Давр фожиаси ва бадиий талқин |
|
|
|
11.04.2014 05:04 |
Адабий танқидчиликда шўро даври ўзбек адабиётига муносабат масаласи кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани барчага маълум. Қадриятларга янгича муносабат, яқин ўтмишда яратилган асарларга тушуниб ёндашишга ҳаракат танқид тамойилларининг янгиланаётганидан далолатдир. Бир пайтлар очиқ айтишнинг имкони бўлмаган, бир қадар четлаб ўтилган қаҳрамонлар образларига бугунги кун нуқтаи назаридан туриб ёндашиш, уларга юкланган ғоя, моҳият ҳақида батафсил фикр юритиш имкони танқидий тафаккур кўламини кенгайтираётгани ҳам сир эмас. Дарҳақиқат, таниқли адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов «Бадиийлик — безавол янгилик» китобида ёзганидек, «Биз бадиий асардаги, хусусан, катта насрдаги образларни бирин-кетин таҳлил этишга одатланганмиз. Ваҳоланки, бадиий асарда ҳар бир образнинг аниқ ўрни, вазифаси, бурчи бор. Бу гап фақат бош қаҳрамонгагина таллуқли эмас. Шундай қаҳрамонлар борки, улар асарда биринчи вазифани адо этмайдилар. Айни вақтда, уларни зинҳор иккинчи, учинчи даражали, деб қараш ҳам тўғри эмас». А.Расулов таъкидлаб айтган бундай образлар шўро даврида яратилган ўзбек романларида талайгина. Улардан бири атоқли адибимиз Одил Ёқубовнинг «Диёнат» романидаги Қудратхўжа образидир. Мазкур асар таҳлилига бағишланган мақолаларда, тадқиқотларга бу образга иккинчи, учинчи даражали, деб қаралгани маълум. Аслида эса, ёзувчи бу қаҳрамони орқали бутун бир давр фожиасини кўрсатишни мақсад қилгани романни синчиклаб ўқиганда аён бўлади. «Диёнат» романида эски рақиблар — Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ўртасидаги тўқнашувлар ижтимоий бурч ва виждон, диёнат ва шафқатсизлик, бахт ва бахтсизлик, ҳаёт ва ўлим ҳақидаги ўткир психологик кечинмаларга бой. Бу икки рақибнинг илк тўқнашув Нормурод Шомуродовнинг умр йўлдоши Гулсара аянинг маъракасида юз беради. Маъракага эски рақиби Нормурод Шомуродовга таъзия билдириш учун кириб келган Қудратхўжа унга қарата «фалсафасини» бошлайди: «Ҳукуматга гинам йўқ маним. Аммо сен... Эсдан чиқадиган иш қилдингми ўшанда сен? Ёдингдами, мен қишлоқдан бадарға қилинган куни тепада, гумбазли мачит майдонида... бечора Ойниса дод солиб келиб бўйнимга осилганда... — Қудратхўжа кўзлари пирпираб ўрнидан турди. Чувак юзининг қат-қат ажинларига, чуқур ботган лунжларига қуйилган кўз ёшларини артди. — Қон йиғлаб келиб бўйнимга осилганда... эсингдами, жиндак раҳм-шафқат ўрнига... шафқат ўрнига, «Ҳайданг бу унсурларни!», деб ҳайқирганинг ёдингдами Нормурод?! ... Шафқат! Шафқат нима қилсин сенда?». Асарда ҳар гал Нормурод Шомуродовга дуч келганда Қудратхўжанинг кўз ўнгида 30-йиллар воқеалари гавдаланади. Ҳар гал Қудратхўжа ўша даврда коллективлаштириш сиёсатининг нотўғри ўтказилганига шаъма қилади, ўзини ўша нотўғри сиёсатнинг ноҳақ қурбони бўлган киши қилиб кўрсатади. Нормурод Шомуродов ва унга ўхшаганларни эса айблайди. Ёзувчи романда Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжанинг бир-бири билан тўқнаш келганидаги руҳий ҳолатларини, ички кечинмаларини тиниқ, таъсирли чизади, айрим деталларга холисона ишора қилади. Масалан, бир тўқнашув тасвирида Нормурод Шомуродовнинг долғали, мард, жасур қиёфаси ва унинг рақиби Қудратхўжанинг эса виқорли, каландимоғ портрети қуйидагича чизилган: «Минг тўққиз юз йигирма тўққизинчи йилнинг совуқ куз кунларидан бири, қишлоқ ўртасидаги бозор майдонида, машҳур гумбазли мачит олдида одам тирбанд: қишлоқ қулоқлари сургун қилинмоқда! Қоп-хуржунлари билан араваларга ортилиб жўнатилишга шайланган бир гуруҳ бойлар, қулоқлар, руҳонийлар орасида Қудратхўжа ҳам бор. Бошида чақмоқ телпак, эгнида оғир почапўстин, оёғида хром этик, қотма, шопмўйлов Қудратхўжа шерикларига ўхшаб обидийда қилаётгани йўқ, йиғилган оломонга, бири юрак ютиб, бири ҳадиксираб келган қариндош-уруғларга нола қилаётгани йўқ, гўё сургунга эмас, кўпдан орзу қилиб юрган саёҳатга кетаётгандай мўйловини диккайтириб кўкрак кериб турибди. Рўпарадаги оломонга, майдонни қуршаб олган отлиқ милиционерларга, Нормуродга ўхшаган қишлоқ активларига гўё: «Шошманглар, кўрамиз ҳали, оқибати нима бўлади бунинг!» — дегандек, кўзларини қисиб, жағ пайларини ўйнатиб ёвқараш қилади... Бу ғалати манзаранинг шоҳиди бўлган бозор майдони ғала-ғовур бўлиб кетди. Ойнисанинг қилиғидан туклари тик бўлиб кетган Нормурод милиционерларга: «Ҳайданг бу ёт унсурларни!» деб буйруқ берди, буйруқ бераркан, Қудратхўжа ақалли энди, фарёд чеккан гўзал хотинини кўрганида ўзгарар, дод деб юборар, деб уйлади. Аммо юзи чўяндай қорайиб кетган Қудратхўжа, хотинининг оппоқ қўлларини бўйнидан шартта узиб, ўзидан итариб юборди-да, биринчи бўлиб отлиқ милиционерлар олдига тушди...». Кўринадики, Нормурод Шомуродов билан Қудратхўжа орасидаги тўқнашувларда «шафқат» тушунчаси икки хил моҳият касб этади, шу боисдан ўтмиш воқеалари уларнинг кўз ўнгида икки хил гавдаланади. Профессор Шомуродовнинг қон-қонига сингиб кетган «шафқат» тушунчаси ўша давр сиёсати билан боғлиқ, шунга кўра унинг Қудратхўжага муносабатида давр сиёсати белгиловчи куч саналади. Шу сабабли Қудратхўжанинг «юз граммнинг бандасига айланиб», «лунжлари ичига ботиб», «кампирдай» бўлиб қолган аянчли ва мискин ҳол-аҳволини кўрганда Нормуроднинг қалбида пайдо бўладиган ачиниш узоқ давом этмайди, бу туйғу бор-йўғи бир сониялик, холос. Қудратхўжа учун эса, одам қандай дин, мазҳаб, сиёсий-ижтимоий гуруҳ ёки фирқага мансублигидан қатъий назар, шафқатли ва диёнатли, инсофли ва олижаноб бўлмоғи керак! Бошқача айтганда, Қудратхўжа учун одамнинг инсоний моҳияти, унинг қандай одам эканлиги жуда муҳим аҳамиятга эга. «Ҳукумат Қудратхўжани озод қилди. Аммо... Нормурод Шомуродовнинг фикрича, «ковакларда судралиб, ўрмалаб юришга маҳкум этилган бу махлуқ эса, дилида ҳамон ҳукуматга кек сақлайди». Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ораларидаги тўқнашувларни фақат мафкуравий, ўша давр сиёсатига алоқадор тўқнашувлар, деб бўлмайди. Буни ижтимоий бурч ва виждон, диёнат ва шафқатсизлик, бахт ва бахтсизлик орасидаги тўқнашувлар, дейиш мумкин. Маъракада бошланган даҳанаки жанг тобора кескинлашади. Гап шафқат ҳақида кетар экан, Нормурод Шомуродов: « — Сендайларга шафқат қилганимизда, сен... сенлар бизни нима қилардинглар?», деганида Қудратхўжа ҳам айтар гапидан қайтмайди: « — Отар эдим!.. — Унинг ёшли кўзлари туйқусдан қандайдир ҳайрат аралаш бир нафрат билан чарақлаб кетди. — Гумбазли мачитнинг меҳробига тираб, бешотарнинг тиғини мана шу хумкаллангга тўғрилаб... отар эдим қарсиллатиб!». Бир-бирига ўдағайлашиб турган бу икки чолнинг ёнига 5-6 яшар ўғилчасини етаклаб, Нормурод Шомуродов яшаётган уйнинг собиқ эгаси Нодирахоннинг кириб келиши олов устига ёғ қуйгандек бўлади. Дилдираб турган муштдек чол» Қудратхўжага қайта жон киради: « — Ўрозқулди келинини танидингми, профисор!.. Бу жой шуларники эди. Жиянинг Отақўзининг битта писандаси билан шундоқ жойларини сенга бўшатиб беришди! Тенглик-да, тенглик!.». Отақўзининг уй эгаларини норизо қилиб, тоғаси Нормурод Шомуродовга тортиб олиб берган ҳовли-жой масаласи чоллар орасидаги тўқнашувни янада чуқурлаштиради. « — Бурунда: «Ана олабўжи!», деб қўрқитишарди. Энди мана... тақсиримнинг жиянлари айтиб қўрқитишадиган бўлишди одамлар!.. Ана инсофу, ана адолат! Адолат қачон бўптики, энди бўлсин!», дейди Қудратхўжа. Бундай аччиқ таънадан сўнг жаҳлини жиловлай олмай қолган Нормурод Шомуродов Қудратхўжага мушт ўқталиб бақиради: « — Бўлган адолат! Ўша, сен қишлоқ ўртасида раста-раста дўкон очиб, камбағалларни шилиб кафангадо қилган маҳалларда бўлган диёнат!..». Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ўртасидаги тўқнашувга гувоҳ бўлган китобхон Қудратхўжадан нафратланмайди, балки унинг хатти-ҳаракатларига ачинади. Негаки, ёзувчи «собиқ қулоқ» Қудратхўжанинг ички ва ташқи қиёфасини холис туриб чизишга эришган. Асарда Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ораларидаги сўнгги тўқнашув иккаласи учун ҳам ғоят оғир бир вазиятда содир бўлади. Ўлим олдида энди уларнинг иккаласи ҳам тенг. Бунинг устига иккаласининг ҳам ҳаёти фожеаларга тўла. Нормурод Шомуродов «инқилоб» учун эллик йил хизмат қилган бўлса-да, ўз ҳаёти билан мақтана олмайди. Ёлғиз ўғли, шижоатли ва ўктам йигит Жаббор лаганбардорларнинг найранглари туфайли урушда қурбон бўлади. Бунинг устига жияни Отақўзи билан муносабатлари ҳам кескинлашиб кетади. Жияни Отақўзининг «қариган чоғида иссиқ-совуғидан хабар олиш» ниятида кўчириб келган уйининг эгалари Наимжон ва Нодираларга топшириб, Нормурод Шомуродов қишлоқ мактабининг бир хонасига кўчиб ўтади... Ана шундай таранг вазиятда Нормурод Шомуродовдан ҳол-аҳвол сўрашга «бир сават мева-чева кўтариб, Қудратхўжа кириб келади». Табиийки, Қудратхўжа ўзининг эски фалсафасини бошлаб, яна Нормурод Шомуродовнинг «қитиғига» тегади: «Нормурод Шомуродов инқилоб қилган бўлса-ю, охир-оқибат унга етишгани мактабнинг бир ҳужраси бўлса». Нормурод Шомуродовнинг ҳам, Қудратхўжанинг ҳам 30-йиллар ҳақида, ўтмиш воқеа-ҳодисалари ҳақида ўз қарашлари бор. Уларнинг ҳар бири ўзини ҳақ, деб ҳисоблайди. Шунга кўра, бир-бирига нафрати ҳам чексиз. Нормурод Шомуродов рақибига қараб: «...Аммо сенга ўхшаган халқ қонини сўрган душманлар билан олишганда... ўз бахтимиз, ўз манфаатимизни ўйламаганмиз биз! Бутун жумлаи-жаҳон, бутун башарият билади буни”, дейди. Шунда Қудратхўжанинг: « Тўғри гап туққанингга ёқмайди, ҳи-ҳи-ҳи», деб масхаромуз кулиши Нормурод Шомуродовни тамоман жунбишга келтиради: « — Йўқол дейман, ёт унсур! — Нормурод Шомуродов у ёқ-бу ёққа тимирскиланиб отадиган нарса қидирди-ю, қўлига илинган ёстиқдай китобни боши узра кўтарди... шиддат билан отилган китоб эшикка борган Қудратхўжанинг елкасига тегиб, гурсиллаб полга тушди...». Романда Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ораларидаги бундай тўқнашувларда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ. Бу зиддият асарда шўролар давридаги миллатнинг ва тарихнинг фожиаси сифатида намоён бўлади. Азмиддин Носиров. |
Йўлдош Солижонов. Йил хирмони, ҳосил сифати |
|
|
|
21.07.2014 01:42 |
2012 йил халқ хўжалигининг барча соҳаларидаги сингари бадиий адабиётда ҳам ғоят самарали бўлди. Бу жиҳатдан адабиётимизнинг гултожи ҳисобланган роман жанрининг хирмони ҳам миқдори, ҳам сифатига кўра аввалги йиллардагидан қолишмайди. Мавзуларнинг ранг-баранглиги, адабий аҳоли тоифасининг янгилиги, характерлар хилма-хиллиги, бадиийлик мезонлари ва муаммо ечимидаги ўзига хослик роман жанрининг йил сайин имкониятлари кенгайиб, жаҳон миқёсига чиқиш йўлларини излаётганидан далолат беради.
Ўтган йили биргина «Шарқ юлдузи» журналининг ўзида 6 та – Назар Эшонқулнинг «Гўрўғли», Асал Дилмуроднинг «Ранг ва меҳвар» романлари тўла, Комил Авазнинг «Созанда», Ҳаким Сатторийнинг «Соғинч» (ҳар иккала роман кейинроқ алоҳида китоб ҳолида нашр этилди), Нурали Қобулнинг «Тахт тагидаги зиндон», Ғулом Каримийнинг «Лангар фожиаси» романларидан парчалар эълон қилинди. Булар қаторига пойтахт нашриётларида чоп этилган Ўзбекистон Халқ ёзувчилари Одил Ёқубов ва Тоҳир Маликларнинг «Осий банда» ҳамда «Самум», Саъдулла Сиёевнинг «Аҳмад Яссавий», Баҳодир Худойбергановнинг «Аёл армони» (барчаси «Ўзбекистон»), Н.Каримовнинг «Миртемир» («Мериус»), Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Банкир» («Тафаккур қаноти»), Олимжон Ҳайитнинг «Аросатлар ороли» («Янги аср авлоди») ҳамда вилоятлар ва хусусий нашриётларда босилиб чиққан кўплаб романларни ҳам қўшадиган бўлсак, йил хирмонининг салмоғи янада ортади. 2012 йил романлари ҳосилини сарҳисоб қилар эканмиз, аввало, уларни мавзу ва муаммосига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиб олишни лозим топдик: 1. Ижтимоий-иқтисодий (О. Ёқубовнинг «Осий банда», А.Йўлдошнинг «Банкир», Ҳ.Сатторийнинг «Соғинч», Ғ.Каримийнинг «Лангар фожиаси»); 2. Маънавий-ахлоқий (Т.Маликнинг «Самум», Н.Эшонқулнинг «Гўрўғли», А.Дилмуроднинг «Ранг ва меҳвар», Б. Худойбергановнинг «Аёл армони»); 3. Тарихий (С.Сиёевнинг «Аҳмад Яссавий», К.Авазнинг «Созанда», Н. Қобулнинг «Тахт тагидаги зиндон»); 4. Биографик (Н.Каримовнинг «Миртемир», О.Ҳайитовнинг «Аросатлар ороли»); 5. Детектив (бу гуруҳдаги романларнинг ҳадди-ҳисобига етиб бўлмайди, аммо уларнинг кўпчилиги енгил-елпи, олди-қочди воқеалардан иборат бўлгани учун муносабат билдиришдан ўзимизни тийдик). Бу таснифни шартли қабул қилиш жоиз. Негаки, ижтимоий-иқтисодий мавзу ва муаммони кўтарган романлар маънавий-ахлоқий масалалардан холи бўлмаганидек, тарихий ҳамда биографик романларда ҳам қаҳрамон тақдири билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий муаммолар акс этиши табиий. Масалан, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг умри сўнггида ёза бошлаган, аммо бетоблиги сабабли тўла тугалланмай, қайта ишланмай колган «Осий банда» романида юқоридаги барча мавзу ва муаммолар қамраб олинган десак, хато қилмаган бўламиз. Роман ёзувчи услубига хос шафқатсиз реализмнинг янада такомиллашганидан, жамият иллатларининг туб илдизларини реал фактлар ва далилларга асосланган ҳолда фош этилиши жиҳатидан «Диёнат», «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романларига қараганда бир неча поғона юксакликка кўтарилганидан далолат беради. Адиб ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек халқи бошига маломат тоши бўлиб ёғилган пахта яккаҳокимлигининг фожиали оқибатларини, «пахта иши»ни вужудга келтирган қабиҳ сиёсатнинг туб илдизларини 50-60-йиллар воқеалари билан боғлаган ҳолда реал образлар воситасида очиб ташлайди. Маълум бўлишича, романнинг атиги 16 боби ёзиб бўлинган экан, холос. Аммо шу бобларда тасвирланган воқеалар ҳам истеъдодли адибнинг юксак маҳоратидан дарак беради. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ўзининг доимий мавзуси ва услубига содиқ қолиб, қиморбозлар, ўғрилар ва наркомафиозлар фаолияти ҳақида бир неча китобга мўлжалланган «Самум» романини эьлон қилди. Маънавий-ахлоқий муаммолар асосий мавқени эгаллаган бу романда ҳам жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, Бўрон, Ўлат, Ғирромларнинг ҳаётига оид биографик маълумотлар, ҳатто детектив унсурлар ҳам учрайди. Ёзувчининг мақсади «китобхонни жиноятчилар оламининг турли зулмлари билан таништиришгина эмас», балки шулар тузоғига билиб-билмай илиниб қолаётган одамлар, асосан, ёшларни хушёрликка чорлаш, «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади» деб огоҳлантиришдан иборатдир. Ўзининг кўплаб ҳикоя ва қиссалари билан китобхонлар ҳамда адабий жамоатчилик эътиборини қозонган ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев «Банкир» романида бозор иқтисодиётининг муҳим соҳаси бўлмиш банк ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзига хос ислоҳотлар, бу борадаги мураккабликлар, ўзаро рақобат ва жиноятчилик илдизларини қаламга олади. Беш қисмдан ташкил топган роман воқеалари ретроспектив баён асосига қурилган. Роман банкир Толибжон Бакировнинг 55 ёшга кириши муносабати билан ўринбосари Абдужаббор Маннонов ҳамда бўлим бошлиқлари ташаббуси билан уюштирилган тантанали зиёфатда заҳарланиб, шаҳар шифохонасига олиб келишиниши билан бошланади. Абдуқаюм Йўлдошев роман воқеаларини ҳикоя қилишда киносценарий жанри усулига кўпроқ мурожаат қилганлиги сезилади. Эпизодларнинг тез-тез ўрин алмашиб туриши, қаҳрамонларнинг воқелик доирасидаги иштирокини романга хос батафсилроқ тасвирлаш, руҳий кечинмаларини чуқурроқ очиш ўрнига уларнинг қисқа диалоглари ва хатти-ҳаракатларини кўрсатишга эътибор қаратиш шундан далолат беради. Профессор Қ.Йўлдошев қайд этганидек, «бадиий асар ҳақида бизда шаклланган одатий тушунча ва тасаввурларга унчалик мос келмайди»ган «Ранг ва меҳвар» романи ўзини мутахассис деб билган юксак савияли китобхонни ҳам тишини тишига босиб, сабр-тоқат билан ўқишга мажбур қилади. Асардаги узундан-узоқ жумлалар, бир-бирини рад этувчи хотиралар синиғидан таркиб топган манзаралар айқаш-уйқашлиги билан унинг сабр косасини тўлдиради. Шу азобга чидаса ва мутолаадан сўнг узоқ ўйласа, хаёлида қуйидагича манзара жонланса ажабмас: асар воқеалари марказида «ҳар неки курган-кечирганини мойбўёқ билан матода зарблаш ва жувонмарг кетган қавмдошлари арвоҳини шод этишга бел боғла «ган мусаввир Комрон Вали туради ва барча ҳодисалар унинг хаёлида кечади. Роман чиндан ҳам мураккаб қурилмага, стилистик номукаммалликка эга ўзига хос асардир. Назаримда, Асад Дилмурод асар структурасини лойиҳалашда бундан 15 йил олдин айтган қуйидаги фикрларига амал қилган: «Адабиёт тили – рамзий тил, тимсолий тил. Мажозий йўсин билан сўзлаганда, бадиий ижод танланган мавзу моҳиятини, аниқроги, руҳ драмасини чукурроқ очади. Адабиёт мажоз тили билан сўзлай бошласа, руҳият драмасини, инсон қалбини теранроқ очиш учун кенг имкониятларга эга бўлади». Одатда, бу усулда ҳикоя қилинган асарларда ўтмиш билан бугун, фано билан бақо, хаёлот ва реаллик, замон ва макон бир нуқтада – персонаж онгида бирлашади ва бир пайтнинг ўзида ҳаракатланаверади. «Ранг ва меҳвар» романида шундай структурал марказни Комрон Вали образи бажаради. Ўқувчи унинг қалб драмаси орқали ижтимоий ҳаётда, айниқса, тасвирий санъат соҳасида рўй бераётган тартибсизликлар, корчалонлик каби иллатлардан хабардор бўлади. Менимча, «Ранг ва меҳвар»ни истеъдодли ёзувчи Асад Дилмуроднинг жаҳон адабиётига хос онг оқими анъаналарини ижодий давом эттириш йўлида олиб бораётган навбатдаги эксперименти деб қабул қилиш ўринлидир «Гўрўғли» – талай ҳикоя ва қиссалари билан танилган Назар Эшонқулнинг биринчи романи ҳисобланади. Муаллифнинг изоҳлашича, асар ўтган асрнинг 90-йилларида ёзиб тугалланган. Роман «инсоннинг тириклиги ва мавжудлигини тан олмаган, инсонийлик шаъни ва ғурурини хўрлаш ва ҳақоратлаш эвазига яшаган ўша мустабид тузум» суратини акслантиради. «Гўрўғлининг туғилиши» достонидан эпиграф қилиб олинган «Айтсам етгаймикан, энажон, зорим, Юракда гамим кўп, ичда зангларим» сатрлари ёзувчининг ғоявий ниятини тушуниш учун калит вазифасини бажаради. Арз қилувчининг «энажони» – мустабид Шўро жамияти аллақачон қариб, кар ва кўр ҳолига келганлиги туфайли «бола»сининг зорини эшитишга, ғамига даво топиб, ичидаги зангларини артишга қурби етмай қолганлиги учун арзини ҳеч ким тингламайди, тинглашни истамайди ҳам. Натижада, юрагида тўпланган ғамлар занглаб, Н.ни ҳам маънан, ҳам жисмонан ўлим сари етаклайди. Н. бошидан кечирган воқеалар «ҳукмни сўзсиз бажариш керак. Топшириқни бажариш биз учун қонун» бўлган Шўро даври сиёсатининг бадиий кўзгусидир. Шу қонун ҳукм сурган жамиятда Н.нинг энг катта хатоси – ўзи учун «шарт бўлмаган нарсани (яъни ўзининг тирик эканлигини – Й.С.) исботлашга» уринганлигидир. Ҳа, чиндан ҳам «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун» деган сохта шиор билан халқини алдаган Шўро ҳукумати учун тириклар эмас, «Ўлик жонлар» керак эди. Н. билан қабристон гўркови ўртасидаги диалогда романнинг яна бир яширин ғояси юз очади: «Сизнинг энг катта хатонгиз шарт бўлмаган нарсани исботламоқчи бўлганингизда! – деди гўрков бамайлихотир. – Сиз курашни нотўғри танладингиз! Муҳими, сиз мен тирикман деб даво қилгансиз, барча далиллар сизга қарши эди, натижада, сизнинг даъвонгиз исбот этилмади. Сиз тирикман деб нимага эришдингиз?» Роман том маънода абсурд ғоясига – яшашда маъни йўқ деган фикр асосига қурилган. Худди юмалоқ тошни тепаликка олиб чиқиб, ўзининг ҳақлигини исботлашга уринаётган Сизиф сингари Н. ҳам маҳкамаларга тинимсиз қатнаб тириклигини исботламоқчи бўлади. Бундан умидвор, бироқ у мансуб бўлган жамият одамнинг ҳақлигини тан олгиси келмайди. Асарни ўқир эканмиз, хаёлимизга беихтиёр Ф.Кафканинг «Жараён» романи келади. Қаҳрамонлар исмининг бош ҳарф билан белгиланишидан тортиб, уларнинг ёшигача, ўз гуноҳсизлигини исботлаш учун югуриб-елишларигача, аммо ҳақ эканлигини амалда исботлай олмай, руҳан азобланиб, ўлиб кетишларигача бир-бирига ўхшайди. Ўтган йили иккита биографик роман яратилди. Булар Н.Каримовнинг «Миртемир» ва О.Ҳайитнинг «Аросатлар ороли» деб аталган асарлари бўлиб, улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Маърифий-биографик роман яратишда катта тажрибага эга бўлган профессор Наим Каримов (олимнинг Чўлпон, Ҳ.Олимжон, М.Шайхзода ҳақидаги романларини эсланг) ўзбек адабиётининг энг садоқатли, энг ҳокисор вакили Миртемирнинг монументал қиёфасини ҳам адабиётшунос, ҳам тарихчи, ҳам этнограф, ҳам психолог сифатида мукаммал чизиб бера олади. Бироқ О.Ҳайитнинг асари тўғрисида илиқ фикр билдиришдан ожизмиз. Гап шундаки, ёзувчи ёшлигидан кўп қийинчилик, яхши ва ёмон одамларни кўрган, ҳарбий хизматни ўтаб келган 24-25 ёшдаги журналист Қодиржоннинг ҳаёт йўлини акс эттиришни ният қилган. Аслида, у бошидан кечирган воқеалар шу қадар ўткинчи, шу қадар номуҳимки, улар олдида довдираб қолган Қодиржоннинг аҳволига ачиниб кетасиз. Бу асар шунчаки воқеалар баёнидан иборат бўлиб қолган. Маълумки, мустақилликка эришганимиздан кейин тарихимизга муносабат тубдан ўзгарди. Шу пайтгача қора бўёқ билан чапланган тарих саҳифаларидан нур ва ҳақиқатни излашга эътибор кучайди. Достонлар, драмалар, қисса ва ҳикоялардан ташқари ҳар йили тарихий мавзуда ёзилган талай романлар дунёга келаётганлиги ана шу саъй-ҳаракатнинг самарасидир. Шунга қарамай, ҳали халқимиз тарихида «очилмаган қўриқ»лар жуда кўп ва улар ўзлаштирилишини интизорлик билан кутиб турибди. Ана шундай очилмаган қўриқлардан бири – Туркистон ўлкасининг Шайх ул-машойихи бўлган улуғ зот Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг фаолияти эди. Адиб Саъдулла Сиёев ўтган йили чорак аср давомида изланиб, ниҳоясига етказган «Аҳмад Яссавий» номли роман-дилогиясини ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилди. Аслида, ушбу романнинг биринчи китоби янги аср бошларида «Яссавийнинг сўнгги сафари» номи билан эълон қилинганди. Шундан сўнг иккинчи китоб устида адиб ўн йилдан ортиқ ишлади. «Она юрт шамоллари» деб номланган иккинчи китоб ҳаж сафарига кетаётган ҳазратнинг йўл-йўлакай садоқатли муриди Султон Санжар ҳукмронлик қилаётган Марв мамлакати аҳолисини ўлат балосидан қутқаргач, ҳаж савобини олгани ҳақидаги илоҳий ишора туфайли Туркистонга қайтишидан бошланади. Умуман, иккинчи китобда Хожа Аҳмад Яссавийнинг маънавий-руҳий, маърифий-ижодий фаолияти доирасини бирмунча кенгайтириш имкониятлари мавжудлиги сезилиб турибди. Бироқ муаллиф улардан фойдаланишни истамагандек таассурот қолади. Таниқли ёзувчи Нурали Қобул сўнгги йилларда кўпроқ тарихга мурожаат қилиб, унинг шонли саҳифаларини бадиий образлар воситасида шавқ билан ҳикоя қилишга киришди. Бу борада адиб қисқа муддатда иккита роман яратди. Ёзувчининг «Тахт тагидаги зиндон» романи бундан атиги икки йил аввал эълон қилинган «Буюк Турон амири ёхуд ақл ва қилич» романининг мантиқий давоми бўлиб, улар бир-бирини тўлдиради. «Тахт тагидаги зиндон»да улуғ Амирнинг хиёнаткор ва иккиюзламачи Тўхтамишхон билан олиб борган мухорабаси ифодаланган. Романнинг журнал саҳифаларида эълон қилинган атиги 4 боби (2, 3, 4, 5) га таяниб, муаллифнинг ғоявий нияти ҳақида тугал хулоса чиқариш қийин. Бу ҳақда роман тўла босилиб чиққандан сўнг фикр юритиш ўринлидир. Таниқли адиб Комил Аваз «Созанда» романида асосий эътиборини Хоразм қўшиқчилиги тарихи, унинг бардавом бўлишига муносиб ҳисса қўшган халқ ҳофизларининг фаолиятини акс эттиришга қаратади. Роман маънан покланиш воситаси ва руҳият озуқаси бўлган соз ва илоҳий касб эгаси созанда ҳақидадир. Бу ниятини ифодалаш учун адиб Хоразм тарихининг XX аср бошидан 50-йилларгача бўлган энг мураккаб даврини қаламга олган. Воқеалар марказида полвон, созанда ва хонанда, покиза ниятли Қутлуғмурод, шахсий манфаатига эришиш йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган Матмурод ҳофиз (Матти мутрик), қатъиятли устоз Абдирим банги, гўзал ва ишонувчан қиз Қамарсултон ҳамда унинг ота-оналари образлари туради. Худди шундай тарихнависликка берилиб кетиш қусури Ҳ.Сатторийнинг «Соғинч» романида ҳам учрайди. Роман баёнида ахборот ҳаддан зиёд кўпайиб, ўқувчини зериктириш даражасига етади. Айрим ўринларда бадиий тасвирдан кўра илмий тафаккур устун келганлиги сезилиб қолган. Энг муҳими, романда воқеалар ривожига туртки берувчи, қаҳрамонларни ҳаракатга келтирувчи жиддий конфликт, кўзга ярқ этиб ташланадиган характер учрамайди. Б.Худойбергановнинг «Аёл армони» романи олий ўқув юртини тамомлаб, оиласига қайтган уч қизнинг уч хил тақдири орқали қизлик шаъни, номусини асраш бахт ва миллий бойлик деган фикр асосига қурилган. Турсуной билан Шаҳло ўйламай босган қалтис қадамлари туфайли бир умр армонда яшайдилар. Фарангиз эса сабр-тоқат билан «тош келса – кемириб, сув келса – симириб», ёмонларнинг ҳам таҳсинига сазовор бўлади. Ҳар учовининг қисматида оиладаги муҳит, айниқса, она асосий роль ўйнаганлигига алоҳида урғу берилади. Хуллас, 2012 йилда яратилган романлар воқеликни баён қилиш ва образлар талқинига кўра анъанавий ҳамда ноанъанавий усулларда битилгани уларнинг шаклан ва мазмунан янгиланиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, муҳим ижтимоий-маънавий муаммоларни кўтариш, уларни йирик характерлар воситасида ўқувчилар шуурига сингдириш санъаткорлар олдидаги муҳим вазифа бўлиб қолаётганлигини унутмаслигимиз лозим. |
|
11.04.2014 05:06 |
Газетамизнинг шу йилги 16-октябр сонида Ш.Субҳоннинг «Китобхон олдидаги масъулият» сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди. Унда «Жаҳон адабиёти» журналида эълон қилинган (М.Аъзам таржимаси) турк адиби Ў.Памуқнинг «Истанбул: хотиралар ва шаҳар» романи таржимаси ҳақида фикр юритилади. Қуйида ана шу мақолада билдирилган фикр-мулоҳазаларга таржимон М.Аъзамнинг жавобини ўқийсиз.
Мен севимли газетамизнинг ўтган сонида «Китобхон олдидаги масъулият» мақоласини ўқиб, қуйидагича хулосага келдим. Журналхон Ўрхун Памуқнинг «Истанбул: хотиралар ва шаҳар» асари таржимасидаги баъзи жумлалардан озорланади. Чунончи: «Истанбул кўчаларининг ичкарисидаги ерда, бизникига ўхшаган бошқа бир уйда қош-кўзидан тортиб оғзи-бурнигача ҳамма аъзоси билан менинг ўхшашим, эгизим, ҳатто худди ўзимдай бир бошқа Ўрхон яшашига болаликдан бошлаб узоқ йиллар ақлимнинг бир чеккасида инониб юрдим. Бу фикр илк бора қаердан қандай қилиб менга келиб қолганини эслаёлмайман». Унинг фикрича, бу жумлани бундай деб таҳрир қилиш керак экан: «Истанбул кўчаларининг бирида бизникига ўхшаш бошқа бир уйда қошу кўзидан тортиб оғзи-бурнигача ҳамма аъзоси меникига менгзаган, эгизим, ҳатто худди ўзимдай бир бошқа Ўрхон истиқомат қилишига узоқ йиллар инониб яшадим. Бу фикр хаёлимга илк бора қаердан ва қандай келиб қолганини эслай олмайман». Мен китобхонимга шуни билдиргим келадики, бадиий адабиёт, аввало, жумлаларининг силлиқлиги билан эмас, конкрет деталлари билан тирикдир. Юқоридаги жумлага келсак, муаллиф мавҳум «Истанбул кўчаларининг бири»ни эмас, «Истанбул кўчаларининг ичкарисидаги ер»ни назарда тутган ва бу жумлада манзара бор. Наҳотки «кўчаларнинг бири» «кўча ичкарисидаги ер»дан афзал бўлса?! «Болаликдан бошлаб узоқ йиллар ақлимнинг бир чеккасида инониб юрдим» ўрнига «узоқ йиллар инониб яшадим»ни устун кўрувчи китобхон менга ажабтовур жўн кўринади. «Болалигим Истанбули» билан «Истанбулда кечган болалигим» ўртасида ҳам бадиий жиҳатдан, ҳам маъно жиҳатдан каттагина фарқ борлигини наҳотки фаҳмлаш қийин бўлса?! Менталитет масаласига келсак, бизга араб, форс одатларидан кириб келган «сизлаш» урфларини жуда бизники, деб айтолмайман: Ўзбекистоннинг бир талай шаҳар ва қишлоқларида эр-хотин бир-бирларини сенлаб гапиришларини жуда кўп учратганман ва бу менга ширинроқ, жонга яқинроқ кўринади. Шахсан ўзимнинг катта холаларим (онамнинг ва отамнинг холалари) эрлари билан сенлашиб гаплашишарди. Кулишиб, ҳазиллашиб, эркаланишиб... Ҳатто она-бола, ота-ўғиллар ҳам шундай гаплашардилар. Қадимги Ўрхун-Энасой обидаларида ҳам шундай: кўпчиликка ҳам «Эй, турк будуни! Сен...», деб мурожаат қилинади. 70-80 миллионли турк эр-хотинлари бир-бирлари билан сенлаб гаплашаркан, мен буни ўзбекларнинг бир қисмидаги одатларга мослаб, уларни «сиз»лата ололмайман. Бу менинг таржимонлик тамойилларимдан биридир. Сўзларни туркчадан ўзбекчага ўгиришда мен имкон қадар аслиятни сақлашга интиламан. Туркчада кўп ишлатиладиган, аммо бизда ишлатиш сийраклашган сўзларни ҳам имкон қадар сақлаб қолишга интиламан. Китобхоним келтирган ва ўзбекчада маъноси бошқа деб даъво қилган фикрлари мутлақо асоссиздир. «Мароқ» сўзи иккала тилда ҳам бир хил — қизиқиш ва завқ — маъносига эга, ҳозирги замон туркчасида «хавотир» деган маъноси камдан-кам ҳоллардагина учрайди. «Ишиқ» деган сўз ҳақида бирда-яримда Навоийни ҳам варақлаб турган китобхон айтиши мумкин: Навоий бобомиз камида беш юз марта ишлатганлар бу сўзни. Ишонмаганлар «Навоий асарларининг луғати»нинг 290-бетини очиб кўрсин. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 258-бетни очиб кўрган одам, «ёнартоғ» билан «вулқон» битталигини кўради. Фақат «вулқон» сўзи лотинча «вулкан»дан олинган. Ўзимизда «ёнартоғ» бўлатуриб, нега «вулқон»ни олишим керак? «Ойдин» сўзи «зиёли» , «мунаввар» сўзларининг синоними. Жадидлар адабиётини у қадар ўқишга арзимайди, деб билганлар ё уларни ҳам таҳрир қилиш керак, деб ўйлайдиганлар фақат «зиёли»ни ишлатинг деб туриб олиши мумкин. «Кўй» сўзи «қишлоқ» маъносида кам ишлатиладиган бўлиб қолди, аммо бу тўғри эмас, «кўча-кўй» ибораси бор-ку тилимизда! «Хафиф» сўзи «майин»дан ташқари «енгил» маъносида ҳам келади: бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Навоий асарларининг луғати» 652-бетига қаралса, кифоя. «Сиёҳ бейаз»ни «қора-оқ» деб олинадими, «оқ-қора» деб олинадими, фарқи йўқ, бу Алихўжа-Хўжаали деганидай гап. Менимча, «қора-оқ» деб олинганда, мазмунга эътиборни кўпроқ тортади. Мен ўзбекчадаги «гудок» сўзи ўрнига «дудук»ни олганман, чунки «дудук»нинг «ду-дут»лашдан олингани шундоққина кўриниб турибди. Бошқаларга ҳам «гудок» ўрнига «дудук» ишлатишларини маслаҳат бераман. Бизнинг асл туркий сўзларимизда айтилаётган сўзнинг маъноси гавдаланиб туради. Масалан, мен деярли ўтган асрнинг 50-йилларидан бери «сирен» сўзи ҳақида ўйлардим. Чунки аксар шоирларимиз ўз шеърларида «сиренлар»ни кўп ишлатишарди. Бундан бир-икки йил бурун Туркистон томонларга борганимда сиренлар гуллаганди. Мен бир отахондан: «Бу гулнинг оти нима?», деб сўрасам, «Шуниям билмайсанми, лайлоқ», деди. «Нега энди лайлоқ? Баъзилар уни «настарин» дейишади-ку?», десам «Ҳа, энди форсчаси «настарин», Биз Туркистонда уни «лайлоқ» деймиз. Гулларига қаранг: бир оёқда турган лайлакка ўхшамайдими?», деди отахон. Ҳа, чиндан ҳам бир оёқда турган лайлакка ўхшайди, дедим ичимда ва деярли эллик йилдан бери излаган сўзимни она тилимдан топганимга севиниб кетдим. Исм ва жой номларини танлашда турк тили алифбосининг ўзига хос хусусиятларига асосландим. Масалан, турк алифбосида «нг» товуши «н» ҳолида олинаверади. Туркчадаги «а» товуши бизда гоҳ «о» га, гоҳ «а»га, «е» товуши гоҳ «э»га, гоҳ «а»га тўғри келади. Китобхонимиз TANPINAPни ТАНПИНАР деб олиш тўғри деб ҳисоблайди, ҳолбуки бу тахаллусдаги сўз «тонг» ва «пинар» (яъни «булоқ») сўзлари қўшилишидан «Тонг булоғи» қилиб олинган, бу тонготардаги қуёш чиқиши манзарасини ифодалайди. Шундай гўзал бир тахаллусни Танпинар ҳолида олиш дидсизлик бўлар эди. Китобхоним бир жумласида мени «олқишга умидвор» одам сифатига гапиради, мен ҳеч қачон олқиш учун таржима қилмайман, халқимизга холислик билан маърифат улашишни истайман, холос. Мен ўз таржимамни зўр, дейиш фикридан йироқман, аммо у ҳақда олимлар, ёзувчилар мамнун бўлиб гапиришди. Мен ичимда китобхоним асарни тўла ўқиб чиқмаган, деган гумонга бордим. Чунки тўла ўқиб чиққанда, албатта, унинг маънолари, мазмунлари, миқёслари, ўзбек адабиётига қўшадиган ҳиссалари ҳақида ҳам бир оғиз бўлса-да тўхталган бўларди. Менинг бир устозим: сен танқидчининг тўғри фикрларини кўр, дерди. Адолат юзасидан айтишим керакки, «масо» сўзи чиндан ҳам юнонча «маса» сўзидан олинган экан, мен арабчадан олинган, деб ўйлабман. Яна таржима матнида «AYASOFYA» ҳам ўзбекчада икки хил берилибди. Ушбу таржимани китоб қилиб чиқаришда буларни ва кейинчалик ўзимга маълум бўлган баъзи жузъий камчиликларни инобатга оламан.
Миразиз Аъзам
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди. |
03.11.2010 11:32 |
«Мушоира» сўзи шоирларнинг айтишувини ва айтишув давомида мусобақалашувини англатади. Шеър айтиш ва мусобақалашиш жараёнида ўзбек мумтоз адабиётида мушоира жанри шаклланган. Бу жанрдаги асарларда аввал бир шоир бир байт шеър айтса, иккинчи шоир унинг фикрларини давом эттириб ва ривожлантириб, навбатдаги байтни тўқийди. Одатда, биринчи байтдаги қофия ва радифни сақлаган ҳолда навбатма-навбат байтлар айтилаверади. Натижада, ғазал шаклидаги яхлит асар вужудга келади. Бундай асарнинг намунаси сифатида шоир Фазлий билан Маҳзунанинг мушоирасини кўрсатиш мумкин:
|
Батафсил ...
|
|