11.04.2014 04:56 |
Ўзбек фолклоршунослигининг дастлабки саҳифалари ўтган асрдаги мустабид тузум шароитида халқ қадриятларининг сақланиб қолишини чин дилдан истаган фидойи зиёлилар томонидан ёзилган. Тез суръат билан ривожланаётган янги ижтимоий муҳит Ғози Олим Юнусов, Ғулом Зафарий, Ҳоди Зарифов каби ўзбек фарзандларидан таназзулга юз тута бошлаган оғзаки ижод намуналарини зудлик билан ёзиб олиб, имкон қадар нашр қилишни тақозо этган. Ҳоди Зарифов халқ оғзаки ижодини ўрганувчи фаннинг пайдо бўлиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган олимлардан биридир. Унинг ташаббуси билан катта авлод қаторига аввал М.Афзалов, М.Алавия, З.Ҳусаинова, кейинроқ эса Ж.Қобулниёзов, М.Саидов, М.Муродов, К.Имомов, Т.Мирзаев каби мутахассислар қўшилдилар. Улар илм-фан равнақи учун қисқа муддат ҳисобланган 40-50 йил мобайнида минглаб оғзаки ижод намуналарини ёзиб олдилар ва кўпларини нашр эттиришга муваффақ бўлдилар. 1972 йили Тбилисида бўлиб ўтган фолклоршунослар анжуманида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” туркумида қирқ жилдга яқин китоб нашрдан чиққани алоҳида эътирофга сазовор бўлганди. Ўша пайтда собиқ иттифоқдаги биронта халқда бу қадар катта оғзаки ижод асарлари нашрдан чиқмаган экан. Олимларимиз асосий эътиборни достон, эртак, қўшиқ, мақолларни ёзиб олиш ва эълон қилиб халққа қайтаришга қаратиб, бу борада илм қилишни кейинроққа сурган эдилар. Бу ҳолатни шундан ҳам билса бўладики, ўтган асрнинг ҳатто 60-йиллари, фолклоршунослик шакллана бошлагандан қирқ йилча ўтиб ҳам оғзаки ижод мутахассислиги бўйича фақат битта фан доктори фаолият кўрсатаётган эди. Муҳаммаднодир Саидов докторлик илмий ишини ёзган пайтлари республикада шу соҳа бўйича фан докторлари бармоқ билан санарли эди. У пайтлар фолклоршунос олимлар ўз тадқиқотларида кўпинча фан муаммоларини эмас, муайян шароит тақозо этган масалаларни кўтариб чиқишга мажбур бўлганлар. Ана шундай мураккаб вазиятга қарамай оғзаки ижод асарларини ўрганишга киришган ёшлар достон, эртак, қўшиқ ва мақол каби жанрларнинг бадиий ижод маҳсули сифатидаги фазилатларни тадқиқ этишга кўпроқ эътибор бердилар. Бу ҳаракат бевосита Муҳаммаднодир Саидов фаолияти билан ҳам боғлиқ эди. У устоз Ҳоди Зарифов раҳбарлигида халқ достонларининг жанр хусусиятларини таҳлил этишга алоҳида эътибор берди. 1969 йили чоп этилган “Ўзбек достончилигида бадиий маҳорат” китобининг аксарият боблари бевосита халқ эпосининг назарий муаммолари ҳақидаги кузатувлардан иборат. Наврўз байрами, халқ эпосидаги бадиият, оғзаки ижодда миллий менталитетга менсимай қаралган бир даврда халқ достончилигидаги қатор назарий масалаларни кун тартибига чиқариш катта жасорат эди. Бу назарий масалалар ўз навбатида халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятлари, халқ достонларидаги насрий ва назм парчаларининг ўзаро муносабати, матн, мусиқа, овоз, ифода каби унсурлар тадқиқи билан боғланиб кетар эди. М.Саидов айни чоғда халқ достонларининг мавзу жиҳатдан қаҳрамонлик, романтик, жангнома, китобий, тарихий турлардан иборат эканини ҳам аниқ далиллар билан кўрсатиб берди. Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида устоз билан ҳамкорлик қилар эканман, Муҳаммаднодир аканинг ҳар бир масалага чуқур илмий ўлчов билан ёндашишига гувоҳ бўлганман. 80-йилларнинг ўрталарида Озарбойжондан филология фанлари доктори, профессор Мирали Сайидов факултетимизга таклиф қилинди. Меҳмон ўз маърузасида Олмаота яқинидаги Иссиқ қўрғонидан топилган “тилла одам”, яъни жангчининг бошдан оёқ тилладан қилинган рамзий уст-боши ҳақида фикр юритди. Ўн саккиз ёшли йигитчанинг жасади ана шу тилла совутга жойлаштирилган экан. Унинг дубулға қисмидаги от, архар, йўлбарс, илон каби ҳайвонлар, дубулғанинг тўрт тарафидаги ўқлар, ён қисмидаги тоғлар, дарахт, қуш тасвирлари М.Саидов томонидан жуда асосли ва илмий тарзда шундай таҳлил қилиб берилдики, Муҳаммаднодир акада “Алпомиш” достонидаги мифик дунёқараш таъсири ҳақида янги мулоҳазалар пайдо бўлди. Биз ўзаро суҳбатларимиз давомида фолклоршунослигимизда тотем, фетиш, анимизм масалалари кам ўрганилганига эътибор қарата бошладик. Натижада Тойир Ҳайдаров, Абдумурод Тилавов, Музаффар Чоршанбиев каби шогирдларга мифик дунёқараш илдизларининг оғзаки ижоддаги ўрнини тадқиқ этишга бағишланган мавзулар тавсия этилди. Муҳаммаднодир Саидов Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги илмий текшириш институтида илмий ходим сифатида фаолият кўрсатган даврда “Тоҳир ва Зуҳра”, “Нурали”, “Вомиқ ва Узро” каби кўплаб достонларни нашрга тайёрлади ва фолклор экспедицияси иштирокчиси сифатида кўп асарларнинг ёзиб олинишига эришди. Бу жараён Миллий университет даргоҳида халқ оғзаки ижодига оид назарий маърузалар, махсус курсларни олиб боришга ёрдам берди. Айниқса, талабаларнинг фолклор-диалектология экспедициялари чоғи амалга оширадиган амалий ишларимизни домла бирма-бир кўрсатиб берар, аҳоли билан қандай муомала қилишни ўргатар, оғзаки асарларни ёзиб олишда матнга қўйиладиган талабларни такрор-такрор тушунтирар эдилар. Бу жараённинг амалий натижасини Маматқул Жўраев, Абийр Мусақулов, Жаббор Эшонқул, Шомирза Турдимовдек ёшларнинг фолклоршуносликка кириб келганларида аниқ ҳис этганман. Муҳаммаднодир Саидов Маданият вазирлигининг кинематография бош бошқармаси, Олий таълим вазирлиги, жонажон университетимизда ҳам самарали фаолият олиб борган эдилар. Бир воқеа ҳеч ёдимдан кўтарилмайди, 90-йилларда кафедрамизга Қўқон педагогика институти ўқитувчиси Раҳима Саидовага номзодлик диссертацияси ёқланмагани ҳолда доцент илмий унвони бериш ҳақида маслаҳат хати келди. Р.Саидованинг адабиёт ўқитиш услубияти соҳасидаги фаолиятини ўрганиб чиқдик ва таклифни қўлладик. Аммо университет илмий кенгашида бизга эътирозлар бўлди. Бу эътироз асосан номзодлик диссертацияси ёқланмагани билан боғлиқ эди. Хуллас, кўп сонли илмий кенгаш аъзолари ижобий қарорга келишга иккиланиб қолишди. Шундай бир вазиятда М.Саидов университет ректори Ш.Алимовга: “Шу мутахассисни мен кафедрамдаги доцентлик лавозимига жон деб олар эдим”, дедилар. Шу бир оғиз дадил гап боис кафедра қарорини ректор иккиланмай қўллади. Тўғри, кўп ўтмай Раҳима опа ўз диссертациясини ҳимояга қўйди. Лекин ўшанда устознинг холислиги ва журъатига тасанно деганман. Собиқ тузум пайтида тасодифий, телба-тескари ҳодисалар ҳам бўлиб турарди. Муҳаммаднодир Саидовнинг докторлик диссертацияси билан боғлиқ шундай воқеа рўй берган. Домла 1973 йили “Ўзбек халқ достонлари ва достончилигида бадиий маҳорат масалалари” мавзуида докторлик диссертациясини муваффақият билан ёқлади. Ҳужжатлар ўз вақтида собиқ марказга жўнатилди. Аммо орадан уч йилга яқин муддат ўтса ҳам на ижобий, на салбий жавоб олинмади. Одатда бундай пайтлар ҳимоя қилган мутахассис суҳбатга чақирилар эди. Ҳамкасблар “юмалоқ хат борган, шекилли” деб бир-бирига маъноли қараб қўйишар эди. Охири тоқати тоқ бўлган устоз диссертация тақдирини аниқлашга қарор қилди. Орадан яна кунлар, ойлар ўтди ва пировардида муаммо ечилди. Маълум бўлишича, диссертацияни қабул қилиб олган собиқ марказнинг идора котибаси ўриндиғини баландроқ қилиш учун “илмий иш” китобини стул ёпинчиғи тагига қўйиб, машинка қилишнинг осон йўлини топган экан. Ёпинчиқ остидаги диссертация топилгунга қадар бечора диссертантнинг руҳиятида юз берган вазият ҳеч кимни ташвишга солмаган... Ўшанда устознинг иродаси ва ўз илмининг пухталигига ишончи нақадар юксак эканига қойил қолганман. Домла ҳазил аралаш: “Диссертация тамоман бир четда қолиб кетганда ёмонроқ бўларди. Нима бўлганда ҳам топилиб, тасдиқланди-ку”, деган эдилар табассум билан. Халқимизнинг бебаҳо оғзаки ижод намуналарини тадқиқ этиш ва кўплаб фолклоршунос олимлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган Муҳаммаднодир Саидовнинг илмий изланишлари эътироф этилиб, истиқлолимиз арафасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ маорифи ходими” унвони билан тақдирланган эди. Айни кунларда таваллудига саксон йил тўлаётган домланинг муносиб шогирдлари мустақиллигимиз шарофати билан халқ оғзаки ижодидан маънавият дурларини тўплаш ва нашр этиш ишларини катта куч-ғайрат ва илҳом билан давом эттириб, устоз руҳини шод этмоқдалар.
Омонулла Мадаев |
Умарали Норматов. Бадиият кўзгусида миллат тақдири |
|
|
|
17.01.2014 12:01 |

Кейинги икки аср давомида роман жаҳон адабиётида етакчи жанр бўлиб келди, ХХI асрга ўтиб ҳам, у ўша мавқеини асло бой бергани йўқ. Ҳар бир миллат адабиётининг бўй-басти, даражаси, аввало, шу жанр камолотига қараб белгиланади десам, буни ҳеч ким муболағага йўймайди. Бунинг боиси шундаки, башарият даҳоси яратган адабий жанрлар орасида энг универсали, канонларни, миллий чегараларни тан олмайдигани, бетиним янгиланиб, ўзгариб боришга мойили, ҳамма даврларга, оқимларга мослаша оладигани айни шу жанр бўлиб чиқди. Романтизм дейсизми, реализм, соцреализм, неореализм, сюреализм, магик реализм, постреализм дейсизми, модернизм, постмодернизм дейсизми – барча адабий оқимларда унинг етук намуналарини топиш мумкин. Бугина эмас, ҳамма адабий тур – эпик, лирик, драматик шакллар, миф-асотир, ривоят, ҳикоятлардан тортиб, оғзаки ва ёзма ижоднинг деярли барча кўринишлари, жумладан, ёндош жанрлар – ҳикоя, новелла, қисса-повесть тажрибаларини, ҳатто намуналарини ўз бағрига бемалол сиғдираверди. Унда вақт қамрови, ҳажми, персонажлар сон-саноғининг чек-чегараси йўқ. Бир кунлик, ҳатто бир неча соат, дақиқалик воқеа асосига қурилган, айни пайтда бир асрлик воқеаларни қамраб олган, бир-икки ёки ўнлаб, юзлаб персонажлари бор яхши романларни ўқигансиз. Бир, икки, уч, тўрт ва ундан ортиқ китоблардан иборат хиллари борлигини ҳам яхши биламиз. Унинг ҳудудига публицистика, эссе, тарих, хроника, фалсафа бемалол бостириб кираверади. Роман сатҳи ҳозир урф бўлган плюрализм – фикрлар хилма-хиллигини бадиий ифодалаш, кўп овозли – полифония учун беқиёс майдондир. У ёғини суриштирсангиз, бугунги кунда жаҳоннинг турли минтақаларида миллиардлаб томошабинларни кечаю кундуз телеэкран қаршисида ушлаб турган телесериаллар айни шу роман тажрибалари, романга хос тафаккур, тасаввур ҳосиласидир, телесериаллар томошаси энг оммавий визуал романхонликнинг ўзгинасидир. Қисқаси, бу жанрнинг имкониятлари чексиз, шунга яраша романнавис бўлиш масъулияти ҳам бениҳоя катта. Романнинг ана шундай беқиёс имкониятларидан фойдалана олиш лаёқатига эга бўлган, унинг заҳматларига дош бера оладиган, роман юкини елкасида кўтаришга қодир шижоатли, чин истеъдод соҳибигина бу жанрда муваффақият қозона олади. Шунинг учун бўлса керак, икки асрдан ошдики, ҳеч ким, ҳатто мана мен деган назариячи олимлар ҳам бу жанрнинг ҳамма бирдек тан оладиган таърифини бера олгани йўқ, беролмайди ҳам. Қарангки, кейинги икки юз йил давомида жаҳон адабиёти, адабий танқидчилигидаги энг қизғин баҳс-мунозаралар айни шу жанр, унинг намуналари, ижодкорлари теварагида кечган. Муайян сабабларга кўра, бизда роман кейинроқ пайдо бўлди, бундан роппа-роса 90 йил бурун – 1920 йил декабрида ёзиб тугатилган “Ўткан кунлар” билан ўзбек миллий романчилик мактабига асос солинди. Хомчўт ҳисоб-китобларга қараганда, ўшандан бери бизда “роман” номи остида 500 га яқин асар яратилди. Табиийки, уларнинг савия-даражаси турлича. Миллий романчилигимизнинг туғилиш, шаклланиш ва тараққиёт йўлининг 70 йили ғоят мураккаб, таҳликали вазиятларда, шўро истибдоди адабий сиёсати таъқибу таҳдидлари шароитида кечган бўлишига, машъум сиёсат ижодкорлар тақдирида муайян нохуш асоратлар қолдирганига қарамай, мўъжизани қарангки, ўша кезларда ҳам, Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, бизда Европа адабиёти гази билан ўлчанганда ҳам тўлақонли, янги жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан бўйлаша оладиган асарлар яратилди. Миллий уйғониш деб аталган улкан тарихий-маънавий жараённинг ҳосиласи сифатида пайдо бўлган ўзбек романи кўзгусида айни шу жараён – миллат тақдири – қисмати, унинг онги, руҳиятидаги долғали силсилалар, халқнинг орзу-армонлари, интилишлари, дарду дунёси, оҳу зорлари бор бўйича ўз аксини топди, бу мўътабар анъана мустақиллик йилларида ҳам ўзгача кўринишда давом этиб келяпти. “Ўткан кунлар”нинг асосий маъно-мундарижаси, пафоси ҳақида ҳозирга қадар ғоят хилма-хил фикр-мулоҳазалар айтилди, айтилмоқда. Улар орасида роман асосида ишқий-оилавий можаролар ифодаси-талқини туради, деган қараш кенг тарқалган. Ҳатто романнинг немис тилидаги таржимаси “Тошкентлик ошиқлар” деб аталиши бежиз эмас. Камина эса, бундай қарашни бутунлай инкор этмаган ҳолда, “Ўткан кунлар” романининг маъно-мундарижаси ғоят кенг, унда хилма-хил ижтимоий, маънавий, борингки, ишқий-оилавий муаммолар кўтарилган деган фикрдадир. Улар ичида, менингча, энг муҳими, юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллиги масаласидир. “Ўткан кунлар” романига қадар ҳам, асар ёзилган пайтда ва ундан кейин ҳам ХIX асрда миллат тақдири учун ҳаёт-мамот аҳамиятига молик тарихий ҳодисаларни, ўлканинг мустақилликдан маҳрум бўлиб, мустамлакачилар олдида таслим бўлишига олиб келган омилларни Қодирийчалик чуқур, таъсирчан бадиий таҳлил этган асар яратилмаган. Адиб бу романи орқали тарихимизнинг энг кир, “қора кунлари” – юртни мустамлака балосига гирифтор этган кейинги “хон замонлари” ҳақида сўз очиб, бу аянчли ҳақиқатдан халққа сабоқ бермоқчи бўлган. Асар марказида турган Отабек, Юсуфбек ҳожи қисмати, руҳиятидаги энг кескин, драматик кечинма-ҳолатлар ифодаси айни шу муаммолар билан боғлиқдир. Ёзувчи қалбини ўртаган, уни қўлига қалам олишга ундаган омиллар, менимча, ана шунда. Бундай даъвонинг тафсилотлари “Қодирий мўъжизаси” китобимда батафсил ёритилган. “Ўткан кунлар”дан сўнг пайдо бўлган “Кеча ва кундуз”, “Қутлуғ қон”, “Сароб”, “Обид кетмон”, “Қўшчинор”ларни эсланг. Бу романларнинг ҳар бири асар битилган кезлардаги муаллифлар кўнглида кечган оғриқ тўла ўй-кечинмалар – асарлар қаҳрамонларининг драматик, фожиавий қисмати, дарду дунёси, оҳу зорини айни кўзгудагидек гавдалантириб берганлиги билан қимматлидир. Бу романлар орасида хронологик жиҳатдан ажиб мантиқий силсила, уйғунлик бор. Чунончи, “Кеча ва кундуз” “Ўткан кунлар”нинг давомидек туюлади. Чоризм мустамлакаси халқ ҳаётини асло енгиллаштирмади, бу даврда жаҳолат ва зулм баттар авж олди. Оилавий ва ижтимоий муносабатлардаги қолоқлик, қабоҳат ёнига фаҳш, янги кўринишдаги қаллобликлар келиб қўшилди. Бундай иллатлар ваҳшати романда шафқатсиз бир тарзда кўрсатилди. Айни шу шафқатсиз ҳодисаларнинг давоми ва ваҳшати “Қутлуғ қон” романида муайян даражада интиҳосини топган. Асар бош қаҳрамони Йўлчи қишлоқдан нажот истаб шаҳарга келади-ю, қадам-бақадам ҳақсизлик, адолатсизлик қаърига кира боради, ниҳоят, кўзи очилиб, ўз шаъни, қадри йўлида, қолаверса, сабр косаси тўлиб-тошган жабрдийда оломон ҳимояси, аниқроғи, миллий озодлик ҳаракати йўлида қурбон бўлади. Миллатларга эрк, озодлик ваъда қилган Октябрь тўнтаришидан кейинги давр акс этган “Сароб”да миллатнинг ҳар жиҳатдан етук, тўкис бахтга муносиб икки кўркам фарзанди – Саидий билан Мунисхон инқилобий алғов-давлғовлар – икки тўлқин кураши гирдобида ҳалок бўладилар. Адиб аросатда қолган икки ёшнинг маънавий-руҳий изтиробларини ўқувчини ларзага соладиган тарзда ифода этади. Ўтган аср 20-йиллари охири, 30-йиллар бошларида колхозлаштириш деб аталган мамлакат тарихида, кўп сонли деҳқонлар қисматида оғир асорат қолдирган ҳодисалар ҳақида давр сиёсатига мос “синфий кураш” ақидаси асосида ҳайбаракаллачилик руҳида битилган асарлардан тубдан фарқ қилароқ, “Обид кетмон” ва “Қўшчинор” (“Қўшчинор чироқлари” эмас) миллий адабиётимизда янгилик бўлди. Мазкур мавзудаги расмий қарашларга мос тушадиган асарлардан фарқли ўлароқ, бу икки асар ўша мудҳиш ҳодисаларга ўзгача тарзда, кутилмаган томонларидан ёндашилганлиги, оддий одамлар қисмати холис, ҳаққоний ифода этилганлиги билан қимматлидир. Афсус, бу икки асардан сўнг муайян муддат романчиликдаги миллат қисматидан баҳс этиш анъанаси тўхтаб қолди. Ниҳоят, 50-йиллар охирига келиб, “Синчалак” орқали ўша анъана қайта қад ростлади. “Синчалак” билан изма-из яратилган “Уч илдиз”, сўнг бирин-кетин пайдо бўлган “Қора кўзлар”, “Уфқ”, “Чинор”, “Олтин зангламас”, “Диёнат” сингари миллат тақдиридаги мураккаб, чигал ҳодисалар қаламга олинган романлар эл орасида шуҳрат топди. Бора-бора миллат қисмати билан боғлиқ ҳодисалар тасвири-талқинидаги танқидий руҳ кескинлашиб, Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” , “Тушда кечган умрлар”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романларида жамият ҳаётининг фожиали инқирози ифодаси ўз интиҳосига етди. Жамият ва шахс қисмати талқинида танқидий пафос, инкор руҳининг кучайиши оқибатида миллий романчилигимизда модернистик адабиётга хос абсурд туйғуси ва ғояси, шахс руҳияти таҳлилида эса янгича тамойиллар, “полифония” ва “онг оқими” унсурлари пайдо бўла бошлади. Бу ҳол танқидчиликда қизғин баҳсларга асос бўлди. Дадил айтиш мумкинки, ўзбек романи истиқлолдан анча бурун мавжуд тузумнинг антигуманистик моҳияти, инқирози, ҳалокатга маҳкум экани хусусида ўз бадиий ҳукм-хулосасини чиқарди. Ва бу билан ўзбек миллий романчилиги миллат олдидаги тарихий миссиясини адо этиш шарафига муяссар бўлди. Яна бир муҳим жиҳат, мустабид тузум таъқибу тазйиқлари шароитида, тарихий ўтмишимизни нуқул гина зулматдан иборат деб аташ урф тусини олган, ҳар куни “Ким эдик тарихда бизлар, номи йўқ, қашшоқ, гадо” деган бўҳтон ва ҳақоратдан иборат қўшиқ сатрлари янграб турган кезлари жаҳон тан олган буюк сиймоларимиз ҳақидаги “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” сингари етук романларнинг яратилиши мислсиз жасорат ва ҳайратомуз ҳодисадир. Романчилигимизнинг истиқлол давридаги йигирма йиллик тараққиёти, минг афсус, ҳозирга қадар атрофлича ўрганилгани, муносиб баҳосини олгани йўқ. Назаримда, адабий танқид зиммадаги бош вазифаси – мавжуд роман хирмонини саралашда хийла сусткашлик қиляпти. Истиқлол туфайли ижод аҳли ҳам, адабий танқид ҳам мустабид тузум шароитида шаклланган барча чеклов, тушовлардан халос бўлди, ижодий изланишлар учун кенг йўл очилди. Бошқа барча адабий тур, жанрлар каби романнинг мавзу-мундарижа, шакл, ифода, поэтик кўлами хийла кенгайди; турли-туман адабий-ғоявий оқим, хилма-хил мафкуравий йўналишга мансуб асарлар пайдо бўла бошлади; бир вақтлар менсимай қаралган оилавий-маиший ҳаёт муаммосига бағишланган сон-саноқсиз асарлар битилди; нисбатан суст ривожланган ҳажвий, фантастик ва саргузашт-детектив романлар бугун китоб жавонларимизни тўлдириб турибди. Улар орасида Худойберди Тўхтабоев, Неъмат Аминов, Тоҳир Малик, Ҳожиакбар Шайхов каби эл тан олган адабларимизнинг етук асарлари ҳам бор. Тарихий романчилик анъаналарини Муҳаммад Али, Эркин Самандар, Асад Дилмуроддек тажрибали адибларимиз изчил давом эттираётирлар. Бевосита баҳс мавзумизга дахлдор – мамлакат, миллат тарихидаги энг буюк ҳодиса – истиқлол йилларида одамлар ҳаёти, тақдири, руҳиятида кечган жараёнларнинг роман кўзгусидаги ифодаси масаласига келсак, бу борада ҳам муайян ютуқларимиз бор, азизлар. Бир тизимдан иккинчи бир тизимга ўтиш осон кечадиган жараён эмаслигини ҳаммадан кўра ижод аҳли яхши билади, теран ҳис этади. Шахсан ўзим гувоҳ бўлган ҳодисаларга, қолаверса, ўз тажрибамга таяниб айта оламанки, бу жараён шавқи ва оғриқларини, аввало, ижодкорларнинг ўзлари татиб кўрганлар. Чунончи, Шукур Холмирзаевнинг 90-йиллари ёзган эсселари, жумладан, “Адабиёт ўладими?” мақоласи, устоз Озод Шарафиддиновнинг “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” бадиаси, шунингдек, каминанинг устозга эргашиб ёзган “Ўтилган йўлнинг баъзи сабоқлари” мутолааси чоғи бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ўз бошидан кечган, ўзи юракдан ҳис этган ҳодисаларни, руҳий жараёнларни ўзгалар, аниқроғи, асар тимсолларига кўчириш – бадиий ижоднинг ғаройиб, сирли-сеҳрли хилқати. Шукур Холмирзаевнинг истиқлолимизнинг дастлабки йилларида замондошлари ҳақида битилган “Аросат”, “Озодлик” “Қуёш-ку фалакда сузиб юрибди…”, “Булут тўсган ой” ҳикоялари, ниҳоят, “Динозавр” романи биринчи китобининг дунёга келиш тарихидан қисман хабардорман, уларнинг айримларини муаллиф розилигига кўра қўлёзма ҳолда ўқиганман, эҳтимолки, биринчилардан бўлиб улар ҳақида сўз айтганман, ёзганман. Баъзи фикрларим такрор бўлса ҳам айтай: “Динозавр” романи мавзу-материали, мазмун-мундарижаси жиҳатидан ўта замонавий асар, унда асар битилган даврнинг нафаси уфуриб туради, мамлакатдаги, жамиятдаги туб бурилиш, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида одамлар ҳаёти, табиати, руҳияти, тақдирида, ўзаро муносабатларида юз берган ўзгариш, эврилишлар қаламга олинади, одамларнинг ўша кезлардаги ҳаёти-кайфияти бамисоли кўзгуга солиб кўрсатилади. Дадил айтиш мумкинки, ўша туб бурилиш асносида, аввало, адиб қалбидаги, қолаверса, одамлар руҳиятидаги эврилишлар, уларнинг ҳолат-кайфияти миллий адабиётимизда илк бор “Динозавр” орқали роман кўзгусида ўз аксини топди. “Динозавр” муаллифи долзарб мавзуни қаламга олган экан, бу билан ўтмишда бўлганидек, ижтимоий жараёнларга шунчаки муносабат билдириш, ниманидир тасдиқлаш, улуғлаш ёки ниманидир рад этиш, қоралашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эмас, балки сўз санъатининг асл табиати, вазифасидан келиб чиққан ҳолда, ана шу туб бурилиш палласида юзага чиқаётган инсон жумбоғи, аниқроғи, инсон табиати, руҳиятининг турфа жилвалари, янги қирралари, турли нағмалари, сир-синоати билан қизиқади. “Динозавр” романи айни шу жиҳати билан сизу бизнинг эътиборимизни тортади, бизни асар воқеалари, персонажлар давраси гурунгларининг иштирокчиси, суҳбатдошига айлантиради. Роман қаҳрамонлари – кеча моҳир актёр саналган Шаҳлонинг хорижий мамлакатларга қатнайдиган тижоратчига, куни кеча таниқли “совет болалар шоири” бўлган Абзал аканинг бугун мутаассиб тақводорга айланиши, куни кеча СССР тарихи ўқитувчиси сифатида ёш авлод онгига коммунистик ғояларни сингдирган, раҳбар ходим сифатида даҳрий ишларга қўл урган Тойировнинг бугун катта фирма очиб “бозор иқтисоди” одами, савдогар бўлиб олиши, Жамолиддиннинг оз фурсатда авваллари ҳатто тасаввур этиш ҳам мумкин бўлмаган кўламли мулкдор, бизнесмен бўлиб етишиши – бу тур одамлар табиати, руҳиятидаги бу қадар кескин ўзгаришлар ғалати жумбоқ… Бироқ асардаги энг катта жумбоқ – бош қаҳрамон Маҳкам образидир. Маҳкам ҳам пок, соддадил, самимий инсон сифатида, ҳам истеъдодли адиб, моҳир тараққийпарвар кинорежиссёр сифатида туб бурилиш, ўзгаришлар жараёнида янги шароитга мослашолмай, янги “шароит мевалари”ни ҳазм қилолмай қийналади. Йўқ, у истиқлол, янгича ижтимоий муносабатлар рақиби эмас, айни пайтда унда эски тузумни қўмсаш кайфияти ҳам йўқ, аслида, моҳият-эътибори билан бу одам мустабид тузум жабрдийдалари тоифасига мансуб: отаси, тоғаси, яқин одамлари эл-юрт қайғуси билан яшаган зиёли одамлар бўлган; отаси қатағонга учраган, Сталин ўлимидан олдин қамоқда ўзини осиб қўйган; ўзи эса ижодкор сифатида оғир шароитларда адолат, ҳақиқат учун курашганлар сафида турган. Истиқлол туфайли аждодлари, ўз кўнглидаги орзу-ниятлари ушалади. Шундай бўла туриб, нега энди бу одам янги шароитга дарҳол мослаша олмайди, туб ўзгаришлар моҳиятини англашда қийналади. Бутун гап ҳаётнинг мураккаблигида, асарни асар, образни образ қиладиган бадиий жумбоқ ана шунда! Ахир, янги ижтимоий муносабатларнинг қарор топиши осонликча кечмайди, “бозор иқтисодига ўтиш” даврида юзага чиқаётган мураккаб муносабатларни, давр зиддиятларини Маҳкам хилидаги одам дарҳол ҳазм қилиши қийин; айниқса, одамлараро муносабатларда ҳамма нарсани ҳисоб-китоб, пул, шахсий манфаат асосига қуриш тамойили қарор топа бориши, бу ҳодиса ҳатто Маҳкам оиласига кириб келиши уни қийноққа солади. Ҳаёт тарзининг ўзгариши билан ижодга муносабат, бадиий ижод, санъат мезонлари ҳам тубдан ўзгарди. Бугун ижодкор кечаги мезонлар билан иш кўриши мумкин эмас. Маҳкам сиймосида биз мана шу мураккаб руҳий жараённи юракдан ўтказаётган, ўзи янгиланиш машаққатини бошидан кечираётган ижодкор шахси драмаси, балким фожиасини кўрамиз. Шу тариқа қаҳрамоннинг изтиробли ўйлари, қалб драмаси Шукур Холмирзаев услубига хос бўлган икир-чикирлари, тафсилотлари билан ифодаланади. Маҳкам ўтиш даври зиддиятларини ҳам содда, самимий инсон, ҳам виждонли, истеъдодли санъаткор сифатида намоён этганлиги билан жозибадор. Қизиқ, янги замон ўзгаришларини қийинчилик билан қабул қилаётган Маҳкам, романда қаламга олинган шароитга осонлик билан мослашиб “бозор даври” одамига айланиб олган кимсаларга қараганда қалбимизга яқин, мустақил Ватаннинг чин, самимий ўғлони сифатида таассурот қолдиради. Адиб романнинг иккинчи китобидан айрим бобларни эълон этди, афсуски, у охирига етмай қолди. Аммо журналда эълон этилган биринчи китобнинг ўзиёқ “Динозавр” миллий адабиётимизда истиқлол даври одамлари тақдири, қалб драмаларини роман кўзгусида ёрқин акс эттирган илк етук асар сифатида қимматлидир, деб ҳукм чиқаришга тўла асос беради. “Динозавр” олдидан Шукур Холмирзаев қалбида кечган руҳий жараёнга яқин ҳолатни кейинги авлод романнависи Улуғбек Ҳамдамда ҳам кузатиш мумкин. Буни муаллифнинг 1994-1997 йиллар оралиғида қоғозга туширган автобиографик характердаги “Ёлғизлик” қиссаси мисолида яққол кўрамиз. Анъанавий автобиографик қиссалардан фарқли ўлароқ “Ёлғизлик” одатдаги саргузашт асар эмас, балки айни қисса ёзилган кезлари муаллифнинг қалбида кечган ўй-мушоҳадалар, изтироблар, қолаверса, у муаллиф ижод психологияси биографиясидир. Дарҳақиқат, қисса синчиклаб мутолаа қилинса, кейинроқ дунёга келган “Мувозанат”нинг режа, муаммо, мотив, образлари айни ўша кезлари муаллиф кўнглида шаклланганини пайқаш мумкин. Қарангки, “Мувозанат” романи “Ёлғизлик” билан изма-из айни 1997 йили ёзилган. Моҳият-эътибори билан роман эпик жанрга мансуб эканини ҳис этган муаллиф “Мувозанат”да “Ёлғизлик”даги субъектив “дил изҳори” усулини қўйиб, ўзини ҳодисалардан четга олиб, объектив, холис ифода йўлидан, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, жараённи роман кўзгусида гавдалантириш йўлидан боради. “Динозавр”да бўлгани каби бош қаҳрамон Юсуфнинг ҳам шаҳар, ҳам қишлоқ одами экани “Мувозанат”нинг ифода доирасини кенгайтиради, қишлоқ ва шаҳар ҳаётида, хилма-хил одамлар сийратида кечаётган силсилаларни ифодалаш имконини беради. Бугина эмас, Юсуфнинг ёш тарихчи олим, олий ўқув юрти муаллими, курсдош дўстларидан бири Саиднинг масъул раҳбар ходим, Миразимнинг эса савдо-тижорат, бизнес одами сифатида олиниши ҳаётнинг турли қатламлари қаърига кириб бориш учун йўл очади. Янги шароитида ҳам жамиятда, ҳам оиладаги табақаланиш, фақат талабалик кезлари бир майизни бўлиб еган қадрдон дўстлар даврасидагина эмас, бир оила одамлари: эр-хотин, ота-бола, ака-ука орасида ўта чигал, мураккаб муносабатларни келтириб чиқаради. Шу тариқа жамиятдаги жараёнларнинг оқибат-асоратлари персонажларнинг шахсий, оилавий-маиший турмушида ҳар қадамда баралла намоён бўла боради. Ўз навбатида асардаги ҳар бир тирик жонни қийнаган дарду ташвишларнинг илдизи жамият ҳаётида улкан бурилиш палласида содир бўлган силсилаларга бориб тақалади. Айни шу ҳолат – шахсий-оилавий-ижтимоий муносабатлар драмасининг уйғунлигидан романга мос улкан яхлит драма, қолаверса, романга хос тафаккур – яхлит бадиий концепция вужудга келади. Яна бир муҳим жиҳат, асарда қаламга олинган барча персонажлар тақдири, хатти-ҳаракати билан боғлиқ ҳодисалар бош қаҳрамон қисмати билан қандайдир йўсинда туташади; булар Юсуфнинг ўз шахсий ҳаёт драмалари, орзу-интилишлари йўлида чеккан заҳматлари, топган ва йўқотганлари билан қўшилиб-туташиб даврнинг тирик тимсоли, романга хос қаҳрамон даражасига кўтаради. Баралла айтиш мумкинки, Юсуф романчилигимизда ўтиш даври деб аталган мураккаб тарихий жараённинг қаҳрамонидир. Муҳими, у қийин, чигал, аммо зарурий ҳаётий силсилалар тўзони орасидан эсон-омон ўтади. Ҳаёт синовларида тобланиб, ўзлигига, асл эътиқодига содиқ қолади. “Мувозанат” “Жаҳон адабиёти”да босилиш олдида ҳам, босилгандан кейин ҳам қизғин баҳс-мунозараларга асос бўлиб келди, у ҳақида ҳам танқидий, ҳам илиқ гаплар айтилди. Унга хорижда ҳам қизиқиш катта. Чунончи, АҚШдаги Мичиган университети муаллимаси Рейчл Харэл 2007 йил Марказий Евроосиё масалаларига бағишланган 8-халқаро анжуманнинг маданият шўъбасида ўқиган “Ўтиш даврида ўзбек адабий овозлари. Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи воқеаси” мавзусидаги маърузасида романда “кўнгил эҳтиёжи сифатида етилган мавзунинг жасорат билан акс эттирилганли”ги алоҳида таъкидланади. Бугина эмас, университетда унга бағишланган кўламли семинарлар ташкил этилади. “Динозавр” ва “Мувозанат” каби Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романи ҳам айни ўша миллат тарихидаги улкан бурилиш, бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш палласидаги миллат фарзандлари ҳаёти, қисмати, онг-шуури, қалбида кечган мураккаб зиддиятлар ҳақида баҳс эди. Аммо юқоридаги икки асардан фарқли ўлароқ, “Бозор” бутунлай ўзгача услубий йўналишда битилган. Асар тили бошдан-оёқ рамзлар, метафоралар, имо-ишоралар асосига қурилган. Бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол. Биргина асар номи – “бозор” сўзи таркибидан “бозор” тушунчасидан ташқари “ор”, “зор”, “озор” маъноларини қидиради муаллиф. Бутун бошли романда бунақа рамзий ишоралар тўлиб-тошиб ётибди. Оддий китобхон уларнинг ҳаммаси моҳиятини англашга қурби етмас, аммо асар бағрида ловуллаб турган ёлқинни баралла кўриб, ҳис этиб туради. Бу романдаги икки жозибадор шахс – Фозилбек билан Қадрия қалбидаги маёқдир. Асар воқеалари, асосан, бир бозор ва унга ёндош қироатхонада кечади. Романда бозор – метафора, рамз, тимсол, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели. Муаллиф ибораси билан айтганда, “бозорнинг ўзи дунё”, одамларнинг ичини кўриш, томоша қилиш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ дунёда. Бозор одамларнинг ич-ичини ағдариб кўз-кўз қиладиган “ажойибхона”, бунда ҳар бир бандасининг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғамбирлик, лақмалигу уятчанлик – ҳаммаси бозорда ё пинҳона, ё ошкора кўзга ташланади. Энг муҳими, бозор – романда муаллиф учун жамият маънавиятидаги бугунги оғриқли жараёнларни тафтиш этишнинг қулай воситаси. Романда бозор билан ёндош ҳолда қироатхона тасвири ҳам бор. Бозор ҳамиша гавжум, жамики тумонот бозорда. Бозордагиларнинг барчаси нафс илинжида. Нафс балоси туфайли бозор ёнмоқда, чўкмоқда. Бозор ёнидаги қироатхона эса кимсасиз, хароб, ҳувиллаб ётибди… Ҳаёт ҳеч қачон ақли расолардан, фидойилардан ҳоли қолган эмас. Ҳамма ўзини бозорга ураётган, балки нафс кўйига мубтало бўлиб қолган замонда, қарангки, қоқ бозорнинг ичидан, бозор одамлари орасидан бир маънавият, маърифат фидойиси Фозилбек отилиб чиқади, илоҳий тақдир уни кимсасиз ҳувиллаб ётган маскандаги яна бир маънавият фидойиси Қадрияга рўбарў қилади… Бу икки ёш нафс балоси туфайли бозор ёнаётган, чўкаётган, нафс бандаларини олов қаърига тортиб кетаётган бир замонда нажот йўлини қидирадилар. Улар бозорни ҳалокатдан қутқариш йўли маънавиятда деб биладилар. Фозилбек маслакдош севгилиси билан бирга бозор ўзгаришларини тушуниш, унинг тилини, ҳикматини ўрганиш, зулмат қаърига чўкаётган бозорни маънавият, маърифат ёғдуси билан нурлантириш устида астойдил ўй суради, амалий ҳаракатга ўтади. Ёзувчининг диққат-эътибори бозор манзаралари ва можароларининг бевосита ўзини эмас, персонаж онги, руҳиятидаги акс-садосини ифодалаш, бадиий таҳлил этишга қаратилади, бунда “онг оқими” тажрибаларидан ижодий фойдаланади. Қисқаси, “Бозор” ҳам “Динозавр” ва “Мувозанат” каби ўтиш даврининг роман кўзгусидаги ўзига хос, бетакрор акси, оқил одамлар орасида, онгида кечаётган баҳсу мунозараларнинг акс-садосидир. Асар ўзининг асосий пафоси билан мамлакатимизда қарор топган иқтисодиёт билан маънавиятни уйғунликда олиб боришдан иборат устувор ғоя-концепцияга ҳамоҳангдир. Биз сўз юритган романлар истиқлолнинг дастлабки йиллари, ўтиш даври жараёнлари ҳақида баҳс этади. Ўтиш даври аллақачон ортда қолди. Кейинги йигирма йил давомида мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Бугунги ўзбек бундан ҳатто ўн йил бурунги ўзбек эмас. Мамлакатимизда жаҳонни ларзага солаётган инқирозга дош бера оладиган жамият, барқарор ўсишни таъминлаётган, жаҳон миқёсида фикрлайдиган янги авлод шаклланди. Бундай ўзгаришлар ўз-ўзидан осонликча содир бўлаётгани йўқ. Буларнинг барчаси замондошларнинг бетиним ўй-мушоҳада, ақл-заковат, ижодий меҳнат ва шижоати самарасидир. Мана шу мислсиз жараённинг ичида яшаётган, қолаверса, шу жараённи яратаётган одамлар ҳаёти, уларнинг яратиш заҳмати ва шавқи, кечинмалари, орзу-интилишлари, армон-ўкинчлари энди яратилажак романларимиз кўзгусида муносиб аксини топишига ишонамиз. |
|
Қатағон йили. Аҳмад Аъзам |
|
|
|
22.08.2013 19:20 |

Яхшигина изғирин, юрганда баҳарнав, бетни ялайди, фақат қулоқни жиз-жиз ўради, лекин бир жойда турганда этакдан кириб, баданни дилдиратади, ёқадан худди оқаётгандек қуйилади - бўйнимни қисиб олганман, анчадан бери турганимдан елкам қўнишибқотиб, худди бир умр шундай бўйнимни қисиб яшаб келаётгандекман, хаёлимга минг хил умидсиз ўйлар келади, минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг ноябри, бўлмаса, университетни нуқул “аъло"га битирганман, ўн йилдан бери Тошкентдаман, лекин бор пулим чўнтагимда, боргунимча йўлкирага етади холос, мендан олти ёш кичкина Эшназар боя ўзининг “Жигули"сида Жонбойдан қайтди, мен йўлдан ўтган машинага сарғаяман, бу ёғи буюқ, қаҳратон қиш, кўклам сира келмайдиган, кунлар энди илимайди. Далаларда яккам-дуккам бирчигит қолган, совхоз октябр ойи ўрталарида планни дўндириб бажарган-у, элу юрт ҳали ҳамон шу бажариқни тўлдиролмай жон-ҳалак, бўл-ҳа-бўл ҳиқилдоққа келган. Офтоб - бетаъсир шиорга ўхшайди - чарақлайди, тафти йўқ, чор-атрофга эски увада сочилгандек - кир қор. Машина ҳар замонда ўтиб қолади, бари тўла, бирон тазияли жойга бораётганини айтмаса, берухсат юриш йўқ, йўлда ҳужжатини олиб қўядилар; боя автобус ванғиллаб ёнбошлаганча тўхтамай ўтиб кетди, умид шундан эди, буни ҳам эгам кўп кўрди. - Қўлинг толгандир, менга бер, - деб қалин кийимда пиш-пиш ухлаётган ўғлимни аясининг қўлидан олдим. Обрўни қўлдан бермай, хотинни гапга алаҳситаман: - Манави йўл Исталин, Пўшкин Дўлбости, Ленинобод, Калелин, деган қишлоқларимиздан, буниси Еттиуруғ, Каканавич, Ботбот, Наврўзтепадан келади, бу ёқда Мўлтип, Қўйбешип, Варашилоп деган қишлоқларимиз бор. - Мўлтип - пгўнғиб деганими ё Молотовми - деб қизиқсинади хотиним. - Мўлтип - Молотов, Каканавич - Каганович, Варашилоп -Ворошилов… майда колхоз замонидан шу отлар келяпти, ўзлари урилиб, кимлиги одамларнинг эсида ҳам йўқ, лекин оти эл оғзида қолган. Қўйбешип - Куйбишев… Қизиқ-да, мана “Саноат”, “Давлатли турмуш” деган қишлоқларнинг оти ҳам шунақа. Биттасининг оти “Емхашак”. Эй, зўр-эй, молбозорда “Мўлтипнинг моли”, “Қўйбешипнинг моли” деб туришади. Масалан, Какановичнинг моли Масквага тўғри келмайди, чунки Маскванинг ҳавоси паст Какановичнинг моли ерда чидамайди, иссиқлаб қолади. Зўр-эй, йўлда, ўзинг кўрдинг, Свинсовхоз деган жой бор, “Қайдан бўласиз” десанг "Свинсапхоздан”, дейишади, “Йўқ, асли туғилган жойингизни айтинг”, десанг “Туғилган жойимиз ҳам шу Свинсапхозда, у ёғини билмасак”, дейишади. Қара-е, бошқа ёққа бурсанг, нима маъно чиқади. Изғиринда гапи–аверса одамнинг жағи ҳам оғриб қолар экан, акам ғир этиб “Перекрўска"га Тошкент йўлига ташлаб келарди, шу вақтига келиб мошини бузилиб берганини қара, ёш бола билан ҳаммага томоша бўлиб турибман, деб ичимга сиқиламан. Бу орада ўтган-кетганлар билан саломлашиб ҳам тураман: Бирови узоқдан бош ирғайди, бирога икки қадам бораман, ёнимга келгани қўлимни ҳовучлайди бошқаси қўл олишади-ю, пичирлаб қўяди ё бўлмасам, худди таъна қилаётгандек “Ҳа-а” дейди, бошқа сўз қотмайди, айбинг бордек довдирайсан. Отда, эшакда ўтаётганлар жилов ё нўхтани номига бир тортиб, ияк қоқади - ё саломи, ё алиги; машинада кетаётганла– худди танимагандек хўмрайиб келади-ю, бирдан бурнини силкитади бу ҳам ҳисоб. Катта йўлнинг чорраҳаси, чорраҳасида гап кўп, қишлоққа жуда кам келаман, тўй-маракага аралашиш йўқ, тобуткаш бўлолмайман, келганимда фотиҳалик жойларнинг ҳаммасини бир қилиб кириб чиқаман, ҳамқишлоқларим билан кўришиб сўрашадиган жой - шу чорраҳа, шу ерда туришимга қараб, қандайлигимга хулоса чиқаришади, боя Абдужалил дод-муомала қилгандан кейин бир хотинимга бир шляпамга қараб қўйди-да: “Сен ҳам энди қишлоқдан узилдингда”, деб кетди. - Шунча қишлоқнинг барига бизнинг ~азира - марказ. Бозори бор-да. Бозор бор қишлоқ теварагидаги ҳамма қишлоқни бирлаштиради, уларга ўктамлик қилади, одамлари ҳам уддабурон бўлади. ~азиранинг ўзидан учта профессор, ўттиз нечта кандидат чиққан. Илмга бундай берилган қишлоқни эшитмаганман. Битта Отабой деган жой бор. Лекин у Туркистонда. - Шундай қишлоғингизга алоҳида автобус қўйишса бўлмасмикан? -дейди хотиним маъюсланиб. - Ҳа, кеп қолар, - дейман, - чаккифуруш кўпайиб кетади дейишади-да. Шусиз ҳам Самарқанд бозорида “чакки қаерники?” десанг, ҳаммаси “~азираники!”, дейди. Сен бу гапларни қўй, қара, мелиса келяпти. Қандай пар тушган қишлоққа! Бекорга алоҳида мелиса қўйишмаган! Ростдан, Сталин томондан мелиса келаётган эди, бизга яқинлашиб қолган. Хотиним тирсагимга туртди: - Қаранг… бир чол киши сўрашаяпти. Бу ёққа қарасам - Саидбово, ~азирадан чиқиб, ~аровтепасига қайрилиш жойда тўхтаб, биз томонга жилмайиб, тез-тез бош ирғАяпти. Товушини эшитмасам ҳам, калласини қимирлатишидан нима деяётганини биламан: “Э-э, эшонбово, яхшимисиз? Қайтяпсизми?… Бир келган экансиз-да. Тошканлар яхшими? Э-э, келин шуми?… Шундай-шундай кеп туринг-да…” Шунга яраша жавоб қиламан: “Ўзингиз яхшимисиз? Бизнинг синфдош Ўрин қандай? Неваралар… Ҳа, шу, қайтяпмиз энди…” Албатта, у ҳам эшитмайди -орамиз анча, бақириб сўрашмаймиз-ку кўчада. - Бориб саломлашмайсизми, ёшлари улуғ экан, - деди хотиним. - Биз-да шунақа, ҳаммаси бош билан, қимирласа - бас, - дедим. Ростдан ҳам шунақа, кўрмай қолмасанг бўлди, ишқилиб. Лекин Саидбово сўрашиб бўлгандан кейин йўлни биз томонга солди. Дўконга кирмоқчи шекилли. Бари бир ёнимдан ўтади, икки қадам пешвоз чиқмасам бўлмас, чоллар билан қўшқўллаб сўрашиш керак. - Ма, болангни ушлаб тур, - дедим хотинга. Шундай бўлади: аввал юришни ўйлайсиз, ўзингизнинг қай бир сониясида гавдангиз олдинга интилиб, ҳали оёғингиз қимирламаган ҳам бўлади; мана шундай - гавдам харакатга келиб, бу қўзғалиш оёқларимга ўтай деганда нақ қулоғим тагидан, “Қаёққа?!” деган амирона товуш янграб, яна қотиб қолдим. Қарасам, боя Сталин томондан келаётган милиса йигит қаватимда турибди. Менга эмас, Саидбовога қараб бақиряпти: - Ўв бобой, тўхтанг! Қани, мен кимга айтяпман?! Саидбово жойида таққа тўхтади. Яна шундай бўлади, кўз ўнгингизда ногаҳон, кутилмаганда, бир беъманилик кечади, каллангиз тўғри ишлаб туради-ю, лекин бу ҳодиса ҳақида ундан ҳам беъманироқ ўйга борасиз. Мен ҳам туйқусдан шундай хаёлга борибман: бобойи тушмагур ~азирадан бирон нарсани ўмариб келяпти, деб ўйлабман. Худди ҳозир мелиса йигит югуриб боради-ю, шартта қув бобойнинг малла чакмони ёқасидан ушлайди. “Аблаҳ! Қўлга тушдинг-ку!” бир-икки силтаб, қўлини қайириб, одига солиб кетади. Дабдурустдан шундай туюлди менга! Лекин мелиса йигит менинг ёнимдан қўзғалмай, яна бақирди: - Боя нима дедим сизга, а? Боя?! Унинг бақириғидан ўғилчам уйғониб кетди, қаранг-эй, бир ёшдан сал ошган гўдак, йиғламади, мелисага “Жинними бў?” дегандек бир қаради-да аясининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. - Ўзбек тилида айтдим, яхшиликча кетинг, чувалашиб юрманг, дедим. Қулоқ борми, қулоқ?! Ё жун босганми? Кетинг, демадимми? Саидбово худди кўринмас мошин-ғалтак ип билан жойига чандиб қўйилгандек, юришга ҳам, туришга ҳам ўхшамайдиган бир ҳаракат қилди-да, мелисага жовдираб қаради. -алати одам-эй! Боя ~азирада, кетинг, дедим-а! - Мелиса қўлини пахса қилди. - Ё демадимми?! Саидбово ниҳоят тилга кирди: - Дедингиз, улим, дедингиз… Чолнинг тилга киргани баттар мелисанинг ҳамиятини қўзғади: - Деган бўлсам, қани кетганингиз? Кетинг деганимга қачон бўлди? Мен Исталинга бориб келяпман. А, қани кетганингиз? Ҳалиям кўзга тикан бўлиб юрибсиз-ку! Саидбовонинг бети пир-пир учди, менга нажот сўрагандек қараб қўйди. Мен эса мелисанинг дағдағасидан шошиб, аралашишга ҳам, аралашмасликка ҳам ҳайрон, каловланиб турибман, буларникини жуфт демасанг бўлмаса… Саидбово бўйнини қисиб, хоксор ғулдиради: - Турсунхоннинг магазинига печка кептимикан, деб кирувдим, уям йўқ экан. Энди опкесанг, битта опқўй, дедим. Эскиси ниҳояти тутаяпти. Айтганингиздан кейин ўзим кетаётган эдим. Энди бу ёқда… Мелисанинг баттар жаҳли чиқди: - Ўв бобой! Жонга тегдингиз лекин! Боя неварамга жилоб оламан дедингиз! Энди бу гап чиқдими?! Қариб, миянгизни еб қўйганмисиз? - Энди, ўғлим, тўғри, қаричилик, мия қолмаган… Қайтаётган эдим, шу… - Турибсиз-ку шу ерда?! Қани кетганингиз?! Э-э, яна нимага бу ёққа юряпсиз? Боядан бери қараб келяпман, бу бобой кетадими, йўқми, деб… -Мелиса йигитнинг товуши яна баландлади, кейинги гапи энди атрофга ҳам тегишли эди. - Нима қилай сизни, а, обориб тиқиб қўяйми ё? Бир хил одамлар ўхшаб бу ҳам бақирса кўзи олдидагини кўрмай қолади шекилли, Саидбовонинг пусибгина анча бери келиб қолганини сезмади, пайқагандан кейин жон-пони чиқиб кетди: - Ия, яна келяптими бу бобой!? Ўв, кимга айтаяпман?! Соқолим бор деб… Ҳе, ўша печкангизниям!.. Ўв, тўхтанг, деяпман! Қулоқ борми? Обкетаман лекин, панжарадан термилтириб қўяман! Саидбово яна тўхтади, яна жавдиради, мен ҳам ғалати бўлиб кетдим: нима қилади невараси тенги бола билан манжашиб, кет дегандан кейин кетавермайдими, ҳозир буларнинг қутурган пайти бўлса... - Улим, яна битта кечиринг… Илтимос, шундай бир… - Илтимос-пилтимос йўқ! Жўнанг! - Бир минитга… шундай бир… - Аччиғимни чиқарманг лекин… - Улим, сиз ҳам бир мусулмон… - Йўқ, копирман! Шунча айтдим, соқоли бор, дедим, энди - бас! - Улим, бу дунёда!.. - Чайналманг! Бу дунёнгизни йиғиштиринг! Нима деяпман сизга?! - Кетаман, улим, кетаман, олдин шу… - Олдин-полдин йўқ! Всё! Турган жойингиздан кругом марш! Саидбово ночор туриб қолди. Энди мелисанинг гаплари шунчаки дўққа ўхшамай бораётган эди. Мен ҳам бир мужмал аҳволдаман, мелисанинг гаплари Саидбоводан кўра, нимагалигини ҳали билмайман-у, ишқилиб, менга қаратилаётгандек эди, лекин бобойнинг ҳам қайсарлини тушунолмай турибман. - Тамом, чўкиртак соқолингизга қарамайман! Обкетаман! Бу ёғи принцип! - Ҳай, улим, шу домилла билан битта кўришай! Кейин марш бўлса -марш-да! Тез кетаман. - Эй, дунёи қўтир! Мана гап қаёқда экан! - Мумкин эмас! - Мелиса қулочини ёйиб, чолнинг йўлини тўсди. -Тўхтанг! Айтганимни қилинг, деяпман! Мен Саидбовога интилдим, у киши мелисанинг қулочи тагидан чаққон эгилиб ўтиб, қўлимни олди. - Ҳэ, бизники шул-да, улим, - деди чол менга, “кўраяпсан-ку, болам, қанақа яшаяпмиз деган маънодаги ҳасратда, кейин сўрашди. Яхшимисиз болалар яхшими? Кўзим чолда, бор диққатим мелисада: кўкариб, қалтқалт титрайди, уришганларни ажратиш бошқа, кўришганларни айириш бир бошқа экан, нима қилишини билмайди, фақат кўзининг пахтасини чиқаради: “Бўлди бўлди, бас. Бобо, сизга айтаяпман. Бўлди, деяпман”, - дейди нуқул. Саидбовонинг қўлини қисимлаб узоқ сўрашдим, чолнинг қўллари қадоқ, сиқиб сўрашганда тошдек бота–ди. Мен Ўринбойни, Суюнбой акани, биз билан - укаси иккови бир синфда сакказинчигача ўқиб, кейин уй қилиб кетган қизининг болалари нечта бўлганигача суриштирдим. Саидбово охири қўлини куч билан тортиб олиб, мелисага қаради, сал енгил тортди. - Мана улим, сўрашдим, - деди унга. - Бўлди , сўрашган бўлсангиз, энди кетинг, турманг бу ерда, - деди мелиса йигит сал шаштидан тушиб. Мелисанинг юмшагани солга ҳам таъсир қилди, тушунтиришга киришди. Ўзи кетаётган эдим. Тушунаман, ҳозир қаттиқ. Шу айтганингиздан кейин Турсунхоннинг магазинига кирдим. Битта синиқ шкопни қоқишяпти экан. Шу кейин қайтаётиб, бу домилла улимни кўриб қолдим. Бу киши Тошкандай жойда ўқийди, эшонбовомизнинг уллари. Оталари билан яхши эдик, у киши, раҳматли, одам айирмас эдилар. Домилла улимни кўрдим-у, у кишининг ўзлари кўзимга кўрингандай бўлди. Бир к…ишиб ўтай, таваррик одамнинг боласи, дедим. Э-э, бизларга қарз-да, улим Эрта-индин ўзимиз ҳам борсак, нега кўчада улим билан кўришмадингиз, деб сўрасалар, уятга қоламанда… - Саидвобо ўксиниб, кўзларига ёш олди-да, кейин бирдан гапни бошқа ёққа бурди. - Ке, мелисаулим, сениям бир қўлингни олиб қўяй!.. Мелиса бу гапни кутмаган эди, ноқулай бўлди, юзини буриб, чолга қўлини берди. Чол унинг қўлини маҳкам ушлаб, худди молбозорда бор-барака қилаётгандек ўктам-ўктам силтади: - Яхшимисан? Тан совлиқми? Мундай сўрашда-е, улим, биз ҳам таваррик, етмиш бешга чиқдим. Мусулмон боласисан - сўраш, яхшимисиз, бово, дамликкина юрибсизми, де, шундай юринг, де. Етмиш бешга чиқдим ман, улим, сизнинг ёшингизга етайлик, бундан ҳам ўтайлик, де Мен ҳам сени дуо қилай! Барака топ, улим, деб айтай! Кўп ҳам шапкангга маст бўлаве…ма. Пахта, пахта, дейсан, мана, пахтанинг ичида қаридик, келган жойимиз шу Мелиса йигит сал-пал қизариниб, чолнинг гапларидан жиндай ҳижолатга тушди, лекин унинг гапини кесди: - Бўлди, ота, бошни қотирманг. Кўришдингиз, ишингиз битди, энди кетинг. Саидбово унга хотиржам қаради, лекин алами ичида экан: - Кетаман, кўришиш бизга қарз эди, уздик. Кўнгилхотиржам. Энди обориб тиқиб қўйсанг ҳам, майли, - деди. - Бово, илтимос, қонимга ташна қилманг, - деди мелиса йигит энди зорланиб. Саидбовонинг лаблари титраб кетди, ўксик бир ўжарлик билан гапдан қолмади: - Қамайсан-а! Кўришганга қамайдиган закўн йўқ, қопқора қўл халқлар бор-ку, ўшаларнинг сўдида ҳам йўқ! Одамларни мунча қон қақшатма. Бу учун ҳукумат сенга шимилдириқ ҳам бермайди: Қайтангга ёмон бўлганинг қолади. Мана, бола ёшимиздан шу пахтанинг ичида, умрни шу пахта еди. Кўкрагимга битта темир ҳам таққани йўқ! Сен бўлса, ~азиранинг бозорини ёпиб, ҳаммага дўқ урасан… Мелиса йигит алам билан бир нарса демоқчи эди, чол гап бермади, мелиса “бор-э!” дегандек, терс бурилди. - Обориб тиқиб қўяман эмиш! Обориб тиқсанг, нима, мени гармиди? Ҳукуматнинг текин нонини еб ётавераман. Мелиса шахт билан чолга қаради: - Менга қаранг, бобой, кетасизми, йўқми? Етмиш бешга чиқдим, энди менга ҳеч ким тегинолмайди, деяпсизми ё? Саидбово бу гапдан чўчигандек: - Кетаман, улим, кетаман… - деб ғулдиради, лекин кетиш олдидан, ё алами босилмаган, ё энди мелисанинг “обориб тиқиб қўйиши"га қўл силтадими, узиб олди: - Ҳаммани онаси туғади, сени, улим, билмадим… Бобой гапини тугатмай, йўлини ~аровтепасига бураверди. Мелиса чичонглаб кетди: - Ўв, бобой, тўхтанг! Тўхтанг, деяпман! Саидбово ўша ёқдан туриб: - Киптингга шапалоқдай нарсани ёпиштириб… - деди-ю, гапини тугатмай кетаверди. Ўзи шусиз ҳам ичимда чолнинг гапларига беш кетиб турган эдим, кулиб юборибман. Мелиса йигит шарт менга ўгирилди, мен атайлаб чолнинг орқасидан тикиламан, бунга қарасам - тамом. Кўзимнинг қирида кузатяпман: алами олти, ҳозир менга ёпишади! - Нега куласиз? Очиб ўтирибдими? - деди у. - Шунга куляпман, - дедим. Ўзи тилим ёмон, лекин нарироқда хотиним турибди, нима қилай? Мелиса йигит унча тушунмади: - Нима шунга? Маймун ўйнатяптими сизга? - деди. - Анави бобой ўйнатди шекилли, - дедим. У яна тушунмади, лекин майна қилаётганим етиб борди. - Кулдириб қўяман лекин! - деди. - Мен ўзим хоҳласам куламан, - дедим. - Бу ерда мен рухсат берсам куласиз, - деди мелиса. - Саидбово нарироққа бориб,тўхтаб қолди. Мен хотинимга қараб қўйдим. Бошқа жойда бўлса, очиғи, шу сийқа бош билан айтишиб ўтирмасдим, энди кеч, бир ёғи - алам қилаётган эди баобрў бир редакцияда ишласам, ўз қишлоғимда, хотиним, яна шунча одамнинг олдида бир ёш бола, елкасида шапалоқдай погони бор учун менга ҳам дўқ урса! Ҳа, айтмабман, чорраҳада биздан ҳам бошқалар бор эди. Терим деб ҳаммаёқ тақа-тақ бўлгани билан, йўлнинг у ёғидаги дўкон очиқ. Катта-катта кўзли деразасида ўч-тўртта бош қимирлаб турибди, берироқда Шафоат хола ҳамишагидек писта сотаяпти, унинг тепасида Ҳошим ака билан иккита ўсмир, бири Холмат аканинг, бири Эргаш аканинг боласи, оғизаридан писта чўпоқ худди курак чувийдиган машинадан чиққандек отилади, кўзлари бошқа ёқда-ю, лекин қулоқ динг - бу ердан кетар-кетмасимиздан ~азирани ундай депти, бундай бўпти деган маҳоват босиши тайин. - Менга рухсат тепадан келади, жўра, - дедим. Мелиса йигит бир одим чекиниб, мени бошдан оёқ-кузатиб чиқди, бошқа гап тополмади шекилли: - Нима қилай шунга? - деди. - Ана, останопканиям тепадан айтиб сурдиришган. Бу ерда одамлар турмасин, деган. - Доим шу ердан кетаман. Тураман! - Нега турар экансиз! - Мошин пойлаб. - Мошин пойлашга, ана останопка, деяпман-ку! -Доим шу ерда бўлган. Ростдан, бекат азалдан шу ерда эди, ўнғай, уч томондан - ~азира, Сталиндан келадиган, идорадан чиққан машиналар ҳам шу ердан ўтади, лекин булар идора тўғрисида одам уймалашмасин деб, тўрт юз метрча узоққа сурган. - Боринг, дедимми - боринг! Битта ўзим бўлганимда “Ке, қўй, мендан ўтган бўлса, кечир, Саидбово учун ҳам узр, айтишадиган нарсанинг ўзи йўқ-ку орамизда”, деб айтардим, фақат янги бекатга бормасдим, турган гап. Лекин дўкон деразасидаги каллалар қимирламай қўйди, писта чақаётганларнинг ҳам кўзи бизда, хотиним бечора боласини маҳкам бағрига босган, Саидбово бечора сал нарироқда кетолмай қараб турибди… - Бормасам-чи? - дедим. Бу одамнинг бош-оёғига қараб чиқишдан бошқа нарсани билмайди шекилли, яна шундай қилди, кейин бирдан: - Сизда буткул виждон йўқ, - деб қолди, худди ўша виждон кўкрагимда осилиб туриши керагу бу излаб тополмагандек. - Қайдан билдингиз? - дедим ажабланган бўлиб. - Кўринишингиз айтиб турибди, - деди у. - Виждон бўлса сизда, халқ ишга кўмилиб ётган бир вақтда шляпани қўнқайтириб, галстукни осилтири-иб юрармидингиз? Тағин хотинингизни эргаштириб олганингизга ўлайми! -Бунақа маърузахонликнинг ҳавосини олган экан, менга гал бермай баландлаб кетди: - Виждони борлар ҳозир далада, партиямизнинг топшириғини бажаряпти, давлатнинг ишини қиляпти. Сизда виждон бўлса, бунақа ширдинглаб юрармидингиз? Халқ эртаю кеч меҳнатнинг тагида ётган пайтда оёқни ҳўлга тегизмай бунақа олифта юриш учун виждонни ютган бўлиши керак одам… Мелисанинг валдирашидан миямга оғРиқ кириб, чаккам тиришиб кетди, у мени устимдан куляпти деб ўйлаб, бирдан бошқа алфозда бақириб берди: - Кулдириб қўяман лекин! Бу ердагилар ерда ётган картишка эмас! Осмондан оёғИнгни осилтириб тушган бўлсанг ҳам… Менга деса Брежневга бормайсанми кейин! Бор, ана, Рашидовга! Бизга ўзи шундай топшириқ берган: сенга ўхшаган текинхўр туниятларни қама, деб! Бу ўртада Саидбово ғир этиб ёнимизга келиб олди, бечора чол қўрқиб кетган, бир мелисага ёлвориб қарайди, бир менга мўлтирайди денг. - Йўғ-э, менга бу киши бошқача айтгандилар, - дедим, бошқа гап тополмай. - Йўғэми? Қани, дакиментти ол! - Нима қиласан? - деим бир гапдан қолгим келмай. Саидбово “Жо-он улим, ундай қилманг, қўйинг!”, деб бир мелисага, "Эшонбово, сиз - катта, хўп, денг, сиздан лозим” деб менга ялинди, иш чиқмагандан кейин: “Э-э, улим, мени деб бўлди, улларим!”, деб жавради. - Ол, деяпман! - У қалтқалт титраб қўлини орқага юборди. Хизмат бурчини бажараётган одамман, мен билан ҳазиллашма! Х,али бу сийқабош ҳамманинг ўртасида тўппончасини ўқталмаса эди, деб, бир ёғи чўчидим ҳам, ҳалироқ берсам ўламанми шуни, ғалва чиқмасди деб дарров гувоҳномамни узатдим. У гувоҳномани бир очиб қаради-ю, ёпиб устидан дутор чалаётгандек читирлатиб тирноқ урди-да, менга беписанд тикилди: - Аҳ-ҳа, санъатчи! - деб заҳаргина илжайди. - Ўзим ҳам айтдим: нега бунақа ширдинглаб юрибди деб. Бу галстук, шляпалар… “КПЗ"да бир санъатингизни кўрсатасиз энди… Рости гап, анграйиб қолдим, балони ҳам тушунмадим. - Эндии мошин ушласак бўлди, - деди у ва худди шундай қилса, дарров машина келиб қоладигандек, йўл ўртасига чиқди, бир зум Сталин томонга тикилди, яна қайтиб келди, сал ноқулай бўлиб, ўзича “Хў-ўш”, деб қўйди. Саидбово бечора ҳали ҳам “Улларим, улларим, ундай қилманглар-эй! Мен бенават-ку!” деб турибди. Шунда бирдан миямга урди: - Фақат фаросатдан десам, саводдан ҳам уриб кетган шекилли? -дедим. - Битта ҳужжатни тўғри ўқиёлмасанг! У менга бир олайиб қаради, довдираганини билдирмасликка тиришди. - Ўқи! - дедим. - Санъатдан бошқа сўзлар ҳам бор. “Газета редакцияси”, “мухбир” деб ёзиб қўйибди! Ким сени елкангга катта сержант деган “личка"ни ёпиштирган ўзи? - Погонга тил текизманг, - деди у энди сал паст тушиб. - Бунинг жавобгарлиги бор. - Сен қўлингдагини ўқигин, кейин гаплашамиз, - дедим. У аввал атрофга аланглаб олди-да, гувоҳномани очди, гўё у ерда жуда кўп нарса ёзилгандек бошини анча эгиб турди, кейин мендан кўзини олиб қочиб, секин хотинимга қаради, дўкон томонга аланглади, чайналиб, оғирлигини у оёғидан бунисига ташлади. Бир зум жим қолдик, у иккиланаётган эди. Саидбово илинж билан унга “Улжоним! Улим!…” деди. Мелиса бобойга қараб секин: “Ота, сиз кетаверинг! Ўзимиз келишиб оламиз”, деди, Саидбово елкасини қисиб, кетолмай тураверди. Менинг аламим босилмаган эди: - Ким тўғри келса, обориб тиқиб қўяверасанми, оғайни? Балки мен давлатнинг муҳим топшириғи билан юргандирман, -дедим. - Бошдан шуни айтмайсизми? Обориб тиқиб қўйганимда, биласизми, сизни у ерда нима қилишарди? - деди мелиса йигит енгил тортиб. - Елканинг устида бир нарсани кўтариб юрган одам тиқиб қўйишдан олдин суриштиради: ким, қаерда ишлайди, деб… - Эй-й, ака, калла қоладими, дакиментингиздан фақат “санъат"ини ўқибман, саводинг йўқ деб ерга урманг, - деб хуноб бўлди у. - Энди… ишимиз шуда. Бажар, деса - бажарамиз. Топшириқ қаттиқ. Одамлар юрмасин кўчада, дейишган. Мана, кураяпсиз-ку одамларни, гап таъсир қилмайди! Тўдалашманглар шу ерда, катталар ўтади, кўзи тушса, менга гап тегади, деб тушунтирганни тушунишмайди. Билмайман, буларни онаси кўчада туққанми! Бу ердан ҳайдасам - ~азирада! У ёқдан ҳайдасам - бу ёққа! Шундай вақтда нима бор кўчада десам, магазинга, дейишади. Магазинга бўлса, керагингни ол-да, кет! Ана қаранг, туришибди, мен айтмагунча тураверишади-ей! - У шундай деб дўкон олдида тизилишганларга қичқирди: - Ў-ў, албатта мен айтишим керак-да, а сизларга? Ё кансерт бўляптими? Қани! Шапаат опа, кўтаринг тўрвангизни, мен сизга бир соатга майли деганман, боринг! - Дўкон олдидагилар бамайлихотир ичкарига киришди, “Шапаат хола” пистахалтасини оғзини ёпган бўлди, холос, лекин томоша тўхтаганига ҳафсалалари ўлиб, нарироққа жилдилар. - Ҳозир, қараб туринг, яна чиқишади, гап ўтмайди буларга! - Одамни оёғидан боғлаб қўйиб бўлмайди, оғайни, - дедим - энди секин баланга чиқиб, билдирмай ўчимни олишга ўтдим. - Худойим уни эркин қилиб яратган. Хоҳласа юради, ўтиради, ёнбошлайди… - Майли, лекин шуни уйида қилсин, - деб у ўзиникидан қолмади. -Кўчада бало борми! Мен уларни уйига кириб текширмаяпман-ку, ахир. - Кўча ҳам одамларга қилинган, - дедим. - Молподага эмаски, битта чўпон қўйиб қўядиган. - Э-э, мен кампанияни айтяпман, - деб хуноб бўлди у. - Йигирма кун чидаб беришсин - бўлди! Чўпон… нимам чўпон? Қанақа сўкиш эшитишимни биласизми? Булар, орқадан сўкада, лекин у ёқда райком бор! Мана, кечаги бозор, қор уриб турибди. Одамлар инсофинг борми, картишка-партишка олиб олайлик, бир соатгинага оч, деб чуввос ёпишишди менга. Қор-ку, э-эрталаб бўлса, шу ҳавода ким ҳам далага чиқарди, дебман. Майли, ярим соат муҳлат, бозорларингни қилиб олинглар, лекин хафачилик йўқ, дедим. Саидбово: - Шундай, шундай, бозорни очиб бердингиз лекин, - деди қимтиниб. -Валламатлик қилдингиз, майли, бозор қилиб олинглар, дедингиз. Машинадан дарак йўқ, мелиса йигит қўлларини силтаб-силтаб куйиниб гапиради, дўкондагилар қайтиб чиққан, “Шапаат хола” жойида, ўсмирлар сал нарироқда, мен, икки қўл чўнтакда, гўё шу мелисанинг кўча кийимидаги каттаси, арзини тинглаяпман. Мелиса йигит бояги бақирганларига кечирим сўраган алфозда: “Хрзир, янга ҳозир” деди, мен “Х,а бозорни очдингиз, кейин?” дедим. - Одамлар энди дарвозадан кириб, савдони бошлаган эди, бабиллаб қора “Волга” кепқолди. Одамларга ҳеч нарса дегани йўқ. Менга қараб: "Онайни фалон сани! Санга шапка кийдирганни онасини!” деб ке-етди!.. - Ким? Раисми? - Йў-ў. Райком! Амир ~аппорович! Бир урди, ҳалиям бетимга тегмади, лекин шапкам учиб кетди. Боя айтишиш билан овора, фақат бетига қарабман шекилли, энди разм колсам, мелиса пачоққина йигит экан, бурни кўкариб, сувлаб турибди, қорин жонировдан йўқ, кител халта осилган, камар қийшайиб, орқага тортиб кетган, шим шалвираган, тумшуғи тириш этикдан сачраган лой белгача урган… Унга қараб қолдим, ҳалидан бери кўнглимни босган бир ғашлик, ўжар бир гуноҳкорликка ўхшаган туйғуни англагандек бўлдим, мелисани ҳали у Саидбовога бақирмаган, мен билан манжашмаган, умуман ҳали ёнимизга етиб келмаган пайти - унга кўзим тушгандаёқ ёмон кўриб қолган, йўқ, устидаги расмий кийими милиционерлиги учун эмас, йўқ, айтаяпман-ку, ҳали менга бақамти бўлишидан олдин деб, у ҳар қишлоққа келганимда қора меҳнат, оғир кетмондан қочиб, ўқишга кирганим, битирганимдан кейин шаҳарда қолиб кетганимга тирик таъна бўлиб кўринган, мен эса ҳимоянинг энг яхши йўли деб хужумни танлаган эканман. Энди унинг расмий кийимни ҳам эплаб кия олмагани, абарои кўнгли оғриганидан оғзи кўпикланганини ҳам сезмай хасратидан дастурхон ёйишига қараб туриб, атай эрмаклаганим, “КПЗ"и ҳам шунчаки гапдан енгиш учун пўписа эканини, хўп, ана, олиб борган тақдирда ҳам у ердагилар, ўз туманидан пойтахтга бориб ишлаётган мухбирини оёқости қилмасликларини билиб туриб ҳамқишлоқлар айниқса хотиним олдида бир кўрсатиб қўймоқчи бўлганимга, лекин, яна, барибир, гувоҳномани кўрсатишга тўғри келганига уялиб кетдим. Бу гапларнинг бари кўнглимда мубҳам бир ғашлик бўлиб турган эди, мелисанинг ҳасрати энди уни тинитиб, тубида ётган нарсаларни очиб қўйди. - Ишни шу одамлар қилади-ку, райкомнинг ўзи лой кечиб пахта термайди! Бозорни бир соатгинага очганга шунчами?! Майли, шу одамларни деб сўкиш эшитаман, лекин, барибир, биронтаси, эй инсон, сўксанг, ўзини сўк, онасида нима айб, демагани ботиб кетади. Э-э, бечораларга нима ҳам дейман, ҳаммамиз шундай. Лекин, райком, мени тумонатнинг ичида тепкилаб, яна қандай буларни чизиғингга сол, дейди? Шуни ўз кўзи билан кўриб турганлар мени уч пулга оладими? Райкомга нима, сўкди, сўкди, кейин кетди-борди! Элга рўпара бўлиб мен қолдим. Нима қилишим керак? Кетворай десам - иш бу, тирикчилик деган нарса бор. Ҳе, майли-да, биз бир кичкина одам, мелисаликни ҳам қилиш керак, бари бир. Бетни қалин қилиб юрибмизда… Гап билан ёнимизга сариқ “Жигули” келиб тўхтаганини сезмабмиз. Мелиса йигит, шартта унинг эшигини очди. - Қаёққа боряпсиз? - деди. Ҳайдовчи эгилиб, бизга қараб жилмайди - Турсунхон экан. - Жомбойга. Мол гаплашаман, - деди у мелисага. - Бўлмаса, гап бундай - шу акани Перекрўскага ташлаб ўтасиз, - деди мелиса укам, - болалар билан туриб қоптилар. - Майли… майли, ўтиринг! - деди Турсунхон менга маъноли қараб қўйиб. - И-и, янга ўғилчанинг бошига боҳор бўлинг, - деди мелиса машинанинг орқа ўриндиғига ўтираётган хотинимга. Кейин у қўлимни маҳкам қисиб, синиқ илжайди: - Ака, хизматчилик, хафа бўлмайсиз-да. У худди укамдек, юрагим ачишди. - Бўлади-да шунақаси ҳам, биздан ҳам ўтди, - дедим бошқа гап тополмай. Лекин мен ҳали машина эшигини ёпиб улгурмай, у дўкон олдидагиларга бақирди: - Ў-ў, неча қоққан қозиқдай турибсизлар? Неча марта айтиш керак сизларга! Томоша тугади-ку… Турсунхон ванғиллатиб газни босгандан кейин Саидбово билан хайрлашмаганим эсга тушиб, орқага ўгирилиб, бобой, худди таъзим қилаётгандек, чакмонининг енгларини кийиштириб, мелиса “ули"нинг ёнидан ўзоқлашиб биз кетаётган йўлдан келаётган эди, қўлимни кўтардим, турган гап, машина ичидан кўринмайди, чол ҳам бошини эгиб олган, биз томонга қарагани йўқ. Йўлда кетяпмиз, Турсунхон сўради: - Нимага шу билан солишиб юрибсиз? - Сиз қаёқдан билдингиз? - деб хайрон бўлдим. - Яхши гаплашиб турганимизда келдингиз-ку. Турсунхон йўлдан кўзини узмай кулди: - Телефон бор-да. - Кейин менга қараб изоҳ берди. - Эргаш аканинг боласидан шу гапни эшитдим-у, тағИн сизни овора қилиб юрмасин, деб мошинни босдим, бўлмаса Жомбойда ишим йўқ. Унинг ўзи бола ёмон эмас, Нурмат аканинг боласи-да, Яканшиҳдан берироқдаги қишлоқ… оти тилимга келмаяпти, шу е…дан, танимайсиз. Қишлоқдан чиқиб кетгансиз-да, бизла…ни зўрға танийсиз-у Ҳа, рост-да, бир хил вақти салом берсак - кўрмайсиз - Жа гапни опқочасиз-да лекин, - дедим-у, бари бир, хижолатда эдим. Машинанинг ичи иссиққина эди. “Шу Турсунхон жуда оқибатли йигит-да”, деб ўйладим. Қишлоқдан чиқиб кетаётган эдим. |
21.03.2014 15:03 |
Шоир мулла Ҳошим Солиҳ ўғли Ҳайратий 1870 йилда Шаҳрихоннинг Бегвачча Қашқар маҳалласида ҳунарманд аравасоз оиласида дунёга келди. Ёшлигидан уни мактабдорлик қилувчи амакиси мулло Жалил ўз тарбиясига олди. Амакиси унга хат-савод ўргатди, сўнгра бўлажак шоир дўсти Оразий билан бирга шахсий мутолаа қила бошлайди. Классиклар асарларини қунт ва чидам билан ўрганиш, улардаги маҳорат сирларини эгаллаш унда бадиий адабиётга ҳавас уйғотади. Ҳайратий 1903 йилдан бошлаб шеърлар ижод қила бошлайди. 1897—1898 йиллари Муқимийнинг Шаҳрихонға келиши, Оразий, Ҳайратий билан учрашиб, уларга ижодий йўлланмалар бериши, шоир учун ҳам унутилмас бир мактаб бўлди. Ҳайратий 1916 йили Шаҳрихонда юз берган қўзғолондан сўнг, Оразий сингари, Марғилон атрофида яшириниб юришга мажбур бўлади. Шоир 1940 йилдан умрининг охиригача Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилди. Шоир 1963 йилда шу ерда вафот этди.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Аё гулчеҳра, соқий, кел қадаҳ даврини ижод эт, Муҳаббат қоплаган ғамлик дилим лутфинг била шод эт.
Паёпай тут қадаҳни, ташналик кетсин вужудимдан, Мурувват бирла жисмим боғини янгидан обод эт.
Қизил май акси рухсорингни гулгун айлади, э жон, Қизорган, яшнаган чоғингда ман маҳзунни бир ёд эт.
Букун ғамдан қутулдим, суҳбатингга аржуманд ўлдим, Бериб бир коса, кўнглим зангини якбора барбод эт.
Куярман ишқ ўтида доимо мисли самандардек, Халос этмоққа, жоно, бу аламдан, манга имдод эт.
Рақиблар билмасин, қилғил тараҳҳум манга пинҳоний, Талаб сандан шудир, э нозанин, бир бор дилшод эт.
Бу базми дилкушода Ҳайратийга марҳамат айлаб, Асир бўлғон дилимга раҳм қил, қайғудан озод эт.
* * *
Ишқ савдосида доим масканим майхоналар, Бир пучак пулга сотарман масжиду бутхоналар.
Моҳрўлар юзлари гулдек очилган то саҳар, Базм аро даврон этар оқу қизил паймоналар.
Масканим майхона бўлди, улфатим махмурлар, Саждагоҳим тоқи абрўи пари жононалар.
Нася жаннатнинг шаробин менга, зоҳид, мақтама, Дайр аро кўргил бориб гулгун қабо ғулмоналар.
Бир пиёла май қилур ғам хонасини тор-мор, Юмшатиб мойил қилур, бўлса дили сандоналар,
Аҳраманлардан батар ағёрдан безорман, Юргизар эл ўртасида асли йўқ афсоналар.
Ҳайрато, бир йўқлабон келса нигорим олдима, Хўп тўйиб ҳуснига қонгайди дили сўзоналар.
ҲАЖВИЯЛАР
* * *
Биз мусулмонларга ўлганга азо қилмоқ надур? Жидду жаҳд ила денгиз, бу можаро қилмоқ надур?
Соч ёзиб, ўздан кетиб, кўкка етуриб навҳалар, Содир айлаб ҳой-ҳу бирлан наво қилмоқ надур?
«Сизни кўп кўрди худойим», деб тобутга ташланиб, Кош мен ўлсам, дебон, ўзни фидо қилмоқ надур?
«Вой боламу, вой отам» деб, юзни тирнаб қон қилиб, Кўп хотин ўздан кетиб, фарёду во қилмоқ надур?
Чиқса эркаклар ўликни кўтариб гар кўчага, Эргашиб қиз ҳам хотинлар оҳу во қилмоқ надур?
Яъни ким ўлса, унинг отин етаклаб қабрига, Уккипардан отнинг бошига жиғо қилмоқ надур?
Уч кун ўтмасдан хотин-қизлар либосин бошқалаб, Йил — ўн икки ой кийим-бошни қаро қилмоқ надур? .
Бас «йигирма», «қирқ», «йил ошига» ер-мулкин сотиб, Бор-йўқдан ажраб, ўзни мосиво қилмоқ надур?
Яъни бир мискин ўлугига кетар бир қанча пул, Ўлгани етмасми, ортиқча жафо қилмоқ надур?
Коса сув устига бир чўпни қўйиб қирқ кунгача, Қелса арвоҳи, ўтирсин деб, рижо қилмоқ надур?
* * *
Эй ёру ошнолар, ҳам қавми босафолар, Дунё юзини тутди жанжолу можаролар.
Жанг эрди бир тарафда, анча узоқ биздан, Охирда бизни босди очлик деган балолар.
Бечора камбағаллар нон кўрмагай тушида, Уйда ётиб гўдаклар йиғлаб қилур наволар.
Бир ён совуқнинг вахми, бир ёнда нонга муҳтож, Қилмас тараҳҳум асло боёни бесахолар.
Ҳар бир эшикда соил беш-олти, балки ўндир, Бўлди улуснинг ярми овқат учун гадолар.
Очликнинг ҳукми жорий, бечораларга қишда Нон қайда, бал ўтин йўқ, ўлмоққадир ризолар.
Соилга берсанг, аввал нон ёки бошқа нарса, Нон олмас эрди пул деб, айларди иддиолар.
Ҳозирда берсангиз пул, айтурки: «Парча нон бер, Нонсиз вужудим ўлди монанди каҳраболар!»
Бир неча аҳли қишлоқ ташлаб диёру мулкин, Овқат ғамида бўлди фарзандидан жудолар.
Баъзи хотин боласин масжидга кетди ташлаб, Баъзи бировга берди йиғлаб у бенаволар.
Қимматчилик узайди, борми бунинг давоси, Бойларда ғалла кўпдир, бермайди рў сиёҳлар.
Ҳар жинс ғаллалар бор, попўшлар, дирам бор, Бойларга бўлса тайёр, хоҳ кеча, хоҳ саболар.
Бечораларнинг ҳаққин бермас ўзига ҳаргиз,, Қишлоқнинг каттасини айлар улар ризолар.
Бир ёнда нонга муҳтож, бир ёнда босмачилар,, Ғоратчи муттаҳамлар элга қилар жафолар.
Ҳар уйда доду фарёд, ким айлагай уни ёд, Бошин уриб пачоқлар авбоши беҳаёлар.
Ҳар кимнинг бўйга етган бўлса қизинолурлар,. Қон йиғласа эшитмас, йўқ унга бир даволар.
Безор ўлиб халойиқ, ҳар кеча қизларини Сақлашга гарнизонга айларди илтижолар.
Моли билан қизини элтарди крепостга, Қелтиргали борарди тонг вақтида атолар.
Ўйланг, нечук бу кулфат, айлаб бўлурми тоқат, Минг босмачига лаънат, бадбахт, юзи қаролар.
Том устида халойиқ, ҳар кеча уйқусизлик, Гар ёғса қор, ёмғур йиғлайди бенаволар.
Билганда босмачилар нарвон қўйиб чиқарлар, Гар қочса томда отиб, жисмин қилур фанолар.
МАРДИКОР ОЛДИ
(1916 йилдаги лошмон, яъни мардикор жанжалидан бошлаб Фарғонада бўлган ҳодисалар)
Биродарлар, келинглар, бизга бир янги замон ўлди, Жаҳон айвонида бу номимиз бир қаҳрамон ўлди.
Эди бир мингу тўққиз юз ўн олти рўза ойида, Июль ойига ўн бир эрди бир шўриш аён ўлди.
Ки, яъни мардикор олмоқчи фармони келиб бирдан, Халойиқ ўртасида аскар олмоқ, деб гумон ўлди.
Бу янги иш эди халқ ўртасида бўлмагай жорий, Бу иш ҳам бир сабабдек қайнатилган бир қазон ўлди.
Тамоми порахўр бўлган эди ҳоким, приступлар, Иши битмас эди, гар бермаса, шундай замон ўлди.
Амалдорлар ҳамиша бойга айлар эрдилар хизмат, Уларга ишчи-деҳқонларни ашёси талон ўлди.
Эшитмас эрди деҳқон арзу додин қози, мингбоши, У золимларни қилган зулми кун-кундан ёмон ўлди.
На қилсин камбағаллар, қайга борсин, кимга арз этсин? Мисоли қўй каби деҳқонлара бўри шубон ўлди.
Амалдорларга ёрдамчи бўлиб бой бирла эшонлар, Фирибгар омидан ҳам салла бойлаб бир эшон ўлди.
Жаҳонга келмасин асло ўшал золим ҳукуматлар, Букун эл яйрадилар ҳам гадолар алъамон ўлди.
Муродим мардикор олмоқни таърихин ёзиш эрди, Ва лекин четга чиқдим, бир қўшимча достон ўлди. |
|