11.04.2014 05:00 |
Таниқли адабиётшунос олим марҳум Бегали Қосимовнинг қуйида илк бор эълон қилинаётган ушбу мақоласи ёш авлод тарбиясида Ватан туйғусини шакллантириш масалаларидан баҳс этади. Ёш авлод тарбиясида тил ва адабиётнинг роли нечоғли эканлиги, ўйлайманки, изоҳга муҳтож эмас. Инсоннинг кўз очиб кўрган уйига, ота-она ва қардошларига меҳру муҳаббати она сути билан киргани каби, эл-юртига муносабати, биринчи навбатда, она тили ва адабиёти орқали шаклланади. Бугина эмас. Тил ҳар бир миллатнинг миллат бўлмоғида биринчи унсурдир. Адабиёт ўз оти билан “адаб”, яъни одобдир, тарбиядир. Оталаримиз бу масалаларга алоҳида эътибор билан қараганлар ва жамият тараққиётида лозим мавқеъ-мартабани бериб келганлар. Тил ва адабиётнинг мавқеи миллатнинг мавқеи билан ҳамиша тўғри нисбатни ташкил этган. Миллатнинг қудрати ва нуфузи ошса, у ҳам ошган ва, аксинча, тушса, у ҳам тушган. Бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам Ватан ва Миллат номи муқаддас келган. Ислом маданиятининг, мусулмон ахлоқининг тамал тошларидан бўлган ҳадиси шарифлардан бири “Ватанни севмак иймондандир” (“ҳуббул ватани мин ал иймон”), деган ҳадис эди. Адабиётимиз босиб ўтган йўлга бир кўз ташлайлик. Милоднинг 732 йилида Йўллуғ Тигин “Кул Тигин” битигида битади: “Турк, ўғуз беклари, эй халқ, эшит! Тепадан осмон босмаган бўлса, пастда ер ёрилмаган бўлса, эй турк халқи, давлатингни, ҳукуматингни ким бузди?!” Навоийни эслайлик:
Аёнким, ватан узра то жони бор, Киши ҳарб этар токи имкони бор, —
Яъни инсон тирик экан, ватани учун курашади, деб ёзган эди буюк шоиримиз. Замоннинг зарбалари билан она юртини тарк этишга мажбур бўлган Заҳириддин Бобурнинг бутун умри Ватан ҳасрати билан ўтди.
Сендин бу қадар қолди йироқ, ўлмади Бобур, Маъзур тут, эй ёрки, тақсир қилибдур, —
деб ёзган эди у олис Ҳиндистондан. Яъни: Сендан шу қадар узоқда қолиб ҳам Бобур ўлмади. Сен уни ўлмагани, “тақсир қилгани” — хато қилгани учун кечир, “маъзур тут”. Ҳолбуки, Бобур ўшанда камдан-кам кишига насиб этадиган шавкатли салтанат эгаси эди. “Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон, Манга на ғам қолур...”, — дейди ХХ аср бошидаги ўзбек маърифатпарвар адабиёти вакили Абдулла Авлоний. Унинг замондоши шоир Таваллода эса: “Бу ватандандур бадан”, деган ташбиҳни учратамиз:
“Ватан, менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал” —
дейди бугунги шоиримиз Абдулла Орипов ва “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деган савол қўяди. Дарҳақиқат, нега Ватанни севадилар? Нега уни иймон қадар юксак тутадилар? Нега барча гуноҳларни кечириш мумкин-у, ватанга хиёнатни кечириб бўлмайди? Чунки у она сингари танҳодир, ягонадир. Чунки у биз кўз очиб кўрган дунёмиздир. Биз вояга етган маъводир. Тоғ-тошидан ер-сувигача, сабза-гиёҳидан дов-дарахтигача умримизга жон қадар пайванд. Чунки у бизнинг ёшлигимиз, биз орттирган дўстлар, илк муҳаббатимиз, қувончларимиз, ташвишларимиз, бахтли-бахтсиз онларимиздир. Бу тупроқда бизни дунёга келтирган, ақлу маърифатимизни бугунги даражага олиб чиққан, шаъну шукуҳимизни дунёга намойиш этган ота-боболаримизнинг хоки поклари ётибди. Шунинг учун ҳам уни саждагоҳ атайдилар. Ватанни севмоқ ундан шунчаки қувонмоқ, ғурурланмоқ эмас. Уни дил-дилдан англамоқ, у билан нафас олмоқ, у билан яшамоқдир. Уни яшнатмоқ, обод этмоқ, у учун курашмоқдир. Афсуски, XIX асрнинг 60-йилларида ватан билан бирга ватан муҳаббати ҳам биздан тортиб олинган эди. Сўнг XX асрнинг етмиш йили давомида бу туйғу пояма-поя синдириб келинди. Миллат, ватан тушунчалари социалистик мафкурага мослаб чиқилди. “Биз — совет халқимиз”, “СССР — бизнинг ватанимиз” деган сохта тушунчалар онгларга сингдирилди. Юрий Долгорукийдан Зоя Космодемянскаягача меҳр билан ўргандик. Лекин Амир Темурни танимадик. 1917 йил воқеаларини “Юрт қайғуси” сифатида кутиб олиб, халқ дардини дилдан ҳис этган ва истиқлол йўлида жонларини фидо қилган оталаримиз “халқ душмани” сифатида йўқ қилиндилар. Ниҳоят, социализм йиқилиб, у билан боғлиқ тушунчалар тумандай тарқала бошлагач, ҳамма нарса яна аслига қайтди. Бизнинг Ватанимиз кўп минг асрлик тарихга эга бўлган, жаҳон цивилизациясининг чорраҳасида келган, ўнлаб илм-фан доҳийлари билан башарият тафаккурини ёритган, жаҳонгир саркардалари билан олам харитасига неча бор туб ўзгартишлар киритган табаррук Ўзбекистон эканлигини бугун дадил айтмоқдамиз.
Хўш, нечун севаман Ўзбекистонни, Сабабини айтгил, десалар менга, Шоирона гўзал сўзлардан олдин Мен таъзим қиламан она халқимга, — деб ёзади Абдулла Орипов.
Дарҳақиқат, миллат (халқ) тушунчаси ҳамиша ватан билан ёнма-ёндир, мисоли жисму жондир, бирини бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Миллатимизнинг эса, ўлмай-йитмай, йўқолмай-ютилмай асрлар оша барҳаёт келишини таъмин этган, бугун ҳар биримизнинг томиримизда қайноқ қон бўлиб оқиб турган бетимсол анъаналари бор. 1924 йилда мустамлака Туркистони беш бўлакка бўлиниб, бири-бирига қайраб қўйилганида, ўлка ва унинг халқини яхши билган олимлардан бири шундай ёзган эди: “...Баъзи одамлар тобе туркларнинг, хусусан туркистонликларнинг миллий ҳаракати ҳали жуда ибтидоий босқичдалигини, инглиз, немис ва рус миллатларининг бутун янги давр тарихини ағдар-тўнтар қилган қудратли миллий шуурлари, миллий маданиятларининг улуғворлиги қаршисида ўрта осиёликларнинг довдираб қолишларини, бир кун ўз тақдирларини ўзгартириш имкони туғилганида ҳам ундан фойдалана олмаяжакларини сўйлайдилар. Лекин бу миллатнинг шундай қавмий хусусиятлари бордирки, уларни уйғотиб, ишга солишга муваффақ бўлинса, йўқотган нарсаларини жуда қисқа муддатда тиклай олади. Мингларча йиллик тарихимизда қизил ип бўлиб ўтган миллий хусусиятларимиздан бири жонлилик ва битмас фаолликдир... Халқимизнинг бутун тарихий такомили давомида кўзга ташланган энг аён хусусиятларидан бири тарихнинг биз билган давридан буён аскар бўлиб келганлиги, интизомсеварлиги, ҳаётнинг энг оғир мушкулотига ҳам тайёр туриши, машаққатларга узоқ муддат сабрли бўла олишидир... Бу миллатнинг буюк жанглар пайтида бирдан туғёнга келиши унинг истиқлолга муҳаббати ва дунё воқеаларига чин кўнгилдан берилиши ҳамда қизиқиши билан изоҳланади. Бундай миллий хусусиятларини халқимиз жуда катта эътибор билан ёшларга сингдириб келади”. Тарихимизнинг миллий уйғониш даври деб аталган ХХ аср бошида ватан ва миллатни англаш, мустақиллик учун курашиш энг муҳим масалалардан бўлган эди. Хусусан, “тараққийчилар” номи билан тарихга кирган фидойи оталаримиз бу борада катта шижоат кўрсатдилар. Замон айланиб, асримиз сўнгида мустақилликнинг долзарб масалалари Юртбошимиз томонидан кун тартибига қўйилди. Миллатнинг ўз-ўзини англашига эришиш, янги давлат, янги жамият қуришда Шарқ билан Ғарбдаги энг яхши анъаналарни бирлаштиришга ҳаракат қилингани бугун нечоғли самара бераётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ХХ аср бошида маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган адибларимизнинг энг эзгу орзуларидан бири эди. Ўнинчи йилларда тузилган ва даврнинг машҳур адиблари, зиёлиларини атрофига бирлаштирган Мунавварқори жамиятининг номи “Турон” эди. 1918 йилда машҳур Фитрат Тошкентдаги кўзга кўринган истеъдод эгаларини тўплаб, ўз жамиятига “Чиғатой гурунги” деган ном берди ва бу билан адабиётимизнинг олтин асри санаб келинган ХV аср — Навоий асрига ўз ихлос ва муҳаббатини ифода этди. Беҳбудий 1914 йилда ёзади: “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтурғонларни “қул” — “марқуқ” дерлар”. Бу сўз Ч.Айтматов қаламида “манқурт” номи билан қайта кашф этилгани ҳаммамизга маълум.
Бинмо саҳари азми тавофи ватани ман, Оҳ-оҳ чи ватан қиблагоҳи, жони таниман.
(Сен менинг ватанимга эрта тонгда назар сол. Ҳай-ҳай, қандай ватан бу! У менинг қиблагоҳим, жони танимдир). Бу Фитратнинг “Сайҳа”сидан.
Мовароуннаҳрдир тарихда бизларга ватан, Арзиғай бизлар санга хизматта бўлсак жону тан.
Бу тошкентлик Таваллонинг эътирофи. “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳру мамлакатини шул кишининг ватани дейилур”, — деб бошланар эди Абдулла Авлонийнинг 1913 йилда чоп этган “Туркий гулистон” китобидаги “Ватанни суймак” фасли. Кўриняптики, ватан мавзуси маърифатпарварлик адабиётида етакчи мавзу бўлган. Сўнг адабиётимизда ўзликни англаш, шу жумладан тарих ва ватанга миллат манфаатидан келиб чиқиб ёндошиш 60-йилларда бир қадар кўзга ташландики, бунинг сабаблари вақтинчалик юз берган машҳур “тарихий илиқлик” билан изоҳланади. А.Ориповнинг “Ўзбекистон — Ватаним маним”, Э.Воҳидовнинг “Ўзбегим” каби адабиётимизда янги бир босқич яратган шеърлари шу даврда майдонга келди. Ниҳоят, бу мавзуга адабиётимиз саксонинчи йиллар ўртасидан бошлаб чинакамига қайтди ва у мустақилликдан сўнг давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди. Бугун биз жаҳон тараққиётидаги ўз ўрнимизни, ўз йўлимизни топган мамлакатмиз. Бу йўл табиийки, инсониятнинг ақлу тажрибасига зид эмас, балки ўшандан келиб чиқиб танланган йўлдир, лекин Ўзбекистон йўлидир. Машҳур Исмоилбек Гаспрали 1885 йилда Европа йўргаклаб олган капитализмни ҳам, социализмни ҳам атрофлича таҳлил қилиб, ҳар иккисини баравар рад этган ва учинчи бир йўлни тавсия қилган эди: “Оврупо кекса бир чолдир, тажрибаси кўпдир, — деб ёзади у. — Улуғ ёшига ҳурматимиз бор. Тажрибасини ўрганамиз, лекин хатоларини такрорламаймиз. Мактабларини, университетларини бизлар ҳам қурамиз. Аммо ақлларимизни қанча ёритсак, юракларимизни шунча “ҳаққоният” билан тўлдирмоққа ҳаракат қиламиз. Оврупода нимани кўрсак, ёш боладек кўтариб югурмаймиз. Эсли-ҳушли инсонлардек: “Бу нимадир?” “Оқибати нима бўлади?” “Виждон ва ҳаққониятга уйғунми?” дея ақл тарозусига тортиб оламиз. Оврупо маданияти мулоҳазасиз қабул қилавериш мумкин бўлган бир нарса бўлса эди, бу маданиятга Оврупонинг ўз вориси душман бўлмас эди. Яна бир бор такрорлайман: янги фанларини, кашфиётларини ва ижодларини, фойдали хизматларини инкор этмайман. Лекин ислом оламининг ислоҳот ва тараққиётга эҳтиёжи бўлган бир пайтда ҳеч бир мулоҳаза қилиб кўрмасдан Оврупога тақлид этишни ақлдан ҳисобламайман”. Президентимиз Ислом Каримов ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 149-сессиясида сўзлаган нутқида “Илдизлари асрлар қаърига туташган, 3000 йилдан кўҳнароқ” Ўзбекистон тарихига берилаётган эътиборни, ўзбек халқининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасининг эътироф этилишини мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этдилар. Аждодлар меросини авлодларга етказмоқ қанча шарафли бўлса, шунча масъулиятли ҳамдир. Шу жумладан Ватан муҳаббатини ҳам. Хўш, уни ёш авлодга етказмоқ йўллари қандай? Аввало, гуманитар-филологик факултетлар ва ўқув юртларининг тил-адабиёт дастурларини тузишда буни ҳисобга олмоқ керак бўлади. Нофилологик факултетларда, ўқув юртларида, эҳтимол, факультатив дарслар, тўгараклар, учрашув-мулоқотлар, китобхонлар конференцияси, Ватан ва Миллатни танитишни кўзда тутувчи мусобақа, концерт кечалари уюштириш каби турли-туман тадбирлар орқали амалга ошириш яхши натижа берар. Менимча, бу ерда ягона андоза бўлмайди. Ҳамма нарсани жойлардаги мутахассис ва ташкилотчиларнинг диди, маърифати, салоҳияти ҳал қилади. Муҳими, мавзунинг қадри-эътиборини, муқаддаслигини сақлай олишдир.
Бегали Қосимов |
Чиғирнинг тушлари. Александр Файнберг |
|
|
|
17.01.2014 11:39 |
Ҳилол ёғдуси. Бир оз титраб, кенг ҳовлига тушади, қуёшга қаратиб солинган айвонни ёритади. Томорқа четидан оқиб ўтган ариқ ёқасида эса каттакон ёғоч ғилдирак айланади. Бу чиғир. У ўзининг гирдига айлантириб боғланган хумдек челаклари билан улкан ариқдан сув чиқаради. Обдови пастга йўналтирилган новдан полиз экинларининг жўякларига, деворнинг нарёғидаги далаларга Н2О оқади. Ер сув ичади. Тун ярмидан ошганда чиғир тўхтайди. Фалакдаги ҳилолдан унинг уйқусига тушлар энади.
* * *
Шаҳар фавворасининг шалолалари отилиб тушган мармар ҳовузлар ичидан… тоғлардаги шарқироқ ирмоқлар қучоқлаб оққан харсангтошлар орасидан… тип-тиниқ кўл бўйидаги пляжнинг шағал тўшалган қирғоғига… улар югуриб чиқиб келишади — қора сочли йигитча билан зар кокилли қизгина. Иккисининг оққуш қаноти мисол кенг ёзилган қулочларидан таралар — камалак, камалак, камалак…
* * *
Икки айғир ва бир ахта от туёқлари остида чақир тошлар шиқирлайди. Помир этаклари. Ёш техник-топограф олға бораётган сўқмоқ. Ҳа, айтмоқчи, бу менинг ўзим. Ёнимда ҳамроҳларим Анвар ва Боря — ер сатхини ўлчаш учун даражаларга бўлинган махсус таёқларни кўтариб юрувчилар. Эгарга осилган қопларда отларнинг еми — сули. Яна уч киши ўн кун ейишга мўлжалланган консервалар ва қотган нон. Аммо гап бунда эмас. Гап шундаки, тоғда кун жуда тез ботади. Қоронғуда эса, ўру даралар орасидан биронта булоқни излаб топиш амри маҳол. Тўсатдан кун иссиғида чанқаган уч от гижинглаб ўзини сув тўла новга урди. Тоғлик сангтарошлар ясаган ушбу тош нов ичига учта от тумшуғини суқиб, бўккунича сув ичди. Холбуки, отларни бундай суғориш мумкин эмас. Ўрга чиқишда терлаган жониворлар устидан жабдуғини олмасдан айилини сал бўшатиб қўйиб, бир-икки соат совутиш лозим. Сўнгра қанча сув ичса ҳам бўлаверади. Аммо қаёқда? Бу ҳолатда сувдан бошқа ҳамма нарса хаёлимиздан кўтарилган эди. Қизиғи, бизнинг ўзимиз ҳам эгардан туша сола бошимиз билан тош булоққа “шўнғидик”. Бундай сув ичиш бизга ҳам, отларга ҳам ҳалокат келтириши мумкин эди. Натижада 32-топографик бўлинма раҳбарияти прокуратурага бизнинг гуруҳимиз шахсий таркиби ва отларнинг ўлими ҳақида далолатнома ёзиб топшириш учун кўп нарсани тўқиб ёзиши керак бўларди. Устига устак, Воробей ва Фестивал — биз айғирларни шундай атар эдик — сув ичиб бўлиб, бир-бири билан олишиб кетишди. 32-бўлинма раҳбарияти мендек бир ёш болага икки айғирнинг тақдирини ишониб топшираётганида қандай “яхши ва ширин сўзлар” билан сийлашганини эсладим. Энди нақ балога қоламан деб ўйладим. Ҳатто Барковнинг “мулойимгина” нигоҳини танамда ҳис эта бошладим. Хайрият. Боря билан Анварга раҳмат. Улар айғирлар жангини тўхтатиб қолишди. Ҳар биримиз ўз чодирчамизда соат бешга қадар тош қотиб ухладик. Тонг-саҳарда эса қуёш нурлари бизни уйғотди. Ҳаммаси яна янгитдан бошланди. Белгиланган нуқтага қадар — ярим кун. Теодолит билан ишлаш — ўн минут. Навбатдаги нуқтага қадар эса — яна ярим кун. Ҳув пастликда ўйноқлаб оқаётган дарёча кўринади. Фақат сувнинг шовқини бизга эшитилмайди. Бизнинг ҳам, отларнинг ҳам лабларимиз қовжираган. Ташналик. Ташналик. Ўн кундан сўнг қароргоҳимизга қайтганимизда эса, ўзимизни отнинг устидан таппа ташлаб дарёга югурдик, ётиб олиб сув ичдик. Ютоқиб ичдик. Узоқ ичдик. Шундоқ юзимизга, киприкларимизга тегиб турган сувга қараганимизда, дарё сароби янглиғ, бу дамдан миннатдор нигоҳлар… отлар бизга боқиб турар эди.
* * *
Ранг-баранг камалак, қуриётган Орол. Ҳалокатга юз тутган денгизни қутқариш учун ҳаракатлар бошланди. Бироқ балиқлар ва кемаларнинг қумларда қолиб кетган устихонларига қайтадан “эт” битмайди. Планета фожеаси. Рус донишмандларидан бири денгизни қутқариш учун “Шимолий Муз океанидан айсбергларни вертолётларда ташиб келтириб, Орол ҳавзасига ташлаш зарур”, деди. Нақадар донишманд у. Илья Муромец. Уйғонди-я. Анастезия, азизим, меҳрибоним, қайдасан? Уни яна саккиз юз йилга ухлатиб қўйгин.
* * *
Сув, сув… Бурун онам мени “Ўн уч” деб номланган бадиий филмни томоша қилишга олиб борганди. Ушбу “лента” ҳаётимнинг ўн тўрт ёшдан ўн тўққиз ёшгача бўлган йилларини башорат қилишини қаёқдан билибман ўшанда. Ҳа, майли. Экранда қизил армиячилар от чопдиради, чўлда босмачиларни таъқиб этади. Бунинг менга нима алоқаси бор? Э, йўқ, Қизилқум чўллари болалигимда сув ҳақидаги кинони бежиз томоша қилмаганимни эслатиб қўйди.
* * *
У ёқда, икки ўсмир-ёшнинг оғушидаги камалак жилолари ортида чўлнинг сароблари сузади. Наримон Саидгараев, Толик Слученко, Илюша Цой, албатта улар билан биргаликда камина, қизил рангли қумлар оралаб бораяпмиз. Ўлгудек чанқаганмиз. Бирданига ёниб ётган осмонга туташиб кетган барханлар орасидан триангуляцион пунктнинг учбурчак ёғоч минораси тагидан қудуқ чиқиб қолди. Яхшиям суви қуриб қолмаган. Зўр! Занжир ўралган ғалтак қўндоғини айлантирамиз. Қудуқ тубига етганда пақир шарақлаб сувга тегади. Кўзларимиз чақнаб кетади. Сув тўла челакни тортиб чиқараётган ғалтак ғичирлайди, занжир шиқирлайди. Ниҳоят мана — кўзимиз тўрт бўлиб кутган пачоқ пақир. Лиммо-лим сув. Аммо ириб кетган сувнинг сассиғидан ўзимизни орқага ташладик. Ҳа, бундай сувга қўл теккизиш ҳам хавфли. Ҳозиргина қўлимизга ушлаган пачоқ пақирни қудуқ яқинидаги кўҳна қабрларнинг нафаси тўлдириб тургандай эди. Осмондан +50, қуёшдан эса +70 ҳарорат қиздиради. Чўлнинг ҳовури бижирлаб турган ерда кичкинагина водий, қўйлар суруви ва ўтов пайдо бўлди. — Ака, сув борми? — Йўқ… Биз ҳолдан тойганмиз. Чўпон эса бамайлихотир сўз қотади: — Айрон бор. Ўтовнинг орқа томонидаги ер тагидан муздек айрон тўла меш келтирилади. Худога шукур! Сопол косага қулқуллатиб нажот қуйилади. Биз ақл бовар қилмайдиган ва зориқиб кутилган ичимликни сипқорамиз. Чўпон айрон эвазига ҳеч нарса сўрамайди. Миннат қилмайди. У ўтов ичидан югуриб чиққан болаларига мамнун боқади. Мен эса ҳайратдан ёқамни ушлаб қоламан. Тасаввур қиласизми — қора сочли қизчалар, сариқ сочли ўғлонлар. Уларнинг орқасидан чопоннинг хотини чиқади. Немис аёл. Беихтиёр оҳ деб юборасан. Бўғзимдан шу сўз отилиб чиқди: “Оҳ!” Чўпон қайси миллатдан эканини билмадим. Балки ўзбекдир, қирғиз ёки қозоқдир… Бунинг аҳамияти нима? Аммо айрон… У бизнинг жонимизни киритди. Одамнинг яхшилиги менингдек ўн етти яшар йигитнинг юрагида қолди. Мен сенга таъзим қиламан, чўпон!
* * *
Ечими мушкул сув муаммоси. Оҳ, ечими мушкул! Унда ойнадаги каби одамларнинг қалби акс этади. Ўзини машҳур шоир деб билувчи танишларимдан бири “темир панжаралар” даврида комсомол ходими сифатида турли мамлакатларга сайр этиб юради. У саёҳатчилар автобусида Адриатика томонга елар эди. Шуни айтиш керакки, ўша шоир мутахассислиги бўйича врач эди. Худди Чехов мисоли, тушунаяпсизми? Тўсатдан ўша автобусда кетаётган саёҳатчи аёллардан бирининг тоби қочиб, аҳволи оғирлашиб қолди. Шуни аниқ биламанки, уни қутқариб қолиш учун сув зарур эди. Бахтга қарши ҳеч кимда бир қултумгина сув топилмади. Ҳайдовчи газни охиригача босди. Аёлнинг ҳаёти хавф остида қолган эди-да. Худога шукур, ҳайдовчи ўз вақтида бир югослав қишлоғигача етиб келди. Қисқаси, аёлни ўзига келтириб олдик. Сўнгра автобус маршрут бўйича ўз йўлида давом этди. Менинг ҳалиги танишим — шоир ва врач — сумкасидан бир шиша идиш чиқариб, қопқоғини очди ва бемалол кока колани ғўлтиллатиб ича бошлади. Автобусда кетаётганларнинг ҳаммаси унга қараб қотиб қолишди. Бошқалардан олдинроқ ўзига келган кимдир сўкинди: — Аблаҳ экансан… — Сиз сув сўрагандингиз-ку, — деди кўк кўзларини милтиллатиб врач-шоир. Мана сизга Н2О! Мана сизга Гиппократ қасами! Мана сизга виждон, одамгарчилик ўлчови! Ҳа, ўлчов. Ушбу ўлчовга нафрат туфайли эфир радио ва телевидение дикторларининг хавотирли овозлари билан тўлмаганмикин? Шу боис газета-журналлардаги фожеавий фоторепортажлар кўзимизга игнадек санчилмайдими? “Хитойда тўфон. Одамлар кўчирилмоқда…” “Тайга ёнмоқда…” “Ставрополда сув тошқини… Қудуқларга балчиқ тўлиб қолган… Ичимлик суви йўқ…” Эшитмаслик, кўрмаслик мумкин эмас. Сибирда — Венеция. Қўрқувдан ҳурккан сигирлар ортилган чандолалар — қайиқлар. Ҳой, Америка, БМТ, Европа, Ҳиндистон — менинг таҳликали дунёим. Террор, зўравонлик, миллиардерлар, тиланчилар, шоу-безорилар билан тўлган дунё! Тушуниш қийин сени, Она сайёра! Қандай гуноҳимиз учун жазоланаяпмиз? Шаҳарлар сувга ғарқ бўлмоқда, ўрмонлар эса, ё Алҳазар, аланга ичида. Ёнғинни ҳеч нарса билан ўчириб бўлмайди. Махсус самолётлар етмайди. Бу не ҳол? Етар, бас. Худони безовта қилишга қандай ҳаққим бор? Балки менга ҳам, сенга ҳам, ҳаммамизга ҳам ақлимизни ишлатиб илоҳ инъом этган қудуққа тупуриш мумкин эмаслигини англаш фурсати етганмикин? Жанг қилиш керак эмас, ишлаш керак. Ахир вақт бешафқат — ҳаёт ғанимат. Сен ҳам, мен ҳам, ҳатто диний конфессиялар ва ер юзи давлатлари раҳбарлари ҳам буни унутмасликлари зарур. Мана, нефт билан заҳарланган денгизлар, радиоактив тўлқинлар қирғоққа чиқариб ташлаган делфинлар, кислота ёмғирлари. Буларнинг барчаси бизнинг — одамларнинг қилмиши. Шунинг учун сув ҳам гоҳ дарё ва денгизлардан қочиб, гоҳо шаҳар ва қишлоқларни ғарқ этиб, исён кўтармоқда.
Юлдузга урилди чап ёндан кема, Палубага қадар ғарқ бўлди ўнг ён. “Кемага тушганнинг жони бир”, демак — Икков пичоқлашса, фалокат аён. Ўзаро курашдик. Компасни, эссиз, Синдирдик. Кемада қон тўкдик наҳот. Яна қасд олишни ўйладик-да, биз Кемани асрашни унутдик, ҳайхот! Шамол қояларга оқизар бизни, Бўғзимдан отилиб чиқади нидо: Наҳот ҳалок этсак ўз кемамизни?! Авлодлар кемадан бўлурми жудо?! Палубани сувга ғарқ этар уммон, Кеманинг тумшуғи тиқилар лойга. Мачтада бир маймун югурар нолон Гўё икки қўллаб ёпишар ойга. Ҳайқирсам, товушим эшитилмас ҳеч, Елкан арқонига тупураман қон. Худойим! Наҳотки, наҳот энди кеч? Ақлу ҳуш бер! Маҳкум этма, Художон! Дегандинг, оға-ини эрур одамзот, Дунёда ёвузлик қилма ҳеч қачон. Афсуски, мени ҳам қарғаган ҳаёт, Пичоғим сопида қотиб қолган қон. Энди юлдузларга қилурмиз юриш… Йиғла, эй, она ер — эй азиз ошён! Яна авж олмоқда ўзаро уруш, Яна авж олмоқда қутурган тўфон. Елкандек сузади кўкда булутлар, Штурвал чамбари камалакка банд, Эй, она сайёра, эсимиз йўқ-да, Ақлсизлигимиз сенга берур панд.
* * *
Ҳайронман. Ёввойи табиатда ашаддий қурғоқчилик палласи бошланганида қоплонлар ҳам, йўлбарслар ҳам, шерлар ҳам, энг муҳими, антилопалар ҳам суви сақланиб қолган ягона дарё бўйига келишади, бир пайтнинг ўзида ёнма-ён туриб сув ичишади. Антилопалардан ҳеч бири қочмайди, йиртқичлардан ҳеч бири уларга ҳужум қилмайди. Бу даврда сув ҳамма ҳайвонларни яраштиради. Қандай яхши-я? Бас шундай экан, биз инсонлар бир-биримиз билан ярашмоғимиз учун наҳотки бутун ер юзи қурғоқчилиги зарур бўлса? Ёки иккинчи жаҳон Тўфони? Эҳ, хом сут эмган банда! Энди тушунарлими…
* * *
Сув… У билан боғлиқ бўлган деярли барча нарсани яхши эслайман. Шунинг учун армиядаги хизматдошимга мактуб йўллайман. Конвертга эса, менинг чиғирим тушига кирган камалакни ёпиштираман. “Азизим Юра! Азизим Будасов! Менинг кавказлик дўстим — инглиз тили билимдони ва аккордеонда ўйнаш устаси, омонмисан? Билмадим, ушбу сатрларим сенинг Пятигорскинггача етиб борармикан? Балки юлдузлар аро кўприклар восита бўлар? Биласанми, мен бу ерда сув устида доиралар чизаяпман. Мана, даҳшатли ва садоқатли икки кунни эсладим. Бири, биз — муддатли ҳарбий хизмат аскарлари йўл-кўприк ротаси йигитлари билан биргаликда Тожикистондаги Кофарниҳон дарёси узра понтон-кўприк ўтказган февралнинг қорли куни. Иккинчиси эса, Туркманистон чўлларида ўтказилган ҳарбий машқларда “совковой лопатка” билан қумни жазирама осмонга қараб отган кунимиз. Бу ишни соат 14.00 гача катта чуқур қазиш ва унга ўшандоқ катта резина бассейн жойлаштириш учун бажаргандик. Сўнг ўша бемаъни чуқурда катта юлдузли қўмондон чўмилишига мўлжалланган совуқ сув билқиллаб турар эди. Ҳа билқиллаб турарди. Ана шу Н2О да генерал лаззатланар эди. Эслайсанми? Биз эса бир ой давомида ҳар биримизга берилган аскарлик иш ҳақини — уч сум пулни чангаллаб, лимонад ва пива сотиб олиш учун офицерлар дўконига югурардик. Сўнгра бу икки илиқ ичимликни сувдонга солиб аралаштирар ва сомонча орқали тортардик. Мазкур ичимликка “Қашшоқлар насибаси” деб ном қўйгандик. Ҳеч қиси йўқ, машқда қийин бўлса, жангда зафар қозонасан. Ўша воқеаларни эслайсанми, Юра Будасов? Армиядош дўстим, соғмисан?”
* * *
Йўқ, менга етти рангли камалак орасидан Африка қитъасидаги улкан Саҳрои Кабир кўринаётгани йўқ. Менга кичкинагина мамлакат кўринаяпти. Менинг қадимий аждодларим орқали у билан ҳеч қандай умумий боғлиқлигим йўқ. Олис, тўғрироғи қадимий. Исроил деб аталади. Чўлдаги қуруқ оҳактош устида, инсоннинг пешона тери ва меҳнати туфайли яшил майсалар ва палмалар кўкарганини, тоғ ёнбағирларида арчазорлар ва мандарин боғлари яратилганини гапирмай қўя қолай… Мен бу ҳақда эмас, мен Н2О ҳақида гапирмоқчиман. Майдони атиги Тошкент вилояти ҳудудига тенг келадиган бу мамлакатни учта денгиз ўраб туради. Бироқ денгизнинг суви шўр-да. Денгиз сувини шўрсизлантиришга кетадиган маблағ эса, Туркиядан чучук сув сотиб олишга нисбатан қиммат. Ҳар бир уйнинг томида ёмғир сувига мўлжалланган ҳайҳотдай идишлар. Томчилаб сув йиғишади. Ягона чучук сувли кўл — Кинерет ҳам қор ва ёмғирларга маҳтал. Бутун мамлакатдаги унитазларга, кечирасиз, иккитадан мурват қўйилган. Биридан камроқ сув қўйилади, иккинчисидан кўпроқ. Албатта, ҳисоблагич асбоб ҳам ўрнатилган. Далаларни томчилаб суғориш ҳақида гапирмай қўя қолай. Айтгандай, томчилаб суғоришни ўйлаб топган одам илгари Тошкентда яшарди. Албатта, бу шаҳарда у одамдан ташқари шўро амалдорлари ҳам яшашарди. Ўшалар олимнинг таклифини қоғозбозлик денгизига ғарқ этиб юборишди. Шундан сўнг у кетиб қолди. Ўша амалдорларнинг меросхўрлари эса, оддий солиқ тўловчилар, мен ҳам шу жумлага кираман, солиғидан тушган маблағ эвазига Яқин Шарқ мамлакатларидан томчилаб суғориш технологиясини сотиб олишди. Нима дейсан, чиғир? Гапим нотўғрими? Чиғир жавоб бермайди. Камалакли тушлар кўради.
* * *
Ниагара! Мана, қаерда сув мўл! Арктика, Антарктида! Муз — хоҳлаган нарсанг билан қўшиб е уни. Зилзиладан сўнг “Ёш гвардия” кинотеатрини қандай бузишганини ҳамон эслайман. ғаройиб манзара! Дастлаб реклама тахталари қопланган бахмал пардалар учиб кетади. Сўнг ҳар эҳтимолга қарши ўша витриналарнинг бахмал пардалари ортидан Сталиннинг бюсти ўша кунларда чанг-тўзонда қолган менинг Тошкентимга боқади. Кичкинагина бюстча. Битта эмас. Улар катта ҳайкал атрофида айлантириб қўйилган. Улар нимага боқишар эди? Табиий офат туфайли қуриб қолган ариқлар, ҳувиллаган ерга боқишарди. Сувсизликдан бўм-бўш ариқлар атрофида ер тагидан ёриб чиққан янтоқларнинг тиканакли нишлари юракка санчилади. “Сув — бу ҳаёт” — бу баландпарвоз шиор эмас, балки сокингина, аммо чин ҳақиқат. Ахир биз илгари тип-тиниқ Салордан қамиш дастали қармоқлар билан кумушдек хонбалиқ (маринка)ларни овлардик. Балиқ шунақаям зўр эдики. Бу гапни мен тасодифан ушбу сатрларимни ўқиб қолиши мумкин бўлган ёшларга қарата айтаяпман. Бу балиқ Салорда бор эди, ҳа, бор эди. Салор тўлиб-тошиб оқарди. Биз футбол ўйнаб қизиб кетганимиздан сўнг ётиб олиб сув ичадиган ариқларчи? Бу ариқлар бетон ўзансиз ҳам булоқдек мусаффо ва тоза эди. Биз юзимизни ариқ сувига ботирганимизда эса, митти-митти балиқчалар ҳар ёнга қараб сузиб қочарди. Ҳамма ҳар баҳорда бу ариқларни тозалашга чиқарди. Турли белкураклар, паншахалар, кетмонлар билан ариқ қазардик. Ҳеч ким мажбурламасдан, илтимос қилмасдан бажарар эдик бу ишни. Ўзимиз.
Озгина фурсат бор… Озгина вақт бор… Ажрашурмиз, боқиб қуёшга сўнг бор.
Гина-кудрат қилмай, боғда юрурман, Новдасин синдирмай мева терурман.
Йўқотганларига бўлиб интизор, Дарахт, майсалар ҳам чекурлар озор.
Зилол булоқ… Биллур каби мафтункор, Тиниқ сув тубида барглар нақшинкор.
Кунботарда қушлар сайрар жўровоз, Тиз чўкиб дарёга сажда қилмоқ соз.
Хориб-чарчаганда дам олмоқ даркор, Жуда кўп фурсат бор… Жуда кўп вақт бор.
* * *
Чиғирнинг камалаклари, тушлари тугади. Энди ишга. Уйқудан уйғонган ғилдирак секин айлана бошлайди. Ёғоч новга тушларнинг қолдиғи каби томчилар томчилайди. Улар ҳамон камалак тусда. Ниначининг шаффоф қанотлари. Улар қирғоқдаги қиёқлар узра тек қотади. Катта ариқ тўлиб сув оқади. Худоё худовандо, насибамизни зиёда қилгин. Сувимиз ҳамиша мўл бўлсин. Ўғил-қизлар доимо чиғир ёнида турсин. — Йўқ, — дейди менинг навқирон дўстим, — йўқ шлангни водопровод жумрагига улай олмайман. Ана, ариқ. Жўякларимни челакда сув ташиб келиб суғораман. Яхшиси чиғир ясаш зарур. Сўнгра бироз сукут сақлаб, хўрсинади: — Ариқда сув бўлганида эди… Қиссадан ҳисса: — Бузуқ кран жумрагидан Н2О беҳуда томчилаб турганини кўрсам, қоним қайнаб кетади. Сув йўқликка, номаълумликка кетиб исроф бўлмоқда, ахир!
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси |
|
Фридрих Дюрренматтнинг эврилишлар олами |
|
|
|
27.02.2013 12:02 |
Фридрих Дюрренматт ХХ аср мумтоз сиймолари қаторидан муносиб ўрин олган швейцариялик адиб. ХХ асрнинг катта адабиётининг детектив хусусияти ҳақида фикр юритиб немис адиби Бертольд Брехт шундай ёзган эди: “Биз фалокатлар шароитида ўз ҳаётий тажрибаларимизни орттирамиз. Фалокатлар асосида ўзимизнинг биргаликдаги ижтимоий ҳаётимиз амалга ошадиган қиладиган усулни англашимизга тўғри келади. Фикрлаш орқали биз инқироз, турғунлик, инқилоб ва урушларнинг сабабини очиб беришимиз керак. Газеталарни ўқиётгандаёқ биз фалокат содир бўлиши учун кимдир нимадир қилганини ҳис этамиз. Хўш, нимани ва ким содир қилди? Бизни хабардор қилишган ходисалар ортида биз бошқа, бизга хабар қилинмаган ҳодисалар рўй берганини фараз қиламиз. Айни шулар ҳақиқий ходисалардир”. Дюрренматтнинг асарларида, унинг кулгуси ва аччиқ истеҳзоси, алам ва дардлари, тилак ва ниятлари, изланиш ва кашфиётлари ортида, айни ХХ аср фожеа ва фалокатлари, ёзувчининг дардчил қалби ва тафаккурида уларнинг қолдирган чуқур из ва жароҳатлари бўй-басти билан намоён бўлади. “Мен христиан эътимоди муҳитида ўсиб улғайдим, - ёзади у ўзининг ёшлик ва ўспиринлик йиллари ҳақида. Албатта, унинг атрофидаги одамларнинг бари ҳам идеал эмасди, ҳар бир кишининг ўз нуқсони, иллати, яширин гуноҳи бор. Аммо ҳар ҳолда ҳали тажрибасиз, ҳаётнинг пасту-баландини кўрмаган навқирон болага дунёнинг асосини ташкил этган ва инсон ҳаётини белгилаб берадиган умумий тартиб мустаҳкам бўлиб туюларди. Дин, ахлоқ, ватанпарварлик, сиёсат ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ, гўё. Олам ажойиботларга тўла. У туғилган қишлоқда ҳатто театр ҳам бор эди. Вокзалда эса узоқ-яқин шаҳарлардан келаётган поездлар югуришдан чарчагандек, “уф” торта-торта тўхтаб ўтишарди. ªишлоқда болалар учун кўнгил очар жойлар йўқлиги туфайли ҳар қандай ходиса томошага айланарди. Атрофда эса, кўзларни қувнатгувчи, дилларни яйратгувчи ям-яшил тоғлар, кўкда яқинлигидан ерга кулай-қулай деб тургандек туюлган юлдузлар. Онасидан эшитган инжилдаги мўжизаларга тўла ривоятлар дунёсига ўхшарди борлиқ. Ана шу тинч ва осуда, қадимдан ўзгаришсиз сақланиб келаётган одат ва удумлар билан яшайдиган оламни уруш остин-устун қилиб юборди. Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Дунё ҳақидаги илк тасаввурларга мутлақо ёт, тамомила бегона - алғов-далғовларга, даҳшатли воқеаларга тўла, аччиқ дуд иси-ю, ўлим ва қон таъми келиб турган воқелик уни ўз исканжасига олди. Шу дамгача гўзалликка муҳтож кўзлар илғаган, эзгуликка чанқоқ дил туйган ҳаёт энди зулм, адоват, ғайр, шаҳват аксланган бадбуруш қиёфасини намойиш этди. Энди бутун борлиқ чирик ва ёлғон бўлиб туюла бошлади унга. Айни шундай бир шароитда, Дюрренматт қўлига қалам олди. Унинг илк асарларига норозилик ва дилҳасталик доялик қилди. Дюрренматтнинг дастлабки ҳикояларида унинг назаридаги таянгчини йўқотган дунё сингари мудҳиш, ғалати, фантастик оламнинг сурати намоён бўлади. Вақт ўтиши билан Фридрих Дюрренматтнинг услубида муайян ўзгариш содир бўлди, хусусан беҳад, давосиз дард ўрнини юмор эгаллади. Юмор, кулгу ёзувчи учун ҳаётнинг у англаган даҳшатли ҳақиқатидан йироқлашиш ҳамда бу ҳақиқатнинг оғир юки остида руҳий эврилишдан ўзини асраш воситасига айланди. Кулгуда у инсон руҳий-маънавий эркинлигининг ифодасини кўрди. Дюрренматт асарларидаги юмор ҳалос этувчи кучга айланди, ҳимояланиш воситаси вазифасини бажариб келди. Бироқ у ҳар бир асарида тилга олинган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун моҳиятини очишга ҳаракат қилар экан, ҳаётдаги аллақандай парчаланишга, эврилишларга эътиборни қаратади. Масалан, “Шаҳар” ҳикояси қаҳрамонига қамоқхона қўриқчиси ишини таклиф этишади. Иш жойига, қоронғу ертўлага келганда, у ўзини шаҳар бошқарувига даҳлдор, қудратли кишидек ҳис қилади. Бироқ, аста-секин ўзи ва гўё у қўриқлаётган маҳбуслар ўртасидаги фарқ йўқолиб боради, ўзининг ҳам маҳбусга айланганлиги ҳақидаги ҳавотир ўй-ҳаёлини банд этади, бошлиқларнинг унинг эркинлиги ҳақидаги гаплари ҳам ёлғон бўлиб туюлади. Маҳбус ва қўриқчиларни ажратиб турган чегара ҳаёлий бўлиб чиқади. Дюрренматт ижодида “лабиринт” мотиви етакчилик қилади. Лабиринт мотиви ўз ибтидосини қадим юнон мифларидан олган. Уларда ҳикоя қилинишича, лабиринтни афсонавий меъмор Дедал шоҳ Миноснинг амри билан афсонавий Минотаврни қамаш учун қурган. Швейцариянинг пойтахти Берндаги бинолар, бир-бири билан кесишиб, чалкашиб кетган кўчалар, уларни ўз исканжасига олган сон-саноқсиз аркалар, Швейцария тоғларининг бағрини ёриб тилка-пора қилган ва йўловчиларни ўз оғушига олиб, ёруғ оламдан айирадиган туннеллар ёзувчи ҳаёлотида лабиринт образининг пайдо бўлишига туртки берган бўлса, ажаб эмас. Бироқ ҳар қандай ижодкор яратган образда унинг ўй-ташвишлари, ҳаётининг у илғаган қонуниятлари аксланади. Аксланади, ривожланади, шаклга киради, ўзгача мазмун касб этади. Лабиринт унинг асарларида инсонни ўз домига тортиб, маҳбусга айлантирган, ҳалос бўлишнинг асло иложи бўлмаган мудҳиш воқеликнинг рамзига айланди. Ва яна ёзувчи учун лабиринт ҳаёт ва инсон ҳақида чиқарган хулосаси - инсон қалбининг зоҳирий дунёсидаги нотурғунлик, унинг хатти-ҳаракатларидаги сабаб-оқибат муносабатларининг ноаниқлиги, ботин ва зоҳирнинг айрилиги, ёлғон ва ҳақиқат, эзгулик ва разолат ўртасидаги чегаранинг ўта мавҳумлиги, сурат ва сийрат маконсизлигининг ифодасидир. Унинг асарларида маънолар осонлик билан ўзгаришга учрайди, ўзининг зиддига айланади, кетма-кет яна ва яна ўгирилиб, аниқ хулоса чиқаришга, баҳолашга, бир тўхтамга келишга йўл қўймайди. Шу тариқа “ªўриқчи хотиралари” ҳикояси қаҳрамони бошпана деб билган ғор унинг учун қамоққа айланади, “Шаҳар” ҳикоясида ташқаридаги – шаҳардаги алғов-далғовлардан қутулиш ва хатто Шаҳарни бошқарувига даҳлдорлик туйғусини берган ертўла, айни пайтда қаҳрамон учун қамоққа, қайтиб чиқишнинг имкони бўлмаган лабиринтга айланади. Лабиринт ичида одам – қўриқчи, маъмурият, ҳокимият вакили, айни пайтда у – маҳбус, қурбон. Инсон ҳолатидаги бу ноаниқлик фақат унинг ҳаёлидагина бўлмай, реалликка айланади. “ªўриқчи хотиралари” ҳикоясининг сўнгида асар қаҳрамони арқонга осилган кишини кўради. Уни маҳбус, жиноятчи деб ўйлайди. Командир унинг қўриқчи эканлигини айтади. “Нима учун уни остирганимни биласанми? Чунки, бу қўланса ит ўзини қўриқчи эмас деб ўйлай бошлади. – Ўзини ким деб ҳисоблайди бўлмаса? – Маҳбус деб – жавоб берди командир”. 1976 йили Дюрренматтнинг “Мувофиқликлар” китоби чоп этилди. Кейинчалик матни қайта-қайта ишланган мазкур китобда муаллифнинг ҳозирги замон дунёси ҳақидаги тасаввурларини ифода этувчи фикрлар баён этилган. Китоб гарчи “Мувофиқликлар” деб номланган бўлса-да, аслида унда номувофиқликлар ҳақида, ҳаётнинг мунофиқона ўзгарувчи қиёфаси ҳақида гап боради. Дюрренматт ҳаёт ва у ҳақидаги тасаввурларнинг ўзаро номувофиқлиги, реал воқелик ва одамлар онгида ўрнашиб қолган тушунчалар ўртасидаги ажралиш ҳақида ёзади. Дюрренматт турли муносабат билан айрим давлатлар ва жаҳон сиёсати ҳақида кўп фикр билдирган. Замонавий сиёсий муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақидаги ўз ғоялари билан ўртоқлашган. Бир-биридан беҳад узоқлашиб кетган давлат сиёсати билан халқ манфаатларини яқинлаштириш ҳақида қайғурган. Аммо уни, санъаткор сифатида, сиёсий муаммолар эмас, аввало инсон қизиқтиради. Инсон, унинг табиати ёзувчи наздида барча нарсанинг, хусусан, ўша сиёсий муаммоларнинг асосини, ўзак томирини ташкил этади. ²озирги замон дунёсининг мунофиқ қиёфаси, аслини олганда, инсоннинг англанган ёки англанмаган мунофиқлигининг инъикосидир. Ёзувчи учун истеҳзо - бироз бўлса-да, ана шу қиёфасини тинимсиз ўзгартириб борадиган дунё ва инсонни англашнинг ягона воситасига айланади. Истеҳзоли кулгу Дюрренматт ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. У бир қатор комедия жанрида ёзилган асарларнинг муаллифи. Айнан комедия, унинг фикрича, ҳозирги замон дунёсининг гротескона қиёфасини очишга қодир, айнан комедия ҳақиқатни бироз бўлса-да, аён қилишга ёрдам беради. Аслини олганда, комедия Дюрренматт ижодининг мазмун-моҳиятини ташкил этади - “Грек йигит грек қизни излайди” қиссасига иккинчи сарлавҳа сифатида “Насрий комедия” деган сўзлар танлангани бежиз эмас. Бир қарашда Дюрренматт асарларида интрига одатий - икки қарама-қарши кучни зидлантириш асосида қурилгандек. Ахлоқ ахлоқсизликка, эзгулик разолатга қарши қўйилган. Шунга мувофиқ қаҳрамонлар танланган ва жойлаштирилган. Аммо Дюрренматтнинг мумтоз драматургия қоидаларига риоя этишининг ўзи ҳам истеҳзо кўринишини касб этади - эзгулик ва разолат ўртасидаги кураш тарзида талқин этилган дунё мантиғи унинг асарларида парчаланади. Унинг ўрнини ёзувчининг ўзгача, хушёр торттирувчи мантиғи эгаллайди. ²аёт, воқелик унсурлари ўша-ўша, лекин худди болаларнинг “калейдоскоп” ўйинчоғини озгина силжитса, озгина бурилса, унинг ичидаги рангли шишачалардан бутунлай бошқа безак пайдо бўлганидек, бу унсурлардан ёзувчининг бир ҳаракати билан буткул ўзгача манзара ҳосил бўлади. Дюрренматт қалами остида дунё бошқа маъно-мазмун касб этади. Аниқроғи, ёзувчи ўз ўқувчисини икки ва ундан ҳам ортиқ талқин томон етаклайди. Бу талқинлар бир пайтнинг ўзида ҳам бир-бирини инкор этади, ҳам қўшилиб кетиб, ажабтовур яхлитликни намойиш этади. ²икоянинг ривожи воқеалар алмашинуви асносида эмас, муаллифнинг аллақандай фантастик мантиғи асосида кечади. Фантастик эврилиш мантиғи истеҳзо воситасида ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборади ва реал воқеликка айланади. Масалан, “Мистер Ш таътилда” ҳикоясида шайтон эзгу ишлар қилиш учун ерга тушади. У иштиёқ билан эзгулик уруғларини сочади. Аммо оҳир-оқибат маълум бўлиб қоладики, дунё разолатсиз бўлиши мумкин эмас экан: иллатлар ҳаётни илгари силжитади, коррупция камайган сари эса иқтисодиёт инқирози кучайиб боради. Биринчи қарашда бу ҳикоя ХVIII аср инглиз файласуфи ва ёзувчиси Бернард Мандевилнинг инсон ва жамият борасидаги қарашларини эслатгандек бўлади. Ўзининг машҳур “Асаларилар ҳақидаги масал ёҳуд алоҳида шахсларнинг иллатлари – жамият учун фойда” асарида у жамиятдаги гармонияни эзгу ишлар эмас, айни иллатлар сақлашга ёрдам беришини асослашга ҳаракат қилади. Асалари уяси тимсолида ўз даври жамиятини тасвирлаган адиб уни идеаллаштирмайди, хусусан, унинг наздида, одамларнинг хатти-ҳаракатларини шахсий манфаат ва даромадга интилиш белгилайди. Аммо бундай ҳол унинг учун табиийгина бўлиб қолмай, ақлга ҳам мувофиқдир, зеро унинг наздида жамият иллатларсиз барбот бўлади. Мендевилдан фарқли ўлароқ, Дюрренматтнинг мақсади, иллатларни оқлаш эмас, балки нафақат ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар, ҳаётнинг ўзи ҳам омонатлигини кўрсатиш. Бу омонатлик ҳақида у ҳар бир асарида ўзгача ёзади, лекин хулоса ўзгаришсиз қолади: бизга мустаҳкам замин бўлиб туюлган исталган жойда ҳар дақиқа тубсиз жарлик пайдо бўлиши, шаклланган тасаввурлар чил-чил бўлиши ва тартиб ўрнида тартибсизлик намоён бўлиши мумкин. Дюрренматтнинг ижодий меросида ғалати бир асар бор. Унинг тўлиқ номи: “Топшириқ ёҳуд назоратчининг назоратчилар устидан назорати. 24 жумладан иборат новелла”. Уни ташкил этган бу 24 жумланинг ҳар бири– битта боб. Бир неча саҳифага чўзилган боб–жумлаларда биронта нуқта йўқ. Улкан жумлаларнинг бўлаклари бир-бирига маҳорат билан боғланган ва Дюрренматтнинг Дунё ва инсон ҳақидаги тасаввурлари сингари, бири биридан келиб чиқади, бир-бири билан боғлиқ, бир-бирини тақазо этади. Унинг бошқа асарларида ҳам бир воқеа-ҳодисанинг турланган талқинлари узлуксиз бир жумлага бирлашиб кетади, зиддиятли яхлитликни ташкил этади. Бу яхлитлик чарчоқ ва чорасизлик омиҳтасидан дунёга келган. Аммо ўзи яратган оламдаги турланишлар сингари Дюрренматт ўқувчисини оҳиста, шошилмай, эҳтиросга берилмай, чарчоқ ва чорасизлик уммонидан охир-оқибат умид қирғоғига олиб чиқади. “²ақиқий ёзувчилик юмуши ҳар доим инсон имкониятларини англаш ва амалда синаб кўриш ишида иштирок этишдан иборат”, - деган эди бир ерда Дюрренматт. Дюрренматт кўпинча яхши маълум бўлган тарихий ёки афсонавий сюжетларга мурожаат этади ва уларни бутунлай бошқача талқин этиш, улардан ўзгача хулосалар чиқариш мумкинлиги кўрсатади. “Пифиянинг ўлими” ҳикояси ҳам ана шундай асарлардан бири. ªадимий юнон афсонаси ва ундаги воқеа-ҳодисалар ёзувчининг истеҳзоли қалами остида турланиб, ўзгача мазмун касб этади. Дюрренматт қаҳрамонларининг ички оламига ғаввос каби шўнғийди, инсон руҳиятининг энг чуқур, қоронғу бурчакларини ёритади, гўё уларнинг вужудини ағдариб, ботиний қатламларни зоҳирга олиб чиқади. Дюрренматтнинг психологизми қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларида намоён бўлгувчи яширин, баъзан сир тутилган, баъзан англанмаган ниятларни юзага чиқаради. Китобхон Дюрренматт талқинидаги дунёни қабул қиладими, йўқми, бундан қатъий назар, бир нарсани тан олиши тайин – ҳаёт баъзан ўзининг даҳшатла иршайган, бадбуруш томони билан инсон томон юзланади. Айни шундай дамлар синов дамларига айланади. Ана шундай дамларда бир елкасида раҳмон, бир елкасида шайтон ўтирган инсон уларнинг қай бирига қулоқ тутиши, умид ёки ноумидлик, эзгулик ёки жоҳиллик йўлини танлаши, ўзлигини сақлаб қолиши, ўзини ким деб идрок этиши ўзига боғлиқ. “Шаҳар” ҳикояси сўнгида айнан шунга ишоратни кўрамиз: “... ªўриқчи эмас, маҳбус бўлиб чиқишнинг ҳақиқатга айланиши мумкинлиги мен учун ҳаётимни чинакам дўзахга айлантирди. Зеро, билинтирмай ер қаърида чуқурлашган, деворларидаги даҳшатли башараларни ёритиб турувчи кўкиш нурга тўлган бу йўлакда ким ҳам яшай оларди? Бу мен учун дош бериб бўлмас бир ўйга айланган эди... Аммо чеки йўқ ўйларим ана шу ерга келганда, калламга ҳал қилувчи бир ғоя келди, Коперникнинг эътирофига ўхшаш: қўриқчиларнинг жойлашишини бошқача тасаввур қилиб кўриш керак...”
Улуғбек Саидов |
Рожий Хўқандий (1871-1924) |
|
|
|
21.03.2014 15:04 |
Рожий, Сулаймонқул уста Суярқул ўғли (1871 — Қўқон — 1924.11.11) шоир, хаттот. Қўқон мадрасаларида таҳсил кўрган. Рожий ишқий ғазаллар, сатирик шеърлар, таърихлар ёзган. Уларда самимий муҳаббат улуғланган, 1-жаҳон уруши воқеалари акс этган, инсоннинг жамиятда тутган ўрни ва қадр-қимматига баҳо берилган. 880 мисра шеър, 400 дан ортиқ мақол ва ҳикматли сўзларни ўз ичига олган «Зарбулмасал» асарида шоирнинг гуманистик ҳамда дидактик қарашлари, даврнинг ижтимоий масалаларига муносабати акс этган. Рожий 20-аср вақтли матбуотида ҳам фаол қатнашган. Жумладан, М. Беҳбудийнинг «Ойна» журналида унинг 2 та шеъри босилган. Рожий Навоийнинг «Мажолис уннафоис» ва «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарларини кўчирган. Рожий асарларидан баъзиларини ўз ичига олган, Абдулмажид Котиб томонидан тузилган қўлёзма баёз Қўқондаги Ғафур Ғулом номидаги адабиёт музейида сақланади.
ЗАРБУЛМАСАЛ
Қанча иш бўлса бугун кечга кетар, Сабр қилсанг ғўрадин ҳалво битар.
Етишурсен йиқилиш пайғомига, Бемаҳал чиқма бировни томига.
Эҳтиёт этмакка келмиш ушбу панд, Дар таваккал зонуи шутур бибанд.
Мулк ҳаддидин ўтиш яхшимидур, Қўшнини ўғри тутиш яхшимидур.
Пойгачининг икки кўзи ғовдадур, Бўрини ҳар дам қулоғи овдадур:
Гарчи давлатда эрурсен Бойқаро, Сен тарозу бошига аввал қаро.
Токи ўтгайсан жаҳондин пеш ўлуб, Тўқими ўн танга, эшак беш ўлуб.
Эгнингга сол шолчау ғўлонани, Тақма эшак бўйнига дўлонани.
Ҳар на бўлса ҳолатинг кўриб тириш, Ташқари қилма қуюшқондин бир иш.
Яхшимидур сендин, эй бемоя мўр, Сурфа қоқу том бошида қўш танўр.
Ўз ҳисобингни билиб юр моядин, Ким сўрар ой бошини девонадин?..
Тут омонатни наку бир кун бўлур, Пичоқ ўлса йўқ, софи олтин бўлур.
Ваъдада турғил, ўзингни йиқмвгил, Рост бўл, арғамчига ун тиқмағил.
Таълим олмоқдин киши ўзда қолар, Устаси йўқ ҳар мақомда йўрғалар.
Бўлмаса илми кишини не деюр, Кнм қозонда бўлса, чўмичга чиқур.
Ер кўтарилмас чунончи осмон, Минг семурсин, чумчуқ ўлмас ботмон
Қўйса жоҳил олим ўрнига қадам, Болта келгунча олодур кунда дам.
Ўртага тушсин кими бўлса кучи, Сўйса чумчуқ, қассоб ўлсин сўйғучи.
Сўзни оч уққанга, эй озодакор, Ким чалур эшак қулоғига дутор.
Машварат қилғил, кими бўлса қари, Ким қари билгонини, билмас пари.
Тўғриликда гар жаҳонда тоқдур, Бекни оғзи қойдадур, боймоқдур.
Дўст отин қўймағил авроқда, Қой кийик турмиш ишонган тоғда.
Равшан этмишдур самодан то самак, Қассоб ўлса ошно бергай суяк.
Панд сенга ким берур ситез эмас, Ошнодин топ, демоқ бежиз эмас.
Сабр қилмоқ бирла қил ўзни тўкуз, Бошга тушса тортадур албатта кўз.
Кимки эҳсон қилди, ул топди нажот, Қой оғиз ейдур ҳам ул чекти уёт.
Хайр қилмай ўзни одам чоғлама, Сен қозонинг аслв сувга боғлама,
Кўз тутурдин ким бўлибдур бениёз,. Ҳадя бўлсин, гарчи ҳам бўлса пиёз.
Қорни тўқни қорни очдан йўқ хабар, Тўйга борсанг бор тўйиб, жон писар.
Тўкилурса гар қариб кўзу қоши, Кимки бермасдур анинг пишмас оши.
Қўрқмағил андинки дур неку сияр, Яхшида бўлмас яроғ, қилма ҳазар.
Ёпмас оғзини ким, ҳаёти уйрилур, Болтадин тоймас ҳўкуз бўлса ўлур.
Қил тааммул, қилма ўзға ўт ёқиб, Сен қизини ол, онасига боқиб.
Йўлда йўлчи, овчи овда хўб эрур, Қирғиз ўлса ким ўтовда хўб эрур.
Қолдиларму поклар бу дам аро, Яхшига кун йўқдурур олам аро.
Истиқоматлик киши масрур эрур, Ким мусофирдур, масалда кўр эрур.
Ўзни ёлғуз ташлама сен бемаҳал, Кўпчилик не бўлса, сен ҳам бўл ўшал.
Ки югурур бўлса оғиз ошгадур, Чопмоқи ҳам тилу оғиз бошгадур.
Машраби кенг ўлса кўнгул сайлағай, Тор ерда ким тамошо айлағай.
Сен ниҳон сир устин очма, эй ғани, Гар ёпуқлиқдур қозон, ёпғил ани.
Бирни розин беркитурға ғам егил, Тева кўрдингму деганда, йўқ дегил.
Ҳеч кимнинг тушмасун асло иши, Оч ила сўзлар ажал етган киши.
Тутса тонг йўқ тоабад устун макон, Шум бўлур ҳар ерда шогирди калон.
Орқасидин гарчи совуқ сўз -юрур, Одамини бил, юзи иссиқ эрур.
Ўзни тўқ тутмоқ эмас доно иши, Очлиғидин ўлмамишдур ҳеч киши.
Имтиҳонсиз ошнони йўқлама, Тарвуз эрса хом агар қўлтуқлама.
Жаҳл бирла бошлама ҳаргиз уруш, Ҳеч кишиға бўлмағил қовунфуруш.
Бирга ҳў қилма фйреб бермрққа, Қўйнини тўлдирма пуч ёнғоққа.
Кенг тутгил кўнглинг, ўл соҳибтамиз, Қирқ кишиға етган эрмиш бир майиз.
Сен емоққа қйлмағил хў қандни, Қанд ерсен, лек ерсен пандни.
Аччиқ эрмиш ушбу сўз, ҳушёр тур, Ким демишдурлар ширинлиғ яхшидур.
Индагандан индамаслик яхшироқ, Индасанг, бошингға теккайдур таёқ.
Кар эшитгониға асло тўймағай, Кўр тутгонини ҳаргиз қўймағай.
Жойи бор ҳар сўзни, эй олиймақом, Эски оғизму тилар янги таом.
Мардум ичра шўру ғавғо солма, сен, Шаллақилиқ бирла енгиб олма, сен.
Раҳм қил, ҳар кимни қўй ўз йўлиға, Бермағил жонини олиб қўлиға.
Мажлис ичра тухми бежо сепма, сен, Ҳар қаю сўзни белиға тепма, сен.
Шиквани базми қурилса, нори тур, Тушса юз юзга, хижолат келтирур.
Билмайин сен очма савдо устини, Тут айиқни, сўнгра сотғил пўстини.
Қай эшик эрмиш яқинроқ, они қоқ, Сен узоқни сўзига солма қулоқ.
Катталик айлаб ўзингни бузма, сен, Сайратиб тўпхонани юргузма, сен.
Айронинг йўқ чанқаганда ичмоқа, Сен кумуш кўприк тиларсен ўтмоқа.
Боби ишрат дафъатан боз ўлғаму, Бир гул очилған билан ёз ўлғаму.
Қасри давлат ичра ким ўзни урар, Ҳар тегирмон навбати бирла юрар...
Кимки бўлса, яхшилик жомин туза, Қўйма тарбуз пўстини йўлинг уза.
Мухбир ўлсанг, ҳақ сўзидии туз мақол, Бўлғай эрмиш қайда элчига завол?..
Зулм қилмоқлик дўконин қурмағил, Ҳўкузингни бўйнини шиштурмағил.
Ғафлатдаги душман уза ўзни отма, Ухлоқ эса қаерда илон, уйғотма.
Бу тарз иладур замонанинг ишиға вой, Ҳалвони ҳокиму етим калтакни егай, ҳой.
Толеъ билибон давлат элини топқай, Иқбол ҳам они, тешасизни чопқай.
Олурлар они молин жою бежой, Бўш эрса қою дарахт қурт егай, ҳой.
Туз эр ким эса, толеи юз ўгурар, Бахтни ўшал ҳамиша уйқуда кўрар.
Ошуфталиғу йўқлиғ ила умр сурар, Лек ёмон эрни ошуғи олчи турар.
Дасти кўтаҳ ҳоли бўлғондур табоҳ, Чиқмасун ғалтакка ҳамён ҳеч гоҳ.
Одам ўлсун ёғ кесурдин вақти чоқ, Устухонга етмасун асло пичоқ...
Ҳирс зиндонида ўзни йитмағил, Беш қўлингни оғзингга сен тиқмағил.
Давлатингга дам бериб чолишмағил, Ушбу дамлар бирла ҳаргиз шошмағил,
Сўрма фосиқдин риёзат ҳолини, Ёки қочгандин уруш аҳволини.
Ким ичи ўнгидадур, кўз бахшидур, Ким эрур ўнги ичида, яхшидур.
Қойдадур бечора бор, ранги сориқ, Корд топилмас ҳўкиз бўлса ориқ.
Кимни ким оғзи қулоғига етур, Ақлини билғил қафосидин кетур.
Ёр эса сен бирла яхши бирлиғи, Йўқ кераклик тошнинг оғирлиғи.
Кўнгил узғил тунбази даввордин, Нафъ олмас қон қусар заввордин.
Ғам ема, ҳар чиз оз ўлеа, етар, Киссаға қайтарма, кўп бўлса кетар.
Сен жазо майдонида бўлма чўлоқ, Бирни айбиға бўлиб кўзу қулоқ.
Зулмнинг ўтини асло ёқмағил, Сен биров бошида донак чақмағил.
Етти гўлахға қўюб ўт, бўлма паст, Қойда бўлса маърака, берма шикаст,
Бирни боши узра феълинг бузмағил, Сен тегирмон тошини юргизмағил.
Кимки топти мардлик ичра масал, Боши кетса, сўзидин кетмас ўшал.
Бўлмасанг сувчи, не қилғайсен юзиш, Қўчқор ўлса шохсиз, билмас сузиш.
Дўст бирла имтиҳон қилғил талош, Билса, хурмо, билмаса бер анга тош.
Гар топай десанг ҳаводисдин омон, Яхшига яхши, ямонга бўл ёмон.
Қолмағил кўпдин, сен эрсанг борар, Ёлғиз отни чанги чиқмас чопса гар.
Яхшилиғ қилғил, агар ёр истасанг, Юсуф ўлғил, сен харидор истасанг.
Бўлмоғил бадгўю бадгуфтор ҳам, Гўшҳо дорад дару девор ҳам.
Обрўйипг тўкма, сўзлаб ичма қон, Индамасликдур жавоби аҳмоқон.
Тарбият ноаҳлға қилғай асар, Турса гунбаз устида ёнғоқ агар.
Кимки ўз-ўзи силиқ, сўзи силиқ, Бил, ёмонга ортиқ ўлмиш бир қилиқ.
Юрмаса ким тўғри, сўқмоқ келтирур, Эгри калтак эгри тўқмоқ келтирур.
Софдил нопоклардин тўлғанур, Тушса ҳавз ичра агар ит булғанур.
Берма кўнглинг нафси шайтон шўриға, Қўйни топширмоқ бўлурму бўриға.
Бўлса мажлис, тўриға олма ўзинг, Келса миршаб, мўриға олма ўзинг.
Қизи бор уйга қоровул бўлмағил, Тайёр ошга сен баковул бўлмағил.
Жон гаров, жома гаров қил ўзни, сен, Жойиға қўйғил ҳамиша сўзни, сен.
Вақти меҳнатда нединдур қочишинг, Арпа пишганда магар тушмас ишинг?
Борма хирмонга, узоқда тўқ эсанг, Донини олма, бошоқда йўқ эсанг.
Ҳар киши юк ўз отиға ортадур, Ўз кўмочига кулини тортадур.
Бўлмағил хайли хиёнат бастаси, Олтин ўлғай йўқ пичоқни дастаси.
Ҳеч уйдин сен суғурма бир хавон, Ҳеч юздин урма тўқсон, эй жавон.
Кўз олайтурғон на билғай ўзини, Қасд қилгон, паст қилғай ўзини.
Маълум ўлмиш дунёда жумла билур, Ким қазур гар чоҳ, ўзи йиқилур.
Қилма бирни молини олмоқ хаёл, Қўйнидин тўкилса, сен қўнжиға сол.
Барчани яхши дегил, ўзни ёмон. Жумлани буғдой билу ўзни сомон.
Ёшликдин маълум ўлғай ҳар насл, Ки баҳоридин билинғай яхши йил.
Яхшидин бўлмас ёмон асло тўқуш, Келмағай лочин уйидин бойқуш.
Хом кумушдин пишса шолғом куч берур, Йўқ товуқдин, бор юмуртқа хўб эрур.
Жулдур ўлған етишур жононаға, Тушгай ойнинг ёруғи вайронаға.
Хешро оро диҳад, бад бадтар аст, Гар жули атлас бипўшад, хар хар аст.
Ўзни энкаймас такаллуфга солур, Қайда бўлса тева чўкса жой олур.
Ётни хеш айламаслар дунёда, Танимасни сийламаслар дунёда.
Ҳеч қиммат йўқки, беҳикмат эмас, Ҳеч арзон йўқки, беиллат эмас.
Дўст нодон ўлсау, душман — фаҳим, Кўрғасен андин сақар, бундин наим.
Қўл узатма бесабаб озорға, Тўғри келмас уй сўзи бозорға.
Шиквадин хомуш бўлғил субҳу шом, Ўзни билғил, ўзгани қўйғил мудом. ,
Кавламоқдин ўт ўчодур оқибат, Қўшни ҳам андин кўчодур оқибат.
Сен ёмон сўз қилмау, бўлма тараб, Яхшилардин қолмагандур ҳеч гап.
Ғалвани қилма қулоққа жойгир, Бошад аз карнайчи як пуф дилпазир.
Жоҳил айтса сўз қилур доно қиёс, Ҳанграса эшак солурлар беда тос.
Сен қулоғингни кўзингдек билмағил, Гар эшитсанг, кўрганингдек билмағил.
Ишда йўқ, ҳар қайдадур шармандадур, Кимки жўянда эрур ёбандадур.
Ётмағил оламда, эй ёр, ишлағил, Бекор ўлганнингча бекор ишлағил.
Одам эрсанг, сен бир ишни қил ҳавас, Беҳунарро хар ҳамегўянд бас.
Сўз қуруқ бўлса, қулоққа ёқмағай, Тепалик сори қараб-сув оқмағай.
Фикри будбул донмо гудда эрур, Бил ҳисобли дўст кўнгулда эрур,
Сўрма ақча, гарчи сенга ёр эрур, Ки олурни, берури ҳам бор эрур.
Тонуғил кўзингни борида йўлунг, Тегса кафгир сенга, куйдурма қўлунг,
Кимки оғзидин дури мадҳинг сочар, Амин ўлма ҳам ёмонлашга очар.
Ким шужо ўлса, ўзин ҳифзин этур, Қўрқоқ эрга осмондин ўқ етур.
Ёвари йўққа тушодур можаро, Ёрдами йўқ хор ўлодур халқ аро.
Бесўроғ иш дилни ғамнок айлағай, Роҳ зангин машварат пок айлағай.
Машварат бирла сахий марғуб эрур, Икки илм, албатта, бирдин хўб эрур.
Ким бузулгай, қозиликка сайланур, Теваға етса ажал, чоҳ айланур.
Тўғри бўлсанг, сен сочоқ бўл доимо, Эгри бўлсанг, сен ўроқ бўл доимо.
Тил кесилса, сенға сўзингдин эрур, Оқса қон бурнингдин, ўзингдин эрур.
Ким сукут этса, надомат кўрмағай, Фикрсиз сўздин саломат кўрмағай.
Аччнқ ўлғай пулға келса, ҳар чи ҳаст, Сиркаи муфт аз асал ширинтар аст.
Йўқ ҳўкиз деб, бор улоқдин кечмагил, Шох учун хардек қулоқдин кечмагил.
Кўчада ким мадҳ этодур хотунин, Баззоз этғай айблик ўлғон тўнин.
Ҳамроҳ қил ўзингга одамидурур зангн, То нағма машваратда туз оҳанги.
Қойда эса ёлғиз от, чиқмас чанги, Чанги чиқса, чиқмағай анинг донги.
Толеъ оники қабул айлар рови, Бечорани ови юрса, юрмас дови.
Иш бўлмаса, қўлда боғ бўлса, чидамас, Нахли ани барча ёғ ўлса, чидамас.
Озор йўлига бир қадамдур юрма, Отингни ситамни кўчасига бурма.
Кўрсангки биров ҳазин эса пишқурма, Бир сўхта устига намакоб урма. |
|