21.03.2014 15:02 |
Алихон Муллаохун ўғли Оразий 1869 йилда собиқ Марғилон уезди Шаҳрихон волостининг Қашқар маҳалласида кулол оиласида туғилди. Алихон Оразий ёзиш ва ўқишни дастлаб ўз онасидан ўрганди. Сўнгра маҳалласидаги отинбибида ўқишни давом эттирди. У 1884—1890 йилларда Шаҳрихондаги Дастурхончи мадрасасида таҳсил кўради. Бироқ, рўзғор танглиги унга мадрасани тугатишга имкон бермади. У 1890 йилдан эътиборан рўзғор тебратишда отасига кўмаклаша бошлайди ва кулолчилик дастгоҳини бошқаради. У бирмунча вақт бойлар эшигида, қозихоналарда ишлади. Лекин бўлажак шоир тинмай шахсий мутолаани давом эттирди. 1916 йил Шаҳрихонда Николай подшоҳнинг мардикор олиш сиёсатига қарши кўтарилган халқ қўзғолонида Оразийгина эмас, унинг катта ўғли Абдумўмин ва қадрдон дўсти Ҳайратийлар ҳам иштирок этди. Ғалаён шафқатсизлик билан бостирилгандан сўнг, шоир яшириниб юришга мажбур бўлди. Адабиёт даргоҳига катта эътиқод билан кириб келган шоир умрининг сўнгги йилларигача ижод билан банд бўлди. Шоир Алихон Муллаохун ўғли Оразий 1942 йили 1 сентябрда Шаҳрихонда вафот этди.
МУХАММАСЛАР
* * *
Ушбу жаҳон элининг даъвоси пул эмасми? Тун-кун дилида севган зебоси пул эмасми? Бу халқнинг шунча шўриш-ғавғоси пул эмасми? Бир-бирига туҳмат айлаб, иғвоси пул эмасми? Макру фириблар айлаб, савдоси пул эмасми?
Маҳбуби ом ўлмиш ҳар ерда бўлса олтин, Ҳар кимга жилва айлаб бир боқса қилди мажнун, Лекин бу кўҳна гардун ҳар кун бўлар дигаргун, Билмам асиру зорми олтинга коф ила нун, Махлуқлар ичида аълоси пул эмасми?
Кимларни қилди кўрдик: тунларда томтешарлик, Кўпларнинг касби бўлди, бас, ақчадон кесарлик, Пул деб не нозанинлар бўйнига олди гарлнк, Ширин тамоқ ўлди аҳли риё ҳазарлик, Ҳар кўчаларда сур-сур, ҳо-ҳоси пул эмасми?
Ҳар кимда бўлса пул кўп, кимни кўзига илгай, Парвойига кетурмас, олам бори йигилгай, Ҳеч ақл чора қилмай, ё бошича йиқилгай, Кўпдир гурури кайфи, ким топди, ўзи билгай, Бу даҳри пурфусуннинг мийноси пул эмасми?
Кўрдингми қанча инсон касб айлашур гадолик, Бир қанчаси қўйиб от, ўзига мосуволик, Қўлда риёйи тасбеҳ, бўйни бўлиб ридолик, Бу ҳолига уялмай, ўзини дер ҳаёлик, Кўрсатган элга итдек суллоси пул эмасми?
Ўлдиргай ўз отасин якбора топса фурсат, Мушфиқ онасини ҳам солғай бошига кулфат, Парвойига келарми бошига ёгса лаънат, Пул завқи тушган инсон қилмас кишига шафқат, Бу ҳолларга солган, устоси пул эмасми?
Кўрдингми қанча одам парсиз ҳавога учгай, Аслини топмоқ учун авжи самога учгай, Мақсадга чин етолмай дорилбақога учгай, Сиз ҳам фикрланг, ўйланг, не муддаога учгай, Эл оғзида дейилган Анқоси пул эмасми?
Бирмунча бахши, қушнач, бирмунчамиз дуохон, Топгаймиз илми найранг, бўлгаймиз анча эшон, Дасмоямиз кифоя, ҳар кунда қанча ёлғон, Бизларнинг макримиздан шайтон бўлди ҳайрон, Туш ухламай кўрармиз восвоси пул эмасми?
Не яхши меҳрибонни айирди бир-биридан, Кўрдингми зўр айлар хотинни ўз эридан, Сарсон қилиб чиқаргай кўп элни ўз еридан, Тондирди кўп хасисни устод ила пиридан, Хунсо элин ишонган ошноси пул эмасми?
Суратга бергай оро, сийратда неча хил ғаш, Рангин асолар ушлаб, ҳам салла-тўн мунаққаш, Эшон мурид овлаб ҳар кўчаларда каш-каш, То топди бой, мулло бир-бирисидин айш-айш, Тун кечаларда махфий яллоси пул эмасми?
Гап пулдадир муқаррар, кўп бунча қилма инкор, Токайгача демасмиз ёлғончилик на даркор, Тўрт кунлик умр дерсан, қилсанг-чи, энди бир ор, Ҳозирда кўп очилди бир қанча махфий асрор, Жаннатда жой олишнинг ваъдаси пул эмасми?
Пул деб тамоми инсон, эй муддаии нодон, Минг хил фириб бирлан ҳар кўчаларда нолон, Ҳеч борми юз ўгирган кофир ва ё мусулмон, Ким деса «хоҳламасман», албатта билки ёлғон, Олам мисоли дарё — ғаввоси пул эмасми?
Тарк айлатиб ватанни, келтирди Андижонга, Ўлтирса ҳам бу ерда, кўзидир ҳар қаёнга, Оразнинг тоқати йўқ ҳар рангли унвонга, Уйғурлар одат этмиш ўзбек каби имонга, Шарму ҳаёга ғолиб дадоси пул эмасми?
* * *
Қутилмоқ йўқми, ёраб, ушбу золим ағниёлардин, Чиқиб ердин ҳавога ўрлаган кибру ҳаволардин, Сўрарга камбағалнинг қонини хуш иштаҳолардин, Кўзи оч, ўзи суллоҳликда ортуқдир гадолардин, Уялмай лоф урар савдо-сотиқ, банку широлардин.
Тамоми халқ бошига бало Андижонда Миркомил, Жафокашларнинг мулкин тортиб олмоққа хўп омил, Дегайсен: «Камбағал деҳқоннинг ашёсига азройил, Жаҳонни қилди ҳоло пул кўпайтирмоқ билан қойил, Еру сув, молу мулки — барчаси ғасбу риёлардин!»
Хушомад бирла барча қозию мингбоши хизматкор, Тамоми муфти, аълам «ер хатин» ёзмоқ учун тайёр, Топарға бой кўнглин ҳар неча ҳукм этмоққа жаррор, Писанд этмайди минг деҳқонга ҳар кун етса минг озор, Кўрармиз кунда ҳар хил неча ранг жабру жафолардин,
Анга қарши чиқиб Аҳмадбек ҳожи бой афандимдур, Мударрис, мулла руҳоний гуруҳига бўлиб манзур, Бу ҳам бир неча деҳқонларни ишлатмоқ била масрур, Унинг макру фириби барча оламга бўлиб машҳур, Ривожи кун-букун бололанур ёлғон дуолардин.
Қўқонда Солижону Марғилонда Саййид Аҳмаджон, Қувода бой Олиму Шаҳрихонда яна икки жон, Тарафкаш Саид Одил, Аҳмадохунлардадур жавлон, Асака Тешабой ҳожию Обиджон билан сарсон, Ва лекин ҳеч бир ер бўш эмас бундоғ балолардин.
Тамоми касби ҳоло савдогар номида судхўрлик, Хушомад йўлида кўп шайху эшон қилмади ғўрлик, Буларнинг хизмати-чун камбағал деҳқонда мажбурлик, Тасарруф қилмоққа ўз мулкини ҳар кимда йўқ ҳурлик, Умид йўқ ошною балки пиру пешволардин.
Риёхўрликнинг таълимига моҳир муфтию аълам, Йўқ ўлди порасиз қози бўлиш балки имомат ҳам, Инобатликми элликбошисиз ҳеч ким уролмас дам, Улар ҳар қайси бир бой ихтиёри бирла мустаҳкам, Тариқча йўқ буларда ҳеч ҳам шарму ҳаёлардин.
* * *
Кўнгил ором бирлан тургулик бир жой топилмайди, Мувофиқ ёри содиқ топилурму ё топилмайди, Қилай арзим десам ул ёра, бир танҳо топилмайди, Ажаб бир ҳола қолдим, мақсудим асло топилмайди, Қилурман ўз-ўзимча оҳу вовайло, топилмайди.
Кўнгил мулкини торож этгали берганмикан буйруқ, Назар ҳолимга солмай ҳар тарафдан ёғдирурлар ўқ, Кима ҳам арз этарман дилдаги дардимни мен мунглуқ, Дилим восвос, жисмим турфа бир мажруҳу малҳам йўқ, Ва ё соҳнбнафас бир ҳиммати аъло топилмайди.
Юрарман чора излаб дафъ бўлғайму машаққат деб, Кўзимга ким кўринса жавдирарман, борми шафқат деб, Улим беҳроқ дерман халқ ногоҳ қилса нафрат деб, Борарман чора излаб ҳар эшикка «ё ҳақиқат» деб, Савол айлаб ҳақиқат қилгучи доно топилмайди.
Юрак дардини кўрсатмоққа мумкинми ёриб, тилмоқ, Билинди, йўқ экан тақдир тоши ўрнидан жилмоқ, Агарчи фарз экан оламнинг корин ўқимоқ, билмоқ, Менга одат ҳам эрмас, ҳоли олам шиквасин қилмоқ, Қилурга дафъи ғам бир нотиқи гўё топилмайди.
Қилурман орзу келганмикан деб менга бир ҳамдаст, Таажжубдан таажжуб кеча-кундуз ғам келар пайваст, Рақиблар қанча бололанса, мен ҳам шунча бўлгум паст, Нетай афсусланмай толеимдур уйқу бирлан маст, Уни уйғатгудек бир нозанин барно топилмайди.
Масалдур эскилардан: «Бошга ҳар иш келса, кўз тортар», Билармукин замондан нолиган ким бирла нар ўйнар, Билолмам сурат ороларни ҳолат модаму ё нар, Муҳаббат аҳли зеболарни кўрса кўз ёши ортар, Қачон гул фасли ўтса булбулигўё топилмайди.
Ярашгайму, ёронлар, ухламай туш кўрса инсонга, Қараб турмоқдадирмиз шунча ёлғон текса ҳам жонга, Ғараз ҳамёнми ёки нон учун ўт қўйса имонга, . Йўқ асло эътиқодим бахши, эшону дуохонга, Ўқиб қилган амал илмига бир воло топилмайди.
Муродим маънилик ҳақ сўзга ҳар қандоғ кўнгил эргай, Фаросат аҳли ҳар бир қиссадан сўз гавҳарин тергай, Олай таълим деб устода, борсам елкасин кергай, Бугун бир, эрта у хил кор қил деб сабоқ бергай, Не дерман, Оразо, бир йўлу бир имло топилмайди.
ЭЙ ПАРИ!
Эй пари, бошинг ҳақи, ҳолимга бир наззора қил, Сурати ҳолим кўриб, инсофа кел, бир чора қил, Лутф қил, хоҳи ғазаб, мен зор хизматкора қил, Ҳар қачон ҳуснинг закотин мустаҳиқ бечора қил, Илтифотинг ташнаи дидор ўлан хуммора қил.
Чорасизликдан дегайман, зулм қилсанг майлига, Тиғи мужгонинг билан бағримни тилсанг майлига, Бўлмади дардим яширмоқ, энди билсанг майлига, Хўпмидир, дебсан: «Рақиблардан сиқилсанг майлига», Мендаги мақсад йўлида, хоҳласанг, минг пора қил.
Аввали хўп меҳрибонликларни қилдинг ноз ила, Ҳар савол этсам жавоб айдинг ширин эъзоз ила, Гоҳ ўқиб «Гулёр», гоҳ «Ушшоқ», гоҳ «Шаҳноз» ила, Тенг бўлолмас ҳеч маҳваш сен каби танноз ила, Хўб эмас куйган жароҳатга сепиб туз, ёра қил.
Оҳким, ҳажрингда мундоғ зор ўлай токайгача, Ғайрлар олдида айши тор ўлай токайгача, Зор йиғлаб ташнаи дидор ўлай токайгача, Ёд этиб ўтмишни, миннатдор ўлай токайгача, Сизга ким ўргатди: «Ошиқларни бахтин қора қил!»
Булбулингман, нола айлай, эй юзи гул, ёр-ёр, Арз этай ҳасратларимни, сенга йиғлаб зор-зор, Кулмагил, санчилса бағримга агар минг хор-хор, Нотавон кўнглимда васл уммедидан ахбор бор, Йўл юриш таълимини товуси хуш рафтора қил.
Ишқ завқини билурму худпараст нопоклар, Васл қадрин қайда билгай булҳавас бебоклар, Шод эмас жаннатга кирса, ҳажрдан ғамноклар, Чекмак ўлмас Оразийдек оҳи оташноклар, Ўргилай, бир йўл хироминг саҳнаи гулзора қил.
БАҲОР АЙЁМИ КЕЛДИ
Баҳор айёми келди, эй кўнгил, жононингга роз эт, Саҳарлар нола айлаб, шавқ ила булбулдек овоз эт, Рнёли зуҳду тақводан кечиб, майхонага боз ет, Ўзингни неча кунлар дайр пири бирла дамсоз эт, Оёға бош уриб, муғбачаларни хўш сарафроз эт.
Юриб бебоклардек бефикр, бекор ўлтирма, Ингитсан, мард бўлсанг, ўлгунча бемор ўлтирма, Кими бекор кўрсанг бўлди бир кун хор, ўлтирма, Маишат йўлиға меҳнат эрур даркор, ўлтирма, Сенга фазлу ҳунар ўргатгучилар бўлса эъзоз эт.
Ёғиб борони раҳмат ҳар гиёҳда турли ҳангома, Замин зеболанибдур сабза бахмалдан кийиб жома, Бу овози фараҳбахшида, ваҳким, тушмишам дома, Сабо, еткур мени дилхастадин ул ёра бир нома, Дебон ошиқлара эҳсон учун ҳуснингга пардоз эт,
Бугуннинг лаззати-чун хўп муҳаббат бодасин нўш эт, Тамоми аҳли мажлисни наво сози ила хуш эт, Муғанний, сен ҳам энди қилмай истиғно, сўзим гўш эт, Рубобу чангу сетора гаҳи панжанг дар оғўш эт, «Баёт», «Ушшоқ» ила «Гулёр», «Ироқ» олдида «Шаҳноз»
Бурунги лаззатидан Оразий эркан ажаб содда, Ки энди нўш этиб бўлмиш жунун даштига омода, Ҳамоқатдан эмишким, ўтмиш айёмин олур ёда, Менга бўлди асос ўрнида бу оқу қизил бода, Узат, бир оқ ичай, эй соқиё, ҳам қаддими ғоз эт. |
23.08.2013 04:57 |
Бугунги адабий жараёнда замон билан ҳамоҳанг равишда кенг кўламли ўзгаришлар, жиддий изланишлар рўй бермоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий публицистика, Болалар ва ўсмирлар адабиёти, Наср ва Назм кенгашларининг 2012 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилишлари доирасида ўтган адабий анжуманларда адибларимизнинг ижодий ишлари, изланишлари, эришган ютуқлари ҳамда бугунги кунда қалам аҳли олдида турган муаммолар ва долзарб вазифалар муҳокама этилди. Ҳисобот йиғилишларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али бошқарди.
Бадиий публицистика кенгаши томонидан ўтган йили кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Уюшмада бир қатор адибларнинг публицистик китоблари тақдимотлари ўтказилди. Айниқса, А. Иброҳимовнинг “Бизким ўзбеклар”, “Руҳий озиқ маҳзани”, Я. Қўчқоровнинг “Жайҳун бўлиб оққан сўз” номли китоблари юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Публицистларнинг кенгашга топширган йигирмага яқин қўлёзмалари кенгаш аъзолари томонидан муҳокама қилиниб, энг саралари нашрга тавсия этилди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ташкил этилган “Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан”, “Ватан учун яшайлик” рукнларида мунтазам равишда публицистик мақолалар эълон қилинди. Шунингдек, ушбу рукнларда “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Туркистон”, “Ҳуррият”, “Маърифат” ва бошқа марказий газеталарда ҳам адибларимизнинг кўплаб мақолалари ёритилди.
Бадиий публицистика кенгаши раиси А. Мелибоев ҳамда С. Умиров, Қ. Норқобилов каби ижодкорлар ўтган йилда бадиий публицистика соҳасида кўзга кўринган ишлар, нашрдан чиққан янги китоблар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ва бошқа марказий ҳамда вилоятлардаги нашрларда эълон қилинган сара мақолалар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Болалар ва ўсмирлар адабиётида ҳам бугунги кунда кўпгина янгиликлар кўзга ташланмоқда. Ўтган йили йигирмага яқин болалар адибларининг янги китоблари нашр қилинди. “Тонг юлдузи”, “Гулхан”, “Ғунча” каби болалар нашрларида олти юздан ортиқ шеърлар эълон қилинган. Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши раиси А. Жўраев ҳамда С. Матжон, А. Акбаров, Т. Адашбоев каби ижодкорлар болалар учун яратилаётган ана шундай асарларнинг мазмуни, ютуқ ва муаммолари ҳақида фикр билдирдилар.
“Академия” нашриёти томонидан болалар учун нашр қилинаётган китобларнинг хилма-хиллиги, мазмундорлиги, турли серияларда китоблар чоп этиш йўлга қўйилганлиги эътироф этилди. Энг муҳими, ана шу китобларга болаларнинг қизиқишлари ортиб бормоқда. Бундай муҳим ташаббусларни бошқа нашриётлар ҳам, хусусан, болалар ва ўсмирлар учун адабиётлар нашр этишга кўпроқ ихтисослашган “Чўлпон” нашриёти ҳам унутиб қўймаслиги керак. Зеро, ҳозирги кунда ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб вояга етказишда бадиий китобларнинг алоҳида ўрни бор.
– Ҳозирги пайтда кузатишларимга таяниб шуни айтишим мумкинки, – деди куюнчаклик билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, – болаларимизда сўз бойлиги ниҳоятда камайиб кетмоқда. Бунга сабаб китобхонликнинг сусайиб кетганлиги, болалар китоб ўрнига замонавий техник воситалар – компьютер, телевизор ва бошқаларга кўпроқ диққат қилиб қолишяпти.
Дарҳақиқат, бугунги кунда интернет ва бошқа тарғибот воситалари орқали тарқалаётган ахборот хуружлари, турли бузғунчи ғоялар таъсиридан болаларни ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир ота-онанинг биринчи галдаги вазифасидир. Дунё адабиётида ҳозирда йигирмага яқин жанрларда болалар учун китоблар нашр қилинади. Бизда эса бу борада ҳам муаммолар мавжуд. Демак, болаларимиз учун яратилаётган асарларнинг жанрлари хусусида ҳам жиддий ўйлашимиз, бу ишга адибларни фаол жалб қилишимиз зарур.
Нафақат болалар адабиётида, балки катталар учун яратилаётган асарлар борасида ҳам эътиборга лойиқ ишлар ҳамда баҳс-мунозарага арзирлик масалалар талайгина эканлиги Наср кенгаши йиғинида ўртага ташланди. Кенгаш раиси У. Ҳамдам ҳамда Й. Солижонов, Ш. Назарова, У. Жўрақулов, Қ. Йўлдошев каби адабиётшунослар ўтган йили юртимиз адиблари томонидан яратилган насрий асарлар ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
2012 йилда ўндан ортиқ романлар нашр қилиниб, китобхонларга тақдим этилди. Улар ранг-баранг мавзуларни қамраб олган бўлиб, уларда тарих ва бугунги куннинг муҳим ижтимоий муаммолари қаламга олинган. Шунингдек, ўтган йили ўттиздан ортиқ қиссалар, икки юздан ортиқ ҳикоялар наср ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинган. Ушбу асарларнинг ҳаммасини камчиликлардан холи деб бўлмайди. Бироқ ёзувчиларимиз янги сўз айтиш, жамиятда рўй бераётган воқеаларга муносабатини янгича усулларда талқин қилишга йўл қидиришмоқда. Бу, албатта, ёзувчиларимизнинг фаол изланишда эканлигидан дарак беради.
Чинакам ёзувчи ҳар доим ўз замонаси қаршисида жиддий масъулият сезади. Бугун бутун дунёда инсоният олдида кўплаб глобал муаммолар пайдо бўлмоқда. Инсониятни тубанликка бошловчи бузғунчи ғояларга қарши адибларимиз ўзларининг дадил жавобларини айтишлари керак. Шунингдек, давр руҳини, одамлар тафаккуридаги буюк ўзгаришларни, барчага ибрат бўладиган замонамиз қаҳрамонлари тимсолларини асарларда муносиб акс эттириш истеъдодли ёзувчилар олдидаги муҳим вазифадир. Бундай асарлар, албатта, ўз ўқувчиларини топади.
Уйғун Рўзиев |
|
11.04.2014 04:31 |
ХХ аср ўзбек адабиёти намояндалари орасида узоқ умр кўрган адиблардан бири Комил Яшиндир. У баракали умри мобайнида Ҳамза ва Чўлпон сингари шоирлардан ижод сирларини ўрганиш, Қори Ёқубов ва Тўхтасин Жалилов сингари санъат дарғалари билан ҳамкорлик қилиш шарафига эришди. Мураккаб тарихий даврда рўй берган ижтимоий ва маданий воқеаларнинг жонли гувоҳи бўлди, шу воқеаларнинг маълум бир қисмида шахсан иштирок ҳам этди. ХХ аср ўзбек адабиётида шўро даври мавзуларини адабиёт ва санъатнинг қарийб барча тур ва жанрларида ёритишга Яшиндек катта куч сарфлаган бошқа ижодкорни топиш қийин. Комил Яшин 1909 йил 25 декабрда Андижон шаҳрида туғилди. Унинг бобоси Жумабой туякаш Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Сақичмон маҳалласида яшаб, бойлар ва савдогарларнинг молларини бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ташиш билан турмуш тебратган. Айтишларича, Эски Жўвада унинг карвонсаройи бўлган. Жумабой туякаш биринчи хотинидан Қосим, Содиқ ва Нўъмон деган ўғиллар кўрган. Унинг Нўъмон деган учинчи фарзандидан бизнинг муҳтарам адибимиз Комил Яшин дунёга келган. Жумабой туякаш фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганида, замон ўзгариб, карвонсаройлардаги туялар сийраклашиб қолган эди. Шунинг учун бўлса керак, фарзандлари “ота касби”ни ташлаб, боғдорчилик билан шуғуллана бошлаганлар. Бўлажак адибнинг отаси ўтган аср бошларида қандайдир бир сабаб билан Андижонга бориб, ўша ерда уйланиб, палак ёзиб қолади. Ғафур Ғулом 1966 йилги Тошкент зилзиласи муносабати билан ёзган “Ватандошларимга тасалли” мақоласида 1892 йили Андижонда рўй берган даҳшатли зилзилани эслаб, бундай ёзган эди: “Менинг ўша замон маъмуриятига туҳмат қилишга ҳаққим йўқ. Зилзиладан жафо чеккан халққа қандай ва не миқдорда, нималар билан ёрдам берганини билмайман... Аммо шуниси маълумки, том тагида қолганларни қазиб олиш учун яроқли иморат ускуналарини, рўзғор анжомларини, бисоту бағални тупроқ тагидан чиқариб олиш учун кетмон, бел сингари асбоб-ускуналар етишмас эди. Ана шунда Андижон йигитларидан асл таги тошкентлик Нўъмонжон деган киши Тошкентга келиб, етти арава кетмон, бел, майда қозон, чойнак-пиёлалар олиб бориб андижонликларга улашди” (Бу одам атоқли драматургимиз Комил Яшиннинг отаси бўлади). Нўъмон Жумабой ўғли адибнинг бўлажак онаси Хайринисога девордан ўсма, райҳон отиб юриб, ўзига ром қилган. Шу вақтда у йигирма беш ёшда бўлган. У мадраса кўрмаганига қарамай, хат-саводи пухта бўлганлиги туфайли андижонлик пахтачи бойлардан бирига гумашталик қилиб, унинг эътиборини қозонган. Унинг ичкари-ташқари ҳовлили уйи Андижон вилоят мусиқий драма театрига туташ бўлиб, бу уйнинг токчаларида “Далойили ҳайрот”, “Тафсир”, “Қиссаси Рабғузий», “Кимёи саодат”, “Бобо Равшан”, “Иброҳим Адҳам” сингари диний китоблардан ташқари, “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Туркий гулистон” сингари китоблар ҳам бўлган. “Дадам, — деб ёзган эди Яшин, — шеъриятни ҳам ёқтирарди, мусиқа, қўшиқни жон қулоғи билан тингларди. Уйда турлича “баёз”ларни сақлар, вақти-вақти билан уларни варақлар, бироқ пана-пана жойларга беркитгани-беркитган эди. Бунинг сабаби ҳам кўп ўтмай маълум бўлди. У опаларимнинг кўзлари эртароқ “очилиб кетмаслиги” учун ишқий шеърлардан иборат ғазалларни уларга кўрсатмасликка ҳаракат қиларкан”. Яшин ака шундай муҳитда тарбия топди. Лекин ўзгара бошлаган замон унинг адабий диди ва қарашларига ўз муҳрини Ҳамза орқали босди. У 1915 йилда эски мактабда Фахриддинхон исмли мутаасиб муаллим қўлида ўқий бошлади. Шу вақтда инқилобий воқеалар юз берди. 1919 йили андижонлик машҳур тадбиркор Миркомилбойдан тортиб олинган Савдо маркази маданият ходимлари ихтиёрига берилди. Баҳор ойларида шу ерда Ҳамза билан бўлиб ўтган учрашув Яшиннинг кейинги ҳаёти ва ижодига катта таъсир кўрсатди. “Ҳамза Ҳакимзода билан илк учрашувлар, — деб ёзган эди адиб, — қалбимда ўчмас ва чуқур из қолдирди. Ўшандан бошлаб вужудимга бир туйғу оралаб қолди. У ҳам бўлса саҳна санъатига кучли муҳаббат эди. Санъатни азбаройи севиб қолганимдан у ҳатто тушларимга ҳам кириб чиқарди”. Афсуски, адиб шу йилларда ҳам, кейин ҳам буюк Чўлпон билан яқин алоқада бўлганлиги, унинг ижодий ёрдамидан кўпроқ баҳра олганлигига қарамай, маълум сабабларга кўра, шу ҳақда бирор сўз айтмаган. Ҳолбуки, адиб умрининг сўнгги йилларида биз, бир-икки адабиётшуносга Чўлпон тўғрисида, унинг ўз ижодига кўрсатган таъсири тўғрисида миннатдор шогирд сифатида жўшиб сўзлаб берган эди. Яна шуни айтиш лозимки, адибнинг поччаси, Андижоннинг илғор кишилари Ҳакимжон ва Олимжон Саркоровларнинг хонадонида бой кутубхона бўлиб, бўлажак адиб шу кутубхонадаги Туркистон тарихига оид илмий китоблардан ташқари, Воқиф, Ҳусайн Жовид, Собир сингари озарбайжон, Абдулла Тўқай сингари татар ёзувчиларининг асарларини мутолаа қилган ва бу асарлар ҳам унинг ижодкор сифатида шаклланишига муайян таъсир кўрсатган. Лекин шўро давлати шу даврда ўқув муассасаларида ташкил этилган комсомол-ёшлар ташкилоти ёрдамида ёш авлодни ўз таъсир доирасига тортиб, улар билан Чўлпонлар, Ҳусайн Жовидлар орасига тўсиқ қўя бошлаган эди. Болалик ва ёшлик хотиралари аксар ёзувчилар ижодида муҳим ўрин тутади. Чунончи, адибнинг отаси қайсидир бойдан олган қарзини ўз вақтида узолмай, Султонхон исмли попукдек қизини бойнинг тўрт хотинли тантиқ ва нодон ўғлига беришга мажбур бўлган. Бойвачча ўта золим ва жоҳил кимса бўлиб, хотинларини ярим йил-бир йил деганда ота уйига аранг юборар, бошқа пайтларда бўлар-бўлмасга калтаклар экан. Комилжон бир куни поччасининг уйига борганида унинг опасини қамчилаб, азоб бераётгани устидан чиқади. Бундай воқеаларни кўриб, ўзбек хотин-қизларининг машаққатли қисматларидан эзилиб юрган Яшин 1925 йилда қўлига қалам олиши билан Султонхон опасига ўхшаш аёлларга бағишлаб шеърлар ёзади. 20-йиллар охири — 30-йилларнинг ўрталарида ўзбек адабиётидан катта ўрин эгаллаган хотин-қизлар озодлиги мавзуи Яшин шеъриятида ҳам бонг ўлароқ жаранглади. Ёш шоир бу билан кифояланиб қолмай, ўқувчилик йилларидан бошлаб ошифта бўлгани драматургияга қўл уриб, “Тенг тенги билан”, “Лолахон” номли бир пардали пиесаларини (1927), “Ичкарида” (1933), “Гулсара” (1934), “Номус ва муҳаббат” (1935), “Нурхон” (1940) драмаларини ёзади. Яшин “Ичкарида” пиесаси асосида ёзилган “Гулсара” асари устида тинимсиз ишлаб, уни опера ва балет театри саҳнасига олиб чиқади. Шу тарзда хотин-қизлар озодлиги мавзуси Яшиннинг шеърий, айниқса, драматургик ижодида даврнинг энг муҳим ижтимоий ва маънавий муаммоларидан бири сифатида талқин қилинади. Ўзбек драматургиясининг шаклланиши ва ривожланишида Ҳамзанинг хизматлари оз эмас. Драма ва комедия табиатини чуқур ҳис этган Ҳамза драматик ва комик вазиятларни яратишда мислсиз бўлиши билан бирга, қаҳрамонлар нутқини ишлашнинг ҳам моҳир устаси эди. Яшин Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши”, “Заҳарли ҳаёт” асарларини қайта саҳнага олиб чиқиш жараёнида устознинг драматурглик маҳоратини пухта эгаллади. Шу ҳол унинг Навоий ва халқ оғзаки ижоди дурдоналарини мусиқали ва опера театрлари саҳнасига олиб чиқишида ҳам («Фарҳод ва Ширин”, “Равшан ва Зулхумор”, “Дилором”), “Ҳамза”, “Йўлчи юлдуз”, “Инқилоб тонги” драмаларини яратишида ҳам ўз жамолини кўрсатиб туради. Яшиннинг драматург сифатидаги хизматлари тўғрисида сўз борар экан, Миртемирнинг қуйидаги сўзларини эслаш жоиз: “Драматург деганда, — деб ёзган эди у, — кўз ўнгимизга буюк Ҳамзадан кейин у келади. Унинг драмалари қадам-бақадам, зина-базина юксалиб, чиниқиб, ўсиб-улғайиб, томошабин дилида ўчмас из қолдирган. Унинг ўзи ҳам қадам-бақадам, зина-базина юксалиб, чиниқиб, ўсиб-улғайиб, томошабин олқишига сазовор бўлган қалам заҳматкаши... Бу ҳазилакам меҳнат эмас. Бу, ҳар томонлама етуклик, деган сўз. Одамларни билиш, ҳаётни билиш, ҳаётнинг ич-ичига сингиб кетиш, ...ҳаётни санъаткорона тасвирлай олиш ҳазилакам гап эмас. Бу фазилатлар фақат етакчи ёзувчига, замон ва халқ олдида ўз масъулиятини қалбдан сезган қаламкашга хос фазилатлардир. Мен унинг ҳар асарини ўқиганимда ё саҳнада кўрганимда, катта ижодий меҳнат меваси эканини ҳис этаман...”. Яшин ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст намояндаларидан бири сифатида ўзбек драматургияси ва театр санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Драматургия ва театрнинг бирор соҳаси йўқки, у шу соҳаларнинг вужудга келиши ва камол топишига ҳисса қўшмаган бўлсин. У етук драматург сифатида ўз асарлари билан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри репертуарини белгилаб ва ўзбек драмасининг “планка”сини кўтариб берди; ўзбек театр маданиятида опера санъатининг вужудга келиши ва равнақ топишига муносиб ҳисса қўшди. Шекспирнинг «Антоний ва Клеопатра”, У.Гаджибековнинг “Аршин мол олон», И.Брусиловскийнинг “Эр Торғин”, Б.Кербобоевнинг “Маҳтумқули”, Меҳти Ҳусайннинг “Олов”, И.Қосимовнинг “Инсон меҳри” сингари асарлари Яшин таржимасида саҳна юзини кўрди. У кинодраматургия соҳасида ҳам ижод қилиб, “Асал” (1940), “Ҳамза” (1060), “Генерал Раҳимов” (1067), “Шиддат” (1971) филмлари ҳамда “Оловли йўллар” телефилми (ҳамкорликда) сценарийларини яратди. 1958 йилдан 1980 йилга қадар бўлган даврда эса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилдики, шу даврда Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”, О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” сингари ўлмас асарларнинг майдонга келиши, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шеъриятга чақмоқ ўлароқ отилиб киришида, ўзбек ёзувчилари асарларининг рус ва бошқа тилларга таржима қилиниб, хорижда машҳур бўлишида унинг ҳам хизматларини йўқ, деб бўлмайди. Ўзбек адабиёти халқаро обрўсининг худди шу даврда ошишида Яшиннинг собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари ва пешқадам қардош ёзувчилар билан яқин алоқада бўлганлиги муҳим аҳамиятга молик бўлди. Яшиннинг адабий-танқидий мақолаларига назар ташлар эканмиз, унинг 1958 йил учун белгилаган ижодий режаси бизни ҳайратга солади. У 1957 йилда ҳозирги Миллий театр учун “Йўлчи юлдуз” драмаси, Муқимий театри учун “Равшан ва Зулхумор” мусиқий драмаси, Навоий театри учун эса “Дилором” опера либреттосини ёзганлигини қайд қилиб, бундай сўзларни айтган: “Мен 1958 йилда ўзбек олими, улуғ астроном, мутафаккир, файласуф Улуғбек ҳақида Ҳамза номли театр учун бир трагедия устида иш олиб бормоқдаман. Бу тема мени кўпдан бери қизиқтириб келади. 1958 йилда Улуғбек номига лойиқ асар яратиб, шу орзумга етсам, ўзимни бахтиёр, деб билардим”. Биз бу асарнинг ёзилмай қолиш сабабларидан огоҳ эмасмиз. Адибнинг 1958 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис этиб сайланиши ва ташкилий ишлар билан ўралашиб қолиши, балки шу ижодий ниятнинг рўёбга чиқишига имкон бермагандир. Балки у Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясини ёзишга тараддуд кўраётганидан воқиф бўлиб, қаламкаш дўстининг ижодий нияти йўлида ғов бўлишни истамагандир. Ким билади, балки Яшин бу қутлуғ ижодий режасини амалга ошириш имконига эга бўлганида унинг кейинги ижоди бошқа ўзанда кечган ва у адабиётимиз хазинасида бир умрга қоладиган саҳна асарларини яратган бўлармиди. Камина адибнинг энг сўнгги асари — “Ёднома”ни варақлар эканман, муаллифнинг муҳофаза қуввати беҳад даражада кучли бўлганидан ҳайратга тушаман. У болалик кезларидан умрининг сўнгги нафасига қадар ўзи гувоҳ бўлган ёки эшитган воқеаларни, одамларни хотирасида шу қадар тиниқ ва тўла сақлаган эдики, “Ёднома”ни ўқиган киши Яшиннинг ХХ асрдаги ўзбек халқи тарихининг жонли қомуси сифатида идрок этиши ҳеч гап эмас эди. Биз, бир-икки адабиётшунос, Яшин акани зиёрат қилиб борганимизда, у Чўлпон, Қори Ёқубов ва бошқа ўнлаб машҳур тарихий шахслар тўғрисида шундай воқеаларни айтиб берардики, биз адибдан шу хотираларни қоғозга тушириб, “Ёднома”нинг иккинчи китобини тезроқ чоп этишини илтимос қилардик. Лекин у ҳориганлиги ва ортиқ ёзувга рағбати қолмаганлиги сабабли бу воқеаларни ёзишни бизнинг ўзимизга топширмоқчи бўлди. Камина ўша кезларда Чўлпон шахси билан қизиққаним туфайли Яшин акадан ҳам, Ҳалима опадан ҳам уларнинг улуғ андижонлик юртдоши ҳақидаги хотираларини билишни истардим. Ҳалима опа Чўлпонни ўз отасидан ҳам ортиқ даражада ҳурмат қилар, Яшин ака эса, ҳали ҳушёр қулоқлар борлиги сабабли, Чўлпоннинг миллатчи бўлганлигини пеш қилар эди. Биз ўзгараётган даврда Чўлпон ҳақида пайдо бўлаётган янги тасаввурларни Яшин акага секин-аста етказиб, унинг қалби тубида ётган хотираларнинг юзага чиқишига эриша бошладик. Яшин ака Чўлпоннинг ўзига устоз бўлганини, бир неча шеърларини таҳрир қилиб берганини айтди. Унинг пиёлани лабига яқин келтириб, тез-тез ҳўплаб ичишини эслади. Унинг Чўлпонга бўлган меҳри турли рангларда товлана бошлади. Аммо афсуслар бўлсинки, Яшин ака бу хотираларини қоғозга тушириб, “Ёднома”нинг иккинчи китобини тайёрлаш учун сўниб бораётган ижодий кучини қайта тиклай олмади. ХХ аср сўнгида мамлакатимизда рўй берган оламшумул воқеа халқимизнинг яқин тарихини икки даврга — мустақилликкача бўлган ва мустақиллик даврига ажратиб юборди. Биринчи даврда яратилган асарлар орасида бугун ҳам бадиий қимматини йўқотмаган асарлар оз эмас. Лекин аксар асарлар шўро даври талаби ва шўро мафкураси андозалари асосида ёзилгани учун, улар қандай талантли асарлар ва қандай машҳур адибларнинг қаламига мансуб бўлмасин, Тарих, Вақт ва Адабиёт ғалвиридан тушиб қолди. Аммо бу ҳол шўро даври ёзувчиларининг хизматларини йўққа чиқармайди. Чунончи, мақоламиз қаҳрамони Яшин ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст намояндаларидан бири сифатида ўзбек драматургияси ва театр санъати тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси боис халқимиз хотирасида ҳамиша сақланиб қолади.
Наим Каримов |
17.01.2014 08:14 |
Э, ошнам, ичим тўла ҳасрат, сиз сўраманг, мен айтмай. Суриштираман десангиз, калаванинг учи қирқ йилнинг нари-берисига бориб тақалади. Ўшанда мен ўн тўртга кирган етим бола эдим. Отам ҳам, онам ҳам ҳаётдан бемаврид кетдилар. Онамни-ку, хасталик қулатди. Аммо отам ҳали-бери ҳаётдан умид узадиган эмасди, уни қўшнимизнинг хўкизи сузиб ўлдирди. Мен бувам билан бувимнинг қарамоғида қолдим. Бувимнинг ўнг қўллари ишламай қўйиб, уй юмушларини бажаришга қийналгач, бувам мени уйлантиришга қарор қилдилар. Мендан: “Уйланасанми?”-деб сўраб ҳам ўтиришмади. У пайтда сенинг рози-ризолигинг билан ҳисоблашишмасди, кексаларнинг ўзлари ишни пишитиб қўя қолишарди. Бир куни тасодифан чол-кампирнинг маслаҳатларини эшитиб қолдиму бувамнинг бу аҳди қатъий эканини англадим. Бувим аввалига “ҳали ёш”, деб эътироз билдирдилар. Бироқ бувам: “Ёшлиги қолибдими, овози раста бўлганини сезмаяпсанми? Юлдузига тўғри келадиган қиз топиш керак”, деб гапни калта қилдилар. Мен йигит кишининг нима мақсадда уйланишини тузукроқ билмасам-да, қандай қиз топишар экан, деб қизиқиб юрдим. Бир куни яйловдан келсам, уйимизда фақат узун бўйи билан эмас, ҳунари билан ҳам қишлоққа беш қўлдек маълум бўлган, белбоғига ҳамиша қайчи осиб юрадиган тикувчи ўтирибди. -Рамадон, бўтам, амакинг сенга чолвор тикиб бериш учун келибди. Рангли чолвор киясанми ёки одмисиданми?-деб сўрадилар бувам.. Шундан бўлак мендан ҳеч нимани сўрашмади. Ҳатто фотиҳа қилишда ҳам, тўйда ҳам менинг истагим билан мутлақо қизиқишмади. Тикувчи чоршанба куни келган эди, пайшанбада рангли чолвор тайёр бўлди. Жума куни эса тўй бошланди. Ноғоралар чалинди. Дошқозондаги шўрва биқирлаб қайнайди. Мен эса “Келин ким экан?” деган хаёлда гарангман. Охири чидамасдан бувимдан сўрадим. -Келин бу қишлоқлик эмас, тоғдан,- бувим шундай деб гапни калта қилдилар-да, ўз юмушлари билан овора бўлдилар. Мен эсам “Келин ёшми, ўзи қанақа?” деб сўрашга уялдим. Ҳаммаси оқшомда аён бўлди. Мулла никоҳ ўқигач, келин билан ёлғиз қолдик. Ҳа, айтмоқчи, унга қадар бувам мени бир четга тортиб, узоқ чайналдилар. -Сен ёш бола эмассан,-дедилар,-сен энди эркаксан! Ҳақиқий эркаклигингни шу кеч исбот қил. Тушундингми? У ер-бу ерини тимдалаб бўлса ҳам... Йўқса, қишлоқдагилар олдида уятга қоламиз. Бувамнинг нима деяётганларига тушунмай туравердим. Шундан кейин аччиқланиб, менга ҳамма гапни лўнда-лўнда қилиб тушунтириб бердилар. Келин билан ёлғиз қолгач, ярим соатча қимирламай жим ўтирдим. Гапирай десам, хаёлимга дурустроқ сўз келмайди. Бошига ташланган рўмолни кўтарай дейману журъат қилолмайман. Ниҳоят, унинг ўзи юзини очди. Мен уни қари хотин, десам, ўзим тенги ёш қизалоқ экан. Оппоққина, кўзлари кўм-кўк, киприклари узун-узун. Худди капалакка ўхшаган нозик бу қизга анграйганча қараб қолибман. У бирдан кулиб юборди-да: -Уяляпсанми?-деб сўради. -Ҳа... Озгина... -Нимадан уяласан? Чолворинг жуда чиройли экан. Белбоғинг ҳам. Бизбизак ўйнамаймизми? Мен “ҳа” ёки “йўқ” дейишга улгурмасимдан у белбоғимдан ушлаб тортди. Дам у чир-чир айланади, дам мен. Шу зайлда хўроз қичқургунча ўйнабмиз. Бирдан бувамнинг гаплари эсимга тушиб, ўйланиб қолдим. “Ҳозир тонг ёришади. Кейин келиб сўрашади”. У хаёлга ботганимни сезган экан, сабабини суриштирди. Мен бор гапни яширмай, унга айтдим. -Шуни ўйлаб, ташвишланиб ўтирибсанми?- у шундай деб нимадир қилган эди, бурнидан қон келди. Бу қонни кимларга кўрсатишди, кейин нима қилишди, билмайман. Бўлган гап шуки, тўйдан сўнг биз Силвина билан тотув яшай бошладик. Унинг номи энди “хотин” бўлгани билан, аслида қиз бола эди. Мен Силвинани тобора қаттиқроқ яхши кўра бошладим. Юрагимнинг ришталари унга тинмай чирмашаверди. Оқибатда эса ришталарга қўшиб юрагимни ҳам илдиз-пилдизи билан суғуриб олишлари мумкинлигини билмабман. Ҳаётимиз сокин оққан сув каби эди. Лекин бу сувнинг остида орзуларимизни чилпарчин қилувчи қоялар борлигини пайқамабмиз. Силвина ҳамиша уй юмушлари билан банд бўларди. Бувимга қарарди, даладан қайтишимизга овқат тайёрлаб турарди. Уйимиз чиннидек тоза. Ҳовлини гулларга кўмиб ташлади. У чаққон, нозик дидли, озода қиз эди. Ҳар куни олтинранг сочларини тараб, ўрарди. Сал наридан қарасангиз, сочи сариқ эмас, қизилга ўхшаб товланади. Янада узоқроқдан қаралса, соч эмас – тилланинг ўзи! Менинг маҳлиё бўлиб турганимни пайқаган бувам дарҳол томоқларини қириб, огоҳлантириб қўярдилар. -Қани, Рамадон, эчкилар очдан ўлмасин тағин. Ҳайда! Шу эчкилар ҳам баъзан жонга тегарди. Эрталабдан кечгача бошларини ўтдан кўтаришмайди. Эчки зоти жуссаси кичкина бўлгани билан дунёнинг бор ўтини еса ҳам тўймаса керак. Мен жониворларни ўтлоққа қўйиб юбораманда яна ширин хаёлга берилиб, Силвинамни ўйлайман. Тезроқ қош қорая қолса-ю, уйга қайтсам. Аммо қуёш аксига олиб қоқ тепамда туриб олади. Ётоғига энай демайди. Бир сакраб қўлимдаги таёқ билан уни туртиб юборгим келади. Баъзан эса туртиб ерга тушириб, кўмиб қўйишни ўйлайман. Фақат тун бўлса-ю, тонг сира отмаса дейман. Менга қолса Силвинамнинг ёнида ётаверсам, сочларини силасам... Мен унга Филибадаги катта бозорга борганимизда албатта катта тароқ олиб келаман, деб ваъда қилгандим. Бироқ, ваъдамни бажаролмай, доғда қолдим. Бир куни бувам билан пичан ўримига бордик. Уйга шошилиб,соғиниб қайтсамки, келин йўқ! Уй ҳувиллаб турибди. Силвинани акалари зўрлаб олиб кетишганмиш. Бувим бечора ночорликдан кўз ёши оқизиб қолаверибдилар. Қоним қайнаб кетди. Пичоқнинг дастасини маҳкам ушлаганимни сезган бувам қўлимни тутиб: “Арқонни бер!”-деб бақирдилар. Бувим эса дарҳол буйруқни бажо келтирдилар. Бувам мени дарахтга маҳкам боғлаб қўйдилар. -Эсингни ема, бола! Сен менга тириклайин кераксан. Мен эварамнинг овозини эшитишни истайман. Ҳасан Дурвишев наслининг тугашига йўл қўймайман! Аввал ўзингдан зурриёт қолдир, ана ундан кейин билган ишингни қилавер. Бувам шундай дедилару эшакка миниб тоғ орти томон йўл олдилар. Сал нари боргач, ўгирилдилар-да, бувимга қараб бақирдилар: -Дурвишевнинг наслини асра! Агар ечиб юборсанг, каллангни оламан! Бувим чолларининг феълларини билганлари учун бу буйруқни сўзсиз адо этдилар. Ҳар қанча ялиниб, ёлворсам ҳам ечмадилар. Юрагим тошиб, ёрилиб кетаётган бўлса-да, бувамнинг қайтишларини кутишдан ўзга чорам йўқ эди. Силвинамнинг акаларига инсоф бер, деб Худога илтижолар қилдим. Эрталабгача банди ҳолида турдим. Тонгда бувам келдилар. Эшак тез юрганидан оғзи кўпириб кетибди. Йўлни қисқароқ олиш мақсадида тиканзорни тик кесиб ўтишган шекилли, бувамнинг кийимлари титилибди. Бувам саломимга алик ҳам олмасдан индамай яқинлашиб мени ечиб олдилар-да, уйга киритиб, эшикни тамбалаб қўйдилар. Чол-кампир қўшни хонага киришди. Бу икки хонани юпқагина девор ажратиб турарди. Юқорироқда латта тиқиб қўйилган туйнук орқали уларнинг гапларини бемалол эшитиш мумкин эди. -Келиндан ажрабмиз!-дедилар бувам ҳорғин товушда.-Беҳаё акалари унинг ҳали ҳам қиз эканини билиб қолиб, Руфатга икки эчки эвазига сотишибди. -Энди нима бўлади? -Нима бўларди... Руфатга қўшиб қўйишади. -Ҳеч иложи йўқмикин? -Қанақанги илож?! Бегонадан бўлган болани қорнига жойлаган келинни бошимга ураманми? Дурвишевларнинг қони шу топгача бузилмаган, бундан кейин ҳам бузилмайди! -Энди нима қиламиз бўлмаса? -Нима қилишни ўзим биламан. Руфат бу дунёга келганига ҳали пушаймонлар ейди. Қўшотарни нақ оғзидан қўяман. Лекин ҳозир унга тега олмайман. Майли, кайфини суриб юра турсин, чидайман. Аввал Рамадонни уйлаб, боласининг овозини эшитай, кейин... Бу гапларни эшитиб, тошдек қотиб қолдим. Кун ёйилгач, бувам муллани бошлаб келдилар. Қуръонни ўртага қўйиб, мени “сўкишмайман, муштлашмайман, ўзимни дарёга ташламайман, жонимга қасд қилмайман”, деб қасам ичдиришди. Бола кўрганимдан кейингина бу қасам кучдан кетар экан. Шу йўсинда ихтиёримни жиловлаб қўйишди. Ҳамма дардимни ичимга ютавердим. Юрагим игналар санчилавериб илма-тешик бўлиб кетгандай туюларди. Силвинанинг қишлоққа қайтганини эшитгач, дод деб юборай дедим. Руфат девор-дармиён қўшнимиз эди. Аммо Силвинанинг қайтганини ҳеч ким кўрмаганди. Бир ойгача у ҳатто ҳовлисига ҳам чиқмади. Кейинчалик воқеа ойдинлаша бошлади. Силвина менга тегиб, ҳовлида уй юмушларини бажариб юрган кезлари Руфат уни бир кўргану ошиқу беқарор бўлиб қолган экан. Девордан кўз илғамас туйнукча очиб, уни ўғринча кузатиб ўтирар экан. Руфат мендан етти ёш катта эди. Аммо на ўтин тергани борарди, на далага чиқиб ишларди, на қассоб отасига кўмаклашарди. Турган-битгани ғирт танбал, такасалтанг эди. Уларнинг иккита эчкиси бўларди, икковининг бўйнига ҳам қўнғироқ осилган эди. Силвинанинг Ражаб ва Умар деган чўпон акалари ана шунақа эчки учун ўзларини томдан ташлайдиганлар тоифасидан эди. Руфат уларнинг ана шу ожизликларидан фойдаланибди. Ражаб билан Умар шу эчкиларга харидор бўлишганида у номард бунинг эвазига Силвинани сўрабди. Сингилларининг ҳали ҳам қиз эканини билиб қолишгач, улар Руфатнинг шартига кўнишибди. Мен Силвинани жуда-жуда кўргим келарди. Лекин ваҳший Руфат хотинини сира уйдан чиқармас эди. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топдим: қош қорайиши билан томга чиқиб, мўрини паналаб, Руфатнинг деразасига қараб ётдим. Унинг деразаси жуда кичкина эди. Бироқ, ичкарида чироқ ёқилгач, кўзим баъзи нарсаларни илғади. Юмалоқ хонтахта атрофида ўтириб овқатланишди. Кейин хонтахтани кўтариб, четга олишди. Кейин... жой солинди. Кейин Руфат белбоғини ечди. Силвина эса унга қарамай, бошини эгганича тураверди. Руфат уни бағрига босди... Унинг уйида керосин чироқ милтиллаб ёнар, менинг қалбим эса шамчироқ каби сўнаётганга ўхшарди. Назаримда юрагим уришдан тўхтаган эди. Нафас ҳам олмасдим. Аслида юрагим одатдагидан қаттиқ тепар, вужудим ғазабдан титрарди. Менинг томга чиқишларимни бувим сезиб қолиб, бувамга айтиб бердилар. -Ишинг бўлмасин, қарайверсин,-дедилар бувам.-Қаҳрини қайраса, минбаъд никоҳ кечаси келиннинг бурнини қонатмайдиган бўлади. Бувамнинг ҳақ ёки ноҳақ эканликларини таҳлил қилиб ўтирмайман. Аммо унинг қаҳр-ғазаб ҳақидаги гапи чин эди. Агар одамнинг дарди ошиб-тошиб кетса, қаҳр-ғазабгина уни бу азобдан қутқаради. Ичига сомон тўлғазилган полиз қўриқчисини кўрганмисиз? Ташидан одамга ўхшайди. Бироқ ичида сомондан бўлак ҳеч вақо йўқ. Юрак ҳам, суяк ҳам йўқ унда. Яхшилаб тойланган сомонгина унинг қаддини тик тутиб туради. Менда эса юрак бор. Ичим сомонга эмас, ғазабга тўлган. Мана шу ғазаб қаддимни кўтариб турибди. Қаҳримнинг бари Руфатга қаратилган. Руфат бир зум ҳам хаёлимдан кўтарилмайди. Далада ҳам, яйловда ҳам уни ўйлайман. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам уни ўлдириш йўлини излайман. Болта билан чопиб ташласаммикин ёки қорнига пичоқ тиқиб, бураб-бураб олсаммикин? Шундай қилганим дуруст. Дарров ўлмайди. Тозза азоб чекади. Ичак-чавоғини оёғим билан эзғиласам-ку, росса хумордан чиқаман. Йўқ, буниси бўлмайди. Етарли азоб чекмайди. Бўғиб ўлдирганим маъқул. Озгина бўғиб, сўнг бўшатсам, кейин яна бўғсам... Йўқ, буни эплаш қийин. Томоғига бир чанг солгач, қўйиб юбормасам керак. Қийналмай дарров ўлади-қолади... Шу зайлда уни минг марта ўлдириб, терисини шилиб, минг марта тирилтирдим. Бошим ғовлаб кетди. Қўлларим титраб, тишларим ғижирлайдиган бўлиб қолди. Полиз қўриқчиси сомони билан ёниб кетди – алаҳлайдиган бўлиб қолдим. Бувам бу аҳволимни кўриб, саросимага тушдилар. Тўғрисини айтсам, бувамнинг ҳавотирлари менинг тобим айниганидан эмас, балки Дурвишевлар авлодининг, зурриётнинг тақдири қил устида илиниб қолганидан эди. Бир оз ўзимга келганимдан сўнг, қўлимдан етаклаб Триградга – бақалоқ Ойша холаникига олиб бордилар. У менга турли гиёҳлардан тайёрланган дорилардан ичирди, баданимга қандайдир бадбўй мойларни суртди. Бир ҳафтадан кейин алаҳсирамайдиган бўлдим. Лекин бувам мени қишлоққа қайтаришга шошилмади. Ойша холага:”нима қилсанг қиласан, лекин болам эр йигит бўлиши шарт”, деб яна ташлаб кетди. Бошимга яна бир бало ёғилди: аччиқ овқату қўланса дорилар азобида қолдим. Ойша холанинг муолажасими ё ёшимнинг улғайишими сабаб бўлиб, бир неча ойдан сўнг ўзимни бошқача сеза бошладим. Ана шундан кейингина бувам етиб келдилар. -Энди уйлантирсам бўлади. Руфатнинг қонини қўмсайвериб, тинкам қуриди,-дедилар. -Мени истасангиз уйлантиринг, истасангиз тириклайин кўмиб ташланг, аммо Руфатга тега кўрманг. У билан ўзим ҳисоб-китоб қиламан,-деди бувамга. Кўп тортишувлардан сўнг, бувам таслим бўлдилар. Руфатга қўл кўтармайман, деб онт ичдилар. Мен Триграднинг ўзидаёқ уйландим. Бу сафар никоҳ кечаси бизбизак ўйнамадик. Ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Ой-кунлар ўтиб, бола ҳам туғилди. Бувамнинг хурсанд бўлганларини, қувона-қувона кулганларини дадамнинг вафотларидан бери кўрмаган эдим. Эвараларини қўлларига олиб ростманасига яйраб кулдилар... Кейин... орадан уч кун ўтгач, бехосдан қайтиш қилиб бердилар. Туппа-тузук юрган эдилар, келиб ўринларига ёнбошладилар, жилмайдилар, қовоқлари учди. Кейин менга тикилиб қарадилар: -Худога шукур, Дурвишевларнинг зурриёти қуримайдиган бўлди. Дадангга бу хайрли хабарни етказай энди. Руфатнинг жонини эса сенинг қўлингга топшириб кетаман... Шундай дедилару осонгина жон бердилар. Ана, мулла Рамадон, елкангизга етарлича юк тушди. Бир қўлда душманингиз, бир қўлда болангиз ва хотинингиз! Эплай олармикинсиз? Ичига сомон тойланган бўлса ҳам, полиз қоровули тирговичсиз тик туролмайдиган бўлиб қолди. Бошим рўзғор ташвишидан чиқмайди. Эчкиларни ўтлоққа ҳайдаш керак, даланинг ишлари ҳам менинг зиммамда... Жигарим билан юрагим эса қассоб Руфатнинг қўлларида – истаган кўйига солади. Аввал боламнинг сал каттароқ бўлишини кутишга қарор қилдим. Бола кўкракдан ажралиб овқатга ўрганса, Руфатнинг қорнини ёраман... Кейин боламнинг тетапоя бўлишини кутдим. Бу пайтда Силвина ҳам қўлида бола кўтариб ҳовлига чиқадиган бўлди. Узоқ йўл юриб чарчагандай ҳовлида секин юради. Юзини рўмол билан тўсган. Бироқ, бизнинг ҳовли томонга қараб-қараб қўяди. Мен девордаги туйнукдан, Руфат эса деразасидан тикилади. Хотиним мени бетиним кузатади. Бахтимга у рашкчи эмас. Нима учун девор яқинидан кетмай қолганимни билса ҳам индамайди. Йиғлаб-йиғлаб ўзини овутади. Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Даладан ҳам, яйловдан ҳам оқшом тушмай қайтаман. Бирров бўлса ҳам девордаги тешикдан мўралайман. Силвинани кўрсам кўрдим, бўлмаса тун бўйи Руфатнинг терисини шиламан, бўғаман, заҳарлайман. Хуллас, ўлдиришнинг неча хил тури бўлса, барчасини бажараман. Шунда ҳам кўнглим таскин топмайди. Руфатни ўлдиришга қатъий қарор қиламан. Қўлимга пичоқ ҳам оламан. Аммо бу ишим учун қамоқхонага тушишим аниқлигини, ундаги девор тешигидан мўралаб Силвинани кўриш мумкин эмаслигини ўйлайман-да, фикримдан қайтаман. Кунни кун, ойни ой, йилни йил қувиб ўтаверди. Болалар туғилаверди. Дурвишевларнинг авлоди томир ёйиб кўпайди – бувам орзу қилганларидан ҳам зиёдароқ бўлди. Бувамнинг зурриёт бобидаги ташвишларига энди ҳеч қандай ўрин қолмади. Руфатнинг ҳовлисини ажратиб турган тахта девор чириди. Лекин алам эскирмади, қайралган тишлар чиримай қолаверди. Амалга ошмаган орзулар сўнмади. Руфатнинг қассоблик дўконини ёпиб қўйишди. Дард устига чипқон бўлиб, ёшликдаги таралла-бедодлари, ароқхўрликлари мева тугди: хасталик унга азоб бера бошлади. У нодон шунда ҳам ақлини йиғмай, аксинча, понани пона билан чиқарадилар, деб самогонга ружу қўйди-ю, оқибатда кўрпа тўшакка михланди. Қизи бошқа қишлоқлик йигитга турмушга чиққач, Силвина ногирон Руфат билан ёлғиз қолди. Бир куни қаттиқ шамол туриб, ўртадаги чириган тахта девор қулади. Кўп ўйлаб ўтирмай Руфатникига худди ўз уйимга киргандай кириб бордим. Илк марта уччовимиз бир ерга тўпландик. Қирқ йил бадалида кўзларимиз энди тўқнашди. Мен ҳам Худонинг бир гуноҳкор бандасиман-да, ошнам, шу десангиз шайтоннинг васвасасига берилиб, Руфатнинг кўз олдида Силвинани бағримга босмоқчи, унинг эса аламдан азоб чекишини томоша қилишни ўйладим. Томдаги мўрини паналаб ётган кечаларим ёдимга тушди. Бироқ: “У ҳайвонлик қилган бўлса, сен одамсан-ку!”- деб васваса қилаётган шайтонни қувдим. Энди муносабатларинг қандай, дейсизми? Оббо ошнамей, муносабатимиз ўша-ўша. Руфат ҳамиша совуқдан қақшагани қақшаган. Ўтин келтирай деса, эшаги йўқ. Силвина қийналмасин, деб ўтинларни мен келтириб, печларини ҳам ўзим ёқиб бераман. Ҳар куни бир эшак ўтин келтираман. Барибир етмайди. Ўрмончилар жарима соламиз, деб ғавғо кўтаришяпти. Шунинг учун кечаси дарёни кечиб ўтяпман. Мени қирқ йил бадалида дам чўғ устида, дам муз устида ялангоёқ сақлаган бандани иситиш учун жонимни жабборга бераман. Қилмай десам бўлмайди. Силвинага раҳмим келади. Баъзан овқат ейишига ҳам ўзим балогардонман. Баъзан, айбга буюрсангиз ҳам айтай, тагларини тозалашга ҳам тўғри келади. Силвина нозик аёл, бунақа ишларга қийналади. Шунинг учун камина Руфатнинг атрофида парвона. Ҳамқишлоқлар: “Қўшни деган киройи Рамадондай бўлса”, деб ҳамду сано ўқишади. Бироқ ҳеч ким ичимдагини билмайди. Ичимда гўё қўрғошин қайнайди. Ўладиган бўлса, тезроқ омонатини топшира қолса-ю, Силвинага уйлансам, эр-хотин бўлиб бир тўшакда ётсам, дейман. Хотиним ҳам, болаларим, невараларим ҳам кўзимга кўринишмайди. Нима бўлса бўлар, дейман. Аммо Руфат без бўлиб ётиб олган – худди мени масхаралаётганга ўхшайди. Ё ўлмайди, ё тузалмайди. Вақт эса ўтяпти. Тиззаларимда мадор йўқ, оёқларим титраяпти. Бу аҳвол давом этаверса, назаримда Силвина билан эр-хотиндай ётсак ҳам, ака-сингил бўлиб турсак керак. Руфат ҳам қийналяпти, биз ҳам. Бечора икки йилдан бери дўзахнинг эшигини тақиллатиб ётибди. Очила қолса бўлмасмикин бу эшик! Бўғиб ўлдира қолай, десам, қўлим бормайди. Бир-икки кун совуққа қўйсам-ку, тайёр бўлади-я. Лекин Силвинанинг умидвор кўзларига кўзим тушса, эшакни етаклаб ўрмонга жўнаганимни ўзим ҳам сезмай қоламан. Нима қилишни билмай, бошим қотган. Агар фикрингиз ожизлик қилмаса, менга бирор жўяли маслаҳат беринг. Бўлмаса, анави ўтинларни эшагимга ортишиб юборинг. Тезроқ бора қолай, шўрлик жон уйида совуқдан тишлари такиллаб ётгандир.
Тоҳир Малик таржимаси |
|