ҚАСИДАИ ХУМРО PDF Босма E-mail
19.02.2014 12:37

Шохи гардун, шохи мулук, ба номи якка ҳудо.
Соғиндим манки чунун, эй, расули Мустафо.

Дедим салом, саловатлар, бехисоб бўлсин буткул,
Ёлворурмен, бу хатимға бўлмайсайди бепарво.

Тун ила тонг ороси, тебранди саркаш қалам,
Бу муҳаббат рисоласи, этди ўзимдин жудо.

Маст бўлдим сийратида, гулшанида сайр қилиб,
Кўриб гулшанда минг шода, шодада ғунча ҳумро.

Нур каби келди оламға, ва хақки нур эрди у,
Нурафшон бўлди олам, мукаррам уммул қуро.

Исмида сир бормикан, ёки нусратдир аниқ.
Хар ерда бўлгай ғолиб, Муҳаммад расулулло.

Жисми нейдан яралмишки, топмадим таърифға сўз,
Нахот шу бўйю бастда топилса зарра фано.

Ҳуш сурати бунчалар, чизилмиш қадъу дақиқ,
Кўз кўрмаган балоғатни, яратганга тасанно.

Кўр бўлса керак кўзим, тушса анга баногоҳ,
Ва лекин кўрмоқ уни, хар лаҳзада таманно.

Бир лаҳза кўрсам эди, маҳбубимнинг жамолин,
Тану жоним не бўлибди, бутун коинот фидо.

Балоғат қилдинг деманг, унинг васфида зарра,
Юсуф унут бўларди, кўргандами Зулайҳо.

Сочларининг ништари, санчилсин кўксим узра,
Бир дона толасиға, арзимас бутун дунё.

Қошдаги ўроғига, тақлид қилибдурки ой,
Йиғлайди шому саҳар, бу қошни деб, нигоро.

Кўзиға тушган кўзни, меҳирга ғарқ қилибди,
Ким боқибди бу кўзга, бўлибди унга шайдо.

Юзи гул яноғида, балқигай бунча чирой,
Бунчалар гул чиройи, бўлмаган ҳали пайдо.

Лаби кавзаро доми, ғунча хижолат ўлмуш,
Бир гулки, анча орзу, орзусидаки раъно.

Асал тилини меҳридин, қулоғингда бол ўйнағай,
Оҳ, мен бу тили шакарни, ишқида бўлдим гадо.

Бир бора кулишига, беҳисоб кўнгуллар шай,
Ним табассум қилур чаман, чаман излаб ман адо.

Мушки анбар таралсаки, маст қилиб бўйларидин,
Бу мушкка мен бўлгум ғариқ, бўлгум унга мубтало.

Оҳ кўксида тилло суви, ҳам замзамнинг жилғаси,
Кўксига қўйсайдим бош, бирлашиб танга гўё.

Қўллари парми бунча, юзум тутким келоди,
Гар қўйса бошим узра, бўларди манга шифо.

Қадамидин чечак  унмуш, обод ўлмиш бу замин,
Ўпким келур изларини, юз кўзимға тўтиё.

Ишқ бурулмиш ул тамон, кўрмас кўз хеч ўзгани,
Билган борки васфини, бўлур аниқ маҳлиё.

Кел эй ишқим ибтидоси, маҳбубим, кўзим нури,
Умрум мазмуниға айлан, йўқса бўлур имтиҳо.

Мен ғарибни кўнглини, шод этгил эй ҳусни хулқ,
Нетай,  ўзга кўзларимға, кўринмаса мутлақо.

Бу қаламни тани ўлди, вале сиёҳ  ўлдим демас,
Ки танимда бордур бу жон, кўрурсен ундан вафо.

Тушларимда кўрсам сени, келсанг саломинг бирла,
Кўнглим тўлурки бешак, бўлиб айни муддао.

Ташриф эт кўнгул уйумға, хорингни азиз айлаб,
Шарафи қудумингдан, нур чўмсин кулбам аро.

Васфингда ожиз бўлдиму, ожиз бўлмушлар харгиз,
Шафоатдин бор умид, маҳшари рўзи жазо.

Йўлингга кўз тутди букун, ўлиб шодон муқтадий,
Изингдан боргум мудом, қилиб санга иқтидо.

Музаффар Муҳаммадзода Муқтадий

 
“Қутадғу билиг”дан PDF Босма E-mail
24.10.2013 19:03

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
(XI аср)

Асли исми Юсуф бўлган илк турк достоннависи Болосоғунда туғилган. Хос Ҳожиб (айрим манбаларда Юсуф Болосоғуний) шоирнинг унвони бўлиб, унинг асари ҳукмдорга тортиқ қилингандан сўнг шундай номга сазовор бўлган. Муаллифнинг бизгача етиб келган ягона асари хижрий 462 (1069-70)да ёзиб  тугалланган  "Қутадғу  билиг"  ("Бахтлиланиш билими") бўлиб, муаллиф ўз асарини 18 ойда ёзиб тугатган. Асардаги тўрт рамзий қаҳрамон  Кунтуғди (адолат),  Ойтўлди (давлат),  Ўгдулмиш (ақл) ва Ўзғурмиш (қаноат) тимсоллари орқали  Юсуф  Хос  Ҳожиб ўзининг ижтимоий-сиёсий,  адабий-фалсафий  қарашларини  ифода қилган.
Асар бизгача уч нусхада етиб келган бўлиб,  биринчиси сақланиш ўрнига  кўра  "Вена нусхаси" деган ном билан юритилса ҳам, аслида Ҳиротда 1439 йилнинг 17 июнида  котиб  Ҳасан  Қора Сойил Шамс  томонидан уйғур ёзувида кўчирилиб тугатилган.  Иккинчи нусха кўчирилиш ўрни, топилиши ва сақланишига кўра "Қоҳира нусхаси" (Қоҳирадаги Ҳидув кутубхонасида сақланаётгани 1896 йилда маълум бўлган) деб номланади. Учинчи нусха  "Наманган нусхаси" номи билан илмга кирган бўлиб, 1923 йили Фитрат томонидан қўлга киритилиб, Тошкентга келтирилган. А.Кононовнинг аниқлашича, ушбу  қўлёзма мавжуд нусхалар ичида энг мукаммалидир. У 6329 байтдан иборат,  маснавий (арузнинг "мутақориби мусаммани маҳзуф") вазнида ёзилган.
Асардаги илмнинг хосияти,  билим бахт калити экани ва тил одоби хусусидаги қисмлардан парчалар келтирилди.

“Қутадғу билиг”дан

ЙАНГЛУҚ АҒИРЛИҚИН ТАНУРЛАЙУР
БИЛИГ БИРЛА (ИНСОННИНГ ҚАДРИ
БИЛИМ БИЛАН БЕЛГИЛАНАДИ)

Тўрутти ўзурди сечу йал(и)нглуқуғ
Ангар берди эрдам билиг ўг уқуғ
(Сечу, яъни ҳар ерда маълум Худо, инсонни яратди,
Танлади, унга ҳунар, билим ва уқув берди).

Кўнгил берди ҳам ма йуритти тилиг
Ўвут берди қилқ ҳам қилинчи силиг
(Унга кўнгил берди, тилини йўриқ (равон) қилди,
Андиша, хулқ ҳамда гўзал феъл ато қилди).

Билиг берди йанглуқ безуди бу кун
Уқуш берди ўтру йазилди тугун
(Билим берди (шу туфайли), инсон бу кун улуғлиққа эришди, Уқув берди, сўнг (шу туфайли берк) тугунлар ечилди).

Байат кимка берса уқуш ўг билиг
Ўкуш эзгуликка узатти алиг
(Худо кимга уқув, ақл-идрок, билим берса,
У кўп эзгуликлар қилишга қўл узатади).

Билигни безуг бил уқушни улуғ
Бу экки безутур ўзурмиш қулуғ
(Билимни буюк, уқувни улуғ бил,
Бу иккиси танлаган бандасини улуғлайди).

Бу сўзка тануқи муну келди сўз
Бу сўзни эшитгил сўзунг менда ўз
(Бу сўзнинг исботи учун мана шундай сўз бор,
Бу сўзни эшитгин, (тегишли) сўзингни мендан ол:

Уқуш қайда бўлса улуқлуқ бўлур
Билиг кимда бўлса безуглук алур
(Заковат қаерда бўлса, улуғлик бўлади,
Билим кимда бўлса, буюклик олади).

Уқушлиғ уқар-ул билиглиг билир
Билигли уқуғли тилакка тегир
(Заковатли уқади, билимли билади,
Билимли, заковатли тилакка етади).

Билиг маъниси бил неку тер билиг
Билиг билса ўтру йирар эрда иг
(Билим маънисини билгин, билим нима дейди:
Билим билса, сўнг кишидан бало-офатлар йироқлашади).

Билигсиз киши барча иглиг бўлур
Игиг эмламаса киши терк ўлур
(Билимсиз кишилар барчаси дардлик бўлади,
Дардни даволамаса, киши бот ўлади)

Йури эй билигсиз игингни ўта
Билигсиз ўтин-сен э билга қута
(Кел, эй билимсиз, дардингга даво қил,
Билимсиз (бўлсанг)-тубансан, доно (бўлсанг)-бахтлисан).

Уқуш-ул бурундуқ ани йетса эр
Тилакка тегир ул туман арзу йер
(Билим гўё бир бошбоғ кабидир, агар киши унга эриша олса, Тилакка етиб, туман орзуларга эришади).

Уқуш бўлса эрка кўр асғи ўкуш
Билиг билса ўтру бўлур эр кўшуш
(Кишида заковат бўлса, (унинг) нафи каттадир,
Билим ўрганса, сўнг киши азиз бўлади).

Уқуш бирла ишлар қамуғ иш кузуг
Билиг бирла беглар бу булмиш ўзуг
(Ҳамма (ҳам) иш-амалларни заковат туфайли бажаради,
Беглар давр-давронга  билим туфайли эришганлар)...


КИТАБ ИЗИСИ ЎЗИНГА УЗР АЙУР
(КИТОБ  ЭГАСИ ЎЗИГА УЗР АЙТАДИ)

Тилаким сўз эрди э билга бўгу
Кезин келдачика ўзум сўзлагу
(Тилагим сўз эди, эй билағон доно,
Кейин келувчи(лар) учун ўзим айтадиган (сўзлар эди).

Уқуш келди ўтру айур бутру кўр
Сўзунг бўлса йанглуқ сенга бўлға қўр
(Заковат пеш келди, ишонарли қилиб айтади, кўр,
Сўз(лар)инг янглиш-хато бўлса, сен учун зарар бўлади)...

Йашил кўкдин инди йағиз йерка сўз
Сўзи бирла йанглуқ ағир қилди ўз    
(Сўз бўз ерга яшил кўкдан тушди1,
Сўзи туфайли инсон ўзини улуғ қилди).

Киши кўнгли тубсуз тенгиз-тег турур
Билиг йунжу сани тубинда йатур    
(Киши кўнгли тубсиз денгиз кабидир,
Билим инжу каби (унинг) тубида ётади).

Тенгиздин чиқармаса йунжу киши
Керак йунжу бўлсун керак сай таши
(Денгиздан киши инжуни чиқармаса,
У хоҳ инжу бўлсин, хоҳ сой тоши2 бўлсин (бефойдадир).

Йағиз йер қатиндақи алтун таш-ул
Қали чиқса беглар башинда туш-ул
(Агар бўз ер қатидаги олтин тош
қазиб чиқарилса, беглар бошида безак бўлади).

Билиглиг чиқармаса билгин тилин
Йарутмаз анин билги йатса йилин
(Билимли билимини тили орқали чиқармаса,
Унинг билими йиллаб ётса (ҳам) ёритмайди).

Уқушли билигли эзи эзгу нанг
Қали булсанг ишлат учуб кўкка тенг
(Заковат (ва) билим - жуда эзгу нарса,
Агар (уларга) эришсанг, ишлат, учиб кўкка кўтарил).

Неку тер эшитгил бу эл кент беги
Уқушқа билигка йетурмиш ўги
(Бу эл ва кент беги нима дейди, эшитгин,
Заковатга, билимга фаҳми етган (киши):

Ажун тутғуқа ер уқушлуғ керак
Будун басғуқа ўг керак ҳам йурак
(Жаҳон тутиш учун киши заковатли бўлиши керак,
Халқни босиш учун ақл-фаросат (ва) юрак керак).

Уқуш бирла тутти ажун тутғучи
Билиг бирла басти будун басғучи
(Жаҳонгир(лар) заковат билан олам тутди(лар),
Халқни босувчи(лар) билим билан босди(лар)...

<...> Ўлугдин тиригка қумару сўз-ул
Қумару сўзи тутса асғи йуз-ул
(Ўлган(лар)дан тирик(ларга) мерос сўздир,
Мерос сўзи (яъни оталар сўзи)ни тутилса, нафи юз-юздир)

Билигсиз қарағу турур белгулуг
Е кўзсуз қарағу билиг ал улуг
(Билимсиз муайян кўрдир,
Эй нобино3, кўр, билимдан улуш ол).

Киши кўрки сўз-ул бу сўз-ўк телим
Йури эзгу сўзлуг кишиг ўг тилим
(Кишининг кўрки сўздир, сўз эса талайдир,
Кел, эй тилим, эзгу сўзли киши(лар)ни мадҳ қил.

Масал келди туркча мунар мензатур
Ани сўзладим мен муну йанзатур
(Бунга ўхшатадиган туркча масал бор,
Бунга мослаб шу (масал)ни сўзладим):

Уқуш кўрки сўз-ул бу тил кўрки сўз
Киши кўрки йуз-ул бу йуз кўрки кўз
(Заковат кўрки сўздир, бу тилнинг кўрки сўздир,
Кишининг кўрки юздир, бу юзнинг кўрки кўздир).

Тили бирла йанглуқ сўзи сўзлайур
Сўзи йахши бўлса йузи сувланур
(Инсон ўз сўзини тили орқали сўзлайди,
Сўзи яхши бўлса, юзи сувланади (яъни обрў қозонади)...


АЙТЎЛДИ ЖАВАБИ ЭЛИГКА
(ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ4)

Бу Айтўлди айди сўз асғи телим
Қали сўзлайу билса ўш бу тилим    
(Ойтўлди айтди: Сўзнинг фойдаси (жуда) кўп,
Агар бу тилим уни таърифлаб бера олса).

Йава сўз билигсиз тилиндин чиқар
Билигсиз кишиг билга йилқи атар
(Беҳуда сўз билимсиз тилидан чиқади,
Билимсиз кишини доно йилқи5 атайди).

Қара қилқи тенгсиз йава сўзлаган
Йава сўз турур бу қара баш йеган
(Жоҳилнинг одати тенги йўқ беҳуда сўзлашдан иборат,
Қора бошни еган нарса беҳуда сўздир).

Йава сўзласа сўз неча йас қилур
Агар сўзлайу билса асғи бўлур
(Сўзни беҳуда сўзласанг, қанчадан-қанча зиён келтиради,
Агар сўзлай билсанг, унинг фойдаси бўлади).

Қара қарни тўзса кўр уз-тег йатур
Йава сўзка авнур ўзин семритур
(Жоҳил қорни тўйса, ҳўкиздек ётади, кўр,
Беҳуда сўзга ғарқ бўлиб ўзини семиртиради).

Йеса тўзса йатса бу йилқи турур
Бу йилқи тедукум бу қилқи турур
(Еса, тўйса ва ётса - бу демак йилқидир,
Бу йилқи деганим унинг қилиқлари (учун)дир).

Билиглиг кишилар этўз йавритур
Билиг бирла авнур жанин семритур
(Донишманд кишилар ўз жисмларини койитадилар,
Билим билан овуниб ўз жонларига ором берадилар).

Этўз улги барча бўғуздин кирур
Бу жан улги чин сўз қулақдин кирур
(Жисм (тана)нинг ҳиссаси бўғиздан киради,
Жон (руҳ)нинг ҳиссаси эса чин сўз бўлиб, у қулоқдан киради).

Билиг белгуси кўр эки нанг турур
Бу экки била эр қизил энг урур
(Билимнинг белгиси икки нарсадир, кўр,
Бу икки (нарса) билан кишининг юзи ёруғ бўлади):

Бири тил турур кўр бириси бўғуз
Бу экки баса тутса асғи ўкуз
(Бири - тил, бири эса бўғиздир (нафсдир),
Шу иккаласини тия билсанг, фойдаси дарё кабидир).

Билиглиг боғуз тилқа эрклиг керак
Бўғуз тил кўдазган билиглиг керак
(Билимли, нафс (ва) тилга иродали бўлиши керак,
Нафс (ва) тилни тиядиган киши билимли бўлиши керак)...


АЙТЎЛДИ ЖАВАБИ ЭЛИГКА          
(ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ)

Бу Айтўлди айди ўкуш сўз ул-ул
Айитмади сўзлаб ирикса кўнгул
(Ойтўлди айтди: Сўзнинг кўпи шулдирки,
Сўрамаган (сўз)ни сўзлаб кўнгилга тегса)6.

Бу аз сўз ул-ул ким айитмиҳқа ўз
Жаваб берса сўзка йанут қилса сўз
(Сўзнинг ози шулдирки, сўраганга киши
Жавоб берса, сўзга (тенг) сўз билан жавоб қилса.

Мунгар менгзату айди шаъир сўзи
Тили сўз била тузди ачти йузи
(Шоир сўзини бунга ўхшатиб айтди,
(У)   тилини   сўз    билан  безади, юзини   очди  [яъни  хушрўй бўлди]:

Сўзуг йақши сўзла эзу сақну ўз
Айитуқта сўзла йана теркин уз
(Ўзинг жуда ўйлаб сўзни яхши сўзла,
Сўраганда сўзла, яна тезликда тамом қил.

Ўкуш сўз эшитгил телим сўзлама
Уқуш бирла сўзла билиг бирла туз
(Сўзни кўп эшитгин, лекин ортиқ сўзлама,
Идрок билан сўзла, билим билан андазала)7...

 
Бадиий сўз табиати PDF Босма E-mail
24.10.2013 19:01

Инсон кўзи билан кўрилган, ақлий ва ҳиссий идроки билан англанган борлиқ дунёнинг буюк соҳиби Аллоҳнинг яратувчанлик қудрати маҳсулидир ва шунинг учун ҳам Тангри таоло ҳукмидадир. Инсон жамики жамод (жонсиз нарсалар) ва махлуқотдан устун қилиб яратилган экан, унинг «шарифлиғи» тили, қалби ва ақли биландир. Мўъжиза ва ҳикматларнинг манбаи бўлган Қуръони каримда Яратганнинг ўзи шундай марҳамат қилади: «Сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи Ҳақ сўзга) эргашадиган зотларга хабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир! Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидирлар!» (39:18). Бу ўринда СЎЗ – Каломуллоҳ маъносида кечса ҳам, унинг энг гўзали – Ҳақ сўзга эргашадиган зотларнинг Аллоҳ ҳидоят қилган кишилар сифатида улуғланиши, ушбу СЎЗ билан мукаррам бўлган Инсон сифатининг яна бир бор ортиши СЎЗ билан эканидадир. Эҳтимол, шу илоҳий сўз қудратидан (“Иқро бисми роббика!” -Аллоҳнинг номи билан бошлаб, ўқинг!”)1 унга буюк истеъдод ато қилингандир: Ҳазрат Пайғамбарга юборилган СЎЗ (Қуръони карим) нозил бўлиши учун яна бир Аллоҳнинг номини улуғловчи калима (бисми роббика!) керак бўлди ва ўшандагина унга юборилган сўзни таниш, ўқиш истеъдоди инсонга насиб қилди (иқро!).

Сўз хусусида сўз кетганда, Жалолиддин Румийнинг “Сўз Ҳақнинг сояси... Инсонни соя ўзига тортар экан, унда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Ҳар нарсанинг асли – сўз... Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилади. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва “бўл!” дейиши билан бўлди... Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир”2 каби қуръоний сўзлари Сўзнинг нафақат муқаддас китоб ёки инсон шарифлигининг боиси, балки амалий ҳаёт меваси экани маълум бўлади. Жалолиддин Румийнинг ўз устозлари хусусида сўз кетганда, “Аттор руҳ буд... мо бад аз Аттор омадим” (Аттор руҳ эди... биз Аттордан кейин келдик) сўзларини эслаб, буюк мутасаввифнинг руҳи бўлган Фаридиддин Атторга сўз берамиз: “Икки оламнинг асоси сўздир, чунки сўз Ҳақдан мужда бўлиб келди. Ахир арши аълода битилган ”Лавҳул маҳфуз” ҳам сўздир. Ҳамма нарса Сўздан ижод этилган ва Сўзга қайтади...”3 Ушбу иқрорнома Сўз ҳақидаги қарашларимизни бир оз бўлсин-да теранлаштириб, азал ва охират китоби “Лавҳу-л-маҳфуз” ҳам сўз билан ижод этилганини эслатади. Нафақат исломий манбаларда, балки жумла жаҳон китобдорларига нозил бўлган муқаддас битикларда сўзнинг мартабаси улуғ экани якдил ифодаланган. Янги Аҳд китоби (Инжил)даги Юҳаннонинг биринчи мактубида шундай ёзув бор: “Коинотнинг Тангриси Ўз неъматларида ягона эмас эди. Унинг ёнида ниятларини тушунадиган, бутун яралмиш махлуқларга бахт ато этишда Унинг қувончидан баҳраманд бўлган Зот бор эди: “Азалда Калом бор эди. Калом Худо наздида эди. Калом – Худо эди. Азалданоқ У Худода эди” (Юҳ. 1, 1.2). “У Ўз қудратли каломи ила коинотни асрайди” (Ибр. 1,3)4. Демак, сўзни дунёнинг ибтидою интиҳоси деб билиш фақатгина мусулмон оламига хос бир руҳоний ҳолат эмас, балки барча яралмишлар томонидан фитрат этилган (яратилган) неъматларда улуғ калом сифатида акс этган. Мумтоз адабиётшуносликда сўз ҳақидаги қарашлар қадимги мажусийларнинг “Авесто” китобида, Ўрхун - Энасой обидалари таркибида ҳам бор. Лекин бевосита адабиёт оламига дохил фикрлар Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарининг муқаддимасидан бошланганини сўнгра эса “Қутадғу билиг”, “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асарлари таркибида ҳам бадиий сўз ҳақидаги қарашлар акс этганини мумтоз адабиётнинг бу ўлмас дурдоналари орқали сезгир кузатамиз.

Турк тилидаги илк бадиий достон “Қутадғу билиг”да сўзни санъат сифатида улуғловчи шундай жумлалар бор:

Сўз ерга яшил кўкдан тушди,

Сўзи туфайли инсон ўзини улуғ қилди.

Ўлганлардан тирикларга мерос сўздир,

Мерос сўзки, нафъи юздир.

Сўзи яхши бўлса, кишининг юзи сувлидир (оқ бўлади)5.

СЎЗнинг Аллоҳ томонидан нозил қилингани ва яшил кўкдан ерга тушиб, инсоннинг юзи бўлгани, инсон шарифлигининг боиси сўз экан, у тилга эътибор бериб, ўз нутқини гўзал сўзлар билан зийнатлаши лозимлиги Юсуф Хос Ҳожиб томонидан тил одоби ва нутқ гўзаллиги зикрида баён қилинади. Ҳазрат Алишер Навоий қалб кўзи очиқ шоир сифатида тавсиф берган Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асарида “сўз дурларини терган”, “таҳсинга лойиқ сўзларни қадрлаган” ижодкорлар ҳақида фикр юритилади.

Араб тилида сўз санъатига бағишланган асарлар қадимдан, ҳатто жоҳилийя даври олимлари ишларида қайд этилган бўлса-да, бевосита уни Сўз санъати, яъни бадиийлик маъносида қўллаш Форобийнинг машҳур “Китобу-ш-шеър” асарида кузатилади. Абу Наср Форобий бадиий сўз табиати ҳақида “Каламу-ш-шеър ва-л қавофи” (“Шеър ва қофиялари ҳақида сўз”), “Китобу-л-хитоба” (“Риторика ҳақида китоб”), “Китобу-л-луғат”, “Китобун фи саноъати-л-китоб” (“Хаттотлик ҳақида китоб”) асарларида ўз мулоҳазаларини билдирган. Юқорида тилга олинган “Китобу-ш-шеър” асарида Арасту ҳакимнинг “Фи саноъати-ш-шеър” (“Поэтика”) асарида айтилган фикр-мулоҳазаларни шарҳлаб, юнон шеъриятига тааллуқли бўлган назарий муаммолар баён қилинади: “Бу санъатда шоирликнинг танланиши одамда жуда ҳам улкан бойлик саналади. Бу худди ҳозирги замондаги баъзи шоирлар қилмишига ўхшаб кетади. Агар бир сўзни шеърда бошқа сўзга қофиядай қилиб қўйиб, олдинги байтда лозим бўлган нарсаларни ёки тасвирлаш ниятида бўлган нарсаларни ярата олса, у ҳолда одамда ҳузурбахш ҳолат пайдо бўлади. Бу санъат аҳли билан рассом санъатида қандайдир муносабат бор. Ўша иккала яратилган нарсада - уларнинг шакларида ва мазмунларида бир-бирига мувозанат, ўхшашлик ҳамда фарқ бор. Аммо иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга, тақлид қилишга йўналтирилган бўлади” – деб изоҳлайди аллома Арасту ҳакимнинг мимесис назариясини6. Бу ўринда муаллими соний сўз санъати талқинида ўзига устози аввал санаган Арасту ҳаким сўзларини изоҳ қилиш билан чекланмайди, балки уни имкон қадар санъатнинг бошқа турлари, хусусан, рассомлик санъати билан уйғун ва фарқли жиҳатларини таъкидлаш орқали сўз санъатининг хос хусусиятларини ўз асарида кўрсатиб улгуради.

Унсуру-л-Маъолий Кайковус машҳур “Қобуснома” номли насиҳатномасининг алоҳида бир бобини шеър ва шоирлик таърифига бағишлаган: “Шоир бўлишни истасанг, ҳаракат қилки, сўзинг осон ва фойдали бўлсин, бошқалар унинг шарҳига муҳтож бўлгудек сўзни айтмагил, чунки шеър халқ учун ёзилади, ўзи учун эмас. Бир хил вазн ва қофияга қаноат қилмагил, тартибсиз шеър айтмагил. Ғазални гўзал ва равшан ёзғил, мадҳда бақувват ва баландҳиммат бўлгил, ҳар бир одамга лойиқ сўз айтгил ва ҳар бир кишининг қадрига қараб шеър битгил”7. Бу донишманд бир маликнинг ўз фуқароларига ёки аллома отанинг фарзандларига берган ўгитигина эмас, балки сўз санъатининг жозиб талаб ва эҳтиёжларидан бохабар бўлган мутахассис олимнинг эътирофи сифатида ҳам қабул қилиниши мумкин.

Низомий Арузий Самарқандий “Чаҳор мақола” (ўзбек тилига “Нодир ҳикоятлар” номи билан таржима қилинган) асарининг “Шеър илмининг моҳияти ҳақида”ги бобида “Шоирлик шундай санъатки, бу санъат орқали ҳаяжонлан-тирувчи тушунчалар ҳосил қилинади ва таъсирчан ўхшатишларни бир-бирига боғлайди. У шундай йўлда кичик маънони каттага, каттани кичикка айлантиради. Чиройли(к)ни хунук либосда кўрсатади, хунукни чиройли суратда жилвагар қилади...”8 деб ёзади. Табиийки, бу ерда фикр сўзнинг бадиийлик табиатига кўчади, шоирлик касб эмас, балки уста санъаткорлик эканини, хунукни жозиб бир тарзда жилвагар қилиш, кези келганда, гўзални хунук либосда тасвирлай билиш маҳорати унда ҳунар каби мавжуд бўлиши лозимлигини уқтиради.

Сайфи Саройининг “Гулистон би-т-туркий” асари таркибида “Шоирлар талқинида”деган махсус боб берилган бўлса, улуғ форс шоири Абдураҳмон Жомий “Силсилату-с-заҳаб” (“Тариқат силсиласи”) достонида шеър санъати ҳақида: “дунёда қанчадан-қанча тилсим бўлса, сўз унинг калити», «сўз сайқалигина дил зангини ювади” дейиш билан сўзнинг ҳиссий қудратинигина эмас, балки санъатнинг бир тури сифатидаги салоҳиятини таъкидлайди9. Навоийга қадар айтилган бу мулоҳазалар мумтоз адабиётшуносликда сўз қадрининг баланд бўлганлигини, бадиий сўз санъат сифатида ҳам қадрланганлигини кўрсатади.

Алишер Навоий асарларидаги фикр теранлиги, озод руҳ, мустаҳкам иймон, туйғулар нафосати ва ниҳоят, мукаррам ва улуғвор турк (ўзбек) сўзининг қудратини англамай туриб, маънавий йўлимиз қанчалик ёруғ ва равшан бўлмасин ундан дадилроқ одимлаш мумкин эмас. Улуғ адиб ўзигача мавжуд барча илоҳий-фалсафий-адабий илмларни изчил ўрганиб, уларни ўз асарларида мукаммал бир суратда тартиблай олган эдики, зеро Навоий сўзлари бағридаги ҳикматни, дарду ҳасрат ва санъатни англаш ҳамда ўша буюк руҳий дунё ичига кириш учун унинг бадиий сўз ҳақидаги қарашларини ўрганишимиз керак бўлади.

Ҳазрат Навоий “Хамса” муқаддимасида ва “Ҳайрату-л-аброр” достонида сўз таърифига айрича боб бағишлаган. Унда сўзнинг барча маънолари, яъни Лавҳу-л-маҳфуз, Каломуллоҳ, инсон шарифлиги ва бадиий сўз жиҳатларини қамраб олади. Навоий таърифида сўзнинг “башар вужудининг сипеҳри (юлдузи), инсон зотининг жавҳари” эканлиги уқтирилади ҳамда назм таркиби ва наср тартиби сўз билан изоҳ қилиниши айтилади.

Мумтоз адабиётда сўзнинг муқаддас саналиши ва унинг асосида мукаррам бир санъат вужудга келиши сўзга Яратганнинг буюк мўъжизаси деган муносабатдадир. Чунки сўзга дунёнинг ибтидоси деб қаралиши сўз санъаткорлари ўйлаб топган ҳикмат эмас, балки Яратганнинг ҳукми билан эканини Навоийнинг талқини орқали аниқроқ илғаймиз:

Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра,

Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.

Жаҳонга аввал сўз келган, ҳали жаҳон бор бўлмай туриб, борлиқ ва маконга сўз келгани Қуръони карим оятларида ҳам мавжуд эди. Яралмиш дунё вужудга келишидан аввал “кун - ярал!” деган илоҳий сўз Яратганнинг қудратини рўёбга чиқарди:

Чунки мавжуд бўлса нуктаи “кун”,

Бўлди мавжуд тоза, йўқса куҳун.

Дунёнинг янгидан мавжудлиги, тўғрироғи, таваллудига “кун-ярал!” сўзи сабаб бўлдики, йўқса “куҳун” шаклидаги борлиқ дунёга айланармиди?!

Алишер Навоий эстетикасининг дастурига айланган «Инсоннинг гуҳари шарифлиғи», яъни яралмиш зотлар ичида мукаррам ва улуғлиги сўз билан («Сўз айладики, инсонни жудо ҳайвондин...) дейилишининг асоси шундаки, Сўз билан зийнатланган гўзал ва мукаммал тарзда яратилган Инсон ўзининг энг гўзал сўзини, энг самимий ва табиий туйғуларини Яратганга бағишлайди, унга ҳамду муножотлар айтади, Холиқ билан юзма-юз мулоқотдагина (Ҳадиси шарифга кўра «Намоз – мўъминнинг меърожи») юзага чиқариши табиий бир ҳолдир.

Аллоҳ сўзини танишдай истеъдод соҳиби қилиб яратилган шоир ўзининг гўзал ва улуғворлиги сўз билан эканлигини қайсидир маънода, қайсидир даражада англагани учун ҳам уни халқ қилган Холиқига сўз билан мурожаат қилади, ўзининг энг олий фикрлари, инсоний туйғулари ва илоҳий кайфиятларини ўша сўзда ифода қилади. Яратган уни сўзга ошно қилганлигининг боиси учун ҳам Ҳазрат Навоий ёзади:

Ки сўз зодаи табъи фарзанд эрур,

Чу фарзанд эрур, жонга пайванд эрур.

Сўз табъ (истеъдод)нинг фарзанди бўлгандагина у жонга пайванд бўлади. Табъли фарзанд эса зода, яъни яралмишлар ичида эътиборлисидир. Шунинг учун ҳам ўзининг бутун истеъдоди сўз билан эканлигини англаган шоир ёзадики:

Сўзни гар туз дедим ва оздим,

Неки тақдир айладинг ёздим.

Кими ўлурда варақни нигор менга,

Қайда бор эди ихтиёр менга.

Ҳар не қилким вараққа ёзди бу кун,

Килки тақдир ёзмиш эрди бурун.

Демак, шоирлик Ҳазрат Навоий талқинича, тақдир экан, у сўзнинг тузуклари - қоидаларини билиши, “кўз” орқали атрофга, дунёнинг боши ва охирига разм солиши ҳам зарурдир. Чунки сўз фақат ибтидо эмас, балки интиҳо ҳамдир, ҳатто интиҳогина эмас, бу икки қутб ўртасидаги мавжудлик белгисидир:

Ҳар киши даҳр аро ҳаёт топиб,

Сўнгра дам сўз ила нажот топиб.

Англа у сўзни нуктаи тавҳид,

Ваҳдат аҳлида йўқ мунча тардид.

Бас, сени аввал ул қилиб зоҳир,

Сенга ҳам аввал ўлди ҳам охир.

Аввалу охирингга солғил кўз,

Бил ҳам аввал сўзу охир сўз10.

Демак, Ҳазрат Навоийнинг СЎЗ ҳақида айтилган фирларининг йиғиндиси сифатида Сўз – азал-абад китоби (Лавҳу-л-маҳфуз), Сўз – дунёнинг ибтидоси (кун – ярал!), Сўз - Қуръони карим («Сўзга қулоқ тутиб...»), Сўз – инсонни инсонлатирувчи шарифлик белгиси («...гуҳари шарифроқ йўқ ондин») каби қарашлар силсиласидан фақат бадиий сўз – нафис адабиётга даҳлдор маъниларинигина ажратиб олиб, уни ушбу мажмуа доирасида ўрганишга бурчлимиз.

Турк тилидаги адабиётшуносликка оид манбалар орасида сўз санъати ва унинг хусусиятларига доир нисбатан йирик манба Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунуну-л-балоға” асаридир. Рисола беш қисмдан иборат бўлиб, адабий тур ва жанрлар, аруз илми, қофия, шеър санъатлари ва муаммо илмига бағишланган. XV асрнинг биринчи ярмида яратилган бу манба мумтоз адабиётшуносликнинг мавжуд кўпгина соҳаларини ўз ичига олгани учун ҳам бу мўътабар асарга нафақат бадиийлик табиати, балки мумтоз адабиётшунос-ликнинг юқорида номлари зикр қилинган бўлимларини ўрганиш баробарида мурожаат қиламиз.

Бундан ташқари Фузулий, Амирий, Нодира, Огаҳий, девонларининг дебочаларида сўз санъати ва унинг улуғвор хусусиятлари васф қилинган. Айрим жодкорлар бадиий асарлар ёки уларнинг дебочалари таркибида СЎЗ ҳақида сўз айтиш билан кифояланмай, бу борада алоҳида илмий-маърифий рисола битиб (шеърий йўлда) ўз мулоҳазаларини англатганлар. Закиржон Фурқат “Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида” асарида шеърнинг “қилу қоли”, яъни сўзнинг таъриф ва тавсифи, наср ва назм билан зийнатланган шакл-шамойили ҳақида сўз юритилган.

ХХ аср бошларига келиб дунёнинг барча борлиқ нарсаларига бўлган муносабатларнинг ўзгаргани каби сўз санъатига нисбатан ҳам қарашлар ўзгарди. Энди уни табиатга тақлид (Арасту), объектив борлиқнинг субъектив ифодаси (Ҳегел), кишилар ўртасидаги туйғу етказиш воситаси (Л.Толстой) деб билишлик билан чекланмай сўзнинг коммуникатив имкониятларини биринчи навбатга олиб чиқишлар бўлди. Гарчи ўзбек шоирлари тилни “воситаи робитаи олам миёндир” (Аваз) деб атаган бўлсада, Ғарбдаги мавжуд қарашлар ўзбек назарий тафаккури тарзига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймади. “Танглайи мумтоз адабиёт анъаналари асосида кўтарилган” профессор Абдурауф Фитрат ҳам дастлабки асарларида сўз санъатининг қимматини унинг ҳиссий қувватидан излаган бўлса, 20-йилларнинг ўрталарига келиб ўз қарашларини оврўпача андозаларга сола бошлади. Шеърни “каломи мавзуни муқаффо” (вазнли, қофияли гап) дея таъриф қилган сўнгги араб шоирларидан фарқли равишда “вазн” ва “қофия”си бўлған турли маънисиз сўзлар» йиғиндиси шеър бўлолмаслигини, шеърда “кишиларнинг қонини қайнатғучи, сингирларини ўйнатғучи, миясини титраткучи, сезгусини қўзгатғучи маънавий бир куч” бўлиши зарурлигини уқтирди11. Шундай бир маънавий куч-қудратга эга бўлмаган сўз шеър бўла олмаслигини, унинг қадри вазн ва қофия билан безалишида эмас, балки ҳиссий таъсир қувватида эканини англатди. 1926 йилда тартиб берган “Адабиёт қоидалари” номли муаллимлар ва адабиёт ҳаваслилари учун ёзилган қўлланмасида бадиий адабиётга шундай таъриф берди: “адабиёт - фикр, туйғуларимиздағи тўлқунларни сўзлар, гаплар ёрдами билан тасвир қилиб, бошқаларда ҳам худди шу тўлқунларни яратмоқдир”12. Бу таъриф бирмунча соддароқ бўлиб кўрингани билан Шарқ мумтоз поэтикасидаги бадиийлик хусусиятига доир фикрларни ҳам, Ғарб фалсафасидаги компративистик (мавжудлик белгилари асосида) қарашларни ҳам умумлаштиришга эришган қоидалардан бири сифатида кўринди.

Фитратнинг замондоши Шарқ фалсафий тафаккури тарихи ва назарий қарашларни ундан бир неча йил олдин “марксча установка”га солишга ургурган Абдураҳмон Саъдий “Амалий ҳам назарий адабиёт дарслари” қўлланмасида дастлаб “Адабиёт сўзи араб тилидан олинган бир сўз бўлиб, «адаб» моддасидандир. Адаб сўзи эса тарбиялилик, нозиклик, гўзал қилиқ, бошқалар билан яхши, кўркам муносабатда, яхши муомилада бўлмоқ маъноларини ичига олади” дейиш билан унинг “одоби куллиёт” сифатидаги белгиларини ҳам, “литература (литера – ёзмоқ) маъносидаги хусусиятини ҳам беришни унутмади: «адабиёт деган сўздан бир тартибга солиниб сўйлаган ёки ёзилған ҳамма фикр ва тушунчаларни, туйғу ва хаёлларни англаймиз”. Бунинг натижасида “мана шу «адабиёт» сўзи бизга ҳам шу маънолари ила кўчиб, бизда ҳам ҳикоя, рўмон, достон ва масалларга ўхшаш кишилик ижодларига айтиладир” деган хулосага келди13.

ХХ асрнинг 30-йилларидан эса собиқ шўролар тазйиқи кучли ҳудудларда Шарқ мумтоз поэтикасидаги гўзал таърифлар ҳам Ғарб фалсафасидаги қарашлар ҳам эскилик сарқити ёки буржуа идеологияси сифатида йўқсиллар зўравонлиги (пролетариат диктатураси) қаърига кириб, синфийлик ва партиявийлик деган кушандаларга дучор бўлди. Шарқ мумтоз адабиётининг зукко билимдони, зариф навоийшунос ва Фитратдай улуғ алломанинг шогирди Иззат Султон ҳам “Адабиёт назарияси” китобларида (илк нашри 1939, кейинги нашри 1980) бу маънавий бўйинтуруқдан халос бўла олмади.

Шарқ адабий-назарий тафаккурининг қарийб минг йилдан улуғроқ тарихига назар ташлаганда, бизга маълум бўлган назарий ҳодисалар, адабий қарашлар ва гўзал таърифларни бир мажмуага йиғишдан мақсад келгисида бу фикрият дурдоналаридан адабий хулосалар, назарий умумлашмалар яратиш орқали шу вақтга қадар ўзаро қарама-қаршиликда тушунтирилган дунёнинг икки қутби Шарқу Ғарбдаги адабий-назарий тафаккур дурдоналарини йиғиб, изчил бир тизимга солиш ва бунинг натижасида яхлит бир адабиёт назарияси яратмоқдан иборатдир. Шу ниятда ҳаракат қилаётган илм аҳлларига Аллоҳ таоло сабру баракот ато этсин!

Ҳамидулла Болтабоев, профессор



1 Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. – Т.: 1992. – Б. 513.

2 Жалолиддин Румий. Фиҳи ма фиҳи. / Ислом тасаввуфи манбалари. – Т.: Ўқитувчи, 2005. – Б. 186-191.

3 Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома. – Т.: Ёзувчи, 1994. – Б.11.

4 Уайт Е. Улуғ оталар ва пайғамбарлар. Printed in Russia. – Б.9.

5 Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Транскрипция ва ҳозирги ўзбек тилига тавсиф. Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Қаюм Каримов. - Т.: Фан, 1971. - Б. 101.

6 Абу наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993. - Б. 119.

7 Кайковус. Қобуснома. – Т.: 1982. – Б. 98.

8 Низомий Арузий Самарқандий. Нодир ҳикоятлар. – Т.: 1986. – Б. 47.

9 Абдураҳмон Жомий. Танланган асарлар. - Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1971 (Тузувчи ва сўзбоши муаллифи Ш.Шомуҳамедов). - Б. 174.

10 Алишер Навоий. Ҳайрату-л-аброр. Мукаммал асарлар тўплами (МАТ). 7-жилд. – Т.: Фан, 1991. - Б. 60.

11 Фитрат. Шеър ва шоирлиқ // Иштирокиюн. – 1919. – 24 июль.

12 Абдурауф Фитрат. Адабиёт қоидалари. Адабиёт муаллимлари ҳам ҳаваслилари учун қўлланма (нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Ҳ. Болтабоев). – Т.: Ўқитувчи, 1995. – Б. 19.

13 Саъдий А. Амалий ҳам назарий адабиёт дарслари. – Т.: 1923. – Б. 32.

 
«Шоирларнинг шеър ёзиш санъати қонунлари ҳақида» PDF Босма E-mail
24.10.2013 19:01

АБУ НАСР ФОРОБИЙ
(873-950)

Арис дарёсининг Сирдарёга қуйилиш жойида  Ўтрор қишлоғида туғилган. Форобда ўқиган, Шошда бўлган, Бухоро ва Самарқандда таҳсил олган.  Араб мамлакатларида яшаган, Боғдодда фозиллар билан учрашган,  Дамашқда вафот этган.
Форобий ўз даврининг мавжуд  илм  соҳаларига  оид 160 дан ортиқ илмий рисолалар яратган. "Иҳсо ал-улум  ва-т-таъриф" ("Илмлар санъати ва таърифлари") номли  рисоласида  ўттиздан ортиқ фан соҳасининг таснифи берилган. Тадқиқотчилар Форобий шуғулланган фан тизимлари фалсафанинг умумий масалалари, инсон  билиш фаолиятининг фалсафа ва аниқ фанларга муносабати,  материянинг миқдори  ва ҳажми, материяни  ўрганувчи, яъни табиий фанлар, ижтимоият, сиёсат ҳамда филология  (илми адаб)каби йўналишларини аниқлаганлар.
Форобийнинг филологик тадқиқотлари "Каламу-ш-шеър ва-л-қавофи" ("Шеър ва қофиялари ҳақида сўз"), "Китобу-л- хитоба" ("Риторика ҳақида китоб"), "Китобу-л-луғат" ("Луғатлар ҳақида  китоб"), "Китобун фи-с-саноъату-л-китоби" ("Хаттотлик ҳақида китоб") ва бошқалардан иборат. Булардан ташқари санъат соҳасида "Мусиқа китоби",  "Мусиқа ҳақида сўз", "Катта мусиқа китоби", "Ритмлар ҳақида китоб", "Ритмлар таснифи ҳақида китоб" асарлари ҳам маълум.
Абу Наср Форобий Афлотун ва Арасту асарларининг шарҳловчиси сифатида ҳам машҳурдир. Айниқса,  Арастунинг  ўндан ортиқ илмий  асарларига шарҳлар  ёзгани маълум.  Мана  шундай шарҳлар орасида Арастунинг "Фи синоъати-ш-шеър"  ("Поэтика") асарига ёзилган шарҳи нафақат юнон олимининг поэтикага доир таълимотини тушунтиришда,  балки санъат  ва адабиёт  хусусидаги назарий билимлар соҳасида ҳам олдинга ташланган қадамдир.

«ШОИРЛАРНИНГ ШЕЪР ЁЗИШ САНЪАТИ ҚОНУНЛАРИ  ҲАҚИДА»

Бу ерда (келтираётган) мулоҳазалардан  мақсадимиз  ҳаким Арастунинг "Фи синоъати-ш-шеър" ("Шеър санъати") асарида1 айтган фикр-мулоҳазаларни исботлаб кўрсатишдан, унинг маъноларига ишора қилишдан иборатдир. Зеро, бу орқали шеърий санъат билан ишқибозларнинг барчасини таништириш  ниятидамиз.  Шуниси  ҳам борки,  Ҳаким Арасту ўзининг шеър санъати у ёқда турсин ҳатто муғолата (софистика)2 ҳақидаги  мулоҳазаларини  ҳам мукаммал баён қилиб улгурмаган эди.  Шунинг учун бу борадаги гапларнинг ҳаммасини  ипидан-игнасигача муфассал қилиб, тартиби билан битмоқчи ҳам эмасмиз. Чунки "Софистика санъати"3 асарининг охирги жумлаларида Арасту айтиб ўтган мулоҳазага қараганда, у бунинг сабабини аҳоли чинакамига ифодалаб бериши учун ўзидан олдин ўтганларнинг асарларига қабул қиладиган тартибга туширадиган ҳолда улар  асосида янгиларини пайдо қиладиган бирор усул ва қонун-қоидалар топа олмаганига йўйган.
Ҳаким Арасту  ўзининг шундай фазилати ва даҳоси билан тугатиб қўйишга жазм қила олмаган бир ишни  биз  ниҳоясига етказишга  интилишимиздан  кўра,  бу санъатда  фойда  берадиган ва ҳозирги замонда учрайдиган қонун-қоидалар, мисол ва мулоҳазалар келтириш билан чеклансак яхшироқ бўлар эди.  Модомики шундай экан,  биз деймизки, лафз-сўзлар ё бирор маънони билдириши ҳам,  билдирмаслиги ҳам мумкин;  улар шу икки ҳолатнинг бирида бўлишдан ҳоли эмас. Маънони билдирадиган сўзлар бирор мулоҳазани ё англатади, ё англатмайди. Мулоҳазани  англатадиганларининг қатъий жазмлилиги ва жазмсизи бўлади. Қатъийлари ё тўғри, ё ёлғон бўлади.  Ёлғонларидан баъзилари эшитувчилар зеҳнига уни англатадиган маъно  билан  бирга  ўрнашиб  қолади,  ваҳоланки, бошқалари унинг онгида нарсаларнинг ўхшаши-акси билан ўрнашиб қолади. Мана шу нарса тақлидлар4 - шеърий мулоҳазалар саналади. Мана шу акс ўхшашликларнинг баъзилари энг мукаммал бўлади, бошқалари нуқсонли эканини  аниқлаш  шоирлар,  турли-туман тил ва луғатлардаги  шеъриятни  ўрганаётган маърифат аҳлининг фикр доирасига киради. Лекин  бундан  ҳеч ким  софистика билан акс тақлид икковини бир сўз деб ўйламасин.  Булар  иккови  ҳам баъзи сабабларга кўра бир-биридан  бутунлай  фарқ  қилади.  
Софистнинг5 мақсади  билан тақлидчининг6 мақсади бир-биридан фарқ қилади. Софист эшитувчини ғалатга ундаб, ҳақиқатга  тўғри келмайдиган нуқсонли  нарсаларни  кўз  олдига  келтириб  қўяди. Ҳатто у мавжуд нарсани номавжуд деб, номавжуд нарсаларни  эса мавжуд деб тасаввур қилдиради. Тақлидчи бўлса нарса тасаввурининг тескарисини эмас, балки унга ўхшашини тасаввур қилдиради. Бу шундайки, ўз  жойида жим турган киши шундай ҳолатга тушса, гўё ҳаракат қилаётгандай бўлади.  Масалан,  кемага минган киши кемадан  тушиб қирғоқда қолганларга қараса, ёки ёз чоғида  осмондаги ой ва юлдузларга тез юраётган булутлар остидан қаралса, шундай бўлади. Бундай  ҳол одамларнинг ҳисларини чалғитади. Аммо кўзимизга ёки ялтироқ силлиқ жисмга қараган кишининг ҳоли худди шундай бўлади, унга назар ташлаб, ўша нарсаларга ўхшаш нарсани кўраётгандай туюлади, мулоҳазалар бошқа қисмларга ҳам бўлиниши мумкин. Хулласи калом, бу шулардан иборат:  мулоҳаза ё қатъий, ё қатъий эмасликдан ҳоли бўлмайди. Бордию, агар у қиёсий бўлса, у ҳолда билқувват унинг табиатидан бўлади, ё бўлмаса билфеъл-ҳаракатидан бўлади. Бордию, агар унинг табиатидан бўлса у ҳолда ё истиқро (индуктив)7 бўлади,  ё бўлмаса  мулоҳаза тамсилий  (аналогия)8  бўлади.  Тамсил эса,  кўпинча, шеър санъатида ишлатилади.  Бундан  аён  бўлишича,  шеърий мулоҳаза тамсил аналогияга киради.
Қиёслар ҳам, умуман олганда, мулоҳазалар ҳам бошқа турларга бўлиниши мумкин.  Айтишларича, мулоҳазалар ё бутунлай рост, ё бўлмаса бутунлай ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Ё бунинг тескариси ёки тўғри ва ёлғон меъёрида баб-баравар бўлиши мумкин. Буткул рост мулоҳаза, ҳар сўз, бурҳоний-исботли9 деб аталади. Борди-ю, унинг бутунлай рост томони кўпроқ бўлса, у ҳолда жадалли - диалектик10 бўлади. Борди-ю рост ва ёлғон иккови тенг келиб қолгудай бўлиб қолса, у ҳолда хитобий - риторик11 бўлади. Рост бутунлай камайиб бораверса, у ҳолда суфастоий - софистик бўлади, бутунлай ёлғон бўлса, у ҳолда уни ҳеч шубҳасиз, шеърий12 деб аталади. Ушбу қисмларга бўлинишидан кўринишича, шеърий мулоҳаза на исботли, на диалектик, на хитобий-риторик ва на софистикдир.  Шу билан бирга,  у сулужисмус-силлогизмга13 ёки  унга  қарам бўлган навларнинг  бирига бориб тақалади,  яъни "қарам бўлган навълар" дейишимдан кўзланган мақсадим истиқро-индукция, мисол-аналогия, фаросат-интуиция14  ва шунга ўхшаш нарсалар бўлиб, уларнинг мантиғи қувватида ўша қиёс - силлогизмнинг куч-қуввати  бўлади...
Энди биз сенга айтсак, шоирлар чиндан туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли  кишилар  бўлади  ва уларда ташбиҳ ва тамсилга лаёқатли яхши ишлайдиган бўлади. Бу хил шоирлар ё шеър навъининг кўп турида15, ё бир турида ижод  қилишга  лаёқатли бўладилар. Лекин бу хил шоирлар шеър санъатидан керак бўлганича хабардор бўлишавермайди, балки улар туғма қобилиятларининг яхшилиги  билангина  қаноат  ҳосил қиладилар, уларнинг ўзлари мўлжалланган ҳозирликларига кўра иш тутадилар.  Бундай шоирлар чинакам  мусалжис-мулоҳазакор шоирлардан саналмайдилар. Чунки уларда шеър санъатини ўзлаштириб олиш учун  камолот  етишмайди ва бу санъатда турғунлик бўлмайди. Кимки, ундай одамнинг шеърини кўриб, у қобилиятли одам экан деб ўйлаган бўлса, бу шунинг учунки, унинг феъл-атрофида шоирларга хос бўлган турқ - кўриниш мавжудлигидангина  шундай  мулоҳазага келинган. Ё бўлмаса, бу хил одамлар чинакамига шоирлар санъатини  эгаллаган  бўлишади, ҳатто  шеър ижодига хос бўлган хусусиятлардан бирортаси ҳам у қайси шеър турига алоқадор бўлмасин, барибир, бу қонун - қоидалар  ундан қочиб қутулолмайди. Улар шеърият санъатида қўлланиладиган ташбиҳ ва тамсилларни жудаям маҳорат билан ишлатадилар. Бу хил шоирлар чиндан ҳам қобилиятли шоирлар дейишга сазовордирлар. Ёки бўлажак шоирлар ўша юқорида айтиб ўтилган аввалги икки табақа шоирлар ва улар феълларига тақлид қилувчилар бўладилар.  Булар ўша  аввалги иккала табақа шоирлар йўли-ижодини ёқлайдилар. Бу турдагиларнинг ўзларида туғма шеърий табиат бўлмагани ҳолда, шеърий санъат қонун-қоидаларидан хабардор бўлмай туриб, ташбиҳ-ўхшатиш ва тамсил кабилар кетидан борадилар. Йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги16 худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади.
Энди биз сенга айтсак, ўша юқорида айтиб ўтганмиз уч тоифа шоирларнинг ҳар бири ижодда ё табиийлик, ё мажбурийликдан ҳоли бўлмайди. Бундай  дейишдан  кўзланган  мақсадим шуки, бир шоир,  кўпинча,  мадҳияга ва ё бир яхши сўз айтишга табиатли бўлса, баъзан вазият ундан ҳажвий ва бошқа турда шеър айтишга ҳам мажбур қилиб қолади. Айтайлик, бир шоир шеърият навъларининг  маълум  бир  навъида ижод қилиш санъатини танлаб олган ва ўзини шу хилдагина шеър ёзишга одатлантирган бўлса, баъзи ҳолларда, танлаб олмаган турларда ҳам шеър ижод қилишга тўғри келади, бу эса унинг учун ўзи ижод қилишга одатланган шеър  турида нисбатан бошқа бир навда мажбурий битилган шеър бўлади.  Бу мажбурият ё ички, ё ташқи сабаблар билан боғлиқ бўлади. Аммо шоирнинг энг яхшиси туғма шоир бўлгани саналади.
Сўнгра  шоирларнинг шеър ижод қилиш  борасидаги  аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади.  Бу эса ё ғоя жиҳатидан, ё бўлмаса, мавзу жиҳатидан шундай бўлади. Аммо ғоя жиҳатидан олган тақдиримизда улар шеърга баъзан ёрдам берса ҳам,  баъзида унга ёрдам беролмай қолади. Бунга  баъзан руҳий (нафсоний) кайфиятлар сабаб бўлади. Шунда ё руҳий кайфиятлар устун келади, ё бўлмаса, баъзан ўзи унга  муҳтожлигидан тушкунликка учраб, пасайиб кетади. Аммо бу бобдаги текширишларимиздан  мақсад  бу  масаланинг  ипидан-игнасигача  синчиклаб аниқлашдан иборат эмас, чунки буларнинг ҳаммаси ахлоқ ва руҳий кайфиятлар тавсифлари ҳамда улардан ҳар бирининг инсон руҳига алоҳида таъсири ҳақида битилган китобларда керагича баён қилинган.  Аммо мавзу жиҳатидан олган тақдиримизда, кўпинча, бири иккинчисига ўхшайдиган икки нарса ўртасида ўхшашлиги мавжуд бўлади. Бунда аксар одамларга уларнинг яқинлиги кўриниб туради. Буларда шоирнинг етук ва етук эмаслиги ҳақидаги мулоҳаза ўша ўхшатишнинг ҳақиқатга яқин ё узоқлигига боғлиқ бўлади. Баъзан шунақаси ҳам бўладики,  шеър санъатида энг орқада қолган шоир ҳам юқори даражада ажойиб шеър яратиши мумкин, ҳатто бу соҳада билағонлар  ҳам  унга  тенг келадиган нарса (шеър) яратолмаслиги ҳам мумкин. Лекин шуниси ҳам борки, бунга сабаб бахт ва тасодифнинг тўғри келишидан  бўлади. Лекин ундай одам (қанчалик ажойиб шеър ёзган бўлмасин) бу ёзган шеъри билан у мулоҳазакор шоир деган номга сазовор бўлолмайди. Ташбиҳ даражалари ўзининг ўхшатишларига кўра турлича бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан қараганимизда,  ўхшатишнинг яқин ва муносиб бўлмоғи мавзуига ҳам боғлиқ; ё бўлмаса, шоирнинг бу санъатдаги маҳоратига ҳам боғлиқ. Ҳатто шу уста шоир бир-биридан узоқ бўлган икки нарсани,  мулоҳазаларни орттириш билан бир-бирига мувофиқдек қилиб кўрсата олади. Бу эса шоирлардан яширин бўлмаган ҳоллардандир. Шу жумладан, шоирлар А билан Б ни ва Б билан Ж17 ни бир-бирига  ўхшатадилар. Чунки бунда  А билан Б ни ўртасида яқин ва муносиб ҳамда маълум бўлган ўхшашлик бор. Улар сўз маъносини шунга буриб, ҳатто сомиъ-эшитувчи, муншид-ўқиб берувчиларнинг фикр-зикрини, гарчи улар ораси узоқ бўлса ҳам А билан Б ва Б билан Ж ўртасида бўлган ўхшашликдан огоҳлантирмоқчи бўладилар.
Бу санъатда шоирликнинг танланиши одамда жуда  ҳам  улкан бойлик саналади. Бу худди ҳозирги замондаги баъзи бир шоирлар қилмишига ўхшаб кетади. Улар шундайки, агар бир сўзни шеърдаги байтга қофиядош қилиб қўйиб, олдинги байтда лозим  бўлган нарсаларни ёки тасвирлаш ниятида бўлган нарсаларни  бита олса,  у ҳолда одамда жуда ажойиб ҳузурбахш ҳолат пайдо бўлади.
Биз яна шундай деймиз: бу санъат аҳли билан (уйга) нақш берувчи рассом санъати ўртасида қандайдир муносабат бор. Булар иккаласининг санъатидаги моддаси турли-туман бўлса ҳам, аммо шаклда,  яратилиш  ва  мақсадларда  бир-бирига мос келади. Ёки айтайлик, ўша иккала  яратилган  нарсада,  улар  шаклларида ва мақсадларида бир-бирига мувозанат, ўхшашлик бор. Бу шундайки, шеър санъатини безайдиган  нарса-бўёқлар  саналади.  Буларнинг иккови ўртасида фарқ бор,  аммо иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга - тақлид қилишга йўналган бўлади.
Шоирлар санъати илмини ўрганувчилар фойдаланадиган умумий қонун-қоидалар мана шулардан иборат. Бу қонунларнинг кўпини (илмий  нуқтаи назардан) текшириб чиқиб, мулоҳазалар  билдириш ҳам мумкин эди, лекин бундай санъат  соҳасида  илмий  текшириш беришдек нарса инсонни санъатнинг бир навъида бир томонлама мулоҳаза олиб боришга элтиши  ҳамда бошқа  навълар ва қарашлардан юз ўгиришга олиб келиши мумкин.

 
Эргаш Очилов. Ҳайрат олами PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:38

Мутафаккир шоир Навоий оллоҳ ва олам, олам ва одам, ҳаёт моҳиятию инсон умрининг мазмуни ҳақида кенг ва теран мулоҳаза юритган. Барча даврлар ва замонлар учун етук донишманд ҳисобланган Навоийнинг бадиият пардасига ўраб тақдим этилган бу борадаги фикр-мушоҳадалари ўзининг фавқулодда теранлиги, фалсафий салмоғи ва бадиий мукаммаллиги билан алоҳида ажралиб туради. Айтайлик, дунёнинг нотекис яратилганлиги, фалакнинг тубанлигию тақдирнинг нотантилиги, ҳаётнинг шафқатсизлигию замоннинг адолатсизлиги ҳақида ёзилган асарлар, байту мисраларнинг ҳадду ҳисоби йўқ. Албатта, Навоий ижодида ҳам фалакдан, дунёдан, замондан, одамлардан шикоят қилиб ёзилган сатрлар мавжуд. Лекин сўз оллоҳнинг зоти, сифати, яратувчилик қудрати ҳақида борганда, сира норозилик оҳанглари, исён овозини эшитмаймиз. Чунончи, шоир бу хусусда мазкур байтни битади:

Бу коргаҳда хато келмади чу бир сари мўй,
Хато менинг назаримдандур, хато кўрсам.

Мазмуни: “Бу дунёда битта қил ҳам бесабаб пайдо бўлмаган. Агарда мен бирор нарсада хато кўрсам, у, аслида, ўша нарсанинг чиндан ҳам хато яратилганлиги туфайли эмас, балки, менинг нуқтаи назаримнинг қусурли эканлигидандир”. Яъни, бу дунёда нимаики менга номувофиқ, ортиқча, кераксиз, нотўғри бўлиб кўринса, бу ўша нарсанинг ҳақиқатдан ҳам мен ўйлаганимчалик ўринсиз эканидан эмас, балки менинг қарашимнинг хатолиги туфайлидир, деган маънога ишора этилган.
Байтда иккита тушунарсиз сўз мавжуд: биринчиси – коргаҳ. Бу сўзнинг луғавий маъноси – ишхона, корхона, дўкон, иш жойи. Бирор иш амалга ошириладиган жой ёки нарса. Масалан, тўқувчилик дастгоҳи. Мажозий маънода эса, бирор-бир манзил, қароргоҳ, жумладан, дунё, олам маъносида ҳам қўлланади. Мирзо Бедил бу дунёни “коргаҳи қумоши шаббоф” – “тунда нафис матолар тўқийдиган корхона”, мажозий маънода, “зулмат, яъни, ғафлатнинг нафис матосини тўқийдиган корхона”, деб атайди. Яъни, ранг-баранг нарсалари билан одамларнинг кўзини ўйнатиб, уларни ғафлат тўрларига ўрайдиган ва мақсаддан чалғитадиган жой. Навоий ҳам бу сўзни, айнан, дунё маъносида кўп қўллайди. Чунончи, “Наводир уш-шабоб” девонидан ўрин олган ғазалларидан бирида ёзади:

Бода тутким, бу улуғ коргаҳ аҳволиндин
Ҳеч фаҳм ўлмади ҳар неча хаёлот айлаб.

Мазмуни: “Май тутки, бу дунё сиру синоати ҳақида ҳар қанча ўйлаб, мушоҳада юритиб, тасаввуру тахайюлга берилсам-да, ҳеч нарса маълум бўлмади”.
Бу ерда, албатта, бода ва унинг май, шароб каби маънодошлари тасаввуф адабиётида илоҳий тажаллий тимсоли, ишқ ва ирфон рамзи бўлиб келади. Шунга мувофиқ, мастлик илоҳий маърифатдан ҳузурланишни, маънавий завқ дарёсига ғарқ бўлишни билдиради.
Тажаллий – кўриниш, жилваланиш. Ғайбдан келадиган ва қалбда намоён бўладиган илоҳий нур ва сирлар. Ҳақ таоло ҳамиша ҳамма ерда турли даражада тажаллий этади.
Ирфон (маърифат) – оллоҳ моҳияти ҳақидаги илм.
Маълум бўладики, шоир хулосасига кўра, бу илоҳий сир-синоатнинг тубига етиб бўлмайди, бинобарин, ҳақ санъати мушоҳадасидан ҳайратланиш, завқланиш лозим.
Энди, юқорида келтирилган байтга қайтсак, иккинчи тушунарсиз сўз – сари мўй. Сари мўй – бошдаги сочнинг бир тукича, сочнинг бир учича, қилча, яъни, заррача, озгина, арзимас даражада маъноларини билдиради. Демак, шоир бирор нарса, ҳатто, у қилча бўлса ҳам, заррача бўлса ҳам муайян мақсадсиз яратилмаган, бирор вазифадан холи эмас, ўзининг муқим ўрнига эга, илоҳий ҳикмат ва хизматга молик, деган фикрни илгари сураяпти.
Бу жиҳатдан қуйидаги ҳикоят диққатга сазовор: машҳур тариқат пири, тасаввуф олими ва мутасаввиф шоир Аҳмади Жом ҳузуридаги бир мажлисда мутакаллим ва сўфий ўртасида мунозара бошланади. Мутакаллим: “Ит ва мушукда зуҳур этган худодан безорман!” – деса, сўфий: “Мен ит ва мушукда зуҳур этмаган худодан безорман!” – дейди. Мажлис аҳли: “Бу иккисидан бири, шубҳасиз, куфрга кетди-ёв…” – деган хаёлга борадилар. Шунда шайх мунозарага ойдинлик киритади: “Мутакаллим назарида ит ва мушук – энг тубан махлуқлар ҳисобланади. Худода нуқсон кўришни истамагани учун ҳам у шундай олий хилқатнинг шундай тубан махлуқларда зуҳур этишини истамайди. Аслида, сўфийнинг ҳам мақсади шу: оламни яратган худо ундаги барча жонли ва жонсиз мавжудотда зуҳур этиши керак, акс ҳолда, у қусурли бўлади. Маълум бўладики, иккаласининг ҳам мақсади худони барча нуқсонлардан пок кўрмоқчи ва чиндан ҳам худо барча нуқсонлардан покдир”.
Бу ерда гарчи нияти эзгу, тўғри, пок бўлса-да, мутакаллим нуқтаи назарининг бир қадар чекланганлиги кўзга ташланади, чунки у худони ва дунёни ўзи хоҳлаганича – ақли, илми, идроку тахайюли даражасида кўришни истайди ва, айни шу истакда, унинг дунёқарашининг чекланганлиги яққол намоён бўлади. Сўфий эса, масалага ўз нуқтаи назари ва хоҳиш-истагидан келиб чиқиб эмас, балки олий ҳақиқатга асосланган ҳолда, бирмунча кенг қарайди. Унинг эътиқодига кўра, оллоҳ жамоли ва камолининг кўзгуси бўлган бу оламдаги ҳар бир заррада илоҳий нур жилваланади – бусиз олам мукаммал бўлмас эди.
Ривоятнинг келтирилган байтга дахлдорлиги, унинг мазмунини ёрқин очишга хизмат қилиши ҳам шунда: бу дунёда ҳеч нарса, ҳатто, бир қил ҳам сабабсиз яратилган эмас – ҳаммасида бир илоҳий ҳикмат бор, бинобарин, инсон бирор-бир нарсани ўринсиз деб билар, бирор-бир нарсада қусур кўрар экан, бу ўша нарсанинг чиндан ҳам кераксизлиги ёки қусурлилигини кўрсатмайди, билъакс шундай мушоҳада юритаётган кишининг нотўғри ўйлаётгани, моҳиятни тушунмаётгани, хуллас, дунёқарашининг чекланганлиги – хато қилаётганидан далолат беради.
Навоийнинг баъзи фикру ташбеҳлари ғазалдан-ғазалга кўчиб юради. Лекин шоир уларни шунчаки такрорлаб қўя қолмайди, балки, муайян фикрни давом эттиради, унинг янги маъно қиррасини очади, шарҳини келтиради. Бинобарин, шоирнинг у ёки бу байтини шарҳлаш учун узоққа бориб ўтирмай, “Хазойин ул-маоний”, “Хамса” достонлари ёки бошқа асарларидаги унга яқин, муштарак байтлар асосида унинг турли маъно қирраларини очиш мумкин. Коргаҳ – дунё моҳияти борасидаги байтлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Чунончи: “Садди Искандарий” достонида Искандарнинг саволига Арастунинг жавоби мисолида шоир бу масалага ҳам ойдинлик киритиб кетади:

Неким офаринишқа пайвастадур,
Бори бир-бирисига вобастадур.

Бир иш деса бўлмас “сазовор эмас” –
Ки, бир ришта тоб анда бекор эмас.

Бу худ собит ўлдики, йўқ ҳеч зот
Ва ё ҳеч аъфол ёхуд сифот –

Ки, зимнида хосияте бўлмағай,
Вужудида кайфияте бўлмағай.

Мазмуни: “Борлиқдаги барча нарсалар бир-бирига боғлиқдир – бирор нарсани мувофиқ эмас деб бўлмайди, чунки, ҳатто қил ҳам унда бекор яратилмаган: зот, феъллар ва сифатлар шундай муқаррар бўлганки, улардан ҳар бирининг асосида бир хислат, вужудида бир хусусият мавжуд”.
Зот деганда тасаввуф аҳли мутлақ руҳниннг ўзини, илоҳиёт оламининг жавҳари, яъни, абадий ва азалий ваҳдатнинг моҳиятини тушунганлар.
Сифот – сифатлар. Илоҳий зотнинг аёнлашувчи, унинг қудрат ва хусусиятлари. Барча руҳий ва моддий оламлар, жумладан, инсон ҳам шу сифатлардан иборат.
Афъол – феъллар, ҳаракатлар, қилмишлар, ишлар.
Ҳақиқатан ҳам, шоирнинг айни мазмундаги барча байтларини ўзаро қиёсан таҳлил қилинса, бу борадаги фикрлари моҳияти ойдинлашади – бир байти иккинчисининг, иккинчиси учинчисининг маъносини очишга ўзига хос калит бўлиб хизмат қилади. Бундан маълум бўладики, Навоий теран фикрларини бадиий юксак мисраларда мураккаб бир услубда ифодалабгина қолмай, бу тилсимни очиш учун бир неча очқичлар ҳам қолдирганки, уни топиш забардаст сўз санъаткори шеърлари тадқиқотчисининг истеъдод кучи, билим даражаси, идрок қуввати, тахайюл қудрати, таҳлил маҳоратига боғлиқ.
Шеърни нафақат адабий термин-тушунчалар ва қонуниятлар, балки шеърнинг ўзи билан ҳам шарҳлаш мумкинки, Навоийнинг бетимсол ижоди бунинг ёрқин намунасидир.

Бу корхонаға дахл айламак адаб эрмас,
Не дахл кимсага, ҳар неки меҳр этар лойиҳ.

Лойиҳ – очиқ, ошкор, кўриниб турган.
Мазмуни: “Қуёшнинг нур сочишига киши дахл қила олмагани сингари, бу олам ишларига дахл қилиш ҳам одобдан эмас”.
Тўғри-да, бандаси яратувчининг ишларидан айб қидирганидан кўра, ҳикмат излагани маъқул эмасми? Зеро, яратувчига эътироз – куфрга баробар. Оламдаги бизнинг кўзимизга нуқсон бўлиб кўринган нарса-ҳодисалар, мавжудотларда ҳам оллоҳ таолонинг бир ҳикмати мужассам – улар лоақал бани башарга ибрат учун яратилган.
Оламдан иллат эмас, ҳикмат излаш керак.
Одамдан нафратланиш эмас, ибрат олиш лозим.
Луқмони ҳакимдан:
– Одобни кимдан ўргандинг? – деганларида:
– Одобсиздан, – деб жавоб берган экан.
– Одобсиздан қанақасига одоб ўрганиш мумкин? – деб ҳайрон бўлганларида:
– У нимаики қилса, ўшани қилмасликка ҳаракат қилдим, – дебди.
Шунга ўхшаб, яхшидан ҳам, ёмондан ҳам бир нарсани ўрганиш мумкин: кўнгил кўзини кенг очиб қаралса, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ҳар сўзи, ҳар иши, ҳар ҳаракати – ибрат. Бас, оламдаги бизнинг назаримизга жирканч бўлиб кўринадиган мавжудотлар, арзимас, кераксиз бўлиб туюладиган нарсалар, бемаъни кўринадиган ҳодисаларнинг ҳам бир керакли жойи борки, улар яратилган, мавжуд, содир бўлади. Ҳа, дунёни ўз қаричингиз билан ўлчашга шошилманг, у ҳеч қачон сизнинг қаричингизга сиғмайди. Шунинг учун ҳам шоир бир мисрасида: “… бу коргаҳ сирри мубҳам бўлуптур”, деса, бошқа байтида эса, бу дунё аҳволи мен учун ниҳоятда мавҳум ва тушунарсиз, шунинг учун қўлимга жаҳонни кўрсатувчи жом тутки, эй соқий, то бу сирларни англаб етай, дейди:

Соқиё, жоми жаҳонбин тутки, андин кашф этай –
Ким, кўп иш бу коргаҳ вазъида мубҳамдур манга.

Маълумки, соқий бу ерда май қуювчи, косагул маъносида бўлмай, тасаввуф аҳли бу истилоҳ замирида оллоҳни, Муҳаммад алайҳиссаломни, маъшуқани, пир ёки комил инсонни назарда тутадилар. Соқий даврага май улашгани каби улар ҳам одамлар қалбига илоҳий файз бағишлайдилар, ҳақиқий ишқ ўтини соладилар, ғайб маърифатидан баҳраманд этадилар.
Жоми жаҳонбин – жаҳонни кўрсатувчи жом, қадаҳ. Ривоят қилишларича, қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи Жамшид “жоми жаҳоннамо” – жаҳонни кўрсатувчи жом ихтиро қилган бўлиб, унда дунёдаги нафақат ҳозирги, балки ўтмишда юз берган ва келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳам акс этар экан. Май қадаҳи ва комил инсон қалбини ҳам илоҳий сирларни ўзида сақлаши жиҳатидан Жамшид жомига нисбат берадилар. Жамшид жомидаги май ичган билан сира тугамас эмиш.
Маълум бўладики, шоир худодан илоҳий сирлар моҳиятини англашга қодир кўнгил сўраяпти, токи, оламдаги ранг-баранг ишларнинг маъно-мазмунини тушуниб етсин.
Тасаввуф фалсафасига кўра, дунё ҳирсу ҳаваси, нафс истак-хоҳишлари ва жисмоний интилишлардан нажот топган кўнгил шаффоф кўзгудай ярақлаб, жоми жаҳоннамо каби бўлар ва унда ҳамма нарса аслидагидек акс этар экан.
Бошқа бир байтида эса шоир соқийдан май билан идроки ойинасини равшан этишини сўрайди, чунки бу оламда қил учича нарса ҳам менга маълум эмас дейди:

Соқиё, миръоти идрокимни майдин равшан эт –
Ким, эмас бу коргаҳда бир сари мўй мудраким.

Мудрак – тушунилган, идрок қилинган, маълум.
Ойина (кўзгу) – илоҳий мазҳар бўлган комил инсон қалби. Чунки ойина деганда, оллоҳнинг зоти, сифатлари, исмларига ишора қилинадики, уларнинг барчаси комил инсон қалбида акс этади.

Соқиё, тут бодаким, кўпрак мени мабҳут этар,
Нечаким, андишаи бу корхона айларам.

Мабҳут – ҳайрон, ҳайрон қолувчи.
Мазмуни: “Эй соқий, май тутки, бу корхона, яъни, олам ишларини ўйлаганим сари мени кўпроқ ҳайрон қолдиради”.
Диққат қилинса, шоир бу олам сир-синоатларини тушуниш учун, унинг ишларидан ҳайронлигини бартараф этиш учун, фикрини банд этган чигалликларни ечиш учун соқийга мурожаат қилиб май, мажозий маънода эса яратувчидан маърифат сўрайди. Бу унинг тинимсиз фикрлагани, тафаккур уммонига ғарқ бўлгани, дунё моҳияти, инсон қалби сир-синоатларини билишга жуда қизиққанини кўрсатади.
Бошқа бир мисрасида эса, бу дунё аҳволига ҳайрон бўлмаган киши борми, дейди:

Кимдурур бу коргаҳ вазъиғаким ҳайрон эмас.

“Бу дунё бус-бутун ҳикмат-ку, ҳикмат!” деган эди буюк Абулқосим Фирдавсий муаззам “Шоҳнома” асарида. Навоий эса, бу ҳикмат сирларини излагани, унинг моҳиятига етишга интилгани сари ҳайрат асирига айланаверади, ҳайрат ўтида куяверади:

Сипеҳр гунбади ичра нетиб қадаҳ ичмай –
Ки, бўлди мужиби ҳайрат бу корхона манга.

Мазмуни: “Бу кўк гумбази ичра нега май ичмайки, бу корхона, яъни, олам менинг ҳайратланишимнинг сабаби бўлиб турибди”.
Қадаҳ ичишдан мақсад – маърифат зиёсини сипқариш. Бинобарин, байтнинг мазмунини шундай талқин қилиш мумкин: “Бу олам бошдан-оёқ мени қизиқтириб, ҳар бир нарса ҳайратланишимга сабаб бўлган экан, унинг сирлари, моҳиятига етиш учун нега тинимсиз изланиб, билимимни оширмай, маърифатимни зиёда қилмай?!”

Бода ич, бу коргаҳ вазъиға кўп фикр этмагил –
Ким, анга ҳар неча чирмашқанча ҳайрат келтурур.

Мазмуни: “Бу дунё ишлари устида кўп фикр этгунча, май ички, унга боғланганинг сари ҳайрат устига ҳайрат келтиради”.
Яъни, яратувчининг санъатидан ҳайратлан, унга эътироз билдирма.
Шу ўринда, ўтмишда “ҳайрат” сўзининг ҳозирдагидек фақат ҳайрон қолиш, донг қотиш, таажжубга тушишдан ташқари, иккиланиш, шубҳаланиш, бирор нарсага ақли етмаслик каби маънолари ҳам бўлганлигини эсда тутиш лозим. Демак, Навоий ҳайрат ҳақида гапирар экан, оллоҳ ва олам моҳиятини англаб етишга ақлининг ожизлиги, кўнглини баъзида шубҳа-иккиланиш, ташвиш-тараддуд чулғаб олганини ҳам изҳор этган. Демак, Навоийнинг ҳайрати бошқа.
Келтирилган байтда ҳам “Борлиқ моҳияти, сир-синоатини ўйлаганинг сари ўзингнинг ожизлигингни тушуниб етасан, бинобарин, дунё ишлари ҳақида кўп беҳуда фикр этма-да, маърифатингни ошириш пайидан бўл (ўшанда барча ҳақиқатлар юзидан парда кўтарилиб, кўз ўнгингда илоҳий сирлар намоён бўлади)” деган фикрни илгари сурган.
Ўз даврининг фозил кишиси сифатида Навоийнинг оллоҳнинг зоту сифатларини идрок этиш, олам моҳиятини англаш, инсон қалби сир-синоатларини билишга, ҳаёт маъноси, инсон умрининг мазмунини тушунишга интилгани, табиий. Лекин, у ўзининг бу борадаги билим ва хулосаларидан қониқмаган, имкон қадар кўпроқ нарсани билишга уринган – унинг коргаҳ, корхона тушунчалари билан боғлиқ байту мисралари билишга чанқоқ кўнгилнинг ҳайрату ҳаяжонлари, тафаккур ва тахайюллари, эътирофи ва иқроридир.

 


2 дан 63 сахифа