21.03.2014 15:04 |
Фақирий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдураззоқ Абдужаббор ўғли) (1880 — Хива яқинидаги Бўзхона қишлоғи — 1925) — шоир, хаттот ва наққош. Хивадаги Оллоқулихон мадрасасида ўқиган. Шарқ мумтоз адабиётини ўрганиб, ўзи ҳам шеърлар ёза бошлаган. Отасидан ёғоч ва тангага нақш ўйиш санъатини ўрганган. Машҳур хаттот Худойберган Девоннинг шогирди бўлган. Фақирий 1914—15 йилларда ўз шеърларини тўплаб, «Девони Факирий Хоразмий» ни яратган. «Девон» ғазал, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мустазод, рубоий, чистой каби жанрларда ёзилган шеърлардан иборат. Уларда севги ва садоқат, халқпарварлик, ватанга муҳаббат, маърифат, адолат, халқлар дўстлиги, шахс эрки ғоялари улуғланган. «Дафтари ашъор ул-жадида» («Янги шеърлар дафтари»)да эса Фақирийнинг 1916—24 йилларда ёзган шеърлари мавжуд. «Айрилғали», «Ўзингсан», «Бўлмағай», «Ўзгача», «Аё дилбар», «Кўргач», «Суратинг» радифли ғазалларида самимий муҳаббат, ошиқ изтироблари маҳорат билан тасвирланган. Шеърларининг кўпи реал, ҳаётий таассуротлар асосида ёзилган. Сўнгги йилларда ёзилган бир туркум шеърлари «Юғурумия» тупламига киритилган (1923). «Девон»нинг шоир қўли билан кўчирилган нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №7679).
ШОИР ЎЗ АҲВОЛИ ҲАҚИДА (Маснавий)
Кичикликдин тушиб бошимға кулфат, Замоне бўлмадим беранжу меҳнат.
Ишим мискинлик ичра бўлди мушкил, Муродим бўлмади ҳеч ишда ҳосил.
Кўнгулда кун-бакун ҳар турли қайғу, Мудом бебахт, жаҳон кўзга қоронғу.
Неча йил ғамга бўлдум мубталолиғ, Фароғу айшу роҳатдин жудолиғ.
Чекиб ҳар турли ҳасрат эртаю кеч, Маломатдин саломат бўлмадим ҳеч.
Менга хос эрди доим дарду ғамлар, Етиб даҳр аҳлидин ранжу ситамлар.
Кима қилсам зиёфат, яхши хизмат, Чиқиб кулбамдин эттилар надомат.
Ман айлардим ҳама мўминға ихлос, Мани ўйнар эдилар ом ила хос.
Десам бошдин-аёғ қиссам узунроқ, Ки шарҳи «Шаҳнома»дин фузунроқ.
* * *
Мингда уч юзда йигирма саккиз ким сана, Ўз-ўзидин бир жисим ёлбориб деди мана.
Ҳар қачон аҳбоби ҳамсолинг била қилсанг равиш — Борҳо ўз жинсинг истаб, суҳбат айла ёзу қиш.
Шарти аъзам буки сендин бўлсин аъло бориси, Бул сифат бўлса бўлурсан баҳраманд тун-кун басе.
Гаҳ қилурлар дурфишонлиғ тингласанг нафе етар, Гаҳ алар нукта сўруб, маҳзун дилинг хуррам этар.
Гаҳ бўлур душвор ишларда алар мушкул кушод, Юрсанг онлар бирла бўлғай фаҳму идрокинг зиёд.
Эй ҳабиблар, барф келди осмондин бизлара, Ҳеч ишорат бўлмадиким дўстондин бизлара.
Бир-бировни барф баҳонаси била ёд айлали, Тез беринг бир ижтимоъ, ғамгин кўнгул шод айлали.
Гарчи аҳбоблар унутған бўлса ёд айлай дедук, Ҳар бирингиз бирла чун ини биродардек эдук...
Хоҳ нохоҳ қурғун ўлсун тез этинг, кеч қолмасун, Боримиздин дарду ғам дафъ бўлсуну ҳеч қолмасун...
Бўлғай эрди жумламизға гўиё қурбон ийд, Айби йўқдур уматан қилғусидур хўжа, сайид.
Барчамиз бир-биримиздин мустаҳиқмиз созға, Ким етар, ким етмагай бу қиш ўтуб ул ёзға.
Ёш йигитлик, жони соғлиқда ғанимат шодлиғ, Умр ўтиб борур ҳамаси бўлғуси барбодлиғ.
Бу жаҳон дардисари йўқса туганмас кун-бакун, Шоҳ, гадода сад ҳазор армон била доғу тугун.
Дўст ишидур бир-биридин айтиб олмоқ ижтимоъ, Бил, ғаразгўйлар ишидур имтиҳон, кийна, низоъ.
Ижтимоъдин муддаомиз емагу ичмак эмас, Барф баҳона бу Фақирни йўқса ҳеч ким йўқламас.
ТАҒОЙ СЎФИ ХОРАЗМИЙ ҲАҚИДА ҲАЖВ
Ёронлар, бовар этманг сўзласа, зинҳор Тағой сўфи, Жаҳонда йўқ анингдек чобуки айёр, Тағой сўфи.
Бўлур ҳар кунда юз турлук, тушунмас ҳолиға ҳеч ким Ки, қилмас халқлардин зарра номус-ор, Тағой сўфи.
Баногоҳ кўрсангиз бошида салла, эгнида малла, Боқарда алла-балла кўзлари хунхор, Тағой сўфи.
Гаҳи сўфи, гаҳи девона янглиғ кийгуси жанда, Гаҳи кўрсанг фурушанда кезар бозор, Тағой сўфи.
Гаҳи бошида таввоф, гаҳ яланг бошға кияр такя, Кияр гаҳ телпаку сўфак кулоҳ, дастор, Тағой сўфи.
Гаҳи олғай саройдин ҳар матои саллаға лойиқ, Суюниб бир неча кун бошиға чулғор, Тағой сўфи.
Гаҳи воиз, гаҳи ҳофиз, гаҳи зоҳид, гаҳи косиб, Гаҳи соғ одамий, гаҳ жиннига ўхшор, Тағой сўфи.
Кўрар кўзга ҳамиша аблаҳ янглиғ масти лояъқил, Олиб сотмоқда андоқ йўқ фаранг, ҳушёр Тағой сўфи.
Дўконидин гаҳи турлук харид олиб кезар тун-кун, Қаён борса сотар бозору бебозор, Тағой сўфи.
Гаҳи оту эшак минмай, азондин кечгача қўнмай, Давом дунё учун тинмай елиб югрор, Тағой сўфи.
Кеча-кундуз кезар тинмай пиёда қалъа, ёбонлар, Қадрдондирки, бўлса ҳар кима дучор, Тағой сўфи.
Кулоҳ, жанда киюб саҳролара чиқса бори элни Мурид эткай ўзиға — эркаку ночор, Тағой сўфи.
Агарчи борса ёт ерлара ҳам ҳеч ранжимас ҳаргиз, Бўлур чоқ ўз уйидек кўрсангиз ҳар бор, Тағой сўфи.
Ҳар одамни билиб табъини сўзлар табъига лойиқ, Замонасоз бўлуб ҳар турли халқ йиғнор, Тағой сўфи.
Қачон кўрсанг «Каломуллоҳ», «Далойил» ёнида ҳозир, Кўруб ихлос қилганларга ваъз айтар, Тағой сўфи.
Шаҳарда юрса ҳам «Қуръон», «Далойил» ёнидин қўймас, Баногоҳ сурайи «Каф»ни қилур такрор, Тағой сўфи...
Ўқур беш вақт намозин тарк қилмас синасанг ул дам, Юмар оғзи, кўзин маҳкам на дам урор, Тағой сўфи.
Имомға иқтидо қилғонларин кўрган кулар бешак, Имом борғач рукуъ бу саждада ё.тор, Тағой сўфи.
На муллодур, на сўфидур, на қоридур, на эшондур, Бу боисдин чекар кўб оҳи оташбор, Тағой сўфи.
Бу қайғу ҳасрати дафъи учун тун-кун кезар тинмай, Анинг-чун ижтимоъ деб борҳо йўртор, Таҳой сўфи.
Шаҳарда барча толиблар била доим бўлуб улфат, Ўзи бекор, аларни ҳам қилур бекор, Тағой сўфи.
Қачонким, ижтимоъ борин бир ой аввал эшитса ҳам, Етушгай барча одамдин бурун тайёр, Тағой сўфи.
Агар бир мажлис ичра бўлмаса, ким тутса отини, Келур оллоҳу акбар деб, кирар тайёр, Тағой сўфи.
Агар ҳар ерда қурғон мажлис ўлса, борсангиз ногаҳ, Ўшал мажлис юқорисиға боқсанг — бор Тағой сўфи...
Мажолис ичра ётса беш киши ўрнин олиб ётур, Кўрунур барчаға чун қабри бузруквор, Тағой сўфи.
Агар тафсирхонлиғ бўлса ҳам ухлар, қулоқ солмас, Магар чертилса ётмас танбуру дутор, Тағой сўфи.
Ва лекин ош пишган вақтда «Оллоҳ» деб турар сакраб, Ҳамага ваъз айтар, гар қилмаса ҳам кор, Тағой сўфи.
Мудом жоҳил ўғлонлар била бўлғуси ҳамсуҳбат, Бари эшону охунддин басе безор, Тағой сўфи.
Агарчи топса маҳвашли зиёфат, қувсанг ҳам кетмас, Неча дашном, ҳақорат кўрса миннатдор, Тағой сўфи.
Тутуб сақолидин ҳар дам урарлар тарсаки бирлан, Ризодур ҳар тариқа берсангиз озор, Тағой сўфи.
Биров соз этса даф қоқиб чиқар вор тўнларин ешуб, Туруб, отиб муаллақ рақс уруб ўйнор, Тағой сўфи...
Билингким, борҳо мақсад-муроди шул кеча-кундуз Ҳамаға айлағай бебоклиғин изҳор, Тағой сўфи.
Мабодо хушрў маҳваш топилса, оздуруб йўлдин Бўлуб ҳамдам, неча эшонлара қатнор, Тағой сўфи.
Анинг бирла кезар тинмай неча кун қалъа, ёбонлар, Анга бўлғай мулозим балки хизматкор, Тағой сўфи...
Агар чиндин эшонлар била ўлтурса ҳамхилват, Кўрунса хўб йигитлар, кўзлари ёнор, Тағой сўфи.
Бу кунда ёш йигитларга қилур чандон насиҳатлар, Ўзидан қолмаган дунёда ўғлон, ғор, Тағой сўфи.
Бу янглиғ жоҳил ўлса ҳам чу топса олиму дарвеш, Аларни хоки пойин кўзиға суртор, Тағой сўфи.
Анга десанг: «Узунг сўфи бўлуб шарм айламасмусан?» Қилур роғиб, аларнинг суҳбатин мақтор, Тағой сўфи.
Агар ким бўлса-бўлсун, қойил айлар ўз дегонига, Ўзи гар қари бўлса ҳам ажаб маккор, Тағой сўфи...
Мусаллам ҳимматиға, журъатиға, қувватиға, лек — Агарчи бўлса юз ботмон юк судрор, Тағой сўфи.
Қилай таъриф андоқ кўрмаганлар айласун таҳсин, Йўқ андоқ одамизод ичра савлатдор, Тағой сўфи.
Юришда тевадек ер юзида йўқ бормағон жойи, Улуғ, бўлмаса ҳам рўйи замин қидрор, Тағой сўфи.
Таажжуб, катта қилмиш жуббасин ҳақ-чун минорадек, Юруса тебранур ер, кўрган от ҳуркор, Тағой сўфи.
Агарчи наъра урса жумла махлуқ заҳрасин ёрғай, Тева ёнидин ўтса, тева ҳам ҳуркор, Тағой сўфи...
Таом ер бўлса юҳодек тўярға ақли етмайдур, Ва лекин қанча тўйса ҳам саҳар бедор, Тағой сўфи...
Эмас бехислат, аммо «ҳу» деса аъзолари титрар, Юроки ўтламай қазон каби қайнор, Тағой сўфи.
Йигит айёмида умри ўтиб фисқу фужур бирла, Бас эмди тинмай айлар тавба-истиғфор, Тағой сўфи.
Неча йиллар сипоҳилик қилиб сўнгра бўлур сўфи, Этиб бу дуняда ҳар турли касбу кор, Тағой сўфи.
Буни фаҳм айлангизким, қилмағандур бадасилликдин Ки, инсон хайлиға қилмай тариқча кор, Тағой сўфи.
Шаҳарда ҳар кишиким орзу қилса сафар қилмоқ, Бу ишин ташлабон бўлғай анга сардор, Тағой сўфи...
Чиқа билса шаҳардин масту бепарво кезар тун-кун, Демас аҳбобиға кўнглидағи асрор, Тағой сўфи.
Замонасозлиғда боз йўқ андоқ жаҳон ичра, Деса ҳақ сўзни ҳам қайтарсангиз, қайтор, Тағой сўфи.
Чу андин ҳар киши бир мушкил иш қилса савол, ул дам, Қилур осон иложин демагай душвор, Тағой сўфи...
Изо берсанг неча маърака-мажлис ичра, ул кулгай, На айбин юзиға айтсанг ўзи иқрор, Тағой сўфи.
Вале андоғ жаҳонда бевафою бемурувват йўқ, Ғани вақтингда бўлғай барчадин ғамхор, Тағой сўфи.
Равиши кам деса анга шадид келғуси вақт-бевақт, Саҳарда ё ярим оқшом эшик қоқор, Тағой сўфи.
Маломат этканинг билмас агар дашном қилсанг ҳам, Чибиндек айланиб келгай яна беор, Тағой сўфи.
Шаҳарда маърака-мажлисға борсадайғуси емоқ, Вале саҳрода эшонларға соҳибкор, Тағой сўфи.
Мусофирман, бўлур жойим йўқ асло деб қилур даъво, Дўконин кўрсангиз ҳар бойдин молдор, Тағой сўфи.
Ҳамадин кўб маишатлар қилур дунёда армонсиз, Яна «Армонли кетдим, дод!» деб қақшор, Тағой сўфи.
Жаҳонда қилмаған кайфи йўқ, аммо эмди кайф этмай, На чой, томоку банг тарёкию кўкнор, Тағой сўфи.
Қаро нос кайф этар ҳар дамда ўн мисқолгина, лекин, Иссиғ ош ичса борисин қилур мурдор, Тағой сўфи.
Сақоли оқариб қилмас савоб ила гунаҳ фарқин, Ўзини балки эшондин баланд санор, Тағой сўфи.
Бўлур дилтанг гаҳи мулло, қорию жумла эшондин, Қилур дашном кўкраб масти мажнунвор, Тағой сўфи.
Қими хону тўра, қозию муфти жумла эшондин, Шикоят қилса гар бошдин-аёғ титрор, Тағой сўфи.
Гаҳи ихлос бирлан чорлаб онларға қилур хизмат, Таому мева ҳар навъ қилур саршор, Тағой сўфи.
Борур ихлос ила аксар улуғ олимлар олдиға, Анинг тобғунча ҳар айбини хўб синор, Тағой сўфи.
Ҳамаға сўз топар, йўқ ўзидек танти бу оламда, Ва лекин нобакорлар бирла чун қондор, Тағой сўфи.
Тополмай пири комил боамал олим мувофиқ табъ, Куюб доим ўзидек аҳли дард излар, Тағой сўфи.
Неча йил олам ичра турлук эшонға қилиб хизмат, Бўлубдур охир эмди умрида аттор, Тағой сўфи.
На қилсун умрида бир кўргани етмиш яшар кампир, Чу кўргач бир-бирини ер уруб қарғор, Тағой сўфи...
Бу ният бирла тинмай борҳо пул танга жамъ айлар, Бу боисдин азиз жонини кўб қийнор, Тағой сўфи,
Эди аввал паришонҳол бирла дарбадарликда, Ҳамадин эмди бўлмиш қавмида пулдор, Тағой сўфи.
Жаҳонгашта эди аввал, ҳамеша ломакон эрди, Бўлур жарчи янги қалъада ҳам жойдор, Тағой сўфи...
Илоҳо, бу Фақирингни дуосин мустажоб айлаб, Ҳама мўминға бер фарзанд чу хайри кор, Тағой сўфи.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Найлайин дилдордин бегона бўлдим оқибат, Юз ғаму ҳасрат била ҳамхона бўлдим оқибат,
Бу жудолик ҳасратидин ҳеч чидолмай даҳр аро, Хонумонимдин кечиб девона бўлдим оқибат.
Неча кун куйида юрдим, етмадим васлиға ҳеч, Кеча-кундуз йиғладим, гирёна бўлдим оқибат.
Ёрни васлиға еткайманму деб шому саҳар, Ўртаниб ҳажр ўтиға парвона бўлдим оқибат.
Ҳаддин ошди бу мани расволиғим олам аро, Халқи олам ичра кўп афсона бўлдим оқибат.
Ҳам яна бору йўқимни йўлида барбод этиб, Молу жондин айрилиб, вайрона бўлдим оқибат.
Вирд этиб исми шарифингни хаёлим олдириб, Қадди-бўйинг фикридин мастона бўлдим оқибат.
Равшан этмиш тийра кулбамни жамоли шамъии, Ўз маконим ўзима, ғамхона бўлдим оқибат.
Кўп бу олам ичра мандек ошиқу вобасталар, Лек алар бир ёна, мен бир ёна бўлдим оқибат.
Етмишам эмди ҳалокатға не айлай мен Фақир, Марҳами дил топмадим, ҳайрона бўлдим оқибат.
* * *
Ишни битирмай, эй иним, айшу ишратлар абас, Одатинг маҳмиллиғ эрса, бу маишатлар абас.
Топмайин мақсад бу корингдин на лозим шодлир, Бу замонда ҳақдин ўзга дўсту улфатлар абас.
Эътиқодим эрди кун-кундин зиёдаким сенга, Ўқимоқға роғиб эрдинг, ўзга ниятлар абас.
Лекин эмди масту бепарволиғинг қўйғил яна, Йўқса бу савлату сийрат, хўб суратлар абас.
Етса молим, етмаса жоним, деган олим бўлур, Беҳуда нокаслара йўқса бу ҳимматлар абас.
Қудратинг етганча ҳақ деб, туш илм кўйигаким, Саъй қилдинг неча кун то бўлди меҳнатлар абас...
Юрмагил бедардлар бирла бас эмди ор қил, Катта бўлғандин сўнг этган жумла ғайратлар абас.
Гила қилма бу Фақир ўртанганидин қилди назм, Бизга йўқса бу фазойил ушбу шуҳратлар абас.
* *
Ҳақиқат дўст шулдур бўлса дўсти жониға муҳтож, Чин ошиқ улки тун-кун бўлса ўз жонониға муҳтож.
Эмас ул ошиқ ҳар маҳвашни кўргач кўнглин олдурса, Ҳар ошуфта бўлур ўз дардининг дармониға муҳтож.
Ким оқил эрса бир ёр ила умрин ўткарур доим, У нодондур жаҳонни ҳар лаби хандониға муҳтож.
Неча бир соддалар ҳар нозанин ишқида овора, Берурлар дил аларнинг ваъдаи ёлғониға муҳтож.
На армондир кишининг бир вафолиғ дилбари бўлса, Ҳамиша бўлсалар бир-бирининг фармониға муҳтож.
Манам чин эътиқодим сизга холис дўсти жондурман, Ҳар одамким бўлур ўз кўнглин олдурғониға муҳтож.
Эрур нокаслик ул аввалғи дўстидин жудо бўлмоқ, Бўлурлар баъзи тоза ҳамнишин бўлғониға муҳтож.
Дуогўйинг, Фақиринг жонидин ортуқчасидурсан, Етушсанг кулбасига сен киби пурдониға муҳтож.
* * *
Юртимизда ибтидои рағбати жон бўлди печ, Сўнгра кам-кам, йил-байил машҳури даврон бўлди печ
Косиб аҳли доғи қилдилар бино юз шавқ ила, Баъд аз он шуҳрат топибон, қалъа ёбон бўлди печ.
Бул ажойиб мадраса печи бино қилдурсаким, Айш учун онларда ҳам беҳад намоён бўлди печ.
Шаҳр халқи ҳар йил айларлар иморатлар басе, Бир-бирисидин кўруб кўнглида армон бўлди печ.
Аксари эл тоза жойин йўқдурурлар печ учун, Биткариб олғонлари чун боғи бўстон бўлдй печ.
Дашк ила кўп нотавонлар қарз этиб айлар бино, Лек сипоҳию тавонгарларга арзон бўлди печ.
Косибу мулло, авом, фақру ғино, шоҳу гадо, Хоҳики кофир, жуҳуд, жумли мусулмон бўлди печ.
Бил маҳол эрди қадимғиларға лой тандирча ҳам, Эмди чу мард аксари инсонға осон бўлди печ.
Бу сифат таърифа лойиқдурки роғибдур ҳама, Айшу ишрат истаганча роҳати жон бўлди печ.
Эътироз этган киши камдур жаҳон айвонида, Бул хусусан қарилар дардиға дармон бўлди печ.
Етса қудрат кошки қилсанг бино зийнат била, Нозу неъмат бешумор бўлса, ободон бўлди печ.
Келса бетаклиф маҳбубул қулублар субҳу шом, Бўлса бу янглиғ ҳамиша чун гулистон бўлди печ.
Нозанинлар гул юзидин етса равшанлиғ анга, Бас не армон, йўқса базм ақлиға зиндон бўлди печ.
Мунча тавсиф этдинг аммо йўқ ўзингда, эй Фақир, Қил бино бирин сенам, беҳадду поён бўлди печ.
* * *
Олам ичра топмадим бир дўсти жонон беғараз, Олиҳиммат деганим сўнг бўлди ёлғон, беғараз.
Бу замонда қадру қиммат билгудек дўст қолмади, Беҳуда бермаслар ўз хешиға ҳам нон, беғараз.
Дўст бўлған дунёдин қўл ювса бир-бири учун, Дунмайин бир-бирига қилса фидо жон беғараз...
Лойиқи иззат бўлурсан бу сифат тутсанг равиш, Лек борсанг ҳар макон неъмат фаровон беғараз.
Роҳи рост деб дасти холий борсангиз эшонлара, Равнақинг йўқ ҳеч хабарин олмас эшон беғараз.
Ҳурмат этмаслар авом ичра улуғ олим эсанг, Эл азизиким кўп айлар хайру эҳсон, беғараз.
Юртимиз халқи, маҳовоти, тавозе, таъзими, Зинҳор алданма қилмас кўрса хандон беғараз...
Меҳрибондур бир-бирин кўргач қилурлар эҳтиром, Маҳз тил учи қилурлар гила бўҳтон беғараз.
Холисаллилоҳ бир дўстим борай деб ижтимоъ, Хоҳ-нохоҳ айлаб эрди аҳду паймон беғараз.
Заррадек қавлу-қарорин эътибори йўқ экан, Завқ-шавқ ила чақирмай аксар инсон беғараз.
Ваъдасин чин билма, ҳар ким ваъда берса, эй кўнгул, Ваъдаға қилмас вафо ҳар бир мусулмон беғараз.
Мен Фақир холис ҳабибим борки дўсти ду жаҳон, Мухлисиман меҳрибон Абдулраҳимжон беғараз.
* * *
Дўстлар, даҳр ичра баъзи ошноларни кўрунг, Баъзи юз куй, шумфикр, рўйи сиёларни кўринг.
Кўрса кимдин фойда таърифини айлар олдида, Бу тамаъчин зоҳиду бахти қароларни кўрунг.
Қўрмаса нафъин ҳамиша тахт этар бошдин-аёқ, Аямас устоз, отосин, беҳаёларни кўрунг.
Дўст бўлса ҳар кишига бўлмас асло беғараз, Бу ғаразгўй турба, хуржунсиз гадоларни кўрунг...
Баъзи мажлисда такаллум қилса навбат бермагай, Жаҳли бадраг, мода чу хирс кадхудоларни кўрунг.
Ўзида ботмон айб дегай биров мисқолини, Тажриба айлаб бу навъ кибру ҳаволарни кўрунг.
Эй Фақирий, бу авом адно учун ўртанма ҳеч, Йил-байил бундин баттарроқ можароларни кўрунғ.
* * *
Булбули зорам қўнарға бир гулистон истарам, Бу гўзалларни не айлай кўйи бўстон истарам.
Ошиқам, эй дўстлар, жонимға жонон топмайин, Жонажон бўлғоли бул жонимға жонон истарам.
Ёрсиз жаннатга кирсам зулмату зиндон эрур, Нола, афғон тортибон бир моҳитобон истарам.
Ёрсиз ёйдек бўлиб қолдим ажаб бемормен, Писта лаълидин анинг дардимга дармон истарам.
Юз ўгурдим бевафолардин басе безорман, Бовафоу бомуравват чашми мастон истарам.
Беҳаё, бешарм маҳваш кўп, кўнгул севмас ани, Тозаю тар гулбадан зулфи паришон истарам.
Гар топилса бир мувофиқтабъ дилбар, дўстлар, Ман Фақир тун-кун ани бўлмоқға меҳмон истарам.
* * *
Бу янглиғ кўп сиза ихлосим, аммо бериё бўлғай, Бу жоним кошки сиздек ҳабибимга фидо бўлғай.
Ки содадил бўлиб ҳар кимки борса хизмат айларсиз, Не бўлса муддаонгиз икки оламда раво бўлғай.
Жаҳонда якка бизлар эрмас ҳар ким кўрсалар сизнн, Билиб бу феълингизни айрилишмас, ошно бўлғай.
Ўгурса сиздин ҳар ким юз, эрур ул аҳмақу аблаҳ, Ўзини қадрини билмас анингдек бевафо бўлғай,
Бўлур одам била одамда фарқ бир бўлса ҳам асли, Бахилу беҳаё баъзиси, баъзи кадхудо бўлғай.
Бўлур баъзи вафолиғ, баъзи фитна ҳамчу шайтондек, Бу боисдин нечаси дўсти жонидин жудо бўлғай.
Манам оламда кўп одам била бўлдимки ҳамсуҳбат, Жаҳонда кўрмадим сиздек чучуктил камнамо бўлғай.
Ким излаб борса меҳмон бўлғали ёту қариндошдин, Анинг ҳаққида тун-кун хизматингиз жо-бажо бўлғай.
Ва лекин сиз ҳамага холисаллилоҳ қилиб хизмат, Яна ҳам хуш сўзингиз аҳли дардларга даво бўлғай.
Бу ихлос бирла хизмат қилғанингиз кўрса ҳар бир иард, Бўлур банда эшикингизда ўлгунча гадо бўлғай,
Хусусан ҳовлингизга бўлса меҳмон толиби илмлар, Аларга иззатингиз, хизматингиз бебаҳо бўлғай.
Фақир айлар дуонгиз холиссаллилоҳ кеча-кундуз, Бериб бисёр фарзанд ёрингиз доим худо бўлғай.
МУСТАЗОД
* * *
Эй дил, бу жаҳон хўблари қилди сани зор, Дийдориға шайдо, Ҳам ҳоли паришон. Бўлдинг неча гулчеҳра жамолиға гирифтор, Ноланг қилиб ифшо, Ҳам айладинг афғон. Васли талабида югуриб кечаю кундуз, Йўқ эрди қароринг Вобасталиғингдин. Онлар сани ҳаққингда мудом эрди жафокор, Раҳм этмайин асло, Зулм айлади чандон. Бу куй аро кўрдинг неча навъ ранжу аламлар, Тарк айламадинг ҳеч, Мажруҳ бўлиб ҳам. Ҳижрони ўқи қилди юрак-бағрингни афгор, Чекдинг неча танҳо, Ишқи аро нолон. Кўксингга пичоқ урсанг аларнинг назарида, Истаб қулай раҳ, Ўлсанг агар ул дам. Бу ҳолингга қайғурмас ўшул кофири хунхор, Бал анга тамошо, Айлар лаби хандон. Бир зарра гила қилма алар кори жафодур, Ошиқлариға, Йўқ расми вафоси, Лекин тил учи меҳриға алданмаки зинҳор, Қилса неча иғво, Сўзи бари ёлғон. Сандин бурун ўтмиш неча бир ошиқу маъшуқ, Бу даҳр аро гирён, Бори ҳама дил соф. Ранжур булуб фурқати ичра чекиб озор, Ҳам ёқди саропо, Бу оташи ҳижрон...
МУХАММАСЛАР
Дўстлар даҳр аҳли жонониға ёр ўлмоқ ғалат, Бодаи васлин тилаб тун-кун хумор ўлмоқ ғалат, Халқ таъни бирла элга ошкор ўлмоқ ғалат, Бевафо маъшуқалар куйида зор ўлмоқ ғалат, Истабон васлини кўздин ашкбор ўлмоқ ғалат.
Кўп бу даҳр ичра паривашлар ду чашми олалар, Ошиқ ўлғай кўрсаким кўздин тўкибон жолалар, Балки ёш ўрниға сўнгра қон тўкар чун лолалар, Фурқат ичра тинмайин айлаб фиғону нолалар, Тиғи ҳажридин бу янглиғ дилфигор ўлмоқ ғалат.
Дил берурлар кўргачин меҳри жамолин истабон, Кошки келса экан шўридаҳолин истабон, Бўлма ҳаргиз хомтамаъ оби зилолин истабон, Ҳажр водийси аро ул ой висолин истабон, Беадад ранжу аламларға дучор ўлмоқ ғалат.
Боқма ихлос ила кўпдур ҳусни гул, қоши қаро, Чунки нодонлик эмасму кўргач ўлмоқ мубтало, Баъдазон сен ўз юрак-бағринг қилиб қону яро, Жустужў айлаб фироқида туну кун даҳр аро, Топмайин васлин анинг беэътибор ўлмоқ ғалат.
Ушбу ҳасратлар била тинмай мудомо қон ютуб, Чин ҳақиқат ошнолардин кўнгулни совутуб, Бу тараддуд бирла етмас тийра кулбанг ёрутуб, Пуржафо дилдордин ҳар дам вафони кўз тутуб, Жон фидо айлаб йўлида хоксор ўлмоқ ғалат.
Шод бўлғунг кўргачин кўрдимки, дилдорим дебон, Сўрди аҳволим билиб бу ногаҳон зорим дебон, Ваъда қилди келмагига бу кеча ёрим дебон, Садқа энди йўлида ҳарна йўқу борим дебон, Кўз тикибон йўли узра интизор ўлмоқ ғалат.
Бил бу савдолар била олам аро машҳур ўлуб, Қун-бакундин ҳам Фақиру бенавою хор ўлуб, Дўст ушбу эркан аммо, юрса андин дур ўлуб, Чэкаро, бераҳм маҳваш ҳуснига мағрур ўлуб, Фурқати дашти аро мажнуншиор ўлмоқ ғалат.
* * *
Дўстлар, бир мосиво бўлған ғарибмен, найлайин, Ўртаниб, ёниб адо бўлған ғарибмен, найлайин, Юз аламға ошно бўлған ғарибмен, найлайин, Бекасу бемуттако бўлған ғарибмен, найлайин, Мискину бедасту по бўлған ғарибмен, найлайин.
Телмуруб қолдим нетай модар, падардин айрилиб, Йўл адошиб ғамда қолдим роҳбардин айрилиб, Кеттилар дўсту ёронлар ҳам назардин айрилиб, Лек мен қолдим бу ерда яхшилардин айрилиб, Дарду ғамға ошно бўлған ғарибмен, найлайин.
Ўтди аҳволим ҳазинлиғ бирла кун-кундин батар, Ғамни саҳросида қолдим бўлмишам бир муштипар, Кўрсалар бедардлар ҳолим кўриб айлар ҳазар, Йиғлаюрман ҳолима ҳардам куяр жону жигар, Минг алам бирла адо бўлған ғарибмен, найлайин.
Зор кўнглумни менинг кўп зор бўлғанлар билур, Дард кўрганлар билур, бемор бўлғанлар билур, Тиғи ғам бирла дили афгор бўлғанлар билур, Чун азиз боши жаҳонда хор бўлғанлар билар, Беқадр, бераҳнамо бўлған ғарибмен, найлайин.
Мисли қақнусдек бу оташ ошиёним куйдурур, Оҳу ноламни ўти бешак забоним куйдурур, Ҳам ёқиб жисмим, юроким, устухоним куйдирур, Балки жоним кул қилиб, руҳи равоним куйдурур, Бас куюб ҳам кам баҳо бўлған ғарибмен, найлайин.
Ҳеч мусулмон мен каби кўнгли паришон бўлмағай Етмайин мақсудиға бағри тўла қон бўлмағай, Эл аро ифшо бўлуб ҳайрону нолон бўлмағай, Телбалардек кеча-кундуз дийдагирён бўлмағай, Ақлу ҳушидин жудо бўлған ғарибмен, найлайин.
Сирри пинҳоним десам бир ёри жоним йўқ менинг, Дегали, ҳолинг нечукдур, меҳрибоним йўқ менинг, Найлайин девонадек далли маконим йўқ менинг, Чун қуши беболу пармен, ошиёним йўқ менинг, Нотавон қаддим дуто бўлған ғарибмен, найлайин...
* * *
Сана эрди минг уч юз бир кам ўттуз, бўлди уй бесар, Яди зай ахчадин ўн бизлара мотам бўлиб роҳбар, Жаҳондин ўтди модар, бўлди сўнг ичган-еганим заҳр, Ҳама қон йиғлашиб қолдуқ юраклар пора, кўзлар тар, Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Халойиқ юрт-баюрт ўйнаб-кулуб қилди ийду байрам, Ажаб, беҳад шукур, ҳақ бизлара кўрди раво мотам, Дебон катта-кичик вой устига вой, оҳ уруб ҳар дам, Инончим ҳам суянчим қилди реҳлат, бўлди қаддим хам, Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар. Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Ҳаётида уйимиз гўиё бозор эди тун-кун, Эру хотин ҳама бир-бирга беозор эди тун-кун, Боримизға бўлуб шод меҳрибон ҳушёр эди тун-кун, Хусусан мен ғарибидинки миннатдор эди тун-кун, Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар. Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Мудомо хуш сўзи ила барчамиз шодоб этар эрди, Бериб панду насиҳат чун зари ноёб этар эрди, Қаюмиз кўрса, сиз биз деб басе одоб этар эрди, Боримизға кеча посбон ўлуб, кам хоб этар эрди, Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Етишса даҳри дундин ғам, дилим айлар эди хуррам, Туфайлидин қишу ёз, кеча кундуз шод эдим беғам, Нетай онсиз қоронғу кўринур чун кўзима олам, Чошиб ақлу ҳушим девона янглиғ бўлмишам кам-кам, Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Эди шодимға шод, гаҳ етса ғам мендин батар ғамгин, Бериб ширин забонлиғ бирла дил-кўнглум қилиб таскин, Дер эрдим сирри пинҳоним кимим бор эмди бир ичкин, Қолиб мен бош очиқ ғам-ғуссада бўлдим ажаб мискин, Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар. |
Икки йўл: ё бозор, ё адабиёт |
|
|
|
11.04.2014 05:01 |
Ҳажвчи дўстларимиздан бири яқинда таҳририятга бир қучоқ китобларни қўлтиқлаб, уларнинг муаллифи тўғрисида тўйхат ёзиб кириб келди. — Набижонни биласиз, салом деворди, дўстимиз элликка тўляпти, — деди у тўйхатни менга узатар экан. — Китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти, баъзилари қайта нашр ҳам бўлди, ёшлар ўртасида жа машҳур. Газетада қутлов чиқса хурсанд бўларди-да... Набижонни биламан, Олтиариқнинг машҳур Повулғон қишлоғида таваллуд топган, дурустгина қалами бор, суҳбати маъноли йигит, аммо кейинги икки-уч йил ичида ўнга яқин саргузашт китоблари чоп этилганидан, саргузашт-детектив жанрида астойдил меҳнат қилаётганидан бехабар эканман. “Эрлибосли аёл” — роман, “Аросат дунё” — уч китобдан иборат саргузашт қисса, “Чимилдиқли уй ноласи” — саргузашт роман, “Ёввойи келин” — детектив роман, “Топталган гулбадан”, “Аламли муҳаббат”, “Покланган фирибгар”, “Зебузар” — саргузашт қиссалар ва яна бир неча пиесалар, киносценарийлар... “Қойил-е!” деворганингни ўзинг ҳам билмай қоласан. Саргузашт романлари билан дунёга машҳур ёзувчилар қандай ишлашганини эсласак, ажабланарли жойи йўқ, бугун дунёнинг ўзи саргузашт воқеаларга бой. Бундан сал аввал ўзимизда ҳам бир ёш йигитча ўзи тенги газеталардан биридаги суҳбатида: “Мен бу йил камида қирқта қисса ёзишни режалаштирганман”, деди. Ҳеч ким “ваҳҳ” деб юборгани йўқ. Аммо бизнинг онг-шууримизга, маънавий оламимизга, ахлоқимизу турмуш тарзимизга бевосита таъсир кўрсатадиган чинакам бадиий адабиётни кўзда тутадиган бўлсак, кимнинг қанча асар ёзгани муҳим эмас, қандай ёзгани ва ёзганларидан қандай маъно англашилгани муҳим. Баъзи муаллифлар бор-йўғи битта китоб билан ҳам машҳурлик чўққисига кўтарилиб, бу жойни анча вақт забт этиб туришган. Шу мулоҳаза билан Набижоннинг саргузашт китобларини, гарчи вақт тиғиз бўлишига қарамай, ўқишга бошладим. Биринчи бўлиб “Аросат дунё”ни қўлимга олдим. Асарда ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида шўроларнинг қатағон сиёсати қурбонига айланган Мамажонбойнинг кўрган-кечирганлари, чидаб бўлмас даражадаги азоб-уқубатларга дучор бўлганида ҳам, худди машҳур Робинзон Крузо, Дерсу Узала, граф Монте Кристо каби умидсизликка тушмай, ҳаёт учун курашгани батафсил ҳикоя қилинади. Алғов-далғовли бу давр мавзусида кўп ўқиганимиз, қатағон қилинган ватандошларимизнинг аянчли ҳикояларини кўплаб тинглаганимиз учун ҳам, асар қаҳрамонининг олис Тайгада ёлғиз бир ўзи ўлим билан неча бор юзма-юз келиши тафсилотлари ўқувчини бениҳоя қизиқтиради. Бунинг яна бир боиси, асар воқеалари муаллифнинг бадиий тўқимаси эмас, реал ҳаётий воқеаларга асосланганида. “Чимилдиқли уй ноласи” саргузашт роман, дейилган. Асарда ўзаро аҳду паймон қилишган, аммо висол нашидасини суриш насиб этмаган икки ёшнинг пок муҳаббатлари, қалб изтироблари қаламга олинган. Воқеалар ривожи бобдан бобга қуюқлашиб боради, қаҳрамонлар тақдир тутқичини тутиш йўлида аёвсиз синовларга, хуш-нохуш воқеаларга, турфа ниятли одамларга дуч келадилар. Воқеа-ҳодисалар муаллифнинг қистови билан тезлашиб, бадиий тўқима бўртиб кетган жойлари ҳам бор. Бундай ҳолатларда, бошқа айни шундай китобларни ўқиётганингда ҳам бўлганидек, ўқувчини муаллифнинг ёзувчилик маҳорати эмас, воқеаларнинг давомига бўлган шунчаки қизиқиши ушлаб туради. Ота-онасига ёрдам бериш учун олис ўлкаларга ишга отланган ёш Қобилбекнинг бошига тушган савдолар нима билан тугашини кутиб, ниҳоят асарнинг сўнгги саҳифасига етиб келасиз. Менда ҳам шундай бўлди. Ҳар икки асарни айни шу қизиқиш боис ўқиб тугатдим. Уларни таҳририятга олиб келган ҳажвчи дўстимиз тўғри айтган экан — китоб масаласида анча инжиқ мен ҳам ўқиб чиқдим-ку, демак, бошқалар, айниқса, ёшлар бундай асарларни қўлма-қўл қилиб ўқишаётганига ишонса бўлади. Токи шундай экан, бугун ижодий самарадорликда ҳаммамиздан пешқадам бўлиб турган Набижон Ҳошимовга ёзилган қутловни бемалол эълон қилаверсак ҳам бўлади. Аммо... Мен унинг бор-йўғи иккита асарини ўқиб чиқдим. Шу ўқиганларим асосида баъзи хулосаларга келдим ҳам. Набижон ўзи ихтиёр этган жанрда битилган кўплаб машҳур асарларни яхшилаб ўқиган кўринади, ҳар қандай қаламкаш учун шунинг ўзи мақтовга сазовор. Иккинчидан, Набижонда ёзувчилик салоҳияти бор, воқеий қисса ёзадими, саргузашт роман битадими, ўқувчини асарнинг охиригача ҳаяжон ва изтиробда “ушлаб” тура олиши буни исботлаб турибди. Бу жуда муҳим тажриба. “Чимилдиқли уй ноласи”да менга кекса ўрмончи чолдан Қобилбекка “мерос” қолган эски, сассиқ фуфайка детали маъқул бўлди. Қобилбек ишлаш учун йўлга отланиб, Россиянинг овлоқ бир ҳудудига бориб қолади. Раҳм-шафқат нималигини билмайдиган кимсаларнинг қўлида қулдек ишлайди. Бир куни шериклари уни бир амаллаб қочиришади. Қобилбек аёвсиз Тайгада узоқ вақт тентираб юради, совуқда бир амаллаб жон сақлайди. Охири қуролланган кишилар ниманидир ахтариб келиб, чайлада бир ўзи амал-тақал қилиб кун кечираётган чолни қийнаб ўлдиришларига гувоҳ бўлади. Қобилбек чолни дафн этади, унинг эски фуфайкасини кийиб, йўлга тушади. Асар сўнгида шу фуфайка ичидан жуда катта миқдорда хорижий валюта чиқиб, қаҳрамонларнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади. Бошқа бир тажрибали муаллиф бўлганида, бу кийимнинг асар якунидаги ижтимоий юкини янада ошириб юборган бўларди. Масалан, Қобилбек ҳали жони узилмаган чолни баҳоргача парвариш қилиши, даволаши, чол эса вафот этишидан олдин унга: “Раҳмат сенга, ўғлим, фарзандим йўқ эди, сени Худонинг ўзи етказди, уйингга етгунингча шу фуфайкани эгнингдан ечма”, дейиши ҳам мумкин эди-ку... Бугун хусусий нашриётларда пешма-пеш чоп этилаётган айрим китобларнинг бир қусури — улардаги сон-саноқсиз хатоликлар, ғализ жумлалар, имло қоидаларига амал қилмаслик. Хато шу қадар кўпки, қўлёзмани босмахонага топширишдан олдин бирор киши ўқиб чиққанми, корректураси муаллиф матнига солиштирилганми ёки йўқми, деган иштибоҳ туғилади. Асабга тегадиган бу қусур бошқа китоблар қатори Набижон Ҳошимовнинг саргузашт қиссаларида ҳам учрайди. Мана, баъзи мисоллар. “Чимилдиқли уй ноласи”, биринчи қисм, учинчи саҳифа. Йўловчилар автобусга “ғала-ғовур қилиб, тик туриб жойлаша бошладилар. Теварак-атроф оқариб, шафақ қизара бошлайди. Ҳайдовчи бир эснаб, керишиб олади-да, ўрнидан эринибгина туриб, кўзларини ишқай-ишқай кира ҳақини йиғишга бошлайди. Тиқилинчдан бетоқат бўлганлар эса энди гўё бабақхўроздай норози қичқира бошлайдилар”. Шу биргина абзацнинг ўзида “бошлайди” сўзи тўрт марта ишлатилган. Имло хатоларининг сон-саноғи йўқ. Мана бу жумлаларга эътибор беринг (64-саҳифа): “Нурбек уларнинг бошига мағзава ағдаргандек, б р дунё қарзни илиб кетди. Нурбек хотини Ойнисани х ёнатда айблаб уни бутундай ёмон кўриб қолди. Болаларидан еҳри қочди. Онаси, хотини ва болаларининг тақдирига ефарқ бўлди. Ойнисага энди туман матлубот уюшмасида шлашни бутунлай таъқиқлаб қўйди ва Россияга тезлик илан қайтиб кетишга тараддуд кўра бошлади”. Ушбу мулоҳазаларни қоғозга туширар эканман, бир муаммо хусусида ўзим билан ўзим тортиша бошлайман: китобхонлар, адабий жамоатчилик, муҳтарам танқидчиларимиз оёққа туриб, истеъдодли ёш муаллифларни ёнимизга олиб, камчиликларини тўғрилаб, ноширларнинг масъулиятини ошириб, бундай нуқсонларга барҳам беришимиз ёки... “Ҳа энди, бугун шу-да, нима ҳам дердик”, дея бепарво юраверишимиз керак. Метро вагонларидаги деярли ягона ўзбекча “Илтимос суянмангиз” деган ғализ ва хато ёзувга кўникиб бўдик-ку! Набижон Ҳошимов ва у даражасидаги фаол ижодкорлар олдида, менингча, иккита йўл турибди. Биринчиси: шиддатни сусайтирмай, шу йўсинда, шу савияда пешма-пеш китоблар чиқаравериш, қайта-қайта нашр эттириш, менга ўхшаган инжиқ муҳаррирларнинг эътирозларига мутлақо парво қилмаслик. Иккинчиси — озроқ бўлса-да Худо берган истеъдодни ҳурмат қилиш, шошилмаслик, бир йилда бешта эмас, битта асар ёзишу қойил қилиб қўйиш. Ё бозорни қизитиш, ё адабиёт ривожига, маънавият, маърифатга хизмат қилиш. Набижон Ҳошимов истеъдодсиз, адабиётга даҳли йўқ шунчаки бир ҳаваскор қаламкаш бўлганида, мен бу гапларни асло ёзмаган бўлардим. У анчайин шаклланган, қалами қайралган, ўқувчига айтадиган гапи бор ёзувчи. Фақат озроқ қунт қилса, қўлёзмаларини муҳокамага қўйиб, билдирилган мулоҳазалар асосида қайта-қайта ишлашга одатланса бўлди, адабиётимизни янги-янги асарлар билан бойитадиган ёзувчига айланиши шубҳасиз. Бу иш унинг қўлидан келади, деб ўйлайман. Чунки детектив жанридаги ур-йиқит, қочди-қувди, шилиб кетди-тилиб кетди, сирли қотиллик қабилида битилган, таҳрирсиз чоп этилган асарлар вақти-соати билан ўқувчининг меъдасига тегади. Бозор адабиёти у ёки бу муаллифга ўз “бағри”дан жой берар экан, кейинчалик бу иссиқ гўшани тарк этиш жуда қийин кечади. Бунга энди мисоллар жуда ҳам кўп... Набижон мени тўғри тушунади ва ушбу мулоҳазаларимни тўйхат ўрнида қабул қилади, деган умиддаман.
Аҳмаджон Мелибоев |
|
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг… |
|
|
|
24.03.2014 14:22 |
Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар, Ана юришибди кийганлари зар Қодирийни сотиб шоир бўлганлар... (Муҳаммад Юсуфдан)
Шоирнинг синглиси — бувим Фоиқа Сулаймон қизи жуда илмли, тақводор, араб тилидан ҳам анча хабари бўлган аёллардан эди (1995 йилда вафот топдилар). Ўз оилаларида совет даврининг қийин кунларида ҳам беш вақт намозни канда қилишмасди. Қуръон оятларини ўқиб, ўзбек тилида имкон қадар тафсир қилиб беришарди.
Мен ҳамма ҳам билмайдиган битта воқеани айтиб бераман. Чўлпон 38-йилдаёқ отиб ташланган бўлса-да, оиламиздагилар бу воқеадан 50-йиллардагина хабар топишган. Сталин вафот этиб, унинг қатағонлари фош этилгач, кўпчилик ёзувчи ва шоирларимиз, арбобларимиз қатори Чўлпонни ҳам оқлашган. Ана шундагина унинг вафоти ҳақидаги хабар Андижонга етиб борган, бувимиз 20 йил ўтибгина – 1957 йилда аза очганлар. Ўша 20 йил давомида бувим акаларининг келиб қолишини кутиб яшаган экан. Бувимнинг Москвага ёзган хатига «Чўлпон 1939 йилда қамоқхонада вафот этган» деган жавоб келган. Ваҳоланки, Чўлпон 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган, 5 октябрда суди бўлган! Ўша 1957 йили бувим акасига жаноза ўқиттирган, кичикроқ маърака қилинган. Бу мусибатлар, айниқса, шоирнинг катта синглиси Фозила онамизга қаттиқ таъсир қилган. Улар кейинчалик руҳий хаста бўлиб қолганлар, 93-йилнинг ёзида вафот этганлар (бувим 1908 йилда туғилган, Фозила онамизнинг таваллуд йиллари - 1906).
Шу ерга келганда оилавий маълумотларни тўхтатаман-да, таниқли адабиётшуносимиз Озод Шарафиддиновнинг Чўлпон ҳақидаги битикларини тақдим этаман. Зеро, Чўлпонни энг кўп биладиган, у ҳақда архивлардан етарли маълумот ололган, Чўлпонни биринчилардан бўлиб ёқлаб чиққан шахс, менимча айнан Озод Шарафиддиновдир. Яна бир аҳамиятли томони, мазкур тадқиқот ва битикларда нафақат Чўлпон, балки қатағон йилларининг бошқа воқеалари ҳақида ҳам жуда қимматбаҳо маълумотлар бор. Мен Озод Шарафиддинов таҳлилларининг энг қизиқарли саҳифаларини тўплаб чиқдим ва бироз ўзгартириб беряпман. * * *
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ўзига хос бетакрор шеърият оламни яратган улуғ шоирлар сирасидандир. У ижодини 1914 йилдан бошлади, парвози эса 20-йилларга тўғри келди. Айниқса, 1920-27 йиллар мобайнида Чўлпон илҳоми жўшқин булоқдай қайнаб-тошди, пўртанадай қирғоқларга сиғмай кўпириб жўш урди.
1925 йилда қабул қилинган РКП Марказий комитетининг резолюциясидан сўнг жуда кўпчилик шоир ва ёзувчиларимизга қарши маънавий қатли ом бошланди. Чўлпон шу шу қатли омнинг биринчи қурбонларидан бўлди. Шу ўринда атоқли адабиётшунос олим Абдурауф Фитратнинг 1928 йилда эълон қилинган «Ёпишмаган гажаклар» деган мақоласида тилга олинган бир фактни эслайлик. Олим 1919 йилда «Чиғатой гурунги» тўгарагининг илмий мажлислари қуролли қизил гвардиячиларнинг назорати остида ўтганини эслайди. Шўрлик зиёлилар пешонасига милтиқ тиралиб турган ҳолда қандай гурунглашдилар экан?
Шундай қилиб, шўролар ҳукумати ўзининг илк қадамалариданоқ ижод эркинлигини чеклашни бошлаб юборишганди, зиёлилар фаолиятига тўсиқлар қўйиш, меҳнаткаш халқни уларга нисбатан ишончсизлик руҳида тарбиялаш сиёсатига амал қилардилар. 1927 йилнинг 4 октябрида Чўлпон Самарқандда ўтган Ўзбекистон маданият ходимларининг II қурултойидан хайдаб чиқарилади. Унинг бўйнига турли бўҳтон ва иғво гаплар қўйилади.
30-йилларнинг барча қурбонлари каби, Чўлпонга ҳам биринчилардан бўлиб айб қўйганлар – аслида истеъдоди йўқ бўлган, ривожлана олмаётган ёзувчи ва шоирлар эди. Масалан, улардан бири – ҳозирда ҳеч биримиз танимайдиган Умаржон Исмоилов. Тўғри, у ўзи буни тўғридан-тўғри амалга оширмаган.
«Правда Востока» газетасининг 1931 йил 15 январ сонида Михаил Шевердиннинг «Ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деган мақоласи эълон қилинади. Қизиғи шундаки, ўзбек тилини билмайдиган, ўзбек адабиётидан йироқ турадиган бу одам ўзбеклардан чиққан ҳақиқий истеъдод эгаларини қоралаб, ерга уриб уларга истеъдодсиз адибларни қарама-қарши қўйишни, уларнинг хом-хатала, тутуруқсиз асарларини кўкларга кўтаришни касб қилиб олган эди. У 1927 йилда Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини ёмон отлиққа чиқаради. Тасаввур қиляпсизми, «Ўтган кунлар»ни-я! Кейин эса юқорида тилга олганимиз мақолада ўша Умаржон Исмоиловнинг «Пахта шумғиялари» деган ўта бўш асарини «ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деб кўкларга кўтарар экан, йўл-йўлакай Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларни бир тепиб ўтишни ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билади. Мана, ўша мақоладан сатрлар: «Буржуй ёзувчилари Фитрат («Арслон»), Чўлпон («Ёрқиной»), Абдулла Қодирий («Меҳробдан чаён»), Элбек («Турмуш уринишлари») ва бошқалар ўзбек адабиётининг ўта ўнг қанотини эгаллаб келишаётир. Бу ерда Фитратнинг қатор асарларидаги туркпарастлик ҳақида, Чўлпон ижодидаги босмачилик кайфиятлари тўғрисида, Жулқунбой-Қодирийнинг савдо буржуазияси ва феодализмни мадҳ этгани хусусида, Элбекнинг шовинизми борасида гапириб ўтишнинг ўрни эмас».
Услубнинг гажакдорлигига қаранг – гапирадиган гапини гапириб бўлиб, «гапириб ўтиришнинг ўрни эмас» дейди-да, юввошгина бир чеккага чиқиб қараб тураверади.
Хўш, Шевердин буларни тинимсиз қаердан олиб ёзар экан? Гап шундаки, ўша пайтларда Тошкентда ВКП марказий комитетининг Ўрта Осиё бюросида Зеленский деган одам ўтирарди ва юқоридаги каби мақолаларни дарров рус тилига таржима қилдирарди, синчиклаб ўқиб чиқарди.
Матбуотда эълон қилинган бунақа гаплар, айниқса, Михаил Шевердиндай «мўътабар зот»нинг оғизларидан чиққани учун кўпгина ўзбек адабиётчилари томонидан дастуриламал ўрнида қабул қилинарди. Шунақа пўписалардан кейин Чўлпонга яқин одамлар ҳам ўз қарашларини бутунлай ўзгартириб, ҳукмрон мафкура хизматига бел боғлар эдилар. Шулардан бири Абдураҳмон Саъдий 1924 йилда Чўлпонни қандай мақтаб мақола ёзган бўлса, 30-йилларга келиб, уни шундай ерга тиқади. Жумладан, «Ўзбек буржуа адабиёти» деган дарслигида, Саъдий Чўлпонни «жадид, буржуа ёзувчиси, ашаддий миллатчи» деб таърифлайди.
Бундайлар орасида, айниқса, Миёнбузрук Солиҳов деган одам ҳаммадан ўтиб тушган. Тан олиш керак, у ўз даврининг энг истеъдодли адабиётшуносларидан эди. Бир қатор Туркистон мадрасаларида, жуда обрўли Истанбул университетида таҳсил кўрган, ҳаттоки, Қобулда дипломатик вазифада ҳам ишлаган. У ўнлаб китоблар ва мақолалар муаллифи, унинг ўзбек театри тарихига оид монографияси материалга бойлиги билан ҳозирга қадар тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб қилиб келмоқда. Афсуски, шундай юксак маданиятли, пухта билимли одам ҳам Чўлпонга тош отишда фаол қатнашган. Афтидан, у ҳам оёғи остидаги замин нураб бораётганини сезгану, ҳукмрон мафкурага садоқат кўрсатиб жон сақламоқчи бўлган. Шу мақсадда 1933 йилда «Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари» деган китоб эълон қилган, лекин бу садоқати ҳам уни қатағон бўронидан сақлаб қола олмаган! Айтиш керакки, Миёнбузрукнинг бу китоби ҳам материалга бой, аммо у нима қилиб бўлса-да, Чўлпон билан Фитратни миллатчига чиқаришни мақсад қилиб олади.
Миёнбузрукнинг бундай «хуружлари» ўша пайтдаги бошқа мақолалардан хавфлироқ эди – чунки мақолаларнинг кўпчилиги енгил-елпи ёзилган, уларда далил ўрнига шаллақи одамлар қўллайдиган усул – «диғоним-диғон» қабилида иш тутиш устивор эди. Миёнбузрукнинг китоби эса ҳар ҳолда китоб эди ва унда «илмийнамо» далиллар бордай туюларди. Бу эса жамоатчиликни чалғитиб, Чўлпон ҳақидаги тасаввурларни умуман бошқача тусга киритиб қўярди.
30-йиллардан бошлаб бутун мамлакатда янги қатағонлар тўлқини кўтарилди. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмасди. Жумладан, Мунаввар Қори, Маннон Рамзий ва Боту, шунингдек, Ўзбекистон Олий Судининг раиси Саъдулла Қосимов, прокурори Шамси Бадриддинов устидан суд процесси бўлиб ўтди. Бундайлар одатда ўша давр учун характерли бўлган тамға – «халқ душмани» деб отувга ҳукм қилинар эди (Мунаввар Қори 1931 йилда Москвада, Бадриддинов 1932 йилда отилган, бошқалариники номаълум).
1930 йилда Боту қамалиб, отишга ҳукм қилинди. Шундан сўнг Анқабой Худойбахтов деган бахмаллик журналист (1931 йилнинг 3 февралида) «Қизил Ўзбекистон» газетасида «Йиртилган ниқоб» деган мақола эълон қилади. Унда Ботунинг «чала қолган ниқобини» йиртади – уни «йўқсулларнинг ёвуз душмани» деб атайди. Орадан бир йил ўтгач, 1932 йилнинг 4 февралида яна ўша «Қизил Ўзбекистон» газетасида Х.Бурлақ ва Р.Чўрағулнинг «Зарарли икки китоб» деган мақоласи чиқади. Унда энди ўша Анқабойнинг ўзи танқид қилинади, китобидаги сиёсий хатолар фош этилади. Бироқ масаланинг энг таажжубли томони шундаки, газетанинг айни шу сонида Анқабойнинг танқидга жавоби ҳам босилган. Дунё тарихи ҳали бунақа тезкорликни кўрмаган бўлса керак! «Бошқармага хат»да Анқабой танқидни мардлик билан тан олади:
«…биринчи китобим бутунлай зарарли, уни қатъиян қўлга олмаслик керак… биринчи китобим жуда катта зарарларни келтирганлигини большевикларча масъулиятимга олиб, биринчи китобимнинг фойдаланишдан тўхтатилишини талаб этаман». Лекин, унинг бундай ялтоғланиб қилган тавба-тазаррулари ҳам фойда бермаган – кейинчалик Анқабой қамоққа олиниб, бошқа «халқ душманлари» қаторида 1938 йил 4 октябрда отиб ташланади.
Кўряпсизми, ёзди-ёзди замонида хўлу қуруқ тенг ёнган. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам бирин-кетин отувга ҳукм қилинаверган.
Бундай шароитда Чўлпоннинг бошидаги булутлар жуда қуюқлашиб қолади – уни сўкиб қарғашлар, «миллатчидан» олиб «миллатчи»га, синфий душманга солишлар жамоатчилик фикрини тайёрлаб бориб, уни қамоққа олишга асос бўлиши керак эди. Шунда Файзулла Хўжаевнинг маслаҳати билан Чўлпон Тошкентни тарк этади ва Москвага кўчиб бориб, собиқ СССР Марказий Ижроия қўмитаси аппаратида таржимон бўлиб ишлайди. Эҳтимол, шу нарса унинг қамоққа олинишини бироз кечиктирган бўлиши мумкин. Аммо расмий доиралар Чўлпондан шу даражада қўрққанларки, унинг ижодини синчиклаб текшириб боришган.
Ниҳоят, ўша қора 37-йил ҳам етиб келди. Шўроларнинг қатли ом машиналари бутун мамлакат бўйлаб паррак бўлиб айлана бошлади. Чўлпон Москвадан 1935 йилда қайтган бўлса, уни шу икки йил ичида нималар қилиб ташлашмади. Ниҳоят, 1937 йилнинг ёзида у қамоққа олинади. Бир йиллик даҳшатли қийноқлардан сўнг 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланади.
Мақоламизнинг сарлавҳасини Абдулла Ориповнинг машҳур шеъридан олиб қўйган бўлсак-да, уни яна Муҳаммад Юсуф сатрлари якунлаб беради:
37-йил йиғиси Олов эди, шўх эди ўғлим, Шамол эди, ўқ эди ўғлим, Уйимда нон йўқ эди, ўғлим, Энди менинг ҳолим не кечар? Майли изинг қолсайди, ўғлим, Ўғил-қизинг бўлсайди, ўғлим, Кўриб кўнглим тўлсайди, ўғлим, Энди менинг ҳолим не кечар? Тўлишган ой, тўлин ой, ўғлим, Кетган еринг қайси жой, ўғлим, Тилаб олган Турсунбой ўғлим, Энди менинг ҳолим не кечар? Ёниб кетсанг майлийди, ўғлим, Чўкиб кетсанг қанийди, ўғлим, Айбли бўлсанг қанийди, ўғлим, Энди менинг ҳолим не кечар? Ўқиб, ўсиб, унмай ўл, ўғлим, Ўқиб, олим бўлмай ўл, ўғлим, Олти тилни билмай ўл, ўғлим, Энди менинг ҳолим не кечар?
Беҳзод Аҳмаджонов |
17.01.2014 11:40 |
Тонг саҳардан бошлаб осмонда булутлар югургилаб қолди. Этни жунжиктирувчи совуқ шамол эсар, унинг таъсирида сарғайган нимжон япроқлар бандидан узилар, ҳавода чарх ура-ура ерга тушарди. Дарахтлар таги қалин баргихазон билан қопланган эди. Бир гала қарға қағиллаганча номаълум тарафга учиб кетди. Қишлоқ уйлари узоқдан бир-бирига ёпиштирилган гугурт қутиларига ўхшаб кўринар, уларнинг кўримсиз эшик ва деразалари муваққат яшаш учун наридан-бери қурилган масканни эслатарди. Худодод чаққон ва дадил қадам ташлаб борар, вужудига тоза куч қуйилаётганини ҳис қилмоқда эди. У водий бўйлаб йироқ-йироқларга чўзилиб кетган, ёмғирдан нам йўлдан борарди. Совуқ шамол унинг баданини эркалаб сийпаётгандек ҳис қиларди. Назарида дарахтлар рақс тушар, қарғалар шодлик муждасини олиб келар, хуллас, бутун табиат унинг шоду хуррамлигига шерик эди. У гўё йўқотиб қўйишдан қўрққандек, қўлтиғидаги қалами тугунни маҳкам қисиб олган эди. Худодод олтмиш ёшлардаги суяги бузуқ одам. Қомати баланд, соқол-мўйлови мошранг, кўзлари ёш йигитникидай чақнаб туради. Эгнида деҳқонлар кийими ва бошида сарғиш намат телпак. Ҳар қадам ташлаганида чолворининг почаларидан офтоб ва меҳнатдан қорайиб ёрилган болдирлари мўралаб қоларди. Йигирма йил илгари у ўз шаҳри Дамовандни тарк этиб, гўшанишинликни ихтиёр қилди. Мозандарон йўли яқинидаги Ало номли булоқ ёнида у тош ва лойдан ўзига бир кулба тиклади ва ўшандан бери шу ерда ёлғиз яшайди. У ўз қўли билан ер чопар, суғорар, экин-тикин қиларди. Бу иш билан вақтида ота-бобоси, эҳтимол, бошқа узоқ аждодлари ҳам шуғулланишган. Ўзига мерос қолган ернинг ярмидан кўпроғини у қаҳатчилик йилларида сотди, тўғрироғи, унга алишди. Энди унинг бир парчагина ери қолган бўлиб, шундан олинадиган озгина ҳосил билан тирикчилик қилади. Сўнгги икки-уч йилда Худодод атроф қишлоқлар ва Дамованд бозорида тез-тез кўринадиган бўлиб қолди. Унинг зоҳидлигига кўниккан одамлар бу ўзгаришдан ажабланишарди. Худодод аёлларбоп либос учун газлама, қанд, чой ва бошқа майда-чуйдалар харид қиларди. Баъзан унинг тоғ ёнбағирларида бир ёш лўли қиз билан етаклашиб юрганини ҳам кўриб қолишарди. Тўрт йил илгари, аёз темир бармоқлари билан одамнинг юзини чимчилайдиган совуқ қиш тунларидан бирида, Худодод чироқни ўчириб, эндигина ўрнига ётувди ҳамки, ғалати бир овоз қулоғига чалинди: гўё кимдир заиф товуш билан нола қилар, унинг инсон ё ҳайвонлигини ажратиш мушкул эди. Товуш тобора яқинлашиб келарди ва ниҳоят, кулба эшиги тақиллади. Инсу жин ва бўридан ҳам қўрқмайдиган Худодод ўрнидан тураркан, елкасидан совуқ тер чиқиб кетганини сезди. Эшик олдига келиб, “кимсан, нима керак сенга?” деб қанча сўрамасин, ҳеч қандай жавоб бўлмади. Худодод титроқ қўллари билан чироқни ёқди, ўтин ёрадиган болтани маҳкам ушлаб, эшикни ланг очиб юборди. Не кўз билан кўрсинки, эшик олдида қизил кўйлак кийган, аёздан кўз ёшлари ёноқларида музлаб қолган ёшгина лўли қиз турарди. Худодод болтани кулба бурчагига отиб юборди, қизни қўлидан ушлаб ичкарига олиб кирди. Уни ўчоқ ёнида исинишга қўйиб, ўзи эски-тускилардан тўшак ҳозирлади. Эртасига эрталаб қиздан қанча сўраб-суриштирмасин, бирон натижа чиқмади. Гўё қиз ўзи ҳақида чурқ этмасликка қасам ичгандай. Қизнинг индамаслиги Худододнинг унга Лол ёки Лолу деб исм қўйишига сабаб бўлди. Бора-бора бу исм Лолага айланиб кетди. Ҳозир лўлилар кўчиб юрадиган мавсум эмасди. Шунинг учун Худодод, бу қизча осмондан тушдими ё ердан чиқдими, деб ҳайрон бўларди. У кулбадан чиқиб, из олмоқчи бўлди, аммо из намчил баргихазон орасида йўқолиб кетди. Ало булоғи яқинида яшовчи тегирмончидан лўлилар ҳақида сўраган эди, у, билмайман дегандек, елкасини қисди. Ниҳоят, Худодод то эгаси чиқмагунча, қизни ўзиникида асраб қолишга аҳд қилди. Лола ўн икки ёшлардаги қиз бўлиб, юзи буғдойранг, кўзлари фусункор эди. Қўллари ва пешонаси ўртасига кўк рангли хол қўйилган. Қизни асраб қолганидан сўнг, Худодод ўтган-кетган лўлилардан унинг қариндошлари ҳақида кўп сўраб-суриштирди. Аммо биронта лўли Лолани танийман, демади. Тез орада Худодод ўзи унга ўрганиб қолди. Уни ҳеч кимга бермасдан, ўзига фарзанд қилиб олишга аҳд қилди… Лола йил сайин улғайиб бораркан, бора-бора Худододнинг кўнглида қизга нисбатан аллақандай бошқача, оталик туйғусига ўхшамаган ҳислар уйғона бошлади. Энди у Лолага бир эркак севгиси билан меҳр қўйган эди. Ишқ васвасасига дучор бўлган Худодод хонанинг ўртасига парда осиб қўйди. Энг ёмони шу эдики, Лола уни “ота” деб чақирар, қиз ҳар гал “ота” деганида, Худододнинг ранги ўзгариб кетарди. Бир куни Худодод уйига қайтганида кулба олдида юрган иккита товуқни кўрди. У Лолага ўғирлик ёмонлиги, бу ишни қилган одам ўз қилмиши учун дўзах ўтида ёнишини айтиб, ҳарчанд насиҳат қилди ҳамки, қизга заррача таъсир этмади. У айёрона кулимсираб, гапни бошқа тарафга бурди. Лола сайр қилишни жуда ёқтирар эди. Агар икки-уч кун тинимсиз ёмғир ёғиб, уйга узоқ қамалиб қолишга мажбур бўлса, зерикар ва қиёфаси ғамгин тус оларди. Об-ҳаво яхши кунлари у Худодод билан ёки ёлғиз ўзи сайр қиларди. Кўпинча Лола сайрга танҳо чиқар ва бу ҳол Худододнинг бадгумонлигига сабаб бўларди. Чунки у қизни бир неча бор чўпон йигит Аббос билан кўриб қолган, шу сабабли бу йигитни ўзига рақиб деб ҳисобларди. Ҳатто бир куни у Аббоснинг маймунжон териб, Лоланинг оғзига солаётганини кўрди. Кечқурун Худодод бегона эркак билан гаплашиш ёмон эканлигини айтиб, унга дашном берди. Лоланинг кўзларида ёш ғилтиллай бошлагач, қишлоқ одами эмасми, содда юраги юмшади. Аббоснинг онаси икки марта совчиликка келиб, Лолани ўғлига сўради. Худодод ҳар гал Лола ҳали ёш, деб баҳона қилиб, уни қайтарар эди. Ўз кўнглида эса Аббосдай бир дангаса одам унинг эллик йил ичида қириб-қиртишлаб тўплаган мулкига меросхўр бўлишини истамас эди. Аслида ҳам, агар Аббосдай деҳқончилик қўлидан келмайдиган бетайин кимса унга ворис бўлса, аждодлари руҳлари қай ҳолатга тушади? Бунинг устига, у ўз кулбасидан паноҳ берган, едириб-кийдириб катта қилган, мисоли дарахт ниҳоли каби парваришлаб одам қилган қизга аллақаердаги бир одам тайёр ошга баковул бўлиб ўтирса! Нима, кекса одамнинг кўнгли қирмизи олма тусамайдими? Лолага ўзи уйланса нима бўпти?! Бироқ у бу иш осонгина битмаслигини, қизнинг розилиги шарт эканлигини англарди. Бунинг устига қиз уни “ота” деб чақириш одатини тарк қилмаган, ҳаммасидан ҳам мана шуниси Худододни кўпроқ ташвишга соларди. Тунлари қиз ухлаб ётганида, Худодод чироқни кўтариб унинг тепасига келар, юзи, кўкраги, елкаларини томоша қиларди. Баъзан у девона каби тоғларга чиқиб кетар, дараларда бемақсад тентираб, кеч кирганда уйига қайтиб келарди. У умид ва қўрқув оралиғида яшар, рад жавобини эшитишдан қўрққани учун қизга муҳаббатини изҳор қилишга ботинолмасди. Агар Лола: “йўқ, сен қарисан” деса, унга ўлимдан бошқа чора қолмас эди. Худододнинг уйи олдида бир тош супа бўлиб, Лола кўпинча унда оёқларини осилтириб ўтирар, очиқ болдирлари супа деворига тегиб турарди. Баъзан у паст ва ғамгин овозда бир ашулани хиргойи қилар, аммо биров яқинлашса, дарҳол жимиб қоларди. Худодод тасодифан қизнинг ашуласини эшитиб қолди ва ўшандан бери уни яна тинглашга муштоқ эди. Бугун эрталаб Худодод Дамовандга отланганида ҳам Лола ўша тош супада ўтирар ва ҳар кунгидан кўра кўпроқ хурсанд кўринарди. Аммо негадир, бирга шаҳарга боришни истамади. Худодод унга: — Сенга рўмол олиб келаман, — деди. Унга жавобан қиз жилмайиб қўйди ва бу жилмайишнинг баҳоси Худодод учун ёруғ дунё билан баравар эди. У Дамованднинг чаққон бозорига келиб, энг аввал баззозлик дўконидан бир дона яшил ва сариқ нақшли рўмол харид қилди. Сўнгра қанд ва чой сотиб олиб, харидларини қалами бўғчага ўради-да, йирик одимлар билан кулбаси тарафга равона бўлди. Худододдек пиёда юришга одатланган киши учун шаҳардан уйигача бўлган икки фарсанг масофа чўт эмас. Кексайганига қарамай, энди унинг ҳаёти ўзига яраша бир маъно касб этган эди. Йўлда бораркан, у ўзича хаёл сурарди: “Бу рўмол Лолага жуда ярашади. У буни елкасига ташлаб, учларини сийнаси остидан боғлаб олади”. Шу заҳоти, гўёким биров унинг хаёлидан воқиф бўлгандек, уялиб кетди ва ўзига деди: “Мен унинг гўзаллигидан отаси каби фахрланишим лозим. Отаси ўрнидаманми, яхши бир куёв топиб, уни узатаман”. Аммо чўпон Аббос қизни яхши кўришини эслаганида, қони юзига тепиб, тутақиб кетарди. Йўл паст-баландликлар, тоғ дараларидан ўтар, аммо Худодод атрофдаги ҳеч нимани пайқамас, ҳатто чарчоқни ҳам ҳис қилмас эди. Олдинлари у йўлда юрганда атрофни томоша қилар, ёмғир ёғармикан-йўқми, дегандек осмонга боқар, экинзорларга разм солиб, деҳқонларнинг ҳосили қандай бўлганини чамалаб кўрарди, арпа, буғдой, ловия, ҳўл ва қуруқ мевалар нархи ҳақида ўй суриб кетарди… Аммо ҳозир хаёли фақат Лолада эди. Бу йил унинг ери яхши ҳосил бермади ва у жамғармасидан бир қисмини сарфлашга мажбур бўлди. Аммо булар Лоланинг бир тола сочига ҳам арзимайди. Худодод дарахтзор ёнидан ўтиб, сўқмоққа бурилди. Бу ердан унинг тепаликдаги кулбаси кўриниб турарди. Кулба узоқдан ёнма-ён қўйилган иккита пачоқ гугурт қутисига ўхшарди. Худодод бўғчани қаттиқроқ қисиб, қадамларини жадаллатди ва таниш сўқмоқдан тезда кулбасига етиб келди. Аммо Лола бу ерда кўринмас эди. Тош супа ҳам, уй ҳам кимсасиз эди. Худодод кафтини даҳанига қўйиб, баланд овозда чақирди: “Лола!.. Лола!..” Ҳеч ким жавоб бермади. У ташқари чиқиб, яна бор овоз билан бақирди: “Лола… Лола… Лолу… Лолу…”. Товуш тоғларга урилиб, акс-садо берарди: “Лола… Лолу…”. Худодод саросимага тушди. У тош супага чиқиб, теварак-атрофни кўздан кечирди. Ҳеч бир тарафда қизил кўйлак кўзга ташланмасди. Худодод хонага қайтиб кириб, қизнинг сандиғини очиб қаради. Унга шу йил олиб берган янги либослар йўқ эди. Худодод ақлдан озишига сал қолди. Нима бўлганини тушунмай, мияси қотди. Кулбадан чопиб чиқиб, ғизиллаб булоқ бўйига тушди. Бу ерда узун чопон ва қора чолвор кийиб, бошига кўк салла ўраган қишлоқ охундига дуч келди. У дарахт тагида тамаки чекиб ўтирарди. Охунд Худододга шундай заҳарли қараш қилдики, ундан бир нима сўрашга юраги бетламади. Яна бироз юриб, бола опичлаб олган қизил чодрали аёлни кўрди. У ҳам Лола ҳақида ҳеч нарса айтолмади ва Худодод ночор кулбасига қайтди. Атрофни тун қоронғиси қоплади-ю, аммо Лоладан дарак йўқ. Худодод қанақа ёмон тушларни кўрмади, дейсиз! Йўқ, аслида у мижжа қоқмади ҳам. Ваҳимали хаёллар билан бедор бўлиб, тиқ этган садога сакраб турар, ҳар гал унга Лола келаётгандек бўлиб туюларди. Ўн марталаб жойидан туриб, пардани итқитиб, қоронғида Лоланинг совуқ тўшагини пайпаслаб кўрар, титраб-қалтираб яна ўз ўрнига келарди. Уни кимдир олиб қочиб кетдимикан? Алдашдимикан ё ўзи кетиб қолдими? Эртаси куни ҳаво мусаффо ва салқин эди. Худодод Лолага деб сотиб олинган рўмолни олиб, уни қидиришга кетди. Йўлида учраган ҳар бир одам унга дев ё аждар бўлиб кўринарди. Бошидан белигача қор билан қопланган кўкимтир-кулранг тоғлар дилида қўрқув уйғотар, ариқ лабида ўсган ялпизнинг ўткир ҳиди томоғидан бўғаётгандек бўларди. Йўлда иккита деҳқонни учратиб, юрагини ҳовучлаб улардан сўради: — Лолани кўрмадингизларми? Уни аввал девона деб ўйлашди ва бир-бирларидан сўрашди: — Ким экан у? — Бир лўли қиз. Деҳқонлардан бири деди: — Икки кун бурун бир гуруҳ лўли Мумажда чодир тикди. Тағин шуларни айтаётган бўлмагин. Худодод Мумаж тарафга равона бўлди. У тез-тез ва қоқилиб йўл босарди. Неча жойда бурилиб, гоҳ адашиб-улоқиб, ниҳоят узоқдан бир неча қора чодир кўринди. Яқин бориб, ариқ ёқасида ухлаб ётган эркакни кўрди. Нарироқда, чодир олдида бир лўли аёл ғалвирда дон эларди. Аёл Худододга салом бериб деди: — Сенга фол кўрайми? Менда илон тишидан қилинган маржон, элак ва ёнғоқлар бор. Унинг сўзлари Худододнинг қулоғига кирмасдан, девонавор сўради: — Лола… Лолуни кўрдингми? Унинг қаердалигини биласанми? — Фол кўрсам айтиб бераман. — Айт, мен пулини тўлайман. — Пулни бер, кейин айтаман. Худодод қаттиқ чарчаган эди. Чўнтагидан бир қирон олиб, лўли аёлга узатди. Лўли унинг қўлидан ушлаб, юзига қаради ва деди: — Ҳазрат Али паноҳинг бўлсин. Эй одам, сенинг дилингда ҳозир ғусса ўрнашган. Тўрт йил ардоқлаб юрган бир азиз нарсангни йўқотибсан. У сенга жигарпора бўлмаса-да, ўз жигарпоранг янглиғ севасан уни. Худодод кўзлари ёшга тўлиб, лўлига боқди ва шивирлаб деди: — Рост, гапларинг рост. — Аммо беҳудага ғусса чекмагин. Зеро, у қиз сенинг яқинингдадир. У тирик ва соғу саломат. — Қани у? Қандай келиб қолди бу ерга? Худо ҳаққи, менга ҳаммасини айтиб бер. — Қайғурма, у қиз бахтиёрдир. Сен уйингни очиқ қолдирдинг ва шайтон кириб уни алдаб олиб кетди. — Унинг исми Аббосми? — Йўқ. — Сен буларнинг барини қаердан биласан? Худо ҳаққи, ростини айт, нима хоҳласанг бераман. У чўнтагидан яна пул чиқарди. Лекин шу аснода қўшни чодир эшигидаги парда бир ёнга сурилиб, ундан Лола чиқиб келди. Эгнида Худодод сотиб олиб берган ўша қирмизи кўйлак, қўлида бир дона қизил олма. У олмани енги билан артиб, тишлади-да, кулиб юборди. Лўли аёлга юзланиб деди: — Ойижон, Худодод ота шу киши бўлади. Худодод ҳайратдан донг қотганча Лолага, онасига боқарди. У ҳеч қачон Лолани бу қадар хурсанд ва бахтиёр ҳолатда кўрмаган эди. У қизил рўмолни қўйнидан олиб қизга қараб улоқтирди ва деди: — Буни сенга олувдим. Лола шарақлаб кулиб юборди ва рўмолни елкасига солди-да, бир учини сийнаси остидан ўтказиб боғлади. Сўнгра югуриб чодир ичига кирди-да, ўша заҳоти ичкаридан ёш бир йигитни бошлаб чиқди. Унга пичирлаб нимадир деди ва Худододни кўрсатди. Шундан сўнг қиз қувноқ оҳангда Худододга таниш ашулани куйламоққа бошлади ва йигитнинг елкасига қўл ташлаб, иккаласи толзор орқасига ўтиб кетди. Лолани тирик топганидаги қувончию ва уни энди бутунлай йўқотганидаги ғусса бир бўлиб, Худодод ҳўнграб юборди. У йиқила-сурила келган йўлидан орқасига қайтди. Кулбасига кириб, эшикни ичкаридан беркитиб олди. Шундан сўнг уни ҳеч ким ҳеч қаерда кўрмади.
Ғулом Карим таржимаси |
|