Қалбларни ларзага солган хиргойи |
|
|
|
02.03.2014 15:52 |
Тоғай Муродни шахсан таниш, ҳамсуҳбат бўлиш насиб этмаган, лекин уни ёзувчи сифатида таниганимга анча бўлди. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини ўқиганимда исмсиз бир таассурот ичида қолганимни эслайман: мазза қилиб ўқиганим рост-у, бировга айтиб бергудек воқеаси йўқдек эди-да!.. Қаҳрамонлари ҳам бинойидек-у, иншо ёзганингда «Фалончига ўхшагим келади» дейдиган эмас-да!..
Бу янглиғ таассуротнинг сабабини кейинроқ англадим: адабиётимиз янгиланаётган пайт экан, Тоғай Мурод шу янгиланишни бошлаганлардан бири, бизнинг адабиёт ҳақидаги тасаввурларимизни янгилаган авлоднинг илғорида борган вакилларидан экан...
1
«Отамдан қолган далалар» нафақат долзарб мавзуси, балки бадиий жиҳатлари билан-да адабиётимизда жиддий воқеа бўлди. Асарнинг ўзига хос қурилиши, бетакрор ифода йўсини, тилдаги жозиб оҳанг, самимият – буларнинг бари унинг муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардир. Бир суҳбатда асар хусусида сўз бориб, «Отамдан қолган далалар» жанр эътибори билан романми?» деган саволни ўртага қўйган эдим. Ҳа, жанрнинг рисоладаги талабларидан келиб чиқилса, бу саволни қўйиш асослидек. Зеро, роман марказида инсон тақдири турган ҳолда у тугал мақсад эмас, романий қаҳрамон дунёни бадиий идрок этиш, дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий контсептсияни шакллантириш ва ифодалаш воситаси, холос. Шунга кўра, одатда, романий қаҳрамон – ўз муҳитига сиғмаётган, муҳит билан зиддиятга киришган, изланаётган шахс сифатида намоён бўлади. Деҳқонқулда эса бу хусусиятлар кўрилмайди, у – кечаги кунини муҳит измида сассизгина яшаб ўтган, энди кечмишини мушоҳада қилаётган одам. Деҳқонқулнинг тўлақонли романий қаҳрамон сифатида бўй кўрсатишига ривоянинг биринчи шахс тилидан берилгани монелик қилган, айни чоғда, худди шу нарса асарда лирик ибтидони кучайтиргани ҳам яққол кўринади: асарнинг кўп ўринларида воқеани тасвирлаш эмас, уларга муносабат билдириш мақсади етакчилик қилади. Буларнинг натижаси ўлароқ, асарда лирик ибтидо салмоқли, бадиий жиҳатдан белгиловчи ўрин тутадики, «Отамдан қолган далалар» насрда битилган романик характердаги «поэма»дек, «достон»дек таассурот қолдиради. Асардаги ифода йўсини ҳамда воқеликни бадиий идрок этиш усулининг халқ достонларига эшлиги унинг муваффақиятини таъминлаган қўшимча омил эмасмикин?!
* * *
...романнинг мақсади дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий контсептсияни шакллантириш ва ифодалаш, романий қаҳрамон шунинг воситаси дедик. Шунга таяниб, «Отамдан қолган далалар» жанрнинг рисолавий талабларига жавоб беришига шубҳа ҳам билдирдик. Бошқа томони, ахир, унда воқеликни қалбидан ўтказиб, унинг таъсирида туғилган кечинмаларини, муносабатини ифодалаётган лирик қаҳрамон — Тоғай Муроднинг ўзи бор-ку?!. Дунё билан зиддиятдаги, насиб этган тақдиридан имкони кенгроқ бўлганидан муҳитга сиғмаётган, аниқроғи, элининг бир асрдан зиёд муҳит — мустамлака тузумига сиғмай келганини ўзида намоён этиб турган Тоғай Муроднинг ўзи рисоладаги романий қаҳрамон эмасми?!.
* * *
«Отамдан қолган далалар»ни реалистик асар деганимиз ҳолда, унда реалистик шартлилик даражасининг юқорилиги ва бу нарса қатъий реализм талабларидан жиддий чекинишларга олиб келганлигини эътироф этишга тўғри келади. Бу нималарда кўринади? Аввало, вақтнинг шартлилиги: 20-йилларда эс таниган болакай 60-йилларда ҳам болалигича қолади. Бугина эмас, умуман асарда тасвирланган (ёки эслатилган, ишора қилинган) воқеалар, тафсилотлар реал хронологияга доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ундаги қатор образлар (масалан, идеология, киночилар, мустамлакачилар...) реалистик образлар сифатида эмас, кўпроқ шартли, рамзий «маска» сифатида бўй кўрсатади. Шунга ўхшаш, асарда ҳақиқий фамилиялари остида ҳаракатланувчи шўро ҳукуматининг таниқли арбоблари (Полторатский, Колесов, Успенский...), мураккаб тақдир эгаси полковник Чанишевларнинг битта ҳаётий ҳолат – Ақраб қўрбошининг қўлга олиниши доирасида тасвирлангани ҳам шартлиликдан ўзга эмас. Булардан кўринадики, асарда мустабид тузумнинг том маънодаги реалистик образи эмас, унинг шартли образи яратилади: ўқувчининг кўз олдида инсонийликдан буткул маҳрум ёвузлик тимсоли гавдалантирилади. Асарнинг умумий руҳини, «хийла кескин – тендентсиоз» руҳини белгилаган бу каби усулнинг (ёвузлик лагерининг ўта шартлилигию эзгулик лагерининг ҳаётий тасвирланиши) илдизи ҳам аслида халқ оғзаки ижодидан озиқланади...
* * *
...меъёрдан ортган тендентсиозлик – қусур, унинг реализмга хос эмаслиги исбот талаб қилмайдиган айни ҳақиқат. Аммо «Отамдан қолган далалар» – даврнинг бадиий ҳужжати, унда жамиятнинг мустамлакачилик барҳам топиб, истиқлол неъматига ноил бўлган пайтдаги руҳияти акслангани ҳам бундан асло кам бўлмаган ҳақиқат. Зеро, унда ҳаммамизнинг – «деҳқон» («деҳқон» – ер эгаси демак эмасми?!) бўла туриб «қул»ликда умргузаронлик қилган сизу бизнинг кайфиятимиз, парчаланган занжирлар устида турганча кечмишимизга соғлом назар солган, мустабид тузумни яниб турган ҳолатимиз аксланган. Донишмандлардан бири «Инсоният ўз ўтмиши билан кулиб хайрлашади» деган экан. Асар ёзилган пайтда на Тоғай Мурод, на сизу биз ўтмиш билан кулиб, кулиш қайда, хотиржам хайрлашишга ҳам қодир эмасмиз, негаки, истибдод занжирлари қолдирган яралардан ҳали қон сизиб турганди. Шу маънода, «Отамдан қолган далалар» – узоқ йиллар йиғилган дарднинг мисоли вулқондай отилиши, мустамлака билан хайрлашаётган халқнинг йиғи – йўқлови. Йўқ, мустамлакага куйиб эмас, топталган қадри, ғурурини ўйлаб чеккан ноласи; юракни эзадиган, руҳни туширадиган эмас, аксинча, киши руҳини юксалтирадиган, қаддини тиклайдиган нола...
* * *
«Отамдан қолган далалар»нинг, умуман, Тоғай Мурод насрининг тили ўзига хос, услуби ўзига хос. Сираси, кўникиб олмагунча ғалат кўринса ҳам, эҳтимол. Эҳтимоли нимаси, асли ҳам шундай-да!.. «Отамдан қолган далалар»ни ўқиганда раҳматли бобомнинг Сўфи Оллоёрни ўқиши, ўқиши эмас, хиргойи қилишини эслайман, беихтиёр хиргойи қилишга ўтаман... Сиз ҳам уриниб кўринг-а, тилнинг нечоғли жозиб эканини ҳис қиласиз... Ҳа, дарвоқе, тилингиз хиргойи қилганида, қалбингиз сомеъ бўлсин: чанқовуз, най нолалари ортидан элас-элас жанг ноғоралари – довул сасини илғайсиз, борган сари бу сас кучайиб боради...
* * *
...ҳозирча «Отамдан қолган далалар» танқидчиликда кўпроқ ғоявий-мазмуний жиҳатларидан келиб чиқиб баҳоланди, унинг поэтик хусусиятлари, бадиий ўзига хослигини атрофлича ўрганиш, асарнинг жозибасини таъмин этган омилларни очиб бериш бугун ва эртанинг вазифаси бўлиб турибди. Шунга қарамай, бир гапни дадил айтиш мумкин: «Отамдан қолган далалар»нинг жанрини роман деймизми ё бошқами, унда воқелик реалистик тасвирланган деймизми ё нореалистик, ёзувчи муносабатини тендентсиоз деймизми ва ё объектив – булардан қатъи назар, у юртимиз тарихининг муайян босқичида вужудга келган бадиий феномен, яхши ва бетакрор асарлигича қолаверади.
2
...адабиётимизни янгилаган авлод деб айтдик. Бу янгиланиш, аввало, инсонга муносабатда юз кўрсатди. Энди инсонни «буюк ғоя»га алоқаси ё унга қилган хизматидан келиб чиқиб баҳолаш эмас, уни бир инсон сифатида англаш, дарду қувончи, орзую армонларини кўрсатишга интилиш кучайди. Қарасак, атрофимизда елиб-ёниб ё ғивирсиб-тутаб юрган одамки бор, бари ИНСОН экан – ҳар қайсиси олам ичра бир олам экан. Тоғай Мурод шу оддий ҳақиқатни кўпчилигимиздан аввалроқ англаган, кал чавандоз ёки бефарзанд қарияларнинг ўй-ташвишлари, дард-армонлари, туйғу-кечинмалари анча-мунчадан қолишмайди, «кичик одам»ларда-да катта қалб бўлади, деган ақида билан ижод майдонига кирган экан...
* * *
Ботир фирқани кўпчилик «қизил» деб сўкади, унинг фахри бўлган орденларини улоқтиришни, эътиқод қилиб, яшаб ўтган умрининг мазмуни сифатида ҳар вақт ёнида ифтихор билан олиб юрган партбилетини ёқишни талаб қилишади... «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи худди шундай – минглаб «ботир фирқалар» оёқ қўйган замин бирдан йўқолиб, ўтмиш ва келажак орасида муаллақ туриб қолган бир даврда ёзилган... Тоғай Муроднинг ҳеч бир асарида «қизиллик» кўрилмаган? У ҳеч вақт «қизил» бўлган эмас. Шундай экан, у ҳам кўп қатори Ботир фирқани ерпарчин қилса, бундан ўз вақтида мўмайгина «сиёсий дивиденд» ола қолса бўлмасмиди? Бўлмас эканки, Ботир фирқада бир инсон фожиасини кўришга интилган-да... чинакам санъаткор учун ғоя эмас, инсон бирламчи деган эътиқод билан қалам тебратган-да, ахир...
* * *
...«Олдин баҳор – охир хазон бўлди», нима бўлганда ҳам, Ботир фирқа умрини яшаб ўтди: Ботир қўшчи эди – «Ботир фирқа» бўлди, сўнгра «ўртоқ Эсонов» бўлиб давр сурди: кимгадир яхшилик қилди, кимгадир ёмонлик; нимадир қурди, ниманидир бузди... – барини элга хизмат қиляпман, эл учун қиляпман, эл саодати учун қиляпман деган ишончда қилди. Кун келиб, хизматлари бир пул бўлди: ёв қочган, кўпайган ботирлар уни «қизил» дедилар, миллатнинг душмани, дедилар... Ахир, «Сиз кимнинг зурриётини бозорга олиб чиққанингизни биляпсизми?» дея эшонзодалар фожиасига куйган ҳам, «Шугина бир... гўдакни боқиб бўлмай қолдими?» дея эл аҳволидан юраги сел бўлган ҳам, «Азиз зотларни беваси, жуда табаррук зотларни зурриёти», дея уларни НКВДчилардан тилаб олган ҳам Ботир фирқа эмасми?! Қаранг-а, Саидхўжа эшон ҳонақоси бузилганида, «Эл-юрт нафас ютди. Эл-юрт сув сепмишдек жим-жит бўлди. Эл-юрт аза тутди», холос... Ботир фирқа бир тадбир қилмоқчи бўлганида, «фаол зоти бор – ўзини олиб қочди» – бежиз эмас. Ботир фирқа «яккаш ўзи ўйлади. Бир эскича, бир янгича ўйлади. Эскича билан янгичани қўшиб ўйлади» ва «юрак ютиб... бир ишга қўл урди»: ҳонақонинг «мумтоз усталар» ясаган дарвоза-деразаларини ўтинхонага яширди... «Ўзингиз қандай бўлсангиз, сизга шундоқ амирлар қўйилур», дейилади муқаддас битикларда. Яшириб нима қилдик, ёв қочгач, ҳаммамиз-да ботирландик ва... борки кулфатлар учун айбни кечаги куннинг юрт оғаларига юкладик-қўйдик... Ўзни айбдор ҳис қилиш оғир, ўзгани айблаш осон – кўнгилни хотиржам этдик гўё. Тоғай Муроднинг безовта қалби бунга кўнмади, кўнолмади...
* * *
Бежиз эмас, дедик... бежиз демадик... Ботир фирқа очликдан нобуд бўлган ҳамқишлоқлари ҳақига дуо қилишга чоғланди ва шу он ёнида НКВДчилар борлигини эслаб, сезиб қолишмадими, дея ҳадикда қолди... Ботир фирқа очарчиликка қарши ғаройиб кураш усулини кўриб, «Ўз эл-юртингиз эмасми, одамга пича ботар экан. Унча-мунча малол келар экан», дея ожизгина эътироз қилди, дилидагининг озроғини тилига чиқарди. Бироқ НКВДчилар бу «Совет ҳукуматининг буйруғи! Совет ҳукуматининг хоҳиш-иродаси! Ёки совет ҳукуматидан норозимисиз?» дея уни дарҳол ўзига келтиришди: «Ана шунда, Ботир фирқа бир сесканиб олди»... Сескангани гуноҳми? Дарҳол ўзини ўнглаб, қаддини тик тутганича «Яшасин, Шўро ҳукумати!» — дея тантанавор ҳайқиргани айбми?.. Айблашга ҳақлимизми?.. Дадил бир нарса дейиш қийин: бу ўринда ҳар кимнинг ҳукми ўзича тўғри, балки?!. Тоғай Мурод қаҳрамонига эврилиб кўрди, Тоғай Мурод қаҳрамонига ёғилган таъна-маломатларни ўз танасида синаб кўрди... Тоғай Мурод тахминан шундай ўйлади, шу боисгина бизнинг ўй-мушоҳадаларимизни ҳам шу ўзанга солди, сола билди...
* * *
Қабристонларни зиёрат қилиб туриш буюрилган бизга. Бежиз эмас. Қабристон – ўтмиш билан келажакни туташтирган жой: ҳаммамизнинг аждодларимиз шунда, ҳаммамизнинг борар жойимиз – шу. Қабристон дунёнинг фонийлигини, инсон умри жуда қисқалигини, киши ўз амаллари учун ҳам ўтмиш, ҳам келажак олдида бирдек масъуллигини эслатиб туради... Ботир фирқа руҳиятидаги бурилиш, янгиланишда қабристон зиёратлари ҳал қилувчи туртки бўлди... Жанозасиз кўмилган «райком Тўрақулов» қабри бошидаги беўхшов тиловати, «ҳунг-ҳунг йиғлаб қўя бергани... ўкириб-ўкириб йиғлаб қўя бергани» – Ботир фирқанинг тазарруси, қўлидан келганча амаллаган тавбаси. Тиловат асноси «ўртоқ Ягода қиличларидан айланиб ўтган, Ежов ўқларига чап берган, Берия қамоқларидан эсон-омон ўтган» Ботир фирқа «уруш-уруш» ўйнаган болаларни КГБ фаҳмлаб даҳшатга тушди... Бежиз эмас: «Илон чаққан киши ола арқондан қўрқади»... Зарб излари калтакланган танадан кетар-у, калтакланган руҳдан асло кетмайди. Ботир фирқа муттасил қўрқувда яшади, шу қўрқув уни дилидаги норозиликни ўлдириб яшашга кўниктирди. Собиқ райком Тўрақуловни партиявий дафн этиш ҳақида партиявий топшириқ олганида, кўнгли бунга осонгина кўнган эмас: туни билан ухлаёлмай чиқади, лекин... эртаси марҳумни жанозасиз кўмдиради... Инсонда танлов имконияти ҳамиша бор... Айтайлик, Ботир фирқада муттасил қўрқув остида яшаш ёки тик туриб ўлиш имконлари мавжуд эди. Фирқа биринчи имконни танлади. Тоғай Мурод танлаш унинг ҳаққи деб билади, қораламайди – тасвирлаб кўрсатади: ўқувчиси қаршисида танлов имкониятини яратиб, эътиқодига содиқлигича шаҳидлик йўлини тутганлар кўпайса дея умидланади... ...маъни деганлари жуда серқирра нарса: қай тарафдан қарама, унинг қатор қирралари нигоҳингдан пинҳон; қай томондан қарасанг, шунга мос қирралари кўз олдингда намоён: ҳамма қирраларни бирдан ва бирдек кўра олиш одам боласининг чекига тушмабди. Роман финалини ўзимча англадим, ўзимча мағзини чаққан бўлдим... Ботир фирқа эккан чинорлар қўпориб ташланди, Ботир фирқа яратган боғ ўрнидан Буюк ипак йўли ўтар бўлди... Умр беиз кетди — умр беиз кетмади... Эл ўша чинорлар соясидан баҳра олган, боғ меваларидан элнинг оғзи чучиган... Э-воҳ, соя ўткинчи, тот ўткинчи... — умр беиз кетдими? Алҳазар... бунақада нафақат Ботир фирқа, умуман, инсон умри маънисиз, бенаф бўлиб чиқмайдими?! Йўқ, Ботир фирқа бунга кўнмайди... аниқроғи, Тоғай Муроднинг безовта қалби бунга кўнмайди, кўнолмайди — у жавоб излайди, ўртаниб жавоб излайди, юраги ёниб, жизғанак бўлиб жавоб излайди... Излаган — топади: Ботир фирқа ҳам жавоб топди, тўғрироғи, унинг воситасида Тоғай Мурод жавоб топди. Руҳий изтироблари адоғида ўзи излаган маънига яқинлашган Ботир фирқанинг ҳолатини кўринг: «жони ачиди... тани куйди» — «тан-жони... шодланди», «ичи куйди» — «ичи кулди», «кўзларида қайғу бўлди» — «кўзларида байрам бўлди». Ботир фирқа ўзи учун «Биз эккан чинорлар... Буюк ипак йўли бўлди» деган ҳақиқатни кашф этди, «Биз энди Буюк ипак йўлида юрамиз», дея фахр этди. Аввалги биз бошқа, кейингиси бошқа. Аввал у ўзини тамом ортиқча сезган, ўзини элдан ажратган эди — энди қўшиляпти, уни «қизил» дея чиқитга чиқармоқ бўлишганди — чиқаролмадилар: «Одамнинг чиқити бўлмайди»; уни сонга қўшдилар — у қайта тирилди... Ҳа, ҳар қандай амал... эзгу ният билан қилинган амал-да ўткинчи, унинг маҳсули-да ўткинчи, фақат ЭЗГУ НИЯТнинг ўзигина собит, шунинг ўзигина боқий. Эзгу ният — авлодлар орасидаги кўринмас занжир, эзгу ният ўтмиш билан бугун ва эртани бирлаштиради — ҳаммамизни, ҳеч бир «чиқит»сиз битта томирга мансуб этади. Эзгу ният элни халқ, халқни миллат қилади, эзгу ният атрофида бирлашсагина Буюк ипак йўлида миллатнинг йўли унади... Тоғай Мурод англаган маъни — шу, тўғрироғи, унинг каминага аён бўлган қирраси — шу.
3
Тоғай Мурод эзгу ниятларни дилига тутиб ижод қилди... Тоғай Мурод эзгулик мавқеида мустақим бўлишга интилди... Тоғай Мурод эзгулик уруғларини қалбларимизга сочиб кетди... Ўзида полвонларга хос тантилик, шоирларга хос инжалик, дарвешларга хос ғаройиблик, эл-юртига нисбатан беғараз муҳаббатни жам этган Ўзбекнинг катта адиби таваллуди 60 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!
Дилмурод Қуронов, филология фанлари доктори. |
Мумтоз шоирлар ижодида Қуръон маънолари ифодаси |
|
|
|
05.06.2013 18:29 |
Мумтоз адабиётимиз вакиллари ижоди қуръоний ғоялар билан чамбарчас боғлиқдир. Айниқса, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Сулаймон Боқирғоний, Ҳувайдо каби валий зотлар, улуғ шоирлар ижодида бу масала ёрқин ифодаланган.
Аҳмад Яссавийнииг бир ҳикматида бундай мисралар бор:
Беҳишт — дўзах талашур, талашмоққа баён бор, Дўзах айтур: «Мен ортуқ, менда Фиръавн, Ҳомон бор». Беҳишт айтур: «Не дерсан, сўзни билмай айтурсан, Сенда Фиръавн бўлса, менда Юсуф Канъон бор»
Бу шеър бугунги адабиётшунослик нуқтаи назаридан қуйидагича таҳлил қилинади: бу шеър рубоий жанрига мансуб бўлиб, а-а-б-а тарзида қофияланган. Қофия тизимига кўра хос рубоийдир. Рубоийда ғоявий ният диалог воситасида ифодаланган. Рубоийда ғоявий ният ифодасида қуйидаги шеърий санъатлардан фойдаланилган: исмлар келаётгани учун — талмеҳ, дўзах ва жаннат (беҳишт) бир-бирига зид бўлгани учун тазод санъатлари бор. Рубоийда «м», «н», «р» ундошлари такрори воситасида тавзеъ, «а», «о» унлилари такрори орқали ассонанс санъатлари қўлланилган.
Бу таҳлил рубоий мазмунини тўла ифода қилгани йўқ. Унинг мазмунини тўла ва мукаммал тушуниш учун адабиётшунос ёки ўқувчи Қуръони карим билан таниш бўлиши зарур. Чунки Яссавий ижоди тўлалигича иқтибос санъати асосига қурилган бўлиб, унинг шеърларида қуръоний мавзулар кенг акс этган.
Бу ҳақда шоирнинг ўзи бундай ёзган: Оят, ҳадис маъноси туркий бўлса мувофиқ, Маънисига етганлар ерга қўяр бўркини.
Рубоий мазмунини тўла англамоқ учун Фиръавн, Ҳомон, Юсуф (алайҳиссалом) тарихини билмоқ керак.
Қуръони каримнинг Аъроф сураси 103-оятидан бошлаб, Фиръавн, Ҳомон тарихлари берилган. 103-ояти карима бундай бошланади: «Сўнгра, уларнинг ортидан Мусони ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик. Бас, у (оят)ларга зулм қилдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» китоби иккинчи жузъида Фиръавн қиссаси бундай тафсир қилинган: Фиръавн - Мусо (алайҳиссалом) замонларидаги Миср подшоҳи Минфитоҳ ибн Раъмсисдир. У машҳур бўлиб, ном қозонганидан кейин «Фиръавн» деб номлаганлар. Аллоҳ таоло Мусога (алайҳиссалом) Фиръавнни ҳақиқат ва имонга чақиришни тайинлаган.
Фиръавн Мусо пайғамбарга ишонмайди. Унга мўъжиза талабини қўяди. Барча сеҳргарларини тўплаб, Мусо (алайҳиссалом) мўъжизасини йўққа чиқармоқчи бўлади. Сеҳргарлар арқон ва ҳассаларини ташласалар, илон бўлиб кўринади. Мусо (алайҳиссалом) ҳассасини ташласа, аждар бўлиб, у “илонлар”ни ютиб юборади. Фиръавн шунда ҳам Мусо пайғамбар йўлига юрмайди. Ўзини Худо деб билади. Шу қавмдан бўлган йигит уни ўлдиришини билганидаёқ қавмда янги туғилган ўғил болаларни ўлдирувчи золимга айланган эди. У шу қадар манманликка берилган эдики, вазири Ҳомонга буюриб, минора қурдиради, минорага чиқиб, Аллоҳга камондан ўқ узади. Охири Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) чақириқларига, мўъжизаларига ишонмаган, куфр кетган Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилади. Ана энди маълум бўлдики, шеърда номи тилга олинган Фиръавн манман, куфр кетган подшо бўлгани учун унинг, вазирининг ўрни дўзахдадир. Юсуф (алайҳиссалом) ҳақида Таврот китобида хабарлар келган. Юсуф ҳақидаги батафсил маълумотлар Қуръони каримда келтирилган. Қуръонда Юсуф сураси бор. Ҳазрати Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси Қуръон қиссалари ичида энг каттасидир. Юсуф сураси 3-оятида бундай дейилган: «Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз». Юсуф (алайҳиссалом) номи Қуръонда 26 марта зикр қилинган. Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Оналари Роҳил бинти Лобондир. Юсуф сураси бошдан охиригача бошқа нарсаларни аралаштирмай ҳикоя қилинган ягона сурадир. Бу қиссада хаёлий гаплар, лирик чекинишлар, бадиий тўқималар йўқ. Сурада Яъқубнинг (алайҳиссалом) 12 ўғли, улар ичида Юсуфнинг гўзаллиги, маънавий баркамоллиги, акалар ҳасади, унинг қудуққа ташланиши, савдо карвонидагилар қудуқдан чиқариб олиши, бозорда сотилиши, Миср вазири хотинининг Юсуфга шайдолиги, Юсуфнинг зиндонга ташланиши, оқибат, сабрли бўлгани учун Аллоҳ инояти билан бахгга эришиши тасвирланган.
Бу сура таъсирида бадиий адабиётда кўплаб насрий асарлар, достонлар яратилган. Барча бадиий асарларда Қуръондаги сура асос бўлса-да, шоирларнинг ғоявий ниятидан келиб чиқиб, турлича бадиий тўқималар ишлатилган.
Юсуф (алаҳиссалом) номи деярли барча лирик шоирлар шеърларида учрайди. Ҳофиз Шерозий бундай ёзган:
Мен ул Юсуфдаги чексиз гўзаллиқдан аниқ билдим, Чиқармиш ишқ номус пардасидан ул Зулайҳони.
Хоразмий ёзган:
Ўғон Юсуф жамолин сиза берди, Муҳаббат кимёсин биза берди.
Сайфи Саройи ёзган:
Бу кун Юсуф жамолини қилибдир Ҳақ сенга бахшиш, На бахшиш, бахшиши давлат, на давлат, давлати маҳвар.
Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Аҳмад Яссавий ҳикматларининг бирида:
“Азозилни от қилиб миндим мано”, деб ёзади.
Азозил ким? Қуръони каримда баён қилинишича, Аллоҳ фаришталарни нурдан, Одам Атони тупроқдан яратган. Сўнг жами фаришталарга Одамга сажда қилишни буюради. Азозил кибр ва ор қилиб, Аллоҳ амрини бажармаци, Аллоҳнинг ғазаби, лаънатига дучор бўлади. У Аллоҳдан қиёматгача тирик қолдиришини, одамларни Аллоҳ йўлидан қайтаражагини айтади. Аллоҳ таоло унга қиёматгача муҳлат беради.
Шайтон ҳар сонияда одамларни йўлдан уришга, Аллоҳ амр қилган нарсалардан қайтаришга ҳаракат қилади. Одамларни шайтон йўлига етакловчи воситалардан бири нафсдир. Аҳмад Яссавий истиора санъати воситасида «Азозилни от қилиб миндим мано», яъни ўз нафсимдан устун келдим, демоқчи.
Қуръони каримнинг Аҳзоб сурасининг 58-оятида бунцай дейилган: «Мўмин ва мўминаларга, улар бирон нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олган бўладилар».
Аҳмад Яссавий ана шу оят мазмунидан келиб чиқиб, бундай дейди:
Суннат эрмиш, кофир ўлса, берма озор, Кўнгли қаттиқ, дилозордин Худо безор.
Мўмин одамнинг мўминга озор бериши ҳаромдир. Ҳатто кофирга ҳам озор бермаслик суннатдир. Машраб ушбу масалани тубандагича баён қилади:
Гар қўлингдан келса, ҳаргиз мурчани оғритмагил, Ҳам Худо бандам демас ҳар кимки дилозордир.
Сайфи Саройи бировларнинг юкини кўтариб, мушкулини осон этган эшакни мардумозорлардан аъло билади:
Эшак ул одамийдин яхшироқким, Қилур доим кишининг кўнглин озор.
Қуръони каримда улуғланган инсоний фазилатлардан бири сабрдир. Қуръонда сабр сўзи 70 марта учрайди. Жумладан, Бақара сурасининг 45-оятида бундай дейилган: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг». Шу суранинг 153-оятида: «Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир». Оли Имрон сурасининг 146-оятида эса: «Аллоҳ сабрлиларни севади», дейилган. Шу суранинг 200-оятида: «Эй имон келтирганлар! Сабр қилннг. Сабр ила ғолиб келинг», дейилган.
Мумтоз адабиёт вакиллари шунинг учун бу инсоний фазилат ҳақида кўплаб байтлар яратганлар.
Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асаридаги ҳар бир нома охирида қайтариладиган бир байтда айнан сабр улуғланади:
Сабрдин яхши йўқтур пеша қилсам, Бу йўлда сабр йўқ андеша қилсам.
Алишер Навоий «Маҳбубул қулуб» асарида сабр ҳақида бундай ёзган:
Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади, Бахт анинг нешини нўшу хорини гул айлади.
Бу байтлар бевосита юқоридаги оятлар ғояси асосида юзага келгани шубҳасиздир. Навоий сабрли кишининг доди, албатта, Тенгрига етади, деб уқтиради:
Чун бўлди сабур Тенгри додиға етар, Собир киши оқибат муродиға етар.
Муддассир сурасининг 6-оятида бундай дейилган: «Ва кўп (иш) қилган бўлсанг ҳам, миннат қилма». Сайфи Саройи ана шу ғояни «Гулистони бит туркий» асарида шундай ифодалаган:
Ичириб элга қошуқ бирла шўрба, Чўмич сопи билан кўзин чиқарма.
Бедил рубоийлари ихтибос санъати асосига қурилган бўлиб, уларга Қуръон оятлари мазмуни маҳорат билан сингдирилган. Масалан, Исро сурасининг 37-оятида бундай дейилган: «Ер юзида кибру ҳаво ила юрма». Бедил ушбу ғояни бундай ифодалайди:
Аф эт халкдан келса яхши-ю ёмон, Адоватдан қочиб, роҳат қил, инсон. Кибру ҳасад бермас кишига ором, Одамни менсимай, қувилди шайтон.
Моида сурасининг 90-оятида хамр (ичкилик) ифлос экани, шайтоннинг иши экани уқтирилиб, ундан четда бўлиш таъкидланади. Бедил рубоийсида майнинг турли касофатларга асос эканини бундай уқтиради:
Ишрат тузоғидир шиша касофат, “Қул-қул”и етказар пайғоми ишрат. Маҳмурлик юлдузи ҳар бир томчиси, Ҳар мавжи пиёла манглайида хат.
Мумтоз адабиёт вакиллари ичида ҳаёт тарзи, эътиқоди, ижодидаги ғояларга кўра, Машраб ўзига хос ижодкордир. Унинг исми Бобораҳимдир. “Машраб” Оппоқхўжа томонидан унга қўйилган лақаб, кейинча тахаллус бўлган. Бобораҳим Оппоқхўжа билан кўришганида, унинг қалбидаги Аллоҳга бўлган оташин ишқни сезиб, Оппоқхўжа уни “Машраб” деб атаган.
Машраб шеърларида Қуръони карим оятлари ғоялари ёрқин ифодаланган. Фиръавн мол-дунёсига, шон-шавкатига ишониб, Мусо алайҳиссалом кўп марта даъват этса-да, дин йўлига кирмади. Кибру ҳаво, манманлиги туфайли сувга ғарқ бўлиб ўлди. Шунинг учун Машраб ёзган:
Бошинг гардунга етса, бўлмагил зинҳор хурсанде, Ўзингни ҳар хасу хашакдек, эй банда, камтар тут.
Машраб ғазалларида Яссавий, Паҳлавон Маҳмуд шеърларидаги каби нафсни жиловлаш ғояси олға сурилади. Ояти карималарда уқтирилишича, энг катта ғазот банданинг ўз нафси устидан ғолиб келишидир. Машраб бундай ёзган:
Нафси саркаш муддаосидин Худо берсун паноҳ, Бул замона муттакосидин Худо берсун паноҳ.
Машрабнинг ояти карималар негизида ёзилган шеърлари шўро даврида бузиб талқин этилди. Айниқса, унинг:
Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак! Иброҳимдин қолган ул эски дўконни не қилай?
каби шеърлари даҳрийона таҳлил қилинди.
Аслида Машраб қалбингда Аллоҳ ишқи бўлмаса, Ислом таълимотини билмасанг, унга амал қилмасанг, Макка сен учун Иброҳимдан қолган эски дўкон кабидир, демоқда.
Адабиётдаги абадий мавзулардан бири муҳаббат мавзуидир. Бу мавзунинг асоси ҳам ояти карималарда берилган: «Ва сизларга топишишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларннгизда севги ва марҳаматни солиб қўйган (ҳол) унинг оят белгилариданднр. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмларга оят-белгилар бордир». Демак, муҳаббат — Аллоҳнинг инояти.
Мумтоз адабиётда муҳаббат икки хил талқин қилинади. Биринчиси - ҳақиқий муҳаббат. Бу банданинг Аллоҳга муҳаббати. Иккинчиси - мажозий, инсоннинг инсонга муҳаббатидир.
Сўфи Оллоёр Аллоҳга муҳаббат ҳақида бундай ёзган:
Кел, эй толиб, кўзинг ибрат билан оч, Муҳаббатсиз кишидан қуш бўлиб қоч. Муҳаббатсизки бўлди ҳар қаю зот, Агар фарзанди ширийдир, эрур ёт.
Ҳувайдо Аллоҳнинг бандаларга, хусусан, Муҳаммадга (алайҳиссалом) бўлган муҳаббатини бундай баён қилади:
Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди пайдо, Муҳаббатсиз кишидан қоч, Хувайдо.
Нодира ҳар бир инсон қалбида Аллоҳга, бандага бўлган муҳаббат бўлишини шарт деб билади:
Муҳаббатсиз киши одам эмасдур, Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт.
Баҳром Жалилов |
|
Исҳоқхон Ибрат (1861-1937) |
|
|
|
21.03.2014 14:58 |
Ибрат (тахаллуси; асл исм-шарифи Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли) (1861, — Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани — 1937, Андижон) — ўзбек маърифатпарвари, шоир. Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар мадрасасида ўқиган (1878—86). 1887—92 йилларда Истанбул, София, Афина, Рим, Кобул ва Жидда шаҳарларида бўлган. Ҳиндистоннинг Бомбай ва Калькутта шаҳарларида яшаган (1892—96). Сафардан қайтгач, Тўрақўрғонда янги усул мактабини очган (1907), ўз қишлоғида «Матбааи Исҳоқия» номли литография ташкил қилган (1908). Ибрат янги мактаблар очиш, ўқитувчилар тайёрлаш, аёлларни илм-маърифатли қилиш ишларида фаол қатнашган. Ўз шеърлари («Тарихи чопхона», «Маданият ҳақида маснавий», «Газета хусусида», «Қалам»)да маҳаллий ва чор амалдорлари кирдикорларини фош этган («Илми Ибрат», шеърий тўплам, 1909). Ибрат араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус сўзларидан таркиб топган «Луғат ситта ас-сина» («Олти тилли луғат», Т., 1901) тузган, бу асар ўша давр учун катта аҳамиятга эга бўлган. Ибратнинг ёзувлар тарихига оид «Жомеъ ул-ҳутут» («Хатлар мажмуи», 1912) асарида лотин, юнон, хитой, ҳинд, араб, Кирилл ёзувининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи ҳақида маълумот берилган, илмий-тарихий асарлари («Тарихи Фарғона», 1916; «Тарихи маданият», 1925; «Мезон уз-замон», 1926) эса Қўқон хонлигининг вужудга келишидан то 20-аср 30-йилларигача бўлган даврни ўз ичига олган. Ибрат «Туркистон вилояти газети», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталарига ёзган мақолаларида фан, маърифат ва маданиятни тарғиб этган. 1937 йилда қатағон қурбони бўлган. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 14-ўрта мактаб ва Тошкентдаги бир кўчага Ибрат номи берилган.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Ўшал булбул қилар афғон, саҳар вақти чаман ичра, Қўнар гул деб тикан узра, саҳар вақти чаман ичра.
Қилар бағрини булбул қон, тикан узра берай деб жон, Бўлур гул завқидин қурбон, саҳар вақти чаман ичра.
Ўшал булбул бўлур доғлар, чаманни гашт этиб чорлар»,, Қизил гулни тилаб йиғлар, саҳар вақти чаман ичра.
Чиқар булбулни афғони, чаман ичра оқиб қони, Тасаддиқ гул учун жони, саҳар вақти чаман ичра.
Муҳаббат бирла маст эрди, ани йўлида жон берди, Қизил гулдин хабар сўрди, саҳар вақти чаман ичра.
Муяссар бўлса ул жонон, ато қилса ўшал субҳон, Йўлида жон қилай қурбон, саҳар вақти чаман ичра.
Ибрати бехабар бўлма яна ғафлат билан ўлма, Гуноҳи беадад қилма, саҳар вақти чаман ичра.
* * *
Бўлма амалга мухтор озурда жон ўлурсан, Бад фикр фитнасидин дил ўтла қон ўлурсан.
Гар тўғри сўз қилурсан, ул фаҳм эгри айлар, Анга тушунтурурга дарди даҳон ўлурсан.
Валлот ёки қози кори эрур машаққат, Ашрорлар сўзидин дарди ниҳон ўлурсан.
Гар ушласанг шариат пос ушламоқ машаққат, Бир қўл низоми давлат токи омон ўлурсан...
Ҳасмини бир-бирини алар этса муқайяд, Иккиси санга рожиъ, қайдин омон ўлурсан.
Адлинг бўлурса ақви, изҳор айламас ҳеч, Гар зарра зулм қилсанг, халққа аён ўлурсан.
Гар ҳукми жорий қилсанг норози ҳар иккиси, Ман судга арза бергум, анда ямон ўлурсан.
Келгай бириси бирдан, ҳар кимни ўғри айлаб, Топгунча тарбия сен, сендин гумон ўлурсан.
Бечоралиғдин ўзга иш ихтиёр қилма, Ҳар чанд хўб бўлсанг, бир дам замон ўлурсан.
Кўб бўлди адвокатлар ё омидин вакиллар, Кўфиядин бўлакни билмас, фиғон ўлурсан.
Келгай заифи хайли, санга жадали майли, Уқини шаст қилғай, сан бир камон ўлурсан.
Ҳар касб пеша қилғил, бўлмас амал санга қут, Бекасб ўтсанг Ибрат, муҳтожи нон ўлурсан,
* * *
Тириклик заҳматидин ушбу кунлардан қалайсизлар? Бу қимматлик йили буғдою унлардан қалайсизлар?
Ҳамани қўймади ўз ҳолиға, ташвишлар солди, Мушавваш айлаган бу аҳли дунлардан қалайсизлар?
Жаҳон ҳеч кнмга гардуш этмади иқболима таври, Замона ҳоли мол кофу нунлардин қалайсизлар?
Босиб халқи жаҳонни айлади торож ўғрилар, Саломат ётдигизму, бўйла тунлардан қалайсизлар?
Фасоду олам этти шу каби ҳар ерда инсонни, Бу тарзда фитнаю торож бунлардан қалайсизлар?
Ки ҳар бир кимсада минг хил аломоти қиёматлар, Машаққат вақтини умри ўринлардан қалайсизлар?
* * *
Ишқинг дилу жона жо бўлубдур, Жону дил анга фидо бўлубдур.
Сан айламасанг агар давоси, Дардим мани бедаво бўлубдур.
Оҳим тутунила рўзигорим Ялдо тунидай қаро бўлубдур.
Тан боғидин андалиби жоним Куйингни тилаб жало бўлубдур.
Ишқинг ичра чу мен кими насиби, Ёри соридин жафо бўлубдур.
Ҳусн ичра вафо йўқ эмиш жонон, Ки сен каби бевафо бўлубдур.
Васлингга етурға Ибрат асру, Хажр илкига мубтало бўлубдур.
* * *
Минг уч юзу йигирма олтида чопмахона, Очмоқға бўлди рухсат ва сўз бериб замона.
Мақсад бу ишдин эрди оламға илм қасри, - Ҳам қўймоқға асарлар ёд овози жаҳона.
Касбу камол ислом бўлмай тараққиятда, Ҳолиға тушмасун деб этдук буни баҳона.
Биздин кейингилар кўп илму ҳунар топарлар, Ҳайфоки анда биз йўқ, эътимодхона.
Оламдин ушбу она сонсиз кишилар ўтди, Мингдин бири қўюбдур оламға бир нишона.
Мен катта бой эмасдим ким айласам бинойи, Даҳлим етишмас эрди рўзғори, чою нона.
Сад хайфким ғанилар сарфини билмадилар, Еб-ичтилар семуруб сиғмай туруб чофона.
Уз асримизда ўтти бир неча ағниёлар, Қолдурмайин нишона ер остин этти хона.
Бу санга катта Ибрат ҳушёр бўлки, кетти, Эмди санга келурму кетган у ота-она.
КЎРГОНИ КЕЛДИМ СОҒИНИБ
Гулдек юзингни дилбарим Кўргони келдим соғиниб. Сан — шоҳи олам, ман — гадо, Кўргони келдим соғиниб.
Ишқингда дилбар зор-зор, Йиғлаб юрибман, эй нигор. Кел эй, букун кўзи хумор, Кўргони келдим соғиниб.
Сиздин бўлак йўқтур кишим, Ўзга билан йўқтур ишим. Мастона кўзлик маҳвашим, Кўргони келдим соғиниб.
Тан ичра жоним сан эдинг, Хуш меҳрибоним-сан эдинг, Ширин забоним сан эдинг, Кўргони келдим соғиниб.
Ман ҳаста дил ҳайрон бўлуб, Ишқингда саргардон бўлуб, Фарвона янглиғ ўргулуб, Кўргони келдим соғиниб.
Дардинг билан дармондаман, Топкин илож бемораман, Васлинг билан афтодаман, Кўргони келдим соғиниб.
Эй дилбари нозик бадан, Ҳам тишлари дурри Адан, Ой юзлари боғу чаман, Кўргони келдим соғиниб,
Боғу баҳорим сан мани, Кўзи ҳуморим сан мани, Ширин забоним сан мани, Кўргони келдим соғиниб,
Мандин яширма юзларинг, Ёдимға тушти сўзларинг, Куйдирди ёрим кўзларинг, Кўргони келдим соғиниб,
Кўйингда дилбар зор-зор, Шому сабо, лайлу наҳор, Йўқ эмди бизда ихтиёр, Қўргони келдим соғиниб. |
Туғишганлик севгиси. Мунавварқори Абдурашидхонов |
|
|
|
22.08.2013 18:42 |

Тоғ яқинида кичик бир қишлоқ бор эди. Шу қишлоқнинг бузуқ бир биносида ўн уч ёшлик Ойхон отлик бир қиз турар эди. Ойхоннинг ота-онаси очарчилик йилида — бундан тўрт йил бурун ўлган эдилар. Бояқиш Ойхон беш ёшлик Турдибой деган укаси билан қўш етим бўлган эди. Турдибойни онаси каби боқар эди. Қиш чоғи келмиш, беш ҳафтадан бери қор бутун ер юзини қопламиш ва теварак оппоқ қор билан чулғанмиш эди. Ойхон онасидан бир неча мартаба: «Қиш кунларда бўрилар оч қолсалар, қишлоққа келадилар-да, томоқ излайдилар», деб эшитган эди. Фақат бу ҳам томоқ топмоқ учун ташқарига чиқмоққа мажбур эди. Бир кун эрталаб Ойхон нон олмоқ учун бозорга борди. Нон олиб, уйига яқинлашган чоғда қўрқинчли товушлар, укасининг бақирган-чақирган овози эшитилди. Ойхон чопиб уйга кирди. Укасига югурмоқда бўлган бўрини кўрди. Бор кучи билан бориб, укасини қучоқлаб олиб, оғзи очиқ турган сандиққа солди, чап қўли билан сандиқни босиб турди. Ойхон укасини қутқармоқдан бошқа бир нарса тушунмас, орқасидан кулиб, севиниб келаётган бешта бўрини кўрмас эди. Бўрилар бирдан уй ичига кирдилар-да, Ойхонга югура бошладилар. Ойхон бор кучи билан ҳайдамоқ истар эди, лекин бўрилар ҳар томондан ириллаб, югурушиб, тишлаб тортишар эдилар. Ойхон танидан оққан қон билан секин-секин кучдан кетиб, йиқила бошлаганин англар-англамас сандиқдан узоқлашди, эшик олдигача борди. Ортиқ бўрилар хурсанд эдилар. Бу ғайратли қиз эшик олдида кучдан қолиб йиқилди. Оч бўрилар бояқиш қизни еб битирдилар. Бир неча соатдан сўнг уйига келган қишлоқликлар кўрдиларки, Турдибой сандиқнинг ичида пиш-пиш ухлаб ётибдир. Бечора Ойхон ўз жонини севикли укасининг ўрнига қурбон қилмишдир. |
|