Мутриба (1894-1964) PDF Босма E-mail
21.03.2014 15:08

Саломат Парда қизи Мутриба 1894 йилнинг 20 августида Каттақўрғоннинг Қаландархона маҳалласида мактабдор мулла оиласида туғилди. 12 ёшида қизлар мактабини битиргач, мустақил мутолаага берилди. Адабиётга меҳр-иштиёқи зўр бўлган ёш Саломат Навоий, Ҳофиз, Бедил каби улуғ шоирлар ижодини ўрганди. 14-15 ёшидан бошлаб, устози Ҳакима ёрдамида шеър ёзишга киришди. 16 ёшида уни мусофир бир муллага узатадилар. Биринчи жаҳон уруши бошланиши биланоқ юртга вабо тарқалди. У Мулла Парда оиласига ҳам оғир кулфат ва мусибатлар келтирди. Болалигидаёқ онадан етим қолган Саломат 1915 йилнинг икки-уч ойи давомида вабо ва очлик туфайли бувиси, отаси, синглиси, ниҳоят, эридан ажралиб, уч гўдаги билан ёлғиз қолди. У эрта саҳардан кеч оқшомгача бировларнинг хизматини қилиб қаноат ва машаққат билан кун кечирди.
Мутриба 1964 йил 7 февралда вафот этган.

УСТОЗИМ ҲАКИМА ТАЪРИФИДА

Киши билгайму йўл бир раҳнамосиз,
Очилмас ғунча булбулсиз, навосиз.

Тутуб илкимни бир пири камолий,
Киритди боғи ашъор ичра олий.

Ёғар қалбимга кўп мазмуни ашъор,
Терар завқим дури ашъори шаҳвор.

Менга назм гуллари шўх-шўх боқарди,
Шеър мазмунига маъно тақарди.

Безаб мазмун вазну қофиялар,
Тўлуб илҳом ила кўнглум қучалар.

У пири шоира—устоз Ҳакима,
Анга шогирди содиқман камина.

Анидек кўрмадим бир нуктадони,
Эди гўёки донишманд юноний.

Ёши саксонга етган олим эрди,
Менга кўп илму фанлар ёд берди.

Ёзиб бир шеър менга ул яхши атвор,
Васият айлади такрор бисёр:

— Аё жоним қизим, бўлгил саломатг
Жаҳонда кўрмагил бир зарра офат.

Умидим бул эрур, эй роҳати жон,
Давомат ёд этгайсиз бу хизмат.

Ишончим йўқ дигар, эй нуктадоним,
Анисим, мунисим ҳам роздоним.

Унутманг ҳеч бир вақт, эй намоён,.
Будур матлаб, аё фарзанди жоним,

Эрурман сизга доим дўсти жоний,
Туролмасман сизи кўрмасдан оне.

Болам, ҳолим энди сизга аёндур,
Ҳамиша сиз эдингиз меҳрибоне,

Болам деб жон фидо қилдим туну кунг
Бериб таълим рамузу илм ҳамчун.

Суханвар олимим, эй қадди райҳон,.
Илм бобида тенг сизга Фалотун.

Болам, кўнглиз эрур хуршсди ховар.
Жаҳон моли тасаддуқ садқаи сар.

Яшанг оламда кўп, эй моҳи тобон
Рамузманди ақлли тоза гавҳар.

Мени дилхастани кўнглум қилиб шод,
Қилурсиз ҳар замон хонамни обод.

Ажойиб хулқи хуш дўсту анисим,
Ҳакима рози сиздин, эй паризод,—

Дебон ул пиразоли яхши кирдор,
Васиятлар қилибон менга бисёр.

Юмуб кўз кетди оламдин хиромон„
Ёши саксонга етган нек атвор.

МУХАММАСЛАР

* * *

Бир кун бориб эрдим басабаб кулбаи дилбар,
Ногоҳ фалак шеваси тушди менга яксар
Тонг пайти эди, ҳар ён очилган гули анбар,
Шўх-шўх боқишиб, ер юзини этди муаттар,
Гул олдида сайр айлади ул шўхи суманбар.

Гулзор сари боргач ўшал дурри ягона,
Мендин эшитингиз яна бир тарзи фасона,
Узди неча гул шохидин ул шўхи замона,
Гул-гул ёнибон уй сариға бўлди равона,
Гулзор юзи акси била бўлди мунаввар.

Ногоҳ кўзум тушди парирўғз ўшал дам,
Бошимга бало — ишқ ғами сйлди туман ғам,
Оҳ урдуму кўнглумга тўлуб қайғу дамо-дам,
Ҳасрат била жисмимни тутуб ҳар дами мотам,
Гул ғунчасидек бўлди бу кўнглум басе абтар.

Ким ишқ балосиға агар бўлса гирифтор,
Хоҳ ўлса ва ё қуйса, на парвойи сари бор,
Бир золими бераҳм, анга ким бўлса агар ёр,
Бир кўрмак ила бой бериб кўнглини, бўлур зор,
Бўлди бир ажаб хислат анга вожиби акбар.

Кўрмаклиги мумкин эмас ул чеҳра парини,
Юз мартаба хам сўз деб киши олмас маони,
Тушса ҳавас оул сўз била кўрмоққаки они,
Мутрибани бул ғамга дучор айлади яъни,
Жонимға жафо берди, сўзум айлангиз бовар.
1914 йил.

* * *

Кўруб жонон жамолини бўлубман ошиқи зори,
Кўнгулни титратур ул нозанинни зулфи зуннори,
Кўзумга заррача илмам жаҳонни молу динори,
Менидек бўлмасун ҳеч ким бировни маҳви дийдори,
Хаёлимдан нари кетмас ўшал барнони кирдори.

Жамолин кўрса ҳар ким бўлғуси, албатта, девона,
Тушуб кўкдин, бўлур чўлпон унинг ҳуснига парвона,
Туролмай рўбарўсида, қамар бўлғуси ҳайрона,
Агар чиқса, хиром айлаб, боқиб мастона-мастона,
Муқаррар солғуси хуршидни кўп ташвиша рухсори.

Жаҳонда кўрмади ҳеч кимса ул ҳурилиқо янглиғ,
Ва лекин кўрса ҳам бўлган эмасдур муддао янглиғ,
Дегайлар ҳур пайкарлар:— Бу дурри бебаҳо янглиғ,
Юзи гул, сочи сунбул, қомати зеварнамо янглиғ,
Латофатда баробар келмас анга даҳр гулзори.

Сиёсат тийғи бирла қатл этарга айласа фармон,
Шаҳид айларга ҳозирдур ики жоду кўзи ҳар он,
Ики шамширдур ушшоқ элини қилғали қурбон —
Қоши бир-бирига пайваста, қаламдек қайрилиб тушгон,
Ваё райҳони жаннат раста-раста гйни осори.

Қани Лайли билан Ширин, кўрубон лофи чашм этса,
Паридек саф чекиб оллида, ногаҳ лофи чашм этса,
Хижолатдин боқолмас ҳеч бириси, лофи чашм этса,
Хўтан оҳулари шарманда бўлғай, лофи чашм этса,
Қародур ҳажр шомидин муқаррар чашми хуммори.

Сочар нур зарра-зарра ҳар тарафга ул маҳи тобон,
Қими бошига тушса зарраси, бўлғай у саргардон,
На мушкулдур, эшитмас, ишқ эли гар йиғласа чандон,
Тузуб атрофида саф-саф, мисоли лашкари хоқон,
Қилурға қатли мужгони, чекиб тиғ чашми хунхори.

Насиб этгаймукин менга ўшал дилдор зулфини,
Кўнгул сайдини ром этган ўшал айёр зулфини,
Уқур зоҳид эли кофир ики зуннор зулфини,
Сабо тарқатса ногаҳ субҳи дамда ёр зулфини,
Муаттар айлагай рўйи заминни мушки тотори.

Ниқоб очиб чиқар бўлса чаман сори саёҳатда,
Туролмас ҳеч киши тоқат этиб, албатта, роҳатда,
Қизил гул бош эгиб ҳайрон ўлур айни малоҳатда,
Хижолат айлагай тўтию қумрини фасоҳатда,
Такаллумда ўтар қанду асалдин шаҳди гуфтори.

Гўзаллар подшоси муниси мендек гадо бўлмас,
Кўрунглар, лаълу зумрад қайда бўлса, бебаҳо бўлмас,
Кими гавҳаршунос ўлса, бу гавҳардин жудо бўлмас,
Фалотун таъбдурким, васфини айтсам адо бўлмас,
Расодур зеҳни-ю, одобда хуш ҳар феълу атвори.

Бўлуб ҳижрон чўлида тинмайин овора Мажнундек,
Куюб рашк оташиға кўзларим гирёна Мажнундек,
Магар фурқат аро тўлгаймукин паймона Мажнундек,
Тирикман токи онинг ишқида девона Мажнундек,
Эрурман ҳолатим етгунча Лайлони харидори.

Кўнгулни ҳозир этсун, шеърими дилдор ўқуғанда,
Менинг ҳолимни ёзғанму, дебон ҳар ён ўқуғанда,
Фидо қил ёр учун жон, ул кўзи хуммор, ўқуғанда,
Мени ҳам ёд этиб, шод айла, бир такрор ўқуғанда,
Агар лаззатли бўлса, Мутрибанинг ёзган ашъори.
1914 йил.

(МАРСИЯ)

Шод бўлмай бул жаҳондин минг алам кўрган бошим,
Зор йиғлаб, ҳасрату армон билан тўлган бошим,
Ҳар замон юз минг балога мубтало бўлган бошим,
Марсия айтиб, ёзиб, ғам бирла кўмулган бошим,
Ўлмагимга ҳар куни юз минг ризо берган бошим.

Ғунчадек боғи жаҳонда лаҳза дам очилмайин,
Қумридек йиғлаб мудом, бир дам фароғат қилмайин,
Мен нечук бундай.балога эмди рози бўлмайин,
Куйдиму ёндим, кабоб ўлдум, вале шод ўлмайин,
Тақдиримга тан бериб, ғам бирла кўз юмган бошим.

Бул жаҳони бевафодин кўрмадим ҳеч роҳате,
Йиғлабон келдим анодин қайси кун, қай соате,
Ғуссаи кулфат била мотамда ўтдим муддате,
Очмадим ёруқ жаҳондин кўз, кўролмай фурсате,
Келди-кетди бир ғариб жоним фано бўлган бошим.

Қавму қардошим ва бир ғамхор ёрим йўқ мени,
Арзу аҳволим сўрар пушту паноҳим йўқ мени,
Мунисим, сирдош рози меҳрибоним йўқ мени,
Мисли бир девонадурман ҳеч хаёлим йўқ мени,
Уч гўдакнинг ҳолидин ҳайрону саргардон бошим.

Турмуш этдим ул азиз дилдору ғамхорим билан,
Неча вақт даврон сурубон юрмадим ёрим билан,
Зору нолон ёш қолдим неча сағирим билан.
Энг азиз арзандалардин айрилибман ғам билан,
Минг туман ҳасратда соғлиқдин жудо бўлган.бошим.

Во, мани ҳасратларим асло жаҳонға сиғмагай,
Оҳ урсам дуд димоғимдин самоға сиғмагай,
Нолишимдин нола айлаб, най навоға сиғмагай,
Лоладек бағрим қаро қондур, ёзувга сиғмагай,
Зор йиғлаб ўлмайин, марсиялар ёзган бошим.

Бердилар таълим менга мен билмаган ҳар кордин,
Илму одобу ҳунар, фаҳм.этмаган асрордин,
Ҳар улуғ олим ва комил шоири аҳрордин,
Хушсуханлик, хушқаламлик ҳамда хушатвордин,
Ҳеч бири бахтимга ёри бермади, нолон бошим.

Ул отам бирла онам фарзандга беҳад зор бўлуб,
Мен туғулганда азиз жонларидин беҳроқ кўруб,
Неча орзулар. била тарбият айлаб, еткуруб,
Доимо бўлсун саломат, деб Саломат от қўюб,
Ҳар ҳунардин бохабар, бахтдин йироқ қолган бошим.

Қани ул ота-онам, аҳволим кўрса бул замон,
Ғамдин озод айласа, қандоқ ўтар ҳолинг, дебон,
Зор йиғлаб, арзи ҳолим айласам бир-бир баён,
Шунча арзанда азизлардин қолибман бағри қон,
Ғурбат ичра нотавон, дилхаста қон ютган бошим.

Вой, юз минг войким, ўтсам бу оламдин бадард,
Ушбу фоний дунёдин ғам-ғусса тортиб беадад,
Келмагай асло анодин Мутрибадек зору фард,
Мунча ҳасратлар, ғаму кулфатлар ўткардим беҳад,
Шоира ночор айтур, бир ғариб нолон бошим.
1915 йил.

* * *

Ранжимак беҳудадур дунё ғамидин, эй кўнгул,
Ҳар нечук дардлар билан сен бўлмагил хотир малул.

Рутбаи олийда эрдингмуки олмишдур магар,
Гийна қилмоқ бахт ишига оқила лозим дагул.

Қайси гулшанни кўрурсан: очилур—бўлғай хазон
Турмағай очилди ғунча, доимо ҳеч қайси гул.

Ўйлама вайронаю ҳар манзили ободни,
Сел ўтуб, обод манзиллар бўлур бирпасда чўл.,

Қайда шунча одамийлар йўқ алардин бир асар,
Ким бу фоний дунёдин кетди тутубон ҳамма йўл.

Умр бир гавҳар эрур, ҳар дам ғанимат бил ани,
Мутриба, ғамлар абасдур, асли сўз маъноси бул.
1916 йил.

* * *

Эй дўстлар, на бўлди аҳволи Каттақўрғон,
Тирқираб жумла халқи, ҳар қайда бўлди сарсон.

Зулм айлабон Николай, тарқатди элға фармон,
Шаҳар ва қишлоқ қолмай, йиғдурди отни чандон.

Аввалда отни олди, кейин мардикор солди,
Ким қилмади қабули, не-не балога қолди…

Тўпланди эл бариси, қолмай ёшу қариси,
Бермоқчи бўлди қайси, қилмай қабул нечаси.

Тушди эл ичра ғавғо, жамъ бўлди шаҳру саҳро,
Ёғдурди ўқ ҳаводин, бир неча ўлди андо.

Қамалда қанча одам, минг-минг десам эрур кам,
Кетди, шу кетганича, бедому бедарак ҳам.

Ҳар кимда бўлса пул кўп, қолди алар қутулуб,
Бечора камбағаллар кетди бари сотилуб.

Бирни отасин олди, бирни боласин олди,
Гўдаклари хору зор, йиғлаб онаси қолди.

Менман деган амалдор, қўрғондадур ҳукмдор,
Кетганларни асрагин, ўзинг, эй парвардигор.

Мутриба бўлди ношод, эл дардини этиб ёд,
Қачон келур бахтли кун, қачон бўлармиз озод?!
1916 йил

БИБИ ХАЛИФАЛАРГА

Аё эй, каттақўрғонлик «азизлар»,
Ҳама «аҳли илм», эй «ёру дўстлар»,

Ёзай мен «офарин, таҳсин» этибон,
Сизларни кирдикорингиз битибон.

Ажаб расму ажаб оиндасизлар,
Ажаб феълу ажаб қонундасизлар.

Азо ё тўй, мавруд бўлса қайда,
Қитобларни олиб борурсиз анда.

На бир сўз маънисин, лафзини билмай,
Ўқурсизлар хато, мағзини билмай.

Азо бўлса гўяндалик қилурсиз,
Мусибатни яна чандон этурсиз.

Борурсиз, айтди, деб маврудга бирдан,
Ки хоҳи саккизу ўн жамъ бирлан.

Бўлур мавруд эгаси турфа ҳайрон,
Нечук туҳфа топай, деб фикр этибон.

Бирига берса гар, бириси қолиб,
Бечора соҳиби хайр кўп уёлиб.

Агар кўйлак дока бўлса-да, боҳам
Қувониб, нафъимиз, деб шоду хуррам.

Дебон, оллоҳу акбар, кўтарурсиз,
Неча зилла билан хушнуд борурсиз,

Уёлмай ҳаммадин анда ўтуруб,
Санаб тақсим этарсиз, пулни қўюб.

Яна сизлар эмиш биби халифа,
Авомга раҳбар ўлмоқмиш вазифа!..

Аё Мутриба, чўзма, бас қил энди,
Кетар лаззат, узолса сўз, бил энди.
1917 йил.

 
Асосий қаҳрамонларим — ҳақиқат PDF Босма E-mail
05.06.2014 23:29

Лев ТОЛСТОЙ
АСОСИЙ ҚАҲРАМОНЛАРИМ — ҲАҚИҚАТ
(ХАТЛАР,КУНДАЛИКЛАРДАН,МАХФИЙ КУНДАЛИК)
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

01

Лев Николаевич Толстой [1828.28.8 (9.9), Тула губерняси Ясная Поляна қишлоғи — 1910.7 (20).11, Липецк вилояти, ҳоз. Лев Толстой бекати; Ясная Полянада дафн этилган] — рус ёзувчиси. Россиядаги кадимий дворянлар сулоласидан, граф. Петербург Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1873), фахрий академиги. (1900). 1844—47 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факультетларида ўқиган. 1851—53 йилларда Кавказда бўлиб, жангларда иштирок этган. 1854 йил Дунай армиясига юборилган; илтимосига кўра, қамалдаги Севастополга ўтказилган. Қрим урушида қатнашган. Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнннг «Современник» («Замондош») журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар (И. С. Тургенев, И. А. Гончаров, Н. Г. Чернышевский ва б.) билан ҳамкорлик қилган. Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С.Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари — «Инсон камолотининг тўрт даври» автобиографик асари («Болалик», 1852; «Ўсмирлик», 1852-54; «Ёшлик», 1855-57; «Йигитлик», ёзилмай қолган). Уруш лавҳалари ва аскарларнинг маиший турмуши Толстойнинг «Севастополь ҳикоялари» (1855) тўпламига кирган ҳикоя ва очеркларида ўз ифодасини топган.
50-йиллар Толстой руҳий ҳаёт лавҳалари ва маиший турмуш тафсилларини тарихий воқеаларнинг кенг манзараси, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Толстой ижодида шакллана бошлаган бу ижодий тамойил «Казаклар» қиссаси (1863)да, айниқса, яққол кўринади. Бу асарда ўз инъикосини топган халқ ҳаёти мавзуи ва воқеликнинг эпик тасвири Толстойнинг 60-йиллар ижодида янада теранлашади.
Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Айрим совет адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсаларда, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805—07 ва 1812—14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ҳолбуки, 19-аср ўрталарида эпик асарлар даври ўтди, деган фикрлар кенг тарқалган, 60-йилларда рус жамиятида куч ола бошлаган синфий зиддият ва курашлар эса «Уруш ва тинчлик»дек эпопеянинг майдонга келиши учун унумли замин бўла олмас эди. 1812 йилда Россиянинг Наполеон қўшинлари томонидан босиб олиниши мумкинлиги бир-бири билан келиша олмаган турли табақа ва синфларни душманга қарши кураш шиори остида бирлаштирдики, Толстойнинг рус халқи онгидаги ана шу уйғонишга мурожаат этиши «Уруш ва тинчлик» романининг юзага келиши учун ҳаётбахш замин вазифасини ўтади.
Толстойнинг 70-йиллар ижодида «Анна Каренина» романи алоҳида мавқега эга. «Уруш ва тинчлик»дан бу романни ёзгунига қадар бўлган даврда Толстойнинг рус жамиятидаги ижтимоий тенглик ва адолат тўғрисидаги орзу умидлари рўёбга чиқмади. 60-йиллардаги ислоҳот ёзувчи кутган натижани бермади. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат 3 оиланинг бир-бири билан чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган. Толстой, аксар рус ёзувчиларидек, насроний динига катта эътиқод қўйган, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг диний қарашлари жамият ва шу жамиятда яшовчи кишиларга, бинобарин, у ёки бу қаҳрамонига бўлган муносабатига, шак-шубҳасиз, таъсир ўтказган. Толстойнинг оила масаласига, чунончи, Каренинлар оиласида содир бўлаётган воқеаларга ёндашувида ҳам диний қарашлари сезилади. У жамият аъзоларида қандай чиркин хислатлар мавжуд бўлмасин, кишилар диний қонун-қоидалар доирасида ҳаракат қилишлари лозим, акс ҳолда жамият ҳалокат сари боради, деган фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонлар образини яратади.
70-йилларда руҳий изтироб иқлимида яшаган Толстой ўз ҳаёт йўлини қайта назардан ўтказди ва шу жараёнда ижтимоий келиб чиқиши, тарбияси ва ҳаёт йўли билан боғлиқ жамият қатламининг маънавий асослари ёлғонга асосланган, деган хулосага келди. Унинг бундай қарашлари «Иқрорнома» (1880) ва «Эътиқодим нимада?» (1884) асарларида ўз ифодасини топди. Толстойнинг шу даврда ёзган асарлари орасида «Иван Ильичнинг ўлими» (1886), «Крейцер сонатаси» (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ.
Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, «Зулмат ҳокимияти» (1886) драмаси ва «Маърифат мевалари» (1890) комедиясини ёзади. Бу асарларда қишлоқ аҳлидаги жаҳолат, шаҳар маданиятининг қишлоққа кўрсатаётган салбий таъсири катта бадиий куч билан тасвирланган.
Толстой дунёқарашида тобора кучайиб бораётган зиддиятлар унинг сўнгги йирик асарларидан бири — «Тирилиш» романи (1889—99)да ўз аксини топди. Хдётда бўлиб ўтган оддий воқеа — бир суд жараёни асосида яратилган бу асарда Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. Мазкур асардаги кишилар тақдири билан воқеаларнинг ўзаро чамбарчас боғликлиги масаласи «Ҳожимурод» (1896— 1904) қиссасининг ҳам асосини ташкил этган.
Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарлари («Тирик мурда», 1890; «Балдан сўнг», 1903 ва б.) да ҳам акс этган. Толстой ҳаётининг Ясная Полянадаги сўнгги кунлари руҳий изтироблар пўртанасида кечди. У яқин кишилари тўқиган иғво ва фасод тўридан қочиб, 1910 йил Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетади ва йўлда шамоллаб, вафот этади.
Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш у ҳаёт пайтлардаёқ бошланган. Унинг «Одамлар нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди» макрлалари 1887—1902 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси» деган мақола эса 1889 йил шу газетада таникли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстойнинг болалар учун ёзган қатор ҳикоялари Саидрасул Азизий («Устоди аввал», 1902), Алиасқар Калинин («Муаллими соний», 1903), Абдулла Авлоний («Биринчи муаллим», 1909; «Иккинчи муаллим», 1912) сингари жадид маърифатпарварларининг ўқув қўлланмалари ва дарсликларида эълон қилинган ҳамда усули савтия мактабларида ўқитилган.
Толстой нафакат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган. Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев 1909 йилда Толстойга унинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан хат ёзиб, ўша йилнинг 5 июнида ундан жавоб олган. Ислом динининг таниқли арбобларидан бири Абдувоҳид Қориев эса 1910 йил Ясная Полянага махсус бориб, Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Аммо ўзбек халқининг Толстой ижоди билан яқиндан танишиши 20-асрнинг 30-йилларидан бошланган ва унинг барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

01

1897 йил

С.А.Толстойга (жўнатилмаган)
19 май. Ясная Поляна.

Азиз ва қимматли Соня. Сенинг Танеев билан муносабатларнинг менга ноқулайлигидан ташқари даҳшатли даражада азоблидир. Шундай шароитда яшашда давом этар эканман, ўз ҳаётимни заҳарлаб, ўзим умримга завол бўламан. Мана, бир йил бўлдики, мен одамга ўхшаб яшаб, ишлай олмайман, фақат қийналаман. Сен буни биласан. Мен буни сенга аччиқланиб ҳам, илтимос қилиб ҳам айтдим, сўнгги пайтларда эса бутунлай индамай қўйдим. Мен ҳамма нарсани қилиб кўрдим, аммо ҳеч қандай нафи тегмади: сенинг яқин муносабатларинг давом этмоқда, ҳатто кучайиб бормоқда, кўриб турибманки, охиригача шундай бўлаверади.

Мен бунга ортиқ чидай олмайман. Охирги хатингни (1) олганимдан кейинги дастлабки кунларда уйдан бош олиб кетишга қарор қилдим. Уч кун давомида ана шу хаёл ичида яшадим ва сендан ажралиш не чоғли қийин бўлмасин, ҳар ҳолда бундай тубан шубҳалар ичида ўтаётган даҳшатли кунлардан, юракни бурдалаб ташлайдиган изтироблардан қутуламан ва умримнинг охирида барибир қилишим зарур деб ҳисоблаган ишни адо этиб, хотиржам яшашга муяссар бўламан деган қарорга келдим. Мен жўнаб кетишга аҳд қилдим, аммо сени ўйлаганимда, сендан ажралиш мен учун қанчалик оҚир бўлишини эмас, аксинча, сен қанчалик куюнишинг, азоб чекишинг, қийналишингни ўйлаб, сени розилигингни олмасдан туриб, бу ишни қилолмаслигимни англаб етдим.

Аҳвол шундай: ҳозирги ҳолатда жимгина яшайверишнинг деярли иложи йўқ. Нима қилиш керак? Буни ўзинг ҳал қил. ўзинг ўйла ва нима қилиш ҳақида бир қарорга кел. Менимча, бу аҳволга чек қўйиш йўллари қуйидагича: 1) энг яхшиси, бизни бир йилдан бери бўғиб келаётган даҳшатли расвогарчиликдан бира тўла қутилиш учун барча муносабатларни, ким нима дейишига эътибор бермасдан, бутунлай тўхтатишимиз керак. Учрашувлар, хатлар, болалар, портретлар, Анна Иванованинг (2) қўзиқоринлари, Померанцевлар фойда бермайди, Маша Зандердан, Таня Поповдан озод бўлгани каби, биз ҳам тўла озод бўлишимиз керак. Бу энг яхши йўллардан бири. Яна бир йўли шуки, сендан бутунлай ажралиб, чет элга кетишим керак ва ҳар биримиз ўзимизча мустақил ҳаёт кечиришимизга тўҚри келади. Бу йўл жуда қийин, аммо уни амалга ошириш мумкин ва у бизни бир йил ичида бошимиздан кечирганларимизга қараганда мен учун минг марта енгил туюлади. Учинчиси шуки, Танеев билан барча алоқаларни йиҚиштириб қўйиб, иккимиз биргаликда ҳорижга кетишимиз ва ҳамма дилхираликлар йўқолиб кетгунча у ёқда яшашимиз лозим…

Тўртинчиси йўл эмас, даҳшатли синов бўлиб, мен бу ҳақда ўйлаганимда ваҳимага тушаман ва қаттиқ афсусланаман, бу шундайки, ўтган йилдаги каби буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади, бу ерда ранжийдиган нарсанинг ўзи йўқ, деб ўзимни ишонтиришим ва ҳозиргидек яшайверишим керак, сен ҳам буни сезмагандек, бизни боҚлаб турадиган ҳамма воситаларни излаб топиб, мен билан учрашишинг, мени назорат қилишинг, фаҳмлашинг ва азоб чекишинг лозим бўлади — бу ерда рашкка ўрин қолмайди, аслида шундай туйҚу ҳам бор, аммо у асосий нарса эмас.

Энг асосийси, бу ҳақда сенга айтганман, буларнинг ҳаммаси сен учун ҳам, мен учун ҳам уят, шармандаликдир. Бу туйғу мен Таня, Попов, Стаховичларга нисбатан бошимдан кечирганимга қараганда юз марта азоблироқдир. Сен таклиф қилаётган бешинчи йўл буларнинг ҳаммасига ўткинчи нарсалар деб қараш ва сен айтганингдек, бирон гап бўлган бўлса, ҳаммаси жойига тушиб кетишини кутишдан иборат. Бу бешинчи йўлни мен синаб кўрдим ва азоб чекишимга сабаб бўлаётган омиллар бутунлай йўқолмасдан туриб, бу оғир ўйлардан қутула олмаслигимга қаттиқ ишонч ҳосил қилдим…

С.А.ТОЛСТОЙГА
8 июль. Ясная Поляна.

Қимматли Соня,
Кўпдан бери ҳаётим билан эътиқодим ўртасидаги номутаносиблик мени азоблаб келади. Сени ўзим ўргатган яшаш тарзи ва одатларингни ўзгартиришга мажбур қила олмайман, шу пайтгача сени ташлаб кетишга ҳам журъатим етмади, кичкина болаларни, гарчи уларга таъсирим камлигини билсам-да, кўзим қиймайди. 16 йил мобайнида баъзан курашиб ва сенинг Қашингга тегиб, баъзан мени қуршаган муҳит таъсирида турли васваса хаёлларга берилиб яшаганим сингари ҳаёт кечиришим сенга малол келади, энди мен бунга тоқат қилолмайман ва кўпдан ўйлаб юрган режамни амалга оширишга — кетишга қарор қилдим, биринчидан, қариб-қартайиб бораётганлигим сабабли умр ўтказишим тобора қийинлашиб, ёлғизликни кўпроқ қўмсайдиган бўлиб қолдим ва иккинчидан, болалар улғайди, энди уйда уларга таъсир кўрсатишимга ҳожат йўқ, ҳаммангизни ўзига яраша қизиқадиган нарсангиз бор, шунинг учун менинг йўқлигим сизларга деярли сезилмайди.

…Агар буни очиқчасига қилай десам, илтимослар, баҳслар, шикоятлар кўпайиб кетиб, кўнглим бўшашади ва аҳдимдан қайтиб қолишим мумкин, ниятимни эса амалга оширишим муқаррар. Шунинг учун хатти-ҳаракатларим дилингизга азият етказса, марҳамат кўрсатиб мени кечирасизлар, энг муҳими, сен Соня, ўз хоҳшинг билан кетишимга рухсат бер ва мени қидирма, қарғама, қоралаб ўтирма.

Ҳузурингдан кетганим сендан кўнглим қолгани учун эмас. Биламанки, сен айнан менга ўхшаб, кўриш ва ҳис қилишга қодир эмассан, ҳа, шунинг учун ҳам турмуш тарзингни ўзгартириб, ўзинг англамаган мавҳум нарсалар учун ҳаётингни қурбон қилишга қурбинг етмайди. Шу туфайли мен сени қоралай олмайман, аксинча биргаликда ўтган 35 йиллик умримизни биринчи ярмида сен ўз табиатингга мос оналарча фидойилик кўрсатиб, бутун куч-қувватингни сарфлаганингни миннатдорчилик ва муҳаббат билан эслайман. Сен фидокорлик билан менга ва дунёга оналик муҳаббатини баҚишладинг, бунинг учун сени қадрламаслик кўрнамаклик бўлади. Аммо ҳаётимизнинг кейинги даврида, 15 йил ичида биз бегоналашиб кетдик. Бунга ўзимни айбдор деб билмайман, сабаби мен ўзимни ёки одамларни ўйлаб эмас, балки бошқача яшай олмаганим туфайли ўзгардим. Бу масалада менга ҳамдард бўлолмаганинг учун сени айбламайман, аксинча менга бағишлаган меҳринг учун миннатдорлик билдираман ва ҳамиша муҳаббат билан ёдда тутаман. Алвидо, қадирли Соня.

Сени севгучи
Лев Толстой

Мазкур мактуб Толстойнинг хотинига берилмасдан кабинетдаги креслолардан бирининг қопламаси тагига яшириб қўйилган. 1901—1902 йиллардаги оғир касаллик пайтида у Мария Львовнадан хатни олишни илтимос қилиб, конверт устига: “Таржимаи ҳолимга доир бу лавҳа кимнидир қизиқтирса, вафотимдан эллик йил ўтгандан кейин очилсин”, — деб ёздирган. 1907 йил май ойида Толстой хатни сўраб олиб ўз қўли билан: “Мен томонимдан махсус буйруқ бўлмаса, вафотимдан кейин Софья Андреевнага берилсин”, — деб ёзиб қўйган ва куёви Н.Л.Оболенскийга берган. У марҳумнинг топшириғини бажарган.

Д.П.МАКОВИЦКИЙГА
17 декабрь. Москва.

Қадрли дўстим Душан,
Хатни жўнатиб юборганингиз ва энг муҳими, ҳамма одамлар ардоқлаб севадиган яхши одам бўлганингиз учун сизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Мен “Санъат нима?“ни тамомладим, “Фалсафа масалалари” журналига бердим ва бўлиб-бўлиб чиқаришига розилигимни билдирдим…
Унинг бу ерда босилиши инглизча нашрига ҳалақит бермайди деб умид қиламан. Мен уларга хат ёздим ва телеграмма жўнатдим, аммо ҳалигача жавоб олмадим.
Карпентерга ёзиладиган сўзбошига келганда, у мен учун кўп ноқулайликлар туғдирди. Бунга сиз ҳам ғайри ихтиёрсиз сабабчи бўлдингиз. Хотиним Гуревичга нисбатан ҳеч қандай сабабсиз, ғалати бир нафрат билан муносабатда бўлади, уни мендан беҳуда қизғанади. Бу аҳвол улар “Хўжайин ва хизматкор”ни босиб чиқаргандан бери давом этиб келади. Мен буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади деб ўйлаган эдим, сўзбоши бунчалик ғалвага сабаб бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим ва бу ҳақда унга ўзим айтишга шайланиб юргандим. Сиз юборган хабар унга даҳшатли даражада таъсир кўрсатди, мен оғир кунларни бошдан кечирдим ва “Шимол хабарномаси”дан мақолани қайтиб олишимга ҳамда сўзбошини босиб чиқаришдан бутунлай воз кечишимга тўғри келади. Шунинг учун уни сизга юбормайман…

Сизни оғаларча қучиб,
Л.Толстой.

1898 йил

Л.Л. ва Д.Ф.ТОЛСТОЙЛАРГА
20 январь, Москва

Азизларим Дора ва Лёва, мен сизларни жуда кўп ўйлайман ва буни сизларга билдириб қўйишни хоҳлайман. Доранинг саломатлиги яхшими? Оилавий ҳаётингиз қандай ўтмоқда? Машғулотларинг-чи? Чамаси, яхши бўлса керак? Биздаги шаҳарга хос ғала-ғовурлар жонга тегди. Тоза қор ва тиниқ ҳаво қўйнида бўлишни доим қўмсаб юраман. Биз аҳил яшаяпмиз. Таня Петербургга кетди…(3)
“Вестник Европа” учун раҳмат. Боборикин ўта зийрак.(4) У таҳсинга сазовор. Мен эса Гейнени қайта ўқияпман…

М.Л.ОБОЛЕНСКИЙГА

13 февраль. Москва.

Азизим Маша, мендан бошқа ҳамма сени унутди. Тинимсиз сени ўйлайман, ёнимда йўқлигинг доим билиниб туради… Фақат ўзингга яхши қара, мабодо касалланиб қолсанг, тантиқланиб кетма, ҳеч кимга аччиқ қилма, аксинча, бемор бўлганинг учун ўзингни айбла. Танянинг Петербургдаги саргузаштлари мана бундай бўлди: самаралик молоканлар(5) ҳузуримга келган пайтда, у уйга қайтиши лозим эди. Мен унга телеграмма жўнатиб, яна бир оз қолишга даъват этдим. Телеграммани олгач, у Победоносцев(6)нинг ҳузурига боришга қарор қилади. Телефонда гаплашади, у эртага соат 11 да қабул қилишини айтади. Таня эрталаб қабулга отланган пайтда малоканлар мен подшоҳдан мадад сўраб ёзган хатни унга етказишади. Таня бу мактубни олиб Победоносцев ҳузурига боради. Уни шу заҳотиёқ қабулига киритишади. Таня мақсадини айтади ва подшоҳга ёзилган илтимосномани ўқиб беради. У: “Дар ҳақиқат Архиерей ҳаддидан ошиб кетибди. 16 нафар болани тортиб олган экан. Мен ҳозироқ болалар қайтарилсин деб губернаторга хат ёзаман”, — дейди. Столга ўтиб: “Исмлари нима?”— деб сўрайди. Таня: “Мен билмайман аниқлаб келаман”, — деб жавоб бериб, кетишга чоғланади. Шунда у: “Кимлигингизни айтмадингиз-ку”, — дейди, Таня: “Татьяна Львовна” деса, у: “Левнинг қизи, демак, сиз машҳур Татьяна экансиз-да”, — деб хайратга тушади. Таня эса машҳурлигимни билмас эканман, деб ўрнидан туради. Победоносцев у билан бирга келган молоканларга болаларни қайтаришга ваъда қилади ва бу ҳақда ёзиб ҳам беради (7) . Таня бу хатни муҳим ҳужжат сифатида сақлаб қўйган. Болалар қайтарилгани ҳақида ҳалигача хабар топмадим…(8)

С.А.СТАХОВИЧГА
11 март Москва.

Қимматли Софья Александровна.
Машъум қатл (9) тафсилотларини ҳозир эслай олмаяпман. Чамаси Тубецкийнинг қайдлари (унинг мактублари)(10) бор эди. Ишончли маълумотлар декабристларнинг ёзишмаларида эмас, замондошлари ва турли генералларнинг асарларида мавжуд. Стасов кўп нарсаларни билса керак. Бестужев билан Муравьёвнинг яқинлиги ҳақида мен Матв. И.В.Муравьёв— Апостол ҳикоялари орқали хабар топганман. Бестужевнинг шахси ва ташқи қиёфаси ҳақида Петербургда яшайдиган жияни, қурол заводининг директори Василий Николаевичдан маълумот олиш мумкин…
Л.Толстой.

1909 йил

В.Г.ЧЕРТКОВГА
31 август. Ясная Поляна.

Перно жўнаб кетганидан фойдаланиб бир-икки оғиз сўз — айнан бир-икки оғиз сўз ёзгим келди, сабаби ҳар куни олдингизга боришга имкон излайман. Бу икки-уч кундан кейин амалга ошса керак. Менга алоқадор одамларни ташвишга қўйишни хоҳламайман. ўз аҳволимни мендан кўра минг марта ёмонроқ аҳволдаги одамлар билан қиёслаб кўриб, ўзимдан уялиб кетаман. Кеча қаттиқ бетоб эдим. Шу аҳволда Перно (11) билан учрашдим. Ҳозир ҳар доимги ҳолатимдаман. Шу кунлар ичида — беш кундан бери жиддий иш қилганим йўқ. Турли-туман режалар кўп — кўп нарсалар айтгим келади, аммо қувватим кам, бу ҳол ҳалақит бермайди-ку, аммо ўз хоҳишимга ҳам қўймайди. Саша ёзув-чизувлар ва бошқа ишларимда яхши ёрдам беради.
Кўпинча баъзи қарияларга, айниқса маълум йилларда саҳрога чиқиб кетадиган буддавийларга ҳавасим келади.

Бу ерга Буланже келди, уни кўрганимдан хурсанд бўлдим. У Конфуций(12) ҳақида китоб тайёрламоқда. Мен Муҳаммад(13)дан ташқари Лаотзе(14)нинг ҳикматларини ҳам кичик муқаддима билан нашрга тайёрладим. Биз Иван Иванович билан биргаликда барча донишманд руҳонийлар ҳақида кичик китобчалар тайёрламоқчимиз…

1910 йил

С.А.ТОЛСТОЙГА

28 октябрь. Ясная Поляна.
Жўнаб кетишим сени қайғуга солади (15). Бунинг учун ачинаман, аммо тўғри тушун ва гапимга ишон, мен бошқа йўл топа олмадим. Менинг уйдаги аҳволим чидаб бўлмайдиган даражага етди. Буларнинг ҳаммасидан ташқари, мен бундан кейин шу пайтгача яшаб келганимга ўхшаб хашамат ичида яшай олмайман, одатда менинг ёшимдаги қариялар қиладиган ишга қўл урдим, улар дунё ишларига қўл силкиб, умрининг охирги кунларини ёлғизлик ва сокинликда ўтказадилар.

Марҳамат қилиб, буни тўғри тушун ва қаерда эканимни билганингдан кейин ҳам мени излаб борма. Сенинг шундай ташрифинг ҳар иккимизга ҳам зарар етказиб, аҳволимизни оғирлаштиради холос, аммо қароримни асло ўзгартирмайди. Мен билан 48 йил ҳалол яшаганинг учун сендан миннатдорман ва сенинг олдингда гуноҳларим бўлса, ҳаммасини кечиришингни илтимос қиламан, шу билан бирга, менинг олдимда биронта гуноҳинг бўлса, уларни чин дилдан кечираман. Менинг кетишим туфайли вужудга келадиган янги шароитга кўникишингни маслаҳат бераман, бунинг учун мен ҳақимда ёмон хаёлларга бориб ўтирма. Менга биронта гапинг бўлса, Сашага айт, у қаердалигимни билади ва дарҳол менга етказади; аммо қаерда эканлигимни айта олмайди, чунки буни ҳеч кимга билдирмаслик ҳақида онт ичган (16).
Лев Толстой

А.Л.ТОЛСТОЙГА
28 октябрь тонги, соат 6. Шчекино.

Яхши етиб келдик. Чамаси, Оптинага борамиз (17). Хатларни ўқи. Чертковга айтиб қўй, агар бир хафта ичида 4-числогача мен фикримни ўзгартирмасам, газеталарга эълон бераверсин (18). Азизам, марҳамат қилиб, мен қаерда эканлигимни билганингдан кейин, уни яқинда билиб оласан, — жўнаб кетишимни қандай қабул қилишгани ва бошқа ҳамма ҳодисалардан хабар бериб тур — қанча батафсил бўлса, шунча яхши (19).

А.Л.ТОЛСТОЙГА
28 октябрь. Козельск.

Менга русча, сиёҳ ва ўқиётган китобларимни: Монтень, Николаев (20), Достоевскийнинг 2-жилди )21), Мопассаннинг “Ҳаёт” романларини бериб юбор ёки ўзинг олиб кел.
Барча хатларни ўқи ва муҳимларини менга: Подборка (22). Шамардинога жўнатиб тур…

——————————-
1.16 майда ёзилган мактуб.
2. С.И.Танеевнинг яқин дўсти Маслова.
3. Т.Л.Толстая 18-29 январда “Посредник” нашриётига алоқадор ишлар билан шуғулланиш ҳамда ўзи тайёрлаган француз суратлари альбомини “тарғиб қилиш” учун Петербургга борган эди.
4. Толстой юборган журналда П.Д.Боборикининг “Тортишув” ҳикояси босилган эди.
5. 1897 йил апрел ойида молоканлар (XVIII асрда пайдо бўлган мазҳаб, улар черковни ва диний расм-русумларни тан олмаганлар) мазҳабига мансуб деҳқонларнинг болалари полициячилар томонидан тортиб олиниб, православ дини руҳидан тарбияланишлари учун мажбуран монастирга жойлаштирилган эди. Толстой ёрдам сўраб келган деҳқонлар қисматини енгиллаштириш учун астойдил ҳаракат қилган. У икки марта Николай IIга ҳат ёзган, матбуот орқали бошқа давлат арбобларига мурожаат этган.
6. Победоносцев К.П. (1827—1907) — ҳуқуқшунос, 1880—1905 йилларда синод обер-прокурори.
7. Т.Л.Толстая ўз кундалигида Победоносцев қабулидаги тафсилотлар ҳақида батафсил ёзган.
8. Самаралик малоканлар 23 февралда барча болалар қайтарилганини Толстойга билдирганлар.
9. Репиннинг илтимосига мувофиқ 8 марта Стахович ёзган хатга жавоб. 1898 йилнинг январида Москвада бўлган Репин Толстойдан расм чизиш учун бирон сюжет айтиб беришни сўрайди. 4 февралда Т.Л.Толстая кундалигига ёзган эди: Кеча дадам калласига бир сюжет келиб қолганини айтди… Бу декабристларни дор остига олиб боришга боғлиқ. Навниҳол Бестужев Рюмин Муравьев Апостолнинг ғояларидан кўра шахсини кўпроқ ёқтириб қолган ва ундан бир дақиқа ҳам ажралмасди. У қатл олдидан иродасизлик қилиб, йиғлаб юборади, Муравьев уни қучоқлаб олади ва дор тагига шундай борадилар. Толстой ҳикоя қилган бу сюжетни Стахович Репинга сўзлаб беради. Шу аснода декабристлар ҳақида ҳамда қатл тафсилотлари ёзилган маълумотларни аниқлаш эҳтиёжи туғилган эди.
10. С.П.Трубецкий. “Мактублар”. Толстойнинг кутубхонасида мактубларнинг биринчи нашри сақланади.
11. Перно Александр Яковлевич (1878—1916) —кимлигини аниқлаб бўлмади.
12. “Конфуций — хитой донишманди. Ҳаёти ва ижоди”. 1910 йилда Толстой таҳрири остида “Посредник”да нашр этилган.
13. Муҳаммаднинг Қуръонга кирмаган ҳадислари. Толстой томонидан танлаб олинган. “Посредник”, 1910.
14. “Хитой файласуфи Лао-Тзенинг ҳикматлари”. Толстой нашрга тайёрлаган ва сўзбоши ёзган. “Посредник”, М., 1910.
15. Толстойнинг жўнаб кетганидан хабар топган Софья Андреевна жонига қасд қилишга уринади.
16. Толстой эрталаб соат 7 дан 55 дақиқа ўтганда уйдан чиқиб, поездда Шамардинога — синглиси.М.Н.Толстаяникига йўл олган эди.
17. Оптина Введенский хилватхонаси — эркаклар монастири. Толстой бу ерда 1877, 1881, 1890 йилларда бўлган эди.
18. Адиб 1881 йилдан кейин ёзган барча асарларидан фойдаланиш ҳуқуқини халқ ихтиёрига беришга қарор қилган эди.
19. 29 октябрда Оптин хилватхонасига А.П.Сергиенко келиб Чертков ва А.Л.Толстойнинг мактубларини топширади. Мактубларда Толстой жўнаб кетгандан кейин Софья Андреевна ўзини қандай тутганини баён қилинган.
20. П.П.Николаевнинг Оламни яратган худо ҳақида тушунча Женева, 1910 асари.
21. “Ака-ука Карамазовлар” романи.
22. Калуга губерниясидаги почта бўлими.


01

1895 йил

3 январь. Никольское Олсуфьевларникида (1). Мўлжалланганидек 1-да йўлга чиқдик. Мен сўнгги дақиқагача “Хўжайин ва хизматкор” устида ишладим. Бадиий жиҳатдан эпақага келди, аммо мазмуни ҳамон заиф. Фотосуратга боғлиқ воқеа жуда мунгли. Ҳаммаси камситилган (2). Мен чертковга хат ёздим. Йўлга чиқишдан олдим тобим йўқ эди, тузалмай, дармонга кирмай туриб жўнаган эдик. Яхши етиб келдик. Кейинги кунда ва ҳозир ҳам ҳеч қандай иш қилмадим — фақат ўқидим, сайрга чиқдим, ухладим…
6 январь. Никольское. Батамом соғайдим, кеча ва бугун яна “Катехизис”ни ишлай бошладим. Мавзу ўзига тортади, кўнгилга яқин, аммо муносиб шакл тополмаяпман ва ўзимдан норозиман. Учинчи куни кечқурун ўзим ёзган ҳикояни ўқидим (3). Яхши эмас. Биронта ҳам харакат кўринмайди. Ҳозир нима қилишни биламан…

29 январь. Москва. Уч ҳафтадан кўп бўлдики, ёзаман. Олсуфьевларникида яхши яшадим. Кўпроқ ҳикоя билан банд бўлдим. Корректураси чиққанига қарамай, ҳали тамомлаганим йўқ. Мени ёмон аҳволга солиб қўядиган бир ҳодиса юз берди — бу подшоҳнинг кескин нутқи (4). Шаховский ўтказган йиғинда қатнашдим. Бекорга борган эканман. Ҳаммаси аҳмоқлик, бу ташкилот айрим одамларнинг шахсий иродасини фалаж қилиб қўяди. Уни ҳам корректурасини тузатдим. Яхши хатлар (5) ҳамда “Ватанпарварлик ва насронийлик” мақоласини олдим. Нималарнидир қораладим, ҳозир вақтим зиқ, кечқурун ёзишга ҳаракат қиламан.

7 февраль. Москва. Шу куни кечқурун ёзишга улгуролмадим. Бир хафтадан бери шу аҳвол. Бу вақт ичида Дрожиннинг таржимаи ҳолига кичкина сўзбоши ёздим (6) ва ҳикоя устидаги ишни давом эттирдим. Омадсиз ҳикоя. У кеча Сонянинг дарғазаб бўлиб, шиддатли бўрон қўзғашига сабаб бўлди. У соғлом эмас, мадордан қолган, ёқимтой Ванечка касаллангандан бери ҳаловатини йўқотган, менинг ҳам тобим келишмаяпти…
18 март. Тонг. Беш кун ўтди. Ҳеч нарса қилмадим. Эрталаблари “Катехизис” устида ўйладим. Бир марта “Сергей ота”га уриниб кўрдим, яхши чиқмади. Маша Ильяларникига кетди. Соня оғир қалб изтироблари билан янги ҳаётга қадам қўйди. Унга ўзинг мадад бер, тангрим. Шу кунлар ичида бошим оғрияпти, жуда мадордан қолганман. Кечқурунлари одамлар кўп келишади. Улар билан суҳбатлашиб ўтириш менга оғирлик қилади.

Ёзувчилик, айниқса бадиий ижод, мен учун тўғридан-тўғри маънавий зарар етказади. Мен “Хўжайин ва хизматкор”ни ёзаётган пайтимда шуҳратпарастлик майлига берилган эдим. Ҳозирги мақтовлар ва муваффақият буларнинг ҳаммаси бетайин иш эканини яхши кўрсатиб берди. Ҳозир мен маънавий жаҳатдан бир қадар уйғонгандайман. Бу уйғониш бундан икки кун аввал юз берди…

27 март, Москва. … Кеча Лесковнинг “Васият”и (7) ҳақида ўйлаб қолдим ва ўзим ҳам шундай нарса ёзишим кераклигини ҳис қилдим. Бунга ҳали эрта деб уни орқага суриб келаяпман, холбуки жуда яқин қолди. Бу шунинг учун ҳам яхши ва зарурки, у яқин кишиларни мурдага қандай муносабатда бўлиши ҳақидаги ташвишлар ҳамда иккиланишлардан халос қилади, айни замонда тобутдан чиққан товушни яхши эшитадилар. Яқинларига айтиладиган гаплар бўлса, дастлабки дақиқаларда билдириб қўйган яхши.
Менинг васиятим тахминан қуйидагича бўлади. Ҳозирча бошқасини ёзганим йўқ, у асосан шундай:

1) Мени вафот этган жойимда — энг ғариб қабристонга, агар шаҳарда бўлса, энг арзон тобутда, энг қашшоқ одамлар каби дафн қилишингизни сўрайман. Гуллар, гулчамбарлар керак эмас, нутқлар сўзлашга ҳожат йўқ. Иложи бўлса, руҳонийларсиз, жанозасиз қабрга қўйинглар. Мабодо бу дафн этувчилар учун ноқулайлик туғдирса, ҳамма қатори жаноза ўқилса ҳам майли, аммо у арзон ва дабдабасиз бўлсин.

2) Вафотим ҳақида газеталарда ёзилмасин ва некрологлар эълон қилинмасин.

3) Қоғозларимни кўздан кечириш ва саралаш учун хотинимга, В.Г.Чертковга, Страховга (қизларим Таня ва Машага) берилсин (кераксизларини ўзим йўқ қилганман қизларим овора бўлиб юришмасин). ўғилларимга бу вазифани топширмаганимга сабаб — уларни яхши кўрмаганимдан эмас (худога шукур, айниқса мен сўнгги пайтларда уларни жуда яхши кўриб қолдим), улар ҳам мени яхши кўришларини биламан, аммо улар мени банд этган ўй-хаёлларни етарли даражада билишмайди, уларнинг қандай пайдо бўлиб, қандай шаклланганини кузатган эмаслар, бу ҳақда ўз фикрлари, қарашлари бўлишига шубҳа йўқ, шу туфайли улар кераксиз нарсаларни олиб қолиб, сақланиши зарурларини йўқ қилиб юборишлари мумкин. Бўйдоқлик даврида ёзган кундаликларимдан энг зарур жойларини олиб қолиб, бошқаларини йўқ қилишларингизни илтимос қиламан, айни шу тарзда оилавий ҳаётим давомида ёзган кундаликларимдан ҳам, улар эълон қилинса, кимларгадир малоллик етказадиган ўринларини йўқотиш зарур. Чертков мен ҳаётлигимдаёқ бу ишни бажаришга ваъда берган. Унинг менга нисбатан улкан муҳаббатини вақтида қадрлай олмадим, юксак маънавий фазилатлар соҳиби бўлган бу инсон юқоридаги вазифани виждонан адо этишига ишонаман…

Умуман олганда, кундаликларимни шундай қолдирса ҳам бўлади. Ҳеч бўлмаганда, улар ёшлигимдаги ярамас, бемаъни ишларимдан ташқари оз бўлса-да худо ярлақаган одам бўлганимни ва жилла қурса кексайган йилларимни кўрсатишга хизмат қилади.

Бошқа қоғозларимни саралаб олиб, ҳаммасини эмас, одамларга нафи тегадиганларини нашр этишни илтимос қиламан…
4) Асарларимни нашр этиш ҳуқуқи аввалгидек қолади: уларнинг ўз жилди ва алифбени жамоатчиликка тақдим қилиш, яъни муаллифлик ҳуқуқидан воз кечишни меросхўрларимдан илтимос қиламан. Бу фақат илтимос, васият эмас. Бажарсаларинг яхши. Бу сизлар учун ҳам яхши бўлади, бажармасаларинг — ўзларинг биласизлар. Демак, шундай қилишни хоҳламайсизлар. Сўнгги ўн йиллар ичида асарларимнинг сотилиши — мен учун ҳаётимдаги энг оҚир ишга айланди.
5) Яна энг асосийси, сизлардан яқин ва узоқ қариндошлардан сўрайманки, мени мақташга зўр берманглар (мен шундай қилишларингизни биламан, ҳаётим давомида бу жуда нўноқ тарзда амалга оширилди, агар асарларимни тарғиб қилмоқчи бўлсангиз улар орасида худонинг хоҳиши билан адо этилган ва мен ҳаётим давомида амал қилиб келган ўринларга урғу беринглар. Худонинг иродасини тарғиб этаётганимни қалбдан ҳис қилган дақиқаларим кўп бўлган. Баъзан манфурлик қилиб, ўз хоҳиш истакларимга қул бўлган кезларимда ўзимдаги жаҳолат туфайли ана шу ҳаёт нури хиралашди, аммо бу ҳақиқат нури вужудимни доим ёритиб турди, бу умримдаги энг бахтиёр дамларимдир…

5 август, Ясная Поляна. Бир ой деярли ёзмадим. Ой яхши ўтди. Далада озгина меҳнат қилдим. Сули ўрдим. Коневский устида кўп ишладим. Қимирлаяпти. Бу вақт ичида Киднинг “Social Evolutsion”ини (8) ва ўзим ҳақимда “Wahrheit”да(9)ги мақола ва ҳоказоларни ўқидим. ўзинг ҳақидагиларни ўқиганда бутун дунё фақат сен қилаётган ишлар билан шуғулланаётгандек туюлади, аммо бу нотўғри Хилковнинг духобор таъқиб қилинадиган ҳақидаги мактуби келди. Мен инглиз газетасига мақола ёзиб жўнатдим. Ҳозир таржима қилинмоқда…

…Колпнеда бўронда қолиб кетдим. Мужикларнинг уйида ҳордиқ олдим. Улар бой экан, кечки овқат келтиришди: картошка, нон, бодринг иштаҳа билан ейилди. Рахитга чалинган болалар, оғир меҳнат чақиб ташлаган эркаклар, чойшабсиз ўрин-тўшак, пашшалар, ифлослик. Энг ёмони ,маънавий хотиржамликка ишонмаслик. Келажакдаги ҳаётини ўйламаслик, Исо Масиҳ сингари яшаш мумкинлигини тан олмасликдир…

————————————
1.Толстой 1-18 январда А.В. ва А.М.Олсуфьевларнинг Москва губернаси. Никольское — Горушкийдаги меҳмондорчиликда бўлган эди.
2. Толстой дўстлари билан тушган суратларни хотини негативлари билан йўқ қилган эди.
3. “Хўжайин ва хизматкор” ҳикояси.
4. Николай II земство ҳайъати аъзолари ҳузурида кескин нутқ сўзлаб, земствонинг ички бошқарув ишларида қатнашиш ҳақидаги гапларни “самарасиз орзулар” деб баҳолаган эди. Бундан дарғазаб бўлган либерал зиёлилар Д.И.Шаховский бошчилигида мажлис ўтказишади, Толстой ҳам унга қатнашган эди. У подшоҳнинг кескин нутқидан норозилигини “Беъмани орзулар” мақоласида баён қилади.
5. Фин ёзувчиси Арвид Ернефельт, Н.Н.Страхов, Г.Фаст ва бошқалардан келган хатлар.
6. Е.И.Поповнинг “Евдоким Никитич Дрожиннинг ҳаёти ва ўлими” асарига сўнгги сўз.
7. Н.С.Лесков 1895 йил 21 февраль кечаси оламдан ўтган.У “Менинг сўнгги илтимосим” деб номланган сўнгги мактубида “энг қашшоқ одамлар” мақомида дафн этишларини илтимос қилган эди.
8. Инглиз идеалист файласуфи Бенжамен Киднинг “Ижтимоий эволюция” китоби. Лондон, 1894 йил.
9. Немис журнали “Wahrheit” (1895 йил, 31-36-42-сонлар)да Толстойнинг дикит маърифат таълимоти ҳақидаги мақолалар эълон қилинган эди, (1895йил 31-36-42-сонлар).


011

1908 йил 2 июль. Ясная Поляна.
Ўзим учун махфий кундалик тутишга киришдим. Агар қилаётган ишларимдан кўнгиллар баҳра олаётганини англаб етганимда, агар оламни қалбга жойлаб яшаш мумкин бўлмаганда, ҳаётим жуда оғир кечарди.Мен ҳақимда кимдир у ҳашамат ичида умр ўтказади, ҳеч кимни йўлатмайдиган қоравуллари бор, хоҳласа деҳқонларини қамоқхонага ўтказиб қўяди, христианлик удумларини номига бажариб, хўжа кўрсинга гапириб юради, беш тийин садақа беради, ярамас ишларини қилиб қўйиб, хотининг орқасига яшириниб олган деб гап тарқатса — уни аблаҳ деб айблашга хаддим сиғмайди! Инсон зотига хос бўлган шон-шуҳрат туйғусидан халос бўлиб, фақат қалб учун яшамоққа шунинг ўзи кифоя қилади.

Василий Морозовнинг ҳикоясини таҳрир қилдим (1). Кўнглим азоб-уқубатга тўла. Бу дилимга ҳаловат беришини биламан, аммо бари бир оғир.

Ўз-ўзимдан сўрайман менга нима керак? Фақат қочиб қутулиш. Қаерга? Худога. Ўлимга. Ўзимга азоб бериб, ўлим тилайман.

Мана шу мулоҳазаларни ёзганимдан кейин Чертков мени суратга туширди (2) ва оқибатда англаб бўлмайдиган, қўпол, ваҳший томоша бўлиб ўтди. Индамай юраверганим яхши иш бўлаяптими ёки Буланже(3)га ўхшаб қочиб кетиб, яширинганим маъқулми, деган фикр миямга келади…
Ўзинг мадад бер, тангрим, мадад бер, мадад бер!!! Ўлиб қутулишдан бошқа яхши йўл йўқ.

3 июль. Ич-этимни еб, ўзим билан курашяпман, аммо ёмон курашаяпман. Бу ердаги — Ясная Полянадаги ҳаётим бутунлай заҳарланган. Қаерга борсам — уят ва шармандалик. Гоҳ қамоқхонадаги грумондлик мужиклар, гоҳ қоровуллар, гоҳ қария В.Суворов: “Гуноҳ, граф, оҳ, гуноҳ, графиня хафа бўлди”, дейишади. Ўйламасдан солинган йўл сабабли шундай бўлаяптими? (4) Оғир, билолмайман, кайфиятим шунинг учун ёмон ёки ҳаёт даҳшатлари туфайлими О, менга мадад бер, менинг сийратимга мадад бер…

4 июль. Аҳвол сал яхшиланди, аммо ҳамон оғир. Саша билан яхши гаплашдик. Жуда ғалати ҳолат — эркакларга отасининг ақли, онасининг феъл-атвори ўтади ва аксинча.

6 июль. Булар даҳшатли тақдир синовларими ёки ишқпарастлик учун берилган жазоми? Даҳшатли даражадаги оғир жазо. Ҳозиргина Чертков у билан бўлиб ўтган суҳбатни айтиб берди: “У дабдабали ҳаёт кечиради, яна буларни ортиқча ҳашамат деб ҳисоблайди”. Мен эса, ўзимни қурбон қилаяпман… ва ҳ.к. Менга мадад бер, раббим. Яна кетишни хоҳлаяпман. Аммо журъат қилолмайман. Воз кечолмайман ҳам. Энг муҳими: кетсам ўзим учун кетаман. Агар қолсам, бошқаларни деб қолган бўламан, буни яхши биламан. Фақат худодан мадад сўраш керак. Энди шундай қиламан.

7 июль. Кечаги кун жуда азоб билан ўтди. Пулларни тахлаб қандай кетишимни тасаввур қилиб кўрдим. Унга очиқ кўнгил билан қарай олмайман. Ҳозир аҳвол сал ўзгарди…
Ҳамма менинг таржимаи ҳолимни ёзиш билан овора. Уларда ўсмирликдаги қилиқларим ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. 13-14 ёшдан то 15-16 ёшгача (бошқа оилаларда ахлоқий бузилиш неча ёшдан бошлангани билмайман) жинсий майилларимни ҳамда деҳқон қизи Аксинья билан алоқаларимни – у ҳозир тирик – ҳеч ким билмайди. Кейин уйланиш, хотинимга бирон марта хиёнат қилмасам-да, муҳаббат масаласида унга жинояткорона лоқайдлигим… Булар жуда муҳим, ўзим бу илатларимни англаб етганман, улар бошқаларга ибрат бўлиши жиҳатидан ҳам муҳим.

9 июль. Унга хат ёзишни ўйлаяпман. Худога шукур, ёмон ниятим йўқ. Фақат бир нарса: мен яшаётган муҳитдаги тасаввурга сиғмайдиган телбаларча ортиқча хашаматлар ва аслида йўқ қашшоқликдан шикоятлар.
Буларнинг ҳаммаси ёмондан-ёмон, оғирдан-оғир тарзда давом этмоқда. Уларни унутолмайман, кўришга тоқатим йўқ.

18 июль. Ёмон ўйлардан қутулдим. Кўнглим ёришди. Кеча иккита қочқин денгизчи келди (5). Пул бердим, дуо қилдим. Яхши ўйлаяпман. Кўнглим қувончи — Саша тўйдан қайтиб келди. Уни жудаям яхши кўраман. Оёғим оғрийди. Ҳамма нарсага бефарқ қарайман.

———————
1. Толстой яснополяналик деҳқон В.С.Морозовнинг “Бир оғиз сўз” ҳикоясини қайта ишлаб, сўз боши ёзиб берган эди.
2. В.Г. Чертков англялик фотограф Томас Тапселни олиб келиб, Толстойни суратга туширган эди. Чертковнинг бу иши Софья Андреевнада норозилик уйғотади.
3. П.А.Буланже давлат пулларини қиморга ютқазиб қўйиб, Кавказга қочиб кетган ва жонига қасд қилганди, деб гап тарқатган эди.
4. Ясная Полянага олиб борадиган янги йўл деҳқонларнинг манфаатига зарар етказган эди.
5. Қўзғолон кўтарган “Потёмкин” броненосецидаги матрослардан бўлса керак.

 
Абдусамад Туйчиев. Тарихий бадииятда макон ва замон PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:54

Жаҳон адабиёти тараққиётида тарихий роман алоҳида ўрин тутади. Чунки, тарихий воқеа-ҳодисаларни ҳаққоний, изчил ҳужжат ва манбалар асосида тасвирлаш ёзувчидан катта маҳорат талаб этади. Шу боис ҳам, тарихчилар билан ижодкорларнинг тарихий факт ва материалларга муносабатлари турлича бўлади. Тўғри, тарихий макон ва замондаги воқеа-ҳодисаларни факт ҳамда материаллар асосида синчиклаб, батафсил ўрганиш борасида тарихчи ҳам бирдай машаққат чекади, кўп меҳнат сарфлайди. Аммо, ижодкор меҳнати тарихчиникига нисбатан оғирроқ ва масъулиятлироқдир. Чунки, агар тарихчини, асосан, муҳим тарихий воқеанинг моҳияти, мазмуни қизиқтирса, ижодкор ҳар бир кичик деталнинг ҳаққонийлиги борасида ҳам кўп ташвиш чекади. Тарихчи кўрганларини, билганларини холис, ҳаққонийлик билан акс эттиради. Ижодкор эса тарихий фактларга таянса ҳам, барибир, асарда янги бир олам яратади, бу олам ижодкор бадиий тафаккури маҳсули бўлиб, унга ўз баҳосини беради.
Ижодкорнинг ўтмишга муносабати ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг тарихий манбаларни ўқиши, ўрганиши, ўтмишнинг макон ва замон манзараларини чуқур ҳис қилиши, англаши, идрок этиши туфайли юзага келади. Тарих ҳақиқати бадиий асарга шундайлигича кириб келмайди. У ёзувчи фантазияси билан тўлдирилади, муайян ғоявий мақсадга бўйсундирилиши баробарида, аввало, кўз ўнгимизда тирик одамдай гавдаланиши керак.
Ёзувчи Одил Ёқубов ҳам тарихий воқеа-ҳодисаларни тирик одамдай гавдалантириб, бадиий макон ва замон концепциясида тасвирлаш, англаш, идрок этиш борасида ўзига хос услубни қўллайди. У “Улуғбек хазинаси” романида ХV асрнинг биринчи ярмидаги тарихий макону замондаги воқеаларни бадиий макон ва замонда тасвирлайди. Роман сюжети воқеаларининг макони, асосан, Самарқанд шаҳридир. Роман сюжети Улуғбекнинг шогирди ва энг яқин дўсти Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчини тун замони (вақти)да микромакон (яъни расадхона)даги хатти-ҳаракатларини тасвирлаш билан бошланади. “Вақт тун ярмидан ошган. Расадхона теран сукутда. Одатдагидай, кечаси самовий ҳолатларни кузатиб ўтирган Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи бир пайт вужудида хиёл нохушлик сезиб, ўрнидан турди.
Мавлоно сергакланиб юқори ошённинг дарчадан кичик ўймакор эшигига тикилди, ним қоронғи расадхонада йўғон ва ўктам овоз янгради”. Модомики бадиий асарда инсон қисмати билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар акс этар экан, ўша воқеа-ҳодисаларни юзага чиқарувчи макон ҳамда замонни ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим. Чунки, инсон борлиқнинг, оламнинг, табиатнинг ақлли мавжудотидир.
У ўзи яшаётган макондаги нарсаларнинг кўламини, ўзаро жойлашиш тартибини ёки узликли ёки узликликсизлигини, замон воқеа-ҳодисаларининг кетма-кетлиги жараёнининг давомийлигини билишга, англашга ёрдам беради. Унинг бундай ният-мақсадларини амалга оширишда бадиий асар муҳим аҳамият касб этади. Бадиий асар инсон учун макон ва замонни аниқ ва равшанроқ кўриш борасида кўзгу вазифасини ўтайди. Бу кўзгу ёрдамида инсон онгги, тафаккурида реал ҳаёт воқеалигидаги макон ва замон манзарасидаги нарса-ҳодисалар жараёнини образлар орқали ҳаётий моделини яратади.
Қайд этилган роман матнидаги макон, шу жумладан, микромакон тасвирида, табиийки, ёзувчининг етакчи бадиий-ғоявий концепцияси, эстетик идеаллари билан бир қаторда, миллий заминимиз алломаларининг дунёқараши, тафаккури, илм-фан борасидаги ўша замон (вақт)даги хатти-ҳаракатлари акс этади. Тарихий факт ва материаллар, тарихий шахс ва тўқима образларнинг талқини, руҳий кечинмалари романнинг маконий-замоний манзараларида ёрқин намоён бўлади. Тарихий манбалардан бизга маълумки, Улуғбек эъзозловчи, ободонлаштиришни яхши кўрувчи ҳукмдорлардан ҳисобланади. У бобоси Амир Темур ишларини давом эттириб, “Чиҳл устун” (“Қирқ устун”), “Боғи майдон” каби бир неча боғ барпо этади. Атрофига илм аҳлларини йиғиб, шулар билан бирга мунтазам иш олиб боради. Улуғбек ана шу олимларнинг ёрдами билан Самарқандда Обираҳмат суви ёнидаги тепаликда 1424 йилда расадхона қуради. Мазкур расадхона уч қаватдан иборат бўлиб, бу хусусда Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида шундай маълумот беради:
“Яна бир олий иморати Пуштаи Кухак доманасида расоддурким, зич битмакнинг олатидур. У ошёнликдур. Улуғбек Мирзо бу расад била зич Кўрагонийни битибдурким, оламда холо бу зич мустаъмалдур. Ўзга зич била кам амал қилурлар.” Романда Марказий Осиё халқларнинг XV асрдаги ижтимоий ҳаёти муайян рамзий маконий-замоний манзараси бадиий образ воситасида тасвирланади. Ҳаётнинг бор мураккабликлари, зиддиятлари ва жумбоқлари бадиий макон ҳамда бадиий замонда акс эттирилади.
Улуғбек расадхонада эртаю кеч кузатишлар олиб бориб, коинот, сайёралар олами сирларини аниқлаб, 1018 юлдузнинг ҳолат ва ҳаракатини ўрганади. Ёзувчи роман сюжети воқеасини, Улуғбекнинг илмий фаолияти муҳим расадхона – макон (жойи)ни, ўша замон (вақт) воқеа-ҳодисалар жараёнини тасвирлашдан бошлайди.
Бадиий макон ва замон поэтиканинг муҳим категорияси ҳисобланиб, воқеаликни нафақат кўламдорлигини, кенглигини таъминлайди, балки уларнинг тарихан аниқлиги, бадиий-эстетик жиҳатдан далилланганлиги, сюжет тармоқларига боғланиш – алоқадорлик дунёсининг кўп қатламлилиги, фикр, туйғулар оқими, ҳаракатлари романни йирик эпик шакл сифатида кўрсатиб, белгилаб туради… “Улуғбек хазинаси” – макон ва замоннинг бадиий эстетик кўламдорлиги, вертикал (тик) ва горизонтал (тўғри) жиҳатидан серқирра ва кенг романдир. Сюжет тизими майдони доирасида ҳаракат қилаётган образларнинг эркин фаолияти, хатти-ҳаракатларини кўрсатишга, уларнинг характер хусусиятларини аниқроқ, батафсилроқ ҳамда психологик жиҳатдан мукаммал, тўла ва жонли тасвирлашга имкон яратиб берган.
Рус адабиётшуноси М.Бахтиннинг таъкидлашича, ҳар қандай асардаги бадиий макон ва замон концепциясида дунёнинг рамзий қиёфаси акс этади.
Замон (вақт) бадиий ҳаракатни юзага чиқарувчи ва таъминловчи асосий воситадир. Ҳар макон ва замондаги ҳаракатланувчи инсон ва нарса-предмет мажозий-рамзий характерга эга бўлади. Замоний мантиқ бу вертикал (тик) ҳолатдаги дунё самимий, жозиба ҳар қандай воқеа-ҳодисалар жараёнига бир хил муносабатда бўладиган нарсадир. Шунингдек, заминда вақт (замон) ҳар хил турларга ажратилган, адабий тоза, ҳис қилувчи тушунчадир. Бу бўлиниш (эрта) ва (кеч) каби замон (вақт) тушунчаси орқали дунёни англашга ҳаракат қилинади. Романда бадиий макон ва замон биринчи навбатда, уюштирувчи ва бошланувчи категорияси сифатида муаллифнинг асардаги ўрни, ҳаракати, идрок этиш сифатида намоён бўлади. Иккинчидан, бадиий макон ва замон манзарасини бадиий асарда тутган ўрни табиий кўлами билан баҳоланади. Учинчидан, бадиий асардаги қаҳрамон, образларнинг руҳий олами, ички кечинмалари макон ва замон аспектида биргаликда таҳлил қилинади.
“Улуғбек хазинаси” романида ёзувчи бадиий макон ва замон манзарасида сюжетнинг эпик кўламдорлиги ва вертикаллиги орқали XV аср сиёсий- маданий-маиший ҳаётини тасвирлар экан, Улуғбекнинг таржимаи ҳолига дахлдор воқеа билан эмас, балки роман сюжети “расадхонанинг теран сукунати”дан бошланиши, у яратган илмий мероснинг абадийлиги, уни сақлаб қолиш учун кураш ҳаракатларига асосланади. Романнинг мазмун мундарижаси, ният-мақсади бадиий-фалсафий ғояси қаҳрамон характери, образнинг руҳий олами, сюжет ва композицияси кабиларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида унсур ҳисобланса, уларни ички жиҳатдан боғлаб турадиган восита макон ва замон образидир. Романда бадиий образ ўз вақтида шаклий аҳамиятга эга бўлса-да, ўзининг мазмун-мундарижаси макон ва замон орқали дунёнинг манзараси рамзийликда намоён бўлади.
Романда тарихий шахс образларидан ташқари муаллифнинг бадиий маҳоратини кўрсатувчи мезонлардан бири – бадиий тўқима ва унинг воқеа-ҳодисаларга киритилишидир. “Улуғбек хазинаси” романидаги бадиий макон ва замон ҳаракат қилаётган тарихий шахс образи ҳам, бадиий тўқима ҳам ёзувчи ғояси, мақсад-ниятига хизмат қилади. Романдаги Али Қушчи образи тарихий шахс ҳисобланиб, буюк математик олимдир. У ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотларни ўқиш мумкин.
Романнинг марказий қаҳрамони Улуғбекнинг диёнатли ва истеъдодли шогирди – Али Қушчини сюжет йўналишида ҳаракат қилиши ёзувчи бадиий концепциясини белгилайди. Романдаги сюжет вақти билан бир қаторда муаллиф кўзлаган ғоявий-бадиий ният, асар мавзуси, жанр хусусияти ҳам ўзига хос тарзда ифодаланади. Тарихий романнинг асосий ва муҳим белгиларидан бири шундан иборатки, ёзувчи бадиий макон ва замон манзаралари орқали китобхон кўз ўнгида ўша давр руҳиятини жонлантира олиши керак. Бунинг учун у эътиборни ўша макон ва замон ҳаракат қилган тарихий шахслар тақдирига қаратадими ёки ижтимоий ҳаётдаги суронли қарашлар манзарасини чизадими, ё бўлмаса қаҳрамонлар тилига йўналтирадими, нима бўлганда ҳам бу ҳаракатлар ёзувчининг бош мақсадига – ниятига уйғунлашган бўлиши ва хизмат қилиши лозим. “Улуғбек хазинаси” романида даврнинг суронли қарашлари, Улуғбекнинг султонлик тахтидан кетиш фожиаси, ўз фарзанди – Абдулатиф туфайли дарбадарликка юз тутган ота-шоҳнинг мураккаб руҳий ҳолатлари, унинг илм йўлида қилган ишларини сақлаб қолиб, шогирдлари давом эттириш истагидаги ҳаракатлари тасвирланади. Ёзувчи бадиий макон ва замон орқали реал ўтмиш воқеаларини қуюқлаштиради, зичлаштиради, ихчамлаштиради. Сюжет вақти (замон)да ўтган куну тунлар, соату дақиқа воқеалари тарихий факт ҳамда материаллар асосида тасвирланади. Бу эса, тарихий ҳақиқатни юзага чиқишидаги бадиий макон ва замоннинг вазифасидир.

 
Яшар Қосим. “Мени шеър боғига етаклаган ким?” PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:45

Ҳар қайси давр адабиёти ёки муайян санъаткор ижодига турли нуқтаи назар ва мавқедан ёндашса бўлади. Адабиётшунослар кўпинча бадиий ижоднинг етакчи пафосини, ғоявий-эстетик маъно қирраларини, янада аниқроғи, ижодкорнинг нимани айтаётганлиги ёки нима демоқчи бўлганлигини текширишга эътибор беришади. Лекин ҳар қандай даврдаги адабий жараённинг туб моҳиятини ёки муайян бир ижодкорни тўла-тўкис англаш учун шунинг ўзигина етарли эмас. Бадиий ижод ҳодисаларига, адабий сиймоларга ҳаққоний баҳо бериш учун уларнинг генезисини, яъни келиб чиқиш ва вужудга келиш тарихини, адабий-маънавий сарчашмаларини, умуман, бадиий таъсирланиш ва маънавий-руҳий озиқланиш манбаларини аниқлаш жудаям зарурдир. Бунингсиз исталган шоир ёки санъаткор тўғрисида тугал тасаввур ҳосил этиш мушкул. Мумтоз адабиёт намояндаларига ҳам, замонавий ёзувчилар ижодига ҳам шу йўсинда ёндашилса, асл бадиий ҳақиқатни англаб етиш бирмунча осон кўчади.
Миллий сўз санъатимиз ва улкан санъаткорларимизнинг генатик моҳиятини чуқур билиш ҳамда ҳаққоний ёритиш, умуман, адабиётнинг тараққиёт хусусиятларини, бадиий ижод сирлари ва қонуниятларини белгилашда қўл келишини махсус таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. XX acр рyс шеъриятининг буюк намояндаларидан бири Осип Мандельштам машҳур мақолаларидан бирида айни шу масалага тўхталиб, қуйидагиларни айтиб ўтганди: «Шоирнинг адабий генезисини, адабий сарчашмаларини, унинг маънавий яқинларини ва келиб чиқишини аниқлаш бизни тўғри ўқ илдизга олиб боради. Мунаққид шоир нима демоқчи бўлган, деган саволга жавоб бермаслиги ҳам мумкиндир, бироқ унинг келиб чиқиш манбаларини айтишга бурчлидир”.
Шуни алоҳида таъкидлашга тўғри келадики, шеъриятимизга олтмишинчи йилларда кириб кела бошлаган иқтидорли шоирлар, хусусан, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Омон Матжон, Муҳаммад Али, Маъруф Жалил каби забардаст ижодкорлар бадиий оламига худди шу нуқтаи назардан ёндашилмаган. Бадиий тафаккуримизнинг кейинги даврлардаги ривожланиш йўлларини ва йўналишларини аниқ тасаввур этиш учун мазкур авлоднинг адабий-маънавий таржимаи ҳолини билиш муҳимдир. Дастлабки қадамлари балан адабий жамоатчилик ва устозлар назарига тушган ёш қаламкашларнинг ўз ижодий йўлларидан умиди, ўз истеъдодлари тақдирига ишончи зўр эди. Абдулла Ориповнинг «Созим» (1967) деган фахриясида ўша умидворлик, ўша орзу ва ўша навқирон ишонч дадил ифодаланганди: «Мен шоирман, истасангиз шу, Ўзимники эрур шу созим. Бировлардан олмадим туйғу, Ўзгага ҳам бермам овозим. Мен куйлайман – гоҳ дилда кадар, Гоҳ севиниб шеър тўқийман мен. Тингламаса ўзгалар агар, ўз-ўзимга шеър ўқийман мен” . Ёш лирик қаҳрамоннинг шундай соф ва беғубор шоирона ақида билан яшаши, эзгу мақсад билан қалам тебратиши қалбингизга беихтиёр шукуҳ бағишлайди. «Шеър кечаси» деган таъсирчан манзумасида Эркин Воҳидов ўз поэтик истиқболи хусусида кўтаринки руҳда, ёшликка хос соф бир самимият билан сўзлайди: «Шеърлар чамани кенг, Умрим ҳам узоқ, Гуллар теражакман қучоқ ва қучоқ. Аммо бир гул менинг юрагимдадар. Бир шеър ёзмоқ менинг тилагимдадир. Бу шеърни излайман ақлимни таниб, Бу шеърни куйлайман оташда ёниб. Бу шеър ишқи билан яшайман мудом, Бу шеър ишқи билан кўнглимда илҳом, Бу шеърга банд бутун эзгу

ҳисларим… Мени маъзур тутинг, бу гал дўстларим, Қувноқ даврангизда ўқиб бергали Энг яхши шеъримни ёзмабман ҳали». Ана шу «энг яхши шеър» идеали ва аъмоли лирик «мен»ни бир зум тинч қўймайди. Уни фаол маънавий фаолиятга, курашларга ундайди, юксак ижодий чўққилар сари етаклайди.
Ёш лирик қаҳрамон эстетик дунёқараши ва адабий орзулари Рауф Парфининг «Шеърият» номли шеър-хитобида таъсирчан акс этган: «Юксак орзулари бордир шоирнинг. Шоирларда бўлар фақат эзгу
ният. Қалам, қалам эмас – Бонгга зарб ила урилгувчи чўқмор, Ундан таралгувчи садо ва акс-садо сен – шеърият!» Муаллиф шеъриятимизда туғилаётган янги садонинг қудратига ва тақдирига, унинг давомли акс садоларга айланишига чин дилдан ишонади. Ёш шоир шеърият, сўз дунёси ҳақида шунчалар олижаноб, шу қадар юксак фикрда. Бу дунё унга қандайдир фавқулодда, беҳад маҳобатли туюлади. У шеъриятни дунёдаги знг эзгу ва энг қудратли овоз, деб билади. Замоннинг бошқа бир навқирон ижодкори Омон Матжон шеърият кошонаси қошида уятчан ва ўйчан кайфиятда турган ёш қаламкаш аҳволи-руҳиясини, унинг қалбидаги ийманиш ва илинж, муқаддас даргоҳ остонасидаги журъатсизлик ва ҳаяжон ҳисларини ҳамда кўнгилдаги узундан-узун дардмандлик, орзумандик туйғуларини ҳаққоний, самимият билан тасвирлаган: «Кимнидир ахтардим, ахтардим узоқ, Кўзим паналаб баъзан қуёшдан. Ғилдирак изидек узун тунларда Номин ҳай-ҳуйладим унинг тоғ-тошдан. Ва ниҳоят, бугун – истиқбол куни Кўриб қолдим уни оламдек равшан – Менинг қалбим эди у, дунё таниб Шеърият эшигин қоқарди ўйчан».
Юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, ҳар бир ижодкорнинг адабий-эстетик идеалини ўз асарларидан, яъни унинг ўз эътирофлари ва дил сўзларидан излаганимиз маъқулроқ. Ёш шоирларнинг турли-туман фахриялари ва қадрдон устозларга бағишловларида биз янги лирик қаҳрамоннинг маънавий озиқланиш ва таъсирланиш манбаларини, руҳий таянч ва суянчиқларини, қайсидир маъноларда эса савқитабиий интилиш мўлжалларини кузатамиз. Синчиклаб қаралса, авлоднинг адабий-маънавай куч олиш манбалари кенг қўламлилиги ва ранг-баранглиги билан диққатни тортади. Энг муҳими, ушбу авлоддошларнинг адабий-маънавий интилишлари силсиласида, айтиш мумкинки, бирортаям ўткинчи ёки тасодифий номлар йўқ.
Абдулла Ориповнинг «Сен Пушкиннинг севган малаги» деб бошланадаган ажойиб шеъри янги лирик қаҳрамон поэтик таржимаи ҳолини билишга бирмунча кўмаклашади: «Сен Пушкиннинг севган малаги, Сен Гёте орзу этган қиз. Сен Байроннинг ўтли юраги, Сен Гейнени ёндирган юлдуз. Алишернанг Гулисисан сен, Сен Лутфийнинг сўлим ғазали. Булбулисан Ҳофиз гулшанин Ва Хайёмнинг ширин асали Толеимда нозланаб турган, Эй сен менинг эрка гўзалим». Ёш шоирнинг ўзи ҳақидаги нозик фахриясида иккита муҳим фикр ифодаланганини кўрамиз. Биринчидан, муаллиф фахриясида Шарқу Ғарб манбаларини махсус таъкидлаб, ўзига маънан ва руҳан яқин сўз даҳоларига алоҳида эътиборни қаратади. Иккинчидан эса ёш лирик қаҳрамон санъат дунёсида ўткинчи ёки шунчаки меҳмон эмаслигини навқирон бир эҳтирос билан қайд этар экан, унинг: «Толеимда нозланиб турган, Эй сен менинг эрка гўзалим», дея ўз шеър илоҳасини чексиз бир севги билан куйлаши ва бу илоҳий гўзални Пушкиннинг севган малаги, Гёте орзулаган қиз, Байроннинг ўтли юраги, Гейнени ёндирган юлдуз, Алишернинг Гулиси, Лутфийнинг сўлим ғазали, Ҳофиз гулшанининг булбули, Хайёмнинг ширин асали, деб таъриф¬лаши ва улар билан қиёслаши қалбингизга фараҳ, шукуҳ бағишлайди. Айни чоғда, мазкур мисралар истеъдоднинг қудрати ва бадиий мўлжаллари ҳақида ҳам муайян тасаввур беради. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш даркорки, юқорида тилга олинган юксак ва улуғвор номлар, умуман, олтмишинчи йиллардаги шоирлар авлоди учун азиз ва мўътабар номлар эди. Улардан, айниқса, Навоийнинг авлод адабий-маънавий таржимаи ҳоли шаклланишидаги ва келгуси тақдиридаги ўрни, ҳаётбахш таъсири теран ва эътиборга лойиқдир.
Абдулла Орипов «Алишер» номли шеърида Навоийга муносабатини янада теранроқ ифодалашга эришган. Муаллиф талқинича, Навоий ижоди фақат она тилидаги шеъриятнинг энг юксак чўққиси ёки бетакрор тимсолигина эмас. Балки миллий борлиқнинг энг ёрқин бошланғичи, миллий ўзликнинг энг мукаммал рамзидир: «Жаҳонки муқаддас нени кўрибди – Барига онасан, эй қодир ҳаёт. Беш юз йил наридан боқиб турибди, Нурли бу юзларга нуроний бир зот. Шу буюк ўғлингни ардоқлаб дилдан, Халқим, таъзим этсам арзийди тамом. Унинг номи билан бирга битилган Дунё дафтарига ўзбек деган ном». Шеърда улуғ бобокалонимизнинг миллий маънавият ва маданиятимиздаги муаззам ўрни билан бирга, айни чоғда, улуғ тарихий шахс сифатида беқиёслиги ҳам очиб берилган.
Олтмишинчи йиллар шоирларининг Навоий ҳазратлари билан маънавий мулоқот ва унсиятидан сўзларкан, Эркин Воҳидов шеъриятида алломага бўлган ниҳоясиз муҳаббатни махсус тилга олиб ўтиш жоиздир. Эркин Воҳидовнинг лирик қаҳрамони ҳам Навоий санъатининг ўнлаб улкан ва ўзига хос, олис ва яқин акс-садоларидан бири сифатида ўша илоҳий ижодга адоқсиз меҳрдан туғилган, ўша муқаддас меросдан ранглар ва оҳанглар ўзлаштирган. Улуғ алломага чексиз ихлосини Эркин Воҳидов қатор шеърларида чин дилдан, ёниб-куйиб куйлаган. Навоий дунёсини ўз шоирона руҳининг азал-абад замини, куч-қувват ва маънавий озуқа олиш маскани, асосий таянч нуқтаси, деб таърифлаган: “Фузулий девонин қўлимга олдим, у солди кўнглимга ғазал меҳрини… Кўп заҳмат сўнгида англаб етолдим Устоз Алишернинг буюк сеҳрини. Уни танидиму элимни билдим. Маҳкамроқ тургандай бўлдим заминда. Диёрим, сен билан ифтихор қилдим, Барча шавқу оташ шу боис менда». Ушбу мисраларда Навоий меросининг бугунги авлодлар учун адабий-бадиий, айни пайтда, миллий-маънавий Ватан эканлигн поэтик таъкидланган. Ёш шоир биргина сўзга меҳр эмас, балки элу юртга муҳаббат ҳам шу қутлуғ шеърият туфайли қалбига кириб борганлигини сидқидилдаи эътироф этади. «Уни танидиму элимни билдим» мисрасининг маъно кўлами Навоий даҳосининг ёш каламкаш учун кимлигини тенгсиз миллий ифтихор рамзи, ҳаёт-мамот янглиғ бир қудрат, яшаш ва яратишга чорловчи маънавий-руҳий манба эканлигини билдиради. Навоий Эркин Воҳидов наздида, миллий шеър санъатининг энг юксак тимсоли бўлибгина қолмай, шу билан бирга, она юрт, Ватан рамзи ҳамдир. «Ватан ва Навоий» ёки «Навоий ва миллат» – улуғ устоз сўзининг «буюк сеҳрини» чин дилдан севган ва англаб етолган инсон – ижодкор учун ҳақиқатан ҳам ёндош ва жондош атамалар, синоним тушунчалардир. Зеро, миллат рамзига айланган улуғвор санъаткорлар ижодида шахснинг маънавий олами сарҳадлари муқаддас Ватан ҳудудлари билан туташади, янада аниқроғи, тенглашади: «Шунинг-чун сўрсалар: – Илк устозинг ким? Сенга шеър асрорин ким этди ошкор? Дейман: – Қалам берди муқаддас юртим, Ватан меҳри этди мени шеърга ёр».
Авлоднинг Навоий даҳосига сўнгсиз севгиси хусусида фикр юритганда, яна қатор шеърларни, айниқса, бир қанча унутилмас мисраларни четлаб ўтиш қийин. Рауф Парфииинг қуйидаги дилга яқин ва ёниқ сатрлари шулар жумласидандир:
Шоир, шеър айтмоққа сен шошма фақат,
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилида .
Бунда она тилимиз ҳамда улуғ Навоий теппа-тенг улуғланган. Аниқроғи, муаллиф уларни онгли равишда тенглаштирган. Яъни Навоийнинг «қутлуғ тили» – бу она тилимизнинг ўзгинаси демакдир. Ушбу ғоят ҳаётий ва ўринли муқоясада заррача муболаға йўқ. Ҳақиқатан, она тилимизнинг бойиши, ривожи ва гуллаб-яшнаши, жаҳоннинг энг обрўли вa улуғвор адабий тилларидан бирига айланишида Навоий қадар меҳнат ва машаққат чеккан иккинчи бир сиймони ўйлаб топиш мушкул. Худди шу сабабли муаллиф юқоридаги сатрларда мазкур ҳақиқатни астойдил уқтиради. Айни чоғда, ушбу таъкидда ёш шоирнинг Навоий бадиий мўъжизасига чексиз муҳаббати ҳам акс этган. Ҳа, Payф Парфи таърифида, улуғ Алишер, «қутлуғ тил» ижодкори ва бунёдкори, руҳимизни илоҳий бир тарзда янгратган мўъжизалар соҳиби сифатида эъзозланади.
Умуман, бадиий ижоднинг ёки айрим адабий авлодларнинг генезисини, яъни туғилиш ва келиб чиқиш жараёнини тадқиқ этиш ҳар доим жиддий илмий аҳамиятга молик масалалардан ҳисобланиб келган. Айни шу жиҳатдан олтмишинчи йиллар шоирлар авлодининг адабий-маънавий манбалари ҳақида фикр юритарканмиз, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўша даврда адабиёт оламига кириб келган ёш қаламкашларнинг адабий сарчашмалари сирасида Ғафур Ғулом ва унинг катта авлодининг (Иброҳим Ғафуров) мавқеи ва салмоғи бутунлай бўлакчадир. Ҳақиқатан ҳам Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар ёш шоирлар учун чин маънода намуна, тимсол эдилар. Улар ижодидаги устоз санъаткорларга аталган қатор шеърий асар ва достонлар, турли бағишловлар, ёлқинли мадҳиялару ёниқ марсиялар шундан далолат беради. Авлоднинг пешқадам вакилларидан Эркин Воҳидовнинг XX аср ўзбек шеъриятининг яловбардорларидан бири Ҳамид Олимжонга бағишланган қуйидаги самимий сатрлари юқоридаги мулоҳазаларимизни тасдиқлайди.
Мени шеър боғига етаклаган ким?
Бу чаман асрорин ким этди аён?
Оламдан мен фақат шодлик изладим,
Менга устоз бунда Ҳамид Олимжон
Айтиш керакки, ёш шоирларнинг устозларга қизиқиши ва меҳри шунчаки оддий, одатий авлодлараро муносабат билангана чегараланмайди. Бу тарихнинг фавқулодда ва менгзарсиз гардиши, замоннинг беомон эврилишлари боис туғилган бетакрор бир ҳис, ҳайратомуз бир муҳаббат эди. Олтмишинчи йиллар шоирлар авлодининг маънавий оламини ушбу муҳаббатсиз тасаввур этиш қийин. Зеро, ёш шоирларнинг Ватанга, миллатга, элу юртга оташин меҳри ана шу муҳаббат алангасида йўғрилган, десак адашмаймиз. Уларнинг инсон ва адабий шахс, ватандош ва санъаткор сингари ўсиб- улғайиши, шаклланиб вояга етиши бевосита устоз деб аталган муқаддас маънавий оталарнинг меҳри, далдаси ёрдамида, ижодий сабоқлари таъсирида кечган, рўёбга чиққанди.
Шоира Зулфияга бағишланган «Теранлак» шеърида Эркин Воҳидов устоз ва шогирдлар, катта ва ёш авлод ўртасидаги маънавий алоқаларни чиройли очиб берган: «Теранликни қидирмадим уммонлардан, Инсонлардан топдим уни, инсонлардан. Теранлик – бу нур ёғилган юзлардадир, Теранлак – бу ўйчан боққан кўзлардадар, Теранлик – бу айтилмаган сўзлардадир». Муаллиф ихчамгина шеърда теранликни – не-не синовларга ва кўргиликларга, «машъум йиллар дилга солган озор»ларга, «оналарнинг ҳасратию оҳ-зорлари»га, замоннинг зилзилаю тўфонларига дош беролган буюк ва пок қалбларгина эришиши мумкин бўлган ахлоқий фазилат, руҳий баркамоллик сифатида таърифлайди: «Теранликнинг таърифига сўз бормикан? Машъум йиллар дилга солган озоридан, Оналарнинг ҳасратидан, оҳ-зоридан Одамларнинг юрагида уммони бор, уммонларнинг сокинлигу тўфони бор». Табиийки, бунда таъриф ва таҳлил этилаётган улуғвор ва бой умр йўли, серқирра ва сермаъно ҳаёт мазмуни билан бирга, ундан ёш шоир чиқарган хулосалар ҳам ибратомуздир: «Умидларда ҳаёт қадар теранлак бор. Кўнгилдаги сабот қадар теранлак бор. Теранликни қидирмадим уммонлардан. Инсонлардан топдим уни, инсонлардан». Дарҳақиқат, мана шундай нодир умр ва ижод сабоқлари эндигина мустақил ҳаёт ва адабиёт остонасида турган навқирон қаламкашлар учун жудаям зарур ва бебаҳо эди. Олис манзилларни кўзлаган, олдинда не-не мураккаб ва зиддиятли ҳаёт, ижод довонлари кутиб турган ёш авлодга маънавий суянчиқ ва таянчдай керакли ҳамда қимматли эди. Олтмишинчи йиллар шоирлари ўз муҳитларида худди шундай таянч нуқталарни топа олганлари, айни пайтда, уларга суяниб, маънавий-эстетик изланишларида улардан куч, мадад ола билганлари учун ҳам ўз олдиларига замон нуқтаи-назаридан муҳим ғоявий-бадиий мадсадларни, зарурий вазифаларни қўйишга журъат қилдилар.
Устозлар босиб ўтган йўлдан ва улар қолдирган меросдан англанган ва чиқарилган маънолар, келинган хулосалар – бу уларнинг насллар маънавиятида яшаши демакдир. Бошқачароқ айтсак, ворисларга эга бўлиш, кейинги авлодлар ички эҳтаёжига айланиш – бу замонлараро робитанинг узилмаслиги белгисидир. Миллий бадиий тафаккур тараққиётида шу нарса катта аҳамиятга моликдир.
Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфилар мансуб тенгқур қаламкашлар билан Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғуломлар авлодининг маънавий алоқалари катта тадқиқотларга мавзу бўлишга арзийди. Бу жиҳатдан ҳар иккала давр – авлод шеъриятининг билимдони, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг “Қуёшга” мақоласидаги кузатишларини эслаш жоиз кўринади: «Эркин Воҳидовнинг илк шеърларини ўқиган ва тинглаган одамлар қанчалар бирдан завқланиб кетганликларини ўзим кўп маротабалаб кўрган, кузатганман. У пайтлар Ўзбекистон ҳавосида Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода сингари жўшқин эҳтиросли, маърифатли шоир ва адибларнинг сўзлари, оҳанглари, қофиялари, латифалари, доноликлари чарх уриб қанот қоқарди.
Ўша даврнинг урушдан базўр омон чиққан биз мурғак болаларини Ғaфyp Ғуломнинг сўзлари тамомила ўзига ром қилиб олган эди. Унинг «Яша, дейман, ўғлим!» , «Билиб қўйки, сени Ватан кутади», «Аввал ўқи», «Тонготар қўшиғи», «Қуёшчалар шеъри», «Бир ғунча очилгунча», «Чароғларим-қароғларим» сингари энг олд шеърларини худди оятдай такрорлаб юрар эдик. Эркин Воҳидов эса Ғафур Ғулом шеърларини илоҳий бир даражада севар эди”. Устоз авлодлар ижоди ва дунёқарашининг ўша давр ёш қаламкашларига кучли ва табиий таъсирини юқоридаги мулоҳазалар равшанроқ тушунтиради деб ўйлайман. Ва ушбу таъсир ва маънавий мулоқот шунчаки бир ўткинчи ҳолат, қисқа фурсатли бир қизиқиш эмасди. Катта авлоднинг ғоявий-эстетик олами ёшларнинг адабий изланишларида узоқ вақт акс-садо беради. Хусусан, уларнинг дастлабки асарларида ўрганиш майли, таъсирланиш ва тақлид қўлами анча кенг эди. Ёш шоирлар устозлар бадиий оламига беғубор бир муҳаббат билан талпинар эдилар. Тўғри, бир қанча фурсат ўтгач, ёш қаламкашлар уларнинг идеал ва ғоялари, замонага мос қарашларига шубҳа билан ёндашишга бошладилар. Бундай фикр ва ғоялардан қутулиш заруратини ёш авлод зийраклик билан англаб етади. Бироқ устоз авлоднинг соф инсоний ва шоирона дунёси, замонлар қолипига сиғмаган мангу эстетик қадриятлари, бадиий кашф ва топилмалари ёш шоирлар учун бир умр қадрдон бўлиб қолади. «Тадқиқотчилар Эркин Воҳидовнинг ўша пайтдаги шеърларида, – деб ёзади Иброҳим Ғафуров юқорида тилга олинган мақоласида, – Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжоннинг оҳангларига эргашиш майли кучли, деб қайд этганлар. Бунда, албатта, маълум бир ҳақиқат йўқ эмас.
Лекин, билмадим, тўғри тахмин қиляпманми ё нотўғрими, ҳар ҳолда шоиримизнинг илк даврида ҳаётдан бўса олиб ёзиш, унинг найини чалиб ёзиш ва бир сўз билан айтганда, «қуёшча» бўлиб ёзиш устунлик қилади. Улар ўзини қуёшча деб ҳис қилган ёш йигитча, бағри оламга кенг очилган, қулоғи Ғафур Ғуломнинг ҳузурбахш оҳанграбо аллаларига ўрганган зувалали шоирнинг шеърларидир. У Ғафур Ғулом илгари сурган идеаллардаги инсондек яшашга чоғланган. Ҳаётдан, оламдан фақат тиниқлик, сурур, мағрур юксалишни кўзлайди. Эркин Воҳидов Ғафур Ғулом билан Ойбек қандай айтган бўлса, шундай илмлар тоғлари ва чўққиларини забт этмоқ иштиёқи билан ҳаётга отланади…” Мазкур мулоҳазалар олтмишинчи йиллар шоирлари авлодининг барча вакилларига у ёки бу даражада тааллуқли, деб бемалол айтиш мумкин.
Олтмишинчи йиллар ёшлар шеъриятида хилма-хил сабаблар ва маънавий эҳтиёж юзасидан устозлар меросига, анъаналарига мурожаатни эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Ўша мурожаатнинг муҳим кўринишларидан, масалан, турли эпиграф ва иқтибосларни, катта авлод ижодидаги етакчи мавзу ва мотивларга издошларча ёндашувни айтиш мумкин. Ёки ранг-баранг шеър ва манзумаларида ёш шоирлар устозлар шахсига ва ҳаёт йўлига, улар ижодининг ёрқин ва бетакрор қирраларига алоҳида урғу беришади. Энг муҳими, ҳамиша устоз шоирлар адабий сабоқларига эҳтиёжманд ва орзуманд кўнгил кўзи билан қарайдилар.
Бу хусусда, Абдулла Ориповнинг бир қатор шеърларида ана шундай ёндашувнинг гувоҳи бўламиз. Жумладан, «Ўзбекистон” қасидасида Абдулла Орипов, табиий равишда, Ғафур Ғулом билан Ҳамид Олимжонни эслайди. Ойбекни махсус тилга олиб ўтади. Сиз ўша мисраларни ўқиётиб, бу ёдга олишлар шунчаки юзхотир юзасидан ёка номига эмаслигини чуқур ҳис қиласиз. Ёш шоирнинг устозларни қандайдир соғинч ва меҳр билан эслашида чуқур сабаблар мавжудлигини англайсиз. Ахир, она Ватанни ким ҳам улардай жўшқин илҳом, эҳтиросли ва баланд пардаларда куйлаганди?! Ўзбекистон ҳақидаги энг дилбар достонларни, энг дилрабо қўшиқларни улар ёзмаганмиди?! «Сен кетарсан балки йирокқа, Фарғонада балки балқарсан. Балки чиқиб оқарган тоққа. Чўпон бўлиб гулхан ёқарсан. Балки устоз Ойбекдек тўлиб Ёзажаксан янги бир достон, Балки Ҳабиб Абдулла бўлиб, Саҳроларда очажаксан кон. Тупроғи зар, маъданим маним, Ўзбекистон, Ватаним маним». Ишончимиз комилки, мазкур мисраларда устоз Ойбек эсланмаганида эди – муаллифнинг ҳам, бизнинг ҳам кўнглимиз унчалик тўлмаган бўларди. Зеро, бунда «бетимсол Ойбек» (Абдулла Орипов) фақатгина бадиий образ тариқасида гавдаланмайди. Шу билан бирга, «устоз Ойбек» Ватан образининг ва тасаввурининг муҳим бир қирраси ҳамдир.
Қолаверса, Ватан образини яратишга, уни куйлашга бел боғлаган шогирднинг устозларни бир қур ёд этиши, шубҳасиз, чуқур маънавий эҳтиёж, миннатдорлик, айни пайтда, адабий бурч ва қарздорлик туйғулари билан боғлиқ бўлса керак. Табиийки, бунда навқирон бир миллий ўзлик тасдиғи, фарзандларча ғурур ва ифтихор туйғулари ҳам балқиб турибди: «Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб, Тополмасам чекмасман алам. Ўтирмасман эртаклар сўзлаб, Мусалло деб йўнмасман калам. Кўкламингдан олиб сурурни, Довруқ солди устоз Олимжон. Ғафур Ғулом туйган ғурурни Қилмоқ мумкин дунёга достон. Олис тарих қадамим маним, Ўзбекистон, Ватаним маним!». Абдулла Ориповнннг нозик ва лутфкор бадиий таҳлилида устоз шоирлар дунёсининг бетакрор жиҳатлари, улар истеъдоди ва ижодининг етакчи қирралари бўртиб акс этган, дейиш мумкин. Абдулла Ориповнинг поэтик таъриф ва талқинлари ўзининг беҳад ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги билан диққатни жалб этади.
Агар таъбир жоиз бўлса, устоз шоирлардан Абдулла Ориповга руҳан жуда яқини алломайи замон Ғафур Ғуломдир. Бy нарса ўқиш-ўрганишлар ва ҳар турли таъсирланишлар билан бирга, айни чоғда, истеъдодлар табиати, бадиий тафаккур ва идрокдаги табиий туғма уйғунлик, азалий ўхшашликлар ҳосиласидай тушунилса ва талқин этилса, айни муддаодир. Кези келганда, қуйидагача қиёслаш фикримизни равшанлаштиришга ёрдам беради, деб ўйлаймиз: Эркин Воҳидов шеърияти ўз услубий йўналишига кўра ва руҳан Ҳамид Олимжонга; Рауф Парфи лирикаси ўз табиатига биноан Ойбек ва Усмон Носирга; Омон Матжон ва Маъруф Жалилнинг ҳаётий мазмун билан йўғрилган, воқеабанд шеърлари Миртемир домланинг содда, самимий, дилкаш ва донишманд шеъриятига; Чўлпон Эргашнинг ғоят вазмин ва ўйчан тажрибалари Мақсуд Шайхзоданинг фикрчан ва фалсафий лирикасига ҳамоҳанг туюлади. Ана шундай маънавий маҳрамлик, руҳий қондошлик, бадиий тахайюлнинг бепоёнлиги, «руҳий поённинг чексизлиги» жиҳатидан Абдулла Орипов замонамизнинг улуғ санъаткорларидан Ғафур Ғуломга яқинроқ туради. Ва биз, шу ўринда, устозу шогирдлар ўртасидаги ўзаро муносабатни фақатгина сийқаси чиққан адабий таъсир омили билан чегаралаб қўйишни истамаймиз. Дарвоқе, шуни ҳам унутмаслик керакки, ёшлик чоғларида ижодий-руҳий изланиш жараёнида ёппасига ҳамма-ҳаммадан эмас, балки туғма ўхшаш, руҳан, табиатан яқин истеъдодларгина ўзаро маънавий мулоқотга киришади. Хусусан, «Қандай чексиз эди руҳий поёнинг» мисрасадан шуни англаш мумкинки, устоз Ғафур Ғулом руҳий поёнининг бепоёнлигини ҳеч ким Абдулла Ориповдай аниқ ва равшан тасаввур қилолмаса керак.

Абдулла Ориповнинг «Баҳор» шеърида Шайхзода хаёлини васф этувчи маҳзун мисралар келади: «Беқиёс эди у шеър лочини! Хаёли бамисли Кўрагонийдек. Гар тарих эврилса, шуҳрат тожини Унга кийгизарди Султон Улуғбек. Балхдан ҳориб қайтган Алишер мисол Энди тўлғизганди чўккан давотин. Кетди пок бир сиймо. Теран бир хаёл Қолдириб дунёда ҳеч ўчмас отин. Бақою бебақо аён буюклик Ўтди сўнгги дамда бош эгиб қуйи. Фақат билганидан қолмас Тириклик. Мана, гулга чўммиш Чиғатой бўйи». Мақсуд Шайхзоданинг ўз замонига сиғмаган улкан иқтидорини ва бетакрор ижодий қисматини акс эттирувчи мазкур мисралар таъсирчан поэтик мундарижаси туфайли хотирамизга ўрнашади. Табиийки, ушбу мисраларда ҳам самимий меҳр, ёлқинли муҳаббат ўз ифодасини топган. Лекин ёш шоир устозга эҳтиром туйғуларини ифодалаш билангина чекланмаган. Шайхзоданинг тенгсиз ижодий жасоратини ҳамда аччиқ қисматини бир неча ёрқин мисра ва эсда қоларли деталлар орқали маҳорат билан умумлаштиришга эришган. Жудаям оғир ва машаққатли бир даврда унинг Мирзо Улуғбек образини ва фожиасини доҳиёна севги ва куйинчаклик билан яратишини ёш Абдулла Орипов тўлиб-тошиб, тўлқинланиб куйлайди. Замонининг шафқатсиз чиғириғидан бир амаллаб ўтган ва беомон синовларга бардош берган санъаткор умрининг ва асарларининг асосий сабоқларини англашга ва англатишга интилади.
Устоз Абдулла Қаҳҳорга бағишланган атиги саккиз сатрли, бироқ жудаям теран фалсафий маънолар билан йўғрилган шеърида ҳам Абдулла Орипов поэтик умумлашмалар яратиш йўлидан боради:
Йўллар ортимизда қолар эдилар, Саҳролар қоларди чексиз, бетакрор. Негa улар чексиз, десам дедилар:
Бу ердан ўтганди Абдулла Қаҳҳор.
Шеърда улуғ санъаткорнинг мураккаб ҳаёт йўли ва ҳавас қилгудек ижодий толеи – умумхалқ муҳаббатига сазовор бўлган бахтиёр ижодкор тақдири рост ва ишонарли тасвирланган.
Абдулла Орипов буюк ёзувчи образининг халқ қалбидан қанчалар чуқур жой олганига урғу берган. Янада аниқроғи, халқ ва Абдулла Каҳҳор муносабатларини чиройли ва таъсирчан акс эттирган. Яъни Ватан кенгликлари, она юрт саҳролари Абдулла Қаҳҳор сўзи туфайли чексиз, бепоён. Ватанимиз чўққилари ҳам Абдулла Қаҳҳор сўзининг қудратидан салобатли, сарбаланд, юксак!.. Гўзал ва ҳаққоний муболаға, шундай эмасми?!
Аён бўлдики, катта авлодга мансуб ёзувчи ва шоирлар образига мурожаат қилар экан, уларнинг номини шунчаки улуғлашни мақсад қилиб қўймайди. Аксинча, устоз адибларнинг ўзига хос ва бетакрор қиёфаларини бадиий гавдалантиришга ҳаракат қилади. Мазкур жиддий поэтик ниятни эса ёш издошлар устоз санъаткорлар ҳаёт ва ижод йўлининг бадиий-фалсафий таҳлили, уларнинг инсон сифатида ўзига хос хусусиятларини ва асарларнинг етакчи пафосини, муҳим қирраларини ҳаққоний ёритиш, маҳорат билан умумлаштириш орқали амалга оширади. Улар ҳақидаги теран мазмунли манзумалари оддий ва анъанавий бағишловлардай таассурот қолдирмайди.
Шоир мураккаб ва улуғвор умр йўлларининг нозик ва ҳассос поэтик таҳлилидан келажак учун зарурий хулосалар чиқаради. Умуман, 60-йиллар шоирлари, салафлар шеърияти ва шахсияти 60-йиллар шоирлар авлодининг келгуси тақдирига, адабий-маънавий улғайиши ва камолотга етишида эса, мана шундай ижодий сабоқлар ҳамда ҳаётий хулосаларнинг умидбахш таъсири беқиёс эди.

 
Чокар (1889-1952) PDF Босма E-mail
21.03.2014 15:08

Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Ёқуб ўғли Чокар 1889 йил Хива шаҳрида туғилди ва ўша ернинг мактаб ва мадрасаларида таҳсил олди. Чокарнинг дадаси Муҳаммад Ёқуб Харрот Хоразмда жуда машҳур машшоқ бўлган. Айниқса классик куйларни ғоят мароқли ижро қилган. У, адабиёт билан ҳам қизиқиб, бўлажак шоир, композитор ўғли Юсуфнинг тарбиясига алоҳида аҳамият берди. Натижада Чокар жуда ёшликдан санъат ва адабиёт билан қизиқади. Ўзбек ва шарқ классик шоирлари ижодини ҳавас билан ўрганади ва ёш вақтидан бошлаб ижод қила бошлайди.
Чокар ўзбек классик адабиёти намояндаларининг илғор фикр-туйғуларини давом қилдирди. У, демократ шоир Аваз Утар билан замондош ва яқин дўст бўлган.
Чокарнинг ташаббуси билан Хивада мусиқа техникуми — интернат ташкил этилади. Чокар унинг директори бўлади ва дарс беради. Ўша йиллари Чокар Хоразм халқ музикаси ва классик куйлар асосида иккита асар ёзади. Унинг «Қисқача Хоразм музика тарихи» асари 1925 йилда Москвада нашр этилди. Кейин Чокар Самарқанд ва Тошкентда ишлайди. Чокар «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони соҳибидир. У 1952 йилда Тошкентда вафот этди.
Қуйида келтирилган намуналар Шарқшунослик институтидаги Чокарнинг ўзи томонидан ёзилган девонидан ва «Юғурум» тўпламидан олинди.

ҒАЗАЛЛАР

Эйки, сизлар қилдингизлар мулку миллатни хароб,
Айлади бечоралар бағрин ситам ўти кабоб.

Жоҳилу нодонлар ўрнидур таайюш маснади,
Бўлди доноларни жойи ғам била зери туроб.

Чора бечора тилоса, пора сипоҳи тилар,
Мулла бир ёндин ижорасин сўраб бергай азоб.

Мактаб очмай халқ учун, раис тонгуб таъзир урар,
Келса деҳқон бозора намозликни сўроб,

Халқ боласин қўймақ ўғлон—борму ислом динида,
Анбиё ворислари бу ишга бермишлар жавоб.

Тарёку кўкнору банг муллолара бўлмиш ҳалол,
Халқ чилим чекса ҳаром деб раис айлаб ихтисоб.

Муллаға: «пешинг узун» демак ҳақоратмиш билинг,
Ҳарна иш қил, бер садақа, дегуси, топдинг савоб.

Орифи пашмина пўш илмас кўзинга халқни,
Харки бўлса тоза жуллик ҳурмат аҳлидин ҳисоб.

Ўртадин унган пул бузуқ ўғлон, ҳарамлар масрифи,
Бор аларда шул сабабдин ҳовли, боғ неча таноб.

Жаҳлу ғафлат кечасида ўткусидур умримиз,
Маърифат нурингни сол бизларга ҳам, эй офтоб.

Мулку миллат, ваҳ, нечук тапғай тараққий, Чокаро,
Бўлсалар иш бошида зулм аҳли ошуби давоб.

* * *

Кўбдур ушбу жаҳон ичра фузало,
Ҳайфким, бўлмиш алардин вале авло жуҳало.

Жуҳало хайли агар топса бу янглиғ иззат,
Ваҳ, нечук кечгусидур даҳр аро ҳоли уқало.

Уқало хизматиға боғла белингни маҳкам,
Ҳосил ўлғай сенга бу йўл аро касби кумало.

Кумало хайлиға лозим қилибон юрта дуо,
Билса даҳр аро не дур вузароу вуқало.

Вукалоу вузароларға муносибдур бу,
Айламай зулм раоёғани бўлмоқ удало.

Удало бўлса киши, рози бўлуб ондин ҳақ,
Келмагай чархдин ҳаргиз они бошиға бало.

Амният жойи эмасдур бу жаҳон, эй Чокар,
Эртароқ айласанг эмди хуш эрур азми жало.

* * *

Оҳким, ҳардам насибамни фироқ этди фалак,
Зулм ила ул нозанинимдин йироқ этди фалак.

Бир париваш ишқиға мафтуни зор айлаб мани,
Фурқат ўтиға бу жоним иҳтироқ этди фалак.

Ишқ элига гўйё қилмоқда жавр ила ситам,
Ёр ила, ваҳ, кеча-кундуз иттифоқ этди фалак.

Не ёмонлиғ айлаб эрдук ҳаққиға, оё, анинг
Мунча бизга, дўстлар, кийну нифоқ этди фалак.

Хаста кўнглум коми мақсудини вермай бйр нафас
Гирядин кўз ёшими андоғ булоқ этди фалак.

Кўйида ағёри бадкирдордин, ваҳ, найлайин,
Доимо емак насибамни таёқ этди фалак.

Ёр оллиға бориб Чокар нечук арзин десун,
Тешаи зулм илаким, пойин чўлоқ этди фалак.

* * *

Дариғо, бўлмайин олам тарийқи зиндагониға,
Бад ишлардин халал еткурдим айёми ҳавониға.

Чекиб дунёи дун изида беҳад ранж ила меҳнат,
Вафо қилмоқ йўқ эркан, билмадим, дунёи фонийга.

Ўзимдин ғофил айш асбобини бир умр қилдим жамъ,
Ки барҳам урди гардун сўнг бисоти комрониға.

Бино қилмоқ хатодур қасру айвон, сўнг бўлур вайрон,
Не лозим рахт ташлаб бу маҳалли корвониға.

Жаҳоннинг шаҳлиғиға ҳасрат этма, эй кўнгул, таҳқиқ
Ки шаҳлиғ одидин йўқ ўзга бу шуғле шабониға.

Неким аввалда қисмат бўлса бўлмасдур зиёду кам,
Ало эй нафс, қониъ бўл қазойи осмониға.

Бу гулшанда вафо йўқ, шаҳд этиб булбул киби Чокар,
Қафасни синдиру элт ўзни боғи бехазониға.

* * *

Менга раҳм этгил, эй ёри ягона,
Ки ҳажринг шиддати еткурди жона.

Қачон десам сенга ҳоли харобим,
Қулоқ солмай, қилурсен юз баҳона.

Фароғат бўлмадим бир лаҳза ғамдин,
Илоҳи келмагай эрдим жаҳона.

Вафо йўқдур жаҳон дилбарларида,
Анга дил берманг, эй аҳли замона.

Тузуб созингни, кел базм ичра мутриб,
Ўқуб гоҳи ғазаллар ошиқона.

Насими субҳ, борсанг кўйи сори,
Менга ул ёрдин еткур нишона.

Юзинг шавқи кетурди фурқат ичра,
Ҳазин Чокарни булбулдек фиғона.

* * *

Дилбарлар айлаб жилвалар ҳуснига ҳайрон қилдило,
Шавқида булбулдек ишим фарёду афғон қилдило.

Муҳлик фироқи даштида чун ўлгудек беморман,
Доруш-шифойи васлидин не анга дармон қилдило.

Ёқмоқ учун рашк ўтиға мен зору маҳзун бағрини,
Бўса дамо-дам лаълидин ғайриға эҳсон қилдило.

Гулдек юзини ёшуруб мушкин сочини остида,
Ёғду жаҳонни сарбасар кўзимга зиндон қилдило.

Лутф ила боқмай бир нафас ошиқларининг ҳолиға,
Ҳижрон қаронғу шомида чашмини гирён қилдило.

Зулфини печин тарқатиб, ораз уза юз ноз ила,
Фурқатда Мажнундек басе ҳолим паришон қилдило.

Дилдордин айру эди чун масканим байтул-ҳазан,
Чокар, бу тун базмим келиб, рашки гулистон қилдило.

* * *

Ул ёрима иш жафо бўлубдур,
Ағёр элига вафо бўлубдур.

Юз дўндуруб ишқ элидин ҳар дам,
Ғайр аҳлиға ошно бўлубдур.

Зоҳидни насиҳатини тутманг-
Ким, анинг иши риё бўлубдур.

Тарк эткум они не янглиғ ишқин,
Кўнглим аро меҳри жо бўлубдур.

Тўймас кўзинг ичмак ила қоним,
Билмон анга не бало бўлубдур.

Қошинг қиличи била саросар,
Бағру юрагим яро бўлубдур.

Чокар сари боқғач олди ҳушин,
Қўзинг не бало қаро бўлубдур.

* * *

Қалтирарман совуқдин ўйла қамиш,
Не бало бўлди совуқ ушбу қиш.

Сарвдек қоматимни қилди хам,
Ман эмас якка, барча мандек эмиш,

Бош чиқормай ҳама ўз уйидин,
Эл аро бўлди қатъ бориш-келиш.

Кору борини тарк этиб барча,
Ўт бошида исинмтоқ бўлди иш.

Яхши бу қишда қўй гўштидин
Пишуруб есалар кабоб неча чиш.

Бир-биров бирла гаҳ калом этса,
Оғзида тил бўлур тўнгуб чун тиш.

Ўт бошида муқим ўлуб доим,
Зинҳор чиқмағил, Чокар, тиш.

* * *

Қиш ичра оташхонада бўлғуси, ваҳ, не хуш, олов,
Тенги насиб этса анинг ёнида гар ёғли палов.

Ул ойни ҳажри даштида олди мени ғам лашкари,
Қуршаб бори атрофими ҳар дам ғирев айлаб чу ёв.

Вуслат кунининг ишрати ёдимға тушгач, айлагум
Фарёду афғон, кўрса гар булбул ани бўлғай соқов.

Таъриф этарсизлар менга, эй ким семуз қўй гўштини,
Комимға андин ҳам лазиз ўлғуси, бўлса гўшти ов.

Чун оқ соқол ўлдинг, келиб ҳушингға, эмди тоат эт,
Бу ким хазондиндур асар тушса гиёҳ узра қиров.

Раҳшингни сўрдинг қасд этиб қатлимға, эй зебо санам,
То етмагунча бошими устиға, ҳеч чекма жилов.

Ишқинг ўтидин ёнмасун Чокар дилу жони нечук,
Ким тоб келтурмай ёнар, тушса шарор, албатта, қов.

* * *

Ноз отини ўйнатиб чобуксуворим бу кеча,
Келди кулбам сори англаб изтиробим бу кеча.

Не хуш ул бахту саодат меҳр ойини била,
Келса мумтоз эткали ишқ ичра ёрим бу кеча,

Асрайолмон зор кўнглум ичра ишқин келмаса,
Маҳрами рози ниҳону ошкорим бу кеча.

Муддати нўш этмайин махмур эрурман, соқиё,
Сен бериб бир коса май, тарқат хуморим бу кеча.

Ўлғон эркан не анга мониъки билмон келмади,
Ваъда айлаб эрди борғум деб нигорим бу кеча.

Булбулосо оҳу афғон айлагум субҳу масо,
Ҳолима раҳм айлагай деб гулъузорим бу кеча.

Ўйнатиб қошу кўзин нозу тағофуллар била,
Ақлим олди қўймайин сабру қарорим бу кеча.

Келса пинҳон ғайр элидин базмима ул нозанин,
Сарф этар эрдим йўлиға йўқу борим бу кеча.

Оразидин айлабон Чокар ҳижобин муртафе
Ул париму равшан эткан шоми торим бу кеча.

* * *

Жисм ичра жонни мен нетай, бу кеча жоно бўлмаса,
Илмас кўзимга ҳеч нима ул моҳи сиймо бўлмаса.

Яксар қоронғу бўлғуси кўзима бу ёруғ жаҳон,
Базм ичра бир дам юзи хуршиди осо бўлмаса.

Хушдур басе аҳбоб ила базм айламас субҳу масо,.
Онлар дилида ёрдин ўзга таманно бўлмаса.

Мажлисга дохил айламанг ул кимсаким олам аро,
Бир гулбаданни ишқига мафтуни шайдо бўлмаса.

Чин ошиқ эрсанг ул киши зоҳид сўзига алданиб,
Ишқ аҳли бирла базмаро гар бода паймо бўлмаса.

Ғам хайли бошимдин мени, ваҳ, не сифат бўлғуси рафъ,
Базм ичра май бермакка бир моҳи дилоро бўлмаса.

Йўл бермади васл ичра, эй Чокар, неча жаҳд айладим,
Яхши эди гар даҳр аро ағёр пайдо бўлмаса.

* * *

Ул пари ҳажридадурман зору ҳайрон, эй табиб,
Не бўлур қилсанг мени дардимға дармон, эй табиб.

Тинмайин ул ой висолиға туну кун кўзларим,
Фурқат ичра тўккуси ёш ўрниға қон, эй табиб.

Бир замон меҳри вафо расмини бунёд айлабон,
Холи зорим сўрса қолмас эрди армон, эй табиб.

Шўхларда йўқдурур ишқ аҳлиға раҳм айламак,
Кимки раҳм айлар деса, албатта, ёлғон, эй табиб.

Истабон ул ой висолин кеча-кундуз даҳр аро,
Айларам булбул каби фарёду афғон, эй табиб.

Ҳажр водиси аро ўлмакка етдим, оҳким,
Лутф этиб келмас эса кулбамға жоно, эй табиб.

Ҳар замон юз минг туман жавру жафо изҳор этиб,
Айлаган қаддин дуто Чокарни ҳижрон, эй табиб.

* * *

Қилмас тараҳҳум ҳолима, ваҳ найлайин, ул ғунча лаб,
Кун-кундин афзун айлабон мен хастаға қаҳру ғазаб.

Лайливашимни ишқида, эй дўстлар, олам аро—
Қолса, ажаб эрмас, агар мен телбага мажнун лақаб..

Ушшоқ элига, зоҳидо, қилғунг насиҳат дам-бадам,
Ўргангин онлардин келиб сен доғи панд ила адаб.

Жонбахш лаъли бергуси ўлган танимға тоза жон,
Гар кўзларидин бир қиё эрса мамотимға сабаб.

Ҳижрон қаро шоми аро айлаб фиғону нолалар,
Бу зори маҳзун қилғуси базми висолингни талаб.

Қилсам тазарруъ ҳар неча боқмас даме аҳволима,
Бўлмиш азалда қисматим чекмак басе ранжу тааб.

Заҳри фироқин нўш этиб юргум дамодам, Чокаро,
Базми васлида ичар ағёр эли жоми тараб.

* * *

Нигорим бўлғоли оламда пайдо,
Бўлубман ҳуснига мафтуну шайдо.

Жафо чекмак ишимиздур туну кун,
Қилиб беҳуда ёр ишқин таманно.

Басе лаб ташнаман, қилсанг лабингдин—
На бўлғай мен ҳазинға бўса эъто.

Юз очиб, қил қаро кулбамни равшан,
Вафо расми била, эй моҳ сиймо.

Танимдин жоними олмоққа, эй гул,
Эрур киприкларивг ўқ, қошларинг ё.

Рақиб аҳлига раҳм этма, кул ўлди.
Ёниб рашк ўтиға жисмим саропо.

Фироқинг даштида ўлгуси Чокар,
Карам қилмас эсанг ҳолиға, жоно.

* * *

Кўзларингни кофириға кофиристон бандадур,
Лаъли жонбахшинг сўзига шаккаристон бандадур.

Оразингни ламъасиға, эй парилар сарвари,
Даҳрга берган зиё хуршиди рахшон бандадур.

Маҳвашим лаълига ҳар дам тинглангиз, аҳбобким,
Юз туман тортиб хижолат оби ҳайвон бандадур.

Бошида бўлғон паришон кокули мушкиниға,
Даҳр боғи ичра яксар сумбулистон бандадур.

Бўйла наққоши азал халқ айлаган рухсорингга,
Қасри жаннат ичра бўлғон ҳуру ғилмон бандадур.

Чокаро, субҳу масо қилғон фиғону нолангга,
Мунфаиллиғдин бари қумрии нолон бандадур.

* * *

Соқиё, тутғил менга мажлисда жон оро қадаҳ,
Токи махмуридин этди волау шайдо қадаҳ.

Ҳар замон мен телбага юзлангуси кўп дарду ғам,
Бўлмаса гар базм ичида ўйлаким ҳамто қадаҳ.

Не қилай мен зори маҳзун ёрни, эй дўстлар,
Маҳфил ичра бўлмасатоким сипеҳр осо қадаҳ.

Ичмагумдир ўзгадин ҳаргиз мани маҳзунким,
Дайр аро гар бўлмаса, ул дилбари тарсо, қадаҳ.

Манъ қилма бу жунун ичра мениким, зоҳидо,
Жоними олғусидур маъшуқ охир ё қадаҳ.

Фурқат ичра қолмишам, на бўлғуси, эй муғбача.
Раҳм этиб мен хастаға, берсанг даме аъло қадаҳ.

Чокаро, тинмай бу ёнглиғ оҳу фарёд айлама,
Қилғуси охир сени даҳр аҳлиға расво қадаҳ.

* * *

Жаҳонда яшай олмас ҳеч миллат илму урфонсиз,
Анингдекким туралмас ҳаётда жисм ила жонсиз.

Маорифдур жаҳолат дардининг дармони, фаҳм айланг,
Фанолиқ ётгонидур бўлса ҳар бир дард дармонсиз.

Илмсиз кимса бойларға бўлуб қул, ўткарур умрин,
Илм аҳли кишига бўлмағай муҳтож ҳам нонсиз.

Биза бўйла эзилмоқ қайғу ғамлар жаҳлимиздандур,
Ўқусак илм олур эрдук, биз ҳам оламда армонсиз.

Нега бизда эмас мактаб, товонгар аҳли роҳатда,
Олар хоҳиш илмдин бизга қайғу юзланиб сонсиз.

Беринг фарзандингиз мактабга, Чокарни сўзин тинглаб,
Жаҳонда яшай олмас ҳеч миллат илму урфонсиз.

МУХАММАСЛАР

Навоий ғазалига мухаммас

Биҳамдиллаҳ, мени ошиқ қаторидин ҳисоб.айлаб,
Ёрутмоқға кўзум рухсоридин рафъи ниқоб айлаб,
Кўнгулда не эса комим берурга иртикоб айлаб,
Тун ақшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб.
Хироми суръатидин гул юза хайдин гулоб айлаб.

Олуб сабру қарорим нозир ўлғач кўзга ул дилбар,
Қуёшосо юзи шавқида қилди заррадек музтар.
Сабоҳат авжида эрди узори чун маҳи анвар,
Қилиб мужгонни шабравлар киби жон қасдиға ханжар,
Белиға зулфи анбарборидин мушкин таноб айлаб.

Олиб бурқаъ узоридин, юз очиб базмима кирди,
Мани ишқ аҳлидин сийлаб муҳаббат силкига терди,
Муродим рўзу шаб, юз шукур, онинг вуслати эрди,
Кулуб ўлтурдию илгим чекиб, ёнида ер берди,
Такаллум бошлади, ҳар лафзини дурри хушоб айлаб.

Манга ҳижрон аро бўлғон эди байтул-ҳазан маскан,
Кўзумға тийра эрди сарбасар бу олами равшан,
Деди сўргач бу ҳолим лутф ила ул орази гулшан,
«Ки эй зори балокаш ошиқим, менсиз нечуктурсан?»
Мен ўлдум лолу айта олмадим майли жавоб айлаб.

Хуморим фаҳм этиб ҳижрони ичра ул пари билди,
Аён айлаб вафо расмини бу дам, кўзига илди,
Қуёш осо хиром айлаб чу қаршу ёнима келди,
Чиқарди шишаи май доғи бир соғар тўла қуйди,
Ичиб тутди менга юз навъ ноз осо итоб айлаб.

Деди, эй зор, қилмасман сени бирдам йироқ кўздин,
Бериб васл ичра сансиз бўсалар лаъли лабу юздин,
Манга ҳосил бўлуб айши тараб беҳад ҳамул юздин
Ичиб, фарёд этиб туштум аёқиға, боруб ўздин,
Мени йўқ бодаким, лутфи анинг масти хароб айлаб.

Бўлуб васли муяссар, Чокаро, ул ёрни ботроқ,
Тараб жомини доғи базм аро нўш айлаб ўлтурмоқ,
Гаҳи ўздин кетиб бехуд тушуб ер узра чун туфроқ,
Аниким элтқай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

Навоий ғазалига мухаммас

Фарқ қилмаслар шариат йўлини гумроҳлар,
Айлабон журму гунаҳ тинмай куну бегоҳлар,
Тутмас ҳеч парво алардин зуҳду тоатхоҳлар,
Улки солғай шуъла аъзосиға ўтлуғ оҳлар,
Қайда билгай куймакин зарбафт кийган шоҳлар.

Токи ошиқ бўлмайин ошиқни кўзга илмагай,
Дилбарини кўйида мажнун мисоли елмагай.
Гаҳ-гаҳи лайливашим чашмини ашкин селмагай,
Бағридин қон томғучи ушшоқ захмин билмагай,
Тиғидин қон томғучи бераҳм олий жоҳлар.

Бидъат ишлардин тун-кун айладим парҳезким,
Восил ўлғайман дебон васлиға ёрим тезким,
Чун ул ой ҳажрида чекдим ғам ҳалокангизким,
Шиддатин Фарҳод қилғай фаҳм, йўқ Парвезким
Дардни хокийлар англар, йўқ фалак даргоҳлар.

Оз қолибдур зиндалик паймонаси ваҳм тўлғали,
Етди чун умрим гули ғам сарсаридин сўлғали
Зор жисмимдин ётиб ҳажр ичра жон айрилғали,
Жону кўнглум кирдилар ғам даштиға гум бўлғали,
Ман ҳам эттим азм, чун азм эттилар ҳамроҳлар.

Фоқаларға ағниёлар қилмай иҳсон ўлтурур,
Қайда иҳсон, балки жавр айлаб фаровон ўлтурур,
Нечани қашшоқлик бирла ғами нон ўлтурур,
Бўлсалар огаҳки, бир ғамгинни ҳижрон ўлтурур,
Фикр этар ҳолиға ҳижрон дардидин огоҳлар.

Ёр ҳижронида тинмай нолаи оҳим недур,
Ғайр элидин васлиға етмоқда кўтоҳим недур,
Андин айру дарду меҳнат унсу ҳамроҳим недур,
Ваҳ, не билғай ҳажр занжирида дилхоҳим недур,
Халқа урғон базм айши даврида дилхоҳлар.

Ҳусн элига фурқат ичра мубталолар фикри йўқ,
Ҳам расо аҳлиға, Чокар, норасолар фикри йўқ,
Порсоу зуҳд элиға ашқиёлар фикри йўқ,
Эй Навоий, шоҳларға чун гадони фикри йўқ,
Айлагил сен тенгри даргоҳига шайъанлиллоҳлар.

 


11 дан 63 сахифа