"Салон красоты"га бормаймизми..? PDF Босма E-mail
11.12.2013 15:49

Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам "тил бойлиги эл бойлиги" дейишади. Тилни асраш, авайлаш эса ҳар бир Ватан фарзандининг бурчи, вазифасига киради. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб,  халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Ҳадиси шарифда "Шеърда сеҳр, баёнда ҳикмат бор" дейилади. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган, йигирма биринчи октябрни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаймиз. Аммо...
Она тилимизни давлат тили даражасига кўтарилишигача бўлган жараёнларни эсланг. Аждодларимиз, адибларимиз бундан йигирма, ўттиз йиллар олдин ҳам ўзбек тилининг давлат тили бўлишини орзу қилишган. Бугун эса ушбу неъматнинг қадрига етмай, тилимизни бузиш, хато талаффуз қилиш каби ҳолатларга бефарқмиз. Ҳеч бўлмаганида оммага нутқ қилишни ўрганиш зарур. Буни оиладан, мактаб таълим муассасаларидан бошлашимиз керак. Афсус, баъзи мактабларда ҳолат айтарли даражада эмас. Бироз муддат Юнусобод туманидаги 327-мактабда таълим берган бир оғайнимиз айтади: "Ўқувчиларнинг она тили – ўзбек тилимизнинг қонун қоидаларини ўрганишга, яъни сўз қурилиши, бирикмаси, имло, тиниш белгилари ҳақидаги билимлари етарли эмас. Ҳатто еттинчи-саккизинчи синфда ўқиётган боланинг диктант, иншо ёзишда нўноқлиги сезилади. Ачинарлиси улар ҳали етарли билимга эгамаслигини тан олишмайди. Атиги бир юз йигирмата сўздан етмиш иккита хато қилган саккизинчи синф ўқувчиси олдида мактаб раҳбарининг ўзи тиниш белгиларни хато ҳисобламанг, деганида афсусдан ёқамни ушладим. Мактаб кутубхонаси эса етарли адабиётлар билан бойитилмаган..."
Зеро оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини билиш, яъни тилга ҳурмат – элга бўлган ҳурмат ҳисобланади. Кўчада йўл ҳаракатини бузган ҳайдовча ёки йўловчи жаримага тортилади. Ёки жамоа жойларда ҳурматсизлик қилган қонунбузарлар ҳам жазодан холи қолишмайди...
Кўча афишалари, реклама тахта ёзувлари, борингки, дўкон, магазинларининг тепасида ҳам имловий хатоларни ёки соф ўзбек тилидан  қочиш ҳолларини кўриб, ачиниб кетасан.
Ўтган куни олти ёшли жияним Шукруллоҳ "мени салон красотыга оборинг", деб қолди. Ғалати эшитилган бу сўзни тушунмагандай опамга қарадим. Тоғаси бу сартарошхонани айтаяпти. Ўзиям икки кундан бери қулоғимизни динг қилиб юборди-да, - деди. Аҳамият берилса, жойлардаги ҳар беш-олти соч парваришлаш, олдириш жойларидан биттаси сартарошхона ёки гўзаллик салони, қолганлари эса "салон красоты" бўлган. Ёйинки магазин тепасидаги "2000 hildagi oboylar" деган ёзувга эътибор беринг. Биринчи сўзда "х" ҳарфи ўрнига "h"ни, иккинчисида эса русча "обой" сўзига ўзбекча "лар" қўшимчасини қўллаган. Ушбу иборани чиройли қилиб, соф она тилимизда "2000 xildagi gulqogozlar" деб ёзса бўлади-ку! Шунга ўхшаш машинадаги "Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф" каби ибораларга диққат қилинг. Бу ёзувни ўқиган киши йўловчиларга ҳам лицензия бериладими, деб ҳайрон бўлмайдими?
Эҳтимол, биз "Салон красоты" атамасига анча кўникиб қолгандирмиз. Ҳа албатта, ўқишни энди ўрганаётган боғча боласи ёки мактабга боришаётган ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хижолатсиз салон красоты, деб гапиришяпти, шундай ёзишаяпти ҳам. 
Бу каби лоқайдлигимиз ортида миллий бойлигимиз бўлган соф она тилимизга ҳурматсизлик, кўр-кўрона таҳдид, бузиш каби иллатлар ётгани наҳот сезилмаётган бўлса!  Келажак авлодни билимли, ватанпарвар, маънавияти юксак қилиб тарбиялашимиз долзарб эмасми...

Абдувоҳид ЎРОЗОВ

 
Мутриб Хонахаробий (1865-1925) PDF Босма E-mail
21.03.2014 15:00

Мутриб Хонахаробий (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Ҳасан Ҳожи Табиб ўғли), (1865-Хива-1925) – шоир. Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасияа таҳсил олган. Мақомчи-бастакор сифатида ҳам машҳур бўлган (Мутриб—созанда, тахаллуси шундан). Мутриб Хонахаробийнинг серқирра иқтидорини юқори баҳолаган Феруз уни саройга жалб этиб, девонбегилик вазифасига тайинлаган. Бу йилларда Мутриб Хонахаробий ёзган ғазал ва мухаммаслар кўплаб баёз-мажмуалардан ўрин олган, жумладан, Табибий тузган иккала тазкирада шоир асарларидан кўплаб намуналар учрайди. Мутриб Хонахаробий 20-асрнинг 20-йилларида сарой тугатилгач, Хоразмда пайдо бўлган маҳаллий матбуотда фаол иштирок этади, «Хоразм хабарлари», «Инқилоб қуёши» газеталарида адабий ходим лавозимида хизмат қилади. Илк шеърларини 1890 йилда ёза бошлаган. Унинг баёз, девон ва мажмуалар орқали 14 минг мисрага яқин ғазал, мухаммас, мусаддас, қасидалардан иборат адабий мероси етиб келган.
Мутриб Хонахаробий қолдирган ижодий мерос асосини ишқ-муҳаббат мавзуида битилган ғазал, мурабба, маснавий, мухаммас, мусаддас ва рубоийлар ташкил этади. Унинг хон ва шоир Феруз шаънига бағишланган қасидалари ҳам мавжуд. Мутриб Хонахаробийнинг илммаърифатга даъват, ҳуррият мавзуларида ёзилган шеърлари маҳаллий матбуот саҳифаларида, шунингдек, Хивада 1924 йилда нашр этилган «Юғурмия» тўпламида чоп этилган. Бу туркум шеърларида («Кўрунг эмди халойиққа…», «Билинглар, эй халойиқ», «Кўнглума бир турфа сўз келди равон» ва б.) тарғибий-ташвиқий руҳ, хитоб, даъват оҳанглари ҳукмронлик қилади.
Мутриб Хонахаробий меросининг асосий қисми 1909 йилда Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Ёқуб — Ҳаррот тартиб берган девон (300 саҳифа)да жамланган. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида 2 кичик девони (инв. №903, 906) сақланади. Лаффасийнинг Феруз давридаги хоразмлик ижодкорларга бағишланган тазкирасида М.Х.нинг «Шоҳ Комрон» шеърий асари борлиги хақида маълумот берилган.
Абдурашид Абдуғафуров.

ҒАЗАЛЛАР

Жонон, юзинг мен зордин бир лаҳза пинҳон айлама,
Тийғи фироқинг захмидин бағрим тўла қон айлама.

Доим жунун саҳросида Мажнун каби қон ютдуруб,
Зиндони ҳажр ичра ики чашмимни гирён айлама.

Зотинга ҳар саҳву хато қилсам, кечиргил ёзуқим,
Ҳар дам фироқинг ўтиға жонимни сўзон айлама.

Ширин тилингдин истасам бўйи вафонинг муждасин,
Бир нуқта изҳор этмайин ноз ила ҳайрон айлама.

Васлинг шабистонига юз қўйсам бурунғи аҳд ила,
Юз турфа афсунлар қилиб, эй гул, пушаймон айлама.

Ажзу ниёз айлаб кўнгул комин таманно айласам,
Ул лаҳза ғамза тийғини қатлимға буррон айлама.

Шамъи руҳингға истасам парвоналиғ, эй гульузор,
Мутрибни ҳижрон қайдиға ташлаб, паришон айлама.

* * *

Айлай нечук ишрат мен, ул оромижоним келмаса,
Бермакка жон оромини руҳи равоним келмаса.

Топгай ҳазин кўнглум нечук ғам қайдидин озодлиғ,
Айларга ҳижрондин халос Азро нишоним келмаса.

Партав солиб рухсоридин, маст этгали саршоридин,
Жон бергали гуфторидин, ширин забоним келмаса.

Фарёдким, андуҳу ғам давр этмиш атрофим шукун,
Тарқатғали ғам лашкарим соҳибқироним келмаса.

Тузмакка ишрат созини, билмак учун дил розини,
Айлаб малак парвозини, сирри ниҳоним келмаса.

Ҳар дам боқиб мастонғина, лутф этгали жононғина,
Лаъли лаби хандонғина, қоши камоним келмаса.

Ваҳ, не қиёматдур букун мен Мутриби бечораға,
Ҳусн авжининг сардафтари, олий маконим келмаса.

* * *

Ҳижрон ўтиға мунча кўп, эй меҳрибоним, ўртама,
Айёми ишрат бўлди, кел, ороми жоним, ўртама.

Ҳуснинг хуморидин кўнгул беихтиёр ўлған чоғи,
Бир лаҳза раҳм айлаб манга, жисм ичра жоним, ўртама.

Васлинг таманноси учун ошуфта ҳол ўлсам агар,
Дарди фироқ ичра қўйиб, сарви равоним, ўртама.

Лаълинг зулолин истасам, ғайр ила сен ишрат тузуб,
Эй орази гул, сарв қади, қоши камоним, ўртама.

Нутқи каломингдин ҳазин кўнглум вафо истар эса,
Ноз айлабон, эй тўтийи ширин забоним, ўртама.

Эҳсони лутфингдин мени маҳрум этиб ишрат аро,
Ҳусн авжининг сардафтари Азро нишоним, ўртама.

Изҳор лутфингни сўрар чоғда табассумлар била,
Юз нукта ёлғондин деб, эй шаккарфишоним, ўртама.

Лаълингдин истаб жонфизо, нутқингга зор ўлсам агар,
Тишлаб дурафшон лабларинг, эй нуктадоним, ўртама.

Ноз айлабон қршииг қоқиб, оҳиста Мутрибға боқиб,
Ҳар жилвада жоним ёқиб, эй навжувоним, ўртама.

* * *

Қатл этарга кўзларинг қилса ғазаб,
Бергусидур жисмима жон икки лаб.

Гар муяссар бўлса васлинг суҳбати,
Нўш этарман тинмайин жоми тараб.

Бодаи лаълинг хумори ичраким,
Ҳажр даштида юрурман ташналаб.

Солди ўт жонимға чашминг ғамзаси,
Кўрмишам васлинг тилаб ранжу тааб.

Базми васлингдин даме шод этмайин,
Йиғлатурсан зору ҳайрон рўзу шаб.

Ваҳ, қачон васлингга етгайман дебон,
Тортиб ҳижрон жаврин айларман талаб

Фурқатингда дам-бадам қон йиғлатиб,
Бўлмағил Мутрибни қатлиға сабаб.

* * *

Тушди ҳажрингдин тану жон ичра ўт,
Зулфи зуннорингдин иймон ичра ўт.

Солғусидур икки чашминг ғамзаси,
Бир боқишда бу дили қон ичра ўт.

Гулшани ҳуснингни жонон ҳажридин,
Тушди кўкда моҳи тобон ичра ўт.

Не гуноҳим бор эрур, ҳар дам солур,
Дарди ишқинг жисми вайрон ичра ўт.

Чеккан оҳимдин ғамингда ўртаниб,
Тушғуси гардуни гардон ичра ўт.

Ишқ аро Мутрибни чеккан оҳидин
Тонг эмас тушса гулистон ичра ўт.

* * *

Ҳар кун юзинг кўрмак тилаб икки кўзум гирён эрур,
Топмай ҳазин кўнглум лабинг шаҳдини, саргардон эрур.

Кўргач тазарруъ айласам, дерман висол уммидидин,
Билмам насибам не учун хунобаи ҳижрон эрур.

Тийғи фироқингдин тани зоримда сар тосар яро,
Қилсанг мурувват заррача ҳар мушкулим осон эрур.

Комиға йўл топмоқ учун, эй тўтийи ширин мақол,
Етмай жанобингға тану жонимда минг армон эрур.

Вобастаи зулфинг бўлиб, бўйи вафо истар эсам,
Мажнун каби йиғлаб, нки чашмимда ашким қон эрур.

Мен хастаға эрмас ажаб, кўргач сени топсам шифо,
Нечунки айш ичра менга лаълинг майи дармон эрур.

Ишрат этарга майл этиб, кулбамға келсанг ноз ила,
Бу Мутриби бечоранинг жони сенга қурбон эрур.

* * *

Эй кўнгул, ўртанма кўп сарви хиромонинг келур,
Васлидин шод этгали гулбарги хандонинг келур.

Шому фурқат ичра бўлган кўзларингни тийрасин,
Қилғали равшан бу тун хуршиди рахшонинг келур.

Тўкмағил ҳажр ичра йиғлаб кўздин ашки лолагун,
Ким тараҳҳум айлаб ул ёри нигаҳбонинг келур.

Лутф бирла заҳр ҳижронидин ўлган жисмишта,
Тозадин жон берғали Исои давронинг келур.

Бодаи васли била бу кеча сармаст эткали,
Хуш такаллум, гулбадан, шўхи суҳандонинг келур.

Гул юзи бирла машомингни муаттар қилғали,
Сарв қомат, маҳжабин, себи занахдонинг келур.

Бўлма ғамгин, Мутрибо, гар етса ишқ ичра ситам,
Ҳолинга раҳм этгали ёри қадрдонинг келур.

* * *

Эрмасам ошиқ, кўзум ҳайрони бўлғайму эди.
Танда жон парвонадек сўзони бўлғайму эди.

Истамас эрсам агар сарви қади зебосини,
Жисми зоримда ғами ҳижрони бўлғайму эди.

Гар ҳазин кўнглумни шавқ ўти мақом этмас эса,
Икки чашмим рўз, шаб гирёни бўлғайму эди.

Бўлмаса вобаста икки наргиси шаҳлосига,
Нотавон кўнглумда юз армони бўлғайму эди.

Тори зулфи жонима қуллобдек банд эрмаса,
Риштаи жоним онинг қурбони бўлғайму эди.

Интизор ўлмас эсам юз узра мушкин ҳолиға,
Қумридек ҳар кун ишим нолони бўлғайму эди.

Отмаган бўлса агар ҳар ғамзасида новакин,
Жисмида Мутрибни юз пайкони бўлғайму эди.

* * *

Кел, эй дилбар. чаман сайриға, гулшан лолазор ўлди,
Тамошойи жамолингға кўзим беҳад хумор ўлди.

Ниҳоли қоматинг ёдида қаддим хам, кўзум пурнам,
Висоли базмига маҳзун дилим кўп интизор ўлди.

Гули ҳуснингни шавқида чекиб булбул каби афғон,
Нетай зуҳд аҳлиға пинҳон розим ошкор ўлди.

Ишим ҳижрон тунида кеча-кундуз оҳ-воҳ бирла,
Икки чашмим фироқинг шиддатидан ошкор ўлди.

Асир бўлмас эса кўнглум сочинг ториға, эй гулруҳ,
Не деб жисмимда жоним зарра янглиғ беқарор ўлди.

Бўлиб мажнуни беморинг фироқинг кишвари ичра,
Чекиб ташвиши ҳижронингни жисмим бемадор ўлди.

Агар раҳм этмасанг, эй нозанин, Мутрибни ҳолиға,
Улусға нолишидин дойимо бе эътибор ўлди.

* * *

Билинглар, эй халойиқ, сизга бу бир яхши даврондур,
Тамоми юртимизда нозу неъматлар фаровондур.

Топиб осойиши пиру жувон, озурдадил бўлмай,
Бари маҳзун ўлан эллар дамодам шоду хандондур.

Худойим раҳм этиб бизга, биродарлар бўлиб ёру,
Кўрунг эмди ситамгарларни, саргардону ҳайрондур.

Бўлуб қурултою Ижрои Қўмита шаҳр аро барпо,
Бу давлат файзидин бизларға ҳар мушкиллар осондур.

Биродарлар, ўзин ҳар кеча бизга посбон айлаб,
Биҳамдиллаҳ, аларнинг мақдами осойиши жондур.

Алардин баҳра олмоққа тараддуд айламак лозим,
Буларнинг эътиқоди мунча бизларга фаровондур.

Мудом, эй сода диллар, Мутрибосо шод ўлунгларким,
Бори душманлар аҳволини кўрким хонавайрондур.

 
Чўлпоннинг “Аризанома”си ва унинг матни хусусида PDF Босма E-mail
02.09.2014 12:26

Янги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1897-1938) адабий меросини тўплаш ва нашр этиш борасида сўнгги ўн йиллиқда кўпгина хайрли ишлар амалга оширилди. Бироқ ҳанузгача шоир ижодий меросининг хажми тўласича аниқлангани йўқ. Бунинг сабаби, биринчидан, қатағонга учраган улуғ адиб асарлари қўлёзма нусхаларининг Шўро идоралари томонидан йўқ этиб ташланганида; иккинчидан, Чўлпоннинг тириклик чоғида вақтли матбуотда эълон қилинган катта-кичик шеър, мақола, ҳикоя, фельетон ёки хабарларининг аниқ хисоби йўқлигида; учинчидан, мазкур газета-журналларнинг ҳам бизгача тўлиқ етиб келмаганида, деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам 1910-1930 йиллар матбуотини синчиклаб ўрганишга аҳд қилган тадқиқотчиларда мазкур адибнинг ҳозирги замон илм аҳлига, адабиёт муҳибларига номаълум бўлиб келаётган асарларини топишларига имконият мавжуд.

Яқинда қўқонлик нуктадон олим, ҳаётини илм-фан, маданиятимиз ривожига бағишлаган камтарин инсон, устоз Солижон Йўлдошев домла бизга 1925-1931 йилларда Тошкентда чоп этилган “Ер юзи” журналининг 20 дан ортиқ сонлари жамланган мажмуани кўрсатди. Мазкур журнал тахламини диққат билан кўздан кечиришимиз натижасида маълум бўлдики, у “Қизил Ўзбекистон газетасининг нашри сифатида босилиб турган ва ижтимоий-сиёсий адабий-бадиий, оммабоп йўналищда бўлган экан. У икки ҳафтада баъзан бир ойда бир марта чоп этиб турилган. “Ер юзи”да 1920 йиллар ўзбек адабиётининг кўплаб таниқли намояндалари Ойбек Элбек, Уйғун, Комил Алиев, Абдулла Авлоний, Қурбон Берегин Маннон Ромиз ва бошқалар ўз шеър, ҳикоя, мақола ва таржималарини эълон қилганлар.

Чўлпон ҳам журнал билан унинг дастлабки сони (1925 й., 7 ноябр)дан бошлаб ҳамкорлик қилган. Бу сонда унинг “Бу нима нарса?” шеъри берилган. Кейинги сонларда эса “Сув”, “Бу ернинг қиши”, “Қайтиш”, “Йўлчи” каби манзумалари, “Яна уйланаман”, “Маскавдаги драмстудиямиз”, “Мейерхулд театри”, “Турсуной саҳнада” мақолалари чоп этилган. Аммо журналнинг 1926 йил 6-сонида босилган бир манзумани шоир асарларининг тўпламларида учратмадик. Унинг номи эса ёш адабиётшунос Н. Йўлдошев томонидан тайёрланган “Чўлпон ҳаёти ва ижоди библиографияси”да (Тошкент, 1992) ҳам мавжуд эмас. 33 байт (66 мисра)дан иборат бу каттагина шеърнинг номи журналда "Ўзбекистон Марказ Ижроия қўмитасининг Раиси ўртоқ Охунбобо ўғлиға Андижон шаҳри, Олайлик даҳа, Тожик маҳалла фуқароси мулло Фалонийдан аризанома ” шаклида ёзилган. “Аризанома” маснавий шаклида бўлиб, охирида берилган маълумотга кўра, у 1925 йилнинг 8 октябрида Андижон шаҳрида ёзилган. Шеърга “Қаландар” имзоси қўйилган. Маълумки, шу тахаллус билан Чўлпоннинг ўнлаб асарлари эълон этилган.

Шеърнинг мазмунига қараганда, у “Янги Кавказ” газетасида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири бўлган Йўлдош Охунбобоев шаънига айтилган бемаъни гапларга жавоб тариқасида яратилганга ўхшайди. Афсуски, биз “Янги Кавказ” газетасининг қачон, қаерда ва ким томонидан чоп этилганини ҳозирча аниқлай олмадик. Шунинг учун унда оқсоқолимиз ҳақида нималар ёзилганидан хабардор эмасмиз.

“Аризанома” - XX асрнинг 20-йилларидаги сиёсий курашлар, ғоявий мубоҳасалар маҳсули. Албатта, Ўзбекистон жумҳуриятига сиёсий ва замонавий илмлардан нисбатан узоқроқ бўлган Й.Охунбобоевнинг раҳбар этиб тайинланганлиги қизиқ ҳол. Бу воқеа турли тоифадаги кишилар томонидан турфа йўсинда қабул қилинган бўлса керакки, “Янги Кавказ”да шундай мақола пайдо бўлган. Чўлпон эса Охунбобоевни шахсан яхши таниганидан, оқсоқолнинг шахсий фазилатларидан хабардор бўлгани туфайли ушбу мазмундаги шеърни ёзган кўринади. “Аризанома” ўз вақтида машҳур бўлган щекилли, Абдулла Қодирий ўша йили эълон қилган “Йиғинди гаплар” фельетонида ундан жузъий ўзгартиришлар билан тўрт мисра келтиради.

Шеър Чўлпонга хос услубда, силлиқ ва равон ёзилган. Бироқ, бу манзума муҳитга бўйин эгишга мажбур бўлган ижод намунаси эди. Шунинг учун “қизил сўзлар” кўп. Аммо ушбу шеър ҳам шоирга қарши кўтарилаётган қатағон бўронини тўхтатиб қола олмади. Вақти соати келиб Чўлпоннинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолганда Й.Охунбобоев унга ёпирилган бало тиғига қалқон бўла олмади. Бўла олмасди ҳам...

Қуйида эса Чўлпоннинг замондошларимизга номаълум бўлиб келаётган шеърини ҳавола этмокдамиз.

АРИЗАНОМА

Бераман ушбу аризани Сиз ҳурматлик оқсоқолимизға шул хусусдаким:

“Янги Кафказ” газетида бир беюз,
Бир мунча гап ёзиб юрган кўб бетуз
Яъни Сиздек бир камбағал меҳнаткаш
“Раис жумҳур” бўлғониға бўлиб ғаш.
Кибру ғурур, тамаъ билан ачибдур,
Жумҳурюртга анча бўҳгон отибдур.
У бир ҳовуч олтунпараст тўралар,
Оқлар билан бўлган улфлт-жўралар.
Дейдиларким: “Ўзбекистон - бекар гап,
Уни ҳар дам “уполиста” ер чайнаб.
“Шилхос” деган ҳамма ишни буюрар,
Ҳар хусусга буюрдим деб, қўл қўяр.
Бошлиқларда ҳеч бир ишка инон йўқ,
Шилхос амрин қайтормоқга имкон йўқ.
Охунбобо ўғли деган бир оми,
Йўкдур унда ватан, миллатнинг ғами”.
Яна ўшал сафсатачи оқларға,
Элдан ажраб якка қолгон тоқларға.
Жавоб бериб дер эдикким: “Жаноблар,
Салтанатка эришалмай хуноблар,
Иззат-ҳурмат олудаси, тақсирлар,
Сўзларингиз бойлар учун “ҳақ сўз”лар,
Лекин келиб Фарғонадин гап сўранг,
Мунда келиб мўйлабларни бир буранг.
Ўшал тагсиз даъволарни бизларга —
Катта-кичик, ёшу жувон, қизларга,
Айтиб кўринг, қандоғ жавоб бералар,
Юзингизга ҳақоратни уралар.
Ва дерларким: “Ҳар бир ишда муқаллид,
Граф тақлид, борўн тақлид, хон тақлид,
Зиёлимас, у зиёнли хезлардан,
Упа-атир олудаси - “қиз”лардан.
Бизга албат камбағалдан етишкан,
Иш устида меҳнат тортиб хўб пишкан,
Охунбобо ўғли каби эр керак,
Ва бойлардан олинғуси ер керак,
Қишлоқларнинг ҳар бирига бир мактаб,
Очилғонда ҳосил бўлур ҳар матлаб.
Ўзбекистан ҳозир кирди шу йўлға,
Маърифатни торқотодир ўнг-сўлға.
Ободонлик хусусида ғайрат кўб,
Ер кўпайтиб суғоришга химмат кўб.
От-омочлар ўт омочни ўпмакда,
Энди навбат сизга келди, демакда.
Солиқлар ҳам бу йил анча ўнгалди,
Яъни қишлоқ деҳқониға кам бўлди.
Ерли халқ ҳам маҳкмага тўлмоқда,
Шўро ишин қўлларига олмоқда.
Хотин-қизға озод йўллар очилди,
Миллий аскар уруғлари сочилди.
Ёқин кунда новда бўлиб кўкарса,
Интизомлик аскар сафига кирса,
Саф-саф турғон миллий қизил қўшуннинг,
Ўзбакларга махсус дорулфунуннинг,
Ерлик бўлғон қанча ерсиз, беванинг,
Янги-янги етишкуси меванинг,
Танларидан улуғ наъра тортилур,
Ҳар томонга билим нури отилур”.
Шунда сиз ҳам кўзингизни очарсиз,
Нурдан чўчиб, норироққа қочарсиз,
Ва дерсизким; “Биз адашкан эканмиз,
Элдан ажраб, ёнглиш йўлдан кетканмиз!”
Лекин унда фурсат ўтар, кун ўтар,
Пушаймонлар унда кимга кор этар?
Ёқин кунда шу фурсатни кутамиз,
Шу сўз билан гапни тамом этамиз.

Аслидан кўчирувчи:
Қаландар 8 ўктабр, 1925 йил, Андижон.

 
Олис ишқ соғинчи ёхуд ватан сурати PDF Босма E-mail
11.04.2014 04:27

Олис-олис қирлар ортидан, Бойсун тоғлари адоғидан дилни орзиқтиргувчи наво таралади. Мўйсафид харсангтошлар мангулик дуосини ўгираётгандек, ўркач-ўркач бўлиб ётган адирлар асрлардан ёдгор карвонларни эслатади. Ям-яшил даштларда қора сурувлар, осмоннинг зангори яйловида эса боқилган оқ ҳисори қўйлар мисоли семиз булутлар сокин кезинадилар. Дунё чексиз, борлиқ ҳудуд буҳудуддай. Наво қир-адирлар, тепалар ва дўнгликларнинг мусиқий шакли-шамойили янглиғ ўркач-ўркач, тўлқин-тўлқин бўлиб, гоҳ пастланиб, гоҳ баландланиб кетади. Элас-элас, олис-олис соғинчлар, ҳижрону фироқ, айрилиқ ва дийдор манзиллари. Барчасига бекат – шоир юраги. Бунда – эшиклар ёпилмайди, “Илтимос, суянмангиз” деган эслатмалар йўқ.

Умримни бир олис ишққа алмашдим,
Кечдим ҳушёрликдан, тушга алмашдим.
Беқанот қалбимни қушга алмашдим,
Сизсиз ўтган умрим бекор, ёрижон,
Не бахтким, юрагим бемор, ёрижон.

“Олис ишқ”ни таҳлил қилиб, шарҳлаб бермоқ учун шоирнинг ҳаёти камлик қилади. Бу йўлда умр сарф қилинади, бунинг божу хирожи қалб қони билан тўланади. Шоирлик ҳам худди шофёрликдай: бировнинг юкини вужуди, юрагининг юкхонасига ортиб олгану олис йўлга отланган. Йўл гоҳ ўнқир-чўнқир, гоҳ довон бўлса, гоҳ дашту биёбон. Юк баъзан оғирлик қилади, унинг залвори, салмоғи катта. Шоирга йўл-пўлда қолиб кетмасин деган мақсадда эҳтиёт ғилдираги берилмаган. Юкни чидам билан тортмоғи, манзилга соғ-омон элтмоғи керак. Ўзи, қалбию виждони олдидаги, адабиёт ва шеърият, ҳаёту тириклик, элу юрт олдидаги қарздорлик, бурч ва жавобгарлик юки.
Йиллар соғинчларга, соғинчлар йилларга айланади. Шеърлар шоир умри, қалб ва руҳининг харитасига ўхшайди. Тун ва кун, кеча ва кундуз, масофалару маконлар. Ҳар бир китоб бир манзил мисол таассурот қолдиради. Бойсундан Тошкент қадар, Тошкентдан чексиз оламлар қадар йўл. Ою қуёш, замину осмон, фалаклару юлдузлар, кейин – кета-кетгунча чироқлар, чироқлар, дилга яқин ва қадрдон чироқлар. Умр ўтган сари, юкини тарқатиб, улашиб борган сайин шоирнинг юки ортиб, оғирлашиб бораверади. Бу юк камайишга эмас, кўпайишга маҳкум этилган. Шоирлик қисматида азалдан шундай ёзилган.

Гарчи ўртамизда соғинчу ҳижрон,
Гарчи висол йўли вайрондир вайрон.
Аммо азобингиз кўксимда ҳар он
Муқаддас оловдай қолди, ёрижон,
Шукрким, сиз билан ёндим, ёрижон.

Бир замонларда, ХХ асрнинг 70-йиллари бошида олис Олмониёда ҳарбий хизматда юрган аскар йигитдан почта жилдига жойланган бир даста шеър Тошкентга учиб келади. Бу жилд қўлига теккан киши: “Ёт юртларда уйини, Ватанини соғинган бир ўзбек боласининг нима қилишни билмай, шунчаки ҳавасга қоралаган машқларидир-да» деб ўйлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас эди. Бироқ аскар йигитнинг ҳаёту тақдири жойланган, умрий қисматини ҳал қилиб бериши лозим бўлган жилд ҳақиқий эгасига, имон-эътиқоди бутун, беназир ва беғараз устоз, улуғ бир инсоннинг қўлига тушади. Орадан қисқа вақт ўтиб, республиканинг обрўли, машҳур журналларидан бирида устоз адиб Шуҳрат домланинг “Солдатдан мактуб келди...” дея бошланувчи, ғоят ҳаяжонли, самимий хайрихоҳлик ва меҳр билан битилган оқ фотиҳаси, давомидан эса бир туркум шеърлар эълон қилинади. Биз – ўрта мактаб битирувчилари бўлмиш беармон ҳаваскор болалар дунёда армоннинг ҳам ҳиди борлигини илк бора ўша шеърлардан билиб олганмиз: «Қаршимда лобар қиз ўлтирар жиддий. Ичмаган, столда қадаҳи лим-лим. Сездингми, ҳавода бир армон ҳиди. Оламда турналар учмоқда, синглим».
Кейин оқ ёмғирлар, шеърият ва муҳаббат фасли бошланди.
Ҳозирда Ёшлар, ўшанда Талабалар шаҳар¬часидаги адабий муҳит, шеърият кечаларию назмий анжуманларни зир титратган “Инсонни тушуниш” китобчаси, “Бойчечак”, “Подполковник Фатеев”, “Сен йўқ эдинг...”, “Мени севинг, мендан нафратланинг”, “Бу ерга келтирди мени тасодиф”, “Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида”, “Бойсун ҳақида ғамгин баллада”, “Параллел чизиқлар”, “Севги ҳақида умидбахш баллада”, “Олис юртнинг бегона иси” сингари бизнинг тасаввур ва тафаккуримизни бутунлай ўзгартириб юборган, ўсмир кўнглимизни ағдар-тўнтар қилиб берган ўнлаб, юзлаб шеърлар. У шеърий оқшомлару бу шеърлар сабаб биз адабиётнинг яқин ошноларига айландик. Янги оҳанглар, назмдаги эски қолипларни синдирган ўзига хослик, мутлақо янгича бир шеърият бизни сеҳр этди, қалбларимизни тарбиялади. Ўша давраларда машҳур бўлиб кетган “Бойчечак” шеъри – меҳр ва соғинчнинг тоза ва маъсум қиссаси ҳаммамизга яқин ва қадрдон бўлиб қолди: “Бойчечагим бойланди\ Бойчечагим бойланди\ Бугун олисда ёшлик\ Замин қанча айланди”. Муаллифнинг баланд пардаларда, юксак санъат ва маҳорат билан, жазавага тушган дирижёрни эслатувчи қиёфада ўз шеърини айнан ижро этиб бериши, унинг таъсир кучини, довруғини икки карра ошириб юборган эди. Талабалигимиз ҳавосидан шеър, соғинч ва ифор уфурар, ётоқхонамизнинг ғариб, кўримсиз йўлакларида узун қиш кечаларида ҳам бойчечаклар шивирлаб-шитирлаб юргандек туюларди.
Биз ҳавас қилган шоир акамизнинг елкалари ҳурпайган, қадду бастига ғоят ярашган жун пўстини бўларди. Шеърлари, шеър ўқишлари билан бирга шу пўстини ҳам уни бошқа шоирлардан алоҳида ажратиб турарди. Пўстин эгасини ғоят салобатли, ваҳимали қилиб кўрсатар, ҳаваскор талабаларнинг доимий ҳамдами, қадрдон адабий маслаҳатчисига айланиб қолган Маҳмуд ака, устоз Маҳмуд Саъдий Шота Руставелининг машҳур асарига қиёсан шоир оғамизга “Айиқ терисини ёпинган Усмон Азим” деб ном қўйган эди.
Беш йилимиз найсон булутлари янглиғ тез ўтиб кетди. Чақинларимиз олислаб, талабаликнинг бор орзу-ҳаваслари, гулу чечакларимиз, ёшлигимиз ортилган осмоннинг қалдироқ аравалари ҳам биздан йироқлашдилар.
Ҳаёт синовлари, тирикликнинг ҳақиқий имти¬ҳон¬лари даври бошланди.
Ўтган аср, 80 – йилларнинг бошлари, мушоиралар, адабий давралар қизигандан қизиб борар, бу давраларнинг севимли эркаси, гултожи машҳур рассом Шуҳрат Абдурашидов эди. Раҳматли Шуҳрат ака шеъриятни жон-дилдан севар, Миртемир домланинг “Ўв, менинг ўзбаки юрагим. Неччига бўлиндинг, неччига?!..” деган машҳур сатрларини ҳамиша айтиб юрар, айтиб бўлгач эса, шеърни худди ўзи ёзгандай, қулочларини кенг ёйиб астойдил завқланарди. У кишига «Рассомларнинг шоири, шоирларнинг рассоми” деб зарофат қилишган эди. Давраларга ҳам, шеъриятга ҳам файз ва ранг киритган мусаввир ўшанда адабиётга меҳр-муҳаббатининг ифодаси сифатида “Ижодкор дўстларим” деган катта ҳажмли рангтасвир асарини чизиб, адабий жамоатчилик ҳукмига ҳавола этганди. Асар ҳаммага маъқул келиб, анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Унда Рауф Парфи, Эркин Аъзам, Нодир Норматов, Хуршид Даврон сингари таниқли адиблар қаторида Усмон ака портретига, қиёфаси, ҳолати ва ички дунёсига алоҳида урғу берилган. Шоирни тасвирлар экан, мусаввир аслида унинг катта қалбини, ундаги оғир юк залворини ифодалаган эди. Кейин барча ижодкорлар – рассомлар, шоир-ёзувчилар, актёрлару олимларнинг қалбини ларзага солган кутилмаган фожиа рўй берди. Шуҳрат ака автомобил ҳалокатига учраб, ўн кунча ўзига келмай оламдан ўтди. Бешёғочдаги уйида, азасига келган кекса онаси “Тошкентларда юрган шоир болам” дебон уввос солди. Тасвирий сатъатимизгина эмас, адабиёт учун ҳам катта йўқотиш бўлган бу воқеадан устозлар, ижодкор акаларимиз анча вақтгача эсанкираб маъюсланиб юрдилар. “Осмонга тикилдим хаёлим оғиб. Бир парчаси булут, бир парчаси кўк. Вақт деган шунча тез ўтдими оқиб. Менинг ёнимда ҳам энди биров йўқ”.
Ўша кезлари Усмон аканинг «Адабиётни, Ватанни, дўстларни севишни, қадрлашни Шуҳратдан ўрганишимиз керак» деган сўзлари маънисини кейин англадик. Қисқагина умри (ўшанда рассом бор-йўғи 29 ёшда эди) давомида мусаввир ҳайратланарли даражада кўп иш қилишга улгурган экан. Энг муҳими, у ўз асарларида Ватанни, она юрт суратини бор тароватию муҳаббати билан кўрсатиб кетган эди. Тузум ва замон ғирром бўлишига қарамасдан, шоирларимиз ижодида ҳам бу мавзу алоҳида ўрин эгаллаб, кучайиб бораётган эди. Жумладан, Усмон аканинг юқорида тилга олинган “Бойчечак”, “Бойсун ҳақида ғамгин баллада”, “Ватан ҳақида шеър”, “Абдулла Қодирий”, “Бойсун қирларида бир ўзим кездим”, “Самарқанд.Тунги сайр”, “Теша Сайдалиев хотирасига”, “Онамга мактуб”, “Дашт”, “Ғафур Ғулом...” сингари ўнлаб шеърлари, «Бахшиёна” туркумию устоз Асқад Мухтор “Гулистон” журналида чоп этган “Оқ шарпа”, Темурийзода султонларга бағишланган “Халил Султон” драматик достонларигача ўша йилларда ёзилиб, кўпчилик ўқувчиларнинг меҳрини қозонган эди.

Жавзо. Бир эрка шамол
Буғдойзорга урар тўш.
От елар. Чавандознинг
Бир енги ҳилпирар – бўш...

Опа, Ватан – улуғ дард,
Опа, Ватан боғ бўлсин.
Шеърда суратин чизсам,
Тўрт мучаси соғ бўлсин!

Бу Ватан шеърларда тилга киради, шоирга «Болам... Юрак билан кўксинг безадим” дейди. Бундан-да гўзалроқ саодат борми дунёда! “Юрагимга сиғмади соғинч. Бўлмайин деб ҳижронда вайрон. Энди куйлай бошладим нотинч: – Бойсун! Бойсун!Бойсун! Бойсунжон!..”
Мазкур шеър устоз адибимиз Шукур Холмирзаевга бағишланган. Уни тинглаётиб, Шукур аканинг кўзларига ёш қалққанларига неча бор гувоҳ бўлганмиз. Шоир бу мавзуни насрий асарларида ҳам давом эттириб, «Узоқ хайрлашувлар” номли гўзал эссесида адиб билан Ватаннинг дардли ва жозиб суратини яратади.
Илк “Инсонни тушуниш” китобидан то “Ҳолат”, “Дарс”, “Сурат парчалари”, “Иккинчи апрел”, “Бахшиёна”, “Уйғониш азоби”, “Ғусса” билан “Куз” тўпламларигача кечган вақт чамалаб кўрилса агар, сўз ва шеър йўлида чекилган заҳматлар, изтироблару завқу шавқлар бесамар кетмагани, адабиёт ва шеъриятга бахшида, инсоний туйғулар ила лиммо-лим, дийдору айрилиқлар, соғинчлару севинчларга тўлуғ сермазмун бир умр бор бўй-басти билан гавдаланади.
Ниҳоят, узоқ кутилган истиқлол даври бошланди. Янги замон ижодкорларга янги сарполар кийгизди. Мустабид тузумнинг асрий занжирлари чилпарчин бўлди. Сўз ҳам озодликка чиқди. Кейинги салкам йигирма йиллик муддат Усмон Азим ҳаёти ва ижодининг сермаҳсул даври, янада теранлашиш ва юксалиш йиллари бўлди. “Алпомиш” бадиий филмининг киноқиссаси, шоирнинг асари асосида суратга олинган, Ватан, она юрт соғинчи ҳақида гўзал қўшиқдай таассурот қолдиргувчи “Севги” бадиий филми, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпонга бағишланган “Кундузсиз кечалар”, устоз адиблар Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги қатор драматик асарлари, шунингдек насрий битикларини ўзида жамлаган “Жоду” китоби, “Юрак” ва “Фонус” шеърий тўпламлари шоирнинг қалб меҳнатхонасида узлуксиз ижод баракали давом этаётганидан далолат беради. Айниқса, охирги икки китоби – бу шеърият йилдан-йилга қиёмига етиб, донишмандлик ва етуклик касб этганини, умр ва қалб ҳикматлари яхлит ёмби ҳолатга келганини кўрсатиб турибди. Аслида Яссавий, Навоий боболар давридан буён айтиб келинаётган бу ҳикматлар XXI асрга келиб шоиримиз тилидан янгича жаранглайди: Мана, улардан бири, умр ҳақида шоир бундоқ дейди: “Ўзи бир ёғиб ўтишга арзийди одамнинг умри. Ёғ умрим, кўнгиллар кўкарсин!”
Адабиёт, хусусан шеъриятнинг ҳам асосий вазифаси шунда: кўнгилларни кўкартириш, дилларни яшнатиш. Усмон ака бу эзгу Бурчни қатъият ва мардоналик билан уддалаб келаётган устоз шоиримиз, катта элнинг катта оқини. У кишига бир умр ҳамдаму ҳамнафас, дарду қувончларига бирдек шерик, таъби назми баланд, диди нозик таржимон Раъно янгамизнинг шарафли бу қисматда алоҳида мақоми борлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Адабиёт, жаҳон адабиёти, китоб ва китобхонлик, назму наср, мумтоз ва замонавий асарлар ҳақида энг кўп гапириладиган бу хонадонга ҳаваскор ёшлик йилларимизда биз ҳар доим ошиқиб, интилиб яшаганмиз. Инсонни тушуниш, китоб ва адабиётга меҳр, дид ва саводхонлик тарбияси, сўзга эътибор ва муносабатни биз шундай устозларимиз, уларнинг хонадонидаги адабий муҳитдан ҳам ўргандик, ҳаётларидан ибрат олдик. “Сенга ҳеч нарса қилолмадим, Ватан!” деб айтиш учун ҳам аввало она юртни, туғилган тупроқни севишни билиш керак. Адабиётга муҳаббат ҳам худди шундай.
Алқисса, аскар йигитнинг “шинелли йиллар”и ортда қолди. Раҳматли Шуҳрат домланинг дуолари ижобат бўлди. Шу лаҳзаларда Термизда, қадим Жайҳун қирғоқларида Ватан чегараларини ҳимоя қилаётган бир аскар йигит қоралама шеърларини хатжилдга жойлаб, минг орзу-ҳавас билан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим номига жўнатаётган бўлса, ҳеч ажабланманг. Азиз ўқувчи! Унга халақит бермайлик. Ҳозир у бутун умрини, борлиғию қисматини олис бир ишққа – шеъриятга, адабиётга алмашишга шайланаётгандир...

Сирожиддин Саййид

 
Кўнгил тахтидаги султон PDF Босма E-mail
04.07.2013 19:14

Шукрулло ака мен учун салкам афсонавий одам. Усмон Носирни кўрган, Абдулла Қодирий билан суҳбатлашган, Ғофур Ғуломга шогирд тушиб, кеча-ю кундуз етагида  юрган, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорлар билан қадрдон бўлган, Ҳамид Олимжон, Зулфия опалар билан “сан”лашиб гаплашиб ҳайиқмаган одамни афсонавий демай  нима дейиш мумкин. “Жавоҳирлар сандиғи”ни ўқиган пайтларимда 6-7 синфдаги гўдак бола эдим, Шукрулло ака эса оқсоқол шоир ҳисобланарди, ҳозир мен тенггиларни невараси бор, Шукрулло ака эса ҳалиям қирчиллама йигитдай, тикилиб қараса эсанкираб қоласиз. Гурзидай гаплари, довдиратади. Лекин жуда мароқли. Мароқлилигининг сабаби, Шукрулло ака кейинги юз йиллик адабиётнинг тирик қомуси! Бу киши тенгги 90 га кирган чоллар нафақанинг вақтида келмаслиги, невараларнинг шовқин – сурони, уйқу камлиги ҳақида гапиришдан нарига ўтмай, ўз маишати билан ўзи овора бўлиб қолади. Шукрулло акада эса, ҳаммаси аксинча! Ташқи ҳаётдан бошқа ташвиши йўқ!   Осмон тоқига чиқиб олиб, юз йиллик адабиётни  юз йилдан буён кузатиб ўтиргандай. У киши гапирган сари тарих тарих эмас куни кечаги воқеадай ёнингизга  яқинлашаверади, афсонавий одамлар замонавийлашаверади.

Батафсил ...
 


28 дан 63 сахифа