Отабек Сафаров. Ижод завқи ва машаққатлари PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:50

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевдан салмоқли адабий мерос қолди. Айниқса, ўзбек ҳикоячилигига катта ҳисса қўшган адибнинг “Сайланма”лари (дастлабки уч жилди)га жамланган саксон еттита ҳикоялари унинг бутун ижоди, хусусан, кичик жанрдаги самарали фаолияти ҳақида тўлақонли тасаввур бера олади. Аммо, адабиёт ихлосмандларига яхши маълумки, Шукур Холмирзаев фақат ҳикоянавислик билан чекланиб қолгани йўқ, аксинча, у бадиий ижоднинг бошқа жанрларига ҳам мурожаат этган, жумладан, қатор эссе, қисса, роман, драма, табиат ва инсон, адабиёт ва жамиятаро муносабатларга бағишлаб кўплаб мақолалар ёзган фаол муаллифлардан эди.

Шукур Холмирзаев адабий мероси ҳақида гап кетганда, бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Ёзувчининг китобхонлар эътиборига ҳавола этилганларидан ташқари турли сабаблар билан нашр юзини кўрмаган ёки бир қисми эълон қилинган, алоҳида китоб шаклида чоп этилмаган асарлари ҳам бор. Гарчанд умр бўйи адабиёт дарди билан яшаб, унинг муаммосини ўз қайғуси деб билган эса-да, адиб кўпроқ ёзишни ўйлаган, асарларининг босилиб чиқишига иккинчи даражали масала деб қараган эди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзади: “…мени ҳамма вақт фақат ёзиш қизиқтирган, ёзиш жараёнидан завқ олганман. Асар матбуотда чиққач, бир кун-ярим кун хаёлимда бўлган, кейин елкамдан ошириб ташлаганман, давоми қизиқтирмаган”. Натижада ёзувчининг баъзи асарлари алоҳида китоб ҳолида эълон қилинмай, газета-журналлар ва айрим тўпламлар қатида қолиб кетаверади…
Адибнинг китобхонлар ҳукмига ҳавола этилган романи бешта: “Сўнгги бекат” (1974), “Қилкўприк” (1984), “Йўловчи” (1986), “Олабўжи” (1992), “Динозавр” (1996). Булардан учтаси – “Йўловчи” (бир қисми), “Олабўжи” ва “Динозавр” (биринчи китоби) “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида чоп этилган. Аммо бу асарларнинг тақдири ҳам силлиқ кечмаган. Биринчидан, муаллиф ўз ижодига танқидий кўз билан қарагани, ёзаётганларини изланишлар натижаси деб билгани боис, ушбу асарларидан кўнгли тўлмаган. “Шукур Холмирзаев ўзига талабчан ёзувчи, – деб ёзади академик Матёқуб Қўшжонов. – Асар устида узоқ вақт ишлаб, битгач, ўзига ёқмай қолса, “уни бир амаллаб эълон қилиб ола қолай”, деб ўйламайди, ҳатто ундан воз кеча олади ҳам”. Бу фикрни ёзувчининг ўзи ҳам тасдиқлайди. У бир жойда “Йўловчи” романининг журналда эълон қилинган дастлабки ўн олти бобидан воз кечганини айтса, бошқа бир суҳбатда “Қилкўприк” романи ҳам кўнглидагидек чиқмаганини билдиради: “Бальзак битта роман ёзишдан олдин бешта романнинг бошига етган. Шундай экан, нега машқ қилиб кўрмаслигимиз керак? Ҳозир 4-5 романим бор. Сўнггиси, “Олабўжи” ўтган йили “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинди… Назаримда, ҳозирча энг яхши романим шу бўлса керак. Шунинг учун ҳам “Йўловчи”, “Қилкўприк” романларимдан кечдим”. (Таъкидлар бизники – О.С.)
Иккинчидан, муаллифнинг асарлари ёзилганидан сўнг ҳам осонликча чоп этилавермаган, ўз вақтида жуда кучли қудратга эга бўлган адабий назорат (цензура)нинг “таҳрир”идан ўтган (бундай қисматга бошқа ижодкорларнинг асарлари ҳам дуч келган эди). Масалан, салкам етмиш йил мобайнида, қатор-қатор тадқиқотларда, бадиий асар сифатида тақдим этилган битикларда “босмачилик” деб атаб келинган, аслида эса ватандошларимизнинг босқинчиларга қарши кураши ўлароқ юзага келган миллий озодлик ҳаракатига бағишланган “Қилкўприк” романи ҳам мафкурашунослар чиғиридан ўтган. Адибнинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: “Қилкўприк” романида эса, дунё қўлдан кетди, деганман. Бунда 18-йил воқеалари ёзилган, лекин мен 22-йил, деб сакраб ёзганман. Мени концепция қизиқтирган. “Қилкўприкдан ўтдик, жаннатга эмас, дўзахга ўтдик”. Шу охирги жумла чиқмаган. Аслида, охири бундай тугаган эди: “Дўстлик қабристони тепасида бир неча кишилар пайдо бўлди. “Э, бу бойнинг қизи экан-ку. Бу эшони Судурнинг набираси экан-ку”, деб уларнинг сўнгакларини олиб, Бойсунсойга ташладилар. Итлар ғажиб ташлади”. Мен шу жумла учун бу асарни ёзган эдим”. (Таъкидлар бизники – О.С.). Чиндан ҳам, асарда шўролар орасидан гўё қочган бўлиб лашкари ислом – “босмачилар” орасига борган Қурбон (“эшони Судурнинг набираси”) минг бир таҳликада, ҳар дам сири фош этилишидан хавотирланиб, жонини гаровга қўйганча шўро раҳбарлари берган топшириқни адо этадики, хизматлари эвазига “Бу эшони Судурнинг набираси”, деган айб билан (ҳолбуки, Қурбоннинг устози эшони Судурдан қийнала-қийнала воз кечгани, унинг ўзларига хизмат қилишини истаб, “Шундай одам!.. Биз (шўролар – О.С.) тарафда бўлса!..” деган изтироблари романда маҳорат билан тасвирланган) сўнгаклари тимсолида хотирасининг хорланиши янги тузум – шўролар учун одамнинг заррача қадри бўлмаганининг далили эди. Айтиш керакки, “одамзоднинг иродасини букиш, руҳини синдиришга қаратилган” (Шукур Холмирзаев таъбири) собиқ тузумда одамнинг ўзидан кўра меҳнати устун қўйилгани, “хизматини ўтаган” деб ҳисобланган инсонлардан осонгина воз кечилгани шўроларга умрини тиккан, бу йўлда не-не жонбозликлар кўрсатган, аммо охирида хўрланган Эшниёзнинг аччиқ қисмати мисолида “Эсиз, Эшниёз” (1987–1988) ҳужжатли қиссасида ифодаланган.
Шукур Холмирзаевнинг “Динозавр” романи, гарчанд, адиб бу асарининг кўнглидагидек чиқишига умид қилган эса-да (“Динозавр” романим, илоё, сўнгги асарим бўлмасин, шу менинг суянган тоғим”), тугалланмай қолган. Асар уч қисмдан иборат бўлиши кўзда тутилган, биринчи қисми “Ёшлик” журналида чоп этилган, адиб иккинчи қисмини ҳам тугатиб, учинчи қисмини ёзаётгани ҳақида хабар берган, аммо асарнинг қолган қисми матбуот юзини кўрмаган.
Маълумки, адабиётшуносликда шоир ва ёзувчиларнинг қўлёзмалари, янги асар учун тўплаётган маълумотлари, шунингдек, асарларидаги ишоратлар орқали уларнинг ижодий нияти, режа ва ғоялари ҳақида ҳам сўз юритилади. Масалан, Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асарининг сўнггида Султон Ҳусайн тарихи ҳақида достон ёзиш нияти борлигини баён этади. Шунингдек, улуғ шоирнинг кўп асрлик севги қиссаси – Юсуф ва Зулайҳонинг оташин муҳаббати ҳамда ўзининг севгиси ҳақида ҳам ёзмоқчи эканлигини билдиради. Улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг навбатдаги ижодий режаларидан бири “Амир Умархоннинг канизи”, “Намоз ўғри”, “Даҳшат” романларини ёзиш бўлганини мутахассислар қайд этишади.
Аслида, ҳар бир ижодкорда бундай ният бўлиши табиий. Шукур Холмирзаев ҳам айрим суҳбат ва мақолаларида келгусидаги режаларини баён этади. Масалан, адиб бир ўринда “Қирқ оға-ини” деган қирқта ҳикоя ўйлаб” қўйганини, бошқа жойда “Аросат даштидан 73 мактуб” туркумида ҳикоялар яратиш нияти борлигини билдиради. Шунингдек, ёзувчи Омон Мухторнинг эслашича, Шукур Холмирзаев икки мавзуда – муҳаббат тўғрисида ва шоир Турди Фароғий ҳақида роман ҳам ёзмоқчи бўлган: “…дўстим, оғайним, истеъдодли адиб Шукур Холмирзаев кўпинча суҳбатларимизда ёзаётган асарлари сингари, ўйланган асарлар бобида ҳам гапирар эди. Жумладан, икки роман устида сўзлашганимизни эслайман. Биринчиси, мумтоз адабиётимиз вакилларидан Турди – Фитрат таъбири билан айтганда, “ўзбекнинг бу қизиқарли шоири” – ҳақида роман. Иккинчиси, муҳаббат ҳақида. Бировга ўхшамаган янги талқинда”. Аммо бу ниятлар кўнгул қатида орзулигича қолиб кетди.
Шукур Холмирзаевни яқиндан таниганлар унинг чўрткесар, бир сўзли, камгап, баъзида қайсар инсон бўлганини эслашади. Қизиғи шундаки, Шукур Холмирзаевнинг табиатидаги бундай сифатлар асарлари тақдирига ҳам таъсир этган. Мана битта мисол: адиб “Хаёл ва ҳаёт” деган янги роман ёзиб, Ёзувчилар уюшмасига олиб боради. Дарвоқе, унгача адабиётшунос олимлар ва адиблардан Иброҳим Ғафуров, Пирмат Шермуҳаммедов, Машраб Бобоев асарни мутолаа қилишиб, муаллифни қутлашади. Ўзига ишонган ва, табиийки, илк мухлисларнинг хайрихоҳликларидан янада руҳланган Шукур Холмирзаев янги романини Ёзувчилар уюшмасига муҳокама учун тақдим этади. Бироқ… “Кенгаш раиси Ҳаким Назир жуда қийналиб кетиб: “Шукуржон, яхши-яхши. Аммо проблемаси йўқ. Ҳеч бўлмаса, асар марказига битта қишлоқ хўжалигига доир проблема қўшинг”, дейди. Бундай муносабатдан жаҳлланган Шукур Холмирзаев “романни Ёзувчилар боғидаги иморатнинг ортида – улкан чинор остида” куйдиради. Бир қараганда, ёзувчи бамисоли бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйгандай – аламини асаридан олгандай туюлади. Қолаверса, ижодкорлар ҳаётини ўрганган кишиларнинг қайд этишларича, турли сабаблар билан, аксар ҳолларда, ёзганидан кўнгли тўлмаган муаллифнинг ўз қўлёзмасидан воз кечиши ягона ҳодиса эмас. Аммо “Хаёл ва ҳаёт”нинг куйдирилиши – бошқа масала. Бунда ёзувчи ўзини тушунмаганликларидан ўксийди, игна билан қудуқ қазишдай машаққатли меҳнати қадрланмаганидан ҳам кўра, фикри йўққа чиққанидан эзилади. Ижодкор учун ёзиш ўзини англатиш воситаси эканини инобатга оладиган бўлсак, фикри, нияти, ғоя ва мақсади ифодаланган асарининг жўн, юзаки баҳоланиши муаллиф учун ғоятда оғриқли экани аёнлашади.
Перулик ёзувчи Марио Варгас Льоса ижод моҳияти, ижодкорнинг адабий ва ҳаётий тутумлари ҳақида фикр юритиб, шундай ёзади: “Ҳақиқий бадиий истеъдод эгаси учун, аввало, Худо берган истеъдодни юзага чиқаришнинг ўзи олий мукофот, бошқа барча нарсалардан кўра ардоқлидир”. Айни мулоҳазаларни ҳеч бир муболағасиз Шукур Холмирзаевга нисбат бериш мумкин. Зотан, у ҳам ёзишдан лаззат олган, ижод машаққатларини ҳузур, дея қабул қилолган ёзувчи эди. Адибнинг асарлари ҳамон мутолаа қилинаётгани эса, ижодкор меҳнатларининг бесамар эмаслигидан далолат беради.

 
Нодира назмида Амирий тимсоли PDF Босма E-mail
02.09.2014 14:55

Қўқон хони ва истеъдодли шоир Муҳаммад Саид Амир Умархон-Амирий шахсини ўрганишда, оилавий ҳаётдаги ўрни, ижодий истеъдоди тавсифи сифатида Нодира девонининг дебочасиш қабул қилиш мумкин. Бу хусусда ф..ф.д. М.Ш.Қодирова қатор тадқиқотларида сўз юритганлар. Биз ҳам баъзи жиҳатлари ҳақид фикр билдириб ўтишни жоиз топдик.

Нодирабегим ўз жуфти ҳалолининг сифатларини ўта назокат билан, шарқона одоб доирасида бирма-бир кўрсатиб ўтади ва натижада Амирий кўз ўнгимизда маънавияти ҳар жиҳатдан бой киши бўлиб гавдаланади. Нодира талқинларида унинг умр йўлдош бўлган кўтаринкилик, айрим муболағали ўринлар ҳам бўлиил мумкин. Бироқ биз бу талқинларда икки мўътабар шахс ўртасидаги оила тарихи, ҳамкорона ижод тарихи, оилавий муҳаббат ёлқинларининг шеъриятга кўчиш тарихидан хабардор бўламиз.

Ҳакимхон тўранинг “Мунтахобут таворих” асарида: ”Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг пардаи исматида бир қизи бор эди, исм Моҳлар ойим эрди. Амир Олимхон хоҳладиким, ул мухаддарани Амир Умархонни никоҳига киргузса...”  ва шундай бўлди ҳам.
\

“Амир Умархон ба чанд кун айшу ишратга машғул бўлди, ба чанд вақтдан сўнг фарзанди муштари саодат вужудға келди, ул Шаҳзоданинг исмини Муҳаммад Алихон қўйдилар...”

“Айшу ишрат” сўзларини бу ўринда ўзининг туб маъносида эмас, осойишга, самимий, тинч оилага хос тавсиф сифатида қўлланилганини ҳисобга олсак, Нодиранинг ўз девони дебочасида битган изҳори диллари нечоғлик ҳақ эканлиги кўринади.

Шоира ўз ҳолини баён этади: “Фироқ ошубидин ошуфта хотир ва ҳижрон аламидин кўнгилда хавотирдур”. Чунки, унинг умр йўлдоши Амир Умархон жуда эрта - навқирон ёшида вафот этади. Улар ҳаётида эслашга арзигулик хуш онлар бўлганки, Нодира уларни доимо армон билан ёдлайди. Унинг хотираларидан Амирий оилапарвар, самимий инсон сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Нодира:

Эй хуш ул кунларки, васл базмида масрур эдим,

Шоду хуррам давлати дийдорига мағрур эдим...

Бўлиб адлидин ьлни осойиши,

Анинг давлати эрди эл хоҳиши.

Амири жаҳонким менга ёр эди,

Анинг бирла хуш давлатим бор эди... дея эслайди. Амирийнинг “латойиф шоир табиатлари” туфайли Нодира билан ўртасида ўта назокатли ва дилкаш суҳбатлар, ҳаёт, салтанат ва оиланинг турфа масалаларига дахлдор мубоҳасалар фчганлиги дебочада қайта-қайта уқтирилади. Айни пайтда Нодира Амирийни ўз устози, шеъриятда маслаҳатгўйи сифатида ҳам ҳурмат билан тилга олади: “Ас-суҳбату муассиратун” (бир-бирига таъсир этувчи ёқимли суҳбат) натижаси бирла кам-кам шеър қонунидин хабардор бўлур, гоҳо бирор мисраъ ва гоҳо бирор байт тақлид айтур эрдим. Ҳазрат баъзи нуқсонларига ислоҳ бериб, мавзун ва мурассаъ қилур эрдилар. То андак фурсатда ашъор қоидаларига мувосанат пайдо қилдим, то назм фунунига моҳир ва мазмун сеҳрида соҳир йўлдим”.

Шоир икки ўртада кечган мушоираларни ҳам кейинча: “Гоҳо ул ҳазрат баъзи тоза мазмунлардин бир мисра бирла савол тариқасида сўрар эридлар, филфавр охири мисраъ бирла жавоб айтур эрдим ва табиатларини хуш қилур эрдим... Бу тариқа мазмунлар бирла кўнгулларига фараҳ етказур эрдим, мундоғ матойиф ва назокийлар бирла рўзгори давлат ва салтанат хуш кечар эрди”.

Бу мустаҳкам оилавий ҳаётга, унинг шодком онларига ўлим ҳажр риштасини солади. Нодиранинг жудолик фироқномаларила Амирийнинг ҳамма эзгу сифатлари акс этган деб айтиш мумкин. Нодира мотам кунларидаги йиғи усулида уларни бирма-бир қаламга олади. Улар шоиранинг шеърларига ҳам тўла кўчиб кирган:

Васл уйин обод қилдим, бузди ҳижрон оқибат,

Сели ғамдин бу иморат бўлди вайрон оқибат... ёки, машҳур ғазалларидан бўлган “Тушумда курсам эди” радифли шеърида изтиробу ўтмиши тилга олинади:

Чу даври роҳатим ўтти, зиҳи саодат эди,

Муроди жону танимни тушумда кўрсам эди...

Нетонгки, шоиранинг “кўз очмайин ғамида” кунлари ўтса-да тушларига кириб бормайди. Ёазал мақтаъсида қумсашнинг энг юқори чўққиси намоён бўлади:

Фироқ, Комила, кўнглимга доғлар қўйди,

Амири сафшиканимни тушумда кўрсам эди.

Анъанавий ташбеҳлар аниқ инсон шахсини ёритишга бўйсунади Юқоридаги ғазалда қўлланган “нигори гулбадан”, “лаби шакаршикан”, “ёри сиймтан”, “юзи гул”, “қади шамшод”, “кўзлар: наргис”, “нигоҳи сеҳр фан”, “орази чаман” каби ифодаларда ва айниқса мақтаъдаги “Амири сафшикан” ифодаси хаёлий гўзал сиймо анъанавий ёр эмас, айнан Амирийнинг тасвири сифатида кўзга ташланади.

Амирий ҳақидаги юқорида келтирилган таърифлару жудолик оҳангларида Нодира нафақат вафоли ёр, айни пайгда оила аталмиш муқаддас маъводан қониқишни туя билган қалб, инсон дардини шеъриятга маҳорат билан сингдира олган шоира сифатида ҳам намоён бўлади. Нодира девонида Амирий шахсиятини характерловчи сатрлар кўп ва улардаги ғояларни илдизи албатта оилага келиб тақалади. Шу жараёнда Амирийни янада аниқроқ тасаввур қила бошлаймиз. Унинг ижод оламига ҳам чуқурроқ кириб борамиз.

ЗЕБО ҚОБИЛОВА

 
Тил ўрганиш учун туғма қобилият керак PDF Босма E-mail
28.08.2013 19:11

Маълумки, истиқлол берган неъматлар сирасига хорижий тилларни ўрганиш, чет элларга чиқиш ва хорижий юртларда ўша элнинг она тилида сўзлашиш имконияти ҳам киради. Мустақиллик йилларига келиб юртимизда хорижий тилларни ўрганишга эътибор кучайди. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ёшларимиз орасида чет элликлар билан мулоқот қила оладиганлар кўп. Аммо табиийки, хорижий тилларни ўрганиш борасида баъзи муаммолар ҳам йўқ эмас. Адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланади.
- Устоз, нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кунга келиб тил ўрганувчиларнинг асосий мақсади бизнес қилиш, ўрганмоқчи бўлган хорижий тилида сўзлашадиган давлатлардаги ишбилармонлар билан мулоқот қилиш бўлиб қолмаяптими? Тил ўрганишдан асосий мақсад нима бўлиши керак ўзи?
– Хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш бугун ҳар қачонгидан ҳам ортгани чин. Бунинг бош сабаби - мустақиллик туфайли барча чет давлатлар билан мулоқот қилишга йўл очилди, яна бир омил эса ахборот алмашиш кўлами ва суръати тобора ортиб, мамлакатимизнинг умумдунёвий глобаллашиш доирасига тортилиб бораётгани бўлди. Аслида, тил ўрганиш ҳамиша муҳим саналган. Фарқи - аввалги замонларда яқин теваракдаги халқларнинг тилларини ўрганиш кенг ёйилган бўлса, ҳозир олисми-яқинми, бундан қатъи назар, иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган миллатларнинг тилини ўрганиш урф бўлди. Ҳозир чет тилларни ўрганишга кенг йўл очилди. Аввал асосан пединститутларнинг инглиз, олмон ё француз тили факультетларида бу тиллардан таълим берилган бўлса, ҳозир тиллар бўйича бир неча олий ўқув юртлари очилиб, ўнлаб хорижий тиллар ўрганиляпти. Энг қувонарли томони - илгари мактабда бояги тилларни ҳарчанд ўрганмайлик, беҳуда кетар эди: айтайлик, инглиз тилини унча-мунча ўзлаштирган бола нари борса бирон пединститутнинг шу тил бўйича факультетига ўқишга кирар, уни битиргач, мактабга бориб, яна болаларга шу тилни ўргатар... шу тариқа, худди доиранинг ичида югурган олмахон қанча чопса ҳам, бир жойда турганидек, чет тилини ўрганиш беҳуда бир машғулот қаторида эди. Масалан, менга ҳам мактабда беш йил чет тилини ўргатишган, аммо ҳозир бу тилни, бир инглиз ўзбекчани қанча билса, шу даражада биламан, ортиқ эмас.
Ҳозир эса тил билишнинг амалий фойдасини ҳамма кўриб турибди. Албатта, фойда дегани кенг тушунча. Шахсий фойда, жамоат ва жамият фойдаси каби. Агар чет тилини ўрганиш фақат у ёки бу кишининг шахсан наф кўриши учун бўлса, давлатнинг оламжаҳон маблағ сарфлаб, минглаб талабаларни ўқитишига ҳожат бўлмасди - кимга керак бўлса, марҳамат, имконини топса, ўрганиб олаверсин эди. Чет тилларни ўқиш ва ўқитиш биринчи навбатда умумдавлат аҳамиятига молик иш. Кимки бунга фақат шахсий манфаат нуқтаи назаридан ёндошса, кўрадиган фойдаси ҳам шунга яраша бўлади - икки одам ўртасида тилмочлик қилиб, чойчақа топади, вассалом. Хорижий тилни ўрганишнинг ўзи мақсад эмас, восита деб ҳисобланиши лозим. Уни ўрганиш орқали киши аввало мамлакати, халқи учун оздир-кўпдир наф етказишга бел боғласин. Мақсад каттароқ қўйилиши керак, демоқчиман. Шифокор бўлиб, тиббиётнинг муҳим бир муаммосини ҳал қиламан, шу орқали эл-юрт корига ярайман, деган ният билан билим олган талаба қандай мутахассис бўлиб етишади-ю, шу касбдан тирикчилик ўтказаман, деб ўқиган бола қанақа шифокор бўлади - фарқи ўзингизга аён. Чет тили мутахассиси бўлиш борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Масалан, таржима қилиш, эл-юртини жаҳон адабиёти ва илм-фанининг энг сара намуналаридан баҳраманд қилиш шунинг бир мисоли...
- Таржимани тилга олганингиз учунми, ёдимга тушди: бир таржимон, киши хорижий тилни яхши ўрганиш учун аввало ўз тилини мукаммал билмоғи шарт, деган эди.
- Мен буни сал бошқача талқин этган бўлардим. Тил ўрганмоқчи бўлган кишида бунга туғма мойиллик бўлиши лозим. Созанда ё бастакорга мусиқий уқув қанчалик шарт бўлса, шу сингари, чет тилини ўрганишга бел боғлаган кишидан ҳам тил ўрганиш қобилияти талаб қилинади. Ундай қобил одам эса, аввало она тилини яхши билиши турган гап.
-  Аммо шундай одамлар ҳам бор-ку: ўз она тилини унча яхши билмаса-да, бошқа бир тилни жуда яхши ўрганиб олишган? Ё уларнинг қобилияти ажнабий тилни ўрганишга мойилроқмикин?
– Йўқ. Паспортига кўра ўзбек, аммо бу тилда аранг ғўлдираб, рус тилини қойиллатадиганлар тоифасини кўзда тутаётган бўлсангиз, ундайлар учун она тили - рус тили, ўзбек тили эса... иккинчи бир тил, холос.
Аммо мени шу саволингизга тегишли бошқа бир масала кўпроқ ўйлантиради. Эътибор қилганмисиз, чет тилини ўрганишда бизда  бир  ишкаллик бор.  Яъники,  москвалик бир ўрис бола билан тошкентлик бир ўзбек бола, айтайлик француз тилини, қобилиятлари бир хил бўлгани ҳолда, олти йил ўрганадиган бўлса, москвалик бола ўша ажнабий тилни яхшироқ эгаллаб олган бўлади - бу тилда бемалол гаплашади, хат ёза олади ва ҳоказо. Бизникилар эса бу даражага етиши учун камида институтни битириши керак...
– Нега, ахир бизда ҳам хорижий тилларни қойиллатиб ўрганиб, чет эллардаги тил кўрикларидан совринлар олиб қайтаётган ёшлар бор-ку?
– Борликка бор, йўқ эмас. Аммо мен айрим фавқулодда истеъдодли ва саноқли миқдордаги одамларни эмас, кўпчиликни назарда тутяпман-да.
–  Хўп, борингки шундай бўлса, бунинг сабаби нимада? Ёки фарзандларимизда тил ўрганиш лаёқати сустроқми?
– Аксинча. Бизнинг болаларимизда билимга интилиш кучлироқ ҳам. Аммо, лекини бор. Гап шундаки, ўша француз тилини ўрганишда ўзбек боласи олдида бир сунъий тўсиқ мавжуд. Бояги масковлик бола француз тилини иккинчи тил сифатида (рус тили+француз тили) ўрганса, бизнинг ўқувчилар олдида муқаррар равишда «иккинчи она тилимиз» - рус тилини ўзлаштириш ҳам бор. Яъни, ўзбек тили+рус тили+француз тили. Демак, бу ҳолда француз тили - учинчи тил дегани. Москвалик бола французча билан бир вақтнинг ўзида хитойчани ҳам ўрганиб кўрсин-чи, ҳоли нима кечаркин? Ана энди қорақалпоқ ўқувчиси учун француз тили тўртинчи тилга айланади, Қорақалпоғистондаги қозоқ мактаб ўқувчиси учун-чи? Одамнинг имконияти чексиз эмас, ҳамма ҳам полиглот бўлиб туғилавермайди. Ҳатто энг ривожланган мамлакатлар, масалан, Япония ё Германиядаги аҳолининг ҳам қарийб тўқсон фоизи фақат ўз она тилидангина хабардор. Чунки мамлакатнинг тараққий этиши аҳолининг кўп тилни билишига бевосита боғлиқ эмас. Тил билиш, албатта, фазилат, аммо у мажбуриятга айлантирилмаслиги керак.
Энди, фарзандларимиз чет тилини яхши ўрганиши учун мен бир нарсани таклиф қилган бўлардим. Тажриба тариқасида бир неча мактабда рус тилини иккинчи тил сифатида, яна бир неча мактабда инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш мумкин. Ахир, рус тили ҳам - чет тили, олмон тили ҳам. Она тилидан ташқари яна битта чет тилини ўрганса, бола кўнгилдагидек натижага эришиши осон кечади. Бир вақтнинг ўзида - тўрт-беш йилнинг ичида икки-учта чет тилини аралаш забт этиш... амри маҳол, менимча. Бу ҳолда рус тилини ўрганиш ҳам ора йўлда қолади, хорижий бирон тилни ҳам. Иккита чет тилини - бирини чала-чулпа, иккинчисини эса фақат номига билгандан кўра битта хорижий тилни қойиллатиб ўрганган яхши эмасми?
– Шу ўринда ўзимни анчадан бери ўйга толдирган бир гап: бошқа тилни ўрганаётган кишини ўша тилнинг грамматикаси қийнайди. Сизнингча, тил билиш учун сўзлашиш муҳимми ёки грамматикани ўрганиш?
– Биз она тилини ота-онамиздан, ака-опалар, хуллас, атрофдаги одамларнинг гап-сўзидан ўрганганмиз. Беш-олти яшар чоғимиздаёқ нутқимиз бурро бўлган эди. Маълум бўладики, тил ўрганиш учун жонли тил муҳити бўлиши керак экан. Муҳит бўлмаса, тил ўрганиб бўлмайди. Афсус, нафақат чет тили, ҳатто она тили дарсларида ҳам яланг грамматикадан таълим берилади - жонли тил бир бутун, тирик ҳолда эмас, гўё сўйиб майдалаб, оёқ, буйрак, пайлар, суяк каби грамматик парчалар ҳолида ўқитилади. Яъни, олмошу равиш, аниқловчи, ҳол, эргашган қўшма гапнинг фалон тури... аммо зинҳор нутқ эмас. Жонли нутқ - мана шу энг муҳим нарса она тили дарсларида ўргатилмайди. Албатта, грамматика ҳам керак, аммо алгебра арифметикадан кейинги бир босқич бўлганидай, боланинг нутқи етарли даражада камол топган: фикрини эркин сўзлаб, қоғоз бетига бехато иншо қила оладиган даражага етганидан кейин ўргатилса дурустроқ бўларди. Ахир ўзингиз ўйланг, юзлаб грамматик қоидани сув қилиб ичиб юборган бир талаба ота-онасига чиройли бир мактуб ёзишни эплай олмаслиги, тўртта одам олдида фикрини ифодалай олмай қолиши мумкин-ку? Чет тилини ўргатиш борасида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Шунинг учун бизда чет тили ўқитувчиси кўп, аммо чинакам чет тили мутахассиси ниҳоятда кам.
Албатта, хорижий давлатда бир ой бўлган одам бу тил грамматикасини бир йил ўқиган одамга қараганда кўпроқ ўрганади. Ана шуни тил муҳитининг таъсири, деймиз. Табиий, бу ерда биз айтган муҳитни мукаммал равишда барпо қилишнинг иложи йўқ. Шундай экан, унинг ўрнини қоплаш учун бу тилдаги адабиёт кенг ўқитилиши керак. Чунки бадиий адабиётда шу халқнинг дили акс этади, тилни ўрганишда эса бунинг аҳамияти жуда катта. Ахир, ўзингиз ўйланг, олмон тилини бир нави ўрганган бўлсангиз, аммо бу тилда ижод қилган Гёте, Шиллер, Томас Манн каби ўнлаб дунё адабиёти классиклари асарларини уларнинг она тилида ўқимаган бўлсангиз, сизни олмон тилини билади, деб бўладими?...
—    Мулоҳазаларингиз ўринли, устоз... Қанийди, орамизда сизу биз кўзда тутган мақсадни юрагига жо айлаган ёшлар кўпайса. Хорижий тилларни фақатгина моддий даромад топиш учун эмас, ўша тилда сўзлашадиган миллатнинг бой маданий, маърифий-маънавий меросидан намуналар ўрганиш учун ўзлаштиришса. Бу айни кўпчиликнинг кўнглидаги муддао бўларди.

Умида АЗИЗ суҳбатлашди.

 
Тилни асраш – элни асрашдир PDF Босма E-mail
23.10.2015 05:09

Мустақиллигимиз арафасида, 1989 йил 21 октябрда ўзбeк тилига давлат тили мақоми бeрилиши тилимиз тариxидаги муҳим ютуқлардан бири бўлганига шубҳа йўқ. Ҳар йили ушбу кун олдидан ўзбек тили ва унга эътибор беришга доир турли мақолалар, кўрсатувлар, чиқишлар, йиғилишлар қилиш одат тусига кирган. Мен ҳам шу фурсатдан фойдаланиб тилга оид айрим ва ожизона фикр­мулоҳазаларимни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига чорак асрдан кўп вақт ўтган бўлса­да, ҳануз у ўз тахтига ростмана ўрнашмагандек туюлади менга. Ҳали ҳам айрим жойларда русча ҳужжат, русча лавҳалар, русча мулоқот ва ҳоказо. Ҳатто русча гапирмасангиз, аччиқ қиладиганлари ҳам бор. Рекламалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўз тилида тўғри гапиришни билмайдиган, аммо қайсидир чет тилида ифодали сўзлаши билан мақтанадиган ўзбекларимиз ҳам йўқ эмас. Ўзбекча сўзларни русча талаффуз билан айтадиган, икки гапининг бирига русча сўз тиқадиган олифта хонимлар эса ҳар қадамда учрайди. Бир гапнинг ярмини ўзбекча, ярмини русча қилиб ўзини кўрсатадиган «маданятли»лар ҳам талайгина. Бу билан чет тилини ўрганишни ёки бошқа тилда сўзлашни қораламоқчи эмасмиз, фақат бу ерда ўз тилини паст санаш, писанд қилмаслик, унга меҳр бера олмаслик каби иллатлар яшириниб ётганидан куюнмоқдамиз. Марҳамат, бошқа тилни ўргансин, ўша тилда гапирсин, керак бўлса, ўша тил эгаларини қойил қолдирсин, аммо ўз тилини унутмасин, паст санамасин. Ўзбекча гапиряптими, бир йўла ўзбекча сўйласин. Чет тилида равон сўзлай олишидан фахрланишдан олдин ўз тилида ифодали гапиришни ўрнига қўйиб қўйсин.
Оламийлашув (глобаллашув) жараёнининг ҳамлалари энг аввал тилга йўналган бўлади. Бундай вазиятда ўз тилига махсус «саралагич» қўя олмаган халқлар вақт ўтиши билан ўз тилларини бой бериб қўйишлари, унинг катта қисмидан айрилиб қолишлари ҳеч гап эмас. Тўғри, четдан кираётган ҳамма сўзни ҳам таржима қилиб бўлмайди, хусусан, халқаро миқёсда кенг тарқалган, масалан, поезд, аэропорт, телефон, компютер каби сўзларни қабул қилиш фойдалироқ бўлиши мумкин. Аммо дуч келган сўзни фарқламай ўзлаштириш, ўз тилида таржимаси ёки ўринбосари бор бўлган сўзни ҳам қабул қилавериш ҳар қандай тил учун офат бўлади. Афсуски, бугунги кунда бизда мана шундай ҳолат жуда ҳам кўп учрамоқда. Ҳатто ўзбек тилидаги шакли осон бўла туриб, четдан кирганини қўллашга одатланиб қолинган.
Мисол учун, «разворот қилмоқ» деган жумла ўрнига «қайрилмоқ» деган сўзни ишлатиш мумкин. «Остоновка» деган узун сўз ўрнига ўзбек тилида «бекат» деган қисқагина сўз бор. «Доставка қилиш» демай, «етказиш» ёки «етказиб бериш» дейишнинг нимаси қийин? «Мойка қилишим керак», деб қўйишади. «Мойка» ўзи ювмоқ дегани. «Ювиш қилишим керак» дейиш ўрнига «ювишим керак» ёки «ювдиришим керак» дейиш осонмасмикин? (Бу сўзни аввалига фақат машина ювишга ишлатилар эди, энди эса, «идишларни ювиш керак», демай, «идишларни мойка қилиш керак» дейдиган бўлишди.) «Медсестра қиз кирди» деб чўзмай, «ҳамшира кирди» деса қулаймасми? Бу рўйхатни истаганингизча давом эттиришингиз мумкин.
Очиғини айтганда, айрим одамларимиз ўз она тилидан шунақа узоқлашиб кетибдики, мазкур сўзларнинг ўзбекчасини айтсангиз, ҳатто тушунмай ҳам қолади. Мен ўзим кўп марта синаб кўрдим. «Боришингизда ўнг тарафда бекат келади», десам, «бекат дегани бу дўконмикин ё маркетмикин» деб ўйланиб қолди шекили, анқайиб турибди, «бекат – остоновка» десам, «ҳа­а» деб қўяди. «Фалон бекатдан ўтиб ортга қайриласиз», десангиз, индамай туриб қолади, «разворот...» десангиз, «ҳа, шунақа денг, хўш, разворот қиламан, кейинчи?» дейди. «Етказиш хизмати борми?» десам, хизматчи ўйланиб турибди, «достовка» десам, кейин тушуняпти. Буни қарангки, ўзбекча сўзларни ўзбекларга ажнабий сўз билан таржима қилиб бериш керак бўлиб қолибди. Совутгич – кондитсонер, музлатгич – холоделник, яхлатгич – морозилник, ўриндиқ – сденье, гўшак – трубка, сообщения – хат, мактуб ва ҳоказо.  Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Энг ачинарлиси, ўзбек тили ёки адабиётга доир айрим қўлланмаларда ҳам аҳвол бундан кам эмас. Ўзи ўзбек тилини ўргатмоқчи, аммо ўзбекча атама йўқ, ҳаммаси лотинча ёки русча. Ҳеч бўлмаганда атамаларни ўзбекча талаффузга мослаштирмаган. Ахир бу аҳволда қандай қилиб ўзбек тилини ардоқлашни уқтира олади? Агар яна беш­ўн йил индамай бепарво қараб турилса, ушбу бетакрор, гўзал ўзбек тили барча ҳусну жамолидан мосуво бўлиб, қандайдир қоришма, ноаниқ бир тилга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Ўзимизга билинмай қолган экан. Бир тожик киши русча аралаш  тожикча гапирган эди, жуда эриш туюлди. Ваҳоланки, ўша русча сўзлар ўрнига тожикча сўзлар ҳам ишлатиш мумкин, маънони ифода этаверади, аммо у бечоралардан ҳам мустамлаканинг асорати ҳануз кетмабди.
Маълумки, ўзбек тилида «ц» ва «юмшатиш белгиси» ишламайди. Аммо ҳали ҳам матбуот ва адабиётларда бу ҳарфлар берилмоқда. Ҳеч қайси ўзбек уларни талаффуз қилмаслиги аниқ ва қизиғи, бунга ҳожат ҳам йўқ, чунки ўша сўзни ўзбекча талаффуз қилинса ҳам маъноси тушунилаверади. Мисол учун, ҳар қандай ўзбек Франция эмас, Франсия дейди, февраль эмас, феврал дейди ва ўз маъносида тушунилади. Ундан ҳам қизиғи – шу сўзлар лотинчада ёзилса, ўзбекча ёзилаверади. Буни қандай изоҳланади, билолмадим. Ҳа, буларнинг барчаси мустамлака давридаги кўникмалар қобиғидан қутила олмаганимиздан бўлса керак.
Айрим жойларда шеваларимиз ҳам қуюшқондан чиқаёзмоқда, бироз «таноб»ини тортиб қўйилмаса, «мустақил тил» бўлишга даъвоси бор. Ижтимоий тармоқдаги ва бошқа алоқа воситаларидаги ёзишмаларни­ку асти қўяверасиз, ўқиб фақат мириқасиз. Баъзи бир талабаларнинг суҳбатларини эшитиб, ё йиғлашни, ё кулишни билмай қоласиз. Қисқаси, айтсангиз, жуда гап кўп.
Муаммони айтиш осон, муҳими – унга ечим топиш керак. Хўш, тилимизни асраш учун нималар қилишимиз керак? Албатта, бу борада анчадан буён жон куйдириб келаётган, муаммоларга илмий жавобларни тақдим қилган тилшунос олимларимизнинг тавсиялари етарлича бор. Биз улардан ошиб ўтиб, «янги Америка кашф қилмоқ»чи эмасмиз. Тилга эгадорлик ёки мутахассислик даъвоси ҳам йўқ. Фақат ўзбек тилининг бир ўзбек мухлиси сифатида айрим мулоҳазаларни ўртага ташламоқчимиз, холос.
Инсоннинг барча хатти­ҳаракати унинг ички олами – қалби билан боғлиқ. Тилни асраш ҳам аввало унинг ички оламида пайдо бўлиши ва қарор топиши керак. Кишида ўз тилини севиш, уни ардоқлаш, қизғониш туйғуси бўлиши керак. Бошқача  қилиб айтганда, унда миллий ғурур, ҳамият шаклланган бўлиши лозим. Бу эса болаларга мактабдан бошлаб сингдирилиши даркор. Ўзбек тилининг хусусиятлари, бойликлари, гўзалликлари ва имкониятларини мисоллар билан тушунтириб, ўз тилини яхши билиш ҳар бир инсон учун шараф ва обрў келтиришини уқтириш лозим. Ҳадеб «фалон тилни билсанг, нонинг бутун бўлади» деявермай, «ўз тилинг яхши бил, ўзлигинг бутун бўлади», деб ҳам туриш керак. Ўз тилини пухта билиш ҳар қандай соҳа ва касб эгасига фақат ва фақат ютуқлар олиб келиши улуғ олимлар мисолида ёритиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўп жойларда тилшунослик академиялари мавжуд. У ердаги мутахассислар тилнинг имкониятларини пухта ўрганган, луғатга бой ва кечасию кундуз шу соҳада бош қотириб юрган одамлар бўлади. Улар тилга кириб келаётган ҳар қандай сўзни «махсус текширув»дан ўтказмай қўйишмайди. Бугунги кунда техника кўз илғамас даражада тез ривожланмоқда. Шунга қарамай, мазкур академиялар ҳар бир янги чиққан ускуна ёки жиҳозга нимадир янги ном беришга интилади ва буни кўпинча уддалайди. Ҳозирда матбуот имкониятлари жуда ҳам кенг ва серқирра. Мисол учун, бирор янги чиққан жиҳозга мутахассислар тарафидан берилган иккита­учта ўзбекча номни таклиф сифатида матбуотда эълон қилиб, кўпчилик тарафидан танланган шаклини истеъмолга киритиш мумкин. Тилимизга ёт бўлган, таъбимизга ўтирмайдиган ажнабийча сўзлар ўрнига ўлик ёки туркча бўлса ҳам, туркий тилга хос сўзларни ишлатган маъқул.
Ном беришни матбуот воситалари орқали одамлардан сўралса ҳам бўлади. Бунда шевалардан ҳам анча­мунча «дур»ларни қўлга киритиш мумкин. Кейин танланган сўзларни матбуотда эълон қилинади, ёзувчилар асарларига киритади. Шундай қилиб, тилнинг бойлиги сақланади ва ортади. Шу билан бирга, ўша академиянинг матбуотда чиқишлари бўлиб, шу орқали халқ билан бевосита боғланиб туриши керак. Улар орқали одамлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишлари, муаммоларини ҳал қила олишлари жуда катта ютуқларга сабаб бўлади. Бу хусусда бошқа жойларнинг тажрибаларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Хуллас, бу борада қилиниши лозим ва имкони бор ишлар талайгина. Бунга мутахассис ва мутсаддиларимиз кўпроқ жон куйдирсалар, хайрли, савоб иш бўлар эди. Албатта ҳар бир иш иқтисодга бориб тақалади. Буёғини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Аллоҳ таолодан ҳар бир ишимизда Ўзи ёру мададкор бўлишини сўраб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


 
Хемингуэй портрети PDF Босма E-mail
05.06.2014 23:35

Лилиан Росс

Рус тилидан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

066

СЎЗБОШИ

Эрнест Хемингуэй билан илк бор 1947 йилда Айдахо штатига қарашли Кетчамда учрашган эдим. Мексикадан Нью-Йоркка қайтаётгандим, у ёққа Бруклинлик Америка тореадори Сидней Франклин ҳақида “Нью-Йоркер” биринчи очеркимни ёзиш учун боргандим. Хемингуэй Франклин билан йигирманчи йилларнинг охири – ўттизинчи йилларнинг бошларида, у Испаниядан тореадорлик қилиб юрган пайтларида танишган эди. Мексикада Франклик иштирок этадиган ўйинларга бориб, умримда биринчи марта тореадорлар жангини кўрганимда ўлгудек қўрққаним эсимда. Матадор билан буқалар ўртасидаги кескин тўқнашувларнинг ўзига хос жозибали ва улуғвор жиҳатлари бўлишига қарамай, бу кураш тури менга ёқмади. Флэтбушшлик полиция назоратчисининг ўғли Франклин қандай қилиб тореадор бўлиб қолгани шу пайтларда мени кўпроқ қизиқтирган эди, албатта. Шунда Франклин менга, буқалар жанги ҳақида росмана маълумот берган биринчи америкалик Хемингуэй эди, деб тан олганди.

Мен дарҳол Кетчамга – Хемингуэйга телефон қилдим. Хемингуэй ўзининг Гаванага яқинов. Сан – Франциско де Пауладаги фермасидан узоқда бўлган бу манзилда дам олишни ва чанғида учиб, ов қилишни яхши кўрар эди. Кейинроқ у Кетчамдан уй сотиб олди. Мен қўнғироқ қилганимда Хемингуэй хотини Мэри, ўғиллари Жон, Патрик, Грегори ва бирга балиқ овлайдиган кубалик дўстлари билан овчилар уйида турган экан. У, қайтаётганингизда бизнинг уйда меҳмон бўлиб кетинг, деб самимий таклиф қилди.

Эрталаб соат еттида поезд келиб тўхтагандан кейин Хемингуэй билан биринчи марта учрашдик. Ҳаво ўн даража совуқ бўлишига қарамай, у қор босган уй ёнида пайпоқсиз хонаки туфли кийган, кумуш уқали ҳиндулар камари тақилган жинси шимда, чўнтакларига ялтироқ тугмалар қадалган, ёқаси кўтарилган юпқа ковбойлар кўйлагида турар эди. Мўйлаби оқара бошлаган, руҳонийларникига ўхшаб кетадиган калта соқоли унга салобат ва соддалик бағишлаб турганига қарамай, қадди-қоматига унчалик мос эмасди. Шу кунги тонгда у улуғвор, тетик, мулойим ва меҳрибон кўринарди. Иссиқ пальто кийган бўлсам-да, совуқ суяк-суягимдан ўтиб кетганди. “Совуқ қотмаяпсизми”, деб сўраган эдим, Хемингуэй “заррача ҳам”, деб жавоб қайтарди. Назаримда бутун вужудидан ҳарорат ёғилиб тургандек эди. Хемингуэй ва дўстлари билан кунни жуда хушчақчақ ўтказдик. Очилиб гаплашдик, магазинларга кириб, мавлуд байрамига совға-саломлар харид қилдик. Мэри Хемингуэй ҳам худди эри каби ўзини ниҳоятда қувноқ, ёқимтой ва хушчақчақ тутди, айни замонда машҳур ёзувчига муносиб хотин ролини ўринлатиб адо этди. Менга улар бир-бирига ниҳоятда мос жуфт бўлиб туюлди.

Кетчамга келиб-кетганимдан кейин кўп ўтмасдан Хемингуэйдан хат олдим. У мени буқалар жанги ҳақида мақола ёзишга жуда муносиб муаллиф деб таърифлаган эди. Ўзим ҳам ўйлаб-ўйлаб таваккал қилишга – Франклин ҳақида очерк ёзишга жазм этган эдим. Очерк режаси маъқуллангандан кейин Хемунгуэйга мактуб йўллаб, бир қанча масалаларда маслаҳат сўрадим, у ҳам ўз навбатида саволларимга батафсил жавоб қайтаришидан ташқари мақоламни бетоқатлик билан кутаётганини ҳам маълум қилди. Айни шу кезларда “Нью-йоркер” бир нечта ҳикоямни босиб чиқарганди, Хемингуэй ва хотини журналнинг доимий ўқувчиларидан эди, ҳикояларим чамамда, уларга маъқул бўлди. Ниҳоят, “Франклик портрети” чоп этилгандан кейин мен Хемингуэйдан қаламда битилган хат олдим Италиядан – Кортина д’Ампеццодаги “Вилла Априле”дан жўнатилган эди, хатда Франклин ҳақидаги очерк маъқул бўлгани айтилганди.

Хемингуэй бутун умри давомида учратган турли-туман одамларни ёдида сақлаб қолишга уринар, бировлар ҳақида аввал айтган гапини нотўғри деб ҳисобласа, буни мардона тан олар эди. Мақтовлари ҳам астойдил ва чин юракдан бўлар, ҳар доим одамларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. У сизни истиқболи порлоқ ёзувчи деб атаб, Жо Пейжем ва Хью Кейси билан қиёслашдан таф тортмасди, айни замонда мақташ учун бу бейсбол юлдузлари тарихини билиш шарт эмас, деб ҳисобларди Хатларини ўқиганда ҳам у худди ёнингизда гаплашиб тургандек туюлар, бу эса жуда ажойиб ва ёқимли таассурот қолдирарди. У саҳий суҳбатдош эди. Ўз ғояси ёки қарашлари, ҳазил-ҳузуллари, шахсий фикрларини зўрлаб ўтказишни ёқтирмасди. Ўта ҳозиржавоб эди, хулосалари қандай бўлишидан қатъи назар, уларни катта қалб ҳарорати билан баён этишни яхши кўрарди. Масаланинг тагига етиб, қувноқ юмор, ҳозиржавоблик, назокат билан айтган гапларидан жуда кўп нарсаларни билиб олиш мумкин эди. У очиқчасига дангал гапирар, гаплари эса ҳар доим ниҳоятда тетик ва қувноқ бўларди.

1950 йилнинг баҳорида яна шу “Нью-йоркер” учун “Хемингуэй портретини” ёзиб тугатдим. Мен Нью-Йоркда Хемингуэй билан ўтказилган икки кун ҳақида ниҳоятда самимий руҳда ёздим, унда дунёда ҳеч кимга ўхшамаслик учун жасорат топа олган Хемингуэй аслида қандай одам эканини иложи борича аниқ кўрсатишга ҳаракат қилдим; у ишлаётганда, суҳбатлашаётганда, дам олаётганда қандай ҳолатда бўлишини кўрсатдим; бошқача айтганда, мен ҳазил-мутойибани ниҳоятда яхши кўрадиган бу инсоннинг қиёфасини бутун жозибаси, ҳаётсеварлиги билан чизиб беришга уриниб кўрдим. Очеркни эълон қилишдан олдин терилган нусхаларини Хемингуэйларга жўнатдим, айрим тузатишлар киритилган ҳолда уларни менга қайтариб юборишди. Хемингуэй илова тарзида ёзилган хатида “Портрет” қизиқарли ва мароқли чиққанини таъкидлаб, фақат бир жойи олиб ташланса, яхши бўлишини айтган эди.

Шундан кейин ёзувчилик ҳаётимда ҳеч қачон учрамаган ғалати ва сирли бир ҳодиса юз берди. Мен ва журнал таҳририяти, ҳатто Хемингуэйнинг ўзи учун ҳам сира кутилмаган тарзда “Портрет” катта тортишувларга сабаб бўлди. Ўқувчиларнинг кўпчилиги уни тўғри қабул қилишда, назаримда очерк уларга маъқул тушганди. Баъзилар унга кескин ва адолатсиз баҳо беришди. Улар орасида Хемингуэй ёқтирмайдиган одамлар ҳам бор эди, улар мени ҳам ёзувчини хуш кўрмайдиганлар қаторига қўшиб, аслида йўқ жиҳатлари учун асаримга мақтов ёғдиришганди. Бошқача айтганда, қаҳрамонимни имкон қадар аниқ тасвирлаш орқали унинг устидан кулган ёки унга ҳужум қилган эмишман. Яна баъзиларга Хемингуэйнинг сўзлаш усули ёқмаганди (Хемингуэй баъзан ҳазил тарзида инглизчани бузиб гапирадиган ҳиндуларга тақлид қилиб атайлаб қўшимчаларни ташлаб кетарди), унинг эркин турмуш тарзи, ўзи ҳам эътиборсиз қарайдиган боксга беҳуда қизиқиш, ҳайвонот боғида сайр қилиш, дўстлар билан суҳбатлашиш, балиқ овлаш каби эрмаклари кимларгадир хуш келмасди. Улар уни одамлар билан гаплашишни севишини, бирон асарини ёзиб тугатмасдан аввал шампан виноси ва увилдириқ билан тантаналар ўтказишини ёқтиришмасди.

Хуллас, уларга ҳеч нарса ёқмас, аниқроғи Хемингуэйни Хемингуэй бўлгани учун яхши кўришмасди. У ўзгача бўлишини, очиғи, ўзларига ўхшашини хоҳлашарди. Булардан шундай хулоса чиқарилгандики, очеркда Хемингуэйнинг ҳаёти бузиб тасвирланган ёки у ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, мен у ҳақда умуман ёзмаслигим керак экан. Чамаси, улар улуғ ёзувчи қандай бўлиши ҳақида мешчанларча фикр юритиб, ўзларининг ҳаётдан узилиб қолган қарашларини зўрма-зўраки ҳимоя қилишар ёки Хемингуэйга хиёнат қилишда айблаб, менга беҳуда таъна ёғдиришарди. Баъзи ўта ашаддийлар эса тўғридан-тўғри “Портрет”ни маҳв этувчи асар, деб ҳисоблашганди. Бу ғалвалардан хабар топган Хемингуэй 1950 йилнинг 16 июнида менга таскин берувчи мактуб йўллади. У мени ҳаяжонмасликка чақирган ва сизни тўғри тушунишмабди деб кўнглимни кўтарганди. Баъзилар, деб ёзган эди у, ҳаётга чексиз мафтунлигимга ҳам ғашланиб қарашади. Савлат тўкиб юрмасдан ҳам жиддий ёзувчи бўлиш мумкинлигига уларнинг ақли етмайди.

Ўлим нарсаларга бошқача кўз, ўзгача нуқтаи назардан қарашга мажбур қилади. Ўша пайтда “Портрет”ни бузиб талқин қилганлар уни бугунги кунда ўқиса, бошидан охиригача тўғри қабул қилган бўларди. “Портрет”ни ёзаётган вақтимда фақат ўзим кўрган ва эшитган нарсаларнигина баён қилишга интилган ва фактларни ёки ўз фикрлариму, мулоҳазаларимни изоҳлашга ўрин қолдирмагандим. Ишончим комилки, ўз нуқтаи назаримни билдирмаган бўлсам ҳам, хоҳлаган ўқувчи мен танлаб олган деталлар асосида яратилган чизгилар тўла меҳр ва ҳайратга йўғрилганлигини кўриши мумкин.

Хемингуэй у Нью-йоркда икки кун ичида менга қандай кўринган бўлса, Портретда уни шундайлигича гавдалантира олганим учун ўзимни бахтиёр санайман…
Мен чизган лавҳаларимда Хемингуэй асарларига ҳеч қандай баҳо берганим йўқ, аммо улардан ҳар доим чексиз лаззат олганим учун бир ўқувчи сифатида ёзувчи ижоди кейинги йилларда пасайиб кетди, деб димоғдорлик қилаётган танқидчилар ҳақида бир-икки оғиз гапириб ўтаман. Баъзи мулоҳазаларни ўқиганда Хемингуэй гўё қастдан бировларнинг ўсиб-унишига ҳалақит бериб, ўзини ва шу йўл билан ижтимоий мавқеини оширишга уринаётгандек таассурот пайдо бўлади.

Ҳолбуки, менинг яхши хабарим бор, у то ўлимига қадар ўз эътиқодида собит турди, ҳеч кимга ён бермасдан, қатъият ва матонат билан кучи етганча ижод қилди, имкони қанча бўлса, шунча яхши ёзди. Ҳатто у ёзолмай қолганда ҳам, китоблар орасидаги танаффуслар пайтида ҳам яшаш тарзини заррача ўзгартиргани йўқ.

У умрини жўшқин ҳаёт қучоғида ўтказди ва ўзгалар ҳам ҳаётдан завқ олсин деб ўз тажрибаларини саҳийлик билан ҳаммага улашиб яшашини катта бахт деб билди.

Хемингуэйга хос саҳоват хилма хил кўринишларда намоён бўларди. Дўстларига ёзган хатларида ва суҳбатларида Хемингуэй берган маслаҳатлар асосида катта-катта асарлар яратиш мумкин эди. Унинг мактублари ўзига хос эркин, қувноқ охангда бўлиб (у ҳамманинг вақти зиқлигини яхши биларди), Хемингуэйча “тезкорлик”да битимлар, бу услубдан китобларига қараганда мактубларида кўпроқ фойдаланар эди. У хат ёзишни яхши кўрарди. “Портрет”ни тамомлагач, фильмлар қандай тайёрланиши ҳақида туркум мақолалар ёзиш учун бир ярим йилга Голливудга кетдим. Бу ерда Хемингуэйдан кўплаб мактублар олдим, уларда у кинофильмлар қандай суратга олиниши ҳақида ўз нуқтаи назарини билдирган, Кубадаги ҳаёти қандай кечаётгани, сўнгги воқеалар ҳақида хабар берган, балиқ ови ва бошқа саргузаштларини қизиқарли баён қилган эди.

1953 йилда ов қилиш учун Африкага кетганда ҳам бу ўлкадаги ажойиботлар ҳақида ёзиб турди. У Африкадаги ҳаёт бошқа жойларга қараганда кўп жиҳатдан яхши деб таъкидлар ва бунга ишонч ҳосил қилиш учун келишга даъват этарди. Мактублар кўпинча албатта жавоб қайтаринг деган илтимос билан тамомланарди. У ёзишмаларни тўхтатишни ёқтирмасди, бу ҳақда бир марта менга очиқчасига ёзган ва мактублар келмай қолса, ўзимни ёлғиз ҳис қиламан деб қўшиб қўйган эди. Баъзан Мэридан ҳам Хемингуэйга хос қувноқлик ва ҳаётсеварлик билан суғорилган хатларни олиб турардим. У Кениядан ёзган мактубида бу ерда тонг отаётганда ухлаш роҳат бағишлайди, қуёш чиққанда ювиниш учун дарёга бориб, баҳайбат бегемотларни кўрганда ҳаётдан чинакамига завқланиш мумкин деб, ёзган эди.

Хемингуэйларни менга қараганда яхшироқ биладиган бошқа одамлар ҳам бундай даъватномаларни олганига шубҳа йўқ. Хемингуэйлар ҳамиша қувноқ ва меҳмондўст эдилар. Улар Кенияга, Парижга ёки Кубадаги фермасига чин кўнгилдан таклиф қилишарди. Бундай самимий даъватлардан фойдалана олмаганим учун ачинаман!

Хемингуэй қандай ёзиш ёки ёзувчи қандай бўлиши борасида ҳеч қачон янглишган эмас. У ҳар икки ҳолатни ҳам яхши, жуда яхши билар эди. Баъзи ёзувчиларнинг асарлари кўп нусхада босилгани, кинокомпаниялардан катта гонорарлар олгани, номи машҳур бўлиб кетганига қарамай, уларнинг баҳоси қандайлиги, ёзувчи сифатида қайси даражада туришини аниқ-тиниқ кўриб турарди. 1950 йил 8 августда бир умр иложи борича яхши ёзишга интилгани, имкони етгунча кўп ўрганиш ва англашга ҳаракат қилгани ҳақида ёзган эди. Шундай одамлар борки, тинимсиз менинг нуқсонларимга тақлид қилишади, мусиқа ва оҳангларимни такрорлашади ва буни Хемингуэй мактаби деб тақдим этишадию, аммо ҳеч ким менга яхшиликни раво кўрмайди, деб таъкидлаган эди. Кейин гўё фикрини ўзгартиргандай бўлиб, бу борада мен ҳақ эмасман, кўпчилик яхшилик қилишни хоҳлайди, аммо бу ҳақда жиддий гапиришдан тортинади, деб қайд этган эди. Ёзувчилик меҳнатига, адабиётга у катта маъсулият билан қарарди. Ундан нимани кутсалар, шуни амалга оширишга ҳаракат қиларди. Бошловчи ёзувчиларнинг саволларига ҳеч пайсалга солмасдан жавоб қайтарарди.Бир маҳал ўқишга қайси китобларни тавсия қилишини сўрадим. У қуйидаги рўйхатни тузиб берди:

Мопассан. “Дўндиқ ” ва “Тельенинг уйи”.
Стендаль “Қизил ва қора”.
Бодлер. “Ёвузлик чечаклари”.
Флобер “Бовари хоним”.

Манн. “Будденброклар”.
Гоголь. “Тарас Бульба”.
Достоевский. “Ака-ука Карамазовлар”.
Толстой. “Анна Каренина”, “Уруш ва тинчлик”.
Готорн. “Алвон ҳарфлар”.
Пруст. “Йўқолган вақт изидан”.
Крейн. “Жасоратнинг алвон нишони”.
Твен. “Геккельберри Финнинг саргузаштлари.
Генри Жеймс. “Де Мов хоним”.

Хемингуэй билан нима ҳақида гаплашган бўлсам, у ҳамиша фойдали маслаҳатлар беришга ҳаракат қилди (ёки менга шундай туюлди). Бир куни катта бир нарсани ёзиб тугатганимдан кейин унга қисқа ва енгил нарсаларни ёзганим маъқул экан дедим. У эса менга имкони борича қийин нарсаларни ёзишга ва уни қандай бўлмасин яхши бажаришга урининг, бутун умр бўйи шунга интилинг, деб маслаҳат берди. “Фақат ўлишга шошилманг”, қўшимча қилди ва у дунёдаги энг фойдасиз нарса деб тушунтирди. У энг майда-чуйда ишларда ҳам қарашиб турарди. Калифорнияга борганимда отда юришни ўрганмоқчи бўлдим, Хемингуэй менга йирик яхши боқилган отлардан эмас, кичик, аммо ақлли ва ювош отларда юришни маслаҳат берди. Голливуд масаласида фикри жуда қисқа бўлди: у ерда жуда узоқ қолиб кетманг, деб тавсия қилди.

Баъзи донолар уни реалист эмас, романтик ҳисоблашарди. Менга эса Хемингуэй ҳар доим мавжуд ҳаётни холис кузатувчиси бўлиб туюларди ва уни юқори даражада тушунарди. Мактубларимдан бирида ўғли Жон ҳақида яхши гаплар эшитганимни ёзган эдим. Хемингуэй жавоб хатида ўғлини жуда яхши кўришини ва яна қўшимча сифатида учта қитъани, бир неча самолётларни ва кемаларни, уммонларни, сингилларини, хотинларини, ҳаёт ва ўлимни, тонгни, туш пайтини, оқшом ва тунни номусни, ўрин-кўрпани, боксни, сузишни, бейсболни, отишни, балиқ овини, ўқиш ва ёзишни ҳамда барча нодир суратларни севишини маълум қилган эди.
Ўлимидан салгина олдин Рочестердаги Мейо шифоханасида даволанаётган Хемингуэй ниҳоят “арзимаган” қон босимидан қутулганини, аммо ёзадиган кўп нарсалари қолиб кетаётганини ва тез кунларда Мери билан одамлар уларни безовта қилмайдиган ва “ишлашга халақит бермайдиган” жойга кетиш нияти борлигини ёзган эди.

ХЕМИНГУЭЙ ПОРТРЕТИ

Ҳозирги Американинг буюк романчиси ва ихчам ҳикоялар устаси – Эрнест Хемингуэй Нью-Йоркка кам келар эди. Кўп йиллардан бери у деярли ҳеч қаерга чиқмасдан Гаванадан ўн чақирим узоқдаги Финка Виджиадаги фермасида хотини, тўққизта хизматчиси, эллик иккита мушуги, ўн олтита ити, икки юзта каптари ва учта сигири билан яшарди. Нью-Йоркка сафарга кетаётгандагина бир муддат тўхтаб ўтарди.
1949 йилнинг охирида Европага отланган Хемингуэй Нью-Йоркда бир неча кун бўлди. Мен унга учрашиш ҳақида хат ёздим. Машинкада ёзилган жавоб мактубида у қарши эмалигини билдириб, аэропортда учрашишни таклиф қилганди.

“Ўзим ёқтирмайдиганларни кўришни, рекламани, вақтни беҳуда ўтказишни хоҳламайман, — деб ёзган эди у. – Броксдаги ҳайвонот боғини, Метрополитен музейини, замонавий санъат музейини, табиат музейини, табиат тарихи музейини ва бокс матчини кўришни мўлжаллаганман. Метрополитенга қўйилган олижаноб Брейгелни кўрмоқчиман. Афсуски, у ерда Гойянинг икки яхши асари ва Эль Греконинг “Толедо”си йўқ, Тутс Шорга бормайман. Шаҳардан кетгунимча оғзимни очмайман. Тунги қовоқхоналарга кирмайман. Матбуот ходимлари билан учрашмайман. Вақтим фақат дўстларимни кўришга етади”. Қалам билан яна “Нима бўлганда ҳам бизнинг вақтимиз зиқ”, – деб қўшиб қўйган эди.

Гаванадан келган куни Хемингуэй шошилаётган одамга ўхшамасди. У кечқурун “Айдлуайлд” аэродромига қўниши керак эди. Мен аэродромга етиб борганимда самолёт қўниб бўлган экан. Хемингуэй чиқиш эшигида юкларини олиш учун кетган хотинини кутиб турганди. У бир қўлида эски, титилиб кетган, меҳмонхонларнинг ёрлиқлари ёпиштирилган сумкани бағрига босиб турар, иккинчи қўли билан қора терга пишиб кетган қандайдир кичкина, қотма кишини қучоқлаб олган эди. Хемингуэй қизил катак кўйлак кийиб, гулдор нақшли жун галстук таққан, елкасига енгсиз жигарранг тўқима нимча ташлаганди. Кулранг юпқа шим, носки ва юмшоқ ағдарма чарм туфлида эди. Мулойим, ювош айиққа ўхшаб кўринарди.

Орқасига таралган узун сочлари, мўйлаби ва текис кузалмаган калта соқоли бтунлай оппоқ эди. Пўлат бандли кўзойнаги гардишига қоғоз қистирилганди. Умуман, у Манхэттенга шошилмаётганга ўхшарди. Қўлтиғидаги портфелига ишора қилиб унда ҳали битмаган “Дарё ортидаги дарахтлар соясида” романининг қўлёзмаси бор, деб қўйди. Бағрига босиб олган пакана, чайир кишини самолётдаги ҳамроҳим деб таништирди. Исми Майерс, узуқ-юлуқ гапларини тўғри англаган бўлсам, у Кубага муҳим иш билан бориб, қайтиб келаётган экан. Майерс унинг қучоғидан сирғалиб чиқишга уриниб кўрди, аммо Хемингуэй бўшатишни хаёлига ҳам келтирмасди.

– Самолётда китобдан бош кўтармади, – деди Хемингуэй. У ҳиндулариннг инглизча сўзлашувига тақлид қилса-да, талаффузида Ўрта Ғарб лаҳжаси очиқ сезилиб турарди.
Чамамда, китоб ёқиб қолди, – қўшиб қўйди у Майерсга юқоридан дўстона қараб, уни оҳиста силкитар экан.
– Соғ бўлинг! – деди Майерс.
– Китоб уни қийнаб қўйди, – давом этди Хемингуэй. – Аввал сокин бошланган эди, кейин одамни йиқитиб юборадиган тезликка ўтди. Мен ҳиссиётларни ана шу тарзда кучайтириб бораман. Кейин ўқувчига ҳаво етишмай қолмасин деб тезликни пасайтираман. Китоб машинага ўхшайди, оҳиста тормоз бериш керак.
– Соғ бўлинг! – такрорлади Майерс.

Хемингуэй уни қўйиб юборди.
– Китоб дурангни ёқтирмайди, – деди у. – Ҳар қанақаси – 12:0 ҳам, 12:11 ҳам ютуқ.
Майерс ҳеч нарсани тушунмади.
– Бу китоб “Алвидо”дан яхши, – деди Хемингуэй. – Мен буни яхши чиқди, деб ўйлайман. Аммо доим юқоридан қараб баҳо беришади. Айниқса, ўзингни ўта китобхон деб ҳисобласанг. – У Майерснинг қўлини қаттиқ силкитди. – Китобни ўқиганинг учун раҳмат.
– Марҳамат қилинг, – деди Майерс ва гандираклаб узоқлашди. Хемингуэй унинг орқасидан қараб турди-да, менга ўгирилди.
– Китобни тамомлаганингдан кейин худди мурдага ўхшаб қоласан, – деди тушкун оҳангда. – Аммо буни ҳеч билмайди. Ёзувчи ишини битиргандан кейин ҳамма нарсага туфуради деб ўйлашади. Ёзиш – нақадар катта масъулият эканини унутиб қўйишади.
У ўзини яхши ҳис этган бўлса-да, қаттиқ чарчаганини айтди, вазни 97 килограмга тушибди, қон босими ҳам пасайибди.
Китобнинг кўп жойларини яна кўриш керак экан, ўзига маъқул бўлгунча қайта-қайта ёзишга қарор қилибди.
– Ёзувчи бейсбол ўйинчиси эмас, уни майдондан ҳеч ким чиқариб юборолмайди, – деди Хемингуэй. – У ўлим ҳолатида ҳам доирани босиб ўтишга мажбур.

Нозик, серҳаракат, қувноқ аёл – Хемингуэйнинг хотини Мэри олдимизга келди. У ялтироқ сочларини калта кестирган, ёқаси мўйнали узун манто кийган эди. Орқасида чемоданларга тўла аравачани судраб келаётган ҳаммол.
– Дадаси, ҳамма буюмлар жойида, – деди у Хемингуэйга. – Энди йўлга чиқарсак бўлаверади…
У эса юз-кўз ифодаси билан шошилмаётганини билдирди. Эринмай чемоданларни санашга тушди. Улар ўн тўртта эди, ярмиси катта чемоданлар бўлиб, мисс Хемингуэйнинг айтишича, эрининг чизмалари бўйича ясалган. Уларга ўзи ўйлаб топган усулда фамилия ва исмларнинг бош ҳарфлари ёзилган экан. Хемингуэй санаб бўлгандан кейин хотини юкларни қаерга олиб боришни тушунтирди. Хемингуэй ҳаммолга кутиб туришни буюрди ва хотинига бурилиб:
– Азизам, кўп шошилмасак ҳам бўлади. Кун тартибига кўра энг аввал оз-оздан ичишимизга тўғри келади, – деди.

Биз аэропортдаги барга кириб, тўсиқ ёнида тўхтадик. Хемингуэй портфелини ялтироқ стулга қўйиб, уни ўзига тортди. Сув қўшилган вискига буюртма берди. Миссис Хемингуэй ҳам бу таклифга қўшилди, мен бир финжон кофе сўрадим. Хемингуэй барменга икки ҳиссадан деб ишора қилди. У вискини сабрсизлик билан кутар экан, тўсиққа иккала қўлини қўйиб, қандайдир тушуниб бўлмайдиган оҳангни хиргойи қилишга тушди. Миссис Хемингуэй Нью-Йоркка қоронғи тушмасдан етиб олсак яхши бўларди, деб истак билдирди. – Буни менга заррача аҳамияти йўқ, сабаби Нью-Йорк қўпол, сохта, кун билан тунни ажратиб бўлмайдиган шаҳар, умуман у ёққа бораётганимдан хурсанд эмасман, Венеция бўлса бошқа гап эди, – деб жавоб берди Хемингуэй,– Ғарбда мен Вайоминг, Монтан ва Айдахога боришни хоҳлайман, яна менга Куба, Париж, Венеция атрофлари ҳам ёқади, Вест-портни кўрганда кўнглим озади.

Миссис Хемингуэй сигарета тутатиб, қутини менга узатди. Мен сигареталарни эрига ҳавола қилдим, аммо у чекмайман, чекканда хид билиш туйғуси йўқолади, айниқса, ов пайтида бу жуда муҳим деди.
– Ҳиссиёти нозик одаларга сигарет ҳиди даҳшатли таъсир кўрсатади, – у кулимсираб энгашди-да, эгилиб, ўзини ҳимоя қилаётгандек муштларининг орқасини юзига яқин келтирди, сўнг лось, буғу, силовсин ҳамда енотни ҳидидан ажрата оламан, деди.

Бармен ичимликларни олиб келди. Хемингуэй бир неча қултум хўплагандан кейин мен одамларга қараганда жониворлар билан яхшироқ чиқиши оламан, деб қўйди. Бир гал Монтанда айиқ билан бирга яшагани, бирга ётгани, бирга овқатлангани, жуда иноқлашиб кетгани ҳақида гапирди. Шундан кейин мендан Брониксдаги ҳайвонот боғида ҳалиям айиқлар борми деб сўради. Мен буни билмайман, аммо Марказий боғда айиқлар борлигидан аниқ хабарим бор, деб жавоб бердим.

– Бронксда бўлганимда Гранни Райс билан бирга ҳайвонот боғига бориб турдим, – деди у. – Мен ҳайвонот боғига боришни яхши кўраман. Аммо дам олиш кунларида эмас. Одамлар ҳайвонларни мазах қилишларига тоқат қилолмайман, аслида бунинг тескариси бўлиши керак эди.

Миссис Хемингуэй сумкасидан кичкина ён дафтарчасини олиб, эри билан Нью-Йоркдан жўнаб кетгунча қилинадиган ишлар рўйхатини кўрсатди. Улар термос учун қопқоқ, содда итальян дарслиги, қисқача Италия тарихи, Хемингуэй учун эса тўртта жун кўйлак, тўрт жуфт чит, иккита жун турсик, тунги шиппак, камар ва плашдан иборат эди.
– Дадамиз ҳеч қачон плаш киймаган, – деди у. – Дадамизга албатта плаш олишимиз керак (Хемингуэй кулди ва тўсиққа кўкрагини қўйиб энгашиб олди).
– Нам ўтказмайдиган яхши плаш керак, – такрорлади миссис Хемингуэй. – Кейин кўзойнагини ҳам тузаттиришимиз лозим, у қаншарини қийиб юборяпти. Доим оғритиб, азоб беради. У ҳафталаб битта қоғозни бурнининг учига қўйиб юради, фақат росмана ювингандагина уни алмаштиради.
Хемингуэй яна ҳиринглади.

Бармен келди, Хемингуэй тағин виски келтиришни буюрди. Кейин хотинига:
– Мэри, меҳмонхонага боришимиз билан биринчи навбатда Карамга қўнғироқ қиламиз, – деди.
У яна кулиб, муштини юзига тиради ва Марлен Дитрихни – эски дўстини эркалатиб шундай аташини, Финк Вижианинг фермасида ғалати лақаблар ва шартли ибоарлардан тузилган катта луғати борлигини тушунтирди.
– Мана шундай ҳазиломуз лаҳжада гапир бизга ёқади, – деди у.
– Энг олдин Марленга қўнғироқ қиламиз, кейин увулдуруқ билан шампанга буюртма берамиз, – деди миссис Хемингуэй. – Кўпдан бери шампан ва увилдириқни соғиниб келаман.
– Карам. Увилдириқ ва шампан, – Хемингуэй худди ҳарбий буйруқни ёдлаб олаётгандай оҳиста санаб чиқди.
У бир кўтаришда стканини бўшатди, барменни имлаб чақириб, яна такрорлашни буюрди ва менга ўгирилди:
– Биз билан плаш сотиб олишга борасизми?

Мен бу таклифдан хурсндлигимни айтдим ва бокс кўрмоқчи эканлигини эслатдим. Бундай томошаларни яхши биладиган танишимдан сўраб, бу ҳафтадаги ягона учрашув бугун кечқурун Сент-Николасдаги рингда ўтказишини билиб олган эдим. Танишимда тўртта чипта борлигини, у жон деб бизни таклиф этишини айтдим. Хемингуэй боксчилар билан қизиқди. Улар кимлигини айтдим, ҳаммаси дангасалар экан, деди у.
– Дангасалар, – такрорлади миссис Хемингуэй ҳам ва Кубадаги боксчилар булардан яхши эканлигини қўшиб қўйди.

Хемингуэй менга бир муддат таънаомуз тикилиб турди.
– Билиб қўй, қизалоғим, ёмон бокс кўргандан кўра унга бормаган маъқул. Европадан қайтганимиздан кейин бирга боксга борамиз, чинки бир йилда ҳеч бўлмаганда бир неча марта яхши жангни кўриш керак. Агар узоқ муддат бокс кўришга бормай қўйсанг, ундан бутунлай четлашиб кетасан. Бу эса жуда хавфли…

У йўталиб қўйди. – Сўнг гапини тамомлади: уйни соғинишни ўрганасан.
– Барда бир муддат ўтирганимиздан кейин Хемингуэйлар мени меҳмонхонага таклиф қилишди. Юкларни таксига ортдик, ўзимиз бошқа машинага ўтирдик. Қоронғи тушиб қолган эди. Биз катта кўчадан кетдик, Хемингуэй диққат билан йўлга қараб борди. У ҳар доим шундай қилади, одатда шофёр ёнида ўтиради. Бу одат унда биринчи жаҳон урушидан қолган, деб изоҳ берди миссис Хемингуэй. Европада нима қиласизлар, деб сўрадим мен. Улар Парижда бир ҳафта ёки ундан кўпроқ туришни мўлжаллашганини, сўнг машинада Венецияга бормоқчи эканликларини айтишди.

– Парижда кезишни яхши кўраман, – деди Хемингуэй йўлдан кўзини узмай. – Ҳеч кимга билинтирмай бораман, ҳеч қандай интервью бермайман, ҳеч ким келганимни билмайди. Ва албатта, эски қадрдон кунларни эслаб, соқол-мўйлабимни олмай юраман. Кафега киришни ёқтираман, у ерда мени фақат официант ва шериги танийди. Янги суратларни кўришни ёқтираман, эскиларини ҳам, велосипед пойгалари ва боксга бораман, янги ҳайдовчилар ва боксчилар билан танишаман. Арзон баҳоли кўҳна ресторанларни излаб топаман, у ерда азалдан камёб таомлар тайёр туради. Шаҳар бўйлаб кезиб юришни ҳам ёқтираман: мана бу ерда адашиб қолганмиз, мана бу ерда бизда ёрқин орзулар туғилган, ғира-шира туман ичида сайр қилганмиз ва ҳоказо. Мусобақалар дастурини ўрганамиз ва ким ғолиб чиқишини башорат қиламиз, кейинги куни Отела ёки Энгинага бориб гаров ўйнаймиз.
– Пойгада дадамиз жуда омадли, – гап қўшди миссис Хэмингуэй.
– Дастурни яхши ўрганган бўлсам, – деди у.

Биз Квинсборо кўпригидан ўтдик, Манхеттендаги осмонўпар бинолар кўзга ташланди. Улар ёғду сочиб турарди. Хемингуей уларга эътибор бермади.
– Бу менинг шаҳрим эмас, – деди у. – Бу фақат бир кўриб ўтишга арзийдиган шаҳар. У эзиб ташлайди. Париж бўлса бошқа гап, у менга иккинчи уйимдек бўлиб қолди… Ёлғиз яшаганимда ҳам у ерда жуда бахтиёр эдим, бу шаҳарда яшадик, ўқидик, ишладик, улғайдик, кейин эса ҳар доим бу ерда жуда бахтиёр эдим, бу шаҳарда яшадик, ўқидик, ишладик, улғайдик, кейин эса ҳар доим бу ерга қайтишга интилиб яшаймиз.

Унинг иккинчи уйи Венеция эди. Хотини билан Италияга охирги марта борганида тўрт ой Венецияда ва Кортин водийсида турган, оқ қилган ва ҳозир ёзаётган китобида ҳам бу жойлар, айрим одамларни тасвирлаган эди.
– Италия шу қадар гўзалки… – деди у. – Худди сен ўлгансану кўкка кўтарилиб, шу ерга тушгансан. Бу юртни бошқача таърифлаб бўлмайди.

Миссис Хемингуэй шу ёқда чанғида учаётганда ўнг болдирини синдириб олганига қарамай, улар яна чанғида учишга ҳозирлик кўришаётган экан. Падуяда Хемингуэйнинг кўзи шамоллаб, касалхонада даволанган экан, аммо у Италияга яна бориш ва кўп сонли қалин дўстлари билан суҳбатлашиш иштиёқида. У шамолли кунларда гондольерларни қайта кўришни, аввалги боришларида турган “Гритти-палас” меҳмонхонасида бўлишни, Торчеллодаги кўҳна мусофирхона – “Локанду чиприано”да тунашни, Венециянинг шимолий-шарқида венецияликлар чодир тикиб яшаган кичик оролчада сайр этишни ниҳоятда хоҳлар эди. Ҳозир Торчеллода бор-йўғи етмишга яқин одам яшайди, бу ердаги эркакларнинг ҳаммаси ўрдак овлаб тирикчилик ўтказишади. Хемингуэй кўҳна мусофирхонадаги кекса боғбон билан бирга кўп марта овга борган эди.

– Биз каналларда сузиб учиб кетаётган ўрдакларни отар эдик, сув қайтган пайтларда қамишзорларда кезиб лойхўракларни овлардик, – деб эслади Хемингуэй. – Бу жойлар ўрдаклар ўтадиган йўлга тўғри келиб қолган. Припят ботқоқларидан учган ўрдаклар мана шу ерлардан ўтади. Мен нишонга аниқ урардим, шу сабабдан ҳурматим баланд эди. Бу ерларда қандайдир кичкина қушча макон қурганди, улар шимолдаги узумзорлардан жанубга – бу томонларга учиб келишарди. Маҳаллий овчилар уларни ерда отарди. Мен учиб кетаётганларини ҳам уриб туширардим. Бир марта учиб кетаётган галага ўқ узиб, иккитасини уриб туширганимда боғбон ҳайратдан қичқириб юборган эди. Уйга қайтаётганимизда анча баландда ой гардиши фонида учиб кетаётган ўрдакка ўқ уздим, у тўғри канал ичига қулади. Ҳамроҳим қойил қолганидан ўзини йўқотиб қўяёзди. Шаробдан бўшаган шишаларни ҳам уриб туширардим. Совуқ қотмаслик учун ўзимникини йўлдаёқ ичиб қўярдим. Боғбон эса ҳайратдан тўлқинланиб, лол қолган ва ўзини ортиқча тутиб туролмайдиган пайтларда шишани бўшатарди. – Биз жим тинглар эдик, кейин Хемингуэй хитоб қилди: – Венеция мўъжизалар мамлакати.

Хемингуэйлар “Шерри-Недерлэнд” меҳмонхонасига тушдилар. У қоғозларни тўлдиргач, ходимга келганимни ҳеч ким билмасин деб тайинлади. У ҳеч кимни кўришни, мисс Дитрихдан бошқа ҳеч ким билан телефонда гпалашишни хоҳламади. Кейин биз уларга ажратилган меҳмонхона, ётоқхона ва кичик ошхонадан иборат номерга кўтарилдик. Хемингуэй остонада бир оз тўхтаб, меҳмонхонани кўздан кечирди. У XVIII аср услубидаги мебеллар ва гиламлар билан зийнатланган катта хона эди. Сохта каминга қалбаки кўмирлар қаланганди.
– Уяга ўхшайди-ку, – деди у эшик тагида турган ҳолда. – Улар хойнахой буни хитой кошинкорлиги деб ўйлашса керак.

Миссис Хемингуэй жавон олдига бориб, тахланган китобларни кўздан кечирди.
– Қаранг-чи, дадаси, – деди у. Ҳаммаси сохта. Булар чинакам китоблар эмас, дадаси, ушоқ нарсалар.
Хемингуэй порфелини тўқ қизил ўриндиқ устига ташлаб, жавон олдига келди. Сўнг оҳиста, ифодали овозда сарлавҳаларни ўқиди: “Бошланғич иқтисод”, “Қўшма Штатлар ҳукумати”, “Швеция – табиати ва одамлари”, Феллис Бентлининг “Хотиржам ухла” асари.

У бўйинбоғини еча туриб:
– Чамаси биз шиддат билан инқироз сари кетяпмиз, – деди.
Хемингуэй галстуги, кейин пиджагини ечиб, буюмларни саранжомлаш учун ётоқхонага кириб кетаётган хотинига узатди.

Тугамасини ечиб телефон олдига борди:
– Карамга қўнғироқ қиламан.
У Плазага телефон қилиб мисс Дитрихни сўради. Хоним йўқ экан, кечки овқатга етиб келсин, кутамиз, деб тайинлади. Кейин ресторанга сим қоқиб увилдириқ ва икки шиша нордон “Перре–Жуэ” шампанига буюртма берди.

Яна китоб жавони олдига келиб нима дейишини билмаётгандек хаёлчан туриб қолди, сўнг картон муқоваларга қараб гапирди:
– Булар ҳам худди шаҳар каби қалбаки.

Мен шу кунларда адабий давраларда унинг тўғрисида жуда кўп гаплар бўлаётганини айтдим. Фақат у ёзган китоблар ҳақида эмас, ёзилажак асарлари ҳақида ҳам танқидчилар қизғин баҳс бошлаган эдилар. Хемингуэй Нью-Йоркда кўргим келмаётган одамлар орасида танқидчилар биринчи ўринда туради, деб жавоб берди.
– Улар худди бейсбол ўйинига келиб, дастурга қарамасдан ўйинчининг номини ҳам айтолмайдиган одамларга ўхшайдилар, – деди у. – Менга ёқмайдиган кимсаларга туфураман. Шайтоннинг ўзи! Агар улар менга зарар етказмоқчи бўлса, майли уринаверсинлар. Хафа бўламан, аммо ўйин-ўйин-да.

Хемингуэй танқидчилардан кейин иложи борича учрашмасликни маъқул кўрадиганлар тоифасига умрида порохни ҳидлаб кўрмасдан туриб уруш ҳақида ёзадиган ёзувчиларни киритган эди.
– Улар жўнгина тепилган тўпни ҳам ушлай олмайдиган, қўлидан тўпни тушуриб юбориб бутун жамоанинг ҳаракатини пучга чиқарадиган ёки ўзлари тўп узатганда кўпроқ рақиб ўйинчиларини майиб қилишга ҳаракат қиладиган ўйинчиларга ўхшайди.

Хемингуэйнинг ўзи тўпни оширганда, агар зарурат бўлмаса, бирон марта ҳам рақиб ўйинчисини сафадан чиқармаган экан.
– Мана шу қўлларим билан тўпни жуда тез ва аниқ ўйинга киритиб берганман, – деди у, – тўп ҳавода бўладими, ерда бўладими, ҳар доим ушлаб қолишга ҳаракат қилганман.

Официант увилдириқ билан шампан олиб келди, Хемингуэй шишаларни очишни илтимос қилди. Миссис Хемингуэй ётоқхонадан чиқиб тиш чуткасини тополмаётганини айтди. У қаерга қўйганимни билмайман, янгисини сотиб оламиз деди. Миссис Хемингуэй рози бўлиб, ётоқхонага қайтиб кириб кетди. Хемингуэй икки қадаҳга шампан қуйиб, бирини менга узатди, иккинчисини ўзи ичди. Хемингуэй икки қадаҳга шампан қуйиб, бирини менга узатди, иккинчисини ўзи ичди. Официант ошкора ҳайрат билан уни кузатарди. Хемингуэй бошини елкасига эгди унга испан тилида нимадир деди. Иккаласи кулиб юборишди ва официант чиқиб кетди. Хемингуэй қадаҳни кўтариб бориб қизғиш ўриндиққа ўтирди. Мен рўпарасидаги креслога жойлашдим.

– Биринчи жаҳон уруши менда шунчалик кучли нафрат уйғотган эдики, ўн йиллар давомида у ҳақида ҳеч нарса ёза олмадим, – деди у қўққисдан ғазабланиб. – Уруш ёзувчида жуда секин тузаладиган яра синари таассурот қолдиради. Қачонлардир бу борада учта ҳикоя – “Бегона мамлакатда”, “Сиз ундай бўлолмайсиз” ва “Ўзимга хиёнат қилдим” ни ёзган эдим.

У уруш ҳақида ёзиб, ўзини иккинчи Толстой деб ҳисоблаган бир ёзувчининг номни тилга олди, аммо у майсазорда ялангоёқ чопгани билангина Толстойни эслатар экан.
– Ўқ овозини умрида эшитмаган бу қаламкаш, артиллерия зобити сифатида Севастопол жангида қатнашган ва ўз ишини аъло даражада билган, тўшакда ҳам, ичкиликбозликда ҳам, оддийгина бўм-бўш хонада стол устида ёлғиз ўтириб хаёл сурган чоғида ҳам чинакам эркак бўлган Толстойга ўзини тенг қўймоқчи бўлади.
Мен жуда камтарона бошлаб, жаноб Тургеневни йиқитдим. Кейин жуда катта меҳнат эвазига жаноб де Мопассанни йиқитдим. Жаноб Стендал билан икки марта дуранг натижага эришдим, аммо чамаси, сўнгги раундда мен очколар ҳисобига ютиб чиқдим. Аммо ҳеч ким мени жаноб Толстойга қарши рингга чиқишга мажбур қилолмайди. Агар шундай бўлса мен ақлдан озиб қоламан ёки эришиб бўлмайдиган юксаклик даражасига кўтариламан.

Хемингуэй янги китоби кичик ҳикоя асосида пайдо бўлганини сўзлаб берди.
– Ҳикоям романга айланди, – тушунтирди у. – Барча романларим шундай бўлган. Йигирма беш ёга тўлган пайтимда мен Сомерсет Моэм ва Стефан Сент Виксен Бенет романларини ўқидим. – У хириллаб кулди. – Уларнинг китоблари бор эди, ўзимга алам қилиб кетди: менда биттаям йўқ. “Қуёш”ни шундай ёзганман. Йигирма етти ёшда эдим, китобни олти ҳафтада ёзиб битирдим: туғилган кунимда олтинчи сентябрда Парижда тугатдим. Аммо роман латтага ўхшарди, уни беш ой қайта ишладим. Балки у ёш ёзувчилар учун намуна бўлиб хизмат қилар ва шундан кейин улар ўз шифокор-психоаналитикларининг маслаҳатларига амал қилмайдиган бўлишар. Бир куни ана шундай шифокорлардан бири менга: “Сиз психоаналитиклардан нимани ўргангансиз?” деб хат ёзибди. Мен жуда оз нарса деб жавоб қайтардим, мабодо улар ҳам китобларимни англаган бўлсалар, кўп нарса олмаганларига ишонаман. Фақат мудофаа билан чекланган боксчи ҳеч кимни енга олмайди. Рақибингни енгишга кўзинг етмаса, рингга чиқиб овора бўлма. Боксчини бурчакка тақаб қўй ва уриб руҳини сўндир. Қарши зарбаларга чап бер, жонинг борича тўғри зарбани қайтар. Камина буларнинг ҳаммасини ўз баданида синаб кўрган…

Хемингуэй қадаҳига яна шампан қуйиб, магнитафон сотиб олганимга қарамай қўлда ёзишни яхши кўраман деди.
– Гапирувчи машинадан фойдаланишни ўрганмоқчиман, давом этди у. – Гапирадиган машина ҳаммасини ҳикоя қилиб, кўчириб ёзиш учун котибага беради…
Хемингуэй жуда қийналиб ёзади. Фақат диалогларгина қуйилиб осон келади.
– Олдимда гапириб турган одамларнинг сўзларини тез ёзиб улгура олмайман, аммо бу вазифани катта иштиёқ билан бажараман. Жумлаларга улар кўтара олганидан кўпроқ юк ортаман, кейин эркин учсин деб қўйиб юбораман, чинакамига яхши учувчиларга ўхшаб тасаввурга сиғмайдиган хавфли парвозларга йўл қўйиб бераман: парвознинг асосий қисмини улар катта тезликдан завқланган ҳолда осойишта ўтказадилар. Ҳаёт шундай давом этади. Яъни мен асар ана шундай умр кечиради демоқчиман. Хўш, жентельменлар, сизлар бу ҳақда нима дейсизлар?

Назаримда бу савол ўзи учун қандайдир муҳим аҳамиятга эга эди, аммо у буни тушунтириб ўтирмади.
Мен янги китоби аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилишини сўрадим. У менга таъна қилаётгандек бир муддат қаттиқ тикилди.
– Ўзингиз қандай ўйлайсиз? – деб сўради анча жим тургач. – Албатта, сиз Аддис-Абебадаги аскарлар ёки тўпларни забт этаётган жангчилар ҳақида “Алвидо, қурол”га ўхшаган нарса ёзишимни хлҳламайсиз-ку.

У янги китоби иккинчи жаҳон урушидаги командирлар ҳақида эканини айтди.
– Шунчаки аскарга ўхшаганлар мени қизиқтирмайди. – У яна аччиқланди. – Ёки шахсан Мен, алоҳида таъкидлайман, бошимдан кечирган адолатсизликларни олиб кўринг. Жин урсин, мени шафқатсиз уруш илми қизиқтиради!

Ўзининг айтишича, янги романида тўпори сўзларни кўп ишлатибди.
– Бунга сабаб, урушда жуда қўпол сўзлашадилар, холбуки, мен жуда мулойим гаплашишни хоҳлайман, – деди. – Шу маънода, менимча, роман “Алвидо”дан кўра кучли бўлади. – У портфелига қўл чўзди. – Бу китобда ёшликдаги ғўрликлар йўқ. – Сўнг толиққан овозда сўради:
– Ўзингиз андай ўйлайсиз? – деб сўради анча жим тургач. – Албатта, сиз Аддис-Абебадаги аскарлар ёки тўпларни забт этаётган жангчилар ҳақида яъни “Алвидо қурол”га ўхшаганянги нарса ёзишини хоҳлаайсиз-ку.

У янги китоби иккинчи жаҳон урушидаги командирлар ҳақида эканини айтди.
– Шунчаки аскарга ўхшаганлар мени қизиқтирмайди. – У яна аччиқланди. – Ёки шахсан мен, алоҳида таъкидлайман, бошимдан кечирган адолатсизликларни олиб кўринг. Жин урсин, мени шафқатсиз уруш илми қизиқтиради!
Ўзининг айтишича, янги романида қўпол сўзларни кўп ишлатибди.
– Бунга сабаб, урушда жуда қўпол сўзлашадилар, холбуки мен жуда мулойим гаплашишни хоҳлайман, – деди. – Шу маънода, менимча, роан “Алвидо”дан кўра кучли бўлади. – У портфелига қўл чўзди. – Бу китобда ёшликдаги ғўрликлар йўқ. – Сўнг толиққан овозда сўради:

– Хўш жентельменлар, нима дейсизлар?
Экиш тақиллади. Хеингуэй тез туриб эшикни очди. Бу марлен Дитрих эди. Улар жуда қувнаб кўришдилар. Миссис Хемингуэй ётоқхонадан чиқиб, меҳмонни назокат билан қаршилади. Хемингуэй унга мулойим қараб қўйди.
– Дадажон, жуда ажойиб кўринасан, оҳиста гапирди у.
– Сени соғиндим, қизалоғим, – деди Хемингуэй. У муштини юзига олиб борди, елкаларини силкитиб, товуш чиқармай кулди.

Мисс Дитрих мўйнали пўстин кийган эди. Негадир чуқур хўрсиниб пўстинни ечди ва миссис Хемингуэйга узатди. Кейин яна хўрсиниб, юмшоқ ўриндиққа суяниб ўтирди. Хемингуэй қадахга шампан қуйиб, унга узатди.
Карам ниҳоятда жозибали, – деди менга қадахимни узата туриб.
Шундан кейин у стулини суриб Марлен Дитрих ёнига ўтирди.

Улар ҳол-аҳвол сўрашиб, дўстларни эслаб кетишди. Театр ва киночилар ҳақида гаплашишди, Хемингуэй улардан бирини “денгиз қароқчиси” деб атади.
Марлен нега шундай атаганини сўради,
– Сабаби, денгиз қуруқликдан катта, – жавоб берди Хемингуэй.

Миссис Хемингуэй хонадан чиқиб, бир неча дақиқада увилдириқли бутерброд олиб келди.
– Мэри, мен Дадамиздан буви бўлиб қолдим, энди қандай кутишим керак деб сўраяпман, – деди Марлен бутербродни олиб. – Ҳар доим болаларни ўйлашга тўғри келади. Ўзинг биласан-ку, Дада?
Хемингуэй тушунаман дегандек бошини силкитди, Дитрих сумкасидан невараси туширилган бир неча суратни оиб, бизга кўрсатди. Невараси бир ярим ёшда экан.

Хемингуэй кичкинтойни бокс чемпионига ўхшатди ва боксчи бўлганим учун соғлом болаларни яхши кўраман деди.
Мисс Дитрих қизим яқинда иккинчи болали бўлади деди.
Хемингуэй унга бепарво қаради:
– Бир неча ойдан кейин ен ҳам бува бўламан. Ўғлим Бамбининг хотини ҳам хомиладор.

Миссис Хемингуэй менга Хемингуэйнинг ўғли армия капитани Жон шундай аталишини, у Берлинда хизмат қилатганини тушунтирди. “Сичқонча” лақабли иккинчи ўғли Патрик Гарвард университетида иккинчи курсда ўқир ёши йигирма бирда, июнда уйланар экан. “Жижи” лақабли Грегори яқиндагина Аннаполисдаги Сент-Жон ҳарбий акадеиясига кирибди. Ёши ўн саккизда. Патрик тўйга миссис Хемингуэйдан ташқари отасининг иккинчи хотини-ўзининг онаси Полика Феймер ва Жижини ҳам таклиф қилмоқчи. Хемингуэйнинг биринчи хотини – Бамбининг онаси Хедли Ричардсон бўлиб, ҳозир у миссис Пол Скотт Моурер деб аталар экан.
Хемингуэйнинг учинчи хотини – Марта Геллхори.
– Энди буёғига фақат болалар деб яшаймиз, – таъкидлади Марлен Дитрих.

Ҳаммаси болалар учун, – Хемингуэй унинг қадаҳини тўлдирди.
– Раҳмат, Дада, – деди у чуқур хўрсиниб. – Мен Плазада яшаяпман, – деб давом этди, – аммо кўп вақтимни қизимникида – учинчи авенюда ўтказаман. Дада, мени қизим билан куёвим бирон ёққа кетганда кўрсанг эди, – у гапирар экан, шампан хўплаб қўйди. – Энага бўлиб қолганман. Улар кетиши билан хоналарда гир айланаман, ҳар бир тешикни кўздан кечираман, яшикларни ёпаман, чангларни тозалайман. Тартибсиз ва ифлос жойда ўтиролмайман. Плазадан олиб келган сочиқ билан ҳамма ёқни артиб чиқаман.
Улар ярим кечадан ошганда келишади, мен бўлсам ювиладиган ифлос сочиқлар ва болаларнинг ички кийимларини тугиб уйга жўнайман ва такси ёллайман. Шофер мени учинчи авеньюдаги кекса оқсоч деб ўйлайди, менга меҳрибонлик кўрсатиб, ашинага ўтказади Мен Плазага бораман деб айтишдан қўрқаман. Уйимдан бир маҳалла нарида машинадан тушаман ва тугунчани кўтариб пиёда кетаман, болаларнинг кийимларини ювиб бўлганимдан кейингина ухлагани ётаман.

– Қизалоғим, сен буларни ўзинг учун эмас, болалар учун қиласан, – деди Хемингуэй жиддийлик билан. Эшик қўнғироғи чалинди. Алоқачи ходим гулдаста кўтариб кирди. Миссис Хемингуэй боғични ечиб, яшил орхидеяларни олди. Уларни онаси юборган экан. У гулларни вазага солаётиб, кечки таом вақти келганини эслади.

Овқат пайтида ҳам Хемингуэй ва Марлен Дитрих уруш ҳақида гаплашдилар. Учаласи ҳам уни яқиндан кўрган эди. У пайтларда Мэри Уэлч бўлган Миссис Хемингуэй Лондондаги “Тайм” газетаси мухбири эди. Шу ерда Хемингуэйни учратган экан. Марлен Дитриз билан ҳам ана шу йилларда дўстлашганлар кейинчалик Парижда тез-тез кўришиб туришган. У фронтдаги актёрлар дастасида хизмат қилган ва Европадаги барча жанггоҳларда концертлар берган. Уруш ҳақида гап кетганда у маъюсланиб қоларди. У аскарларга тамошо кўрсатишни ёқтирар вав ўз юртидан узоқларга тушган бу одамларнинг иссиқ муомаласи, ўзининг айтишича, унга ҳама нарсадан азиз эди.

Улар чинакам инсоний фазилатларини сақлаб қолдилар, – деди Марлен. – Улар аблаҳ ҳам, қўрқоқ ҳам эмас, бир-бирини ҳурат қилувчи оддий одамлар эдилар.

Хемингуэй унинг соғлиғига қадаҳ кўтарди.
Уруш таом бўлгандан кейин Дадамизни негадир ҳамма унутгандек туюла бошлаганди, мана, ниҳоят сабабини билиб олдим, – деди миссис Хемингуэй. – Тинчлик пайтида у жасорат кўрсатадиган майдон қолмаган экан.
– Урушда ҳаммаси бошқача бўлади, – гап қўшди Дитрих.
– Одамлар жуда еҳрибон, аҳил бўлиб қолади.

Хемингуэй ундан уруш пайтида ёзилган пластнкаларини немис тилига ағдарилган оммавий америка қўшиқларини сўради. Улар менга керак, деди у.
– Бу пластинкаларни янги қўлёзмаларимга алмаштираман қизалоғим, – деб ҳазиллашиб қўйди.
– Сен билан савдолашайман. Сени яхши кўраман, – деди мисс Дитрих.
– Сенга ўхшаган яхши одамни рингда учратмаганман, – деди Хемингуэй.

Эрта тонгда мени телефон қўнғироғи уйғотди. Хемингуэй зудлик билан меҳмонхонага етиб келишимни сўради. Овозида қандайдир ҳаяжонланиш сезиларди. Тезда бир финжон кофе ичиб, хонасига етиб келганимда эшик очиқ экан. Ичкари кирдим. Хемингуэй телефонда гаплашиб турарди.
Эгнида тор келиб қолган сарғимтил катак халат. Бир қўлида шампан қуйилган қадаҳ. Соқоли кечагига қараганда анча ўсиб қолган эди.
– Ўғлим Патрик Гарварддан келяпти, мен хонани унга қолдиришингизни сўрайман, – деди у телефонда.
Патрик биринчи ҳарфи П. – У жим қолди ва қадаҳдан хўплади. – Катта раҳмат. У Гарварддан келади.
Хемингуэй телефонни қўйди, халат чўнтагидан шишача олиб, кафтига дори туширди ва уларни шампанга қўшиб ичди. Эрталаб соат олтида тургани, хотини ҳамон ухлаётгани, тонгда яхши ишлагани ва ҳозир суҳбатга жуда мойил эканини айтди. Гаплашиб ўтириб дам оларди. У киприклари калта бўлганидан ҳар доим эрта туриб кетар, ёруғликка ўта таъсирчан эди.

– Умрим бўйи қуёш чиқишини кузатиб келаман – деди у. Бугунги тонгда қўлёзмасини синчиклаб кўздан кечирибди.
– Тонгда уйғондим, миямда турли жумлалар ғужғон ўйнай бошлади, улардан халос бўлишим – кимгадир сўзлашим ёки ёзишим керак, – деди.
– Карам Сизга маъқул келдими?
– Жуда ёқди, – деб жавоб бердим.
– Мен Карамни яхши кўраман, Ингрид ҳам менга ёқади. Агар мисс Мэрига уйланмаганимда, мисс Мэрини севмаганимда, иккаласига ёпишиб олардим. Бирида йўқ нарса иккинчисида бор. Шунинг учун иккаласини бирдек ёқтираман. – Бир лаҳза ўзи айтган сўзлардан лол қолди, сўнг тез гапириб кетди.
– Асло актрисага уйланмаган бўлардим, улар мартабага эришишлари керак, бунинг устига ноқулай пайтларда ишлашади.
– Мен ўзингизга плаш сотиб оласизми, деб сўрадим. Албатта, деб жавоб берди у. Сотиб оламан, аммо оломон орасида юришга тоқатим йўқ, бунинг устига кўча жуда совуқ.
Курси ёнидаги кчкина столга қўйилган музли челакчаларда шампан шишалари кўриниб турарди. Қадаҳни ушлаб, шишалардан бирини суғурди, у бўш эди. Иккинчи шишани олиб қадаҳга қуяр экан:
“Менга ўқ беринг, менга ўқ беринг, учинчи дивизиядан ҳайдаб юборманг асло. Дунёда тенги йўқ аскарсан ўзинг”, деб хиргойи қилиб турди. Бир оз тин олгач, тушунтирди:
– Бу учинчи пиёда дивизиясининг қўшиғи – у менга ёқади, мусиқа эшитгим келса, доим шуни хиргойи қиламан. Ҳар қандай мусиқани, хатто операни ҳам яхши кўраман. Афсуски, овозим йўқ, ашула айта олмайман. Биронта асбоб, ҳатто роял чалишни билмасам ҳам қулоғим жуда ўткир. Онам виолончел чалишни ўргатмоқчи бўлди. Шуни деб мактабдан ҳам чиқариб олди. Мен футбол ўйнашга иштиёқманд эдим. У эса уйимизда камер мусиқаси янграб туришини хоҳларди.

Ёзув столи устидаги очиқ портфел ичида хавфсаласизлик билан жойланган қўлёзмалар кўриниб турарди. Хемингуэй қўлёзмаларни қисқартирганини айтди.
– Муаллиф қанча қисқартирганига қараб китобни баҳолаш мумкин, – деб давом этди у. – Ёзаётган пайтимда, жин урсин, арслондек мағрур бўлиб кетаман! Қадимий инглиз сўзларини ишлатаман. Одамлар мени оддий сўзларни ҳам билмайдиган тентак ва саводсиз деб ўйлашади. Мен шуни яхши биламанки, улардан кўра кучлироқ кўҳна сўзлар бор, ўрнини топиб қўллай олсанг, ёдда узоқ сақланиб қолади. Ёдингда тут, кимки олифталик билан ўзини билимдон қилиб кўрсатмоқчи бўлса, ҳеч нарсага эриша олмайди. Яна шуни ҳам унутмагинки қизалоғим, мен тўрт ёшимдан бошлаб дуҳоба айиқчам билан ухламайдиган бўлганман. Ҳозир эса етмиш саккиз ёшдаги кампирлар ҳам урушда халок бўлган жангчиларнинг оналари бериладиган имтиёзли билим олиш ҳақидаги қонунларни излашади. Мен ўзимга нафақа тайинлаб, Гарвард университетига борсаммикан деб ўйлаб юраман, сабаби, холам Арабелла Хемингуэйларнинг сўнгги авлоди бўлатуриб, ҳатто коллежда ўқимаганимдан қайғуриб юради. Аммо менда бунга сира имкон бўлган эмас. Ўрта мактабни битирганимдан кейин икки йил тезкор ҳарбий билим юртида ўқидим, Француз тили билан шуғалланишга вақтим йўқ эди. Мен француз тилида чиқадиган “Ассошиэйтед пресс” хабарлари орқали француз тилини ўрганганман, аввал уларни Америка газеталаридан ўқиб олар эдим. Бора-бора ўзим иштирок этган воқеалар ҳақидаги хабарларни ўқиб тушунадиган бўлдим, сўнг les evenements ва les crimes ни ўқий бошладим. Бундай амалиётдан кейин жаноб Мопассанни қийналмай англайдиган бўлдим, чунки у менга таниш ва тушунарли нарсалар ҳақида ёзарди. Дюма, Додэ, Стендални ўқиганимда ўзим ҳам шундай ёзгим келаётганини сезар эдим. Жаноб Флобер тўпни ҳар гал аниқ кучли ва баланд оширар эди. Жаноб Бодлердан жуда қийин тўпларни узатишни ўргандим, ундан кейин умрида бирон марта чиройли тўп тепа олмаган жаноб Рембога навбат келди. Жаноб Андре Жид ва жаноб Валеридан ҳеч нарсани ўргана олмадим. Жаноб Валери мен учун ўта жимжимадор эканлигини биламан. Худди Жек Бриттон ва Бенни Леонард сингари.

– Жек Бритон, – қўшимча қилди Хемингуэй – боксчи эди, мен уни ардоқлардим. Жек Бритон ҳар доим хушёр турарди. Рингда тинимсиз ҳаракат қилиб, кучли зарбага йўл қўймасди. Мен ҳам хушёрликда қолишмасдим ва ҳар қандай кучли зарбанинг олдини олардим. Рақибингга зарба беролмасанг, ўзингни ўта-чўққа урушдан фойда борми? Боксчини бурчакка тақаб қўй… – Хемингуэй боксчилар ҳолатига кирди ва ўнг қўлини шампан тўла қадаҳ билан кўкрагига босди. Чап қўли билан кўзга кўринмас рақибига бир неча зарба бергандек бўлди.
– Ёдингда тут. Свингдан қоч. Хукни даф эт. Кучинг етганча тўғри зарбаларни қайтар.

У қаддини ростлаб қадахга ўйчан тикилиб қолди Сўнг гапга кирди.
Бир куни Жек билан Бенни Леонард ўртасидаги кураш ҳақида гаплашиб ўтирганимизда: “Жек, қандай қилиб Беннини жуда тез мағлубиятга учратдинг?” – деб сўрадим. “Эрни, – жавоб берди у. – Бенни жуда тажрибали боксчи. У жанг чоғида ҳам ўйлашдан тўхтамайди. У ўйлай бошлаган пайтда мен зарба бердим”. – Хемингуэй бу гапни биринчи эшитаётгандек хириллаб кулди. – Жек рингда геометрик аниқлик билан бир миллиметр ҳам четга чиқмай аниқ ҳаракат қилади. Унга ҳеч ким кучли зарба беролган эмас. Хоҳлаган пайтда рақибини мағлуб эта оларди. – Яна яйраб кулди. – “У ўйлай бошлаганда мен зарба бердим”. Хемингуэй бу лавҳани “Эллик минг” ҳикоясига киритганини, аммо Скотт Фитцжерельднинг маслаҳатига кўра олиб ташлаганини ҳам айтиб берди. Скотт бу воқеа ҳаммага маълум деб ўйлар экан. Ҳолбуки, уни мен билан Жек Бриттонгина билар эдик. Скотт ана шу парчани олиб ташлашга мени кўндирди. Мен буни хоҳламасдим. Аммо Скотт машҳур ёзувчи эди. Уни ҳурмат қилардим. Шунинг учун маслаҳатига кўндим.
Хемингуэй курсига ўтирди ва диққатимни тортиш учун имо-ишора қилди.

– Ёшинг улғайган сари қаҳрамон топиш қийин бўла боради. Аммо топиш керак, – деди у. – Мени Буаз деган мушугим бор. У одам бўлишни жуда хоҳлайди. – Оҳиста давом этди. Овозини шивирлаш даражасигача пасайтириб, Буаз одамлар ейдиган ҳамма нарсани ейаверади, у сабур дек аччиқ дармондорисини ҳам бемалол чайнайди. Мен қон босимини пасайтирадиган бу дорини ҳам уйқудан олдин ичиладиган хап дорини ҳам унга бермайман, албатта у мени хасис деб ўйлайди. – У гулдирос овозда кулиб юборди. – Мен тентак қарияман. Хўш, бунга нима дейсизлар, жентельментлар?
– Эллик ёш, – Хемингуэй бир оз жим тургач давом этди. – Эллик ёш қарилик белгиси эмас. Эллик ёшда ҳам эришган мартабаларингни сақлаб қолиш учун имконият бор. Мен уларни 20-йилларда қўлга киритганман, 30-40-йилларда уларни ҳимоя қилганман. 50-йилларда ҳам ҳимоя қилишга тайёрман.

Хонага миссис Хемунгуэй кирди. У кулранг шим ва оқ калта кўйлак кийган эди. Ўзини ниҳоятда яхши ҳис этаётгани ва олти ойдан бери бугун биринчи марта иссиқ ванна қабул қилганини айтди. Зарур ишлар билан кўчага чиқмоқчи экан Хемингуэйга ҳам ишларини битириш кераклигини эслатди. У тушлик яқинлашиб қолгани, агар шаҳарга чиқиб кетилса, ҳар қайсиси алоҳида овқатланиш учун қаергадир кириши лозимлигини таъкидлаб, вақтни тежаш учун тушликка буюртма берган маъқул деди. Миссис Хемингуэй эри кийиниб чиққунча тушликка буюртма бермоқчи бўлди.

Адиб қўлидаги қадаҳини кўтарган ҳолда хоҳламайгина ўриндиқдан турди, шампан виносини охиригача ичди ва ётоқхонага кириб кетди. У айнан кечагидек кийинган ҳолда, фақат кўйлаги кўк, тугмачали ёқаси силлиқ эди. Чиқиб келганда афициант дартурхон ёзиб улгурганди. Хемингуэй “Тавеля” виноси бўлмаса тушлик қилолмаймиз деди. Биз официант вино олиб келгунча кутиб ўтирдик. Хемингуэй денгиз устрицасидан бошлади. Ҳар бирини зўр ҳафсала билан чайнар экан.
– Яхши чайнасанг, яхши ўтади – деб қўярди.

– Дада, марҳамат қилиб кўзойнагингни тузатиб ол, – деб гап қўшди миссис Хемингуэй. У бош силкиб маъқуллади. Сўнг менга қараб бошини бир неча марта лиқиллатиб қўйди.
– Қариганимда ҳаммани бездирадиган чол эмас, донишманд оқсоқол бўлишни хоҳлайман, – у официант ҳар хил ош-кўклар ва резаворлар қўйиб, “Тавеля” шаробини қадаҳига қуймагунча жим ўтирди.

Хемингуэй шаробни хўплади ва официантга бош ирғаб қўйди. – Ҳозирги барча янги боксчиларни, учқур арғимоқларни, балетларни, велосипед мусобақаларини, ториадорларни, рассомларни, самолётларни, кўргим келади; барча кафеларнинг доимий мижозига айланган қарғиш теккан ўсмирлар, халқаро фоҳишалар билан суҳбатлашишни, ресторанларда ўтиришни, эски шаробларни синовдан ўтказишни, газета хабарларинишқишни ва булар ҳақида ҳеч қачон бирон сатр ёзмасликни хоҳлайман. Мен дўстларимга кўплаб хатлар ёзишни ва жавоб олишни истайман. Айнан Клемансога ўхшаб 85 ёшгача эркак бўлиб қолишни хоҳлайман. Берни Барухга ўхшаб қолишини ёқтирмайман. Мен парклардаги ўриндиқларда мудраб ўтиришни эмас, кезиб юришни вақти-вақти билан каптарларни боқишни орзу қиламан. Узун соқол қўйган Бернард Шоуга ўхшамаган ёлғиз қария бу дунёда сандирақлаб юришини тасаввур қилолмайман. У гапиришдан тўхтаб кафтининг орқаси билан соқолини силади ва хонага хаёлчан кўз югуртирди. Умримда ҳеч қачон мистер Шоу билан учрашмаганман, – давом этди у. – Ниагара шалоласини ҳам кўрмаганман. Аммо жон деб чопиш мусобақаларида қатнашган бўлардим. Ёшинг 78га борган чоғдагини чопиш нималигини англай бошлайсан. Шундан кейин фақат ёшлар ибоат бўлган “Бейсбол” командасини излаб топардим. Фақат мен ўйин йўналишини ўзгартириш учун аввалдан дастурлаштирилган нишондан фойдаланмас эдим. Мен белгиларни ишлатишни ўрганмаганман. Буларнинг ҳаммаси тамом бўлганган кейин мендан чиройли мурда чиқади бунақасини ёқимтой Флоид замонасидан бери ҳеч ким кўрмаган. Фақат чурвақаларгина ўзини аяб яшайди. Қўлингга кирган марраларни бой бера бошлаганингга ақлинг етгандан кейин, жин урсин ўзингни авайлаганингдан фойда борми? Ўлиш қийин эмас.
У оғзини очиб дастлаб овоз чиқарасдан сўнг баралла кулди. – Ҳали қиладиган ишлари кўп.

Қўлини чўзиб, узун сарсабил боғламини тортди. Унга маъносиз тикилганича:
– Фақат жуда кучли одамлар ўлаётганда ҳам тиниқ фикрлай олади, – деди хаёлчанлик билан. Миссис Хемингуэй таомни тез еб, шаробни ичиб тугатди. Хемингуэй қадаҳдаги майни шошилмай хўплади. Соатга қарадим. Учга яқинлашиб қолганди. Официант столни йеғиштиришга тушди, биз қўзғалдик. Хемингуэй ўрнидан турар экан, шишада қолган шаробга дилсиёҳлик билан қараб қўйди. Миссис Хемингуэй пальтосини кийди, мен ҳам кийиндим.
– Ичилмай қолган шампан шароби инсоният зотининг душманидир, – деди Хемингуэй. Биз қайта ўтирдик. – Қўлимга пул тушса, шампан шароби сотиб олишдан бошқа нарсани билмайман, – деди у қадаҳларга шароб қуятуриб.

Шароб ичиб бўлгач, номердан ташқарига чиқдик. Миссис Хемингуэй кўзойнак тузатишни яна бир бор эслатиб, кўздан ғойиб бўлди. Ҳаво одатдагидек совуқ эди.
– Ёқимсиз ҳаво, кўчада юргинг ҳам келмайди, – деди у маъюсланиб ва чамаси томоғим оғрияпти, деб қўшиб қўйди.
Мен докторга кўрина қолинг, деб таклиф қилдим. У хоҳламайман, деб рад қилди.
– Пул оладиган докторларга ҳеч қачон ишонмаганман, – деди у Бешинчи авенюнинг нариги тарафига ўтганимизда. Бир гала каптарлар учиб ўтди. У тўхтаб, юқорига тикилди, хаёлий милтиқ билан нишонга олиб, тепкини босди. Хафсаласи пир бўлгандек бизга қаради.
– Нишонга уриб бўлмади, – деди у ва яна милтиқни тўғрилагандек ҳаракат қилди. – Мана буниси жуда осон. Ана, кўринглар!
У йўлкадаги доғни кўрсатди. Ўзини енгил ҳис қилгандек бўлди.

Энг олдин кўзойнак дўконига кирмайсизми, деб сўрадим ундан. У йўқ деди. Миссис Хемингуэй плашни “Аберкромби ва Фитч” магазинидан изланглар деган эди. Шуни айтдим. У яна елкасини қисди-да, оҳиста қадам ташлаб таксига қараб юрди. Биз машиналар оқимига қўшилиб, бешинчи авеню бўйлаб кетдик. 54-кўчада полициячи хуштак чалиб машинани тўхтатди. Хемингуэй норози бўлди.
– Аччиғи чиққан ирланд полициячини кўришни ёқтираман, – деди завқ билан. – Бирга саккиз тикиб баҳолашишга тайёрман, у уруш пайтида ҳарбий полицияда хизмат қилган. Жуда эпчил ходим. Қурол ишлатишга моҳир. Ҳақиқий полициячилар Халлинжер фильмларидагига ўхшамайди. Айримлари бундан мустасно.

Биз олға юрдик, у бир куни Бешинчи авенюда Скотт Фитжеральд билан учрашиб қолган жойни кўрсатди.
– Шундан кейин Скотт Пристонга бошқа келмади, аммо фақат футбол ҳақида баҳслашган эди, – лоқайд гапирди Хемингуэй. У ҳаётини футболсиз тасаввур қила олмасди. “Нега футболни ташамайсан?” – деб сўрадим ундан. “Эсингни еб қўйибсан, йигитча” – деди у. Бор гап шу. Агар кўчани кесиб ўтолмасанг, футболда мудофаани қандай ёриб ўтасан? Сирасини айтганда, мен Томас Манн эмасман, – сўнг қўшиб қўйди:
– Мен ўзга фикрдаман
“Аберкромби” магазинига етиб боргунча Хемингуэй яна тумшайиб олди. Таксидан истар-истамас тушди, магазинга калтак еган одамга ўхшаб кириб борди. Мен ундан энг олдин плаш кўришни хоҳлайсизми ёки бошқа нарсаними? – деб сўрадим.
– Плаш, – деди у тушкун овозда.

Лифтда Хемингуэй ниҳоятда бошқача – вазмин бўлиб қолди, фақат юзи қийноққа солинаётган одамнинг афтини эслатар эди. Ёнида турган ўрта ёшлардаги аёл унга хушламасдан хавотирланиб қаради, айниқса таралмаган оппоқ соқолига қаттиқ тикилди.
– Ё худойим-ей! – кутилмаганда хитоб қилди Хемингуэй лифтда ҳукм сураётган жимликни бузиб. Аёл ўз туфлисига назар ташлади. Лифт бизга керакли қаватда тўхтади, ундан тушиб плашлар бўлимига бордик.

Олифтанамо кийинган баланд бўйли сотувчи истиқболимизга чиқди, қўлларини шими чўнтагига тиқиб олган Хемингуэй унинг олдига борди.
– Бу дўкондан қарзга мол олишга умид қилсам бўладими? – сўради у сотувчидан.
– Бўлади, сэр, – деди сотувчи йўталиб.
– Плаш олмоқчиман, – деди Хемингуэй таҳдид солиб. – Марҳамат, сэр, – деди сотувчи . – Қайси плашни кўришни хоҳлайсиз, сэр?
– Ҳов анавини.

У илгичга осилган сув ўтказмайдиган, белбоғсиз, қопга ўхшаган плашни кўрсатди. Сотувчи плашни узатди ва тавозе билан уни катта ойна олдига етаклаб борди.
– Кафанга ўхшайди, – деди Хемингуэй плашни эгнидан ечар экан. – Гавдамга тўғри келмайди. Сизларда бошқа плашлар йўқми? – сўради у йўқ деган жавоб эшитиш умидида. Ва шошилмасдан лифт томонга юрди.
– Мана бунисини кўринг, сэр, қадама астарлик, – таклиф қилди сотувчи.

Бу плашнинг камари бор эди. Хемингуэй уни кийиб кўрди, ўзини ойнага солди ва худди милтиқ отмоқчидек кўлини кўтарди.
– Уни кийиб, овга бормоқчимисиз? – сўради сотувчи. Хемингуэй хи-хилаб қўйди ва плашни оламан деди. У сотувчига исмини айтди, у эса бармоқларини ғалати қисирлатди.
– Тушунарли! – хитоб қилди у. – Ҳеч кутмагандим!..

Хемингуэй ҳафа бўлгандек кўринарди. Плашни “Шерли Недерлэнд” меҳмонхонасига элтишни буюрди ва камар кўрсатишни илтимос қилди.
– Қандай камарни хоҳлайсиз, мистер Хемингуэй? – сўради сотувчи.
– Қўнғирини, албатта. – Камарлар сотиладиган, пешитахта олдига бордик, қаршимизда бошқа сотувчи пайдо бўлди.
– Марҳамат қилиб, мистер Хемингуэйга камар кўрсатинг, – деди биринчи сотувчи ва бир қадам чекиниб, уни диққат билан кузатиб турди.
Иккинчи сотувчи чўнтагидан ўлчагич олди ва Хемингуэйга қирқ олтинчи ёки қирк тўртинчи ўлчамда камар керак, деди.
– Гаров ўйнайсизми? – сўради Хемингуэй ва сотувчининг қўлини ушлаб, ўз қорнига урди.
– Қойил-э! Худди пўлатдек! – деди сотувчи ва Хемингуэйнинг белини ўлчай бошлади.
– Ўттиз саккиз! – эълон қилди у. – Гавдангизга нисбатан белингиз ингичка. Спорт билан кўп шуғуллансангиз керак?

Хемингуэй яна ҳижолат тортди, қўлини силкитди, кулиб юборди, меҳмонхонадан чиққанимиздан буён у биринчи марта қувноқ кайфиятда кўринди. Қўлини мушт қилиб, қорнига қаттиқ урди.
– Қаерга кетяпсиз? Тағин Испаниягами? – сўради сотувчи.
– Италияга, – деди Хемингуэй мушти билан яна қорнига уриб. Хемингуэй жигарранг камарлардан бирини танлаб олгандан кейин сотувчи пул солиб юрадиган осма камар керакмасми? – деб сўради. – Ҳожати йўқ, пулларни банкда сақлайман, деди Хемингуэй.
Биз оёқ кийимлари бўлимида ҳам анча туриб қолдик. Хемингуэй хонаки юмшоқ туфлиларни кўрмоқчи бўлди.
– Вагонда кийишгами? – сўради сотувчи.
– Ўлчами нечанчи?

Ўн биринчи , – деди Хемингуэй хижолатомуз. Туфлини кўргач, сотувчига уни оламан, деди.
– Чўнтагимга солиб кетаман, – тушунтирди у. – Фақат чек беринг, мени ўғрига чиқаришмасин тағин.
– Бизда ўғрилик кўп бўлиб туради, сиз буни тасаввур ҳам қилолмайсиз, – изоҳ берди кекса пакана сотувчи. – Куни кечагина биринчи қаватдан катта ғилдиракни ўғирлаб кетишди. Шундай кўтаришгану…
Хемингуэй эътибор бермади. Қўққисдан бизга орқа ўгириб турган бақувват эркакка кўзи тушиб:
– Вулфи! – деб ҳайқирди.

Номаълум одам ўгирилиб қаради.
У қипқизил юзлари япалоқ, чиройли киши эди. Хемингуэйни кўриб, ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди.
– Отагинам! – қичқирди у. Иккаласи бир-бирининг елкасига уриб, қучоқлашганча анча туриб қолишди. Бу киши Уинстон Гэст экан. Юқориги қаватдан милтиқ сотиб олишини айтиб, бирга борайлик деб таклиф қилди. Хемингуэй қанақа милтиқ олиши билан қизиқди, ўнинчи калибрли винчестер деб жавоб берди Гэет.
Хемингуэй сотувчидан хонаки туфлини олиб, чўнтакларига солар экан, бебаҳо милтиқ деб маъқуллаб қўйди. Лифтда кўтарилар экан, икки дўст қанча озганликларини суриштиришди. Гэст вазни бир юз ўн килога тушгани, бунинг учун узоқ вақт от миниб, майдонда узлуксиз машқ қилгани ҳақида сўзлади. Хемингуэй эса Кубада ўрдак овлаб, китоб устида қаттиқ ишлагандан кейин оғирлиги тўқсон етти кило бўлганини айтди.
– Отагинам, қанақа китоб ёздинг, – деб сўради Гэст лифтдан чиққанимиздан кейин.

Хемингуэй кулиб, муштлари билан оғзини тўсди ва ўз унвонимни ҳимоя қилиш учун ҳали кўп жангга тушаман, деди.
– Вулфи, мен бармоқларимни тишлаб ўтирмасдан, қотириб ёзиш мумкинлигини бирдан англаб қолдим, – деди у оҳиста. – Ҳаммаси миямда пишиб бир қолипга тушгунича маълум бир муддат ўтади шекилли. Шундай экан, ёзувчининг бош чаноғини очиб кўриш ёки етти марталаб миясини титкилашга синдиришга ёки калласини автомобил ойнасини тозалайдиган чутка билан ишқалашга, бу ҳам етмагандек қўрғошин билан баданини илма-тешик қилишга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Очиғини айтганда, Вулфи, хуштак чалсанг бу чўчқа болалари думини қисиб ин-инига кириб кетади, – у яйраб кулди. Гэст ҳам улкан қирқ етти ёшли кишининг олтита қовурғасини, қоматини силкитиб хохолар эди.
Э худойим-ей, Дада? – деди у. – Ов милтиғинг оролдаги кулбамда ҳалигача осиғлиқ турибди. Яна қачон овга борамиз, Дада?

Хемингуэй яйраб кулганича унинг елкасига туртиб қўйди.
– Вулфи, нега бунчалик бесўнақай бўлиб кетдинг?
Гэст сотувчига милтиқни қаерга олиб боришни тайинлади, биз яна лифтга кирдик. Улар ўтган йили ярим тонна келадиган қора марлин тутган овчи ҳақида гаплашиб кетишди.
– Хўш, жентельменлар, нима дейсизлар? – хитоб қилди Хемингуэй.
– Ё парвардигор, Дада! – деди Гэст.

Биринчи қаватга тушганимизда, Гэст деворга қоқилган фил калласини кўрсатди:
– Бу фил эмас, пакана одам-ку!
– Шуям фил бўптими? – маъқуллади Хемингуэй. Улар бир-бирини қучоқлаганча кўчага чиқишди. Мен қайтишим кераклигини айтдим. Хемингуэй эрталаб вақтли етиб келинг, Патрик билан биргаликда Метрополитен музейига борамиз деб тайинлади. Кетар эканман Гэстнинг:
– Худога шукур, Дада! Ҳаётимга доғ туширадиган бирон иш қилганим йўқ, – деганини эўшитдим.
Ўгирилиб қарадим. Улар бир-бирининг қорнига уриб, овози борича хохолашарди.

Эртаси куни эшикни Патрик очди. У ўрта бўйли, кўзлари катта-катта ўсмир бўлиб, юзларида асабийлик сезиларди. Енгил матодан тикилган кулранг шим ёқаси очиқ кўйлак, жун пайпоқ ва юмшоқ ағдарма туфли кийган эди. Миссис Хемингуэй хат ёзиб ўтирарди.

Мени кўриб бошини кўтарди:
– Дадамиз кийиниб бўлгандан кейин суратларни кўришга борамиз, – деди ва ёзишда давом этди.
Патрик менга кун бўйи суратларни томоша қилишга тайёр эканини, ўзи ҳам оз-моз чизиб туришини айтди.
– Дадам тушликка қайтиб келиши шарт, у мистер Скрибнерни таклиф қилган, – деди Патрик ва эрталаб отасини кузатиш учун шаҳарга чиқишни қўшиб қўйди.
Телефон жиринглади, у дастани кўтариб, ётоқхонанинг очиқ эшигига қараб, қичқирди: – Дада, Жижи бўлса керак.

Хемингуэй ички кийимда чиқиб, телефонга қараб юрди.
– Аҳволларинг қандай, кичкинтой, – деди у ва Жижини таътил пайтида Финкдаги фермасига келишга даъват қилди.
– Сен у ерда ҳар доим азиз меҳмонимиз бўласан, – деди у. – Суюкли мушугингни эслайсанми? Антиқа деб исм қўйган эдинг-ку! Биз номини ўзгартирдик, ҳозир Экстаз деб чақирамиз. Ҳамма мушукларимиз ўз исмларини яхши билишади.

У трубкани қўяр экан, Жижи – моҳир мерган, ўн бир ёшга тўлганда Кубадаги отиши мусобақаларида иккинчи ўринни эгаллаган, деди менга.
– Сичқонча, “Ведка” аниқми? – сўради у.
– Шундай, Дада, – жавоб берди Патрик.
Мен “ведка”нинг маъносини сўрадим. Бу инглизча жаргон, деб тушунтирди Хемингуэй, у маълумот маъносини англатади, “ведка” “разведка” сўзидан келиб чиққан. У уч тоифага бўлинади: Оддий “ведка”, “аниқ ведка” шубҳа туғдирмайдиган маълумотларни билдиради, “мутлақо аниқ ведка” бўлса бемалол ҳаракатга киришиш мумкин.

У яшил орхидеяга тикилиб қолди.
– Онам менга ҳеч қачон гул келтирмаган, деди маъюс оҳангда. Хемингуэйнинг онаси саксон ёшлар атрофида эканини ва у Иллинойс штатидаги Ривер Форест манзилида яшашини билиб олдим. Анча олдин вафот этган отаси врач бўлган, Эрнестнинг болалик пайтида ўзини отиб қўйган экан.
– Агар суратларни кўрадиган бўлсак, ҳозир жўнашимиз керак, – деди Хемингуэй. – Чарли Скрибнерни соат бирга шу ерга чақирганман. Кечирасиз, ювиниб олай. Катта шаҳарларда, ҳеч бўлмаганда, бўйинни ювиб юриш керак.

У ётоқхонага кириб кетди. Миссис Хемингуэй эри йўқлигида, Эрнест оиласидаги олти боланинг иккинчиси эканини айтди: энг каттаси Марселина, кейин Эрнест, Урсула, Мадлена, Карола ва энг кичиги, яккаю ёлғиз укаси Лестер. Барча сингилларига муқаддас исмлар қўйилган. Ҳаммаси оилали. Лестер Боготода – Колумбияда яшайди, Америка элчихонасида ишлайди.

Бир оздан кейин янги плаш кийган Хемингуэй чиқди. Миссис Хемингуэй билан Патрик польто кийишганди, биз пастга тушдик. Ёмғир ёғар эди, такси тутишга ошиқдик. Музейга боргунча Хемингуэй жуда кам гапирди. Ниманидир хиргойи қилиб, кўчага қараб борди. Миссис Хемингуэй қулоғимга у таксида юришни ва ҳайдовчи ёнига ўтириб йўлни кузатиб боришни яхши кўради, деб шипшитиб қўйди.
Хемингуэй ойнадан қараб учиб кетаётган қушлар галасини кўрсатди.
– Бу ерда қушлар учади, аммо шаҳарга лоқайд қарашади, – деди у. – Нью-Йоркка қушлар қўнишни хоҳламайди.

Музей ёнида тўхтадик. Бир гуруҳ ўқувчилар секин юриб боришаётган экан. Хемингуэй бизни уларнинг ёнидан тез олиб ўтди. Даҳлизда тўхтаб, пальтоси чўнтагидан кумушранг сувдон олди, қопқоғини бураб, бир қултум хўплади. Сувдонни жойига қўйгач, миссис Хемингуэйдан олдин Гойяни кўрасанми ёки Брейгелними деб сўради. У Брейгелни кўрамиз деди.
– Мен Париждаги Люксембург музейида чизишни ўрганганман, – деди Хемингуэй. – Институтни битира олмадим. Қорнинг бўм-бўш бўлса, музейга текин киритилса, албатта, музейга кирасан-да. – У Тициан билан Жоржонега тегишли деб ҳисобланадиган “Эркак портрети” суратига эътиборимизни қаратди. – Бу суратлар ҳам кўҳна Венециядан келтирилган.
– Менга мана бу сурат кўпроқ ёқади, деб хитоб қилди шу пайт – Патрик ва Хемингуэй Франческо Франчианинг “Федериго Гонзаго портрети” (1500-1540) сурати ёнига борди. Полотнода плаш кийган, узун сочли ёш боланинг табиат қўйнидаги тасвири ниҳоятда жонли акс эттирилган эди.

– Сичқонча, биз ёзаётган пайтимизда айнан мана шуларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз, – деди Хемингуэй суратнинг орқа томонидаги дарахтларни кўрсатиб. – Ёзаётганда уларсиз иш чиқмайди.

Миссис Хемингуэй бизни чақирди. У Ван Дейкнинг “Рассом портрети” қаршисида турарди. Хеингуэй унга қараб, “маъқул” маъносида бош силкиб қўйди.
– Испанияда Уитти Дал леган учувчимиз бор эди. Бир куни ана шу Уитти олдимга келиб: “Мистер Хемингуэй, Ван Дейк яхши рассомми?” – деб сўради. Мен: “Яхши рассом”, – деб жавоб бердим. – Кўнглимдагини айтдингиз. Мен турган хонада у чизган сурат бор экан, менга жуда ёқди, шунисига жуда хурсандман, у жуда яхши рассом. У менга ёққани учун жуда хурсандман, – деди қувониб. Эртаси куни Уитти ҳалок бўлди…

Биз Рубенснинг “Исо Масиҳнинг Гуноҳ ва Ўлим устидан ғалабаси” сурати олдига келдик. Унда Исо Масиҳ илонлар ва фаришталар орасида тасвирланган бўлиб, булутлар устида кимдир уни кузатиб турар эди. Миссис Хемингуэй билан Патрик бу сурат Рубенс чизган бошқа расмларга ўхшамайди дейишди.
– Нима десанглар деяверинглар, аммо бу расмни Рубенс чизган, – деди комил ишонч билан Хемингуэй. Овчи ит ўлжани ҳидидан сезгандек асл нусҳани ҳам адашмай билиш мумкин. Ҳатто қашшоқ, аммо жуда яхши рассомлар қўлида таҳсил олганлар ҳам буни яхши билишади.

Шу билан баҳс ниҳоясига етди ва биз Брейгель расмлари қўйилган хонага қараб юрдик. Эшик ёпиқ, унда “Таъмир учун ёпилган” деган эълон осиғлиқ эди.
– Ҳечқиси йўқ, – уларни кечирамиз, – деди Хемингуэй ва яна сувдонни қўлига олди.
Хонадан узоқлашар эканмиз, у:
– Барибир менга бу ерда яхши Брегель етишмаётгандек туюлади, – деди. – У қишлоқ манзараларини чизувчи рассомларнинг энг улуғи, у чизган ғалла ўрими суратида жуда кўп. Шунга қарамай, тасвирда бошоқлар шу қадар геометрик аниқликда чизилганки, мен ҳар гал кўрганимда дил-дилдан ҳайратга тушаман.

Биз Эль Греконинг яшил бўёқларда чизилган “Толедо кўринишлари” сурати ёнига келиб, завқланиб узоқ тамошо қилдик.
– Бу ерда нодир асарлар жуда кўп, аммо менимча, музейдаги энг яхши асар мана шу, – деди Хемингуэй. Унга ёқмаган баъзи суратлар Патрикни хаяжонга солаётгани сезилиб қолди. Ҳар гал шу аҳвол такрорланганда Хемингуэй ўғли билан астойдил баҳсга тушиб кетарди. Шунда Патрик бош силкитиб кулар ва отасининг фикрини ҳурмат қилишини тинимсиз таъкидлар эди. У баҳсдан ўзини олиб қочаётганди.

– Қандай ярамаслик! – бехосдан қаттиқ гапирди Хемингуэй. – Мен санъат танқидчиси бўлгим келмайди. Ҳамма қатори суратни томоша қилишни ундан завқ олишни ва ундан ўрганишни хоҳлайман. Мана бу сурат, мени назаримда, ниҳоятда яхши. – У орқага тисарилди ва кўзини қисиб Рейнольдснинг “Полковник Георг Куссмакер” асарига тикилди. Суратда бу ҳарбий саркарда от миниб, жиловни тортиб, дарахтга суяниб турарди. – Кўринадики, полковник уччига чиққан ярамас одам. У ўз суратини чизган рассомга қанча бўлса – шунча пул беришга тайёр аблаҳлар тоифасидан, – дер экан, Хемингуэй кулиб юборди. У ўзини нақадар димоғдорлик билан ўтирганига қаранг, отининг мушаклари ўйнаб турганини, туёқлари билан депсинаётганини кўряпсизми? Полковник шунчалик ўзига бино қўганки, ҳатто эгарда ўтирганига қарамай, дарахтга ҳам суяниб олган.

Биз бир муддат залга тарқалиб, суратларни ёлғиз тамошо қила бошладик. Сўнг Хемингуэй ҳаммамизни ёнига чорлаб, тагига катта ҳарфларда “Катарина Лориллард Вулф”, майда ҳарфларда эса “рассом Кабанель” деб ёзилган суратни кўрсатди:
– Бундай суратларни болалик пайтларимда Чикагода кўп кўрганман, – деди у. – Узоқ йилларгача Бунте ва Райерсонларни энг яхши кўрган рассомларим деб юрганман. Бу икки киши Чикагодаги энг бадавлат оилаларнинг фарзандлари эди. Мен у пайтларда рассомлар сурат остига ўз фамилияларини катта ҳарфларда ёзишади деб ўйлар эдим.

Биз Сезанна, Дега ва бошқа импрессионистларнинг суратларини ҳам тамошо қилдик. Хемингуэйнинг завқу хаяжони ортиб борди. У ҳар бир рассом санъат оламига нима бергани-ю, бошқалардан нималарни олгани ҳақида чуқур мулоҳазалар юрита бошлади. Патрик унинг фикрларини ҳурмат билан тинглаб, чамаси, энди рассомлар маҳорати хусусида баҳслашишга журъат этмаётгандек кўринар эди. Хемингуэй бир неча дақиқа Сезаннинг “Фоктенбло ўрмонидаги қоя тошлар” суратига тикилиб қолди.
– Биз ҳам ёзаётганимизда шундай мукаммалликка интиламиз. Мана дарахтлар, мана тошлар – уларни айнан кўрсатишимиз зарур, – тўлқинланиб гапирди у. Мумтоз санъаткорлардан кейин энг ёқтирадиганим Сезанн. Ажойиб! Жуда ажойиб санъаткор! Дега – янада мўъжизакор рассом. Мен Деганинг биронта ҳам ёмон суратини кўрганим йўқ. Ёмон асарларини нима қилганини биласизларми? Уларни ёндириб ташлаган.

Хемингуэй сувдондан яна бир хўплаб қўйди. Биз Манэ ингичка қаламда чизган мадемуазель Вальтес де ля Бинь портрети олдига келдик. Бу сочи жуда баланд турмакланган ёш оппоқ қизнинг портрети эди. Хемингуэй бир неча сония жим қараб турди, сўнг ўгирилиб таассуротларини билдирди:
– Манэ ёш қизча қалбида гулдек очилаётган туйғулар гўзаллигини нозик илғай олган.

Бир муддат залда иккимиз айланиб юрдик. Хемингуэй: – Мен Поль Сезанн суратларига ўхшатиб манзара чиза оламан. Люксембург музейида оч қорин билан минг мароталаб кезиб юрганимда ундан манзара чизиш сирларини ўрганганман. Ишончим комилки, агар жаноб Поль тирик бўлиб, мен чизган манзаларни кўрганида ундан таълим олганим учун ўзида йўқ хурсанд бўларди, – деб дилини очди менга.

Яна Хемингуэй Иоганн Себастьян Бахдан ҳам кўп нарсалар ўрганганини қўшиб қўйди.
– Иоанн Себастьян Бах туташ нуқталарни таъкидлаш мақсадида бир хил нотани ҳадеб такрорлагани каби мен ҳам “Алвидо, қурол”нинг биринчи жумлаларида онгли равишда “ва” боғловчисини кўп марта ишлатганман. Баъзи-баъзида мен Жаноб Иоаннга айнан ўхшатиб ёки ҳеч бўлмаганда унга ёқадиган қилиб ёза оламан. Улардан ўрганиш лозимлигини яхши билганим учун бундай одамлар билан тил топишишим осон кечади.

– Дада, қаранг, – деб чақириб қолди Патрик. У Карпаччонинг “Хочга тортилиш азоби” суратини томоша қилмоқда эди. – Диний руҳдаги асар учун тамошабоп ҳайвонлар тўлиб ётибди, деди Патрик.
– Уху, – деб қўйди Хемингуэй. – Бу рассомлар ҳар доим муқаддас сюжетларни Италиядаги ўзига ёққан жойларга ёки ўзлари, ё бўлмаса маъшуқалари туғилган ерларга кўчирадилар. Ўз маъшуқаларини мадонналарга айлантирадилар. Айтайликки, улар Фаластинни чизишга жазм қиладилар, Фаластин жуда узоқда. Рассомлар суратдаги манзарага қизил тўтини, оҳуни, қоплонни тиқиштирадилар. Алҳол, шу аснода Узоқ Шарқни эслаб қоладилар ва дарҳол венецияликларнинг азалий душмани маврлар қиёфасини суратга зўрлаб киритадилар.

У гапини тўхтатди ва рассом суратни яна нималар билан тўлдирган экан деб синчиклаб тикила бошлади.
– Шу пайтда рассомнинг қорни очиб қолди ва қуёнларни ҳам расмга жойлаштирди, – деди у. – Буни қаранглар, Сичқонча, биз жуда кўп яхши суратларни томоша қилдик. Сичқонча, икки соат сурат кўрдик, буни кам деб ўйлайсанми?

Ҳаммамиз қайтадиган вақт бўлди деб маъқулладик. Хемингуэй бугун Гойяни кўрмаймиз, хотиним билан Европадан қайтганимиздан кейин музейга яна биргаликда келамиз деб шарт қўйди.
Биз музейдан чиқдик. Ёмғир ҳамон ёғмоқда эди.
– Жин урсин! – норозилигини билдирди Хемингуэй, – ёмғир ёғаётганда кўчага чиқишни ёқтирмайман. – Ивиб юришга тоқатим йўқ.
Чарльз Скрибнер меҳмонхона даҳлизида кутиб турган экан.
– Эрнест, – деди у Хемингуэй қўл узатар экан. У сочлари дона-дона гапирадиган, салобатли, келишган киши эди.

Ҳамма лифтга киргандан кейин Хемингуэй дўстига мурожаат қилди:
– Чарли, биз сурат кўргани бордик. У ерда жуда гўзал расмлар бор, Чарли.
Скрибнер маъқуллади ва дудуқланиб;
– Уҳу, уҳу, – деб қўйди.
– Менга ўхшаган чеккадаги киши учун ниҳоятда ажойиб сайр бўлди.
– Уҳу, уҳу…

Хонага кириб пальтоларимизни ечдик, Хемингуэй тушликни шу ернинг ўзида қиламиз, – деди. У ресторанга қўнғироқ қилди, миссис Хемингуэй эса хатни ёзиб тугатиш учун ёзув столига ўтирди. Хемингуэй Мистер Скрибнер билан диванга жойлашди ва дарров дўстига китобни ёзиш давомида олти кунлик велосипед пойгасига чиққан спортчига ўхшаб тоза тер тўкишга тўғри келгани ҳақида шикоят қила бошлади. Патрик бурчакда отасига қараб жим ўтирди.

Официант таомнома олиб келди. Скрибнер Хемингуэй тўлайдиган бўлса, мен ҳозир энг қиммат таомларга буюртма бераман деб ҳаммани кулдирди. Патрик ҳам мириқиб кулди. Официант таомларни олиб келишга кетди, Скрибнер билан Хемингуэй зарур ишлар хусусида гаплашиб ўтиришди. Скрибнер жўнатган хатларимни олдингми, ҳозир улар ёнингдами? – деб сўради.
– Роберт Брауннинг шеърлари билан бирга уларни ҳар доим ёнимда олиб юраман, – жавоб берди Хемингуэй.

Скрибнер бош тебратди ва пиджагининг ички чўнтагидан қандайдир қоғозларни – ўзининг айтишича, янги китоб учун тузилган шартнома нусхаларини олди. Шартномада йигирма беш минг доллар бўнак бериш кўзда тутилган экан.
Хемингуэй шартномага қўл қўйди ва дивандан қўзғалиб, шундай деди:
– Ўзимни ҳеч қачон даҳо ҳисобламаганман, аммо ўз шарафимни барча истеъдодли ёш ёзувчилар олдида ҳимоя қила оламан. – У бошини ичкари тортди, чап оёғини олдинга ташлади ва бир неча марта гоҳ ўнг, гоҳ чап томонга зарба бераётгандек чаққон ҳаракатлар қилди. – Ҳеч қачон кучи зарба тегишига йўл қўйма, – деб хитоб қилди.

Скрибнер уни Европанинг қайси бурчагидан топиш мумкинлигини сўради. Хемингуэй “Гаранти траст” компаниясининг Париждаги бўлими орқали топишдан қулай жой йўқ деб тушунтирди.
– Бир пайтлар – Парижни забт этган пайтимизда мен бу банкни босиб олишга уриниб кўрган эдим, аммо қаттиқ зарбага учраганман. Ўғил бола гапни айтсам, шахсий банк очганимда зўр бўлар эди-я! – деди ва ўзини ноқулай сезиб, жилмайиб қўйди.
– Уҳу, уҳу … – пўнғиллади Скрибнер. – Италияда нима иш қилмоқчисиз, Эрнест?

Хемингуэй куннинг биринчи ярмида ишламоқчиман, иккинчи ярмида италиялик дўстлар билан учрашмоқчиман, тонгги пайтларда ўрдак овламоқчиман, деб жавоб берди.
– Бир куни тонгда олти киши бўлиб уч юз ўттиз битта ўрдак отганмиз, – деди у. – Мэри ҳам яхши отган.
Миссис Хемингуэй бошини кўтарди.
– Дадамиз билан турмаш қурмоқчи бўлган ҳар бир аёл милтиқ отишни яхши билиши керак, – деди у ва яна хат ёзишга тутинди.
– Мен бир марта овга чиққанман – бу Суффолкда, Англияда бўлган эди, – хаёлчан гапирди Скрибнер.
Ҳаммамиз гапнинг давомини эҳтиром сақлаб жим кутиб турдик.

– Суффолкда эрталабки нонуштада ғоз тухуми беришганини яхши эслайман. Кейин биз овга чиқдик. Мен ҳатто тепки босишниям уддалай олмадим.
– Ов – яхши ҳаётнинг бир бўлаги. Вест-порт ёки Бронсквилда сандироқлагандан кўра яхшироқ, – деди Хемингуэй.
– Тепки босишни ўрганганимдан кейин ҳам биронта нишонни уролганим йўқ.
– Мен эса Монте-Карлодаги катта мусобақада ва Сан-Ромодаги жаҳон биринчилигида жон деб қатнашган бўлардим, деди Хемингуэй. – Яхши тайёргарлик кўрганман, хоҳлаган мусобақада қатнашишим мумкин. Бир марта катта мусобақада ҳатто Вулфини енгиб чиққанман. Моҳир мерган у. Уни енгиш – ўргатилмаган отни минишдек оғир машаққат.

– …Ниҳоят, мен ҳам бир марта нишонга урганман гапини тамомлади Скрибнер.
– Кимни отгансан? – сабрсизланиб сўради Хемингуэй.
– Қуённи, – жавоб берди Скрибнер. – Қуённи отганман.
– Монте-Карлода 1939 йилдан бери катта мусобақа ўтказилгани йўқ. – афсусланди Хемингуэй. – Етмиш тўрт йил ичида фақат иккитагина америкалик ғолиб бўлди. Ўқ узиш менга яхши кайфияти бағишлайди. Ҳамма гап шундаки, бундай мусобақаларда атрофингда сени тушунадиган, сенга хайрихоҳ одамлар бўлади, бошқа жойда эса сенга хасад қиладиган, ёмонлик соғинадиганлар қуршовида қоласан. Бу тезкор ўйин, бейсболдан кўра тез тамом бўлади, биринчи хатодаёқ ўйиндан чиқиб кетасан.

Телефон жиринглади. Хемингуэй дастани кўтариб тинглаб турди ва нималардир деб жавоб қайтарди, сўнг бизга ўгрилиб, “Эндорсментс инкорпорейтед” номли тарғибот идораси қандайдир ичимликларга унинг номини қўйиш учун тўрт минг доллар таклиф қилаётганини айтди.
– Мен уларга текинга тўрт минг доллар берганларингда ҳам бундай аталани ичмайман деб жавоб қилдим, – деди у. – Уларга шампан шаробига мухлисман дедим. Мен ҳар доим юмшоқ кўнгилли одам бўлишга ҳаракат қиламан, аммо бу жуда оғр иш. Бостонда ютсанг, Чикагода ютқазасан.

 


7 дан 63 сахифа