“Маоний боғини доно қилур сайр...” PDF Босма E-mail
11.04.2014 04:58

Муҳаммад Ризо Огаҳий ўзбек мумтоз адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги улкан сиймоларидан биридир. Огаҳий халқимиз маданияти, адабиёти ва илм-фани тарихида талантли шоир, моҳир таржимон, йирик муаррих, маърифатпарвар шахс сифатида ёрқин из қолдирган.
Маълумки, Огаҳий ниҳоятда баракали ижод қилган. Шоирнинг “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) номли улкан девони бир неча жанрларда яратилган 20 минг мисрадан зиёд шеърдан таркиб топган. У Хоразм хонлиги тарихининг турли даврларини ёритишга бағишлаб бешта мустақил йирик тарихий асар яратган. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, Абдураҳмон Жомийнинг “Саломон ва Ибсол”, “Баҳористон”, Низомийнинг “Ҳафт пайкар” каби ўлмас бадиий асарларини, кўплаб тарихий китобларни маҳорат билан таржима қилган.
Огаҳий ижодининг қимматли ва характерли томони шундаки, у Алишер Навоий ижодиётида юқори поғонагача кўтарилган адабиётдаги энг илғор, энг халқчил ғоявий-бадиий анъаналарни XIX аср шароитида юксак даражада ривожлантирди. Инсоннинг кўнгил ҳаётига теран кириб борган шоир дин, ахлоқ, маънавият, адолат тўғрисида ҳам ўз фикр-хулосаларини очиқ-ойдин изҳор қила олган эди. Унингча:

Маоний боғини доно қилур сайр,
Қачон қилғай они нодон тамошо.

Сўздан, яъни сўз изидан маънига томон сайрни ўрганган киши сўз ҳолати, сўз тақдири ва тарихини ҳам бемалол билади. Худди тирик мавжудотга ўхшаб, сўз ва калималар ҳам туғилади, яшайди: баъзи бирлари узоқ умр кечирса, айримларининг умри қисқароқ бўлади. Вақт ва замон ўтиши билан сўзларнинг оҳанги, маъно ва шаклларида ҳам ўзгаришлар содир бўлиши ёки янги мазмун, ўзгача бир завқ билан бойиши уларнинг жонли мавжудлик эканидан далолат беради. Буни Огаҳий ғазалларида ишқий, маърифий, ахлоқий маъноларнинг бир бутун тарзда ифодаланишидан ҳам илғаш мумкин. Огаҳий айни бир шеърда бир неча маъноларни акс эттиришда маҳорат кўрсатган шоир. Шунинг учун тасаввуфий маънолар ҳам унинг шеърларида худди жавҳардай, нурдай сингиб кетгандир.
Тасаввуф маданияти, фаолият ва тафаккури исломий дунёқараш ва тушунчанинг ажралмас бир қисми эканлиги илмда қайта-қайта таъкидлаб ўтилган. Хоҳ бирор шайх ёки муршидга эргашсин, хоҳ ўзи мустақил ҳаракат қилсин, иштиёқли ҳар бир киши бу ишқ, ирфон хазинасидан фойдаланган. Тасаввуф тажрибаси сингари унинг мавзуси ҳам дастлабки даврларда анча оддий ва осон англашинарли бўлган. Тариқатлар босқичи бошланиб, тасаввуфга фалсафа (айниқса, юнон фалсафаси) кириб келгач, сўфийлик вақт ўтгани сайин мураккаблашиб, ҳар турли фикр қарама-қаршилиги, маслак тортишувларининг шиддатли гирдобига ўхшаб қолган. Бунинг туб сабабини араб олими Абул Аъло Афифий шундай изоҳлайди: “Тасаввуф ягона бир манбага асосланмаган ёки туғилиш ва тараққиётини тоқ бир заминга боғлаб бўлмас даражада зиддиятли бир оқимдир. Худди шу сабабдан тасаввуфга бағишлаб тадқиқотлар яратган атоқли ғарб олимлари дастлаб тўғрилигига ишонган фикр-қарашларини ҳаётларининг охирларида тарк этароқ, масалага бошқа томондан ёндашганлар...”. Бизда эса, аксинча: тасаввуфга бир ёқлама муносабат, хато, якранг, саёз гапларни такрорлаш гўёки бир “удум” бўлиб қолган. Бунинг бир қанча сабаблари бордирки, биз улардан иккитасига тўхталиб ўтмоқчимиз. Биринчиси, Абу Наср Саррож таъкидлаганидек, тасаввуфни ўрганиш, унинг у ёки бу масаласи устида бош қотириб, маълум бир хулосага келиш ақлга шодлик бермайди. Билъакс: ақл ва идрок, дард ва изтиробга чуқур ошно бўлиши, фано ва бақони тенг кўриши, ҳолга тескари амалга, амалга зид ҳолларга имкон қадар барҳам беришига тўғри келади. Бу эса қийин ва азобли иш. Шу азоб ва қийинчиликларга чидашни зиммасига ололмаган киши тасаввуфдан завқлана олмаганидек, тасаввуфий ҳаётнинг сир-асрорини ҳам ўзича кашф этолмайди. Хуллас, сўник руҳ, ўлик калималар тасаввуфнинг ҳаётий нафаси, ҳуррият шавқини ифодалаш ва кўнгилларга таъсир ўтказишга ҳеч имкон бермайди.
Иккинчи сабаб ҳам биринчисига бевосита боғлиқ. “Қанчадан-қанча кимсалар бордирки, — дейди улкан турк тасаввуфшуноси С.Улудоғ, — тасаввуфий ҳаётни яшаш истеъдоди ва қобилияти бўлмагани ҳолда юзаки тарзда гоҳ унга, гоҳ бунга қизиқиб, мажбуран, яъни ўзларини зўрлаб ўша ҳаётга суқилиб кирмоқчи бўладилар. Бироқ бу иш уларнинг табиатларига мутлақо мувофиқ келмайди...”. Зеҳн, мушоҳада, хусусан, сезги пачоқлиги тасаввуф ва тасаввуфий шеърларнинг қадр-қийматини ерга қориштирадиган бир бефаҳмликдирки, очиғи, мумтоз адабиётимиз бундан зарар кўрмоқда. Бу фикр маълум бир маънода Огаҳий шеъриятига доир айрим мақолаларга ҳам тегишли.
Огаҳий Шарқ адабиёти тажрибаларини теран билган, ютуқлар билан бир қаторда ундаги камчиликларни ҳам аниқ англаган санъаткор. У Навоий, Бобур, Фузулий каби даҳоларнинг издоши.
Тасаввуфдаги мустақил бир тариқатга асос солган Нажмиддин Кубро, жавонмардлик ғояларини ифодалаш билан рубоий жанрининг довруғига довруғ қўшган Паҳлавон Маҳмуд Огаҳийнинг юртдошлари ва салафлари. Огаҳий кубравийлик таълимотидан пухта хабардор бўлганидек, Паҳлавон Маҳмуднинг жавонмардлик тушунчаларидан илҳомлангани шубҳасиз.
Нажмиддин Кубро таснифига кўра, тасаввуф уч асосий йўлдан иборат: тариқи ахёр — бу кўп тоат-ибодат ила Оллоҳ висолига етишишни кўзлаганлар йўли; тариқи аброр — бу тасфияти ботин ва тазкияти ахлоқ орқали Оллоҳга восил бўлишга интилганлар йўли. Учинчиси, тариқи шуттор — ишқ ва ошиқлик йўли. Худди шу кейинги йўл Огаҳийга мақбул келган. Шунингдек, у Нажмиддин Кубро “Усули ашора” рисоласида талқин қилган тасаввуфнинг ўн асосига ҳам алоҳида аҳамият берган. Шоир шеъриятидаги, сиртдан қаралганда, нақшбандийлик ёки бошқа бир тариқатга дахлдордай кўринадиган айрим истилоҳ ва тушунчалар аслида уларга кубравийликдан ўтган. Бу жиҳат Огаҳий ижодиётидан ўрин эгаллаган маломатийлик кайфияти ва ҳақиқатларидан баҳс юритилганда ҳам, албатта, инобатга олиниши зарурдир.
Огаҳийнинг мутафаккир ва орифлиги шундаки, у қисмат белгилаган йўл — шеър ва шоирлик тариқидан чалғимаган, ҳеч қачон сўфийлик ва мутасаввифликни санъаткорликдан баланд қўймаган. Унинг шеърларида неча ўнлаб тасаввуфий тимсол, рамз ва истилоҳларни учратиш мумкин. Улар нечоғли кўп ва такрор-такрор қўлланилган бўлмасин, Огаҳийни сўфийлик маслагига соҳиб шоир, дейишга ҳеч асос бермайди. Уни “сўфийи соф сиймолар” қаторига қўшиш эса ғирт ёлғондир. Чунки ўзини ҳақ ишқига қурбон айлаган сўфийни ҳақдан бошқа бир нима қизиқтирмайди. Ҳар қандай ижтимоий муносабат ва муассасага у ўзича ёт назарда қарайди. Огаҳийда эса, бундай эмас. У, энг аввало, фикр ва ишқ шоири. Унинг деярли барча шеърларида ишқдан, ошиқлик дарди ва ҳолатларидан сўз юритилган. Фақат бу ишқ моддий ва башарий муҳаббатдан бошланиб, ҳақиқий ишққа қараб юксалиб, ўзига хос бир руҳоний миқёс касб этиб борган. Бунда шоир табиий эҳтиёжга суянган ва фикр-тушунчадаги ўзгариш, ҳолдаги янгиланишларни ифодалашда ҳам табиийликдан асло чекинмаган.

Огаҳий, жаҳд эт, мусоҳиб бўл ҳақиқат аҳлиға,
Тобакай бўлғай мажоз аҳли била улфат санга.

Огаҳий ўз шахсиятининг ички талаб ва интилишларини ниҳоятда яхши тушунар, назмбозлик домига тушиб қолмаслик учун нималардан кечиш ва қандай тўсиқларни енгиб ўтиш зарурлигини бехато тасаввур айларди. Мумтоз шоир ё ёзувчилар тўғрисида гапирилгани ҳамон хаёлда анъанавий шакл, мавзу, образ ва тасвир усуллари жонланади. Анъанавийлик — Шарқ адабиётининг ўзига хос хусусияти ва ҳаракат йўли. Унда умумий ўхшашлик ва такрор ҳам, янгилик ва кашфиёт ҳам бор. Шоирларнинг мақсад ва интилишлари, эришган натижа ва муваффақиятлари гоҳо бир-бирига ғоятда монанд. Айни бир мавзуда қалам юритишдан туғилган якранглик, фикрий, ҳиссий турғунликдан ўқувчи безмаган, зерикмаган, деб айтолмайсиз. Бундан ташқари, пул, бойлик, мансаб, мартаба илинжида шеър тўқиш, подшоҳ ва нуфузли амалдорларга бағишлаб турли-туман шаклларда мадҳиялар тўқиш мусулмон халқлари тарихида ғайритабиий ҳодиса ҳисобланмаган. Қойиллатиб қасида ва мадҳия ёзиш муваффақият, манфаат, обрў-эътибор гарови, деб қаралган. Баъзан қашшоқлик, баъзан шуҳратпарастлик, гоҳо мавқе талашувлари боис, шоирлар шундоқ ишларга қўл уришганки, ҳар қанақасига уринманг, ҳеч ақлга сиғдириб бўлмайди. Ғарблик улкан бир шоир, мана, нима дейди: “Дунё адабиёти намуналарини мен иккига ажратаман: рухсат ила ва рухсатсиз ёзилган асарлар... Аввалдан ҳеч тақиқланмаган мавзуларда ёзадиганларнинг мен юзига тупуриб, бошига таёқ билан ургим келади...”.
Анъанавий қолипда иш юритган шарқлик қофиябоз ва шеър ўғриларига қарата бундан ҳам кескин гаплар айтилган. Масалан, Муҳаммад Ризо Огаҳий:

Сен чун назмингга шеър қўйдинг от,
Сенга йўқтурму шеър элидин уёт? —

деган. Аммо ҳеч қанақа танқид назмбозлик, қуруқ тақлидчилик йўлини тўсолмаган. Бора-бора халқ завқи, манфаати ва ҳақиқат руҳидан йироқ бир адабиёт оқими ҳам пайдо бўлган. Атоқли турк шоири Номиқ Камолга кўра, “Моҳият эътибори ила Ажам муболағаси ва сўз ўйинларидан иборат бўлган классик адабиёт жамиятга фойда нари турсин, зарар етказган”. Чунки унда юракка таъсир ўтказиб, шахс тарбиясига хизмат қиладиган куч-қувват бўлмаган. Огаҳий ана шундай адабиёт намуналарига ич-ичидан қарши турган.
Илм ва маърифат Огаҳийни бешафқат ҳаёт зиддиятлари билан юзлашишга, ҳаёт эса шоир ўлароқ шаклланишда кўпдан-кўп қийинчилик, азоб-уқубат ва кулфатларга чидамли бўлишга даъват этарди. Илм ва маърифат Огаҳийнинг шоир кўнглида бир чўғ пайдо қилган бўлса, ҳақ ва ҳақиқат ишқи уни ёлқинга айлантирган эди. Шунинг учун шоир фақир, фано, тажрид, узлат, ҳақиқат, висол сингари тушунчаларни зўр иштиёқ билан ифодалайди. Бунинг сабабини у бир ўринда бундай шарҳлайди:

Ҳамиша ботинан роғиб ҳақиқат соридур кўнглум,
Нечаким зоҳиран даъби онинг майли мажоз ўлсун.

Огаҳий яшаган замонларда ҳам, ундан олдинги даврларда ҳам тасаввуфга ҳеч майли бўлмаса-да, ижтимоий, маданий ва адабий муҳитнинг умумий талабига биноан, кўп шоирлар асарларига озми-кўпми тасаввуфий ранг беришга интилганлар. Бироқ бундай уриниш кўпинча ўзини оқламаган. Айнан шу масалага махсус тўхталган Ф.Кўпрулизоданинг ёзишича, “Асосан муайян шакллар ва тушунчаларга қаттиқ боғланган адабиёт муайян қолип ичига кириб тотсизланган бир тизимнинг сохта ва умумий истилоҳлари билан қўшилиб-қоришгач, илҳомнинг эркин ва табиий ҳаракат йўллари ҳам тўсилган эди. Ҳар бир шоир ўзидан аввал юзлаб маротаба такрорланган муайян шакллар, тушунча ва истилоҳлар, маълум мажоз, хуллас, тароватсиз ҳис ва фикрларни яна бир бор чайнаш — қайта такрорлашга мажбур эди”.
Агар Огаҳийнинг кўнгли ва руҳи илоҳий илҳомдан йироқ бўлганда эди, у ҳам ўзидан олдин неча юзлаб маротаба такрорланган фикр, мажоз, тимсол ва истилоҳларни яна бир бор чайнашдан нарига ўтолмасди. Ваҳоланки, у мутасаввиф қиёфасида кўриниш ёки шеърнинг “харидоргирлиги”ни оширишни кўзлаб тасаввуфга ўзини урмаган — қалбида олий моҳият юз очиб, бош кўтаргани боис, тариқат ва тасаввуфий шеърият имтиёзларидан фойдаланган. Маълумки, тасаввуфий ҳаётдаги бош масала — нафс ва руҳ муносабати, яъни нафсни ҳар турли чиркинлик, иллат ва ёмонликлардан тозалаб, руҳга таслим этмоқдир. Огаҳийни ҳам, энг аввало, ана шу муаммо, ана шу машаққатли малака қизиқтирган.

Бегона қил гар одам эсанг ўзни нафсдин,
Ихлос ила мудом ўлубон ошнойи руҳ.

Хўш, бунга қандай қилиб эришилади? Баъзи тасаввуфшуносларнинг кўрсатмалари бўйича, бунда нафс тарбиясини эмас, балки руҳни таниш, руҳга ғамхўрликни биринчи ўринга қўйиш керак. Шу жойда таъкидлайликки, бугунги айрим “нафсшунос”ларга эргашиб, нафсдан бутунлай кечиш, нафсни ўлдириш тўғрисида ҳеч қачон сўзламаслик лозим. Нафс ўлдими — одам ўлади. Бу эса, худкушликнинг бир тури эрур. Нафсни қанча қийнаб, қанча азобга гирифтор этманг, тиниб-тинчиш ҳолида ҳам у барибир ўзининг сифатларидан кечмайди. Имом Раббонийнинг эътирофи бўйича, шу саркашликда кўп манфаат, сонсиз фойда бордир: “Агар нафс, сифатларининг зуҳуридан тамоман маҳрум этилса эди, тараққий йўли бекиларди. Руҳда эса, малаклик сифати ғолиб, келиб зиндонга қамаларди. Шунинг учун Руҳнинг тараққийси фақат нафсга мухолифот орқали воқе бўлур”. Нафсга ботинан мухолиф бўлмоқ осонми? Тилда жуда осон. Амалда эса ундан оғир, ундан азиятли юмуш йўқ, деса муболаға бўлмас. Риё ва мунофиқлик ҳолини ниҳоятда чуқур тадқиқ этган Ҳорис ал-Мусоҳибийнинг таъкидлашича, ташқи томондан ҳатто яхшилик ҳам нафснинг ҳаммолидир, чунки яхшилик зоҳиран итоаткор эрур. Инсон, шу сабабдан, қилган ишини, алоқаси бўлсин ё бўлмасин, Оллоҳ учун деб ҳисоблайверади. Ҳолбуки, яширин тарзда нафс уни тузоғига туширган бўлади. “Нафс қулни асир этаркан, — дейди Мусоҳибий, — буни зоҳирий истак билан амалга оширмайди. Ейиш, ичиш, кийиш каби майллардан ҳам фойдаланиб иш юритмайди. Аксинча, кўринишда яхши, аммо ичдан эҳтирос тўла бир тавр ила мақсадга эришади... Нафс яхшилик билан ич-ичдан бирлашиб кетгандирки, кўринишда уни яхши ва яхшиликдан ажратиш ғоятда қийиндир”. Мана шунинг учун қуруқ гап билан нафсни жиловлаб бўлмаганидек, нафси ҳавони ёмонлаганлар ҳам ёмонлик, разолат тегирмонига кўпинча бемалол сув қуяверишади. Бироқ руҳ, зоҳир ҳисдан ботинга, яъни ташқи идрокдан ички идрокка йўналгач, нафснинг ҳоллари заифлашиб, руҳнинг қуввати ортади. Ва секин-аста у тўла ҳукмронликка етишади. Сўнг унинг аҳволи янгиланади. Тўхтовсиз тарзда илгарилаган, афзаллик ва гўзалликларини намоён қилган руҳ шуҳуд ҳолига кўтарилади. Шундан кейин эса руҳ, ладуний илм ва илоҳий фатҳлардан хабар етказа бошлайди. Бундан огоҳ кишилар эса бошқалар томонидан идрок қилинмаган ҳақиқат ва маърифат сирларини мушоҳада этишга мушарраф бўладилар. Мана шундай орифлардан бири Огаҳийдир. Бу буюк шоир шеъриятининг ирфоний “қатлами” ҳали чуқур тадқиқ қилинмаган. Зеро, бу иш наинки шеършунос, балки тасаввуфшунос сифатида ҳам махсус тайёргарликни талаб этади. Янгилик сифатида тақдим қилинган ишлар эса хато ва чалкашликларга лиқ тўла.

Иброҳим Ҳаққул

 
Қодирийнинг “нимкоса”лари PDF Босма E-mail
25.02.2013 15:45

“ЎТКАН КУНЛАР”ГА ЯНГИЧА НАЗАР

Улуғ ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи кейинги давр ўзбек адабиётидаги оламшумул воқеа бўлди ва бир мунаққид таъбири билан айтганда, Қодирийгача бундай романни ҳеч ким ёзмаган эди ва шундан кейин ҳам ҳозиргача бундай асар ёзилганича йўқ. Ёзувчи ўта камтарлик билан “Ўткан кунлар”ни “янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавасдир” деб атаган бўлса-да, мазкур роман ҳозиргача бадиияти, ҳаётийлиги, қаҳрамонларининг бетакрорлиги билан миллионлаб ўқувчиларни ҳайратга солиб, ўйга толдириб, ром этиб келяпти.
Романнинг бош ғояси, мавзуи ва асосий қаҳрамонлари ҳақида кўб ва хўб фикр билдирилган. Филология фанлари докторлари Умарали Норматов ва Баҳодир Каримовлар “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”даги мақолаларида шундай ёзишади: “Ўтган кунлар” романининг маъно-мундарижа доираси ниҳоятда кенг. Унда хилма-хил инсоний тақдирлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, оилавий-ишқий муаммолар қаламга олинган. Бироқ улар орасида юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллиги масаласи алоҳида ажралиб туради. Бинобарин, эл-юртнинг мустақиллиги, бирлиги масаласи романнинг пафосини ташкил этади. Асарнинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Юсуфбек ҳожилар шу юрт истиқлоли, фаровонлиги, осойишталиги йўлига ҳаётини, жонини тиккан фидойи кишилардир. “Ўтган кунлар” бамисоли улкан ва тиниқ кўзгу, унда ўзбек миллатининг муайян тарихий шароит, вазиятдаги турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси, бўй-басти, қиёфаси кенг кўламда аниқ-равшан гавдалантирилган. Унда Отабек билан Кумушнинг ишқий саргузаштлари, фожиаси жуда катта маҳорат билан тасвир этилган... Муаллиф ошиқларнинг ишқий саргузаштлари баҳонасида муайян тарихий даврни – Туркистоннинг рус босқини арафасидаги аҳволи, қора кунларини кўз олдимизда гавдалантиради. Қодирий ишқий саргузаштлар кўринишида ўлканинг тутқунликка тушишининг бош сабаби жаҳолат, қолоқлик ва ўзаро ички низолардир, деган фикрни ғоят усталик билан айтади. Абдулла Қодирийнинг  тарихий романлари 20-йиллардаги янги ўзбек адабиёти олдида турган мураккаб ғоявий-бадиий муаммоларнинг жуда кўпини ечиб бериб, адабий тараққиётнинг тезланишига хизмат этди” (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, Тошкент, “ЎзМЭ” илмий нашриёти, 2000 йил, 23-бет).
Яна бир машҳур олимимиз Наим Каримов асарнинг асосий ғояси ҳақида шундай фикр айтади: “Шу нарса ажойибки, Отабек олдида турган тўсиқ унинг бахтига чанг солмоқчи бўлган қузғун фақат Ҳомиддангина иборат эмас. Бу тўсиқ қанчалик маккорона тус олмасин, Отабек уни мардона енгиб чиқади. Лекин унинг “ота-она орзуси” деб аталган бошқа бир тўсиқни ҳатлаб ўтиши амри маҳол. У шу ерда қоқилиб, машаққат билан эришган бахтидан бир умрга жудо бўлади. Адибнинг бу асарни ёзишдан мақсади худди шу ерда ўз жамолини кўрсатади. Абдулла Қодирий худди шу ерда ўзбек халқининг сўнгги бир неча аср давомида бошқа халқларга нисбатан орқада қолиши ва мустамлака исканжасига тушишининг сабабларини очиб ташлайди. Бу унинг, ўзбек халқининг, биринчи навбатда маҳаллийчилик, ўзаро ҳасад ва низо иқлимида нафас олиши, чирик урф-одатлар ичида ўралашиб қолиши, ҳатто янги тарихий даврлар келганини, мамлакат чегарасида мустамлакачилар шайланиб турганини билмай-сезмай ғафлатда яшашдир!” (Наим Каримов. “ХХ аср адабиёти манзаралари”, Тошкент, Ўзбекистон” нашриёти, 2008 йил, 171-бет).
“Мен бу романдан ўз замони фожиаларига қарши онгли курашган оқил оталар (Юсуфбек ҳожи) ва доно фарзандлар (Отабек) сиймоларини кўраман. Юсуфбек ҳожидаги элнинг бугунги ва эртанги қисматини мукаммал идрок этиш, кечаётган тарихий жараённи теран таҳлил этиш ва ягона тўғри йўлни кўрсата билиш қудрати бу образга алоҳида салобат ва тафаккур қудратини бахш этган” деб ёзади филология фанлари номзоди Ваҳоб Раҳмонов ўзининг Абдулла Қодирий романларининг 1992 йилги нашрига ёзган “сўнгсўзи”да.
Юқоридаги атоқли олимларнинг фикрларига ҳеч қандай эътироз ёки раддия билдирмаган ҳолда роман мавзуи ва ғоясига оид ўзимизда туғилган айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчи бўлдик. Назаримизда, Абдулла Қодирий ўз асарида юқоридаги фикрлардан ташқари яна бир муҳим жиҳатни ўқувчига етказишни, нуктадон китобхон фикрини шунга қаратишни ният қилганга ўхшайди. Бу фикрни далиллаш учун эса романдан бир неча мисолларни қайтадан эслатишнинг ўзи кифоя (Ушбу тадқиқотга “Ўткан кунлар”нинг 1926 йилги ва “Меҳробдан чаён”нинг 1929 йилги илк нашрлари асосида 1992 йили Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмасида чоп этилган нашр асос қилиб олинди ва бундан кейин “ўша манба” деб берилади. Иқтибослардаги қавс ичига олинган изоҳларни мақола муаллифи киритган).
Асарнинг бош қаҳрамони Отабек Юсуфбек ҳожидай юрт оғасининг, имонли, эътиқодли, тақволи, умрини мусулмонлар манфаатига бахшида қилган фидойи бир инсоннинг хонадонида улғайган. У мадрасада диний билим ҳам олган. Ислом динининг савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром борасидаги кўрсатмаларидан яхши хабардор. Романга мурожаат қиламиз: “Акрам ҳожининг “Ўзи ўқиғонми?” деган саволига мақтовлар билан терисига сиғмай кетган Ҳасанали жавоб берди: Тошқанд Беглар беги мадрасасининг пешқадам муллабаччаларидан эди. Хўжамиз мадрасадан олиб, савдо ишига қўйдилар” (ўша манба, 18-бет). Отабек мадраса кўрган, оқ-қорани таниган йигит эса-да, асар давомида солиҳ бир инсондан гуноҳни енгил санайдиган фожир кимсага айлана боради. Унинг солиҳ фарзандга хос бўлмаган катта хатоларидан бири шуки, Кумушни севиб қолгач, бундан ота-онани воқиф қилиш, розликлари ва дуоларини олиш ўрнига хизматкор Ҳасаналини совчиликка юбориш билан кифояланади. “Хотинларингиз ўртасида адолат қилинг” деган илоҳий амрга қарши ўлароқ иккинчи хотини Зайнабга ўта бепарволик, қўрслик билан муомала қилади, кўп ишларда адолатсизлик ва зулм кўрсатади. Ҳатто буни ота-онага нисбатан норозилик, исён сифатида қилаётганини ҳам яширмайди: “Келинингиз мендан яхшилиқ кўрмас, демаганми эдим? Сиз билан отам бунга кўнмаганми эдингиз, сиз буни инкор қиласизми?” (ўша манба, 165-бет). Бошига кулфат тушиши билан тадбир-чора топиш ўрнига ичкиликка рўжу қўяди. Бўлиб ўтган ишларда ота-онага ноҳақ маломат қила бошлайди. Нима сабабдан эканидан қатъи назар, охири қотилликка қўл уришгача ҳам боради.
Китобни ўқиганингиз сайин шу тариқа Отабек ва Кумуш, Юсуфбек ҳожи ва Ўзбек ойим, Ҳомид ва Уста Алим каби романнинг асосий қаҳрамонлари томонидан шариат аҳкомларининг қўпол поймол қилинишига, ҳатто Аллоҳ фарз қилган амалларнинг тарк этилганига, ҳаром саналган улкан гуноҳларга бемалол қўл урилганига гувоҳ бўласиз. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун романдан мисоллар келтиришга ўтамиз.
Асар мусулмонлар ҳаётидан бўлгани боис, биринчи навбатда уларнинг энг улуғ ибодат – намозга бўлган муносабатини олиб кўрайлик. Намознинг Исломнинг шиори, мўминни бошқалардан ажратиб турувчи амал эканини, Аллоҳ таоло мусулмонларга имондан кейин намозни фарз қилганини, қиёматда ҳам бандалар энг аввало намоздан савол қилинишини, намозсиз бошқа иш-амаллар қабул қилинмаслигини, намозни эса қазо қилмай вақтида ўқиш фарзлигини (мажбурийлигини) мусулмонларга тушунтириб ўтиришнинг зарурати йўқ. Аммо романнинг бир неча жойида асар бош қаҳрамонлари оддий турмуш ташвишлари билан ўралашиб ёки арзимас сабаблар туфайли намозларини осонгина қолдириб юборишаверади. Бу ҳам Ислом шариатини оёқости қилиш, Аллоҳнинг амрларини инкор этишдир. Бунга бир неча мисол келтирамиз:
“Кумушбиби бир неча кундан бери совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи ва кўз тинишликка ўхшаш оғриқлардан шикоят қилиб юрар, шунинг учун онаси “тинч ухласин, ортиқ уринмасин” деб бу кун намозга ҳам уйғотмаган эди” (ўша манба, 25-бет). Ислом шариатида бемор кишининг намозни қолдиришига ижозат йўқ, у касаллик туфайли жойнамозда туришга имкони бўлмаса намозни ўтириб ўқийди, бунга ҳам илож тополмаса ётган ҳолида ишора билан адо этади. Намозни фақат ақлдан озган мажнунлар, ҳушдан кетганлар, ҳайз ва нифосдаги аёлларгина маълум муддатгача қолдиришади. Кумушнинг онаси эса оддий шамоллашга чалинган қизини намозга уйғотмади.
“Отабек Марғилон келганининг иккинчи куни пойафзал бозорида бўлган эди. Аср намозининг вақти ўтиб борганлиқдан ул шундаги дўкондорларнинг бирисидан таҳорат олиш учун сув сўради... Отабек дўкондорнинг кўрсатишича қутидорнинг ташқарисига кирди. Шу пайт тасодифан нима юмиш биландир меҳмонхонадан чиқиб келгучи фариштага кўзи тушди... Кўп кутди, аср намозини қазо қилиб куч билан қутидор уйидан чиқди” (ўша манба, 52-бет). Аср фиқҳий китобларда “ўрта намоз” дейилади ҳамда бу намозга ўта эҳтиёт бўлиш ва уни  вақтидан ўтказиб юбормаслик, яъни қазо қилмаслик ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган.
“Уёқ-буёқдан шом азони эшитила бошлаган эди. Маълум отлиқ қутидорнинг дарбозасида отини тўхтатди-да, ўнг оёғини узангудан узди. Шу вақтда шом намозидан қолмас(лик) учун шошилишиб қутидор ҳам йўлакдан чиқиб келди. Отини кўчанинг ўртасида қолдириб, қайинотаси билан кўришмак учун югирган куяви олдида намозини ҳам унуткан қутидор дағ-дағ титраб тўхтаган эди. Кўришмак учун ўзига узатилган қўлни бўш ҳавода қолдириб, дарбозаси ёнига борди. Бундай муомала олдида Отабекнинг қандай ҳолда қолиши изоҳка унча муҳтож бўлмаса керак. Ул турган жойида қозиқдек қоқилиб қолган эди. Қутидорнинг олдиға юришнида билмас, сўзлашка ҳам тили келмас эди” (ўша манба, 148-бет). Воқеа шу билан тугайдики, куёвидан қаттиқ хафа бўлган қутидор масжидга бормай, дарвозадан ичкари кириб уни занжирлаб олади, Отабек эса отини шаҳарнинг шимолига қараб ҳайдайди. Икковлари ҳам шом намозини қазо қилишади.
Висол ишқи Отабекни шунчалик паришон этган эдики, у ўқиб турган намозини бузишгача ҳам боради: “Отабек Ҳасанали тарафидан тасҳир этилгандек, туриб таҳорат олди ва меҳмонхонага кириб “таровиҳ” бошлади... Орадан ярим соат чамаси вақт ўткан эди, Ҳасанали ичкаридан чиқиб келди. Отабек эса ҳануз рукуъда, сужудда эди. “Ўқуб бўлмадингизми?” деб сўради даричадан. Отабек ёниға салом бермасдан унга қаради. Бу ҳолга Ҳасаналининг гулгуси қистаб келса ҳам, ўзини зўрға тўхтатти” (ўша манба, 258-259-бетлар). Ваҳоланки, намоздаги одам бошқаларнинг саволига жавоб бермаслиги, уёқ-буёққа қарамаслиги, намозни бузувчи бошқа амалларни қилмаслиги керак. Қуръони каримда бундай дейилган: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди улар албатта ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям, 59).
Адиб ўз асарида қаҳрамонларининг Аллоҳ амрларидан чекиниб, шариат аҳкомларини қўпол бузишларини, Аллоҳ ҳаром қилган оғир гуноҳларга (гуноҳи кабираларга) қўл уришларини бир неча ўринда кўрсатиб ўтади: “Уста Алим қўлидаги пиёласини қулт этиб бўшатди-да, устакори билан аччиғланиш сабабини сўзлаб берди: “Мен Ҳомиднинг қайним Сайфига ёмон кўз билан қараб юрганини сал-пал сезиб юрган эдим... Уришатурган кунимизнинг эрталабида Сайфини илгарироқ ишка жўнатдим-да, ўзим нимагадир уриниб кечроқ қолиб бордим. Дарбозадан киришим ила ишхона ичидан кимнингдир йиғлаб-ёлборган товушини эшитиб ажабсиндим ва ишхона эшигини очиб кирсам, имонсиз Ҳомид қайнимга зўрлиқ қилиб турған экан. Эшик очилиши билан чўчиб, Сайфини бўшатди-да менга қаради” (Ўша манба, 180-бет). Бузуқ одам бўлган Ҳомид бир неча хотини бўлатуриб яна бесоқолбозлик билан шуғулланган, бу мисолда Сайфини зўрламоқчи бўлиб турган эди.
Ҳомиддан порага олган олтинларига учган қўрбошининг туҳматини текшириб ҳам ўтирмай Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбегининг икки бегуноҳ – Отабек ва унинг қайнотаси Мирзакарим қутидорни ўлим жазосига ҳукм қилиши, кейин кутилмаганда Кумушнинг мактуб келтириши билангина уларни осилиб кетишдан сўнгги дақиқаларда қутқариши ҳам шариат аҳкомларининг поймол қилиниши эди. Ўша давр ҳукмдорлари орасида порахўрлик, ёлғон гувоҳлик бериш, бегуноҳ одамларни жазолаш, аксинча ҳақиқий айбдорларни ҳимояга олиш, бузуқлик, аҳдга вафо қилмаслик каби гуноҳ ва жиноятлар одатий ҳол эди.
Асар қаҳрамонлари турмушда учрайдиган ҳасад, рашк ва кўролмаслик, ҳавойи нафсига эргашиш каби иллатлар орқасидан оғир жиноятларни қилишгача боришади. Булар ҳам уларнинг исломий ахлоқ меъёрларидан чекинганларига ишора эди. Ҳомидбойнинг бошқаларга ҳасад қилиб ва нафсининг сўзига кириб олдин икки хотин устига Кумушни ҳам қўлга киритиш мақсадида қутидор ва Отабекни туҳмат билан дор остига йўллаши, сохта хатлар уюштириб, Отабек ва Кумушнинг ширин турмушини бузиши, кейин Кумушга унаштирилган Комилбой исмли йигитни ҳам ҳаммомда ўлдиртириб юбориши, ниҳоят Отабекни ҳам қатл қилиш учун имкон ва вақт пойлаб туриши одамларнинг ахлоқи нақадар чиркинлашиб, издан чиққанини кўрсатади.
Кумушни рашк қилган Отабек ҳам қотилликка қўл уради, Ҳомид ва унинг гумашталарини чавақлаб ўлдиради. Бу ёқда Зайнаб рашк туфайли шайтон сўзига кириб Кумушга заҳар беради, бир бегуноҳнинг жонига қасд қилиб, унинг ўлимига сабаб бўлади.
Ёки романда Аллоҳ ҳаром қилган ичкилик масаласи қандай ёритилганига эътибор қаратайлик. Ўша пайтда диндор оилаларда ичкилик ичиш қаттиқ гуноҳ саналган, улар бундан ўзларини тортишган. Мадраса кўрган йигит Отабек ҳам хамр ва шаробга мутлақо яқинлашмаган. Аммо бошига мусибат тушиб, “сохта талоқ” билан Кумушдан айрилгач, майхўрлик билан овунишни бошлаб юборади: “Уй эгаси илжайган ҳолда ҳужрага кириб, ўзининг таъбирича май эмас, бир кўзача мавиз (узумдан ясалган май, шароб) олиб чиқди, тоқчадан пиёла олгач, келиб Отабекнинг ёниға ўлтурди. Мавизни пиёлага чулдиратиб қуяр экан, меҳмонга ер остидан мўралаб кулимсираб қўйди. “Сизнинг ҳам ичканингиз борми?” “Йўқ”. Тўғриси ҳам Отабек ичкилукдан қаттиғ ҳазар қилар ва бу кунгача майни ўзиға душман каби кўриб келар эди. Уй эгаси қуйган пиёласини симириб юборғач, сездирмаслик қилиб сесканиб қўйди ва: “Аниқ ичмаганмисиз?” деб яна сўраган эди, Отабек бош чайқаш билан кифояланди” (ўша манба, 152-бет). Шундан кейин кўп ўтмай диққати ошиб турган Отабек уй эгасининг бир-икки қистови билан “пиёлани олишга мажбур бўлди..., пиёлага узоқ қараб турмай ичиб ҳам юборди... Отабекнинг иккинчи пиёласидан сўнг ошға ўлтурдилар” (ўша манба, 153-бет).
“Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилган ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди. Беш ойлаб Оқ масжид сафарида юриб кеткач, Отабек тўғри шу Чуқур қишлоқ бўзахоналаридан бирига келиб тушкандек бўлди. Уни кундуз кунлари бўзахонада учратиб бўлмаса-да, аммо бўзахонага келмаган кечаси жуда оз эди. Бўзагар Отабекнинг ким боласи эканлигини яхши билгани учун ҳамма ишни унинг тилагига қараб қилар, ул келди дегунча оддий бўзахўрлар ёниға ўтқузмай ўзининг махсус ҳужрасига олиб кирар, бошқаларга берилатурған лойқа бўзадан бермай, бўзанинг гули билан меҳмон қилар эди... Бу ўлтурушдан сўнг ул бир ойлаб бўзахонага келмай кетди. Марғилондан қайтиб келгач, яна эски одатида давом эта бошлади” (ўша манба, 172-173-бетлар).  
“Отабек ёлғиз меҳмонхонада ётиб кун кечириш билангина қолмади. Кечалари аллақаёқларга кетиб, йўқолатурған одатлар ҳам чиқарди ва бир-икки қайта ортиқча маст бўлган ҳолда қайтиб, Ҳасаналини тамоман ҳайратда қолдирди. Ул Отабекка насиҳат қилишни ҳам билмас ва бу сирни биравга айтиш учун ҳам ҳайрон эди... Қоронғуда занжирни тимискилар экан, “ким?” деб сўради ва жавобига “мммман” деган сархуш товушни эшитди... Занжирни тушуриб, дарбозанинг бир табақасини очиши ҳамоно шу табақага суялиб турган Отабек Ҳасаналининг оёғи остиға йиқилиб тушди. Ҳасанали бу кунги кайфнинг ўтача кетканлигини пайқаган, йўлакни тутиб кеткан ичкулик исидан ўқчиёзган эди” (ўша манба, 165-бет).
Ислом шариати сеҳр-жоду билан шуғулланишдан қайтарган ва сеҳргар ҳеч шубҳасиз кофирдир, деб таълим берган: “Одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар” (Бақара, 102). Исломда сеҳргарлик ширкка тенглаштирилади, Аллоҳ таолога ширк келтириш эса улкан гуноҳлардан, буни қилганлар ва ишонганларнинг жазоси дўзахдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Афсун ўқиб дам солиш, тумор тақиш, иссиқ-совуқ қилиш ширкдир”, деганлар (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти). Аммо Юсуфбек ҳожидай ҳамма эргашадиган тақводор кишининг хотини Ўзбек ойим ўғлини марғилонлик келини сеҳрлаб қўйган деб астойдил ишонади ва уни хотинидан “совутиш”  учун тинимсиз сеҳр, жоду қиладиганларнинг олдига қатнайди. Мисолларга мурожаат қилайлик:
“Айниқса унга ҳозир бутун маъноси билан сир онглашилиб, марғилонлиқнинг жодусини жуда ҳам кучлик эканига имон келтирди (!). Ўғлининг орзу-ҳавасини кўрди – кўриш бўлса, орзулағандан ортиқ. Бироқ бу орзу-ҳавас орқасидан кутилган марғилонлиқ балосидан ўғлини қутқариш масаласи унинг тилагича бўлиб чиқмади-да, яна марғилонлиқнинг сиҳри ўткирлик қилди... Никоҳ куни Отабекнинг кийимларини жуҳуд домладан ўқитишлар, марғилонлиқдан совутиб, тошкандликка иситишлар – барчаси ҳам ҳозир ўз ажзларини унга иқрор қилар эдилар. Кейинги “беш-бош” домланинг берган тутатқи, эзиб ички, дуо ва туморлари ҳам негадир таъсир асарини сездирмадилар.
Ўзбек ойим марғилонлиқнинг домласини кучлик эканида шубҳа қилмаса ҳам аммо бир ишка жуда ҳайрон эди: “жуҳуднинг қилган жодусини – жуҳуд, мусулмон домланикини – мусулмон дафъ қила олур эди; нега булар асар қилмайди сира?” – ҳозир Ўзбек ойим бунинг сиррини ўйлаб тополмас эди. Бу боши берк кўчада ҳам узоқ қамалиб қолмади – бунинг сиррини дафъатан топди, жуда тўғри топди: “Марғилонлиқнинг домласи жуҳуд ҳам эмас, мусулмон ҳам эмас – ҳинди! Ҳиндиларнинг ҳам ҳанноси (Худодан қўрқмайдигани), бас, ҳанноснинг сиҳрини на мусулмон домласи қайтарсину, на жуҳуд. Ўшал ҳиндининг ўзи қайтармаса, ўзга илож йўқ!” (ўша манба, 127-128-бетлар).
Шундан сўнг Ўзбек ойим хизматкори Ҳасаналини чақириб, унга шундай тайинлайди: “Энди иш Тошканд домлалари билан битатурганға ўхшамайдир... Ўйлаб қарасам, марғилонлиқнинг домласи ҳинди экан. Шунинг учун ноилож сани олдимға чақиртирдим. Сан ҳам одам сумол гапимга тушуниб, шу тўғрида ақлинг етканча зеҳнингни югиртиргин... Ўзингга маълумки, кундан-кунга марғилонлиқни унутиш ерига ҳар соат унга эси борадир. Бу ҳолларнинг барчаси ўша ҳиндининг жодусидан бўлиб, муаккиллар (фаришталар) Отабекнинг бўйнидан сиртмоқ солиб Марғилонға тортадилар...” (ўша манба, 130-бет). 
Фол очиш ва очтириш ҳам ширкка тенглаштирилган. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким башоратчи ёки фолчига борса ва гапларига ишонса, Муҳаммадга туширилган нарсани (Қуръонни) инкор этибди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Аммо Юсуфбек ҳожидай диндор, тақволи одамнинг хонадонида бу иш одатий ҳолга айланган. Сеҳр-жодулар билан иши битмагач, Ўзбек ойим энди фолбинларга чопа бошлайди, Энг таажжублиси яна шундаки, халқни бидъат-хурофотлардан, фожирликлардан қайтаришга масъул бўлган Юсуфбек ҳожи негадир хотинини бу гуноҳ ишдан ман этмайди. Эҳтимол, бунга “жилов” хотинининг қўлидагилиги сабабдир: “Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди” (105-бет). Шу думбул хотин икки баобрў эркакни ўз ноғорасига ўйнатади, шахсий ҳаётига аралашиб, уни барбод этади. Шу думбул хотин Юсуфбек ҳожидай юрт оғасини ҳам писанд этмай, фолбин, жодучиларга чопади. “Бу гал Отабекнинг кутилмаган равишда Марғилондан тез қайтиб келишини Ўзбек ойим ўзининг жуҳуд домладан қилдирган жодусининг ҳинд сиҳрининг енгганлиги, деб суюнган эди. Бироқ Отабекнинг кўписинча меҳмонхонада ётиб қолиши уни бу тўғрида шубҳага тушириб қўйған ва бунда қандай ҳикмат борлигини бевосита билиб олиш учун бирорта ромчи (фолбин) домлага бориш фикрига тушкан эди. Юсуфбек ҳожининг бўлса, бундай майда (!) ишларни текшириб юриш учун фурсати ҳам йўқ, унинг Нормуҳаммад қушбеги ёнидан бўшаган вақти понсад ва бекларникида кенгаш ва зиёфатлар билан тугалар эди” (ўша манба, 164-бет).  
Халқнинг диндан узоқлашиб, Аллоҳнинг амрларидан чекинганини, Унинг қайтариқларидан сесканмай қўйганини адиб шундай тасвирлайди: “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шариъатча эди. Ўғирлиқ қилган учун қўл кесиладир ва ё дорға осиладир. Зони билан зониялар (эркак ва аёл зинокорлар) ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намозсизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирадир эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикчиликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош аканинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопка бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар ҳам етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрай олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тирикчилик қилгучилар ҳам йўқ эмас эдилар” (ўша манба, 170-171-бетлар).
Миллатнинг ақли расо кишилари исломий ахлоқдан чекиниш, шариатни оёқости қилиш оғир оқибатларга, бошга турли бало ва мусибатлар тушишига сабаб бўлиши мумкинлигини дилдан ҳис этишган, бундан қаттиқ изтиробга ҳам тушишган. Буни ҳатто Юсуфбек ҳожи ва Отабек ҳам яхши тушунишган. Фикримиз далили сифатида Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабекка айтган мана бу сўзларига эътибор беринг: “Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун (дафн қилинган) Туркистонимизни тўнғузхона қилишға ҳозирланган биз итлар Яратғучининг қаҳриға албатта йўлиқармиз!... Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болаларини ятим, хоналарини вайрон қилғучи золимлар қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!...” (Ўша манба, 237-238-бетлар).
Қолаверса, шу гаплардан бироз ўтиб, бир маъракада Юсуфбек ҳожининг Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир ҳадиси шарифни келтириб, айтганларини яна бир бор ойдинлаштириши масалага анча аниқлик киритади: “Яъни ул сарвари коинот марҳамат қилурларким, агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл”. Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвоъи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори бадлари ўз бошлари билан дафъ бўлғай” (ўша манба, 256-бет).
Ҳақиқатан, ўша пайтлари хонлик тизимидаги деярли барча амал ва вазифалар бу ишга муносиб бўлмаган, жавоб беролмайдиган (ноаҳл) кишиларга топшириб қўйилгани, Юсуфбек ҳожи каби Аллоҳдан қўрқадиган, яхши-ёмонни, ҳалол-ҳаромни ажратадиган кишиларнинг четга сурилгани, “эсимни таниғанимдан бери амал демай, мансаб демай фақат шу мусулмонлар манфаатини кўзлаб келганман” деб зорланган Юсуфбек ҳожиларнинг “ўзини қушбеги, мингбоши олған уч-тўртта манфаатпарастлардан гўё ёш бола каби алдандим” (256-бет), дея надомат чекишлари ҳам миллатнинг инқирози, юрт таназзули сабабларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: «Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам офат-балолар юз беради. Бу ундан қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир» (Рум, 41); «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, билингки, ўз қўлларингиз билан қилган нарса – гуноҳ сабаблидир»  (Шўро, 30);
Тарихдан яхши маълумки, мусулмонлар Исломдан узоқлашиб, Қуръон ва суннатни унутишганда, исломий ахлоқдан чекинишганда ҳамиша мағлубиятга юз тутишган, хўрланишган, азоб-аламларга мубтало бўлишган. Агар халқ орасида фисқ кучайса, ахлоқ бузилса, бу халқ мутеликка, ўзгага қарам бўлишга, истибдод ва зулмга дучорликка маҳкумдир. Қудратли умавийлар ва аббосийлар халифаликларининг инқирозга юз тутиб парчаланиб кетгани, Оврўпада гуллаб-яшнаган Андалусия салтанатининг салибчилар томонидан тор-мор этилиб, батамом йўқ қилингани, дунёнинг ярмида ҳукм юргизган Усмонлилар салтанатининг таназзулга юз тутгани ва ўнлаб майда, кучсиз давлатларга бўлиниб кетганининг сабаблари ҳам худди мана шунда!
Бу ҳақиқатни юртимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Узоқ тарихимизда қачон шариат топталган, ахлоқ бузилган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи қолмаган, ҳукмдорлар ва халқ ўртасида аҳиллик йўқолган бўлса, бу юрт устига, халқ бошига беҳисоб кулфатлар, азоб-хўрликлар ёғилган. Мўғулларнинг Мовароуннаҳрни, (қолаверса дунёнинг ярмини) харобага айлантириб, миллионлаб кишиларни тиғдан ўтказгани ёки қул қилгани ҳам ана шунинг оқибатидир. Македонияли Искандарнинг гуллаб-яшнаган ўлкаларни топтаб, халқни зулмга гирифтор қилгани ҳам шундан. Янги тарихимизда русларнинг бу ўлкани салкам бир ярим аср истибдод ва мустамлака исканжасида тутиб тургани ҳам шу туфайлидир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар устига Сўз (азоб тушиши) вожиб – муқаррар бўлур. Бас, Биз уни вайронага айлантирурмиз» (Ал-Исро, 16).
Абдулла Қодирийнинг жасорати ва маҳорати шунда эдики, у босқинчи совет тузумининг даҳрийлик сиёсати авж олиб турган ўттизинчи йилларда уларнинг кўзини “шамғалат” қилиб, мазкур романида имонга, эътиқодга қилинган суиқасднинг нималарга олиб келишига ишора қилган. Ислом дини кўрсатмаларидан чекиниш, фисқ ва фожирликка томошабин бўлиб туриш, яхшиликка чақириш (амри маъруф) ва ёмонликдан қайтариш (наҳйи мункар) тўхтаб қолганида халқ бошига Парвардигорнинг офат-балосию ва мусибатлари муқаррар келишини эслатиб, халқни огоҳлантирмоқчи ва кўзини очмоқчи бўлган. Адиб мақолаларидан бирида шундай деган эди: “Ёзувчиликда бир қонун бор: ҳаммадан илгари маъно, ундан сўнг шу маънони ифода қилиш учун сўз қуриш, сўзгина эмас, санъаткорона, яъни шундоғ сўзки, айтмоқчи бўлган фикрингизнинг ифодаси учунгина махсус яратилган бўлиб, ясама бўлмасин. Мана шу шартни бажариб, бу жиҳатдан таъмин этилгач, бошқа масалаларга ўтишга ҳақ олган бўласан...”
Назаримизда, булардан шундай хулоса қилиш мумкин: эътиқодига содиқ адиб мустамлакачилар тўрвасида кириб келган худосизлик мафкураси халқ бошида зулм калтагини ўйнатиб турган йилларда, ўзи ҳам ҳар қадамда тазйиқ ва таъқибга учраб турган бир пайтда фикрларини очиқ ёзиб ўтирмай,  буни қаҳрамонларининг тутган йўли ва ҳатти-ҳаракатлари орқали кўрсатмоқчи бўлган.  Кўпчиликнинг Исломдан чекингани, шариатга хилоф йўл тутаётгани, мусулмонлар ахлоқига зид ва ёт иш-амалларни қилаётгани ана шу кулфатларнинг асосий сабабчиси деб изоҳламоқчи бўлган. Шу туфайли энг аввало бир ўзбек хонадонининг, қолаверса юрт ва миллатнинг инқирозга учраши, мустамлакачиларга ем бўлиши бежизга эмаслиганини қаламга олишга жазм қилган. “Бирники мингга, мингники туманга”, деганларидай айрим фосиқ ва фожирларнинг касри бутун миллатга уриши мумкин, демоқчи бўлган... Ахир, Солиҳ алайҳиссаломнинг туясини бир киши сўйгани ҳолда бутун қавм бошига Аллоҳнинг жазоси келган эди-ку!
Йўл-йўлакай бир-икки мулоҳаза: матбуот хабарларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида Россияда йигирма битта тунги клубда (ишратхонада деб ўқийверинг) ёнғин чиқиб, қанчалаб ёшларнинг ҳалокатига сабаб бўлибди. Нега айнан тунги клубларда кўпроқ ёнғин чиқиши ҳақида бирозгина бош қотирган киши фалокатларнинг асл сабабини тушунган бўларди. Яна бир гап: Ғарб кемасозлигининг фахри бўлган, техник жиҳатдан беками-кўст ясалган ва энг тажрибали денгизчилар бошқарган “Титаник” кемаси нега муз тоғига (айсберг) тўқнашиб кетишдан қутулиб кета олмади? Бунга ҳам кемада қилинган зино ва бошқа бузуқликлар сабаб бўлмадимикин? Нима бўлганда ҳам ушбулардан қандай хулоса чиқариш нуктадон ўқувчининг ўзига ҳавола!

Аҳмад МУҲАММАД

 
Ленчонинг илтимоси. Грегорио Лопес PDF Босма E-mail
17.01.2014 11:37

Ленчонинг кафтдеккина ери бўлиб, унда ёлғиз ўзи ишларди. Бу йил жўхори, ёнига ловия эккан эди, ҳосил дуруст бўладиган кўринади. Ёмғир қуйиб берса қанийди.
Одатдаги тонгларнинг бирида Ленчо — экин-тикин нималигини тушунадиган, ўта ишонувчан деҳқон — шимол тарафдан сузиб келаётган булутларга қараб башорат қила бошлади.
— Ҳозир ёмғир ёғади, хотин, еримиз бугун сувга қонади.
Овқат тайёрлаётган Ленчонинг хотини ўзича минғирлади:
— Худо хоҳласа.
Орадан кўп ўтмай, нонушта пайтида, Ленчо айтганидек, ёмғир йирик-йирик томчилай бошлади.
— Тасаввур қилинглар болаларим, — деди ҳаяжонини яширолмаган Ленчо стол атрофини тўлдириб ўтирган фарзандларига қарата. — Ёмғир томчилари, сизлар ўйлагандек, сув эмас, пуллар. Катта, йирик томчилар ўн, майдалари беш сентаволик танга.
Шу пайт кутилмаганда кучли шамол эсиб, эй худо, шу етмай турган эди, ёмғирга қўшиб дўл ёға бошлади.
— Ҳа, буниси энди ёмон бўлди, — афсусланиб бош чайқади Ленчо. — Ишқилиб ўтиб кетсин-да!
Лекин шамол ва дўл Ленчо айтгандек тезда тина қолмади. Тахминан бир соатлар тинимсиз ёғган дўл уй томини ҳам, бир парча экин даласини ҳам расво қилди. Шамол тиниб, ёмғир тўхтаганида кайфияти тушиб кетган Ленчо болаларига қараб секин сўзлай бошлади:
— Дўл бизга ҳеч нарса қолдирмади. Барча меҳнатимизни йўққа чиқарди. Бу йил энди оч қолишимиз аниқ…
Якшанба куни Ленчо ҳеч бир иш қилмади, кун бўйи ўтириб хат ёзди ва шу куниёқ уни қишлоқ марказидаги почтага олиб бориб ташлади.
Бу, шунчаки, Худога ёзилган хат эди, холос…
“Парвардигорим, — деб бошланарди хат, — агар менга ёрдам бермасанг, бу йил бутун оилам билан оч қоламан; менга уруғлик сотиб олиш, ҳосилни йиғиб олгунимга қадар тирикчилик учун юз песо керак. Сабаби бу йилги ҳосил дўл остида қолиб…”
Хатнинг юбориладиган манзилига “Худога” деб имзо чеккан Ленчо ғоят ташвишли қиёфада қишлоққа йўл олди. Почта идорасидан марка сотиб олиб хатга ёпиштирди-ю, дарҳол қутига ташлади…
…Хат ташувчи бошлиғининг хонасига кириб келар экан, ўзини кулгидан тўхтатолмасди. У қўлидаги антиқа — Худога ёзилган хатни раҳбарига тутқазди.
Ходими билан мириқиб кулишган қишлоқ почта идораси бошлиғида тўсатдан хатга жавоб ёзиш истаги туғилди. Хатни ўқиб чиққач, фақат қуруқ сўзлар билангина жавоб хати йўллаш камлик қилишини англаб етди. Шундан сўнг барча ходимларидан пул йиғди, ўз маошининг бир қисмини ажратди, камига бошқалардан ҳам ёрдам сўради.
Лекин барибир Ленчо сўраган юз песо тўплашнинг иложи бўлмади ва деҳқонга йиғилган эллик песодан сал кўпроқ маблағни жўнатишга аҳд қилди.
Пулларни обдон тахлаб конвертга жойлаган бошлиқ унга қўшимча хат ҳам илова қилди. Унда фақат биргина сўз ёзилганди: “Худодан”.
Келаси якшанба куни Ленчо хат бор-йўқлигини сўраш учун почтага жуда барвақт келди. Идорада деҳқоннинг хатини олиб ўқиган ходим кутиб ўтирар, бошлиқ эса ўз хонаси деразасидан бу ҳангома нима билан тугашини кутиб, кулимсираган кўйи воқеаларни кузатиб турарди.
Хат келганини билган Ленчо бундан заррача ҳам ажабланмади, чунки у Худо мактубни жавобсиз қолдирмаслигига қаттиқ ишонар эди. Лекин хатни очиб пулни санаб кўргач, кайфияти тушиб кетди… Ахир, Худонинг адашиши мумкин эмас-ку!.. Ленчо ходимнинг ёнига бориб ундан қоғоз ва қалам сўраб олди. Сўнг столга ўтириб хат ёза бошлади. Почтадан янги конверт ва марка сотиб олиб хатни яхшилаб жойлади-да, секин бориб қутига ташлади.
Деҳқон почтадан чиқиши биланоқ идора раҳбари қутининг ёнига югуриб келди, ҳозиргина ташланган, елими ҳали қуриб улгурмаган хатни очди-ю, ўқий бошлади. Унда шундай дейилганди: “Яратган эгам, марҳаматинг учун қуллуқ. Аммо менга юборган пулнинг олтмиш песодан камроғи етиб келди, холос. Илтимос, қолганини ҳам жўнатсанг, чунки ҳар бир песо менга жудаям зарур. Лекин уларни почта орқали юбормасанг яхши бўларди, чунки почта идораси хўжайини, ишчилари ўлгудек зиқна, очкўз ва алдоқчи одамлар. Ленчо.”

Испан тилидан Жамшид Матёқубов таржимаси

 
Кетган биров эди. Аҳмад Аъзам PDF Босма E-mail
22.08.2013 19:33

Яна нима қолди экан? Шошганимдан хаёлимни бир жойга тўплай олмайман. Яна нимани олмадим? Ҳаммасини олдим шекилли. Яшаб турганимда буларнинг кўпи кераксиздек ивирсиб ётарди. Одамнинг уйида ўзига керак бўлмаган лаш-лушлар тиқилиб ётади-я, ўзи тор жой, маош ҳам ойга учма-уч, яна шунча нарсани олаверган эканман-да, а, деб кўп хуноб бўлганман. Энди эса яшаб турганимда кераксиз туюлган ҳамма нарсалар кераклига ўхшаб, бир кунингга ярайман ҳали, деб тилсиз имо қилаётганга ўхшайди. Ҳатто товони босилиб, ҳовличада оёққа илиб судрашдан бошқага ярамайдиган эски бошмоғим ҳам, шунча хизмат қилиб, энди чиқитга чиқдимми, олиб кет, ярарман бир кунингга, деб аразлаётганга ўхшайди. Бошмоғимга қараб, янги олган пайтларим эсимга тушади. Ҳозир ранги билинмайди, лекин янгилигида ярқираб турарди, икки соат навбат туриб, зўрға етган эдим. Импорт, югославияники, кийганимда ҳамманинг ҳаваси келган, қошиқдек, бежирим эди! Кийганимда жиччагина тор келувди, навбатдагилар шовқин кўтарганидан кейин, шартта пулини тўладим. Кейин ўн беш кунча оёғимни сиқиб азоб берди, лекин кейин ўзи уч йилга чидади. Охири товонини босиб ҳовлида судрайдиган қилдим. Шунда ҳам ҳозиргача бутун, асфальтда шунча юриб, ҳатто пошнасининг нақшлари ҳам ейилмаган. Қани ҳозир бунақа бошмоқлар! Мунғайтириб ташлаб кетавераман-да энди, бечора бошмоқ менинг бечоралигимдан бир ёдгор бўлиб қолаверадими?
Зарур тошнинг оғирлиги йўқ деб, ҳамма нарсани йиғнагумча терлаб кетдим. Ташқарида эса худди биров бўл-бўл, бўлсанг-чи, деб шошираётгандек.
Токчада фақат тўзиб, найқоғоз пиллалари чиқиб кетган қалпоғим қолди. Қалпоқлиги ҳам қолмаган. Ўзи ҳам отам замонида тикилганга ўхшайди, ранги билинмай кетган. Қачон кийганим ҳам эсимда йўқ. Кийган бўлсам ҳам ўша пайтлари бирон лозиматга киймаган бўлсам, бошқа умуман киймаганман. Уни ҳам ўзим олмаганман, онам одамнинг ёнида қалпоғи албатта бўлиши керак, ўзбек қалпоқсиз бўлмайди, деб чамадонимга солиб қўйганлар. Янги эди, янгилигида меники эди, қачон бунча эскирган экан, чамадонга кириб-чиқавериб, токчада туравериб бировникига ўхшаб қолган.
Йигирма йиллар бўлди-ёв. Сочимни ўстириб юришимга қанча бўлди? Онам: “Сочингни калтартириб, мундай ўзбекка ўхшаб қалпоқ кийсанг бўлмайдими, болам? Ўғил бола ҳам елкасига тушириб соч қўядими?” деб қачон айтган эдилар? Саид уйланганда куёвжўра бўлиб борган эдим, қишлоқнинг болалари “Вуй, манови кишининг сочини!”, деб орқамдан дув эргашган, чимилдиққа Саидни олиб кираётганимизда, уларнинг “кампир ўлди” деган одати бор экан, бир кампир остонага ётиб олди, энди шунга уч сўмми, беш сўмми берсак, у ётган жойидан тирилиб туриб, куёв билан унинг жўраларини ўтказиб юборар экан, ётиб олган эди, мен “Босиб ўтиб кетаверамиз, қари кампир экан, э-э, ўлса ўлибди-да”, деб ҳазиллашсам, бошини мундай буриб менга қаради, сочимга кўзи тушиб, “Вой, бу одамёввойи ростдан босиб кетади!” деб сакраб туриб кетган эди. Сочимни сартарошга олдирмас эдим. Ойнага қараб, катта қайчи билан учини ўзим қайчилаб қўярдим, холос. Кўп бўлди бунга, ўша маҳаллардаги қалпоқ-да, бечора жуда адо бўлибди. Қалпоқ бўлиб қалпоқлиги ҳам қолмабди. Кийиб кўришга ҳам кўнгил бўлмайди. Токчанинг чангида ётаверганидан унниқиб, ранг жонивор ҳам қолмаган, титилган қалпоқни бошга қўндириб ҳам бўлмайди. Сал тахи очилиб турибди, ичига майда-чуйда ҳашаротлар ҳам ин қўйганди… , масалан, майда тортанаклар. Минг йиллик қалпоқ - дўппи, тақия, каллапўш яқинда синч деворнинг орасидан топиб олдик, деб бемалол музейга бериш мумкин. Ўзимники-ку, ҳар ҳолда, бошнинг буюми, ташлаб кетсам, яхши эмас, деб олиб кетсам, қаерга қўяман бу эски матаҳни? Йўқ, биров кўрса, ўл-э бу кунингдан, шу қалпоқни ҳам асраб юрибсанми, қалпоқ топилмас матаҳ эмас-к… , уч сўмга янгисини беради, ёмон қурумсоқсан-эй, деб уялтириши мумкин
Шошиляпман, машина кира қилганман, шопири, бемалол йиғиштираверинг, мен кабинада ухлаб оламан, деган бўлса ҳам ичим ҳовлиқяпти. Ҳамма нарсани йиғиштирдим, ҳатто эски бошмоғимни ҳам олдим, билинтирмай чиқиндихонага чиқариб ташларман. Лекин қалпоқни олмадим, уни чиқиндихонага ташлашга кўнглим бўлмади - бошнинг буюми. Қандоқ турган бўлса, шундоқ турсин, оромини бузмай, балки бу ҳам бир кексадек, қариб-чуриб, эси кирарли- чиқарли бўлиб қолгандир, ташлаб кетганимни билмай қўяқолсин, дедим.
Нарсаларимни елкалаб чиқиб кетдим, қалпоққа қарамадим, кўнглим бўлмади. Ҳа-йэ, бир эски қалпоқ-да, шуни қалпоқ деб кийиб юрмайман-ку, барибир, киймаганимдан кейин нима ҳам қалпоқлиги қолади, ўзи жуда қўсқи-яғир қалпоқ-да, деб ўзимга таскин бердим. Қалпоқ эса токчада тахлоғлигича, худди уруш вақти аскарлардан келадиган учбурчак хатга ўхшаб қолаверди.
Янги ижарамга келдим, йўлда келаётганимда бошим яланглиги билинди, худди ўша қалпоқни доим кийиб юргандек, энди бошяланг қолгандек, бошқа энди қалпоқ бўлмайдигандек. Ўзим эмас, худди бошим доимги қалпоғини сўраётгандек туюлади. Бўлмаса, айтдим-ку, киймаганман деб.
Нарсаларимни тушириб, сал саранжомлагандан сўнг тин олгани ўтирган эдим, яна эски ижарамда қолган қалпоқ эсимга келди. Шунча соч билан бошимга салқин теккандек бўлди, бўлмаса елвизак йўқ, иссиққина хонада ўтирибман. Яна шундай туюлдики, мен ҳали кўчиб келмагандек, бу хонада менинг ўрнимга узун соч қўйган, бошяланг бир бегона йигит ўтиргандек туюлди. Эртага бозорга чиқиб, бир янги дўппи оламан, деб ният қилиб қўйдим. Лекин, бари бир, кўнглимнинг бир чеккаси идраб бораётгандек, еганим ичимга тушмаётган эди.
Бирдан ўша эски қалпоғимнинг ҳеч ким йўқ, ҳувиллаган бир овлоқ хонада битта ўзи эгасиз қолгани шундоқ кўз ўнгимга келди. Унинг тахламида шу пайтгача яшаган кунларим, болалигимдан сочимни ўстириб юргунча ўтган ҳамма кунларим қатланиб қолгандек, нафақат ўтган йиллар, балки энди яшайдиган узун умримнинг йиллари ҳам ўша қалпоққа тахлангандек, қалпоққа қўшиб уларни ҳам ташлаб келгандек, бундан кейин келажагимни кўролмай, бир гумроҳдек яшаб юришимга тўғри келадиганга ҳам ўхшаб қолди. Ким билади, онам шунинг учун ҳам “Бош кийимингни ҳеч ерда қолдирма!”, деб тайинлаган эканларми? Нега бош кийимнинг бошқаси бунча азиз эмас, шапка эскирса, ё телпакни куяга олдириб қўйсангиз, унга эмас, пулингизга ачинасиз-у, ташлаб юбораверасиз, қалпоқни ташламайсиз. Бўлмаса, ўқиган одамларнинг қалпоқ киймай қўйганига кўп бўлган, ҳам деса қалпоққа эскилик сарқити деб қаралади, унга ҳатто сиёсий тус ҳам берадилар. Юқоридагилар унча хуш кўрмайди, урфдан чиқиб қолган, лекин, бари бир, ҳамма ўзбекнинг ҳеч бўлмаса битта қалпоғи уйида туради. Нега ташлаб келдим ўзи, оғирлиги тушгани йўқ эди-ку, қоғозга ўраб чамадонга ташлаб қўйсам ҳам бўларди-ку, мендан ош-нон сўрагани йўқ эди…
Янги ижарамда ич-этимни еб ўтирибман-у, лекин худди эскиси - энди кераксиз нарсаларнинг ҳаммаси олиб кетилган, фақат токчасида битта энг керакли нарса - қалпоқ турган хонада унга қараб ўтиргандекман. Ҳаммаси кўз олдим-да, шифтини тортанак босган хона, бўм-бўш, мену токчадаги қалпоқ! Кетмаганман, тахи сал очилган қалпоққа қараб ўтирибман.
Ҳали кўчиб кетмаганман!

 
Ҳамиджон Ҳамидий. Султон ва Шайх PDF Босма E-mail
17.01.2014 12:02

Ҳиндистоннинг Қалонжар вилоятининг ўрдоҳи Нанда қўрғони жангсиз таслим бўлгач, Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг обрўси янада ошиб кетди: у пойтахтга уч юз жангари фил, ҳисобсиз инъом-эҳсон, бойлик билан қайтди. Қон тўкмай, ҳеч қандай талафотсиз бой бир вилоят қўлга киритилиши пойтахт Ғазнада катта байрам қилинди. Султон саройида ярим тунга қадар базму тараб авжига минди: созандалар куй додини бердилар; раққослар жасорат ўйинларини ижро этдилар; қасидагўйлару ғазалсаролар янги асарларини басма-бас ўқишди. Малик-уш шуаро Абулҳасан Унсурий машҳур “Зафарнома” қасидасини пешкаш этди. Унда Султон Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонни забт этиш йўлида олиб борган жангу жадал кунма-кун, йилма-йил батафсил юксак балоғат ва фасоҳатда тасвирланган эди. Барча сомеълар асарни Султон Маҳмуд зафарларининг солномасидек таърифлаб нафосатини алоҳида таъкидлашди. Қасида Султонга ҳам хуш ёқди шекилли, шоирни олқишлади. Зафар базми қоқ ярим тунда тугади. Хобгоҳига сархуш ҳолда қайтган Султон Маҳмуд донг қотиб ухлаб қолди.
– Ўғлим, Нанданинг сулҳ ҳақидаги номасини қабул этиб, кўп яхши иш қилдингиз. Жангжўйликдан кўра, сулҳпешалик подшонинг олижаноб фазилатидир. Мардум қонини бекорга тўкилишининг олдини олиб, қучган улкан зафарингиз тангри ризолиги учун муборак бўлсин! Лекин, ўғлим, нега кўпдан бери Меҳнани унутдингиз, Ҳаррақон йўлини тутмай қўйдингиз? Ахир, улар бизни шарафлашмоқда-ку!? Сизни ҳамиша дуои хайр билан эслашмоқда…
Султон Маҳмуд отаси Сабуктегин айтган бу сўзлардан сесканиб турди. Туши экан. Дарчадан ташқарига қараган чоғ, муаззин овози эшитилди. Демак, тонг отмоқда…
Султон Маҳмуд таҳорат олиб, бомдодни ўқиди. Сўнг вазир Маймандийни чорлаб фармон берди:
– Аёз ва сарбозларга айтинг, йўл тадоригини кўришсин, нонуштадан сўнг Меҳнага жўнаймиз.
Вазир Маймандий ҳозирлик ишларига бош-қош бўлди. Хазинадан ҳамёнлар, ниҳоят, ҳар эҳтимолга қарши шикорий қуроллар, саратоний соябонлар ғамланди. Катта лашкар кузатувида гуруҳ йўлга чиқди. Икки кеча-кундуз йўл юришди: тоғлар ошишди, дарёларни кечишди. Олдиндан жарчилар сафар ҳақида маълумот етказиши учун вилояту қишлоқ йўлларида халқ подшони олқишлади: кексалар қўлларини кўксиларига қўйиб дуо қилишди; ёш-яланглар чапак чалиб қийқириб кузатишди. Ва ниҳоят ҳамроҳлар кўп манзиллардан ўтиб, Ҳомаварон даштига етиб келишди. Шу ерда кузатучиларга рухсат берилди ва ўн чавандоз даштга қараб от сурди. Тушга яқин саҳро биқинидаги Меҳнадан чиқишди. Қишлоққа кираверишда Даромадгоҳ мусофирхонаси – карвонсарой бўлгич эди. Султон Маҳмуд етти ҳамроҳни шу ерда қолдириб, Маймандий ва Аёз билан қишлоқ бўйлаб айланди. Тош ётқизилган шоҳ кўчадан боришар экан, кўпгина уйлар ягона низомда, ғоятда кўркам, аксарияти чўпкори-синчкори усулида қурилганини кўриб, ҳайратга тушишди. Барча ҳовлиларда икки-уч табақали ўймакорлик билан ишланган, турли нақшу нигор билан зийнатланган, мойланганлиги учун ялтираб турган дарвозалар. Чапдаги дарвозада Султон Маҳмуд филларининг ғаним устига бўрондек ҳужуми тасвирланган; ўнг томондаги бир дарвоза табақасига эса, зафар нашидасидан хурсанд Султоннинг фил устидаги тахти равонида виқор билан ўтиргани акс этган эди. Дўстлар ёғоч ўймакорлиги усулида бажарилган бу санъат асарларини томоша қилиб, ҳайрат бармоғини таажжуб дандони билан тишлаб қолдилар. Шу пайт, Султон Маҳмуд бир дарвоза олдида тўхтади. Ундаги нақшда қуръон ўқиётган Султон тасвирланган эди. Иттифоқо, ўша дарвозадан бир йигитча чиқиб салом берди. Алик олгач Султон Маҳмуд йигитга мурожаат қилди.
– Бу нақшлар кимнинг амалидир?
– Буларни Бобу (Бобулхайр демоқчи – Ҳ.Ҳ) ўз пичоқлари билан ясаганлар, – жавоб берди йигит.
Султон тушида отаси Сабуктегин айтган гапни эслади: улар бизни шарафламоқдалар!
– Бобу қаердалар? – яна сўради Султон.
– Бобу ўлганлар. Дадам Абусаид Нишопурга кетганлар, – таъкидлади йигит.
– Бунга бир ҳамён беринглар! – буюрди Султон.
Аёз тақимидаги хуржундан бир ҳамён олди-да, йигитнинг қўлига отмоқчи бўлди. Шунда Султон қўли билан “тўхта!” деган ишорани қилди-ю, халтани йигитга ўзи узата туриб деди:
– Буни ол, бобонгга яхши ёдгорлик қуринглар.
Ҳомаварон чўлида ҳозир ҳам қад ростлаб турган Бобулхайр мақбараси ана шу маблағга қурилганини ҳали-ҳали эслашади.
Шундан сўнг дўстлар Меҳнадан чиқиб, Харрақонга қараб йўл олдилар. Чўл ёқалаб пешинга яқин қишлоққа кириб келишди. Султон ташрифи ҳақида овоза тарқалгани учун бутун халқ кўчага қалқиб чиққан эди. Меҳмонлар Шайх Абулҳасан Харрақоний кулбаси сари боришди. Хизматкор Шайхга Султон келганини етказди.
– Айт, номаҳрамлар хонадонимга йўламасин, Султон ўзи кирсин, – деди Харрақоний.
Вазир Маймандий билан Аёз кўчада қолиб, Султон ичкарига кирди. Шайх Султонни ўтирган жойида кутиб олди: қўл беришиб кўришдилар. Ўзаро суҳбат узоқ давом этди. Қуръони каримни тафсир этган Султон Маҳмуд кўп оятлар сеҳрини янгитдан сўраб билди. Ҳатто Мансур Халлож ақидаси ҳақида ғоят асосли жавоб олди. Гап орасида Харрақоний: “Сизнинг сулҳпеша бўлганингизни эшитиб, ҳаққингизга дуо қилдик”, – деб қўшиб қўйди. Шунда Султон Маҳмуд қўйнидан олтин тўла бир ҳамён чиқазиб узатди. Аммо у:
– Биз бойликни азалдан тоабад талоқ қилганмиз, – деб олмади.
– Ундай бўлса, устоз, бизга бирон муносиб эҳсон ёки дуойингиз йўқми? – деди Султон.
– Иллоҳо, оқибатингиз маҳмуд бўлсин, – деб юзига фотиҳа тортди ва кўрпача остидан эски хирқасини чиқазиб берди. Меҳмон уни юзига суртди-да, аста тахлаб қўлтиғига тиқди.
Султон кетишга изн сўраб ўрнидан турди. Шайх ҳам жойидан кўтарилиб, кўча эшиккача кузатиб қўйди. Маймандий билан Аёз қўл қовуштириб таъзимда турарди. Шунда Султон Шайхдан сўради.
– Муҳтарам устоз! Биз келганда пешвоз чиқмадингиз, ҳатто ўрнингиздан қўзғалмадингиз. Энди бўлса, бизни кузатиб қўймоқдасиз. Буни қандай тушуниш мумкин!?
– Камина даргоҳига қадам ранжида қилганингизда сиз Султон эдингиз, энди эса дарвеш бўлиб қайтаяпсиз, – жавоб берди Шайх.
Ҳамроҳлар хайр-хўшлашиб, отларининг жиловини Даромадгоҳ карвонсаройига қараб бурдилар.

Авестохон муаллим

Бир кеча Ҳиндиё ҳамда Фарокин номли донишмандлардан Авесто бўйича таълим олган ёш подшоҳ Кисро Анушервон туш кўрибди. Тушида гўзал бир оҳу саройга кириб келиб, подшо қўлидаги жомни олиб, бир қултум шароб симирибди-да, жомни улоқтириб-синдириб, кўздан ғойиб бўлибди.
Тонг саҳарлаб зўр донишмандларни йиғиб, туши таъбирини сўрабди, ҳеч ким жавоб беролмабди. Охир-оқибат шоҳ бир неча кунга муҳлат берибди. Бирон-бир уламо таъбирлай олмабди. Шундан сўнг, подшоҳ чечан ва сўзамол одамларни йиғиб, қўлларига бир лагандан олтин бериб дебди:
– Бутун мамлакатни айланиб, жар солинглар. Кимда-ким тушим таъбирини айтса, бошидан шу зарни сочинглар.
Ходимлар турли вилоят, шаҳару қишлоқларга боришибди. Сўрашибди, суриштиришибди. Аммо подшоҳ тушини таъбирловчи бирон донишмандни учратишмабди.
Анушервоннинг Озодсарв деган надими бўларди. У кўп шаҳарларни айланиб, охири Марвга бориб, зодагонларга муддаосини изҳор этибди. Шунда улардан бири:
Гулафшон гузарида бир авестохон муаллим йигитча бор. У гўдакларга Зенд Авестодан дарс беради. Туш таъбирини ўшандан бошқа киши айта олмаса керак, – дебди.
Озодсарв донишманд йигит ҳузурига борибди.
– Бу масалада билимим ожизлик қилади. Аммо менга Авесто ёрдам берса керак, – дебди. Кечқурун у Авестони ўқиб қараса, тушига кирган оҳу эр киши бўлади. У шаробни тўла ичса, ўлдиришади, ярим ичса, соғ қолиши мумкин, деб ёзилган экан. Эртаси куни муаллим йигит Озодсарвга:
– Туш таъбирини фақат шоҳнинг ўзига айтаман, – дебди.
Икковлон яшин тезлигида ярим кечада пойтахт Мадойинга етишибди. Эртаси куни Озодсарв йигитни саройга бошлаб борибди. Подшоҳ тушининг тафсилотини баён этибди.
– Шоҳим, саройингизда нечта канизак бор? – сўрабди йигит.
– Етмишта пари-пайкарим бор, – жавоб берибди шоҳ.
– Ана шу канизаклардан бири эркак киши бўлиши керак, – таъкидлабди муаллим. Анушервон ҳангу манг бўлиб қолибди.
– Буни қандай билиш мумкин?
– Эрта тонгда барча канизакларни тахт пойидан бир-бир ўтказасиз, юришидан аниқлаймиз, – дебди йигит.
– Эртаси куни шундай қилишибди. Аммо канизаклар хиромидан қайси бири эркаклиги билинмабди.
– Энди, шоҳим, бўлар иш бўлди, – дебди йигит. – Тонг саҳарда сиз тахтингизга чиқиб ўтирсангиз, мен ёнингизда тураман. Канизакларни эса биттадан ички либосда ҳузуримиздан ўтказишсин.
Одатда канизаклар бир хонада икки кишидан яшашаркан.
Хуллас, Моҳрўйи Чочий деган канизакнинг ҳамхонаси ёш йигит бўлиб чиқибди.
Подшоҳ ғазаб билан “Бу не ҳол” – деб сўраган экан, канизак жавоб берибди.
– Бу йигит – менинг акам. Онамиз – бир, отамиз – бошқа. Усиз мен ҳаётимни тасаввур этолмасдим. Шу боис уни машшоталар орқали қиз суратига киргизиб, ўзим билан бирга олиб келгандим…
– Энди бу кўрнамаклар тақдири нима бўлади? – сўрабди таъбирчи йигитдан Анушервон.
– Агар оҳу шаробни тўла сипқариб, қадаҳни улоқтирган бўлса, жазолари ўлим, – дебди донишманд йигит.
Оқибатда, йигит билан қизни ўз хоналарида осиб ўлдиришибди.
Подшо тушини таъбирлаб, Моҳрўйи Чочий сирини очган ўн етти яшар донишманд кейинчалик Анушервон давлатининг мустаҳкам устуни бўлган, Шарқда адолатли вазир рамзига айланган Бузружмеҳр эди.

Яшил рангли соз

Шарқ касбий мусиқасининг асосчиси Борбад Нарвазий (ХI аср) ҳақида халқ орасида кўп ҳикоят ва нақллар тарқалган, шахси афсонларга айланган. Биз Борбад ҳақидаги икки нақлни шогирдлари тилидан ҳикоя қилдик.

Ростини айтсам, Борбад сафимизга келиб қўшилган кундан бошлаб тинчим йўқолди. Қалбимда аллақандай ғашлик пайдо бўлди. Зероки, у фавқулодда соҳиби ҳофиз, бастакор сифатида кундан-кунга ўзини кўрсата бошлади. Ўзи шеър ёзиб, куй басталар, табиат эҳсон этган ноёб овоз билан ижро этар эди. Мартабам, обрўйим қўлдан кетаётган, ҳар сонияда у ўрнимни олиб қўяётгандек туюларди. Шунинг учун, саройдаги хос базмларга Борбадни яқинлаштирмасликка, Хусрав ҳузурида ўз санъатини намойиш этишига йўл қўймасликка интилдим.
Баҳор кунларидан бирида Хусрав аъёни давлат, муваккилони мамлакат иштирокида Фирдавс отлиғ боғида гул сайри, шеъру соз базми ўтказадиган бўлди. Жиддий тайёргарлик, машқлардан сўнг бир гуруҳ созандаю ҳофиз билан боққа жўнайдиган бўлдик. Борбад ҳам базмда иштирок этишни жуда-жуда истади. Ҳатто ёлворди ҳам. “Ҳали ёшсан. Бунча шуҳратпараст бўлмасанг? Ё эҳсон истайсанми?” – дедим-да, учта тилло танга бериб жўнаб кетдим.
Боғ сайри, гул гаштидан сўнг сарвзор ўртасидаги муҳташам кўшкка тўпландик. Шеър баҳси, созу овоз жаранги кўкка ўрлади. Бир тарафда раққослар Борбад янги ўргатган рақсни қиёмига етказиб ўйнамоқда эдилар. Айвон тўридаги шоҳсупада Некисо Чанги бошчилигидаги машшоқлар куй додини беришмоқда. Шу пайт, айвон ёнидаги сарвлар орасидан бир куй таралди. Кўтаринки, шодиёна руҳдаги бу куй шу даражада ёқимли, сеҳрли эдики, бутун табиат гўзаллиги унда мужассам дейсиз. Бир сонияда йиғилганлар оғзи хандаю шўхликдан, созандалар тори ноладан, раққослар оёғи хиромдан қолди. Куй авж нуқтасига етгач, аста-секин пасайиб майсазорлар узра ёйилиб, сарвлар ичига ғарқ бўлди.
Хусрав ишораси билан уч киши сарвзорга югурдик. Не кўз билан кўрайким, дарахтлар ичидаги ям-яшил ўтлар устида майсаранг либослар кийб олган Борбад ўтирганди. Ҳатто қўлидаги сози ҳам яшил рангда эди. Қўлтиғидан олдим-да, кўшк томон етакладим. Ҳамма уни хушвақт пешвоз олди. Мен ҳам таъзим қилдим. Сарвлар орасидан таралган оҳанг устида баҳс бўлди. Ҳамма бир оғиздан куйда табиат кўрки, файзу таровати жозибали, мукаммал акс этганини таъкидлади. Хусрав Борбад этагини дурру жавоҳирга тўлдирди. Куйни “Сабзи андар Сабз” деб атадилар. Шу кундан Хусрав Борбадни ўрнимга сарой санъаткорларининг бошлиғи этиб тайинлади. Мен даҳоси олдида бош эгдим ва бир умрга шогирдликча қолдим.
Маълум бўлишича, “шуҳратпараст” деб уч танга беришим Борбад иззат-нафсига теккан экан. У тўғри уйига бориб, баҳор манзарасига ўхшатиб майсаранг либослар кийибди, барбатини ҳам яшилга бўябди. Сўнгра боғбон Бомдуй ҳузурига келиб, шу кунги базм пайтида боққа киришга рухсат сўрабди. Борбад санъатининг чин мухлиси Бомдуй ижозат берган экан…

Устоз қалби

Баҳор ойлари эди. Биз бир гуруҳ машшоқ билан Исфаҳонда Наврўз тантаналарида иштирок этиб, ўз куй ва қўшиқларимиз билан халқ сайлига файз бағишлаб юрар эдик. Иттифоқо, Хурав ўғли Шеруя томонидан ўлдирилганини эшитдик. Мен яшин тезлигида Мадойинга етиб келдим. Лекин, ҳайҳот, кечикибман. Аллақачон Хусрав дафн этилганди. Саройдаги алғов-далғов ҳақида дув-дув гап. Пойтахт одамни тутиб ейман дейди. Кўҳна ошнолардан ҳеч кимни топа олмадим. Ҳамма зада қушлардай тумтарақай бўлган.
Охири ўзимни қўлга олдим-да, тўғри устозим Борбад ҳовлисига қараб юрдим. Келдиму кўзларимга ишонмай донг қотиб қолдим. Эвоҳ, бу қандай кўргулик. Эй фалак, бу не бедодлик! Наҳот, шундай кошона кулини кўкка совурсанг! Қандай куч билан бақирганимни билмайман. Кўз ўнгим қоронғулашиб, бошим айлана бошлади. Гандираклаб култепаларни айландим. Ҳамма нарса куйиб, ҳоку туроб бўлган эди.
Кечга яқин қўни-қўшнилардан устозимни сўроқладим. Бир- икки йўловчи бозор бошида девонавор айланиб юрганини, дарвешлар жандасини кийиб олганини айтди. Шундан сўнг, шаҳар четидаги карвонсаройлар ва дарвешхоналардан қидирдим. Ва ниҳоят, бир ҳужрадан топдим. Эшикдан киришим билан бурчакда ўтирган Борбад ўрнидан турди. Шамшоддек қомати дол, арғувондек рухсори заъфарон бўлган. Бағрига отилдим, ота-боладек бир-биримизни қучиб саломлашдик. Навбат қўл бериб кўришишга келганда, қўлим олдинги ипакдек майин, ҳамиша оташдек иссиқ кафтларга эмас, аллақандай қаламланган, совуқ новдаларга теккандай бўлди. Бир сесканиб тушдим. Қарасам, ҳар икки қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари тагидан кесилган, ўрни қорайган ва буришиқ эди. Кўларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Томоғимга аччиқ нарса тиқилиб келарди: “Наҳотки куйга суиқасд қилган бўлсалар?! Наҳотки!”
Нақл этишларича, устозим тонг-саҳарда Хусравга суиқасд қилинганини эшитиб, саройга чопибди. Хос хонасида қонга беланиб ётган ҳомийсини кўриб зор-зор йиғлабди. Ўзи ювиб-тарабди, дафн маросимида бош-қош бўлибди. Шоҳона мақбарага элтиш йўлида машҳур “Хусравони” куйини чалиб борибди. Ҳомийсини ўз қўли билан лаҳадга қўйибди. Дафн маросими ғарибона бир тарзда ўтибди. Устоз назарида маърифат ва адолат офтоби сўниб, дунёни зулмат эгаллагандек бўлибди. Диёнат ва урфон, санъат ва нафосат оламини жаҳолат олами қоплабди. Бундай ҳаётга лаънат ўқиб, бу дунёдан бош олиб кетгиси келибди. У мақбара ёнидан тўғри уйига келиб, аввал созини синдирибди, сўнгра бармоқларини болта билан чопибди, кейин уйига ўт қўйиб дарвешона ҳаёт кечиришни ихтиёр этибди.
Мен устозимни уйимга элтмоқчи бўлди. Аммо у ўз қароридан қайтмади. Деярли ҳар куни олдига келиб турардим, ёлғизлатиб қўймасликка интилдим.
Шаҳар ҳамон алғов-далғов, сарой нотинч эди. Ҳамма ёқни айғоқчилар, ғаламислар босган. Хусрав вафотидан олти ой ўтгандан сўнг, фитначилар Шеруяни ҳам ўлдириб кетишди. Отасини ўлдирган фарзанд шоҳликка ярамайди, яраса ҳам олти ойдан нарига ўтмайди, деган қуйидаги ҳикмат ўшандан қолган:

Падаркуш подишоҳиро нашояд,
Агар шояд, зи шашмоҳе напояд.

Кунлардан бир кун келиб устозни дарвешлар кулбасидан топа олмадим. Марвга кетиб қолибди. Орадан кўп ўтмай вафот этгани ҳақида хабар келди. Ҳа, мункайиб қолган мўйсафидни ватан хоки меҳри тортган экан… Бориб қабрини зиёрат қилиб қайтдим.

 


21 дан 63 сахифа