Навоийни англаш йўлида PDF Босма E-mail
08.06.2014 02:31

Ҳасанхон ва Ҳусанхон қорилар тартиб берган “Навоийдан чу топқайлар навое” номли китобда бир қатор мақбул жиҳатларни кўрдим. Аввало, Навоийнинг диний асарлари хос кишилари томонидан таҳлилу талқин қилинаётгани. Буни мақбул деганим шунчаки лутф ёки тузувчилар меҳнатини қадрлаб қўйиш истагидангина эмас, балки анча чуқурки, мухтасар изоҳ бериш лозим кўринади.
Биласиз, ҳазрат ҳақида сўз кетса, барча бирдек ул зотнинг серқирра истеъдод эканини айтиб толмайди-ю, мероси гўё бир адабиётшуносларга хатлаб берилгандек тушунилади. Ҳолбуки, адолат юзасидан қаралса, Навоийнинг айрим асарлари ҳақида тарихчининг, айримлари ҳақида тилшуноснинг, яна бирлари ҳақида дин уламосининг фикри эътиборлироқ тутилиши лозим. Шу маънода, ака-укалар тузган ушбу китоб илмда, хусусан, навоийшуносликда адолатни тиклаш йўлидаги илк қадамлардан ва, иншааллоҳ, у хайрли бўлади. Сирасини айтганда, адабиётшунослик илмида, гарчи очиқ  эътироф этилмаган бўлса-да, дин уламолари ёрдамига эҳтиёж аллақачон етилган. Биласиз, истиқлол арафаларидан бошлаб мумтоз адабиётимизни ислом динидан, тасаввуфдан айро ҳолда тугал тушуниш ва объектив баҳолаш мумкин эмаслиги теран англанди. Узоқ йиллар давомида адабий мероснинг шу икки омилни эътибордан сокит қилган ҳолда ўрганилгани чала ҳукм-хулосалар, бирёқлама юзаки ёки мутлақо тескари талқинларга олиб келгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, мустақиллик йиллари адабиётшунослигимизда мумтоз адабиётни исломий, тасаввуфий нуқтаи назарларни эътиборда тутиб талқин қилиш урфга киргани ҳам ҳаммага маълум. Бироқ бу йўлда амалга оширилган ишлар ҳали қаноатланарли эмас. Сабаби, биринчидан, бу ишни амалга ошираётганлар мақоми адабиётшуносликда нечоғли баланд бўлмасин, улар диний илмларда дилетант; иккинчидан, Навоийдан фарқ қилароқ, ислом улар учун ҳаёт ва фикрлаш тарзини белгиловчи асосга айланмаган. Яъники, уларнинг Навоийни англашларида шу билан боғлиқ ноқисликлар бўлиши табиий, юқорида айтганимиз эҳтиёж эса шундай ноқисликларни бартараф этиш заруратидан туғилади.
Айтганларимизни тузувчилар “Арбаъин” устида амалга оширган иш мисолида кўриб ўтамиз. Аввало шуки, тузувчилар матн устида қунт билан ишлаганлар: асарнинг 20 та қўлёзмаси асосида илмий-қиёсий матн тайёрланган. Яъни, агар мумтоз адабиёт намуналарининг нашрларида кузатилувчи хатолар ёдга олинса, улар ибрат қилиб кўрсатишга лойиқ йўл тутганлар. Шу ўринда каминага жуда маъқул бўлган бир нуқтани алоҳида таъкидлаб ўтгим келади. Тузувчилар аввалги нашрдаги хатолардан бир-иккитасига мисол учунгина тўхталганлар-у, шунинг ўзидаёқ матншунос сифатидаги лаёқат, қобилиятларини намоён эта олганлар. Таъкидламоқчи
бўлганим бу эмас, балки, назаримда, бундан муҳимроқ: ўша хатонинг қандай кўрсатилаётгани. Қисқа қилсам, бунда билимдонлигини кўрсатиб қўйиш, хато қилмишнинг бир адабини бериб қўйишга интилиш сингари ожизлик, майдалик сезилмайди. Негаки, улар бу ишга нон ё шон учун эмас, кўнгил амри билан, холис Аллоҳ ризоси учун киришганлар, бандага хос ожизликлардан баланд тура олмоқнинг асоси – шу. Ҳамкасбларимиз ибратлансалар, умумий ишимиз барор олган бўлармиди, деб ўйладим...
Тузувчилар “Арбаъин”ни ўқувчига мукаммал кўринишда тақдим қилмоқни кўзлаганлар ва, тан олиш керак, бунга мутлақ эришганлар. Баҳо ошиб кетди деманг, тақдимотнинг қай тартибда амалга оширилгани – алгоритмини бир қур кўздан кечирсангиз, ўзингиз ҳам шунга амин бўласиз. Аввало, назмга солинган қирқ ҳадиснинг манбаси кўрсатилган. Гап шундаки, анъана шундай эдими ё ҳадисларни мукаммал билувчиларга мўлжаллагани учунми, ҳазрат Навоий ҳадислар манбасини кўрсатган эмас. Аксинча, бугунги кун ўқувчисининг Навоий яратган диний асарлар нечоғли сахиҳ – ишончли эканига амин бўлмоғи учун бу жуда муҳим. Ҳадислар араб имлосида ва ривоят қилувчини келтирган ҳолда берилгани ўқувчини ишончда янада мустаҳкам этади. Кўриб турганимиздек, мақсад хайрли, лекин шунинг ўзи етарли эмас: мақсадга тўғри, ҳалол йўл билан етишмоқ керак. Тузувчилар шундай йўлдан борганларини, масалан, бешинчи ҳадисга берилган сатр ости изоҳида кўриш мумкин: “Ушбу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Ҳаммаси мазмунан бир-бирини қувватлайди. Уларнинг ичида муаллиф келтирган лафзга энг яқини юқорида биз келтирган матндир. Аммо айнан муаллиф танлаган матнни мўътабар ҳадис китобларидан топа олмадик. Хулоса қилиб айтганда, бу ерда саҳиҳ ривоятларда келган лафзларнинг қориштирилганини кўриш мумкин”. Албатта, мазкур изоҳ юқорида зикр этилган мақсадга хизмат қилмайди, негаки, ўқувчи онгида “мўътабар ҳадис китобларидан топа олмадик” калимаси тезроқ ва муқимроқ ўринлашади. Шунақа экан, буни хаспўшлаб қўяқолса бўлмасмиди? Йўқ, бўлмасди, бундаги ибрат ҳам асли шунда: олим фикри холис, лафзи ҳалол бўлмоғи шарт. На кўзлаганлари яқин мақсад ва на китобда барқ уриб турган Навоийга меҳр тузувчиларни чалғита олмаганки, фикримча, бу таҳсин ва ибратга лойиқ ҳолдир.
Албатта, китобда айрим ҳали маромига етмаган ёки ортиқчадек кўринувчи ўринлар ҳам йўқ эмас, Хусусан, каминага Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилиши ортиқча кўринди: ҳаммага маълум гапларни такрорлаб ўтиришга зарурат йўқдек. Тўғри, булар китобнинг юқорида айтилган фазилатларига бироз соя солади, лекин қимматини белгиламайди. Тузувчиларга изланишларида бардавом, ўқувчиларга яхши китобдан баҳраманд бўлишни тилаб қоламиз.

Дилмурод Қуронов
филология фанлари доктори,
профессор

 
Нурбой Абдулҳаким. Янги замон шеърияти: тенденциялар, изланишлар PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:40

Орзудан маҳрум қолган инсон тубанлик сари қулашга маҳкум бўлгани сингари идеалдан бебаҳра жамият ҳам таназзул гирдобига тушиши муқаррардир. Инсон орзуси, жамият идеали эса адабиётда акс этади. Адабиёт миллий шаклда намоён бўлар экан, нафақат алоҳида шахсларнинг, миллатнинг орзу-идеалларини ифодалайди. Бу ҳол, адабиётнинг энг фаол тури саналган шеъриятда, айниқса, яққолроқ кўринади. Миллий шеъриятимизнинг такомиллашув тенденцияларини аниқлаш, унинг хос хусусиятларини таҳлил этиш, шеършуносликнинг замонавий мезонлари асосида баҳолаш ана шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.
Таҳлил объектимиз – ўтган 2012 йили чоп этилган шеърий тўпламлардир. Бу йил жами 100 дан ортиқ катта-кичик шеърий тўпламлар чоп этилгани халқимизнинг назмга бўлган ихлосидан, муҳаббатидан дарак беради.
Дастлаб шеърий тўпламларга кирган достонлар хусусида. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ранглар ва оҳанглар” тўпламига кирган “Истиқлол манзаралари” асари ўзбек достончилигида янги ҳодиса бўлганини таъкидлаш керак. Бу янгилик нималарда кўринади? Биринчидан, достон лиро-эпик поэзияда бир оз унутила бошлаган халқона қиссагўйлик усулида ижод этилган. Иккинчидан, “Йигирма йил”, “Тоғлар ҳикояси”, “Ўзбек иши”, “Мурунтов”, “Элобод”, “Қамчиқ довони”, “Имом Бухорий”, “Женева” сарлавҳалари билан берилган саккиз манзара орқали халқимиз ҳаётида истиқлолгача ва мустақиллик йилларида кечган бутун мураккабликлар: зиддиятлару юксалишлар, алоҳида шахслар ва миллат руҳиятидаги эврилишлар қиёсий аспектда бетакрор поэтик талқин этилган. Ҳайратга лойиқ жиҳати шундаки, бу саккиз манзара алоҳида-алоҳида олганда ҳам ўзига хос тугал бадиий кашфиёт бўлгани сингари, яхлит ҳолда ҳам оригинал лироэпик ҳодиса мавқеига кўтарилган. Учинчидан, достон, шеъриятга устоз шоирнинг ўзи қўйган талаб – бетакрор мазмун, гўзал ташбиҳ, сирли руҳ уйғунлигида яратилган. Булар бари “Истиқлол манзаралари”нинг достончилигимиздаги чинакам янгилик эканига далил бўла олади.
Устоз Мақсуд Шайхзода “Тошкентнома”сининг бадиий қимматини истисно қилмаган ҳолда мамлакатимиз бошкенти ҳақида янги достонлар яратилиши бадиий эҳтиёж эканини таъкидлаш зарурати бор. Халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Янги Тошкентнома”си ана шу жиҳатдан аҳамиятлидир.
Шоир Амир Темур хиёбони, ҳазрат Навоий номидаги Миллий боғ, Мустақиллик майдони, Эзгулик аркаси, Хотира хиёбони, Маърифат қасри таърифида назмий мисралар битади. Ўзбекни мавжи барҳаёт улуғ дарёга қиёслаган достон муаллифи миллат ифтихори бўлган Тошкент шаънида ўзига хос бадиият обидаси бунёд эта олган. Фақат биргина мулоҳаза. Достонда Тошкент кечмишида алоҳида ўрин тутган бир-икки сиймо, масалан, Шайх Хованди Тоҳур, Мунавварқори ёки Абдулла Авлоний сийрати тўлақонлироқ очилса, асарнинг таъсир кучи янада ошган бўлар эди.
Одам фарзандлари аксар ҳолларда суратни кўради-ю моҳиятдан бебаҳра қолади. Чинакам бадиий асар ботинни – моҳиятни инкишоф этмоққа хизмат қилади. Адабиётнинг асл миссияси ана шу ҳақиқатни образли талқин этмоқдир. Нафас Шодмоновнинг “Махзан” асари шу йўлдаги ўзига хос ютуқ сифатида баҳоланишга лойиқ.
Муаллиф “Ривоят” деб атаган бўлса ҳам, асарни жанр хусусиятларига кўра драматик достон дейиш мумкин. Асар ҳажман катта эмас. Иштирокчилар сони ҳам бор-йўғи тўрт киши: рассом йигит, кўзи ожиз чол, ёрдамчи йигит ва ёрдамчи қиз. Умрнинг бебақолиги, уни қадрлаш, муносиб яшаш инсонийликнинг асосий шарти экани асарнинг ўқ чизиғини – бадиий концепциясини ташкил этади. Композиция, сюжет, бадиий тасвир воситалари, монолог, диалог, ремарка – барчаси ижодкорнинг ана шу поэтик концепциясига хизмат қилдирилган. Биргина мулоҳаза: бизнингча, асар сўнгида йигитнинг ўз кўзларини ситиб олиши воқеаси кучлироқ мантиқий далилланиши, кўнгилнинг кўзга айланиш жараёни муаллифнинг хоҳишига кўра эмас, воқеаларнинг табиий мантиғидан келиб чиқмоғи зарур эди. Токи, ўқувчи бошқача бўлиши мумкин эмаслигига ишонсин.
Шоир Ҳумоюннинг “Интиҳосиз наволар” тўпламига кирган “Етти устоз сабоқлари”, “Қалб қалъаси” достонлари поэтик рамзлар, бадиий тимсоллар ўринли қўллангани билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, “Қалб қалъаси” достонида Юрак, Соғинч, Шубҳа, Хавотир, Нафрат, Сўз, Тасвир, Хаёл, Ақл, Муқаддас туйғу сингари тимсоллар воситасида инсон, унга хос олижаноб туйғулар ўзига хос усулда тасвирланади. Ижодкорнинг бу жанр имкониятларидан самарали фодаланишга интилаётганини таъкидлаш керак.
Энди 2012 йилги шеърий тўпламларнинг хос хусусиятларини кўрсатувчи тенденциялар ҳақида. Бизнингча, улар қуйидагилардир:
1. Замонавий мавзуларни кўҳна арузда ифодалашга интилиш. Ўтган асрнинг 20-30-йиллари шеъриятида аруздан бармоққа ўтиш тенденцияси кузатилгани маълум. Кейинчалик бутунлай бармоққа ўтилди. Бугун эса арузга эҳтиёж бироз кучаяётгандек. Айни кезда бу кўҳна вазнга янгича руҳ бераётганлар ичида энг фаоли устоз Абдулла Ориповдир. Шоирнинг “Ранглар ва оҳанглар” тўпламига кирган ғазаллари ушбу жанрнинг мумтоз намуналаридир.
Сочларинг ёймай туриб
Тушган қоронғу тун эмас,
Тишларингни кўрмайин
Тонг ҳам оқарган кун эмас.
Мумтоз шеъриятимизга хос ҳусни матлаънинг нақадар гўзал намунаси. Бунда ташбеҳ ҳам, тазод ҳам фикрнинг санъаткорона ифодасига хизмат қилган.
Шоир Ҳол Муҳаммад Ҳасаннинг мумтоз шоирларимиз ғазалларига боғлаган мухаммаслари унинг бу борада муайян ютуқларга эришаётгани исботидир. Мана, ҳазрат Навоийнинг машҳур ғазали матлаъсига унинг тахмиси:
Бўй баҳосинму дейин, басти расосинму дейин,
Хоки посинму дейин, сочи сиёсинму дейин,
Лаб гилосинму дейин, инжу жилосинму дейин,
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглима ҳар бирининг дарду балосинму дейин.
Шоира Муҳтарама Улуғнинг “Эй дилим” тўпламига кирган бир неча ғазаллари унинг арузда ижод қилиш салоҳияти етарли эканидан далолат беради. Масалан,
Кимни суйди жон тикиб, кимни отарга ўқи йўқ,
Мунчаям оқ бўлмаса, мунча қаро кўнглим менинг.
Шоиранинг ғазаллари дарду изтиробнинг, руҳий ғалаёнларнинг ўзига хос поэтик тасвирига бағишлангани билан алоҳида ажралиб туради.
2. Шеъриятда халқона оҳангларга эҳтиёжнинг ортиши. Мумтоз шеъриятда саҳлу мумтаниъ деб аталгувчи усул бор. Бир қарашда бу усулда ёзишдан осони йўқдай, бироқ буни уддалаш маҳол. Унда фикрни оҳорли айтиш, маромига етказиб ижод қилиш ҳар кимнинг ҳам ҳадди эмас. Маҳмуд Тоир ижодида ана шундай мисралар бор:
Кўклам қабоғи
Бунча уюлди.
Осмон кўзидан
Ёши қуюлди.
Жисму жонимда
Ғалат титроқлар.
Шабнамдан шароб
Ичар япроқлар.
Туйғунинг образли тасвирини бу тарзда бериш қийин. Чинакам илҳом келгандагина туғилади бундай мисралар.
Қутлибеканинг “Қоракўзларим” тўпламидаги шеърлар метафораларга бой. Шу боис улар бадиий жиҳатдан талаб даражасида, таъсирчан:
Ойнинг ҳуққасидан кумуш келтирсам,
Юлдуз токчасидан идиш келтирсам,
Найсон булутидан ёғиш келтирсам,
Дармон бўларманми дардларингизга.
“Ойнинг ҳуққаси (қутичаси)”, “юлдуз токчаси” метафоралари, биринчидан, шеърнинг бадииятини таъминлаган бўлса, иккинчидан, қутичадан кумуш, токчадан идиш келтириш бирикмаларида хос назокат, уларгагина тегишли нафосат сезилиб туради. Мазкур шеърдаги “Дармон бўларманми дардларингизга” мисраси юракка яқин, халқона ибора экани билан фикрнинг таъсир кучини оширган.
Гавҳар Ибодуллаеванинг руҳий ғалаёнлар, кўнгил изтироблари ўзига хос талқин этилган шеърларидан таркиб топган “Юрагимда яшаётган сир” тўпламидаги халқона оҳангга йўғрилган мисралари қуйма экани алоҳида ажралиб туради. Муҳаммад Исмоилнинг “Мени кучлироқ сев” тўпламидаги аксарият шеърларидан самимият уфуриб туради. “Бошимда офтобу пойимда қорлар” мисрасидаги тазод ва ўзига хос оҳанг шеър бадииятини таъминлашда, айниқса, алоҳида ўрин тутган.
Бобомурод Эрали шеърларидаги халқона ифода тарзи ҳам, образли тасвир ҳам ҳеч кимни такрорламайди. Шоирнинг “Сукунат сибизғаси” тўпламидаги “Арғамчи йўл” шеърида мана бундай сатрлар бор:
Арғамчи, ё арғамчи,
Дунё айёр дўкончи.
Шарбат узатар, унда
Илон заҳри – бир томчи.
Шоир тўрт сатр шеърда бениҳоя таъсирли ва оҳорли образни шундоққина ўқувчи кўз ўнгига муҳрлаб қўяяпти. Қолаверса, ҳали бирорта ижодкор дунёга нисбатан илон заҳридан тайёрланган шарбатни узатаётган айёр дўкончи ташбеҳини қўллаган эмас.
Умуман, халқона усулдаги назм намуналари шеъриятимизнинг илдизлари миллатимизнинг қадим кечмишига бориб туташадиган асл ўзанларидан мудом қувват олаётгани далилидир.
3. Поэтик шаклдаги янгиланиш. Бугунги шеъриятимизда кузатилаётган ана шундай шаклий янгиланишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Устоз Абдулла Ориповнинг “Ранглар ва оҳанглар” тўпламидаги учликлар бунга ёрқин мисол бўла олади.
Абдулла Орипов – мутафаккир шоир. Шунинг учун ҳам у бошқаларнинг етти ухлаб тушига кириши маҳол бўлган оригинал бадиий умумлашмаларга кела олади:
Кўрганин етказгай Қалб деган жойга,
Тафаккурга айтгай эшитганларин,
Бундай издиҳомда ухлаб бўлурми?!
Чинакам ижодкорнинг қалби мудом титраб туради. Негаки, ҳеч ким кўрмаган синоатни мушоҳада этар экан, бу унинг қалбида акс садо беради. Негаки, бошқалар эшита олмайдиган оҳангларни тинглар экан, бу унинг тафаккурини муттасил равишда безовта қилади. “Бундай издиҳомда ухлаб бўлурми?!” – Дарҳақиқат, ижод ва ғафлат бир-бирига тамомила зид тушунчалардир. Ижодкорнинг огоҳлиги сири шунда. Бинобарин, ана шу фазилатларга эга бўлмаган одам ўзини ижодкор санашга ҳақли эмас – мана мутафаккир шоир концепцияси.
Турсун Алининг ўтган йили чоп этилган “Сайланма”сида ҳам янгича шаклий изланишларга анчагина мисоллар бор. Шоирнинг “Излар” деб номланган шеъри иккилик шаклида битилган. Бироқ бу иккиликлар мумтоз адабиётимиздаги фардлардан фарқ қилади. Масалан, мазкур шеър ўнта иккиликдан таркиб топган бўлиб, ҳар бири ўзича якунлангандек тасаввур уйғотади. Ҳатто зоҳиран улар бир-бирига боғланмагандек кўринади. Уларда мантиқий уйғунлик борлигини чуқурроқ мушоҳада этилсагина пайқаш мумкин…
Салим Ашурнинг “Муҳаббат китоби” тўплами моҳият эътибори билан ҳам ишқ-муҳаббатнинг оҳорли талқини бўлган, дейиш мумкин. Тўпламдаги учлик шаклидаги мўъжаз шеърлар поэтик жиҳатдан ҳам, теран мазмуни ва ўзига хос услубига кўра ҳам бошқа ижодкорларни такрорламайди.
Кўҳна арузда, кейинчалик бармоқдаги шеърларда ҳар бир ижодкор бетакрор талқин этишга уринган ишқ мавзуи янгича шаклдаги назмий асарларда ўзгача ифодаланаётгани ёшларнинг изланишлари самарали бўлаётгани исботидир. Мана, Шермурод Субҳон “Сокин сўз суврати” тўпламидаги тиниш белгилардан холи, шунга кўра бош ҳарфлардан мустасно машқларида ватан, ишқ ва ҳаёт ҳақидаги тасаввури ўзгача ва буни у бўлакча бадиий талқин этишга уринади. Бироқ унинг ишқсиз яшамоқ гуноҳ эканига оид хулосаси буюк салафлари қарашларига мутаносиб.
Беҳзод Фазлиддиннинг “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламидаги учликлари маънонинг чуқурлиги, истиоранинг оригиналлиги билан алоҳида ажралиб туради. Чинакам ижодкор бўлиш учун ўзини тафтиш қила билмоқ талаб этилади. Беҳзоднинг шеърларини нурлантириб турган хусусиятлардан бири ҳам худди шу. Учликларида шоир ўз-ўзини тафтиш қилади, руҳият тасвирини оз сўз воситасида бор кўлами, бор зиддиятлари билан ифодалай олади.
Умуман, поэтик шаклдаги янгиланиш ва изланишлар миллий шеъриятимизда, назмий тафаккурда, бадиий-эстетик дунёқарашда муайян даражада ўсишга олиб келаётгани таҳсинга лойиқдир.
4. Поэтик образлардаги янгиланиш. Образда янгилик қилиш шаклдагига қараганда анча мураккаб. Лекин шеъриятнинг чин маънода юксалиши ана шу поэтик ҳодисага кўпроқ боғлиқ. Устоз Абдулла Орипов ёзади:
Бир марта кўрганман,
Фақат бир марта,
Ойнинг ўроғига юлдуз қўнганин.
Ойнинг ўроғига юлдуз қўниши – табиатда камдан кам кузатиладиган ҳодиса. Шеърият мухлисининг кўз ўнгида ёрқин муҳрланадиган бундай образни қўллаш шоирдан инжа эстетик дидни, юксак бадиий маҳоратни талаб этади.
Абдулла Шернинг “Гул йиллар, булбул йиллар” сайланмасида “ёмғир” образига шу пайтгача кузатилганидан ўзгача маъно юкланган:
Ёмғирлар оралаб ўтади умрим,
Ҳар томчи – бир умр, ўзи бир дунё.
Ёмғирлар оралаб кузатаман жим:
Ювиниб боради аста кир дунё, -
Ёмғирлар оралаб…
Шоир ёмғирнинг ҳар томчисини бир умрга, ўзига хос алоҳида бир дунёга ташбеҳ этади. Натижада, бизнингча, ҳеч бир бошқа шоир ижодида кузатилмаган оҳорли умумлашмага – кир дунёнинг ёмғирда ювиниб бораётгани ҳақидаги поэтик хулосага келади.
Ўтган йили нашр этилган “Зарафшон мавжлари” альманахи Самарқандда бугунги кунда ҳам муайян ижодий анъаналарга эга адабий муҳит мавжуд экани далилидир. Альманах ижодкорларнинг ёшига кўра тартиб билан тузилган. Уни мутолаа қилиш жараёнида воҳада тоза бир ижодий руҳ шаклланганини сезиш мумкин. Айниқса, А.Қодиров, Р.Ахтамова, Н.Яҳёев, Ҳ.Норбоев, Н.Дўсанов, Э.Султонов, Н.Тошмуродова, Ҳ.Мўминова, М.Расулова, К.Ибрагимова каби ёш ижодкорларнинг машқлари шеъриятимиз эртанги кунига катта умидлар билан қараш мумкинлигини кўрсатади.
Шунингдек, ўтган йили “Оила – менинг қутлуғ боғим” деб номланган ёшлар баёзи ҳам нашр қилинди. Халқ шоири Иқбол Мирзо сўзбошиси билан чоп этилиб, 30 дан ортиқ ёш ижодкорларнинг шеърлари кирган баёз шеъриятимизнинг навқирон авлоди адабий-эстетик тафаккури, поэтик салоҳияти ҳақида муайян хулосаларга келиш имконини бериши жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир. Шеъриятда энг кўп куйланган Ватан мавзусини ўзига хос талқин этишга бўлган уриниш ёшлар назмининг истиқболига умид уйғотади. Нозиккина елкаларимда Кўтараман Ватан юкини, – деб ёзади Зулфизар Муҳаммадисоқова. Ватанни васф этар экан, Кумуш Ўсарова “ҳатто тикони ҳам оғритмас жонни” деган оҳорли ифодани қўллайди.
Жумладан, Ж.Матназаров, Р.Ўтарбоев, Ю.Зоирова, Д.Норқулова, П.Ашурова, М.Аббосова, С.Мусатдинова, Б.Баҳром сингари ёшларнинг шеърлари кишида умид уйғотади. Лекин уларнинг барча машқлари ҳам тўкис эмас. Ёшлар ижодида ёрқин мисралар учрайди, бироқ чинакам тугал шеърларни топиш қийинроқ. Шунинг ўзиёқ бу навқирон авлодларимизнинг ҳали мутолаа меҳнати, шеър заҳмати, ижод машаққати сингари довонлардан ўтмоғи зарурлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган йили чоп этилган шеърий тўпламлар таҳлили, биринчидан, шеъриятимизда мумтоз бадиият сарчашмаларидан баҳрамандлик, хусусан кўҳна арузга мурожаат сезиларли даражада кучайганини кўрсатади. Иккинчидан, миллий руҳиятни халқона оҳанглар орқали тасвирлашга интилиш ортиб бораётир. Учинчидан, поэтик шакл ва поэтик образда муттасил равишда янгиланиш жараёни кечмоқдаки, бу ҳол янгиланаётган адабий-эстетик тафаккур ҳосиласи экани билан алоҳида аҳамиятга эга. Тўртинчидан, ижодий жараёнда муайян адабий муҳитларнинг ўрни ва мавқеи бир қадар кучаймоқда. Бешинчидан, ёшлар шеъриятида устоз шоирлар ижодий лабораториясини ўрганиш, назмда улар яратган мактаб анъаналарини давом эттириш, шунинг баробарида ўз овозига эга бўлиш йўлида мунтазам изланиш олиб бориш тенденцияси кузатилмоқда. Шунинг ўзиёқ миллий шеъриятимизнинг, адабиётимизнинг эртанги кунига катта умидлар билан қарашга асос беради.

 
Қуёш борлигидай ойдин ҳақиқат PDF Босма E-mail
13.01.2012 17:21

Абдулла Қодирий ва жадидчилик масаласи мавзуси қодирийшуносликнинггина эмас, адабиётшунослигимизнинг ҳам муҳим ва долзарб, лекин шу пайтга қадар етарлича эътибор берилмай келаётган масалаларидан. Муҳимлиги шундаки, Абдулла Қодирийдек ўзбек адабиётида янги йўл-йўналишни бошлаб берган, ўзбек романчилик мактабига асос солган сиймонинг жадидчилик номи билан тарихга кирган XX аср бошидаги етакчи ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатдан четда туриши мумкин эмас эди. Тўғрироғи, Қодирий феномени, аслида, жадидчиликнинг адабиётда намоён бўлишидир. «Ўткан кунлар», биринчи навбатда жадид адабиётининг, иккинчи номи билан айтганда, янги ўзбек адабиётининг энг куркам маҳсули. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Таажжубимиз сабаби, битта ҳодисани турли номлар билан атаётганимизда ва уларнинг ҳали онгимизга сингиб улгурмаганида. Иккинчидан, совет мафкураси томонидан бир вақтлар «халқ душмани» рамзига айлантирилган «жадид» сўзини тилга олиш қўрқувининг ҳали-ҳануз сўнгакларимиздан чиқиб кетмаганлигида. Лекин бугун бу нарса қуёшнинг борлиги қадар ойдин ҳақиқат бўлиб турибди. У ҳам бўлса, жадидчилик аталмиш ҳодисанинг тарихимизда кечгани, унинг кўҳна Туркистон маданий-маънавий янгиланишида буюк омил бўлгани. Тўғри, уни баҳолашда, хусусан, мазкур ҳодисанинг майдонга келиши ва тараққиёт босқичларини белгилашда ҳар хиллик йўқ эмас ва бу, қанчалар табиий бўлса, шу қадар қонуний ҳамдир.

Батафсил ...
 
Умарали Норматов. Саргузашт сардори PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:53

Жаҳон сўз санъати дунёсида “саргузашт адабиёти” деб аталган ажабтовур яратиқ – хилқат бор. Саргузашт адабиётига таъриф берганда, бу соҳа мутахассислари ҳаётда юз берган ёки тўқиб чиқарилган ғаройиб воқеа-саргузаштларни қизиқарли ҳикоя қилувчи асарларни назарда тутадилар; уларга хос хусусиятлар: сюжет воқеаларининг фавқулодда сирли-сеҳрли тус олиши, ўткир интригаларга бойлиги, воқеалар ривожида кутилмаган кескин ўзгаришлар, персонажлар қисматида терс бурилишлар юз бериши, асар қаҳрамонларининг турли синовларга дуч келишию ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиб, турли-туман бало-қазолардан омон чиқиши каби жиҳатлар тилга олинади. Сўз санъатининг барча тур, шакл – жанрларида бўлганидек, саргузашт адабиёт намуналари орасида ҳам юки йўқ, енгил-елпи, шунчаки олди-қочди воқеалар баёнидан иборат “асарлар” билан баробар, “саргузашт”ни чинакам санъат мақомига кўтарган нодир адабий дурдоналари ва ҳар бир миллий адабиётда унинг етук дарғалари ҳам бор. Сервантеснинг “Дон Кихот”, Ф.Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэль”, Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари”, А.Дюма, Ф.Купер, М.Рид, Р.Стивенсон, Р. Хаггард каби адибларнинг каттаю кичик баравар севиб ўқиладиган дунёга машҳур асарлари шулар жумласидан.
Ўзбек адабиётида бу турнинг илк замонавий намуналарини Абдулла Қодирий яратди, “Жинлар базми”, “Калвак махзум”, “Тошпўлат тажанг” бу йўналишдаги дастлабки тажрибалар эди; ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари миёнасида дунё юзини кўрган Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си миллий саргузашт адабиётимизнинг чўққиси бўлди.
Шундан кейин мазкур жанрнинг ҳам мазмунини, ҳам бадииятини юқори кўтарган ижодкорлардан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев бўлди. У бадиий ижодни ҳам катталар, ҳам болалар учун ҳикоялар ёзишдан бошлади, катталар учун ёзганларидан бири “Фельетондан сўнг” ҳикояси конкурс мукофоти билан тақдирланди, болаларга ёзганлари “Шошқалоқ” тўплами ҳам ижобий баҳо олди, лекин у катталар ҳаётидан олинган “Жонгинам, шартинги айт” ва болаларга аталган “Сеҳрли қалпоқча” номли илк саргузашт қиссалари билан элга танилди. Айни шу икки асарида унинг асл бисоти, чин истеъдод майллари яққол намоён бўлди. Омадни қарангки, ҳар икки асарни китобхонлар ҳам, адабий танқид ҳам бирдек хуш қабул қилди. Бундан руҳланган ёш адиб “Сеҳрли қалпоқча” қиссасини кенгайтириб, 1969 йили “Сариқ девни миниб” номи остида романга айлантирди. 1973 йили бу асарнинг мантиқий давоми тарзида “Сариқ девнинг ўлими” дунё юзини кўрди. Сўнг бирин-кетин “Беш болали йигитча” (1976), “Қасоскорнинг олтин боши” (1980), “Йиллар ва йўллар” (1983), “Ширин қовунлар мамлакати” (1986), “Жаннати одамлар” (1986) майдонга келди. Бу романларнинг аксарияти ўзимизда ҳам, хорижда ҳам довруғ қозонди, хилма-хил мукофоту совринларга сазовор бўлди. Шу тариқа, миллий саргузашт адабиётимиз сардорига айланган адибнинг, айниқса, “Сариқ девни миниб” билан “Сариқ девнинг ўлими” романлари жаҳон кезишда рекорд қозонди, жаҳоннинг ўттизга яқин мамлакатларида чоп этилди, жаҳондаги шу турнинг етук асарлари қаторидан муқим ўрин олди.
Бу асарлар халқимиз маънавий ҳаётида чуқур из қолдирди. Кейинги ярим аср давомида мактабда таълим олган миллат фарзандларининг деярли барчаси учун Худойберди Тўхтабоев романлари қаҳрамонлари, хусусан, Ҳошимжон билан Акрамжон ўз жигарларидек таниш, қадрдон бўлиб кетган. Хўш, Худойберди Тўхтабоев саргузашт романларига шуҳрат келтирган омиллар нималардан иборат? Менимча, биринчидан, бу романлардаги саргузаштлар ифодаси жанр тақозосига кўра тасаввур, тахаюл маҳсули бўлмиш кутилмаган фавқулодда ҳодисалар силсиласидан иборат бўлса-да, улар миллий заминга, муаллифнинг ҳаётий тажрибалари асосига қурилгани билан қимматлидир. Худойберди Тўхтабоев ҳатто ўзи бевосита шоҳид бўлмаган воқеа-ҳодисалар, чунончи, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Йиллар ва йўллар” романларида ҳам қаҳрамонлар саргузаштлари тасвири, талқинида ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб қалам сургани яққол сезилиб туради. Иккинчидан, адиб романларининг қаҳрамонлари болалар бўладими, катталар бўладими, ким бўлишидан қатъи назар, улар тасвири, талқини ҳамиша болаларга хос нигоҳ, самимият билан йўғрилган. Ёзувчи Шукур Холмирзаев топиб айтган: “Худойберди аканинг табиатида ўзи қандайдир мўъжаз, яхши маънода болалик бор”. Айни мана шу хислат – болаларча беғубор соддалик асарларига кўчиб ўтиб уларга ажиб руҳ, самимият бахш этади. Учинчидан, адиб асарлари поэтикаси, ифода тарзи, усуллари жиҳатидан ранг-баранг; улар орасида соф ҳаётий, реалистик йўналишдаги романларни ҳам, миллий халқ оғзаки ижоди анъаналари билан йўғрилган хаёлий фантастика, замонавий жаҳон тажрибаларига хос шиддаткор детектив намуналарини ҳам, тарихий-биографик саргузашт турларини ҳам учратиш мумкин. Муаллифнинг шундай романлари ҳам борки, уларда бир эмас, бир неча ифода тарзи синтезига дуч келамиз. Тўртинчидан, асарлари қандай шакл, кўриниш, руҳда бўлишидан қатъи назар, ҳатто кескин драматик, фожиавий вазиятлар ифодасида ҳам ҳазил-мутойиба, юмор ёндош ҳолда келади. Ниҳоят, бешинчидан, олтмишинчи-етмишинчи йиллар адабиётида етакчи тамойилга айланган асарда “гап айтиш”, ҳаётнинг жиддий муаммоларига муносабат билдириш, муаллифга тинчлик бермаган, қалбини ўртаган, қўлига қалам олишга ундаган ҳаёт ва шахс жумбоқлари борасидаги дил сўзларини, кўнгил дардларини, армон-ўкинчларини тўкиб солиш ҳодисаси Худойберди Тўхтабоевнинг болалар учун мўлжалланган саргузашт асарларига ҳам хос етакчи хусусиятлардандир. Адибнинг “Сариқ девни миниб” номли романининг қаҳрамони – Ҳошимжон табиатан кулдирувчан, қизиқчироқ. У топиб гапиради, жўн гапларга ҳам тўн кийдириб юборади. Унинг нутқи ҳазил-мутойиба, киноя-кесатиқларга ниҳоятда бой. У ўзгаларни кулдиради, ўзи эса сира кулмайди. Асарни худди шу хил бола тилидан ҳикоя қилиш юморист ёзувчи учун жуда-жуда қўл келган.
Ҳошимжон кўринишдан ниҳоятда содда, гўл, ширинсухан, майин- мулойим бола, ойиси чақирганда “Лаббай, ойижон”, иш буюрганда “Хўп бўлади, ойижон”, деб туради. Аслида, у хийла муғомбир, қув, шўх бола. У укаларига кун бермайди, ўзига топширилган ишларни укаларига буюради, борди-ю, улар бажармаса ҳоли чатоқ – оч биқинига мушт келиб тушади. Мактабда ҳам шундай. Топшириқларни бажаришга уринади. Унинг дўсти ҳар қандай масалани кўз очиб-юмгунча ишлаб ташлайди. Ҳошимжон ҳам бўш келмайди, кўз очиб юмгунча ундан кўчириб олади. Фақат бу билан кифояланмайди, ҳатто мактаб директори номига қийин дарсларни жадвалдан чиқариб ташлаш ҳақида ариза ёзади. Хуллас, унинг меҳнатга сира тоби йўқ, ҳар соҳада ҳар доим осон йўл қидиради. Бироқ, бу йўл уни яхшиликка элтмайди, ўқитувчиларнинг дашномига, ойисининг таъқибига учрайди.
Ҳошимжон отдан тушса ҳам, эгардан тушган эмас. Соддадил бола ўз “эътиқоди”дан қайтган эмас. У ҳамон ўқимасдан, меҳнат қилмасдан шуҳрат ва мартабага эришиш йўлини қидиради. Шу орада бирдан унинг иши юришиб кетади. Хоҳлаган нарсасини муҳайё этадиган афсонавий сеҳрли қалпоқчани топиб олади ва у билан сайрга чиқади.
Шу ўринга келиб, саргузашт асар ярим фантастик тус олади, бири-биридан қизиқ, бири-биридан кулгили ғаройиб саргузаштлар бошланиб кетади. Ҳошимжоннииг кўнгли ниҳоятда чоғ. Мана, энди, у ўз ўқитувчилари қўлида ўқимасдан туриб ҳам ҳар қандай касб эгаси бўлаолиши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи, кўкси тўла орден, катта шон-шуҳратлар билан қишлоғига қайтмоқчи. Афсус, минг афсус, ҳатто аф¬сонавий сеҳрли қалпоқча ҳам бу борада Ҳошимжонга кўмак беролмайди. Сеҳрли қалпоқча муҳайё этган имкониятлар ҳар сафар кутилмаган кўнгилсиз оқибатларга олиб келаверади, қаҳрамоннинг бахти энди кулай деб турганда, ишнинг пачаваси чиқиб қолаверади. У агроном ҳам бўлади, шоир ҳам, артист ҳам, инженер ҳам бўлади, бироқ, ҳар сафар билимининг, тажрибанинг йўқлиги ишнинг белига тепаверади. Зотан, асардаги кулгининг ҳақиқий манбаи худди ана шунда.
Муаллиф ёш қаҳрамон характери ва саргузашти тасвирида бир ёқламаликдан қочади, қаҳрамонни олабўжига айлантириб юбормайди, қаҳрамон ҳали бола эканини доимо назарда тутади; Ҳошимжон табиатида ўзига ярашадиган қандайдир эркатойлик, одамни ўзига тортадиган самимият, жозиба бор; аслида, унда ҳеч қанақа ёвуз ният йўқ, у муайян даражада романтик, орзу-ҳаваслар эгаси. Бироқ, у орзу-ҳавасларга элтадиган катта йўлдан бир муддат четга чиқиб сарсон-саргардон бўлади, кулгили вазиятларга тушиб қолади. Қаҳрамон қанчалик хатоларга йўл қўймасин, у, аслида, самимият эгаси бўлгани учун асардаги кулги самимий, қувноқлигича қолаверади. Асар қаҳрамони нуқул бемаънигарчиликлар билан шуғулланавермасдан, хайрли ишлар ҳам қилади: у сеҳрли қалпоқча ёрдами билан фолбиннинг кирдикорларини фош этади, олғир, порахўр меҳмонхона ходимларини саросимага солиб қўяди; хусусан, қиссанинг иккинчи қисмида қаҳрамон катта иш кўрсатади, сохта, фирибгар дин ҳомийларининг асл башарасини очиб ташлайди. Учинчи қисмда Ҳошимжоннинг мактабдаги саргузаштлари ҳикоя қилинади. Кўп ҳангомаларни бошидан кечирган қаҳрамонимиз асар охирида бошқача қиёфага киради, орзу-ҳавасларга элтадиган чинакам йўл одоб ва қунт билан ўқишда, меҳнатда эканига тўла ишонч ҳосил қилади. Қисқаси, охир-оқибат қаҳрамон бисотидаги самимият, эзгу хислатлар ғолиб келади.
Дадил айтиш мумкинки, бу роман ёзувчининг ижодий тақдирида бурилиш ясади, шу пайтга қадар катталар ва болалар дунёси оралиғида иккиланиб турган ёзувчимиз “Сариқ девни миниб” асаридан сўнг, бутунлай болалар адабиёти майдонига ўтиб олди.
“Сариқ девни миниб” эълон этилиб, қўлма-қўл ўқилаётган кезлари муаллиф номига мактублар ёғилиб кетди. Аксар ўқувчилар: “Сариқ дев”нинг давоми борми?” “Сеҳрли қалпоқча” омонми?” деб сўрашади, Ҳошимжоннинг галдаги саргузаштлари билан танишиш истагида эканликларини айтишади. Бир чеккаси, китобхон истагини, қолаверса, ёзувчи кўпдан бери кўнглида йиғилиб ётган дарду дунёсини тўкиб солиш ниятида, унинг мантиқий давоми – “Сариқ девнинг ўлими” устида ишга киришди. Муаллиф янги асар устида иш олиб бориш жараёнида, жаҳон детектив адабиёти намуналари, унинг назарияси билан яқиндан танишади, бу тур адабиёт хусусида ўзининг муайян қарашлари – концепцияси шаклланади. Унингча, детективнинг муҳим шартлари шулардан иборат: 1. Асарда, албатта, ижтимоий мотив биринчи ўринда туриши керак. 2. Асарнинг бошланишидаёқ жиноят ёки қотиллик юз бериши лозим. 3. Изқувар ўз атрофидагиларга қараганда ақллироқ, идроклироқ, топқирроқ бўлиши шарт. 4. Китобхон билан изқуварнинг жиноят ҳақидаги хабардорлиги бир хилда бўлиши керак. 5. Муҳаббат, оила мотиви биринчи планга чиқмаслиги керак. 6. Изқуварнинг ўзи жиноятчи бўлмаслиги керак. 7. Изқувар жиноятчи ёки қотилни тасодифан эмас, балки майда икир-чикирларни таҳлил қилиб, индуктив мулоҳазалар билан топиши керак. 8. Изқувар кроссворд жумбоғини ечгандек ҳаракат қилиши шарт. 9. Кроссворд жумбоғини ечиш реалистик асосга қурилиши керак. 10. Детектив асарда жиноят битта бўлиши талаб қилинади. 11. Жиноятчининг жиноятни беркитишдаги усталиги изқуварнинг усталигидан кам бўлмаслиги керак – изқувар ақлли душман билан юзма-юз бўлиши керак ва ҳакозо.
Адиб янги романини ана шу шартлар асосида қуришга ҳаракат қилади. Ўқувчи бу асарда аввалги китобдан таниш қаҳрамон – Ҳошимжон билан қайта учрашади, унинг ўзга бир жиддий вазиятдаги янги саргузаштлари билан танишади, ўта қалтис вазиятларда сеҳрли қалпоқча мададга келади, ажойиб-ғаройиб кароматлар кўрсатади.
Дарвоқе, аввалдан таниш бу қаҳрамон аввалги ўйинқароқ Ҳошимжон эмас, саккиз йилликни битириб, улғайиб, оқ-қорани таниб қолган. Энди у ўз ҳаёти, тақдири устида жиддийроқ ўйлайди, ўзига касб танлайди, дастлаб сартарош бўлади, аввалги китобда қаллобликларга қарши кураш жабҳасида шаклланган иштиёқ, иш тажрибалари энди уни каттароқ майдон сари етаклайди, милиция мактабида ўқиб, милиционерликка ишга ўтади; янги китобдаги таажжуб ҳангомалар айни шу нуқтадан бошланади, ўзгача шиддатли детектив саргузаштлар қаҳрамоннинг айни шу янги касб-кори билан боғлиқ ҳолда давом этади.
Худойберди Тўхтабоев кўпдан бери милиция ходимларининг машаққатли ҳаётидан ҳикоя қилувчи, қаллоб, юлғич, порахўрлар қилмишини фош этувчи йирик асар яратишни орзу қилиб келарди. Асарнинг халқ милицияси сафида қирқ йилдан ортиқ хизмат қилган, пок, саховатли қалб эгаси марҳум полковник Раҳимжон ака Отажонов хотирасига бағишлангани бежиз эмас. Китоб муаллифи жиноятчи – қаллоб, юлғич, порахўрлар афти-ангорини, кирдикорларини яхши билади, газеталар таҳририятида фельетончи бўлиб ишлаган кезлари кўп марта бундай жиноятчилар изига тушган, улар билан юзма-юз тўқнашган, уларнинг сиру асрорини фош этувчи ўткир фельетонлар ёзган. Ўша йиллари тўпланган тажриба, бой ҳаётий материал, ундан кейинги кузатишлар ушбу асарга асос бўлган.
Аввалги асаридаги каби “Сариқ девнинг ўлими”да ҳам воқеалар “ярим ёлғон, ярим чин” тарзида, яна ҳам ҳаётий-реалистик, ҳам хаёлий-фантастик тарзда давом этади, муаллиф фантастика тақозо этадиган шартли-хаёлий усуллардан кенг фойдаланади, рамзий деталь, образларга, кутилмаган фавқулодда вазиятларга дадил мурожаат этади; асар сюжетига сирли-детектив тус беради, конфликтни айни шу тур асарга хос яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан қабоҳат орасидаги зиддиятларга қуради.
Романда яхшилик, эзгулик рамзи сифатида изқувар Салимжон ва унинг мададкори Ҳошимжон, ёвузлик, разолат, қабоҳат рамзи тарзида эса Одил баттол тимсоли гавдаланади, улар орасида гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона бетиним, шиддатли жанг кетади. Салимжон билан Одил баттол умр бўйи олишиб келган. Одил ниҳоятда маккор. У Салимжон бошига жуда кўп оғир савдолар солган, уйига ўт қўйган, норасидаларни оловда ёндирган, унинг яккаю ёлғиз фарзандини йўлдан оздириб, қўлига тўппонча тутқазиб жиноятга етаклаган; у ҳамон тинчимайди, эл-юрт олдида Салимжонни шарманда қилмоқ, кўксига пичоқ урмоқ пайида юради. Ўз навбатида, Салимжон ҳам бўш келмайди, бошига тушган мусибатлар туфайли ҳар қанча куйиб-ёнмасин, қалби ўртанмасин курашдан асло толмайди, бўйи-басти букилмайди, иродаси сўнмайди. Ниҳоят, орада кечган аёвсиз кураш – жанг эзгулик тантанаси билан якунланади. Муаллиф ўқувчини хаёл қанотида нурли келажакка – жиноятлар, жиноятчилар барҳам топган, Одил баттоллар музей экспонатига айланган замонларга етаклайди; агар халқ ўз эркини қўлга олиб, қаллобларга курашда бир ёқадан бош чиқариб оёққа турса, бу эзгу – орзулар, албатта, рўёбга чиқажагига сизу бизни ишонтиради…
Аввалги романда бўлганидек, мана шу детектив-саргузашт тарзидаги воқеалар Ҳошимжон тилидан ҳикоя қилинади. Гарчи, бу романда қаҳрамонимиз улғайиб қолган, масъулиятли лавозимни эгаллаб турган, муҳим ижтимоий вазифани адо этаётган бўлса-да, болаликда теккан одатлари – ўша шўх-шаддодлик, андак қувлик, қувноқлик табиатида сақланиб қолган; ҳатто баъзи ҳолларда у ҳозирги ҳолатини унутиб бутунлай болакайга айланиб қолади, болаларча гўлликка боради. Бу ҳол қаҳрамонимизга, қолаверса, асарга ўзгача самимият, қувноқ руҳ, юмористик оҳанг бахш этади. Ўн саккизга кирмаган ким бор, севги ҳиссин туймаган ким бор, деганларидек, Ҳошимжон ҳам бу ёшда севги кўчасини четлаб ўтиши мумкин эмас эди. Ёзувчи йигитчанинг севги саргузаштларини ҳам, албатта, саргузашт-детектив асар тақозоси доирасида қаламга олади; романнинг умумий руҳига мос тарзда севги саргузаштларини ҳам қувноқ кулги билан йўғрилган ҳолда беради.
Қабоҳату жиноятларга қарши муросасиз кураш-жанг мотиви кейинроқ, 1986 йили чоп этилган “Ширин қовунлар мамлакати ёки сеҳргарлар жанги” романида ўзгача тарзда давом эттирилди. Бу асарда аёвсиз кураш энди бошдан-оёқ тахаюл-хаёлотда фантастик тарзда кечади. Бу романни “Сариқ девни миниб” ва “Сариқ девнинг ўлими” билан боғлайдиган жиҳати шундаки, ҳар икки романда иштирок этган Ҳошимжоннинг дўсти – бироз хаёлпараст, бироз ўйинқароқ Акрамжон бу асарда бош қаҳрамонга айланади, унинг ширин қовунлар мамлакатидаги хаёлий саргузаштлари – мамлакатни ҳар хил иллатлардан тозалаш ниятида сеҳргар иблис билан олиб борган аёвсиз жанглари роман асосини ташкил этади. Бу курашда унга устози профессор Дар Даража яқиндан ёрдам беради ва яна ўша сизу бизга таниш сеҳрли қалпоқча бу борада қўл келади. Шу тариқа, ҳар бири ўзича бир дунё, мустақил хилқат саналмиш бу уч роман, айни пайтда, асосий мотиви, етакчи персонажлари орқали бир-бирлари билан туташади, шунга кўра уларни ўзига хос миллий адабиётимизда ҳозирча ягона саргузашт трилогия деб аташ мумкин.
Ёзувчининг соф ҳаётий-реалистик саргузашт йўлида ёзилган “Беш болали йигитча”, “Жаннати одамлар” каби асарлари, тарихий саргузашт романнинг биздаги илк намуналари дея баҳо олган “Қасоскорнинг олтин боши”, “Йиллар ва йўллар”нинг ҳам – ҳар бирининг миллий адабиётимиз, хусусан, болалар адабиёти равнақида алоҳида ўрни бор. Автобиографик характердаги “Беш болали йигитча” иккинчи жаҳон уруши йилларида норасидалар бошига тушган ададсиз кулфат, мусибатларни теран, таъсирчан бетакрор ифодаси жиҳатидан Ғафур Ғуломнинг машҳур “Сен етим эмассан” шеъри, Раҳмат Файзий киносценарийси асосида яратилган айни шу номдаги фильм қаторида туради. Бу роман ҳақида озми-кўпми ёзилди, илиқ гаплар айтилди, аммо ҳали айтилмаган, айтилиши лозим бўлган гаплар кўп. “Қасоскорнинг олтин боши” асарининг муаллиф қаламига мансуб олдинги романлари билан талай муштарак жиҳатлари бор. Аввало, бу асар ҳам саргузашт йўлида битилган, аввалги романларга хос қувноқ юмор бу асарда ҳам унга алоҳида зеб бериб турибди. Шу билан баробар, бу романнинг аввалгиларидан ажратиб турадиган айрим ўзига хос томонлари ҳам мавжуд. Биринчидан, аввалги романлар муаллифга замондош болакайлар, ўсмирлар ҳаётидан олинган бўлса, “Қасоскорнинг олтин боши” тарихий ўтмишдан баҳс этади, болалар, ўсмирлар эмас, катталар ҳаётидан ҳикоя қилади. Иккинчидан, аввалги романларда муаллиф бола ёки ўсмир қаҳрамоннинг ғаройиб, хаёлий-фантастик саргузаштлари орқали ҳаётнинг хилма-хил қатламларини, турли-туман шахслар қиёфасини кўрсатиш йўлидан борган бўлса, бу асар марказида тарихий шахс, халқ қасоскори – Намоз тақдири туради. Ёзувчи халқ орасида афсонага айланиб кетган бу одамнинг кескин драмаларга тўла қаҳрамонона ҳаёт лавҳаларини ҳаётий-тарихий далилларга таянган ҳолда бадиий гавдалантиради.
Намоз шахси ва у бош бўлган қасоскорлик кўринишидаги, аслида эса, миллий озодлик ҳаракати моҳияти устида ёзувчи кўп бош қотирди. Тўғри, ўша пайтларга қадар Намоз ҳаракати илмий жиҳатдан бирмунча ўрганилган, бу ҳаракатни баҳолашда ижобий томонга юз ўгириш бошланган бўлса-да, ҳали бу хусусда, узил-кесил ҳукм чиқарилган эмасди. Ёзувчи Пиримқул Қодиров романга ёзган сўзбошисида таъкидлаб ўтганидек, Намоз сиймосини бадиий адабиётда гавдалантиришга айрим уринишлар бўлган. Ўз даврида Нурмон бахши у ҳақда достон куйлаган, афсуски, достондан айрим парчаларгина сақланиб қолган, холос; улкан адиб Абдулла Қодирий Намоз ҳақида йирик асар ёзиш ниятида ҳужжатлар йиққан, афсус, унинг бу ниятини рўёбга чиқариш имкони бўлмаган; рус адибаси Анна Алматинскаянинг “Зулм” трилогиясида Намозга оид бир ярим саҳифалик кичик эпизод бор; Иззат Султон “Номаълум киши” драмасидаги Ниёз образига Намозни прототип қилиб олган бўлса-да, у тарихий шахс Намоздан бирмунча йироқлашиб кетган… Қисқаси, “Қасоскорнинг олтин боши”дагина илк бор тарихий сиймо – Намоз ҳаёти, кураши батафсил ҳикоя қилиб берилди. Намоз сиймоси изчил, мукаммал гавдалантирилди.
Намоз саргузашти ифодасида ёзувчи, манбаларга таянади, айрим ўринларда манбалардаги тафсилотларни айнан келтиради; қолаверса, халқ орасида юрган ҳикоя, ривоят, нақллардан ҳам фойдаланади. Шу икки жиҳатдан келиб чиқиб, муаллиф ҳам реалистик саргузашт, ҳам халқ оғзаки ижоди ифода усул-услубини қўшиб олиб боради, хаёл-тасаввурга ҳам андак эрк беради; асар қаҳрамони Намоз гўё эртак, афсона билан реал ҳаёт, тарих ҳақиқати орасида турувчи ўзига хос бетакрор сиймога айланади.
Намоз меҳнаткаш халқ орасидан чиққан, шу меҳнаткаш халқ манфаати, шаъни, эрки деб курашга отланган оддий бир деҳқон йигит. Шу билан баробар, у дунё кўрган, оқ-қорани таниган, ўз даври учун фавқулодда бир шахс; ўтган аср бошларида Туркистон ўлкасида вужудга келган тўлғанишлардан илҳомланиб, жабрдийда, икки томонлама эзилган, эркка ташна меҳнаткаш халқнинг ҳимоячиси сифатида бош кўтаради. Айни пайтда, Намоз халқимизнинг, халқ даҳоларининг эрк, озодлик, адолат ҳақидаги анъаналари вориси сифатида кўринади. У ҳазрат Навоийнинг: “Илгимдин келгунча золим тиғин ушотиб, мазлум жароҳатиға интиқом малҳамин қўйдим”, деган дил сўзларини қасамёд тарзида тумор қилиб бўйнига осиб юради. Сафдошларини ҳам шунга даъват этади. Шуниси муҳимки, бу одам доимо ўз хатти-ҳаракатларини тафтиш этиб боради, ўзи бош бўлган тўда ҳаракатининг ожиз томонларини ҳам сезади, тан олади; кичик бир тўдани отлантириб бою мансабдорлардан қасд олиш, улар мол-мулкини тортиб олиб, қашшоқ бева-бечораларга бўлиб бериш йўли билан асл муддаога эришиб бўлмаслигини, кенг оммани атрофига уюштириб, халқни қўзғатиш кераклигини тушуниб етади; ана шу дақиқаларда унинг руҳий қийноқлари бошланади, бошқача йўлдан боришга хоҳиш ва янгича кураш йўлига ўтишда ўзидаги ожизликни англаш, ҳис этиш жараёни рўй беради. Саргузашт имкониятлари доирасида шундай руҳий драматик ҳолатларнинг берилиши катта гап. Айни пайтда, ёзувчи Намоз шахсиятининг бошқа қирралари – унинг оддий инсоний хислатларини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилади. Намоз мард, танти, жасур паҳлавон, шу билан баробар, ўта кўнгилчан, раҳмдил инсон, ўзгаларнинг кўзёшларига асло тоқат қилолмайди, у дунёю бу дунёси қоронғу бўлиб кетади; аламидан ҳаммаёқни зир титратган, золимлар додини бериб юрган бу баҳодир йигит унаштирилган қиз хонадонига ёлғиз киришга ийманади; Намоз меҳнаткаш халқ манфаати йўлига жони-жаҳонини тиккан одам, бироқ, у ўзининг оила, қариндош-уруғлар олдидаги бурчини ҳам асло унутмайди; шахсий турмуш лаззатлари, оила қувончи ва ташвишлари унинг учун бегона эмас. Опаси Ўғилойга инилик меҳри, Насиба билан севги, оилавий интим мулоқотлари, қайнисингилларига кўрсатган қалб саховатларини муаллиф ўзгача бир самимият билан ифода этади. Безовта, серташвиш кунларда барпо бўлган оила, унинг қувончли дамлари, орзу-умидлари, дарбадарликдан зада бўлган аёл қалбининг изтироблари, баъзида эр-хотин орасида бўлиб ўтган паст-баланд гаплар – ора-сира қаламга олинган шундай ҳолат-ҳодисалар тасвири асарга алоҳида файз бахш этган, ўшандай ўринларда қаҳрамон чеҳраси, қалб бисоти яна ҳам очилиб кетади. Чунончи, қочқин пайти Насибани тўлғоқ тутиб қолиши, дунёга келаётган чақалоқ ҳаёти деб Намознинг рақиблар олдида таслим бўлиши манзараси – ўша дамлардаги қаҳрамоннинг руҳий ҳолати зўр маҳорат билан тасвирланган. Бу лавҳа ўқувчини ларзага солади, ўта тиғиз дамлардаги қаҳрамон ҳолати китобхон хотирасига мустаҳкам ўрнашиб қолади.
Муаллиф талқинича, Намоз қасоскор, лекин у террорчиликка, инсон зотини жисмоний азоблашга, қотилликка қарши. Аммо шафқатсиз замон, золимлар зулми, у тушиб қолган мураккаб вазиятлар қаҳрамонимизни гоҳо шафқатсиз бўлишга мажбур этади: кези келганда, интиқом оловида ўртанган бу йигит бир вақтлар ўзини асоссиз қамчилаган золимни боплаб савалайди, имконсизликдан бегуноҳ отга қарата ўқ узади, неча бор рақиблар додини беради, қасамидан тонган йигитларни жазолайди, хоинни ўз қўли билан бўғиб ўлдиради… Такрор айтаман, бундай шафқатсизликлар фақат вазият тақозоси, ўша дамларда қаҳрамон учун ўзгача йўл йўқ.
Ниҳоят, қаҳрамоннинг ҳалокати ифодасида аламли, афсус-надоматлар оғушида одамни қийноққа соладиган ҳолат бор. Ҳукмрон маккор кимсалар юзма-юз тўқнашувларда Намозга бас келолмагач, сотқин кимсалар қўли билан уни орадан кўтарадилар, ўз ичидан чиққан хоинлар қаҳрамоннинг олтин бошини танидан жудо этадилар…
Асар ўзбек халқи миллий озодлик ҳаракати силсиласида муносиб ўрин олган ёрқин тарихий шахс сиймосини жонли гавдалантириб бергани, адабиётимизга чин маънодаги курашчи-қаҳрамон образини олиб киргани билан қимматлидир. Эҳтимол, тарихий шахс Намоз ҳаётидан яна бошқача йўналишда, ўзгача услуб, усул, жанрда янги асарлар битилар, аммо, “Қасоскорнинг олтин боши” Намоз ҳақидаги роман, миллий адабиётимиздаги илк тарихий-саргузашт роман тарзида қимматини асло йўқотмайди.
Хулоса шуки, миллий маданиятимиз, адабиётимиз равнақига улкан ҳисса қўшиб келаётган, аллақачон саргузашт сардори даражасига кўтарилган Худойберди Тўхтабоевнинг ижоди янаям сермаҳсул, бардавом бўлаверсин.

 
Тасаввуфнинг исломий асослари PDF Босма E-mail
17.06.2013 13:17

«ҚУРЪОНИ КАРИМ»

Қуръони карим Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло томонидан жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га юборилган ваҳийлар (диний кўрсатмалар) тўпламидир. Қуръони карим самовий китобларнинг охиргисидир. Йигирма уч йил давомида нозил бўлган бу илоҳий китобда 114 сура жамъ бўлиб, ҳар бир сура уч ва ундан ортиқ оятлардан ташкил топган. Бу ояти карималарда Аллоҳ таоло оламдаги энг кичик зарралардан тортиб, бўлган ва бўлажак воқеалар ҳақида жаноб Пайғамбаримизга хабар беради. Қуръони каримда дунёдаги барча нарса ва мавжудотлар ҳақида фикр юритилгани каби СЎЗ хусусида фикр кетади. Қуръони карим оятларида «сўз» дейилганда, аввало, «каломуллоҳ», яъни «Аллоҳнинг сўзи» назарда тутилади. Шунингдек, сўз - «Лавҳу-л-маҳфуз», яъни азал ва охират китоби; сўз - «дунёнинг ибтидоси» маъноларида ҳам келади. Ушбу мажмуада сўз - «илми калом» ва юқоридаги маъноларда зоҳир бўлган ояти карималардан намуналар келтирилган. Шунингдек, Қуръони каримда «тасаввуф» истилоҳи ишлатилмаса-да, моҳиятан унинг табиатига дахлдор фикрлар ҳам борки, уларнинг мазмунини билиш тасаввуф назарияси ва эстетикасини ўрганиш учун калит вазифасини ўтайди.


“ҚУРЪОНИ КАРИМ”дан

ФОТИҲА СУРАСИ

1. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман.

Аллоҳ таоло ўз китобини “Бисмиллаҳ” билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини “Бисмиллаҳ” билан бошламоқлари лозим.

2. Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин.

Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз берувчи бўлгани учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазовордир.

3. У Роҳман ва Роҳиймдир.

“Роҳман” сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага – кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи махносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. “Роҳийм” сифати эса, хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.

“Аллоҳнинг хулқи билан хулқланинглар!” деган асарга асосланиб, уламоларимиз, бу оятни ўқиган ҳар бир киши раҳмли бўлишга уринмоғи лозим, дейдилар.

4. У қиёмат кунининг подшоҳидир.

Ушбу ояти каримада қиёмат куни Явмиддин деб номланган. Дин сўзи арабчада ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини билдиради. Явмиддин – қиёмат кунида барча бандалар қайта тирилтирилиб, ҳисоб – китоб қилинади. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг Ўзи ҳукм чиқариши, ўша ерда уялиб қолмасликни ўйлаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилинади.

5. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина

ёрдам сўраймиз.

Бизда “ибодат” деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар тунуниладиган бўлиб қолган. Тўғри, булар улкан ибодатлар, лекин, аслида, Аллоҳга манзур бўлган ҳар бир иш ибодатдир. Демак, инсон ўз ҳаётида Аллоҳнинг айтганини қилиб юрса, ибодатда юрган бўлади. Аллоҳ ҳалол ризқ топ, деб буюрганми, демак, ҳалол ризқ топиш ҳаракатида юрганлар ибодатда бўладилар. Албатта, ҳалол ризқ топиш ибодат экан, деб бошқа фарз, вожиб ва суннат амалларни тарк қилинмайди.

6. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.

Ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш, луғатда бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишга айтилади. Уламолар наздида, шундай ҳидоятга – йўлга бошлаш бир неча даражали бўлар экан: а) Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғуларнинг ҳидояти – йўл кўрсатиши. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шу ҳидоятлар жумласига киради. Буни илмий тилда “туғма инстинкт” дейилади. Лекин бу тоифадаги ҳидоят инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мамкин, холос; б) Инсон аъзоларининг ҳис қилиши ҳидояти – йўл кўрсатиши: ҳидлаш, эшитиш, кўриш, ушлаб кўриш сезгилари орқали маълум бир нарсаларга ҳидоят топса бўлади, лекин булар ҳам кифоя қилмайди, ҳаммалари маълум бир чегарагача ярайди, холос.

7. “Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас”.

Ўзининг неъмат берганлардан мурод – Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалардир. “Ғазабга дучор бўлган”лардан мурод – яҳудийлардир. Яҳудийларнинг ғазабга дучор бўлишларининг сабаблари кўп, жумладан, уларнинг анбиёларни ўлдиришлари, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилмасликлари ва ҳоказолар. Лекин уларнинг Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишларининг энг катта сабаби – билганларига амал қилмасликлари. Аллоҳ уларга илм берган, улар эса, била туриб илмга амал қилмаганлар. Демак, яҳудийлар йўл қўйган хатони такрорламаслик керак.

“Адашганлар”дан мурод – насронийлар. Насронийларнинг “адашганлар” бўлишларининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Энг асосийси – улар мақсадга эришиш йўлида Аллоҳ кўрсатган йўлни эмас, ўзлари топган йўлни танлаганлар, яъни Ийсо Пайғамбар олдиларида ўзларини айбдор деб билиб, уни рози қиламиз деб, Аллоҳ айтмаган ибодатларни ва ишларни, ақидаларни ўзларича жорий қилганлар. Бу ҳам нотўғри йўл. Демак, оятнинг маъноси: “Эй Аллоҳ, бизни ўтган анбиёю авлиё, азизларнинг йўлидан бошлагин, яҳудий ва насронийлар йўлидан бошламагин”, деганидир.

БАҚАРА СУРАСИ 1

2. Бу китобда шак – шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир.

Яъни Қуръони карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак – шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ–ойдин, аниқ–равшандир. Қуръони каримнинг яна бир сифати “тақводорларга ҳидоятдир”. Ҳидоят – мақсадга эриштиргувчи йўлни лутф билан кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан.

Кейинги оятда мазкур тақводорларнинг сифатлари келади:

3. Улар ғайбга иймон келтурурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар.

Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси – “ғайбга иймон келтирурлар”. Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир”, деган эканлар...

115. Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир.

Бутун ер юзи – мағрибу машриқ мусулмонлар учун масжид қилинган. Чунки ер юзи Аллоҳ таолоники. Унга ибодат қилмоқчи бўлган одам ҳар жойда қилаверса бўлаверади. Кофирлар масжидга киришни ман қилса ёки уни бузиб юборса, Аллоҳга ибодат қилиш имкони тугаб қолмайди. Қайси жойда ибодат қилсангиз ҳам, Аллоҳ – Ҳозир, ибодатни қабул қилувчи Унинг Ўзи. У раҳмати – қамрови кенг, ҳамма нарсани билувчи зотдир, бандаларининг барча ишларини қамраб олади ва билиб туради.

Ушбудан маълум бўладики, ҳукумат масжидни ёпиб қўйди, ибодатни манъ қилди, деган баҳона ила ибодатсиз юрмоқчи бўлганлар мутлақо нотўғри иш қиладилар...

ОЛИ ИМРОН СУРАСИ 2

135. Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар.

Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ҳозир ўрганаётганимиз ояти каримамизда тақводорларга улкан даража ваъда қилинмаётир. Лекин ушбу оятда фоҳиша иш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу нимага далолат қилади? Бу, Ислом динининг бағри кенглигига далолат қилади. Бу Исломда инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билиб ўзига яраша муомала қилинишидан далолат беради. Инсон нима бўлганда ҳам инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди...

ЮНУС СУРАСИ 3

26. Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

Аллоҳга иймон келтириб, унинг чақириғига “лаббай” деб жавоб бериб, яхши амалларни қилиб яшаган бандалар бу дунёда гўзал ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса бу дунёда қилган ғўзал амаллари учун савоб оладилар, жаннатга дохил бўладилар. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Уларга зиёдалик ҳам бордир. Бу зиёдалик шуки, уларга гўзал амалларининг савоби етти, етмиш, етти юз ва ундан ортиқ марта кўпайтириб берилади. Шунингдек, жаннатдаги олий мақомлар, нозу неъматлар ва бошқа ато қилинадиган нарсалар ҳам шу зиёдаликка киради. Энг улкан зиёдалик эса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлишдир.

“Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир”.

Аллоҳ ҳаммамизни ўшаларнинг қаторига қўшган бўлсин. Мазкур бахтиёр бандаларнинг ҳоли тамоман бошқача бўлади:

“Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас”.

Балки юзлари оппоқ ва гулгун бўлади. Чунки:

“Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”.

27. Ёмонликларни касб қилганларга эса, ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур. Уларни хорлик қоплар. Улар учун Аллоҳдан бирор сақловчи ҳам бўлмас. Юзлари худди тун зулматидан бир парча ила қопланган каби бўлур. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

Олдинга, аҳли жаннат васфидаги манзаранинг тамоман акси. Оятда бу дунёда гўзал амаллар эмас, ёмон амаллар қилганлар васф қилинаётир. Ёмонликлари туфайли улар бу дунёнинг ўзида ёмон ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса:

“Ёмонликларни касб қилганларга эса, ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур”.

Бу ерда зиёдаси йўқ. Амалларига ярашасини тортсалар ҳам, етиб ортади. Аҳли жаннат ҳолига зид ўлароқ:

“Уларни хорлик қоплар”.

Яъни, уларга хорлик етмайди, балки бутунлай қоплаб олади. Ҳамда шу ҳолларида доимий тураверадилар. Чунки:

“Улар учун Аллоҳдан бирор сақловчи ҳам бўлмас”.

Бу бахтиқаро бандалар шундай ноқулай ҳолатда қоладиларки, уларга назар солган киши ҳайрон бўлади. Чунки

“Юзлари худди тун зулматидан бир парча ила қопланган каби бўлур”.

Бу юзи қаролар кимлар ва улар қандай оқибат топадилар?

“Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.”

АЛ-ИСРО СУРАСИ4

1. Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Асқога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлади. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир.

Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни, кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Оятдаги “Ўз бандаси”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар. Ушбу оятда у зотнинг номлари айтилмай,

“Ўз бандаси” ибораси ишлатилиши ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фахр ҳамда энг оғир пайтда у киши учун тасаллидир...

105. Уни ҳақ ила нозил қилдик ва ҳақ ила нозил бўлди. Биз сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос.

Яъни Қуръонни Биз ҳақ ила туширдик. Қуръон ер юзида ҳақ қарор топиши учун туширилди. Энг улкан ҳақ – Аллоҳнинг тавҳиди Қуръон ила қарор топди. Шунингдек, бошқа ҳақлар ҳам Қуръон ила ер юзида қарор топди.

“...ва ҳақ ила нозил бўлди.”

Яъни, Қуръонда тушган ҳамма нарсалар – буйруқлар, қайтаришлар, ҳукмлар, эслатмалар, кўрсатмалар, хабарлар – ҳамма-ҳаммаси ҳақдир.

“Биз сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос.”

Яъни, эй Муҳаммад, Биз сени иймон келтириб, ибодат ва яхши амалларни қилгувчиларга жаннат ҳамда унинг олий даражаларию, битмас-туганмас неъматларининг хушхабарини берувчи қилиб ва куфр, нифоқу исён соҳибларини дўзаҳ азобидан огоҳлантиргувчи этиб юбордик.

106. Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг уучун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик.

Ушбу оятда Қуръони Каримнинг бир йўла тугал бир китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз боряпти. Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони каримни бир оят, икки оят қилиб, баъзида ундан оз, баъзида ундан кўп қилиб, йигирма уч йил давомида нозил қилди. Албатта, бунинг улкан ҳикматлари бор эди. Бу ояти каримада ўша ҳикматлардан бири, одамларга “аста-секин ўқиб бериш” зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одамларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Ўқиб берилганда ҳам, одамлар уни қабул қилиб олишлари осон бўлмас эди. Энг муҳими – Қуръони карим ўқиш учунгина эмас, асосан, ўқиб амал қилиш учун туширилган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бунга бир йўла амал қилиш осон эмас. Шунинг учун ҳам, жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди. Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати тарбияланиб вояга етди. Улар ҳар бир оятни нозил бўлгандан кейин ўқиб ўрганишар, ёд олишар ва унга амал қилишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар тушган бўлса ҳам, уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олмай туришарди. Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари икки оёқда юрадиган тирик Қуръонга айландилар ва оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.

Қуръон ана шундай нарса. Аллоҳ уни бўлиб-бўлиб тушириб, кишиларга осонлик ҳам яратди. Энди бу ёғи одамларнинг ўзига ҳавола, икки дунё бахт-саодатини хоҳласалар, ушбу Қуръонга эргашсинлар, икки дунё бадбахтлигини хоҳласалар, эргашмасинлар. Бу ҳақиқатни уларга етказиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга топширилмоқда.

ШУАРО СУРАСИ 5

192. Албатта, у (Қуръон) Роббул оламийннинг туширганидир.

Қуръонни Роббул оламийндан ўзга ҳеч ким туширмагандир.

193. Уни Руҳул Амийн олиб тушди.

194.Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун.

195.Очиқ-ойдин араб тилида.

Ушбу ояти каримадаги “Руҳул Амийн”дан мурод, Қуръони Каримнинг бошқа жойларидаги каби Жаюроил фаришта алайҳиссалом; “огоҳлантиргувчилардан” дегани эса, “Пайғамбарлардан” деган маънони билдиради.

Бинобарин, ушбу уч оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: Эй Муҳаммад, Қуръонни Жаброил сенинг қалбингга Пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди.

Ушбу васфлардан келиб чиқиб, Қуръон илмлари бўйича мутахассис олимлар Қуръони каримни Аллоҳнинг Жаброил орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қалбларига туширган мўъжиза каломидир, деб таърифлайдилар. Шунга биноан, Аллоҳнинг каломидан бошқа нарса Қуръон бўлмайди. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қалбларига олиб тушса ва унда мўъжиза бўлса, Қуръон ҳисобланади. Агар Аллоҳнинг каломини Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Шунингдек, оятда Қуръон “очиқ-ойдин араб тилида” эканлиги ҳам таъкидланмоқда. Қуръони карим бошқа тилга ўгирилса, Қуръонлиги қолмайди. Унинг бирор сўзини бошқа бир арабча сўз билан алмаштирилса ҳам, Қуръонлиги қолмайди. Шундай бўлгандан кейин, “ўзбекча Қуръон”, “тожикча Қуръон” ёки шу каби ибораларни қўллаш мутлақо нотўғридир. Уларга “Қуръони карим маъноларининг ўзбекча ёки тожикча таржимаси” дейилади.

Кейинги оятларда ҳам Қуръони каримнинг васфи давом этади:

196.Албатта, у (Қуръон) аввалгиларнинг китобларида ҳам бордир.

Яъни, Қуръоннинг зикри, унинг эгаси бўладиган Пайғамбарнинг зикри аввалги умматларнинг илоҳий китобларида ҳам бордир.

197. Уни Бани Исроил уламоларининг билишлари улар учун далил эмасми?!

Макка мушриклари аҳли китобларнинг уламоларига, хусусан, Бани Исроил олимларига кўп нарсаларни биладиган шахслар деб қарашар, баъзида уларнинг айтган гапларини ўзлари учун ҳужжат, далил сифатида қабул қилишар эди. Аммо Абдуллоҳ ибн Саломга ўхшаш Бани Исроил уламолари Қуръони Карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг зикрлари уларнинг китобларида борлигини айтсалар ҳам, мушриклар қабул қилмадилар. Ушбу оятда уларнинг ана шу гумроҳликлари инкор этилмоқда.

198. Агар Биз уни баъзи ажамийларга нозил қилсак.

199. Бас, у уларга уни ўқиб берса ҳам, унга мўмин бўлмас эдилар.

Яъни, уларнинг асли чатоқ. Эй ҳабибим, гап сенда ёки сенга тушган Қуръонда эмас. Хафа бўлма. Асосий гап мушрикларнинг асли чатоқлигида. Уларда Қуръонга иймон келтириш нияти умуман йўқ.

Агар биз Қуръонни сендан бошқага, араб бўлмаган бир одамга туширганимизда ҳам, улар иймонга келмас эдилар.

200. Биз у (Қуръон)ни жиноятчилар қалбларига ана шундай йўлладик.

Яъни, Биз Қуръонни мушриклар қалбига ана шундай тарзда йўлладик. Ула уни эшитадилар, маъноларини тушунадилар, фасоҳат, балоғат борасидаги нозик нуқталарини фарқлаб биладилар, аммо иймон келтирмай юраверадилар.

201. Улар унга то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмаслар.

Аламли азобни кўрганларида, улар ҳам иймон келтирадилар, аммо кеч бўлади.

210. У (Қуръон)ни шайтонлар олиб тушганлари йўқ.

Мушриклар даъво қилаётганларидек, Қуръонни шайтонлар олиб тушганлари йўқ. Уларнинг бу гаплари бўҳтондан иборат.

211. Бунга уларнинг имконлари йўқ ва унга қодир ҳам эмаслар.

Шайтонларнинг табиати ёмонлик асосига қурилган. Улар фақат ёмонлик этиш имконига эга, улар фақат ёмонлик қилишга қодир, холос. Қуръон эса, бошдан-оёқ яхшилик, ҳикмат, илм-маърифат ва илоҳий таълимотлар билан тўла. Демак, Қуръонни шайтонлар олиб тушди, деган гапнинг асоси йўқ. Қолаверса, шайтонлар осмон хабарларидан баъзисини эшитиш имконидан маҳрум қилинганлар. Бу ҳақда келгуси оятда шундай дейилади.

212. Албатта, улар эшитишдан четлатилгандирлар.

Яъни, жин-шайтонлар само хабарларини эшитишдан четлатилгандирлар. Улар баъзихабарларни эшитиш учун осмонга яқинлашсалар, олов отилиб қувлайдиган этиб қўйилган. Қандай қилиб улар Қуръондек покиза нарсани Аллоҳдек улуғ зот ҳузуридан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга хитоб бошланади:

213. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўласан.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Аллоҳга ширк келтиришлари мутлақо мумкин эмас. Аммо бу оятда ширкнинг нақадар улкан гуноҳ эканлигини англатиш учун фаразан шу маъно келтирилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ширк келтириб, азобдан қутила билмаса, бошқаларнинг ҳоли нима бўлишини билиб олиш қийин эмас.

214. Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир.

Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Сафо тепалигига чиқиб: “Ё сабоҳоҳ” деб қичқирдилар. Одамлар у кишининг ҳузурларига тўпланди. Кимдир ўзи келди. Кимдир одамини юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга қараб: “Эй, Бани Абдулмуттолиб! Эй Бани Феҳр! Эй, Бани Луаъй! Айтинглар-чи, агар мен сизга тоғнинг ортида отлиқлар сизларни ғорат қилишга шай турибди, десам, ишонасизларми?!” дедилар. Улар: “Ҳа, ишонамиз!” дедилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантиргувчиман”, дедилар.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи вассаллам фақат бу билан кифояланиб қолмай, энг яқин шахсларни ҳам огоҳлантирдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни ҳам умумий, ҳам хусусий равишда даъват қилдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Эй, қурайшликлар, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринглар! Эй, Бани Каъб жамоаси, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй, Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзах ўтидан қутқар. Аллоҳга қасамки, мен сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтаришга молик эмасман”, дедилар”.

224. Ва шоирларга гумроҳлар эргашур.

225. Уларнинг ҳар водийда дайдишини.

226. Ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми?

Бу оятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир, Қуръони Каримни шеър деганларга жавобдир. Инсоният тарихига назар солинса, ҳеч бир шоир Пайғамбар бўлиб кишиларни ҳидоятга бошламаган. Шоирларга биров эргашмайди. Эргашса ҳам, гумроҳ, йўлдан озганлар эргашади. Ундан кейин, шоирларнинг собит шахсиятлари, ўз ҳаёт тарзлари ва шеър айтиш ишларида ҳеч субутлари йўқ. Шунинг учун ҳам: “Уларнинг ҳар водийда дайдишини” кўрмадингми? – дейилмоқда.

Шоирлар бир кун буни айтса, эртасига бошқасини айтиб тураверишади. Улар ким бир оз нарса берса, ўшани мақташади. Кимдан ҳечбир манфаат чиқмаса, уни ҳажв қилишади. Бировни аввал мақтаб, кейин ёмонлаб, сўнгра яна қайта мақташлари ҳам мумкин. Шунингдек, фисқу фужур, турли бемаза васфлар, маддоҳликлар ва ўзини англаган одам табиатига муьлақо тўғри келмайдиган гап-сўз ва ишлар шоирлардан содир бўлади. Ичкилик ичмасдан, фосиқлик этмасдан шоирлик қилганлар жуда кам. Бунинг устига, шоирлар “қилмайдиган ишларни айтишлари” билан ажралиб турадилар. Шоир ўз шеърида ажойиб маъноларни ҳикматли сўз ва насиҳатларни айтиши мумкин, аммо унга ўзи мутлақо амал қилмайди. Бундай одам қандай қилиб ўзгаларни ҳидоятга бошлаши мумкин?

Келгуси оятда мазкур васфлардан мустасно бўлган шоирлар ҳам борлиги таъкидланади:

227. Магар, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар). зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар.

Ҳамма шоир ҳам ҳар водийда дайдийдиган, беамал гапирадиган бўлавермас экан. Агар шоир иймонли бўлса, яхши амаллар бажариб, Аллоҳни кўп эсга олса, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса яхши, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин.

Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казо-казоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳ-воҳ ва дийдийлар эмас. Аксинча, шеър эзгулик, иймон, Ислом хизматчиси бўлиши зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Албатта, шеърдан ҳикматлиси бордир”, деганлар. Шеър орқали ҳикматли, иймоний, исломий ва инсоний тушунчаларни кишиларга етказиш ўзигахос устунликка эгадир. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг даврларини мисол қилиб олиш мумкин. ўша саодат даврида юқоридаги оятда васфлари келган иймонли шоирларнинг биринчи авлоди яшаб ўтган.

Улуғ саҳобий Ҳассон ибн Собит уларнинг етакчиси эдилар. У киши билан бирга Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Забъарий ва бошқалар бор эди. Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурраҳмон ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан қуйидаги ривоятни келтиради. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳ таоло шоирлар ҳақидаги ҳукмини нозил этиб қўйдими?!” деганида, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мўмин киши қиличи ва тили билан жиҳод қилади. менинг жоним қўлида бўлган зотга қасамки, сизнинг уларга отадиган ўқингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқдир”, деган эканлар.

Чунончи, ўрни келганда, мўмин-мусулмон шоирнинг шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкин. Асрлар давомида турли мусулмон халқлардан етук иймонли шоирлар ҳам чиқиб тургани барчани қувонтиради.

Динга, диёнатга қарши золимлар эса:

“...тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишини билурлар”.

ҚОСОС СУРАСИ 6

51. Батаҳқиқ, Биз уларга гапни етказиб қўйдик. шоядки, эсласалар.

Ҳақ гап – Қуръон уларга етгани йўқ. энди эслашлари, ибрат олишлари қолди, холос.

Келаси оятларда Қуръонга иймон келтирган кишилар бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилади:

52. У (Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар.

Яъни, Қуръон келишидан олдин илоҳий китоб илоҳий китоб – Таврот ва Инжил берилган кишилар Қуръонга ҳам иймон келтирадилар.

Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда. Улар Таврот ва Инжилни яхши тушунган, инсоф билан иш тутган кишилар бўлиб, ўз муқаддас китобларидаги башоратларни мулоҳаза қилганларидан сўнг Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини тан олиб, иймонга келган эдилар. Агар бу иш воқеликда бўлмаганида, кофирлар ушбу оятга дарҳол эътироз билдирган бўлардилар.

АҲЗОБ СУРАСИ 7

39. Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқалиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир.

Аллоҳнинг йўлига ҳеч қандай тангликсиз эргашиб юрган зотлар, Набийлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлардир.

“Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган” зотлардир.

Аллоҳ уларни ўз элчиси – Пайғамбари қилиб юборган. Улар – Пайғамбар, одамларга Аллоҳнинг пайғомини – хабарларини етказувчилар. Сен ҳам, Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўшаларга ўхшаб, Аллоҳнинг элчилигини одамларга етказадиган зотсан.

“...Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир”.

Яъни, илгари ўтган Пайғамбарлар ҳам фақат Аллоҳ таолодангина қўрққанлар. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаганлар. Шунинг учун, Аллоҳ уларга нимани амр этса. ўйлаб ўтирмай, дарҳол бажарганлар. Сен ҳам, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Зайнабга уйланиш масалсида Аллоҳнинг айтганини қил, одамларнинг гапига эътибор берма.

“Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир”.

Охиратда ҳисб-китобни Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Оғзига кучи етмаган одамлар эмас.

40. Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир.

Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйлангани учун Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди, деб бўҳтон қилманглар. Чунки:

“Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас”.

Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабийлдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри ила, жоҳилият ўукмини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият хукми бўйича Зайдни асраб олигшлари ҳам Аллоҳ иродат этган ҳикмат ила шу одатни йўқ қилиш учун эди. Ҳеч қачон у узотга Зайд ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлга эмас. Ул зот эса, ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.

“Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир”.

Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма учун Аллоҳнинг юборган Расулидир. Ул зот Пайғамбарларнинг сўнгисидир, ундан кейин хеч бир Пайғамбар келмас.

“Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”.

Ана ўша ўта билиши асосида тасарруф қилади. Эҳтимол, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғилфарзандлари турмагани ҳам ҳикматлидир?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламХадийжа онамиздан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғиллар кўрганлар, аммо уларнинг ҳаммаси кичиклик пайтларида вафот этган. Марям Қибтиядан Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эмизикли пайтида вафот этган. Хадийжа онамиздан тўртта қизлари бўлган: Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум ва Фотима онамиз. Улардан учтаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёдан ўтганлар. Фақат Фотима онамизгина у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кейин вафот этганлар.

41. Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар.

Аллоҳни зикр қилиш – қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, амалга оширишдир.

42. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар.

Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам, бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.

ЙААСИЙН СУРАСИ 8

1. Йаасийн.

2. Қуръони Ҳаким ила қасам.

Ҳикматли Қуръон билан қасам. Аллоҳ таолобирор нарса билан қасам ичса, ўша нарсани улуғлаганидандир. Ўша нарсага эътибор жалб қилиниши лозим. Аллоҳ Қуръони Карим билан, унинг ҳакимлик сифати билан қасам ичиши бежиз эмас. Аввало, Қуръоннинг ҳикматли экани таъидланмоқда. У тўлалигича ҳикматдир. Унинг оятлари ҳикматдир. Унинг қиссалари ҳикматдир. Унинг ҳукмлари ҳикматлидир. Уни ўқиган одам ҳикмат топади. Унга амал қилган одам ҳикматли иш қилган бўлади.

Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони ҳакимга қасам ичиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини таъкидламоқда. Эй Муҳаммад:

3. Албатта, сен Пайғамбарлардандирсан.

Таъкид шулки, қасам ҳам шулки, сен, Эй Муҳаммад, юборилган Пайғамбарлардан бирисан.

4. Сироти мустақиймдасан.

Сен тўғри йўлдасан. Сенинг йўлинг энг тўғри йўл. Бу йўлдан бошқа тўғриси йўқ.

5. Бу Азийзу Роҳиймнинг нозил қилганидир.

Бу Қуръон азиз, ҳамма устидан ғолиб, қудратли ва бандаларига меҳрибон зот – Аллоҳнинг нозил қилган китобидир.

6. Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун.

Исмоил алайҳиссаломдан кейин арабларга ҳеч бир Пайғамбар келмаган эди. Яъни, араблар ўз тарихларида Пайғамбар кўрмай ўтар эдилар. Ояти каримада

“Ота-боболари огоҳлантирилмаган” дейишдан мақсад шуни англатишдир. Яъни, арабларнинг ота-боболари ҳеч бир замонда ҳеч бир Пайғамбар томонидан огоҳлантирилмаган эдилар.

“...ўзлари эса, ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун”.

Ғафлат оғир дарддир. Ғофил инсоннинг тузилиши жуда қийиндир. Пайғамбаримиз ота-боболари ғофил ўтган ана шундай бир қавмга юборилган эдилар.

7. Батаҳқиқ, уларнинг кўпларига (азоб) сўзи ҳақ бўлди. Бас, улар иймон келтирмаслар.

Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми ила биладики, ўша ғофилларнинг кўпларига азоб сўзи ҳақ – собит бўлди. Улар зинҳор иймон келтирмаслар.

ЗУМАР СУРАСИ 9

18. Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир.

“Тоғут” “туғён” лафзидан олинган муболаға маъносидаги сўздир. Яъни, кўп туғёнга кетувчи, жуда ҳаддидан ошувчи, деганидир. Қуръони карим ва Ислом таълимотлари истилоҳларида Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган ҳар бир нарсага “тоғут” дейилади. Баъзи уламоларимиз тоғутни шайтон ҳам деганлар. Бу ҳам тўғри, бир оз хосланган, холос. Аввалги маъно эса омдир.

“Тоғутдан, унга ибоат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор.”

Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа – Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни, Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман, деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавойи нафсига ёкиўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатига бўйсунадилар – ибодат қиладилар.

23. Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ.

Бу ояти каримада Қуръони каримнинг васфи, унинг мўминларга таъсири ва у орқали ҳидоятга эришиш ҳақида сўз кетмоқда.

“Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар.”

Қуръони карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. “Такрорланадиган” бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-такрор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.

ШУУРО СУРАСИ 10

52. Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин, Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан.

Яъни, эй, Муҳаммад, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарларга юқорида баён қилганимиздек услублар ила ваҳий қилиб келганмиз.

“Ана шунга ўхшаш, Биз сенга ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик”.

Яъни, аввалги Пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, Ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсониятга маънавий руҳ-жон қилиб, сенга Қуръонни туширдик. Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ-жон, деб атамоқда. Дарҳақиқат, Қуръони карим инсоният учун маънавий руҳдир. Фақат у билангина инсоният маънавий жиҳатдан тирик бўла олади. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилгандир. Кофир ва мушриклар даъво қилаётгандек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари тўқиб олган эмаслар. Бунинг бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки, ваҳий келмасдан олдин:

“Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг”.

Ўқиш, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг. Дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима, билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда, ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олди, китоб нозил бўлди, деб даъво қилмоқда, десалар бўлар эди.

“Лекин, Биз уни бир нур қилдикки, у била бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз”.

Ўша китоб – Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. Ўшанур ила бандаларимиздан кимни хоҳласак жоҳилият зулматларидан Ислом - иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китобга амал қила бориб,

“Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан”.

ҲАДИД СУРАСИ 11

3. У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва у ҳар бир нарсани билувчидир.

Ушбу оятда Аллоҳнинг бешта сифати зикр қилинади.

1. “Аввал” – У ҳамма нарсадан аввал, яъни, барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ бор эди. Мавжудотларни “Аввал” сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди.

2. “Охир” – У ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолади.

3. “Ошкор” – Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир, бунга беҳисоб далолатлар бор. У ҳамма нарсадан зоҳир – устундир.

4. “Пинҳон” – У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон, махфий нарсаларни билиб турувчидир.

5. “Ҳар бир нарсани билувчи” – Ундан яшириб қоладиган ҳеч нарса йўқ. Аллоҳнинг илмига яқин келадиган ҳеч бир илм йўқ.

Аллоҳнинг улуғлиги баёнидек сўнг сурада яна бошқа ҳақиқатнинг тафсилоти бошланади:

4. У, осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршни эгаллаган зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир. У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.

Осмонлару ерни Аллоҳ яратгани ҳақиқат. Олти кунда яратилиши бизнинг тасаввуримиздаги кун ҳисобида эмаслиги ҳам аниқ. Чунки, биз ҳисоблайдиган кунлар дунё яратилганидан кейин мавжуд бўлган. Демак, “олти кун” Аллоҳнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган кунлардир.

“У, осмонлару ерни олти кунда яратиб...”

Насороларга ўхшаб, Аллоҳ душанба куни уни яратди, сешанба куни буни яратди... ва чарчаб, якшанба куни дам олди, дейиш мусулмонларга мутлақо тўғри келмайди.

Шунингдек, Арш тўғрисида ҳам иймон келтирамизу, унинг ҳақиқатини билмаймиз. “Арш” луғатда подшоҳнинг тахтидир. Лекин Аршнинг ҳақиқатини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.

“...сўнгра Аршни эгаллаган зотдир”.

Оятда “сўнг Аршга истиво” қилди, дейилади. “Истиво” сўзи луғатда кўтарилиш, ўрганиш ва эгаллаш маъноларини билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, ҳамма нарсани яратгандан сўнг Аллоҳ таоло уларни Ўзининг тасарруфига олди, деб шарҳланади бу ҳолат.

“Ерга нима кирганини ҳам” билади.

Ҳар лаҳзада ерга сон-саноқсиз нарсалар кириб туради. буларнинг барчасини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

“ундан нима чиққанини ҳам” билади.

Албатта, ерда ҳар лаҳзада сон-саноқсиз нарсалар чиқиб туради. Буларнинг ҳаммасини ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

“...осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам билади”.

Худди шу каби осмондан тушиб ва унга чиқиб турувчи нарсаларни ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади, бошқа ҳеч ким билмайди.

Аллоҳ таолонинг

“У қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга”, деган сўзи “илми ва қудрати билан” деб тушунилади.

Аллоҳ таолога нисбатан жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

Демак, Аллох таоло Ўз илми ва қудрати билан бандаларининг барчаси қаерда бўлсалар ҳам бирга бўлади.

Демак, бандалар доимо ҳушёр бўлишлари, яхши ишлар қилишга уриниб, ёмонликлардан узоқда бўлишлари лозим.

МУЛК СУРАСИ 12

2. У, ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди. У азиз ўта мағфиратлидир.

Ўлим ва ҳаётни Аллоҳ таоло яратган, бу - ҳақ! Одатда, аввал ҳаёт, сўнгра эса, ўлим бошланади. Агар эътибор берсангиз, бу оятда ўлим аввал келтириляпти, бунинг ҳикмати одамларни яхши амалларга чорлашдир. Чунки, ўлимни эслаган одам доимо унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади.

ҚАЛАМ СУРАСИ 13

1. Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам.

Қуръони каримнинг бир неча суралари алифбо ҳарфларининг баъзиси ёки бир нечаси билан бошланган. Уламолар буларни “Ҳижо” (алифбо) ҳарфлари, “Муқаттаъа” (кесилган) ҳарфлар ва бошқа номлар билан ҳам атайдилар. Асосан, “ҳижо” ҳарфлари билан бошланган суралар Макка сураларидир. “Бақара” сурасигина, Мадийнада нозил бўлган бўлса ҳам мазкур ҳарфлар билан бошланган.

Уламоларимиз бу ҳарфларнинг тафсири ҳақида кўплаб фикрларни айтганлар. Биз эса, энг кучли ва кўпчилик иттифоқ қилган фикрнигина оламиз.

3. Ва албатта, сенга миннат қилинмайдиган ажр бордур...

5. Бас, тезда кўрасан ва улар ҳам кўрурлар...

9. Агар сен муроса қилсанг, улар ҳам муроса қилишни орзу қиладилар.

Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга баъзи диний ишларда хушомадгўйликни таклиф қилганлар. Мисол учун “Сен бизнинг бутларга сиғинсанг, биз ҳам сенинг Худоингга сиғинамиз. Бизнинг бутларимизни мадҳ қилсанг, биз ҳам сенинг Аллоҳингни мадҳ қиламиз!” деб айтганлар. Аллоҳ таоло бу оятда ва бошқа оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай муросасизликка ҳеч-ҳеч бормасликни таъкидлаган. Мушрикларнинг таклифи эса, уларнинг ақийдалари заифлигига, ўз эътиқодларида мустаҳкам эмасликларига ёрқин далилдир...

47. Ёки ҳузурларида ғойиб илми бор-у улар ёзиб оладиларми?

Бу ҳам аввалги оятдаги саволнинг давоми. Уларнинг ғойибни билишлари Ҳақни қабул қилмасликка чорлайдими?

Шу ерга келганда мушриклар ҳақидаги гаплар тугайди ва Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига тасалли беришга, сабрга чақиришга, Юнус Пайғамбарга ўхшаб ўз қавмини тарк этиб кетмасликка ўтади...

52. Холбуки, у бутун оламларга эслатмадан ўзга нарса эмас.

Бир неча марта такрорлаб айтганимиздек, бу сураи карима Қуръони Каримнинг энг аввалги сураларидандир. Ўша пайтда мусулмонлар жуда ҳам оз, заиф ҳол, қўлларидан ҳеч нарса келмай турган пайти эди. Мушриклар эса, қувватли, ҳамма имконияти бор, тезда мусулмонларни йўқ қилиб ташлаймиз, деб туришган эди.

Шундай пайтда Қуръонни “бутун оламлар учун эслатма” дейишлик фақат Аллоҳ таоло тарафидан бўлиши мумкин, холос. Бу, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига яна бир ёрқин далилдир.

Мазкур башорат Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан бир неча йиллар ўтиб рўёбга чиқди. Ислом дини дунёнинг барча тарафларига тарқала бошлади ва ҳозир ҳам тарқалмоқда.

АЛ – ҲААҚҚОҲ СУРАСИ 14

48. Ва албатта, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир.

Чунки, тақво бўлмаса, Қуръондан ваъз-насиҳат олиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган...

49. Ва албатта, Биз сизларнинг ичингиза ёлғонга чиқарувчилар борлигини билиб турамиз.

Яъни, эй одамлар, албатта, Биз сизларнинг ичингизда Қуръонни ёлғонга чиқарувчилар борлигини билиб турамиз.

50. Ва албатта, у (Қуръон) кофирлар учун ҳасратдир.

Яъни, кофирлар қиёматда аҳли Қуръонга берилган савобларни кўрганларида ҳасрат-надомат қиладилар. Бу дунёда эса, Қуръон таълимоти тарқалиб, нури порлаётганини кўрганда ҳасрат қиладилар.

51. Ва албатта, у (Қуръон) шубҳасиз ҳақиқатдир.

Аллоҳ таолонинг каломи шубҳасиз ҳақиқат бўлмаса, кимнинг ҳам каломи шубҳасиз ҳақиқат бўлади.

52. Бас, улуғ Роббингнинг исмини поклаб ёд эт.

ШАМС СУРАСИ 15

9. Батаҳқиқ, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришди.

Яъни, ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади.

10. Ва батаҳқиқ, ким у (нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.

Яъни, ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади. Ҳасратга учрайди.

Энди, нафсини покламаганларнинг ноумид бўлиб, мағлубиятга учраганига Самуд қавми мисол қилиб келтирилади.

АЛАҚ СУРАСИ 16

1. Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Демак, ўқиш, илм талаб қилиш Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлиши, бойлик, мансаб, шон–шуҳрат ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун бўлмаслиги керак экан.

2. У инсонга билмаган нарсани ўргатди.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ушбу беш оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида “таҳаннус” бўлди, деб номланган ибодат қилиб ўтирганларида нозил бўлган. Муборак беш оят илоҳий дастур – Қуръони каримнинг инсониятга етиб келган бош дебочасидир. Худди ушбу беш муборак оят нозил бўлган ондан бошлаб, инсоният ўз тарихидаги энг бахтли, энг нурафшон лаҳзаларини яшашга бошлади. Ушбу муборак беш оят нозил бўлган лаҳзадан бошлаб, инсоният ўз Роббисини абадий мўъжизаси, қўлланмаси - Қуръони каримни қабул қилиб ола бошлади. Ушбу муборак беш оят туша бошлаши ила Аллоҳ таолонинг Ўзи мўмин мусилмон бандаларига ушбу мукаммал дастурни ҳаётларига татбиқ қилишларида лутфу иноят кўрсатиб турди. Бу – инсонинг камолотга етганлиги аломати эди. Аллоҳ таоло инсониятга муваққат эмас, доимий ва баркамол шариатни ато қилишни бошлаган эди.

ИХЛОС СУРАСИ 17

1. Айт: “У Аллох ягонадир”.

Ҳа, эй Пайғамбар, ҳаммага айт! Аллоҳ таоло биттадир, ягонадир.

- Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти биттадир, ягонадир. Бошқа бир Илоҳ йўқдир.

- Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг сифати ягонадир. У зотнинг сифатлари билан ҳеч бир нарса сифатлана олмайди.

- У ўзининг ўхшаши йўқлиги бўйича ҳам ягонадир.

- Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амалларида ҳам биттадир, ягонадир. Унинг амалларини ҳеч ким қила олмайди.

Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти Исломнинг асосий ақидасидир. Эътиқод қилиниши лозим бўлган бошқа нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти асосида бўлади.

Аввалги оятда Аллоҳ таолонинг ваҳдоният сифати зикр қилинганидан кейин, энди У олий зотнинг сомадият сифати зикр қилинади...

3. Аллоҳ – сомаддир.

Сомад сифати кўп маъноларни ўз ичига олади:

- итоат қилинган улуғ – Усиз ҳеч бир иш битмайди;

- ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади;

- бутун махлуқот битиб тугнса ҳам, Ўзи доим боқийдар ва ҳоказо.

- Кўриб турибмизки, биттагина “сомад” сўзи қанчалар маънони ўз ичига олган. Араб тили ана шундоқ кенг имкониятларга эга бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги каломини ўша тилда нозил қилишни ирода қилган.

4. У туғмаган ва туғилмаган.

Яъни, унинг фарзанди ҳам, ота–онаси ҳам йўқ. Чунки туғиш, туғилиш бандаларга хос, Аллоҳ таолога нисбатан эса, бу сифатлар тўғри келмайди.

Бу оятда кўпгина бузиқ эътиқодоарга раддия бор, жумладан:

- мушрикларнинг, фаришталар - Аллоҳнинг қизларидир, деган эътиқодига;

- яҳудийларнинг, Узайр – Аллоҳнинг ўғлидир, деган эътиқодига;

- насароларнинг, Ийсо - Аллоҳнинг ўғлидир, деган эътиқодига;

- туғилиб ўсган нарсаларни, хусусан, ҳайвон ёки одамларни илоҳ деб эътиқод қилувчи барча тоифаларнинг эътиқодларига.

5. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган.

Ҳа, Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на аъмолида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам.

Қуръон ана шундай қилиб Аллоҳ таолони камолот сифатлари ила сифатлайди. Исломда Аллоҳ таоло барча нуқсон ва айблардан поклаб ёд этилади. Чунки Ислом ақидаси Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан жорий этилган ақидадир. Бошқа ақидаларга ўхшаб одамлар хаёлларига келган нарсани тўқиб олган ақида эмасдир.

Баъзи уламоларимиз “Ихлос” сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар: “Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдир. У жуда ҳам мўъжаз ва жуда ҳам мўъжиза бўлиб келгандир. У Аллоҳ таолонинг жамоли ва камолини очиқлаб келгандир. У Аллоҳ таолони барча ожизлик ва нуқсон сифатларидан поклаб келгандир”.

 


4 дан 63 сахифа