Мезонлар мезони PDF Босма E-mail
20.02.2013 20:29

Ҳар бир миллат ҳаётининг тун ва куни, инқироз ва уйғониш паллалари бўлади. Ҳудуди фақат Яратгангагина маълум бўлган бу жараён жамият наздида турли белги-ишоратлар, рамз-тимсоллар шаклида зуҳр этади. Буни эврилиш жараёни, тақдир қонунияти ёхуд МЕЗОН дейишади. Шомирза Турдимов ижод этган МЕЗОН асари шу ҳақда...
Жаҳон адабиётини узлуксизлик ва мунтазамликда кузатганлар яхши билишадики, борлиқ ва инсон руҳиятидаги ўзгаришлар энг аввал сўзда акс-садо беради. Яъни бунда карвонбоши вазифасини сўз бажаради. У маълум макон ва замон майдонида шаклу шамойил касб этгач, бир муносиб кимсани, сабр косаси лиммо-лим тўлган ижодкор бир кимсани танлайди. Унинг руҳияти, онг-шуурини буткул эгаллайди. Уни ҳақиқий Мажнунга айлантиради. Шу тариқа сўз воқеликка - бадиий асарга айланади...
Гарчи, эндиликда бу сўз ўзининг асл сеҳру тароватини, рангу тусини бир қадар йўқотган бўлса-да, улкан илоҳий воқеликдан бир улги, бир ишорат ўлароқ ўз ҳаётини бошлайди. Асл сўзни эндиликда жамият, миллат ва бадиият мезонлари билан ўлчай бошлайдилар. МЕЗОНда айтилганидек, эндиликда мезонлар ўзгаради, талқин талқинга халал беради, талқин талқинни бузади. Аммо на чора...  
Журнал таҳририяти нашр этишга жазм қилган “Мезон” асарини мутолаа қилган дастлабки ўқувчи машҳур “Лайли ва Мажнун” афсонасини эслайди. Сўнгра Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий, Фузулий ва буюк Алишер Навоийни ёдга олади. Тарихий фактларга кўра шарқ дунёсида “Лайли ва Мажнун” афсонасига мурожаат қилмаган даврнинг, шахснинг ўзи кам. Афсона ва ривоятларни истисно этганда ҳам, бу мавзуда ёзма адабиёт тарихида юз ўттизга яқин асар ёзилган. Жараён бугунга қадар шиддат-ла давом этмоқда ва унинг интиҳоси-ю сабаби бизга маълум эмас.
Бир қарашда Ш.Турдимов “Мезон” дея номлаган асар марказида ҳам шу афсона туради. “Мезон”нинг дунёга келишини адабий-тарихий жараён қолипларига соладиган бўлсак, ажабтовур қонуниятни, яъни соф адабий мезонни англагандек бўламиз. Воқеан, адабий жараёндаги қолиплар ўрнини нисбий эркинлик олган барча даврларда мана шунга ўхшаш асарлар дунёга келганига, мезонлар синиб, шу синиқлар негизида янги мезонлар пайдо бўлганига тарих гувоҳ. Нафақат миллий адабиётимизда, балки жаҳон адабиётида ҳам, сўз санъатидаги эврилишлар уч омил негизида рўй берган – фольклор, мумтоз ёзма адабиёт ва замонавий дунё адабиёти туташган нуқтада янги адабий воқелик юз кўрсатган.
“Мезон”да шарқ фольклорида мавжуд “Лайли ва Мажнун” афсонасини ҳам, машҳур “Хамса” достонлари гултожи “Лайли ва Мажнун”ни ҳам, борлиқ ва инсонинятнинг азалу абад муаммоларини ҳам, қолаверса, бугунги замон нафасини ҳам туйиш мумкин. Ҳазрат Навоий талқин этганидек:

Лекин чу рақамға келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун...

Зотан, бу афсона замонлар ва одамлар ҳақидаги улкан тарихни ўзида ифодаловчи улкан рамз – энг катта мезондир.
Замондошимиз Ш.Турдимов адабиёт ва ҳикмат денгизидан олган улгилари, билим ва тажрибаси, Оллоҳ берган қалби, истеъдоди боис шундай катта мавзуга қўл урган экан, буни шубҳасиз қувончли ҳодиса, миллий адабиётимиздаги бир янгилик ўлароқ қабул қилмоқ инсофдандир.
Ўқувчи учун у қадар аҳамияти бўлмаса ҳам, адабиётшунос-олимларимизни “Мезон”ни қандай жанрга нисбат бериш керак, деган масала қизиқтирмай қолмайди. Қолаверса, илм ва адабий жараён қонуниятлари деган гаплар бор.
Табиатан ўта камтарин бўлган муаллиф эътирозларидан кўз юмиб айтишни хоҳлардимки, “Мезон”да роман ҳам, қисса ва ҳикоя ҳам, драма ва шеър ҳам бор. У асло маллиф камсуқумлик ила белгилаб қўйган сценарийнинг ўзигина эмас. Мезон бевосита катта адабиётга даҳлдор асар. Катта адабиётга эса ҳар доим синкретиклик хос бўлади. Катта адабиётга ишора қилган асар, шубҳасиз, миллий адабиётимизнинг ютуғидир.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари номзоди, ЎзМУ доценти

 
Етим. Мустафо Манфалутий. PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:45

Қўшни уйнинг энг юқори хонасига яқиндан бери ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги бир йигитча келиб яшай бошлади. Мен уни биронта олий ёки ўрта-махсус билим даргоҳида ўқиса керак, деб ўйлагандим. Одатда мен янги қўшнимни унинг хонаси рўпарасидаги ўз хонамдан кўриб турар эдим. У озғингина, ранги сўлғин, негадир хафа кўринарди. Доим хона бурчагида чироқ ёруғида ўтирарди. Гоҳ қандайдир китобни ўқир, гоҳида эса, дафтарга нималарнидир ёзаётган ёки ниманидир ёд олаётган бўларди.
Мен совуқ қиш кечаларининг бирида уйга қайтиб келиб уни кўрмагунимча, унга эътибор бермаган эканман. Нима учундир хонамга кирдиму, ногоҳ унга кўзим тушди. Йигитча ўз ўрнида – чироқ ёнида ўтирар, бошини очиқ турган дафтарга қўйиб олганди, “Қийин дарслар ва уйқусиз тунлар уни чарчатган бўлса керак”, ўйладим мен. Унинг кўзларидаги уйқуни сезганим боис, фикран уни ўз жойига бориб ётишига ундадим ва у бошини кўтармагунча жойимдан жилмадим. Шундагина унинг кўзлари ёшга тўла ҳамда шу кўз ёшлари дафтар саҳифасига томганини кўрдим. Сиёҳ кўз ёшларидан бўялиб, ўқиб бўлмайдиган ҳолатга келган эди. Оздан кейин йигитча ўзига келди, қаламини олиб, ишини давом эттирди. Бу қоронғу кечада фақир, бахтсиз ёш йигитчани ёлғиз, бўм-бўш совуқ хонада, оловсиз, иссиқ кийимсиз кўриш мени ўйлантириб қўйди. Уни ҳаёт қувонч ва ташвишлари ўз домига олган, тақдир зарбалари зор қақшатган, аммо у на таскин топа олган эди, на суянч. Бу ҳорғин, ғайратсиз сиймо ортида тоза, азобланаётган қалб борлигига ва бу руҳий азоблардан жисми қовжираб, кундан-кун заифлашиб бораётганига ишончим комил эди. То йигитча дафтарини ёпиб, ўрнидан туриб, ухлашга кетмагунча мен жойимда туравердим. Бу вақтда аллақачон тун зулмати чекинган, ундан ер юзида асар ҳам қолмаган эди, туннинг охирги дақиқаларини ҳам тонг шафағи эгаллай бошлаган эди.
Шундан сўнг кўпгина тунлар мен қўшним йиғлаётганини ёки бошини қуйи солиб ўтирганини, яна ўз жойида ётиб олиб, худди яхши кўрган кишисини йўқотиб қўйган аёлга ўхшаб, инграётганини кузатдим. Гоҳида у хонанинг у ёғидан-бу ёғига тинмасдан юрар, охири мадори қуриб, курсига ўтириб қолар эди.
Унинг ғамига шерик бўлганча мен ҳам аҳён-аҳёнда кўз ёши тўкардим. Агар иложи бўлса эди, унга дўст сифатида ўзини асрашини ва ўз ғамига мени шерик қилишини илтимос қилар эдим. Бу қўлимдан келарди ҳам, аммо йигитчани хижолатга қўйишдан ва унинг қалб тубида яширинган сирларидан воқиф бўлишдан қўрқардим. Ахир ўз сирларини яшириб юриш ҳам инсонга хос нарса эмасми!
Ўтган кун деразадан қарасам, йигитчанинг хонаси тинч ва қоронғу. Мен уни бирор ёққа чиққан бўлса керак, деб ўйладим. Лекин, шу заҳоти заиф, хаста инграш қулоғимга чалинди. Бу товуш мени ҳаяжонга солди ва мен уни бир бахтиқаронинг қалб тубидан чиқаётганини ҳис этдим, ўз юрагимда ҳам унинг акс этганини сездим. Ўзимга ўзим : “Бу йигитча касал, ёнида эса унга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ”, – дедим.
Тақдир мени у билан бекорга учраштирмаганди. Хизматкорга дарҳол фонусни келтиришни буюрдим ва уйдан чиқиб қўшнимникига йўл олдим. Уй бўсағасидан ҳатлаб киришим билан мени қабр устида марҳумга видолашув сўзлари айтаётган одамдаги тушкунлик чулғаб олди. Кирганимни пайқаб, йигитча, худди уйқудан ёки мангуликдан ўзига келгандек, кўзларини очди. У олдида хира фонусни ва нотаниш одамни кўриб, ҳайратланди. Бир муддат у жимгина менга тикилиб турди. Мен унинг каравотига яқин бориб ўтирдим ва дедим: “Мен сизнинг қўшнингизман. Сизнинг оғир инграшингизни эшитиб, бу ерда бир ўзингиз эканлигингизни тушундим. Бу нарса мени ҳушёр қилди ва мен келдим. Балки ёрдамим тегар? Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?”. Йигитча қўлини кўтариб, пешонасига қўйди. Мен ҳам унинг пешонасига кафтимни қўйдим, унинг пешонаси ёнарди. У қаттиқ иситмалаб ётарди. Сўнг мен унинг баданига разм солдим; қаршимда эти бориб устихонига ёпишган муштдек жусса ётарди, у кийими ичида аранг кўринарди.
Мен хизматкоримга иситма дориси олиб келишни буюрдим ва уни беморга ичирдим. У тезда ўзига келди. Менга зийрак нигоҳлари билан қараб, миннатдорчилик билдирди. Мен ундан: “Укам, сизни нима безовта қилаяпти?” – деб сўрадим. “Ҳеч нарса”, – деб жавоб берди. Шунда мен унинг қачондан буён бундай ётганини билмоқчи бўлдим. У буни эслай олмаслигини айтди. “Сизга табиб керак”, – дедим унга. – “Уни бу ерга чақирсам майлими?” Йигитча бироз қаддини кўтариб, ёшланган кўзлари билан қараганча синиқ овозда: “Табиб фақат ўлимдан ҳаётни афзал кўрадиганларга ёрдам қилади”, – деди. Шундан сўнг у кўзларини юмди ва яна ҳушидан кетди. Мен беморнинг хоҳиш-иродасига қарамасдан табибни чақириш лозимлигини англадим.
Табиб иссиқ жойидан қўзғатиб, совуқ тунда қоронғу кўчалардан юришга мажбур қилишганидан норози ҳолда кириб келди. Лекин, мен унинг кўнглидаги гапни билар эдим, шунинг учун ҳеч нарса демадим. Табиб беморнинг томирини ушлаб кўриб, қулоғимга: “Беморингиз ўлим тўшагида. Агар Оллоҳ аралашмаса, унинг умри оз қолибди, бандасига аён бўлмагани яратганга аёндир”, – деди. Шундан сўнг табиб ўтириб, куни битган беморлар ичадиган дорилардан ёзиб берди. Гўё бу билан табиб ўз ҳамкасблари – доришуносларга қул – беморлардан ҳаёт солиғи олиб қолишни буюради.
Мен табибни рози қилганимдан кейин у мамнун ҳолда чиқиб кетди. Бемор йигитча олдида узун ва зулматли тунни ўтказдим. Тонг отгунча гоҳ унга дори ичирдим, гоҳ уни ўйлаб йиғладим. Йигитча ўзига келди, у ёқ-бу ёққа қараб менга кўзи тушди ва сўради: “Сиз ҳали ҳам шу ердамисиз?”. Мен: “Ҳа, – дедим, – сал ўзингизга келиб қолдингизми?”. “Ҳа, шунақага ўхшайди”, – деди у. Мен яна сўрадим: “Биродар, малол келмаса, айтинг-чи, бу ерда нима қиласиз? Меҳмонмисиз ёки шу ерликмисиз? Сизни касаллик қийнаяптими ё бошқа бир сир борми?”. У: “Мен ҳар иккисидан азобдаман”, – деди. “Сизга нима бўлганини айтиб бера оласизми? – деб унга мурожаат қилдим. – Худди дўст ўз дўстига кўнглини очган каби ўзингизнинг ташвишларингизни айтиб бера оласизми? Шунда мен сизнинг ташвишларингизни худди ўзингиз ҳал қилгандек ҳал қилиб берардим”. Бемор менга савол билан жавоб берди: “Агар Оллоҳ менга ҳаёт берса, менинг сиримни сақлашга, агар ўлим ҳақ бўлса, менинг васиятимни бажаришга ваъда берасизми?”. Мен: “Ҳа”, – деб уни ишонтирдим. Шундан сўнг йигитча деди: “Мен сизнинг ваъдангизга ишонаман, чунки, жуссасида сизникидек шундай улуғ юрак уриб турган инсон ёлғончи ҳам, сотқин ҳам бўлиши мумкин эмас”.
“Менинг исмим фалончи, фалончининг ўғлиман. Отам олти ёшимда мени йўқчиликка топшириб, ўлиб кетган. Мени отамнинг укаси – амаким ўз тарбиясига олди. Амаким қолган барча қариндошларим ичида энг яхшиси эдилар, кўнгиллари тоза, меҳрибон, раҳмдил одам эдилар. Мен уларникида кичкина қизлари қандай эркин яшаса, шундай эркин яшадим. Унинг ёши ҳам мен тенги ёки бироз кичикроқ эди. Амаким ўз қизлари олдида узоқ йиллар Оллоҳдан сўраб етолмаган ўғил фарзанд – акасини кўриб қувонарди. У менга худди қизига қандай ғамхўр бўлса, шундай ғамхўр эди, ҳатто мактабга ҳам иккаламизни бир кунда юборганлар.
Мен у қизга худди акадай самимий муносабатда эдим ва унга жуда ўрганиб қолдим. У билан дўстлашиб, ота-онамни олиб кетган ва вақти-вақти билан ўзини билдириб турадиган ғам-алам боис йўқотган қувонч ва бахт онларини туйдим.
Синглим вояга етиб, алоҳида хонада яшаш вақти келмагунча биз доим бирга бўлдик. Бирга мактабга борар ва бирга қайтар эдик, ҳовлида ўйнар ёки боғда сайр қилардик, синфда дарс қилиш учун учрашардик ёки ухлашдан олдин суҳбатлашардик. Бизнинг қалбларимизда севги олови ёна бошлаган ва уни ҳеч қандай тақдир тўсиқлари енга олмайдигандек эди. Ҳаёт гўзалликларини мен фақат унинг ёнида ҳис этардим, бахт нурини фақат унинг тонг уфқи каби мусаффо кулгуларида кўрар эдим. Унинг олдида ўтказган бир соатим учун ҳаётимнинг барча қувонч ва ҳаловатларидан кечган бўлардим. Ақлу заковат, яхшилик, самимият, садоқат ва яхши тарбияни мен фақат унда кўрдим ва бошқа қизларда бу сифатларни тан олишни истамас эдим.
Ҳозирда мени зулмат қоронғуси ва ғаму ташвишлар ўраб олган бўлса ҳам, узоқдан болалик кунларимизда бизни ўраб турган оқ нур таратувчи ҳузур-ҳаловатнинг қанотларини кўра оламан. Шу боис, биз иккимиз ҳам ўшанда худди биллур қадаҳ ичидаги май каби нур сочар эдик. Мен бизнинг қувончларимиз, орзу ва истакларимиз гувоҳи бўлган гўзал боғни тасаввур эта оламан, уни худди олдимда кўргандек кўра оламан, уни, унинг сувларини, тош йўлларини, дарахт новдаларини, гулларнинг барча рангларини – ҳамма-ҳаммасини, ҳатто, биз кун сўнгида бирга ўтиришган ўша тошли ўриндиқни ҳам. Биз суҳбатлашиш ёки гуллардан гулчамбар ясаш учун, ёки қайсидир китобни варақлаш учун ёки бўлмаса ким яхши чизиш бўйича баҳслашиш учун шу ерда учрашар эдик. Мен дарсларимиз тугагандан кейин доимо унинг соясида ўзимизга қулай жой топиб, ўзимизни худди оналари бағрида ором топган қуш болалари каби ҳис қилган ўша кўм-кўк ўт-ўланларни яққол кўз олдимга келтира оламан. Яна мен ариқ ва булоқчалар олдида кавлаган кичик-кичик ҳовузча-ларимизни тасаввур эта оламан. Биз уларни сув билан тўлдирар эдик, сўнг унинг атрофида ўтириб олиб, у ерга ташлаган балиқчаларимизни қўлимиз билан тутиб ўйнар эдик. Агар овимиз зўр бўлса, мамнун бўлар эдик. Мен қушлар боқадиган ажойиб тилларанг қафасларни кўз олдимга келтира оламан, биз соатлаб уларнинг ёнида ўтириб, уларни кузатар эдик ҳамда уларнинг ғайриоддий тумшуқларини томоша қилар эдик. Қушлар сув ичаётганида ёки дон ейишаётганида биз уларга лақаб қўйиб олар эдик ва улар билан гаплашардик. Уларнинг чуғур-чуғурини эшитиб бизнинг сўзларимизга жавоб беришаяпти деб ўйлар эдик.
Амакимнинг қизига бўлган сирли ҳис-туйғуларим ака-сингиллик риштаси эдими ёки оловли муҳаббатими, буни ҳозир айтишга ожизман, лекин аниқ биламанки, бу ноаниқ ва ноумид туйғу эди. Қиз боланинг мусаффо юрагига ғам-ситам юкини ортганларнинг биринчиси бўлмаслик учун мен унга ўзимнинг соф муҳаббатимни ошкор этмадим. Чунки мен уни, яъни энг яхши кўрган амакимнинг қизини ҳамда эрта болаликдаги ўртоғимни жуда эъзозлар эдим. Бир-биримизнинг умр йўлларимизни бирлаштириш ҳатто хаёлимга ҳам келмас эди. Унинг ота-онаси менга ўхшаш бу бечора, бахтсиз йигитни худди қизларидек ёқтиришларига ишонмас эдим. Мен ундан барча севишганлар эҳтиёж сезадиган нарсаларни талаб қилмас эдим, чунки мен унинг қадрини жуда баланд тутар эдим. Унинг ўткир нигоҳларига қараш билан унинг қалби тубида мен учун қанча жой ажратганига эътибор қилмас эдим, балки ака сифатида жой ажратгандир, балки севгилиси сифатида. Амакимнинг қизига бўлган севгим худди руҳоний малойика қаршисида тиз чўкиб, таъзим қилишдай гап эди, гўё у илоҳий маъбудаю мен унга бош кўтариб қарашга журъат қилмаган художўйман.
Токи амаким оғир касалликка чалиниб вафот этгунларича биз шундай яшадик. Амакимнинг хотинига умид билан айтган охирги сўзлари шундай бўлди: “Ўлим бу болага қилаётган ғамхўрлигимга халақит бермоқда, мен унга қандай ота бўлган бўлсам, сен шундай она бўлгин. Мен сенга ўлимимдан кейин у мендан бошқа ҳеч нарсасини йўқотмаслигини васият қиламан”.
Аммо аза кунлари ўтмасданоқ мен ўзимга нисбатан бошқа муносабатни, бошқача қарашларни сеза бошладим. Қалбимда шу пайтгача ёт бўлган ўзгача бир ҳис-туйғу пайдо бўлди. Мени ҳадик ва умидсизлик қамраб олди, умримда биринчи марта бу уйда бегоналигимни, ёруғ жаҳонда мусофир эканимни ўйлаб кетдим.
Кунларнинг бирида хонамда ўтирган эдим, хонамга истараси иссиқ, очиққина хизматкор аёл кириб келди. У тўғри олдимга келди-да, деди: “Хўжам, хоним сизга бир гапни айтиб қўйишимни буюрдилар; яқинда у қизини турмушга чиқарар экан, сиз ва синглингиз вояга етганингиз боис амакингиз вафотидан кейин сизнинг бу ерда қолишингиз куёвда шубҳа уйғотиши мумкин. Ҳозир сиз яшаётган хонада келин-куёвларга жой ҳозирланар экан. Хоним ўзларига тегишли қайси уйни хоҳласангиз ўшанга ўтиб яшашингиз мумкинлигини айтдилар. У сизга барча шарт-шароитларни яратиб бериб, айрилиқ азобларини ҳис этмас экансиз”.
Бу сўзлар отилган ўқдай юрагимни тешиб ўтди. Шундай бўлса-да, ўзимни қўлга олиб: “Менинг истагим нима бўларди, Оллоҳ рози бўлса, бўлгани”, – дедим.
Хизматкор аёл юмушига кетди, мен эса кўз ёшларимга эрк бериб қоронғу тушгунча бир ўзим ёлғиз қолдим. Жомадонимни олиб унга кийимларимни ва китобларимни жойладим ва ўзимча ўйладим: “Бу ҳаётда мени бахтли қиладиган ҳеч нарса қолмади, ҳатто мен ҳурмат қиладиган ва мени ҳам ҳурмат қиладиган яқин кишимдан-да жудо бўлдим. Энди на қувона, на афсус қила оламан”. Шундан сўнг билдирмайгина бу уйдан чиқиб кетдим. Аммо кетишимдан олдин сўнг бор шаффоф парда ортида тинчгина ухлаётган севгилимга назар ташладим. Бу менинг у билан сўнгги учрашувим эди.

Қасамки, жонажон Бағдодни гина қилиб тарк этмадим,
Эҳ, қанийди Бағдодда умрбод қололсам!
Мени ғам қийнади, шу боис пинҳона кетдим,
Ҳатто дўстлар билан хайрлашишга ҳам қолмади мадор.

Худди Одам алайҳиссалом жаннатни тарк этганидек, мен ҳам узоқ вақт бахтли яшаб келаётган уйимни тарк этдим. У ердан карахт, қочоққа ўхшаб аянчли тусда мусибатлар ва хавф-хатарлардан боши чиқмаган киши каби ортиқ учрашишга умидим йўқ ҳолда тақдирга тан бериб, ғариблик сари юз тутдим.
Бахтиёр онларимдан нишона сифатида озгина пулим бор эди. Юқори қаватдаги мана шу бўш хонани ижарага олдим, лекин бу ерда лоақал бир соат ҳам туролмадим, юрагимни ҳасрат ва ғамдан озод қиладиган дори топиш илинжида гоҳ у ерга, гоҳ бу ерга кўчиб юра бошладим. Бир неча ойлик узоқ сафарга жўнаб кетдим. Бир шаҳарга келиб қўндим демагунча кўнглим бошқа шаҳарни тусайверади, бир жойга қуёш чиқа бошлаганида етиб борсам, ботаётганида бошқа жойда бўлардим.
Шунга ўрганиб қолган эдим. Аммо мактабда дарслар бошланиб қолди ва мен болалигим ўтган шаҳарга, амакимнинг уйига қайтдим. Энди одамлар орасида яшасам-да, якка яшаш орзусида ҳамон уларнинг кўзига ташланавермасдим. Мен ўзим билан ўзим бўлишга, ҳеч нарсага эътибор қилмасликка, ўтмишимни унутишга, ўтмишимни эслатадиган барча нарсалардан қочиб яшашга қарор қилгандим.
Мактаб ва уйдан бошқа ҳеч қаерга бормасдим. Қалбимда ўтмиш кечинмаларимдан ҳеч вақо қолмаганди. Фақат гоҳида пайдо бўладиган ғамгина руҳимни безовта қилиб турар эди, шунда мен ўзимнинг ёлғизлигимдан аччиқ-аччиқ йиғлаб олардим. Буни Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмасди, токи қалбим сокинликка эришгунча шу ҳолат давом этди.
Мен бирмунча муддат шундай яшадим. Кеча эса қанча пулим қолганини билмоқчи бўлдим. Қарангки, пулим қолмабди ва мен бундан кейин қандай яшашимни ўйлаб қолдим, боз устига яна ўқиш пулни ҳам тўлаш зарур эди. Аҳволим танг эканлигини ўйлаб анча довдираб қолдим, нима қилишимни билмасдим. Шунда китобларимни кўздан кечирдим, энг зарурларини қолдириб, қолганларини китоб бозорига олиб бордим. У ерда кун бўйи турдим, аммо китобларимни тўртдан бир баҳосига ҳам оладиган харидор бўлмади. Чарчаган ва жаҳлим чиққан ҳолда уйга қайтдим, шу лаҳзаларда мендан-да бахтсизроқ ва мендан-да ғариброқ инсон йўқ эди.
Уй дарвозаси олдида қўшнилардан мени сўраб турган қандайдир аёлга кўзим тушди. Мен уни танидим. У амакимнинг уйидаги хизматкор аёл эди. Мен: “Сиз фалончими?” деб сўрадим. У: “Ҳа” деб жавоб берди. Мен у аёлдан нимага келганини сўрадим, аёл менда иши борлигини айтди. У билан ўз хонамга кўтарилдим, ёлғиз қолганимизда ундан нима гапи борлигини сўрадим. У гап бошлади: “Уч кундан буён сени қидирмаган жойим қолмади, сени на биров кўрган, на биров эшитган. Мана, охири сени бугун топдим”. Шундай деб аёл ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг йиғиси мени чўчитиб юборди. Марҳум амакимнинг уйида бирор бир кор-ҳол бўлдимикин деб қўрқинч билан хизматкор аёлдан нимага йиғлаяпсиз деб сўрадим. У ажабланди: “Наҳотки амакингнинг уйида нима бўлганидан бехабар бўлсанг?” деди. “Хабарим йўқ, – деб жавоб бердим. – Хўш нима бўлди?”. Шунда хизматкор аёл кийимининг қатидан бир хат олиб, менга узатди. Мен хатни очдим, у менинг севгилимдан эди. Мен ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган сўзларни ўқий бошладим: “Мен билан хайрлашмасдан кетиб қолибсан, лекин бундан хафа эмасман. Аммо бугун мен ўлим тўшагида ётибман, мен билан охирги бор хайрлашишга келмасанг, сени кечирмайман”. Қўлимдаги хатни ирғитиб, эшик томон талпиндим. Хизматкор аёл енгимдан тортиб тўхтатди: “Хўжам, йўл бўлсин?”. “У касал, мен уни, албатта, кўришим керак”, – деб қичқирдим унга. Аёл бироз сукут сақлади. Сўнг ҳазин овозда: “Энди фойдаси йўқ, хўжам. Тақдирга тан беринг”, деди.
Юрагимда бир нима чирт узилди, бутун дунё қоронғулашди. Турган жойимда ҳушсиз йиқилдим ва анчагача шундай ётдим. Ниҳоят кўзимни очиб, тун чўкканини, ёнимда эса хизматкор аёл йиғлаб турганини кўрдим. “Эй аёл, наҳотки айтганларинг рост бўлса?” унга мурожаат қилдим. “Ҳа” деб жавоб берди у. Мен ундан ҳаммасини бир бошдан айтиб беришини сўрадим.
У қуйидагиларни ҳикоя қилди: “Сен кетганингдан кейин хўжам, амакингнинг қизи ўзини қўярга жой тополмай қолди. Сен кетган кунинг у мендан нима учун бундай қилганингни сўради ва мен унга онаси айтган гапларни сенга етказганим учун кетганингни айтдим. Шунда у бечора додлаб: “У шўрлик энди нима қилади! Ахир улар бизнинг муҳаббатимиз ҳақида билишмайди-ку!” – деди. Гўё қалбидаги яраларни даволагандай сени ҳеч эсламади. Бир неча кун ичидаёқ унинг руҳий хасталиги жисмига ўтди. У ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Олдинги ҳуснидан ном-нишон қолмади, лабларидаги майин табассум аллақаёққа ғойиб бўлди, кейин у тўшакка бир ётиб қолганича бошқа қаддини кўтара олмади. Қизининг бу аҳволидан онанинг ёмон кайфи учди, уни турмушга бериш ҳақидаги ўйларни унутди, ахир олдинлари туну кун хаёлида фақат шу гаплар бўлар эди-да. У табиб чақиртирди ва қизига қараб туриш учун энага ҳам ёллади. Табиб ҳам, энага ҳам ёрдам бера олмади. Қизнинг кундан-кун ажали яқинлашиб келарди. Бир неча кун олдин ёнида ўтирганимда, унинг аста қимирлаб қўйганини сездим. Мен унга томон энгашдим, у қўлидан ушлашимни ишора қилди. Мен қўлидан ушладим ва у бир амаллаб туриб ўтирди, кейин соат неча бўлганини сўради. Мен: “Қоронғу тун”, деб жавоб бердим. Уйидагиларнинг ҳаммаси уйқудалигига ва менинг бир ўзим қолганимга ишонч ҳосил қилгандан сўнг: “Амакимнинг ўғли қаердалигини биласанми?” деб сўради. Мен ҳайрон қолдим, чунки у кўпдан буён сен ҳақингда гапирмаган эди-да. “Ҳа, у қаердалигини биламан”, – дедим. Аслида сенинг қаердалигингни билмасдим, лекин у бечорани ноумид қилмаслик учун шундай дедим. Барибир унинг куни битган эди. У мендан: “Ҳеч кимга билдирмасдан менинг хатимни унга етказа оласанми?” – деб сўради. Мен: “Бу нарса қўлимдан келмас-ов, хоним...” дедим. Аммо у сиёҳдонни сўради ва қўлингдаги мана шу хатни ёзди. Тонг отгач, уйдан чиқдим-да, сени қидиришга тушдим. Ҳар бир ўткинчининг юзига тикилиб қарайман, сенга ўхшатаман, лекин у бошқа бўлиб чиқарди. Яна қуёш бота бошлади, кеч кирди ва мен уйга қайтдим. Уйга яқинлашганимда қулоғимга гўянда хотинларнинг товуши чалинди ва мен ажал ўқи нишонга текканини, ўзининг таровати ва гўзаллиги билан оламни тўлдириб турган ажойиб атиргул сўнгги япроғини тўкканини англадим. Мен ёлғиз боласини йўқотган она каби унга жуда куюндим. Дарҳақиқат, ўша куни ҳамма йиғлади. Мен учун энг оғири шу бўлдики, у умрининг охирги дақиқаларида сени кўришни умид қилган эди ва бу орзуси ушалмай қолди. Мен бу хатни яшириб юриб, сени ахтардим ва охири топдим”.
Мен у аёлга миннатдорчилик билдириб, кузатиб қўйдим. У кетди... Бир ўзим қолгач, кўзимни қоронғулик қоплаётганини сездим ва ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Сизни кўрмагунимча нималар бўлганини эслай олмайман”.
Ҳикоясининг шу жойига келганда йигитча оғир хўрсинди, шунда мен унинг юраги ана-ана ёрилади деб ўйладим. Мен унга томон энгашиб: “Нима бўлди, хўжам”, – деб сўрадим. “Ўз қалбимни бироз бўлса ҳам таскин топтириш учун бир томчигина кўз ёши истадим, аммо қани у?”, деди ва жим бўлиб қолди. Кейин бир нималар деб шивирлаётгандек туюлди. Мен яна унга энгашдим ва у секин деди: “Эй, Худо, сен менинг ёруғ дунёда кимсасиз, ёлғиз эканимни биласан. Мен бир камбағал одамман, менинг суянчим ҳам, қўллаб-қувватловчим ҳам йўқ. Мен заифман, нотавонман, тирикчиликка қаердан пул топишни билмайман. Бахтсизлик мени ёмон забтига олди, юрагим сўнгги марта ураяпти... Эй Худо, ахир сен Ўзинг менга жон ато қилгансан, мен сенинг амрингга шаккоклик қилиб, ўз жонимга қасд қилолмайман. Шу боис, уни Ўзинг ол, менга берган омонатингни ол, ўз даргоҳингга қайтар, Сенинг паноҳингда, Сенинг ҳузурингда бўлиш қандай бахт”.
Шундай деб, йигитча бошини чангаллаганча заиф овозда: “Бошим ёнаяпти, юрагим эса оғриқдан тарс ёрилай деяпти. Менинг умрим оз қолганга ўхшайди... Оллоҳ ўз амрини бажо келтиргач, сиз мени севгилим ёнига кўмишга ва мана бу хатни лаҳадга мен билан бирга қўйишга ваъда берасизми?”,– деб сўради. Мен: “Яхши, Оллоҳдан руҳингизни енгил қилишини сўрайман”, дедим. “Энди мен хотиржам жон бераман”, – деди у. Бу унинг сўнгги сўзлари эди.
Бахтсиз йигитча борасидаги қайғум унинг васиятини адо этганимдан сўнг хиёл енгиллашгандай бўлди. Мен уни ўша амакисининг қизи ёнига дафн қилдирдим ҳамда ўша қиз ўз олдига келишини сўраб ёзган хатни ҳам бирга қўйдим. Тириклигида бу чақириққа кела олмаган йигитча ҳар қалай ўлгандан кейин етиб келди-ку.
Шундай қилиб, икки мурғак қалб бирлашди. Ҳаётлик даврларида бу ёруғ оламда уларга жой йўқ эди, аммо ўлганларидан сўнг эса оддий лаҳад уларга бошпана бўлди.

Рус тилидан Фаҳриддин Муҳаммадиев таржимаси

 
Қуръон таржималари: тажрибалар PDF Босма E-mail
11.04.2014 04:20

Ё Яҳйо, хузил китоба биқувватин...
(Ё Яхйо, китобни маҳкам тут...)
“Марям”, 12-оят

Худо ҳар бир инсонга унинг бўйин томиридан ҳам яқин дейилган. Худди шунингдек, Аллоҳнинг каломи ҳам ҳар бир инсонга шундай яқин. Худонинг ўзи меҳр билан яратган ва тарбиялаган Инсонга етказган Сўзлари — панду насиҳатлари, яшамоқ йўл-йўриқлари, тартиб-интизомлари, ман этганлари ҳамда буюрганлари, ирода этмиш барча ҳукмларини инсон қанчалар теран тушуниб, англаб етса, улар ҳақида бутун ақлининг кучини ишлатиб ўйласа, фикр юритса, ўз ҳаётини ҳидоят асосига қурса, Аллоҳ билан Инсон ўртасида яқинлик ҳамда Калом билан Инсон ўртасида яқинлик шунчалар ортиб боради. Аллоҳ ўзи айтмоқчи, фақат Яхшиликка буюради, ёмонлик ва турли разолатлар, қонхўрлик ва турлича нафс туғёнларидан, уларнинг фожиали оқибатларидан қайтаради.
Қанчадан-қанча одамзод қавмлари қабоҳат чоҳига ботиб кетди. Ер юзи сайёра миқёсида не-не тўфонлар, зилзилалар, мангу совуқ, мангу иссиқлар гирдобида қайта-қайта бино бўлди. Кейинги замонлардаги Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши қирғинлари, тирик жонзотлар узра ядро қуролларининг портлатилиши, уларнинг ерни маҳв этиш мақсадида тинимсиз синаб кўрилиши, дин ниқоби остида ёвуз тажовузларнинг авж олиши — булар бари Охирзамон нишоналаридир. Ер куррасини Шимолий ва Жанубий Қутбларнинг таранг музликлари мустаҳкам тутиб туради. Эндиликда айрим буюк давлатлар шу икки Қутб тагидаги бойликларнинг заҳираларини талаш ва бирдан-бир маконимиз бўлмиш сайёрамизни тухум пўчоғидек қилиб қўйиш режаларини тузиб, бир-бирлари билан кон, жой талашмоқда. Сайёрамизни бундай талон-тарож қилишга уринишлар — оғир замонларнинг нишоналаридир. Ўз-ўзидан Қиёмат ҳеч қачон бўлмагай. У фақат разолат сўнг нуқтага кўтарилгандагина ва Инсон шу гўзал сайёрада умргузарлик қилишга нолойиқ, нобоп бўлиб қолган охирги палладагина рўй беради. Қуръоннинг ҳар бир ояти шундан дарак беради ва огоҳлантиради. Умид шундаки, бундай разолатлардан сақланиш ва ўзни тийиш одамлар ва уларнинг ҳозирги замон жамиятларининг ўз қўлида, иродасида. Аллоҳ бунинг ибратлари ва сабоқларини Меҳрибонлик китоби бўлмиш Қуръонда таъсирли қиссалар, ибратли масалалар, Инсон ақлини қувватлантирувчи ҳикматлар ва мавъизаларда Раҳм қудрати билан айтиб ўтади.
Истиқлол туфайли Ўзбекистонда Қуръон ва муқаддас ҳадисларни нашр этиш, тушунишнинг янги замони бошланди. Қуръонни билиш ва юракларга жо этишнинг янги даври келди.
Қуръонга риоя этиш, унинг ҳидоятига эргашиш, тўла баҳраманд бўлиш вақти етди.
Қуръонга риоя этмоқликнинг эшиклари очилди. Чунки энди уни ҳар ким билмоғи мумкин. Ўзбекистон хонадонларига Қуръоннинг ўзбек адабий тилига бир эмас, бир неча таржималари ишонч ва иймон билан кириб борди. Ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида биз, араб тилидан бехабар ёшлар Қуръоннинг рус тилига муҳтарам Саблуков ва Крачковский таржималарини кутубхоналардан базўр топиб ўқишга муяссар бўлганмиз. Ўшанда илк бор юрагимизга Қуръон муҳаббати тушган. Бу бутун дунёдаги инсонларга юборилган ҳидоят деб англаганмиз.
Қандай саодатли зиёманд замонлар етишиб келдики, араб тили, ислом илми, маданияти, тарихи, диний ва дунёвий аҳкомлари, уларнинг замона кишилари ҳаёт тарзидаги ўрнини яхши билган араб тили билимдонлари — алломалар томонидан Қуръоннинг шарҳлар билан таъминланган “маънолар таржималари” амалга оширилди. Ўзбекистонда яшовчи кишилар илк бора Қуръон маънолари, илоҳий оҳанглари, тимсоллари, мўъжиза ўгитлари океанига ўз она тили қудрати, поэтик салоҳияти тўлқинида етишиб бордилар. Тубсиз маъноларни илгари фақат ғаввос мутасаввифлар, қилни қирқ ёрган уламолар, дарвешлар, фақиҳлар, қорию қурроларгина англаб билган бўлсалар, энди Аллоҳнинг сара кишиларгагина эмас, жамики ўзи яратган, тарбиялаган инсонларга қарата айтган хос сўзларини халқнинг кенг вакиллари, қатламлари билиш, тушунишларига азим, эркин йўллар очилди. Исломнинг нималигини муллаларнинг оғзаки баёнлари, шарҳлари, тушунтиришлари ва ўзига яраша тушунчалари орқали эшитган, билган кишилар энди ўзлари, ўз саводлари даражасида, иштиёқлари қадр қилганча Қуръон ва Ҳадис ичига кириб боряптилар.
Албатта, таржима ҳар қанча мукаммал бўлмасин, ҳеч қачон у аслиятнинг ўрнини босолмайди. Таржима аслиятга тенглашолмайди. Ибодатда эса аслият ўрнига ўтмайди. Асл оҳанг, асл сўз ва асл сир-синоат доим аслиятнинг ўзида. Исломда ибодатларни аслият бирла адо этиш бу мислсиз неъмат!
Шулар билан бирга Қуръон ёлғиз араб тилли халқларнинг эмас, Ер юзидаги барча художўй, покдил, яхшилик туйғуси билан яшайдиганлар ва умрларни шулар билан ўлчайдиганларнинг мулки, маънавий-руҳий халоскор сўзи, умр довонларида энг мустаҳкам таянчи.
Шунинг учун Қуръоннинг дунёдаги барча тилларга таржима қилиниши буюк маданий-маърифий ҳодисадир. Таржима эса маърифат қўнғироғи.
Кейинги ўн йиллар ичида Қуръоннинг Шайх Аловуддин Мансур (1992), Шайх Абдулазиз Мансуров (2001), Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1991), Шайх Шамсиддин Бобохонов (1991), Саййид Маҳмуд Тарозий (1994) изоҳли, шарҳли, тафсирли таржималари ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Бу таржималарнинг умумий хусусияти содда, тушунарли замонавий ўзбек адабий тилида янграганлигидир.
Тошкент Давлат Шарқшунослик институти 2000 йилда XII — XIII асрларнинг ёдгорлиги деб ҳисоблаб келинаётган “Туркий тафсир”нинг факсимил нашрини амалга оширди. Тилимизнинг ўша замонлардаги ифода қудратини Қуръондай ўлмас обида таржимаси воситасида намоён қилган ушбу бебаҳо асарнинг муаллифи исми ҳали-ҳамон илм дунёсига қоронғулигича қолмоқда. Аммо унинг тили, текширувчилар бир оғиздан таъкидлашгандай, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Хожиб ва айниқса, Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий, Ҳайдар Хоразмий ва Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг улуғ асарлари тилига ғоятда яқин, яна ҳам тўғрироғи, шу кўҳна ўзбек адибларининг асарларида мужассамлашган умумий ўзбек адабий тилида яратилгандир. Айниқса, у “Қисас” ҳамда “Хисрав ва Ширин” тилига, услубига шу қадар ҳамоҳангки, уни Қутб ёки Рабғузий ёзмаганмикин, деган хаёлга ҳам борасиз. Лекин аниқ далил бўлмагач, буни қатъи айтолмайсиз. Турди “тўқсон ики бори ўзбек элидур...”, деган жумлани ёзиб қолдирган. Ўзи тўқсон иккита бўлса ҳам, лекин ягона умумий ўзбек тили — (лаҳжаларидан қатъи назар) уларнинг барчаларига тушунарли ўзбек тили эди. Қуръоннинг илк таржимаси мана шу ягона умумий ўзбек тилида яратилган. У улкан маданий обида. Тафсир муаллифи Қуръон оятлари остига жуда содда ва ўта тушунарли ўзбекча таржимасини беради. Ўқиган киши оятларнинг асли ҳамда ўзбек тилига таржимасида уларнинг тўғри маъноларини ўзлаштириб боради. Ўзбек тилимизга кўп хизматлар қилган улкан олим А.К.Боровков “Тафсир”нинг ифодавийлиги, тил хусусиятларининг қимматига лол қолиб, дарҳол “Лексика Среднеазиатского тефсира XII — XIIIвв.” деган жуда қимматли лексик китобини (1963) яратган эди.
Тарихан қисқа давр ичида Қуръоннинг мана шундай ранг-баранг таржималарининг замон ўқувчисига тақдим этилишини жуда катта тарихий маданий ҳодиса деб аташ мумкин. Бу, биринчидан, Қуръонга ҳақиқий қизиқишнинг ортгани, иккинчи ёқдан, аслиятга иложи борича яқинлашиб боришга интилишлар кучайганини кўрсатади. Учинчидан, талқин ва шарҳларда диний-мистик қобиқлардан аста-секин чиқиб, кенг дунёқараш билан илмий шарҳлашга ўтиш ҳар қалай сезилмоқда. Шу билан бирга, бу таржималарнинг ҳар бири ўзига яраша қимматга эга. Яна бир қимматли жиҳати шундаки, улар илмий асоси мустаҳкам, ҳар томонлама дунё тажрибалари асосида текширилган академик нашрга йўл очади. Бу таржималарсиз академик нашрни тасаввур қилиб бўлмайди. Европа, Америка, айрим Шарқ мамлакатларида Қуръоннинг илмий академик таржималари амалга оширилган. Германияда қилинган таржималари ичида шарқшунос Р.Паретнинг 1963 — 1966 йилларда чиқарган немис тилига таржимаси энг аниқ илмий таржималардан саналади. Инглизча академик нашри 1969 йилда Англияда “Қуръон интерпретациялари” (талқинлари) деб номланиб нашр этилган. Қуръоннинг бошқа тилларга қилинган энг янги таржимаси муаллифларидан ажойиб таржимон Валерия Порохова Дамашқ — Москвада 1995 йилда нашр этилган нодир таржимасида ушбу инглиз тилидаги таржимага иқтибосан ўз таржимасини “Коран. Перевод смыслов” деб номлаганлигини ёзади (Коран. Перевод смыслов. Дамаск — Москва, 1995 г.). Валерия Порохова араб тилини жуда чуқур билади. У кўп вақтлар араб уламолари доиралари ичида яшаган ва Қуръонни ўрганишга жуда кўп йилларни сарфлаган. У китобга ёзган сўзбошида “маънони имкони борича аниқ ифодалаш” — таржимоннинг асосий мақсади эканлигини айтади. У Қуръонни илмий талқин қилишнинг аҳамияти ҳақида бир қатор мулоҳазаларини ўртага қўяди. Валерия Порохова Қуръонни шеърий таржима этишга жазм этади. Эмоционал кўтаринкиликни беришда катта натижаларга эришади. Шу билан бирга, таржиманинг адекватлиги устида жиддий қайғуради. Қуръонни сўзма-сўз таржима қилиб бўлмайди, деган фикр жуда қадимлардан бери мавжуд. Шунинг учун таржимада кўпроқ тафсир, яъни баён ва шарҳ йўлидан бориш, яъни тафсир қилиш одат тусига кириб, анъанага айланган. Сўзма-сўз таржималар Қуръон оятлари остида, яъни аслият билан бирга бериб бориладиган таржималардагина қўл келиши ва Қуръонни ўрганишда самарали амалий фойда келтириши мумкин. Лекин аслиятдан холи тарзда сўзма-сўз таржимани чиқариб бўлмайди.
Маънолар таржимаси деган тушунчани ҳам турлича англаш ва тушуниш эҳтимолдан узоқ эмас. Маънолар таржимаси дейилганда, талқинлар — интерпретацияларга — уларнинг нозикликларига йўл очилади. Сўзма-сўз таржимада сўзлар ва жумлаларнинг аниқ таржималари ифодаланади. Лекин бунда бадиийлик ва услуб юзага чиқмайди. “Тафсир”нинг таржимаси шундай сўзма-сўз таржиманинг яққол намунаси. Ҳазрат Саййид Маҳмуд Тарозий таржимаси ҳам шундай сўзма-сўз таржимага яқин. Уни ҳам фақат аслият билан бирга ўқиган маъқул. У Қуръон оятларига сўзма-сўз, жумла-бажумла эргашиб, уларга ҳамроҳлик қилиб боради. (Ҳазрат Саййид Тарозий (Олтинхон Тўра 1991 йилда 98 ёшда вафот этган)нинг шарҳли таржимаси 1990 йилда Истанбулда аслият билан бирга нашр қилинган. У “Туркистоний тилига таржима” дейилган ва хорижий мамлакатларда яшовчи туркистонликлар ҳамда уларнинг тил хусусиятлари, тушунчаларига мос ҳолда чиқарилган. Саййид Тарозий таржима ва шарҳни 1956 йилда тамомлаган. 1975 йилда Покистонда босмадан чиқарган. Таниқли арабшунос Исматулла Абдуллаев 1994 йилда ана шу нашрдан ўзбек кириллицасига табдил этиб, ўз ҳисобидан 100 нусха нашр этди. У ўз сўзбошисида Қуръоннинг ўзбек тилига таржималари тарихи, Олтинхон Тўра таржимаси, ҳаёти, ижоди ҳақида қимматли маълумотлар келтирган. Исматулла Абдуллаевнинг нашрида (1994 й.) фақат Олтинхон Тўра таржимасининг ўзи (аслиятсиз) келтирилган. “Тафсири Ҳилол” таржимаси ҳам оятлар билан эш келиб, уларни сўзма-сўз изоҳлаб боради. Алоуддин Мансур таржимасида эса шарҳларга кенг ўрин ажратилади. Шарҳлар ҳам алоҳида, ҳам яна оятлар таржималари ичида, ҳам қавс ичида кенг қўлланилади. Муаллиф Қуръон маънолари илк ўқиётган ўқувчига тушунарсиз бўлиб қолишидан қаттиқ ҳадиксирайди ва кетма-кет изоҳлар билан оятлар ичини тўлдириб ташлайди. Бу шарҳли таржима учун унчалар ғайритабиий эмас. Лекин жуда кўп ўринларда калом шарҳлар ва изоҳлар ичида кўринмай кетади. Бу асл маънони қабул қилишни жуда қийинлаштиради. Бу томондан Абдулазиз Мансур таржимаси анча олдинга силжиган. Оятлар оралаб изоҳлар анча меъёрида қўлланган. Лекин бу ерда ҳам оятлар аро изоҳлар каломни ҳар томондан бўлиб, ажратиб туради. Калом яхлит эмас. Қабули ҳам яхлит эмас. Каломга қарай десангиз, изоҳ қолиб кетади, изоҳларга эътибор қилай дейилса, калом узуқ-юлуқ қолиб кетади. Бунинг ҳам бирдан бир сабаби каломнинг нотўғри ўқилишидан ҳадиксираш. Ҳолбуки, аниқ, адекват таржима қилинса, нотўғри ўқиш, тушунишга ўрин қолмайди. Бу икки эътиборли таржима юзасидан чиқариш мумкин бўлган дастлабки хулосалар қуйидагича:
1. Оятларни аниқ таржима қилиш ва уларда фақат Худонинг ўзи туширган каломнигина акс эттириш. Орага ҳеч қандай изоҳ, шарҳ, баён қўшмаслик.
2. Албатта, шарҳ, баён, изоҳлар жуда зарур. Улар ҳар қанча бўлганда ҳам ортиқчалик қилмайди. Лекин уларни ўз ўрнида алоҳида қилиб берган маъқул. 2001 йилги нашрда шундай алоҳида саҳифа тагида келтирилган қисқа шарҳлар бор. Лекин улар етарли эмас. Жуда кўп истилоҳлар, реалийлар шарҳсиз, тушунтиришсиз қолиб кетган. Бунда Германия, Англия, Франция, Америка, Миср илмий академик нашрларидан улги олиш фойдали бўларди. И.Ю.Крачковский ҳамда Валерия Порохова оятлар каломини соф ҳолда таржима қилиб, барча изоҳларни алоҳида ўринга қўядилар. Назаримизда бу, айниқса, илоҳий матнлар таржимасида ғоятда зарур илмий усулдир.
Иккинчи хулоса:
Қуръон истилоҳлари, терминлари имкони борича чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ қилиниши ва ушбу текширишлар илмий таржималарга сингдирилиши зарур.
Бизнинг сўзлашув ва ёзув тажрибаларимизда сўзнинг орттирма даражаларини қўллашга майллар анча кучли кўзга ташланади. Чунончи Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратлари “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим” каломини қуйидагича ифода қиладилар: “Ибтидо қилинур беҳад меҳрибон ва ниҳоятда раҳмдил Аллоҳ номи ила”. Бунда “ибтидо қилинур”, “беҳад” ва “ниҳоятда” деган сўзлар муболаға. Аслиятга нисбатан улар ортиқча. Аслият каломи ёмби, нодир, қисқа ва тез эсда қолади. Инсоф билан айтганда, уч аслий сўз орасига ортиқча сўз нари турсин ҳатто ҳаво заррасини ҳам киритиб бўлмайди. Кўпсўзлилик доимо таржимани сусайтиради, лўндаликка ва таъсирчанликка путур етади. Муҳтарама Валерия Порохова “Раҳмон”ни “Всемилостивый” деган сўз билан ўгиради. “Все” деган орттирма даража бу ерда ўринсиз. Матнда “кулли раҳмон” дейилаётгани йўқ. Шунинг учун Крачковский “милостивый” деб беради ва тўғри қилади. Бу каломни муҳтарама мутаржим доктор Сумайя Афифий ҳамда доктор Абдел Салом ал-Мансий Қуръоннинг рус тилига қилинган энг янги таржима нашрида ҳам “Во имя Аллаха милостивого, милосердного!”, деб талқин этадилар. Шамсиддин Бобохонов, Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)“, деб ўгирадилар. Бу айни адекват таржима. Ўзбек ўқувчисига яхши тушунарли. Бисмиллоҳ, ло илоҳа илаллоҳ сингари ўта хос иборалар ҳамда Аллоҳнинг гўзал исмларини аслиятда қандай бўлса, таржималарда ҳам шундай ўзгартирмай сақлаш ўринли бўлар эди. Буларни ҳар қандай таржима матнида арабчаси қандай бўлса, шундайича ифодалаш ва алоҳида изоҳда улар таржимасини кўрсатиб ўтиш матн колоритини, унинг оҳангдорлигини кучайтиради. Аллоҳ ислом динига, унинг аҳкомларига эътиқод қилган миллионлаб кишилар қалбига худди шу асл сифатлар, номлар билан кириб борган ва шундай қабул этилган. Атрибутларни ўзгартириш ўзини оқламайди. Таржима қонуниятларига кўра ҳам реалийларни асл ҳолича бериш ўзини оқлайди. Яна бир муҳим жиҳати асл реалийлар, истилоҳ-терминлар билан бирга ислом ғоясининг ўзига хосликлари бошқа тил муҳитларига ҳам ўтиб боради. Улар исломнинг ўзига хос дин эканлигига урғу беради. Реалийларни ўз асл ҳолича бериш илоҳий матннинг юксак колоритини сақлашга хизмат қилади. Мўмин, ислом, мусулмон, иймон, Аллоҳ, расул, ханиф, карим, раҳим, раҳмон, қаҳҳор, жаббор, фиқҳ, ҳадис, шариат сингари юзлаб тушунчалар ва терминлар минг йилдан ортиқ даврдан буён тилимизга қандай сингиб, ўзлашиб кетган бўлса, Аллоҳнинг гўзал исмлари — сифатлари ҳам шундай сингиб, ўзлашиб бораверади. Бунда ўзлашиш сари солинган катта йўл шлагбаумсиз келажак уфқлари сари олиб боради. Аллоҳ исмлари билан бирга илоҳий сураларнинг асл номлари ҳам тилмизга киради ва бора-бора таржимасиз ҳам тушунарли бўлиб қолади. Шунинг учун айрим таржима версияларида сураларнинг номлари асл ҳолича келтирилаётгани, саҳифа остидаги изоҳларда уларнинг маъноси ва айрим ҳолларда уларнинг тарихий маъноси келтирилаётгани ўқувчи учун катта давлатдир. Сураларнинг асл номларини билиш билан тушунчаларимиз бойийди, Қуръоннинг илоҳий юксак муҳитида нафас олишга етаклайди. Бу каби кенг ва чуқур зарурий ишларни, текстологик ишланмаларни, албатта, илмий академик нашрда амалга ошириш ўз-ўзидан заруратга айланади. Академик нашр қизиқувчилар ва ўрганувчиларнинг ҳар қандай саволларига лаббай деб жавоб бероладиган нашр бўлади. Унинг яратилишида ҳозиргача бўлган барча таржима версиялари улкан асос, моя вазифасини ўтайди. Ўз-ўзидан равшанки, ҳозирги бир қанча таржима версиялари бўлмаганда, эътиборли илмий академик нашр ҳақида сўз юритиш ҳам қийин бўларди.
Ҳозир қўлимизда мавжуд ва катта миннатдорлик билан фойдаланилаётган нашрларнинг ҳар бирининг ўз фойдали, ютуқ томонлари, жозибаси бор. Улар жуда катта машаққатли меҳнат ва изланишлар натижасида юзага чиққан.
Лекин ҳали бизда Қуръоннинг асл ҳиссий-руҳий бадиий қудрати ва шиддати, поэтик оҳангдорлигининг товланишлари ва мўъжизалари адекват сақланган ўзбек тилидаги таржимаси амалга оширилган эмас. Айниқса, ўттизинчи пора сураларининг шаҳду шиддати ва самовий ҳаяжонлари таржимада муқобил ифодаланган ўринлар камдан-кам учрайди. Энг олий ҳаяжонли ўринларда ҳам оятлар иложи борича соддалаштириб, иложи борича тушунарли қилиб беришга ҳаракат қилинган. Бу ҳозирги барча таржима версияларнинг умумий хусусияти. Кўпинча бу юксак илоҳий ҳаяжонларни таржима сўзида ифода қилиб бўлмайди, деган фикр юради. Ва кўп пайт ижодкор қўлларини боғлайди. Лекин домла Саблуков, домла Крачковский, Валерия Порохова хоним ҳатто шеърий йўл билан буни ўз тилларида ҳар қалай ифодалаш усулини топишга уриндилар-ку! Ўзбек тилида ҳам вақти-соати билан энг адекват таржима, энг ҳаяжонли (Қуръон даражасидаги ҳаяжонли) таржима бўлишини орзу қиламиз.
ХХ аср жаҳоннинг улкан аллома адибларидан бири Умберто Эко таржима нима, деган саволга жавоб бераркан, у “айнан айтиш”, дейди. Яъни оригинал тилидаги матнни ҳар қандай бошқа тилда айнан айтиш, тўғрироғи, айнан ифодалаш. Таржиманинг энг оддий, энг тўғри таърифи шу. Уни таржиманинг универсал таърифи деб айтиш ҳам мумкин. Шунга кўра оятларнинг айрим таржималарига назар ташлайлик. “Маориж” сурасида қиёмат манзаралари бағоят ўткир ва таъсирли, қўрқинч ибораларда таърифланади. Ундан бир оят: Явма такун с-самоу кал-мухли (70, 8).

“У кунда осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур”.
Абдулазиз Мансур таржимаси (588-б.).
“В тот день, когда небо будет как медь расплавленная”.
Л.Крачковский таржимаси, (471-с.).
“У кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур”.
Алоуддин Мансур таржимаси, (458-б.).
“Тот День,
Когда расплавленною медью станет небо”.
Валерия Порохова таржимаси, (613-б.).
“Ул кун осмон бўлур эритилган мис каби”.
Саййид Тарозий таржимаси
“В тот день небо будет подобно расплавленному серебру”.
Сумайя Афифий ва Ал-Мансий таржимаси, (1168-б.).
“Ул кун кўк бўлур эриган олтун кумуш каби”.
ХII аср эски ўзбек тилидаги таржима.

Қуръоннинг 2008 йилда Москвада Элмар Кулиев таржимаси ва изоҳлари билан чиққан нашрида бу мухтасар оят “В тот день когда небо станет подобно расплавленному металлу (или усадку масла, или кровавому гною)” (с.574), деб ғоятда умумлаштириб, чалғитиб талқин этилади.
Қуръон аслиятидаги “кал-мухли” бирикмасининг қайси бир таржимаси тўғри? Тўрт таржимон уни “эритилган мис каби” деб талқин этади. Нисбатан янги ва тўла жиддий Қоҳира нашрида “эритилган кумуш каби”, деб ўгирилади.
Эритилган мис билан эритилган кумушнинг фарқи борми? ХII асрдаги номаълум муаллифимиз эса бу ҳолни “эриган олтун кумуш каби”, деб тасаввур қилмоқда. Энг янги таржимонимиз эса бутунлай ўзгача тасаввурда: “осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур”, деган талқинни таклиф этмоқда.
Хўш, бу талқинларнинг қай бири тўғри? Қай бири оригиналга яқин? “Кал-мухли” таржимасининг асл эквиваленти қандай ифодаланади? Замон ўқувчиларига шу каби кўпдан кўп ўринларни аниқлаб бериш учун илмий академик нашр зарур эмасми?
Барча муфассирлар Қуръонни ўқиш ва уқиш Яратганга яқинлашиш йўли, зулматдан ёруғликка чиқиш ва етишиш йўли, деб тўғри тушунтирадилар. Қуръоннинг ўз шаҳодатига суяниб, уни турли ўзгариш ва ўзгартиришлардан Аллоҳнинг ўзи асрайди, деб уқтирадилар. 2000 йил русчага қилинган таржиманинг Қоҳира нашрида доктор Муҳаммад Тантовий сўзбошида шундай ҳаққоний фикларни айтади: “Одамлар ва халқлар Қуръонни ва унинг йўл-йўриқлари, аҳкомларини ўзларига раҳбар қилиб олсаларгина бахт-саодатга эришадилар. Ушбу ҳидоятга Қуръоннинг, унинг каломларининг маънолари, ифодаларини талқин қилмасдан, тушунтирмасдан, тадқиқ этмасдан етиб бўлмайди, мана шу илм-таълимотни тафсир деб аташади (талқин дейишади)” (Ўзбекчага таржима). (Қоҳира нашри, 2000 йил, 12-13-б.). Шундай тафсирларсиз бу китобни англаш мушкул, деб ёзади у яна. Ислом уламолари ҳазрат Тантовий ва ҳазрат Зарковий Қуръонни тафсир қилганда иложи борича содда қилиб ва шу билан бирга иложи борича аниқ қилиб тушунтиришга даъват этадилар. Суютий, Ибн Баттол каби улуғ алломалар илоҳий китобни бошқа тилларга таржима қилиш мумкин, аммо бунда бир муҳим шартга риоя қилиш даркор. Биринчидан, асл матнни аниқ ва сўзма-сўз бериб, унинг остида бошқа тилга ўгирилган маъноларини акс эттириш лозим, мана шу энг тўғри йўл, деб айтганлар.
Ҳар ҳолда илоҳий матнларнинг ўзбек тилига таржимаси принциплари: қоидалари, йўл-йўриқлари муайян тарзда аниқ ишлаб чиқилишига зарурат туғилаётгани сезилмоқда. Буларга грамматик принциплар, бадиий принциплар, шарҳлаш, изоҳлаш принциплари ва уларнинг энг мукаммал шакллари киради. Европа олимлари синчковлик билан Қуръон атамалари, терминлари, реалийлари устида қунт билан текширишлар олиб борганлар. Ҳатто академик Н.Я.Марр “Арабча “ҳаниф” термини ва унинг палеоантологик ёритилиши”, деган рисола ҳам ёзган (1928).
Терминларга боқайлик: “У осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра муставий бўлган зотдир” (Ал-ҳадид, 4).
“Яратди кўкларни тақи ерларни олти кун ичинда ондин сўнг ариғлик бўлди арш уза”(“Тафсир”). “Ариғлик” бу ерда сокинлик, тинчлик маъносида.
“Тафсир” сўзма-сўз таржимани оятлар остида бериб бораётган бўлса ҳам, “ҳуаллазий”ни тушириб қолдиради. Ундан кейинги сўзларни жуда содда ва аниқ ўгиради. Фақат оҳангдорликни сақлаш учун “арз” сўзини “ерларни” деб ағдаради. “Кўкларни ва ерларни” — жуда оҳангдор. Замонавий таржимон бу ерда “осмонлар ва ерни”, дейди. ”Арз”ни ерлар деб олиш тўғри бўладими? ”Арз” матнда ер сайёраси маъносида келяпти. Уни ”ерлар” деб олиш унчалик тўғри эмас. Бойхўжанинг ерлари дейиш мумкин. Ер куррасининг қитъалари дейиш мумкин. Лекин ”Арш”ни ”ерлар” дейиш тўғри бўлмайди. ”Арз”ни “ерлар”деб берган ҳолда ”Тафсир” ”Арш”ни ўз ҳолича акс эттиради. Энг янги таржималарда ҳам бу тушунча ўз ҳолича ”Арш” деб олинган. Энди жуда қисқа оятни кўрайлик. ”Ҳуа л-азиз ул-ҳаким”(”Ал-ҳадид”).
”У қудрат ва ҳикмат соҳибидир” (1-оят).
Таржимон ”азиз” ва”ҳаким”ни ”қудрат ва ҳикмат соҳиби”деб ўгиради. Шу суранинг учинчи ояти: ”У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир”, деб ағдарилади. Яъни асл матндаги Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин тушунчалари ўз ҳолича келтирилади. Нега олдинги оятдаги “Азиз” ва “Ҳаким” тушунчалари таржимада берилди-ю, кейинги оятда ўша қатордаги Аллоҳнинг тўрт гўзал сифати асл ҳолича олинди? Биз бу гапни принципларнинг шаклланмаганлигига мисол учун олмоқдамиз. Нотўғри таржима демоқчи эмасмиз. Ёндошувлар турлича. Шунинг учун таржимада аслиятда йўқ “зотдир”, “соҳибидир” деган ортиқча сўзлар кўп ишлатилади. Ҳолбуки, бунга ҳожат йўқ. “Охир” ва “Зоҳир” асл ҳолича олинганда, “Алим” — “билувчи” деб ағдарилади. “Барча нарсаларни билувчи Алимдир” — деб реалийни сақлаган ҳолда колоритини келтириб ўгириш ҳам мумкин. Бунинг учун эса таржима принциплари мукаммал ишланган бўлиши зарур. Саййид Тарозий талқинида эса, айтайлик, “Аввал” ва “Охир” ўзича олинган ҳолда “Зоҳир” ва “Ботин” — “Ошкора” ва “Махфий” деб қайд этилади. Бу ҳам изчил бир принципга амал қилмасликдан. Ёки бир таржимон “Азиз”ни “Ғолиб” деб ўгиради, бошқа таржимон уни “Қудрат соҳиби” деб олади. Хос отларни хилма-хил талқин этиш жойиз эмас. Булар таржима матнларини ҳаддан ташқари соддалаштиришга олиб боради. “Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўшалар билан атангизлар” (“Аъроф”). Чиройли исмларга чиройли риоя жойиз. “Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жойиздир). Зеро, Унинг гўзал Исмлари бордир” (“Ал-Исро”). Бу ерда “зеро”, “жоиз” ортиқча юк. Гапнинг грамматик тўғри қурилиши топилмаган. Аммо таржимон “Аллоҳ”, “Раҳмон” сўзларини таржима қилмасдан бериш зарурлигини бунда яхши ҳис қилган. Нега “Қуръон”, “Лавҳ ул-маҳфуз” сўзларини таржима қилишни асло хаёлимизга келтирмаймиз? Таржима қилса бўлади-ку! Лекин бунга зарурат йўқ. Ҳозирги Қуръон таржималарида, не ажабки, услуб йўқ. У шаклланиб етмаган. Эмоционаллик йўқ. У шаклланиб етмаган. Шунинг учун Аллоҳнинг жаноб Муҳаммадга мурожаатлари “СИЗ” деб олинса, бошқа элчиларга “Сен” деб айтилади. Пайғамбарлар эса Аллоҳга “Сен” деб нидо қиладилар. Қандай бўлиши керак? Қай бир йўл тўғри? Андеша йўли тўғрими? Ҳақиқат йўлими? Илмни изчилликсиз тассаввур қилиш мумкинми?
Ниҳоят, яна бир мулоҳаза: истиқлол йиллари ислом маданияти, маърифати учун кенг тараққиёт йўллари очилди. Дин тарихи, таълимоти ақидалари, унинг ер юзида яшовчи халқлар орасида кенг ёйилиши, бунинг асосий сабаблари, қонуниятлари, ХХI аср — илм-техника юксак ривожланган даврда ахлоқий-маънавий, руҳоний қарашларнинг турли-туман қавмлар, аҳоли қатламларига, бинобарин, курраи арздаги умумий маънавий-эътиқодий иқлимга кўрсатаётган кучли таъсир йўналишлари ҳақида замонавий илмий тадқиқотлар олиб боришга майллар уйғонмоқда. Ислом университети 10 йилдан буён Тошкентда фаолият кўрсатаётгани бу уйғонишлар чинакам илмий рағбатга айланишига умид туғдиради. Қуръон ва ҳадисларнинг таржималари билан бирга исломий йўналишдаги адабиётларнинг салмоғи ҳам хийла ортиб бормоқда. Исломий диний адабиётларда тарихийлик, маърифийлик, илмийлик тамойиллари етакчи бўладиган жараёнлар етиб келган. Бугун расталарни тўлдириб турган аксар юпқа-қалин китобларнинг мавзулари, ёзилиш услублари икки томчи сувдек бир-бирига ўхшайди. Улар тинимсиз бир-бирини такрорлайди. Кўп ҳолларда бу рисолалар мусанниф ва муаллифларнинг фақат исми билангина фарқланади. Муаллифларда масалага оригинал фикрий муносабатларнинг йўқлиги, баён, талқинларнинг ўта сийқа, чўпчакнамолиги китобларнинг қадр-қимматини туширади. Буларнинг ўрнига буюк ислом олимлари, Табарий, Замахшарийларнинг асарларини таржима ва шарҳлар билан чиқариш, улуғ тафсирларини тузиш афзал эмасми?
Исломнинг бутун жозибаси — Қуръон. Унинг таржималари қанчалар мукаммал, фасиҳ ва бадиий эҳтиросли бўлса, илоҳий мўъжизалар қалблар ва онгларда шунчалар ўчмас акс садо топади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 16-сонидан олинди
Иброҳим Ғафуров

 
Фазлуллоҳ Алмаий (1852-1891) PDF Босма E-mail
20.03.2014 18:30

Алмаий ХIХ аср ўзбек адабиётининг Тошкентда етишган таниқли вакилларидан, шоир, олим ва таржимондир. Эл орасида «Қори Фазлуллоҳ» номи билан машҳур бўлган.
У 1852 йилда Тошкент шаҳрининг Қўштут маҳалласида туғилган. Отаси Миржалол бўзчилик билан шуғулланган. Ёш Фазлуллоҳ маҳалладаги эски мактабда, сўнг Ҳастимом ёнидаги «Мўйи Муборак» мадрасасида ўқийди. Амакисининг ёрдами билан Бухорога боради, мадрасалардан бирида ўқшнни давом эттиради. Араб, форс тилларини мукаммал эгаллайди, хатготлик санъатини ўрганади. Фазлуллоҳ моддий қийинчиликда яшаган. Бухородан қайтишда пули тамом бўлиб, Тошкенгга пиёда келганини нақл қиладилар.
Бухоро мадрасасини тугатиб келгач, Ҳофиз Кўйкий маҳалласидан (ҳозирги Собир Раҳимов туманида) Собира исмли қизга уйлантирадилар. Собира ўқимишли бўлган, шеър машқ қилган. Уйида мактаб очиб, қизларга дарс берган. Улар Жория, Ҳалима, Бўлатхон, Назрулло, Саъдулло деган фарзандлар кўрадилар.
Фазлуллоҳ Эски Жўвада жойлашган Шукурхон мадрасасида мударрислик қила бошлайди.
Замондошларининг хотирлашича, Фазлуллоҳ тиксўз, таптортмас, кишининг айбини юзига очиқ айтувчи киши бўлган. Шу сабабли баъзи амалдорларга ёқмаган. Жумладан, қозикалон Умарбек билан чап тушиб, мадрасадан четлаштирилган. Шундан сўнг у, асосан, хаттотлик ва таржимонлик билан рўзгор тебратган. Ўрганган илму ҳунари ёрдамида кишилар учун хусусий хатлар ёзиб бериб, китоблар кўчириб, таржималар қилиб кун кечирган.
Фазлуллоҳ хат ёзишнинг турли усулларини, жумладан, «настаълиқ» ва «хатти нохуний» (тирноқ билан ёзиш) санъатларини эгаллаган хаттот эди. Унинг шеър ва адабиётдан, араб тилининг сарфу нахви (грамматикаси)дан яхши хабардор эканлигини билар эдилар. Шу сабабли, Фазлуллоҳни Қўқоннинг машҳур эшонларидан бири ўз мадрасасига мударрисликка таклиф этади. Бироқ Фазлуллоҳ у ерда ҳам узоқ ишлай олмайди, Тошкешта қайтиб, хаттотлик ва таржимонликни давом эттиради, адабий давраларда фаол иштирок этади. Масалан, унинг Тошкентда кенг тарқалган «Бедилхонлик» йиғинларида қатнашгани маълум. Бедил чуқур маъноли шеърлари билан машҳур, усули ғоят мураккаб. Уни тушуниш, англаш катта билим ва ҳунар талаб қилган. ХИХ асрнинг сўнгида Тошкентда тан олинган 7 бедилхоннинг бири мана шу Қори Фазлуллоҳ эди.
Фазлуллоҳ ёшлигидан шеърга кўнгил қўйди. Гъазаллар машқ қилди. Ҳажвлар, ҳазил-мутойибалар ёзди. «Мўйи муборак» мадрасасида ўқиб юрган пайтларида ўша атрофда ўтин териб юрган бир кўкнорини шундай ҳажв қилган эди:

Бошига кичик латта чулғаб,
Ўлгунча хорзор кўкнори.

Алидин гарчи ҳеч иш келмас,
Чўп терарга ярар кўкнори.

Қўқондаги бир гуруҳ бекорчи уламолар абжад устида тортишиб, Фазлуллоҳдан сўраганларида:

«Абжад»ингни абу жадинг билмас,
«Каламан»ни биламан десанг, куламан, -

деб жавоб берган экан. Сўнгроқ у «Алмаий» (арабча «синчков, зийрак» дегани) тахаллусли шоир сифатида танилди. Араб тили грамматикасига оид «Авзонул-жумуъ» («Кўплик вазнлари») номли китоб ёзди. Машҳур ҳинд адабий ёдгорлиги «Калила ва Димна»ни ўзбек тилига таржима қилди.
Алмаий 39 ёшида вафот этди. Ҳотиф деган шоир унинг ўлимига бағишлаб марсия ёзди. Уни «Маъдани фазл» (фазилат кони, илму дониш манбаи) деб атади. 1965 йилда олим ва мураббий Субутой Долимов унинг шеърларидан айрим намуналар эълон қилди. «Калила ва Димна» таржимасидан парчани нашрга тайёрлади.

Шеърлари

Фазлуллоҳ уч тилда баравар ижод эта олган шоир эди. Замондошларининг хотирлашича, у шеърларини тўплаб, девон тузган. Бироқ бу девоннинг тақдири бугунгача номаълум.
Шоирнинг бир қатор шеърлари турли баёзлар, замондошларининг уларга боғлаган мухаммаслари орқали етиб келган. Масалан, «Ҳаёт» радифли шеъри ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Шоир Муқимийнинг унга боғлаган мухаммаси бор. Шеърга «ҳаёт» сўзи радиф қилиб олинган. Шеър:

Эй, хаёли жоним ичра танда жон янглиғ ҳаёт,
Келки, сансиз талх бўлди жонима тотлиғ ҳаёт,—

деган байт билан бошланади. Шоир «ҳаёт»га мурожаат қилади. Унинг хаёлини тан ичидаги жон деб билади. Усиз ширин (тотлиғ) умрнинг аччиқ (талх) бўлганлигига диққатни қаратади. Ҳаётнинг азизлигини таъкидлайди. «Жон ичра жон» (мукаррар), талх-тотлиғ (тазод) орқали чиройли манзаралар яратади, таъсирчанликка эришишга ҳаракат қилади.
Муқимий Алмаийнинг ушбу шеърига мухаммас боғлар экан, шоир байтидаги ғояни шундай давом эттирган эди:

Айру сандин сувдин айрилган каби болиғ ҳаёт,
Бўлди дардидин жудолиғ чеҳраси сориғ ҳаёт.
Бўлмади ғамдин йўлингда бир нафас фориғ ҳаёт,
Эй, хаёли жоним ичра, танда жон янглиғ ҳаёт,
Келки, сенсиз, талх бўлди жонима тотлиғ ҳаёт.

Ҳаётга меҳр ғояси байтма-байт, сатрма-сатр кучайиб боради. Чунончи, иккинчи байтда, томир («раг»)ларимда оқаётган «қон» эмас, сенинг хаёлинг («фикратинг»)дир, вужудимдаги «оташ» сенинг «ишқинг»дандир, дейди шоир. Фикр кучайиб, гап умрнинг мазмунига кўчади:
Умр гар хуш ўтса, умри Нўҳ ҳам камдур вале, Кўп узундур кўз юмуб очқунча кулфатлиғ ҳаёт.
Нуҳ, ривоятга кўра 1600 йил умр кўрган пайғамбардир. Умр хуш (яхши) ўтса, мана шу узун умр ҳам камдир. Агар кулфатлик бўлсачи? Кўз юмиб очгунча фурсатлиги ҳам кўп узундир. Шоир талмеҳ (ўтмишдаги бирор воқеа ёки шахсга ишора), тазоддан унумли фойдаланмоқда.
Сўнгги байт — мақтаъда гап шоирнинг ўз тақдирига кўчади. Муаллиф дам-бадам қон юттираётган бахтдан, ўлим заҳрини ша-карга қўшиб тутаётган ҳаётдан зорланади.
Шеър катта фалсафий мазмунга эга. Ҳар бир киши тақдирида турфа хил кечадиган инсон умри ҳақидаги ўйлардир. Умрнинг нақадар мураккаб бўлмасин, азизлиги, ғаниматлиги, такрорлан-маслиги ҳақидаги ўйлардир.
Шоирнинг айрим шеърларида илоҳий ишқ мавзуси кўзга ташланади. Масалан, «Этти» радифли шеърида ишқ тақдир сифатида талқин қилинади.

Азал деҳқони қаддинг нахлини то сарбаланд этти,
Муҳаббат риштасин кўнглум қуши бўйнига банд этти, -

деган сатрлар билан бошланади шеър. Яъни, яратувчи («азал деҳқони») сенинг қаддинг ниҳоли («наҳли»)ни ўтқазган куниёқ муҳаббат ипи («риштаси»)ни кўнглум қуши бўйнига боғлаган («банд этган») эди. Бироқ у шоир вафоларига жафолар билан жавоб беради. «Хоки тани» (оёқ ости бўлган тани) устига «гарди саманд» этади (от ўйнатади), «ағёр» (рақиб)ларни «аржуманд» (азиз) этади ва ҳоказо.
Алмаийнинг шеърлари орасида ҳазил-мутойибага мойиллари ҳам учрайди. «Майлигаму?» радифли шеъри савол-жавоб - диалог асосига қурилган. Юмшоқ, ўиноқи оҳанг, майин эркаланиш шеърнинг бошидан охиригача давом этади:

Дедим: қулоғингга олтун исирға тақ, ярашур,
Деди: тешуклар оғрийди, тор, майлигаму?

Дедим: сочингға улағил кумуш попук, ярашур,
Деди: белимга тегиб оғритор, майлигаму?

Дедим: қўлингга жавоҳир узук солгил, ярашур,
Деди: қўлимда сўнгак йўқ, сиқор. майлигаму?

Дедимки, кўксунга гуҳардин айлагил маржон,
Деди: оғир, не қилурман, букор, майлигаму?

Дедим: юракдин ўлан шоҳидин кийинг кўйлак,
Деди: бу оқ баданима ботор, майлигаму?

Дедим: аёғинга кийгил қаро чармдан кафш,
Деди: қабарса нетурман, бекор, майлигаму?

Дедим: висолинга Алмаийни қил меҳмон,
Деди: ойим урушур ҳам сўкор, майлигаму?

Кўрганингиздек, ғазал давомида ёрнинг эркаланиб берган жавоблари асносида унинг мумтоз шеъриятимизда тасвир этиладиган ғоят нозик ва латиф қиёфаси намоён бўлади. Маъшуқанинг қулоқлари шу қадар нозикки, олтин сирға унинг учун қўполлик қилади. Кумуш попук белини оғритади. Унинг қўллари суяксиз, гавҳар маржонлар бўйнига оғирлик қилади. Шойи, ипак кўйлаклар оқ баданига ботади...
Алмаий кундалик турмуш ташвишлари, йил фасллари, масалан, баҳор, ёз ҳақида ҳам ҳазил шеърлар ёзган. Мана, шулардан биттаси:

Эй худо, қишни ёз қилсанг-чи,
Танчадин бениёз қилсанг-чи.

Қор ўрниға сабзалар чиқориб,
Қарға жойиға ғоз қилсанг-чи.

Ахмону дахмону ажуз ингни
Ҳаммасин бир жувоз қилсанг-чи.

Қиш умрини бир нафасга қилиб,
Ёз умрини дароз қилсанг-чи.

Ё совуқ ила қишни бир йилға
Бир-биридин ароз қилсанг-чи.

Ё бериб сабр ила таҳаммулни,
Ул айшини соз қилсанг-чи.

Ё ситамгар жафочи ёримни
Бир манга дилнавоз қилсанг-чи.

Алмаийдек қулингни, эй юзи гул,
Бир қараб, сарфароз қилсанг-чи.

Алмаийнинг бизга етиб келган шеърлари унинг поэтик истеъдоди кўп қиррали эканлигани кўрсатади. Шоир ҳаёт фалсафаси ҳақидаги шеърларини қандай маҳорат билан битса, тасаввуфий ғазалларига қанча чуқур мазмун жойласа, ҳазил-мутойибаларида ҳам шунчалик таъсирчанликка эришишга муваффақ бўлади. Араб, форс тилларини билиши сўзларнинг маъно товланишларидан самарали фойдаланиш имконини берган. Қофия ва радифлар, асосан, фикрни етказишда, шеърнинг руҳи ва йўналишини белгилашда муҳим рол ўйнайди. Шоир вазннинг имкониятларидан жуда самарали фойдаланади.

«Калила ва Димнаи туркий»

Алмаийнинг энг катта хизматларидан бири «Калила ва Димна»ни таржима қилиши бўлди. Таржима жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди. 15 йилда «Калила ва Димнаи туркий» номи билан уч марта (1898-1901-1913) чоп этилди.
Алмаий таржимани тошкентлик мухлиси Муҳаммад Мусо Исоқози ўғлининг илтимоси билан амалга оширган. Нақл қилинишича, Муҳаммад Мусо кўпдан ушбу китобга қизиқиб юрар, Алмаийга ўқитиб, оғзаки таржима қилдириб, эшитар экан. Ниҳоят бир куни бутун китобни таржима қилиб беришини сўрабди. Алмаий рози бўлибди. Муҳаммад Мусо уни ўз меҳмонхонасига олиб келибди. Оиласини моддий жиҳатдан таъминлаб турибди. Алмаий уч йиллик ишни уч ойда тамомлаб, таржимани Муҳаммад Мусо қўлига тутқазибди. Хуллас, таржима шоир вафотидан кейин етти йил ўтгач, тошбосмага тайёрланади. Уни машҳур котиб Мирза Ҳошим Хўжандий босмага тайёрлайди.
«Калила ва Димна» бундан 1700 йиллар илгари Кашмирда яратилган. Қадим номи «Панчатантра» («Беш китоб»)дир. Буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний у ҳақида шундай ёзган эди:
«Ҳинд халқи илмнинг жуда кўп тармоқларига ва сон-саноқсиз китобларга эга. Уларнинг ҳаммасини қамраб олиш қийин. Лекин шунга қарамай, бизда «Калила ва Димна» номи билан юри-тиладиган ҳиндларнинг «Панчатантра» китобини таржима қилишни жуда хоҳлар эдим. Бу китобни ҳиндчадан форсчага, форсчадан арабчага ва ундан сўнг бошқа жуда кўп тилларга таржима қилдилар».
Дарҳақиқат, у Беруний замонасидаёқ дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган эди.
Унинг биринчи таржимаси ВИ асрга тўғри келади. Эрон шоҳи Анушервони Одил (531—579) бу китобнинг таърифини эшитиб, Барзуя деган табибини юбориб, оддиради ва паҳлавий (қадимий Эрон) тилига таржима қилдиради. ВИИИ аср бошларида Абдулла ибн ал-Муқаффаъ Барзуя нусхасидан арабчага таржима қилади. Дунёнинг бошқа тилларига қилинган таржималар учун асос бўлган нусха мана шу арабча нусхадир.
932 йилда машҳур тожик шоири Рудакий «Калила ва Димна» мавзусида достон ёзгани маълум.
«Калила ва Димна»ни 1494 йилда Ҳусайн Воиз Кошифий арабча нусхасидан форсчага таржима қилиб «Анвори Суҳайлий» номи билан амир Шайхим Суҳайлийга тортиқ этади.
«Калила ва Димна» чиғатой (ўзбек) тилига биринчи марта Муҳаммад Бакрий деган киши томонидан ХВИИИ асрда Шарқий Туркистонда таржима қилинган. Сўнг 1718-19 йилларда Қашқарда Мулла Темур, 1837-38 йилларда Хоразмда Муҳаммадниёз деган киши таржима қилганлари маълум. Алмаийнинг таржимаси «Калила ва Димна»нинг турк (ўзбек) тилидаги илмга маълум бўлган тўртинчи таржимасидир.
Алмаий ўз таржимасини «Калила ва Димнаи туркий» деб атади. Китобнинг ўзбекча таржималари орасида энг машҳури ҳам шу бўлди. Китоб аслида 14 бобдан иборат эди. Таржималар давомида қўшилиб 19 тага етди.
Асли ёзилиш тарихи эса шундай ҳикоя қилинади:
Искандар Ҳиндистон шоҳи Форуғ (Форек)ни енгиб, ўрнига ўз кишисини қўйиб, юришларини давом эттирди. Ҳиндлар Искандар ноибига итоат этмадилар, ораларидан Добшалимни шоҳ қилиб кўтардилар. Замонлар ўтиб, Добшалим халқни унутди, кибр-ҳавога берилди. Мамлакатда зулм, адолатсизлик авж олди. Ҳинд браҳман (руҳоний)лари орасида Бедпой (Бейдабо) деган бир донишманд бор эди. У подшони тўғри йўлга солишга аҳд қилди. Бир шогирди билан бир йил давомида узлатга чекилиб бир китоб ёзди. Бу «Калила ва Димна» эди. Кўпни кўрган Бейдабо тўғри сўзнинг подшога қаттиқ тегишини билиб, барча гапларни ваҳший ҳайвонлар, дарранда ва паррандалар тилидан берди. Шунга кўра, у содда одамлар учун эрмак, онглилар учун ибрат эди.
Добшалим китобдан мамнун бўлади. Мамлакатга яна адолат қайтади. Китобнинг овозаси Анушервони Одилга етади. Барзуя ҳаким узоқ саргузаштлардан сўнг китобдан Эронга нусха кўчириб боради.
Китобдаги Барзуя ҳақидаги боб ҳам ибратлидир. У - машҳур ҳаким. Унинг фикрича, инсон касалликлари орасида энг ёмони мол-дунё тўплаш касаллигидир. Бу қутурган туядан жар устига эгилган икки шохга осилиб қутулиб қолмоқчи бўлган одамнинг ҳолини эслатади. Одам оёқ қўйган жар ёқасидаги индан тўртта илон бош чиқариб турибди. Тепада осилиб турган шохларни бир оқ, бир қора сичқон тинимсиз кемирмоқда. Жаҳаннамдай жарда эса улкан аждаҳо оғзини очиб турибди. Шохларнинг бири устида асалари уяси, асал. Одам ҳамма қўрқувни унутиб, бармоғини ари инига ботиради ва иштаҳа билан асал ейишга тушади. Тотли болдан боши айланади. Жаҳолат мастлиги билан жарга қулайди. Жар бу — дунё, оқ-қора сичқонлар кеча ва кундуздир. Улар умрни тезроқ поёнига етказиш учун узлуксиз алмашиниб турадилар. Тўрт илон қадим ҳинд фалсафаси бўйича борлиқнинг моҳиятини ташкил этган тўрт унсур (сув, олов, тупроқ, шамол)дир. Булардан биронтаси ўз мувозанатини йўқотса, инсон дарҳол маҳв бўлади. Бол - азоби кўп, фойдаси кам фоний дунёдир. Аждаҳо ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган ўлимдир.
Калила ва Димна - асарнинг бош қаҳрамонлари, икки шағолнинг оти. Китобдаги воқеа рожа (ҳиндларнинг ҳукмдори) ва браҳман (донишманд) орасидаги суҳбат билан бошланади. Рожа браҳмандан ёлғон ва туҳмат билан дўстларнинг оралари бузилиб, душманликка айланган ҳикоялардан айтиб беришини сўрайди. Браҳман «Шер ва Ҳўкиз» ҳақидаги ҳикояни айтиб беради. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича эди: Бир бой савдогарнинг ўғиллари бор эди. Улар катта бўлгач, бирор фойдали иш қилмай, ота мол-дунёсини совуришга тушадилар. Ота уларга мол-дунё йиғиш қанчалик қийин иш бўлса, уни фойдали, ақлли, тадбирли сарфлаш ҳам шунча қийин ва нозик иш эканлигини айтади. Ниҳоят, ота насиҳати таъсир қилиб, фарзандлар касб-ҳунар билан машғул бўлишга киришадилар. Катта ўғли савдогарлик қилиш учун узоқ мамлакатга сафарга чиқади. Унинг икки ҳўкизи бор эди. Бирининг оти Шатраба, иккинчисининг оти Бандаба эди. Йўлда ботқоқлик чиқиб, Шатраба ботиб қолади. Чиқариб оладилар. Ҳолсиз бўлгани учун қолдириб кетадилар. Ҳўкиз серсув, серўт жойга бориб яшай бошлайди, семириб кетади, ўйноқлаб маърайди. Шу атрофда бир Шер яшарди. У Ҳўкизни умрида кўрмаган, овозини эшитмаган эди. Ҳўкизнинг ҳайбатли овози Шерни саросимага солади. Аҳволини бошқаларга сездирмаслик учун овга чиқмай қўяди. Атрофидаги ҳайвонлар орасида иккита шағол бор эди. Икковлари ҳам сезгир ва маккор эдилар. Лекин Димна зийракроқ ва ёвузроқ эди. Икки шағол Шернинг аҳволини муҳокама кила бошлайдилар. Димна буни Шернинг нотаниш овоздан қўрқаётганидан эканлигини англаб етади. Уни Шер ҳузурига бошлаб келади. Шер ва Ҳўкиз дўстона яшай бошлайдилар. Улар орасидаги меҳр-муҳаббат кундан-кун ўсиб боради. Шер Ҳўкизга юксак мартабалар беради. Бу ҳол Димнанинг кўнглида ҳасад оловини ёқади. Димна улар орасига душманлик солиш режасини туза бошлайди. Ниҳоят бунга эришади. Шер Ҳўкизни ўлдиради. Димнанинг қилмишларидан хабардор Калила ҳам унинг макр турларидан даҳшатга тушган ва унинг ёвузлигига чидай олмай ўлган эди.
Шатрабани Димнанинг гапи билан ўлдириб қўйган Шер ўз ишидан пушаймон бўлади. Онасининг маслаҳати билан Димна ишини тафтиш қилдиради. Тафтиш давомида Димнанинг туҳматлари аён бўлади ва ўлимга ҳукм қилинади.
Калила ва Димна воқеаси шу билан тамом бўлади. Бироқ бу ҳикоя ичидаги турли далил ва муносабат учун келтирилган ўнлаб ҳикоячалар бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз ҳолича мустақил, тугалланган сюжетларни ташкил қилади. Рожа ва браҳман суҳбати бундан кейин яна 13 бобда давом этади. Рожа мавзу беради. Браҳман бири-биридан мароқли, бири-биридан ибратли ўнлаб ҳикоялар айтади. Булар ҳаммаси инсонга хос хислатлар - унинг камчилик ва фазилатлари ҳақида. Бирининг самаралари, иккинчисининг оқибатлари ҳақида. Ва улар, албатта, маълум бир муносабат билан келтирилади. Масалан, «Бир кишининг ёнғинда қолган илонни қутқармоқчи бўлгани ва кўп ташвишлар тортиб ундан қутулгани» ҳақидаги ҳикояни олайлик.
Рожа браҳманга икки дўст орасида пайдо бўлган душманлик ҳақидаги ҳикоядан сўнг самимий дўстлар, садоқат ва биродарлик борасида сўзлашни сўрайди. Браҳман Чинкабутар, Қарға, Сичқон, Тошбақа ва Оҳу ҳақидаги ҳикояни бошлайди. Илон ҳикояси шунинг ичида келади.
Кашмирнинг овлоқ бир жойида бир овчи дон сепиб тўр ёяр, уни бир қарға кузатар эди. Кабутарлар донга тушардилару тўрга илинардилар. Овчи бекинган жойидан чиқиб келар, кабутарларнинг ҳар бири ўз жонини қутқариш учун ҳаракат қилиб, тўрга янада маҳкамроқ ўралар эдилар. Шунда кабутарларнинг бошлиғи Чинкабутар ҳаммани осмонга баравар кўтарилишга чақиради ва шу тариқа тўр билан учиб овчидан қутуладилар. Чинкабутар дўсти Сичқонни топиб, биргаликда дўстларининг оёқларини банддан ха-лос қилдилар. (Сичқон тўр ипларини қирқади.) Бу воқеаларни кузатиб турган Қарғанинг Кабутар ва Сичқон дўстлигига ҳаваси келади. Сичқонга келиб дўст бўлишни таклиф қилади. Сичқон Қарға билан унинг орасида ҳеч қандай яқинлик йўқлигини, кимки ўз тенги билан бўлмаса, унинг бошига Какликнинг куни тушишини айтади. Қарға уни айтиб беришини сўрайди. Бир куни тоғ этагидаги сайроки Какликнинг овозини Лочин эшитиб, у билан дўстлашгиси келиб қолибди. Лочин ҳар қанча ҳаракат қилмасин, Каклик унамабди. Лочин онтлар ичибди. Охири Каклик кўнибди. Улар Лочин уясида иноқ яшай бошлабдилар. Лекин бу иноқлик узоқ чўзилмабди. Бир куни очиққан Лочин бир баҳона билан Какликни шарт иккига бўлиб еб қўйибди.
Қарға Сичқоннинг далил учун келтирган ҳикоясига қарши уни ранжитиш хаёли йўқлигини, уни еган билан қорни тўймас-лигини, хаёлида самимий дўстликдан бошқа нарса йўқлигини айтади. Сичқон яна далил келтиради. Дўстлик даъвосини қилган душманнинг сўзига ишонган одамнинг бошига илонни қутқариб балога қолган туякашнинг аҳволи тушишини айтади. Бу машҳур ҳикоя шу муносабат билан ўртага чиқади.
Унинг мазмуни қуйидагича:
Туя минган бир киши йўлда кетарди. Олдидан ўт кетган дашт чиқибди. Катта бир илон оловлар устида тўлғанарди. У қўз ёш тўкиб, туякашдан қутқаришни илтижо қилади. Туя минган кишининг раҳми келади. Тўрвасини найза учига боғлаб, илон томонга узатади. Илон тўрва ичига киради. Халоскор бир оздан сўнг тўрва оғзини очиб уни чиқариб юбормоқчи бўлади. Илон тўрвадан чиққач, халоскорини ва унинг туясини чақмасдан кетмаслигини айтади. Улар орасидаги яхшиликка яхшилик қайтмаслиги ҳақидаги баҳс анча давом этади. Илон яхшиликка ёмонлик қайта-риш одамзодлар мазҳабида борлиги ҳақида гувоҳлар топади. Та-содифан шу ердан ўтиб қолган тулки туякаш жонига ора киради. Устамонлик билан илонни тўрвага киритиб, туякаш қўлига тутқазади.
Қарға ва Сичқон можароси шу тахлит давом этади. Илон ва туякаш масали дўсту душманни фарқлаш, душманнинг макру ҳийлаларига учмаслик, зарурат туфайли берадиган онту ваъдаларига алданмаслик ҳақидадир. Ҳикоя Шарқ адабиётида кенг ишланган Тошбақа ва Чаён масалини эсга туширади.
Алмаий «Калила ва Димна»ни ўзбекчага таржима қилар экан, уни ўзбек ёзувчисининг диди ва қарашларига мослашга ҳаракат қилди. Кўпчилик тафсилотларни қисқартирди. Боблардаги сарлавҳаларни ўзгартирди. Мавзуни сарлавҳага чиқарди. Ҳикояларни шеърий парчалар билан зийнатлашга, хулоса - ҳиссаларни 2-4 мисрали ихчам байтлар билан беришга ҳаракат қилди. Ҳинд эпоси «Калила ва Димна»ни чиндан ҳам «Калила ва Димнаи туркий»га айлантирди. Халқимизни жаҳон адабиёти дурдоналари билан таништиришда, ўзбек ва ҳинд халқларини бир-бирларига яқинлаштиришда муҳим хизмат қилди.
Б. Қосимов тайёрлаган


Кимки аслида бадумид эрур,
Яхшилик ул кишидан этма умид.

* * *

Чиқмағил маккорликнинг томига,
Тушкассн аду балонинг домиға.
Арфа экиб дашт билан роғда,
Буғдой олгум дема урар чоғда.

* * *

Жароҳатким етар кўнгилга тилдин,
Қилолмас ҳеч марҳам ани барҳам.

* * *

Қаноат қил, эй нафс, андакка ҳам,
Ки келтургуси ҳирс бешак алам.

 
Абадий Ватан ҳикмати PDF Босма E-mail
29.04.2014 18:11

Эй Навоий, ўзни мақбул истасанг, туфроқ бўл
Ким, эрур мардуд, улким бошида пиндори бор.

Байтдаги “мардуд” калимаси рад этилган, қувилган,“пиндор” сўзи эса фикр, хаёл, тасаввур, мажозий маънода кибрни англатади. Байтда туфроқ, мақбул, мардуд ва пиндор сўзлари воситасида талмиҳ ва тазод санъати кўлланган. Яъни улуғ бобомиз Одам а.с. ва Шайтон қиссасига ишора қилиб ёзмокдаки: “Эй Навоий, Ҳақ даргоҳида мақбул бўлмоқ истасанг, туфроқ каби хокисор бўл. Чунки кимнинг бошида кибру ғурури бўлса, у мардуд, яъни Шайтон каби Яратувчининг даргоҳидан қувилгандир”.
Байтдан мақсад кибрни мазаммат қилиш ва одамларни хокисорликка ундашдир. Зеро, кибр инсон қалбидаги тузалиши қийин бўлган хасталикдир. Шунинг учун ҳам барча дин ва таълимотларда кеккайган кимсалар танқидга учраган.
Қуръони каримнинг бир қатор оятларида мутакаббирлар лаънатланган ва жойлари жаҳаннам экани хабари берилган. Жумладан, “Зумар” сурасининг 60-оятида: “Ахир, жаҳаннам кибр қилувчиларнинг жойи эмасми? (Албатта ўшаларнинг жойидир)”, деб айтилса, шу суранинг 72-оятида яна таъкидланади: “Малоикапар тарафидан айтиладики: “Ундай бўлса, жаҳаннамда ҳамиша (абадий) қолгувчи бўлган ҳолингизда унинг дарвозаларидан киринглар!”
Ҳадиси шарифларнинг бирида қалбида хандал уруғича кибри бор инсоннинг жаннатга кирмаслиги қатъий таъкидланган.
Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида инсон хулқини “ҳамида афъол ва замима хисол” яъни мақтапган яхши феъллар ва мазаммат қилинган ёмон иллатларга ажратиб, уларни бирма-бир очиқлаб, таърифлайди. Кибр ҳақида эса бир ўринда: “мутакаббир — малъун”, дейди. Буларнинг акси бўлган тавозе ва хокисорликни тарғиб этади.
“Насойим ул-муҳаббат”да шайх Юсуф бин Ҳусайн Розийнинг бундай деганини эслатади: “Барча яхшиликлар уйнинг ичкарисида, унинг калити тавозедир. Барча ёмонликлар ҳам уйнинг ичкарисида. Унинг калити такаббурликдир”.
Одатда, инсонлар илми, ҳусни, насаби, мансаби ва мол-дунёси билан фахрланади, кибр қилади. Баъзилар сурбетларча ўзини бошқалардан устун тутади ва кези келганда уялмай ҳақдорлигини ҳам билдириб қўяди...
Имом Муҳаммад Ғаззолий аксар асарлари, жумладан, “Кимёи саодат”да кибрнинг даражалари, офатлари ва улардан қутулишнинг чоралари ҳақида батафсил маълумот берган. Унинг таъкидлашича, киши то ўз нафсини танимагунча, тупроқдан ва бир қатра нопок сувдан яратилгани ҳақида тафаккур қилмагунча ёки ҳуснига мағрур инсон қорни ва вужудидаги ахлат ва нажосатлар ҳақида мушоҳада юритмагунча, бу иллатдан халос бўлиши қийин.
Ғаззолий мазкур китобида шундай бир ривоят келтиради. Бани Исроил тоифасида бир обид бўлган экан. Тақвоси туфайли шу даражага етибдики, доимо бошига бир парча булут соя солиб юрар экан. Кунларнинг бирида бадахлоқ бир киши яхшилик соғиниб: “Мен ҳам обид каби яхши инсон бўлсам, унинг файзидан зора менга ҳам юқиб қолса”, деган ниятда обиднинг ёнига бориб ўтирибди. Шунда обид: “Сен ким бўлдингки, менинг ёнимда ўтирасан. Сендан нокасроқ ким бору, мендин обидроқ ким бор?! Ёнимдан тез кет, сенинг касофатинг менга ҳам тегади”, дебди. Шунда ҳалиги одам ўрнидан туриб кетаётса, булут ҳам у билан кетибди. Обид эса офтобда қолибди. Оллоҳ таоло ўша замон пайғамбарига: “Обиднинг кибру манманлиги боис барча яхши амалларини бекор қилдим, фосиқнинг сидқу ихлоси туфайли барча ёмонликларини кечирдим”, деб ваҳий юборибди.
Навоий ғазаллари вақти-вақти билан инсонни хокисорликка ундаб, унга муҳаққақ ўлимни эслатиб туради. Зотан, ҳар бир киши асли туфроқ бўлгани ва яна туфроққа қайтиши муқаррар эканини ҳис қилиб яшаса, унинг қалби уйғоқ бўлади. Бундай инсон такаббурликдан сақланади. Пайғамбаримиз с.а.в. тупрокда ўтириб нон ер ва: “Мен бандаман ва бандаларга ўхшаб таом ейман” дер эканлар. Аҳмад Яссавий ҳазратлари ҳикматларида “аслим туфроқ, наслим туфроқ, жисмим туфроқ” дея инсонларни мушоҳадага ундайди. Дарҳақиқат, тупроқда инсон моҳияти яширин. Аммо уни ҳар қандай ақл идрок эта олмайди. Инсон оёғи остидаги улкан ҳақиқат ҳақида фикр юритганда, гуноҳ ишларга қўл урмасди. Моҳиятан, тупроқ нафақат тирикликдаги Ватан, балки у вафот этгандан сўнг ҳам абадий Ватан бўлиб қолиши билан янада муқаддасдир... Усмон Нурий Тўпбош “Бир кўза сув” асарида: “Инсон зеҳнининг асосий моҳияти тупроқ нималигини билишидадир. Фикрлар ва кўнгиллар тупроқ остига парвона бўпмагунча, кимса бу қоронғилик ўлкасининг сирини еча олмайди”, деган фалсафий фикрни илгари суради.
Навоий таъбирича, кибр фақат жоҳилу нодон кишиларда эмас, илм ўқиб, билимига амал қилмаган кишиларда ҳам зоҳир бўлади. Улуғ шоир “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида Абулхайр Тайнотий деган шайхнинг бундай ҳикматли сўзларини келтиради: “Ҳар ким илмин зоҳир қилса, муроийдур (риёкор) ва ҳолин зоҳир қилса — муддаий (даъвогар). Бир қатла биравни кўрдиким, сув юзида борадур. Деди: бу не бидъатдур, қуруғлиққа чиқ, дағи хуш бор! Яна биравни кўрдиким, ҳавода борур эрди. Анга дағи ушбу сўзни деди, дағи сўрдиким, қаён борурсен? Дедики, ҳажга. Дедиким, бор!”

Кўриб ўтганимиздек, Навоий ҳазратлари бир байт мисолида кибрни қоралаб, хокисорликни тарғиб қилади. Бу ҳар биримиз учун ғоят ибратли ва ҳикматли даъватдир.

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ

 


37 дан 63 сахифа