21.03.2014 15:06 |
Ҳожи Муин Шукрулло ўғли (1883.15.3, Самарқанд - 1942.27.7, Россия, Перм вилояти Соликамск шаҳри) — маърифатпарвар, шоир. 1901 йилда ҳаж сафаридан қайтгач, мактаб очиб, болаларни ўқитган. Аввал эски усулда, 1903—16 йиллар янги усулда муаллимлик қилган. Илгор жадид муаллими сифатида танилган. «Раҳнамои савод» алифбе дарслигини ёзган (1908). «Самарқанд» газетаси ва «Ойна» журналида ишлаган (1913—15). Россияда мардикорликда бўлган (1916—17). Самарқандга қайтгач, «Ҳуррият» (1917—18), «Меҳнаткашлар ўқи», «Меҳнаткашлар товуши» (1918—22), «Зарафшон» (1922—26), «Овози тожик» (1926-29) газеталари, «Таёқ» (1919), «Машраб» (1922—26), «Мушфиқий» (1926—29) журналларида ишлаган. 1929 йилнинг 29 сентябридан 3 йил Сибирда сургунда бўлган. Сургундан қайтгач, Ўзбекистон давлат нашриётининг тожик бўлимида адабий ходим (1932—34), «Қизил Юлдуз» газетаси мухбири (1934-37). 1938 йил 24 январда ноҳақ ҳибсга олиниб, НКВД қошидаги учлик ҳукми билан 10 йилга қамалган. Ҳукмни ўташ чоғида ҳалок бўлган. Ҳожи Муиннинг ижоди 1900 йиллардан шеърлар ёзиш билан бошланган. «Наҳиф» (Ожиз), «Меҳрий» тахаллуслари билан анъанавий мавзуларда шеърлар ёзган. 1908 йилда ижодий қарашларида кескин бурилиш бўлиб, М.Беҳбудий таъсирида маърифатпарварлик руҳида шеърлар ва публитсистик мақолалар ёза бошлаган. «Гуддастаи адабиёт» (1914), «Янги адабиёт» (1915) шеърий тўпламларини чоп эттирган. Фитратнинг «Мунозара» асарини ўзбек тилига таржима қилган (1913). Туркистон матбуотида публитсистик мақолалари билан фаол қатнашган. 1914 йилда Нусратулло Қудратулло ўғли билан «Тўй» песасини ёзган ва чоп эттирган. «Тўй» М.Беҳбудийнинг «Падаркуш»идан кейин саҳналаштирилган 2-ўзбек песасидир. «Эски мактаб — янги мактаб», «Кўкнори», «Мазлума хотин» песаларини ёзиб, уларни алоҳида китоб ҳолида чоп эттирган (1915). Рустам Тожибоев
Ҳажвий шеърлари
РАҲМАТЛИК УЕЗД - САМАРҚАНД РАЙҚЎМИНИНГ ҲУРМАТЛИК САДРЛАРИ ТИЛИДАН
Тангрига минг карра қуллуқ бўлсин, Қуллуқ айтмак биза қутлуғ бўлсин.
Тангрининг марҳаматидан биза ҳам Бўлдилар бахт ила давлат маҳрам.
Садр бўлдиқ неча кун райқўмга, Нафимиз тегди ҳавасу илмга.
Неча кун халққа хизмат қилдиқ, Ишчи-деҳқон каби меҳнат қилдиқ.
Халқаро хизматимиз кўб бўлди, Иззат ва ҳурматимиз кўб бўлди.
Истифода қилибон фурсатдан, Иззату обрўю ҳурматдан.
Олдиқ энг бойларидан кунда закот, Тангри берди пулимизға баракот.
Пора олмоққа биз одат қилмадиқ, Ишчи-деҳқонға хиёнат қилмадиқ.
Оқчани сарфи шарорат қилдиқ, Озгина дафъи қасорат қилдиқ.
Халқни кеча ва кундуз таладиқ, Гъаюрнинг косасини ҳам яладиқ.
Отланиб шаҳар ва уэздни кездик, Кучимиз борича халқни эздик.
Оҳ! Беҳуда сафоҳат қилдиқ, Юртимиз ичра шафоват қилдиқ.
Зулмимиз ўз бошимизга етди, Охири бахт ила давлат кетди.
Оҳким, вақти раёсат ўтди, Ҳайфким, даври сиёсат ўтди.
«Таёқ»: Қилмағон бўлсанг эди элга чатоқ, Бошга етмас эди шунча таёқ.
«Зарафшон» газетаси, 1922 йил, 3 декабр
НИМА ЭДИК, НИМА БЎЛДИК, НИМА ҚИЛАЙЛИК?
«Нима эдик, нима бўлдик?» сўроғи Эсимизга келади ҳар чоғи.
«Нима қилмоқ керак эди?» дерлар, Биздаги камбағал ишчи-эрлар.
Илгари бизларга матлаб бор эди, Янги мактаб, эски мактаб бор эди.
Чиқар эди бир-икки рўзнома, Ўқир эди уни хосу омма.
Ёшларда дард ила ғайрат бор эди, Халқда озгина ҳиммат бор эди.
Нима бўлди - ишимиз ўзгарди, Соғлиғи кетдию қолди дарди.
Яъни на мактабу пактаб қолди, Эски ва янгилари тарқадди.
Янги мактабда мушук ўйнайдир, Эски мактабда қучук ухлайдир.
Болалар кўчада ҳайрон-сарсон, Оналар уйчада нолон-гирён.
Оталарнинг иши нон топмоқдир, Нон учун салла-чопон сотмоқдир.
Элимизда ғами мактаб йўқолди, Лоақал мактаб учун гап йўқолди.
Газета бўлса-да бизнинг элда, Чиқодир бир карра ойда, йилда.
Ёшлар бунда туташ овладилар, Қарилар бунда ош овладилар.
Халқимизнинг бор-йўғи тўйға, Сарф ўлур, бир пули қолмас уйға.
Тўғриси, бойлара ҳиммат йўқдир, Хайру эҳсон ва ҳамият йўқдур.
Қолмади синфи тараққийпарвар, Барчаси бўлди гирифтору зар.
Баъзиси соч ва соқол фикридадир, Кечаси моҳижамол фикридадир.
Бу орада фақат ишчи-деҳқон Қолди нодонлиқ ила саргардон.
Ўқумай мулла бўлурми ишчи? Ўқумай ҳақни билурми ишчи?
Ёвимиз бор оти «мустамлакачи», Юзи оппоқ кўринур, қора ичи.
Ушбу ёв бирла қураш лозимдур, Балки они кувлаш лозимдур.
Яна бир ёв бор - оти нодонлиқ, Қиладир биза ҳамон хоқонлиқ.
Бунга қарши уруш очмоқ лозим, Тезрак они йўқотмоқ лозим.
Буни йўқ этмак учун илм керак, Ҳолбуки, бизда билимдир сийрак.
Илм учун мактаб очиш лозимдур, Эру хотинга ўқиш лозимдур.
Илмсиз ҳур яшамоқ мумкин эмас, Ўқуғон элга чатоқ мумкин эмас.
Сўзламоқ чоғи ўтиб иш битди, Иш билан бирга совуқ қиш битди.
Энди ким ишламаса ўлғусидир, Яъни армони гули сўлғусидир.
«Зарафшон» газетаси, 1922 йил, 1 декабр
АЙ ҚАЛАМ!
Ай қалам, ҳақ йўлида бўл тўғри, Эгрилик айлама, бўлма ўғри.
Ай қалам, тўғрини эгри ёзма, Алданиб оқчаға йўлдан озма.
Тўғри юр, тўғри гапир, тўғри ёз, Эгрилик қилғувчининг қабрин қаз.
Тўғриликни ўзингга маслак тут, Тўғри келганда бу йўлда қон ют.
Сени дер бунда биров «тескаричи», Бириси дер: «Бу киши миллатчи».
Бири дер «динчи», бири «руҳиячи», Бири «нодон», бири «сапсатачи».
Ким на дер, деяберсин сўзини, Сўзила кўрсатсин юзини.
Илтифот этма аларга, ёза бер, Сен ҳақиқат чечагин доим тер.
Ай қалам, ҳақни ёзарда ўлғил, Маслакинг йўлида қурбон бўлғил.
Бу замонда ким эрур ҳаққоний, Шубҳасиз тўкилур онинг қони.
«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 25 январ
«ТАЁҚ»НИНГ НАСИҲАТИ
«Жарчи» болам, эрка қўзим, ҳар ишингни билиб қил, Эркаликни менга қилғин- матбуотга қилмағил! Сен ёш ҳали, тажрибанг оз, ёзғонингни тузатдур, Нуқсонингни айтганларга ҳақсиз ўпка этмагил!
«Жарчи» ўғлим, «чўғул» бўлиб ҳақ йўлидан айрилма, Гарчи отинг «Жўғул» бўлса, ўзинг тўғрилағул бўл! Тўсиқликлар кўрарсанг-да, ўз йўлингдан бурилма, Отанг ўлур ҳақ йўлида, сен ҳам унинг каби ўл!
Гапнинг тубин билмай нега доду фарёд қиласан? Аслин билсанг, отанг санинг бошғинангни силайдир. Аччиғланиб чол отангнинг ўлмагини сўрайсан, Қайси бола отасининг ўлимини тилайдир!
«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 1 март
ИЖОБАТ БЎЛҒОН ДУО (Амир Олимхон ҳақида)
Ай Худои дийргири сахт гир! Тезтар гар жонаки нодон амир. Он амири, ки надорад ғайри зулм, Фикру зикри дигари андар замир. Кору бораш фисқу айшу-ишратаст, Гўё аз модар ў зода шарир*. Ул амириким касофат коншшр, Эзмалик авжидадир деб «алкабир». Одамият кўчасидан ўтмаган, Садқаи одам бўлсун мундай амир. Камбағалға раҳми йўқдир, зулми кўб, Бойларға лутф ила меҳри касир. Буржуазларға берар ёғлиқ палов, Камбағал ишчига бермайдир хамир. Муллаларни адтсабон «даҳяк» билан, Вақфларни ушр бирлан ўзи ер. Бою муллалар анга сотлиқ чимор, Беваю бечорадир соғлиқ сигир. Пешкаш айлар амирга зулм ила, Ўз боласин бою муллаю фақир. Баччабозлиқда анга йўқдир мисол, Майпарастлиқда анга йўқдир назир. Эрсиз қиз қолмади қўл остида, Чунки бўлди барча қизға ўзи эр. Шул жиҳатдан ҳақлидир ҳар ким деса: «Биз Бухоро халқи авлоди амир». Гарчи бўлса оти Олимхон тўра, Ўзи илму фазлдан йўқдир хабар. Шул сабабдан олимға душман эрур, Чин илм аҳлини зиндонға солур. «Истараз»чиларни ҳўкиздек боқур, Ҳурриятчиларни қўйдек бошин кесур. Ҳурриятдан сўзласанг - жони чиқар, Зулмдан сўз бошласанг, бўлғай далер. Бундайин золим, илоҳи, тезроқ Болшевиклар қўлиға тушгай асир. Барча молу мулку тахту бахтини Болшевиклар айлагай йибир-эсир. Қўрқмайин тўғри ёзар ботур «Таёқ», Гарчи бўлса қатл, ё борса Сибир.
Ботурбек (Бу манзума «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1918нчи йил, 13нчи декабрдаги 45-сонидан кўчирилди.)
«Машраб», 1924 йил, 7-сон
Мазмуни: Эй Оллоҳ (эр юзида) фикру зикри зулмяан бошқа бўлмаган, нодон амир жонин кеч бўлса ҳам тезроқ ва азоблироқ ол, ул зотнинг қилар амали фақат фисқу фасод, айшу ишратдир, гўе онадан ёмонлик фарзанди бўлиб туғилгандек.
ХИЗМАТЛАРИМ (Ўхшатма)
Эй ёронлар, тўғри йўлдан қочдим мано, Эгриликнинг уруғларин сочдим мано. Чўнтаккинам оқча билан тўлсин дебон, Макру фириб дўконини очдим мано.
Халқ ичида буғзу нифоқ кўпайсун деб, Қайда юрсам чақимчилиқ қилдим мано. Билимсизлар азоб тортиб ўқуйдилар, Ман ўқумай барча фанни билдим мано.
Кимдан фойда кўрган бўлсам қўлин ўпдим, Нафи тегмай юрганларни сўкдим мано. Бой кишига пули учун сажда қилдим, Камбағалнинг обрўйини тўкдим мано.
Нафсгинамнинг буйруғидан қилча чиқмай, Ёғлиқ жойға ҳар хил тузоқ қўйдим мано. Узун чопон, катта салла киймак билан, Нодонлардан кўб ҳурматлар кўрдим мано.
Амаддорга пора бериб иш битирдим, Бунинг учун хизмат ҳақи олдим мано. Ҳай аттангким, охир ўзим қўлға тушдим, Ёмонлиқдан кўб балоға қолдим мано.
Машраб: «Эл хизматин» қилғон киши шундай бўлур, Шул ишга минг офарин дедим мано. Сандек ўсал кишилардан ким-қанчасин, Уриб, сўкиб бошларини едим мано.
Мулла Жунбул «Машраб», 1924 йил, 15-сон
ПОРА БEР (Бир порахурнинг илтимоси билан ёзилди)
Иш битказиб кетай десанг, пора бер! Муродингга етай десанг, пора бер! Ўзим оқман, қораларни оқлайман, Мени рози этай десанг, пора бер!
Пулсиз ғавғо асло ўрин тутмайдир, Ёғлиқ жанжал сира навбат кутмайдир, Бўш даъволар бу дунёда бутмайдур, Майсиз кабоб томоғимдан ўтмайдур. Ўғрилиқ қил, одам ўлдур, пора бер! Элни йиғлат, мени кулдир, пора бер!
Пулсиз бўлсанг, ҳеч ким сенга боқмайдир, Душманингни чаён каби чақмайдир, «Мулла жиринг» ҳамёнингга оқмайдир, Қуруқ сўзлар қулоғингга ёқмайдир, Кўб гапирма, чўнтакни оч, пора бер! Оламни буз, кел оқча соч, пора бер!
Оқча бўлса, пора чангалда шўрбо, Оқча билан кучсиз бўлғон тавоно, Пуллик нодон кўзга кўрингай доно, Пули борнинг тили бўлғуси гўё, Кечқурун кел, енг ичидан пора бер! Ёки кундуз пакет билан пора бер!
Қишлокларда махфий ишлаб пора бер! Эшонлардек мурид овлаб, пора бер! Бўри бўлиб элни талаб, пора бер! Катта тўй қил, жувон асраб пора бер!
Мулла Жунбул «Машраб», 1925 йил, 16-сон |
“Лолалар дардини англаган лола” |
|
|
|
11.04.2014 05:03 |

1926 йили Ўзбекистон давлат нашриёти Лолахон Сайфуллина-Арслонова деган номаълум адибанинг “Ўзбек хотин-қизлари турмушидан олинган сочма шеърлар” тўпламини нашрдан чиқарди. “Ичкари” деб номланган ушбу тўплам адабий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бунинг боиси, ушбу тўпламга кирган қисса ва ҳикояларнинг Чўлпон томонидан таржима қилиниб, уларнинг “сочма шеърлар” деб баҳоланиши ва ҳатто адибага бағишланган қуйидаги шеърнинг тўпламга илова қилиниши эди:
Лолалар дардини англаган Лола, Лолалар тилидан қилибсан нола. Лолалар ноласи аччиқ бўлса ҳам, То қалбдан келгувчи санчиқ бўлса ҳам, Тинглаб келган эди карқулоқ девор, Эркакнинг ўзидек у нўноқ девор. Энди бу нолангни жаҳон тингласин, Дилларда бор эса виждон тингласин, Виждонга ишонган имон тингласин, Яъни у муҳтарам Инсон тингласин. Мен ҳам қаламимни аламга солиб, Шеърий қувватимни қаламга солиб, Нолангни қалбимга кўчирдим, Лола, Эй лола тилидан қилғувчи нола...
Бу самимий сатрлар 1925 йил 15 ноябр куни Москвада ёзилган. Тахмин қилиш мумкинки, Чўлпон шу куни таржимани ниҳоялаб, ўзбек хотин-қизларининг Лола Сайфуллина тасвиридаги мунгли ҳаёти лавҳаларидан таъсирлангани туфайли асар муаллифига бўлган ҳурматини шундай чўлпонона ҳаяжон билан ифодалаган. Машҳур шоирнинг шу шеъри Лолахон Сайфуллинага бўлган қизиқишни янада кучайтириб юборди. Ўзбек кино санъати тарихи 1924 йилда “Бухкино” ташкилотининг тузилиши билан бошланади. Шу йилиёқ москвалик ва ленинградлик кино ходимлари иштирокида “Мусулмон қизи” номли илк ўзбек кинофилми суратга олиниб, ўша йилнинг 29 сентябрида экранга чиқарилади. Ўша йили “Ўлим минораси”, 1925-1926 йилларда эса “Пахтаорол”, “Бахт қуёши”, “Иккинчи хотин” ва “Равот қашқирлари” кинофилмлари майдонга келади. Агар айрим рол ижрочиларини инобатга олмасак, бу кинофилмларнинг ижодкорлари орасида миллий кадрлар йўқ ҳисоби эди. Шунинг учун ҳам “Иккинчи хотин” кинофилми сценарийсининг Лолахон Сайфуллина (Арслонова) билан В.Собберей томонидан ҳамкорликда ёзилганлиги “Ичкари”ни ўқиган китобхонлардаги Лолахонга бўлган қизиқишни ўн чандон орттириб юборди. Ҳар бир жамиятнинг илғорлик даражаси аёлларнинг шу жамият ҳаётидаги ўрни билан белгиланади. Қайси бир донишманд томонидан айтилган бу сўзлар 20-йиллар аввалидаёқ ижод аҳлининг фикр-зикрини банд эта бошлади. Чўлпон ва Ҳамза сингари “кекса” авлод вакиллари ҳам, шу йилларда шеърият тулпорини жиловламоқчи бўлган Ойбек ва Ҳамид Олимжон сингари ёш шоирлар ҳам ўз асарлари билан жамият эътиборини “тўрт девор” орасида яшаб келаётган хотин-қизлар мавзусига бежиз қаратмадилар. Зеро, тарихий давр хотин-қизлар тақдирида кескин ўзгариш юз беришини тақозо этарди. Шунинг учун ўзбек киноси илк қадамларидан бошлаб диққат-эътиборини худди шу муаммога қаратди. “Мусулмон қизи”дан кейин “Иккинчи хотин” кинофилмининг яратилиши ҳам ижодкор зиёлиларнинг ўзбек хотин-қизлари тақдирида бурилиш ясаш орзуси билан бевосита боғлиқ. “Ичкари” тўпламидаги “Иккинчи хотин” ҳикояси асосида шу номдаги киносценарий ёзилиб, филм суратга олинади. “Иккинчи хотин» филми ана шу муҳим ижтимоий-маиший мавзуга бағишланган. Л.Сайфуллина ўзбек ҳаётини, “ичкари”ни яхши билганлиги сабабли бу мавзуни “Мусулмон қизи” филмига қараганда анча ҳаққоний ва таъсирли ёритишга эришган. Филмдаги иккинчи хотин — Адолат ролини машҳур рус раққосаси Майя Плисецкаянинг онаси Раиса Мессерер маҳорат билан ижро этган. Кези келганда айтиш жоизки, Москвадаги кинотехникумни тугатган ва “Андозиянинг кўзлари” филмида эпизодик ролни ижро этган актриса ўшанда Тошкентга икки ойлик қизи билан келган эди. Шу ўринда лирик чекиниш қилишга эҳтиёж туғилади. 1925 йилда “Ўзбекдавкино” ташкилоти тузилиб, унинг тасарруфидаги “Шарқ юлдузи” кинофабрикаси Шайхонтаҳурдаги Эшонқули масжидига, “Қизил Ўзбекистон” кинотеатри эса Кўкалдош масжидига жойлашган. “Ўзбекфильм” киностудиясининг кекса операторларидан бири А.Саидов таниқли киношунос Ханжара Абулқосимованинг илтимоси билан ёзилган хотираларида Кўкалдош масжидидаги киносеансларни бундай тасвирлаган: “Залда чойхона ишлар, ёпган нон ва турли-туман ширинликлар сотиларди. Томошабинлар учта катта гуруҳга ажралиб ўтиришарди. Театрда бўлганидек, бу ерда ҳам ўзининг ”партер”и, ўзининг “амфитеатри” ва ҳатто “галёрка”си бўлган. “Партер”дагилар ерга ёзилган гилам устида, “амфитеатр”дагилар скамейкаларда, “галёрка”дагилар эса узун оёқли катларда ўтиришарди. Сеансга чойхоначи қўмондонлик қилар эди. У хоҳловчиларни нон-чой ва ширинликлар билан таъминлаб бўлгач, механикка ишора қилар ва филм намойиши бошланарди. Аммо филмнинг ўрталари яқинлашганда намойиш бирдан тўхтарди. Механик билан келишиб қўйган чойхоначи чойнак-пиёлаларни йиғиб олиб, яна бошқатдан тарқатиб чиқар ва яна механикка ишора қилганидан кейин филм намойиши давом этарди. Шундай қилиб, ҳар бир сеанс бир неча маротаба бўлинарди. Одатда, филм мазмунини баён қилиб берувчи таржимонлар ҳаммага овозлари эшитилиши учун аппарат олдига қўйилган махсус баланд ўтиргичларга ўтириб, бор овозлари билан қичқиришарди...”. Дастлабки ўзбек филмлари ана шундай ибтидоий шароитда намойиш этилган. Шунга қарамай, томошабинлар орасида у ёки бу кинофилмда тасвирланган воқеани тушунувчи, унда олға сурилган ғояни илғаб олувчи кишилар оз бўлмаган. Мазкур филм томошабинлар ўртасида катта муваффақият қозонди. Бундан илҳомланган Л.Сайфуллина “Соябон арава” киноқиссасини ёзади ва кинорежиссёр О.Фрелих раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ суратга олган киноасар 1928 йилнинг 31 январида экранга йўлланма олади. Агар М.Доронин экранлаштирган “Иккинчи хотин”даги фақат иккинчи даражали ролларни Ў.Мирзабоева, З.Йўлдошбоева, Ш.Маъзумова сингари ўзбек артистлари ижро этган бўлсалар, бу филмдаги бош ролларга Рустам Тўрахўжаев, Ойша Туманбоева, Раҳим Пирмуҳамедов, Наби Ғаниев сингари дастлабки ўзбек кино артистлари жалб этилди. Филм гарчанд камбағал йигит билан қизнинг муҳаббати тасвири билан бошланган бўлса-да, инқилобий давр воқеалари севги ва муҳаббат мавзуини бошқа ўзанга буриб юборган. Ушбу филм рус кинематографчиларининг Шарқ ҳақидаги киноасарларидан реалистик лавҳалари ва ғоявийлиги билан қанчалик фарқ қилмасин, “Ўздавкино” томошабоп кинофилмлар яратиш зарурлигини сезиб, Л.Сайфуллинага француз адиби Ф.Дюшеннинг “Ўн тўрт кунлик ой” романи асосида киносценарий ёзишни топширади. Л.Сайфуллина француз офицерининг жазойирлик мохов қизга бўлган муҳаббатини тасвирловчи асар воқеаларини ўтган аср бошларидаги Ўзбекистонга кўчириб, араб қизини Адолат (ўзбек қизи), мустамлакачи француз офицерини Коронин (рус йигити), деб атайди. “Мохов” филми воқеалари томошабинларда қанчалик қизиқиш уйғотмасин, асар кинотанқидчилар назарида “Ўздавкино”га шон-шуҳрат олиб келмади. Л.Сайфуллина Ўзбекистонда яшаган қисқа даврида нафақат кино, балки театр учун ҳам асар ёзишга улгурди. Унинг “Қон ҳам сув...” номли драмаси Москвадаги ўзбек драма студиясини тугатиб келган собиқ талабалар ижросида 1930 йили Самарқанд театри саҳнасида намойиш этилди. Афсуски, бу асар ҳақидаги хабар бизга Ҳамид Олимжоннинг 1930 йил 29 июл куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида босилган тақризи орқалигина етиб келган. Шунинг учун ҳам мазкур асар ҳақда етарли маълумотга эга эмасмиз. Аммо Ҳамид Олимжоннинг “Қон ҳам сув...” деб номланган тақризидан шу нарса маълум бўладики, тўрт пардали бу асар ўша йиллардаги Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалаларидан бири — сув муаммосига бағишланган. Ҳамид Олимжон ушбу тақризида асар ва унинг муаллифи ҳақида бундай самимий сўзларни ёзган: “Ўқувчиларимизга “Лолахон дардини англаб” танилган Лолахон бугун саҳнамиз саҳифаларида “Қон ҳам сув...” билан кўринадир. Ўзбекистон ҳаётини, бошқа қўшни жумҳуриятлар ёзувчиларига қараганда, мукаммал ўрганган Лолахон ўзининг “Қон ҳам сув...” отли драмасида сув масаласини она чизиғи қилиб олади...”. Тақризчининг бу сўзларидан “Қон ҳам сув...” драмаси ўша даврда юртимиз қишлоқларида кечган синфий кураш “манзаралари”ни ёритишга қаратилганлиги маълум бўлади. Ҳамид Олимжон гарчанд Лолахон Сайфуллинанинг бу саҳна асарига илиқ муносабат билдирган бўлса-да, унинг давлат театри саҳнасида қўйилмаганлиги “Қон ҳам сув...”нинг томошабинларга манзур бўлмаганидан дарак беради. Адабий ижоди Шарқ хотин-қизлари ҳаётидан олинган қисса ва ҳикоялар ёзиш билан бошланган Л.Сайфуллина 20-йилларда киносценарий жанрида ижод қилиш билангина кифояланиб қолмади. У “Ичкари”дан ташқари, “Қулаётган минора” ва “Лолалар чаман-чаман” деган романлар ҳам ёзган. Мутахассисларнинг фикрларига қараганда, унинг бу асарлари ўша йилларда Ўзбекистонга келиб, ўзбек халқи ҳаётига мурожаат этган П.Скосирев сингари рус ёзувчиларига нисбатан миллий руҳни ёрқин ва ҳаққоний ифодалагани билан ажралади. “Рус миллатига мансуб Сайфуллина, — деб ёзган эди адабиётшунос И.Я.Тёмкина, — муваффақият билан ўзини ўзбек адибаси сифатида намоён қилган. Бу мистификация фавқулодда катта қизиқиш уйғотди — Сайфуллинанинг китоби босмадан чиқиши биланоқ танқидчилар эътиборини ўзига жалб этиб, катта шуҳрат қозонди... Сайфуллинанинг романларида Ўзбекистоннинг “ҳужум” ва ер ислоҳоти давридаги ҳаётига бағишланган кенг ижтимоий полотнони яратишга уриниш эътиборга сазовор”. Агар адибанинг “Қулаётган минора” ва “Лолалар чаман-чаман” романларини варақласак, жамоалаштириш ва ер ислоҳоти давридаги қишлоқ ҳаёти манзаралари, ўзбек хотин-қизларининг шу даврдаги мураккаб ва машаққатли ҳаёти, янги ўзбек зиёлиларининг туғилиш жараёни кўз олдимизда ёрқин гавдалана бошлайди. Бу асарлар ўз даврида фақат танқидчилар эътиборини қозонибгина қолмай, Максим Горький каби машҳур ёзувчиларнинг ҳам назарига тушган. Чунончи, у атоқли француз адиби Ромен Ролланга йўллаган хатида бу ҳақда шундай сўзларни ёзган: “Ўзбек қизи Лолахон “Қулаётган минора” деган фавқулодда мароқли романни ёзди – бу асарнинг яқинда 10 000 нусхада иккинчи нашри босилиб чиқди”. Кўрамизки, юқорида исм-шарифи қайд этилган адабиётшунослардан бири Л.Сайфуллинанинг миллатини рус, “пролетар адабиётининг отаси” эса ўзбек, деб аташган. Модомики, адиба асарлари дастлаб Москва ва Ленинградда нашр этилган, Чўлпон эса бу асарлардан бирини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган экан, уни ўзбек адабиётининг намояндаси, деб ҳисоблаш ўринли бўлмаса керак. Шундай экан, Л.Сайфуллина аслида ким бўлган? 20-йилларда нашр этилган “Кино” журналида “Ўздавкинода нима рўй бермоқда?” деган мақола босилган. Ушбу мақола гарчанд “Ўздавкино” ташкилоти фаолиятидаги камчиликларни фош этишга қаратилган бўлса-да, мақола муаллифи Д.Малори танқид найзасини асосан Л.Сайфуллинага қаратган. Унинг фикрича, бу “Шарқ адибаси” “Ўзбекдавлаткино” муассасасини тамомила эгаллаб олиб, бошқа сценарий муаллифларини мазкур корхонага яқинлаштирмай келади. Д.Малорининг бу мулоҳазасига қараганда, Л.Сайфуллина шу йилларда “Ўзбекдавлаткино” муассасасида хизмат қилган. Д.Малори адиба шаънига тош отишда давом этиб, яна бундай сўзларни ёзган: “Шубҳасиз, миллий мавзуларда у ёки бу мамлакатнинг ерли аҳолиси ёзганига нима етсин. Паранжисини ташлаган ва озод Шарқнинг киноёзувчиси бўлиб олган Лолахон Сайфуллина, сирасини айтганда, Шарқ қизи эмас. У полшалик бўлиб, 1924 йилга қадар Лидия Осиповна Сивицкая, деб атаб келинган. У 1924 йили Муҳаммад таълимотига мойиллик билдириб, мусулмонликни қабул қилган ва Шарқдаги хотин-қизлар ҳаракатига раҳбар бўлиб олган”. Ўтган асрнинг 20-йилларида ўзбек маданиятига чақмоқдек кириб келган, Чўлпон сингари машҳур шоир ва ёзувчиларни мафтун қила олган Лолахон Сайфуллина 30-йилларнинг бошларида, кутилмаганда, ғойиб бўлиб қолади. Унинг, иттифоқо, вафот этгани ҳам, бошқа бирор ўлкага кетиб қолгани ҳам ҳамон сир бўлиб қолмоқда. Лолахон Сайфуллина ким бўлган? Унинг кейинги тақдири ҳақида Сизда бирор маълумот борми, ҳурматли мухлис?..
Наим Каримов |
|
Илм истовчиларга истакларим |
|
|
|
05.04.2014 12:55 |
Илм инсониятни истиқболга, истиқлолга интилтиради. Инсоннинг ихтиёрий истаклари илмсиз иложсизлиги исботланган. Инсон илм-ла иззат икромдадир. Илм истовчиларнинг илмга иқтидорларини, истеъдодларини илғасангиз, иштиёқ-ла илҳомлантиринг.
Ижодкорларнинг, идроклиларнинг, иродалиларнинг, ибодатлиларнинг, истараси иссиқларнинг, истеъдодлиларнинг, иқтидорлиларнинг, илдамларнинг, илғорларнинг, ишбилармонларнинг илм истагидаги ижобий илтимосларини ижирғанмай инсонпарварлик-ла ижроланг. Иккиланувчиларнинг, иккиюзламачиларнинг, инжиқларнинг, индамасларнинг, иғвогарларнинг, ишонмаганларнинг, имиллаганларнинг, идроксизларнинг иддаоларига индаманг, инжиқланманг. Истасалар иқрор-у, истамасалар инкорласинлар. Илм истаганлар, илоҳий ишқ истаганлар илм инояти ила Иллийюнга интилаверсинлар.
Илоҳий ишқ истанг, илмни истанг. Инсонни илмга илҳомлантиринг. Ибратли ишларга имкон изланг. Ибодатла Иллийюнга интилинг.
Искандарованинг ижодий иншоси |
Қозоқбой Йўлдошев. Ўзгаришлар доимийлиги |
|
|
|
21.07.2014 01:41 |
Туйғу ифодаси бўлмиш шеърда яратилган давр кишисининг ҳиссиёти акс этади. Ҳозирги шеърларни туймоқ ва англамоқ учун миллатнинг айни дамдаги етакчи туйғуси нималигини билмоқ лозим бўлади. Синчиклаб қаралса, ҳозир миллат миқёсида шиддат билан индивидуаллашиш, шахслашиш жараёни кечаётгани кўринади. Одамларда бошқаларга ўхшашдан кўра ўхшамасликка интилиш майли кучли. Жамиятдаги ҳар бир шахс ўзини излай бошлаганда шундай бўлади. Демак, бугунги шеъриятни ҳар бири – шахслашиб, алоҳидалашиб бораётган миллат кишиси руҳиятининг ифодаси дейиш мумкин. Олам ҳодисалари каби одам туйғулари ҳам тинимсиз ўзгаришлар оғушида. Интим туйғуларни яширмай ифодаласа-да, ижодий кредосини очиқ айтавермайдиган шоир Абдулла Шер бир шеърида “Тўрт-беш сўзга бериб атай зеб, Гап тополмай, сизга айтарлик, “Шеър ёзаман ўзим учун”, – деб, Мен қилмайман сохта камтарлик!” – дейди. Шоир шеърхонни шунчаки бир истеъмолчи эмас, балки жонкуяр қисматдош, ижодкор шерик бўлишга чорлайди: “Сиз ҳам дадил Шеърга қўл беринг, Деразангиз чорласин ойни. Хаёлингиз билан тўлдиринг, Варағимда қолган оқ жойни”. Шеърият билан ороланган учқур хаёл кишини юксалтиради. Сохта кўтаринкиликдан холи, самимий бу сатрлар салмоқли ижтимоий юк ташийди. Чоғдош ўзбек шеърияти ялтироқ ғоябозлик ва қуруқ чақириқдан қутулиб бормоқда. Бу ҳол катта авлодга мансуб шоирлар ижодини ҳам яшартиб, ингичкалаштираётир. Ойдин Ҳожиеванинг ўтган йилги шеърларида ташқи дунёнинг ҳолати эмас, балки шоира ички оламининг нозик ва ўзгарувчан манзаралари чизилади. Шоира теран мазмун билан биргаликда ифодалар инжалигига алоҳида эътибор қаратмоқда. “Манзара” шеъридаги: “Ковушчалар тўла кенг айвон Тунни ҳайдаб, туради ушлаб. Тун хонага киролмай ҳайрон, Саҳаргача чалади ҳуштак”. Бу тўртликдаги ҳар бир сўз ўзига хос мажозий вазифа ташийди. Айвоннинг “ковушчалар тўла”лиги тасвири кўп болали ўзбек оиласини, айвоннинг тунни уйга киритмай, ҳайдаши хона ичидаги чироқдан бошқа ёруғлиги бўлмаган қишлоқ шароитини, туннинг саҳаргача уйга киролмай, ҳуштак чалиши изиллаган қиш изғиринини туйдиради. Айтмай билдириш усули шеърнинг таъсир кучини ошириб, унга самимият бағишлаган. Мавжуд поэтик анъаналар соясида қолиб кетмасликка уриниш замонавий шеъриятнинг етакчи хусусиятидир. Ҳозирги шоирлар биров у ёқда турсин, ҳатто, ўзинида такрорлаб қўймасликка интилади. Усмон Қўчқор ўз шеърларида эскидан эскироқ бўлган ишқ туйғусини оҳорли ифодалайди: Мен ишқ деган қисматнинг оғир Кипригида ёшга айландим. Томчи-томчи томдиму охир, Охир, гулим, тошга айландим. Мен тош эдим, ўтлар – шарорлар Ушатмади, ушатолмади. Кузлар, қишлар, ёзлар, баҳорлар Юмшатмади, юмшатолмади. Севгининг тошдай қаттиқ юракнида юмшата оладиган қудрати шеърда: “Сен келдингу эврилди дунё” тарзида ифода этилади. Усмон шеърларидаги “Зориқар, зўриқар, чингиллар ёдим” ёхуд “Қаҳқаҳа борлигин англади булут, Қуёш борлигини англади олам. Кўнгиллар англади дарднинг дардлигин… Оғочлар англади гуллаш шартлигин, Қайтиш лозимлигин англади қушлар” каби жонўртар сатрлар ўқирман туйғуларини тозалайди. Эшқобил Шукур шеърларида ҳаёт чигаллигини англашга, кирланган дунёда кўнгилга доғ туширмай яшашга интилиш туйғулари тасвирланади. “Қамишзорда кечган тун” шеърида табиатни юрагига кўчирган шоир руҳиятининг товланишлари жонли акс этган. Дастлабки банднинг илк икки қаторида ўқирман эътиборини тортиши зарур бўлган сўзлар алоҳида мисрада қайтарилиши орқали табиатнинг жозибали тасвири берилади: Қамишзорда кечаётир тун, Тун. Ой нурида ярқирайди кўл, Кўл. Банднинг кейинги старларида тасвир одамга кўчирилиб, табиат шахслантирилади: Уватларга тўкилган шудринг – Сен. Қамишзорни кесиб ўтган йўл – Мен. Ушбу шеър фидойи ошиқ ҳолатининг самимий ифодаси эканидан ташқари, ички ва ташқи, бирламчи ва иккиламчи қофияга эгалиги билан ёдда қолади. Қўчқор Норқобилнинг кўнгил ҳолатларини табиат манзараларига сингдириб юборган шеърлари тобора ёлғизланиб бораётган замондошимиз руҳиятининг бадиий ифодаси ўлароқ ижтимоий қимматга эга: “Сўнмаса бас қалбинг шафқати, Гоҳо маъюс, гоҳо эркаман. Ёлғизликка йўқдир тоқатим, Ёлғизликдан, жоним, қўрқаман” мисраларида шоир чоғдошимизнинг ана шу туйғуларини акс эттирган. Инсон руҳиятидаги инжа ҳолатларнинг ингичка тасвирини беришга моҳир шоира Хосият Рустамова шеърларида кўнгил манзаралари воситали манзаралаштирилади. Унинг “Ҳар тун кунларингни ёяман ювиб, Гуноҳкор бандадай эгилар симдор. Ҳеч кимса кўрмасдан қолсайди қуриб, Ҳеч кимса кўрмасдан кетсайди ғубор” сатрларида тўкис бахтни яқинлар ўртасидаги муносабатлар ғуборсизлигида кўрган аёл руҳияти ифодаланади. Ёрнинг кунлари доғли экани боис симдор эгилади. Энг яқин кишисида доғлар бўлмаслигини орзулаган шоира ўзбекнинг қизи сифатида бу доғлар ўзгалар кўзига ташланмаслигини истайди. Салим Ашур маснавий йўлидаги “Титроқ” шеърида табиат ва руҳиятдаги инжа титрамаларни акс эттиради: “Новдалар учида титрайди баҳор, Ҳавода титрайди энг охирги қор. Оғочларда балққан рангларда титроқ, Қайдадир капалак титроққа муштоқ. Сўқмоқлар титрайди жон кирган каби, Титрайди сойларнинг сеҳрли лаби. Эй аёл, не учун жонинингда титроқ, Наҳот, шундай дамда сайр этасан тоқ?” Бу мисраларда тақдир томонидан титроққа йўлиқтирилган аёл ва бундан ҳайратга тушган шоир туйғулари акс этади. Бу оламда тасаввур ва кайфиятгина ҳақиқатдир. Кўнгли юксалган одамнинг кўзини чўл ҳам қувонтиради, ғамга ботган кишининг кўзига чаман саҳродай туюлади. Ибодат Ражабова онасидан айрилган оиладаги музтар кайфиятни шундай ифодалайди: Дастурхоннинг бир чеккаси бўш Бўм-бўш уйда ҳайрон туттароқ. Она, сизсиз отам ҳовлиси – Ўртасидан йиртилган байроқ. Онасизлик ўрни тўлмас мусибатдир. Шоира шундай ҳолатга тушган шахс руҳиятини дастурхоннинг бўш чети, кераксизлигидан ҳайрон туттароқ ҳолати, қиммати бутунлигида бўлган байроқнинг йиртилгани тасвири орқали нозик ифодалайди. Айтишдан кўра ишора қилиш маъқул кўрилган “Қумбостида ўрик гуллади, Томлар ўсиб кетди бир қулоч” сатрлари кўкламда ўрик гуллаб, томлар устидаги майсалар авжланиб, қизғалдоқ гуркираши ҳолатини тасаввурда жонлантиришга хизмат қилади. Шоира Жумагул Сувонова моҳият кўнгилда экани, оламни обод кўрмоқчи бўлган одам дилни тозалаши зарурлигини: Ноиложлик ичра илож қидириб, Қайта тўлдирмоқчи бўламан дилни. Бунинг учун аввал ювиб, тозалаб, Офтобда қуритиш керак кўнгилни тарзида акс эттиради. Моддийлашаётган руҳият ифодаси бўлмиш бу сатрлар ўқирманни сергак торттиради. Йўлдош Эшбек табиат ҳодисаларини жонлантирар экан, уларга шокир инсонга хос хусусиятлар бахш этади: Ялпизлар пичири таралар, тоғлар бир қайрилиб қўяди. Ҳавони оҳангдор арилар муаттар излар-ла бўяди. Шоир шеърларидаги “Тоғлар кўк қоғозга ўхшаб кўринар, лолалар эриган алвон бўёқдир. Арча тушаман деб, пастга уринар, дўпписин туширган момоқаймоқдир” ёки “Шамол соясига ўхшаган хаёл, тебратиб туради мудраган чолни. Анҳор аста туртиб ўтади, хиёл ўзин тутиб кулган дол мажнунтолни” сатрларида табиат зиммасига одамга хос вазифа юкланади. Одамнинг табиатдай табиий бўлишини орзу қилган Йўлдошнинг: “Осмон сиғар кўнгилга кўнгилли бўлиб кетар” сингари кутилмаган ифодалари инсонни тоза ва кўнгилли кўриш иштиёқи маҳсули сифатида ёдда қолади. Улкан шоиримиз Усмон Азим бир шеърида: Чопар шамол товонлари ҳўл, Чопар шамол минг оёқ, минг қўл. Силкинади ҳар дарахт, ҳар ўт, Бу тулпорга барибир ўнг-сўл. Йўлсизлик ҳам унга йўлдир йўл, Йўқолмаса басдир ҳаракат. тарзида шамолнинг ғоят жонли тимсолини чизади. Лекин шоир учун шамолнинг ҳолатини кўрсатишнинг ўзи мақсад эмас, балки барча эзгуликларнинг асоси ҳаракатда эканини билдириш воситасидир. Истаса, том интим туйғуларгада теран ижтимоий маънолар юклашга моҳир Усмон Азим “Дунё тушунсин деб такрору такрор Ўзимнинг ролимни этаман ижро” тарзида ўзини жамият бағрида кўришга маҳкум шахс сезимларини ифодалайди. Икром Отамуроднинг шеърларида дунё моҳиятини англашга интилаётган шахс кўнгил кенгликларидаги зиддиятлар акс этади: “Дарёдай оқар ичимда дард, Дард ичимда қурир дарёдай”. Дарднинг оқиши билан қуриши ҳолати маъно нуқтаи назаридан бир-бирига қанчалик зид бўлса, шу жараён туфайли туғилган оғриқларни ифодалашда шунчалик уйғундир. Байтнинг биринчи сатрида дарднинг кўлами, иккинчи сатрида шу дард берган азобнинг даражаси акс этади. Сўзнинг маъно товланишларини теран ҳис қилган шоир зўриққан туйғуларнинг динамик ҳаракатдаги жонли манзарасини чизади: “Қоядай ўсар ичимда дард, Дард ичимда чўкар қоядай”. Шоир юракдаги дард ҳақида ўқирманга қуруқ ахборот бериб қолмай, “Дарахтдай яшнар ичимда дард, Дард ичимда чирир дарахтдай” шаклида дард чекаётган қалб ҳолатини кўрсатгани учун шеърхон муаллифнинг эмоционал шеригига айланади. Шеърдаги “ўсар”, “чўкар”, “яшнар”, “чирир” сўзлари ўзаро зидлаш маъносидан ташқари дардманд кўнгилнинг турли ҳолатларини англатади. Турсун Али шеърларига азалдан кўнгилда портлаш даражасида кечаётган экстремал ҳолатларни кўрсатиш хос. Лекин унинг битикларидаги руҳий портлашлар тасвири ўзга шоирларникига сира ўхшамайди. Унинг битикларидаги портлашда ҳодиса бору шовқин йўқ. Турсун Алининг кўнгли товушсиз, хўрсиниб портлайди. Бу ҳол “Автопортретга чизгилар” шеърида: “Ҳали уйғонмасдан янгроқ товушим, ичимда уйғонар хўрсиниқ. Уйғонар ичимда момақалдироқ” тарзида ифодаланади. Турсун Али шеърларининг лирик қаҳрамони йўқни йўндиргувчи фаол шахс эмас. У − кўпроқ бардошли ўйлар сурувчи хаёл кишиси. Шоирнинг кўнгил ҳолати “Ёмғир соясида кутяпман сени, бўшанган булутлар устимдан юзар. Теграмда саболар гирди капалак. …Юрагимда бардош қўшиқлар куйлар” сингари сатрларда ёрқин намоён бўлади. Ўзига хос шоир Азиз Саид кўп йиллик танаффусдан сўнг “Сувдаги излар” деб аталган шеърлар туркумини эълон қилди. Туркумни композицион жиҳатдан миллий шеъриятимиздаги янгилик дейиш мумкин. Негаки, қофиясиз, фақат тескари маъно ва ички мантиқий оҳангга таянилган уч ёки тўрт қаторлик шеърнинг илк икки ёхуд уч сатрида муайян бир ҳолат ифодаланади, орадан бир сатр ташлаб битилган учинчи ёинки тўртинчи озод мисрада ўша ҳолатни келтириб чиқарган ҳаётий асос акс этади. Сўзга айлана олмай қийналар Рангли шарлар ичидаги Нафасим ёхуд Туёқ тозалаётган шаҳарлик аёл Қўлларига ёпишиб қолар Олис яйловдаги майсалар саси. Борликдан кўра йўқликка ёвуқроқ юрак титроқлари ва кўнгил товланишлари қолипга сиғмайди. Ўзини тинимсиз текшириб, руҳиятидаги эврилишлар моҳиятини англашга уринаётган давр кишиси, айниқса, ижодкор ўзи ва замондошларининг сувдаги мавж, қумдаги ёзув сингари нотурғун ва ўзгарувчан кўнгил ҳолатларини кутилмаган йўсинда ифодалашга уринадилар. Гўзал Бегим тўрт мактубдан иборат бир шеърини “Қуммактублар” деб атабди. Гарчи, ўзгачаликнинг ўзи ҳам баъзан санъат даражасига кўтарилсада, бу шунчаки ўзгачароқ кўриниш истаги эмас. Қумдаги иморат омонатлиги, ундаги тасвир лаҳзалик бўлгани каби қуммактубларда ҳам одамнинг сония сайин ўзгариб турадиган, ўзга тугул, ўзи ҳам англаб етиши мушкул туйғулари акс этади. Шоира на бош ҳарф ва на тиниш белгилари бор шеърида ўз сезимларини шундай ифодалайди: югуриб югурар бўғзимда ҳовур санчилиб оғрийди бармоғимда бахт ипак гулкосада ёвқур табассум оғир ҳисларимга тўкилар бош чайқайди тасвирим соғинч Бу шеърни шунчаки ўқиган киши чигал руҳий ҳолат ифодасини туя олмайди. Муаллифга туйғудош бўлиб, эстетик истеъмолчидан ижодкор мақомига юксала билган ўқирмангина бу мавҳум тасвирлар замиридаги конкрет ҳолат ифодасини илғаши мумкин. Ҳабиб Абдуназар одамнинг хаёл илғамас сезимларини тасвирлашга интилади. Унинг шеърлари хаёл ва кечинмаларнинг ўзи каби тинимсиз ўзгариб туради. Шоир бир шеърида тонг отиб, хаёлкаш тундан кундузга ўтиш ҳолатини “Билдирмайин кирди тунга, Кундуз шомларга ботиб. Овчимиди тун кўзи-ла Қўйди хаёлни отиб?” тарзида ифодалайди. Шоир назарида, хаёлдан айрилиш, ҳаётдан айрилишдай… Сезимлари чигал лирик қаҳрамон руҳий ҳолатини Ҳабиб “Энди юрак юмшоқ ҳаво, Толиқтирар юрак ҳам. Дилни эса тарк этмади Чеҳралари очиқ ғам” шаклида ифодалайди. Ғамнинг очиқ чеҳрали экани ўқирманда унга некбин қараш, ғамсизликнинг ўзи ғам деган туйғу пайдо қилади. Беҳзод Фазлиддин қуш каби эркин, нур сингари ёғдули ва кўланкасиз ҳаётни “Узун орзу” қилиб: “Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан, Учсам, ҳаммасини унутсам, кетсам. Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан, Армон етолмаган манзилга етсам”,- дейди. Шоир кирланган дунёнинг кўланкаси ҳам тегмайдиган покиза маъволарни орзулайди. Лекин у ломаконда эмас, эзгулашган, ўзганинг ўзгачалигидан малолланмайдиганлар орасида яшашни истаганидан: “Учишим ҳеч кимга келмаса малол”,- дейди. Бугунги шоирларни улкан ижтимоий муаммолардан кўра алоҳида бир одамнинг кечинмалари кўпроқ ўйлантиради. Замондош шоир ўқирманга ўгит бермайди, у инсонни яхшироқ тушуниш, туйиш йўлини излайди. Ўзгани ва оламни билиш ўзини танишдан бошлангани учун ҳам бугунги шоир учун Мусалламбону айтмоқчи: “Энг катта муаммо – бу менинг ЎЗИМ!” Ўзини текшираётган, кўнгил ҳолатларини илғамоқчи бўлаётган ижодкорга ўзини кавлаштириш билан овора деб қарамаслик, унинг ўзлиги пучмоқларида ҳамиша бошқалар ҳам борлигини ҳисобга олиш лозим. Зебо Раҳимова сўзга қўшимча маъно юклаб, мисраларда уни ўзгача товлантира билади. У: “Шодлик нуқтасида учрашамиз биз, Ғурбат кўчалари кимсасиз, ғариб. Ҳаёт – кун кетидан кун тилаган қиз, Бу умр узайиб борар қисқариб” сатрларида ўтаётган умрнинг узайиши қолаётган умрнинг қисқариши эканини кутилмаган йўсинда акс эттиради. Меҳриноз Аббосова Яратганга астойдил интилиш одамга чексиз имкониятлар бериши, унга бўлган муҳаббат олдида бошқа ҳар қандай туйғу ҳечлигини “Одимласам фақат Сенинг ёдинг-ла, Тикон ҳам янчилди гул каби юмшоқ” дейди. Бошқа бир шеъридаги “Ҳузурлар беҳузур қилади мени, Ноқулай бўламан қулайликлардан” сингари мисралар Меҳринознинг олам ҳодисалари ва одам сезимларига ўзгача назарда қарай олишини кўрсатади. Тароватли шеър юқумли ҳамдир. Шу сабаб соғинч туйғуси теран ифодаланган шеър ўқирман юрагини соғинчдан орзиқтиради: “Соғиндим, онажон, соғиндим бирам, Димоққа урилган оққурай тотин. Кўзимнинг олдидан кетмас сираям, Похол чайла, бола, ўроқчи хотин”. Акмал Саййиднинг “Соғинч” шеърида акс этган бу манзара ёдга муҳрланиб қолган, бири эсланганда иккинчиси “чақириладиган” хотиралардир. Шоирнинг: “Кампирнинг қўлида заранг таёғи, Қочиб томга чиқиб олар болалик!” сатрлари ўқирманга ўтмишдаги шўх болалигини эслатади. Умумлаштириб айтганда, бултурги ўзбек шеърларига хос асосий хусусиятлар қуйидагилардан иборат дейиш мумкин: 1. 2012 йилдаги шеърлар шахслашаётган ва шу сабаб ўзини танишга интилган замондош руҳияти товланишларини кўрсатишга бағишланган. 2. Бугунги ўзбек шеъриятида ўзидан қониқмаганидан тафаккури ва руҳияти пучмоқларини тинимсиз тафтиш қилаётган кўнгил кишиси ҳолатларини тасвирлаш устуворлик қилади. 3. Замонавий шеъриятда ватан ва миллат тушунчаларига моддийдан кўра, кўпроқ маънавиятга доир руҳоний туйғу сифатида ёндашиш етакчи. 4. Ҳозирги шеърларда йирик ижтимоий муаммолардан кўра алоҳида бир шахс тафаккури ва руҳиятидаги муаммоларни тасвирлашга эътибор кучайган. 5. Бу шеъриятда чоғдошларимиз тафаккури, руҳияти ва амалларидаги умумий жиҳатлардан кўра, улардаги қайтарилмас ўзига хосликни кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратилган. |
|