Тунги чипор капалак. Ҳерманн Ҳессе. PDF Босма E-mail
28.10.2013 18:24

Кеч кириб, қош қораяётган пайт эди. Меҳмоним ва дўстим Ҳайнриҳ Мор кечки сайрдан қайтиб келиб, иш хонамда камина билан бирга ўтирарди. Ўйдим-чуқур деразадан олисдаги қирғоқлар кўл ғира-шира кўриниб турарди. Кичик ўғлим бизга хайрли тун тилаб кетди-ю, суҳбатимиз беихтиёр болалик ва у билан боғлиқ хотираларга кўчди.
– Фарзандли бўлганимдан бери, – гап бошладим мен, – болалик давримдаги баъзи бир ишқибозликлар яна қўзий бошлади. Ҳатто капалак йиға бошлаганимга ҳам қарийб бир йил бўлиб қолди. Капалакларимни кўрасанми?
У “ҳа” деди ва мен енгилгина қоғоз қутиларимдан икки-учтасини олиб келгани кетдим. Олиб келиб, қутиларимдан биринчисини очганимда, аввалига унинг ичи қорайиб кетганини сездик; қанотлари тик капалаклар эса бир-бирини ажратиб бўлмайдиган ҳолда эди.
Чироқни ёққани гугурт чаққандим, бирдан ташқаридаги манзара аллақаёққа ғойиб бўлди, деразани тунги кўкимтир зимистон чулғаб олди. Энди капалакларим чироқ ёруғида қути ичида ажойиб бир тарзда ярақлаб кетди. Биз қутичага энгашиб, чиройли, ранг-баранг капалакларни томоша қилиб, уларнинг номларини атай бошладик.
– Мана бу сариқ рангли тасма капалак, – дедим мен унга, – лотинча номи “fulminea” деб аталади, бу ерларда кам учрайди.
Ҳайнриҳ Мор қутидаги капалаклардан бирини игнаси билан олди-да, унинг қанотлари остига синчиклаб разм сола бошлади.
– Қизиқ, – деди у, – капалакларни кўришим билан болалик хотираларим бу қадар аниқ ёдга тушади деб сира ўйламовдим.
У капалакни яна ўз жойига қадаб қўяркан, қутича қопқоғини ёпиб, “Бас, етар! ” деди.
Бу гапни у тўсатдан ва шу қадар тез айтдики, назаримда ушбу хотираларни эслаш унга ёқмаётгандек туюлди. Қутичани жойига элтиб қўйиб, қайтиб келганимда унинг энсиз, қорамтир чеҳрасида табассум пайдо бўлганди. У мендан сигарета сўради.
– Капалакларингни яхшилаб кўрмаганимга мендан хафа бўлма, – деди у.
– Болалигимда менинг ҳам худди шунақа тўпламим бор эди, лекин афсуски, у билан боғлиқ хотирага менинг ўзим нуқта қўйганман. Бу воқеани эслаш камина учун уят бўлса ҳам, уни сенга айтиб бермоқчиман.
У сигаретани чироқ шишаси устига тутиб ёндирди, чироқнинг яшил қалпоқчасини ёпиб қўйди, юз-кўзларимизни қоронғилик қоплади, у очиқ турган дераза рахига чўнқайди. Энди унинг озғин, келишган жуссаси зимистон ичида кўринмай қолди. Камина сигарета тутатдим, ташқарида, узоқда қурбақаларнинг вақир-вуқир овозлари тунни тутиб кетди, дўстим эса ҳикоясини сўзлай бошлади.

* * *

Капалак йиғишни саккиз ё тўққиз ёшларимда бошлаганман. Даставвал бунга ўта берилиб эмас, балки шунчаки бошқа ўйинлар ва қизиқишларим қатори қараганман. Аммо иккинчи ёзда, ўшанда камина ўн ёшлар атрофида эдим, ушбу қизиқишим мени бутунлай ўзига ром этиб, шунақанги ишқибозликка айландики, буни менга бир неча марта тақиқлаб қўйишларига ҳам тўғри келганди, чунки капалакдан бошқа ҳамма нарсани унутиб юборгандим. Капалак тутаётганимда шундай берилиб кетардимки, ҳатто минорадаги соатнинг бонг уриши ҳам қулоғимга кирмасди, бундай ҳол мактабга бораётганимда ёки тушлик вақтида, шунингдек, таътил пайтларида ҳам тез-тез бўлиб турарди, кўпинча овқатлангани уйга ҳам келмасдан, эрталабдан то шомга қадар уйдан олиб чиққаним бир бурда нон билан қаноатланиб юраверардим.
Ҳозир ҳам баъзан фавқулодда чиройли капалакка кўзим тушиб қолгудек бўлса, ўша ишқибозлигим тутиб қолади. Шунда камина яна болаларга хос қандайдир номаълум, ўтли завқ-шавқ чулғаб олади. Болалигимда илк марта махаон (қора хол-хол катта сариқ капалак)ни тутган пайтимда ана шундай қувонгандим. Шундан кейин, болалик чоғларимда тушдан кейинги жазирама иссиқларда қуруқ ҳовурли дала-ю ўтлоқларда, эрталабки салқин боғларда ёки кечки сирли ўрмон этакларида худди хазина изловчига ўхшаб, дақиқа сайин ажойиб тасодифларга, кутилмаган ҳодисаларга ва омадга умид боғлаб, қўлда тўр билан пайт пойлаб юрган адоқсиз дамларим бирин-кетин ёдга тушади. Ўшандай дамларда чиройли бир капалак, майли жуда ноёб бўлмаса ҳам, гул бандига қўниб, қуёшда товланиб, ранг-баранг қанотларини бирма-бир ёзиб-йиғиб турганини кўриб қолсам борми, қувончдан энтикиб, нафасим бўғзимга тиқилади, унга яқинроқ бориб, қанотларидаги тип-тиниқ томирчаларни, ялтироқ ранг-баранг доғларини, тумшуқчасидаги ҳар бир нафис тукни томоша қилиш менга шунақанги зўр, ёқимли қувонч бағишлардики, каминага бундай гўзал туйғуни ҳис этиш кейинги ҳаётимда ҳам насиб этмаса керак.
Капалакларимни оддий эски қутида сақлардим, чунки ота-онам камбағал бўлганликлари сабабли менга қиммат нарсаларни совға қилолмас эдилар. Қути ичига игналарни қадаб қўйиш учун шиша тиқинидан кесиб-кесиб олинган пўкак парракларни елимлаб чиққандим, бойлигимни қутининг ана шу майда-майда картон қопқоқчалари орасида асраб-авайлар эдим. Аввалига уни ўртоқларимга бажонидил ва тез-тез кўрсатиб турардим, бироқ бошқаларнинг ойнаванд қопқоқли ёғоч қутилари, капалак қуртга мўлжалланган яшил дока қопламали ва ундан ҳам зўр қутилар бор эди, шу сабабданми, мен ўзим ясаган оддийгина жиҳозим билан улар олдида мақтана олмас эдим. Бунга унчалик эҳтиёж ҳам сезмасдим, шу тариқа бинойидек ва ҳатто қойилмақом ўлжа тутганимда ҳам, буни ҳеч кимга айтмасдан сир сақлашга, фақат сингилларимгагина кўрсатишга одатлангандим. Кунларнинг бирида бизда кам учрайдиган кўк рангли капалак тутиб олдим, қанотларини таранг тортиб, қуритгач, уни ҳеч бўлмаса қўшниларимизга, ҳовлининг нариги тарафида яшайдиган муаллимнинг ўғлига кўрсатиб, мақтангим келди. Бу боланинг айби, ниҳоятда пухта иш қиларди, бу хусусият баъзи болаларда айниқса кучли бўлади. Унинг ҳам арзимаган капалаклар тўплами бўлиб, уни жуда эҳтиёт қилиб сақлар, шу боис уни хазина дейиш мумкин эди. У ҳатто капалакларнинг синган ва шикастланган қанотларини ҳам елимлаб, қайта тиклай олишдек ноёб ва қийин ҳунарнинг ҳадисини олганди. Тўғриси ҳар жиҳатдан қобил бола бўлганидан унга ҳасад аралаш ҳавас билан қарардим.
Ана шу қобил болага товланадиган рангин капалагимни кўрсатдим. У уни омилкор мутахассис сингари синчиклаб кўздан кечирди, унинг ноёблигини эътироф этди ва унга салкам йигирма пфенниг* нарх белгилади; Эмил чиндан ҳам тўпламга тааллуқли барчи ашёларни, айниқса, почта маркалари ҳамда капалакларни қийматини чамалаб, баҳолай биларди. Бироқ, шундан сўнг у товланадиган кўк рангли капалакларни танқид қила бошлади, унингча, капалакларнинг қанотлари таранг тортилмаган, ўнг муртчаси букилган, чап муртчаси эса тиккайган эмиш, шу аснода у яна бир камчиликни тўғри топди, яъни капалакнинг иккала оёғи ҳам йўқ эди. Менимча, булар унчалик катта нуқсонлар эмас эди, лекин шундай бўлса ҳам, манови инжиқ менинг қувончимга оз бўлса-да, путур етказиб бўлганди, шундан сўнг капалакларимни унга кўрсатмайдиган бўлдим.
Орадан икки йил ўтди, биз энди кап-катта ўсмир болалар бўлсак-да, лекин менинг капалаклар тутишга бўлган иштиёқим ҳамон авжида эди. Бир куни ўша Эмил тунги катта чипор капалак тутибди деган миш-миш тарқалди. Бу гап мени бугун бир ўртоғимнинг бир миллион меросга эга бўлгани ёки Ливиуснинг йўқолган китобларини топиб олгани ҳақидаги хабардан ҳам кўра кучлироқ ҳаяжонга солди. Тунги чипор капалакни бизлардан ҳали ҳеч ким тутолмаган эди, мен уни ўзимдаги капалаклар ҳақидаги эски китобга солинган расмдангина билардим, ундаги мисдан ишланган нақшин гравюра менга баъзи замонавий ранг-баранг босма нашрлардан ҳам кўра гўзалроқ ва пухтароқ туюларди. Номларини ўзим биладиган ва ҳали қутичамдан жой олмаган барча капалаклар ичида тунги чипор капалакни қидириб топишга бўлган иштиёқим ниҳоятда кучли эди. Шу боис унинг китобимдаги суратини тез-тез томоша қилиб турардим. Бир ўртоғим менга у ҳақда шундай деганди: “Агар дарахт танасида ёки қояда қўниб турган жигарранг капалакка бирон қуш ё парранда ёки бошқа бир ғаними ҳамла қилмоқчи бўлса борми, у дарҳол олдинги қорамтир қанотларини ёзиб юбориб, чиройли орқа қанотларини кўрсатар, шунда улардаги катта тиниқ кўзлар ногаҳон ғалати кўриниб кетаркан, бундан чўчиган қуш эса капалакни холи қўяркан”.
Шундай ажойиб капалакка келиб-келиб ўша мижғов Эмил эга чиқиб ўтирса-я! Буни эшитиб, аввалига суюндим, мана, ниҳоят, ноёб капалак ҳам кўрарканман, деб қизиқишим баттар ортди. Кейин эса, шундай сирли ва ноёб капалакни мана шу мижғовнинг қўлига тушса-я, деб беихтиёр алам қила бошлади. Ниҳоят, ўзимни босдим ва уникига боришни ҳам, тутган капалагини томоша қилиб ўтиришни ҳам ўзимга эп кўрмадим. Бироқ ана шу воқеа сира хаёлимдан кетмади ва эртаси куни мактабда ўша миш-миш тасдиқлангандан сўнг, боришга қатъий қарор қилдим.
Тушликдан сўнг уйдан чиқишнинг имкони бўлди дегунча ҳовлидан чопиб ўтиб, қўшни уйнинг тўртинчи қаватига кўтарилдим, у ерда хизматкор қизларнинг хоналари ва тахта деворлар бўлиб, уларнинг ёнидаги мен ҳавас қиладиган мўъжазгина хонада муаллимнинг ўғли ёлғиз ўзи яшарди. Йўлда бораётган ҳеч кимни учратмадим, юқорига чиқиб хона эшигини тақиллатгандим, ҳеч қандай жавоб бўлмади. Эмил уйда йўқ эди, тутқични босгандим, эшик очилди, одатда уни ўзи йўқлигида эринмай маҳкамлаб беркитиб юрарди. Ичкарига кириб, ҳеч бўлмаса капалакни кўрай деб, дарҳол таранг тортиб қўйиладиган токчада бўлиши мумкинлиги хаёлимга келгунга қадар уни беҳуда қидирдим. Ҳақиқатдан ҳам мен уни ўша ердан топдим: жигарранг қанотлари энсиз қоғоз тилимчалари билан таранг қилиб тортиб қўйилган тунги катта чипор капалак токчада осиғлиқ турарди, унга томон энгашиб, унинг тук босган оч жигарранг муртларини, хушбичим ва нафис рангин қанотларининг четларини, қуйи қанотлари остидаги, четидаги нозик тукларини, барчасини шундоқ яқиндан туриб томоша қилдим. Фақатгина кўзларини кўролмадим, чунки уларни қоғозчалар тўсиб турганди.
Юрагим дукиллаб, васвасага тушдим, қоғозларни шартта олиб ташладим-да, нина-тўғнағични суғуриб олдим. Тўртта катта-катта кўз менга қараб турар, улар расмдагидан чиройлироқ ва ажойиброқ эди, уларга қараб турарканман, шу тобда мени гўзал капалакни қўлга киритишга бўлган шунақанги кучли иштиёқ чулғаб олгандики, ўйлаб ҳам ўтирмасдан, ҳаётимда биринчи марта ўғриликка қўл урдим, аллақачон қуриб қотган ва шакл-шамойилини йўқотмаган капалакни игна-пигнаси билан аста суғуриб олиб, кафтимда кўтариб хонадан олиб қочиб кетдим. Шу онда мен фавқулодда зўр қониқиш туйғусидан бўлак ҳеч нимани ҳис этмас эдим.
Капалакни ўнг қўлимда яширганимча, зинадан туша бошладим. Шунда пастдан кимнингдир менга томон келаётгани эшитилди, бирдан виждоним қийналаётганини, ўғирлик қилиб қўйганимни ва ўзимнинг ярамас бола эканлигимни англадим. Айни пайтда азбаройи сирим фош бўлиб қолишидан қўрққанимдан савқи табиий равишда ўлжани тутиб турган қўлимни нимчам чўнтагига солдим-да, аста йўлимда давом этдим. Менга қараб келаётган оқсоч қиз ёнидан қўрқа-писа, аблаҳлик ва шармандаликдан елкамни қисиб ўтиб, уйимиз эшиги олдида туриб қолдим. Юрагим ҳамон дук-дук урар, пешонам терлаб кетган, ўз-ўзимдан даҳшатга тушиб, нима қилишимни ҳам билмасдим.
Ниҳоят, капалакни ортиқ ушлаб туролмаслигимни, бунга ҳаққим ҳам йўқлигини ва уни жойига қайтариб олиб бориб, ҳеч нарса бўлмагандек қилиб қўйишим кераклигини тушуниб етдим. Шундан кейин йўлда кетатуриб, бирон кимсани учратиб қолишдан ва сирим фош бўлишидан ҳам қўрқмасдан, тез ортимга бурилдим, зинадан югуриб чиқиб, бир дақиқадан сўнг яна Эмилнинг хонасида пайдо бўлдим. Қўлимни авайлаб чўнтагимдан чиқардим-да, капалакни стол устига қўйдим. Унга бир қур назар ташлаб улгурмаёқ, фалокат содир бўлганини кўриб, сал бўлмаса ҳўнграб юбораёздим, чунки тунги чипор капалак бутунлай дабдала бўлган эди. Унинг ўнг олд қаноти ва ўнг мурти йўқ эди, шунда синган қанотни эҳтиёткорлик билан чўнтагимдан олмоқчи бўлган эдим, у ҳам титилиб кетди, энди уни ямаб бойлашнинг сира иложи йўқ эди.
Шу топда мени ўғриликка қўл урганим ҳақидаги ўйдан ҳам кўра ўзим абгор қилган ана шу гўзал ва ноёб капалак нигоҳи кўпроқ қийнарди. Бармоқларимга ҳарир жигарранг қанот чанглари ёпишиб қолган, синган қанот ҳам шу ерда эди, мен шу онда уни қайтадан бутлаш учун бор мол-мулким ва ҳар қандай қувончимни қурбон беришга ҳам тайёр эдим.
Хафа бўлиб уйга бордим ва тушдан сўнгги бутун вақтимни ўзимизнинг мўъжазгина боғимизда ўтказдим, кеч тушганидагина юрак ютиб, онамга ҳаммасини айтиб беришга журъат этдим. Онам қўрқиб кетди ва хомуш бўлиб қолди, бироқ айбимга иқрор бўлишимнинг ўзиёқ менга ҳар қандай жазога мустаҳиқ бўлишимдан кўра қимматга тушганини дилдан ҳис этиб турарди, чоғи.
– Сен Эмилнинг олдига бор ва ўзинг унга ҳаммасини айтиб бер,– деди онам ниҳоят, қатъий оҳангда. – бу сен учун бирдан-бир ва ягона имконият, токи бу ишни қилмас экансан, мен сени кечира олмайман. Унга айт, нарсаларингдан ўринма-ўрин ўзига ёққанини танлаб олсин, ва албатта, ундан кечирим сўрашни ҳам унутма.
Бу иш ўша намунали боладан бошқа ҳар қандай ўртоғимда осонроқ кечиши мумкин эди. Унинг мени тушунмаслигини ва эҳтимол, менга умуман ишонмаслигини ҳам олдиндан ҳис қилиб турардим. Кеч кириб, қоронғи тушай деб қолган бўлса ҳам, у ерга қандай қилиб боришни билмасдим. Пастда, даҳлизда онам учраб қолиб, яна уқтириб секингина деди: “Унга шу бугуноқ бориб айтишинг керак, ҳозироқ бор!”
Ниҳоят, бордим ҳам, пастки қаватдан Эмилни сўрадим, у келди ва бирданига кимдир унинг тунги чипор капалагини расво қилганини сўйлай кетди, у бу ишни ким қилганини, биронта ёмон болами ё қуш-муш ёки мушукми, билмас эди. Шунда мен билан бирга юқорига чиқиб, менга ўша капалакни кўрсатишини илтимос қилдим. У билан бирга юқори қаватга чиқдик, ўша хона эшигини очиб, шамни ёқдик, токчада дабдаласи чиққан капалак ётарди. Унинг капалакни қайтадан тиклаш устида ишлагани кўриниб турарди, синган қанот авайлаб ёйилган ва момиқ қоғоз устига қўйиб қўйилган, лекин уни қайта тузатиб бўлмасди, чунки энди капалакнинг мурти йўқ эди – у йўқолганди.
Ниҳоят, унга бу ишни мен қилганимни айтиб, ҳаммасини гапириб тушунтиришга ҳаракат қилдим. Шунда Эмил аччиғи чиқиб, бақириш ўрнига, тишлари орасидан секингина ҳуштак чалиб менга узоқ тикилиб тургач, деди: “Шунақами, демак, ҳали шунақаман дегин...”
Мен унга барча ўйинчоқларимни таклиф қилдим, у ҳовуридан тушган бўлса-да, менга ҳамон нафрат билан қараб турарди, шунда унга бутун капалакларимни таклиф қилиб кўрдим. Аммо у менга:
– Катта раҳмат, сенинг капалакларингни биламан. Қолаверса, капалакларга қандай муносабатда бўлишинг ҳам бугун аён бўлди.
Рости унинг гирибонидан олишимга бир баҳя қолди. Энди ҳеч нарса қилиб бўлмасди, мен аблаҳ, ярамас одам эдим ва шундайлигимча қолгандим, Эмил эса менинг олдимда худди дунёда адолат ва тартиб рамзидек совуқ ва нафратомуз қиёфада турарди. У мени ҳатто койимади ҳам, фақат менга қараб турар ва мендан нафратланарди.
Шунда мен, агар бир марта хато қилдингми, уни қайта тузатиб бўлмаслигига илк бор гувоҳ бўлдим. Уйга кетдим, онам сўраб-суриштириш ўрнига юзимдан ўпиб, индамай қўяқолганидан хурсанд эдим. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, ётиб ухлашим лозим эди. Лекин аввал ошхонадан яширинча катта жигарранг қутини олиб чиқдим, уни каравот устига қўйиб, қоронғида очдим. Кейин капалакларимни бирма-бир қўлимга олдим-да, бирин-кетин бармоқларим орасида чангини чиқариб эзғилаб ташладим.

Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржималари

____________
* П ф е н н и г – чақа, олмон маркасининг юздан бири.

 
Ноқис (1860-1929) PDF Босма E-mail
21.03.2014 14:57

Ноқис (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдулқодир Муҳаммадшокир ўғли) (1860 — Каттақўрғон — 1929) — ўзбек шоири. Каттақўрғон, Бухоро мадрасаларида ўқиган. 1895 йилда Каттақўрғонга қайтиб, мадрасада мударрислик қилган, деҳқончилик билан шуғулланган. Саъдий, Жомий, Навоий, Фузулий ва бошқага эргашган, улар ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Айниқса, Муқимий ижодига эҳтиром билан қараган, тазмин мухаммаслар ёзган («Доғмен», «Кел эртароқ», «Нозаниним» ва б.).
1905 йилдан Ноқис ижодида ижтимоий мазмун кучайган. Шеърларида ижтимоий адолатсизликка, нодонликка қарши нафрат ифодаланган. Ғазаллари «Баёзи Маҳдий», «Армуғони Хислат», «Баёзи Мирий», «Баёзи Жўрабек» ва бошқа баёзларга киритилган. Ноқис қўлёзмалари — «Баёзи Ноқис» Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №1005)да, «Девони Ноқис» Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №97)да сақланади. 19-аср охири — 20-аср бошларида Бухорода тузилган тазкираларда Ноқис ижодига юқори баҳо берилган. Шоир «Лайли ва Мажнун» сюжети асосида достон ёзганлиги ҳақида маълумот мавжуд. Аммо у ҳали топилмаган. Ноқиснинг баёзлари ва 6 минг мисрага яқин шеърлари сақланган. Faзал ва мухаммаслари ҳофизлар томонидан куйлаб келинади («Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман...» ва б.).


ҒАЗАЛЛАР

* * *

Меҳр моҳинг, оҳу чашминг, гул жамолингдин хижил,
Тўти нутқингдин хижил, булбул мақолингдин хижил.

Лола — гулзори юзунг, наргис кўзунгдин доғлар,
Ғунча оғзинг, дур тишинг, шаккар зулолингдин хижил.

Хайи жабҳангдин — гулобу тийри мужгондин — синон,
Бош эгибон янги эй, қоши ҳилолингдин хижил.

Вўсма қошинг қорасидин, сурма кўз савдосидин,
Хат юзунгни саҳфасидин, нуқта холингдин хижил.

Оғзинг асрориға бўлғай юз Палотун ақли лол,
Софтабъон, мўшикофон шарҳи ҳолингдин хижил.

Жилва ғамзангдин хижолатманд, ғамзанг — жилвадин,
Шуълаи шамъи шабистондур шуоингдин хижил.

Найшакарлар, сарвлар, шамшодлар бу боғ аро
Яъни бўлмишлар бу қадди нав ниҳолингдин хижил.

Зилли покингдин ҳумоу тожу тахти шоҳлар
Салтанат маснаднишинлар нек фолингдин хижил.

Руҳафзо, табъи боло, нукта зебо ёрсен,
Назм иншосиға Ноқисдур камолингдин хижил.

* * *

Даҳр аро, эй нозанин, хўблар сароси сизмусиз,
Ё магар ойинаи оламнамоси сизмусиз?

Сиздин ўзга маҳлиқоларни кўнгул ёд айламас,
Ё жаҳон зеболарин нашъу намоси сизмусиз?

Ғамзадин хуммор кўзлар ўлдуруб, гаҳ тиргузур,
Ишқ аҳлини бошиға можароси. сизмусиз?

Оллоҳ-оллоҳ, ушбу зеболиғда мумтоз ўлдингиз,
Ё Самарқанд ўлкасини подшоси сизмусиз?

Ё малаксиз, ё башарсиз, ё пари, ё ҳурсиз,
Аҳли оламни талабда муддаоси сизмусиз?

Ақл ҳайрон, сийна бирён, дил парешон, эй пари,
Рост айтинг, эй санам, жонлар балоси сизмусиз?

Жумла маҳрўлар ичида гавҳари якдони сиз,
Ё карам баҳрини дурри бебаҳоси сизмусиз?

Марҳаматни бу гадолар бошидин тутманг дариғ,
Меҳрингиз дилда магар меҳри гиёси сизмусиз?

Кулди, айди, мунча қўйманг пойим узра бошингиз,
Ноқисо, танҳо бу йўлни мубталоси сизмусиз?


МУХАММАСЛАР

* * *

Ишқингда зор бўлдум-у, ғамгин думоғман,
Бемори фурқатингман-у, зоҳирда соғман,
Ақлу ҳушум санинг била ўздин йироғман,
Кўрсат юзингни толиби нури чароғман,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Ўлдум жамолинг шавқида дардинг ололмадим,
Бошингдин, эй санам, нега мен ўргулолмадим,
Бир лаҳза ишрат уйида мажлис қуролмадим,
Лаъли лабингни қандини бир дам сўролмадим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Золим фалак фироқингга солди мени, нетай,
Қандоғ ғамингни сийнада элдин ниҳон тутай,
Сабру қарорим қолмади, эй жон, нечук этай,
Мажнуни бенаво киби ё бош олиб кетай,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Кўрдум юзингни, қолмади бир зарра тоқатим,
Тун-кечаларда йўқ мани бир дам фароғатим,
Заҳр ўлди шаккар оғзима, кетти ҳаловатим,
Билмас киши ғаминг била чеккан надоматим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Сенсан париваш аҳлини шўхи замонаси,
Менман сенинг ғаминг била олам фасонаси,
Кўнгул қушини боиси чангу таронаси,
Зулфунгни доми-ю, яна холингни донаси,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Раҳм айла ҳоли зорима, ороми жоним ўл,
Еткур висол боғига, жону жаҳоним ўл,
Боғи баҳорим ўлғилу ҳам бўстоним ўл,
Жоним фидо қудумингга, кел, нуктадоним ул,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

Ўлсам эди висолингга парвонадек куюб,
Жон берсам эрди, бошими остонангга қўюб,
Махмурлккда бодаи васлинг била тўюб,
Ноқислигимда кўксими тийри мижанг ўюб,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС


Лабинг ганжи ниҳони узра печ урмишму аждар хат,
Ва ё ишқ аҳлини торож этарға ёзди лашкар хат,
Назокатлар бериб даври рухингда атри анбар хат,
Юзунг ёнидаким бош чекти ҳар ёндин муаттар хат,
Гул узра мушкдин килки қазо қилмиш муҳаррар хат.

Кўзунг рамзи магар шўри жаҳонга манбаедурким,
Маони жамъида ҳар нуқта холинг мусъаедурким,
Ки навхатларни таълимида хаттинг мисраедурким,
Жамолинг сафҳасида икки қошинг матлаедурким,
Ёзибдур котиби сунъ они ҳусн аҳли учун сархат.

Кўрунур турфа зебо кўзға райҳон чеҳраи хаттинг,
Юзунг авроқи узра кўп сафолиғ мўҳраи хаттинг,
Не хуш ул чашмаи лаълинг лабида зумраи хаттинг,
Гули рухсорингга кўп зеб берди сабзаи хаттинг,
Бағват хуш бермиш қизил қоғозда ахзар хат.

Қаро қошингмудур кўзга нишон ё тиғи хунхори,
Ва ё гулзор ичида печутоб урмиш сияҳ море,
Парешон кокулунг торимудур ё ишқ элин дори,
Юзунгни теграсида хатмудур ё сунъ паргори,
Қуёшни даврида таҳрир учун чекти мудаввар хат.

Мунаввар қилди ҳуснунг партави оламни сар то пой,
Жамолинг шамъи равшан қилди тунни гар шаби ялдой,
Сани васфинг баёни бўлмағай қоғоз юзида жой,
Юзунгни доғи бирла анжумингдин не асиғ, эй ой,
Қуёшдек ораз узра хуштурур гар хол эрур, гар хат.

Карам базмини ҳар дам манга муътод этсанг, эй соқий,
Хароб ўлған кўнгул мулкини обод этсанг, эй соқий,
Агар бир май сунубон хотирим шод этсанг, эй соқий,
Мани махмурлиғ ранжидин озод этсанг, эй соқий,
Ёзарман гарчи илким титрамакдин келса абтар хат.

Етар ишқ аҳлиға гаҳ зулм, гоҳи марҳамат сандин,
Лабинг бир хандадин гаҳ жон берур, гаҳ жон олур тандин,
Агар ёзсанг хатин ёдида ҳар сўз суд эрур мандин,
Хатинг васфида ҳар неким савод этмиш кўнгул андин,
Эрур бир анбарин занжир савдо аҳлиға ҳар хат.

Шуълаи оразингму ёки шамъи маҳфил, эй маҳваш,
Сафои юзмудур ё барқ урмиш шуълаи оташ,
Бу янглиғ нақши ҳайроний қилур дил жомини беғаш,
Кўрунур гул киби оразда мушкин хат лаби дилкаш,
Варақ гар хуб эмасдур, хуб эмас ёзмоқ муяссар хат.

Сухан бас айла носиҳ, санга йўқтур нафъ бу сўздин,
Сен ўз фикрингда бўлғил, сол мани бу дайр аро кўздин,
Кўруб Ноқис бу хат мазмунини узди умед ўздин,
Навоий берма пандим хосса хат бош чекти ул юздин,
Чиқа олмон хатидин ҳар нечукким чекса дилбар хат.

* * *

Ҳар ки аз расвогии роҳи жунун ораш кунад,
Фикри ботил оқибат расвои бозораш кунад.

Соғаре бигрифту ҳар кас шуд муриди майфурўш
Файзи жомаш то абад аз хоб бедораш кунад.

Сўҳбати ноаҳл пиндорам ба маҳфил гар расад,
Жоми хотирро пур аз махлуз зангораш кунад.

Эй ҳавас, бе марҳабо по дар тамошояш манеҳ,
Ҳалқаи гисўи ногаҳ гирифтораш кунад.

Эй сабо, бар шохи гул таҳрики нолойиқ масоз,
Барги гул бар рўйи ў афтода озораш кунад.

Ман ғуломи он касам аз ғайрати мастонагй
Хоки навмеди кунун бар чашми ағъёраш кунад.

Гар бубинам оразаш як зарра ғам навбад маро,
Ҳафт дўзахро агар бар гарданам бораш кунад.

Ғарра бар иззи жаҳон гаштан нишони аблаҳист,
Як нафас боди ажал ўро нигунсораш кунад.

Зоҳидо, мо аз сари сажжодажўи фориғем,
Сар ба савдои жунуну завқи дидораш кунад.

Ефт зинат з-илтифоти Мири нақши хомаам,
Муждаи назми ман аз мазмуни ашъораш кунад.

Ноқиси табъи маро ҳаргиз нашуд ҳосил камол,
Жодаи бечорагй з-ин қисса бемораш кунад.

 
Бизда ҳамият. Мунавварқори Абдурашидхонов. PDF Босма E-mail
22.08.2013 18:34

Ҳаво қиш ўлдиғиндан ғоят совуқ эди. Кўчалар билчираб битған, бутун атрофни балчиқлар ифлос қилиб ташлаған эди. Шул балчиқларнинг ўртасиндан, балчиқларға ботған, кийимлари йиртилған, икки кўзи нобажо бир етим бола қўлида асо ушлаб келмоқда эди. Лекин бу етим болани кўрған инсон ҳар қандай ҳамиятсиз бўлса ҳам раҳми келур эди.
Мени ёнимдағи зиёлилар «назар-диққатларина жалб этдирдилар». У етим бола бизларға яқин келди-да, шул ерда одамлар борлиғини билмиш каби қарамакға бошлаб бизларға қарши маъюслик бирлан шундай деди:
— Тақсирлар, менға шафқат этиб бир оз маованат қилинғизлар! — дедиғи бирлан ман ёнимдағи зиёлиларни бир нарса бермакларини таклиф этдим. Маним бу таклифим А. афандиға ўхшамадиғиндан манға таҳқир назари бирлан бир қараб олдиғиндан сўнғра бу етим болаға қараб шўйла дедилар:
— Сен ёшсан. Куч ва қувватинг бор, ўқи, мардикор ишла, андин сўнгра пул топилур, — деб қатъий сўзламишдилар. Заволли бола йиғлаб ёлинғон товуш бирлан:
— Ўргулай почча, ўқий десам кўзларим кўр, мардикор ишламак мумкин эмас, балчикдардан юролмайман, қорним оч, таом еғани қудратим етмайди. ... нима қилай? — дедиғи аснода А. афанди ғоятда шиддатли этиб шундай дедилар:
— Овруполиклар кўр, қулоқсиз кар ва ҳоказо ўқумоғи мумкин бўлмағон инсонларға махсус этиб мактаблар очғонлар ва у мактаблардан кўр, карлардан ўқуб чиқғон ин-сонларнинг ҳад ва ҳисоби йўқ, сан ҳам шундоғ мактабда ўқи.
Шундоғ деб эрдилар, зиёлилар қаҳқаҳа этиб кулуб юбордилар. Ман ҳам шу сўзларни сўзладим:
— Сиз бу сўзларингизни қайси ерда сўзларсиз? Берлиндами ва ё Лундундами, ўзингизни зан этурсиз... ақлингиз қайси ерда? — деб эрдимки, А. афандининг чеҳралари буришиб, ачиғлари бирлан манға қараб:
— Сан ёшсан, ҳали санға гап тушғани йўқ, — деб эрдилар, ман жавобан:
—Афандим? Бу вақтда ёшға қарамайди, ҳар бир киши фикр, акд, зеҳн, хизмат, ҳамиятға қараб қолғондир.
Зиёлилар ҳам А. афандининг сўзларина ғоят даража мукаддир бўлдилар. Вужудлари титрамакға бошлади. Мани ҳам ҳамиятим қайнай бошлади ва зиёлиларға қарши:
— Ажабо! Бизлар ўн-ўн беш киши иттифоқ этиб, шу етим болани тарбия қилсак бўлмайдими? — дедигим вақтда Н. ва Й. афандилар масрур бўлиб қабул этған каби бошларини қимилдотдилар-да, сўнгра шуни илова этдилар:
— Сўзладиғинғиз тўғри, аммо А. афанди келсунлар, сўнгра музокара этамиз.
Бу сўзларина қарши А. афанди ғоят ваҳшиёна бир назар бирлан:
— Сизлар ўзинғизни зиёлиман дейсизлар, аммо ... қилғон ишларинғиз ҳеч бири зиёлиларнинг ишлариға ўхшамайди?
Фақир А. афандининг бу сўзларина ғоят даража хафа бўлиб, шундоғ дедим:
— Демак, сизнинг занинғизча, зиёли бўлмак учун ҳамиятсиз, раҳимсиз ўлмак лозимдирми?.. Агарда зиёли бўлмак учун шу шарт лозим эса, балки, сизни зиёли ўлмоқинғиз лозимдир. Бизнинг занимизға зиёли ўлмак ғоят мушкул бир нарсадир. Зиёли Миллат, Ватан нима эдиғини билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва миллатнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келғанда, миллат учун ўзини ҳалокат вартасина ташламакға муҳайё бўлур. Сизнинг билмағинғиз лозимдирки, бизнинг миллатимизға садо ва сўз бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозим эмас. Балки, хизмати, ҳаракати, ёрдами ва ҳиммати бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозимдир. Йўқ эса, «Миллат», «Ватан», «Маданият» — шунға ўхшаш сўзларни билмак билан инсон зиёли бўлмайдир. Агарда шунларнинг маънисини сўрар эсам, балки билмасангиз деб эрдим, А. афанди ғоятда хафа бўлиб, биздан ажралдилар. Биз ҳам буни кўриб, кулиб қолдук. Бирда қарасам заволли бола бир деворға суянмиш ётиюр.
— Сан ҳозирча бориб тур. Эрта ва ё бириси кун кел. Ул вақтда сани ўз ёнимизда тарбия этамиз!
— Раҳмат, раҳмат, Худо хайр берсун, — деб кетди. Бизлар ҳам иттифоқ бирлан ҳар биримиз ҳар тарафға,
А. афандини ҳолиға таассуф этуб тарқалдук.

Муҳаррам
«Садойи Туркистон» №58, 1915 йил 6 феврал

 
Эл нетиб топқай мени… PDF Босма E-mail
17.04.2016 17:19

То муҳаббат дашти бепоёнида оворамен,
Ҳар балият келса ишқ ошубидин бечорамен.

Эл нетиб топқай мениким мен ўзимни топманом,
Буйлаким ишқу жунун саҳросида оворамен.

Қайси захмимға қилурсен чора чун мен эй рафиқ,
Тийр борони балиятдин саросар ёрамен.

Оҳ дуди ичра бир учқун киби кўрган мени
Билдиким, ҳижрон тунига кавкаби сайёрамен.

Кеча ўртансам, саҳар фарёд қилсам, не ажаб,
Ишқ аро парвонаву булбулға чун ҳамкорамен.

Эй харобот аҳли, гар сиз маст ўлуб, мен бўлмасам,
Айб эмас, невчунки сиз – майхора, мен хунхорамен.

Эй Навоий, борди деб аҳбоб, таъжил этма кўп,
Ит киби мен эришиб ул корвонни борамен.

Батафсил ...
 
Бўри. Ҳерманн Ҳессе PDF Босма E-mail
28.10.2013 18:24

Фарангистон тоғларида ҳали ҳеч қачон бундай қаҳратон қиш бўлмаган ва бунчалик узоқ чўзилмаган эди. Бир неча ҳафтадирки, ҳаво очиқ, тиниқ, қуруқ совуқ забтига олган. Кундузлари очиқ, тиниқ мовий осмон остида қор босган кенг, қия далалар нурсиз, оқиш йилтираб, поёнсиз ястаниб ётар, кечалари эса кичкинагина Ой янада тиниқлашиб, сариқ ёғду сочар, унинг ўткир нурлари қирчиллама қиш совуғида қор узра хира аксланарди. Одамлар тепалик тугул, ҳатто кўчаларга ҳам чиқишмас, уйларга биқиниб олишган, тунда кўкимтир Ой нурида қишлоқ кулбаларининг ёниқ деразалари ис босгандек хира кўринар ва тезда ўчиб қолар эди.
Теварак-атрофда яшовчи жониворлар учун ҳам оғир давр бошланган эди. Майдароқлари тўп-тўп бўлиб музлаб қолар, қушлар ҳам қаҳратон қиш совуғига дош беролмай ҳалок бўлиб, қирғий ва бўриларга ем бўларди. Бироқ аёз ва очликдан барчанинг силласи қуриган эди. Бўриларнинг ҳам жуда озгинаси омон қолган, кулфат уларни бир-бирига янада жипслаштирганди. Кундузлари емиш топиш илинжида улар якка-якка изғир эдилар. Дам-бадам қор узра озиб-тўзиб кетган, шарпа янглиғ унсиз пусиб бораётган оч, бироқ ўта ҳушёр бўри кўзга чалиниб қоларди. Қор босган далада кафтдек соя унга эргашади.
Шамолда бир нимани сездими, ўткир тумшуғини чўзиб, тинка- мадори қуриб, қисқа-қисқа увлаб қўяди. Кечалари улар гала-гала бўлиб овга чиқар, бўғиқ увиллаб, қишлоқлар атрофида изғирди. У ерларда мол ва паррандалар оғилларга маҳкам беркитилган, деразаларнинг дарчаларига ов милтиқлари суяб қўйилганди. Онда-сонда итми, шунга ўхшаш майда ўлжани ҳисобга олмаганда аҳвол танг, шундоғам гала ичидан икки бўри отиб ўлдирилган эди
Совуқ ҳамон забтига оларди. Бўрилар иссиқроқ бўлиши учун кўпинча ёнма-ён ётар, ҳувиллаган далаларда унсиз, маъюс термилиб, қулай пайт келишини пойлашарди. Шунда улардан бири очлик азобига дош беролмай, кутилмаганда ваҳимали увлаб юборди. Унга бошқалари ҳам қўшилди, бир зумда чор-атрофни бўриларнинг даҳшатли увиллаган овозлари тутиб кетди.
Ниҳоят, галанинг чоғроққина қисми йўлга отланишга аҳд қилди. Эрта тонгда уяларини тарк этиб, бир ерга тўпланган бўрилар совуқ ҳавони безовта искай бошлади. Сўнг чамаси баравар қўзғалди. Ортда қолганлар олдиндагилар кетидан анча жойгача эргашиб чопиб борди, сўнг иккиланиб тўхтаб, уларга мажолсиз қараб тургач, секин ин-инига қайтди.
Йўлда бораётганлар қиём пайти бир-бирларидан ажралдилар. Учтаси шарқ тарафга – Швейцариянинг Юра тоғлари томон, қолганлари эса жанубга қараб кетди. Учала бўри келишган, кучли бироқ ниҳоятда озиб-тўзиб кетган эди. Оқимтир қоринлари камардек тортилган, қовурғалари аянчли тарзда туртиб чиққан, ҳалқумлари қуруқшаб, қўзлари маъюс ва тушкин боқарди.
Учовлон Юрага етиб боргандан сўнг иккинчи куниёқ битта қўй, учинчи куни эса ит билан қулунни ўлжа олди, бундан дарғазаб бўлган қишлоқ аҳолиси йиртқичларни ҳар томондан таъқиб қила бошлади. Чор атрофдаги қишлоқлар ва шаҳарчаларда ваҳимали гап-сўзлар тарқалди. Почта ташувчи чаналар қуроллантирилди, милтиқсиз ҳеч ким кўчага чиқмайдиган бўлди. Учала йиртқич бегона жойда аввалига бироз ҳайиққан бўлишса-да, шундай ажойиб ўлжадан сўнг ўзларини қўйиб юборишди; улар энди ҳар қачонгидан кўра таптортмас бўлиб, қишлоқ ҳовлиларидан биридаги молхонага куппа-кундузи ҳужум қилди. Тор оғил бир зумда ари уясидек тўзиди, сигирлар аянчли мў-мўлар, ёғоч қўралар қарсиллаб синар, от туёқлари ерни титратиб дупурларди. Бироқ бу гал одамлар етиб келди. Бўриларни ким ўлдирса, унга мукофот эълон қилинган, бундан деҳқонлар жасоратига жасорат қўшилганди. Улар шу заҳоти икки бўрини тинчитишди, бирининг бўғзига ов милтиғидан отилган ўқ теккан бўлса, бошқасини ойболта билан бир ёқлик қилишди. Учинчиси чап бериб қочиб қолди, жони ҳалқумига келиб, қор устига қуламагунга қадар орқа олдига қарамай югурди. Бўрилар ичида у энг навқирони, энг келишгани эди, шу билан бирга бу мағрур жонивор бақувват, кучли, эпчил ва чаққон ҳам эди. У оғир-оғир нафас олиб, узоқ ётди. Кўз ўнгида қонли қизил доиралар гир-гир айланар, оғриқ азобидан аҳён-аҳёнда тўлғаниб қўярди. Елкаси ойболта зарбидан жароҳатланган. Барибир бир оз тин олгач, у яна ўрнидан қўзғалди. Шундагина у жуда узоқ масофага югуриб борганига амин бўлди. Атрофда на бирон уй, на одам зоти кўринарди. Рўпарасида қалин қор босган тоғ савлат тўкиб турарди. У Шассерал тоғи эди. Тоғни айланиб ўтишга аҳд қилди. Ташналик азоби устун келиб, бўри қорнинг музлаган устки қатламидан бир парча синдириб еди.
Тоғнинг нариги томонига ўтган ҳам эдики, у бир қишлоққа дуч келди. Кеч кириб борарди. Бўри қалин ўсган арчазор ичига кириб, нафасини ростлади. Қишлоқ молхоналарининг илимилиқ ҳиди димоғига урилди-ю, аста боғқўралар устидан ошиб ўтди. Кўчада ҳеч зоғ йўқ. Оғзидан сўлаги оқиб, қўрқа-писа ўзини уйлар орасига урди. Шу заҳоти ўқ овози янгради. У ўзини тутиб, энди югурмоқчи бўлган ҳам эдики, қарсиллаб иккинчи ўқ узилди. Оқиш қорнининг қуйи қисмидан йирик қон томчилари тирқирай бошлади. Бўри бор кучини тўплаб, ҳаккалай-ҳаккалай ниҳоят, нариги тарафдаги тоғ бағрида жойлашган ўрмонзорга етиб борди. У ерда бир зум теварак-атрофга диққат билан қулоқ солди, иккала тарафдан ҳам одамларнинг овозлари ва қадам товушлари эшитилди. Қўрқа-писа тоққа разм солди. Тоғ нишаб, сердарахт, унга чиқиб бориш анча мушкул эди. Бироқ бошқа йўл ҳам йўқ эди. Бўри нафаси бўғзига тиқилиб, қия тоғ бағрига қапишганча аста юқорига ўрмалаб чиқа бошлади, пастда эса яқинлашиб келаётган оломоннинг ғала-ғовур овозлари эшитилиб, дам-бадам фонуслар ялтиллаб қоларди. Ярадор бўри нимқоронғу арчазордан дир-дир қалтираб юриб борар, ярасидан жигарранг қон тизиллаб отиларди.
Совуқ сал ташлади. Ғарб томондан осмон ғуборли эди – бу қор ёғишидан дарак эди. Ҳолдан тойган, тинка-мадори қуриган бўри ниҳоят бир амаллаб тепаликка чиқиб олди. У энди Моnt Crosin деган жой яқинида, ўзи аранг қочиб чиқиб келган қишлоқ узра чўзилган қия, қалин қор билан қопланган кенг майдонда турарди. Очликни сезмас, бироқ жароҳати симиллаб оғриб, қаттиқ азоб бераётганди. Осилиб қолган бўғзидан аста, билинар-билинмас нидо келди, юраги оғир ура бошлади, муқаррар ўлим зилдек босиб келаётгандек туюлди. Шунда бехосдан шохлари тарвақайлаб ўсган ёлғиз арчага кўзи тушди; арча тагига бориб, ғира-шира тун қаърига маъюс тикилиб қолди. Орадан ярим соат вақт ўтди. Кутилмаганда қор устида ғалати ва майин, хира қизил нур пайдо бўлди. Бўри инграб, жойидан қўзғалди, ёруғлик томон интилди. Бу жануби-шарқ томондан катта ва қип-қизил бўлиб чиққан, тунги осмон узра тобора кўтарилиб келаётган Ой нури эди. Анча вақтдан бери у бу қадар қизариб, тўлишмаганди. Аста-секин жон таслим қилаётган жонивор хира, туссиз Ой гардишига маъюсланиб боқаркан, заиф хириллаган овозда увиллаб қўйди, овоз сассиз тун қаърига сингиб кетди.
Ҳадемай қўлларида фонус кўтарган одамлар етиб келди. Қалин пальто кийган деҳқонлар, бошларига мўйна телпак, оёқларига иссиқ пайпоқли этик кийган овчилар, йигит-яланглар қорни бир-бир босиб, яқинлашиб келишарди. Ҳамма шодон қийқириб юборди. Ҳаром қотаётган бўрига кўзлари тўйиб, унга икки марта ўқ узишди, иккала ўқ ҳам нишонга тегмади. Кейин келиб кўришсаки, ўзи жон талвасасида ётибди. Улар таёқ ва сўйилларини ўйнатиб, бўрига ёпирилишди. Бўри буни ортиқ сезмади ҳам.
Тилка-пора бўлган бўри жасадини Санкт Иммер томон судраб олиб кетишди. Ҳаммалари кулишар, бир-бирларига мақтанишар, ароқ ва қаҳва ичиб, хурсандчилик қилишар, ашула айтишар, сўкинишарди. Қалин қор қоплаган гўзалликни, баланд ясси тоғ ёғдусини, ов милтиқларининг миллари, биллур қор зарралари ҳамда ўлдирилган бўрининг сўник кўзларини ғира-шира ёритиб, Шассерал тоғи узра осилиб турган ёруғ Ойни эса ҳеч ким кўрмас эди.

Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси

 


33 дан 63 сахифа