Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор! PDF Босма E-mail
09.09.2013 18:20

...Қатағон йилларидан кейинги воқеалар ҳақида тўхталамиз. Демак, 37-йиллар ҳам ортда қолди. Кимдир отилди, кимдир сўнгсиз ноҳақликларга чидолмай юраги эзилиб ўлди…

Батафсил ...
 
Даҳшатли туш. Сейит Кенжахматов PDF Босма E-mail
17.01.2014 11:35

Қиёзлар оиласининг ўзгача бир хосияти — улар ёппасига туш кўришади. Етти яшар ўғлидан то етмиш яшар отасигача туш кўриб чиқишади. Тунда қандай туш кўрганини эрталаб бир-биридан сўраш — одат. Бир кечалик меҳмондан ҳам: “Қандай туш кўрдингиз!” — деб сўрашни канда қилишмайди.
Тарки одат — амри маҳол деганларидек, бу кеча ҳам каттаю кичик — барчаси туш кўриб чиқишибди. Сўни даставвал отаси бошлади:
— Тушимда сувсаб қолган эканман, болам, чой қўйиб юбор десам, келин тушмагур эшитмаганга олиб уч коса қатиқ қуйиб келса бўладими. Симириб-симириб ичдим-ей…
— Вой шўри-им, энди нима қиламиз? Уч кун қаттиқ жала қуйиб, довул турар экан-да, бекор ичибсиз, — деди кампири.
— Ичмасам келиннинг кўнглига келади-да, иложим қанча…
— Бу алвастиларга овқат берсанг ҳам ёқмайсан, — деб бир силтанди келин.
Келиннинг бу “черткиси” даврадагиларнинг қулоғи ёнидан “ўтиб кетди”.
— Сен ҳеч нарса кўрганинг йўқми? — деб чол кампиридан сўради.
— Кўрдим. Кўрганда ҳам битта эмас, иккита туш кўрдим.
— Эна, кўзингиз яхши кўрмайди-ку, тушни қандай қилиб кўрасиз? — сўраб қолди набираси.
— Оғзингни юм, — жеркиб берди бу сўзни ҳазм қила олмаган кампир, — тур нари, кўзимга кўринма.
— Шундоғам кўринмайман — деди бола парво ҳам қилмай.
— Қўявер, бола-да, ундан кўра тушингни айтсанг-чи.
— Дарвоқе, тушимда келин кўрпасининг устида шир яланғоч ўтирибди. Вой, қайнотанг келиб қолмасин, бирор нарса ёпинсанг-чи, десам…
— Э-э, ўлма, Худо берди десанг-чи, — деди қария одатдагидек овозини баралла қўйиб, — набиралик бўлар эканмиз.
Кампир “Иккинчи тушим…” деб энди бошлаган эди, сиртдан келиннинг шанғиллаган овози эшитилди:
— Бугун ҳамманинг тушига мен кириб чиқибман-да. Сизлар кўрмаган ҳеч вақо қолмаган, шекилли? Ниятларингизни биламан — “бола!”. Аҳмоқлигимдан иккитасини йўрғалатиб қўйдимми? Қўйдим! Энди бас, дедимми, бас! Бола керак бўлса, ўзларинг ҳаракат қилинглар. Бола туғиш осон иш деб ўйлайсизлар, шекилли.
Келин узоқ шанғиллади.
Қайнона “қарши ҳужумга” ботина олмади.
Қайнотанинг тили қотиб қолди.
Ниҳоят, анчадан кейин қайнонага жон кирди:
— Болам, — деди у келинига, — бировнинг тушидан бировнинг жаҳли чиқмаса ҳам бўлар. Бу нимаси, айланай? Ҳарқалай, ўзинг ёмон туш кўрганинг йўқми?
— Сизлар кўрадиган тушни мен кўра олмайманми? Кўрдим!
— Э-э, чироғим, гапни шундан бошламайсанми, — деди чол.
— Айтсам, айтавераман. Тушимда худди ҳозиргидек қир-пичоқ бўлиб ўтирган эканмиз, бир маҳал қуюқ қора булут келди-ю, уйимизни тўнкариб кетди.
— Астағфирулло! Астағфирулло! Биз қаерда эканмиз?
— Отамни, — келин қайнотасига ишора қилиб деди, — икки бошли аждаҳо…
— Бас қил-е, тушинг ҳам қуриб кетсин, — келинини ҳай-ҳайлади чол.
— Мен қаёқда эканман? — сўради қайнонаси.
— Уйдан югуриб чиқсам, сизни бир нортуя…
— Вой шўрим, — кампирнинг ранги оқариб кетди.
— Ўзинг нима қилаётган экансан?
— Бунақа зўр томоша ҳар куни ҳам бўлмайди. Мазза қилдим.
— Вой, тилинг кесилгур-ей! Тушинг ўзингга кўринсин-а! — дейишди чол билан кампир.
— Ҳа, ёқмадими? — ўдағайлади келин.
— Ёқмади.
— Ундай бўлса, бугундан бошлаб туш кўришни бас қиламиз. Нима дейсизлар?
Чол кампирига маъноли тикилиб деди:
— Биз розимиз, гап сенда қолди, келин.

Қирғизчадан Қурбон Саттор таржимаси.

 
“Ҳар неким кўнгулда бор — тилга сурма... PDF Босма E-mail
11.04.2014 04:32

Олимларнинг илмий ишлари илмий мушоҳадага асосланган бўлади. Шу боис, уларни ўқиш ва уқишнинг ҳам бир мунча мураккабликлари бор. Номзодлик ёки докторлик диссертациясини оладиган бўлсак, ҳар бир жумла бирор-бир фикрни тасдиқ ёки инкор қилиши, ўқувчини маълум янгиликдан хабардор этиши зарур. Энг муҳими, илмий ишда умумий, мавҳум мулоҳазалар эмас, илм қилувчининг аниқ-тугал фикрлари, илмий изланиши, кузатуви асосидаги хулосалари бўлиши шарт.
Шўролар замонида илмий иш ёзишнинг ўзига хос қолипи юзага келган эди. Диссертацияни баҳолашда унда шу мавзуда ёзилган бошқа ишларнинг санаб ўтилиши, ўзингдан катта, нуфузли устозларнинг ишлари тилга олингани, улардан кўчирмалар келтирилгани ва юксак баҳо берилгани муҳим аҳамиятга эга бўларди. Бошқаларнинг фикрлари шу қадар кўп келтирилардики, муаллифнинг шахсий фикри ёки хулосаси кўп ҳолларда уларнинг соясида қолиб кетарди.
Иш юзасидан, баъзан эса қизиқишим боис, кўплаб диссертацияларни, илмий маъруза матнларини, олимларнинг давра суҳбатларини ўқиб чиқишга, айрим ҳолларда уларга баҳо беришга тўғри келади. Бу иш билан узоқ йиллар давомида узлуксиз шуғулланганим, бугун ҳам имкон даражасида машғуллигим боис, кўнгилда баъзи мулоҳазалар ҳам йиғилиб қолди. Улар, аввало, ўзимга, шогирдларимга керак. Балки бу фикрларим бошқаларни, масалан, ёш тадқиқотчиларни ҳам қизиқтириб қолиши мумкин, деган фикрда қўлимга қалам олдим.
Илмий иш, у диссертация, монография, илмий рисола ёки маъруза тексти бўладими, бундан қатъи назар, илмий тилда, аммо содда ва равон услубда, ёш тадқиқотчилар осон тушунадиган, бошқалар ҳам зерикмай ўқийдиган қилиб ёзилиши керак.
Алломалардан бири илмий адабиётлар одамларни жаҳолатдан қутқаради, деган хулосага келган. Демак, илмий иш фандаги аниқ бир муаммо, йўналиш хусусида бўлиши, унда келтирилган далил ва хулосалар илмий мушоҳада тараққиётининг бугунги талабларига жавоб бериши зарур.
Файласуф Демокрит бир вақтлар: “Битта илмий исбот ёки далилни қўлга киритиш мен учун Форс салтанатига ҳокимлик қилишдан аълороқдир”, деган экан. Бу бежизга айтимаган, албатта. Илмда бирор бир исботга келиш, фикрни бошқалар айтмаган янги бир далил билан исботлаш ўта оғир иш. Аммо олимликка даъво қилувчи учун бундан бошқа йўл йўқ.
Олим илмий мушоҳадасида чарх ура бошлаган, соддароқ қилиб айтганда, миясида айланиб, тинчлик бермаётган бир фикрни, қачонки унинг тўғрилиги ва зарурлигига ўзи ишонч ҳосил қилганидан кейингина айтиши керак. Аммо бунда ортиқча шошилиш каби ўринсиз имиллаш ҳам кетмайди.
Баъзан заҳматкаш бир олим минбарга кўтарилиб, жўяли бир фикрни ўртага ташлайди. Унинг ортидан бошқалар, “Шундоқ фикр айтилганида биз жим турсак, илмий обрўйимизга путур етиб қолмасин”, дегандай, бирин-кетин сўз олишади. Гапни “Домла жуда тўғри айтдилар, ҳақиқатан ҳам шундай...” қабилида бошлаб, шу оҳангда якунлашади. Ўзида мустақил фикри бўлмаган одам, минбарни банд қилмай, бошқаларни тинглаб ўтиргани маъқул.
Баъзи илмий ишларда кўпчилик тушунмайдиган иборалар, изоҳталаб сўзлар ҳаддан ташқари кўп учрайди. Айрим ёш тадқиқотчилар ўзларича илмий ишнинг нуфузини ошираман деб шундай қилишади. Уларни тушуниш учун бошқа кўплаб манбаларни эринмай варақлаш керак. Бу, очиғини айтганда, ишнинг хомлиги, пишиб етилмаганлиги белгисидир. Ҳақиқий олим ўз фикрини илмий жумбоқларсиз ҳам ифода қила олади.
Яширишдан не фойда, баъзи илмий ишларни нари борса беш-ўн киши, балким йигирма-ўттиз киши ўқийди, диссертация ҳимоя қилинганидан кейин уларнинг кўпи катта-кичик китоб жавонларини безаб тураверади. Бу энди, адолатдан эмас, деб ўйлайман. Ахир, битта диссертацияни ёзиш учун бир кишининг бир неча йиллик умри, давлатнинг маблағи кетган-ку! Бундай десак, ҳозир ҳатто бадиий асарларни ҳам ўқувчига зўрлаб тиқиштиришнинг иложи йўқ. Ягона йўл, менинг назаримда, илмий ишни ўқийдиган ва ўқиганда ундан баҳра оладиган қилиб ёзиш керак.
Илмий мушоҳада ва нотиқлик маҳорати ҳамиша ҳам ёнма-ён юрмайди. Баъзи олимларнинг фикри қоғозда жуда тиниқ, қизиқарли акс этади, аммо маъруза қилса гапи мутлақо қовушмайди. Баъзан эса, бунинг аксини кўрамиз — олим минбарда жуда бийрон сўзлайди, “Шу фикрларингизни қоғозга тушириб беринг”, десангиз, бошни қашлаб туриб қолади.
Олимлик мансаб ҳам, мартаба ҳам эмас. Лекин илм кишисининг нутқи ҳам, ёзуви ҳам мукаммал бўлса қандай яхши.
Илм кишиларига жуда кўп маъруза қилишга тўғри келади. Ҳар гал минбарга кўтарилаётганимда, машҳур нотиқ Цицероннинг бир фикри ёдимга тушади: “Сўзнинг кучи билан омманинг диққатини ўзингга тортиш ва уларни ром этишдан ҳам лаззатлироқ нарсани билмайман”.
Албатта, нотиқликда Цицерон даражасига етиш қийин, аммо маърузачи, агар у илм кишиси бўлса, айтадиган гапларини яхшилаб ўйлаб, фикрини жамлаб, ҳеч бўлмаганда тезис кўринишида қоғозга тушириб олиши керак. “Сўз — либос, маъно шу либос остига яширинган сир”, дейишади. Маърузада шундай сўзларни топиб ишлатиш керакки, улар тингловчиларга таъсир кўрсатсин, хотираларига ўрнашиб қолсин.
Афлотун: “Агар савол тўғри берилган бўлса, ҳар қандай саволга ҳам жавоб қайтариш мумкин”, деган экан. Баъзи нотиқлар, мен кўпроқ илм кишиларини кўзда тутмоқдаман, маърузани яхши ўқишади, аммо тингловчиларнинг саволларига келганда ўзларини йўқотиб қўйишади, ҳаяжон босади. Илм кишиси унча-мунча нарсага ҳаяжонланмай, ҳар қандай ҳолатда ҳам мантиқий фикрлашда давом этиши керак, деб ўйлайман.
Алишер Навоий ҳазратлари: “Сўзни кўнгулда пишкормагунча тилга келтурма, ҳар неким кўнгулда бор — тилга сурма”, деганлар. Бу борада Цицероннинг фикри мана бундай: “Агар нотиқ гапирмоқчи бўлган нарсасини мукаммал билмаса (мукаммал билмай туриб ҳам минбарга кўтарилса — М.Т.), унинг нотиқлиги уч пул”. Бу ўгитлар ҳамиша ёдимизда туриши керак.
Мени, балки бошқа кўпларни ҳам, ажаблантирадиган бир нарса бор. Илмий анжуманларда асосий маърузалар тингланиб бўлингач, муҳокама бошланади. Баъзи, ҳатто устоз мақомидаги олимлар ҳам унда қатнашишади. Аммо маърузачининг у ёки бу фикрини тасдиқлаш, инкор этиш учун эмас, шунчаки муҳокамада иштирок этиш учун. Жуда ғалати ҳолат. Улуғ Пифагор ҳам бундай ҳолатларни кўп кузатганми, шундай деган экан: “Тинглаш ва сукут сақлаш сени донолик сари етаклайди. Сукут — донишликнинг бошланиши”. Бу сўзларни жуда аввал ўқиб, таъсирланиб,     ён дафтаримга кўринарли қилиб кўчириб қўйганман, турфа хил йиғинларда бот-бот эслаб тураман.
Яна бир мулоҳаза. Илмда устоз-шогирдлик анъаналари мавжуд. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Ҳаммамиз ҳам илм майдонига улуғ аждодларимизнинг бизларгача етиб келган илмий меросидан озми-кўпми баҳраманд бўлиб, бугунги устозларга эргашиб, уларнинг не-не заҳматлар билан битилган китобларини ўқиб-ўрганиб кирганмиз. Илк ишларимиз уларнинг раҳбарлиги остида ёруғликка чиққан. Изоҳли луғатимизда “раҳбарлик” сўзи “бошчилик”, “бошлиқлик”, “йўлбошчилик”, “раҳнамолик”, “мураббийлик”, “устозлик”, “илмий” сўзи эса “”илмга оид”, “илмга қаратилган”, “илм-фан билан боғлиқ муаммоларни ўрганувчи”, “илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланувчи” маъноларида изоҳланган. Демак, “илмий раҳбар” атамасини “Ёш тадқиқотчиларга илмий фаолиятда раҳбарлик қилувчи мураббий”, деб тушунсак, ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Аммо...
Илмий раҳбар бўлиш осон эмас. Бундай номга мушарраф бўлган киши, энг аввало, бағрикенг, самимий, илмда нуфузи баланд, сўзи мантиқли ва... журъатли бўлиши керак. Баъзан шунчаки олимликни ҳавас қилиб қолган, кимгадир ишониб, таяниб қўлига қалам олган кишиларга ҳам раҳбарлик қилишга тўғри келади. Бундай пайтларда раҳбар журъатли бўлиши, яъни, аввалбошдаёқ бу талабгордан илм кишиси чиқадими ёки йўқми, буни очиқ айтиши, умри беҳуда ўтишига ўзи ҳам сабабчи бўлмаслиги керак. Ва, аксинча, илмий раҳбар шогирдини ўз фарзандидай билиб, унга тўғри маслаҳатлар бериши, бечоранинг садоқатини узоқ вақт ўзига қуллуқ қилиши, майда-чуйда ишларга ҳозиру нозирлиги билан синаб кўрмаслиги лозим. Бу гапим кимгадир тегиб кетмаслигини истар эдим — айни мана шу ҳолатга дош беролмаган кўплаб ёшлар илм даргоҳларини ташлаб кетганларини ҳам биламан. Бу энди — кечаги ўтмишимиздан қолган аччиқ хотира. Аммо хотира экан-да, деб бепарво ҳам бўлмаслигимиз керак...
Эътиборингизга ҳавола этаётган ушбу фикрларимни таниқли мутафаккир Кантнинг: “Устоз ўз шогирдига фикрларни эмас, фикрлашни ўргатиши керак”, деган ўта муҳим сўзлари билан якунламоқчи эдим, ёдимга Кайковуснинг мана бу ҳикмати тушиб қолди: “Эй фарзанд, баданни ўзингга мутеъ қил ва қаҳр била итоатга буюрғил”. Устоз-шогирдлик муносабатларини бундан ортиқ ифодалаш жуда қийин.

Муҳаммад Тошболтаев.

 
Анбар Отин (1870-1906) PDF Босма E-mail
21.03.2014 15:02

Анбар Отин Фармонқул қизи (1870 — Қўқон — 1906) — ўзбек шоираси. Отаси Увайсийнинг жияни. Онаси Ашурбиби оддий косиб қизи. Анбар Отин Дилшод отин мактабида таҳсил олган. Анбар Отин шеърлар ижод қилиш билан бирга маҳалласидаги ёш қизларга таълим ва тарбия бергани туфайли Отин номига эга бўлади.
Анбар Отин ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Ижодда кўпроқ Увайсийга эргашган. Навоийни биринчи устоз ҳисоблаган. Замондошлари Муқимий, Фурқат, Завқийлар билан таниш бўлган. Шеърларида уларга мурожаат қилган, улар билан баҳслашган. Ўзбекча шеърлари (48 та)дан девон тузган. Ундан 41 ғазал, 4 мухаммас, 1 қитъа, 1 маснавий, 1 мустазод ўрин олган (1905). 70-йилларнинг бошида шоиранинг 40 га яқин шеърдан иборат яна бир қўлёзма девони, «Қаролар фалсафаси» рисоласи, 160 мисралик «якка байт»лари топилди, тожикча ғазалларидан девон тузиш нияти бўлган, аммо бор-йўқлиги ҳозир номаълум.
Анбар Отин шеърлари аксарият ижтимоий мавзуда. Замона адолатсизлигидан, меҳнатчи халқ оғир аҳволидан сўз очади, маърифатни улуғлайди. «Қаролар фалсафаси» асарида аёлларнинг оғир қисмати ҳақида ҳикоя қилинади. Анбар Отин асарлари қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида сақланади (инв. ? 1647).
Бегали Қосимов

* * *

Эй гўзал Фарғона, ўзингни кел эмди, шод қил,
Ҳар ғазални бошида, сен, ўз отингни ёд қил,
Қайди бандни пора айлаб, ўзлугунг озод қил,
Қайғулик қунларни куйдур, барчасин барбод қил,
Эмди Туркистонда ҳақгўйлик ила фарёд қил.

Боғларинг пажмурда бўлди зоғларнинг пойидин,
Кўкрагинг садпора бўлди дайдиларнинг ёйидин,
Катра-қатра қон томодур ўқ тешкон жойидин,
Кип-қизил қонлар оқодур жабр кўргон сойидин,
Ўз қўлинг бирла бу юртингни ўзинг обод қил.

* * *

Адаб ирфон илми ичрадур шамъ.

* * *

Улғаюрсан, санда бор бўлса адаб,
Улғаюрсан, санга ер улса адаб,
Одам эрсанг, ташқи сурата берма зеб,
Она юртингни ҳамиша айла зеб.

* * *

Одами ақлу назокатда сулув,
Бўлса ахлоқи садоқатда сулув.

* * *

Жаҳон равшан зиёйи илмдандур,
Кўнгил софи сафойи илмдандур.

* * *

Муродингни ҳаётинг ичра ахтар,
Ки мавҳум илм ичинда бўлма ахгар.

* * *

Дунёни билмакка идрокинг гаров,
Зеҳн қуймоққа дили покинг гаров.
Яхши иш қилмоқ учун йўқса ўқув,
Санга лозимдур ўқув бирлан ўқув.

* * *

Касб этар оҳиста-оҳиста киши фазлу ҳунар,
Боғаро булбул боласи хушнаво кам-кам бўлур.
Мурғи ваҳшини қилолмас ҳеч ким якбора ром,
Донаю домини қурдинг, мубтало кам-кам бўлур.

* * *

Кимки маърифатни этса эъзоз,
Ани ирфон этар, албатта, мумтоз.

* * *

Ҳар кимки ўзин уйлади, элдин хабари йўқ,
Ул аблаҳи бедин ила савдо қила кўрма.

* * *

Ўз гуноҳингни сўраб элдин ўтин,
Нафрат ути ичра бўлмасдин ўтин.

* * *

Кимки эл ғамидадур сухансанж,
Анинг ҳар сўзи дунёда улуғ ганж.

* * *

Одам эрсанг ташқи суратга берма зеб,
Она юртингни ҳамиша айла зеб.

* * *

Хирад элиға куксин тутди қоғоз,
Ҳам ирфон ишқида қон ютди қоғоз.

* * *

Одам эрсанг маъни бил дона-дона,
Ватан эрур сенга иккинчи она.
Сўзламасдин олдин сўзингни сина,
Ҳар бир сўздир умринг ичинда сина.

* * *

Фойдасиз сўзламаса қайси тил,
Она тил бўлғай ўша тил — она тил.

* * *

Танга озуқдур ҳамиша тўғри лафз,
Миллату тилга хиёнат ўғри лафз.

* * *

Яхши одамлар ишидан ибрат ол,
Ибратомуз хизмат айлаб, иззат ол.

* * *

Чун қадам қуйдинг бу йўлға бўлма бематлаб вале,
Фахри зиллат бўл, талашма ғурбати мансаб вале.

* * *

Қошки, кулбам аро якбора ёрим келсалар,
Йўллариға жон нисор айлай нигорим келсалар.

* * *

ғаразгўй ағёрлар сўзиға бовар қилмаким,
Дилсиёҳлик келтирур ўртада ғаммоз озгина.

* * *

Зулм бўлгон ўлкада қолмайди файз,
Тонггача кун нуридин олмайди файз.

* * *

Жаҳонгир қўшинларга қўйса оташ,
Анинг бошиға бўлғуси балокаш.

* * *
Кимеким мард эрур инсоф лозим,
Билурға сўз дурин сарроф лозим.

* * *

Меҳнату ақлу вужуд иттифоқ,
Одамийда бўлса гар яхши тилак
Халқ учун тебратгуси доим билак.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ


Отам – Фармонқулийи Марғилоний,
Онам – Ашурбибийи Қўқоний.
Алар белбоқчи – бўзчи эрди касби,
Ҳамиша маккайидин эрди нони.
Ки, “бўзчи ёлчимас белбоққа” доим,
Яна жуфт бўлмас эрди чопони.
Бизоат бўлмағач уй эрди нотинч,
Санаб бўлмас эди жанжал сони.
Ҳайит келса ҳамиша ғавғо бўлғай
Ки, йўқдур янги энгилдин нишоне,
Арафа- ийди қурбон кечасида,
Ота-онам қўпорди ғалаёне.
Намоз куни иккиси айрилишди,
Бир уйча-ҳовлича сотдилар они.
Ман ҳам икки укам била бизлар,
Онам бирла бўлувдик сарсони.
Онам бирла қолиб биз кўчаларда,
Отам кетди ба шаҳри Марғилони.
Онам бир эрга тегди Бешқовоққа,
Уни бор эрди читгарлик дўкони.
Яна боғИ бор эрди бир танобча,
Икки танобча ерда деҳқони.
Мани тарбият айлаб, ҳам укамни,
Ҳамиша берди бизга буғдой нони.
Онам кўрди ети фарзанд андин,
Бири кўрқори бўлди кўзи они.
Мани уйга чиқардилар шаҳарга,
Зоҳидхўжа деган новвой Қўқоний.
Ул нийз қашшоқ эди аввалда ўзи,
Қари катта оноси-моли, жони.
Қийинроқ бўлди, новвой ўзи танҳо,
Кунимиз ўтди андак: чойи, ноний.
Мани фарзандларим тўрт бўлди-ю бас,
Мўминхўжам эди андак ёмони.
Бибихон – роҳати, жоним анисим,
ғариблик, дардманлик дармони.
Етиб қолдим, мураббим бўлди шу қиз,
Анинг бирла топиб жоним омони.
Усмонхўжам-ҳалиму қобилимдур,
Ўқутди устод Хайруллохони.
Мани дардимга қўшди минг аламлар,
Вафоти эткан қизим Оминахони.
Шу дард бирла адо бўлдим, ёронлар,
Бу ёш боғим бўлиб тезда хазони.
На роҳат кўрдиму, на орзуни
Ки, ман йиғлаб ғазал ёздим ниҳоний.
Аёллар ишқ сўзини демакдин,
ғазал ёзмоқдин ўзи эрди фоний.
Саҳҳофга ёлбориб неча варақни,
Китоб ичига жойлаб қўйдим они.
Кимеки кўрса, ёд этса зора,
Ёруғлик бўлса ул дунёйи соний.


ҒАЗАЛЛАР

Жаҳон-оғуга келган Анбар отинман,
ғаму қайғуга келган Анбар отинман.

Ямон соатда келдим ман жаҳонга,
Ини жодуға келган Анбар отинман.

Адаб аҳли оёқ остида хордур,
Чунин ёғдуға келган Анбар отинман.


* * *

Эй дўст, жаҳолат аҳлиға ошно бўла кўрма,
То келгунча бахту саодат шайдо бўла кўрма

Ҳар кимки ўзин ўйлади, элдин хабари йўқ,
Ул аблаҳи бедин ила савдо қила кўрма.

Илмеки адаб, ишқу муҳаббатга йироқдур,
Билгилки сан ул илмни алсо била кўрма.

Ҳар ким амали эл фойдасиға жори эмасдур,
Онинг юзини умрингда сан бир йўла кўрма.

Ҳар муғбача даф чолса, аё Анбари хушрўй,
То ошиқ эмас, ишқида бағринг тила кўрма.


АЛИФБО

Алиф
Одам эрсанг маъни бил дона-дона,
Ватан эрур санга иккинчи она.
Сўзламасдин олдин сўзингни сина,
Ҳар бир сўздур умринг ичинда сина.

Бе
Улғаюрсан санда бор ўлса адаб,
Улғаюрсан санга ёр ўлса адаб.
Одам эрсанг, ташқи сурат берма зеб,
Она юртингни ҳамиша айла зеб.

Те
Бир иш қилки, эл ичра бўл боҳурмат,
Икки дунё номинг бўлур боиззат.
Ҳаёнсиз эрса минг жафо машаққат,
Ул иш дейилмагай эл ичра меҳнат.

Жим
Харобат элда султонлар олур бож,
Адолат илкида яксон ўлур тож.
Кимки эл ғамидадур сухансанж,
Анинг ҳар сўзи дунёда улуғ ганж.

Чим
Қаю султон адолатга қўяр синч,
Қўл остида эли доим бўлар тинч.

Ҳ-ҳуттий
Бутун умримда ер эдим ғами субҳ,
Дам охирида келди бу дами субҳ.
Умидим субҳидамдин бошланур сулҳ,
Диёримға суюниб тошланур сулҳ.

Х
Фалак кажравлиғидин шом эрур талх,
ғаму қайғу чекишдин ком эрур талх.

Д-дол
Башарни тарихи қонуни аждод,
Анингдин илм топғуси ҳар авлод.
Бу йўқсул эл ҳаёти гарчи барбод,
Бўлур авлодини рўзғори обод.
Ҳаёт тарихи элда некию бад,
На тавсиф билдирур, на хатти абжад.

З-зол
Манга халқ рўзғори бўлди устоз,
На сифат китоби ван а таку тоз.
Хирад элиға кўксин тутди қоғоз,
Ҳам ирфон ишқида қон ютти қоғоз.

Р –ре
Киши ўз тақдириға ўзи маъмур,
На маъмурлар яратган рўзи маъмур.
Муродингни ҳаётинг ичра ахтар,
Ки, мавҳум илм ичинда бўлма ахгар.
Машаққатсиз ҳунардин чиқмағай дур,
Ҳаёнсиз илм дурридин кўб эрур дур.
Кимики кўбни рангин этди заъфар,
Икки дунёда бўлмайди музаффар.
Минг йил армону ҳасратда оқар Сир,
Музаффар элга сирини очар Сир.

З-зе
Кимки маърифатни этса эъзоз,
Ани ирфон этар албатта мумтоз.
Ўзингни элга хизматкор эткил,
Ишинг анжомиға етгунча еткиз.

С-син
Шаҳаншоҳи номвар афзал бўлмас,
Ҳар адли ҳам зулмидин холи бўлмас.
Мани сўзимни тингланг, аюҳаннос,
Келур авлод даври ўзига хос.
Азалдин адл ила зулм эрди ножинс,
Зулмни паша қилди, кимки ножинс.
Билингки, ўзига қўймас бино кас,
Такаббурлик ўтида куйди нокас.

Ш-шин
Дариғоким, ҳамиша кўнглим ғаш,
Чароки, кўп халойиқ кўнгли ғаш.
Ҳукмрон зулм тобора қилур иш,
Ўзин жисмига кўп яро солур ниш.
Жаҳонгир қўшниларига қўйса оташ,
Анинг бошига бўлғуси балокаш.

С-сод
Биз адабда кўргумиз ҳусни қасос,
Хуш куним деб ўтадур аҳли асас.
Ким ўзин Намрудға айлар қиёс,
Иброҳимни қавмидин тортгай қасос.

З-зод
Зулм бўлган ўлкада қолмайди файз,
Тонггача кун нурини олмайди файз.
Муфти эл бошиға солғай янги фарз,
Ўлмағай то бермагунча элга қарз.

Т-итқи
Эл ғамидин ўзгароқ ўлмас бу хат,
Шунча қилсам бир йўли бўлмас ғалат.
Йўлларимда жару(кўҳ), қиру қиёт,
Шул сабаб юрганда қилгум эҳтиёт.

З-изғи
Беқироат сўзламас аҳли воиз,
Ҳар нидо қилганда тинглайман ғализ.
Танга ўзиқдир ҳамиша тўғри лафз,
Миллату тилга хиёнат ўғри лафз.

‘-айн
Адаб ирфон илми ичрадур шамъ
Ақл ойинасида чеҳрадур шамъ

ғ-гайн
Бу вужуд бир қўлима берди яроғ,
Бир қўлим ҳодисадин тутди чароғ.
Ажнабий хайлига йўл бермади тоғ,
Учса ҳам қўнғали тоб этмади зоғ.

Ф-фе
Маърифат шоирини сўзи садаф,
Ҳарзагўй аҳли учун мисли ҳазаф.
Мадҳдин воизи минг айласа лоф,
Дину важд орасида мингта хилоф.

Қ-қоф
Меҳнату ақлу вужуд иттифоқ,
Шайхдин бу ораға солма нифоқ.
Гарчи бу аҳли вужуд бўйни синиқ,
Чиркинат таъсири йўқ, кўнгли тиниқ.
Шайху пир кўрсатади йўлу-йўруқ,
Оғзида зикри худо, ўнгли қуруқ.

К-коф
Одам эрсанг, кўнглинг этгил пок-пок,
Сандин этмасдин ўзини улки пок.
Ҳар нафас мазмун ила ўтса керак,
Гар ҳаёт мазмунини бўлса юрак.
Одамийда бўлса гар яхши тилак,
Халқ учун тебратгуси доим билак.

Л-лом
Яхши одамлар ишидин ибрат ол,
Ибратомуз хизмат айлаб, иззат ол.
Кимни илгидан бор эрса ҳиммати,
Рангу рўйида кўрунғай раҳмати.
Ҳар ғазалда янги мазмун айла ҳал,
То қиёмат ранги ўчмас мисли ҳал.
Фойдасиз сўзламаса қайси тил.
Она тил бўлғай ўшал тил, она тил.

М-мим
Бош эгиб турғай ҳамиша ҳарфи мим,
Ўйламанг таъзимда бор де зарбу бим.
Одамийлик хислатидур ҳам салом,
Ҳам баҳойим этмас одамдек калом.

Н-нун
Она ер шаклидаги бу ҳарфи нун,
Кўксида равнақ топодур ҳар фунун.
Вақти келгунча такаббур осмон,
Сирни бермай тек турурмиш олумон.
Зуфунунлик ҳулласи била кийин,
Элға ҳикмат сирини айтғил кейин.
Ўз гуноҳингни сўраб элдин ўтин,
Нафрат ўти ичра бўлмасдин ўтин.

В-вов
Одами аҳли назокатда сулув,
Бўлса ахлоқи садоқатда сулув.
Дунёни билмакка идрокинг гаров,
Зеҳн қўймоқға дили покинг гаров,
Яхши иш қилмоқ учун йўқса уқув,
Санга лозимдур уқув бирлан ўқув.
Боқ ҳаётинг лавҳасига, бўлма қув,
Гар нишони яхшилик топилса қув.

Ҳ-ҳавваз
Қачон еткургуси ул кунни Оллоҳ,
Хотунлар хуррам ўлса чекмайин оҳ.
Қачон бахт ўлғуси бизлара ҳамроҳ,
Ки, токай банд ўлурмиз ҳамчу гумроҳ.
Нечун иқбол биздин мунча саркўҳ,
Анинг куйида ермиз шунча андуҳ.

И-ёй
Агар ирфонға вусъат берса бори,
Фунун заҳматға бергай эрди ёри.
Худо хотунни бахтин очса эрди,
Ки ховар ўз нурини сочса эрди.
Бу Анбар оҳини тингла Илоҳи,
Замона аҳли аҳволим гувоҳи.
Чуқур мазмунда бу сўзлар тамоми,
Келур давронга қолди итмоми.

 
Илоҳий нур. Лев Толстой PDF Босма E-mail
17.01.2014 08:31

— Уни жазолаш керак! Отиб ташлаш керак! Жойи жаҳаннамда!
Эркаклару аёллардан жам бўлган оломон арзу самони ларзага келтириб бақирарди. Оломоннинг олдида эса, қўллари боғланган қадди расо, бўйдор бир кимса бошини баланд кўтарганча бир-бир қадам босиб борарди. У келишган йигит эди. Шу билан бирга унинг мағрур қиёфасида атрофидаги бақироқларга нафрат ва ғазаб акс этиб турганини ҳам кўриш мумкин эди.
Бу йигит… фуқарога жабр қилди. Ана энди у жазосини олиши керак. Уни албатта қатл этадилар.
“Начора? — деди у ўзига ўзи, — бир бошга бир ўлим дейдилар. Тақдири азалда ёзилгани шу бўлса, нима ҳам қилардик?” Йигит ҳамон кўчани бошига кўтариб шанғиллаётган оломонга кинояли илжайиб қараб қўйди. Оломон қий-чув қилиб уни қатл майдони томон ҳайдаб борарди.
Қатл майдонига ҳам етай деб қолдилар. Шу пайт издиҳомнинг этакроғидан бир болакайнинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилди. Олти ёшлардаги бир бола оломонни тирсаклаб ёриб ўтмоқчи бўлар, “Дада! Дадажон! Қаёққа кетаяпсиз? Тўхтанг! Мени ҳам олакетинг!” деб йиғларди. Норасида гўдакнинг ноласи таъсир қилдими, халойиқ бир лаҳза жимиб қолди, сўнг ғайритабиий бир кучга дуч келгандай, беихтиёр болакайга йўл берди. Болакай чириллаб йиғлаганча тобора отасига яқинлашиб борарди.
— Муштдеккина экан бечора! — деди бир аёл болага қараб.
— Сенга ким керак, болакай? — деб сўради яна бир хотин, унинг бошини силаб.
— Дадамнинг олдига бораман! — деди бола чириллаб, — мени қўйворинглар, дадажонимнинг олдига бормоқчиман…
— Ёшинг нечада, болакай?
Ўғил саволга савол билан жавоб берди:
— Дадамни нима қилмоқчисизлар? Нега унинг қўлларини боғлаб қўйдинглар?
— Ҳой бола, оёқ остида ўралашмай уйингга жўна, онанг излаб юргандир?
Асир йигит ўғлининг илтижосини ҳам, мужикнинг уйингга жўна, деган гапини ҳам эшитган эди. Ўғли ўрнига ўзи жавоб берди:
— Унинг онаси йўқ, етим, — деди қовоғини солиб. Бола эса, оломонни оралай-оралай, ниҳоят, отасининг олдига бориб олди. Қўлларига осилди. Сийналари қаҳрга тўла тўда ҳамон, уни осиш даркор, йўқ, отиб ўлдириш керак, дея ҳайқирарди.
— Болам, нега бу ёққа келдинг, уйга бор, — деди ота.
— Нега бу кишилар сизни боғлаб қўйишибди? Нима қилишмоқчи? — деб сўради ўғил.
— Ўғлим, сенга бир маслаҳат бор.
— Нима қилай, дада?
— Катюшани биласан-а?
— Қўшнимизми? Биламан.
— Сен ҳозир ўша Катюшаларникига боргин-да, ўтириб тур. Мен ортингдан етиб бораман, хўпми?
— Сизни ташлаб ҳеч қаёққа бормайман! — деди бола ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Нега унақа дейсан? Ахир айтдим-ку, мен… изингдан етиб бораман, деб.
— Ёлғон. Улар сизни ўлдиришмоқчи. Ҳали эшитмадингизми?
— Йўғ-е, унчалик эмас. Улар… улар менга зиён етказишмайди.
Банди йигит ўғлини ерга қўйди ва халойиққа етакчилик қилиб бораётган кишининг олдига борди.
— Менга қаранг, биродар, — деди банди, — мени қай йўсинда, қачон ўлдирсанглар ҳам розиман. Фақат бу иш мана шу боланинг кўз ўнгида бўлмасин. Илтимос, икки дақиқага қўлларимни ечиб қўйинглар. — Қўрқманг, қочиб кетмайман. Мен ўғлимга бу амакинглар менинг оғайниларим бўлади, биз сайрга чиққанмиз, дейман. Шунда ўғлим уйга кетади. Кейин, майли, қанақасига қатл этсанглар ҳам туриб бераман.
Оломон сардори бандининг илтимосига рози бўлди. Ота ўғлининг ёнига қайтди.
— Болам, бор энди, уйга бориб Катяларникида ўтириб тур.
— Сиз-чи, сиз нега мен билан кетмайсиз?
— Булар менинг оғайниларим бўлади. Биз бир пас айланамиз, кейин мен ҳам уйга кетаман. Мана, кўрдинг-ку, қўлларим ҳам ечилган. Борақол.
Болакай отасининг юзига тикилиб ўйланиб қолди. Кейин ишонқирамай деди:
— Ростдан ҳам уйга борасизми?
— Бораман дедим-ку, ўғлим, албатта бораман.
Бола ортига қарай-қарай истамайгина жўнади. У кўздан ғойиб бўлгач, банди йигит сардорга қараб деди:
— Энди мен ўлимга тайёрман, қани бошласинлар.
Шу пайт ақл бовар қилмайдиган мўъжиза рўй берди. Ҳозиргина томоқларини йиртгудек бўлиб бировга ўлим тилаётган бешафқат одамларнинг кўнгли бирдан юмшади. Уларнинг кўксида кишини ўйга толдирадиган илоҳий бир нур пайдо бўлган эди. Битта аёл аста гап қўшди:
— Менга қолса… унинг гуноҳидан кечиш керак.
Аёлни кимдир қувватлади:
— Яратган Эгам раҳмдил бўлинглар, деган. Бу йигит ҳам Худонинг осий бир бандаси. Келинглар, қўйвора қолайлик…
Бирор соатдан бери “Осилсин! Отилсин!” деб ҳайқираётган халойиқ энди жўровоз бўлиб, “Қўйворилсин! Гуноҳи ўзига!” деб қичқира кетди. Мағрур банди йигит эса, қўллари билан кўзларини бекитганча йиғлаб юборди. У оломонни ёриб ўтди ва калласини осилтирганча уйига, ўғлининг олдига елиб кетди.

Саъдулла Сиёев таржимаси

 


24 дан 63 сахифа