28.10.2013 18:27 |
Оғил ёнида ўйнаганимизда, пастда, кумуш ранг толнинг тагида кўринмай оқаётган сойнинг маҳзун шилдирашини эшитиб турардик. Уйимиз ички ҳовлининг улкан каштан дарахтлари ортида кўринмай кетарди. Онам Истамбулга кетганлари учун мендан бир ёш кичик укам Ҳасан билан иккимиз Дадаруҳнинг ёнидан кетмас эдик. Дадаруҳ дадамнинг отбоқари, қари киши эди. Отларни яхши кўрганимиз учун саҳарда уйғонишимиз биланоқ оғилга чопардик. Дадаруҳнинг ёнида бўлиб, отларни суғориб келиш, уларни миниш завқ бағишларди. Ҳасан бўлса қўрқар, ёлғиз минолмасди. Дадаруҳ отга миниб уни олдига ўтқазиб оларди. Халталарга арпа солиш, ем тўрваларни ўтга тўлдириш, оғилни тозалаш, гўнг ташиш — энг қизиқ ўйиндан ҳам ортиқ, бизнинг жону дилимиз эди. Отларни қашлашни айтмайсизми? Энг завқлиси шу эди! Дадаруҳ қўлига қашлағични олиб, соат товушидай қитирлата бошлаши билан, тамом, жойимда туролмас, «Мен ҳам қашлай» деб ҳоли жонига қўймасдим. Шунда Дадаруҳ мени Тўсин исмли отга миндириб, қўлимга қашлағични берар ва «Қани қашла!» дерди. Бу темир асбобни йилқининг терисига қиртишлаган бўлардим, бироқ ўшандай қитирлаган товушни маромига етказиб чиқаролмасдим. — Қуйруғини ликиллатяптими? — Ҳа ликиллатяпти. — Қани бир кўрай... Бўй чўзиб қарасам ҳам отнинг сағрисидан думи кўринмасди. Ҳар куни эрталаб оғилга келишим билан «Дадаруҳ, мен қашлай», деб ялинардим. — Йўқ, уддалай олмайсан. — Нима учун? — Ҳали ёшсан, шунинг учун! — Эплай оламан! — Катта бўлгин, кейин... — Э, қачон! — Бўйинг отга етганида!
* * *
Оғил юмушларидан фақат отни қашлашни эплолмасдим. Бўйим отнинг қорнига ҳам етмасди-да! Ҳолбуки, энг завқли, энг зўр нарса шу эди. Қашлағичдан чиқаётган қитирлаган товуш Тўсинга ёқаётгандай қулоқларини қимирлатар, думини шокиладай ликиллатарди. Қашлашни тугатай деб қолганда эса гўё, жаҳли чиқар, ўшандай пайтда Дадаруҳ «хўйт» деб сағрисига енгил тарсаки туширарди ва бошқа отни қашлай бошларди. Бир куни уйда ёлғиз қолдим. Ҳасан билан Дадаруҳ сой ёқасига тушиб кетишган. Отни қашлаш истаги ҳеч тинчлик бермасди менга. Қашлағични қидириб тополмадим. Оғил бурчагида Дадаруҳнинг дарчасиз кулбаси бўларди. Кулбага кириб токчани титкилай бошладим. Эгарларнинг орасини ҳам қарадим. Йўқ. Ҳеч қаерда йўқ. Ётоғининг тагида яшил тахтали сандиқ турган экан. Уни ҳам очдим. Ниҳоят... Севинчдан ҳайқираёздим. Онамнинг бир ҳафта бурун Истанбулдан юборган совғалари орасида факфон қашлағичи ял-ял ёниб турарди. Қашлағични олдиму Тўсиннинг ёнига югурдим ва қорнига ишқай бшладим. Тўсин негадир тоқатсизлана бошлади. «Оғрияпти чоғи» деб ўйладим. Кумушдай товланаётган бу чиройли қашлағичнинг тишларига узоқ тикилдим. Кўринишдан жуда ўткир. Тишларини бироз ўтмас қилиш мақсадида девор тошига ишқалай бошладим. Тишлари ўтмас бўлиб қолганидан сўнг қашлағични яна синаб кўрмоқчи бўлдим. Барибир, отлар тинч туролмай безовта бўларди. Тутоқиб кетдим. Аламимни қашлағичдан олмоқчи бўлиб, нарироқдаги булоқ оғзига югурдим. Қашлағични ялоқ тошга қўйдиму ердан тош олиб, ура бошладим. Истанбулдан юборилган, афтидан, Дадаруҳ ишлатишга кўзи қиймай, асраб юрган бу чиройли қашлағични эзиб, ялоқнинг ичига ташлаб юбордим. Эрталаблари отам ташқарига чиққанида оғилга кириб у ер-бу ерни кўздан кечирарди. Мен оғилда ёлғиз эдим. Ҳасан эса уйда, хизматчимизнинг ёнида эди. Отам булоқни томоша қилаётиб ялоқ ичидаги синган қашлағични кўриб қолди ва Дадаруҳга қараб бақирди. — Буёққа кел! Нафасим тиқилиб, қўрқиб кетдим. Отам синган қашлағични илкига тутиб, буни ким қилди, дея Дадаруҳдан сўради. Дадаруҳ таажжубланиб: — Билмадим, — деб жавоб қилди. Отамнинг кўзи менга тушиши билан, ҳали сўраб улгурмаган ҳам эди мен: — Ҳасан, — дедим. — Ҳасанми? — Ҳа, кеча Дадаруҳ ухлаётганда хонасига кириб, сандиғидан қашлағични олди-да, ялоқнинг тошида эзди. — Нега Дадаруҳни чақирмадинг? — Ухлаётган эди. — Қани, Ҳасанни чақир! Ички ҳовлининг эшигидан кириб, ихчам йўлкадан уй томон чопдим, Ҳасанни чақирдим. Ҳеч гапдан хабари йўқ Ҳасан орқамдан югуриб келди. Дадам қаттиққўл эдилар, жаҳл билан қарасалар юрагимиз ёрилаёзарди. Ҳасанга қараб: — Ёлғон гапирсанг, таёқ ейсан! — дедилар. — Ёлғон гапирмайман. — Яхши, қашлағични нега синдирдинг? Ҳасан Дадаруҳнинг қўлидаги ускунага ҳайрон бўлиб қаради. Кейин малларанг сочини ўйнатиб: — Мен синдирганим йўқ, — деди. — Ёлғон гапирма деяпман. — Йўқ, мен синдирмадим. Дадам яна такрорлади. — Тўғрисини айтсанг, уришмайман, ёлғон гапириш ёмон одат. Ҳасан ўжарлик қилиб, йўқ деб туриб олди. Дадамнинг ғазаби қайнаб, Ҳасан томон шайланиб борди-да, уятсиз, ёлғончи, деб тарсаки тортиб юборди. — «Буни кўзимдан даф қил, бу ерга йўламасин, фақат Парвин билан ўтирсин», дея ўшқирди. Дадаруҳ йиғлаётган укамни бағрига босиб, ичкарига олиб кетди. Ўшандан буён оғилда ёлғиз ўйнайдиган бўлдим. Ҳасан эса уйдан чиқмасликка маҳкум қилинганди. Онам Истанбулдан қайтганларидан кейин ҳам дадам Ҳасанни кечирмадилар. Унга кўзлари тушса, ёлғончи, деб қўярдилар. Ҳасан еган тарсакисини эслаб йиғлаб юборар, кейин ўзини зўрға босиб оларди. Бечора онам менинг туҳмат қилганимни хаёлига ҳам келтирмас ва «ахмоқ Дадаруҳ қашлағични отларнинг тагида эздирган бўлмасин тағин?», деб қўярди. Келаси йили ёзда онам яна Истанбулга кетдилар. Биз яна ёлғиз қолдик. Ҳасаннинг оғилга бориши ҳануз ман этилганди. Кечалари ётганимизда отларнинг аҳволини, тойларнинг катта бўлган, бўлмаганини мендан сўраб турарди. Бир куни Ҳасан дабдурустдан касал бўлиб қолди. Доктор олиб келиш учун шаҳарчага одам жўнатилди. Доктор укамни текшириб, юқумли касалга чалинганини айтди. Буни эшитган фермадаги хотинлар уйимизга келиб, бир нечта парранданинг бошини олиб, укамнинг бўйнига боғлаб қўйишди. Айтишларича, бундай эскича иримни қилса, тузалиб кетармиш. Дадам укамнинг ёнидан сира кетолмадилар. Дадаруҳ ҳам ғамгин бўлиб қолди. Парвин эса ҳўнг-ҳўнг йиғлагани-йиғлаган. — Нега йиғлаяпсиз? — деб сўрадим. — Уканг касал-ку... — Тузалиб кетади. — Тузалмайди. — Тузалмаса нима бўлади? — Уканг ўлади. — Ўладими?
* * *
Мен ҳам йиғлай бошладим. Укам касал бўлганидан бери мени Парвиннинг хонасига кўчиришди. Ўша кеча ҳеч ухлолмай чиқдим. Хаёлга чўмишим билан Ҳасан кўз ўнгимда «Туҳматчи! Туҳматчи!», дея йиғлаётгандай бўлаверарди. Парвинни уйғотдим. — Ҳасаннинг ёнига бораман, — дедим. — Нега? — Дадамга айтадиган гапим бор. — Нима гапинг бор? — Қашлағични мен синдирган эдим, шуни айтмоқчиман. — Қайси қашлағични? — Ўтган йилги. Ҳасанга тўнкаган эдим... Сўзимни тугатаолмадим. Ичимдан келаётган туғёнлар нафасимни бўғиб қўйди. Йиғлай-йиғлай бўлган воқеани Парвинга гапириб бердим. Ҳозир буни дадамга айтсам, Ҳасан ҳам эшитиб, балки мени кечирар? — Эртага айтасан,— деди Парвин. —Йўқ, ҳозир бораман. — Ҳозир даданг ухлаяпти, эртага эрталаб айтасан. Ҳасан ҳам уйқуда. Эртага уни қучоқлаб, ўпиб, кечирим сўрасанг,кечиради. — Хўп, яхши. — Қани энди, ухла! Тонггача кўзимга уйқу келмади. Тонг оқара бошлаганида Парвинни уйғотдим. Ўрнимиздан турдик. Ичимни қийнаётган азобдан бўшалиш учун шошиб борардим... Лекин, минг афсус, бу кеча бечора, гуноҳсиз укамнинг жони узилган экан. Айвонда қишлоқнинг имоми билан Дадаруҳ кўзда ёш билан, дадамнинг ташқарига чиқишини кутиб турардилар.
Туркчадан Лола Аминова таржимаси. |
Солиҳбой фалсафаси ёхуд пул ҳақида куюнчак мулоҳазалар |
|
|
|
11.04.2014 04:24 |
Пулни ўйламайдиган, пулга иши тушмаган, пул билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган одам бўлмайди. Бундоқ қараганда, ҳамма пул учун, пул топиш учун яшаётгандек туюлади. Аслида ундай эмас, албатта. Пулнинг ғалати бир хусусияти бор — у кашф этилганидан буён етишмайди. Агар камбағал тонг саҳардан бир бурда нон ғамида куймаланса, пулдор пулини янада кўпайтириш ташвишида ўзини ўтга-чўққа уради. Пули камайиб қолишидан чўчийди, одамларнинг қарз сўрашидан юраги безиллайди. “Ҳаммага қарз бераверсам бой бўлармидим?”, дея иддао қилади. Хўш, дунё дунё бўлгандан буён ҳад-ҳисобсиз фожеалар, урушлар, турли кўнгилсизликларга сабаб бўлган, яқин дўстлар, ҳатто туғишган оға-инилар ўртасига раҳна солган, айни чоғда хайрли, бунёдкорлик ишларига восита бўлган, кўпгина мушкулотларнинг осонгина ечимини топган пулнинг биз билмаган, биз яхши илғамаган сир-синоати борми? Нега кўп нарса айланиб келиб яна пулга тақалаверади? Нега? Нега?.. Ўзбек тилининг янги нашр этилган беш жилдлик изоҳли луғатида пулга шундай таъриф берилган: «Пул (форсча — пул, ақча, балиқ тангаси) 1. Олди-сотди ёки тўлов муомалаларида нарх, баҳо, қиймат ўлчови бўлган металл ёки қоғоз белги, ақча. 2. Сармоя маблағ. 3. Иш ҳақи, маош. 4. Баъзи ерларда ярим тийинга, баъзи ерларда бир тийинга тенг бўлган пул ўлчов бирлиги ва шу қийматдаги майда пулнинг ўзи». Доно халқимиз пул ҳақида кўплаб ривоятлар, пурҳикмат мақоллар тўқиган: “Пул — белга қувват, бошга тож”, “Пул бўлса чангалда шўрва”, “Пул жигардан бунёд бўлар”, “Пул кетса кетсин, ор кетмасин”, “Пул кўпайса, одам бузилар”, “Пули куйган қалампир чайнар... ”. Пул ҳақида ҳазиломуз иборалар ҳам пайдо бўлган: “Бахт пулда эмас, пулнинг миқдорида”, “Пулинг бўлса халтада, дам оласан Ялтада”, “Пул ўлсин-а пул ўлсин!”... Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасидаги Солиҳбойнинг ўша машҳур гапи эсингиздадир. Пулнинг кучига, қудратига ишонган бой шундай дейди: “Ҳали шундайми? Ҳа-ҳа... Кўрамиз... Ким зўр экан? Сендаги севги билан вафоларми ёки менинг чўнтагимдаги олтинларми?”. Дарвоқе, Солиҳбой ролининг моҳир ижрочиси Обид Жалилов вафот этгач, ўрнига муносиб артистни узоқ қидиришади. Ахийри Амин Турдиев номзоди маъқул топилади. Амин ака рози бўлишдан олдин бир шарт қўяди: — Менга кўп пул берасизлар. — Ие, пулни нима қиласиз? — Рол ижро этишдан олдин пулни белимга боғлаб оламан. Ана ўшанда ўзимни ростдан ҳам бойдек ҳис этаман, ижром ҳам зўр бўлади. Хўш, пулнинг луғавий маъносини бир четга қўя турайлик, пул нима ўзи? Бу саволга ҳар кимнинг ўз жавоби бор, албатта. Яқинда ўзининг олтмиш ёшини нишонлаган Россия эстрадасининг юлдузи Алла Пугачёва мухбирнинг юқоридаги саволига шундай жавоб беради: “Пул — менга ўзимни камситилгандек ҳис қилмаслигим учун керак бўладиган восита”. Яхши жавоб, албатта. Бундай ақида билан иш тутадиган одамни пулга ортиқча ружу қўйишда айблаш қийин. Драматург Шароф Бошбековнинг бир ҳажвиясини ўқигандим. Қисқача мазмуни шундай: бир одам эрталаб ишга жўнайди. Йўлда садақа сўраб турган гадойга йирикроқ пул беради, қайтимини олмайди, ғурури йўл қўймайди. Такси ҳайдовчисига ҳам катта пул узатади, яна қайтимини олмайди, ғурури йўл қўймайди. Ишга келгач, пештахта ортига ўтиб, халатини кийгач, енг шимариб ...ғурур тўплашга киришади. Миллиард-миллард пули бўлса ҳам тинимсиз бойлик тўплашга ружу қўйган кимсаларнинг дунёқараши, фалсафаси, психологиясини мен яхши тушунавермайман, шу боис уларнинг юқоридаги саволга қандай жавоб беришини тасаввур қилиш қийин. Фикримча, аксарият одамлар учун пул, аввало яшаш, тирикчилик воситаси, фаровон турмуш, эмин-эркинлик муқобили. Айни чоғда пул топиш ягона мақсад, ҳаётнинг асосий маъноси бўлиб қолмаслиги керак. Қадимги донолардан бири ҳукмдорга қарата: “Сен ейиш учун яшайсан, мен яшаш учун ейман, фарқимиз шунда!” дея бежиз айтмаган. Хўш энди асосий саволга келсак — пул одамни бузадими? Бу саволга ҳар ким ўз тушунчаси, дунёқарашидан келиб чиқиб, турлича жавоб бериши мумкин. Аввало, пул одамни бузиши учун ўша ортиқча пулнинг ўзи бўлиши керак. Аммо пул шундай нарсаки, у ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Шу боис, назаримда, пул одамни бузади, деб ҳисобловчилар у қадар кўп эмас. Агар одам пулни жонини койитмай, осонлик билан топса, амалини бойлик орттириш манбаига айлантирса, пул воситасида ҳамма нарсага осонлик билан эришса, шунинг оқибатида унда калондимоғлик пайдо бўлса, одамларга паст назар билан қарай бошласа, нопок ишларга қўл урса, ундай кимсаларни халқ “Пул қутуртирган!” деб ҳисоблайди, улардан нафратланади ва тўғри қилади. Халқ ҳеч қачон адашмайди. Ақл — энг катта бойлик. Ҳалол, пешона тери билан, ақл билан топилган бойликнинг қадру қиммати ҳам бўлакча бўлади. Қариялар, пенсиячиларнинг пули баракалироқ бўлиши ҳам бежиз эмас. Ҳаром-ҳариш йўллар билан топилган пулнинг эса баракаси бўлмайди. Кимларнидир норози қилиб, қон қақшатиб топилган пул ҳам эгасига юқмайди. Пулнинг бундай хусусиятида бир ҳикмат бор, албатта. Сармоядорлар, пулдорларнинг ҳаммасига шубҳа билан қараш, уларни қинғирликда, ноҳалолликда айблаш тўғри эмас, албатта. Афсуски, бизда бойларни, бойликни тўғри тушуниш маданияти ҳали шаклланмаган. Ҳавас эмас, ҳасад кучли. Ҳасад одамнинг ичини кемиради. Бойларга, ҳар қандай бойликка қандайдир бир шубҳа, гумон билан қараш шўроларнинг манфур сиёсати туфайли (Бой бўлиш айбгина эмас, катта жиноят ҳисобланган, шу боис бойлар бола-чақаси билан аёвсиз қатағон қилинган, сургунларда азоб чекиб ўлиб кетишган) онгу шууримизга сингдирилган. Шўролар сиёсатини қўя турайлик, мустақиллигимиз арафасида ўша қадимий Наврўз байрамимизни эскилик сарқити, диний байрам, дея қатағон қилган калтабин сиёсатчилар моддий жиҳатдан озгина қаддини ростлаб олган, ўзларига ёқмаган айрим шахсларга озмунча зуғум ўтказдими? Раҳматли устоз Озод Шарафиддиновнинг ҳалол, пешона тери эвазига қурган далаҳовлиси аёвсиз буздириб ташлангани жамоатчиликка яхши маълум. Хайриятки, истиқлол тафайли бундай ўзбошимчаликларга барҳам берилди. Инсон ҳаётга бир марта келади. Ҳаёт инсонга берилган энг олий неъмат. Шундай экан, ҳаётда ҳамма нарса — рўшнолик, фаровон турмуш ҳам ўз вақти соатида бўлгани яхши, албатта. Аммо гоҳо ҳамма нарсага эришиб, бола-чақаларни уйлаб-жойлаб, энди оғзинг ошга етай деганда Оллоҳ омонатини сўраб қолади. Шуниси ачинарли. Шуниси алам қилади. Кечагина бағримизни тўлдириб, давраларга файз киритиб юрган акахон ва укахонларимиз бугун орамизда йўқ. Беихтиёр шоирнинг “О, инсон қисмати, бунчалар чигал...”, деган сатрлари эсга тушади. Шу боис, ҳамиша ҳаётни ғанимат деб билишимиз керак. Ўлчовли умрни эзгу ишларга сарфламоқ жоиз. Бу китобий гап эмас. Ўтмишда яшаб ўтган улуғларимиз, табаррук сиймоларнинг шахсий ҳаётлари бу жиҳатдан катта ибратдир. Буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Алишер Навоийнинг улуғ бунёдкорлик ишлари, кўплаб кошоналар, мадрасалар, кўприклар, ҳаммомлар, боғ-роғлар барпо этгани, илм ва ижод аҳлига ҳамиша ёрдам қўлини чўзиб, ҳомийлик қилишгани жаҳон миқёсида қайта-қайта эътироф этилган. Уларнинг эзгу, савобли, хайрли ишлари Третьяков, Нобелларнинг хизматидан кўра улуғворроқ, ибратлироқ. Замона зайли, мустақиллик шарофати билан ўзимиздан ҳам катта пул топаётган тадбиркорлар, бадавлат кишилар етишиб чиқмоқда. Биз бундан мамнун бўлишимиз керак. Юртбошимизнинг катта-кичик йиғинларда ҳамиша тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги ҳақида куйиниб гапириши ҳам бежиз эмас. Лекин қарс икки қўлдан бўлмоғи лозим. Негадир бизнинг янги бойларимиз муҳтожларга ёрдам қилиш учун унчалик шошилмаётганга ўхшайди. Биз гоҳо ҳамма нарса пулга бориб тақалаётганидан, ҳамма нарса пул билан ўлчанаётганидан нолиймиз. Тўғри, бу гапларда жон бор. Айни чоғда, ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ эканини ўйламаймиз. Ҳақиқат ташқарида эмас, ўзимизнинг ичимизда экани эсимизга келмайди. Ҳаёт, кундалик туриш-турмушимиз кун тартибига қўяётган муаммоларни ҳеч ким четдан келиб биз учун ҳал қилиб бермайди. Қуръони каримдаги “Феълингизни ўзгартирмагунингизча тақдирингизни ўзгартирмайман“, деган пурҳикмат калимани унутишга ҳаққимиз йўқ.
Шодмон Отабек |
|
Каримбек Камий (1865-1922) |
|
|
|
21.03.2014 14:59 |
Каримбек Камий — миллий уйғониш даври ўзбек адабиё-тининг йирик вакилларидан бири. Шоир Амонийнинг «Дар мадҳи жаноби мавлоно Камий Тошкандий» шеърида шундай мисраларни ўқиймиз:
Айлади Фарғонани бул дам мусаххар ҳар сўзи, Балки Исломбулни олди қавли мавлоно Камий.
Камий сўзларининг Фарғонага етиб борганлигига шубҳа йўқ. Унинг шеърлари аср бошида бошқа бир хонлик ҳудудида — Когонда чоп этилган баёзларда учрайди. Хоразмлик шоир Илёс Мулла Муҳаммад ўғли Сўфининг Камий ғазалига ёзган мухаммаси бор. Шоирнинг «Мураббаъи дар таърифи мактаб» шеъри 1906 йилдаёқ Санкт-Петербургда чиқадиган «Улфат» газетасида босилган. Буларнинг барчаси Камий шеърлари асрнинг дастлабки йилларидаёқ Туркистон чегарасидан чиқа бошлаганини кўрсатади. Амоний айтмоқчи, мавлоно Камий сўзлари «балки Исломбулни олди». Дарҳақиқат, шундай. 1918 йил Истанбулда чоп этилган М.Ф.Кўпрулизоданинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» китобида Камий ижодидан намуналар учрайди. Бу 10-йилларда шоир шеърларининг Туркияга қадар етиб борганига далолат қилади.
Ижодини ўрганиш тарихидан
Шоир Каримбек Камий ижоди ўз даврида ҳам эътиборсиз қолмади. Унга шеъриятнинг пасту баланд кўчаларида юрган кексаю ёш авлод ўз муносабатини билдирди. Шулардан бири Муқимийдир. Мавлоно Муқимий дўстига ёзган мактубларидан бирини «Биродари киромий мавлавий Камий» деб бошлайди. Бу ерда Муқимийнинг Камийга муносабати, қолаверса, унга берган баҳоси ўз аксини топган. Камийнинг шогирдларидан бири Сидқий Хондайлиқий ўз устозини «суханварлиқ иқлимида шуҳрабардору олийшон» деб таъриф этади. Ўшлик шоир Амоний эса шоир тавсифига алоҳида шеър бағишлади. Унда Камийни «хушфасоҳат иқлимига шоҳ», «лисонул-ғайб» дея васф этди. Унинг шоирлик фитратида «файзи илоҳийдан асар» кўрди. Лекин шоир ижодига муносабат бир хилда бўлиб қолмади. Анбар Отин, Иброҳим Давронларнинг Камий ижодига нисбатан танқидий фикрлари ҳам борки, бу — улар орасидаги адабий-эстетик ва фалсафий қарашларининг турли хиллиги билан изоҳланади. Шоир вафотидан кейин унинг ижоди ва шахсига баҳо бериш шўро адабиётшунослиги зиммасига тушди. Гъайри миллий мафкурага асосланган мазкур адабиётшунослик илми баъзи ҳолларда шоирни «Ватан хоини», «халқ душмани», «миллатчи жадид», «контрреволюдион» шоир сифатида баҳолаб келди. Натижада Камий ижоди ўнлаб йиллар халқ нигоҳи ва тадқиқотчилар назаридан четда қолиб кетди. Лекин ХИХ аср охири ХХ аср бошлари ўзбек адабиё-ти, мазкур давр маърифатпарварлиги ва айниқса, Тошкент адабий муҳити ҳақида сўз кетганда Камий ижоди ва унинг номини четлаб ўтишнинг иложи йўқ эди. Шу боис шўро мафкураси даврида ҳам баъзи холис адабиётшуносларимиз унинг шахсини оқлаб, ижодини ёқлаб чиқишга ҳаракат қилдилар. Адабиётшунос М.Б.Солиҳов шоирнинг «Солди беилмлиқ хатоларға» деб бошланадиган мухаммасини «Жадидизмнинг гўзал адабиёти»га киритди ва ўз китобидан (Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари. Т., 1932, 14-бет) жой берди. 1950 йили Москвада «Антология узбекской поэзии» мажмуаси босмадан чиқди. Мажмуада Камий ҳақида мухтасар маълумотнома ва С.Сомева таржимасида шоирнинг «Мураббаъи дар таърифи мактаб» шеъри киритилди. Маълумотномада «Камий Ўзбекистонда илғор фикрнинг намояндаларидан бири» дейилади. 1960 йил босмадан чиққан «Ўзбек адабиёти» мажмуасида (4-жилд 1-китоб) Камий ижодидан баъзи намуналар берилди. 70-йиллардан бошлаб Гъ.Каримов, Б.Қосимов, А.Жалолов, М.Ҳамидова, М.Зокировларнинг мақола ва тадқиқотларида Камий шахси ва унинг ижодига мў‘тадил ёндошиш бошланди. 90-йилларга келиб шоир ижодини махсус тадқиқ этишга киришилди. Вақтли матбуот саҳифаларида унинг ҳаёт ва ижод йўлига оид мақолалар, адабий меросидан баъзи намуналар чоп этила бошлади. Ниҳоят, 1998 йили Камийнинг 4500 мисрага яқин шеърлар мажмуаси «Дилни обод айлангиз...» номи билан нашр этилди. Бу билан шоир ижодини халққа танитиш, илмий муомалага олиб кириш ва адабиётдаги ўрнини белгилаш имкони яратилди. Камий ижоди Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг ажралмас бир қисми эканлигига ХХ асрда тузилган Мўминжон Тошқиннинг «Тошкент шоирлари» (1948), Пўлатжон Қайюмийнинг «Тазкираи Қайюмий» (60-йиллар) тазкиралари ҳам гувоҳлик беради. Буларнинг ҳар иккаласида ҳам Камий ижодига тўхтаб ўтилган. Айниқса, М.Тошқин тазкираси шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда асосий манба бўлиб турибди. Таржимаи ҳоли Каримбек Камий 1865 йили Тошкент шаҳрида, чопонфуруш савдогарлар оиласида дунёга келди. Отаси Шарифбек замонасининг савдогар бойларидан бўлиши баробарида, илму маърифатга хайрихоҳ, адабиётга ихлосманд кишилардан эди. Оилада бўлажак шоирнинг ўқишига алоҳида эътибор берилди. Бошланғич таълимни Мозорхон маҳаллалик Мансурхон домладан олди. Мактаб ўқув дастури доирасида Ҳофиз, Навоий, Фузулий, Бедил, Сўфи Оллоёр шеърияти билан та-нишди. Бу - ёш, қизиқувчан Каримбек кўнглига шеър ишқини солди. Бошланғич мактабни тугатгач, «Бекларбеги» мадрасасига ўтиб ўқишни давом эттирди. Шу мадрасанинг машҳур мударриси Шомаҳмуд Охундда «хатми кутуб» қилди. Камий талабаликдан кейин ҳам шу мадраса ҳужраларида қолиб, фақирона ҳаёт кечирди. Оила ҳам қурмади. Шоирнинг:
Тўлмасинму ҳасрату ғамға ичу тошим менинг, Ташлабон кетса пари рухсор йўлдошим менинг.
Кўз тутардим бир куни қилғай вафо деб, оҳким, Бевафолиғ зоҳир этти ул қалам қошим менинг,—
байтлари ва яна бир неча ғазаллари унинг сўққабош ҳаёти сабабларини маълум даражада изоҳлайди. 90-йилларга келиб Камий устоз шоирлар қаторидан ўрин олди. Энди унинг ҳужраси замонасининг катта шоирлари ва шеър их-лосмандларининг марказига айланди. Бу ерда кўнгилочар адабий суҳбатлар қурилди, янги ижодий куч бахш этувчи шеърхонликлар ташкил этилди. Чунончи, Камийнинг:
Эдук афсурдатабъу тийрахотир неча муддатдин, Кўнгил бўлди мунаввар, чашмимиз равшан бу суҳбатдин.
Очилди ғунчаи мақсуд, кўкарди сабзаи уммид, Баҳори суҳбат, арбоби фазлу аҳли фитнатдин,-
байтларини ўз ичига олган ғазали мана шундай файзосо суҳбатлардан бири ҳақида бўлган эди. Шоирнинг баъзи бир шеърлари ва айрим манбалар унинг 1899 йили Чимкент, 1911 йили Андижон ва Қўқон, 1912 йилда эса Чимкент, Сайрам, Авлиёота сафарларида бўлганлигидан далолат беради. Шоир Камий 1922 йилнинг ёзида 57 ёшида вафот этди.
Ижодиёти
Камий сермаҳсул мумтоз шеъриятимизнинг ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, рубоий, қитъа, фард каби жанрларида қалам тебратди. Ижтимоий-фалсафий руҳааги манзумалар ёзди. Адабий-ижтимоий ҳаётдаги энг муҳим воқеалар санасини ўзида дарж этган таърихлар яратди. Шоирдан 6000 мисрага яқинроқ адабий мерос қолган. Камий шеърияти шаклан ва мазмунан хилма-хил. Шоирнинг жўшқин ишқий ғазаллари, заҳарханда ва дадил ижтимоий манзу-малари, миллат келажагига куюниб, унинг фарзандларини илм-маърифатга даъват этган шеърлари ўз даврида катта мавқега эга бўлган. Камий ўз ижодининг дастлабки босқичидаёқ ўзига хос бадиий тафаккур тарзига ва ўз адабий эстетик қарашларига эга ижодкор эканлигини кўрсата олган. Шоирнинг 1894 йилги баёзидан ўрин олган:
Ўқинг ашъори бикру фикрни айланг тасарруфким, Аторуд ташласун қўлдин қаламни кўкда ҳайратдин,-
мисралари мана шундай фикрга келишимизга асос бўла олади. У ўз замондош шоирлари олдига фикрни ўзгартирадиган, қотиб қолган тафаккурларни ислоҳ қиладиган мутлақо янги — бокира бир шеър ёзиш талабини қўяди. Камийнинг ижодий мероси, аввало, ўз баёзлари ва шахсий архивидаги қўлёзма варақалар шаклида бизгача етиб келган. Қолаверса, кейинчалик тузилган қўлёзма ва тошбосма баёзлар ҳамда ўз даврида чиққан баъзи газета ва журналлар ҳам шоир адабий меросининг асосий манбаларидан бўлиб ҳисобланади.
Ишқий лирикаси
Камий ижодиётининг асосий қисмини ишқий лирика ташкил қилади. Хўш, шоир луғатида ишқ нима? Буни биз:
Ишқдир оламда бир роҳатфизой комил асар, Мабдайи айни сиришку мазҳари оҳи шарар,-
мисраларидан англаб олгандек бўламиз. Унинг наздида ишқ барчани ҳайратга солувчи бир «комил асар». Кўз ёшининг манбаи ҳам у, ўтли оҳнинг мазҳари ҳам у. Айнан мана шу ерда азалий ва абадий ишқнинг табиати очилгандай. Шундай ишқ эгаси бўлмаган инсон - инсон эмас. Шунинг учун ҳам Камий:
Дилеким, онда йўқдур оташи ишқ Ки, андин шамъ ила парвона яхши,-
дейди. Табиий, ишқ ҳар бир ошиқ қалбида бир бор янгиланади. Унда янгича кечинмалар уйғотади, оҳорли туйғулар туғдиради. Бунга ўша ошиқнинг маъшуқаси, унинг феъл-атвори, ўзига хосликлари сабаб бўлади. Камийнинг ҳам шеъриятда ўз ишқий олами ва ўз маъшуқаси бор. Бу ёр ҳам ўзига хос суврату сийратга эга. У ҳусну малоҳатда шундай гўзалки, наққош Моний кўрган замон ҳайратдан қотиб, чизиб турган сувратини ҳам чизолмай қолади. Бу ёрнинг рухсори оламни ёритади. Ҳатто «ул зеб бул моҳи тобонларда йўқ». Бу ҳусн шундай тароватга эгаки, ундан ўзи маст қилиш хусусиятига эга бўлган шароб маст эмиш: «Маст эрмиш шароб ҳуснингдин». Унинг жамолига бир марта Ой билан Қуёш қарши келган эди, кўринг оқибатини: «Бирин рухсори доғ ўлди, бирин сорғорди сиймоси». Камий бир маснавийсида суюкли ёр қиёфасини шундай чизади:
Эй, ғамзаси офати замона, Ҳусн ичра жаҳонаро ягона.
Эй, қомати рашки сарву шамшод, Эй, киприги тиғу чашми жаллод.
Эй, юзлари моҳу меҳри анвар, Эй, хатлару зулфи мушку анбар.
Эй, лаблари айни оби ҳайвон, Эй, сўзлари роҳати дилу жон.
Эътибор беринг, бу шеърий парчада ёрнинг ҳусни, қомати, киприги, хатту зулфи, лабларидан кейин гап унинг ширин тиллигига, сўзининг «роҳати дилу жон»лигига кўчяпти. Тил - кишининг маънавиятига алоқадор. Дарҳақиқат, Камий шеърларида ёрнинг нафақат зоҳирий суврати, балки унинг маънавий қиёфаси ҳам ўз аксини топган. У ғазалларидан бирида ёр табиатининг нозиклиги, гўзал ахлоқи, кўнглининг равшанлиги, боодобу боҳаёлигини шундай таърифлайди:
Нозанин хўю неку ахлоқ, эй равшан замир, Шарму одобу ҳаё бобида йўқ сенга назир.
Камий ишқий шеърларининг аксари мана шундай ёрнинг таърифу тавсифига бағишланган. Шоир бу ёрнинг васлига муштоқ, лекин «балойи фироқи»га мубтало. У ҳажр шоми ўтиб, васл тонги отишини истайди, бироқ орзулари армонга айлана боради. Хуллас, Камийнинг ишқий шеърияти, нафақат севимли ёрнинг суврату сийрати, балки ҳижронзада шоир қалбининг сўнгсиз изтироблари, ҳасрату аламларининг ҳам бадиий инъикосидир. Айни пайтда бу шеърият ўз ижодкорининг нозик таъб, ҳиссиётга тўла шоирона қалб эгаси эканлигига ҳам гувоҳлик беради.
Маърифатпарварлиги
Камийнинг маърифатпарварлик шеърияти гимназияни таништирувчи шеърлари билан бошланди. Бу жиҳатдан у Фурқат мактабининг давомчисига айланган эди. Лекин, шоир ижодида кейинчалик услубий ўзгаришлар юз берди. У, асосан, миллий мадрасаларимизнинг толиби илмларини илмга чақирувчи даъваткорона руҳ олди. Камийнинг «Дар таърифи тавсифи илм...», «Аё, эй, мулла Фозилжон қори», «Ҳар маконда бўлсанг, эй хоним, фароғат бирла бўл» шеърлари мана шулар жумласидандир. Шоир мазкур шеърларида илмни тар-ғиб қилар экан, унга икки дунё саодатининг калити деб қаради:
Обрўйи дину дунё илмдур, бешакку райб, Касби илм эт, икки дунёда саодат бирла бўл.
Камий назарида инсонни эътиборли қиладиган ҳам, уни бах-ту иқболга, молу давлатга етиштирадиган ҳам илм. Унингча ин-сон молу дунё, наслу насабига қараб эмас, айнан илму одобига қараб азиз ва шарафли саналади:
Азизлик сонмангиз молу насабдур, Шараф ҳосил этан илму адабдур.
Шоир «Дар таърифу тавсифи илм» шеърини «Толибони илма дастурул-амал» деб атаган эди. Дарҳақиқат, Камийнинг бу давр маърифатпарварлик шеърияти илм толиблари учун ўзига хос дастур характерига эга. Масалан, шоир миллат фарзандларини илмга даъват қиларкан, шунинг баробарида фазлга, адабга, ҳаёга ҳам чақиради. Бир илм толибини васф этганда, унинг нафақат илмини, балки фазлини ҳам ибрат қилиб кўрсатади («Фазлу дониш ичра яктои замон Абдулғани»). Агар улардан бирини дуо қиладиган бўлса:
Камолу фазлу илмингни зиёда, Базуди айласун Халлоқи Борий, -
дея Яратгандан унга илмгина эмас, фазлу камол ҳам сўрайди. Шоир назарида мактаб илм билан биргаликда «ҳаёву адаб»нинг ҳам кони. У файз чашмаси, фазл маскани... Бир сўз билан айтганда «фавки ҳар шай», яъни, ҳар нарсадан устун:
Мактабки, кони илму ҳаёву адаб эрур, Мактабки, файз чашмасию фазли Раб эрур. Мактабки, обрўю камола сабаб эрур, Мактабки, фавқи ҳар шайю кулли насаб эрур.
Шунингдек, Камий маърифатпарварлик шеърияти илм толибларига илмни холислик ва пок ният билан ўрганишни тавсия қилади:
Бўлиб покизаву ҳам пок ният, Ҳамиша жаҳд қилғил илм сари.
Албатта, шоир илмга даъват қиларкан, амални ҳам ёддан чи-қармади. У талабаларга қарата: Боамал бўл, боадаб бўл, беҳиял,— дея таълим берди. Зеро, амалсиз илм инсонни зиёну заҳматларга олиб бориши тайин. Камийнинг маърифий қарашлари бўйича илм ўрганиш эркаклар сингари аёлларга ҳам шарт. Ҳатто бу Оллоҳнинг фарзи эканлигини шоир алоҳида таъкидлайди. Бу ҳақдаги машҳур ҳадисга ишора қилади:
Марду занға илм фарз ўлғонлиғи, Барчага машҳур бу ширин масал.
10-йилларга келиб Камий маърифатпарварлиги янги босқичга кўтарилди. Энди унинг даъвати илм толибларига эмас, миллатга қаратилди. Уни миллий уйғонишга, тараққиётга чорлади, камчиликларидан, нуқсонларидан сўз очди:
Қилмағай илм сари кимса назар, Халқ беҳуда касба майл айлар. Қолмади ҳеч қадри илму ҳунар, Кўрди беилм қавм неча зарар. Дилки, миллат ғамидин қон ўлди, Доимо судимиз зиён ўлди.
Наинки биргина фойданинг зиёнга айланиши, балки миллатнинг йўлдан озганлиги, балолар гирдобида бир хас сингари қолиб кетганлиги, ҳатто бировларга қарам бўлиб, бутун мол-мулки қўлдан кетганлиги ҳам, шоир наздида, илмсизлик оқибати эди:
Илмсизлик чиқорди туз йўлдин, Олди қоплаб бало ўнгу сўлдин, Бизда на қолди сарвату пулдин, Кетди мол ила мулкимиз қўлдин Гъарбийлар, яъни Ўвруполарға.
Давр шиддаткор ҳодисаларга бой эди. Феврал воқеалари юз берди. Чор ҳукумати ағдарилди. Миллат бошидан «жаҳаннамий зулумот» чекинди, «субҳи нажот» тобора яқинроқ кўрина бошлади. Мана шундай бир вазиятда ҳам Камий маърифатга содиқ қолди.
Миллат учун, Ватан учун нажотни илмда кўрди, маорифда деб билди:
Нажот истасанг илму маорифа ёпиш, Ҳамиша илмни таҳсил айла-ёзу қиш -
Сенга улуму маориф керак, на зар, на кумуш, Бу сўзни тингла, панди тамоми мазҳаби киш.
Чекилди уфқи Ватандин жаҳаннамий зулумот, Уён Ватан, уён, ортиқ кўринди субҳи нажот.
Камий ҳаётининг сўнгги йилларига қадар маърифатга чорловчи шеърлар ёзди, мактаб-маориф ишларига фаол қатнашди. Ҳатто кутубхоналар ташкил қилиш ва мактаблар очишда зўр фаолият кўрсатганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Ижтимоий шеърияти
Камий шеърларида чархнинг «равиши каж» лигидан то золим подшоҳнинг зулмигача, очлик йилларининг «суубату алами»дан Февралнинг су-руригача, Октябрнинг «ранжу зулми»дан бошлаб Туркистон мухториятини қонга ботирган болшевикларнинг «феъли бад»игача ўз ифодасини топган. Шоирнинг мана шундай шеърларидан бири «Алҳазар, эй шоҳи золим, алҳазар» деб бошланадиган мухаммасидир. Мухаммас 25 мисрадан иборат бўлиб, золим шоҳни зулмдан сақланишга чақирувчи қуйидаги мисралар билан бошланади:
Алҳазар, эй шоҳи золим, алҳазар, Раҳм қун бар ҳоли мазлумон нагар, Ин сухан хуш гуфт он неку сар: Оҳ урса пиру зан вақти саҳар, Бўлғай андин юз туман зеру забар.
Хоҳ фармонингда бўлсун баҳру бар, Хоҳ бўлсун санда жамъи молу зар, Бас, керақдур зулмдин қилмоқ ҳазар, Оҳ урса пиру зан вақти саҳар, Бўлғай андин юз туман зеру забар.
Шеър мана шундай руҳда давом этади. «Шоҳи золим»ни «но-тавонлар ҳолидан хабар» олишга чақиради, «афтодалар»нинг «Ҳақ жанобиға ниёз айлаб» оҳ уришларидан, оқибатда эса бутун молу давлати «зеру забар» (остин-устин) бўлишидан огоҳ этади. Худди шу пайтлар мазлум Туркистон бир золим подшоҳ -Александр ИИИ нинг зулмидан қон ютмоқда эди. Асрлар давомида ўзига бек бўлиб яшаган ва аждодларининг қайноқ қонлари томирларида жўш урган бу юртнинг фарзандлари ҳали-ҳали мустамлакачиликнинг ҳақоратомуз сиёсатига кўниколмай келаётган эди. Шундан ҳар жой-ҳар жойда, тез-тез зулмга қарши қўзғолонлар кўтарилиб турди. Уларнинг энг даҳшатлиларидан бири 1892 йили Камийнинг кўз олдида юз берди. «Вабо қўзғолони», «Тошотар воқеаси» номлари билан тарихга кирган бу Тошкент қўзғолонида юзлаб маҳаллий халқнинг қони тўкилди, ўнлаб йўлбошчиларнинг боши кетди. Камийнинг мазкур мухаммаси мана шу қирғиндан кейин жабрдийда халқнинг Александр ИИИ га, мустамлакачилик сиёсатига нафрати ўлароқ дунёга келган эди. 1895 йили Русия императори вафот этди. Шу муносабат билан «Туркистон вилоятининг газети»да Камий қаламига мансуб таърих-марсия чоп этилади. Шўро адабиётшунослиги узоқ йиллар шоирни «оқ подшонинг маддоҳи» деб қоралаб келди. Лекин марсия мазмунига эътибор берсак, бу даъвога бутунлай тескари ҳолатнинг гувоҳи бўламиз. Келинг, матнга диққатни қаратайлик:
Тааммул бирла боқсоқ, дарҳақиқат, Қани Искандару Доро била Жам?
Қани Кайхисраву Кайковус, Баҳман, Қани Афросиёбу Золу Рустам?
Қани Баҳром - ҳафт иқлимни олғон, Қани Қайсар, қани Фағфури Чин ҳам?
Қани Хисрав, қани Парвизу Ҳурмуз, Қани Нўширавони одил, мукаррам?
Келиб ҳар бирлари навбат-банавбат, Муаххар кетти, баъзиси муқаддам.
Билурмусиз қаён борди бу бари, Бўлинг огоҳ, эй авлоди Одам.
Ажал соқийсидин нўш айладилар, Фанонинг шарбатин бари, ба ҳардам.
Жаҳонни сар-басар тасхир айлаб, Александр Александрувич ҳам.
Демак, Камий айтмоқчи, тариҳда дунёни сўраганлар кўп эди. Уларнинг бари кетди. Қай бири оддин, қай бири кейин, барибир, «ажал соқийси»нинг шарбатидан «нўш айладилар». Худди шунингдек, «Александр Александрувич ҳам». Демак, бу бевафо дунёдан кетишга барча маҳкум. Камий айтмоқчи: «Бале, ҳали ҳама шундоғ бўлғай, Агар шоҳу ва гар бўлғай гадо ҳам». Унда шоҳликдан нима маъни? Бутун дунёни забт этса-ю, бу дунёдаги барча «молу дирҳам»ларни тўплаб, уларнинг манфаати тегмайдиган бошқа бир дунёга кетаверса. Ундан нима қолади? Камий бунга: «Валекин қолғуси бир номи неку», — дейди. Демак, фақат яхши номгина қолиши мумкин. Шоир бунинг исботи сифатида: «Гувоҳи одил эрмасму бу сўзга, Бири Нўширавону бири Ҳотам», — деб Нўширавоннинг одиллиги-ю, Ҳотамнинг саховатпешалигини ибрат қилиб кўрсатади:
Керак эркан тариқи адл тутмак, Олиб ибрат карамла, шоҳи олам.
Шоир «керак эркан» деб поэтик синтаксисда ўтган замон фор-масини танлади. Чунки буни дунёдан ўтган Александрга айтаётган эди. Камий давом эттириб:
Қаю шоҳ бу сифатга муттасиф йўқ, Эшитгай то қиёмат таън ила зам,-
дейди. Дарҳақиқат, қайси шоҳ одиллик сифати билан сифатланмаган бўлса, у қиёматга қадар таънаю дашномга қолади. Умуман шундай. Лекин, бу Александр ИИИ га қарата айтилаяпти. Устига-устак бу марсия Шарқ шеъриятининг поэтик усулларидан анча-мунча хабардор бўлган Н.Остроумовнинг фармойишига кўра, унинг газетаси учун ёзилган. Мана шундай бир ҳолатда Камийнинг ўрис подшосининг золимлигию, унинг адолатсизлигини бунданда ошкорроқ суратда айтиши мушкул эди. Камийнинг юқорида тўхталганимиз бир подшоҳ ҳақидаги икки шеъри қай вазиятда ва қай услубда ёзилишидан қатъи назар Туркистон халқи устига ёғдирган зулму бедодликларини ошкор этади. Камий ижтимоий шеъриятининг бир қисми замона ва аҳли замонадан шикоят тарзида ёзилган. Шоирнинг «Муқаррар ҳар киминг бўлса камоли», «Ал-амон...», «Ё раб, замона халқи...», «Яхши», «Эй сабо, кел...», «Бир майхўр йигит хусусида» каби шеърлари мана шундай асарлар сирасига киради. 10-йилларга келиб Камийнинг бундай характердаги шеърлари миллий-маърифий руҳ билан уйғунлашиб, шоир ижодида миллатпарварлик шеъриятининг юзага келишига сабаб бўлди. Унинг «Аҳволи замона» шеъри шулар жумласидан:
Минг асаф, бир ажиб замон ўлди, Яхши ким эрса, ул ямон ўлди.
Баъзи эл толиби занон ўлди, Баъзиси мойили жавон ўлди.
Дилки, миллат ғамидин қон ўлди, Дарду ҳасрат насиби жон ўлди.
1916 йили очарчилик бошланди. Бу ҳақда Завқий «Паямбар бўлса нон, ош авлиёдур», — деган эди. Камий бу даврдаги халқнинг аҳволини шундай тасвирлайди:
Очлик суубату алами чўқ ямон эрур, Бир луқма ҳасратида юз оҳу фиғон эрур, Бир нон аларнинг наздида гўёки жон эрур...
Дарҳақиқат, 1916-1919 йиллар ёмон келди. Очлик ва касалликдан халқ қирила бошлади. «Биз ҳозир шундай вақтга етиб келдикки, — деб ёзган эди ўша йиллари Турор Рисқулов, — ҳар куни ўн минглаб кишилар қирилиб кетмоқда ва шундай пайт келиши мумкинки, бутун бир миллат йўқ бўлиб кетади». Бундай очлик даҳшати Камий қалбини ларзага солди. У замона бойларига мурожаат қилиб, халққа мадад беришга чақирди. Алғов-далғовли 17 йил ҳам кириб келди. Шу йилнинг 17 февралида чор ҳукумати ағдарилди. Иккинчи мартда Муваққат ҳукумат тузилди. Туркистон зиёлилари бу инқилобни хурсандчилик билан кутиб олдилар. Вактли ҳукумат бизга ҳуррият беради, деб қатъий умид қилдилар. Шулардан бири Камий эди. У «Нажот» газетасида инқилобни олқишлаб, шундай сатрларни ёзди:
Тулуъ айлаб бу кун бўрк Шарқдин офтобосо, Мунаввар айлади олам, бўлай қурбони ҳуррият.
Ташаккурлар қилиб табрик айланг, эй мусулмонлар, Нашаст этти адолат тахтига хоқони ҳуррият...
Бироқ юз берган Октябр воқеалари ва унинг оқибатлари шоирни қаттиқ тушкунликка солди. Бунинг мисоли сифатида унинг «Шикоятномаи Камий аз инқилоби замона ва аҳли за-мона» шеърини келтириш мумкин. Шоир сабога мурожаат этиб, шундай ёзади:
Етти де: ҳам замон, замон аҳлидин Анга кўб ранжу зулм бирла малол.
Чунки бу иши замона, ҳам халқи Мунқалиб, инқилоби ҳол-беҳол.
Инқилоби замона эрмасму, Қилди олийни пастлар поймол.
Ё халойиқ йўқотти маслаҳатин, Бўлди мундоғ бузуқ ҳама ақвол.
Наркушу модапарвар ўлмиш халқ, Бу нечук шуғлу бу нечук афъол?!
Феврал инқилобидан кейин ерли зиёлилар Туркистоннинг истиқлоли учун ҳаракатда бўлдилар. Матбуот орқали ўз фикрларини халққа етказдилар ва шу маслаку маслаҳат атрофида бирика бошладилар. Шоирнинг «Ё халойиқ йўқотти маслаҳатин» мисраси мана шунга ишора қилади. Уларнинг саъй-ҳаракати ва фидойилиги боис 1917 йилнинг йигирма бешинчи ноябрида Қўқонда Туркистоннинг мустақиллиги ҳақида резолюдия қабул қилинди. 28 ноябрда бўлажак давлат тузилмасининг номи «Туркистон мухторияти» деб белгиланди. Лекин, афсуски, бу мухторият 81 кун умр кўрди, холос. Чор ҳукумати йиқитилган бўлса-да, энди болшевиклик ниқобини кийган рус шовинизми ерли халқларнинг мустақиллигига тиштирноғи билан қарши турди. Туркистон мухториятининг маркази хисобланган Қўқон 19 феврал куни улар томонидан вайронага айлантирилди. Туркистон Ўлка ҳарбий комиссари Перфилев барча замбараклардан Қўқон аҳолиси устига ўт очишни, бу ҳам етмагандек, ёндирувчи снарядлардан фойдаланишни буюрди. Шаҳар уч кун ёнғин ичида қолди, ерли аҳолидан ўн минг киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Камий «Хўқанд фожеъасина» бағишланган «Афсуснома» шеърида шундай ёзади:
Вой, юз войки, Фарғона хароб ўлди, дариғ, Зулм ўқи бирла бу кун гарди туроб ўлди, дариғ, Бу мусибатдин улус чашми пуроб ўлди, дариғ, Ҳам бари катта-кичик бағри кабоб ўлди, дариғ, Шаҳри обод эрди, чун дашти сароб ўлди, дариғ.
Шеърнинг илк бандиданоқ мисралар таассуфу дард ила ёзилганини пайқаш қийин эмас. Камий бир ўринда Фарғона халқи «Сулҳ дебон неча замон рус элиға кўз тутти», - дейди. Лекин, минг афсуски, мазлум халқнинг яна адданиши маълум бўлди. Сулҳ ўрнига улар устига қаҳру ғазаб ёғилди. Камий надомат билан буни «Болшивиклардин алар узра итоб ўлди, дариғ» шаклида ифодалайди. Шаҳар вайрон қилинди, халқ қириб ташланди, номуси поймол этилди. Бироқ, шунда ҳам болшевикларнинг кўнгли таскин топмайди. Мазлумлар мол-мулкини талон-торож қиладилар. Отнинг ўлими итнингбайрамига айланади. Уларнинг бу қиёфаси шоирнинг «Болшевикларнинг зулмиму, феъли бади, Зару ам-волларин қўймади, мундоғ талади, Бўлмайин қолмади торож гилему намади» мисраларида янада равшанроқ намоён бўлади. Хуллас, Камий ижтимоий мавзудаги шеърларида мумтоз шеъриятнинг қай бир усулидан фойдаланмасин, мустамлакачи подшоҳнинг, истибдод тузумининг зулму бедодликларини фош этди. Ҳурриятни баралла олқишлади. Миллий давлатчилигимизга раҳна солганлардан ўз қаҳру ғазабини яшира олмади. Буларнинг барчаси шоирнинг истиқлолни нақадар орзиқиб кутиб яшаганлигидан далолат беради.
Хулоса
Камий ижоди Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг ҳар икки даврига дахлдор. Унинг шеърларида янги маърифатпарварлиқдан Миллат қайғуси ва унинг муаммоларини кўтариб чиққан миллий наволар, бевосита Истиқлол ғояларигача бор. Уларда ижтимоий ҳаётдаги барча воқеалар мустамлакачилик сиёсатининг зулму бедодликлари, ваҳшиёна бостирилган миллий қўзғолонлар, Феврал сурури, Октябрнинг «ранжу зулм»лари, бешигидаёқ қонга ботирилган миллий давлат тузилмаси — Туркистон мухториятининг аламли изтироблари — ҳамма-ҳаммасини топиш мумкин. Камий бу ҳодисаларнинг шунчаки кузатувчиси бўлиб қолмади, уларга миллат манфаатидан келиб чиқиб муносабат билдирди. Маърифатга даъват этаркан, миллат фарзандларининг ҳар томонлама мукаммал инсонлар бўлишини, ўз миллатини эса тараққий этган миллатлар қаторида кўришни орзу қилди. Камий шоир сифатида шеъриятда анъанани давом эттиришга, унинг давомийлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берди. Бой мумтоз шеъриятимизнинг жанрларидан, услуб ва усулларидан санъаткорона фойдаланди. Лекин шу билан чекланиб қолмади. У замондош шоирлари олдига миллат тафаккурини ислоҳ қиладиган шеър талабини қўйди. Ўзи ҳам шундай шеърлар ёзишга ҳаракат қилди. О. Олтинбек тайёрлаган.
Ҳар кишида илму санъат бордур, Бахту давлат ул кишига ердур.
* * *
Қилмаган илм сари кимса назар, Халқ беҳуд касб майл айлар.
Қолмади ҳеч қадри илму ҳунар, Кўрди беилм қавм неча зарар.
Бўлса гар илму ҳунардин холи ул, Эй Камий, оламда билким, хордур.
* * *
Хуш улким, суҳбати ножинслардин, Қочиб ултургали зиндона яхши.
Ҳаёю шарму одобу тавозеъ, Эмас ҳайвонаким, инсона яхши.
Қариндош номувофиқ ошнодин, Мувофиқ етти бегона яхши.
Муқаррар дўстеки бўлса нодон, Ки андин душмани фарзона яхши.
Мусофир дили шикаста меҳмоннинг, Дилини шод айламоқ меҳмона яхши.
Ҳакими ҳозиқу бодиёнат, Жами аҳли беморона яхши. |
16.06.2013 20:20 |
Бунга ҳам анча бўлиб қолди. Москвада нашр этиладиган ҳафталик газеталардан бирида (биздаги “Даракчи“га ўхшаган оммабоп нашр) америкалик адабиёт агенти, аниқроғи, маклери Лартон Блассингеймнинг “Адабиёт — бу бизнес“ деган мақоласига кўзим тушиб қолди. Лартон Блассингейм Американинг Бостон шаҳридаги кўзга кўринган, таниқли ишбилармон тадбиркорларидан бири экан. Унинг мақоласи Бостонда чиқадиган ойлик “Райтер“ (“Ёзувчи”) деган журналдан кўчириб олиб босилган эди.
Мақоланинг руҳи, асосий мақсади адибларга қандай қилиб кўпроқ пул ундириш, бойлик орттириш йўлларини топишда йўриқлар кўрсатишдан, маслаҳатлар беришдан иборат. “Адабиёт, аввало, бизнеснинг бир кўриниши, — дейди у. Адабий асарни у адабий маҳсулот деб тушунтиради. – Адабиётда истеъдодларнинг эмас, аксинча, ишнинг кўзини билганларнинг ошиғи олчи”, дея алоҳида таъкидлайди. Бу борада у ўзининг шахсий тажрибасини мисол тариқасида келтиради. У, асли, журналистика бўйича магистрлик илмий даражасига эга экан. Адабиёт агенти-маклери бўлгунга қадар газета ва журналларга кўплаб ҳикоялар, мақолалар ёзиб турган. Шу орқали танилган.
— Адабий меҳнат, аввало, биржадаги талаб ва эҳтиёжларни синчиклаб ўрганиб боришдан, кузатиб туришдан иборат, — дейди у. — Бугун қандай асарларни кўпроқ ўқишяпти; қандай мазмундаги ҳикоя ва эсселарга, шеър ва поэмаларга эҳтиёж катта, кўп ҳақ тўланяпти? Шунга қараб ёзувчи ўзини кўрсатади, катта пул топади. Бойликнинг тагида қолиб кетади. Адиб истеъдоди, майл-иштиёқию, ижодий ниятларини мужассамлаштириб бозорга қаратиши лозим.
Бу борада журналистикадан кўра адабиёт билан шуғулланиш қулай, фойдали, — дея уқтиради у. — Битта мақола ёзаман, десанг факт ва маълумотлар аниқлигини, ҳаққонийлигини текшириш, тасдиқлаш талаб қилинади. Беллетристика ёзаман десанг бу хил машаққатларга дуч келмайсан. Беллетристикани тўқиб ташлаш учун кўп билимга эга бўлиш шарт эмас. Амазонка дарёси бўйидаги турмушни кўрмаган бўлсанг ҳам бир неча соат ичида у ҳақда мароқли воқеани тўқиб-бичиш оппа-осон нарса. Ортиқча даҳмазага дуч келмайсан. Фақат, сенсацион — шов-шувли бир гап топсанг кифоя.
Булар — Блассингэйм қарашларининг бир қирраси. Яна у ёзувчининг шон-шуҳрат топишини, одамлар муҳаббатини қозонишини шунчаки оддий, тасодифий бир нарса, деб билади. Ишқ-муҳаббат ҳангомаларими, қўйди-чиқди хархашаларими, кўпчиликнинг диққат-эътиборини михлаб оладиган шов-шувли воқеа-ҳодиса топсанг бас, кўз очиб юмгунча миллионер бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас. Фақат бозордан кўз-қулоқ бўлиб турсанг бас. Омаднинг ўзи, пул-бойлик, мартаба дейсанми, барчаси бир йўла бўйнингга осилиб олганлигини пайқамай ҳам қоласан. Энг муҳими, матбуотда бозори чаққон гапни тутиб олсанг, қўлдан чиқармасанг бўлгани. Қарабсанки, пичоғинг мой устида...
Булар адабиёт агенти-маклери Блассингеймнинг ўз шахсий тажрибасидан келиб чиқиб ёзувчиларга кўрсатаётган марҳаматли маслаҳатлари. Давр, жамият, ижтимоий воқеликнинг кечиш нишабига қараб адабиёт ҳақидаги тасаввур ва тушунчалар, вазифалар ҳам тусланиб, ўзгариб бораркан. Шўро мафкураси адабиётни ўз дастёрига айлантириб олганди. Адабиёт, бу — ғоялар, нуқтаи назарларнинг кураш майдонидир, дея сиёсатнинг карнайчиси деб билганди. Бугунга келиб адабиёт бизнеснинг — пул-бойлик орттиришнинг самарали шаклларидан бири, деган қарашлар ҳам пайдо бўлди. Албатта, америкалик адабиёт агентининг нуқтаи назарлари ҳамма учун бирдек тааллуқли эмас. Лекин унинг таъсири сезиларли, кўримли.
Биздаги адабий ҳаётда ҳам шунга яқин ҳолатлар болалаб бораяпти. Хусусан, нафақат адиблар, умуман, аксар зиёлилар асар ёзиш, нашр қилиш ва китоб савдоси билан ўзлари шуғулланишга мажбур бўлмоқда. Китоб ўқиб китоб ёзадиган, оқ қоғозни қоралайдиган қаламкашлар кўпайди. Ҳаётда ҳеч бир ҳолат соф ижобий ёки турган-битгани салбий бўлмас экан. Салбий деган нарсамизда ижобий жиҳатлар бўлиши ва ёки, зўр-қойил деб мақталган нарсанинг сочидан тирноғигача нохуш бўлиши мумкин экан.
Шу ўринда устоз сўз санъаткорларининг бадиий-эстетик тажрибалари беихтиёр ёдингга тушади. Хусусан, Абдулла Қодирий умр бўйи бор-йўғи иккита роман (“Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”), битта қисса (“Обид кетмон”) ёзибди. Ойбек эса, кун-тун заҳмат чекиб, уч-тўртта роман (“Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Улуғ йўл”), битта қисса (“Болалик”)ни эл-юрт ўқиши учун лозим кўрибди. Абдулла Қаҳҳордек сўз заргари насрда умр бўйи тер тўкиб, иккита роман (“Сароб”, “Қўшчинор чироқлари”) билан битта қиссасини (“Ўтмишдан эртақлар”) кенг омма назарига ҳавола қилибди. Бу нарса уларнинг уддалай олмаганидан эмас, аксинча ўз ижодига, адабиётга, сўз маданиятига ниҳоятда масъул муносабатда бўлганлиги оқибатидир, қутлуғ самарасидир. Бугунги кунда ушбу ёруғ ҳодисанинг тескарисини кўриб кўнглинг оғрийди; дилинг ачишади. Китоб деган муқаддас тушунча йўқолиб бораяпти; у оддий товарга, бозорбоп маҳсулотга айланди. Туйғулар тарбиясига, кўнгиллар маърифатига хизмат қиладиган эзгу сўз ўрнини пул, бойлик, шахсий манфаатдорлик эгаллади. Бозор адабиёти бозор тушунчасининг ҳам кенг палак ёзишига олиб келди. “Адабиёт ҳам аслида бизнеснинг бир тури, кўринишидир”, деган гап қоида тусини оляпти.
Китоб расталари турли хил мавзудаги ва жанрлардаги асарлар билан лиммо-лим. Шеърий китоблару достонлар, трилогияю тетралогия намуналари дейсизми, саргузашт-детектив ёки фантастика, мемуар адабиёти намуналарини истайсизми, барча-барчасидан бор. Мумтоз адабиётимиз, жаҳон классикаси, диний мерос намуналарими, ҳаммасидан муҳайё.
Муҳтарам Юртбошимизнинг нашриётларга берилган тўла эркинлик ҳақидаги фикрлари ғоят аҳамиятлидир: “... фақат иқтисодий манфаат ортидан қувиб бадиий жиҳатдан заиф, миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга тўғри келмайдиган, адабиётнинг обрўсини туширадиган китоблар нашр этилишига йўл қўймаслик керак”. Ушбу дил сўзларидан англашиляптики, адабиёт бизнес эмас. Уни пул-бойлик орттириш воситасига айлантирмаслик зарур, деган миллатсеварлик мужассамлашган. Адабиёт кишилик жамиятлари маънавиятини бойитадиган, бир-бирларига таъсир кўрсатадиган, ҳамкор-ҳамнафасликда жаҳон тамаддунига хизмат қиладиган тенгсиз қадрият. Шу жиҳатдан бадиий баркамол асар адабий маҳсулот эмас, боқий қадриятдир. Истеъдодлар жамиятнинг маънавий-ахлоқий, интеллектуал савияси учун масъул шахс. Зеро, истеъдод Оллоҳ юқтирган, бандасининг кўнглига солган нур.
Истеъдодлар даражаси яратилган асарлари бадиияти билан белгиланади. Башарият тарихида барча даврлар, жамиятлар, динлар ва маданиятларга бирдек тааллуқли ҳақиқатлар бўлмаганидек, сўз санъатида сайланмалар, танланган ҳамда мукаммал асарлар мажмуини тартиб беришда ягона мезонлар тизимини учратиш қийин. Сабаби, камёб истеъдодлар қанчалик бетакрор бўлса, уларнинг жаҳон бадиияти тарихини безаб келаётган ноёб асарлари ҳам бир-бирини такрорламайдиган, қайталанмайдиган ҳодисалардир.
Биргина мисол. Буюк рус адиби Лев Толстой саксон икки йил умргузаронлик қилди. Юз йиллик юбилейига бағишланган тўқсон жилдлик мукаммал асарлари 1928 — 1958 йиллар мобайнида нашр этилди. Унда Лев Толстой қаламига мансуб қалдирғоч битикларидан тортиб жаҳон халқлари кўнглини забт этган ҳикоялари, қиссалари, романлари, адабий-танқидий, публицистик мақолалари, қайдлари, суҳбатлари, адабий ўйлари, ёзишмалари, мактублари — барча-барчаси қамраб олинган. Ўзбек адабиётида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг беш жилдлик, Ойбекнинг йигирма жилдлик мукаммал асарлари мажмуи чоп этилган. Уларда сўз санъаткорларининг адабий мероси тўлалигича жамланган. Хусусан, илк шеърларидан бошлаб драмалари ва романларигача, адабий лавҳаларидан суҳбат, мақола, қайдларигача бир неча вариантлари билан берилган. Улар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ХХ аср адабиёти бўлими ходимларининг кўп йиллик серзаҳмат тадқиқотлари самарасидир. Ойбек ҳаётлик чоғида 50 йиллиги муносабати билан ўзи тартиб берган тўрт жилдликка шеър, поэма, романларининг қаймоғи киритилган эди.
Демак, барча замонларда ҳам адабий асарлар учун бадиият бош мезон экан. Мутафаккир Белинскийнинг Пушкин асарлари таҳсилидан сўнг айтган бир гапи бор: буюк сўз санъаткорлари асарларидаги кемтиклар ҳам ибратли. Боиси, улар қандай ёзмасликка ўргатади.
Энди, кейинги йилларда адабий ҳаётимизда тўрт-бешта китоби чиқар-чиқмас икки-уч жилдлик сайланмаларни дўндириш русм бўлиб бораётгани хусусида. Аксарият хусусий, масъулияти чекланган нашриётлар “пул бўлса чангалда шўрва”, дегандек ҳўлу қуруқ машқлардан, қораламалардан иборат “асар”ларни муқовалаш билан овора. Яна китобларнинг бадиий, илмий савиясига нашриёт жавобгар эмас, деб қайд этиб ҳам қўйишади. Қизиқ, ғалати ҳолат. Така бўлсаям сут берсин, қабилида пул кетидан қувишдек рақобат ўнлаб нашриётлар аъмолига айланиб қолди. Китобларнинг бадиий-эстетик савиясини ноширлар ўз зиммасидан соқит қилса, адабий танқидчилик кўникиб қолгандек жим қараб турса, миллатнинг бадиий диди, жамиятнинг эстетик савияси учун ким жон койитади?!
Бу ҳол овози маҳалласидан ташқари чиқмайдиган маҳаллий “классик”ларнинг урчишига, болалашига олиб келмаяптими?! Ачинарлиси, босмахона бўёғининг ҳиди кетмасдан, остона ҳатлаб кўчага чиқмасдан, ўқувчи қўлига етиб бормасдан бурун бадиий саёз, тутантириғи йўқ бу хил китоблар, сайланмаю танланмалар эскириб қолмоқда. Бу ҳол санъатнинг тараққиёти, бадииятнинг такомили, маънавиятнинг камолоти хусусида фикрлашга ундайди. Боқийликка дахлдор бадиий қадриятлар закоси, юлдузи ёруғ китоблар салоҳияти ўйга толдиради. Тоғлар емирилади, чўққилар нурайди, юлдузлар сўнади. Ва лекин, боқий китоблар асрлар оша ёғдуларини таратиб, инсониятнинг маънавий-ақлий, ахлоқий камолотига хизмат қилиб келмоқда. Боиси, назаримда, ҳаётнинг азалий ва абадий масалалари хусусида жавоб излаш, бадиий образлар табиатига сингдирилган ҳолда ижтимоий-фалсафий, маърифий-эстетик, ахлоқий йўсинда жавоб топиш санъатида, умумлашма хулосалар чиқариш маданиятида юксак бадиият белгилари аёнлашади. Ота-боболар изидан шўлтиллаб юрма, лекин улар излаган нарсани сен ҳам изла, деган ҳикматнинг маъноси шунда бўлса керак. Зеро, ҳар бир давр, кишилик жамияти янги-янги масалаларни кўндаланг қўяркан, сўз санъаткори уларнинг бадиий-фалсафий ечимларини топишга бурчли, масъул. Санъат асарларининг бетакрорлиги сири ҳам шунда.
Адабиёт — дин мисоли муқаддасдир. Унинг руҳониятларни поклашдек, маънавий-интеллектуал камолотга етаклашдек эзгу салоҳиятини, беқиёс кучи ва бетимсол қудратини “ҳою читти-гул”, дегандек арғимчоқ учишга — эрмакка алмаштирмаслик керак.
Истеъдод ўз меҳнатига яраша, бадиий асар ўз салоҳиятига муносиб қадрланиши лозим. Йўқса, унинг куни турли хил маклер-даллолларга қолади. Бу эса, табиийки, адабий маҳсулот — макулатуранинг кўпайишига олиб келади. Бу хил чиқинди асарлар миллатнинг, жамиятнинг диди-савиясини туширади, холос. Асл адабиётга тиши ўтмайдиган савиясизликнинг урчишига олиб келади. Адабиёт — кўнгил очиш воситаси эмас. У кўнгилларни камол топтирадиган, туйғуларни тарбиялайдиган, шахс-миллат-жамиятнинг маънавий-ахлоқий ҳаёти асосларини мустаҳкамлайдиган бош омилдир.
Нўъмон РАҲИМЖОНОВ, филология фанлари доктори, профессор |
|