Юрий Борев. Инсон ва инсоният ҳаётининг олий мақсади ва маъноси PDF Босма E-mail
17.01.2014 11:55

Маданият ва маърифат ҳар доим инсоният тараққиётининг идеалларини, мазмун ва моҳиятини англашга ҳаракат қилиб келган.

Мен бутун борлиқни мангулаштириб,1
Дунёни унутиб яшасам – ўтсам!
Ўзлиги йўқларда ўзлик яратиб,
Рўёни чин этиб, йўқни бор этсам!

Александр Блок фикрича, инсоният мақсади – дунё аҳлини одамийликка (инсонийликка) ўргатмоқ. Бу жуда буюк ва ноёб эндемик2 ғоя. Жаҳон маданияти хазинасида бошқа бирорта ғоя йўқки, шу даражада кўламдор бўлса. Россияда бу метофизик ғоя кўпларга хос. Пушкин давлатни инсонийлашни, Горький инсонни инсонийлаш, Циолковский коинотни, Федоров марҳумлар оламини, Лобачевский фазо ва маконни инсонийлашни, Бернадский одамларнинг ақл-идроки, руҳияти ва маънавияти – ноосферани,3 Станиславский саҳнани психологик ҳолатларга, кечинмаларга тўлдиришни, ВХУТЕМАС (санъат илмгоҳи) рўзғор ашё-буюмлари дизайнини, Дзига Вертов инсон нигоҳи орқали кинони, Эйзенштейн кино монтажини, Солженицин жамиятни инсонийлашни зарур деб билганлар. Рус маданияти оламни одамийликка чақириб, метафизик мақсадни кўзлар эди.
Пушкин учун инсон ҳаётининг олий мақсади ва моҳияти муҳимдир. Агар идеаллар бўлмаса, “… ҳаётимиз ғафлат уйқусидир, гўё фалакнинг замин устидан масхаралаши каби”. Бу тарихий-фалсафий мулоҳазалари маркази “Мис чавандоз” асаридир. Поэмада шахс ва давлат муносабатларининг юксак идеали ҳақида гап боради. Бу муаммони Пушкин поэманинг икки бош қаҳрамонининг ҳаёт моҳиятини қандай тушунишларини таққослаш орқали ҳал қилади.
Ҳаётнинг икки дастури, икки мақсади, икки моҳияти.
1. Пётр I нинг “мўъжиза яратувчи” дастури:

Шунда туриб, шведларга солгаймиз қутқу,
Янги шаҳар қуражакмиз мисли тош, оташ.
Бу – азалдан буюрмишдир, бермайди уйқу,
Бурни осмон қўшни билан қасма-қасд яшаш.
Барча очмоқ истагида Овропага, боқ,
Оёқларни маҳкам тираб дарё бўйида.
Биз томонга сузаётган тўлқин куйида
Бизникида меҳмон бўлар кўпдан-кўп байроқ.

Пётрнинг дастури буюк давлатчилик, оқилона ташқи сиёсат,иқтисодий ривожланишни кўзда тутувчи мақсадларни ўз ичига олади. Аммо у орқали шахс муаммоларига чиқишнинг йўли йўқ.
2.Оддий одам Евгенийнинг ҳаётий дастури:

Уйланиш? Менгами? Нечун бўлмасин?
Инчунун, оғирроқ кечади албат.
Ва лекин мен ёшман, соғломман, бетин
Меҳнатдан қочмайман, у – менга одат.
Қуриб олажакман ўзимга оддий,
Камтарин, осуда, содда бошпана.
Эркалайман Парашамни, Парашам хушбўй,
Ўтиб кетар билдирмасдан йиллар ҳам ёна.
Ер оламан, балки азиздан азиз
Болаларим ҳамда ширин оилам
Ташвишини суюб, беминнат, бесўз
Кўтаради мен-ла суюк Парашам.
Яшагаймиз бирга бахтли, шодумон,
То қабрга қадар омондан омон.
Қўлни қўлга қўйиб, суяб икковлон.
Набиралар бизни кўмар бегумон…

Инсонпарвар Пушкин учун кичик одамнинг дастури ҳам, мўъжиза яратувчи программаси ҳам тенг! Фақат уларнинг уйғунлашувигина давлат барқарорлигини ва шахс бахтини таъминлайди. Улар ихтилофи эса, давлат ва ҳокимият учун ҳам, шахс ва фуқаро учун ҳам фожиадир.
Пушкин маҳоратининг буюклиги – мукаммал жамият тузиш ҳақидаги оламшумул-тарихий ғоя, давлат ва шахс уйғунлиги зарурати ҳақидаги қарашларини, нафақат асарнинг мазмун ва маънолари орқали, балки услуби орқали ҳам намоён қила олганлигидадир. “Мис чавандоз” услубига ана шу концепция юкланган.
Услуб – мактаб дарслиги тил меъёрларидан четга чиқиш, бадиий тилга кўчишдир. (Р.Барт).

Яйдоқ йўллар қирғоғида У
Улуғ ўйлар далаларига
Турар олис-олис кўз ташлаб.

“Мактаб тили” да бундай дейиш керак эди: “Кимсасиз қумлоқ қирғоқда Пётр ўй суриб турарди”.
Пушкин эса “мактаб тили”дан четга чиқади… қайси томонга? Қасида (ода) томонга. Яъни, қасида тилида “берег” эмас, эскича “берег” дейиш керак эди. Пушкинда “пўпчник босган ботқоқли соҳилда” дейилган. Поэмада бошдан-оёқ қасида тили билан одатдаги иборалар қўшилиб кетган. Якуни қуйидагича:

… Девонамни остонамда
Топдилар менинг.

Шундан кейиноқ СОВУҚ (қасидабоп сўз! – Ю.Б.) МУРДА (жасад)ни
(Одатий сўз! – Ю.Б.) ҳам
Топширдилар раббим қўлига.

Поэма услуби – қасидавий сўзлар ва одатий сўзлар қўшилувидан иборат.
Қасида услуби – одатий сўзлар Пётр (ҳукмдорлик, давлатчилик) ва Евгений образини (шахс, фуқаро) шакллантиришга ёрдам берган. Уларнинг уйғунлиги поэма услубини ташкил қилиб, унга гўзаллик бағишлайди, воқеликда эса ҳукмдор ва халқ бирлашуви давлат ва ҳукмдорни ҳам, оддий одамларни ҳам барқарор бахтли ҳаёт билан таъминлаш мумкин.
Уйғунликни ниҳоят хунук шаклда бузиб, Мис ҳайкал Евгенийни, “Ҳаф сеними, қараб тур!” деб дўқ ургани учун, ўч олиш мақсадида уни қувлай бошлайди.
Мис чавандоз – зиддиятли образ, унда Пётр ва рус давлатчилиги билан халқ қарама-қаршилиги акс этган. Пушкин тилида мис – эстетик жиҳатдан салбий тусда берилган:

Қанча – қанча, о, мис қалблару
Ҳатто қанча беор ғариб, ёт
Олмоқ бўлар мендан ҳамиша
Унутилмас муҳр, таассурот.
Мис – салбий тавсиф. Лекин чавандоз (оддий отлиқ эмас) балки – рицар. Пушкин Николай I ҳақида “подшо рицар эмас” дея беихтиёр айтиб юборган, аслида Пушкин учун Пётр – рицар.
Фальконе ясаган ҳайкал (Мис чавандоз) бронзадан ишланган. Пушкин чавандози эса, айни бир вақтда, мисдан, бронзадан ва темирдан. Чавандоз мисдан, аммо бронзадан ҳам дейилади (“бронза отдаги маъбуд”). Тош йўлдан силкиниб, оғир жаранглаб чопқир туёғи товушин эшитардик биз. Бронза – жарангдор, асл металл. Аммо мис чавандоз айни пайтда темир. (“Оҳ, қудратли тақдир ҳукмдори… Темир юган жилов ила Россияни оёққа кўтардинг”). Бу Пётрнинг иродаси ва бунёдкорлик қудратига берилган баҳо. Пушкин рус давлатчилигини мақтайди. Барча иллатларига қарамай, Пушкин Россия мустақиллиги ва яхлитлигини таъминлади. Бу ерда Пушкин Мицкевич (“Буюк Пётр ҳайкали”) дан бошқачароқ фикрда. Мицкевич учун Мис чавандоз Польша мустақиллигини барбод қилган Рус давлатининг тимсоли. Пушкин эса Россия бошига Польша куни тушмаслиги тарафдори. Рус ҳарбий қудратини мақтовчи қасида:

Севаман жангари ҳарбий ҳаётни,
Марснинг-да ғаройиб далаларида.
Пиёда қўшинлар, ҳар учқур отни
Шу ҳаётдай метин ялдоларида.
Улар саф тортади бир текис, равон,
Ғолиблар байроғин баланд кўтариб.
Мис қалпоқ жилваси ёниб, бегумон
Ўтаётир кураш, навкарлар ортиб.

Пушкин, давлатчилик фақат шахсгагина таяниб яшай олмайди, деб ҳисоблайди. Қудратли давлатни фақат буюк шахс учун ёки бунинг аксича, буюк шахссиз барпо қилиб бўлмайди. Давлат шахс орқали ва халқ манфаатига бунёд этилади. Тарихни шахс ҳаракатга келтиради. Агар инсон шахсий ва ижтимоий ҳаётда қувонч ва бахтга эриша олмас экан, давлат муваффақиятларга эриша олмайди, унинг асоси пуч бўлиб қолаверади.
XIX асрнинг учинчи чорагида бу муаммоларни юксак даражада ҳал қилишдаги уринишлар “Мис чавандоз” бадиий концепциясини юксак тарихий чўққига олиб чиқди.
Давлат бўлиши зарур. Давлатчиликнинг йўқлиги ёки унинг заифлиги ёмон оқибатларга олиб келади, бу эса унинг катталашиб кенгайганидан ва тоталитаризмдан ҳам ёмонроқ. Лекин айрим пайтларда давлат ғайриинсоний томонга ривожланади, демак, давлат инсон учун фойдали хусусиятларга эга бўлиши керак. Пушкин исённи тарихан унумсиз, лекин тараққиётнинг айрим ҳолатларида муқаррар содир бўладиган ҳодиса, деб кўрсатади.
Бадиий маданият тарихий жараёнда парадигмаларни4 ҳосил қилиш билан қатнашади. Инсоният тарихи – парадигмалар алмашувидир. Инсон, ўз олдига қўйган олий мақсади қадрсизланаётганини сезгач, янги мақсадларин кўзлайди ва унга қараб интилади. Аммо парадигмаларнинг нуқсонлари намоён бўла бошлагач, кескин ўзгариш, яъни таназзул юз беради. Янги давр – янги парадигма демакдир. У жамият тараққиётига ёрдам беради, лекин тез орада у ҳам инқирозга учрайди.
Парадигмаларнинг қисқача тарихи.
1. Қадимий давр: инсон ҳалокатли ҳаёт шароитларига қарши чидамли курашчи бўлган, инсон насли давомчиларини омон қолишига қаратилган кураш даври, (қояга солинган расмлар, “неолит даври Венераси”, унинг шаклидан бош вазифаси яққол кўзга ташланади). Қоя рассомчилиги ва қадимий ҳайкалтарошликда инсониятнинг омон қолиши: эркакларнинг кўпроқ ов билан шуғулланиши, аёлларнинг эса кўпроқ туғиши (зурриёт қолдириши) зарурлиги акс этган.
2. Антик давр: ватан ҳимоячиси – қаҳрамон бўлиши зарур (Илиада).
3. Ўрта асрлар: инсон – гуноҳкор банда, чўққиларни забт этишга йўналиш олган ва камолга етгач, дунё саодатига эришиш учун дунё неъматларидан воз кечган – муқаддас зот. (Кёльн ибодатхонаси).
4. Уйғониш даври: инсон – даҳо. Унинг принципи: “Хоҳлаганингни қил!” (Ф.Рабле). Бу парадигма таназзулини Шекспир англаган: Яго “Хоҳлаганингни қил” тамойили билан Отеллони ҳалок қилган.
5. Классицизм: инсон – давлат функцияси П.Конель (Сайид) қиролга оқилона қарамлик – (вассаллик).
6. Маърифатчилик: “айрим ва қисман”, соғлом фикрли – улкан одам миттилар орасида, митти – улканлар орасида (Ж.Свифт).
7. Сентиментализм: сидқидил инсон, кўнгил ақлдан кўра ақллироқ (Руссо).
8. Романтизм: шахсиятпарастлик деви беҳаловат дунё тартибларига қарши қайтмас исёнкор; ёвузлик абадий, ёвузликка қарши кураш ҳам – абадий, уни енгиб бўлмайди; лекин ора-сира ҳаловатга эришиш ва омон қолиш мумкин (Байрон).
9. Реализм: инсонда олам акс этган; ўзликни камолга етказиш йўли билан, ёвузликка зўровонлик қўлламай (Л.Толстой), давлат ва шахс уйғунлигига эришиш мумкин (А.С.Пушкин).
10.Социалистик реализм: инсон – қайта қурувчи; ёвузликка қарши инқилобий куч билан оламни қутқарса бўлади, “дунё қон тўкиш билан ўзгариши мумкин” (М.Горький).
11. Модернизм: инсон – умумун олганда – ёлғиз; бу адоватли (Кафка) ва тутуруқсиз (Комю) дунёда ижтимоий тузилмаларсиз яшаш мумкин эмаслигидан қайғуради.
12. Шарқ модели! Инсоннинг ички қўзғолмас оламида – ҳаёт қайнайди. Шарқ маданияти парадигмаси: олий мақсадлар (идеаллар) эмас, балки дао (табиий яшаш йўли).
Жаҳон урушларини бошдан кечирган дунё – портлаш хавфи остида. Совуқ урушлардан сўнг кириб келган янги давр инсоният тарихида биринчи бўлиб мақсадсиз, идеалларсиз ва маъносиз ҳаёт кечирмоқда. Дунёқарашда қора туйнук пайдо бўлди. Бу – ҳаётнинг турли жабҳаларида акс этмоқда. Масалан, кўпчилик сиёсатчилар ўзларини прагматиклар деб ҳисобламоқдалар, ҳолбуки улар стратеглар бўлишлари керак (аммо мақсад бўлмагач, қандай стратег бўлиши мумкин?) ёки, айтайлик, истеъдодли асарлар пайдо бўлмоқда, лекин кейин ўн йилликларда бирорта ҳам буюк асар яратилмади (ҳаётнинг олий мақсади ва идеалларисиз мумкин эмас!) Бошқача айтганда маданият янги даврнинг парадигмасини шакллантириши керак.
XXI асргача ҳаёт парадигмаси – янги типдаги глобаллашувдир. Унга қилич ёрдамида (Македонский), хоч ва қилич ёрдамида (Буюк қирол), янги буржуа тузуми ва милтиқ найзаси ёрдамида (Ленин), иқтисод ва ҳарбий кемалар ёрдамида (АҚШ) эришмоқчи бўлишди.
XXI аср ҳаёт парадигмаси: умуминсоний маданият асосида глобаллашув; турли миллатлар ва давлатчилик шаклларини сақлаган ҳолда инсоният наслининг бирлашуви ва тараққиётини таъминлаш, шахс қадрини тиклаш ва мустаҳкамлашдир.
Бу стратегик мақсадга эришув нафақат ижтимоий фанлар, нафақат табиий фанлар, ҳатто технологияга нисбатан ҳам устуворликни таъминлашни талаб қилади. Бугунги кунда инсоният тараққиёти ва яшамоғи, фақатгина янги техника ютуқлари эмас, балки А.С.Пушкиннинг “низоларни бас қилиб, бир оилага бирлашган халқлар” ҳақидаги васияти, Т.Шевченконинг бир оила бўлиб яшаш ҳақидаги орзуси, И.Кантнинг адабий тинч-тотувлик ҳақидаги ғояси, Ф.Шиллер ва Людвиг Бетховеннинг “Миллионлар, қучоқлашинглар!” деган хитоби қанчалик даражада амалга ошишига боғлиқ.

I

Балки ҳаётнинг маъноси кераксиз нарсадир? Ҳаёт ўзича қадрли. Ҳаёт ўзлигича ҳаёт демак; у ўз ҳолича зарурият ва турмуш мукаммаллиги эмасми? Ҳа, ҳаётнинг ўз қадри бор. Инсон ҳаёти эчки ҳаётидан фарқи шуки, у доимо мазмунга интилади, умри сермазмун ўтишини ҳавас қилади. Акс ҳолда Сартр, Камю ва бошқа доно эксистенциалистларнинг ҳозирги ҳаёт беъманиликдир, унда маъно ва мазмун йўқ деганлари ҳақ бўлиб чиқарди. Гап эчки ҳақида кетганда, балки улар ҳақдир. Лекин мен эчки бўлишни истамайман ва ўзгага ҳам маслаҳат бермайман, ҳатто муҳтожлик нималигини билмайман, зеб-зийнат ичида ким бўлиб яшашга бефарқ бўлган миллионерга ҳам.
Хўш, қандай қилиб маъноли ҳаётга эришмоқ мумкин? Инсон олами бойлар ва камбағаллар, қизиллар ва оқлар, оқтанли ва қоратанлилар, коммунистлар ва антикоммунистлар, ватанпарварлар ва демократлар, славянпарастлар ва ғарбпарастлар, глобалистлар ва антиглобалистлар, диндорлар ва агностикларга бўлинмаслиги керак. “Ўлим ҳақ!” (?) маъносида инсонлар олами ҳаёт моҳияти ва мазмунини тўла англовчи инсонлар ҳамда маъно-мазмунсиз, тутуруқсиз ҳаёт кечирувчи одамлар тоифаларига бўлинган. Ҳозирги замон жамиятининг “синфий” асослари, мулкий аҳволдан қатъий назар, шу тарзда бўлинган.
Англаб етганлар тоифасига дайди (Сатин)ни ҳам, миллионерларни (Шукин, Третьяков)ни ҳам, ватанпарвар, демократ ва коммунистларни ҳам киритиш мумкин. Маъноли яшаётгани одамни қандай белгилаб бўлади? Қайси хусусиятлар билан? Бойлигими? Йўқ! Камбағаллигими? Йўқ! Ақлими? Йўқ! Истеъдодими? Йўқ! Ақл ва истеъдоддан ҳам юқорироқ бўлган эзгулик, яхшилик бор. Ана шу омиллар ҳаётнинг мазмун ва моҳияти томон етаклайди, ақл билан истеъдод эса уни амалга оширишда ёрдам беради. Бундай инсонларни “сермаҳсул одамлар” деб Брехт жуда аниқ гап айтган.
Сермаҳсул инсон ҳаётдан ҳадеб олавермасдан, унга ўз ҳиссасини ҳам қўшади. Ҳеч бўлмаганда шарқ донишмандлигида айтилганидек, дарахт экади, ўстиради ва уй қуради, китоб ёзади, битта дарахт кесса, ўрнига иккита экади. Нефтдан бойиб кетса, албатта шу заминга ва унда яшаётган одамларга бойлигининг бир қисмини сарф қилади. (Йиллар давомида ишчиларга арзимас маош тўлаб, қаҳратон қиш кунлари иситиш ва электр энергиясини ўчириб қўймайди). Тўғри, сермаҳсул инсон ҳам баркамол эмас, фариштадек бегуноҳ бўлолмайди. Қаердадир қувлик қилади, қаердадир ёлғон ишлатади, алдайди. У ҳар доим “ўзим бўлай” (хаскашдек фақат ўзи учун, эгоист қабилида иш тутмайди, ёки бирор нарсасини бировларга бериб юбормайди) белкуракка ўхшаб ўзидан четлатувчи, яъни альтруист эмас, балки бировларга ҳам бўлсин, менга ҳам бўлсин (арра) деган тамойилга амал қилади. Майли, “бировлар” деганда умуман инсоният ёки ўз халқи бўлиши мумкин. Сен яхшилик қилган ўша бировлар ҳеч бўлмаганда фарзандларинг, ота-онангдир – демак умринг зое кетмапти – инсоният олдида юзинг ёруғ.
Афтидан, сермаҳсулликнинг ҳам ўз даражалари бор. Улардан энг олий даражадагилари – инсонларга олов ҳадя этган Прометей, эзгулик ғоясини улашган – Исо пайғамбар, адолат ғоясини уқтирган – аллоҳ таоло, руҳий, маънавий бойлик ва бадиий қадриятлар ҳадя этган Шекспир, донолик ва ўзлигимизни англашга ўргатган – Кант. Космик фазони совға қилган Королёв ва Гагаринлардир. Олий сермаҳсуллик – инсоният учун зарур бўлган ишларни амалга оширишдир.
Камина – етмишинчи йилларда Щчукин номли театр билим юртида биринчи курсда “Эстетикага кириш қисми”дан, охирги курсда “Эстетика”дан дарс берардим. Шундай одатга ўргатгандим: биринчи курсда, машғулотларнинг биринчи куни “шумтакаларга” шундай савол берардим: “Нима сабабдан санъат соҳасини танладингиз?”; “Ҳаёт моҳияти нимада?”. Жавобларини эса магнит тасмасига ёзиб олардим.
Жавоб берган талабалар орасида шу кунларда маълум ва машҳур бўлиб кетган: Демидова, Вертинская, Чурсина, Смехов, Калягин, Арлазоров, Високовский, Овшаров, Стеблов, Подколзин, Славина, Золотухин, Филатов, Арзуманян, Селёзнёва, Максакова, Бурляев ва бошқалар бор эди. Жиддийми ёки ҳазил-мутойиба тариқасидами, жавоб бериш ўзларига ҳавола этилганди…собиқ талабаларимизнинг ҳаёт моҳияти ҳақидаги жавоблари, айниқса, ҳозирги кунларда, улар моҳир санъат усталари, кинематографчиларга айланиб, кўпсонли мухлислар меҳри қуршовида, янада қизиқарли кўринарди. Ўшандан бери орадан қирқ йил (ҳатто кўпроқ ҳам) ўтган бўлиб, навбатдаги кўчишларимнинг бирида ўша тасма йўқолди. Фақат айрим жавобларгина ёдимга (қайси жавоб кимга тегишли эканлиги ёдимда йўқ) бўлиб, уларнинг қисқача мазмунини, гарчи ўзига хос белгиларини ва тафсилотларини келтира олмасам-да, айтиб ўтишга ҳаракат қиламан:
– Ҳаёт мазмуни – мартабада.
– Ижод учун яшаш керак!
– Йўқ, томошабин учун!
– Ҳаёт мазмуни севгида, оилада, фарзандларда.
– Авлодлар эстафетасида.
– Санъатда.
– Устоз бўлишни истайман!
– Яшашдан мақсадим – шон-шуҳрат!
– Йўқ, эзгулик.
Қанчалик ғўр, қандай чиройли шўх сўзлар эди булар! Қанчалар гўзал эди ўша ёмонланган турғунлик даври! Ҳаётга қадам босаётганлардан бирортаси ҳам мақсадим – текин даромад, бойлик, очкўзлик, Багам оролларида алоҳида уй демаяпти-я!..Ёки “Челси” инглиз футбол клубини сотиб оламан”, “Рублёвкада ёки сув омбори зонасида алоҳида уйим бўлишини истайман”, деб ҳеч ким айтмаган. Чамаси, ҳамма бой бўлишга қарши эмас, камбағал бўлишга қарши эди. Лекин, худога шукурки, бойиш масаласини ҳеч ким ҳаётининг мақсади қилиб қўйган эмас. Ҳозирги кунда телевидениеда “Қандай қилиб миллионер бўлмоқ керак”, деган қизиқтирувчи ва бузғунчи ном билан жозибали ва иқтидорли артист Максим Галкин олиб бораётган кўрсатувларни миллионлаб томошабин мароқ билан томоша қилади. Яхшиси, “Қандай қилиб Инсон бўлмоқ керак”, деган программа ташкил қилинса маъқул бўлармиди?
Охирги курснинг сўнгги машғулотида мен яна ўша саволларни бердим ва яна магнитофонга ёзиб олдим. Анча “вояга етган” жавобларни ёзиб олгач, магнитафонни қайтадан қўйиб, биринчи курсдаги жавобларни мароқ билан тингладик. Бу ҳақда мен ўз нуқтаи назаримни баён қилдим. Қарангки, ўша пайтдаги кўпчилик талабалар билан фикримиз бир жойдан чиқди: фақат ўзи учун яшаш нотўғри. Фақат бошқалар учун яшаш ҳам нотўғри. Бошқалар учун яхшилик қилиб, ўзи учун яшаш керак. Хунвейбинча коллективизм – нотўғри, эгоцентризмга асосланган экзистенциализм ҳам нотўғри. Ҳаётдан мумкин бўлган барча моддий ва маънавий бойликларни имкон борича кўпроқ олиш керак. Ўзингдаги бор қадриятларни, моддий ва маънавий бойликларни одамларга сахийлик билан улашиш керак. Руставели айтади: “Нима берсанг – ўзингга қайтади, нимани яширсанг – йўқотасан”. Ўзгаларни бойитиб, ўзинг ҳам бой бўл, муҳими – олган нарсангдан берганинг кўпроқ бўлсин. Одамларга кўпроқ нафинг тегсин. Бу дегани, охирги кўйлагингни ечиб бер дегани эмас – бу нарса азиз-авлиёларга хос. Бу нарса ишдаги ва ҳаётдаги сермаҳсуллик ҳисобидан бўлсин.
Ҳаётнинг “қўшимча ҳаёт маҳсули” бериши керак. (Ўша йиллари мисол келтириш учун менда намуна йўқ эди). Миллионер Форд – сермаҳсул инсон. У Америка автомобиль саноатини яратди. Бизнинг айрим рус олигархлари сермаҳсул эмас – текинхўр. Улар ўзлири ишлаб чиқараётганларидан ҳам кўпроғини истеъмол қиладилар. Ҳозирги миллионерлар ҳеч нарса яратмасдан кўпроқ уриб қолиш пайидалар. АҚШни унчалик ёқтирмайман, лекин энг бой америкаликлардан қирқтаси ўз бойлигининг асосий қисмини ўз ватанлари равнақи учун мерос қолдирганларига тан бермай иложим йўқ! Уларнинг ҳаёт моҳияти – худбинликдан йироқ.
Қайтараман – бу муҳим. Белкуракка ўхшаб, ҳамма нарсани ўзингдан четлатма, хаскашга ўхшаб ҳамма нарсани ўзингга тортма! Аррага ўхша – ўзингга ҳам, ўзгаларга ҳам бўлсин. И.Кантнинг “қатъий талаб” иборасини кучайтириброқ шуни айтаман: “Агар ёвуз бўлишни истасанг – нимани хоҳласанг шуни қил. Агар инсон бўлишни истасанг – ўзингдан кўра бошқаларга кўпроқ яхшилик қил”.

Юрий Борев,
Россия Фанлар академияси Жаҳон адабиёти институтининг бош илмий ходими, Бадиий академия академиги, филология фанлари доктори, профессор

Рус тилидан Абдунаби Абдулқодир таржимаси

 
Аҳмад Табибий (1869-1911) PDF Босма E-mail
21.03.2014 15:01

Аҳмад Табибий (тахаллуси; асл исмшарифи Аҳмад Али Муҳаммад ўғли, 1869—Хива—1911) — шоир, таржимон, табиб. Хива мадрасаларидан бирида ўқиган. Отасидан ва замонасининг машҳур табиби Яхшимуродбекдан табибликни ўрганган, Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) саройида табиблик қилган. Шеъриятда шуҳрат қозонган. Ўзбек ва форс-тожик тилларида, мумтоз адабиётнинг анъанавий жанрларида ижод қилган. Шеърларидан 5 девон — «Туҳфат ус-султон», «Мунис ул-ушшоқ», «Ҳайрат ул-ошиқин» (ўзбек тилида), «Миръот ул-ишқ», «Мазҳар ул-иштиёқ» (форс-тожик тилида) тузган. Уларда реал ҳаётни, соф муҳаббатни улуғлаган («Айладинг», «Озоридур» ва б.).
Табибий ўзбек адабиётида мухаммас жанрини ривожлантирган: Навоий, Саъдий, Жомий, Зебуннисо, Мунис, Огаҳий, Мирзо Ғолиб ва бошқанинг ғазалларига 518 та мухаммас боғлаган. Хоразм шоирлари ҳақида «Мажмуат уш-шуарои пайрави Феруз Шоҳий», «Мажмуаи мухаммасоти аш-шуарои Феруз Шоқий» (1909) тазкираларини тузган. Иккинчи мажмуаси, асосан 33 шоир мухаммасларидан ташкил топган. Унда даставвал Огаҳий ғазалларига, сўнг Феруз шеърларига богланган мухаммаслар, кейин эса Ферузнинг «Оромижон нигорим, сарви равон нигорим» ғазалига тахмис, мухаммас ва мусаддаслар келтирилган. Хотима қисмида эса шу тўпламга кирган Умидий, Доий ва Хаёлийнинг вафоти ҳақида хабар, Баёнийнинг «Мажмуат уш-шуарои пайрави Феруз Шоҳий»га ёзган тақризи берилган.
Табибий «Вомиқ ва Узро» қиссасининг ўзбекча шеърий (маснавий) вариантларини яратган (8100 байт). Фузулийнинг «Ҳафт жом» асарини форстожик тилидан ўзбекчага таржима қилган. «Етти равза» номли асар ҳам ёзган. Асарларининг бир неча қўлёзма ва тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади.

Шоҳ Вомиқ бир кеча Азрони тушида кўриб тозадин ошифталиғда ягона бўлғони ва Азронинг ҳама аҳволин сўруб юз шавқу завқ била йўлға равона бўлғони.

Хуш улким бахтни бедор топғай,
Агар уйқуда васли ёр топғай.

Ҳамул ким ишқ илмида мударрис,
Эди ҳам нуқта фанниға муҳандис.

Бу янглиғ қилди бу ерда ҳикоят,
Ки Вомиқ уйқуда қилғач фароғат.

Тушида кўрдиким маҳбуби Азро.
Ҳамул кеча доғи чодирда, аммо—

Ўтирмиш ўзи бирла суҳбат айлаб,
Такаллум беҳаду беғоят айлаб.

Боқиб чун кўрди ул ишқи жаҳонгир,
Эрур Азро аёқи узра занжир,

Бало зиндонида маҳбус бўлмиш,
Кўзи ҳам қонлиғ ашки бирла тўлмиш.

Кўруб Азрони ул шоҳи вафокеш,
Оёқда қайд ила ғамгин дили реш.

Қилиб ҳайратни бермас ҳечгаҳ ёд,
Ки топғай банд пойи сарв озод.

Магар ошиқ эрур занжири авбош,
Ки зулфидек оёқиға қўяр бош.

Қилиб бу важҳдин зулфин паришон,
Ки ўпгай соқини занжири печон.

Кўруб Вомиқ, бу янглиғ можарони,
Чекиб афсус ила оҳу навони.

Деди: «Кей ҳалқаи зулфинг гириҳгир,
Сани ким қилди мундоқ пой занжир?

Нединдур тавқ банди сийм соқинг,
Бу зиндон не учун бўлди висоқинг?

Қафасда расм эрур банд ўлса булбул,
Киши ҳаргиз қафасда кўрмамиш гул.

Бу дам кўрдум ажаб расми дигаргун,
Ки Лайли бастаи занжири Мажнун.

Сен ўлмишсен чу занжир ила баста,
Анга лоюқ мени мажнуни хаста.

Сени қилғунча бу занжир дилгир
Менинг бўйнимға тушгай эрди занжир».

Деди Азро бўлуб хун ашк афшон:
«Ки, эй меҳру вафо шаҳрида султон.

Ҳам ул тунким бўлуб шавқим зиёда
Қўлингға бермишам бир жом бода.

Бўлуб андин пари ранжу анолиғ,
Топиб ишқинг ғамиға мубталолиғ.

Манга тушди бу икки банд мушкил,
Оёқ занжир топтию, гириҳ дил.

Етушди беҳаду сон ишқ доғи,
Бало базмида ичдим давр аёғи.

Вале сен салтанатда шод бўлғил,
Хилофат тахтида обод бўлғил.

Буни бил лекким ғамхонаи ишқ,
На ғамхона, буюк кошонаи ишқ.

Эмас ғаммоздин бир лаҳза холи,
Гар ошиқ дун эрур, йўқ эрса олий.

Эрур пайдо жину инс ичра ҳосид,
Қилурға ўртада радди мақосид,

Бу важҳ ила манга ҳам бир жамоат,
Ҳасад айлаб аён беҳадду ғоят.

Етурдилар қилиб кўнглумни ғамлиғ,
Отам наздида асру куттаҳамлиғ.

Бўл эмди воқиф, эй шоҳи ягона,
Эшитсанг бор узун мунда фасона.

Мени ишқ айлади бу навъ побаст,
Балоу, дарду, андуҳ ила ҳамдаст.

Сенинг ишқ ичра аҳволинг нечукдур
Де, ўтган моҳ ила солинг нечукдур?

Менинг ҳижронда дарду меҳнатим кўп.
Машаққат бирла доғу ҳасратим кўп.

Сенинг ҳолинг нечукдур дарду ғамдин
Фироқ ичра ниҳоятсиз аламдин?

Мени қилди сипоҳи дард помол,
Санга ҳижрон ғамидин недур аҳвол?

Агарчи мен эрурман ғамда побанд,
Бўлуб сен салтанат тахтида хурсанд.

Майи ишратни доим айлагил нўш,
Мени ҳам қилма ёдингдин фаромуш.

Раҳми меҳри вафо таркини тутма,
Мени бечорани доғи унутма».

Чу Вомиқ дилбари ҳолини билди,
Тўкуб ашкин басе фарёд қилди.

Дебон беҳадду сон ва ҳасратолар,
Ҳузун айлаб, чекиб оҳу наволар.

Дариғо, бу нечук бордур аломат,
Аломат дема, бал рўзи қиёмат,

Ки андоқ нозанини моҳ сиймо,
Юзи гул, қомати сарви дил оро,

Менингдек бир гадони шоматидин,
Жудо бўлса бу янглиғ роҳатидин,

Ало эй дилбари яктои даврон,
Жамолинг нашъа бахши соғари жон.

Ғами ишқинг эрур дардим давоси,
Танимға жон берур кўйинг ҳавоси.

Раҳи ишқингда зору бекас эрдим,
Фироқнинг оташи ичра хас эрдим.

Сени кўрдум бу ҳол,ат бирла маҳзун,.
Ғаму дарду малолим бўлди афзун.

Бор эрдим дарди ҳажрингда фитода,
Бу дардим барчадин бўлди зиёда.

Не янглиғ айлагум бу ишга чора,
Ўлай ё худ қилай ўзимни пора.

Фидо бўлсун йўлингда жисму жоним,
Санга бўлсун тасаддуқ хонумоним.

Эрур ишқинг манга ўлгунча пеша,
Сенинг ёдингда бўлғумдур ҳамиша.

Қилиб лутфу мурувватлар ҳувайдо,
Деди Вомиққа ушбу лаҳза Азро:

«Ки, эй меҳру вафо шаҳриға султон,
Хилофат маснади узра Сулаймон.

Бани одам аросидин мани зор,
Сенингдек кўрмадум ёри вафодор.

Неча кўрсанг доғи ранжу машаққат,.
Ўзингға айламишсен сабр одат.

Вафо йўлидин ўлмай инҳирофинг,
Сўзингда бўлмади асло хилофинг.

Ҳамул кунким муаббад сориға сан,
Ўқур эрдинг бориб илм ила фан.

Очиб мен ишқ жангидин варақлар,
Олур эрдим вафодин кўп сабақлар.

Эди меҳрингға жо кўнглум ҳарими,
Бўлуб жоним аро ҳажрингни бийми.

Манга ул кунки ишқ ўлди мураббий,.
Ўқур эрдинг сен ул кунда «алифбе».

Муаббад бир эмастур устодинг,
Менинг хаттим била чиқди саводинг.

Ҳамул важҳ ила мен ўз суратимни.
Қилиб тасвир шаклу ҳайъатимни.

Санга қилмиш эдим мен они ирсол,
Сени то ошиқ этгай деб бу тимсол.

Яна ўзни қилиб бир дилкаш оҳу,
Чиқиб ул дам сенинг қошингға ўтру.

Жудо сендин қилиб лашкарларингни,
Паришон айлабон аскарларингни,

Олиб чиқдим сени мен ул ародин,
Санга бўлмай хабар бу можародин.

Сени ул тунги базмимга чақирдим,
Ўз илгим бирла бир соғарни бердим.

Ҳамул лаҳза манга қилдинг назора,
Ғамим тиғи юрагинг қилди пора.

Бу миннат узрини мен то қиёмат,
Қила олмон адо, эй моҳ талъат.

Бўлуб ишқинг била мен ҳам аламлиғ,
Отам ёнида топдим муттаҳамлиғ.

Эрур кўнглум ғаминг қайди билан банд,
Бўлуб дардингда жоним неча парканд.

Умидим эмди сендин бор эрур бу.
Ки жаҳд эт мен сари келмакка ўтру.

Нечунким келмасанг мен сориға гар,
Етушгуси манга кулфат муқаррар».

Деди Вомиқ чекиб афғону фарёд:
«Ки, эй ширин лиқо ёри паризод,

Сенинг не навъ етгум хизматингға,
Мушарраф не навъ ўлғум суҳбатингға.

Била олмон сенинг ному нишонинг,
Не ерда эрканин жойу маконинг.

Агар билсам сенинг манзилгаҳингни,
Қилурман бош била хоки роҳингни».

Деди Азро анга: «Эй. марди комил,
Мақомим топмоқингдур асру мушкил.

Агар машриқ сори бўлсанг шитобон,
Бўлурсен восили хуршиди тобон».

Эшитгач ушбу сўзни шоҳ Вомиқ,
Бўлуб қон кўнгли андоқким шақойиқ.

Ҳануз этмай савол онинг диёрин,
Доғи мажмуъи сирри кору борин.

Кўзи уйқудин анинг бўлди бедор,
Кўзидин сочиб ашкини матар бор.

Қилиб юз навъ ташвир ошкоро,
Деди: «Ё лайта мутут қабла ҳозо».

Миниб отиға ул Шоҳи ягона,
Раҳи машриқ сори бўлди равона.

Тонг отғунча йўл узра азм қилди,
Машомиға насими субҳ келди.

Замири ғарқ ўлуб файзу сафоға,
Деди диққат била боди сабоға:

«Ало, ё эй насими субҳи равшан,
Шамимим атрбахши файзи гулшан.

Бўлуб шаб зинда дору дашт паймо,
Саҳар ишқ аҳлиға сен қилғунг иймо.

Бўлуб ҳар субҳидам доим саҳархез,
Эрурсен гулистонлар ичра гулрез.

Мақомингдур гаҳи оғуши ғунча,
Гаҳи гул узра урғунг кож мунча.

Гаҳи қилғунг эсиб оройиши гул,
Бўлуб машшотаи гисуйи сунбул.

Уруб гаҳ базмнинг шамъини барҳам,
Урарсен гул юзиға гоҳи шабнам.

Ҳаводоринг гулу сарви гулистон,
Санохонинг бори насрину райҳон.

Эрур саҳни гулистон сайргоҳинг,
Бўлуб райҳону насрин фарши роҳинг

Шамиминг атри бирла тавъамондур,
Баҳори боғ аро ҳукминг равондур.

Эшит бу мултамас мен нотавондин,
Балойи ишқ ила озурда жондин.

Ки ногаҳ сайр этиб ҳар дашту водий,
Гузаргоҳ айласанг машриқ саводи,

Кезиб сайр айлагил машриқ диёрин,
Тамошо айла боғу кўҳсорин.

Сўроғ айлаб, қилиб ҳар ён таку пў,
Тажассус бирла қилғил жаҳд асру.

Топиб ул ҳур пайкарнинг маконин,
Етишгач мендин ўпкил остонин.

Адаб бирла топиб ондин ижозат,
Бажо келтургил одоби таҳият.

Агар топсанг ҳузурини баякбор,
Дуо бирла салом эт мендин изҳор.

Дегил: «Эй офтоби за~ррапарвар,
Малоҳат гулшани ичра гули тар.

Бор эркандур санга мажнуни ғамнок,
Ғами ишқинг била афтодаи хок.

Забун ўлмиш йўлингда ҳолизори,
Бўлуб афсурда жисми хоксори.

Эрур зикри тилида гуфтугўйинг,
Жабини саждагоҳи хоки кўйинг,

Сени деб тахти тожидин кечибдур.
Шароби шавқ ёдингда ичибдур.

Келур пўя уруб афтону хезон,
Қаён борурни билмай асру ҳайрон.

Вале билмас сенинг манзил-маконинг,
Киши топмас кито сўрғай нишонинг.

Узинг гар қилмасанг лутфу ҳидоят,
Анинг аҳволи қаттиғдур бағоят».

Сабоға бу тарийқа шоҳ Вомиқ,
Юрур эрди дебон сўз сўйи машриқ.

Баногаҳ ўлди мундоғ амри воқе—
Ки, бўлди шарқдин хуршид толеъ.

Тушуб кун партавиға шоҳ кўзи,
Бўлуб зоҳир тилида ушбу сўзи,

Деди: «Кей муҳташам султони ховар,
Фалак майдониға сурган таковар,

Санга зебанда келди қаҳрамонлиғ,
Мусалламдур санга гетистонлиғ.

Сенингдек ким кўрубдур қаҳрамонни,—
Ки, бир кун ичра олмишдур жаҳонни.

Камина чокаринг Баҳрому Биржис,
Надими хилватинг Исойи ўрис.

Жаҳон очмоқ учун бўлсанг сувора,
Сипоҳинг бўлғуси моҳу ситора.

Сен ўлмай тарбият бирла муовин,
Эмас комил набототу маодин.

Сенинг нуринг била равшандур офоқ
Қилурсен партавингдин ой юзин оқ.

Ёрутмассен агар кўкни ҳисорин,
Қаро қилғунг жаҳонни рўзгорин.

Чу сен тарбият айлаб ошкоро,
Бўлур тарбиятингдин лаъл хоро.

Эшитгил, эй шаҳаншоҳи жаҳонгир,
Санга арз айларам ҳолимни бир-бир,

Менинг кўнглумда бор ул борадин ғам
Ки ишқидур манга бу дам мусаллам.

Юзи гул, оғзи гунча, қадди шамшод,
Риёзи жаннат ичра сарви озод.

Жамоли оразингдин олам афрўз,
Фуруғи сендек айлар шомни рўз,

Санга ул юздин ўлдим меҳрпайванд—
Ки, бор рухсори рухсорингға монанд.

Шоҳ Вомиқнинг беқарорлиғ важҳидин Азроға нома ёзғони

Ало, ё эй насими субҳгоҳи,
Эрурсан субҳи содиқнинг гувоҳи.

Етургунг ҳар саҳар, эй файзи довар,
Паёми субҳ то хуршиди ховар.

Етур Азроға ҳам пайғоми Вомиқ,
Ки ул хуршид эрур мен субҳи содиқ.

Етур арзим қилиб кўнглумни масрур,
Бўлай чун субҳи содиқ матлаи нур.

Дегил, кей Зуҳра чеҳра, Муштарий рўй,
Ҳилол абрў, қамар талъат, суман бўй,

Санга пайваста кўнглум эрди муштоқ,
Фироқииг тоқатимни айлади тоқ.

Қилиб меҳри руҳинг шавқинг ўтин тез,
Вужудим зарра янглиғ бўлди ночиз.

Кўнгул абрўйинга муштоқ доим,
Ҳилоли ийд учун андоқки сойим.

Қуёшинг толеъ эт, эй маҳжабиним,
Ки то юз меҳр бўлсун хўшачиним,

Бўлурму мунча ҳижрон шоми жовид,
Тулуъ этмасму ҳаргиз субҳи уммид.

Қачонға тегру бўлғум зору маҳзун,
Қилиб ишқинг манга чун насра афсун,

Манга жоду кўзунгдур сеҳр пайванд
Ки, солмай насра сеҳри ул қадар банд.

Мени афсуни зулфинг қилди бад ҳол,
Агарчи насра сеҳрин қилдим ибтол.

Эрур кўнглум ғаминг тиғидин афкор.
Фироқинг еткурур жонимға озор.

Ғамингдин, эй нигори сийм ғабғаб,
Қачон фарқ айлагумдур рўз ила шаб..

Чекиб андуҳи кулфат субҳ ила шом,
«Манга не хоби роҳатдур, не ором.

Фироқинг ўт солиб жонимға асру,
Чекарман ул жиҳатдин ҳазну қайғу.

Чекарман ҳар нафас фарёду афғон,
Бўлуб бағрим ғаминг бирла тўла қон.

Кўнгулда дарду оломим фузундур,
Кўзум ашки мудомо лолагундур.

Тиларман борҳо васлингға етмак,
Майи васлингдин ўзни маст этмак,

Қачонким эсгуси боди саҳаргоҳ,
Чекарман тинмай асру нолау оҳ.

Қаро бўлмиш жаҳон сенсиз кўзимга,
Такаллумлар қилурман ўз-ўзимга.

Ки, эй баргашта толеъ, бахти вожун,
Бўлурсен тобакай бу навъ маҳзун.

Қилиб ишқ ичра бахтинг раҳнамолиғ,.
Қачон комингға етгуси раволиғ.

Агарчи ишқ аро собит қадамсен,
Вале ҳижронда побасти аламсен.

Агарчи ўзни тутғунг марди комил,
Вале ёринг санга йўқ лаҳза мойил.

Нишоти айшдин бегонадурсен,
Жаҳон ичра басе афсонадурсен.

Агар кўрса нигоринг бу маошинг,
Сариғ юз узра оқғон қонлу ёшинг.

Сўрар эрдй тараҳҳум бирла ҳолинг,
Кўруб фурқатда ўтган моҳу солинг.

Вале на судким эрмас хабардор,
Санга бир лаҳза эрмас дилбаринг ёр.

Ғараз айлаб бу янглиғ сўз намоён,
Чекарман ҳар кеча фарёду афғон.

Санга айлаб бу лаҳза шарҳи аҳвол,
Салому номани қилғумдир ирсол.

Салом, эй қоши ёу кирпиги ўқ,
Сенинг ҳажрингға эмди тоқатим йўқ.

Салом, эй нозанини шўхи танноз,
Бўлубдур меҳнатим кўп, роҳатим оз.

Салом, эй лаблари кони ҳаловат,
Манга йўқ сенсизин хоби фароғат.

Салом, эй нозпарвар нозипийро,
Нечук топғум висолинг базмин оё.

Салом, эй кўзлари шаҳлоу фаттон,
Ани ўпмакни истаб чеккум афғон.

Салом, эй жабҳаси хуршиди ховар.
Қачон шомимни қилғунгдур мунаввар.

Салом, эй маҳваши сарви гуландом,
Қачон илгингдин ичкумдур тўла жом.

Салом, эй инсу жинс ичра ягона,
Менинг сори қачон бўлғунг равона.

Салом, эй лутфи дардимнинг давоси,
Ёрутғай кўзларим ҳуснин зиёси.

Салом, эй меҳрибоним, роздорим,
Қачон оллингда бўлғуси қарорим.

Салом, эй ҳурваш, Исо сифотим,
Бўлур оё қачон ғамдин нажотим.

Салом, эй васлинга жоним фидодур,
Ғаминг тиғи била кўксум яродур.

Салом, эй лаъл кони қанду шаккар,
Қачон бўлғумдур ондин баҳра парвар.

Салом, эй ноз фанни ичра моҳир.
Висолинг бирла қил хушнуд хотйр.

Салом, эй фикри ороми замирим,
Қолибмен ҳажр аро бўл. дастгйрим.

Салом, эй талъатинг тобанда хуршид,
Қилурман кўрмак они доим уммид.

Салом, эй коми жону роҳати дил,
Манга лутф ила бўл бир лаҳза мойил.

Лабингдин айру ичсам бодаи боб,
Топар ондин мазоқим таъми хуноб.

Юзинг ҳижронида ўтдур манга гул,
Сочинг фикридадур ўт дуди сунбул.

Тузар базм ичра мутриб зер ила бам,
Қулоқимға келур фарёди мотам.

Агар партав солур устимга маҳтоб,
Қатон янглиғ мени ўртар ўшул тоб.

Кўрунур кўзума гул шакли ахгар,
Урар гул решаси жонимға ништар.

Насими жонфизо етса мутайяб,
Самум осо етургай жонима таб.

Кўрунса кўзума мийнойи гулранг,
Топар ул лаҳза кўнглум шишаси занг,

Етибдур жонға бас андуҳи ғамдин,
Юзум коҳи эрур дарду аламдин.

Қилиб лутфу карам, эй шўхи дилкаш,
Мени чеккил ўзингга каҳрабоваш,

Иложи васл учун айлаб чу тадбир,
Манга қилдинг ишорат азми тасхир,

Қилиб лутфу иноят ҳаййи яздон,
Тамоми мушкил ишлар бўлди осон.

Вале бордур бу мушкил узра мушкил,
Ки кўрмасмен қилиб кўйингда манзил.

Кеча-кундуз бўлиб кўйунгда зойир,
Замоне бўлмадим ҳуснингға нозир,

Қилурмен жон била, эй ғайрати ҳур,
Яна бўлсам не янглиғ ишга маъмур,

Чу Вомиқ номаси Азроға етди,
Ўқуб сирридин ўзни огаҳ этди.

Олиб илгига Азро ҳам қаламни,
Жавобиға бу навъ этти рақамни.

Азронинг шоҳ Вомиқ номасиға жавоб ёзиб Баҳром била Бежоданинг ҳам сиёсат била қатлға етмагин илтимос қилғони

Не ҳуш фархунда соатдур бу айём,
Ки етди ёрдин жонбахш пайғом.

Саҳарким айлабон иқбол таъйид,
Етушмай субҳға пайғоми хуршид.

Ҳануз огоҳ бўлмай шоҳи ховар,
Ки вақт ўлдики қўйғай бошға афсар.

Етурди бас насими субҳи содиқ,
Ҳазин Азро учун пайғоми Вомиқ.

Бўлуб бу бахти хоб олуда бедор,
Манга ногаҳ етушди ваъдаи ёр.

Эрур ул номаи дилдори гулчеҳр,
Муҳаббат бар муҳаббат, меҳр бар меҳр.

Етиб ул нома қилди хотирим шод,
Ки ғам илгидин эрди хатти озод.

Оритди хотиримдин гарди кулфат,
Ҳазин кўнглумга еткурди масаррат.

Очиб кўргач саводин ошикора,
Нишоти ишратим бўлди ду бора.

Хатидин топди афзойиш нишотим,
Румузи қилди афзун инбисотим.

Манга ҳосил бўлуб бахту саодат,
Жаҳон андар, жаҳон коми муродат.

Ало, эй хисрави хуршид афоар.
Сарафрози салотин банда парвар.

Кўруб номанғни бўлди тоза жоним,
Балолардин эрур охир замоним.

Демишсанким ғами ҳижрон қилур шўр
Балоу дарди фурқат келтурур зўр.

Нечук мен келтурай бу сўзга тоқат,
Ки менда йўқдур асло омну роҳат.

Баҳар сурат санга етсун паёмим,
Сабо бирла етушган чоғ саломим.

Салом, эй қомати сарву санубар,
Санга бормен канизи зору камтар.

Салом, эй ҳусни меҳри олам аро,
Анинг ҳажрида шомим тийра аммо.

Салом, эй мардлар фарзона марди,
Раҳи ишқ ичра ушшоқ аҳли фарди.

Салом, эй хотирим ичра нишотим,
Хаёлинг бирла бордур инбисотим.

Салом, эй ишқнинг мулкида султон,
Салом, эй зубдаи оли Сулаймон.

Салом, эй зойири даргоҳи тақдис,
Келиб сен нисбати аҳфоди Билқис.

Салом, эй нисбати покиза гавҳар,
Қачон васлинг манга бўлғай муяссар.

Салом, эй ишқ аҳлин покбози,
Жамийи покларнинг сарфарози.

Салом, эй қомати сарви равоним,
Замирим қуввати, жисм ичра жоним.

Салом, эй қуввати жисми низорим,
Ҳабибим, меҳрибоним, роздорим.

Салом, эй фазлу ҳикмат ичра якто,
Санга йўқдур жину инсонда ҳамто.

Салом, эй маҳжабини шаҳд гуфтор,
Эшитмакка каломинг бўлмишам зор.

Салом, эй ишқ ичра собит ақдом,
Висолингдин манга йўқ ўзга бир ком.

Салом, эй лутф пеша меҳр бунёд,
Мусаллам дер санга ишқ ичра Фарҳод.

Салом, эй соҳиби меҳру муҳаббат,
Эрур ошиқлиғинг ҳар кимга мусбат.

Мени сендин фузундур иштиёқим,
Туташқон сарбасар ўтдур висоқим.

Менинг илгимда бўлса чораи кор,
Бўлур эрдимму мунча хастаи зор.

Сенинг бирла бўлуб пайваста ҳамбар,
Ҳамоғуш ўлмағай эрдимму яксар.

Қилур эрдим бу ишда саъй ила жаҳд,
Лабим лаълингдин ўлғай эрди пур шаҳд.

Қилиб жон жавҳарин ҳар дам нисоринг,
Кўзумга тўтиё айлаб ғуборинг.

Қилиб сарвинг била сарвимни ҳамдўш,
Ниҳолинг бирла шамшодим ҳам оғўш.

Гулу булбул каби бўлсак, чаманда,
Масарратдин бўлуб лабриз ҳанда.

Тарабгоҳ ўлса вуслат гулистони,
Нишимин бўлса вуслат ошиёни.

Топиб вахдат майидин ком пайваст,
Гар ўлсақ ғайбати базмида сармаст.

Висол ўлса аро ерда агар ком,
Ўзинг саъй айласанг топғай саранжом.

Бу дам бўл васл ишиға чора пардоз,
Висол оҳангин эмди айлагил соз.

Бу дам элга сенинг ҳукминг равондур,
Буюрмоқлиғ ҳамон бутмак ҳамондур.

Сенинг фармонингга элдур мусаххар,
Нега вуслат ишин қўйғунг муаххар.

Яна қилғум бир иш сендин таваққуъ,
Хусулидин басе қилғум тазарруъ,

Ки ул Бежодау Баҳроми наммом,
Ки қилдилар мени ишқингда бадном.

Алардин чекмишам доим тааллум,
Алам андоғ етурмас мору каждум.

Басе очдилар абвоби хусумат,
Адоват нишидин еткурди заҳмат.

Чекиб тиғи забону ханжари таън,
Ҳаволат айладилар дашнаи лаън.

Қилиб бўҳтон, уруб жонимға юз ниш
Маломат бирла кўнглум қилдилар реш.

Анингдек қилдилар шонимда бўҳтон,
Ки қатлимға алардин бўлди фармон.

Манга ахтар олардин бўлди манҳус,
Ки мен бўлдум бало сажнида маҳбус.

Бу ҳолатда мени гар кўрса гардун,
Қотиғ ҳолим учун йиғлар эди хун.

Сен эмди қил манга лутфу иноят,
Аларни қил сазовори сиёсат.

Алар кирдориға лойиқ жазо бер,
Сазовор ўлса қайси иш сазо бер.

Агар сен қилмасанг бу ишни мафқуд,
Висолимдин етушмас бўйи беҳбуд».

Чу нома шоҳ Вомиқ сори етти,
Бу ҳолатға басе афсус этди.

Таассуф айлабон беҳад аён ул,
Бу янглиғ нуқталар қилди баён ул:

«Ки ул муддатки айлаб нўш бода,
Мақомим эрди боғи дилкушода.

Чун айлаб бу хабар кўнглумни ношод,
Қасам бу иш учун қилмиш эдим ёд.

Ки гар топсам парилар мулкига даст,
Аларни қилғамен туфроқға пайваст.

Олурман интиқоми ёр алардин,
Ки кўрмиш ранжу ғам бисёр алардин,

Ниҳоли давлатимким топди болиш,
Керак душманға берсам эмди молиш».

Шоҳ Вомиқнинг малик Шаҳболға насиҳат бериб, Баҳром била Бежоданинг сиёсат била қатлға еткургони

Сен, эй нафсим ситамкеши ситамкор,
Нечун мунча етургунг элга озор,

Ичиргунг элга доим жавр ила қон,
Бу ишдин бўлмағунг ҳаргиз пушаймон.

Бу савдо ҳеч санга беҳбуд қилмас,
Санга асло насиҳат суд қилмас.

Ошиқма, бир куни бўлғунг сазогир,
Неким қилдинг келур олингға бир-бир.

Кўрурсен ҳарна берган заҳматингни,
Ўзинг ичкунг ичурган шарбатингни.

Киши ҳар ерда сочса тухми ханзал,
Тамаъ қилса шакар, бил они ажҳал.

Бўлур, бас, ул нафас Вомиқ ғазабнок,
Туруб ўз манзилидин чусту чолок.

Шаҳи Шаҳбол сори борди филҳол,
Кўруб бу ҳолин анинг шоҳ Шаҳбол.

Деди лутф ила: «Кей фарзона фарзанд,
Жабинингға нединдур қаҳр пайванд.

Анинг гар боисин қилсанг изҳор,
Менинг ҳолингдин ар қилсанг хабардор.

Неким дафъидурур қилғум тадорак,
Сўзини айлаб ўзга тожи торак».

Деди Вомиқ: «Шаҳо, олам паноҳо,
Фаридунфар. Скандар дастгоҳо,

Бу даргоҳ ичра икки шум ният—
Ки, дурлар шоҳға аркони давлат.

Алар чун марди давлатхоҳ эмаслар,
Билингким лойиқи даргоҳ эмаслар.

Аларни шаҳ тутубдур гарчи маъфу,
Бу иш шаҳларға лойиқ келди асру,

Вале қилмоқ ул иккини сиёсат,
Келибдур сизга қонуни риёсат.

Бу икки ким эрурлар шаҳға бадхоҳ,
Аларни ҳуштурур қатл айласа шоҳ».

Малик Шаҳбол эшитди чун бу сўзни,
Қилиб ғарқи хижолат ул ҳам ўзни,

Деди Вомиқға: «Берсанг ҳар неким панд,
Барисидин бўлурмиз биз баруманд,

Бурундин ҳам манга бу ишда Тайфур
Насиҳат бирла таклиф этти мавфур.

Бу ишда мен ва лекин айлаб эҳмол,
Хато бирла ўтургум моҳ ила сол»,

Дебон бу сўзни андоқ қилди фармон,
Ки қатл эттилар ул иккини ул он,

Бас ондин сўнгра Вомиқ бирла Азро
Ташаккур саждасини қилди баржо,

Кўнгулни айлабон шодону хуррам,
Шароби айш ичдилар дамодам.

Шоҳ Вомиқ ўз мансублари бирла Чин шаҳрида қолиб малик Шаҳболнинг Жобилсо кишвариға мурожаат қилғони

Чу топти тўйнинг айёми итмом,
Доғи айш ила ўтди неча айём.

Ки Вомиқ олди ҳоқондин ижозат,
Билоди Чиндин этмакка азимат.

Деди Вомиқға онда шоҳ Фағфур
Ки эй кўнглум висолинг бирла масрур!

Билоди Чин ажаб дилкаш макондур,
Жаҳондин ўзга бу ҳам бир жаҳондур.

Эрур онда ниҳоятсиз ажойиб,
Ажойибдин доғи кўбдур ғаройиб.

Нишоти айш эрур анда фаровон,
Жаҳон сайри эрур бир ён, бу бир ён.

Туруб қил мунда сайру ишрати базм,
Чу бир йил ўткариб сўнг айлагил азм.

Бўлоли неча кун ҳамсуҳбату ёр,
Ғаниматдур бу дам бир-бирга дийдор».

Шаҳи Вомиқ чу бу сўзни эшитди,
Қолурни шаҳри Чинда жазм этди.

Нечунким Чинни сайрию, ҳавоси,
Кўнгулда эрди доим муддаоси.

Вале Шаҳбол ила ўзга неча шоҳ,
Ҳама қилдилар ўзни озими роҳ.

Малик Шаҳбол Жобилсоға кетди,
Бори шаҳ ўз билодй сори етди.

Қолиб Чин узра Вомиқ шоду хуррам,.
Чекиб базм ичра тун-кун соғари жам.

Тахайюл мужибатидин узуб қайд,
Тузуб гаҳ базму гоҳи айлабон сайд.

Гаҳи Азро била хилватда эрди,
Гаҳи аҳбоб ила ишратда эрди.

Гаҳи сайр этди боғи дилкушода,
Тузуб базм онда, ошом этди бода.

Ғараз шоҳи Наиму, шоҳ Вомиқ,
Ҳам Осафи соний — уч ёри мувофиқ.

Ҳарам аҳли била бир неча муддат,
Қилиб Чин мулки сайрин икки навбат.

Неким анда эса асбобу ашё,
Борисин қилдилар яксар тамошо.

Бу сайр ичра ажойиб кўрдилар кўб,
Тилсимоту ғаройиб кўрдилар кўб.

Худо турлук ажойиб қилди ижод,
Қою бирни кўрубдур одамизод.

Басе сайру томошо айладилар,
Топиб неким таманно айладилар.

Агар берсам олар бориға тафсил,
Етар бу нусхаға итлолу татвил.

Баногаҳ бир куни мажлис эди гарм,
Деди Вомиқға Осаф: «Бу сифат базм,

Ки эрди марди неку Саъд тожир,
Етурди бизга турлук нафъ вофир.

Бу муддат ичраким биз комронмиз,
Топиб мақсуди хотир шодмонмиз.

Эрур вожиб ангаким ушбу айём,
Мурувват бирла қилмоқ лутфи инъом».

Шаҳи Вомиқ бу янглиғ қилди фармон,
Ки они қилдилар ҳозир ҳам ул он.

Анга айлаб муҳиббона мулоқот,
Мақомин садри мажлис қилдилар бот.

Бўлуб огоҳ мундин шоҳ Фағфур,
Анга лутфу карам кўрсатди мавфур.

Ки яъни ўз надими хоси этди,
Вазири соҳибул ихлоси этди,

Етиб чун Саъд бозиргонға давлат,
Мусаллам бўлди маншури вазорат.

Не хуш хислат эрур ахлоқи неку,
Неким қилдинг келур оллингға ўтру.

Мурувват пеша қилким ҳаййи сонеъ,
Етургай, қилмайин ажрингни зоеъ.

Кетур, соқий, шароби беҳжат анжом,
Ки қилғумдур ватан сориға қуддом.

Минал имон эмиш чун ҳуббул автон,
Бас ўлғумдур ватан сори шитобон.

Шоҳ Вомиқ била Азро ва Осаф соний била Шакардухтларнинг шаҳри Сабоға азимат қилиб, шоҳ Наим била Ҳавронинг Тожкан шаҳрига ружуъ этканлари

Бу ҳодисға эди улким мубашшир,
Бўлуб турлук вақоеъға муҳаррир.

Қилиб изҳор лутф ила фасоҳат,
Бу ерда бу сифат сурди ҳикоят.

Ки чун Осаф била султон Вомиқ,
Қилиб бир йилғача ишрат мувофиқ.

Чун ўтди бўйла бир йил гуфтугўеи,
Кўнгулга тушди манзил орзуси.

Хусусан шоҳ Вомиқ субҳ ила шом,
Аносин кўрмак этди мақсади ком.

Етушди соний Осаф кўнглига ҳам, .
Отосини кўрарнинг шавқи маҳкам.

Қилиб хоҳиш ватанға қилғали азм,
Кетарни ўзларига қилдилар жазм.

Муни фаҳм айлагач Саъд ила Фағфур,
Чекиб ғам йиғладилар зору ранжур.

Бўлуб охир фалак жавриға қойил,
Сафар асбобиға не бўлса қобил.

Қумошу ганжу ажноси хазойин,
Нафоис ҳам жавоҳир улча мумкин.

Буларни тевалар устига олиб,
Яна неча ғулому чўри олиб.

Чу бу лаҳза етушди шоҳ Шаҳбол,
Олиб ёнида кўб асбобу амвол.

Ғараз, бўлди хазойин андоқ афзун,
Ки гўё эрди яксар ганжи Қорун.

Вале шоҳи Наим асбобин аввал,
Қилиб ул ерда тайёру мукаммал.

Бурун бўлди ҳамадин ул ягона,
Билоди Тожкан сори равона.

Маҳинбону санам ҳам ушбу муддат,
Олиб Фағфурдин кетди ижозат.

Наиму шоҳ Вомиқ лек ул он,
Бу янглиғ айладилар аҳду паймон:

Ки бир хат бир сори қилғайлар ирсол,
Қилурға бир-бировдин кошифи ҳол.

Бас ондин сўнгра Вомиқ бирла Азро,
Шакардухт ила Осаф руҳафзо.

Видоъ айлаб оларға шоҳ Шаҳбол,
Доғи Фағфуру Саъди Фаррух иқбол.

Неча фарсах бўлуб Вомиқға ҳамроҳ,
Ружуъ эттилар ондин сўнг чекиб оҳ.

Кўтариб девлар асбоб ила ганж,
Йўл айлаб қатъи бўлдилар қадам санж.

Чекиб гардун уза чатри зар андуд,
Қуёш осо эдилар роҳ паймуд.

Хиромон бўлди Азро минди ҳавдаж,.
Нафоис кийдию бўлди мутавваж.

Шакардухт айлади манзил амори,
Қошида неча маҳвашлар татори.

Юриб йўл суръат ила девлар тез,
Нечукким боди сарсар қилдилар хез.

Бўлуб бори юрарда йўл сабуктоз,
Бори пайки сабодек пўя пардоз.

Қилиб суръат олар андоқки гардун,
Чекиб ҳар бири юз минг ганжи Қорун

Амори дар амори аҳли номус,
Нечукким шамъи маҳмил қилди фонус.

Чаман янглиғ бари ғарқи тажаммул,
Бўлуб бори зарафшон ўйлаким гул.

Маалқисса юруб йўл бир неча кун,
Етушдилар Сабо наздиға бир тун.

Тушуб ул ерда маскан айладилар,
Ётиб оромни фан айладилар.

Вале шаҳр ичра мужда айлаб ирсол,
Юбордилар бировни онда ул ҳол.

Эшитди чун бу мужда Осафи пир,
Йигит бўлди гар эрди пири дилгир.

Хабар етгач бўлуб хуррам, нигорин
Топиб, беҳжат замири топди таскин.

Нигорин чун Зулайхои қуҳансол,
Ду бора зиндагонлиғ топди филҳол.

Тарабдин туз бўлуб сарви хамида,
Гули пажмурда бўлди навдамида.

Чу навмид эрди ондин маснади ож,
Шақойиқдек шукуфта бошида тож.

Деди, хурсанд ўлуб: тамҳиди довар,
Биҳамдуллаҳки, бўлди бахт ёвар.

Сабо шаҳриға боғлаб тоаа ойин,
Етурдилар ҳама жойиға тазйин.

Бори мавзуъни қилдилар чароғон,
Эдилар мунтазир мажмуи инсон.

Бас ондин сўнг Нигорини ягона,
Истиқбол этгали бўлди равона.

Вазири Бархиё барча акобир,
Доғи шаҳр аҳлидин токим асоғир.

Ҳама айлаб истиқбол, ўлди хурсанд,
Бўлуб дийдор файзидин баруманд.

Кўруб чун шоҳ Вомиқ ҳам аносин,
Ўпуб ихлос бирла хоки посин.

Кўруб Осаф атосини ҳам ул он,
Қучуб бўлди басе масруру шодон.

Мақом ўлди ики Юсуфға Канъон,
Етиб беморлар дардиға дармон.

Баҳор ўлди кетиб фасли хазони,
Ўлук танларни ўлди тоза жони.

Вазири қадди ҳам, пири куҳансол,
Алиф топди қадин бор эрди чун дол.

Бас ондин сўнг қилиб таъйини соат,
Етушди кечанинг нисфиға муддат.

Парию одамий барча ҳаводин,
Нузул этдилар атрофу сабодин.

Намоён айлабон беҳад тажаммул,
Солиб афлок уза овози ғулғул.

Ҳамул тун хўб соат ичра Вомиқ,
Хилофат маснадиға бўлди лойиқ.

Бериб Осафға аҳкоми вазорат,
Ўзи маскан этиб тахти жалолат.

Доғи ул дам Шакардухт ила Азро,
Паридўхту малика руҳ афзо.

Ҳарам ичра кириб тутдилар ором,
Бўлуб масрур ҳосил айлабон ком.

Ғараз борча эл ўлди шоду хуррам,
Жавоҳирлар қилиб ийсори мақдам.

Сипоҳи инсу жин тортиб тарона
Навозиш айладилар шодёна.

Мақом айлаб малойик хиттаи хок,
Бўлуб шаҳри Сабо бир олами пок.

Нигорин айлабон жон бирла парво,
Ано янглиғ Шакардухт ила Азро.

Қўюб хизматда хизматкор оларға,
Қилиб жон гавҳарин ийсор оларға,

Бўлуб давлат янги бошдин муяссар,
Алар васли кўзин қилди мунаввар.

Кетиб кўнглидин андуҳу ғами ранж,
Нисор этти аларға юз туман ганж.

Хуш ул соатки ҳар маҳжури бедил,
Чекиб ғурбат қилур мулкида манзил^

Кетур, соқий, шароби роҳат афзо,
Ки қилғумдур ватанда эмди маъво.

Керак кўнглимга қилсам шодлиғни,
Балиятдин топиб озодлиғни.

Адолат бирла тутғил эмди бода,
Ки адлинг келди муштоқи зиёда.

Шоҳ Вомиқ сарири салтанати шаҳри Сабода қарор тутуб доду адл бунёд қилғони

Чу минди салтанат тахтиға Вомиқ,
Анингдек айлади адли мувофиқ.

Улусни айлади адл ила масрур,
Жаҳон мулкида бўлди ўйла машҳур.

Ки ондин сўнграги хайли салотин,
Дер эрдилар анга анвои таҳсин.

Анинг адлини ёд айлар эдилар,
Стеҳсонин зиёд айлар эдилар.

Қилиб Нушравон доғи они ёд,
Билур эрди ўзига они устод.

Басе кўргузди адли ичра зоеъ,
Қилиб изҳор қонуни бадоеъ.

Эшитса ногиҳондин оҳи мазлум,
Берур эрди сазои золими шум.

Либосини қилиб ҳар кеча тағйир,
Қилур эрди улус ҳолиға тадбир.

Чун ул бу навъ бўлди шоҳи одил,
Дуосиға ҳама эл эрди шоғил.

Келибдур хуш шиори адл, ори,
Анга ворид бўлубдур амри бори.

Бил, эй соҳиб .сарири мулку давлат,
Мадори салтанат келди адолат.

Шаҳи бемаъдалат зебо эмастур,
Иморат беустун барпо эмастур.

Агар етмак тиларсен ҳақдин имдод,
Раиятни карамдин айлагил шод.

Десангким қасру давлат бўлса барпой,
Сахоу адл ила бўлғил неку рой.

Эшитдим Кисри султони довар,
Деди Хурмузға, эй фархунда сарвар,

Раият беҳ эрур султон шажардур,
Шажар беҳ ила доим борвардур,

Ғаразким, Бархиё бирла Нигорин,
Қилиб шаҳлиғ учун Вомиқни таъйин.

Ва лекин ўзлари тарки ҳукумат
Қилиб тангрига этдилар ибодат.

Нигорин топшуруб Вомиқға авранг,
Ибодатхона сори қилди оҳанг.

Топиб ҳам Барҳиёи пири рухсат,
Қилурға гўшада ҳолиқға тоат.

Этиб ўз мансабин сонийға таслим,
Анга илму вазорат берди таълим.

Тутуб, соқий, қадаҳ, кўнглумни қил шод,
Ки ҳолиқдин тиларман ўзга авлод.

Эрур ҳақ лутфи тавлиду таносул,
Замони қилмоғил ондин тағофул…

Шоҳ Вомиқ салби ва Азронинг раҳмидин шаҳзодалар таваллуд топиб жон кўнгли яна тозадин хуррам бўлғони

Хушо улким бериб эрди халафзод,
Кўзин равшан қилур дийдори авлод.

Эрур мақсуд авлод ила фарзанд,
Ики дунёда қилғучи баруманд.

Улуғлардин бу сўз бордур муқаррар,
Ки ҳар одамда фарзанд ўлмаса гар,

Анинг бўлмас замири коми ҳосил,
Бўлур балким савоби доғи зоил.

Қачон бўлғай ул одам оти фони,
Ки қолғуси халаф фарзанди оҳи.

Садаф оти қолур оламда, ори,
Ки боқий бўлса дурри шоҳвори.

Чу Вомиқ маснад узра жой тутди,
Ки бир йил муддати Азродин ўтди.

Хабар топғоч шаҳи Вомиқ ки Азро,
Ки бўлмишдур анга ҳамл ошкоро.

Шукуфта бўлди ондин шоҳ Вомиқ,
Нечукким тонг елидин субҳи содиқ.

Они бу мужда қилди шоду хурсанд,
Ки асру бор эди муштоқи фарзанд.

Чу Азро ҳамлидин ўтди неча моҳ,
Анингдек бир ўғил туғди баногоҳ.

Ки эрди ул маҳи авжи нажобат,
Юзидин барқзан нури саодат.

Нигорин айлабон ондин мубоҳот,
Онга деб Носири соний қўюб от.

Қилиб Вомиқ кўзин ул нур равшан,
Гули васлидин ўлди кўнгли гулшан.

Бас они дояға топшурди ул он,
Ки қилғай парвариш беҳадду поён.

Яна Вомиқ ёрутди чашми уммид,
Қилиб Азро неча фарзанд тавлид.

Ўғул эрди бириси, лекин они,
Юзи эрди чу меҳри осмони.

Бўлуб дийдоридин хурсанду масрур,
Қўюб онинг отин шаҳзода Мансур.

Бириси они духтар эди, аммо —
Отини қўйдилар Билқиси суғро,

Шакардухт ила Осафдин ҳамул он,
Бўлуб фарзанд тавлиди фаровон.

Алар бирла жамии шаҳзода,
Топиб тарбият анвоин зиёда.

Ўқуб мактабда асру дарси тақдис
Ки соний Носиру Мансуру Билқис.

Шаҳи Вомиқ аларға эрди устод,
Берур эрди улуму маърифат ёд.

Алар таълимиға кўб айлади жид,
Ки ҳар бир бўлди устоди Мўъбид.

Қилиб касби камолу фазлу дониш,
Бўлуб ҳар бир чароғи аҳли биниш.

Қилиб, эй соқий, алтофи иноят,
Табибийға кетургил жоми беҳжат.

Ки қилғуси насиҳатгўлик изҳор,
Жаҳон аҳволини айлаб намудор.

Шоҳ Вомиқ ўз ўғли Носир сонийға насиҳат бергонининг баёни

Ҳамулким бор эди ҳикмат баёнлиғ,
Бу янглиғ қилғусидур нуктадонлиғ.

Ки чун шаҳзода майли мактаб этди,
Доғи ўн беш йилға ёши етди.

Баси касб этди осори фазойил,
Улуму фанну ирфону хасойил.

Мафавваз зотиға бўлди балоғат,
Ато айлаб анга тенгри шижоат.

Шаҳи Вомиқ онинг кўргач камолин,
Улуму фитрату жоҳу жалолин.

Хаёлиға бу бўлди ошкоро, .
Ки кеча панд анга қилғуси иншо.

Русуми салтанатда токи комил,
Бўлуб қилғай талаб неку хасойил.

Эрур албатта султонларға лозим,
Ки авлодиға берса панд доим.

Доғи лойиқ хирад огоҳларға,
Ки ҳикмат ёд бергай шоҳларға.

Ҳамул важҳ ила бир тун шоҳ Вомиқ,
Насиҳатға билиб ўғлини лойиқ.

Бўлуб хилват аро осуда хотир,
Қошиға айлади Носирни ҳозир.

Анга дедики: «Эй фарзона фарзанд,
Қулоқ солғил санга бергумдурур панд».

Деди шаҳзода: «Айланг амру фармон,
Қилинг неким насиҳатдур намоён.

Неча вақт ўлдиким сиздан тилаб панд,
Эрурман субҳ ила шом орзуманд».

Деди Вомиқ: «Ки, эй кўнглум сурури
Эшит аввал санга будур зарури.

Ки айлаб фикр асли хилқатингни,
Кўзинг оллиға келтур тийнатингни.

Ки бир қатра сувдин халлоқи жаббор,
Сени халқ этти, лек ул доғи мурдор.

Такаббур қилма |они ёдинга сол,
Худонинг бирлигин бил доим улҳол.

Ҳамиша тенгрига айлаб ибодат,
Талаб қил доимо илму фазилат.

Қачонким тузсанг ойини ҳукумат,
Риоя тут анга роҳи шариат.

Ҳарис ўлма жаҳон молиға асло,
Карамни пеша қил ўзга мудомо.

Сипаҳ хайлиға қил инъому эҳсон,
Раоёни этиб лутф йла шодон.

Чу сиз неча ини бирла ағосиз,
Қаю бирингки гар соҳиб саҳосиз.

Қилиб ҳосил менинг ул лаҳза комим,
Бўлурсиз тахт аро қоим мақомим.

Яна бўлғил ҳамиша соҳиб инсоф,
Замони қилмағил харжингда исроф.

Чу онинг ҳаққида бор насси қотеъ,
Неча тадқиқ ила бурхони сотеъ.

Ёмонлар суҳбатидин ижтиноб эт,
Накўлар улфатига иртикоб эт.

Улум аҳлиға қил доим муҳаббат,
Жаҳолат аҳлидин эт асру нафрат.

Шитоб этмакдин ўлсун эҳтирозинг,
Бўлуб сабру тааммул чора созинг.

Менингдек бўлма ҳаргиз моили ишқ,
Ки дарди ғусса бўлғай ҳосили ишқ.

Тузарда доғи ойини ҳукумат,
Санга бўлсун туну кун афв одат.

Ки бу шева эрур зеби салотин,
Мунинг ҳаққида ҳам кўбдур бароҳин.

Низоми мамлакатда субҳ ила шом,
Сиёсат айламакни ўзга қил ком.

Нечунким бўлмаса расми сиёсат,
Ёмон эл олмағуси ҳеч ибрат.

Доғи дунёға ҳартаз бўлма мойил,
Ки ондин бўлмағай жуз ғусса ҳосил.

Анга ҳар нечаким қўйсанг кўнгилни,
Санга бошқарғуси ҳирмонға йўлни.

Санга айлаб жаҳон аҳволини изҳор,
Баён этгумдурур бир неча гуфтор.

Даҳрнома

Жаҳонким бир ажойиб гулситондур,
Назарга зийнати беҳадду сондур.

Очилмиш гулшанида юз сифат гул,
Эрур ҳар бир бўю рангидин мул.

Келиб ранги назарларға тарабхез,
Бўлуб жонларға бўйи беҳжатангез.

Эрур ҳар гулшани ишратға маъдан,
Они қилғусидур айш аҳли маскан.

Фаровон саҳнида ашжори онинг,
Бўлуб лаззатрасон асмори онинг.

Қелиб анҳори ҳар сори равона,
Азубатда бўлуб таъми ягона.

Қачонким нўш қилғай ондин инсон,
Берур лаззат нечунким шарбати жон.

Ҳавоси руҳафзо борча элга,
Дилороу таносо барча элга.

Бўлуб кўзларга зоҳир сабзазори,
Етурмак нур бўлғуси шиори.

Чун ўлғай қушлариға зоҳир алҳон,
Эшитканларга бергай тозадин жон.

Эрур саҳни чаманда ҳавз пайдо,
Суи софилиғ ичра кавсар осо.

Келиб базми басй файзу сафолиғ,
Қилиб хосият ичра жонфизолиғ,

Майи ҳайвон суи янглиғ гуворо,
Бўлуб жону кўнгулга роҳат афзо.

Тамоми жомии заррин мунаққаш,
Бўлуб шакл ичра доғи асру дилкаш.

Ҳама соқийлари маҳбубу гулчеҳр,
Жабинидин аёндур шафқату меҳр.

Карам қилса қаю одамға бода,
Бўлур токим абад айши зиёда.

Муғанниси гар оғоз этса нағмот,
Эшитганга бериб бир ўзга ҳолот.

Замирин қилғусидур шоду хандон,
Ғаму андуҳини дафъ айлаб ул он.

Бори маҳвашлари ҳусн ичра аҳсан,
Вале бордур неча нозу адо фан.

Аён бўлса агар нозу адоси,
Бўлур кўрган киши онинг фидоси.

Бировким бўлса ишқининг дучори,
Фалакка чиққуси афғони зори.

Агар ошиққа васли бўлса ҳосил,
Нишоти жовидон топғуси комил.

Вале ҳажриға ошиқ етса ногоҳ,
Анинг ҳолиға беҳад оҳ ила воҳ.

Қусури бордурур чун қасри жаннат,
Ҳама қасри макони аҳли ишрат.

Келиб рифъат аро гардунға ҳамсар,
Бўлуб кўнгуллари пур зебу зевар.

Бори девори манқуши муқарнас,
Сутуну саҳни айвони муассас.

Очилған ҳар тарафдин боби олий,
Эмасдур файздин бир боби ҳоли.

Ғараз ушбу гулистони дилоро,
Ки бор шоҳу гадо хайлиға маъво.

Мисоли йўқ сафоу нузҳат ичра.
Нишоти файзу ҳаззи беҳжат ичра.

Вале афғонки, эрмат жовидоний,
Бўлур охир ҳама ашёи фоний.

Бори гулзорида бўйи бақо йўқ,
Гулида ҳаргиз алвони вафо йўқ.

Қаю гулшанки ҳоло келди зоҳир,
Хазон ошубини топғуси охир.

Тараб жомидин айлаб нўш бода,
Неча қилсанг фарах ҳосил зиёда.

Ва лекин оқибат махмур бўлғунг,
Хумори дардидин ранжур бўлғунг.

Сурудиға келибдур навҳа мудғам,
Сурури зимнида андуҳу мотам.

Ҳануз ўлмай висоли ёрдин хаш,
Тушуб ҳижрониға бўлғунг мушавваш.

Бировким қилса қасри ичра маскан,
Макони бўлғай охир тийра мадфан.

Киши йўқдурки онда кўрмамиш ниш,
Замири бўлмаған андуҳ ила риш.

Аруси даҳрким бордур ситамгар,
Гадоу шаҳға зулмидур баробар.

Ҳамага жавр қилмоқ одатидур,
Ҳамага шомил онинг меҳнатидур.

Неким Одам Атодин токи бу дам,
Ўтубдур даҳр аро фарзанди одам,

Бори кўрмушдурур онинг жафосин,
Чекиб ҳар лаҳза озору аносин.

Алар ёлғуз демайким, ўзга кўб шоҳ,
Қилиб бу даҳрни ўзга мақаргоҳ.

Туну кун зоҳир айлаб адл ила дод,
Жаҳонни қилдилар адл ила обод .

Бўлуб ишрат била саршори шодоб,
Йиғиб борича имкон турлук асбоб.

Неким хоҳишлари эрди жаҳонда,
Бўлур эрди муяссар бир замонда.

Вале сўнгра ажал жомин қилиб нўш,
Бориси бўлдилар марг ила мадҳуш.

Алардин қолмади осор жуз от,
Буларнииг ҳолиға ҳайҳот, ҳайҳот.

Қани ул соҳиби илму амаллар,
Ки айлаб баҳс илм ичра жадаллар.

Жаҳонда қўйдилар таснифу осор,
Алардин қолди кўб атвори гуфтор…

Қани онларки эрдилар сухандон,
Калом изҳор этиб борича имкон.

Қилиб бисёр назму наср таълиф,
Кутиб анвони, асру этди тасниф.

Улуми шеърда моҳир эдилар,
Ғазал демакда бас шоир эдилар.

Аларнинг сўзлари эрур равонбахш,
Маъно бирла сомеъларға жон бахш.

Дедилар нуктлар борча шакаррез,
Эшитган кимсаларга беҳжат омез.

Вале қилди ажал борини абкам,
Сукут ила этиб охирда мудғам.

Ғараз ҳар кимки бу оламға келди,
Анга гардун бу янглиғ жавр қилди.

Тааммул айла, эй фарзона фарзанд.
Жаҳондин бўлмоғинг доим баруманд.

Сенга рўзи бўлуб гар бахти давлат,
Насибинг бўлса тун кун айшу ишрат,

Бўлуб умринг замони тули айём,
Нечукким Нуҳ тобсанг умрдин ком,

Жалолу жоҳинг Афридунча бўлса,
Зару молинг доғи Қорунча бўлса,

Қилиб гардун сенинг комингға даврон,
Ҳама мушкулларингни қилса осон,

Не матлабға тамизинг бўлса мойил,
Ҳамулдам қилса не ташвиш ҳосил,

Етушмай хотирингға занги кулфат,
Ҳусулинг бўлса айшу кому роҳат.

Вале билгинки чун паймона тўлди,
Бўлур сендин ҳама бегона бўлди.

Булар борин қўюб охир кетарсан,
Бас они орзу айлаб нетарсан…

Санга ушбу сифат айлаб насиҳат,
Бу мавзуда кетургум бир ҳикоят.

Ҳикоят бар сабили тамсил

Эшитдим Хисрави Парвези худком,
Ки эрди ҳукмрони даври айём.

Мақом айлаб ўзига маснади ож,
Қўюб боши уза юз фахр ила тож.

Тажаммул бирла ул кишвар худованд,
Кийиб хилъат зарандуду зар оганд.

Бор эрди тожи вазни тўрт юзман,
Қуёш тожи каби масқули равшан.

Юқоридин осиб ул тож диловез,
Қўюб маснад онинг остида парвез.

Бу тож остида шоҳи меҳр сиймо,
Анга еткурди фарқи фарқадонсо.

Бузург Уммид ила ёнида Манзур,
Анга дедики: эй фархунда дастур.

Бу тож узра не ёзғум, эй ҳунарвар,
Ки мендин сўнгра бўлғай ёд овар.

Қолиб мендин бу тожи зевар обод,
Уқуб ул лаҳза қилғайлар мени ёд.

Ки қилмай ҳеч бир соҳибқирони,
Бу янглиғ ишки, мен қилмишмен они.

Эрурмен мен сазовори ситоиш,
Ки Қисро насли мундоқ қилмади иш.

Менул Хисравки гар разм айласам ком,
Ки бўйимдин кирар гўр ичра Баҳром.

Уруб майдонда тийғи тез рўин,
Забун этдим туни Баҳроми чўбин.

Чу гулгун барши новард юрдим,
Диловарлар бошин ерга тушурдим.

Манго майдонда чун новард бўлди,
Насибам ганжи бодовар бўлди.

Чу ширин дилбари ғоратгаҳи хуш,
Бажуз мен кимга бўлмиштур ҳамоғуш,

Бузург Уммид анга дедики, эй шоҳ,
Оанга бордур салотин хоки даргоҳ.

Яқин билгим эрур, эй моҳи нокост,
Бу маъниларки дерсан, барчаси рост.

Олурсан шоҳлардин тож ила бож,
Бу сўз зинҳор қилғил зевори тож.

Ки эй улким шаҳи олий гуҳар сен,
Ки мендин сўнгра бўлғунг тожвор сен.

Бу тож ила сен ўлма масту мағрур,
Ки охир бош яланг жоҳ қилғасен гўр.

Чу ман эрдим сенингдек комрони,
Ки ҳукумимда эди халқи жаҳони.

Олиб мен мулки олам қоф то қоф,
Кўтардим кўкка чархи нахвату лоф.

Паривашлар бўлуб ёру қариним.
Салотин эрдилар даргаҳ нишиним.

Қўюб базм ичра бошим узра афсар,
Бухури манқал эрди уду анбар.

Бериб комимға лаззат лаъли ширин,
Мудом эрди тараб боғида гулчин.

Асоси ҳашматим гардунча эрди,
Манолу давлатим Қорунча эрди.

Қўюб борин бугун овора бўлдим,
Қаро ер остида бечора бўлдим.

Қани ул шўхи ширини шакар лаб,
Қани ул маҳлуқои сийм ғабғаб.

Қани ул тахти заррину каёни,
Қани ул шавкати соҳибқирони.

Қани айшу нашоти базми Жамшид,.
Қани жоҳу жалолу иззу тамжид.

Қани ул дастгоҳи тахти афсар,
Қани ул хашмату худдому чокар.

Назаргоҳимдин ўлмиш барча ғойиб
Анисим гўр аро дарди масойиб.

Чекарман тийра гўр ичра тааллум,
Рафиқим кеча-кундуз мору каждум.

Таним сарто қадам кирм ила машҳун,
Май гулгун мангодур бийм ила хун

Бўлуб маскан манга тийра мағоки,
Эрур афсар манга бир тўда хоки.

Не қилғум ганжи бодовардини ёд,
Ки бодоварда ҳам бўлғуси барбод.

Гаҳи қабрим уза бир дам гузар қил,
Менинг бу турфа ҳолимға назар қил.

Тааммул қил, кўруб ҳоли низорим,
Бўлур равшан маоли кору борим

Чу мендин қолди бу тожи зарандуд,
Санга ҳам тожи зардин бўлмағай суд.

Доғи Бузург Уммид ул ҳолат ичра,
Тил очиб асру панду ҳикмат ичра,

Скандардин ниҳон қилди падидор,
Ки ул панд Арастуға қилди изҳор.

Бу ҳам дунё учун бордур мадумат,
Ки қилғум они бу ерда ҳикоят.

Ҳикоят бар сабили тамсил

Эшитдим Хисрави олий Скандар,
Арастуға бу сўз қилди муқаррар.

Ки чун бу даҳрдин қилғум азимат,
Адам даштиға сургумдур жанибат.

Қубуристон сари бошқар йўлимни.
Чиқорғил наъшдин ул дам қўлимни.

Ки билғай зумраи мағрур сармаст,
Ки борғум даҳрдин бу дам тиҳи даст.

Олиб мағриб била машриқни яксар,
Борурман бу нафас бетожи афсар.

Эшитгач йиғлабон бу сўзни Парвез,
Деди, ёзғил бу сўзни тож уза тез.

Яна Носирга боқиб шоҳи Вомиқ,
Деди, қай панд эшитмакликка лойиқ.

Тааммул айлаким, аҳли хилофат,
Не янглиғ қилдилар, панду насиҳат.

Бу фоний дайрким дунёдур оти,
Анинг йўқдур қарор ила саботи.

Маоли коридур андишаи хом,
Эрур пасмоадаи ҳар хосу ҳар ом.

Эмасдур давлати иқболи жовид,
Кўрубдур неча Баҳром ила Жамшид.

Даётин англағил, эй марди соий,
Ғурури жаҳл нахватнинг матоний.

Баробардур ўлум шоҳу гадоға,
Тафовут йўқ гадоу подшоға.

Кўрибмусанки, ўлгач шоҳу дарвеш,
Олиб бормишдурурлар жуз кафан пеш.

Биров топмишдурур умри абадни,
Ки ул оромгоҳ этмай лаҳадни.

Борурсен, қолғуси фарзанди амлоку
Мақом этгунгдурур охир таҳи хок.

Улумни ёд эту фикри сафар қил,
Ғурури кибру нахватдин ҳазар қил,

Қилурдин хоби ғафлат мунфарид бўл,
Кетар вақтингни чоғлаб мустаид бўл»,

Шаҳи Вомиқ чу пандин қилди нтмом,
Олиб шаҳзода Носир панддин ком,

Ота бирла ўғил ул икки мумтоз,
Бу аснода қилиб кўп гиря оғоз.

Деди, кей мушфиқим фарзона фарзанд,
Санга ҳар неки дедим бу сифат панд,

Они бир лаҳза ҳам қилма фаромуш,
Ки эрсанг олам ичра соҳиби ҳуш.

Бас ул пандики, бўлмиш эрди зоҳир,
Китобат айлабон шаҳзода Носир.

Қилиб жон бўйниға таъвид они,
Ўқуб ҳар лаҳза пайдоу ниҳони,

Амал мазмуниға қилди ҳамиша,
Ки то бўлди жаҳонда нек пеша.

Карам қил, соқиё, тутғил манга май,
Ки қилғумдур фано йўлин бу дам тай.

Фано йўлиға мастона этиб азм,
Адам майхонасида тарҳ этар базм.

 
Тубсиз қудуқ. Абдусаид КЎЧИМОВ PDF Босма E-mail
28.02.2013 06:03

Бол тотли деб
бармоғингни тишлама.
Мақол

1
Аканг  қарағай қишлоққа  кайфияти бузилиб, руҳи эзилиб,  минг-минг пушаймонлар  еб  қайтиб келди.  Бўлиб ўтган  аччиқ ичакдай узун гапларни ҳеч кимга, ҳатто, қўрбошига ҳам   айтмади.
Айтсам,  Тошкентга бориб, тоғам билан юлишиб келишдан қайтмайди, деб  ўйлади. Бўлмаса, қўрбошидан яширадиган сири йўқ, ҳатто, улфатлар  гурунгларидаги нозик-нозик  ҳазил-ҳузуллар ҳам ичида қолмайди.  Қўрбоши ҳам,  айтмаса,  жим қараб турадиган  анойилардан эмас: ичидагиларни балиқ овлагандек битта-битталаб суғириб олмагунича кўнгли жойига тушмайди.
Қўрбоши — аканг қарағайнинг неча йиллик сафдош-сафардош  турмуш ўртоғи — Хосият.  Чигирткадек чиллашир бу аёл, кимсан, Қўйли гуппидек  инсон зотига бўй бермайдиган, ҳар  гапида "аканг қарағай!" дея кўксига урадиган тоғдек ўктам  йигитни қайси  макри-мақоми билан камондай эгиб, бурнидан ип ўтказиб олганига  аҳли овул  ҳайрон.
Ҳайронлик  аканг қарағайнинг ўзига ҳам  маълум. Аммо,  бировга сир бермайди. "Биз  бачаларнинг  энасини  бекорга қўрбошим, деб мақтамаймиз, — дейди  у  тилини қисмоқчи бўлган мақтанчоқ тенг-тўшларига. — Қонида бор. Бобоси Ибод  чавондоз босмачи бўлган.  Шўролар ҳукумати энди-энди  тузилаётган  замонларда,  чавондозни партияга ўтказмоқчи бўлишади. Қийқириб  от  чоптириб  юрган эмасми, райком бюросида биттаям саволга жўяли жавоб  қилолмайди.   Шунда,  китайский қўлфонардай кўзларини чақчайтириб ўтирган райком котиби, тўсатдан, босмачи тўдасида бўлганмисан,  тўғрисини гапир, дея зўғим қипқолади.  Ҳа,  дейди чавондоз. Большевистик партияни куни босмачига қолдими,  ўшқира кетади ўтирган жойида бир газ бўйи сакраб тушган райком котиби, бу  зараркунандани йўқот кўзимдан!
Уларни  кўчага ҳайдаб чиқаришганда, тутақиб кетган колхоз парткоми,  баччағар, бўлсанг-бўлгандирсан,  йўқ,  десанг биров тилингни  суғуриб олармиди,  деса  содда  чавондоз,  қўрвошининг ўзи  сўраб турибди-ку,  қандай қилиб  ёлғон гапираман,  ака,  дермиш  оғир  уҳ тортиб...
Бизни хотин  ана шунақа  қўрвошилардан...
Бу ҳангоманинг  қанчаси чину  қанчаси  ёлғонлиги,  аканг қарағайнинг аёлига неча пуллик алоқаси бор-йўқлиги билан   ҳеч кимнинг иши йўқ, бир банда  қизиқмайди,  қизиққиси  ҳам   келмайди.  Лекин  барчага  бирдай маъқул. " Биззики ҳам  шунақа...  бизники ундан ўтказади...  биззи  қўрвоши..."  деб,   аёлларини таъриф-тавсифлашга тушиб кетишади, бир-бирларига маъноли-маъноли  қарашади, илжайишади.
— Сопига  довур ерга ботириб кетмон чопади,  ўроқ ўради, сувчилик қилади, сигир соғиб  қатиқ  ивитади,  олти,  мен билан қўшиб  ҳисобласа  еттита  эркакнинг  кир-чири,  пишир-куйдири — ҳамма-ҳаммаси зиммасида. Уй  беги,  чин  қўрвошиси!
Тушунарликми?
Ҳамма тушунади. Тушунмаган эркак  қолмайди. Шунинг билан, фалончи хотинининг қули, писмадончи   рўмол  ўраб юрсин,  қабилидаги пичингларга нуқта  қўйилади. Суҳбат оқими бошқа тарафга эниб кетади. Ҳар  кимнинг  дарди-касали  ўзига маълум, ўзига равшан...

2

Етти қават ер  тагида илон қимирласа сезадиган  қўрбоши, аканг қарағайнинг шашти пастлигини фаҳмламаслиги мумкин эмас, албатта.
— Тоға бўй бермадими?— худди ичидагиларни ўқиб тургандек тиккалай  сўроққа тутди  у. — Нимага гарангсиб турибсиз?
— Ҳештима. Камандировкада экан, — ёлғонлади  аканг қарағай. — Шер аканиям, Юлдузниям тополмадим. Ҳофизни прадуссир дегувчи югурдаги  боракан, икки-уч  кунда гаплашиб, ҳал  бўлса, айтаман, деб ваъда берди.
— Ундай бўлса,  анграйиб ўтирмай,  катталарни чақиринг, маслаҳат оши қилиб, тайёргарликни бошлайлик. Улжон момом айтарди, ёниди бир мири йўқ, туянинг тишини кўрар, деб. Тўй-тўй, деб   чаккангизга  гул тақиб юрибсиз, буёқда ҳеч вақонинг тайини  йўқ.
Аканг қарағайнинг  режаси  ҳам шундай  эди. У аёлига бир ўқрайиб,   ўғлини  ёнбошига ўтқазди,  меҳмонларни номма-ном айтиб, ёздирди.
Ўғли   Элтой велосипедини  ғизиллатиб,  хабарчиликка кетди.  Аканг қарағай супади  бир ўзи қолди. Овозаси  Тошкентгача етиб борадиган  тўй  қилиб, тоғани донг қотириш иштиёқи   юрак-бағрини  ўртаётган эди.
У икки-уч  кундан буён тиғ  тегмаган рапидадек ияк-чаккасини кирт-кирт  қашиб,  супадаги кароватга  ўтирди. Темир кароватнинг пружиналари ғижирлаб кетди. Чўнтагидан  носқовоқ чиқарди,  (папирос  қимматлашгандан буён,  ўзимизнинг "товар", деб носга ўтиб олган),  тишига так-так уриб  нос отди,  тоққа томон  сузиб  кетаётган кўрпадай-кўрпадай  қара-қўнғир булутларга  тикилиб, узоқ  сукутга  чўмди. Шу  маҳал: "Кўкка қара, осмон қудуққа ўхшайди", деган  бир сас  қулоқлари остидан елиб ўтгандай бўлди. Думалоқ  кўзлари  қисилиб,  осмонга тикилди. "Қудуқмиш... — кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқиб айлантирди, — соғлиқ жойидами?"
"Бир этак  боланг бор,  ер тирнаб  топганларингни шамолга совурма, — пичирлади яна ўша сас. — Келин-куёвнинг  дўст-ёрларига  ихчамгина базм қил, қолганини сандиққа солиб  қўй. Рўзғорнинг ўттиз икки оғзи бор, дейдилар. Ҳали  кўп керак бўлади".
Аканг қарағайга худди тоғаси қўлини валламатларча елкасига қўйиб, тепасида тургандек туюлиб кетди. "Қўлингизни тортинг!", дегандай  елкасини  силтаб, ён-верига  нигоҳ ташлади. Тоғасининг ўгитлари ёдига тушгани сайин  табиати тирриқлашди.  "Гўё биз  билмаймиз,  гўё  бошқа  планетада яшаб юрибмиз,— овозини  чиқармай ғулдуради у. — Ўзим аҳмоқ, ўзим эшак мия! Эшак мия бўлмасам борармидим? Шунча  панду насиҳатлардан кейин, яна артистлардан гап очаманми? Баттар бўл. Энди  кўнглинг жойига тушгандир... — У чапаничасига сўкинди. — Тоғанинг феълини билмасмидинг? Билардинг,  "Сен айтган артистларга  камида кўкидан бир ярим — икки минг бериш керак",  "Пулинг   кўпайган бўлса, болаларни  ўқит, келинни  олиб санаторийга  бор,  дам ол,  томоша  қил," деб  дарс берарини аққол яхши билардинг!"
У овозини баралла  чиқариб алам билан ўзини койиди:
— Баттар бўл! Ҳўкиз.
Тоғанинг айтганлари  оғули ўқдай  баданини тешиб ўтиб,   суягига  қадалган, заҳри ҳали-ҳануз етмиш икки томирини зирқиратиб оғритаётган эди. "Болаларим  оч,  ош-нон беринг, деб тиландимми! — қаршисида  тоға  тургандек  ўдағайлади у. — Биздаям орзу бор, ҳавас бор. Ор-номус бор!  Биз ҳам одам!" — оғзидаги носни супа пастига қараб жаҳл билан  туфлаб  юборди. — Ҳали... бир тўй  қилай, бир тўй  қилайки!.."


3
Қош қора-қорая  меҳмонлар бирин-кетин кириб кела бошладилар.
Аканг қарағайнинг ўртанча  акаси Тўйчибой ранги ўчинқираган тахта дарвоза  олдида:  "Келинг, келинг; хуш кепсиз, тортинг, тортинг",  деб  баковуллик  қилиб турди.                  
Қачонлардир панжакаш сомон сувоқ  қилинган-у,  кейин қўл тегмай қолиб кетган  ўн уч болорлик, вассажуфт  хона одам тўлаверганидан сўнг, бинойидай  меҳмонхона  сиёқига кирди.
Меҳмонлар  икки тоифа:  катталар — қишлоқ оқсоқоли, унинг  ёрдамчиси, бозорқўм, мактаб директори, собиқ  биригадир;    яқин  қариндошлар —  ака-ука, тоға-жиян  ва яна хотин тарафдан  териб-териб айтилган  вакиллар.
Ҳаммалари ўз жойини билиб-билиб  ўтирдилар.
Энг охирида мачит сўфиси  Даврон ҳожи келди У ўрта бўй, соч-соқоли тегирмондан чиққандай оппоқ, қотмадан келган, қийиқ кўзлари мулойим кулимсираб турадиган,   ёши етмишларни қоралаб  қолган  киши эди.
Ҳожи, тўрда — кўрпача-ю  лўлаболишлари пастга туширилиб, ерга тўшалгач, ўрадай бўшаб қолган тахмон тагида чордона қуриб, бир таноб жойни эгаллаб ўтирган Рауф оқсоқолнинг ўнг  биқинига  ўтиб ўтирди. Орқасига парёстиқ қўйдилар.
Даврон ҳожига кўрсатилаётган иззат-эҳтиром Рауф оқсоқолнинг ғашини қўзғади: пешонаси чинорнинг кузги баргидек  тиришиб,  қарға кўзлари қисилиб кетди. "Саллапечингдан  ўргилдим! — ғижинди ичида. — Ўтиришга бошқа жой қуриб кетганмиди?"
Ҳожи дуога қўл  очди:
— Ҳар бир отанинг ўғлига қиладурғон  ҳаққи учтадур. Туғилса, яхши исм қўймоқ;  ақли кирса  Қуръони Каримни ўргатмоқ;  балоғатга етганда уйлантириб қўймоқ.  Инимиз Қўйливой пайғамбаримиз амалларидан яна биттасини  ижро этмоққа қасд  қилибди эканлар, тўй  қуллуқ бўлсин,  деб дуо қиламиз.
Бараварига "Овмин!" дедилар.
Ҳожи яқиндагилар билан  "вахтингиз хушми, думоғлар чоғми?",  дея бир-бир сўрашиб чиқди, қолганларга "Сиз яхшими, сиз яхшими?",  дея бош ирғади. Рауф оқсоқол билан алоҳида саломлашди:
— Дамлигинамисиз, раис бово? Ҳамро гидингни  жанозасида кўринмадингиз?
Рауф оқсоқол "ҳамма сендек бекорхўжами", дегандай  малолланди:
— Мажлис боракан, районга чақиришувди.
Нон ушатишди,  олинг-олинг дея бир-бирларига манзарат қилишди.  Гурунг  бошланди.
— Ҳар  гузарда тўй, шу бугуннинг ўзида  тўрт жойга  кириб-чиқибмиз, — деди шукрона оҳангда Даврон ҳожи.
— Йиғадиганини йиғиб, оладиганини олиб бўлди ҳамма. Энди эрта баҳоргача тўй қилади, еб-ичади, ўйнаб кулади-да, — энса қотирма қилди Рауф оқсоқол.
— Аллоҳга шукр.
Рауф оқсоқолнинг чап тарафида  оёқларини чалкаштириб ўтирган  Қулбин бозоркомнинг нима учундир шашти паст эди. Патсиз наматларга тўшалган якқават  кўрпачаларга,  кўккандир  дастурхонга,   парварда, кишмиш, арзон конфет  солинган  кафдек-кафтдек  елим  тақсимчаларга  жийрилиб-жийрилиб  кўз  югуртирар, вассалар  орасидан хас-хашак  чиқиб турган  шифтга,  чувалчангдек осилиб ётган узун-узун исларга  қараб ижирғанар эди.  “Шу топда  бир нима  дегудек бўлсанг, сен  тизза бўйи  ноз-неъмат,  тавоқ-тавоқ  гўштга ўргангансан-да, деб кесатишади,— хаёлидан ўтказди у.— Меҳмон атойи худо, қурбинг етса  чақир”.
Бозорқўмнинг асабийлашуви  кучаяверди. —  Новвойдан тўртта  оқ нон опкелиш кимни ўлдирибди? — У   қоп-қора тошпатирдан бир бурда синдириб,  мўъжиза томоша  қилаётгандай айлантириб  тикилди...
—   Чойни сузинг,  мулла Қулбинбой,—  хаёлини  бузди пойгак  томонда ўтирган  собиқ бригадир .— Ҳалитдан бери кузатаман, азага  келгандай  қовоқ-тумшуқ қилиб ўтирибсиз, тинчликми?
Бозорқўм  гавдасини  унга  бурди, бошини  бошига яқинлатиб:
— Маслаҳат ошига  қўй-пўй сўйилмасмиди? — деди панг товушда.
Бригадир тил учида  "Ҳа" деб  қўйди. Кўкайида: "Дарди-касали томоқ, пул.  Бозорнинг бўриси. Тўнғиздай тўқ", деган фикр  кечди.
Қариндошлар  томонда ҳам  суҳбат  авжида.
— Тўй яхши-да, ҳар кимни тўйга етказсин,— дерди Мамаюсуф кал  чойга бўктирилган ноннинг сувини  оқизиб оғзига  тиқаркан. — Одамлар бир-бирларини кўради, дардлашади.
— Одамзот  дунёда нима учун яшайди, тўй-томоша  қилай,  эл-юртга ош берай, деб-да,  тўғрими? — гапини маъқуллатишга ошиқарди  Пиён пона. — Қодирқул  қассопнинг  тўйидаги халққа қара — бутун облас  дарёдай  оқиб келди-ёв!
— Улоқчи отлар ҳам   мингдан ошди-ёв!
— Хоразмлик артис зўракан, ўйинчиси ҳаммани ўйнатди.
— Насиб бўлса,  Қўйливойники унданам зўр бўлади!— мақтанди Тўйчибой. — Ё Юлдуз  келади, ё  Шер!
"Қоққани қозиғи, осгани хурмачаси йўғ-у, чиранишини кўр!— ичида пўнғиллади  Қулбин  бозорқўм. — Пулинг боракан,  уйингни тузат!  Ўзингга қара!  Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига..."
Дастурхонга  шўрва  тортилди. "Данакдай-данакдай  гўшт демаса,  шилдир сувнинг ўзи!"— янада асабийлашди  бозорқўм.
— Нон тўғраб ичинг, маза  қиласиз,— деди  бригадир  бозорқўмга сирли илжайиб.
Қулбин  бозорқўм  қошиқни бир-икки лабига текизди, қўйди. Шўрвани хўр-хўр ютаётганларни  энсаси қотиб  кузатиб турди-да:
— Бўкиб-нетиб қолмасдан аввал маслаҳат  қилайлик! — деди  зарда билан.— Қўйливой,  нима топшириқлар бор?
Қўйлибой  лабларини  қўлининг орқаси билан  шоша-пиша артиб:
— Тўйда тўйбеги бўп турсангиз бас, бозорком бова,— дея итоаткорона илжайди.
— Жой  кўчадами?
— Ярим гектар ҳовли туриб,  кўчангиз нимаси? — унинг  ўрнига  жавоб берди Тўйчибой.— Олмаларнинг остини текислаймиз — улоқ чопгудай майдон, теварагига гилам  терамиз —  гулдай  тўйхона!
— Устини ёпиш даркор, — маслаҳат берган бўлди  Рауф оқсоқол. — Нима бўлганидаям олдимиз қиш, шир этиб  қорми,  ёмғирми ташлаб  қолса, сичқоннинг ини минг танга бўлиб юрмасин.
— Менга қолса, райсентирда, тўйхонада  ўтказган маъқул, — деди  мактаб  директори  бўшаган  косани ўртага суриб  қўйиб, — Иссиқ, тинч, озода, батартиб,  тўй эгалариям меҳмондай бориб,  меҳмондай  юради.
— Бола-чақа, хотин-халаж оёқ остида  ўралишмайди,—  уни қувватлади  собиқ бригадир.
— Э-э!  Бола-чақа, хотин-халажнинг қий-чувисиз  тўй,  тўйми!— энсаси қотди  Тўйчибойнинг. — Рестаранингизни  шаҳарликка чиқарган, ака.
— Хў-ўш,— деди  Рауф  оқсоқол муҳим масалани ҳал  қилгандек  чўзиб.— Демак, ҳовлида.  Жойни  аниқладик. Коса-тавоқ, стол-стул,  чойнак-пиёла  дегандай...
— Ўтиргичларни мактабдан, коса-қошиқларни бозор ошхонасидан  олсак, деб  турибмиз. Гилам-шолча қўни-қўшнидан  чиқар,— ахборот берди мезбон.
— Меҳмон  қанча  бўлади?
— Қишлоқ, ўз-ўзидан  тўлиқ  айтилади, — сайраб кетди Тўйчибой. — Қўшни қишлоқлар ҳам. Анчадан бери  марака-маврид  қилганимиз  йўқ. Элникини еб юрибмиз. Қарз. Қарзни узиш  лозим.
— Гўшт, гуруч-ёғ дегандай,  ҳал бўлганми?  Ароқчи?
Аканг қарағай  куракдай кафтлари билан  гўштдор бўйнини  ишқалади.
— Битта новвос, битта  қўчқор боқувда. Сабзи-пиёз  ўзимиздан чиқиб  қолар.
Қолганларига... — У "қолганларига,  мана, сизлар бор",  дегандай ер остидан қариндошларга назар ташлади.  Одатга кўра,  оға-инилар тўёналарини айтиши —  биттаси гуручини, иккинчиси  ёғини,  учинчиси шираворини зиммасига олмоғи лозим эди.  Ҳозир бўлса...  Ҳеч кимдан сас-садо чиқмади...
Айни шу дақиқаларга умид боғлаб ўтирган аканг қарағайнинг дами  қайтиб, томоғига   муз тиқилгандай танглайигача музлаб кетди.
Ноқулай сукут чўкди. Ҳамма  чўян печка  устидаги ранг-туси билинмай кетган тунука чойнакнинг шиғиллаб қайнашига маҳлиё бўлиб қолгандай эди.
Сукунатни   бозорқўмнинг  хирқироқ товуши бузди:
—  Тўй,  ўзи  қачон?
— Ҳа, дарвоқе,  тўй куни аниқми?— қизиқсинди Рауф оқсоқол.
— Вақтини белгилолмай турибмиз, — аранг жавоб берди аканг қарағай.
— Ниманинг  маслаҳат қиляпмиз унда?— ошкора ажабланди бозорқўм. — Кунини айтмай  тўй қиласанми?
— Артистлар  масаласида ишкал чиқди.
—  Қандай  ишкал, тоғага бир оғиз шипшиб қўймайсанми?
Аканг  қарағайнинг  бўғзидаги муз парчаси энди бир ҳовуч чўққа айланиб азойи баданини куйдириб  юбораётгандек бўлди.
— Қўйинг,  гапирманг! — деди биров томоғидан бўққандек хирқираб. — Шу одамга  орқа қилиб,  тушиб ўтирибман.
— Бу нима деганинг?! — савол берди икки-уч  киши бараварига.
— Ай-й! — кескин қўл силтади  аканг  қарағай. — Яхшиям,  қарз сўраб, амал сўраб бормаппан, уриб ўлдираркан.  Каттасиниб кетганини  билганда,  қадамим  доримасди.
Ҳамма анг-танг бўлиб  қолди. Ахир, "тоға", кимсан — қишлоқдан, нафақат қишлоқдан, бутун бошли тумандан  етишиб чиққан  энг таниқли, энг  ҳурматли  одам — Вали  Рустамович  эди-да!

4

Вали  Рустамович неча  йиллардан буён  республика  вазирликларидан бирини  гард юқтирмай бошқариб келади,  обрў-эътибори мамлакат  доирасида ҳам ҳазилакам эмас, ҳамма жойда айтгани-айтган, дегани-деган.  Шундай катта  амалдор-у,  боладай  содда. Қишлоққа келса,  сим-сиёҳ "Мерседес"дан тушган заҳоти дарров яп-янги  кастум-шим,  лоларанг  бўйинбоғни ечиб, оддий кийим-бошга алмаштириб олади-да, тўғри қабристонга боради, аввал онасининг, кейин отасининг мозори ёнида чўккалаб,  қироат билан Қуръон тиловат  қилади. Сўнгра акаси етакчилигида қишлоқ айланади.  Тўй, таъзия бўлган хонадонларга бирма-бир кириб, ҳол-аҳвол сўрашади.  Ёрдам  сўраганларга қўлидан келганини аямайди: ҳамқишлоқларининг неча-неча фарзандлари унинг  кўмагида олий маълумотли бўлди,   ишга   ўрнашди.  
Шундай  инсон  тўғрисида  айтилган нописанд гап тирсагини сонига тираб,  эчки соқолини  ямлаганча  суҳбатга қулоқ солиб ўтирган Али махсумга  ёмон таъсир қилди. У барча иддаоларга  бардош берар, босмақоғоз тўкилган рангларни шимиб-ичиб олганидек унча-мунча савдоларни ичига ютиб юбора билар, аммо укасига — Вали Рустамовичга пашша қўнса, чидаб туролмасди. Вали Рустамович  Али махсум учун шунчаки бир ука, шунчаки  бир амалдор эмас, машаққатли меҳнат билан тенгсиз бахтга эришган метин иродали, пок,  олижаноб инсон тимсоли эди! Фахрланади,  кўчаларда кўкрагини кериб юради шундай укаси борлигидан ғурурланиб. "Бир омади кулиб,  министр бўлиб  қолган, деб ўйламанглар, — дейди ҳасад қилганларга. — Бошидан  қандай қийинчиликлар ўтмади  укам бояқишнинг. Ўзи Тошкентга борди, ўзи ўқиди, ишга  кирди, уй-жойли бўлди — биттамиздан бир чақа  сўраган эмас. Аксинча, байрамларда келиб  ҳаммамизга  совға-салом улашиб кетарди. Кейин эшитсак, студентлигида кундуз ўқиб, кечаси қайроқ заводда ишлаган экан. Институтни тамомлаб  энди  ишга кирган пайтларида ҳам шанба, якшанба кунлари мардикорлик қиларкан...  Хизир назар  солмаса, эшак бозорга даллол бўлмайсан. Раҳбарликка ҳам ҳар кимни  қўявермайдилар...
Махсум, вайсақи жияни аканг қарағайнинг қулоқчаккасига қулочкашлаб тортиб юборгиси келди-ю,  бир амаллаб  ўзини  босди:
— Чийрилмасдан,  тушунтириб  гапирсанг бўлмайдими? Хўш, укам нима деди?
—  Тўй  қилма, деди. Кичкинагина зиёфатча  қил-қўй,  деди. — Жазаваси тутди  аканг қарағайни. — Ҳар кун тўй қилиб, ҳар кун келин тушираётганимдай, тўй билан  ҳеч кимни  қойил қилолмайсан, эмиш. Каллани ишлатиш керак, эмиш. Гўё у калла — калла, бизники салла.
— Йўғ-е! Шунақа дедими? — деди ясама ҳайронлик билан  Поён пона. "Қўйлининг тўйига Юлдуз келармиш,  Шер  келармиш",  деган  шов-шувлар  чиққандан буён  ғайирлиги келиб юрарди унинг. — Туғишган тоға, ўз жиянига-я..! Ҳай, дунёйи қўтир.
— Мазах қилди! Ёш бола  қилди. Камбағаллигимни бетимга солди! — титраб-қақшаб  бақириб юборди  аканг қарағай.
— Ёмон бўпти. Яхши иш бўмапти. Вазир одам,  ўйлаброқ гапирмапти, — бошини сарак-сарак қилди Поён пона. — Катта бўлса, ўзига.
— Халққа кам аралашгандан кейин шу, — унинг  ёнига тушди  Хосиятнинг  акаси Парда қуруқ. — Элдан чиқибди.
— Билганингдан қолма, — деди  кимдир.
— Шу қилганига,  Шерни ҳам,  Юлдузини ҳам  опкеласан, тонг отгунча ўйнатамиз, — деди бошқаси.—  Қистирмаган номард.
— Менга қолса,  ёнбошига кўпкариниям  қўшворардим,— деди яна бошқа бирови.
Али махсумнинг  ғазаби қайнаб, ўнг қавоғи уча бошлади. "Кистасида бўлмаса, битига қиладими!", деб юборишдан  аранг ўзини тийди.
Даврон  ҳожининг   юзлари  тундлашиб, пешонасидаги ажинлар  чуқурлашиб кетди.
— Яқинлар билан қариндошчилик ришталарини боғлашлик,  дўстларга меҳр-оқибат  кўрсатишлик,   эски китобларда силаи  раҳм дейилади, — деди у насиҳатомуз оҳангда.— Агар бир киши  силаи раҳм қилса умридан уч кун қолган бўлса,  Аллоҳ таоло  унинг умрини ўттиз  йил зиёда қилади,  агар силаи раҳмни узган бўлса, Аллоҳ таоло уч кунга тушириб  қўяди. Тоға — туғишганга тенг. Дигар — дигар, жигар —  жигар. Шайтонга ҳай беринг, Қўйливой иним. Вали  домлани ҳамма  билади.  Мулоҳазалироқ бўлайлик. Исрофгарчилик бўлмасин, харажат-хўрда бўлиб жияним қийналиб-нетиб юрмасин деб,  ўйлаган-да, ахир.
Даврон ҳожининг давра беклиги, даврани оғзига  қаратаётгани  Рауф оқсоқолнинг ғашига тегаётган эди. "Ҳожи  эмас,  мендан лозим эди бу гаплар, — деди у ичида афсус билан. — Кимсан, давлатдан мояна олиб турган раҳбар, дабдабаю ас-асаларнинг олдини олишга жавобгар масъул шахс бўлсам!  Қолаверса, гап айланиб Вали  Рустамовичнинг қулоғига етиб борса, ким  деган одам бўламан,  қуруқнинг ўтига ҳўл куяр, бўлиб  қолмагин яна, оқсоқолликка давогарлар  кўпайганда  ҳокимга айтган,  қўллаб-қувватлаган ким эди?"-У хатосини  тузатишга шошилди:
— Вали  Рустамович  ҳукумат одами. Гумбурлатиб тўй қил,  жиян,  десинми, пайтавақулоқ! Сенинг данғир-дунғиринг  кимга керак? Давлат қарши, халқ  қарши, чиранишга бало борми?
— Яна  насиҳатми? — қалампир чайнагандай афтини бужмайтирди аканг қарағай. — Бой тўй қилса, ҳамма хизматда: қассоп  жаҳонга  ош беради — чурқ этмайсиз, Мели ферма кўпкари  солимга туя  қўяди — оғзингизда талқон...
— Оқсоқол, ақлли одам ўзига раҳнамо излайди, аҳмоққа эса унинг кераги  йўқ,— деди  Али махсум "бунга гапириш бефойда" дегандек  хўрсиниб. Сўнг ғазаби ичидан тошиб кетишидан қўрққандек лабини маҳкам қимтиб  "пона"чиларга  юзланди. — Буни, майли, нодон, дейлик. Сенларни  қайси жин чалди? Кечаси билан пул печатлаб  чиқадиган заводи йўқ-ку! Тўғри  гап  ўрнига,  пишанг беришдан уялмайсанларми?!
— Тўғри гап туққанингга ёқмайди, — тўнғиллади  аканг қарағай.
Али махсумнинг икки чаккасига буров солингандек, боши оғриқдан зирқираб кетди. ўазабнинг  зўридан тили калимага келмай дудуқланди:
— Қўйли...  жиян... Ўйламай сўйлаган — оғримай  ўлади. Бировнинг арқони билан чуқурга тушма,  қайтиб чиқолмай кўп азоб ейсан. Ҳамроҳингга эмас, ҳамёнингга боқ, жиян. Ҳеч ким сенга ёмонлик соғиниб турган йўқ. Тўй деб, бор йиққан-тиққанингдан айрилма, ҳамма ҳайитга кетганда хумга кириб ётишнинг  кераги йўқ, деяпмиз, нега тушунмайсан!
— Зомбирдай  чақаверманг-да, тоға,— уканинг тарафини олди  Тўйчибой.— Бола тўй қилмоқчи, ўғрилик эмас.
Рауф оқсоқол увишиб  қолган оёғини  уқалади:
— Ари чақди деб аразламанг, иним, арини боли  бўлади. Юрганда оёқни эҳтиёт қилгандек гапирганда тилни тиймасанг, тишинг синиб қолиши мумкин.
Қулбин  бозорқўм  тоқатсизланди:
— Ош-овқатинг  бўлса опке, бўлмаса, турайлик.    
— Қаёққа турасиз, ҳали ҳештима  ҳал бўлган эмас-ку! — Фиғони  фалакка  чиқди Тўйчибойнинг.
Қўйли тўнғиллаб-тўнғиллаб чиқиб кетди.
— Дастурхонга  қаранглар, бир кунлик тўй ўтади-кетади, қизишиб, юзимиз шувит бўлиб юрмайлик бир-биримиздан, — деди Даврон ҳожи.
Дастурхонда, майна талагандек, қуртлаган майиз-ёнғоғу  арзон конфетларгача тугаб бўлган эди.
— Оғайнилар,  ростини айтганда,  кўрган кунимиз қурсин, — давом этди Даврон ҳожи. — Йил-ўн икки ой қуш тинса тинади, биз тинмаймиз. Емай-ичмай йиғамиз-да,  тўйда ариққа отгандай оқизиб юборамиз. Кейин юрамиз,  қарзга ботиб, тишимизнинг кирини сўриб.
— Омон бўлинг, ҳожи ака, омон бўлинг. Аммо-лекин, ярамни тирнаб юбордингиз,— деди  салқи қовоқлари шишган собиқ бригадир ички  армон билан. —  Сафарқулимни уйлантирганда  беш юз минг  қарз бўлганман,  тўрт юзи ҳали шундоқ турибди. Биттасидан  юз олгандим, сўрайвериб  ит кунини бошимга солди,  шу занғардан  қутулай, деб кўзимнинг сийдигини оқизиб пул сўраб бормаган  эшигим  қолмади. Ўзингда  йўқ, оламда  йўқ. — У оғир юкни бир зум елкасидан қўйиб, яна уни  кўтариб кетишга маҳкум кимсадек чуқур "уф" тортди. — Елкамда  тоғ, еганим — куйдирги, ётганим —  кафан, ўйлайвериб-ўйлайвериб кечаси билан ухлолмай чиқаман.
— Қарзни вақтида узмоқ фарз, — деди Даврон ҳожи. -Мол аччиғи — жон аччиғи. Пул жигардан бўлади. Тўра каззопнинг болалари бир-бировини чавоқлаб ташлади-я!
Даврон ҳожининг кейинги  мисоли меҳмонларнинг  "гап халтаси"ни очиб юборди:
— Пичоқ  кўкракка кирмагунча кўзимиз очилмайди.
— Олишда, ҳой-ҳой, беришда, вой-вой-ми?
— Кўрпага қараб оёқ узатиш керак...
— Мўлтонини  тўйидай чувилламанглар!
Эшик ланг очилди. Катта  сопол товоқларда  буғланиб турган таом  келди.  
— Совусга марҳамат  қилинглар, — манзарат  қилди  Тўйчибой.
"Совус эмиш... — ичида  тўнғиллади  бозорқўм, — Совус деганда гўшт бўлади, ёғ бўлади. Муррайган картошка-пиёз билан  қайноқ сув қачондан бери совус бўпқолди... Минг ерига  пичоқ урсанг бир томчи қон чиқмайди-ю,  тор кўчага қўш  карнай".
— Нон  опке, — деди кимдир асабий.
— Ароқ-мароқ йўқми? — сўради Шариф тажанг. — Томоқлар тақиллаб кетди-ку!
— Ароқ-мароқни тўйда  ичамиз, — деди  Тўйчибой зўраки илжайиб.
— Тўйда   отиб ётсак, хизматни хотинлар қиладими? — сап-сариқ тишларини кўрсатиб хо-холади  Шариф тажанг ва, тўсатдан,  жиддий тус олиб Қўйлига юзланди. — Урсанг ҳам, сўксанг ҳам  бир гап айтаман, ошна.  Вали тоға юз просан ҳақ!  Сен билан менга  совундай  кўпиришни ким қўйибди. Тутуннинг аччиғини  мўри, сенинг аҳволингни мен биламан!
— Вайсамай  овқатингни е, — ижирғанди Қўйли.
—Вайсайман. — Шариф тажанг ростакамига тажанглашди.— Нега вайсамай! Ичганимиз ёвғон, кийганимиз йиртиқ чопон,  Юлдуз-Юлдуз, тўй— тўй,  деб томоқ йиртамиз. Мана, манда тўртта бола бор, каттаси  бу  йил мактабни битириб, худога шукр, — эзгин жилмайди, — институтдан йиқилиб келди. Қолганларининг  ўқиши ҳам ноль! Чунки,  бизни худо урган.  Фарзандим  ўқисин, одам бўлсин, деб  стол-пистол, компутир-пампутир  олиб бермаймиз, репититир,  ўқиш маркази деган жойлардан пулни  қизғанамиз.  Тўй деса, минг қўйли бойдай ҳовучлаб сочамиз. Катта тўй бериб кўчама-кўча керилиб юргимиз  келади. Кимга кериламан, нимамга кериламан, кошки ҳамқишлоқлар кимлигимдан  бехабар бўлса.  Бу кунингдан ўл, дейдиган номард йўқ.
— Гап фақат тўйда эмас, — деди ҳалидан бери дардини ичига ютиб ўтирган Али махсум фурсат келганидан жонланиб. — Каллани ўзгартириш керак, каллани. — Армияда немисларнинг тўйини кўрганман.  Саккиз одам билан ўтган.  Яримта шнапс ҳаммадан ортиб қолган.
Дафъатан оғир жимлик тушди. Аканг қарағай чакагини кирт-кирт  қашиди, собиқ бригадир бошини солинтириб ерга тикилди. Тўйчибой томоқ  қириб,  ўтирган жойида қимирлаб  қўйди. Бир зайлда шиғиллаб турган  печка устидаги  тунука човгум  чўзиб ҳуштак  чалиб юборди.
— Немис — немис, ўзбек — ўзбек. Тўйни биз ўйлаб топган эмасмиз, қадимги удум. Ҳар кимнинг орзу умиди бор. Қиламан,  депти қилсин, сизга нима?— шовқин солди Поён пона. — Қўйли, оғайни, билганингдан қолма.
— Ёмон  жўрадан бир чеким нос афзал, дегани шу-да, — астойдил  хафа бўлди    Али махсум.
— Хафа бўлманг, — қулоғига шивирлаб махсумни юпатган бўлди  Рауф оқсоқол. —   Эшак маслаҳатлашиб  ҳанграмайди...


5
Аканг қарағайнинг нафаси бўғила бошлади, кеткиси, диққинафас бу уйдан  тезроқ чиқиб ҳеч ким кўрмайдиган қоп-қора тун қучоғига сингиб кеткиси келиб кетди. Кун бўйи ариқ  ковлаган мардикордай  ҳорғинлик сезди  вужудида. Нега  Тошкентга борди, нега тоғасига ялинди, тутуруқсиз ғийбатчи қариндошларни нега чақирди? "Тошдан сув чиқса чиқар, булардан бир чақа  чиқдими? Чиқмади! Чиқмайди! Харжлайдиган сен, пул топадиган сен, зарилмиди заҳар-заққум кесатиқлар. Пона  рост айтади, билганингдан қолма."
У одамлар қачон турди, қачон тарқалди, аёли қачон болаларга бош бўлиб  йиғиштиришга киришиб кетди, англолмай қолди.
Ақли-ҳушини  йиғиб олганда, бир ўзи супада оёқларини керганча   серрайиб турарди. Ҳаво муздек экан,  энтикиб-энтикиб симирди, тунги изғирин юз-кўзига тикондай санчилди. Бадани жунжикди. Лекин, уйга киргиси келмади. Чўнтакдан носқовоғини  чиқараётганида калишини "шап-шап" судраб   қўрбоши кепқолди.
— Ана, бир ташвишдан қутулдингиз. — У челакдаги сувми, ювиндими — "шўр" эткизиб  супа пастига тўкди. Бўш челакни ерга қўйиб, икки қўлини белига тиради. — Меҳмонлар хафа бўлмай кетдими ишқилиб. Тўёнадан гапиринг, қалай, ўтли-чўғлими?
Аканг қарағай жавоб бермади. Хотинига еб қўйгудек  ўқрайиб  қаради. Кундуз куни бўлганда эрининг алвастиникидай олайиб кетган  кўзларини кўриб, эсдан оғиб қолиши ҳеч гап эмасди. Қоронғулик яширди. Қоронғулик кўп нарсаларни  бекитади. Қоронғуликдан айлансанг арзийди гоҳи— гоҳида...
— Индамайсиз, носингиз борми?
— Қўявер, — худди ўзига  гапираётгандай секин пичирлади у.— Девонанинг ишини худо ўнглайди.
Қўрбоши тушунди.
— Қўяверинг, энди кўряпмизми, — деди бир зумлик  сукутдан кейин  ҳамдард товушда. — Қишда бир ҳовуч қор сўрасанг, "неччи сўм?", дейдиган қурумсоқ  қариндошларингиздан қачон ёруғлик  чиқувди.
Бу гап пичингдек туюлди аканг  қарағайга.
— Сеникилар жа-а ҳотами той! Соғай десанг — сут, қирқай десанг — жун йўқ сеникиларда.
— Ичингизга илон кирганми, мунча заҳар сочасиз! — Қўрбоши "боре!" дегандек терс ўгрилиб нари кетди.
У яна  ёлғиз қолди. Юлдузларни ютиб юборган симсиёҳ осмонга синиқ нигоҳ ташлади. Шу пайт қулоғи остида яна тоғасининг  таниш овози эшитилгандай бўлди:  "Осмон тубсиз қудуққа ўхшайди. Ундан чалпак  тушади, дейдиган андилар ҳам бор". Сесканиб кетди. Ён-верига хавфсираб қараб қўйди. "Топган  маталини... — шивирлади сўмрайиб. — Қудуқ эмиш... Қудуқ..." "Ялт" этиб сўнган юлдуздек ғалати бир умид тўсатдан  хаёл осмонида чарақлаб кетди. Худди  кўкдаги  қудуқдан бир  телпак тилло "тап" этиб оёғи остига тушаётгандек туюлди. Умрида  афсона-эртакка ишонмаган одам, худди ёш боладай сеҳрланиб, кўзларини чирт юмди. Кўз очса, барча умидлари чил-чил синишидан қўрқиб анча вақт қимирламай турди-турдида, қўрқа-қўрқа  кўзини  очди: қоракуя осмон инсон зотини тириклай  ютиб юбораман, деб турган баҳайбат  аждардай  ваҳимали кўринди... — Тентак, — деди ўзига-ўзи.— Бир уй одамдан, бир ҳўплам сув оберадиган битта мард  чиқмади-ю, осмондан ҳиммат кутасанми?! — У оёғи остидаги пақирни алам билан тепиб юборди, анча жойга тарақлаб думалаб  кетди.
Тошкент, тоға,  маслаҳат оши,  кесатиқ-пичинглар,  тортишув-баҳслар... Боши сирқиради.  Ер, осмон кўз ўнгида гир-гир айланаётгандай  чайқалиб кетди. Кўкдаги  қудуқ қоп-қора булутларга қўшиб унинг ўзини ҳам тубсиз комига тортиб, ютиб юборадигандек ваҳимага тушди. Кимдандир қасос олиш, кимгадир,  ниманидир кўрсатиб   қўйиш туйғуси  юрак-бағрини янада  кучлироқ ўртай бошлади.
— Қиламан! Кафангадо бўлсам ҳам! — муштини фалакка дўлайтириб тубсиз қудуққа  дўқ урди.

 
Дидсизлик — санъатнинг кушандаси PDF Босма E-mail
11.04.2014 04:29

Айтмоқчи бўлган мулоҳазам матбуот нашрлари орқали қайта-қайта тилга олинган, аммо ҳануз ечимини томолмаётган муаммолар қаторига кирса-да, биз ички бир саркашлик билан шу мавзуга яна қайтишни ихтиёр қилдик. Гап эстрада қўшиқларига ишланаётган клиплар ҳақида.
Агар клип дид билан ишланса, у санъаткорга муваффақият келтиради, томошабинга ҳам маъқул келади. Бу борада Луначарский ҳақ: «Овозсиз тасвир — тасвирсиз овоз қолдирадиган таассуротдан анча кучли». Лекин клипмейкер деб аталувчи янги касб эгалари яратаётган кўплаб клипларнинг, кадрларнинг сифат даражаси бу соҳага ҳам жиддий муносабатда бўлишимизни тақозо этади.
Эътироф этиш керакки, бугунги миллий қўшиқчилик санъатимизда муваффақиятлар етарли, бу соҳага бўлган эътибор тобора ошиб бораётгани баробарида, турли кўрик-танловларда янги-янги овоз соҳиблари кашф этилмоқда. Бу ҳолатни мухлислару мутахассисларга бирдай тушунарли клиплардагина эмас, миллий санъатимизга яқинда кириб келган анимацион клипларда ҳам кўриш мумкинки, бир хиллик ва такрорийликдан чарчаган томошабин, тингловчи уларни янгилик сифатида осон қабул қилмоқда. Эндиликда реал ҳаётда тасвирга туширишнинг иложи бўлмаган сюрреалистик кадрларни ҳам бемалол яратиш имкони бор. Мутахассисларнинг фикрича, бундай клипларнинг таъсирчанлик даражаси нисбатан юқори. Гап бу имкониятлардан нечоғли самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланишимизда қолди, холос.
Шу кунларда телеэкранларимизда намойиш этилаётган бир қўшиққа ишланган анимацион клипни томоша қилдим. Тўғрисини айтганда, мазкур клипда мақсадли ғоя ҳам, сюжет изчиллиги ҳам йўқ. Воқеалар қайси замон ва маконда содир бўлаётганлигини англаш қийин. Бу клипни томоша қилиш жараёнида устозимизнинг ўгитларидан бири ёдимга тушди: «Сизлар ёзиб келаётган сценарийларда фикр бор, аммо яхлит бир ғоя йўқ. Ғоя бўлиши учун эса ғоя ва сюжет ўртасидан бир «ип» ўтказиш лозим...». Юқорида тилга олган клипда на «ип» бор, на мантиқий иллюстрация.
Шахсан мен санъатга қизиқувчи бир журналист сифатида замонавий ўзбек эстрадаси ютуқлари тўғрисида фахрланиб ёзишни истайман. Лекин қўлингга қалам олишинг билан тўхтаб қоласан. Чунки Аноранинг «Ҳаёт» номли ашуласини кузатганимизда ҳам ана шундай муаммолардан холи эмаслигига гувоҳ бўлиш мумкин. Мавзу тақозосига кўра жиддий матн танланган. Лекин тасвир билан сўз мослигига келсак... Клип фонида қандайдир рамзий ишоралар бор. Аммо режиссёр маҳорати «қуруқ» тасвир билан чекланиб қолган. Шунингдек, Беҳзод ижросидаги «Сен ўзинг» дея куйланган қўшиқни тинглаш мумкин, аммо уни ютуқ деб аташ қийин. О.Муталхўжаев ва Н.Усмонова ижросидаги дуэт-клипда хонандалар ижро чоғи ўзларини қандай тутаётганларига гувоҳ бўлганингда, Ойбек ва Нигоранинг «Югураман», «100%» гуруҳининг «Қаттан шунча маҳорат», Жасур Умировнинг «Бўлса бўлсин» қўшиғини тинглаганингда, тўғриси, қўлингдан қалам тушиб кетади. Яна бошқа кўплаб клипларда, менинг назаримда, ижрочилар қўшиқ куйлашдан кўра нарцизм — ўзига ўзи маҳлиё бўлиб, кўз-кўз қилишга кўпроқ эътибор берадилар. Замонавий ибора билан айтганда, космополитизм — оммавий маданиятнинг қусури тўғрисида ҳам ижобий фикр юритиш қийин. Ахир, миллий колорит, руҳ, одоб-андиша қаерда қолди?
Яқинда бу ёруғ оламни тарк этган «поп мусиқаси қироли» Майкл Жексоннинг дунёни экологик ҳалокатдан қутқариш тўғрисидаги бир клипини кўпчилигимиз кўрганмиз. Унда сўз билан биргаликда умуминсоний — универсум ғоя мутаносиб равишда талқин этилган. Кадрлар алмашинуви гоҳ модернистик шаҳарларга, гоҳ цивилизациядан четда яшаётган қабилалар истиқоматгоҳига ўзгаради. Турли миллат вакилларининг турмуш тарзи, турли ҳолатлари кўз ўнгимиздан ўтади. Кадрда экологик инқироздан азият чекаётган минглаб жониворлар кўринади. Мавзу тақозосига кўра хулоса чиқариш мумкинки, «Help me calling heal the world» («Дунёни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун менинг даъватимга қўшилинг») ашуласида инсоният ўз фожеасини ўзи яратаётганлиги ҳақидаги хитоб бор. Қўшиқнинг фавқулодда таъсирчанлигини нафақат ижрочининг овозию матн мазмуни, балки унга ишланган клип ҳам таъминлаган.
Албатта, мен ҳақиқий санъат қандай бўлишию, бунга қандай эришиш мумкинлиги тўғрисида кимгадир сабоқ бермоқчи эмасман. Лекин бир гапни ошкора айтишга мажбурман — телеэкранда намойиш этилаётган кўплаб клипларнинг оғриқли нуқтаси — ғоясизлик. Ҳақиқий санъат асари, у бадиий китоб, картина ёки мусиқий клип бўладими, бундан қатъи назар, томошабинга эстетик завқ бағишлаб, уни бадиий дидга бошлаши керак. Ғоясизлик эса бу интилишни чиппакка чиқаради. Бу ожизликка яна саҳнада фақат ўзини намойиш қилиш қўшилса, муаммо жиддийлашади. Эътибор берайлик — файласуфлардан бири қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Ўзига итоат эттирмоқчи бўлган ғояни ҳаёт олдин сукуту ҳайрат билан қарши олади, кейин сабру тоқат билан кузатиб туради, охирида эса қаҳру ғазаб билан ўз қўйнидан юлиб ташлайди».
Устоз журналистлардан бири қайта-қайта такрорлайди: «Персонажнинг бошига дўппи кийдириб, белини белбоғ билан боғлаган билан у ўзбек бўлиб қолмайди. Миллийлик унинг руҳида, юз ифодасида, гап-сўзида, қўйингчи, жон-қонида бўлиши керак. Яъни хатти-ҳаракатлар ёки ўзаро муносабатлар миллийлик инъикоси сифатида намоён бўлади. Санъатшунос мутахассислар эса қалб орқали англанмаган, ҳиссий билишнинг юқори чўққисига чиқа олмайдиган санъатни санъат деб баҳоламайдилар.
Муаммонинг сабаблари тафтиш қилинганда баъзилар яхши клип яхши матн бўлгандагина яратилади, дейишади. Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Яхши матн ҳам, яхши ижодкор ҳам бор. Гап бадиий дидда.
Санъатнинг вазифаси — инсонни комиллик сари ундаш. Шундай экан, дидсизликни тарғиб қилишни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Шоҳсанам Хидирова

 
Сени яхши кўраман, Зайнаб! PDF Босма E-mail
12.08.2013 07:15

Ўйлаб кўрсам, “Ўткан кунлар” Зайнаб борлиги учун ҳам қадрли экан. Эътибор беринг, ўша даврда яшаган қизлар қадрли экан. Эътибор беринг, ўша даврда яшаган қизлар эрксиз, ҳуқуқсиз, забун ва уларнинг аксарияти ҳатто бунга рози эдилар. Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кимдандир ҳақини талаб қилиш улар учун ёт эди. Улар ўз қисматларидан бахт қидирардилар. Гоҳида топардилар ҳам.
Серфарзанд ўзбек оилаларда ҳозир ҳам янги кийим кийишни хаёлига келтирмайдиган, опасига тор келиб қолган эски кўйлакни совға ўрнида қабул қиладиганлар бор. Улар оиладаёқ бир нарсага – мутеликка ўрганиб бораверишади. Аммо бу андишанинг оти қўрқоқ дегани эмас-да.
-Умуман, мен Зайнаб тимсолида бир умр итоатгўйликда яшаган, катталарнинг “яхши қиз бўл” деган насиҳатини “ҳаддан ортиқ тушуниб юборган” ва охир-оқибат бу дунёда борлигим ҳам кимгадир малол келмаяптимикан, деган ҳадик билан қимтиниб яшаётган одамларни кўраман.
Афсуски, уларнинг тақдири “Зумрад ва Қиммат” эртагидай якун топмайди. Оилада ҳам, кўчада ҳам “қиммат”ларнинг ошиғи олчи бўлаверади. Менимча, ҳамма эртакларни мана шундай дардини ичига ютиб, ёлғизликни севадиганлар ўйлаб чиқарган бўлса керак. Улар хаёлардагина ўз орзуларининг рўёбини кўрадилар. Афсуски, ҳақиқий ҳаёт бутунлай бошқача. Аммо улар ҳақиқий ҳаётдан кўра, эртакларда яшашни яхши кўрадилар.
Балки дўстим ҳақдир. Бу дунёда бир-бирларини бутун борлиғи билан севадиган Тоҳир-Зуҳролар, Фарҳоду Ширинлар, Лайли ва Мажнунар, борингки, Отабек ва Кумушлар ҳам йўқдир. Аммо мудом ширин хаёллар билан, орзулар оғушида яшайдиган, эътиборсиз қолдирилганида ҳеч кимга билдирмай кўз ёш тўкадиган Зайнаблар жуда кўп.
Толесизликни кўрингки, Зайнабнинг ҳар жиҳатдан кўнгли ўксик. У етим ва ногирон эди. Йўқ, адашаётганим йўқ. Нега энди, отаси ёки онаси йўқларни “етим” деб аташ мумкину, севгилиси йўқ одамни етим деб бўлмасин?! Нима учун қўли ёки оёғи шикастланганларни “ногирон” десак тўғри бўлади-ю, юраги чок-чокидан ситилиб кетганларни шундай атаб бўлмаса?!
Лекин уларнинг-да юраги тошдан, асаблари темирдан эмас. Бир куни уларнинг қалбидан даҳшатли вулқон отилиб чиқади. Аммо бу ҳолни ҳеч ким яхшиликка менгзамайди. Кесакдан олов чиқди, дейишади истеҳзо аралаш. Эътибор берган бўлсангиз, Зайнаб дастлаб ўзига ишлатилаётган камситиш ва таҳқирлашларни қаттиқ олмайди. Муштипар аёл буларнинг барига сабот билан чидайди. Қалбида муҳаббат деган муқаддас туйғу уйғонмаганида, бир умр “яхши қиз” бўлиб ўтиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо ўша туйғу инсон қалбини-да ўзгартиришга қодир.
Романда Қодирий Кумушни “ўлдириб қўйган”, Отабекнинг босқинчилар билан урушда ҳалок бўлганини айтган. Аммо Зайнабнинг тақдири номаълум. Назаримда, Зайнаб бугун ҳам орамизда азоблар комида ўртаниб юргандай. Қачонки, эри бир этак болалари билан ташлаб кетган аёлни ёки алданган қизларни кўрсам, Зайнаб кўз олдимга келаверади.
Беихтиёр дилимда шундай сўзлар айланади. ҳали тилимга чиқмаган дил сўзларимни қоғозга тушираман. Бечора Зайнаб, бевафо дунёнинг охири йўқ деворларига урилавериб, тошга айланиб кетган бошингни қуриётган Оролдан шўрлаб кетган пешонингни елкамга қўй. Биламан, сени дунёда ушлаб турган ягна ришта ҳам узилай-узилай деб турибди. Тушунаман, сенга бу дунёда севган кишингдан бошқа ҳеч ким керакмас, ўзингга кимнингдир ачинишини ҳам, кўнглингни кўтаришга интилишини ҳам истамайсан Аммо мен сенинг бор дардингни ичингга ютиб, азоб чекишингни хоҳламайман. Ахир, бир қадрдонимнинг ташвишини кўтара олмасам, яшаб нима қилдим, ОПАЖОН!!!

Элбек ЖУМАНОВ

 


26 дан 63 сахифа