Ритм - асар юраги (наср ритмига доир) PDF Босма E-mail
22.08.2013 08:32

Насрда ритм масаласи адабиётшуносликда кейинги йилларда ўрганилаёттан муаммодир. Аниқроғи, 60—70 йилларда мазкур проблема юзасидан бир қатор тадқиқот ишлари олиб борилди. Хусусан, 1970 йил декабр ойида шу масала юзасидан Москвада «Адабиёт ва санъатда вақт, макон, ритм муаммоси» мавзуси бўйича симпозиум ўтказилиб, унда ритм масаласига кенг тўхтанилди. Мазкур симпозиум материаллари ўша йили Ленинградда «Советский писатель» нашриётида «Адабиёт ва санъатда ритм, вақт ва макон муаммоси», 1974 йилда «Наука» нашриётининг Ленинград бўлими томонидан «Адабиёт ва санъатда ритм, вақт ва макон» номи билан китоб ҳолида босилди. Ушбу китобларда бир қатор олимларнинг, хусусан, Б. С. Мейлах. Е. Г. Эткинд, Е. В. Волков, Н. М. Фортунатов, В. Н. Колопова ва бошқаларнинг мақолаларида бу масала классик адабиёт мисолида ёритилди. Яна бу борадаги илмий тадқиқот ишларига Л.В.Чичериннинг «Образ ритми» (1973) ва М. М. Гиршманнинг «Бадиий насрда ритм» (1982) китобларини кўрсатиб утиш мумкин. Чичерин китобини гарчи «Образ ритми» деб атаган булса-да, лекин ритм масаласига жуда кам тўхтаган. Унда фақат иккитагина мақола мазкур масалага тегишли бўлиб, биттаси жуда қисқа бўлган, яъни атиги беш бетдан иборат "Бадий насрда образ ритми" ва ўн икки бетдан иборат «Пушкин насрида ритм ва услуб» номли мақолалардир. Бироқ, мазкур мақолаларнинг ҳажми кичик бўлишига қарамай, уларда ритм маласига аниқ тўхталиб, ритмни ёзувчи маҳоратини белгилайдиган энг муҳим бадиий компонентлардан эканлигини таъкидлайди ва Достоевский, Гоголь, Тургенев, Пушкин асарлари мисолида ўз фикрини асослайди. Бу мисоллар насрда ритм масаласини ўрганиш кейинги йилларда бошланганлигини яна бир бор тасдиқлайди. Лекин бундан насрда ритм 60—70 йилларда юзага келди деган хулоса чиқариш керак эмас. У зеро асарнинг бадиийлигини оширадиган энг муҳим маҳорат компонентларидан бири экан, демак у ҳам бадиий наср юзага келгандан буён мавжуд. Буни шу муаммога қўл урган олимлар ўз ишларида ритмнинг бадиий асардаги вазифасини фактик мисолларда кўрсатишда классик ёзувчилар — Пушкин, Лермонтов, Достоевский, Л. Н. Толстой, Тургенев, Гоголь ва бошқаларнинг асарларига мурожаат қилишлари ҳам кўрсатиб турибди. Лекин мазкур масалани ўрганиш кейинги йилларда бошландики, бу энди бошқа масала.

Ўзбек адабиётида наср ритм масаласига адабиётшунос олим Умарали Норматов ўзининг айрим мақолаларида тўхталган. Хусусан, унинг «Насримиз уфқлари» китобига кирган «Ҳозирги қиссалар поэтикасига дойр», «Жанр имкониятлари» китобидаги «Роман ҳақидаги диалог», «Гўзаллик билан учрашув» китобидаги «Пластик тасвир» мақолаларини кўрсатиш мумкин. Бошқа адабиётшуносларнинг ишларида бу ҳол кўринмайди. Лекин бу дегани ўзбек бадиий насрида ритм масаласи ҳеч ҳам ишланмаган деган гап эмас. Зеро ритм бу асар бадиийлигини оширадиган, уни ўқишли қиладиган, эмоиионал таъсирини оширадиган бадиий компонент экан. Демак, маҳорат масаласига бағишланган ишларда у ёки бу тарзда ушбу масалага тўхтаб ўтилганлиги табиий бир ҳол. Чунончи, асар композицияси, сюжет, характер яратиш, ёзувчи услуби, тасвирлаш санъати ҳақидаги фикрларда. Масалан, Матёқуб Қўшжоновнинг бир қатор асарларини, хусусан, «Абдулла Қодирийнинг тасвирлаш санъати» асарини шартли равишда ритмга алоқадор асар деб белгилаш мумкин, бизнингча. Чунки мазкур асарда гарчи ритм деган сўз тилга олинмаган бўлса-да, лекин унда айтилган фикрлар, келтирилган мисоллар асар ритмига тегишлидир. Демак, ритм масаласи ўзбек адабиётида ҳам озми-кўпми турли кўринишда ишланган. Бироқ мазкур масалани алоҳида олиб, ёритиб берилган махсус иш йўқ. Виз мазкур ишда худди шу масалани юқорида санаб ўтилган ишларда айтилган фикрларга суянган ва баъзи бир шахсий кузатишларимиз асосида масала моҳиятини бутунлай ҳал қилиб бериш ёки ёритишни даъво қилмаган ҳолда ўз қарашларимизни баён этамиз.

Хўш, насрда ритм қандай хусусиятга ва ўзига хосликка эга?! Аввало бу масалада шеъриятдаги ритм билан насрдаги ритмнинг фарқини ажратиб олмоқ керак. Визга маълумки, шсъриятда ритм «шеърий нутқдаги муайян, бир-бирига монанд кичик бўлакларнинг изчил ва бир ўлчовда такрорланиб келишидир». Бундан ташқари, шсъриятда ритм «товуш асосида пайдо бўлади». Насрдаги ритм ундан фарқ қилади. Биринчи фарқи — у ўлчов (вазн) асосида келиб чиқмайди, иккинчидан, бадиий сўзнинг фонетик қурилиши эмас, балки семантик хусусияти ҳал қилувчи рол ўйнайди. Учинчидан, сўзда урғули ва урғусиз бўғинларнинг сони, уларни муайян тартибда такрорланиб келиши маълум бир вазифани бажарса-да, лекин ритмнинг бутун моҳиятини белгиламайди. Кўпчилик адабиётшунослар насрдаги ритмни асардаги сўз тузилишидан, яъни айрим жумлаларни қофияланиб келишидан, уларнинг оҳангдошлигининг ўзидан қидиришади ва шундай деб баҳолаша-ди. Бир хиллари эса асарда характер ҳолатини, унинг кайфиятини белгилайдиган, кўрсатадиган ҳолатларни такрорланиб келишида кўришади. Тўғри, асардаги мазкур хусусиятлар ҳам асар ритмикасини белгилайди. Лекин тўлиқ эмас. Башарти асар ритмикасини фақат шу тарзда ўрганадиган бўлсак, жуда кўп асарлар маҳоратсиз ёзилганга чиқиб кетади. Чунки ҳамма асарларда ҳам юқоридаги ҳолаг ўз ифодасини топмайди. Ундан кейин тадқиқотчининг асосий фикр эътибори асардаги қофиядош сўзларни такрорланган ҳолатларни қидириш бўлиб, асарнинг асосий моҳиятини белгилайдиган хусусиятлар назардан четда қолади. Бизнингча, насрдаги ритмни асар гармониясидан қидириш лозим, яъни асардаги ҳар бир вазиятнинг умумий бирлиги, ҳар бир ҳолатни, ҳар бир воқеа-ҳодисанинг силсиласидан, характерларнинг хатти-ҳаракати, гапириш манераси, уларнинг асарда бажарган иши, қилган ҳаракатининг мантиқий асосининг уйғунлигидан, шунингдек, характер фаолияти, унинг тутган иши савияси, билими, психологиясига мос ёки мос эмаслигидан, хуллас ёзувчи маҳоратини белгилайдиган бадиий компонентларнинг комплексидан қидириш даркор. Демак, наср ритмини ўрганиш — бу асарнинг бадиийлигини оширадиган компонентларнинг ти-пологиясини ўрганишдир. Насрдаги ритмни яққол тасаввур қилиш учун кўз олдимизга мусиқадаги ритмни келтирайлик. Бизга маълумки, оркестрда бир қатор чолғу асбоблари бўлади. Ўз-ўзидан аёнки, ҳар бири турлича овоз чиқаради. Лекин у дирежёрнинг таёқчаси буйруғи билан ижро қилингандан бу овозларнинг барчаси уйғунлашиб, ажойиб куйни юзага келтиради. Бироқ ана шу таёқчанинг зиғирдек нотўғри ҳаракати билан кишини сел қилиб турган куй уни чўчитиб юборадиган бир товушга айланиши мумкин. Бу куйга хирамон қилаётган раққоса ёки балет ўйинчиси ритмдан чиқиб кетиб, саросимада нима қилишини билмай, саҳнада тўхтаб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу мусиқадаги ритмнинг бузилишидир. Ундаги ритмнинг бузилиши дарров кўзга ташланади. Лскин насрдаги ритмнинг бузилишини англаб олиш мусиқадагидек осон кечмайди. Уни англаш учун киши ижод сири ва адабиёт спецификасини чуқур билмоғи лозим. Биз бу ўринда мусиқадаги ритм масаласини бсжиз келтирмадик, юқорида айтганимиздек, олдимизга қўйган мақсадни янада ойдинлаштириш учун келтирдик. Мусиқадаги ритмни мисол келтиришдан энг биринчи мақсад бадиий наср ритми асарнинг «дирежёри»дир деган бир шартли ўхшатишни айтишдир. Ҳақиқатан ҳам наср ритми асарда дирежёрлик ролини ўтайди. Асарнинг бирор ўрнида ритм бузилса, оркестрдаги каби албатта асар ба-диийлигига таъсир ўтказади.

Наср асари ҳам шеьриятдаги каби биринчи ритмдан бошланади. Чунки ёзувчи ритм орқали асарнинг пафосини, қаҳрамоннинг психологиясини, унинг қандай характерга эга эканлигини, кайфияти қанақапигини, қола-всрса, энг муҳими ўзининг услубини белгилайди. Албатта, бу барча ёзувчиларнинг асарларида кузатилмайди, лекин классик ҳамда талантли ҳозкрги замон ёзувчиларининг асарларини ўқиганимизда буни яққол сезамиз. Асарнинг бошланишида унинг ритмикасини белгилаш билан ёзувчи энг муҳим бир нарсага эришади, яъни китобхонни ўз асарига жалб қилиб олади. Агар ҳақиқий талантли ёзувчи бўлса, асардаги ҳолатни, қаҳрамонининг кайфиятини бевосита китобхонга ҳам кўчиради, яъни китобхонни ҳам ўз асари ритмикаси орқали асардаги ҳолат ва қаҳрамоннинг кайфиятига туширади. Шундан ёзувчилар асарини қандай бошлашлик ҳақида бош қотиришлари бежиз эмас. Адабиётшунос Е.О. Сидоров ўзининг «Ҳозирги замон совет насрида услубларнинг рангма-ранглиги» деган китобчасида қуйидагиларни ёзади: «Мен бу китобча ҳақида В.Н. Катаев билан маслаҳатлашганимда, у ритмни бадиий адабиётнинг индивидуаллигини белгилайдиган услубнинг асоси деб таъриф бериб, шундай дейди:

— Ёзувчилик асосида воқеаликни таҳлил қилишдан юзага келадиган бир кишининг ҳаракати, ғояси, фикри ётади. Ҳар бир бадиий асарнинг негизи факт ва кузатишдан иборатдир. «Анна Каренина» ҳақиқий тарихий воқеаликдан туғилди, шунингдек, «Тирик мурда» ва «Жиноят ва жазо» ҳам. Ижод жараёнида бу фикр тафсилотлар билан қамраб олиниб; бадиий шаклга айланади. Индивидуалликнинг асоси бўлган ритм юзага келади. Маяковскийнинг «Шеърни қандай ёзиш керак?» деган мақоласидаги «тўнғиллашини» («мычание») эсланг. У ўз шеъри билан тўғридан-тўғри «одимлаган» («вышагивал») эди. Ҳақиқий ёзувчилар бир-биридан ритми билан фарқ қилади.

Ритм ғояни образли ифода этади. Мен «Давр, олға!» китобим ҳақида ўйлаб юрганимда, унинг ритми радиола берилган бир мақола асосида белгиланди. Албатта, у Маяковскийнинг шеърий чақириғидан иборат эди».

Ёзувчи Николай Евдакимов ўзининг «Ҳаққоний ва гавдалантириш» ки-тобида эса ритмга қуйидагича таъриф беради: «Ритм — умуман ҳаётнинг бошланиши ва айрим сўзларга ҳаёт бағишланиши. Ҳамма нарса ўз ритми билан яшайди. Дарахтлар, ўтлар, қушлар, машиналар ҳам ритмнинг индивидуал қонуниятига бўйсунади. Ритм — жумлаларнинг юраги, юзага келаётган асарнинг томиридир... Ҳар бир сўз ритм билан таъсирли, юқумли, тўғрироғи, жуда кўп ритмлар ва оҳанглар билан. Ҳар бир сўз оҳангдор. Ёзувчи услубининг индивидуаллиги кўп ҳолларда жумлаларнинг ритмикаси билан аниқланади.

Мана бу мулоҳазалар ритм бадиийликни бслгилайдиган энг асосий бадиий компонент эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Насрий асарда ритм унинг жанр хусусиятига, етакчи қаҳрамонларнинг сонига қараб бир оҳангли ёки кўп оҳангли бўлиши мумкин. Бу хусусият кўпинча қаҳрамонлар миқдорига боғлиқ. Чунки бадиий адабиётнинг тасвир объекти ижтимоий воқеалик, бош тасвир предмети эса инсонлир. Чинакам талант билан ёзилган асарда эса, барча воқеа-ҳодисалар устидан инсон етакчилик қилади. Агар бошқача қилиб айтсак, асарда ёзувчи бизга айтмоқчи бўлган воқелик инсон фаолияти билан боғлиқ бўлади. Зеро, шундай экан, асар ритмикаси ҳам характер психологияси ва шу психологиядан келиб чиқадиган хатти-ҳаракатида, гарчи улар томонидан қатъий айтилмаган бўлса-да, лекин айрим айтган гапларида шундай фикрга мойиллик сезилади. Хусусан, адабиётшунос олим А. Чичерин ўзининг «Образ ритми» номли китобида қуйидагича фикр билдиради: «Турли персонажларнинг бир-бирига қиёслаганда романнинг кўп ритмлиги кўзга ташланади. Шарль Бовари ўз ритми билан намоён бўлади. Шарлнинг саросимали, тартибсиз ҳаракатлари Эмманинг босиқ, мақсадли ҳаракатларига жуда ўринли қарама-қарши қўйилган».

Албатта, барча назарий фикрлар фактик мисолларда исботланмаса, кўрсатилмаса, у қийматга эга эмас. Шундан мисолларга мурожаат қилайлик.

1.    «1264 ҳижрий, далв ойининг ўн еттинчиси, қишки кунларнинг бири, кун ботган, теваракдан шом азони эшитиладир...»
Дарвозаси шарқи жанубга қаратиб қурилган бу донгдор саройни Тошкент, Самарқанд ва Бухоро савдогарлари эгаллаганлар, саройдаги бир-икки ҳужрани истисно қилиш билан бошқалари мусофирлар ила тўла. Сарой аҳли кундаги иш кунларидан бушаб, ҳужраларига қайтганлар, кўп ҳужралар кечлик ош пишириш ила машғул, шунинг учун кундузгига сарой жонлик: кишиларнинг шақиллашиб сўзлашишлари, хохолаб кулишлари саройни кўкка кўтаргудек.   
Саройнинг тўрида бошқаларга қараганда, кўркамроқ бир ҳужра, анови ҳужраларга кигиз тушалгани ҳолда бу ҳужрада қип-қизил гилам, уларда бўз кўрпалар кўрилган бўлса, бунда ипак ва адрас кўрпалар, наригиларда қора-чироқ сасиганда, бу хужрада шам ёнадир, ўзга ҳужраларда енгил табиатли серчақчақ кишилар бўлганида, бу ҳужранинг эгаси ҳам бошқача яратилиш-дан оғир табиатли, улуғ гавдали, кўркам ва оқ юзли, кслишган қора кўзли,  мутаносиб қора қошли ва эндигина мурти сабз урган бир йигит! Бас, бу ҳужра бино ва жиҳоз ёғидан, ҳам эга жиҳатидан диққатни ўзига жалб этарли эди. Қандайдир бир хаёл ичида ўтирувчи бу йигит Тошкентнинг машҳур аъёнларидан бўлган Юсуфбек ҳожининг ўғли — Отабек».

2.    «Вақт пешиндан оққан эди. Июль ойининг қуёши ҳаммаёқни олов сели билан тўлдирган, ҳаво аллақандай оқ аланга билан жимгина ёнгандай. Кенг дала йўлида қатновчилар сийрак: эски кир қалпоғини бурнига қадар гушириб, иссиқдан мудраган ва ҳорғин ориқ отининг ялқов қадамига бардош қилиб шаҳардан қайтаётган четан аравали деҳқон, икки оёғи билан эшакнинг қорнига ниқтаб, мутассил «хих-хих» билан ҳалқумини қирган мўйсафид узумчи қатигини пуллаб, хурмачаларини орқалаган, иссиққа қарамай, гоҳ аравага осилган, гоҳ қуш уясини қидириб дарахтларга кўз тиккан уст-боши кир-чир шўх болалар... Иссиқ тобора ортар, «ғир» этган шамол йўқ, от-арва кўтарган чанг ҳавода узоқ вақт қимирламай туриб қолар, юзларга темир учқуни каби ёпишар, нафасни бўғар эди.

Қаҳратон қишда ялангоёқ муз босиб, саратонда қизғин қум кечиб ис-сиқда, совуқда обдон пишган бизнинг йигитни (катта масофани пиёда босгани учунми) кун ҳийла бетоқат қилган эди. У куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқда салмоқпи оёқларини илдам ва йирик-йирик босар, кўзлаган жойига тезроқ етишга ошиқиб ўткинчилардан сўрар эди».

Биринчи парча Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидан. Агар сўзларга диқкат қилинса, илк жумланинг ўзида, яъни «1254 ҳижрий, далв ойининг ўн еттинчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботган, теваракдан шом азони эшитилардир...» — дейиши билан китобхон қандайдир бир кайфиятга тушади. Ёзувчи сўз билан ифодалаган ҳолатни хаёлан кўз олдига келтиради, қулоғига «шом азони» эшигилгандай бўлади. Ёзувчининг ҳар бир сўзи орқали ўша оламга сайр қилади, «донгдор саройга» киради, ҳужралардаги «хохолаб кулишлар»ни аниқ ҳис қилади. Бу нимадан? Бу сўзнинг ички ритмикасидан, яъни ёзувчи ўз жумлалари орқали киши кайфиятини ўзгартиради, уни ўз оламидан бошқа оламга олиб киради. Ахир биз мусиқа тинглаганда ҳам шундай ҳолатга тушамиз-ку! Бундан ташқари мазкур парчадаги сўзларда ташқи ритмика бор. Бу сўзларнинг фамматик жиҳатдан мукаммал қурилганлиги, уларнинг аниқ синтагмаларга бўлинишида, абзацлар орасидаги тасвир бир оҳанг ва ички бир мантиқ билан битилганлигида, яъни бир абзацдаги оҳанг иккинчи абзацда бошқача оҳанг касб қилмасдан, олдинги оҳанг сақланишида, гап орасидаги жумлаларнинг қисқа ҳамда аниқ тузилишида, шунингдек, уларнинг ички бир тенгликка эга эканлигида кўринади.

Иккинчи парча Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романидан. Умуман, жумлаларнинг аниқлиги, тасвирда бирорта ортиқча сўз йўқлиги, ҳар бир аниқ ҳолатни ифодалаши, абзацларнинг бир-бирига мантиқан боғланиши, гапларнинг фамматик жиҳатдан жуда тўғри қурилишлиги, муаллиф сўз орқали тасвирлаган ҳаётий деталларнинг барчаси бир мақсадга, яъни асарнинг бош қаҳрамонининг кимлигини китобхонга айтишга қаратилганлиги билан Абдулла Қодирий услубига ўхшаб кетади. Албатта, бундай бўлиши табиий. Бироқ бу ўхшашликлар ташқи ритмика жиҳатидан, ички ритмикада бир-биридан тамом фарқ қилади. Абдулла Қодирийда тасвир қоронғуликдан бошланади: «...қуёш ботган, теваракдаги игам овози эшитиладир...». Биз саройни, ҳужраларни, уларнинг ички тасвирини ҳам хира чироқ ёруғида кўрамиз. Албатта, бу қоронғулик китобхон қалбига ҳам кўчиб, унда қандайдир бир маъюслик, ғамгинлик, бироз ҳадиксирашлик кайфиятини туғдиради. Ойбекда эса тасвир ёруғликдан бошланади: «Вақт пешиндан оққан», «Июль ойининг қуёши ҳаммаёқни олов сели билан тўлдирган». Тасвир макони ҳам кенг: «Кенг дала йўлида қатновчилар сийрак» ундан кейии... ҳорғин ориқотининг ялқов қадамига бардош қилиб шаҳар-дан қайтаётган четан аравали деҳқон»нинг ҳолати, «икки оёғи билан эшакнинг қорнига ниқтаб, мутассил «хих-хих» билан ҳалқумини қирган мўйса-фид»нинг юриши, «гоҳ аравага осилган, гоҳ қуш уясини қидириб дарахтларга... кўз тиккан» болалар юришининг тасвирида ҳам ҳаётий ритмика бор. Демак, Ойбекнинг образли тасвири кўп оҳангли. Лекин шунга қарамай бир фонга бўйсунган, яъни, ёруғлик фонига. Мана шу ёруғлик фони тасвирда кишини қувонтирадиган воқеалар бўлмаса-да, унга қандайдир кўтаринкилик бағишлайди. Мана шу кўтаринкилик унинг ички ритмикасидир. Бу ритмика китобхонга ҳам кўчада. Китобхон ҳам бу тасвирдан кенг, очиқ далада ўпкасини тўлдириб нафас олиб, ёзувчи тасвирини ортиқча ҳаяжонсиз, секинлик билан кузатади. Бундай ички ритмика тасодифиймикан?! Йўқ! Бизнингча, бу катта мақсад ва мантиқ билан қилинган. Шу ўринда Валентин Катаевнинг ритм ҳақидаги сўзини эсланг. У: «Ритм ғояни образли ифодалайди», деб ёзганди. Мана шу биз мисол келтирган асарларнинг экспозициясида уларнинг ғояси ифодаланмаяптими?! Бизнингча, ифодаланаяпти. Буни англаш учун асарни синчиклаб кузатиш керак. Асар воқеаларини кузатганда шу нарса аниқ бўладики, экспозициядаги ритм то асар финалигача давом этади. Тўғри, айрим бобларда ритм ўзгаради, лекин барибир улар ҳам шу бош оҳанг орасида сезилмайди. Лекин аксинча, кўп ўринда янада қуюқлашади. Асарнинг финали ҳам шу ритм билан тугайди. Мана «Ўтган кунлар» қандай тугайди: «Кеча ойдин, қабристон тип-тинч, узоқроқдан Қуръон товуши эшитиларди. Икки туп чинор бутоқяарида қўниб ўтирган уч-тўртта бойқушлар, қабр ёнига тизланган Отабек ва юқори, қўй дўмбайган қабрлар бу тиловатга сомиъ каби эдилар. Қуръон оятлари қабристон ичида оғир оҳангда оқарди. Қабр ёнига тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам Қуръон оятларига қўшилишиб оқарди» ва ҳоказо.

«Қутлуғ қон» романи эса қуйидагича хотимланади: «Улар жуда секин юришди. Йўлнинг ярмидан ўтганда, уфқларга қон каби тоза, қизил шуълалар югурди. Чиқаётган қуёшни саломлаб, яшил дарахтларда қушлар сайрай бошлади...»

Агар мазкур парчалардаги жумлаларга назар ташланса, уларнинг ҳар бири яхлит мазмунга па шеъриятдаги каби ички бир тупроқка ҳам эга эканлиги сезилади. Албатта, бу кичик парча ва билдирилган фикрлар мазкур асарларининг ритмикасини аниқ кўз олдимизга келтирмайди. Шунинг учун асарларни яхлит кўз олдимизга келтирайлик ва агар таъбир жоиз бўлса бош оҳангни қулоқдаримиз пардаси олдига келтиришга ҳаракат қилайлик. Башарти шундай қилсак, бир нарсани аниқ ҳис қиламиз, бу ҳам бўлса ҳукмрон оҳангни. Ойбск романининг архитектоникасила қандайдир сокинлик бор, бу сокинлик характерларнинг ҳаракатида, айниқса, Йўлчи хатти-ҳаракатида аниқ кўринади. Тўғри, бу сокинлик вақти-вақти билан тезлашади, яъни Шоқосим хотинининг ўлиши, Гулнорнинг ўғирланиши, уларнинг жувозда яшириниши, Гулнорнинг ўлими, Ёрматнинг Салимбойни ўлдириши ҳолатларида. Лекин барибир ҳам сокин оҳанг ҳукмрон. Бу Йўлчи характери билан боғлиқ. Йўлчи бутун асар давомида босиқ ва сокинлик ҳукмрон, ҳаётдан видолашаётган пайтда ҳам «букчайиб, оҳистагина ерга йиқилади». Демак, Ойбек ўз асарини ёрқин, кенг олам ва кўлам асосига қуради, воқеалар ривожи, силсиласида драматикликдан кўра, бир меъёр ва мўтадиллик ҳукмрон.

Абдулла Қодирийда тасвир бошқача, унинг асарида сокинлик йўқ, воқеалар силсиласи таранг. Бу ҳол киши кайфиятига ҳам кўчиб, асабларни таранглаштиради, уни қўзғайди. Натижада киши қалбида кучли бир тўлқинланиш юз беради. Бу ҳол асар финалигача давом этади. Тўғри, бу ҳол вақти-вақти билан бўшаштирилади, лекин киши қалби бир оз таскин топмасдан туриб, уни янада янги «гашвишлар»га кўмади, яъни асаблар олдингисидан ҳам кўпроқ таранглашади. Демак, ундаги оҳанг сиқиқ, драматик ҳолатда, яъни доимо авж пардада. Шунингдек, Абдулла Қодирий романлари сюжетини айланма, мураккаб воқеалар, кутилмаган тугунлар асосига қуради. Бу ҳол бутунлай бошқа услуб бўлиши билан бирга, бошқа ритм ҳамдир.

Пушкин: «Наср фикрни ва яна фикрни талаб қилади», деб айтганди. Албатта, фикр сўз орқали ифодаланади. Агар сўз ўз ички қонунияти асосида ёзилмаса, ҳар қанақа ўткир фикр ҳам таъсирсиз ва нурсиз бўлиб қолади. Мазкур адибларнинг ижоддаги иқтидори шундаки, улар аввало ўз фикрларини ниҳоят даражада аниқ ифодалаб қолишмасдан, сўзлар ва жумлаларнинг оҳангдош тузилишига ҳам эътибор беришган. Бу эса фикрни янада кучайтириб, аниқ бир нуқтага уришга олиб келган. Улар ҳар бир сўзга маъно юклайди ва мазкур сўзнинг аниқ бир ҳолат касс қилишига, шунингдек. «зарбдор»лигига эътибор беришади. «Ўтган кунлар»нинг бобларидан бири шундай бошланади: «Пойабзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳовли...» Мазкур жумлани «Пойабзал бозорининг бурчагидаги ҳовли...» деб ҳам ёзиш мумкин. Қайтага сўз ихчамлашади. Албатта, Абдулла Қодирийдан бошқа ёзувчи шундай ёзган бўларди. Лекин у бундай жумла тузмаган. Бунинг сирини англаш учун иккала жумлани ёнма-ён ўқиш ксрак. Биринчи жумлада аниқ картина мавжуд, яъни бозор картинаси. Биз жумлани ўқиган заҳотимиз кўз олдимизга бозор келади, уни хаёлимизда жонлантирганимиздан кейин бурчакдаги ҳовлига назар ташлаймиз. Яъни биринчи жумлада ёрқин тасвир бор ҳамда киши фикрига зарб билан урилади. Чунки унда интонация мавжуд. Иккинчи жумла эса бу фазилатдан маҳрум. Унда интонация ҳам йўқ, шунингдек, мавҳумлик мавжуд. Асардан бундай жумлаларни, яъни мисолларни кўплаб келтириш мумкин, шунингдек, «Қутлуғ қон»дан ҳам.

Умуман олганда, мазкур адибларнинг бир умумий томони бор. Бу ҳам бўлса жумлаларни содда тузишида, кўпроқ содда гапда ёзишида ва юқорида айтганимиздек, ҳар бир сўзнинг аниқ бир картина яратишига эътибор беришларида. Ундан ташқари, айрим эпизодларда, хусусан, персонажлар тасвирида, тўғрироғи уларни китобхонга таништиришда, гап-сўзида характерини, психологиясини бера билишида, ҳатто айрим эпизодларда, хусусан, тўй эпизоди. Кумуш билан Нурининг тўй тасвирида бу ҳол аниқ кўринади. Лекин ритми билан бир-биридан фарқ қилади. Ойбекда қуёш тилга кўп олинади. Абдулла Қодирийда эса қоронғулик, Тўғри, бу гапни юқорида ҳам айтган эдик, лекин мисол келтирмаган эдик. Демак, фикримиз кам далил эди. Мана энди фактларга мурожаат қилайлик. «Қутлуғ қон»да: «Қуёш яширинган бўлса ҳам, кундузнинг ёруғлиги ҳали тамом сўнмаган эди». «Ёзнинг кучи кетиб, ҳаво бир оз салқинлаган бўлса ҳам, шамолсиз кунларда қуёш тик келгач, ҳали ҳам кишининг бошидан олов қуйган каби куйдирар эди». «Қуёш ботганига анчагина бўлган». «Янги уйғонган ям-яшил барглар билан ясанган дарахтлар қуёш нурида чўмилади». «Нурининг ҳовлисидаги гилослар гуллаган. Уларнинг оппоқ, кўркам гуллари қуёш нурида жуда нафис товланар... Қуёш кундан-кунга кучлироқ қиздиради». «Офтоб Йўлчининг бошини қизитгандан сўнг уйғонди. «Оддий ёз тонги... Қуёш Калковуз суви бўйлаб ўсган қалин толларнинг учида ўйнайди». Агар мазкур жумлаларнинг барчаси ҳар бир бобнинг бошланиши эканлигини ҳисобга олинса фикримизнинг асослигини англаш қийин эмас.

Абдулла Қодирий тасвирни қоронғуликдан бошлаб ёруғликка олиб чиқади, сўнг яна қоронғулик билан тугатади. Бу ҳолни ҳар бир бобда кўриш мумкин. Албатта, бу ўзига хос оҳанг касб қилади. Парчаларга эътибор берайлик: «...Бир дарбозанинг остонасидан уч-тўрт қадам ичкари кирил-са, Бухоро зиндонларидан бирини ҳис этилур ва қоронғу йўлакнинг ниҳоятидаги ёруғликка томон ошиқилур. Қоқилиб-сурилиб йўлак зиндонидан қутулгач, бир катта ариқ ёқасига ўрдадек ҳовлига чиқилур ва роҳат тин олинур». «Ҳозир қоронғу ҳам ўбдан тушганликдан киши-кишини танимаслик даражада эди». «Унутмайсизми?» деган бобни эсланг. Хуллас, роман воқеаларнинг деярли барчаси қоронғуда, тунда кечади, воқеанинг ўзига ҳам қора фон ҳукмронлик қилади. Биз таъкидлаган бу ҳолат асарнинг бош оҳангидир, лекин романда бир қанча қўшимча оҳанглар ҳам бор. Бу оҳанглар романнинг персонажлари билан боғлиқдир. Иккала романдаги истаган. ҳагго эпизодик қаҳрамоннинг асардаги фаолиятига назар ташласангиз, унинг ўз гап оҳанги борлиги. гапириш мансраси билан ҳаракатида, психологиясида уйғунлик мавжудлиги аниқ сезилади. Албатта, бу гапириш оҳанги, ҳаракатдаги уйғунлик қаҳрамон ритмикасини белгилайди. Бу ҳол иккала асарда аниқ сезилиб тургани учун мисоллар келтиришни ҳожати йўқдир, деб ўйлаймиз. Демак, мазкур асарларнииг умр боқийлигининг сири ритмининг изчиллигида ва адибларнинг бу нарсага катта эътибор беришлигидадир.

Бир асарнинг ритмикаси юқорида кўриб ўтганимиздек, айрим уйг-унлик томонлари бўлгани билан бир-бирига ўхшамайди. Албатта, бу ёзувчининг услуби билан боғлиқ. Айрим асарларда ритмика муаллифнинг баёни билан қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракати, воқеалар ривожини боғловчи тасвирнинг уйғунлигида кўринади. Бу ҳолни биз Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида кўрамиз. Мана унинг «Мастон» номли ҳикоясини кўрайлик. Ҳикоя кескин бошланади. Бу кескинлик ҳикоя қаҳрамони Мастон характерига кўчади. Унинг ҳаракатлари ҳам кескин: «От мункиб кетганда эгарнинг устидан думбалоқ ошиб тушган паранжисисиз қиз ўйноқи каптардек абжирлик билан ўзини ўнггариб олди-да, жувонга ёрдам бергани шошилди». Мана шу кескин тасвир ва ҳаракатдаги оҳанг бутун ҳикоя давомида бўшашмайди. Тўғри, қўшимча воқеаларга ўтганда бир оз юмшайди. Лекин бу юмшаш воқеаларнинг боғлаш ролини ўтайди. Бу боғлашдаги тасвир бир йўла икки вазифани бажаради, биринчиси юзага келган вазиятни ўзгартириш бўлса, иккинчиси, кечаётган вақт ва маконини белгилашга. Тасвирга эътибор беринг: «Офтоб тиккада. Икки йўловчининг қисқа соялари катта-кичик тош, турли дашт ўсимликлари устидан эгилиб-букилиб борарди. Ғириллаб турган дашт шабадаси баданни куйдиргудек иссиқ». Бу тасвир ўз вазифасини ўтагач, оҳанг яна экспозициядаги ҳолатга қайтади. «Қолган нарса қолди, бўлган иш бўлди. Яна унта Турғуной билан ўнта Мастон хафа бўлгани билан қолган нарсалар орқамиздан эргашиб келмайди. Нима бўлишимиз ўзимизнинг қўлимиз-да». Бундан кейин ҳолат яна ўзгаради, албатта. Бу билан оҳанг ҳам. Бу ҳолат ҳикояда иккинчи, яъни олдинги оҳангга зид бўлган қўшимча тасвирнинг юзага келиши билан туғилади. Мазкур тасвир-воқелик, агар таъбир жоиз бўлса, лирик чекиниш олдинги кескин воқелик билан тўқнашиб, ҳикоя воқеаларининг интенсив ривожлантиради. Бу ҳолат ҳикояда Мастон характерига зид бўлган Турғуной характери воситасида кечади. Мана адиб тасвиридаги Турғуной ва унинг хатти-ҳаракати: «Отнинг остида қолган оёғини тортиб олишга уринаётган ёшгина, узоқ йўл азобидан ҳам сўнмаган жувон ўзидан бир неча қадам нарига тушган чиммати остидан чиқиб кетган калтакесакни кўриб дод деб юборди. «Қуриб кетсин! — деди у йиғламсираб... Ўқишинг бошингдан ордона қолсин, Мастон!.. Қўй, эй эримдан қолмайин!».

Агар адиб тасвири ва характерининг хатти-ҳаракатига назар солинса, ундаги уйғунликни сезиш қийин эмас. Чунки адиб Турғунойни алоҳида ритм билан тасвирлайди. У ҳикоя воқеалари давомида доимо йиғлайди, эрини тилга олади: «...пешонасини икки билаги устига қўйиб йиғлаб ётган Турғунойни елкасидан тортиб турғазди». «Турғуной ўпкасини тутолмас эди». «Буни кўриб, Турғуной йиғламсиради». «Турғунойнинг ўпкаси тўлиб гапдан тўхтади». «Турғуной охири босган оёғини кўтара олмай тўхтаб, Мастоннинг елкасига бошини қўйди ва пиқ-пиқ йиғлади». «Турғуной яна узоқ йўталди: кейин йиғлади». Бу ҳолатнинг барчаси Мастон характерига тескари эканлигини назарга олсак, ҳикоя ритми соната шак-лида эканлигини сезиш қийин эмас, чунки у Фортунатов айтгандек «бир-бирига зид, қарама-қарши бўлган воқеалар асосига қурилган». Экспозиция ва репризалар структурасига мослиги ҳам бу фикрнинг тўғрилигини асослайди.

Ф. В. Шеллинг «ритм табиат ва санъатнинг ҳайратомуз сирига мансуб нарсадир», деб ёзганди. Ҳақиқатан ҳам табиатда ҳамма нарса ўз ритмикасига эга ва шу асосда ривожланади, лекин моҳиятини англаб етиш ниҳоятда мушкул. Чунки у сирли оламдир. Бироқ шунга қарамасдан, ниҳоятда қонуний тузилгандир. Сабаби шуки, унда ҳар бир нарса кишини таажжубга соларли даражада уйгунликда. Ҳақиқий санъат асарининг ҳар бир саҳифасидаги тасвирланган воқеалар, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракати, ўй-фикри, асарнинг қурилиши, яъни композицияси ва сюжет чизиқлари ана шундай уйғунликка ҳамда қонунийликка эга бўлмоғи лозим. Ритм бу асарнинг юраги ва ёзувчи маҳоратини белгилайдиган энг муҳим бадиий компонентдир. Чунки"у барча компонентларнинг синтезидир.

Ҳакимжон Каримов

 
Девпечак. Мунавварқори Абдурашидхонов PDF Босма E-mail
22.08.2013 18:46

Бир кун бир деҳқон саккиз ёшли ўғлини етаклаб боғчасига кирди. Боғчада олма, нок, шафтоли, ўрик, анор, анжир ҳам узум каби ҳар турли емиш оғочлари ям-яшил бўлиб кўкарган. Урикларнинг довуччалари ёш болаларни қизиқтирадиган бир тусда осилиб турган эди. Ота-бола боғчада кеза-кеза бир ёш ўрик оғочининг тагига етдилар. Бола қўл узатиб, ҳалиги ўрикдан икки-уч дона узиб, оғзига солди. Ўрик думбул эди. Қарс-қурс чайнагандан сўнгра: «Отажон, бу ўрик қандай чиройлик ҳам қандай тотли!» — деди. Ота-си: «Ўғлим! Бу ўрик оғочини сен туғилган кунда сенга атаб эккан эдим. Ҳозирда бу ҳам сенга ўхшаб, саккиз ёшга кирди. Иккингиз тенгсиз, бу кундан бошлаб, оғочнинг эгаси сен. Сен ўзинг боқ, ўзинг суғор, емишларини истаганча е, ўртоқларингга бер, нима қилсанг, қил!» — деди.
Бола отасининг бу сўзларига жуда севинди. Огочга яқинроқ бориб, диққат билан қаради. Остдан бир ўт чиқиб, оғочга чирмаша бошлаганин кўрди.
— Отажон, бу қандай ўт, нима учун менинг ўригимга чирмашадир?
— Ўғлим! Бу девпечак деган ўтдир. Буни тезлик билан юлиб тозаламаса, бир неча кун ичида бутун оғочни ўраб олиб, дарров қуритадир. Бу ўт учун илдиз ҳам керак эмас, оғочнинг бир шохида озгина бир бўлаги қолса ҳам ўсиб кетиб, бутун шохларни қоплайдир.
— Бўлмаса, эртага кириб бу душманни бутун илдизларини юлиб, ўригимни тозалаб қўяман.
— Балли, ўғлим, шундай қил, унутма!
Ота-бола бу суҳбатдан сўнг қўл ушлашиб, боғчадан чи-қиб кетдилар.
Эртасига боланинг эсидан ўриги чиқиб кетди. Орадан ўн беш кун ўтди. Боланинг эсига бирдан боғчадаги ўриги ва унга чирмашган девпечак тушди.Югурганча боғчага кир-ди, ўрикнинг тагига бориб қараса, аллақачон девпечак ўрикни бутун шохларигача ўраб олган, яшил япроқларни сарғайтирган, тотли емишларини сўлдирган эди.

 
Ажзий (1864-1927) PDF Босма E-mail
21.03.2014 14:58

Ажзий (тахаллуси; асл исми Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий) (1864 — Самарқанд — 1927) — маърифатпарвар шоир, таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1926). Самарқанд, Бухоро мадрасаларида ўқиган. Араб, форс, озарбайжон тилларини мукаммал билган. Кейинроқ рус тилини ҳам ўрганган. 1901—03 йилларда Кавказ, бир қатор Араб мамлакатлари ва Россияга саёҳат қилган. Жиддада маълум муддат рус элчихонасида таржимон бўлган. Самарқандга қайтгач, шаҳар яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида янги усулдаги мактаб очиб, ўқитувчилик қилган. Лев Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг «Шинель» повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган (1908—10). Дарслик ёзиб, таржималаридан намуналар киритган. Ажзий 80-йиллардан шеър ёза бошлаган. «Айн ул-адаб» («Одоб чашмаси», 1916), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси», 1914) каби шеърий тўпламлари, «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси», 1914), «Анжумани арвоҳ» («Арвоҳлар йиғини», 1912) достонлари нашр қилинди. «Миръоти ибрат»да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. «Анжумани арвоҳ»да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди.
Ажзий 1917 йил февраль инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этди. 1918—21 йилда Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922 йилдан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий журналларни, «Зарафшон» газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳали ҳам бор, ҳозир унинг номида.

* * *

Сан этма сарвати дунёдан эътибор тамаъ,
Хазондан этмамали нашъаи баҳор тамаъ.

Садаф саховатининг ҳар даввоби баҳр эдамаз,
Хасисдан ким эдар дури шоҳвор тамаъ.

Бу саҳна манзарасиндан қарор этма умид,
Ким этди киштии даробдан қарор тамаъ.

Кўнгул сижанжали занги тамаъ мукаддар эдар,
Соқий бу кўзгу сафосинадур ғубор тамаъ.

Қаноат аҳлининг аҳволи халқдан мастур,
Эдар разолати ҳолингни ошкор тамаъ.

Асири чангали базми меҳнат ўлмишсан,
Насил бу ҳол ила сан айлагунг шикор тамаъ?

Тамаъ қопусини зинҳор очма, эй Ажзий,
Жаҳонда этқуси таммоъи шармсор тамаъ.

* * *

Надан жаҳона аён этди эътибор садаф?
Ким этди жон гуҳарин халқ учун нисор садаф.

Сан ўйла толиби борони илму маърифат ўл,
Чунонки толиби найсондурур баҳор садаф.

Хизонаи гуҳар ул, жумла халқа ул матлуб
Ки, баҳра чекмади ғаввоси интизор садаф.

Ҳамиша софдил ўлмоқ-ла иштиҳор эдакўр,
Кўтарди ўйлаки оламда иштиҳор садаф.

Дурри маорифа ганжина айла мағзи саринг,
Гуҳар-ла мағзсиз ўлмакдин энди ор садаф.

Тазаллум аҳли тавозуъ нуқуди-лан хижил эт,
Ҳалок эданлара лўълўъ эдар шумор садаф.

Рақибдан на жафо келса собир ўл, Ажзий
Ким, ўлмади аччи сув ичра беқарор садаф.

* * *

Парирўлар паришон зулфитак хотир парешонам,
Паришонам надан, хотир парешонлиқ-ла ҳайронам.

Надан овора дашти ғамда нолон кездугим билмам,
Магар Мажнуни Лайлои нашоти базми ирфонам.

Гирифтори саводи хатту холи сафҳаи дардам,
Асири кулфати ранжу балою доғи ҳирмонам.

Фақиди эътиборам сарват асҳобин қапусида,
Садафтак баҳри бесомони олам ичра урёнам.

Ҳаводис сарсари ҳар ёна кездурмақ-ла ҳар соат
Парешонам, парешонам, парешонам, парешонам.

Ғиноу сарвати мардумдан истиғнодаям, аммо—
Фақирам, гарчи тахти фақр майдонинда султонам.

Дагул ҳар зарра кам ўз оламинда қурси ховардан,
Бу янглиғ гўшаи узлатда гўё бир Сулаймонам.

Давои захми носурим эмишдур суҳбати ориф,
Вале маҳдуфи пайкони балои қавми нодонам.

Эшит, ё раб, бу Ажзий эътиборинким, деюр ҳар дам:
—Умиди афвинг этмак нўла гар мумтози нуқсонам.

* * *

Сийнам, аҳбобларим, оташи ғамдандур доғ,
Танда руҳим неча осори аламдандур доғ.

Фазл сармоясидан дасти муродимдур танг,
Оҳким, хаста дилим мояи камдандур доғ,

Ўлмади маҳрами асрори ҳарими самадий,
Зоҳидинг сийнаси савдои санамдандур доғ.

Булбули хокнишин этди гулистон шавқи,
Қафаси ҳажрда раънои эрамдандур доғ.

Бодаи ҳирс ила арбоби карамдур сархуш,
Ажзий бу борада арбоби карамдандур доғ.

* * *

Кўнглум асрорини шарҳ этмага бир маҳрам йўқ,
Ҳамдами дард манам — дардима бир ҳамдам йўқ.

Бахт ёр ўлмадигин англадим андинким, бан —
Жисми мажруҳима марҳам тиларам—марҳам йўқ.

Хуррам ўлмақда жаҳон боғина шарт эрди баҳор,
Даҳр боғинда баҳор ўлди — дили хуррам йўқ.

Жаннат обод эди Одам ила Ҳавводан,
Жаннат аҳволи надур, шимди анга одам йўқ.

Ўлди тан қалъаси ғам лашкарин истеҳкоми,
Ғам учун ғайр танин қалъаси мустаҳкам йўқ.

Ўлма озурда мани зордан, эй кўнглумким,
Ман у соатдаки, маъдум ўларам — сан ҳам йўқ.

Сонмишам ўйлаки, Ажзий, мана махсусми ғам?
Дедилар:—Ғам емаким, даҳрда бир беғам йўқ.

* * *

Ҳилолинг суратитак, эй фалак, қаддим дуто этдинг,
Вужудум оташи ҳасрат-ла ёндурдунг, фано этдинг.

Алим озод экан, занжири истибдода банд этгач,
Танимни хаста кўргач, раҳм умид эттим-жафо этдинг.

Қаноат этмадинг жисмимни зери поя этмак-лан,
Тазаллум тиғи-лан бошим кесуб, тандан жудо этдинг!

Мани ғафлат шароби сархуш этмиш жоми макрингдан,
Бошимга лашкари ғам фавж-фавжи-лан раҳо этдинг.

Балолар ўқларин ёғдурдунг, ижро ўлди бу бешак,
Бу мақсад-лан мани маҳдуфи пайкони бало этдинг.

Ҳаётим, шавкатим, шаъним йиқуб, туфроға паст эткач.
Сару коримни. вайрон айладинг, бахтим қаро этдинг!

Бузулсин чодаринг, анжумларинг назмидан айрилсун»
Хароб ўл ман кабиким, обрўйим зери по этдинг!

Тани мажруҳими қон қатраси қатъ ўлмаюб ҳоло,
Бошимга ханжари бедод чекмак муддао этдинг!

Фалак ҳам сан каби оворау саргаштадур, Ажзий,
Вале билмасмиким, раҳм этмади, чандон наво этдинг.

 
Франс Кафка. Туш PDF Босма E-mail
28.10.2013 18:26

Йозеф К. туш кўрди.
Ажойиб кун эди, у кўнглининг чигилини ёзиш мақсадида бироз сайр қилмоқчи бўлди. Аммо икки қадам ташлаши биланоқ, ўзини қабристонда кўрди. Атрофда сарғайган ўт-ўланлар босган, нотабиий сўқмоқлар. Йозеф улардан бирига қадам қўйди ва ўзини худди кучли оқимга тушгандай ҳис қилди. Бироз узоқроқдан ҳали тупроғи қуриб улгурмаган, янги, дўппайиб турган қабр унинг эътиборини тортди ва Йозеф ўша тарафга боришга қарор қилди. Дўмпайган тупроқ уюми уни ўзига оҳанрабодай тортарди. Гоҳида қабр кўздан йўқолар, шамолда ҳилпираётган қандайдир ҳарир мато гоҳ самога кўтарилиб, яна сурон солиб заминга урилиб, уни бекитарди. Матони тутиб турган кўринмас, бироқ ўша томондан қувноқ товуш баралла эшитилиб турибди.
Йозеф олис-олисларга назар солди. Не кўз билан кўрсинки, ортида, йўли устида, ёнида ўралар пайдо бўлибди. У шошиб ўзини четга, майсалар устига отмоқчи бўлди, оёқлари остидаги ер чайқалиб кетди ва у бир дўмпайган қабр пойига тиззалаб йиқилди. Қабр ортида икки киши каттакон силлиқ тарашланган қабртошни даст кўтариб туришарди. К.ни кўришлари биланоқ, улар тошни ерга санчишди. Йозеф жойида қотди. Жимликни бузиб, кўп ўтмай буталар орасидан учинчи киши ҳам чиқиб келди. К. бу кимсани мусаввир сифатида яхши танирди. Мусаввирнинг эгнида униққан шим, оҳори тўкилган, тугмалари яхши қадалмаган кўйлак, бошида барқут қалпоқ, қўлида оддий қалам ушлаб олган ва у юриб келаётиб ҳавода қандайдир тушунарсиз шакллар чизарди. Мусаввир шу қалами билан қабр тепасидаги текис мармарга ёзмоқчи бўлди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади. Тош жуда баландда эди, ўзига тортиб, пастлатмоқчи бўлди, аммо ҳаракатлари бесамар кетди. Тошнинг устига чиқишни эп кўрмади шекилли, бироз юқорига чўзилди, оёқ учида туриб, чап қўли билан тошга суянди. У шундай деб ёзди: «Бунда ором олаётир...». Ҳар бир ҳарф аниқ-тиниқ кўриниб турар, олтиндай товланар эди. Дастлабки уч сўзни ёзиб, у К.га қараб қўйди, бироқ К. ёзилаётган сўзларга ютоқиб тикилиб турарди; у мусаввирни буткул унутган, кўзини мармардан узмасди.
Кутилганидай мусаввир тағин ёзишга киришди, бироқ қанча уринмасин ёза олмас, унга нимадир халал берарди; қандайдир бош адоғи йўқ сўқмоқ пайдо бўлди. Мусаввир қаламини сермади ва яна қайрилиб Йозефга қаради. Улар бир-бирларига тикилиб қолишди, мусаввир аллақандай сабаби ноаён саросималик билан жавдираб боқарди. К.дан бошқалар буни пайқашгани йўқ, ёлғиз угина безовталанди, атрофга нажотсиз аланглади. Қайсидир бахтиқарога қазилган қабр бошида марҳумни ёдга олиб, уч дақиқали сукутга ўхшаш жимлик ҳукм сурди. Сукутни бузишга бирор-бир жонзот журъат қила олмасди. Шу пайт қабристон бутхонасининг мўъжаз қўнғироғи бемаврид нола қила бошлайди; мусаввир қўлини силкитди ва қўнғироқнинг уни ўчди. Бироқ бироз жимликдан сўнг яна чала бошлади, энди секинроқ, гўё товушини созлаб олмоқчидек тўхтаб-тўхтаб жаранглади. Мусаввирнинг юзлари даҳшатдан кўкариб кетди. Унинг тушуниксиз ҳолатидан К.нинг ҳислари жунбушга келиб, йиғлай бошлади, қўллари асабий титради. Мусаввир К.нинг ўзига келишини сабр билан кутди ва бошқа имкон йўқлиги боис яна ёзишга киришди. Мармарга чизиқ тортди, хунук, беўхшов ҳарф ёзилди. Тошда битта «Й» ҳарфи турарди. Мусаввир жазавага тушиб, оёғи билан гўрнинг ичига кириб кетди. Атрофга тупроқ тўзғиди. Ниҳоят, К. ҳаммасини англаб етди. Уни ортига қайтаришга, бу хомсут эмган бандани афв этишини сўраб тавалло қилишга вақт йўқ! Қабр яна мато билан қопланди. Йозеф бармоқлари билан дўмпайган қабрни кавлади, аммо бу ишидан бирон натижа чиқмади. Бирдан заминдан ҳарир, булутдай мато кўтарилди. Девор қулаб, туйнук пайдо бўлди. У майин нур оқимига чўмди. Бошини пастга эгиб, ер қаърига парвоз қилди. Юқорида, қабртошда унинг зарҳал ҳарфлар билан моҳирона битилган исми турарди.
Бу манзарадан ҳаяжони ортган Йозеф К. уйғониб кетди.

Немис тилидан Ваҳобжон Кенжаев таржимаси.

 
ЧЎЛПОННИНГ «булоқлар»и PDF Босма E-mail
22.08.2013 07:56

Бу кун ўзбек адабиётига яна янги бир тўн кийгизилди, Чўлпоннинг «Булоқлар» отлиқ янги бир шеърлар тўплами босилиб чиқди.

Чўлпон ўзбекнинг янги шоиридир. Шунинг учун ўзбек элининг бу кунги руҳи, ҳоли, сезгиси «Булоқлар»да қайнайдир. Ўзбек тили, ўзбек оҳанги «Булоқлар»да сайрайдир, ўқуйдир. Ўзбекнинг руҳий тўлқунлари бунда кўпурадир, кўклар томон учадир, кўтариладир.
«Булоқлар»да ўзбек сезгиси инграйдир, сизлайдир, титрайдир. Шунинг учун бу тўн шундай бир тўндирки, ўзбек руҳидан, жонидан битгандир, унинг баданини асрамоқ, қўрумоқ учун ўз бағрига босқондир.
Ўзбек янги шоирларининг оҳангсиз бўлишини уялмайин сўйлайтурғон оғизларга «Булоқлар» туфурадур. Ўзбек адабиётига тил тегдирмакчи бўлғон машҳур «нодонлар»ға бу «Булоқлар» куладир.
Шоир «Амалнинг ўлуми» деган парчасида: — шеърий мисра эмас

Кўнглимда йиғлағон малаклар кимлар,
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда эгилган бу жонлар кимлар,
Қуллар ўлкасининг инсонларими? —

деб, шу қисқагина парчанинг ўзидагини қанча шеърият, қанча оҳанг уйдирғондир, шу билан бирга юртининг дардини, қулларининг англаган жонлар бўлишини, кўнглида йиғлағон малакларнинғ шарқнинг оналари, жувонларидан иборат эканини қанча очиқ, муассир ва эъжоз билан тасвир этадилар.

Мана иккинчи бандида элининг умидларини эскартиб:

Кенг хаёллар учдими кўкка,
Бутун умидларин ёвларми кўмди, —

деб, шарқ халқларининг абадий асирликка кирганлигига ишонмоғини кўрсатиб, ўзининг «Хаёлида порлағон» шамъининг ўчишиға шубҳалик сўроғ билан айтадир:

Мангу тутқинлиққа кирдими ўлка?
Хаёлда порлағон шамъларми сўнди?

Яна бошқа бир саҳифасини очдим. Ҳали ўз адабиётининг борлиқ-йўқлиғи шубҳалик бўлғонларнинг «назарияйи адабия»ларига, узоқлардан мисолларни англамай олғанларға «олий ҳислар» учун ҳали кўб йиллар мисол бўлишға арзийдирғон:

Оч ахир, очғилким, кўксингни:
Бир нафас ўзимни унитай,
Унитмоқ бутунлай «ўзлик»ни,
Оҳ, шундан нажотни мен топай,

деган, шу парча кўзимга тушди ва кўр виждонларга лаънатлар ўқидим.

60 саҳифага молик бўлғон бу асар «Шарқ учун, Сезгилар, Севги, Қора йўллар, Қор қўйнида» унвонлари остида бўлимларга айрилғон 26 парчадан иборатдир.

Асар чиройлик ва нафис бошланғон. Ўзбек шоирини бу муваффақияти билан табрик этамиз ва адабиёт суйгувчиларига тақдим қиламиз.

Вадуд Маҳмуд

 


31 дан 63 сахифа