Фурқат (1859-1909) PDF Босма E-mail
21.03.2014 14:56

Фурқат (тахаллуси; асл исмшарифи Зокиржон Мулло Ҳолмуҳаммад ўғли) (1859, Қўқон —1909, Ёркенд) — тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публитсист. Маҳалласидаги мактабда савод чиқарган, мударрис ва котиблардан хаттотлик, араб тилини ўрганган. Мадрасада ўқиган (1873—76). Алишер Навоий ижодини, форс адабиёти намояндалари меросини чуқур ўрганган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган. 1876 йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги савдогар тогасининг илтимосига кўра у ерга бориб, савдо ишларида унга ёрдамлашган, кейинчалик ўзи ҳам кичик дўкон очган. Айни пайтда билимдон зиёли сифатида кишиларнинг арз ва илтимосларини расмий маҳкамаларга аризалар шаклида битиб, мирзалик ҳам қилган.
Фурқат Янги Марғилонда ижодкор сифатида тўла шаклланди, ўз ғазалларига «Фурқат» тахаллусини қўйиб, шуҳрат қозона бошлади. Бу ерда ўтказилган йиллар Фурқатнинг халқчил дунёқараши, илғор адабиестетик тушунчаларининг шаклланишида ҳам муҳим бир босқич бўлди.
80-йилларнинг бошларида Фурқат Қўқонга қайтиб, оила қуради ва, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Муқимий ва Муҳйи етакчи бўлган Завқий, Нодим, Нисбат, Муҳаййир каби ижодкорлар гуруҳи билан бевосита мулоқотда бўлади, улар уюштириб турадиган адабий мажлислар, шеърият кечаларининг фаол иштирокчисига айланади.
Фурқатнинг Қўқондаги бу давр ижоди тур ва мавзу, мазмун ва шакл ранг-баранглиги жиҳатидан ҳам, сермаҳсуллиги жиҳатидан ҳам диққатга сазовор. У мумтоз шеърият анъаналари руҳида кўплаб ишқий ғазаллар, мухаммаслар яратган. Алишер Навоий асарларига гўзал назира ва тахмислар боғлаган, унинг шеърларида ижтимоий руҳ ва замонавийлик тобора кенг ўрин эгаллай бошлаган (мас, «Бўлди» радифли мухаммаси ва бошқа шеърларида). Фурқат халқнинг сиёсий ҳуқуқсизлиги ва иқтисодий ночор аҳволидан қайғирган («Не журм ўттики биздин, бунчалик Фарғона танг бўлди?...»)
Қўқон хонлигининг узилкесил тугатилиб, батамом мустамлакага айлантирилиши воқеасига боғлиқ ҳолда яратилган: «Демиш хон бир куниким, давру давронлар қаён қолди?» мисраси билан бошланувчи мухаммаси ҳам Фурқатнинг шу даврдаги ижоди маҳсулидир. Тожу тахтдан, шаъну шавкат ва аъёнлардан махрум бўлган Худоёрхон номидан битилган бу асар ҳам шоир ижодида замонавий ижтимоий мавзу кенг ўрин эгаллаганининт исботидир.
Фурқатнинг ижодий меросида анъанавий шеърий турлар, ўзбек мумтоз адабиётидаги асосий мавзулар етакчи ўрин эгаллайди. Унинг ғазал ва мухаммаслари, боғлаган тахмислари узининг ҳаётийлиги, мусиқийлиги, ниҳоятда самимийлиги билан ўқувчини мафтун этади. Фурқат шеърларида она-юрт табиати ва баҳор гўзаллиги, жўшқин севги-муҳаббат ва чин инсоний фазилатлар, ҳаёт шодликларидан қувониш ва турмуш ташвишларидан шикоят қилиш, умуман, одам ва олам, кишиларнинг маънавий дунёси, меҳри ва қаҳри яққол тасвирланган. Масалан, «Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса», «Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса», «Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг», «Жаннатнинг гулларидан гулзорингиз чиройлик», «Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб», «Фасли навбаҳор ўлди кетубон зимистонлар» каби мисралар билан бошланувчи ғазаллари, «Етти фалак», «Бири», «Истар кўнгул», «Дўст», «Кокулунг» радифли мухаммаслари, Навоий ғазалларига тахмислари давр шеъриятининг ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан етук намуналари ҳисобланади.
Фурқат шеъриятида мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, жорий адолатсизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, нодонларнинг замонада эътибор топиб, доноларнинг хорзор этилишидан норозилик эсда қоларли бадиий бўёқларда тасвирланган.
«Чархи кажрафторнинг бир шевасидан доғмен:
Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур»
каби баркамол мисралар шоир ижодидаги ижтимоий йўналишни акс эттиради. «Бормасмиз» радифли шеърида эса ўзбек миллий руҳияти бадиий ифодаланган. Машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд...» мусаддасида эса шоир шахснинг эркин яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилади, зулм ва истибдодни қатъий қоралайди.
Фурқат худди шу йилларда «Хаммоми хаёл» рисоласини ёзади. «Чор дарвеш» ҳикоятини форсчадан таржима қилади. «Нуҳ манзар» номли шеърий китоб яратади. «Булардин бўлак ҳар хил ғазалиётим Фарғона музофотиға (яъни, ёнатроф қишлоқшаҳарларига) ва дигар мамлакатларга мунташир (машҳур) бўлди», деб ёзади шоир. Худди шу йилларда Фурқат илк бор шеърларини тўплаб, мажмуа ҳолига ҳам келтирган. Афсуски, шоирнинг ўзи қайд этган рисола, манзума ва таржималари каби бу мажмуа ҳам шу кунга қадар топилган эмас.
Фурқат тахминан 1886—87 йилларда Марғилонга бориб, у ердаги Масжиди жоме ҳужрасида истиқомат қилган, ёру биродарлари кўмагида кичик дўкон очган бўлсада, асосан, шеърият билан шуғулланган, шаҳарнинг зиёлилари, жумладан, Хўжажон Рожий, Муҳаммад Умар Умидий-Ҳавоий, Мулла Тошболту Ройиқ каби ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурган. Фурқат илк бор газета билан танишиб, унинг «Тошкент шаҳрида босма бўлғон»лигини шу ерда билади. Янгиликка чанқоқ, тараққийпарвар шоирда ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришларга, секинаста ёйила бораётган фан ва техника намуналарига қизиқиш уйғонади, янгиликлар билан бевосита танишиш, ўз кўзи билан кўриш иштиёқи зўраяди. 1889 йил бошларида Тошкент сафарига чиқади, Хўжандда тўхтаб, Тошхўжа Асирий бошлиқ шоирлар, адабиёт мухлислари билан учрашади, адабий кечаларда иштирок этади. Ниҳоят, 1889 йилнинг июнида Тошкентга келади. Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси ҳужраларидан бирида яшайди. Кўзга кўринган олим, фозиллар билан танишади. Шарифхўжа эшон тавсияси билан маълум муддат «Фарҳат» (шодлик, хурсандлик) тахаллусида шеърлар ёзади, лекин кўп ўтмай, эски тахаллусига қайтади.
Фурқат Тошкентда рус зиёлилари, европача ҳаёт тарзи билан танишди. Чор маъмурлари шоирнинг театр, гимназияга, турли контсертларга киритишни уюштирдилар, кўргазмаларга олиб бордилар. Янги тарихий шароит туфайли юз берган ўзгаришларни мушоҳада этиш натижасида Фурқат дунёқарашида жиддий ўзгариш бўлади ва бу ҳол унинг ижодида ўз бадиий ифодасини топади — маърифатпарварлик, европача илм-маданият, фан-техникага хайрихоҳлик шоир шеърларининг етакчи ғоясига айлана боради. Бу эса Фурқатнинт кўп асрли ўзбек адабиётига янги мавзулар, янги ғоялар олиб киришига замин бўлди. Тошкентда очилган эрлар гимназияси, маориф муассасалари, маданият ва санъат ўчоқларини, тобора кўпроқ кириб келаётган фантехника янгиликларини кузатиш оқибатида унинг «Илм хосияти», «Гимназия», «Виставка хусусида», «Акт мажлиси хусусида», «Тошкент шахрида бўлғон нағма базми хусусида», «Суворов» ва бошқа асарлари майдонга келди ва уларнинг барчаси 1890 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да чоп қилинди.
Бу туркум асарларида Фурқат янгилик ва тараққиётнинг, илм-фан ва европача маориф-маданиятнинг тарғиботчиси сифатида намоён бўлади; ўз ватандошларини замонавий билимларни пухта эгаллашга ва илғор халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади. Бирок Фурқат айрим замондошлари сингари рус истилочилик сиёсатининг асл моҳиятини бирданига англай олмади. Рус, Европа маданиятпарварлиги орқасида маҳаллий руслаштириш сиёсати пинҳон эканлигини сўнгроқ тушуниб етди. Худди шу йилларда яратилган «Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида» асарида Фурқат ижодкор ва бадиий адабиёт хусусида ран очиб, шеъриятда реалистик тасвир масаласини кўтарди.
Фурқат ҳакли равишда ўзбек публитсистикасининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Фурқатнинг публитсист сифатидаги фаолияти 1890 йилдан бошланди. «Туркистон вилоятининг газети»га расман ишга кирди, газетани тайёрлашда бевосита катнашди. Бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида Сатторхон каби илғор маърифатпарварлар билан ҳамкорликда ишлаб, газета саҳифаларида ўз мақолаларини эълон қилди. Масалан, 1891 йил 1-ярмида «Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти. Ўзи ёзгони» публитсистик асарини ёзиб, шу газетада эълон қилди. 1891 йил майда Самарқандга борди, осори-атиқалар билан танишди, газетага хабарлар йўллади, кейин Бухорода бўлди. Июлда эса чет эл саёҳатига чиқди. Унинг чет элга саёҳати ҳақида турли тахминлар бор. Айрим маълумотларга қараганда, у атайин кейтиб келмайдиган қилиб ўз юртидан чиқариб юборилган. Хуллас, 1891 йилнинг июлида Марв —Ашхобод—Боку—Батуми орқали Истанбулга борди. Дўстларига ёзган мактубларида, воқеаларни олдиндан билгандек, ватанидан бир умр ажралиб қоладиган одамнинг кайфиятини акс эттирди. Масалан, Истанбулдан ёзган «Сабоға хитоб» шеърий мактубида Ватан иштиёқи, дўстлар соғинчи, ғурбат азоблари ва ёлғизлик мотивлари биринчи ўринга чиққан.
Фурқат Истанбулдан Булғория ва Юнонистонга ўгди. Болқон ярим оролининг қатор шаҳарларида бўлди. 1892 йилнинг мартида Истанбулдан Ўрта денгиз орқали Арабистонга — Макка, Жидда, Мадина шаҳарларига борди. Маккадаги ҳаж зиёрати муносабати билан «Ҳажнома» асарини яратди. Сўнг Бомбайга келди, Ҳиндистоннинг қатор вилоятларига саёҳат қилди. Унинг бу даврда ёзган насрий ва назмий мактубларида тушкунлик, онаюрт соғинчи ва изтироблари акс этган. «Адашганман» радифли ҳамда «Кашмирда», «Булбул» деб номланувчи лирик шеърлар туркуми шу жиҳатдан ўзига хос ҳижронномадир. 1893 йил мартида Фурқат Кашмир ва Тибет орқали Шарқий Туркистонга бориб, Ёркендда турғун яшаб қолди. Оила қурди. Табибликдан хабардор бўлган шоир доривор ўсимликлар билан савдо қилувчи дўкон очди, ижодий иш ва хаттотлик билан шуғулланди. Фурқат доимо Ватанига қайтиш умиди билан яшади. Аввал бошлаган «Саёҳатнома» асари устидаги ишни Ёркендда давом эттирди. Лекин бу асар ҳануз топилгани йўқ. У ердан Тошкентга публитсистик асарлар, турли мавзудаги хат-мақолалар, Фарғона ва Тошкентдаги ёрдўстларига мактублар йўллаб турган. Фурқат ўзбек матбуоти тарихида фелетон жанрини бошлаб берди («Ҳинд найрангбози Ёркендда», 1905).
Баркамол лирикаси, жозибали насри ва гублитсистикаси билан 19-аср охири ва 20-аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қушган Фурқат онаватанидан узоқда вафот этди. Унинг жасади Ёркенднинг Донгдор қабристонига кўмилган. 1990 йил шоир қабри устига мақбара қурилган.
Фурқатнинг шеърлари китоб ҳолида дастлаб 1913 йилда Муқимий шеърлари билан бирга баёз ҳолида тошбосмада босилган эди, 50—80-йилларда кўп бор нашр этилди. Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қатор илмий асарлар ёзилди, диссертатсиялар ёқланди, опера либреттоси, киностсенарий ва бошқа яратилди. Ўзбекистондаги бир қатор қишлоқ, туман, мактаб, кўча ва хиёбонлар, боғлар унинг номи билан аталади.
Абдурашид Абдуғафуров,
Бегали Қосимов



БАҲОР АЙЁМИДА

Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса,
Қилурга шарҳи ҳол, аҳли муҳаббат икки тан бўлса.

Хазон айёмида ул тавба қилган бўлса ҳам майдин,
Етиб майхораликнинг мавсуми, паймоншикан бўлса.

Булут қатра фишону, руҳафзо сабзалар хандон,
Ариғларнинг лабида сабзакори бир чаман бўлса.

Ҳаво ҳам мў‘тадил, ҳавзи мусаффо, суффаи дилкаш,
Оқар сув ғалт уриб, себарга узра мавжзан бўлса.

Сабуи лаъл бирлан шишаи байзоу олтун жом
Ўшал мажлисда соқий бир нигори сиймтан бўлса.

Гул узра андалибу, сарвнинг бошида қумрилар
Юзу қад ҳасратидин оҳу фарёд айлаган бўлса.

Киши тўбию кавсар, жаннату ризвонни не қилсун?
Жаҳон айвонида ҳосил бу янглиғ анжуман бўлса.

Суруру шодликни даҳр боғида нечук кўргай?
Камина Фурқатийнинг маскани байтул-ҳазан бўлса.


УМР ХУШ ЎТМАС

Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса,
Лолазор ичра бисоти айш барпо бўлмаса.

Ҳосил ўлмас бодау жом ила мийнодин мурод,
Жилвагар то соқийи гулчеҳра андо бўлмаса.

Базм аҳли бўлсалар майхоралар анда зариф —
Дарди йўқ ағёр ўшал мажлисда асло бўлмаса.

Даҳр гулзорида хушдир яхши таъмири бисот,
Гар хазондин гарди ҳодис анда пайдо бўлмаса.

Обиҳайвон бирла умри жовидонни не қилай
Бир хати Хизру лаби лаъли Масиҳо бўлмаса.

Хок бўлсун ул танеким, ишқ ўтида куймаса,
Зерипо бўлсун сареким, анда савдо бўлмаса.

Фурқат айлар орзу бу анжумаини ҳар баҳор,
Одам эрмас ҳар кишида бу таманно бўлмаса.


ОҲИСТА-ОҲИСТА

Вафо айлаб йироқдин ошкор оҳиста-оҳиста,
Бир ишқим айладинг, жоно, ҳазор оҳиста-оҳиста.

На яхши марҳаматлар айламишсан номада изҳор;
«Муҳаббат расми қилғил» деб шиор оҳиста-оҳиста.

Жадал бирла киши мақсудиға етган эмас, оре,
Бўлур вақти билан ҳар навъ кор оҳиста-оҳиста.

Нечук тоқат қилайким, бора-бора зўр этиб ишқинг,
Кўнгулдин олди сабр ила қарор оҳиста-оҳиста.

Бериб таскин кўнгулға: васлига бир кун етарман деб
Ўзимни ўргатай ҳажрингга, ёр, оҳиста-оҳиста.

Паришон ўлмайин то хотирингни жамъи қил, жоно,
Сўраб ҳолимни хат бирлан бирор оҳиста-оҳиста.

Нечук осойиш айлай, эй кўнгул оромиким, сенсиз
Бўлуб борур жаҳон кўзимға тор оҳиста-оҳиста.

Ўшал кун бир кўриб қолганда қилган новаки ғамзанг
Ҳануз айлаб келур кўксим фигор оҳиста-оҳиста.

Висолинг бодасидин қилмасанг шодоб Фурқатни,
Хабар айлар ани ҳажру хумор оҳиста-оҳиста.


РУХСОРИ АҲМАР УСТИДА

Терму тоби бодадин рухсори аҳмар устида?
Қатра-қатра ёки шабнамдур гули тар устида?

Ўсмалиқ қошларму ё шамшир қондин занглиқ?
Ёки пистоқи тўкулмиш ранги аҳзар устида.

Юз уза кокулмидур ҳар сори печутоб ила?
Ганжи ҳуснингму ётур ё икки аждар устида?

Чеҳра очтингму бу тадбир-ла чаманда толдилар,
Хаста булбул гул уза, қумри сановбар устида?

Хоки пойингни талошур кўзга эл сурмоқ учун,
Оре, ҳар ерда ҳужум айлар гадо зар устида.

Икки жоду наргисинг солғай жаҳонға фитналар,
Бўлмаса урён қошингдин икки ханжар устида.

Нозанин, сен ташла истиғнони, худ бори гарон,
Ноз дебоси назокат хулқ пайкар устида.

Фурқатий қошу кўзингдин фитналар кўрди бале!
Шўриш ўлмоқ расмдур ой туғса ахтар устида.


КАШМИРДА

Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,
Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда.

Зарра-зарра зар сочар бошиға ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи иксирда.

Бир кўриб чоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков,
Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.

Ламъаи қийғоч кўзидин анинг барқи нигоҳ,
Тезлик жавҳарлари гар бўлса ҳар шамширда.

Қоши узра холининг асроридин бир нуқтадур,
Сураи Нун ўқудим пайваста ҳар тафсирда.

Фориғ эрмас ҳеч ким ул дилрабонинг ишқидин,
Зулфига дилбасталиғ ҳар бир жувону пирда.

Айдим: «Эй, жон офати, зулфингга бўлмишман асир!
Айди: «Бу савдони қўй, умринг ўтар занжирда!»

«Нуқта лаб устида бежодур»,— дедим, айди кулиб:
«Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда».

Айди: «Эй бечора, қилдинг на учун тарки ватан?»
Ман дедим: «Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда!»


КАВЛАМА
(Машраб ғазалига мухаммас)

Ошиқи дилдодадурман дилбаримни кавлама,
Ахгар ўлди ғам ўтида пайкаримни кавлама,
Сайр қилдим баҳру бар хушку таримни кавлама,
Эй сабо, ғамзодадурман, бистаримни кавлама,
Чун шафақ олудаман хокисторимни кавлама!

Чархи кажрафтордин беҳад аломатлар келур,
Бу сабаб кўздин юза ашки надоматлар келур,
Гар юракни қўзғасам ширин ҳикоятлар келур,
Ҳар замоне Лайлидин менга китобатлар келур,
Санки Мажнун бўлмасанг сардафтаримни кавлама!

Ғамдин озода билур озодаларни ҳолини,
Йўқса мискин на билур шаҳзодаларни ҳолини
Хурдадонлар билмадилар соддаларни ҳолини,
Хонавайронлар билур афтодаларни ҳолини.
Эйки маҳрам бўлмасанг чашми таримни кавлама!

Ишқ савдоси тушуб бошимға, аҳволим хароб,
Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб,
Таъна қилма, зоҳидо, кўнглумда ғамлар беҳисоб,
То кишиға дард тегмай бўлмади багри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама!

Неча кунлар ҳамдам ўзга ваҳшию тайр айладим,
Билмадим бу йўлда шаръ қилдим ваё хайр айладим
Ғам ҳужум этти анинг-чун масканим дайр айладим,
Ломаконни шаҳрини бир ҳу била сайр айладим,
Жабраили ишқман, болу паримни кавлама!

Гаҳ ўзимни сувға урдум, гоҳ ўтга дам-бадам,
Бўлмади даврон сафоси лаҳзаэ бошимға кам,
То шариатни тутуб қўйдум тариқатга қадам,
Баҳри раҳматга кприб қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсен, гавҳаримни кавлама!

Чун қадам қўйдунг бу йўлға бўлма бематлаб вале,
Фахри зиллат бўл, талашма ғурбати мансаб вале,
Фурқатий, саргашта бўлсанг, йиғлагил ҳар шаб вале,
Дурри дарёйи маоний бўлду чун Машраб вале,
Дийда бино бўлмасанг кўб жавҳаримни кавлама!


САЙДИНГ ҚЎЯБEР, САЙЁД

Сайдннг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Ол домипи бўйнидин, бечора экан мендек,
Ўз ёрини топмасдан овора экан мендек,
Иқболи нигун, бахти ҳам қора экан мендек,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Кес риштаниким, қилсун чаппаклар отиб жаста,
Ҳажрида алам тортиб, бўлди жигари хаста.
Тоғларға чиқиб бўлсун ёри била пайваста,
Кел, қўйма бало доми бирла они по баста,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендск,
Куйган жигари багри садпора экан мендек.

Беш кун сени даврингда бечора хиром этсун,
Оҳулар ила ўйнаб, айшини мудом этсун,
Ёмғур суви тўлганда, тоғ лолани жом этсун,
Ҳаққингға дуо айлаб, умрини тамом этсун,
Ҳижрон ўқиднн жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жпгари багри садпора экан мендек.

Саргашта бу водийда бнр бошнға раҳм эткил,
Йўқ тоқати бандингга, бардошига раҳм эткил,
Йиғлаб сенга термулур, кўз ёшига раҳм эткил,
Раҳм этмасанг ўзига, йўлдошига раҳм эткил,
Ҳижрон ўқидип жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садиора экан мендек.

Тоғда очилиб лола, ер сабза баҳор ўлса,
Ахир бу нечук бедод, олам анга тор ўлса?
Чиқмай деса жойидин, узлатда фигор ўлса,
Гар чиқса баногоҳи домеға дучор ўлса,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Бечорани зулм айлаб, қўл-бўйнини боғлабсан,
Ҳар сори чекиб-судраб, ўлдиргали чоғлабсан,
Кўксини жафо бирла лола каби доғлабсан,
Сот менга, агар қасдинг олғувчи сўроғлабсан,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Йўқ ҳуши, пари теккан девонаға ўхшайдур,
Кўз ёши яна тўлган паймонаға ўхшайдур,
Ғам сели билан кўнгли вайронаға ўхшайдур,
Фурқатда бу Саъдулло ҳайронаға ўхшайдур,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра зкан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

 
Райҳонлар иси. ГУЛБАҲОР АБДУЛЛОҲ қизи PDF Босма E-mail
26.12.2011 13:09

Кечагина сизу бизга ҳамнафас бўлиб яшаган, бугун Раҳмоннинг ҳузурига сафар қилган юртдошимиз ҳаётининг сўнгги дақиқаларидан бир лавҳани сиз азизларга ҳикоя қилиш ниятида қалам ушладим. Бу ҳикоям яна қайсимизнингдир ҳидоятимизга ва энг муҳими сўнгги нафасда шаҳодат келтира олишимизга васила бўлар, деган хайрли мақсадни дилга тугдим. Сиз азизларга хайрли узоқ умр имконини, Шаҳрисабзда яшаб, умрининг йигирма олтинчи баҳорида вафот қилган синглимиз Нодирахонга Аллоҳнинг раҳматини соғиниб:

Батафсил ...
 
Эврилиш товуши PDF Босма E-mail
08.05.2013 19:13

Бўлмағай оламда мундин турфа сўз,
Ким саодат аҳли итга солса кўз.

Еткурур итга натижа ул назар,
Зотиға солур кишиликдин асар.
Алишер Навоий


Ёзувчилик санъатини ҳаёт ва ўлим сирларини очадиган калитга қиёслаш мумкин. Бадиий ижодда энг муҳим иш воқеанавислик эмас, балки ҳақиқатни кашф айлашга имкон берадиган ана шундай бир “очыич”ни ўқувчига етказишдир. Бу эса дид ва савияси баланд китобхонни сал кам  ижодкор даражасига кўтаради. Ва бадиий асар ўқишдан туғилган таассуротларидан у ҳам ўзининг бир китобини яратади.
Маълумки, айни бир давр ва замонда, айни бир жамият ва ижтимоий муҳитда яшаган, бир турли воқеа-ҳодисаларни бошдан ўтказиб, турдош саволларга жавоб ахтарган ёки жавобдан чекинган одамлар аҳвол-руҳияси ўхшаш бўлади. Улардаги ахлоқий-маънавий фазилатлар ҳам, нуқсон, айб ва гуноҳлар ҳам муштаракдир. Мана шу сабабдан ҳам ёзувчи кўп нарса ёзиши, ўқувчининг ўзи кўрган, билган воқеа-ҳодисаларини қайтадан унга ифодалаб бериши шартмас. Китобхоннинг ақл-фаросати, фикрлаш лаёқатига ишониш керак. Нимани ёқлаб, нимани инкор айлаш, нимадан завқланиб, нималарга бефарқ қолиши – бу, ўқувчининг шахсий, демакки, дахлсиз ҳуқуқи. Фақат фаҳми паст, калтабин адибгина ёзган ҳар бир асарим кўпчиликни қизиқтира олади деб ўйлайди. Ҳолбуки, бундай бўлмайди. Сўз ва тасвирнинг куч-қуввати, аввал-охир руҳга таъсири, руҳоний эҳтиёжга нечоғлик мувофиқлиги билан белгиланади. Инсон ўзининг Холиқи, яъни яратувчиси эмас. Шунинг учун ўзи ҳақида у кўп нарса билмайди. Билганлари эса уни ҳамма пайт ҳам хато ва адашишлардан қўтқазолмайди… Аммо истак, интилиш ва қўмсаш маъносида инсон руҳи чегарасиз. У яшаётган олам чегараланган. Сўнгсизлик эҳтиросига тўлғин руҳ, воқеликнинг қатъий ва қаттиқ тўсиқларидан изтироб чекади. Ва ҳамиша сўнгсизлик соғинчи билан яшайди. Буни теран тушунган ижодкор моддиёт ва илоҳиёт сирларини ёритишда ҳам, инсон табиати ва характери тасвирида ҳам деярли адашмайди.
Ҳар қандай одамда икки реаллик мавжуд. Бири – ташқи, иккинчиси, ички, яъни зоҳир ва ботин. Асосий мураккаблик ва зиддият ботиндадир. Акс ҳолда ақл, нафс, руҳ, кўнгил хусусида бунчалик кенг, бу қадар кўп баҳс юритилмасди. Чунки ботиний ҳаёт вужуднинг “қалин парда”си билан тўсилган. Нафснинг аҳволи қандай? Руҳнинг ҳоли қанақа, қалб нимага илҳақ – аксарият киши ана шуни билмайди. Чунки буларни билиш жуда қийин. Айниқса, нафсни таниш ва тизгинлаш муаммоларнинг муаммоси эрур. Нафсни қоралаб, нафс измидан четлашмасликнинг бир сабаби ҳам шу. Ваҳолонки, қайси бир ишга нафсоний мақсад ва шаҳвоний орзу аралашса, ўша ишнинг хайр-хосияти барҳам топади. Шунингдек, қалб тўғри йўлдан адашиб, тубанликка йўналади, руҳни риё ва худпарастлик домига тортади. Алишер Навоий ғазалларидан бирида нафс ила руҳни зинҳор-базинҳор қўшиб-қориштирмаслик шартлигини таъкидлаб:
Руҳ раҳмони эрур, нафс эса шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут,
деганида шуларни назарда тутган.
Йигирманчи аср ўзбек адабиётида бу ҳақиқатни мукаммал англаган ва тўла-тўкис унга амал қилган қалам соҳиблари бўлганми? Бўлган тақдирда ҳам сони уларнинг жуда камчилдир. Адабиётимизда руҳ ва руҳоний ҳаёт ифодаси кескин камайиб кетиши шундан. Агар чини билан руҳ учун қайғуриб, руҳнинг тозалиги, эркинлиги таъминланганда, адабиётда нафс ва тамаъ, ёлғон ва иккиюзламачилик, хушомад ва маддоҳлик авж олмасди. Ҳаётга нафс нигоҳи ила қараш, ихтиёрий равишда қўрқув ва уятсизликка кўнишдир. Нафсоний истаклар қанча кучайса, шижоат ва мардлик туйғуси ўшанча пасаяди. Ният нечоғлик юксак ва олийжаноб бўлмасин, сўз, маъно, туйғу нафсга боғландими – унинг таъсири ҳам, умри ҳам  узоққа чўзилмайди. Бироқ бунда бошқа бир нарса муҳим. Ҳеч қайси банда нафсини танишга уринмасдан, ботиний имкони ва куч-қуввати етгуни қадар нафс “сайр”ини амалга оширмасдан қалб ва руҳ саёҳатига эришолмайди. Инсон нафсга диққатини қарата олдими – у азобланиш ва изтироб чекишга маҳкум. Ёлғиз ўзининг эмас, дунё ва аҳли дунё қалбининг нимага, асосан нима боисдан бузилиши ё кирланишини у нисбатан яхши мушоҳада этади. Ҳаммага ўхшаб қолмаслик, ҳамма айтадиган фикр-мулоҳазаларни тўтидай такрорламаслик, яккаланиб қолишдан чўчимасликнинг илк чораси худди шудир. Қайси ижодкор буни англаса, нафсига бир бадиий асар янглиғ сайқал бериб, уни шахсият ҳукмига тобе айлашга бел боғлайди. Шундан эътиборан наинки нафсу ҳаво, балки маҳдуд ақлнинг истак ва талабларидан ҳам узоқлаша бошлайди. Бу йироқлашувда сир кўп, ҳикмат кўп. Бу эса нафсни танишга ҳам, қалб таври, руҳ ҳолидаги ўзгариш ва янгиланишларни идрок қилишга ҳам яқиндан ёрдам беради. Дарвоқе, нафс нима ўзи? Нима учун унга бунчалик эътибор зарур?
Ҳужвирийнинг “Кашфуъл маҳжуб” китобида ёзилишича, нафс сўзи луғавий маънода бирор нарсанинг борлиғи, ҳақиқати, зоти ва ўзлиги демак. Халқнинг тилида ушбу калима бир-бирига зид бир қанча мазмунларда  ишлатилган. Бир жамоатга кўра, руҳ, бир гуруҳ тушунчасида мурувват ва одамийлик, бир тоифа нуқтаи назарида жасад ва вужуд, бошқа бир фирқага кўра, у қон маъносини ифодалаган. Сўфий ва мутасаввифлар эса ҳамжиҳатлик ила нафсни гуноҳнинг сарчашмаси, ёмонлик, разиллик ва ёвузликнинг асоси, деб ҳисоблашган. “Аҳли тасаввуф энг яхши нафсшунос бўлгани каби, - дейди Шаҳобиддин Умар Сухравардий, – дунёнинг турли ҳолларини, ҳаво ва ҳавас найрангларини, нафснинг яширин орзуларидаги тубанлик, ёмонлик ва ўткинчи лаззатларини бағоят чуқур билгувчилардир”. Шайху машойихларнинг назарида нафс тулки, илон, сичқон сувратида кўринган. Тасаввуф адабиётида буни тасдиқловчи жуда кўп қизиқарли ривоят, ҳикоят, нақлллар тўқилган. Итга бағишлангани улар орасида кўпчиликни ташкил этади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўша ҳикоят, ривоятларда ит тимсоли асосан ижобий ва ибратли маъноларда талқин этилади. Мана, бир мисол.
Нақл қилинишича, машҳур шайх Абу Бакр Шиблий (вафоти 946)дан “Тариқатдаги илк йўлбошчингиз ким?” деб сўралганда, у “Бир итдир” деб сўзини шундай давом эттирган экан: “Бу ит сувсизликдан ўлим ёқасида тик турарди. У сув ичиш учун не замон ариққа яқинлашса, сувда ўз аксини кўрар ва ундан қўрқарди. Чунки ўзининг суратини у бошқа бир итники деб ўйларди. Аммо ташналик охири зўр келиб, ит ўзини сувнинг ичига отди... Ана шундан сўнг “бошқа кучук” йўқлигига инонди. Ит билан ўртадаги борлиқ орасига кирган итнинг “ўзга манлиги” унинг йўлига тўсиқ пайдо этган эди. Мен аҳволимнинг айнан шу итга ўхшашини, яъни йўлимдаги энг катта тўсиқ нафсим эканини англадим... Хуллас, менинг биринчи йўлбошчим шу ит бўлди. Асосий йўлга қандай қадам ташлаш лозимлигини менга бир кучук кўрсатди”.
Нафсни тасаввуф адабиётида ит қиёфасида тасаввур қилинишида шу сингари фикр ва эътирофлар таъсир ўтказганлиги эҳтимолдан йироқмас. Бироқ асосийси ит ҳам, тулки ё шери даррон ҳам эмас, барибир нафсдир. Кўзга кўринмай дунёни туб-тубидан ғорат қиладиган мавжудлик, бу –нафс. У қанча кўп ҳукмронликка эришса, дунёнинг ахлоқий-маънавий ҳолати ўшанча бузилади; ҳақиқат ва виждон, диёнат ва ростлик бошидаги қаро булутлар шу қадар қуюқлашади. Шунингдек, зоҳирий чора-тадбирлар, баҳсу мунозаралар нафсдан туғилажак кулфат, мусибат ва ҳалокатларнинг йўлига тўсиқ қўёлмайди. Нафс эркин ва эркли экан, ёлғон, риё, зулм, зўравонлик, мунофиқлик, хуллас, ҳамма ёмон ва тубан сифатлар гуллаб-яшнайверади. Булар эса инсон ботинидаги “ит” – нафснинг ўйинлари. Хоҳласа,  одамни у парчалаб, сочиб юборади, истаса, ўзни йиғиштириб олишга имкон беради. Лекин ҳар қанча уриниб-суринманг, ундан ажралолмайсиз. Сиз – унда, у – сизда яшайди. У – сизга, сиз – унга боғлиқсиз. Кимки уни қанча хору залил эта олса, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ўшанча яхши англаши муқаррардир. Талантли адиб Назар Эшонқулнинг “Баҳовуддиннинг ити” номли ҳикояси айнан ана шу моҳият тасвирига бағишланган. Рости гап, мен ҳикояни зўр мароқ билан ўқидим. Биринчидан, унинг маъно илдизи чуқур. Ҳатто тасаввуфий тажрибаларга қараб узанади. Иккинчидан, мўлжалга олинган “нишон”нинг ўзиёқ одамнинг дилида бир ларза қўзғайди. Учинчидан, маънавийни моддийлаштирган ва моддийни маънавийлаштириш моҳирлик билан уддаланган.
Одатда, рамзий-мажозий ифодаларда сеҳрли бир хусусият бўлади. Шунинг учун улар хаёл ва виждонни ҳаракатга келтириб, юксак руҳ билан алоқага чорлайди. Бу хусусият “Баҳовуддиннинг ити” учун ҳам хосдурки, буни ёзувчининг асосий бир муваффақияти ўлароқ баҳолаш лозимдир. Мен бу ўринда ҳикоянинг маъно-мазмунини гапириб ўтирмайман. Чунки уни кўпчилик бир хилда тушуниб, бир йўсинда қабул қилолмаслигига ишонаман. Айни пайтда ўзликни англаш лаёқати бутунлай сўнмаган, жамият ва инсон муносабатларига мустақил нигоҳ ташлай оладиган ҳар бир киши унга бефарқ қололмаслигига ҳам шубҳам йўқ. Ҳикояда ифодаланган ҳаёт – бугунги ҳаёт. Қаҳрамонлар ҳам таниш – бизу сиз кўриб-билиб юрган одамлар. Ёлғиз бир нарса – қарийб тимсол мақомига кўтарилган ТОВУШ қадимий. Мунгли ва маҳзун бир оҳанг бағоят эски. Мен кўнгилни ўртайдиган хотира чақириғи деб қабул қилдим. Назаримда, ҳикоядаги “ит” тимсоли хусусида алоҳида сўзлашга ҳожат йўқ. Нафсини тозалаш, енгиш азобини зиммасига ола билган ҳар бир киши ўз сийратида уни кўриб, нолаларини эшитади. Зеро, Навоийдек улуғ зот ҳам бир ўринда – “нафсоният туғёнидин” “ўзумни итга ташбиҳ қилибмен”, деганлар. “Баҳовуддиннинг ити” ҳикоясида тасаввуфдан илҳомланиш бор. Бироқ ундан сўфиёна бир маъно ёки бўёқ қидирмаслик керак. Ҳикоянинг нафс, ахлоқ, қалб, руҳ тўғрисидаги қадим даврларда илгари сурилган фикр-мулоҳазаларни эслашга рағбатлантириши – бу бошқа масала. Ва улардан айримлари соғлом руҳий ҳаёт, мусаффо маънавий боғланиш асрлар мобайнида инсоният эришолмаган буюк орзу эканлигини билиш жиҳатидан алоҳида аҳамиятга моликдир. Машҳур шайх Абусаид Абулхайрнинг мана бу сўзларини эшитинг: “Оллоҳ инсонларнинг вужудларини яратишдан минг йил аввал руҳларни яратди ва уларни ҳузурига чорлаб, устларига нур сочди. Ҳар бир руҳ қабул айлаган нур миқдори ва мунавварлик даражасига қараб сўнг уларга лутф кўрсатди. Руҳлар, тамоман ойдинлашганига қадар ўша нур ичида қолди. У дунёда шод-хуррам, бир-бири ила маънан иттифоқда бўлган инсонлар, бошқа оламда ҳам бир-бирларига яқин, ҳамжиҳат яшашлари керак... Зеро, руҳлар худди отлар сингари бир-бировларини ҳидларидан танийдилар. Бири Мағрибда, иккинчиси Машриқда бўлса ҳам сўзларидан суюниб, завқланадилар...”.
Менинг бу гапларга ишонгим келади. Чунки инсониятнинг буюк бирлиги ва саодати соғлом руҳий муносабатда, руҳ яқинлигидадир. Руҳни қўя турайлик. Башар тарихининг бирор бир даврида, бирор минтақада нафс зарур тарзда Ақлга бўйсундирилганми? Бунча бахтсизлик ва кулфат, бунча зулм ва зўравонлик, тасаввурга сиғмас қотиллик ва ҳақсизликлар қаёндан туғилган?
Покистоннинг буюк мутафаккир шоири Муҳаммад Иқбол ёзади:
Маро гўй, ки аз шайтон ҳазар кун,
Бигў бо ман, к ў парвардаи кист?
Яъни: мени шайтондан ҳазар қил дейсан, лекин менга айтгил: у кимнинг арзандаси? Бу савол ҳамон тўлиқ жавобини топган эмас. Кимдир тақдир тақозоси билан нафсини танишга муваффақ бўлди дейлик. Бугунги ижтимоий-ахлоқий муҳитда унинг аҳволи қандай кечади? ВА уни ким тушунади? Назар Эшонқул ҳикоясида шу саволга ҳам жавоб бор. Менимча, бу ҳикоя ичидаги энг ғаройиб бир ҳикоядир...

***

Умуман олганда, инсоннинг дунёга келиши хайрли ҳодиса. Туғилиш – бу, кўпайиш, ўсиш, ҳаракат ва ривожланиш демак. Лекин бунда иккинчи бир жиҳатни ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди, албатта. Яъни кўпайиш ва ривожланиш, айни пайтда, ҳар турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий ва сиёсий муаммоларга дуч келишдир. Бутун тарихи мобайнида куч ва имкони  етгунича буларни инсоният ҳал қилишга уриниб келган. Бирда муваффақиятга эришса, бирда мағлубиятга учраган; гоҳо йўлни тўғри танлаган бўлса, баъзан йўлдан адашиб, ўзини-ўзи қийинчилик ва азоб-уқубатларга гирифтор айлаган. Аммо ҳар қандай вазият ва ҳолатда ҳам тўхтаб қолмаган. Беҳад ранж чекиб, ҳатто қон кечса ҳам турғунлик, ночорлик тўсиқларини енгиб ўтган. Бу амалий тажриба – башарият ҳаётидаги энг порлоқ ва умидбахш тажриба деса асло хато бўлмайди.
Одам қавми ақл ва тафаккур жабҳасида жуда кўп ютуқлар, ҳайратланарли қанчадан-қанча янгиликларни қўлга киритди. Булар билан у ҳар қанча мақтанса ҳам арзийди. Илм-фан ва техник тараққиётда у нималарни ихтиро этиб, ўзига хизмат қилдирмади дейсиз? Шунча зафар, шунча юксалишнинг ҳаммаси ҳам дунё аҳлининг осойишта, фаровон ва бахтли яшашига ёрдам бердими? Эришилган нимаю, йўқотилган нима ёки муваффақият нимаю маҳрумият қайси – булар тўғри сарҳисоб қилиндими? Йўқ, албатта. Шунинг учун ғам, кулфат, мусибат ва ҳар турли зиддиятлар олдинги асрга нисбатан янги юз йилликда кўпроқ юз очди. Зулм, зўравонлик, таҳлика шиддати кучайса, кучайдики, сусайгани йўқ. Нима учун? Бу саволга бугун энди қаноатланарли жавоб қайтариш осон эмас. Қолаверса, жаҳоннинг кўп минтақасида, “Мен кимман? Нимага бундай яшашим керак? Инсонийлик шарафи ўзи нима?” деб ўйлаш аллақачон “мода”дан чиқиб кетган. Меҳр – қаҳрга, шафқат – ёвузликка, руҳ – нафсу ҳавога таслимлиги шундан. Шунинг учун дунёда макр, риё, гуноҳ ва худбинлик “бозор”и қизиб кетгандир. Агар масалага тарихан назар ташланса, охир-оқибатда асосий бир офат – барча бало ва ёмонликларнинг дояси нафсга тўхталишга тўғри келади. Ахир, Шарқнинг буюк донишмандлари тасодифан “Нафси аммора соҳиблари ҳайвонга ўхшашдирлар, балки ундан ҳам тубан эрурлар... нафси аммора жумла мунофиқ, фосиқ, кофир ва золимларнинг нафсларидир” демаганлар-ку! Қаердаки, бир йиртқичлик, бир бебошлик, бир бадбахтлик қад кўтарса, билингки, бу шу баттол нафснинг қилмишидир. Ёмонлик, нодонлик ва гумроҳликнинг тури бисёр. Булар ҳақида тўхтовсиз гапирамиз – лекин илдиз қаерда, нега уларни чеклаб-чегаралаб йўқотиб ҳам бўлмайди – бу ҳақда кўпинча тўғри мушоҳада ҳам юрита олмаймиз. Ваҳдатул вужуд нуқтаи назаридан қаралса, ёмонлик, ёвузлик, тубанлик йўқ нарса – бир рўё, холос. Шу боисдан ҳам инсон Ҳаққа интилиши, уни севиши, бутун борлиғи ила унга суяниши шарт. У ёлғиз ўзига таянса, билиб, билмай, нафсоний, ҳайвоний ва шайтоний майлларига таянишга маҳкумдир. Тасаввур қилинг, бир чақалоқ туғилди. Вояга етгач у бехосият, баджаҳл, ваҳший махлуққа айланади, деб ким хаёлга келтиради? Ҳеч ким. У кимдан тўраган? Қандай тарбия олган? Қандай хислат ва фазилатлар қонига мерос кўчган? Булар хусусида кўп фикр юритиш ва ибратли бир хулосалар чиқариш мумкин. Назар Эшонқулнинг иккинчи ҳикояси – “Қултой” шу жиҳатдан диққатга моликдир. Ҳикоя қаҳрамонининг номи Улжон. У мол изидан таёқ судраб, умри қиру адрларда ўтаётган барзанги бир йигит. Улжон шу қадар ҳайвонлашганки, одамга ҳам молдан паст назар билан қарайди. Хотин зотини ҳақоратлаш ва уришдан ич-ичдан мароқланади. Бир гал калтакка чидолмаган хотини отасиникига кетиб қолади ва бирмас, иккимас, тўрт қайниси келиб уни “худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири савалайди”. Шу пайт маймоқ бир аёл келиб унинг бошига ўзини ташлайди-да, бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақиради. Бу муштипар, ҳақорат ва хўрликдан жуссаси кичрайиб бораётган аёл Улжонга “хола” – Арзихол эди. Шунда ғалати бир ҳолат рўй беради: Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан “ўзига жуда таниш” бир ҳидни туяди. Лекин “бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб” қолганини фаҳмлолмайди. Калтакланётганини ҳам унутиб тамшаниб кетади... Хуллас, шу ҳид уни таъқиб эта бошлайди. Негадир бундан у ғазабланади. Баҳона топиб Арзихолнинг елкасига гаврон туширади. Аёл эса ғиқ этмасдан чидайди. Чунки ҳаммасига: қалтак, таҳқир, ҳақоратга аллақачон кўниккан. Боис не? Асосий жумбоқ ва фожиа шунда. Арзихол Улжонга хола эмас, аслида она. Поччаси Ражаб чўпонга эса асранди ўғил. Бу ҳақда унга ҳеч ким, ҳеч нима демаган. Ражаб чўпон феъл-атворидаги қўрслик, одамовилик, жиззакилик асранди болага шундоқ кўчиб ўтган. Улжон мактабда ҳам ўқимаган – ғирт авом.
Ким билади, Ражаб чўпон ўзи ўғил кўрганида, унинг хотини Роҳат бир ҳафталик чақалоқнинг онасини ўлдига чиқариб, уни уйига олиб келмас, касал бўлиб ётиб қолгач эса бадбахт Арзихолга ҳам муҳтожлик сезмаслиги мумкин эди. Лекин ҳаёт инсоннинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмаган ва ҳисоблашмайди ҳам. Шу учун Арзихол опасиникида яшар экан, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқлар бошига тушади. Қайнилар билан бўлган жанжалда Улжонни у қотилликдан сақлаб қолади. Улжон эса уриб, унинг қўлини синдиради. Шунда ҳам ўзини у айбдор сезади. Ўзига ўзи ўлим тилайди. Терсоталиклардан биронтаси Улжонни койий бошласа ва у ҳақда ёмон фикр билдирса, Арзихол бирдан “Аслида айб менда...” дея уни ҳимоя қилишга тушади.
Нима жавру жафо кўрмасин, у шу Улжонни дейди. Қашқирсифат шу йигит учун жонни фидо айлаб кун ўтказади. Унинг бу ҳолатини тасаввур қилиш мумкин. Қиз чоғида қир ортидаги қишлоқлик бир чавандоз йигитни яхши кўрган. Бот-бот тўқайзорда учрашиб туришган. Йигитнинг ота-онаси чўлоқ бир қизни келин қилишга кўнишмаган. Шуми ёки бошқа сабабданми, “қамчисига бандак тўқиб бергани” чавандоз йигит ғойиб бўлиб, орадан ойлар ўтса-да, қорасини кўрсатмаган. Қиз эса юрак ютиб... Ҳеч бировга гапиролмаган.
Севги дейсизми, алданиш, адашиш ёки ҳирс қурбони дейсизми, хуллас, нима бўлмасин Арзихол таъна-маломатларга чидаб ўғил туғади. Холаси чақалоқни олиб кетгунга қадар ва кейин ҳам уни эмизади. Ниҳоятда ажабланарли ҳол: ёши улғайган сайин Арзихолдан Улжон жирканади. Кўрдими, ғазабланиб, нафрати ошиб-тошаверади. Унинг қўрс-қўпол муомаласини давом эттирган хотини ва болаларининг бир муштипар, ғуссакаш аёлга муносабатлари ҳар қандай одамни ачинтиради.
“Товуши дўриллай бошлаган Улжоннинг болалари ҳам уни худди оталаридай жеркир, келин эса тиним бермай ишга кўмиб ташлар, у эса яроқсиз бўлиб қолгач, ташлаб юбориладиган буюмга ўхшаб уйдан ҳайдалишдан чўчигандек ҳеч бир ишдан бўйин товламас, ўзини кераксиз бўлиб қолаяпман деб ўйлагани сайин Улжоннинг болаларидан тортиб, ўзи ҳам кампирга суяниб борар, унинг оғриб ё касал бўлиб ётиб қолишини тасаввур ҳам қилишолмасди”.
Орадан унча кўп вақт ўтмай, шундай кун келади: Арзихол бирдан ётиб қолади. Шу ётишда хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида жони узилади. Уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва бир неча қариндошлари йиғилади. Аза ҳам азага ўхшамайди. “Маймоқ” энди йўқ – тупроққа этиб кўмилади. Улжон шунда ҳам ундан норозилигини яширмайди. Ўйлаб қоласан: шунақа кимсалар ҳаётда борми, учрайдими ўзи? Тўғри, айнан Улжонга ўхшаганлар эҳтимол учрамас. Лекин ёвузлик ва бағритошликда ундан баттарлар бор. Табиати ундан-да мудҳишроқ махлуқларнинг сони дунёда оз эмас.
Улжонга қайтайлик. У чолларнинг қистови билан, таёққа суяниб “холам-ов” дейди. Овози “йўқловдан кўра зардага ўхшаб” эшитилади. “Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл расм-русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишади. Шунда кимдир келиб унинг қўлтиғидан олади. Қараса, кенжа тоғаси. Уни жуда кексайиб, мункиллаб қолган отаси, яъни Улжоннинг бобоси ёнига бошлаб боради. Бобосини ҳам у хуш кўрмайди. Бобо эса айбдордай бошини эгиб турар, маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилиб, кўзлари ёшланганди. У хирилдоқ овозда Улжонга дейди:
–    Онам деб йўқланг, болам, Онам денг.
–    Нега онам дейман? Онам ўлганига ўттиз йилдан ошди...
Бобо оғир ва чуқур хўрсинади. Кўзларини олиб қочиб, секин пичирлайди:
– Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавандоз уни бадном қилиб кетгач, сизни Роҳатга бердик. Аслида, сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам. У сизнинг ҳақиқий онангиз...
Бу шафқатсиз гапдан албатта Улжон довдирайди. У “кимдир бу ёлғон дейишини кутар”, аммо бунақа мардни топиб бўлмасди. Ёши қирқдан ўтса ҳам нима учун туққан, оқ сутини эмизган аёлга у зарра қадар бўлсин дилдан яқинлик сезмади? Нега уни урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверди? Бобо сир “парда”сини очди. Улжон ўзидан энди қаёнга қочади, қандай бош кўтариб яшайди? Қисматнинг бу даражада чигаллигига сабаб нима? Ёзувчи бу саволларга жавоб бермайди.
Ўқувчининг ўзи мушоҳада юритиб, ўзи топиши керак жавобни. Ёзувчини Улжон тақдирини ҳикоя қилишга ундаган изтироб ҳам балки шудир.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
25 февраль 2008 йил

 
Баҳс зиёси – тўғрилик PDF Босма E-mail
03.03.2013 12:33

I
Ҳар қандай фойдали баҳс ёки мунозара ахлоқий, фикрий ва руҳий қувватни талаб этади. Агар бу қувват ўрнини нафс ва ғанимлик майли ишғол қилмаган бўлса, билингки, баҳс тафаккур ва самимият минбари эрур. Илм ва адабиётда бугун айнан ана шундай мунозара минбари зарур.
Дарвоқе, Н.Жумахўжа мақоласининг («ЎзСА» 1998 йил, 10 июль) муқаддимасида шундай бир ўгит бор: «Кези келганда ҳақиқатни тан олиш, иззат-нафсни мағлуб этиш, сукут сақлаш ҳам мардлик фазилатидир». Мен бу насиҳатни инобатга олишга урндим – бўлмади.  Чунки Н.Жумахўжанинг баҳсга аралашувидан мақсади ҳақиқат ахтариш эмасдир.
Баҳс маданияти бизда ҳали пастроқ, албатта, уни юксалтириш зарур. Аммо бунга баҳслашмасдан, мунозара даражаси ва натижаларини таҳлил қилмасдан эришиб бўлмайди. Ҳақиқат сўзга, фикрга айлантириларкан, ҳеч шубҳа йўқки, у ўзининг табиий шакли ва дахлсизлигидан бир қадар йироқлашади. Ана шунда ҳақиқат номи билан турланиб, тусланиш имконияти туғилади. Шу имкониятдан фойдаланилмаса, баҳс ва мунозара ҳақиқат ҳамда тараққиётга хизмат қилади.

II
Н.Жумахўжа мақоласида «Ҳикматлар» масъул муҳаррирсиз, нашриёт редактори раъйи билан чиқиш» сабабига доир И.Ҳаққулнинг фикрларига эътироз билдириб, жумладан бундай дейди: «В.Раҳмоновдан тортиб, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, А.Рустамов. Н.Комилов, А.Абдуғафуров, Ё.Исҳоқов, Н.Раҳмонов, Б.Тўқлиев каби ўнлаб зукко ва тажрибали олимларимиз борки, «Ҳикматлар» матнини такомиллаштириш йўлида уларнинг хизматларидан фойдаланиш мумкин ва зарур эди». Анча «қамровли» бу мулоҳазалардан кўзланган мақсад: И.Ҳаққулни «ўнлаб зукко ва тажрибали олимлар»га қарши қўйиш эмасмикан? Н.Жумахўжа нашр ва нашриёт ишларини билмаса, билишни хоҳламаса, бунинг учун И.Ҳаққул гуноҳкорми? Ахир, «Ҳикматлар» хусусий нашриётда чиқарилгани йўқ-ку! Нашриётларда нима учун махсус таҳрир ҳайъати тузилади? Яссавийнинг китобида ҳам шундай ҳайъат рўйхати берилган. Унда Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева, Бегали Қосимов, Натан Маллаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Омон Матжон, Одил Ёқубовларнинг исм-шарифлари ёзиб қўйилган. И.Ҳаққул шу таҳрир ҳайъати аъзоларидан қайси бирининг «хизматларидан фойдаланиш»дан бош тортибди? Нашр этиладиган китобни кимларга ўқитиш ёки ўқитмаслик каминанинг ихтиёридаги иш эмаслигин англаш наҳотки шунчалик қийин?
«Ҳикматлар» китобининг босилиб чиқиши ҳам бир тарих бўлиб қолди. Бу воқеани энди ҳар хил изоҳлаш мумкин. Н.Жумахўжа ҳам фикр-мулоҳаза билдиришга ҳақли. Бироқ унинг ўша нашр жараёнини аниқ билмасдан, «Ундан шахсан мен ҳам хабардор эдим», дея тахминий гапларни айтиши нотўғри. Унингча, «қайта қуриш ва ошкоралик даври»даёқ Яссавий «Ҳикматлар»ини чоп этишга Ўзбекистонда табиий замин етилган» экан. Қани энди шундоқ бўлган бўлса. «Ўзбек адабиёти бўстони» туркумидаги биринчи китоб «Қадимий ҳикматлар» деб номланган ва у ошкоралик айни авжига кўтарила бошлаган 1987 йили босмадан чиққан. Энг қадимий адабий ёдгорликлардан бошлаб Югнакийнинг «Ҳибатул ҳақойиқ»игача бўлган асарлардан олинган парчалардан таркиб топган шу мажмуага, номига бўлса ҳамки, Яссавийнинг ҳикматларидан намуналар киритилмаган. Нега?
Мустақилликка шукроналар бўлсинки, тасаввуфшуносликда ҳам эркинлик йўлини очди. Бугунги кунда қочган ҳам, қувган ҳам диний-тасаввуфий адабиётнинг муҳофизи. Бироқ улар саксонинчи йилларининг охирларида ҳам Яссавий шахсияти ва ижодиётига, юмшоқроқ қилиб айтганда, муносабат яхши бўлмаганлигини эшитишни-да исташмайди. Аслида эса аҳвол худди шундай эди. Шу боис «Ўзбек адабиёти бўстони» туркуми учун тузилган таҳрир ҳайъати мажлисида «Қадимги ҳикматлар»га Яссавий шеърларидан киритилиши ҳақидаги бизнинг таклифимиз, филолология фанлари доктори А.Абдуғафуров ва фан номзоди Ё.Исхоқовларнинг қўллаб қувватлашларига қарамай таклифлигича қолиб кетганди. Шундан сўнг биз ўша таҳрир ҳайъатидан воз кечганмиз.
Ўз ишига инсон ўзи баҳо беришни зиммасига олса, биринчидан, баҳони жуда баландлатади, иккинчидан, мен аладанмайман, деган самимий бир ўй билан бошқаларни алдаётганини сезмай қолади. Акс ҳолда Н.Жумахўжа: «И.Ҳаққул ўша пайтда «Ёшлик» журналида Яссавий ҳақида катта бир мақола эълон қилганди. Шу мақолага акс-садо тарзида мен ҳам мазкур журналда Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»и нашри зарурлиги ҳақида мақола билан чиқдим. Шунда «Ҳикматлар» нашри жадаллашиб кетганди», деб ёзмасди. Биринчидан, «Ёшлик»даги мақола Яссавий ҳақида эмас, Навоийнинг Яссавийга муносабати ҳақида эди. «Яссавий ва Навоий» деб номланган бу мақола «Яссавий номини Навоий билан тенг қўйиш мумкин эмас», деган таъқиқ билан бир сон кейин «Навоий азиз билган…» сарлавҳасида (сарлавҳани журнал муҳаррияти қўйган – И.Ҳ.) босилиб чиққан эди. Иккинчидан, Н.Жумахўжа мақоласидан сўнг «Ҳикматлар» нашри жадаллашиб кетганида, қўлёзма икки йилча нашриётда туриб қолмасди. Учинчидан, «Яссавий Ҳикматлар»ини Туркия нашри асосида қайта чоп этиш қаҳрамонликми?» дея тасаввурга сиғмайдиган саволни ўртага қўйиш ҳам ўринли бўлмаса керак?

III
«Девони ҳикмат»нинг танқидий матнини яратишда, - дейди Н.Жумахўжа, - И.Ҳаққул Туркия тажрибасини тавсия этади. Бу фикрга у «Юнус Эмро девони» танқидий матнининг яратилиш тажрибасини асос қилиб келтиради. Бошқа соҳани билмадим-ку, хусусан, матншунослик соҳасида биз Туркия «андоза»сига муҳтож эмасмиз. Бизнинг миллий матншунослигимиз ўзига хос ва ўзига мос йўлда уларга нисбатан анча ривожланиб кетган».
Эски мафкура шундай бир зарарли ва заҳарли мафкура бўлганки, ҳолат ва фурсат етди дегунча, ҳамон у ўзининг мавжудлигини сездириб, ботиний мавқеини дарҳол намоён айлайди. Юқоридаги фикрлар моҳият эътибори ила ўттизинчи, эллигинчи йилларда айрим ёзувчи ва олимларимизни «пантуркист»ликда қоралаган кишиларнинг ҳукмларига ўхшаб кетиши тасодиф эмас, албатта.
Аввало, шуни айтиш керакки, Туркия «андозаси»га муҳтожликни биз хаёлга ҳам келтирганимиз йўқ. Тажриба ўрганиш, зарур кўрилса, ўрнак олиш – бу бошқа эҳтиёж. Биз сўзлаганимиз «тажриба» озарбайжон, грузин, арман ва туркман олимлари томонидан ҳам тадбиқ этилганлиги матншунослик тажрибасидан оз-моз хабардор ҳар бир тадқиқотчига аён. Бундан ташқари, масаланинг илдизи ва туб моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, Туркия «андозаси» биз учун сунъий ва ўзини оқламайдиган бир тушунча. Ва у мумтоз адабиётимизнигина эмас, миллатимизни ҳам камситиши мумкинлигини жиндек мушоҳада қилмоқ лозим.
Айтайлик, устод Фитрат «Эски турк шеъри» мажмуасини нашрга тайёрлаганда, заҳматкаш олим С.Муталлибов домла тўрт жилдлик «Девони луғотит турк»ни ўзбек тилига ўгириб халқимимзга етказганларида ўша асарлар усмонли турк адабиётининг эмас, умумтуркий адабиётнинг намуналари бўлганлиги учун турк матншуносларининг тажрибаларига  мурожаат этишган. «Қутадғу билиг», «Ҳибат ул-ҳақойиқ» нашрлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. «Юнус Эмро девони» нашри бизга нега керак? Чунки у Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг издоши. Издошлик анъанасини билиш – йўлбошчининг буюклигини бутун миқёси билан англашга хизмат қилмайди, деб ким айта олади?
Лутфий, Гадоий, Убайдий сингари бир қанча шоирларимиз шеъриятидан намуналар, Шайбонийхоннинг девони дастлаб Туркияда чоп қилинган. Чунки улар ўз адабиётининг тақдирини ҳам, тараққиётини ҳам ўзбек адабиётининг таъсирисиз тасаввур эта олишмайди. Шунинг учун турк матншуносларининг Алишер Навоий асарларига қизиқиши кучли ва изчилдир. Шунинг учун ҳам Навоийнинг бизда ҳанузгача тўлиқ босилмаган «Насойим ул-муҳаббат»нинг танқидий матни Туркияда чоп этилди. Шу китобни қўлга олиб, Ҳазрат Навоийдек даҳо санъаткоримиз борлигидан табиий равишда фахрланиб, нашрдаги ютуқ ва камчиликларни мулоҳаза қилиш яхшими ёки бу хориж «андозаси» дея юз буриш мақбулми?
Албатта, янги давр, янги мафкура бошқа давлатлар қатори қардош Туркия билан ҳам янгича муносабатни талаб қилади. Биз адабиёт, санъат, фан ва маданиятда ҳам ўзининг теран тарихига эга мустақил миллатмиз. Лекин илм-фан, адабиёт ва санъат, мусиқа ва маърифатда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш эҳтиёжини инобатга олсак, ҳеч нима ютқазмаймиз.
1995 йил Истанбулда И.Ҳаққулнинг эмас, балки у нашрга ҳозирлаган Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»и босилиб чиққан. Нашрга тайёрловчининг исм-шарифи бутунлай тилга олинмаслиги ёки ўчириб ташланиши мумкин. «Девони ҳикмат»нинг хорижда чиқиши барибир қувончли ҳодиса. Биз бу фактни В.Раҳмонов кўрсатган бир қатор хатолар бартараф этилгани маъносди эслатгандик. Хайриятки, эслатма «Мақтанчоқликка йўйилмаса…» деб бошланган экан. Шунга қарамасдан Н.Жумахўжа  «Бунинг нимаси мақтанарли? Бугунда кўп жиҳатдан дунё мамлакатларидан орқада эмаслигимиз аён бўлиб қолди-ку!» дейди. Ё ажаб! Бир китобнинг Истанбулда чиқиши қаёнда-ю, «кўп жиҳатдан дунё мамлакатларидан орқада эмаслигимиз» қаёнда?
Агар шу савияда фикрлайдиган бўлсак, миллий мафкурамизга бутунлай зид ва бегона «Нима бизга Америка?»чилик мақтанчоқлигини яна оёқлантириб, халойиққа кулги бўлмаймизми?
«Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ», мисрасидаги «пушти имон» иборасига И.Ҳаққул берган изоҳлар Н.Жумахўжага гапни «бошқа томонга буриш», «гапни айлантириш» бўлиб кўринади.
«Пушти имон» - Яссавий ҳикматларида учрайдиган ибора. Шу боис К.Эраслон «пушт» сўзига «орқа»; сирт; насл; белбоғ» («Девони ҳикмат»дан намуналар, 470-бет) дея шарҳ берган. Бундаги мажозий маъно «Фарҳанги забони точики» луғатидаги «пушт» сўзининг (мажозий мазмуни) изоҳига тўла мувофиқ келади. «Пушт»нинг «белбоғ» маъносига эгалигини, эҳтимолки, Н.Жумахўжа билмаган. Унда «Афсонадур шариат, фарзонадур ҳақиқат» сатридаги «афсона»га ёпишиб олиб, шариатни «афсона» дейиш, «пушти имон шариатдир», дейишдан ҳам ғалатироқ-ку!

IV
«Баҳсдан мақсад – ҳақиқат» мақоласининг қарийб учдан бир қисмида интуициянинг матншуносликдаги аҳамияти ҳақида гапирилган. Бунга эса «Санамай саккиз демайлик…» мақоласидаги қуйидаги сўзлар асос бўлган: «И.Ҳаққул «умумлашма» чиқаради: «Менимча эски матн нусхаларига аҳамият бермасдан ўзининг интуицияси ва субъектив қарашларига биноан «хато» топиш ва тузатиш нотўғри ва хавфлидир. Афсуски, шу усулдаги тажрибалар кейинги пайтларда одат шаклини олмоқда..».
Бу фикрлар замирида «Қўлёзма кўрмасдан мумтоз адабиётимиз нашрларидаги хатоларни ўз-ўзимизча, фақат савқи табиийга суяниб «хато» деб белгилавермайлик», деган талабдан ўзга бир мақсад йўқ. Ким бўлиши ва интуицияси қай мақомга юксалишидан қатъий назар, ҳар қандай зукко матншунос ҳам эски ва ишончли нусхаларга таянмоғи шарт. Узоққа бормасдан Машраб «Девон»ини олиб кўрайлик. Шоир шеърларидаги кўпда-кўп сўз ва иборалар В.Раҳмонов ва К.Исмоилов нашрида А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров нашрларидан бутунлай фарқ қилади. Мана бир мисол: А.Абдуғафуров чоп эттирган «Танланган асарлар»да ўқиймиз:
Мани сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул,
Кел, эй кўнгул, кечоли бу тирикликни бақосидин.
«Девон»даги шакли:
Санам, сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул,
Кел, эй Мажнун, кечоли бу тирикликни бақосидин.
Менинг назаримда, байтнинг олдинги кўринишида поэтик мантиқ ҳаққоний аксини топган. Ва лирик қаҳрамоннинг «Эй кўнгул», дея мурожаати юз фоиз ўзини оқлайди. Чунки ишқ йўлчисига кўнглидан яқин, кўнглидан ҳамрозроқ «шахсият» йўқ. Мавлоно Лутфийнинг «Бу кўнгилдир, бу кўнгил» радифли ғазалида мазкур ҳақиқат ниҳоятда гўзал тасвирланган. Қолаверса, «тириклик бақосидин» кечишга ўрнак кўрсатган Мажнунни яна шу ишга чорлаш қандайдир ғайритабиий туюлади. (Санамга нидо қилиб, кутилмаганда Мажнун номини тилга олиш ҳам). Бу – менинг байтга шахсий муносабатим ва уни шахсий тушунишим. Албатта, «Эй кўнгул»нинг ўрнини «Эй Мажнун» эгаллагани учун В.Раҳмоновга ишонч ила эътироз билдира олмайман. Чунки Машраб «Девон»ининг қадимий нусхалари сақланмаган. Шу билан бир қаторда В.Раҳмоновнинг «интуиция»сига мафтун ҳам бўлолмайман. В.Раҳмоновнинг матншуносликдаги тажрибаси Н.Жумахўжага мутлоқ нуқсонсиз туюлган бўлиши мумкин. Лекин мен ҳурматли олимимизнинг Навоий, Яссавий байтларидан топган хатоларининг барчасини ҳам хато деб қабул қилмайман.
Хуллас, Н.Жумахўжа юқоридаги фикрларимизни «матншунослик истеъдодига таҳдид» ва ғайриилмийлик тамойилига нисбат беришга ҳар қанча рағбат этмасин, охирида, «Албатта, интуиция ёрдамида аниқланган маълумотни қўлёзма билан текшириш керак», дея И.Ҳаққул гапини қувватлаш, ҳаттоки такрорлашдан ўзга чора тополмайди. Бунинг нимаси баҳс?! Баҳс дегани «тухумдан тук ахтариш» эмас-ку ахир!

V
Н.Жумахўжанинг интуиция масаласига ўзича катта аҳамият бериши бежиз эмас. Чунки, унинг ўзи тасавввуф тушунчалари ва тимсоллари маъносини аксарият ҳолларда интуиция бўйича «кашф» этади. У ёзади: «Бир неча жумла оралиғида И.Ҳаққул томонидан «буроқсуворлар» - «чин ошиқлар» мақомидан «ишқпарастлар» тоифасига туширилади. Ишқпараст – чин ошиқ эмас, албатта. Чинакам комил ошиқ айнан Меърож тунида Буроқ воситасида Оллоҳ ҳузурига кўтарилган пайғамбар Муҳаммаддир. Буроқсувор айнан унинг сифатидир».
Оддий ўқувчи бу гапларга чиппа-чин ишонади. Тасаввуф тадқиқотчиларининг ишқ баҳсидаги асарларидан бехабар одам Н.Жумахўжа хулосаларига қойил қолиши ҳам мумкин. Гап шундаки, «Ишқпараст – чин ошиқ дегани» бўлмаса, унда тасаввуфшунос олимлар ишқни тур ва даражаларга ажратиб, нега «Узрий ишқда аввал севган ёрига ошиқ бўлади. Уни қаттиқ севади, ишқдан туғилган изтироб ва алам ичида ёниб-куяди, ниҳоят шундай бир нуқтага етадики, ишқдан хушнуд бўлиб, ҳузурланишга бошлайди. Айни шу юксакликда ишқ учун маъшуқасини ҳам унутиб, унинг ишқи ила нафас олади… Лайлони севган Мажнуннинг ишқи мана шундайдир», дея шарҳлар битишган? Ишқпараст бутун борлиғи ва мавжудлигини ишқда идрок қилувчи, ишққа топинувчи ошиқ. Ишқпараст наинки одамнинг, балки оламнинг жонинин ҳам ишқда кўради. Н.Жумахўжа ишқ севги-муҳаббатнинг сўнгги мартабаси эканлигини билмаса? Қачондан буён Мажнун чин ошиқ тимсоли бўлмай қолди?
Том маънодаги комил инсон ким? Комилларнинг комили сифатида кимни ўрнак этиб кўрсатиш керак? Йирик тасаввуфшунослар, жумладан, Ибн Арабий мазкур саволга аллақачонлар «Муҳаммад алайҳиссалом», дея жавоб беришган. Бизда ҳам кейинги пайтларда шундай фикр ўртага ташланди. Ҳатто ёш бир тадқиқотчи шу масалада «Энг комил инсон ким?» деган мақола ҳам эълон қилди. Н.Жумахўжа бу хусусдаги асосий хулосани гўёки янгилик яратгандай қилиб, «Чинакам комил ошиқ» «айнан Меърож тунида Буроқ воситасида Оллоҳ ҳузурига кўтарилган пайғамбар Муҳаммаддир», дейди. Ҳолбуки, Яссавийнинг мунозара уйғотган байти тавҳид мақомига етишган «ошиқ қуллар» тўғрисида бўлиб, улар ишқпарастлик ила – чин ошиқ, чин ошиқлиги учун ишқпарастдирлар. Яссавий ҳақида сўзлаганда, ҳеч бўлмаса, зарур манбалардан хабардор бўлмоқ керак. Ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетмаслиги учун ҳам Ҳазиний Яссавийга бағишланган «Жавоҳир ул-аброр» асарида Меърож масаласига махсус тўхталиб, мана нима дейди: «Яхши билғилки, набилар учун бир Меърож, ошиқлар учун бир Меърож, орифлар учун бир Меърож бордир. Наби бизотихи вужуди ила, ошиқ қалби ила, ориф эса руҳи ила Меърожга кўтарилур». Ошиқликнинг буюк имтиёзи ҳам ана шунда.
Кимга қайси луғат мақбул, ким қайси луғатдан фойдаланади – бу ҳар бир олимнинг ихтиёридаги иш. Бу ишда ҳеч кимнинг ҳеч кимга мажбурий кўрсатма беришга ҳуқуқи йўқ. Н.Жумахўжа эса «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати»га мурожаат этган. И.Ҳаққулга «Борди-ю луғатга зарурат туғилганда ҳам энг ишончли луғатга суянган маъқул эди. Мен П.Шамсиев ва С.Иброҳимов тузган, 1975 йили нашр этилган «Навоий асарлари луғати»ни афзал биламан», дея кўрсатма беради. Тавсия учун минг раҳмат. Бироқ у кўпчилик олимлар тузган ва кўп ишни Қ.Муҳиддиновдек беназир аллома бажарган тўрт жилдлик бир луғатнинг ишончсизлиги ва афзаллигини билмаган бўлса, И.Ҳаққул нима қилсин?

Билибми, билмайми, камситилган ўша луғатда В.Раҳмоновнинг ҳам иштироки ва хизматлари алоҳида қайд этилган. Н.Жумахўжа балки бу маълумотни унутгандир. Унутмаганида сал ўйлаброқ сўзлармиди?
И.Ҳаққулга йўналтирилган танқидлардан яна бири – «тагзаминли танқидни тушунмаганлик»дир.
Келинг, яхшиси мана бу кўчирмани ўқийлик: «Тасаввур қилинг, - дейди И.Ҳаққул давом этиб, - «Тавҳид отлиғ» улкан бир дарахт: унинг соясида ошиқ қуллар буроқларига миниб ўтиришибди. Ахир бу «дарахт соясида буроқ сўйиш» билан қарийб тенг мантиқ». Энди В.Раҳмоновдаги «суюмоқ» феъли И.Ҳаққулда «сўймоқ»қа айланади. Бунда асл матнда йўқ «ўтиришибди» деган ҳолат «кашф» этилган». Ҳолат «кашф» этилмаган. Сўзнинг ўзгариши ҳам мутлақо тўғри. Ахир, И.Ҳаққул «Буроқ»ни моддий маънода тушунилишига қарши. Н.Жумахўжа қайд этганидек, Абул Ало Афифий «бекорга овора қилинмаган. Балки ўқувчи мақсадни билишда чалғимаслиги учун машҳур араб олимининг мутасаввифларнинг «йўлчиликларида уларни Оллоҳга етказадиган «Буроқ» илоҳий ишқ эрур…», деган изоҳига ҳам эътиборни қаратган.
В.Раҳмонов мақоласида эса «Буроқ»нинг маънавий-руҳий моҳияти инобатга олинмаган. Ана шу боис «ҳамма нарсани образли тушунадиган олим» ўз англашига содиқ қолиб, «Тавҳид отлиғ дарахт сингари «Буроқ» ҳам моддий ҳақиқат эмас, у агар қандайдир жонзот қиёфасида тасаввур этилса, «Ахир бу «дарахт соясида Буроқ сўйиш», яъни от калласини кесиш билан қарийб тенг бўлади-ку», деган.
Демак, ҳазилни тушуниш фойдали бўлганидек, кинояни англай олиш ҳам зарар қилмас экан-да. Балки шунда Н.Жумахўжа ҳамма жиҳатни инобатга олиб хотиржамлик ила таҳлил билан инкор этиб, йўқ айбни бор қилиб кўрсатмасмиди? Унинг «бориқ», «бориқа» сўзларига тегишли гапларини ўйлаб кўрса бўлади. Аммо «нур», «шуъла», «ёлқин» маъноларини ифодаловчи ушбу сўзни (бу сўз Навоий шеъриятида ҳам учрайди: «Не барқки офат ул юз, Ё бориқаи латофат ул юз») Яссавий «матнига асло ёпишмайди» дейиш ҳам ўзини тўла оқламайди. Аксинча, рамзий-тасаввуфий маънодаги «соя» табиий бир йўсинда бу сўзни эсга солади. Хуллас, «Девони ҳикмат»нинг мавжуд қадимий қўлёзмалари қанчалик тез кўздан кечирилиб, сўз ва тилдаги фарқлар қанчалик тез аниқланса, мунозаралар ўшанча тез барҳам топмоғи, муқаррар.

VI
В.Раҳмоновга жавоб тарзида ёзилган мақоламни такрор ўқидим. Ундаги «Ҳикматлар» В.Раҳмонов қайд этганидан ҳам ортиқ хатолар билан босилиб чиққан. Мен буни тан оламан», деган жумлаларни кўриб, мени «билимдонлик билан кўрсатилган камчиликлар»ни рад этувчи деб айблаш ҳам ноҳақлик эканини билдим.
Тўқиб танқид қилиш билан, ўқиб холис танқид қилиш орасида ер билан осмонча фарқ бор, албатта. Тўғри, олим қавмининг хоҳласа, «пашша»дан «фил» ясашга, истаса «фил»ни «пашша»га айлантиришга уриниб «образ» яратишга уринишда ҳам ўзига хос бир ишонч бўлади. Фақат бу ишонч хоҳланг хоҳламанг, моҳиятбин ҳар бир кишида ишончсизлик туғдиради. Бу эса баҳснинг ҳам, ҳақиқатнинг ҳам қадрини ерга қориштиради. У ёки бу маънода ўқувчи дилида шубҳа ва гумонга жой бермаслик учун баҳс ва мунозараларда очиқликка риоя этмоқ – бу мардлик ва тантиликнинг тамали эрур.

«Ўз АС» 1998, 7 август

 
Муз устидаги ошиқ. Ҳерманн Ҳессе PDF Босма E-mail
28.10.2013 18:23

Ўша йили қиш ниҳоятда қаттиқ келиб, узоқ чўзилган, шу боис биздаги жуда гўзал Шварцвальд дарёси бир неча ҳафтадан буён қаттиқ музлаб ётарди. Мен ўша ғалати, ўзим ҳам ҳаддан зиёд қойил қолган туйғуни ҳамон унутолмайман. Ўшанда қаҳратон совуқнинг илк куни эди, эрталабданоқ дарёга отландим. У шунақанги чуқур, муз эса шундай тиниқ эмиш, худди юпқа ойнанинг ўзи, ундан ям-яшил сув, тошли қумлоқлар, ғалати тарзда қумга сингиб кетган сувўтлар кўриниб турар, аҳён-аҳёнда эса балиқнинг қорамтир танаси кўзга чалиниб қоларди.
Ўртоқларим билан муз устида юзларимиз қизариб, қўлларимиз кўкариб, ярим кунлаб яхмалак отардик, шиддатли ва бир маромдаги ҳаракатларимиздан юракларимиз тўлиб-тошиб, болалик даврининг беғам-бепарво, ажойиб ва лаззатли онларидан қувват оларди. Биз бир-бирларимиз билан кимўзарга, узоққа ва баландликка сакраш бўйича беллашар, қувлашмачоқ ўйнардик. Орамизда ҳали ҳам эски урфдаги оёққа боғланадиган конькида учаётган бола бўлса, у дурустгина яхмалак отувчи ҳисобланарди. Бироқ биттамизда, фабрикантнинг ўғлида “Нalifax” русумли коньки бўлиб, у ип ёки тасмасиз ҳам маҳкамланаверар, уни кўз очиб юмгунча боғлаш ва ечиш мумкин эди. Ўшандан буён кўп йиллар мобайнида “Halifax” сўзи менинг мавлуд байрамига совғалар рўйхатида сақланиб қолган бўлса-да, бироқ унинг ўзи насиб этмаган; орадан ўн икки йил ўтгач, бир куни конькининг энг зўридан бир жуфт харид қилай деб, дўкондан “Halifax”ни сўраганимда, у ердагилар кулимсираб мени “Halifax” энди эскириб, анчадан буён яхши коньки бўлмай қолганига ишонтиришди. Дилим ранжиб, энг юксак орзум ҳамда болаларча эътимодимнинг бир парчасидан мосуво бўлган эдим. Муз устида кўпинча бир ўзим учишни ёқтирар, баъзан ҳатто тун пардаси ёйилгунга қадар ҳам қолиб кетардим. Мен елдек учиб бораётиб, хоҳлаган нуқтада тўхташ ёки қайрилиб олишнинг машқини олган, шу аснода чиройли доира ясаб мувозанатимни сақлаб учишдан олам-олам завқ олардим. Кўпчилик ўртоқларим муз устидаги вақтларини қизлар кетидан югуриб, уларнинг кўнглини олишга сарфлашарди. Менда эса қизлар деган гап йўқ эди. Бошқалар қизларга хушомад қилиб, атрофида гирдикапалак бўлган ёки улар билан жуфт-жуфт бўлиб коньки учаётган пайтларда мен бир ўзим сирпаниб эркинлик ҳавосидан баҳраманд бўлардим.
Қизларга ишқибоз болаларга фақат раҳмим келар ёки улар устидан кулардим, холос, чунки баъзи бир дўстларимнинг гапларидан уларнинг ишқий саргузаштлари аслида нақадар дудмал ва шубҳали эканлигини билиб олиш қийин эмас эди.
Ўшанда қиш охирлаб қолган пайт эди, бир куни мактабда янгилик қулоғимга чалиниб қолди. Эмишки, Нордкафер яқинда Эмма Майерни конькисини учаётганда яна ўпиб олганмиш. Бу хабарни эшитиб, қоним қайнаб кетди. Ўпиб олганмиш! Одатда қизлар билан юришнинг энг зўр кайф-сафоси сифатида мақталган қуруқ, бемаза суҳбатлар ҳамда журъатсиз қўл бериб кўришишларга қараганда бу, албатта, бошқа нарса эди. Ўпиб олганмиш-а! Бу олдиндан маълум, журъатсиз ўзга бир оламдан келган садо бўлиб, унда мамнуъ неъматларнинг хуш бўйи, аллақандай шоирона, ақл бовар қилмас бир нарса мужассам эдики, у ўша барчамиз билсак ҳам индамай юрган, мактабдан қувилган қизларга ишқибоз собиқ ўқувчи болаларнинг эртакнамо ишқий саргузаштларида ўз ифодасини топган ўша чучмал ва мафтункор маъвога мансуб эди. “Нордкафер” асли гамбурглик ўн тўрт ёшли ўқувчи эди, бизга қандай келиб қолганини худо билади. Уни ниҳоятда ҳурмат қилардим, унинг мактабдан ташқаридаги зўр обрўси кечалари менга уйқу бермасди. Эмма Майер эса, шубҳасиз, Герберсаудаги энг дўндиқ ўқувчи қиз бўлиб, малларанг, ўзига етганча мағрур бўлиб, ёши мен билан баравар эди.
Ўша кундан оромимни йўқотиб, ўзимча режа туза бошладим. Қиз болани ўпиш, бу – ўз-ўзидан менинг ҳозиргача мавжуд барча юксак орзуларимдан ҳам ошиб тушарди, қолаверса, бундай хатти-ҳаракат беодоблик саналиб, шубҳасиз, мактаб ҳақидаги қонун томонидан ҳам тақиқланган эди. Яхмалак вақтида қизларга илтифот қилиб, марҳамат кўрсатиш бунинг учун бирдан-бир қулай имконият эканлиги менга тез орада аён бўлди. Энг аввало, афт-ангоримни иложи борича жозибага мойил, хушомадгўй бўлишга ҳаракат қилдим. Соч тарашга вақт ажратиб, кийимларимнинг тозалигига алоҳида эътибор бера бошладим, мўйна телпагимни одоб юзасидан пешонамга бир оз тушириб оладиган бўлдим ва сингилларимдан пуштиранг ипак бўйинбоғни ялиниб-ёлвориб, сўраб олдим. Муз устида учаётган пайтларимда йўл-йўлакай мўлжалимга тўғри келадиган қизларга хушмуомалалик билан салом бера бошладим, бирданига бундай муомала аввалига уларни ажаблантирган бўлса-да, айни пайтда уларда хайрихоҳлик уйғотаётгани ҳам сезилиб турарди.
Илк танишув камина учун хийла қийин бўлди, чунки мен ҳали ҳаётимда биронта қизни “таклиф қилиб” кўрмагандим. Аввалига дўстларимнинг мана шунақанги жиддий маросимлар чоғида ўзларини қандай тутишларини сездирмай кузатишга уриниб кўрдим. Уларнинг баъзилари фақат мулозамат юзасидан таъзим қилиб, қўл узатсалар, бошқалари тутилиб қолиб, алланималарни ғулдирашар, айримлари эса қуйидагича ажойиб иборалардан фойдаланишарди: “Марҳаматингизни биздан дариғ тутманг?” Мана шу жумла менга ёқиб қолди, уйга келиб, хонамдаги печка олдида қўл қовуштир-ганимча, ушбу тантанавор сўзларни қандай айтишни машқ қила бошладим.
Қийин илк қадамни қўядиган кун ҳам етиб келди. Куни кеча ишга киришишни ўйлаган, бироқ иккиланиб, журъат қилолмасдан қайтиб келгандим. Бугун эса ўзим шу қадар кутган ва ҳайиққан ишни албатта амалга ошираман деб, собитқадам турардим. Юрагим пўкиллаб, худди жиноятчидек руҳим тушиб, маъюс бир алпозда яхмалакка бордим, ишонсангиз, конькини қадаётган қўлларим “қалт-қалт” титрарди. Сўнг доирани кенг олдим-да, афт-ангоримда одатдаги хотиржамлик ва табиийликни сақлашга ҳаракат қилиб, кўпчиликка қўшилиб кетдим. Бутун бошли яхмалакни катта тезлик билан икки марта айланиб чиқдим, кескин ҳаракат ва совуқ ҳаводан бўлса керак кайфиятим кўтарилди.
Бир вақт шундоқ кўприк остида кимдир қаттиқ урилиб, бир ёнга сирғалиб кетдим. Қарасам муз устида гўзал Эмма ўтирар, афтидан, оғриқнинг зўридан тишини тишига босганча менга таънали қараб турарди. Кўз олдимда дунё чир айланиб кетди.
– Мени турғазиб қўйсанглар-чи! – қичқирди у дугоналарига қарата.
Мен хижолатдан қип-қизариб кетгандим, аста телпагимни ечдим-да, унинг ёнига чўк тушиб, ўрнидан туришига ёрдамлашдим.
Бизлар энди икковимиз ҳам нима қилишни билмасдан, журъатсиз бир тарзда рўбарў турар, тилимиз калимага келмасди. Қизнинг эгнидаги мўйна пўстин, унинг чиройли чеҳраси ҳамда сочларидаги қандайдир хушбўй ҳиддан бошим айланиб кетди. Ундан узр сўраш эсимга тушса ҳам бунга журъат қилолмай, телпагимни ҳамон муштумимда тутиб турардим. Шунда бехосдан кўз ўнгим қоронғилашгандек бўлди, ғайриихтиёрий тарзда унга чуқур таъзим қилиб, ғулдирадим: “Марҳаматингизни биздан дариғ тутманг?”
Қиз ҳеч нарса демасдан, қўлларимни бармоқлари орасига олди, уларнинг ҳароратини қўлқопдан ҳам ҳис этиб турардим, сўнг биз бирга уча бошладик. Ўзимни шу дамда худди ғаройиб туш кўраётгандек ҳис қилардим. Бахту иқбол, шарм-ҳаё, самимият, қувонч ва хижолатлик туйғусидан нафасим бўғилай дерди.
Чорак соатдан мўлроқ биз бирга айландик. Ниҳоят, тўхташ жойига етганимизда, у нозик қўлларини аста бўшатди-да: “Катта раҳмат”, деди ва ўзи ёлғиз учиб кетди, мен эса анчадан сўнг мўйна қалпоғимни ечдим ва турган еримда узоқ қолиб кетдим. Шундан кейингина унинг ўтган бутун вақт давомида бир оғиз ҳам гапирмаганини эсладим.
Музлар эриб, мен ўз тажрибамни бошқа такрорлай олмадим. Бу менинг илк ишқий саргузаштим эди. Бироқ орзум амалга ошиб, қизнинг қирмизи лабларидан илк бўса олгунимга қадар орадан талай йиллар ўтди.

Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси

 


34 дан 63 сахифа