан нобуд бўлиптилар, гоҳлари бандиликнинг шармини, хор-зорликни кўтаролмай ўлиб кетиптилар. Аввалги аскарбоши ҳам аллақачон ўлиб кетипти. Эски ёр-биродарлардан ҳеч ким қолмапти, бир замонларда қайнаб тошган казак кучи аллақачон ер бағрига кириб, устини ўт босиб кетипти» (116).

Буларнинг барчаси Тарас отли ашаддий бузғунчи бошлаган ишнинг натижаси эди. Аммо у шуларни кўриб ҳам тийилмайди. Тағин қўшин йиғади ва бир юз йигирма минг казак қўшинининг саккиздан бирига бошлиқ бўлади. Тарас мана шу каллакесарлар ичида ҳам энг баттарини эди: «Унинг кексайган ёши, кўп иш кўрганлиги, қўшинга йўлбошчилик қилишга усталиги, душманга қаҳри ҳаммадан ортиқлиги уни бошқалардан ортиқ ва мартабасини баланд қиларди. Унинг бераҳм ва бешафқат баттоллиги ҳатто казакларнинг ўзларига ҳам ҳаддан ташқари кўринар эди. Унинг сочи оқарган боши фақат ўт билан дорни билар эди, холос. Аскарбошилар ўтиришиб кенгашганда унинг берадиган маслаҳатлари ҳам фақат йиқмоқ, ёқмоқ, қирмоқ, қийратмоқ эди» (136).

Бу бераҳмлиги, ашаддий муросасизлиги туфайли у яна қўшиндагилар билан чиқишолмайди ва қўл остидаги аскарларини ажратиб олиб, Польшага, вайрон қилиш ва қириш учун йўл олади: «Тарас қўшини билан бирга Польшада сайр қилиб юриб, ўн саккиз равотга, қирққа яқин поляк бутхонасига ўт қўйиб, Краков шаҳрига яқинлашиб қолди. Кўп лахларни қирди, кўп яхши сарой ва қасрларни вайрон қилди, талон-торож этди… Тарас доим: «Сира аяманг, ҳеч нарсани аяманг!» дер эди, холос. Казаклар қоши қора, сийнаси тухумдек оқ гул юзли қизларни ҳам аямадилар; муқаддас жойларга қочиб сиғинганларида ҳам омон топмадилар, Тарас уларни сиғинган бу муқаддас жойлари билан бирга қўшиб куйдирди. Қанча-қанча оқ билаклар аланга ичидан чиқиб, дод-фарёд билан кўкка кўтарилди; бу дод-фарёдлардан ер ларзага келар, саҳродаги ўт-алафлар тоқат қилолмай бўзлар эди. Аммо бераҳм казаклар бу нолаларни писанд қилмадилар, қайтага додловчиларнинг болаларини ҳам кўча-кўйдан тутиб, найзага илиб, ўтга ташладилар» (139).
Бу энди ҳеч бир қасос эмасди, ўғли Остапнинг ҳалок бўлгани учун ўч олиш ҳам эмасди, бу – одамнинг одамийликдан чиқиши, ваҳший бир махлуққа айланишидан бошқа ҳеч бир нарса эмас эди.
Тарас шу сохта динпарастлигию ватанпарварлиги билан охири нимага эришди? Етишгани нима бўлди ўзи унинг?

Гоголь айтганидек, «эски ёр-биродарлардан ҳеч ким қолмапти (ҳаммаси қирилиб битган), бир замонларда қайнаб тошган казак кучи аллақачон ер бағрига кириб, устини ўт босиб кетипти (миллат фаторат топган)». Хўш, Тарас Бульбанинг ў з и-чи, бу ишдан у нима топди? Икки азамат ўғилни туғиб ўстирган муштипар она хор-зорликда кўз юмди, Андрийни унинг ўзи отиб ўлдирди, Остап банди қилиниб, Варшавада даҳшатли қийноққа солиб қатл этилди. Ўзи эса ярадор бўлиб, бир ўлимдан қолди. Буларнинг барчаси унинг кўз ўнгида юз беради. Охирги «сафар»ида у билан бирга бўлган ўн беш минг аскар ҳам қирилиб, ўн-ўн бештагина одам қочиб қутулади, ўзи бўлса қўлга тушади, қуриган катта бир дарахтга парчинланиб, остидан ўт ёқилади. Аммо уруш, талончилик ва қирғин қон-қонига сингиб кетган бу одам ана шунда ҳам бузуқ эътиқодидан қайтмасдан, дарё бўйидаги қайиққа тушиб қочиб кетаётган казакларга қараб: «Келаси кўкламда яна келиб бир сайил (босқин – З.И.) қилиб кетинглар» (142) деб бақиради. Бу унинг охирги сўзи, васияти, бузғунчилик даъвати эди.

Запорожье Сечига мансуб одамлар қаерларда ўлим топганининг ўзиёқ, уларнинг ватан ва дин ҳимоячиси эмас, балки динни баҳона қилиб юрган ашаддий босқинчи эканини кўрсатади: «Шарқий Россиянинг завқли-шавқли ерларидан келган барча паҳлавонлар бир-бирлари билан ўпишиб, ҳол-аҳвол сўраша кетдилар: «Косьян нима бўлди? Бородавка қалай? Клопер қалай? Подситка нима бўлди?» Тарас бу саволларига: «Бородавка Толопанда осилди, Колопернинг Қизқирманда терисини шилдилар, Подситканинг боши тузланиб, Царьградга юборилди» деган жавобларни олди. Кекса Тарас бошини қуйи солиб: «Яхши одамлар эди!» дерди» (26). Кўрамизки, Тарас айтган бу «яхши одамлар»нинг ҳаммаси ўзга юртларда, босқин ва талон чоғида ўлим топган.

Сечь – босқинчилар лагери. Буни Гоголь очиқ-равшан айтиб ўтади: «Бу ерга келган ҳар бир кимса бор-йўғини унутар, миясини машғул этган икир-чикирларни орқага ташлар эди. Бу ерга келган одам ўзининг ўтмишига тупурар эди, десак ҳам бўлади… булар орасида қаерда бўлса ҳам жанг қилмоқни ўзларига улуғ бир маслак қилиб олган, ўзини одам деб билган мард кишиларнинг урушмасдан жим ётишини уят ҳисоблаган ва кўпни кўрган партизанлар ҳам анча бор эди» (27-28). Тарас ва у кабиларнинг жанги жадалларда юришдан топадиган нарсаси – бировларни зор қақшатиб ё ўлдириб қўлга киритиладиган мол-дунёдан ўзга нарса эмас. У бундан ор ҳам қилмайди («Янкель дарров рўмол олиб (Тарас берган) тилланинг устига ёпди. Тилланинг биттасини қўлига олиб, айлантириб томоша қилгач, тишлаб кўриб: «Ажаб бир тур тилла экан, вой, вой, жуда ғалати тилла экан! Бундай олтинни жанобингиз кимдан тортиб олган бўлсалар ҳам, боёқиш бир соат ҳам дунёда турмасдан ўша ондаёқ ўзини дарёга ташлаб, чўкиб кетгандир!» деди. 119-120).

Тарас Бульбанинг энг катта «ютуғи» – уста нотиқлиги. У одамларнинг дилидаги энг нозик ва энг қалтис туйғу – диний ва миллий ҳисларни қўзғатиб, жунбушга келтира олади. Тараснинг уруш бошлашни рад этаётган аскарбошига хитоби унинг хатти-ҳаракатларини оқлаши учун «асос» бўлиб хизмат қилади. Бу далил содда одамлар учун жуда жўяли ва фидокорона туйилади: «Казакларнинг кучи беҳудага йўқ бўлиб кетаверсинми, одамлар тузукроқ бир иш қилмай, бекорга сасиб-чириб кетсинми? Ватанга ҳам, динга ҳам улардан ҳеч қандай фойда бўлмасинми? Бундай бўлса, бизнинг тириклигимиздан нима фойда? Дунёда нима деб юрибмиз?»

Тараснинг назарида, ватан ва дин учун фойда етказишнинг йўли битта – уруш. У казакларни тўплаб, вино тарқатишга амр қилади ва ҳаммани йиғиб, хитоб қилади: «Қани, ўртоқлар, ичайлик, бирданига ичайлик, аввало, муқаддас динимиз ривожи учун ичайлик, динимиз бутун дунёга ёйилсин, ер юзида ёлғиз бизнинг динимиз бўлсин, барча ғайридинлар христиан бўлсинлар! …Қани, биродарлар, дин учун ичайлик, дин учун!» (98).

Аммо Гоголь диний ҳиссиётларни жунбушга келтириш қандай оқибат билан тугашини шу асарнинг ўзидаги қуйидаги парчада жуда равшан кўрсатиб ўтадики, шунинг ўзи ёзувчининг Тарас Бульба сингари «ватанпарвар» кишиларга, уларнинг аъмолига муносабатини яққол кўрсатади, деб ўйлаймиз: «Рус тупроғида дин йўлида қилинган урушлар таърифи маълум ва машҳур. Мавж уриб, ҳар доим ўзгариб, турланиб турган денгиз ўртасидаги юксак тош нақадар қудратли, нақадар даҳшатли бўлса, дин ҳам шундай кучли, шундай қудратли. Денгиз ўртасидаги азамат тош денгиз қаъридан чиқиб, яхлит бир тошдан яратилган гавдасини кўкларгача юксалтиради. Қайси томондан қаралса ҳам тош кўринади, у олдидан чопишиб ўтиб кетаётган тўлқинларни писанд қилмай тура беради. Унга келиб теккан кеманинг шўри қурсин! Майда-майда бўлади, ичида нимаси бўлса, сувга ғарқ бўлади, йўқ бўлади, ҳалок бўлганларнинг дод-войидан ҳавода бир ларза қолади, холос» (136).

Демак, Гоголнинг фикрича, диний масалани ўртага қўйиб бошланган ҳар қандай уруш аянчли натижа билан тугайди, бу урушга кирганнинг тақдири денгиздаги қояга келиб урилган кема аҳлининг тақдири билан бир хил – барча ҳалок бўлади.

Балким Тарас Бульба образи ҳақидаги бу мулоҳазаларимиз у ҳақда ҳозирга қадар фақат яхши фикрда бўлиб келганларга алланечук туйилар, балким у адабиёт саҳнасидаги энг олижаноб қаҳрамонлардан бири бўлиб қолаверар ҳам, аммо ҳаётда Тарас сингарилар – унинг прототиплари ҳар бир миллат учун турган-битгани фожиа. Бундайлар қанча катта салоҳиятга, қанчалар зўр иродага эга бўлса, шунчалик ёмон.

… Тарихнинг ажабтовурлигини қарангки, дин – инсоният учун энг азиз ва муқаддас қадрият, ҳаммани ва ҳар бир одамни ҳамиша тинчликка, сабр-бардош, муроса ва тоқатга ундаб келган бу бебаҳо таълимот барча замонларда уруш чиқаришга энг зўр баҳона бўлиб келган. Башарият ўзини англаганидан бери ҳисобга олинган уруш ва қирғинларнинг аксари «динни ҳимоя қилиш – муқаддас бурч» деган шиор билан бошланган.
Нега шундай?

Бунинг сабаби равшан. Диний туйғу фақат инсонга хос. Инсонгагина хос тушунчаларнинг ҳам энг юксак, энг теранларидан бири. Дин одамнинг нафақат онгига, балки аввало қалбига таъсир қилади. Энг теран, энг олий туйғуларни уйғотади, оламнинг яратилиши ва одам боласининг дунёга келиши, ҳаётидан мақсад-муддаоларини талқин этади. Дин эътиқодга айлангач эса, инсон ўз дилидаги бу бебаҳо жавҳар – иймоннинг фақат кучайишини, мустаҳкамланишини истайди, уни бузишга, ўзгартиришга ёки йўққа чиқаришга интилган ҳар қандай кучга қарши беомон курашади. Бу йўлда у ҳамма нарсадан, ҳатто жонидан воз кечиши мумкин. Зеро инсонда диний эътиқоддан кучли туйғу бўлмайди. Киши, айтайлик, мол-дунёсидан, соғлиғи, энг яқинлари – бола-чақаю ота-онасидан ва ҳатто киндик қони томган ватанидан айрилишга рози бўлиши мумкин, аммо динидан воз кечолмайди. Демак, дин – инсон учун энг улуғ, энг муқаддас нарса, у ўртага қўйилган маҳалда кишининг иккиланишига йўл қолмайди.

Уруш очувчилар эса инсон руҳиятидаги ана шу энг нозик, жуда қалтис жиҳатдан фойдаланишади. Худди шунинг учун ҳам Запорожье Сечи гуриллаган XVII-XVIII асрлардагина эмас, ҳатто XXI аср бошида ҳам динни рўкач қилиб, унинг «ҳурмати»га уруш чиқарувчи сохта фидойилар ҳануз учрайди.

Бир замонларда машҳур саркарда ё воизлар асосан зўр жанглар олдидан барча аскарларга қарата нутқ сўзлаб, уларнинг руҳини тетиклаштиришга, «ғайридин» ёвга қарши ғазабини орттириб, энг оғир, таҳликали дамда ҳам қуролни ташламайдиган даражадаги фидойиликка тайёрлаган бўлса, махфий урушлар авж олган ҳозирги даврда бундай «ташвиқот» нафақат бирон бир террорчилик ҳужуми олдидан, балки ҳар куни, ҳар соатда такрорланади ва бу муттасил тарғибот ўз ишини қилади – одам бир кун келиб ашаддий ғояпараст бўлиб қолади, олмон адиби Ҳенрих Манн ибораси билан айтганда, «содиқфуқаро»га айланади.

Нафақат динда, ҳатто сиёсатда ҳам шундай. Узоққа бормай, муттасил тарғибот туфайли фашизм қутқусига учиб манқуртга айланган нацистлар ёхуд утопик ғоя билан умр ўтказган коммунистларни эсласак, шунинг ўзи кифоя.

Аммо дунё маърифатчилик давридан ўтиб, яна теологик қарашлар майдонга чиққан, бир қисм одамлар ортодоксал дин қонун-қоидаларидан чекиниб, турли «ҳизб» ва «…ий» отли оқимларга ихлос қўйиб, баъзилар ҳатто аллақандай шарпалар, марҳумлар руҳи билан мулоқот, «ўзга сайёрага бориб келиш»га қадар хурофотларга ишона бошлаган ҳозирги даврда дунёнинг айрим ҳудудларида соф заминий мафкуралар ўрнига яна «дин ҳимоячиси» ниқобидаги ҳарбийлашган сиёсий партиялар юзага қалқиб чиқди.

Улар динни давлат тепасига келиш, чексиз ҳокимиятга эга бўлиш, беҳисоб бойлик орттириш қуроли қилиб олган. Ва бунга эришиш учун энг осон йўл ҳам топганлар – одамлар дилига эътиқод сингдириш орқали улар ўлимга тик борадиган фидойига айлантирилади. Фақат махсус тайёрланган китобларни муттасил ўқитиш ёки ваъз билан чекланмай, эртаю кеч тинмай, ғоявий таъсир ўтказишнинг барча турларини ишга солиб, янги остаплар – ота кўксига мушт уришдан тап тортмайдиган манқуртлар тайёрланади.

Эртаю кеч уқтирилиб, минг хил йўл билан онгга сингдирилаётган ғоялар бир куни пишиб етилади – жангарилик, террорчилик эътиқодига айланади. Бундай эътиқодга ўтган гўл одам эса – тайёр зомби, бу йўлда жонини ҳам аямайди.

Ҳозир жаҳоннинг бу хавфдан холи нуқтаси қолмаган. Бундан хориж бўлиш, тинч ва хотиржам ҳаёт тарзини вужудга келтириш учун эса онги ўзгартирилган кишиларни эмас, балки уларнинг дилига сингган мудҳиш ғояни маҳв этиш лозим.

Ғояга қарши ғоя билан курашиш керак, деган сўзни мен ана шундай тушунаман.

Онгга сингиб, эътиқодга айланган ғояни инсон шууридан ситиб чиқариш осон ва жўн нарса эмас. Унинг ўрнига янги, соғлом, инсоний ва инсонпарвар бир дунёқарашни қабул қилдириш эса ундан ҳам қийин. Зеро ғоя – одамнинг моҳиятини ташкил этади. Эътиқодни алмаштириш бир одамдан бошқа бир одамни ясаш демак.
Адашган, янглиш йўлдаги ёшлар орамизда ҳар ҳолда тўрттагина эмаслигини эътиборга олсак, қамалиб, амнистия туфайли озодликка чиққан жиноятчилар учунгина эмас, балки аввало мана шулар учун муайян реабилитация маркази – тинч ҳаётга қайтариш мактаби ташкил этиш керакка ўхшайди. Ва бундай мактабда ҳақ йўлдаги диний уламолар, файласуфлар, психологлар, малакали педагоглар, сиёсатшунослар, ёзувчилар… қатнашиши, очиқ, эркин фикрлашиш, лозим бўлса – баҳслашиш, ҳар қандай қарашларни диний, илмий, ҳаётий ва мантиқий томондан далиллаб, мисоллар асосида исботлаш, кўрсатиш, таққослаш имконини бериш, инонтириш каби усуллар воситасида уларни гўл бир мухолифликдан… фаол тарафдорга айлантириш лозим бўлади. Бунда, турли жангари оқимларга қўшилиб қолган, аммо ҳукумат сиёсатидан қўрққанидан кечирим сўраб, ноилож тинч ҳаётга қайтганларнинг «маҳалла олдида тавба қилгани» кўпам зарил эмас, балки уларнинг жангари ақидадан сидқидилдан воз кечиши муҳим.

Лев Толстой айтган эдики, «Одамларнинг ҳаётига қараб, ишларига қараб унинг Худога ишониш-ишонмаслигини билиб бўлмайди… Диний эътиқодини биронта вақтинчалик, ўткинчи мақсадга эришиш воситаси қилиб олган одамлар аслида уччига чиққан динсизлардир. Негаки, бундай одамлар учун дин ҳаётда муайян марраларга эришиш воситасидир» (қаранг: «Ҳуррият» газ., 1999, 6-12 янв.).
Гоголнинг Тарас Бульбаси билан ҳозирги тарасбульбалар шу жиҳатдан бир хил. Чунончи, дунёнинг қай бурчагидан бўлишидан қатъи назар, улар ҳамиша дин ва миллат ғамидан дам урадилар. Ҳолбуки, уларнинг дини ҳам, миллати ҳам йўқ. Улар учун дин ҳам, миллат ҳам – бозорга солиниб, эвазига ҳокимият ва катта бойликка эришиш воситаси, холос.

XIX аср бошида Петербургда яшаган рус ёзувчиси Н.В.Гоголь «Тарас Бульба» қиссасида XVII-XVIII асрда Европанинг жануби-шарқида бўлиб ўтган воқеаларни тасвирлаган. Аммо қарангки, замонлар ва маконларнинг хилма-хиллигига қарамай, террорчиликнинг моҳияти, усул ва услублари деярли бир хил экан!
Ягона фарқ – Тарас Бульба ўз жангариларини Запоржье Сечида машқини пишитиб, ўзга элларни (турклар, тоторлар ё поляклар…) талашга етакласа, «замонавий Сеч»да – аллақайси тоғнинг ёруғ оламдан пинҳон бирон ўнгуридаги жангарилар лагерида камолга етган ҳозирги тарасваччалар ўз ватанига, киндик қони томган тупроғига босқинчилик уюштиради.

1834 йилдан бошлаб тарих бўйича адьюнкт-профессор лавозимида хизмат қилган ва асосан Жанубий Россия ўтмиши билан обдон шуғулланган Н.В.Гоголь Запороже Сечи каби қароргоҳларнинг моҳиятини теран англаган бўлиши турган гап. Ва бизнингча, адиб «Тарас Бульба» қиссасини қадимги рус руҳини улуғлаган баҳодир бир казакни мадҳ этиш мақсадида эмас, балки ўз она халқини ҳам, бошқа элларни ҳам ғорат қилган, одамларга беҳисоб зулм ўтказган бадкор бир қароқчининг сохта динпарварлиги нималарга олиб келганини кўрсатиш ниятида яратган, шу орқали XVII-XVIII асрлардаги Россия тарихига ўз муносабатини бадиий йўсинда, эҳтиёткорлик билан ифодалаган.

Тўғри, асарда Тарас Бульба нутқига ҳамоҳанг туйиладиган ўринлар ҳам мавжуд. Шу боис, «Тарас Бульба»нинг асл мазмуни, ёзувчининг бадиий ниятини дафъатан пайқаш қийин. Зеро Гоголь ҳам Тарас Бульбадай «дин ва миллат фидойилари»нинг ёвузлигини ўз даврида худди Пушкин сингари фақат ишорат тили билан баён қила олар эдики, бунинг сабаблари ҳаммага тушунарли. Ҳақиқий маъно бадиийлик бўёғи остига яширилган. Аммо юқорида келтирилган айрим мисоллар шундан далолат берадики, адибнинг гражданлик позицияси аниқ ва қатъий: айрим устомонлар содда одамларнинг диний ва миллий ҳиссиётларини қўзғатиб, буни ўз манфаати йўлига буриши, оқибатда минг-минглаб одамларнинг беҳуда қурбон бўлиши тарих мисолида келажак авлодлар учун ибрат қилиб кўрсатилган.

Пировардида яна адабиётшуносликка қайтиб, бу фан нуқтаи назаридан бир саволни ўртага қўйиш ўринли бўлса керак, деб ўйлаймиз: хўш, мана шундай сифатларга эга бўлган Тарас Бульбани… “ижобий қаҳрамон” деб аташ мумкинми?

Йўқ. Зеро “ижобий қаҳрамон – муаллифнинг ахлоқий қадриятлари акс этган адабий персонаж” (Лит. энциклоп. словарь. – М., 1987, с. 286). Улуғ Гоголнинг маънавий-ахлоқий қарашлари Тарас Бульба қиёфасида акс этмайдигина эмас, унга тамоман қарама-қаршидир.

 
Клавдия Панченко. Ўзбек ҳикоялари рус тилида PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:47

Дунё маданиятининг ўзаро таъсири ва ривожланишини таржима асарларисиз тасаввур қилиш қийин. Бу – ҳар бир миллий адабиётга дахлдор сўз. Немис шоири Иоганнес Бехер ҳақли равишда таъкидлаганидек, «юксак маданий таржимани яратиш, маълум миллий адабиётнинг бўй-басти, истеъдоди, миллий хусусуятларини намоён этади».
Ўзбекистонда таржиманинг назарий асослари узоқ йиллар давомида шаклланган, бироқ асосий эътибор бошқа тиллардан ўзбек тилига таржима қилиш масалаларига (хусусан, рус тилидан) қаратилди.
Бугунги кунда эса ўзбек адабиётини бошқа тилларга таржима қилишдек энг долзарб ва муҳим масала турибди. Бу – тасодифий эмас.
Собиқ социалистик реализм занжирлари, шарт-шароитларидан озод, жамоатчилик фикри ва инсон қалбини тарбиялашда восита ролини ўйнашдан воз кечган ўзбек замонавий адабиёти юксалди, мураккаб, ўзига хос, кенг кўламли бадиий тизимга айланди. Бунда ўз қонуниятлари, ривожланишнинг изланиш ва анъаналари, асрлар бўйи яшаб келаётган бебаҳо миллий адабиёт тажрибалари синчиклаб ўрганилган ҳолда, янги миллий, ижтимоий-маданий омиллар, жаҳон маданий жараёнларига мутаносиб муваффақиятларга эришилди.
Қайд этилганларнинг туб негизида ўзбек замонавий ҳикоячилигига қизиқиш ва унинг кўтарилиш босқичлари кўринади. Барчага маълумки, шубҳасиз, адабий асар маҳсулдорлиги, қадр-қиммати нафақат бадиий матнларни шакллантиришга, балки асар моҳиятига қай даражада давр ижтимоий-маданий омилларини сингдиришга ҳам боғлиқ. Бу табиий равишда янги дунёни ҳис қилишни, қадриятлар моҳияти, янги ижтимоий-маданий нуқталарни ўзида акс эттиради. Кичик жанр саналишига қарамай, салмоқли ўринга эга ҳикоячилик ҳамиша долзарблик нуқтаи назаридан бошқа кенг кўламли насрий жанрлардан олдинда туради.
Замонавий ўзбек ҳикоячилигида «кенглик ва жанр майдонининг хилма-хиллиги, жанр билан муаллиф эркинлигининг ўзаро гармоник мослашуви характерлидир» (М.Бахтин), дунёқараш ва эстетик мувофиқлашув натижасида глобал янги тараққиёт қиёфасини ижтимоий-маданий идрок билан ифодалаш жуда кучли. Ўзбек замонавий ҳикоячилигининг муаллифлари тарихан шаклланган жанрнинг туб кўринишларини танлаб олишади, чунки улар ижодкорнинг асосий муддаосини ифодалаб беради ёки яратмоқчи бўлган ўзига хос йўлни моделлаштиради.
Янги бадиий тузилма, модел ва шаклларда янги мазмун-моҳият, руҳият қирралари, анъанавий маънавий қадриятларни баҳолаш, янги шахс концепцияси (бутунлиги, қарашлари, фикрлари) йўлида самарали изланишлар ўзбек замонавий ҳикоячилигининг бадиий тузилмаси, жанр кўламини безайди. Ҳаракат, трансформациялар, анъаналар ва жанр ривожланиш истиқболи ўзбек замонавий ёзувчиларининг Саодат Комилова томонидан рус тилига таржима қилинган ҳикоялари талқинида изчил, ўқишбоп ҳолда «Кўнглимдаги дарё” тўпламида ўқувчилар қўлига бориб етди.
Тўпламга йигирма олтита ҳикоя киритилган, улар турли авлодга мансуб, турфа анъаналар ривожини ўз ичига олган ўзбек замонавий ҳикоячилигининг постсовет даврини акс эттирган адиблар қаламига мансуб. Аввало, мазкур ҳикоялар анъанавий жанр тузилмасига кўра, ўзбек мумтоз ҳикоячилигининг энг яхши анъаналарини давом эттириб, юксалтириб келмокда, зеро, уларнинг томирлари миллийликка бориб тақалади. Шунинг баробарида, улар эски усул ва мазмун-моҳиятлардан холи, янги теран замонавийликни ўзида сингдирган асарлар (Одил Ёқубовнинг «Қаердасан, Морико?», «Музқаймоқ», Хайриддин Султоновнинг «Дунё сирлари», «Тўсиқ», Мухаммад Алининг «Кулча», Алтаир юлдузи», Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Қичқириқ», «Васий», Собир Ўнарнинг «Ака-укалар», «Тегирмончининг ўғли», Назар Эшонқулнинг «Маймун етаклаган одам», «Баҳоуддиннинг кучуги», Абдуқаюм Йўлдошевнинг » Алвидо, гўзаллик», «Муаммолар борми?», Зулфия Қуролбой қизининг «Аёл», Уйғун Рўзиевнинг «Тонгда қайтган каптарлар», «Нотинч қалб» каби ҳикоялари).
Тўпламга янги ноанъанавий кўринишга эга ижодий изланишлар, чегараланган ўзига хос жанр намуналаридан ҳам киритилган: ҳикоя-ўйлар (Исажон Султон – «Сувдаги коса»), ҳикоя-огоҳлантириш («Тунги довул»), ҳикоя-туш кўриш (Улуғбек Ҳамдам – «Бир пиёла сув»), ҳикоя-иқрор («Кўнглимдаги дарё”), ҳикоя-хаёлий (Зулфия Қуролбой қизи – «Икки қиёфа”), ҳикоя-онг оқими ёзишмалари (Раҳимжон Раҳмат – «Миямнинг ичи», ҳикоя-нохаёлий «Адашвой”).
Бу ҳикоялар ўқувчини ҳаққоний воқеликнинг айёрона чалкаш вазиятларида ҳам мустақил равишда изланиш, йўл топиш ва муаллифни ҳис этишга ундайди, хаёлот ва мавжуд ҳаёт зиддиятларининг энг муҳим асосларини ифодалаган ҳикоячиликнинг янги модели яратилганига гувоҳ бўлади.
Бизнингча, таржимон ўз олдига бош вазифа сифатида, ўзбек ҳикоясининг русча туғилишини кўришни, шу тахлит у гўё рус тилида илк бор кўз очишини кузатишни қўйган, бироқ ўз ўрнида миллий хусусиятлар, стилистикани сақлаб қолган, бузмаган, қандай бўлса, шундай ифодалаган, шаклларнинг бир-бирига ўхшашлигини таъминлаган, фикрлар нутқ воситасида берилганда, аслиятдаги шоироналикни яратиб, янгидан жозиба беришга ҳаракат қилган. Унинг таржимон сифатида ўзига хослиги шундаки, асарлардаги айнан ўхшашлик «қуввати»ни қайтадан ярата олган, асар оҳангини бадиий матнни шакллантиришда муҳим омиллардан, деб санаган.
Икки тилни эркин эгаллаб (ўзбек ва рус), аслиятдаги халқ юрагини нозик ҳис этиб, миллий тарих, характер, тилнинг нозик жиҳатларини яхши билган ҳолда, рус тилида уйғунлик ифодасини тополган, жаранглата олган, зарурат туғилганда «ошириб ифодалаш»дан (тиллар тизимининг бир-бирига тушмаган, мос келмаган ҳолатларида) фойдаланган, бироқ аслиятдан узилмаган, унинг миқдорини ҳам бузмасдан, рус тилида аслиятга мос тўлақонли бадиий таржималарни яратишга эришган. Аниқ таржима матнларининг таҳлили шуни кўрсатадики, таржимада айнан ўхшашлик нафақат ташқи мувофиқлик, балки ички чуқур мазмун-моҳият, бошқа тил воситалари орқали ифодалаш қобилиятини ҳам намоён этади, бунда аслиятда фойдаланилган бадиий усуллардан чекланмаслик лозим.
«Кўнглимдаги дарё”га киритилган таржималар шундан далолат берадики, таржима жараёни – асар яратишдаги ижодий жараённинг маълум маънода қайтарилишидир. Зеро, таржима масалаларидаги ушбу тушунча таржимани санъат даражасига кўтаришнинг зарурий шарт-шароитлари ҳисобланади.
Таржимон ҳар бир ҳикояда муаллиф ўй-хаёлларига теран кириб бориб, деталма-детал кўриб чиқиб, тафаккурнинг ўзига хос «сирлари», ҳар бир муаллифнинг тилини тушуниш, дунёни қўриш, бадиий воситаларнинг хилма-хиллиги ва ҳаётий материалларни акс эттириш усулларини қўллашни уддалаган, дейиш мумкин. Таржималарда баъзан ўйлаб топилган шева сўзларининг аралашувига йўл қўйилмаган, айни пайтда, таржимон индивидуаллиги муаллиф индивидуаллигига суяниб қолмаган.
Айнан шундай таржималар асарларнинг «маданий майдони”га кириб боришга, аслиятнинг замон ва макон билан бирлашиб кетишига имконият яратади, ўзбек адабиётини яқин ва узоқдаги русийзабон ўқувчилар орасида оммавийлашувини мувофиқлаштиради ва шубҳасиз, унинг дунё адабий жараёнларига киришувида ўз таъсирини ўтказади.

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси

 
Муҳаббат ва севгининг таърифи PDF Босма E-mail
27.12.2011 14:28

Муаллиф бу мавзуларда фикр юргизар экан, ўзини бошқалардан билимдонроқ санамайди, ўзини «Америка очган» қилиб қўрсатмоқчи ҳам эмас. Фақат, сўз эркинлигидан фойдаланиб, ҳаётдаги баъзи синчковлик билан таҳлил қилган, балки кўпчилик унчалар эътибор беравермайдиган ҳодисалар ҳақидаги хулосаларини эълон қилмоқчи, холос. Кимгадир маъқул келса, амал қилар, кимнидир мулоҳазага чорлар, яна кимгадир маъқул келмас, лекин ҳеч ким билан баҳсу мужодалага киришиш нияти йўқ.

Батафсил ...
 
“ҲУРЛИҚО ВА ҲАМРО” достонининг вариантлари PDF Босма E-mail
02.09.2014 11:54

Ўзида халқимизнинг эстетик идеаллари, эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат ҳақидаги қарашларини акс эттирувчи “Ҳурилиқо ва Ҳамро” достонининг турли вариантлари мавжуд. Шимолий Хоразм достончилик мактабининг асосчиси Аҳмад бахшининг шогирди Турсунбой бахши Хоразм, Қорақалпоқ ва Тошҳовуз вилояти аҳолиси орасида машҳур. У достонларини ўзбек, қорақалпоқ ва туркман тилларида куйлайди. Унинг репертуарида “Аваз”, “Ошиқ Ғариб”, "Бозирюн”, “Хирмондали”, “Арабтаған”, “Гулруҳпари” достонлари бор.

Биз қуйида Турсунбой бахши ижросидаги “Ҳурилиқо ва Ҳамро” достони вариантини, худди шу достоннинг бошқа 10 та вариантига қйёсан тахлил этамиз.

1.    Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг фольклор архиви 1681 рақамли “Ҳурилиқо ва Ҳамро” достони варианти. Бу вариант 1971 йилда Турсунбой бахши томонидан архивга жўнатилган. Мазкур нусха ёзув машинкасида ёзилган, 79 бет. Варақларда 39 сатрдан ёзув жойлашган.

Достоннинг бошқа вариантларидан фарқли равишда насрий баён устунлик қилади. Бундаги қизиқарли айрим эпизодлар бошқа вариантларда учрамайди. Ушбу вариантда жаъми 193 та шеърий парча берилган. Улар: 1 ғазал, 2 мухаммас ва қолганлари мураббаълардан иборат.

2.    Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фонди 4206 рақамли қулёзма. “Ҳурилиқо ва Ҳамро” достони варианта. Достон ҳиж. 1305 (милодий 1886) йилда Мулла Нажмиддин томонидан кўчирилган.

Қулёзма 106 варақдан иборат, настаълиқ хати билан шикаста услубида кўчирилган. Ҳар саҳифада 16 мисрадан жойлашган. Ўрта Осиё ипак қоғозида. Ўлчами: 20 х 12 см. Қўлёзмага яна Мажзуб Намангоний девони киритилган.

Достоннинг бу вариантининг Турсунбой бахши вариантидан мазмунан фарқи йўқ. Фақат айрим эпизодларнинг киритилиши ёки тушиб қолиши, мотивларнинг ишланишида намоён бўлади. Бу вариантнинг кагга қисмини шеърий баён ташкил этади.

3.    Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фонди 5030 рақамли қулёзма. “Ҳурилиқо ва Ҳамро” Достони варианта. Бу манба эса Сайқалий томонидан кўчирилган. У ҳам анъанавий сюжетлар асосида достонлар яратган шоирдир. Унинг қаламига мансуб “Баҳром ва Гуландом”, “Тоҳир ва Зуҳро”, “Лайли ва Мажнун” достонларидан кейин юқорида зикр этилган достон ҳам қўлёзмада берилган. Достоннинг бу вариантини ҳажми кичик, 36 варақ; ўлчами: 20 х 15 см. Ҳар қаторда. 14 мисрадан ёзув жойлашган. Бу нусхада ҳам 2 мухаммас бўлиб, қолган шеърлар мураббаъ. Достон сюжетида ўзгариш йўқ.

4.    Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фонди 1701 рақамли қўлёзма. “Ҳурилиқо ва Ҳамро” Достони варианти. Манбада бу достон яна икки достондан кейин берилган бўлиб, ҳажми 27 варақ. Настаълиқ хатида битилган. Яхши сақланган.
Достон мазмунида ўзгариш йўқ. Бунда бир ғазал, бир мухаммас ва тўртликлардан иборат.

5.    Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг фольклор архиви 679 рақамли “Ҳурилиқо ва Ҳамро” достони варианти. Бу нусха 1930 йилда Хивада ислоҳ этилган араб алифбосида ёзиб олинган. Кимдан ва ким томонидан эканлиги номаълум. Тўлиқ эмас. Шунга қарамай, бошқа оғзаки, қўлёзма ва тошбосма вариантларда учрамайдиган эпизодлари билан аҳамиятлидир.

6.    Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймон номидаги қўлёзмалар бўлими, 2962 рақамли! тошбосма. Бу достон варианта 1907 йил Тошкентда Ғуломия матбаасида чоп этилган. Саҳифаларга расмлар ишланган. Ҳажми: 44 саҳифа. Бунда ҳам қўлёзма вариантлар каби назм кўп.

7.    Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фонди 5613 рақамли тошбосма. Достоннинг бу варианта тошбосма ҳолида Қозонда 1898 йилда чоп этилган. Ҳажми: 40 саҳифа. Юқорида келтарилган Тошкент тошбосмаси билан бир хил.

“Ҳурилиқо ва Ҳамро'’ достонининг таъкидланган ёзма варинтларидан ташқари халфа вариантлари ҳам мавжуд. У қиссахон халфалар томнидан қироат билан ўқилиб келинмоқда. Биз достоннинг Ханифа халфа, Гулқанд халфа, Ниёзжон халфа вариантларини қиёсий ўрганганимизда, улар қўлёзма нусхаларга асослансада, муайян фарқлар борлиги аниқланди. Кўп эпизодлар қўшилганлиги ёки қайта ишланганлигй кузаталади. Баъзи шоиралик иқтидорига эга халфалар достонга ижодий импровизация асосида ёндошганлар. Бу айниқса, гурланлик Ханифа халфа вариантада яққол кўзга ташланади. Унда достоннинг бошқа халфа вариантларида учрамайдиган бадиий пухта шеърлар берилган. Шунингдек, достон сюжетининг кўпгина анъанавий эпизодлари халфа томонидан ижодий қайта ишланган.

Достон версия ва вариантларининг қиёсий тахлилидан келиб чиқадиган хулосалар шундан иборат:

Достоннинг версия ва вариантларининг ҳаммасвда ҳам достоннинг асосий сюжета сақланган. Умумий ғоя бир хил, тафовутлар у ёки бу мотивнинг ишланиши, айрим эпизодларнинг қўшилиши ёки тушиб қолишида намоён бўлади. У китобкй нусха шаклида кўп тарқалган бўлиб, унинг бахшилар ва халфалар репертуаридаги талқинлари ўша ёзма манбаларни ижодий ўзлаштариш ва қайта ишлаш асосида вужудга келгандир.

Мазкур достондаги мавжуд ўзгаришларни  шартли равишда иккига бўлиш мумкин.

1.    Тасодифий, яъни механик тарздаги ўзгаришлар. (Бунга айрим эпизод ва деталларнинг тушиб қолиши ва уларнинг урин алмашиши натижасида юза га келган чалкашликлар киради.)
2.    Ижодий характердаги ўзгаришлар. (Бундай ўзгаришлар эпос поэтикасини текширишда, шунингдек, достоннинг бир сюжет иоирасидаги индивидуал хусусиятларини ўрганишда муҳим булиб, айтувчининг ижодкорлик ва ижрочилик маҳоратига, уларнинг дунёқараши ва эстеттик принципларига бориб тақалади.)

Достоннинг барча версия ва вариантларини ўрганиш ва қиёслаш шуни кўрсатдики, у ягона сюжет асосида тарқалган. Турсунбой бахши репертуаридаги оғзаки вариант, юқорида келтирганимиздай ижодий характердаги ўзгаришларга бой бўлиб, у достоннинг бошқа вариантларидан ҳажм кўламининг кенглиги, деталларга блйлиги, эпик мазмуннинг тўлалиги, насрий қисмнинг назмга қараганда икки ҳисса кўплиги жиҳатидан ажралиб туради. Бундан ташқари, бу вариант образларнинг самимий мадҳ этилиши ва ижрочи бадиий маҳоратининг юксак даражаси билан алоҳида диққатга сазовор бўлиб, бошқа вариантлардан устун туради.

Иқболой Девонова

 
Холислик эҳтиёжи PDF Босма E-mail
25.05.2013 06:45

Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев билан баҳс

Алишер Назар: Одамият жаннатдан кувилгандан бери ўзининг моҳиятини ахтаради. Бу изланиш эса унга ҳаёт, завку шавк, ва ҳаловат беради. Инсон ўзини англаш йўлида кўп шарафли йўлларни босиб ўтди. Замон тили билан айтганда юксак таракдиётга, цивилизацияга эришди. Лекин... биласизми, инсоният муаммоларининг кўлами ҳечам ўзгаргани йўқ. Аксинча, бу муаммолар асрдан-асрга улканлашиб, боши берк кўчага кириб бормоқда. Келинг, кичгинагина бир мисол келтирамиз: тасаввур қилинг, зарурат бўлса бугун экранда танамизнинг ҳар бир ҳужайрасини кузатиш, унинг устида тажриба ўтказиш ва ҳатто ҳаракатланишини таъминлаш имкони бор. Лекин шу аппаратларга яраша касаллигимиз ҳам бор-да! Муаммо ҳамон ўша: хасталикдан кутулиш! Инсоннинг муаммосини ҳал этолмаган "қулайлик" қандай қилиб тараққиёт бўлади? Менинг назаримда, инсоният асли тараққиётдан қуйига қараб ҳаракатланаётгандек.
Шу маънода айтадиган бўлсак, инсониятнинг бадиий тафаккур тарзи ҳам асрдан-асрга саёзлашиб, ғариблашиб, сийқалашиб бораётгандек. Ахир буюк Навоий СЎЗининг қудратини беш асрдан бери шарҳ қиламиз. Ҳазратнинг сўзи ўнлаб, юзлаб адабиётчиларни профессор қилди. Лекин начора, бошқа Навоий туғилмади.
Минг ваҳки, бадиий тафаккурнинг саёзлашиши азалий ўзанларни ҳам ўзга томонларга буриб юбормоқда. Аслида юксак хаёлот маҳсули адабиёт - инсоннинг ҳақир дунё ташвишларидан, шафқатсиз ҳаёт синовларидан ўтишида энг яқин кўмакчи, сирдош ва маслаҳатчидир. Бирок, XXI асрга келиб, том маънода адабиёт ҳам "ер"га тушди. Тирикчилик манбаига, турмуш дастёрига, ғоявий қуролга ва ҳакозоларга айланиб бормоқда.
Қозоқбой ака, бу тарзда адабиётнинг саёзлашишида адабий танқидчиликнинг ҳиссаси катта десам муболаға қилмайманми? Чунки адабий танқидсиз адабиёт ривожланмайди. Адабий танқидчи, адабий яратувчи ҳамдир.
Қозоқбой Йўлдошев: Жавобни охирги икки гапингизга тўла қўшилишимни айтишдан бошлаганим маъқулга ўхшайди. Аслида-ку, юқоридаги даъволарингизда анча ошириб юбораётганингизни ўзингиз ҳам билиб турибсиз. Суҳбат сал кескинроқ бўлиши учун шундай журналистик усул қўллаяпсиз, шекилли. Илмий тараққиётнинг жуда шитоб билан бораётгани одам умрининг узайишида, бевақт ўлимнинг камайишида, бир одамнинг ўз умри давомида жуда кўп ишлар қилиб қолиш имконияти ошиб бораётганида кўриб-билиб турибмиз. Эҳтимол, инсон маънавияти борасида таназзул кечаётгани ҳақида гапирилса, жўялидир.
Энди салкам олти асрдан буён бошқа Навоий туғилмаганига келсак, бошқа Навоий ҳеч қачон туғилмайди. Бунинг кераги ҳам йўкдир. Зеро, чин санъат ва чинакам санъаткор бетакрорлиги билан қадрлидир. Бобур ҳам, сиз биладиган Машраб ҳам, Ғафур Ғулом ҳам, Абдулла Ориф ҳам ҳеч қачон қайтарилмайди. Сизнинг бадиий тафаккур саёзлашиб бораётгани борасидаги хавотирингизга ҳам қўшилиш жуда қийин. Негаки, ҳазрат Навоий Алишер Навоийни ўқимай ижод қилган бўлса, ундан кейингилар Навоий бадииятидан баҳра олиб улғайишяпти. Бунинг устига, ҳозирда очун кичрайиб, ахборот олиш осонлашиб, ўзга элларнинг бадиий тафаккуридан ҳам баҳраманд бўлинмокда. Бу ҳол, сўзсиз, бадиий тафаккур теранлашувига хизмат қилади.
Сизнинг адабиёт тўғрисидаги "...инсоннинг ...энг яқин кўмакчи, сирдоши" деган фикрингизга тўла қўшиламан, лекин "маслаҳатчи"лиги борасида шубҳам бор. Асл адабиёт, менимча, маслаҳат бермайди, йўл кўрсатмайди. У кўнгилни излайди, уни тафтиш қилади, кўнгил ҳолатларини билдиради. Шу йўл билан ўқирман кўнглига ҳам таъсир кўрсатади. Қўполроқ қилиб айтгудек бўлсак, одам тирикчилиги учун адабиёт мутлақо кераксиз ҳодиса. Аммо шундай кераксиз нарсаки, усиз одам тўла маънода одам бўлолмайди. Инсон тирикчилиги учун бевосита керак бўлмаган нарсаларга интилгани сари одамлашиб бораверади. Озиқланиш, чанқовни босиш, ухлаш, кўпайиш учун қўшилиш каби тирикчиликка керак нарсани ҳайвон ҳам қилади. Одам ана шулардан бошқа юксакроқ нарсаларга эҳтиёж сезганда, таннинг эмас, кўнгилнинг, руҳнинг талабларини қондириш заруратини туйганда, гўзалликка интилиш маҳсули ўлароқ адабиёт керак бўлади. Шукурки, ҳозир ҳам одамларда шунга интилиш сезилади. Ҳаёт яхшиланавергани сари бу интилиши кучаяверади деб ўйлайман.
Адабиётнинг ўз кўкидан ерга тушиб, "тирикчилик манбаига, турмуш дастёрига, ғоявий қуролга" айланиб бораётгани борасидаги хавотирингизда, афсуски, жон бор. Оламдаги барча нарсанинг икки жиҳати бўлгани каби адабиёт ҳам бундан мустасно эмас. Одамзод ҳамма нарсани ўзига хизмат қилдиргиси келади. Лекин бу муаммони ҳам бўрттириб юбормаган маъқул. Ҳозирги кунда ҳам гўзал бадиий асарлар кўплаб яратилаётганини ўзингиз биласиз.
Энди адабиётнинг саёзлашувига адабий танқид сабабчи деганга ўхшашроқ фикрингизга келсак, унга қўшилмаслигимни айтай. Адабиёт саёзлашаётгани йўқ, аксинча, теранлашмокда. Олдинлари асарларда кўпроқ қаҳрамонларнинг бошидан ўтган воқеалар тасвирланса, эндиликда одамнинг руҳий тўлғанишлари, кўнгил кечинмалари, сония сайин ўзгариб турадиган сезимлари ҳам кўрсатилаётирки, уни саёзлашиш деб бўлмайди. Лекин адабий танқид - синчилик кўнгилдагидай таъсир кучига эга бўлмаётгани бор гап. Ўзбек синчилиги ўзбек адабиётининг олдида боролмаяпти, ҳатто, ёнма-ён ҳам кетолмаяпти, ортидан бораётир. Аммо бадиий адабиётга етиб олай деб жуда ҳаллослаб югураётгани ҳам йўқ. Чунки кечим ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Йўналтириш, рағбат йўқ даражада.
Бундан кейин бу аҳвол янада оғирлашса керак деб ўйлайман. Чунки келажакда синчиликка тайёрланиши зарур бўлган аспирантлар сони ўта қисқартириб юборилди. Илмий даража учун ёқланадиган диссертациялар йўлига шундай тўсиқлар қўйилганки, кўпчилик истеъдодларнинг уларни бартараф этишга кучи етмай қоляпти.
Алишер Назар: Қозоқбой ака, мен цивилизацияни ёки унинг оламшумул имкониятларини рад этмоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим: биз маҳлиё бўлаётган бу тараққиёт инсоният муаммоси кўламини камайтирмади, кўпайтирди, холос. Ҳазрат Навоийнинг қайта туғилмаслигини эса ҳамма яхши билади. Аммо бу улуғ зотдек сўз санъаткорлари яна пайдо бўлса, бу адабиётимизга "оғирлик" қилмайди. Буни орзу қилиш ва бу истакнинг амалга ошмаётганидан ўкиниш ҳам яхшиликдан нишонадир.
Албатта, айтиб ўтганингиздек эндиликда адабиётнинг теранлашаётгани, инсон руҳиятига кириб бораётгани бор гап. Аммо мен айтмоқчи бўлган саёзлашув олдида бу "теранлашиш" андак ғариб бўлиб қолаётгандек. Сизнинг бунга адабий танқиднинг кўнгилдагидай таъсир кучига эга бўлмаётганини сабаб қилиб кўрсатишингиз, адабий танқид соҳасини бир оз аяганингиздан дарак беради.
Менинг назаримда, сўнгги йилларда жилд-жилд "Танланган" ва "Сайланган" асарларнинг пайдо бўлишига аслида адабий танқиднинг оқсаб қолгани сабабчидек туюлади. Эндиликда истаган одам роман ёзиши, шеър ёзиши, китоб чиқариши мумкин бўлиб қолди. Ҳатто, бундай тасодифий китобларга катта-катта "Сўзбоши"лар ҳам илова қилинмоқдаки, беихтиёр ўқиётганинг ростдан ҳам "асар" эканига ишонгинг келади. Минг афсуски, буҳолатга бизнинг тайёр жавобларимиз бор: ҳаммасини вақт кўрсатади! Вақтнинг кўрсатишини кутиб ўтириш шартмикин? Ахир қачонгача адабий асарларни вақтга саралатамиз. Вақт асарларни саралагунча минглаб китобхоннинг бадиий диди нима бўлади?
Биринчи синфда ўқийдиган қизим бор. Яқинда деразадан ташқарига қараб: "Дада, ана, тентак қор ёғаяпти", деди. Мен унга дакки бердим: "Қизим, қорни тентакка ўхшатиб бўлмайди". ".Бизнинг "Мусиқа" китобимизда шунақа шеър бор", деди. Ишониб-ишонмай китобни варақладим:
Деҳқонларга тилак қор,
Пахтаойга керак қор.
Гоҳо мени қувалаб.
Уйга қамар тентак қор.
О-ла! Қайсидир бир кинода қаҳрамон айтади-ку: "Бу оламда нималар бўляпти ўзи?” Ака, дарсликда бундан баттарлари ҳам бор экан. Қолганини айтиб нима қилдик, шунисини "ҳазм" қилиб олайлик. Майли, бу тизмадаги дастлабки икки қаторни бир амаллаб тушунишга ҳаракат қиламиз, аммо одамни "қорнинг қувалаб кетиши"ни, "уйга қамаб кўйиши"ни энг хаёлпараст бола ҳам тасаввур қилолмаса керак. Лекин бу бола ўзи тасаввур қилолмайдиган "шеър"ни қўшиқ қилиб айтишга маҳкум! Эҳтимол, "алдагани бола яхши"дир, лекин бу болалар ўзимизники-ку! Бундай муносабат билан уларни маънавий майиб қилиб кўймаймизми? Ахир болалик қўшиқлари бир умр инсоннинг кўнглига муҳрланиб қолади. Гап ёқмаса, бугун ўқиб эртага ташлаб юбориладиган китоб ҳақида эмас, юз минглаб болаларнинг кўлидаги дарслик ҳақида кетяпти. Тағин китобга нима деб ёзиб кўйибди, денг: "Тўлдирилган 10-нашри"! Яхшиям буниси тўлдирилган(!) экан. "Тўлди-рилмаган"лари қанақа бўлган, Худо билади.
Қозоқбой ака, сиз адабий мақолаларингиздан бирида: "...муайян миллатнинг бадиий-эстетик тафаккури дарсликлар ёрдамида шакллантирилади ва шунга мувофиқ бўлади", - деб ёзган эдингиз. Модомики, масала шу қадар жиддий экан, бу борадаги лоқайдликни қандай тушуниш мумкин? Бунга бугунги адабий савиянинг назоратсизлиги сабаб эмасми?
Қозоқбой Йўлдошев: Жуда назоратга ҳавасманд йигит экансиз-да, Алишербек! Тараққиёт юксалгани сари муаммоларнинг кўпайиши бор гап ва шундай бўлиши ҳам керак. Одамнинг ақлий-маънавий савияси ўсгани. сари унинг талаблари кўпайиб бораверади. Биласизки, талабнинг кўпайиши муаммони урчитади. Бизнинг қишлокда бир оқсоқол кимга бўлса ҳам: "Ташвишинг кўп бўлсин!" - деб дуо қиларди. Ундан: "Ташвишнинг кўпини нима қиламан?" - деб сўрасак, бобо: "Ҳаёти яхши, соғлиғи жойида одамнинг ташвиши кўп бўлади. Бахтсиз одамда ташвиш битта бўлади: касал бўлса, фақат тузалиш, оч бўлса, фақат тўйиш, қамокда бўлса, фақат озод бўлиш ташвишини чекади. Ҳаёти яхши одамнинг ташвишида саноқ бўлмайди", - дердилар. Шунга ўхшаб муаммонинг кўплиги муаммо эмас, уларнинг ечилмаётгани муаммо.
"Танланган асарлар" ва "Сайланмалар" кўпайиб кетишида мен унчалар қўрққулик жиҳат кўрмайман. Ёзувчи бўлмаган бирор одамнинг "Мукаммал бадиий асарлари" чиқиб қолишидан қўрқса бўлади. Бу муаммога керагидан ортиқ эътибор қаратиш кишини асл масаладан, яъни бадиий асар моҳиятини англатиш заруриятидан чалғитади. Ойдинларнинг иши миллат аҳлини танлаб китоб босишга эмас, балки танлаб китоб ўқишга йўналтиришдан иборат.
Ёшларда бадиий дид зўрлик ёки қоровуллик билан эмас, табиий равишда шакллантирилиши керак. Адабий синчилар жанговарроқ бўлиб, савияси паст асарларни "уриб" туришса, улар камроқ яратилган бўларди деган фикр жуда жўн қарашдир. Ижод эркинлиги истагандай ёзиш ва чиқариш эркинлиги ҳамдир. Айни вақтда ҳар бир ўқирманда танлаб ўқиш ҳурлиги борлиги ҳам эсда туриши керак.
Сизнинг миллат ёшлари бадиий дидини қарор топтириши керак бўлган дарсликларнинг савияси тўғрисидаги куйинишингизда, минг афсуски, ҳақиқат керагидан кўпроқ. Сиз келтирган мисол жудаям қўр-қинчлиси эмас. Исталган синфдаги кўпчилик ўқув фанларидан тайёрланган дарсликлар бундан кўра ан-ча аянчли мисолларни келтириш имконини беради. Ҳақиқат шундаки, миллат аҳлининг бадиий савияси дарсликлар савиясида бўлади. Чунки миллатнинг интеллектуал-маънавий қиёфаси шу дарсликлар воситасида шакллантирилади. Бинобарин, дарсликлар нимага хизмат қилиши кераклигини биладиган одамлар томонидан яратилиши лозим. Маълумки, адабиёт - ўқув фани, ёзувчи-шоир тайёрлаш учун ўқи-тилмайди. Менимча, расм ва мусиқа каби сабоқлар ҳам ёшларда рассомлик ёхуд қўшиқчилик қобилиятини ҳосил қилиш учун эмас, балки уларда расм санъати ва мусиқани тушунишга хизмат қиладиган дидни шакллантиришга йўналтирилиши зарур.
Дарсликлар тендер деб аталмиш усул асосида танланадиган бўлгач, умрида бировга бирор соат сабоқ бермаган одамлар ҳам дарслик ёзадиган бўлиб кетишди. Олдинлари ўқувлик ёзиш методист олимларнинг иши бўларди, эндиликда ишбилармонларнинг "бизнеси"га айланди. Бундайлар дарслик ёзишни қойил қилишмаса ҳам товарни тақдим этиш маҳоратини яхши эгаллаган бўлишади. Натижада, уларнинг дарслиги тендерда ютиб чиқади. Танловга бир нарса деб бўладими?
Энг ёмони, ўқитувчилар тобора дарсликларнинг яхши-ёмонини фарқламайдиган, уларнинг савиясига қизиқмайдиган бўлиб қолишяпти. Улар нимани, қандай ўқитишни ўйлашдан кўра, адоғи йўқ қоғозлар оқими ичида чўкиб кетмаслик тўғрисида кўпроқ қайғурадиган ҳолатга келишди.
Академлицейлар ва коллежларнинг айрим босқичлари учун шу вақтга қадар "Адабиёт" дарслиги яратилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Лекин адабиёт сабоқлари ўтиляпти. XXI асрда, таълим учун триллионлаб маблағ сарфланаётган юртда адабиётсиз адабиёт ўқитилаётир.
Аҳвол шу даражага етганки, адабиёт ҳафтасига уч соатдан ўқитиладиган тўққизинчи синф "Адабиёт" дарслигининг ҳажми адабиёт предмети ҳафтасига икки соат ўқитиладиган саккизинчи, еттинчи, олтинчи, борингки, ҳатго, бешинчи синф дарслигидан ҳам кичик Бутун жамият маънавият учун курашиш ҳаёт-мамот масаласи эканини тан олиб турган бир паллада битирувчи синф ўқувчилари адабиётдан маҳрум этилаётир. Тегишли мутахассислардан нега шундайлиги сўралса, ўрта мактаб дарсликларининг оғирлиги нормадан ортиқ бўлмаслиги керак деб жавоб беришади. Лекин тўққизинчи синфдаги ўспиринларга бешинчи синф ўсмирларидан камроқ юк кўтариш белгиланган бундай мантиқсиз нормани бартараф қиладиган бирор одам йўқ.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларининг адабиёт дастурларига истисносиз ҳар йили ўзгариш киритилади. "Адабиёт" дарслиги журнал мақоласи, мактаб тажриба майдони, ўқувчилар синалувчи объектлар эмаслигини таълим тизими мутасаддилари тушунгилари келмаётганга ўхшайди. Кечирасиз, адабий кечим ва адабий синчилик ҳақида гапираётиб, ўқитиш ташвишларига ўтиб кетдик. Начора, бу жуда муҳим муаммо-да!
Алишер Назар: Муаммо, таъбир жоиз бўлса хумда турган мусалласга ўхшайди. Мусаллас қанча кўп вақт турса унинг таъсир кучи шунча ортади. У шунчалик ортадики, бир кун келиб хумни ёради. Бундан чиқадики, ҳар бир муаммо вақтида англаниши ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадга мувофиқдир.
Қозоқбой ака, "...миллат аҳлини... танлаб китоб ўқишга йўналтириш..." тадрижий таълим-тарбия маҳсулидир. Савиясиз ижод намуналари билан "озиқланиб" улғайган болани танлаб китоб ўқишга йўналтириб бўлмайди. Шундай экан, кечирасизу, барибир яна ўша гапга келамиз: бу масалада том маънода адабиётшуносларимизнинг фидойилигига муҳтожмиз.
Яқинда Қаҳрамон шоирларимиздан бири айтиб қолди: Абдулла Қаҳҳор вафот этишидан сал аввалроқ ўзига яқин ҳамкасбларидан бирини чақириб: "Менга қара, менинг бу дунёда дўстим ҳам йўқ, душманим ҳам йўқ. Нима қилган бўлсам, адабиёт учун қилганман", дебди. Ҳа, ҳар бир соҳа, жумладан, адабиёт ҳам ўзининг фидойилари билан барҳаёт. Адабиётдаги фидойилик ХОЛИС эътирофдир.
Мен юқорида тасодифий китоблар ва уларга ёзилаётган катта-катта "Сўзбоши"лар ҳа-қида айтаётганимда, мана шу холис эътирофнинг йўқлигини назарда тутган эдим. Бу иддаога кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Ҳатто, сизнинг ижодингиздан ҳам. Сўнгги йилларда "Сўзбоши" ёзиб берган ўнлаб китоб-ларингизнинг биридаги мана бу сатрларга ва унинг шарҳига диққат қиламиз:

Қирқ бешга жимгина, ёлғиз, бенаво,
Хотиржам киряпман, лоқайд, бепарво
Кирган каби худди қабрга...

"Қабрга кирадиган жасадгина ёлғиз, бенаво, ло-қайд, бепарво бўлади. Қирқ бешга кираётган одамнинг шундай хусусиятларга эгалиги улкан умр фожиасидан далолатдирки, уни тасаввур қилиш ва бу ҳақда бирор тўхтамга келиш ўқирман шахснинг қан-чалик баландлигига боғлиқ".
Айнан шу мисралар таъсирида яна шундай теран мулоҳазаларни баён қилгансизки, рости, шахсан мен шеърдан эмас, сизнинг таҳ-лилингиздан кўпроқ таъсирландим. Айтганингиздек, эҳтимол бу сатрларни тушуниш ҳар кимнинг "баланд”лигига боғлиқдир. Лекин бу мисралар мени ҳаяжонга эмас, ташвишга солди. Негалигини айтайми?
Аввало, мени мутаассибликда айбламассиз деган умид билан айтмоқчиман: инсон зоти борки, қабрга хотиржам, бепарво ва лоқайд бўлиб кирмайди. Қабр-инсон учун энг кўп ташвишланадиган, энг кўп диққат бўладиган бир манзил! Бу манзилда ҳеч бир зот бепарво, лоқайд бўлолмайди. Биз бунга сидқидилдан ишонамиз ва шунинг учун ҳам мусулмонмиз. Менимча, бу сингари мисраларни фақат ҳиссиётга таянган ҳолда шарҳлаш унчалик тўғри эмас. Қўшимча маънолар ахтариш эса зўрма-зўракиликка ўхшаб кўринади. Чунки бу мисраларга "объект” бўлаётган қабр масаласида ҳақиқат битта! У ҳеч қачон иккита бўлмайди. Бу ўринда сиз шарҳингизда айтмоқчи бўлган "Руҳий манзара..." ҳаққоний эмас.
Қозоқбой ака, адабиёт борасида сиз билан баҳслашмокҳа журъат қилолмаймиз ва бунга ҳатто маънавий ҳақимиз ҳам йўқ. Аммо бир истиҳолам бор: "фалон китобга Қозоқбой Йўлдошев сўзбоши ёзган экан" дейилса, адабий жамоатчилик дарҳол ҳушёр тортади. Чунки адабиёт майдонида сизнинг эътирофингизнинг ўз қиммати бор. Аксарият ижодкорлар сизнинг эътиборингизга тушишни исташади. Адабиёт ва адабиётшунослик борасидаги фикрларингиз ҳам бошқалардан фарқ қилишини биламиз. Аммо сўнгги пайтларда бадиий асарлар ва уларнинг ижодкорлари ҳақида фикр билдирганда, бироз муболағага ва юзхотирликка берилаётгандексиз...
Қозоқбой Йўлдошев: Менда гурунгимизнинг шу вақтигача бўлган қисми мана шу гапларни айтишингизга тайёргарлик, менинг этимни "ўлдириб", эътирозларингизни билдиришга ҳозирликдай бўлиб туюлаётир ва ўз соддалигимдан нечанчи бор хижолат тортаётирман. Балки, адашаётгандирман, аммо менга бизнинг ўзбек ёппасига бир-бировини эшитишни истамайдиган улус бўлиб туюлаверади. Ўрисда: "Ҳеч қачон ҳеч қачон дема", - деганга ўхшаш нақл бор. Биз ҳамма нарсани дарҳол ё у ёқлик, ё бу ёқлик қилиб ташлагимиз келаверади. Мана, сиз ҳам ҳадеб: "Ҳар бир масаланинг ҳақиқати битта бўлади", - деяпсиз. Нега энди битта бўларкан? Ўша масаладаги сиз топган битта ҳақиқат сизнинг ҳақиқатингиз. Лекин мен нега унга риоя қилишим керак? Мен бошқача ҳақиқатни топган бўлсам-у, у бировларга маъқул келмагани учун ўзгартирайинми? Ҳақиқат битта бўлади дегани, бутун миллатга битта бош етарли деганга ўхшаш гап. Ҳақиқатнинг битталигини фақат Яратганнинг битталигига нисбатангина ишлатиш ўринли. Бошқа ҳар қандай шароитда ўйлайдиган одам нечта бўлса, ҳақиқат ҳам ўшанча бўлади.
Сиз мен учун хижолат бўлган шеърий сатрлардан мен топган фазилатлар сизга ўтиришмаган бўл-са, қарашларимдан воз кечайми ёки сизга таъсир қилишга уриниб кўрайми? Сизда Қозоқбой домла айтган бу гапларни "Сўзбоши" ёздирган шоирнинг ўзи ўргатган ёхуд уни мажбур қилган деган шубҳа борми? Шоир ёзганида мен айтганларни ўйлаганмикан ўзи? Бунга кафолат беролмайман. Лекин бир ўқирман сифатида шу сатрларда мен шу руҳият мавжларини туйдим ва туйганимни туйганимдай ёздим.
Сиз: "...инсон зоти борки, қабрга хотиржам, бепарво ва лоқайд бўлиб кирмайди", - деб жуда тўғри айтасиз. Лекин сиз тирик одам ҳақида гапираётирсиз. Жасадга эса, жойида ётгани-ку тузук, лекин қаёққа олиб кетилаётганининг фарқи йўқ. Руҳидан айро тушган жасад буни ўйлай олмайди. Шоира айнан ўлмай туриб, жасадга айланган, ёлғиз, бенаво, лоқайд ҳолича умр манзилининг қирқ бешига етиб келган аёлнинг оғир бир руҳий ҳолатини манзаралаштирган.
Менинг адабиётдаги ўрним тўғёрисидаги илиқ гапларингизга қуллуқ қилган ҳолда сўзбошиларимнинг бирортаси учун хижолатлик эмаслигимни айтаман. Сиз айтганларга ўхшаш эътирозларни, синчи касбдошларим-ку майли, ҳатто, сўзбоши олган баъзи ижодкорлар ҳам айтишади. Лекин эътирозларини ўзгалар ҳақида ёзилганларига қаратади, ўзларига эмас. Бизнинг адабиётимиз бошидаги улкан фожианинг илдизи айнан шу ерда, деб ўйлайман. Яъни бизнинг бировни тушунишни билмаганимиз бир сари, аммо тушунишни ҳам истамаганимиз, тушунтиришларини ёқтирмаганимиз даҳшат.
Тушгунмаганимиз учун бир-биримизни билмаймиз, билмасдан туриб, тан олмаймиз, инкор қиламиз. Кейин: "Нега ўзбек адабиётини дунё танимайди? - дея чин дилдан ўксиниб ҳам қўямиз. Биз ўзимизни ўзимиз туймасак, тушунмасак, тушунтирмасак, танимасак, ким бизни танийди? Қандай қилиб ва нега таниши керак? Мисол учун, бизда Ўктамой деган шоирани кўпчилик билмайди. Билганларнинг бир қисми тан олгиси келмайди. Ҳолбуки, кейинги тўрт-беш йилда Ҳиндистонда шу шоира қизнинг инглиз, панжоб ва ҳинд тилларида учта китоби кўп нусхада чикди. Ҳатто, адабиёт масалалари билан шуғулланадиган Ҳиндистон Сахитя академияси Ўктамойнинг инглиз тилида чиққан китобининг юзочди (такдимот) маросимини ўтказиб, ўз ҳисобларидан шоирани таклиф ҳам қилишди. Ҳозир шу шоира интернетга киритилган олтмиш уч минг дунё шоирлари орасида 50- ўринда турибди. Кўринадики, бизда бир-бирини тушуниш ва тан олиш деган муаммо ҳам бор...
Ўйлайсизки, мен қалам чархлаб, енг шимариб ким янги китоб чиқарар экан-у унга қачон сўзбоши ёки тақриз ёзиб берар эканман деб пойлаб турибман. Мен бир нарсани биламан: ҳар қандай одам тушунилгиси келади. Айниқса, ижодкор. Уни ижод қилишга ундаган нарса ҳам айнан бошқалар томонидан тушунилиш истаги эмасми?! Синчининг, умуман, адабиёт танувчиликнинг вазифаси ўқирманга ёзарман битигининг диққатга лойиқ жойларини кўрсатиб, нимадан, нима учун, қандай таъсирланишга йўналтириш деб ўйлайман. Ҳамма гап бадиий асардан нима қидиришда, ундаги бор гўзаллик ва эзгуликни кўра ва кўрсата билишда. Мен ҳеч қачон, ҳеч бир ижодкорнинг ҳеч қайси асар тўғрисида ўзимча, кўкка қараб фикр айтмадим. Ҳамиша матнга, фақат матнга таяндим ва ундан келиб чикдим.
Ўйламанг, Йўлдошев домла ҳар қандай китобга сўзбоши ёки тақриз ёза олади деб. Кўп бўлмасаям, ҳеч нарса ёзолмаган ҳолатларим бўлган. Лекин Қаҳҳор домла айтмоқчидек, тухумдан тук қидириб, ёзувчининг бошига чертиб мақола ёзолмайман. Қандай асар ҳақида ёзган бўлсам, уни яхши кўриб қолгач, ёзишга арзийдиган жиҳатларини топгачгина, қалам сурганман.
Адабиётга фидойилик унинг дарвозасида таёқ кўтариб соқчилик қилиш эмас, деб ўйлайман. Адабиёт сиёсатнинг югурдагига айланган, ўқирманлар савияси бошқарувга муҳтож даврларда соқчига эҳтиёж бўлган. Шунда ҳам юқоридаги бошқарувчилар учун. Энди бадиий асар ва унинг ижодкорини тушуниш ва тушунтириш, асарни жозибали қилган жиҳатларга ўқирман диққатини қаратиш даври келди. Мен фидойиликни шу жабҳада кўраман. Ҳали дунё тажрибасида талантсиз адибни танқид қилиб, талантли қилолган синчи ё ёзувчи бўлган эмас. Фидойилар кўп бўлган замонларда ҳам талантсизлар улардан камроқ бўлмаган. Кейин адабиёт синчи ёки адабиёт танувчининг маҳрига тушган мулк эмас, у гўзаллик чечакзори. Сайр қилгиси келган кишики бор, унга киргиси келади ва бунга ҳақдор.
Алишер Назар: Қозоқбой ака, сиз бир оз қизишган мана шу нуқтада мулокртимизни хотималасак. Лекин айтиб кўяй: сизнинг сўнгги мулоҳазаларингизга унчалик кўшилолмайман. Сиз "...негадир ўзбек ёппасига бир-бировини эшитишни истамайдиган улус бўлиб туюлаверади" деб жуда тўғри айтасиз. Мана сизни олайлик, баъзи бир шарҳларингизни озгина ноўринрок, эмасмикин деб фикр билдирган эдик, дарров айблашга ўтиб кетдингиз. Чунки сиз ҳам эшитишни истамайдиган шу улуснинг типик вакилисиз-да!
Қозоқбой Йўлдошев: Типик-ку эмасман, аммо шу улуснинг вакили эканим чин. Бинобарин, унинг фазилату иллатлари менга ҳам бегона эмасдир. Лекин қизишмадим, балки фикримни қизғинроқ исботламоқчи бўлдим. Лекин мен ўзгаларда ўзгачароқ фикр бўлишига асло қарши эмасман ва бошқачароқ фикрлашни айб санамайман.
Алишер Назар: Тўғри, айтганингиздек ҳар бир инсоннинг ўз ҳақиқати бор. Аммо бу ҳаётда инсоннинг ақл-заковати билан ўлчанмайдиган ҳақиқатлар ҳам бор-да. Инсоннинг шахсий дунёқараши дахл қилолмайдиган масалалар мавжуд. Қабр ана шундай масалалардан биридир. Бу масала ақида илмига хос бўлиб, аввало, шунга ўхшаган сўзларни ёки ўхшатишларни келтираётган ижодкор бу муҳташам илмдан озгина хабардор бўлиши талаб этилади.
Қозоқбой Йўлдошев: Инсоннинг ақл-заковати билан ўлчанмайдиган ҳақиқатларга амал қилинмагани учун инсонларни айб-лаш қанчалик ақлдан бўлади? Шоир бечора қабрни эмас, ўз кўнглининг ўлгани борасида ёзғирган.
Алишер Назар: Шоир дўстларимиздан бири матбуотда эълон қилган шеърларидан бирида маҳбубасининг ҳаётида ўзини "парвардигорман" дебди. Яна бири маҳбубасини Расулни севгандек севишини иддао қилибди. Тўғри, бир қараганда ошиқ шоирларни тушунса бўладигандек, бироқ ҳар қандай муболағада мантиқ, ўхшатишда асос бўлиши керак. Афсуски сўнгги пайтларда айрим ижодкорларимизнинг ижод намуналарида илоҳий атамаларни қўллаш урф бўлиб қолди. Бу ҳол масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.
Сиз айтасизки, инсон зоти қабрга хотиржам киролмаслиги тўғри, лекин "...сиз тирик одам ҳақида гапираётирсиз. Жасадга эса, жойида ётгани-ку тузук, лекин қаёққа олиб кетилаётганининг фарқи йўқ. ...Шоир эса айнан ўлмай туриб ўликка айланган, ...лоқайд ...руҳий ҳолатини манзаралаштирган". Аввало, тирик билан ўлик учун бошқа-бошқа қабр бўлмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам кўз олдимизда бир хил манзара ҳосил бўлади. Айнан шу бир хилликдан эса икки хил хулоса чиқариб бўлмайди. Қолаверса, ўлик тан учун қаёққа олиб кетилаётганининг жуда фарқи бор-да! Агар бу ҳақда гаплашсак, ўзимиз ҳам мукаммал билмаган соҳаларга ўтиб кетамиз.
Қозоқбой Йўлдошев: Тўғри айтасиз, ўзимиз билмаган соҳаларга ўтиб кетмаганимиз маъқул. Алишербек, гап баҳсда ютиб чиқишда эмас, балки халққа фойдаси тегадиган фикрга келишда. Шунинг учун ҳам менинг айтганларимдан ўлик ва тирикка бошқа-бошқа қабр бўлади деган маъно келиб чиққан бўлса, демак, мен фикрларимни тушунтириб беролмабман.
Алишер Назар: Дарҳақиқат, адабиётнинг миллат қалби ва руҳияти билан боғлиқлиги хусусида, жамият ҳаётида адабиётнинг ўрни нечоғлиқ эканлиги ҳақида ҳамма замонларда баҳслар, тортишувлар бўлган. Бундан бир неча йиллар муқаддам марҳум адибимиз Шукур Холмирзаев "Адабиёт ўладими?" деган савол билан матбуот орқали сўз аҳлига мурожаат қилганини яхши биламиз. Аммо адабиётнинг умри узун бўлишини, янаям тўғрироғи, бу умрнинг мангуликка дахлдор бўлишини истаган, ҳаётини шу мақсадга сафарбар этган инсонлар хоки туробга айланди ҳамки, адабиёт яшашда давом этаётир ва яшаяжак. Аммо мана шу жараёнда адабий тан-қидчиликнинг ҳам ўз вазифаси борлигини унутмаслик керак. Бу вазифа эса китобхонга чинакам адабий асарларни саралаб беришда кўзга ташланади.

 


10 дан 63 сахифа