Тазарру. Томас Манн. PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:44

Гапнинг рости, манови жанобнинг ғалати гапларидан бутунлай довдираб қолгандим, ҳозир ҳам уларни худди ўшандай тарзда такрорлаб беролмасам керак, деб қўрқаман. Негаки ўша оқшом бошқалар ҳам ундан худди менга ўхшаб ғоят мутаассир бўлган эдилар. Бунга балки мутлақо нотаниш одамнинг ғаройиб, ҳайрон қолдирадиган даражадаги самимияти сабаб бўлгандир...
Ўша нотаниш кимсани биринчи марта бундан икки ойча муқаддам Сан Марко майдонида учратгандим. Кенг майдон бўйлаб айланиб юрган одамлар сийрак, мовий осмонга бўй чўзиб турган, заррин нақшлар билан безатилган ҳашаматли, ажойиб бино олдидаги байроқлар денгиз тарафдан эсаётган енгил шабададан ажиб ҳилпирарди; бош дарвоза яқинида бир қизалоқ ҳар томондан унга ёпирилиб келаётган каптарларнинг улкан галасига макка дони сепмоқда эди. Қиёси йўқ нақадар гўзал манзара...
Шунда мен уни учратиб қолдим, ҳозир – ушбу сатрларни ёзаётган пайтимда ҳам уни аниқ-тиниқ кўз ўнгимда тасаввур қилмоқдаман. У ўрта бўйли бўлиб, тез юрар, юрганда ҳам ҳассасини иккала қўллари билан орқада тутганича букчайиб оларди. Бошида қора тусдаги қўпол шляпа, эгнида эса кулранг ёзги палъто, қорамтир йўл-йўл шим кийволган. Негадир мен уни инглиз бўлса керак, деб ўйловдим. Ёши ўттизларда, балки элликка ҳам боргандир. Юзи силлиқ қирилган, бурни бир оз катта, кулранг кўзлари ҳорғин боқар, лабларида ҳамиша қандайдир англаб бўлмайдиган, ғалати табассум ўйнарди. Аҳён-аҳёнда қошларини бир чимириб, ён-верига синовчан назар ташлайди, сўнг яна ўз олдига, ерга қараб олар, ўзига ўзи бир нималар гапирган кўйи бошини сарак-сарак қилганича кулимсираб қўярди. Шу алпозда у майдон бўйлаб уззукун у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
Ўша кундан бошлаб уни энди ҳар куни кузата бошладим. Чунки унинг, хоҳ яхши ҳаво бўлсин, хоҳ ёмон ҳавода бўлсин, тушдан олдинми, тушдан кейинми барибир узлуксиз кунига кенг майдон бўйлаб ўттиз ё эллик маротаба у ёқдан-бу ёққа ёлғиз ўзи ва худди ўшандай ғалати хатти-ҳаракатлар билан одимлаб бориб-келишдан бошқа ҳеч қандай юмуши йўқ ҳисоби эди.
Юқорида айтганим ўша оқшом аллақандай ҳарбий хор концерт бераётган эди. Камина “Флориан” қаҳвахонасининг майдон узра ўрнатилган мўъжазгина столларидан бири ёнида ўтирардим, концерт тугаб, томошабинлар оқими тарқала бошлагач, нотаниш киши ҳар доимгидек паришонхотир кулимсираганича ёнимдаги бўш ўринлардан бирига келиб ўтирди.
Вақт ўтган сайин теварак-атрофдаги ғала-ғовур ҳам тиниб, ҳадемай барча столлар бўшаб қолди. У ер-бу ерда онда-сонда одамлар кўриниб қолар, энди майдон бўйлаб улуғвор осойишталик ҳукм сурар, осмон юлдузлар билан қопланган, гўзал Сан Марко узра яримта Ой осилиб турарди.
Мен қўшнимга орқа ўгирганимча газета ўқирдим, ниҳоят унга томон ярим ўгирилишга мажбур бўлдим; чунки шу пайтгача ундан бирон сас эшитилмаган, бирон ҳаракат сезилмаган, энди эса у тўсатдан гапира бошлаган эди.
– Венецияга биринчи марта келишингизми дейман, афандим?—сўради у, французчани бир оз бузиб гапираркан; мен унга инглиз тилида жавоб қайтармоқчи эдим, у кутилмаганда шеваларсиз соф олмон тилида аста, хириллаган, бўғиқ овоз билан, товушини тиниқлаштириш учунми, тез-тез томоқ қириб, йўталганича сўзида давом этди. — Буларнинг ҳаммасини илк бор кўриб тургандирсиз, ҳойнаҳой? Барчаси сиз кутгандекмикан ишқилиб? Балким ундан ҳам зиёдароқдир, эҳтимол? Эҳ! Бу қадар гўзал деб ўйламаган бўлсангиз керак-а? Тўғрими? Сизни бахтиёр деб ҳисоблаб, сизга ҳавас қилишлари учунгина шундай ўйлаётган бўлмасангиз керак? Эҳ!
У ўриндиққа бемалол суяниб олди-да, кўзларини тез-тез пирпиратганича менга диққат билан тикилди, унинг ҳозирги юз ифодасида аллақандай мубҳамлик зоҳир эди.
Орага узоқ сукунат чўкди, ушбу ғалати суҳбатни энди қандай давом эттиришни ҳам билолмасдан ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, у шошилиб мен томон энгашиб, сўз қотди:
– Кўнгил қолиш нима эканлигини биласизми, афандим?– сўради у секин ва қатъий оҳангда, ҳассасига иккала қўллари билан таяниб олиб.
– Алоҳида, айрим ҳолдаги чакана муваффақиятсизлик, омадсизлик эмас, балки умумий, кенг маънодаги кўнгил қолиш, барча нарсалардан, бутун ҳаётдан кўнгил қолишини айтаяпман? Албатта, буни сиз билмасангиз керак. Аммо бу нарса ёшлигимдан бери мудом таъқиб этиб келади, у мени сўққабош, бебахт ва бир оз ғалати ҳам қилиб қўйган, буни инкор этолмайман. Сиз мени қандай қилиб ҳам тушуна олардингиз, афандим? Лекин сиздан илтимос қилгудек бўлсам, мен учун икки дақиқа вақтингизни ажратиб, гапларимни тинглай оларсиз, деб ўйлайман. Чунки гап очилдими, энди уни айтмасам бўлмас....
Аввало шуни айтишим керакки, камина кичкинагина бир шаҳарчада, пастор1 оиласида туғилиб, ўсганман, унинг покдомон ҳужраларида эскича урфдаги, уламоларгагина хос бўлган жўшқин, таъсирли некбинлик ҳамда яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ ҳақидаги дабдабали панд-насиҳатлардан иборат ўзига хос, ғайриоддий муҳит ҳукм сурарди, камина бундайин баландпарвоз каломларни тинглашга сира-сира тоқат қилолмасдим, чунки менинг назаримда азоб-уқубатларимга айнан улар айбдордек туюлаверарди. Ҳаёт мен учун шунчаки қуруқ сафсатадангина иборат эди, холос. Негаки ушбу сўзлар каминада фавқулодда ва аҳамиятсиз тасаввур-тушунчалар уйғотар, мен эса улардан бошқа ҳеч нимани билмас эдим.
Шу тариқа одамлардан илоҳий эзгулик ва ақл бовар қилмас разолат кутиб яшардим; мен ҳаётда мафтункор гўзаллик ва қабоҳат кутиб яшардим; каминани уларнинг барчасига бўлган, кенг борлиққа, қандай бўлишидан қатъи назар, бўлғуси саргузашт воқеаларга, фавқулодда бахт-омад ҳамда сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, кутилмаган даҳшатли изтиробларга бўлган теран, ваҳимали ҳирс ва ҳавас чулғаб олган эди.
Ҳаётимдаги илк кўнгил қолиш нечоғли қайғули бўлганлиги ҳамон эсимда, афандим. Эътибор берсангиз, у бирон-бир гўзал орзу-умиднинг қандайдир саробга айланиши билан эмас, балки ҳаётимга илк мусибатнинг кириб келиши билан боғлиқ эди. Ўшанда ёшгина бола эдим, кечаси шовқиндан уйғониб кетдим, уйимизга ўт тушган эди. Оловнинг сирли, маккор тиллари чор-атрофни чулғаб олиб, то хонам эшигигача етиб бораёзган, бутун қават ва зина ҳам аланга ичида қолган эди. Буни энди пайқаганимни биламан, уй билан бирга пастга қуладим ва жонҳолатда “Ёняпти! Ёняпти!” деб қичқира бошладим. Уш бу сўзлар ҳамон қулоқларим остида фавқулодда аниқлик билан жаранглайди, ўшанда, гарчи эс-ҳушим, онгим у қадар бўлмаса ҳам ҳарҳолда қандайдир туйғуни ҳис этганлигим мудом эсимда. Сезишимча, бу ёнғин эди; мана ҳозир ҳам уни аниқ-тиниқ кўз олдимга келтираяпман! Охири нима бўлди дейсизми? Ҳали ҳаммаси эмас...
Ёлғиз Худога маълум, бу ҳазилакам нарса эмасди. Бутун уй батамом ёниб кул бўлган, оиламиз фавқулодда хавф-хатардан бир амаллаб жон сақлаб қолган, ўзим эса, анчагина жойим куйиб, жароҳат олган эдим. Шу ўринда ўшандаги болаларча тасаввурим билан бўлажак воқеа-ҳодисотлардан ўзиб кетиб, туғилиб ўсган уйимнинг ёнғинда кўйиб, кул бўлишини илгаритдан сезган эдим, десам нотўғри бўлур эди. Аммо шунга аминманки, ботинимда аллақандай ноаниқ шуур, ғира-шира, тасаввур яшаган ва қандайдир даҳшатли бир ҳодисани олдиндан англаб, пайқашимга туртки берган эдики, бунга қиёсан борлиқ, воқелик менга ожиз кўриниб кетганди. Ёнғин – умримдаги биринчи мудҳиш воқеа бўлган, бу билан эса ҳаётимдаги ҳайратланарли ва ажойиб орзу-умиддан ҳам кўнглим қолган эди.
Қўрқманг, сизга барча умидсизликларимни бирма-бир батафсил ҳикоя қилмоқчи эмасман. Мен фақат бир нарсани айтмоқчиман, яъни ҳаётимдаги улкан орзу-умидларимни ўзимнинг бебахт иштиёқ-интилишларим билан, қолаверса, минглаб китоблардаги: шоирларнинг асарларидаги қуруқ сафсаталар билан бир умрга аллалаб келган эканман. Эҳ, шу десангиз мен уларни ана ўша шоир деганларни ёмон кўриб қолдим денг, уларга қолса, ўзларининг баландпарвоз сўзлари билан тўрт томонга жар солишса, иложи бўлса, ана ўша сўзларини Везувий узра қад кўтарган ирвит дарахти билан ёнма-ён ва ҳатто само гумбазига ҳам муҳрлаб қўйишса – ҳар қандай дабдабали сўзнинг аслида ёлғон-яшиқ ёҳуд киноя-пичингдан иборат эканлигини ҳис этмаслигим мумкинми, ахир!
Эҳ, завқ-шавққа тўла ўша шоирларнинг нағмасини қаранг, нимаймиш, гўё тилимиз камбағал эмиш, э йўқ, уларнинг ўзлари камбағал, афандим! Фикри ожизимча, ҳаётдаги муҳтожлик ва етишмовчилик билан солиштирганда, аслида тилимиз бой, ниҳоятда бой. Азоб-изтиробларга келсак, улрнинг ҳам ўз сарҳадлари бор: ожизликнинг жисмоний, калтафаҳмликнинг эса руҳий – бахт-омад бобида ҳам худди шундай! Инсоннинг ўз фикрини баён қилиш эҳтиёжи сабаб товушлар дунёга келган, улар воситасида ана ўша сарҳадлар оша ёлғонлар амалга ошириб келинган.
Нима, бунга мен айбдорми? Ё бўлмасам, ўзи умуман йўқ ҳодисалар ҳақида тасаввур уйғотаётган маълум сўзлар таъсиротидан фақатгина менинг эсим оғиб қолаётганмикин?...
Мен ўзимнинг улкан тасаввур-тушунчаларимга мос келадиган саргузаштлар сари ана шундай иштиёқ-ла тўлиб-тошган катта ҳаётга қадам қўйдим. Худо шоҳид, афсуски бу нарса менга насиб этмаган экан! Камина дунёнинг кўкларга кўтариб мақталган жойларини ҳам бориб кўрдим, инсоният энг дабдабали сўзлар билан айланиб-ўргиладиган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш учун узоқ вақт дарбадар кездим; уларга юзма-юз турарканман, ўзимга ўзим шундай дедим: нақадар гўзал, бироқ: бундан-да гўзалроқ нарсалар йўқмикин? Бори шумикин, холос?
Мен ҳақиқат, воқелик деган гапларни тушунолмайман; бу билан ҳамма гапни айтиб бўлдим, чоғи. Қачонлардир, эсимда йўқ, дунёнинг қай бир гўшасида, тоғ устида, чуқур, торгина дара тепасида турардим. Қоя деворлари яланғоч ва тик эди, ҳув пастда эса тошдан-тошга урилиб, пишқириб оқаётган сувнинг шовуллаши эшитиларди. Пастга қараб туриб, ўзимча ўйладим: ҳозир қулаб тушсам нима бўлади? Ўз-ўзимга жавобим ҳам тайёр эди: мабода шу ҳодиса рўй бергудек бўлса, йиқилаётиб ўз-ўзимга шундай деган бўлардим: Ниҳоят, пастга қулаяпсан, билсанг, мана шу ҳақиқат! Хўш, ҳақиқат деганлари нима ўзи?
Кўрган-кечирганларим бир оз ҳангома қилишга етади, десам ишонасизми? Бундан кўп йиллар муқаддам бир қизни севардим, ул шундай гўзал бир хилқат эдики, уни жон деб ўз ҳимоямга олган бўлардим; бироқ у мени севмасди, бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, мен бўлмасам, бошқаси... Бироқ мен учун бундан-да ғамгинроқ кўргилик бўлиши мумкинмиди? Лаззат ўрнига аччиқ мусибат келтирган ушбу воқеадан ҳам кўра оғирроқ азоб бормиди менга? Шундан сўнг неча-неча тунларни мижжа қоқмай бедор ўтказдим, алалхусус, ҳамма нарсадан ҳам кўра мени бир ўй мудом қийнарди: зўр мусибат деганлари мана шу! Ниҳоят уни бошдан кечираяпман! Хўш, мусибат дегани нима ўзи?...
Энди сизга ҳаётимдаги бахт ва омад ҳақида гапириб беришим шартмикин? Инчунин, бошимга бахт-омад қуши қўнган пайтлар ҳам бўлган, лекин бахт-омаддан ҳам кўнглим қолган... Ҳожати йўқ; чунки мен сизга айтмоқчи бўлган мисоллар кўнглимни қолдирган, ҳафсаламни пир қилган, умидсизлик олиб келган ўша ҳаётнинг ўртамиёна, зерикарли, бемаъни бўлганини сизга барибир тушунтириб беролмайди.
Ярим маъбуд дея мақталган Инсон – ким ўзи у? –деб ёзган эди ёш Вертер бир замонлар. Нима, ўзига ниҳоятда керак бўлиб турган кучлардан ҳам маҳрумми у? Модомики, қувончдан энтиккан ё изтиробга чўмган экан, уни буларнинг ҳеч қай бири тўхтатиб қололмайди, бепоён чексизлик қаърига йўқ бўлишга талпингани учун ҳам унинг хира, туссиз онги қайтиб келади.
Денгизни илк бор кўрган кунимни тез-тез эслаб тураман. Денгиз улкан, бепоён. Уни соҳилдан туриб кузатарканман ўзимни озод, эркин ҳис этардим: чунки унинг адоғида уфқ ястаниб ётарди. Нега энди айнан уфқ? Ахир мен ҳаётдан чексизлик кутган эдим-ку... Балки, менинг назаримдаги уфқ бошқа бировларникига қараганда торроқдир? Камина ҳақиқат, воқелик деган нарсаларни тушуна олмаслигимни айтиб ўтган эдим – балки ақлим ошиб-тошиб кетаётгани учун шундайдир? Ёки тушуниб улгурмаёганмикинман? Эҳтимол, хулоса қилишга шошаётгандирман, ким билади? Ё бахт-омад ва дард-изтиробнинг фақат энг қуйи даражаларинигина, энг нозик ҳолатларинигина билармиканман?
Бундай деб ўйламайман; одамларга ҳам ишонолмайман, ҳаёт билан юзма-юз туриб, шоирларнинг баландпарвоз сўзларига қўшиладиган озчилик кишиларгагина ишонаман, холос – ахир бу қўрқоқлик ва алдовнинг ўзгинаси-ку! Ҳа, айтгандай, эътибор берганмисиз, афандим, яна шундай бир тоифа одамлар ҳам борки, улар шунақанги мақтанчоқ ва бошқаларнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромига зимдан ҳавас қилишларига шу қадар ўч бўлишадики, ўзларини энг зўр бахт-омадга эришган қилиб кўрсатадилар-у, бироқ кўрган-кечирган азоб-изтироблари ҳақида лом-мим демайдилар?...
Қоронғи ҳам тушиб қолди, энди гапларимниям унчалик эшитгингиз келмаётгандир; шунинг учун, сўзни мухтасар қилиб, бир нарсага иқрор бўлмоқчиман, яъни мен ҳам бир пайтлар ўзимни ўзимга ва бошқаларга бахтиёр қилиб кўрсатмоқ учун... ана шунақанги одамларга қўшилиб... ёлғон сўзлашга уринганим рост. Бироқ анча йил бўлди, шуҳратпарастлигим барҳам топиб, ундан қутулганман, ана шундан буён камина ёлғиз, бебахт ва бир оз ғалати ҳам бўлиб қолганман, буни инкор этмайман.
Энди эса, тунлари юлдуз тўла осмонни кузатиб, хаёл суриш севимли машғулотимга айланган; чунки бу дунёга, бу ҳаётга қўл силтаб, ундан воз кечиб қўяқолишнинг энг яхши йўли ҳам шу эмасми, ахир? Шу билан бирга ўзимнинг улуғвор тасаввур-тушунчаларимни зиғирча бўлса-да, ҳамон асраб қолиш ҳақида, уларгагина хос бўлган ҳақиқатни умидсизликни ҳеч қандай бир азоб-уқубатсиз намоён қила оладиган озод, эркин ҳаёт ҳақида, ҳеч қандай уфққа эга бўлмаган умр ҳақида орзу қилаётганимни кечиримли ҳол деб ўйлайман, шундай эмасми?...
Камина мудом шу ҳақда орзу қилиб, ўлимни кутиб яшамоқдаман.
Эҳ, мен уни, ўлимни, ана шу охирги кўнгил қолишни ҳам ҳозирданоқ шундай бир аниқ тасаввур қиламанки!... Шуми ўлим дегани ҳали? Сўнгги дамда ўз-ўзимга шундай дейишим турган гап: мана, ниҳоят, унга ҳам етиб келдим! Хўш, ўлим дегани нима ўзи?...

Олмон тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси

 
Абдураззоқ Бимий (1850-1926) PDF Босма E-mail
20.03.2014 18:30

Бимий 1850 йили Андижоннинг қишлоғида замонасининг ўқимишли оиласида туғилди. Ёшлигидан илм-фанга зўр ҳавас қўйган Абдураззоқ ўзбек, форс ва араб тилларини, шунингдек, классик мусиқа, хаттотлик илмини ҳам қунт билан ўрганади.
Бимий ўз ижодини жуда эрта бошлайди. Катта истеъдоди ва меҳнати, тинимсиз изланиши туфайли замонасининг истеъдодли шоири сифатида танилади. Бимий асарларини тўплаб девон тузган. Аммо бу девоннинг излари топилганича йўқ.
XIX асрнинг иккинчи ярмидаги Фарғона адабий ҳаракатчилигида маълум ўринни эгаллаган Абдураззоқ Бимий 1926 йилда вафот этган.


ҒАЗАЛЛАР


* * *

Ишқ ичра у Мажнун ҳам парвона экан мендек,
Лайлини фироқида афсона экан мендек.

Ғам тоғида қон йиғлаб, Ширин ғамида Фарҳод,
Ҳасратда ўшал ошиқ ҳайрона экан мендек.

Ўртанди Зулайхо кўп Юсуфни фироқида,
Ҳар балдада дилдори бегона экан мендек.

Овораи ҳижронлар саҳрои маломатда,
Муштоқи висоли ул жонона экан мендек.

Эй маҳваши барнолар, жон куйдириб ошиқлар,
Рухсорини шамъиға парвона экан мендек.

Майхоналара келмиш махмура дареғ этма,
Май сун кечалар муҳтож паймона экан мендек.

Узрони ғами бирла Вомиқни дилу кўнгли,
Ишқ офатида Бимий вайрона экан мендек.

* * *

Меҳри рухингни даврида зулфинг шикан-шикан,
Топар димоғим анда насими Хўтан-Хўтан.

Лаъли лабингни даврида холингму ё магар,
Кавсар лабида қилди қаро қуш ватан-ватан.

Ошуфта қилди кеча тушумда димоғими,
Ўйнаб сабо сунбулинг узра суман-суман.

Мужгон учи қадалди келиб сийна чокима,
Қилмас руфуъ ғунчани жайбин тикан-тикан.

Бердим кўнгилни ишқида жондин умид йўқ.
Пироҳанимни ўлсам агар Қил кафан-кафан,

Лаълинг муяссар ўлмаса лабташналарғаким,
Суннат айлама сиҳри ҳароратини баман-баман.

Эй кўз асири ўлдинг ўшал гулузорни,
Боқдинг юзиға эмди чекарсан миҳан-миҳан.

Ўлсам фироқи тиғи билан дафн айла мани,
Қилсун танимни туъмаи чун зоғ заған-заған.

Нетсун фиғону нолалар этмай гар ўлсам,
Бу хаста Бимий, бўйниға зулфи расан-расан,

* * *

Бор эрди Абдураззоқ девонахў,
Ки девона эрмас, нек табъ, накў.

Биров топмас айбин атворидин,
Қилур ҳажв ўз тўну дасторидин.

Бўлуб Хўқанд анинг маскани,
Ҳажвгўйликдур шиор этгани.

Бу баҳри тавил туркини қилди рақам,
Маликзодадин топди ул дам карам.

* * *

Бир кун мен зори беёр ғамхор, саҳрода кўрдим бир инсон,
Ўз ўти бирла ўзи туташгон, гирён, урён, тирноғи ўсгон.

Йиртиб яқосин, тирнаб лиқосин, умри бақосин бермиш фаноға,
Кўнгли маломат тошида синғон, ишқ офатидин бағри эзилгон.

Гар дийда эрди, оҳлар бошида сингон ошиёни.
Саҳрони тутгон ўтлиғ фиғони, сайр айлар бесабру сомон.

Бошидин олмиш ким ҳушин они, кетмиш қўлидин ақли инони,
Оқмиш кўзидин бағрини қони, дарди ниҳони ўлмиш намоён.

Сўрдим бу кимни кўйида расво, йўқ анда ҳаргиз сабру шикебо,
Кўнглини дунё меҳридин узгон тарки ватандур, чун воқиф ўлон.

Фарёдидин танг бу дашту саҳро, туфроғи, ашки, селобидин қон,
Зоҳирда ўлмиш Мажнуни расво, ботинда Лайли ишқида султон.

Кам қилма, Бимий, ишқини ёраб, куйингда Мажнун саргаштадин то
Доим сени деб, ишқингда йиғлаб ўлсун макони дашту биёбон.


МУХАММАС

Мен асири ғамзаи бир гулузор ўлдим яна,
Мубталои икки зулфи тобдор ўлдим яна,
Кунжи ғам ичра туну кун интизор ўлдим яна,
Кўйида қон йиғламай, найлайки, зор ўлдим яна,
Оҳ, бу ерда туролмай, беқарор ўлдим яна.

Васли умиди била чашмим тўкар чун ошкор,
Ииғлагайман кечалар ҳижрони бирла зор-зор,
Қолмади дарди фироқида инону ихтиёр,
Ҳасратида дилда дардим, кўз ёшимдур шашқатор,
Мен гирифтори ўшал Шириншиор ўлдим яна.

Оҳ, бир соат келиб, ҳолинг нечун, деб сўрмади,
Келса негаҳ, лоақал бир лаҳзае ўлтурмади,
Кечалар тортган фироқида азобим кўрмади,
Бошима шафқат ниҳоли соясин солдурмади,
Найлайин, бир меҳрсиз ёра дучор ўлдим яна.

Ноз ила гулшанда очти оразин ул сарвиноз,
Олди хушимни бошимдин, айлади беимтиёз,
Лол ўлуб қолдим қилолмасдин боқиб ифшойи роз,
Кечти умри мустадоми ҳасратида қишу ёз,
Бу таманнолар била беихтиёр ўлдим яна.

Нолаю афғонима ерда башар, кўкда малак
Сабр этолмас, чарх уруб ҳолимға йиғлаб нўҳ фалак,
Мумкин эрмасдур ғамим шарҳини айтмак як-баяк,
Мумкин эрмас ҳасрати Бимийни маҳсуб айламак,
Ғуссау, ғам нақди бирла бешумор ўлдим яна.

 
Сомерсет Моэм. Ижод алангаси PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:43

Миссис Форестернинг “Ахиллес ҳайкали” номли илк детектив асари чоп этилганда у 57 ёшни қоралаган, бир қатор асарлари билан кўзга кўриниб қолганди. Авваллари унинг ўзига хос истеъдоди ўқувчилар назарига тушмаган, бу эса унинг китоблари сотилмаслиги сабабли эди. Лекин танқидчилар Форестернинг янги асарини мақтаб кўкларга кўтаришди.
Ижод билан бирга бу аёл сиёсатда ҳам кучини синаш ва ҳатто парламентга чиқиш фикридан ҳам ҳоли эмасди. У ҳар шанба кунги зиёфатида кўпчилик қатнашишини истарди. Базмларга фақат бир киши, яъни эри Алберт Форестернинг хуши бўлмасди, холос. Кўпчилик уни зиқналиги боис зиёфатларга иштиёқи йўқ деб ҳисобларди. Форестер хонимнинг унга қандай турмушга чиққани ҳам жумбоқ эди. Албертнинг марка йиғишга мойиллишни сезган таниш-билишлар унга “Филателист” деб лақаб қўйишганди. Алберт каттагина бойликка эга бизнесмен эди. Ўзи ғамгин, маъюс юрса-да, гоҳо ҳуда-беҳуда сўзлаб қолар, эгнидан оҳори тўкилган кийимлар тушмасди. Бироқ хотини бунга мутлақо эътибор бермас, аксинча унга меҳрибон, ўрни келганда эрини менсимаганларни изза қиларди. Миссис Форестернинг ҳаётини тубдан ўзгаргирган воқеа йил охиридаги зиёфатда содир бўлди. Ўша куни стол атрофида бу аёл барчани оғзига қаратган эди, бутун вужуди билан тинглаётган меҳмонлар фақатгана савол бериш мавруди келгандагана нотиқнинг сўзини бўлишарди. Зиёфат қизигандан қизиб борарди. Кутилмаганда шовқин-сурон кўтарилди.
—    Нима бўлди, Картер? — деб сўради миссис Форестер оқсоч аёлдан. — Уй қулаб тушмадими мабодо?
—    Кечирасиз, хоним, янги ошпаз жомадони билан кираётиб қоқилиб кетди.
—    Янга ошпаз деганинг нимаси?
—    Миссис Булфинч бугун ишга чиққани йўқ.
—    Жаноб Форестернинг хабари борми? — сўради хоним гўёки бу ишга эри масъулият билан қараши лозимдек.
—    Жаноб Форестер чиқиб кетганлар. Мана бу хатни етказишимни айтди, — дея букланган қоғозни узатди оқсоч.
Хат мазмуни миссис Форестер кайфиятини аста-секинлик билан ўзгартира бошлади. Унинг юз ифодасидан Албертдан бутунлай ажралганлигани уқиб олиш мушкул эмасди.
Форестер хоним ўқиб бўлгач, хатни ғижимлаганча йиғлаб юборди:
—    Қандай ноҳақлик! Қандай даҳшат!
—    Нима бўлди? Тинчликми? — сўради ҳамкасби жаноб Симмонс.
—    Олиб ўқинг, — деди хоним ғижимланган қоғозни узатаркан.
Жаноб Симмонс кўзойнагани тақиб ўқишга киришди: “Азизим, миссис Булфинч ишини ўзгартирганлиги ва усиз ёлғиз қололмаслигим боис бирга кетишга қарор қилдим. Бундай ҳаётдан сабр-косам тўлган. Миссис Булфинчни никоҳ қизиқтирмайди, ажрашишни истасанг, қайтадан оила қилишга қарши эмас. Унинг жойига янги ошпаз ёлладим. У билан тил топишасан деган умиддаман. Биз Кенингтон-роуддаги 41-уйдамиз.
Алберт”
Узоқ давом этган сукунатни жавоб Симмонс бузди:
—    Бу нима қилиқ?
—    Бу қандай хўрлик! Чидаёлмайман, — бақирди Форестер хоним қўллари билан юзини яширганча. Вазиятни тушуниб турган жаноб Симмонс вазминлик билан насиҳат қилди:
—    Агар осуда ҳаётни маъқул кўрсангиз, унинг олдига боришдан ўзга чорангиз йўқ.
—    Уни деб мен ошпаз билан уриша олмайман, ахир, — жаҳл билан гапирди Форестер хоним.
—    Аслзода аёллари сизга зиён етказмайди. Бироқ бундай аёллар адойи тамом қшиди сизни, — тушунтиришга ҳаракат қилди Симмонс.
—    Бугунги ишни эртага қўймасдан боришингиз керак, — қўллаб қувватлади меҳмонлардан бири.
—    Хўш, бир қарорга келдингизми?
Миссис Форестер бироз ўйланиб турди, қўллари мушт бўлиб тугилди, сўнгра жавоб берди:
—    Хону монимдан кечаманми, обрўсиз бўламанми, барибир, унинг олдига бормасдан қўймайман.
Миссис Форестер эртасига йўлга чиққанида кун чошгоҳдан ошганди. Жаноб Симмонснинг саъй-ҳаракати зое кетмади, у тез фурсатда манзилни топиб берди. Қўнғироқ чалингандан сўнг пешвоз чиққан аёлни у таниган эди.
—    Салом, Булфинч. Аҳволларингиз тузукми? — ҳол-аҳвол сўради ўзини бардам ва мардона тутган миссис Форестер. — Хўжайинингиз уйдами?
Бекасини кўриб, гаранг аҳволда туриб қолган Булфинч саломлашгандан кейингина ўзига келиб, меҳмонни ичкарига таклиф қилди:
—    Келинг, хоним, кираверинг... Алберт, миссис Форестер келдилар, — хабар берди у кенг хонага бош суқиб Форестер хоним уйга кирганда Алберт камин олдида, курсида газета ўқиш билан банд эди.
—    Аҳволлар қандай, азизим, — сўрашди у эски қадрдонларча газетани четта ирғитиб.
—    Афт-ангорингдан чакки эмас, — кўзини узмай хулоса чиқарди жаноб Форестер жавобни ҳам кутмасдан.
—    Марҳамат ўтиринг, хоним. — жой кўрсатди Булфинч.
—    Мен холи гаплашсак дегандим, Алберт, — дея мақсадини баён қилди меҳмон.
—    Бунинг иложи йўқ, — деди Алберт бош чайқаб.
—    Начора, унда шундай гаплашаверамиз,. — розилик билдирди миссис Форестер.
—    Хўш, азизим, қулоғим сенда.
Форестер хоним вазминлик билан гап бошлади:
—    Алберт, бу одатдаги ҳазилларингдан бири бўлса керак. Уйга қайтсанг дегандим.
—    Вақтни бекорга сарфлаяпсан. Мени энди ҳеч нарса сен билан яшашга мажбур қила олмайди.
—    Мен билан бахтли эмасмидинг? — сўради миссис Форестер юраги қалқиб.
—    33 йил дурустгина яшадик. Маълум маънода сен ўзингга хос эдинг, аммо менга эмас, Сен ижодкорсан, мен эса йўқ.
—    Лекин мен ҳар доим иш билан овунмаганман, сени ҳам қизиқтиришга ҳаракат қилганман. Бир зум ҳам эътиборимдан четда қолмагансан.
—    Тўғри. Ҳаётимнинг бир текислигига балки ўзим айбдорман. Бироқ бундай ҳаёт, умуман барчаси жонимга теккан. Мени бир нарса қизиқтиради. Шу меҳмонларингнинг еб-ичишдан бўлак қўлларидан бирор иш келармикан?
—    Бу нима деганинг, Алберт? — суҳбатга аралашди Булфинч.
—    Булфинч ишдан бўшашимни илтимос қилаяпти, давом этди Алберт авзойини бузмай. — Ҳамкасбларим билан маслаҳатлашдим. Ҳал қиламиз дейишди. Даромадим 900 паунд бўлса, учаламизга йилига 300 паунддан тушади, — дея ҳисоб-китоб қилди у.
—    Бу пулга қанда яшаб бўлади? — сўради лаблари титраган миссис Форестер.
—    Сенинг қаламинг бор, — эслатди Форестер мулойимлик билан.
—    Китобларим даромад келтирмаётгани аён-ку сенга, — қошларини чимирди аёл.
—    Детектив ҳикоялар яратиб кўринг-чи, — таклиф киритди ошпаз аёл тўсатдан. Форестер хоним бехосдан айтилган гапни кулгига олди ва хитоб билан деди:
—    Менми? Бу ақлга сиғмайди. Бундай ҳикоялар билан одамлар талабини қондириб бўларканми? Ўзи детективга қарамаган инсонман.
—    Ёмон фикрмас, — тасдиқлади Алберт.
—    Детективлар жону-дилим. Кутубхонада тунги кўйлакда ҳушдан кетган аёл ҳақидаги сюжетни ўқисам ҳикояни қандай тугатганимни сезмай қоламан, — энтикиб гапирди Булфинч хоним вужудида ажиб бир енгиллик ҳис этиб.
—    Мен эса Хайд-паркда тилло соатли жентельманнинг ўлик ётишини афзал кўраман. Бундай воқеа жиддий эътибор уйғотади, — деди Алберт қизишиб.
—    У муҳим сирни билган. Қотиллар унга оғзидан гулламаслик шарти билан омон қолдиришни ваъда берганлар.
—    У душманларидан қочишга улгурмаган, — лўнда қилиб якун ясади Форестер хоним.
—    Сен яхшигина детективлар яратишинг мумкин, далда берди Алберт уни ижодга чорлаб. — Қўлимдан ўтмаган детективлар бўлмаса керак.
—    Сенинг-а? — кўзлари чақнаб, ҳайратда сўради Форестер хоним.
—    Мана шу нарса миссис Булфинч билан иккимизни боғлади. Ўқиб бўлган китобларни унга бермадим. Бир-бирига ўхшашларини тополмайсан. Солиштирсанг, ўзига хос бўлган фазилатни топасан, — паст, осуда товушда гапирди жаноб Форестер.
—    Орамиздаги тафовутни энди англадим, — деди миссис Форестер овози қалтираб ва изтироб билан бош чайқаб. — 30 йилдан буён адабиётдан паноҳ излаган экансан-да.
—    Тўғри англабсан. Детектив ҳақида ўйлаб кўр.
Булфинч хоним меҳмонни кузатаркан, ундан таксида кетиш-кетмаслигини сўради.
—    Трамвайга чиқаман, — жавоб берди хоним.
—    Миссис Форестер, сиз жанобдан ҳавотирланманг. Рўзғорни бинойидай эплайман. Ўзингиз биласиз, ойдай ошпазман...
Миссис Форестер оғиз очишга чоғланганда, бекатга трамвай келиб тўхтади ва у чиқиб олди.
Вақтни сўраш учун у ёнига ўгирилди-ю, тилло соатли, салобатли кишига кўзи тушди. Бу Хайд-паркда ўлиб ётган, Алберт тасвирлаган киши эди. У кондуктордан тўхташни илтимос қилди ва тушиб, кичик, қоронғу кўчага кириб кетди. Нима учун? Хайд-паркда тушиш фикри Форестер хонимнинг миясига яшиндек бир куч билан урилди. У Ахиллес ҳайкалидан бироз ўтгач, тўхтади, ҳайкалга разм солди.
Юраги ҳаддан зиёд тез урарди.
Эдгар Аллан По детективлари мана шу тариқа дунёга келгандир.
Уйга келгач, залдаги бир неча шляпаларга кўзи тушди. Ҳамма жамулжам эди. Хоним кўксини тўлдириб нафас олди ва меҳмонхонага аста кирди.
—    Анча куттирганим учун узр. Чой ичдиларингизми?
—    Биздан ташвишланманг.
—    Мен муҳим бир янгилик айтмоқчиман. Энди детектив ҳикоялар ёзишга киришмоқчиман.
Меҳмонлар бу гапдан ҳангу-манг бўлиб қолишди.
—    Детективни адабиёт чўққисига кўтараман. Илк ҳикоямни “Ахиллес ҳайкали” деб номлайман.
—    Алберт нима бўлди?
—    Уми? У бутунлай ёдимдан кўтарилибди.
—    Уни кўрдингизми?
—    Келинглар, Албертни ўз ҳолига қуяйлик. Ҳозир уни ўйлайдиган вақт эмас. Мен детектив ҳикоя ёзмоқчиман, — такрорлади баланд руҳда яна Форестер хоним.
—    Сиз жудаям ажойиб аёлсиз! — мақташди меҳмонлар унинг соз кайфиятидан мамнун бўлиб.

Инглиз тилидан Ҳулкар Муҳаммедова таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2001 йил, 5-6-сон

 
Юввош ходимлар PDF Босма E-mail
24.03.2014 18:49

Бу мақолани ёзишимга ҳаётда ўзим учратган икки воқеа сабаб бўлди. Дастлаб сизларга бир ривоятни эслатиб ўтмоқчиман. Чунки бу ривоят бизнинг мавзуимизга жудаям боғлиқ.

Қадимда бир одам эркароқ ўғлини донишманднинг ҳузурига олиб бориб, «шу фарзандимга насиҳат қилиб қўйсангиз, ширинликни кўп ейди», дебди. Донишманд бир ҳафтадан сўнг келишларини айтибди. Ота бир ҳафтадан сўнг ўғлини яна олиб борибди. Шунда донишманд ҳалиги боланинг бошини силаб «ширинликни кўп емагин, зарари бор», дебди. Бундан хайрон бўлган отаси «шу бир оғиз гапни айтиш учун бир ҳафта куттирдингизми?» дебди. Донишманд эса «мен ўзим ширинликни кўп ердим, болага насиҳат қилиш учун эса бир ҳафта нафсимни тийиб, ширинлик емадим, чунки одам олдин ўзи амал қилиб, сўнгра насиҳат қилса, кор қилади, акс ҳолда фойдаси йўқ», деган экан.

Энди бундан бир неча йиллар муқаддам мен гувоҳи бўлган бир воқеага тўхталиб ўтмоқчиман. Бир ташкилотда маҳаллий журналистлар учун йиғилиш бўлди. Йиғилишни олиб борувчи журналист кутилмаганда рус тилида гап бошлаб, бу ерда ўзбек тилини билмайдиган журналистлар ҳам борлигини, шунинг учун йиғилишни рус тилида олиб боришини айтди. Эътибор берсам, ўзбек тилини билмайдиганлар 4 киши, қолган 30тача одам ўзбек. Хуллас, йиғилиш рус тилида ўтказилди. Ҳеч ким «нима учун шунча киши 4та одамни деб ўзга тилда гапиришимиз керак?» демади. Ваҳоланки, Ўзбекистон мустақил давлат, унинг давлат тили - ўзбек тили. Бу қонун билан қабул қилинган. Шундай экан, нега энди йиғилиш ўзбек тилида олиб борилмаслиги керак? Агар 4 та журналист ўзбек тилини билмаса, бу уларнинг муаммоси. Чунки, ўзбек тили давлат тили бўлганига 20 йилдан ошди. Шу юртда яшагандан кейин давлат тилини билиши, ўрганиши керакми, йўқми? Нега энди саноқли бир неча кишини деб, бошқалар ўз она тили, давлат тилини бир четга суриб, ўзга тилда гапириши керак? Ҳурмат юзасидан дейсизми? Унда ўз она тилимизнинг, давлат қонунининг, маҳаллий ўзбек журналистларининг ҳурмати қаерда қолди?!

Яқинда яна бир воқеа бўлди. Мажлисда яна русча сўзлашув бошланди. қизиғ-а, бу сафар ҳамма ўзбек эди. Мажлис олиб бораётган одам ҳам ўзбек, фақат ўзбек тилини яхши билмайди. Энг ачинарлиси, бизнинг қўлимизга берилган қўлланма ҳам ўзбек тилида эмас. Бир тасаввур қилиб кўринг, бошқа бирон мамлакатда шундай иш қилишармиди? Сиз бирон хорижий давлатга бориб қолсангиз, сизни тушунсин деб ўзбек тилида гапиришмайди-ку! Энг қизиғи ҳеч ким миқ этмай тинглаб ўтирарди. Мен, кимдир гапирармикан, деб кутдим. Афсус ҳеч кимдан садо чиқмади. Чунки ҳеч ким эътироз билдириб, ёмон кўрингиси келмасди. Ачинарли ҳолат, хатто фожеа деб аташ ҳам мумкин. Сабаби, ҳамма нотўғри иш бўлаётганини кўриб турибди. Аммо ҳақиқатни айтишга ҳеч кимнинг юраги дов бермайди. Ҳақиқатни айтиб ёмон кўрингандан кўра, ҳақиқатдан воз кечиб манқурт бўлишни афзал санашарди. Мен эса тишимни тишимга қўйиб ўйланардим: «гапирайми, йўқми?». Агар ҳозир ичимдагини айтмасам, хато бўлишини тушуниб етдим. Нега ҳужжат ўзбекча эмаслигини айтдим. Ахир қачонгача раҳбарга ёмон кўринишдан қўрқиб, унинг хатоларига индамаслик мумкин?! Бундай ҳолат тараққётнинг илдизига болта уришини ўйлашимиз керак. Чунки, ўша бошлиқча ҳам ўзимизга ўхшаш бир банда, у ҳам хато қилиши мумкин, ҳадеб «сизники тўғри» деб ўтираверсак жамият хато-камчиликларга тўлиб кетишини нега ўйламаймиз?! Эртага эса ўша муаммоларни бартараф этиш кераклиги хақида бош қотириб қоламиз. Ўз вақтида эътироз билдириб, хатонинг олдини олишга эса юрагимиз бетламайди, ўз тинчимизни ўйлаймиз. Билмаймизки, ўз тинчимизни ўйлаб мум тишлашимиз эртага қимматга тушиши мумкин.

Энди эса яна ривоятга қайтсак. Демак, одам аввал ўзи амал қилиб, сўнгра насиҳат қилса, одамларга таъсир қилар экан. Энди бир ўйлаб кўринг, бугунги кунда биз журналистлар ўзликка қайтиш, қадрият ҳақида бонг урамиз. Аммо мажлисларда ўз тилимизни қўйиб, бошқа тилда гапирсак, бизнинг миллий қадриятлар ҳақидаги гапларимиз кимга ҳам таъсир қиларди. Энг муҳими шуки, биз эътибор бермайдиган бу иллатлар ёмон кўринишдан қўрқиб юввош ўтириш, оғизда бир гапни айтиб, амалда унинг аксини қилиш бизни ҳам кўп муаммоларга дучор қилади.

 
Ҳамза диндор бўлганми? PDF Босма E-mail
04.02.2014 14:48

Янги тузумдан нажот кутган Ҳамзага ўхшаган ижодкорлар атеистик мавзуларда асарлар ёзишга ўтди.

Мустақиллик даврида тарихимизни, адабий меросимизни, айниқса, қирғин-қатағон қилинган ёзувчилар ижодини ўрганишга кенг йўл очилди, бу борада ҳозир кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, Ҳамза шеъриятининг ўзи биланоқ адабиётимиз тарихидан мустаҳкам ўрин олиши мумкин.

Ҳамза ўзбек театрининг яратилиши ва ривожига катта ҳисса қўшди. Дарсликларида бутунлай янги принципни қўллади: улар диний ва дунёвий илм асосида ёзилди.
Бир мақоласида «Ким ҳақиқатпараст, ким миллатни суювчи, ким ўз халқини бир кўзда кўрувчи, ким жамоат хизматига жони-молини фидо этувчи айтилсун, бу майдону ҳақиқатга кирсун», деб ёзди. Бир мухаммасида «Гар ҳақиқат йўлига бир раҳнамо топса кўнгул», дейди ва «Миллий ашулалар...» мажмуасида шу ниятини журъат билан тарғиб этади. Унда шоир халқни уйғонишга, бирлашиш ва ҳақиқат учун курашга чақиради: «Бирлашсун энди бошимиз, маслакда қари ёшимиз», «Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони»...
Адиб бошқа бир асарида ҳаммага «бир кўз билан қарайлик», деган иборани ишлатади, халқни бою камбағалга ажратмайди. Ортиқча тўй-ҳашамлар, қиморбозлик, кўкнорихўрлик, маҳаллийчилик, бир-бирини кўролмаслик, дангасалик, айниқса, илмсизликни шафқатсиз танқид қилади: «Тонумаслар ўзларин беҳушлар», деб афсусланади: «Ўзингизга бир боқсангиз эди кўзингиз йиришуб», дея хитоб этади.
Форс ва араб тилларини пухта билган Ҳамза динга сидқидилдан ишонган. Отасига йўллаган бир мактубида «Бир бедона кафш сотиб олган эдим, рамазон келиб қолди: яна сотиб юбордим. Ифторлик ва саҳарликка харжладим», дейди.
Аммо 1917 йилги Октябр тўнтаришидан кейин мамлакатда большевиклар томонидан динга, мадрасалар, диндорларга қарши бошланган шафқатсиз оммавий кураш жуда ёмон оқибатларга олиб келди. Янги тузумдан нажот кутган Ҳамзага ўхшаган ижодкорлар атеистик мавзуларда асарлар ёзишга ўтди. Сўнгра динга нисбатан бошланган адолатсиз кураш дин раҳнамоларининг норозилигига сабаб бўлди. Бундай ҳол Ҳамзага ўхшаганларни чалғитди. У: «Мулла, эшонлар қутурди, дин, шариатнинг исмидан «ғозийлик» деган ёлғонга адашган эрлар сотилди» ва «Дўзахни писанд этмади куфринда Ниёзий», деб ёзди. Ҳамза аслида жаҳолатга қарши курашмоқчи бўлади. Шўролар даврида бирорта асарида ижобий маънода тасвирланган дин кишиси йўқ.
Баъзилар Ҳамзанинг мардикорлик воқеаси муносабати билан ёзган «Яшасун чун ватан ўғли» ва «Сидқи дил бирла дуо» шеърларида чоризмни мақтаган, ўз халқини мардикорликка даъват этган, деб уларга салбий баҳо берадилар. Эҳтимолки, бу шеърлар маҳаллий маъмурлар талаб-буйруғи билан ёзилган. Лекин Ҳамза «Подшоҳимизга садоқат кўрсатинг, аҳли ватан, то қурбон ўлсун жонимиз», деб даъват этган бўлса-да, шеърнинг руҳига ўз юртини, ўз халқини қадрлаш туйғуси сингдирилган.
Ҳамза аслида мардикорликнинг қандай оғир кулфатлар келтирганини яхши билади. «Соғиниб», «Салом айтинг» каби шеърларида мардикорларнинг фожиали аҳволини кўрсатиб беради. Лекин у шеърларига жуда муҳим бир ғояни сингдиради: жаҳолатда қолиб кетган ва ўз бахт-саодати учун курашмаган одамнинг жазоси шу, бу кунларинг сенларга сабоқ бўлсин, демоқчи. Қаранг: «Жазо шул қаю миллат, ки ҳикмат, илму фан билмас», «Эсак дониш эли ўлмас биз мунча расволар», «Бу кунлар ибрат ўлсун, эй...».
Адиб бошқа бир ўринда очиқдан-очиқ бундай деб ёзган эди: «Мана, букун ҳақиқат, ҳуррият воситаси билан эски хоин ва золим, мустабид ҳукумати 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизга сезимсиз солуб келган умрлик оғур занжирларин кўзга кўрсатиб ечди, халос қилди. Букун ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан, раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тирноғи остида пўстлари бутун сидирилуб, юраклари эзилуб... турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутлар панжаи маргидан баҳо қилди... Букун Остроумов, Илминский кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққан дин хоинларини ҳаётларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда... қилур».
«Истибдод қурбонлари»да рус началниги оғир меҳнатдан ўлиб қолган ўзбек йигитини топиб: «Кўтаринг бу собаканинг ўлигини», дейди. Ҳеч қайси ёзувчи ўша вақтда чоризм башарасини Ҳамза каби дадил фош этган эмас. 1917 йил 21 октябрда ёзган «Уён Ватан» шеърида «Бу кун миллатга ўлсун ҳарна ҳимматимиз», «Битди истибдод, етсун ҳуррият», «Битсун назорат, қуллик, асорат» деб ҳайқирди. «Туркистон Мухториятина» шеърида эса «Тўрт юз йиллик Романов битгач давлати, кўтарилди асорат, хўрлик иллати», деб қувонади.
Бу гаплар бежиз айтилмаган эди. Ҳамза ўз юртида, Россияда ва ундан ташқарида юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалардан яхши хабардор эди. Жадидлар отаси деб шуҳрат таратган Исмоил Ғаспиралини ўз устози деб билган шоир у вафот этганда шеър ва мақола ёзиб, «ботди хуршиди жаҳон», дейди. Туркистоннинг илғор зиёлиси, машҳур жадид Мунавварқорини эса, «муҳтарам устози олий», «маънавий ота», деб ҳисоблайди. Унинг «Сариқгул» (1916) тўпламидан «Яшасун чин ватан ўғли», деган шеър ҳам ўрин олган. Ундаги «Яша, Чайкин, Яшасун чун ватан ўғли Хўжаев» деган мисра бўлиб, ҳар тўртликдан сўнг (9 тўртлик) такрорланиб келади. Убайдулла Хўжаев ва Вадим Чайкин ўша даврнинг илғор зиёлилари, сиёсатчилари эди. «Садои Туркистон» газетасига бош муҳаррирлик қилган Убайдулла Хўжаев машҳур адвокат бўлиб, Қўқон Мухторияти ташкил топганда мудофаа нозири ўрнини эгаллаган эди. Вадим Чайкин «Голос Туркестана» газетасининг бош муҳаррири бўлган. Туркистондаги эсерлар партиясининг бошлиғи сифатида Беҳбудий, Закий Валидийлар олдинга сурган Туркистонга федерация мақомини бериш ғоясини фаол қўллаб-қувватлаган арбобдир. Ҳамза бу икки шахсни Туркистон халқининг оғир, ночор аҳволидан оқ подшоҳни хабардор этувчи ва оғирини енгил қилишни сўровчилар, деб билади.
Ҳамза Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан дўст бўлган, у билан бирга халқ орасида тарғибий-ташвиқий ишларни олиб борган. Валидий ҳам уни ҳурмат қилган ва Туркистондаги энг машҳур, фаол сиёсий арбоблардан бири, деб ҳисоблаган. Маълумки, Закий Валидий зўр олимлигидан ташқари Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатининг йўлбошчиси сифатида тан олинган, «Туркистон Миллий Бирлиги» қўмитасининг раиси бўлган, жуда кўп сиёсий дастурлар, йўл-йўриқлар (масалан, жадидлар дастурининг) муаллифи бўлган ва ҳатто Ленинга катта мактуб ёзиб, барча ваҳшийликлар, адолатсизликлар, шовинистик сиёсат ва майда миллатлар ҳақ-ҳуқуқининг поймол қилинишида, эҳтимол, «йўл қўйилган хатолар бошида сиз ўзингиз тургандирсиз» дейишга журъат этган сиёсатчидир.
Тошкентда ўтадиган «Туркистон Миллий Бирлиги» конгрессига қатнашувчилар тўғрисида сўзлаб, Валидий шундай дейди: «Лекин Туркистоннинг таниқли сиёсий арбоблари Алихон Букайхон, Турор Рисқулов, Аҳмад Бойтурсун, Муҳаммаджон Тинишбоев, ўзбеклардан Мунавварқори, Бухородан Ҳакимзода, Мирза Абдулқодир Муҳиддин, туркманлардан адвокат Қақажон Бердиев ва бошқалар узоқ вақт болшевиклар махсус хизматларининг таъқиби остида бўлганликлари сабабли бу конгрессга кела олмайдилар» Закий Валидийнинг мана бу фикри Ҳамзанинг қалбидан мухторият ғояси чуқур ўрин олганини ва «Мухторият ёки автономия» драмаси, кейинча «Туркистон Мухториятина» шеърининг дунёга келиши бежиз эмаслигидан далолат беради.
«Мен ва Беҳбудий, тошкентлик ёш муҳаррир Толибжон, ёш ўзбек шоири Чўлпон, нўғайқўрғонлик татарлардан Тоҳир, Самарқанддан Ҳакимзода билан бир қанча шаҳарларга бориб йиғилишлар ўтказдик, турли-туман жойларда бўлиб, Туркистон Марказий Шўросига одамларни жалб қилдик. Натижада Мухтория фикрининг асл душмани саналган кадет партиясининг Тошкентдаги бошқармаси ўз таъсирини йўқота бошлади. Июн ойи бошидан бошланган кураш натижасида Мухторият ғоясининг таъсири ҳамма ерда кучая борди». Валидийнинг бу гаплари Ҳамзанинг сиёсий кураш жабҳасида фаол ишлаганидан яна бир далилдир.
Маълумки, 1917 йил бошларида Туркистон Миллий Шўроси тузилади ва унинг ғояси Ҳамзани ҳам мафтун этади. У «Таржимаи ҳол»ида 1917 йил бошида Шўрои исломнинг озуқа шуъбасига кириб, иттиҳод таъмин жамиятини ташкил этишда қатнашганини ёзади. Шу пайтларда «Ҳой, ишчилар», «Биз ишчимиз», «Ишчилар, уйғон», 1918 йили «Туркистон Мухториятина» шеъри билан кетма-кет «Уйғон», «Яша, Шўро» каби шеърларини ёзган. Бу шеърларнинг мағзини миллий ишчилар синфини яратиш ва миллий шўрони ривожлантириш ғояси ташкил этади. Фикримизнинг исботи учун яна Закий Валидийнинг Мустафо Чўқаевга ёзган катта мактубидан бир парча келтирамиз: «1917 йилнинг июнида Самарқандда Ҳамза Ҳакимзоданинг, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан менинг миллий ишчилар касаба уюшмаларини ташкил қилиш йўлидаги фаолиятимизнинг асосини ташкил қилган тадбир шу бўлди. Озарбойжон миллий социалист партияла-ри, мусоват партияси 1918 — 1919-йилларда бундай миллий касаба уюшмаларини жуда яхши уюштиришди. Биз социализмни ҳар бир миллатнинг ўзига хосликларини кўзда тутиб, ҳар бир миллатда майдонга келган уюшмаларнинг Русия доирасида уюшиб бирлашган демократик федерация тариқасида кўз олдимизга келтирар эдик. Диктатура тартибига қаттиқ қарши чиқдик... 1919 йилда Туркистонда социализм ғояси кенг тарқалди. Социалист бўлмаган бирорта партия тузиш имкони берилмади, тўхтатиб қўйилди».
Ҳамза ўз «Таржимаи ҳоли»да «1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада 400 га яқин рабочийларини тўплаб, зўр намойиш қилиб, рабочий меҳнаткашлар жамияти ташкил қилдик», дейди. Агар шоирнинг «Ҳақингни ол, ишчилар» («Ҳой ишчилар»), «Замона келди, кўтарайлик оёқ остдан бошимиз» («Биз ишчимиз»), «Ишчилар уйғон, уйғон. Сенга ишлашга етишди замон» («Ишчилар, уйғон») мисраларига эътибор берсангиз, уларда ўша Закий Валидий таъкидлаган ғоя руҳи борлигини англаш мумкин.
Шоир советлар даврида кўп шеър ёзмади, йигирма саккизтача шеърдан ўн тўрттаси хотин-қизларни илм-маърифатга ва эркка чорловчи асардир. Бир неча шеърларида халқни уйқудан уйғотиш ва озодлик қарор топганини қутлаш ётади. Бу ерда Анвар Пошонинг адьютанти Муҳитдинбекнинг Закий Валидий тўғрисидаги мақоласидаги (1928) «Закий Валидий рус инқилобига катта умид боғлади. Туркий халкларга инқилоб бир нажот ва бахт келтиради, деб ишонди. Лекин умидлари рўёбга чиқмади. Закий Валидий Анвар Пошо билан алоқа боғлаб, болшевикларнинг ҳийла-найрангларини яхши тушунгандан кейин бир қанча вақт бекиниб юриб, иш кўришга аҳд қилди ва шундай қилди ҳам...», деган фикрини келтириш ўринли. Ҳамза ҳам, Чўлпонлар ҳам дастлаб худди шундай адашдилар. Тўғри, Ҳамза совет ҳукуматининг ўз одамига айланишга ва уни қўллаб-қувватлашга интилди. 1926 йили унинг дўсти Сўфизодага «Ўзбекистон халқ шоири» ва Ҳамзага «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонлари берилган бўлса-да, Сўфизода 1937 йили ўлдирилди. Ҳамза эса доим тазйиқ остида юрди, бирор ерда муқим ишлаш имкониятига эга бўлмади. «Таржимаи ҳоли»-да айтилишича, ғанимларининг унга «очиқ ҳужумга тикланганларини билиб», Бухоро ва Хоразмга кетиб қутулади. Ҳамзанинг русларни фош этувчи асарлари, миллий мухториятни орзу қилган шеърлари, Закий Валидий, Мунаввар Қори, Чўлпон, Беҳбудий каби замонасининг илғор зиёлилари — адолат ва ҳақиқат учун курашувчилар билан дўстлиги шўро тузумининг махсус қўриқчиларига аён эди. Шунинг учун уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қийнадилар. У дўстлари ва юқори ташкилотларга ёзган ўнлаб мактубларида «ёрдам сўрасак бизга тескари қарайдилар», «ёзувчи бўлмай ва дунёга келмай ҳам ўлай», «ҳозирда кўриб турган кунларимни итлар кўрмайдур», дейди.

Бир қайдида «Оч туришга чора йўқ, ўғирлиқка уқув йўқ. Мардикорликка куч, усталикка ҳунар йўқ. Деҳқончиликка ангал-дангал. Ўлишга текин ажал йўқ. Қочай десанг, на йўл бор, на тинч жой. Муни устига сан ҳам бўларсанда шуларга ўхшаган бедин, ноинсоф бир болшовой», дейилган. Ҳамза 1928 йил 25 сентябрда бир дўстига йўллаган мактубида ҳаётининг хавф остида қолганлигини айтиб,» пичоғимнинг гулдастаси синмасун эди. Ул иғвогарларнинг тегишлик чораларини кўрмасликлари яна бир зарба бермай қолмас», деб ёзади. Кўп ўтмай, 1929 йил 18 мартда эса Ҳамза ваҳшийларча ўлдирилади. Бу ишда сиёсий кучлар ҳам иштирок этганига шубҳа йўқ.

 


38 дан 63 сахифа