Зокиржон Мамажонов. Ифода усулларида ўхшатиш санъати |
|
|
|
21.07.2014 01:35 |
Поэтик ижоднинг, хусусан, бадиий мазмуннинг оригиналликка интилиш тамойили янгича айтиш, янгича ифода туфайлигина амалга ошади. Айни шу ижодий-руҳий эҳтиёж туфайли турфа ифода усуллари кашф этилади ва шеъриятнинг ифода имкониятлари ривожланиб боради. Шу боис ҳам “ифода усуллари асосидаги санъатлар” анча салмоқлидир. Аввало, шуни айтиш керакки, “ифода усули” (“ифода тарзи”, “ифода йўсини”) тушунчаси кўпроқ поэтик ифоданинг шаклий томони билан боғлиқ. Шунга кўра, ифода усули асосидаги санъатлар ҳамиша маънавий санъатлар билан уйғунликда воқеланади ва шу уйғунлик туфайли, бадиий-эстетик қиммат касб этади. Ифода усулларининг айнан санъат ҳодисасига айланишида, ўхшатишнинг ўрни ва аҳамияти муҳим. Мумтоз шеърий санъатларни ўрганиш ва ўргатишда қийинчилик туғдирадиган асосий жиҳатлардан бири – уларнинг бир-бирига ўхшашлиги ҳамда, асосан, қоришиқ ҳолда намоён бўлишидир. Бу нарса шеър санъатларига бағишланган асарлардаги турлича қарашлар, айрим чалкашликларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Жумладан, профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “Ҳусни таълил санъати” номли китобида: “Алишер Навоийнинг ҳусни таълил санъати ривожига қўшган яна муҳим ҳиссаси жамият ҳаёти, ижтимоий адолатсизликларни акс эттиришда ушбу тасвир усулидан моҳирона фойдаланишда ўз ифодасини топди. Масалан, шоир қаламига мансуб:
Бевафолик тонг эмас элдинки, деҳқони азал, Экмади асло вафо нахли жаҳон бўстонида, – байтига диққат қилсак, одамларнинг бевафолигини таъкидлаётган шоир ўз фикрини бу олам бўстонига вафо кўчатлари экилмагани билан ғайритабиий тарзда ифодалаётганини кўрамиз”, деб ёзади. Дарҳақиқат, бу байтда одамлардаги бевафоликнинг сабаби изоҳланмоқда, лекин буни ҳусни таълил санъати, деб бўлмайди. Чунки, бу ерда ғайритабиий сабаб кўрсатилаётгани йўқ, аксинча, Навоий учун бу айни ҳақиқий сабабдир. Шоир одамзоднинг яралиш ҳамрида, унинг фитратида бевафолик илдизлари бор, деб билади, шуни ўзгачароқ тарзда ифодалайди, холос. Иккинчи томондан, ифоданинг структураси бу байтда тафсир санъати сифатида қўлланган, дейишга тўла асос беради. Негаки, шоир аввалига, “элдин бевафолик кўриш ҳеч ажабланарли эмас”, деган ҳукмни изҳор этмоқда, сўнг шу фикрни изоҳлаш заруратини сезиб, уни тафсир қилмоқ (тушунтириб бермоқ)да. Шунга ўхшаш, олим Навоийнинг: Хатинг ичинда лабингнинг икки холи не ажаб? Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон, – байтида “китобат санъати асосидаги ҳусни таълил” санъати қўлланган, деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, бу ерда ёрнинг “хати ичида икки хол” борлигига чиройли далил келтирилаётгани йўқ, балки шоирнинг “не ажаб” ибораси билан изоҳталаб бўлиб қолган фикр тушунтириб берилмоқда, яъни тафсир санъати қўлланган. Анвар Ҳожиаҳмедов байтни шарҳлаб: “Юзакироқ ёндашсак, ушбу мисраларда: “Хатинг ичидан иккита холинг жой олганига ажабланмоқ зарурияти йўқ. Ахир, хат ёзилганда, жоннинг иккита нуқтаси бўлади-ку!” деган маъно англашилади”, деб ёзади. Бизнингча, байтга юзакироқ қараганда эмас, балки ҳақиқатда ҳам шу маъно англашиладики, қуйида буни бошқа жиҳатдан асослашга ҳаракат қиламиз. Модомики, тафсир ифода усулларидан бири экан, у кўпроқ фикрни ифодалаш тарзи, синтактик конструкцияси билан боғлиқдир. Араб ёзувида битилган мумтоз шеъриятимиз намуналари ҳозирги ёзувга ўгирилганда, сир эмаски, айни шу конструкциялар ҳар доим ҳам адекват ифодаланмайди. Бунинг сабабларидан бири, араб ёзувида қўлланмаган тиниш белгиларининг ҳозирги ёзувда муҳим аҳамиятга эгалигидир. Зеро, бугунги кун ўқувчиси жумла мазмуни, оҳанггини идрок этишда тиниш белгиларининг ёрдамига ўрганиб қолган. Юқорида келтирилган байт Навоий асарлари йигирма жилдлигининг учинчи жилдида қуйидагича шаклда берилган:
Хатинг ичинда лабингнинг икки холи не ажаб Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон.
Кўриб турганимиздек, бу ерда байтни ҳозирги ёзувга мослаштириш сираси охирига етказилган эмас. Эҳтимол, шу сабабли, Анвар Ҳожиаҳмедов китобига байтни, биринчи мисра охирига савол аломати қўйган ҳолда киритгандир. Бизнингча, байтдаги жумла қурилиши эътиборга олинса, унинг ҳозирги ёзувга мослаштирилган шакли қуйидаги кўринишда бўлиши лозим: Хатинг ичинда лабингнинг икки холи – не ажаб: Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон. Бу ҳолда, биринчи мисрада иккита предикат, иккинчи мисрада битта, байт жами учта жумладан таркиб топган бўлади. Буни қуйидагича жумлаларга ёйиб кўриш мумкин: 1) хатинг ичинда лабингнинг икки холи (бор); 2) не ажаб (бу ажабланарли эмас); 3) чунки жон сўзи ёзилганда иккита (жим ва нун ҳарфларида) нуқта бўлади. Байтдаги жумлалар ўзаро боғловчисиз қўшма гап қолипида боғланган бўлиб, тире биринчи иккита гап орасидаги мазмунан зидликни кўрсатса, икки нуқта учинчи гапни изоҳлашга хизмат қилаётганини билдиради. Бундан аён бўлаяптики, мумтоз шеърият намуналарини ҳозирги ёзувда нашр этишда жумла мазмунига мос тиниш белгиларининг қўлланиши, нафақат, уларнинг мазмуни, балки бадиий жозибасини тўғри ва тўла етказишда ҳам муҳим аҳамиятга эга экан. Иккинчи томондан, агар тиниш белгилари шу тарзда қўйилса, бизнингча, байтда айнан тафсир санъати етакчилик қилаётгани, бошқа санъатлар шу санъатни юзага чиқариш воситаси эканига шубҳа қолмайди. Эътибор берилса, “ифода усули асосидаги санъатлар”га хос бир хусусиятни, у ҳам бўлса, ифода усули деганимиз, шунчаки бир қолип – cкелет, унга жон ва қон бахш этаётган нарса ўзга эканини англаш қийин эмас. Яъни, масалан, шунчаки билиб-билмасликка олиш, риторик сўроқлар бериш ё ажабланишнинг ўзи ҳали санъат эмас, буларга эстетик қиммат бераётган нарса ўхшатиш экан. Бошқача айтсак, мазкур гуруҳга мансуб санъатлар қўлланган байтларда ифоданинг образлилиги ўхшатиш туфайли таъмин этилади, ўхшатиш асосида яратилаётган образ ифода конструкциясига эстетик жозиба бағишлайди. Худди шундай ҳолни, масалан, тафриъ санъати мисолида ҳам кўриш мумкин. Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадойиъ ус санойиъ” китобида ушбу санъатга берилган турли таърифлар зикридан сўнг, Қайс Розийдан “тафриъ улдурким, шоир нафй сийғаси била бошлаб, эрмас фалонким, андоғу мундоғдур, фалондин яхшироқ ёки фалондин ортиқроқ дер”, деган таъриф келтирилади. Яъни, бунда бирон нарса ҳақида аввал “бу – бу эмас” дейилади, сўнг эса, ўша нарса ҳақида, “бу – аслида мана бу” тарзидаги фикр ифодаланади. Демак, тафриъ санъати шеърда жумланинг муайян синтактик схема асосида қурилишини тақозо этади. Масалан, Навоийнинг қуйидаги байтини олайлик:
Лола эрмас, урди ўт гулшанга бир гул ҳажридин Ўртаниб ҳар дам Навоий нола қилмоғи била.
Яъни, шоир кўриб турганинг лола (лолазор) эмас, балки гул ҳажрида Навоий чеккан нолалардан гулшанга ўт кетди, дейди. Ифода усулига қаралса, бу байтда тафриъ санъати борлиги кўриниб турибди. Лекин уни санъат ҳодисасига айлантириб, ўқувчини завқлантиришига сабаб бўлаётган нарса, “бу эмас – мана бу” тарзидаги қолипнинг ўзи эмас, балки ўхшатиш асосида юзага чиқаётган муболағадир. Биринчидан, “лола эмас – ўт кетган гулшан”, деганда, инкор асосидаги ўхшатиш бор, яъни, қип-қизил лолазор аланга-оташга ўхшатилмоқда. Иккинчидан, матнда мавжуд бўлмаган, лекин мумтоз шеърият контекстидан англанувчи “ишқ – олов” ўхшатиши, шунингдек, қалбдаги ишқ оловининг “оҳ-фиғон” билан чиқиши ҳам ўхшатиш асосида идрок этилади. Шу ўхшатишларнинг мавжудлиги байтда, “бу эмас – мана бу” қолипи орқали муболағали фикрни образли ифодалашга имкон беради. Қайд этиш жоизки, юқорида зикр этилган китобида Анвар Ҳожиаҳмедов биз таҳлил қилган байтни ҳусни таълил намунаси сифатида талқин этади. Китоб билан танишганда, олим ҳусни таълил санъати қўлланган деб таҳлил қилган бир қатор байтларда, аслида, тафриъ санъати қўлланганини кўриш мумкин. Масалан:
Анжум дема, гўёки малойикка туташти Оҳим ўқи учқунлариким, кўкка етурдим.
Ёки:
Анжум эрмаским, фалак миръоти ичра тушти акс, Баски, дур сочилди ер узра кўзим уммонидан.
Агар биринчи байтда шоир юлдузлар гужумини ошиқ оҳларининг учқунларига ўхшатса, иккинчи байтда кўзидан сочилган дур (кўзёш)ларнинг фалак миръоти (кўзгуси)даги аксига ўхшатмоқда. Бироқ ҳар икки байтда ҳам ўхшатиш сираси “бу эмас – мана бу” қолипида амалга ошмоқда. Иккала ҳолда ҳам ўхшатиш объекти муболағали бўлгани учун байтларда ўхшатиш ва муболаға санъатлари қўлланган, дейиш мумкин. Айни пайтда, бу санъатлар тафриъ қолипида яхлитлик, тугаллик касб этади, яъни байтдаги етакчи санъат тафриъдир. Шу ўринда қайд этиш керакки, замондош муаллифларнинг шеърий санъатларга бағишланган асарларида тафсир ва тафриъ санъатлари эътибордан четда қолдирилган бўлиб, фақат Ваҳоб Раҳмонов китобида тафрига таъриф берилган. Хусусан, Анвар Ҳожиаҳмедов китобларида бу санъатларга ўрин ажратилмагани, юқоридагича ҳоллар келиб чиқишининг сабабларидан, деб, кўрсатилиши мумкин. Иккинчи томондан, ушбу санъатларнинг Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадойиъ ус санойиъ” китобидаги каби маънавий санъатлар қаторида санаш ҳам, бизнингча, ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, юқорида кўрганимиздек, ифода усуллари, аслида, бир қолип бўлиб, улар ҳар вақт ўхшатиш (ва шу асосдаги муболаға, ҳусни таълил каби санъатлар) билан қўшилибгина мазмун касб этади. Демак, мумтоз адабиётшунослар қайд этган санъатларни қайтадан назарий тавсифлаш бу жиҳатдан ҳам муҳимлик касб этади. Зеро, юқоридаги мулоҳазаларимизнинг ўзиёқ анъанавий таснифлашдаги лафзий ва маънавий санъатлар ичидан ифода усулларини алоҳида ажратиб гуруҳлаш кераклигини кўрсатиб турибди. |
Талъат Солиҳов. Қобиқни ёриб чиқиш саодати |
|
|
|
21.07.2014 01:52 |

Шакл, мазмун ва бошқалар ҳақида
Романтизм воқеликни эмас, балки воқелик ҳақидаги идеални акс эттиради. Реализм учун энг муҳим нарса – воқеликнинг ўзи. У воқеликнинг ўзгариши билан ўзгариб боради. Аслида, ҳеч бир метод тоза эмас.
Адабиётда икки хил шакл мавжуд: 1. Воқеликка хос бўлган инъикос шакли; 2. Воқеликка хос бўлмаган инъикос шакли. Санъат – бу воқеликнинг образлар воситасида инъикос этилиши. Илмда мантиқий тафаккур, санъатда бадиий тафаккур бор. Тафаккурнинг муайян босқичлари қуйидагилар:
1. Мифологик; 2. Романтик; 3. Реалистик. Булар воқеликнинг характеридан келиб чиққан. Ҳозирги санъат фақат ҳаётни инъикос этмайди, балки борлиқни акс эттиради. *** 20-йилларда Томас Манн ижодида мифдан фойдаланиш бошланди. Бошқа кўпгина ёзувчилар унга эргашдилар. Совет адабиётида узоқ вақт бундай йўл тутилмади. Мустасно бор эди, албатта. Чунончи, Платоновнинг “Котлован” қиссаси. *** Илья Эренбург шундай деган эди. Агар жаҳонда учта романнавислик оқими бўлса, улар: 1. Кафка; 2. Камю; 3. Жойс. *** Инсон зоти тафаккур нуқтаи назаридан ўтакетган дангаса.
*** Адабиётнинг олдига талаб қўйиб бўлмайди, уни ўз ҳолига қўйиш зарур. *** Шакл топилса, бадиий асар яратилиши мумкин, йўқса – йўқ. Камю, Кафка, Фолькнер ижоди кўпроқ Фрейднинг психоанализи билан боғлиқ. Ҳозирги замон адабиётида кўпроқ психоанализ талаб этилади. Чунки илгариги тафсилотли сюжетлар ушбу кун кишиси учун завқ бермай қолди. *** Инсонни инсон қилиб турган нарса, бошқа бир унсур бор, бу – руҳ! *** Ҳар қандай мазмун муайян, ўзига хос шаклда рўёбга чиқади. Жаҳондаги ҳар қандай мазмуннинг ўз шакли бор. Агар ижодкор маълум бир шаклни топа олмаса, демак, бадиий асар йўқ. Шакл мавҳум нарса эмас. Шакл моҳияти бу – сўз. Лекин бу оддий сўз эмас, бадиий сўз. *** Композиция, сюжет, тил – шакл. Унда мазмун нима? Жиддийроқ қарасак, шуларнинг ўзи мазмун. Рўёбга чиққан сюжет, композиция, сўз – мазмун. *** Инсон тафаккури бор нарса. Табиатда-чи? Унда ҳам муайян тафаккур мавжуд. Чунки оламни ушлаб турган қонунлар – тафаккур меваси. Биз тушунмаган тафаккур оламда ниҳоятда кўп. Уларда ҳам бадиий унсурлар ҳаёт. Кашф этиш – тафаккур қилишнинг биринчи босқичи. *** Воқеликни инъикос этиш бу – воқеликни қайта яратиш. Бу – воқеликнинг худди ўзи эмас, балки модели. Воқеликка муайян муносабат ва шу муносабат нуқтаи назаридан воқеликни акс эттиришнинг эстетик тамойиллари Корнель асарларида ақл бирламчи, ҳиссиёт иккиламчи. Расинда бўлса, аксинча. Ленин: “адабиёт ва санъат мафкуранинг маълум шакли ва унга хизмат қилади”, дейди. Бу нотўғри, аксинча, мафкура адабиёт ва санъатга хизмат қилиши лозим. Адабиётнинг тарбиявий аҳамияти йўқ! Унинг ягона вазифаси – воқеликни инъикос эттириш. Адабиётнинг таъсири эстетик, психологик бўлади, асло сиёсий, мафкуравий эмас. Адабиётга партиянинг ҳеч қандай раҳнамолиги керак эмас. Мабодо, раҳнамо топилса, адабиётнинг йўналиши фақат битта бўлиб қолади. *** Навоий воқеликнинг ўзини эмас, балки воқелик ҳақидаги ўз хаёлини тасвирлайди. Навоий – романтик шоир, унинг даҳолиги ҳам шунда. Биз реализм методини энг яхши деб билдик ва Навоийни ҳам шу “яхши” метод намояндаси сифатида кўрсатмоқчи бўлдик. Бу – хато. *** Меҳнат қилишда эмас, йўқ, балки тафаккур қилишда инсон жуда-жуда дангаса. Биз меҳнатга ўрганиб қолганмиз, фикрлашга эмас. *** Асарлар “ҳақида” эмас, уларнинг ўзини ўқиш зарур. *** Асар устида қайта ишлаш мумкин эмас, асарнинг тили устида қайта ишлаш мумкин. Унинг моҳияти, мағзи ўзгармас бўлиб туғилади. *** Принципиал нуқтаи назардан Бальзак ва Толстой ўртасида фарқ йўқ, лекин жузъий жиҳатдан олсак, улар бошқа-бошқа. *** Энгельснинг: “адабиётда типик воқеалар типик шароитларда тасвирланади”, деган гапи нотўғри. Чунки бир кишининг ҳаётни, хаёлини акс эттирган асарлар типик эмас, бироқ, бу ҳам бадиий асар – адабиёт. Қаҳрамон типик бўлмаслиги мумкин, бироқ, барибир, у – тип. *** Социалистик реализм мавжуд, аммо адабиёт сифатида эмас, балки идеология – мафкура сифатида. Модернизм Модернистик адабиёт XX асрнинг 30-йилларидан шакллана бошлади. У ўз ичига кўп нарсаларни қамраб олади. Мазкур адабиётнинг Кафка, Камю, Жойс каби оврупалик, Фолькнер, Хемингуэй каби америкалик йирик вакиллари бор. Улар ҳаётда учрамайдиган (мифологик ва бошқа) шаклларда ижод этдилар. Зигмунд Фрейд – модернизмнинг пайғамбари. У: “шуурнинг кўринмас, ботиний тарафлари мавжуд. Инсондаги кўп ҳолатлар шу ботиний шуур меваси”, дейди. Жойс ўз асарларида шуларни таҳлил қилади, чунки у Фрейд билан таниш эди. *** Маркс: “буржуазияда инсон яккаланиб қолади, чунки бу система ва хусусий мулк билан боғлиқ”, дейди. Бу – янглиш фикр. Инсоннинг яккаланиши фақат капитализмга хос эмас. У жамиятга ва инсоннинг табиатига боғлиқ. Инсоннинг яккаланиши барча жамиятларга, жумладан, социализмга ҳам хос хусусиятдир. Жамият қанчалик мураккаблашиб боргани сайин, танҳолик шунчалик кучаяди. Масалан, ибтидоий жамоа тузумидаги билан ҳозирги давр инсон танҳолигини олиб кўрсак, сезамиз. Экзистенциализм Экзистенциализмга асос солган одам Жан Поль Сартрдир. Экзистенциализм “ҳаётнинг маъноси унинг бемаънилигида”, дейди. Лекин инсоннинг бунга алоқаси йўқ. Ҳаётнинг маъноси фожиадир, тўғрироғи, ўша фожиани енгишда. Хемингуэй ва Айтматовлар шундай тушунадилар. Экзистенция – маънонинг бемаънилиги, бу – буюк фожиа! *** Сартр: “ҳар битта одам қонида экзистенция (фожиа ва беъманилик, кўнгилни беҳузур қиладиган субстанция) мавжуд”, дейди. *** Ҳаётда яратувчилик билан бир қаторда йўқ қилувчилик ҳам бор. Йўқса, инсоният ақлини танигандан буён урушиб келмас эди. *** Инсон заиф, у фожиадан қўрқади. Бунинг ўзи ҳам фожиа. *** Ҳаётнинг устидан чиқарган ҳукмимиз бизнинг ўзимизга ҳам тегишли. *** Оламдаги жониворларнинг биттаси – биз ва бизнинг ҳеч қандай улардан устунлигимиз йўқ. *** Ҳаётнинг ўзи кучли фожиаларни мужассам қилади. Камюда ҳеч қандай ҳайратга туширадиган қаҳрамон йўқ, лекин уларнинг тақдири кишини қийнайди, азоблайди. Яхши асарни ўқигач, киши поклангандай бўлади. Адабиёт бундан ортиқ нима берсин? *** Буларнинг ҳаммаси тафаккур қилишнинг битта йўли, холос. Эмиль Золя Инқилоб – бир гуруҳнинг иккинчи бир гуруҳ устидан ғалабасидир. Флобер Париж коммунасини инкор этган. Аммо у Бальзакни инкор этмаган, фақат Бальзак изидан бормаган. *** Шу кунги ҳаётни – фақат сўкиш, инкор этиш, қарғаш мумкин бўлган ҳаётни тасвирлашга реализм керак. Шундай реализм Золяда мавжуд. Унда эксперимент кучли. Адабиётда баъзан мувафаққиятсиз эксперимент одатдаги асарлардан қимматлироқ бўлади. *** Классик адабиётда воқеликни тасвирлаш етарли эди. Ҳозир етарли ва муҳим эмас. Бу – жўнлик. Воқеликни тасвирлаш – синтез, тушунтириш – анализ. *** Навоийдаги савқитабиий (интуиция) ҳозир йўқ. У минг йилда бир марта дунёга келади. *** Белинскийнинг: “санъат воқеликни бадиий сиймолар асосида акс эттиради”, дегани бугун етарли эмас. Чунки воқеликни бадиий тадқиқ қилиш асосида бадиий сиймоларни яратиш – бугунги кун шиори. *** Эмиль Золя – реалист. У: “илм билан бадиий асар бир хил. Фақат уларнинг танлаган объектлари, методлари бошқача, мақсадлари эса битта”, дейди. *** Инсонни ген (ирсият) программалаштиради. Ген авлоддан-авлодга ўтади. Инсон сажиясини белгиловчи нарса атроф-муҳит эмас, балки субъект, ирсий программа. Инсон – бетакрор, йўқса, ота-онаси ким бўлса, у ҳам ўша бўларди. *** Золя қаҳрамонлари ноанъанавийдир. *** Инсоннинг генига таъсир қилиш (яъни, ўзгартириш) жиноят. *** Импрессионизм – бир лаҳзада кечган муайян нарса-ҳодисани тасдиқлаш, рўёбга чиқариш, акс эттириш. Масалан, рассом маълум бир тасвирнинг қайси жилваси кўринса, ана шуни акс эттиради. Реалликда эса типиклаштирилади ва, натижада, нимадир йўқотилади. Импрессионизм ўша ниманидир олади. *** Бир тасвирни ҳар хил рассом ўзича (турлича) кўради. *** Импрессионизм буюк санъат. У улкан санъатларни келтириб чиқаради. Золяда ҳам шу нарса бор. Золянинг баъзи асарлари ниҳоятда зерикарли бўлиши мумкин, лекин у бор нарсани ёзади. Муҳими ҳам шу – бор нарсани ёзиш. Хемингуэй: “ёзувчи нимани яхши билса, шуни ёзиши керак”, дейди. *** Ҳар қандай истеъдод конкрет, аниқ-муайян бўлади. Истеъдоднинг ўзи нима? У – эҳтироснинг энг юқори даражада намоён бўлиши. “Умуман истеъдод” деган нарса йўқ. Ҳар бир ёзувчининг ўз истеъдоди мавжуд. *** Романтизмнинг “ожизлиги” шундаки, унда олдин программа (дастур) тузилади ва шу асосида асар ёзилади. Бунга сиғмай қолган жойлари эса қирқиб ташланади. *** Золядаги фавқулоддалик ирсият билан боғлиқ. *** Толстойда ўз-ўзини инкор қиладиган қарама-қаршилик бор. Буни Ленин ёзувчи дунёқарашининг чекланганлиги билан изоҳлайди. Аслида-чи? Аслида, бу нарса Толстойда “ёмонликка яхшилик орқали жавоб бер”, кўринишида мавжуд ва буни шундай тушуниш лозим. *** Ҳаётда ҳамма ҳам шахс даражасига кўтарилавермаслиги мумкин, лекин ҳар битта инсон битта индивид. *** Золя марксизмни қабул қилган эмас, бироқ социализмни – бошқача социализмни қабул қилган. Унинг энг катта асари “Ругон – Маккарлар”дир. Асар йигирма жилддан иборат ва ундаги воқеалар йигирма йилда кечади. Қизиғи шундаки, ёзувчи бу асарни йигирма йилда ёзиб тугатган. *** Романни Белинский жанр деб атайди. Ҳозир роман жанр эмас, балки тур. Унинг жанрлари мавжуд. Масалан, роман, роман-эпопея. Воқеликка муносабат, бадиий тамойил романни эпопея қилиши мумкин. Аммо ҳамма кўп жилдли романлар ҳам эпопея бўлавермайди. *** Одамлар бошига кулфат тушгандагина бирлашади. Бошқа пайтларда эса бирлашмайди. *** Қаҳрамон тақдирининг тарихи – сажия (характер). *** Асарнинг ният-ғоясини аввалдан билиб бўлмайди. Агар билиб бўлса, бу романтизмдир. *** Бизда яратилган асарларда фақат шарт-шароит одамни одам қилади, дейилади. Индивид, шахс, ирсият эсдан чиқарилган. Ирсиятнинг шахсда намоён бўлиши Золяда қонуний тарзда кечади. Толстойда бу жиҳат ўткинчи.
*** Ёзувчи бошқа миллат вакилини акс эттирганда ҳам, барибир, унда ўз миллати хусусиятини сезиш мумкин. Бу камчилик эмас – ўзига хос жиҳат. *** Совет адабиёти йўқ. Чунки совет деган халқ йўқ. Рус адабиёти бор, ўзбек, грузин адабиёти бор. Совет маданияти ҳам, музикаси ҳам йўқ. *** Адабиётга сиёсатни суқиш керак эмас, бадииятнинг ўзи сиёсат. *** Аҳамияти жиҳатидан ёзувчи (шоир) умумжаҳон бўлиши мумкин, лекин поэтикаси, бадиияти жиҳатидан фақат ўз миллатининг одами бўла олади, холос. *** Жамият индивидни яратади, деган фикр нотўғри, балки индивид жамиятни яратади. Ҳатто Навоийда кўп қаҳрамонлар шароит маҳсули. Мавжуд индивидлар эса романтик хусусиятга эга. *** Ёзувчининг хаёли чексиз бўлганда ҳам объектив хаёлот (борлиқ)дан шубҳасиз тордир. *** Золя ўз хаёлотини чеклайди. Бу – ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмас. Масалан, у адабиётни илм дейди. Золя индивиди Бальзакникидан кенгроқ. Фрейд кашфиётлари Золя кашфиётлари устига қурилган. Бу – табиий ҳол. Уларда фавқулодда ҳодисалар, индивидлар текширилади. *** Қолиплар – стереотиплар дастлаб пайдо бўлганда ижобийдир. Улар қайтарилганда, сийқаси чиқади. *** Сўз ташбеҳга айланганда бадиийлик юзага чиқади. Идеализмсиз бадиият йўқ. Идеализм бу – бор нарсани ҳар хил тушуниш.
*** Асар вақт ўтиши билан бошқа (асар)га айланади. Чунки уни тушуниш ҳар хил. *** Истеъдод – туғма ҳодиса. Уни аямай сарфлаш керак. Сарфлашнинг орқасидан яна сарфлаш келиб чиқади. Бироқ истеъдодга эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш лозим. *** Ҳақиқий санъаткор ҳар доим ношукур бўлиши керак. Ҳақиқий ёзувчи учун яшаш бу – ижод. Хемингуэй ёзолмаганини тушунгач, ўзини ўлдиради. Гоголь ва Мопассан жинни бўлиб ўлган. *** Орқа мияда биз билмаган бўлим бор ва у анормал психологияни пайдо қилади. Жиннилар ҳаракатини ботиний шуур бошқариб туради. Фрейд буни сексология билан боғлаб аниқлаб берган. Секс бу – эҳтирос. У қудратнинг энг юқори даражада рўёбга чиқишидир. Секс бу – кўпроқ руҳий яқинлик. Леонардо да Винчи суратидаги сеҳр бу – қониқмаган секснинг кўриниши. *** Ёзувчида жасорат бўлиши зарур. Кўпчиликда шу етишмайди. *** Табиатнинг бутун фожиасини тўлалигича акс эттириб, қабул қилиб бўлмайди. Бунга инсон чидай олмайди. Золя буюк жасорат чегарасида фожиани акс эттирган. Ушбу ҳаддан четга чиқиш мумкин эмас. Ундан четга чиққан Золя мутлақо ҳалок бўлади. *** Инсоннинг қиммати, даставвал, унинг омма эканлигида эмас, балки инсоннинг якка ўзида. Сталинизм “Оммада!” дегани учун вужудга келди, яъни, у якка одамларда қимматни кўрмади, ўлдираверди. *** Сизифнинг бахти – унинг бахтсизлигида, шуни ҳис қилганида. *** Севги – бу фожиа. Чунки унда ўзликдан кечишга тўғри келади, яъни, ўзингни кимгадир бағишлайсан. Ўзингдан кечиш эса – бахтсизлик. *** Бахт балки ўткинчиликни тушунишдадир. *** Инсон тафаккури чексиз эмас. Инсонни инсон қиладиган нарса бу – маънавият. *** Инсон фожиани тан олиши ва уни енгишга ҳаракат қилмоғи керак. Хемингуэй учун ёзиш – ҳаёт, фожиани енгиш эса – яшаш эди. У жисмонан ёзолмай қолди ва ўзини-ўзи отиб ўлдирди. *** Руҳият – ёзилмаган, айнимаган дин! Одам қанча буюк бўлмасин, унинг руҳиятида яшириниб ётган ўз манфаати бор. Бусиз мумкин эмас. Бусиз одам – одам эмас. Унинг бошқаларга хизмат қилишида ўз манфаати бўлади. Томас Манн Томас Манн Толстой ва Бальзаклар даражасида, лекин уларга нисбатан анча мураккаб. Унинг Толстой ва Бальзак сингари оммавий эмаслигининг сабаби ҳам шунда. *** Фақат образ орқали воқеликни тўла акс эттириб бўлмайди. *** Адабиёт истеъдоддан ташқари (ёзиш) техника(си)ни ҳам талаб қилади. *** Чернишевский ўта тенденциоз ёзувчи. У халқни қўлга болта олишга биринчи бўлиб чақирган. У ёзувчи эмас, “Нима қилмоқ керак?” деган асари ҳам асар эмас. “Нима қилиш керак?” деган саволга “Воқеликни акс эттириш керак”, деб жавоб бериш лозим.
*** Адабиётга ҳикоя мифларни дастлаб Томас Манн олиб кирган. Фашизм саксон миллион одамни йўқ қилди. Лекин мазкур қабоҳатга нима мажбур қилди? Буни ҳеч нарса тушунтириб беролмайди. Фақат озгина яқин борадигани бу – МИФ. *** Ҳар битта бадиий асар дастлаб миллийдир. Миллий бўлмаган адабиёт, адабиёт эмас. Хорижий ўзбек адабиёти Америкалик ўзбек ёзувчиси Булоқбоши Чўлпонни Шекспирга қиёс қилади. Кейин ёзади: “Йўқ, чуқурроқ ўйлаб кўрсам, Чўлпон Шекспир эмас экан. Чўлпон бу Чўлпондир”. *** Сўзни ўлдирсангиз – тил ўлади. Тил ўлса, миллат ўлади. Миллат бу – ўзбек, француз, турк, инглиз… *** Балки Пушкин, Лермонтовнинг аслини, тўла муқобилини ўзбек тилида ўқиш мумкин. *** Адабиёт ўз сиёсатини ўзи намойиш қилсин. Унга тиқиштириш шарт эмас. Ҳозир ҳар бир ҳаракатимиз, сўзимиз – сиёсат. Ҳатто тушларимизда ҳам сиёсат мавжуд. Лекин булар сиёсатлаштириш эмас. Ҳозирги ўзбек адабиётида сиёсатлаштириш йўқ. *** Бобурга келиб ўзбек адабиёти иккита йўлга ажралиб кетган. Назаримда, ўзбек классик адабиёти Машрабгача давом этади. *** Навоий ва Фурқатлар маърифатчи эмас. Рус маданиятини сўқигани учун Фурқатни маърифатчи деб бўлмайди. Ахир, бу – туркий халқлар маданияти эвазига бошқа маданиятни киритиш-ку!
*** Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” деган шеърида миллатчилик бор. Миллатчилик – буюк ҳодиса. Шовинизм – бир миллатни иккинчи миллатдан устун қўйиш. Миллатчилик эса ҳар ким ўз миллатини ҳимоя қилиш, демакдир. *** Жаҳонда майда ёки катта халқ йўқ. Чунки миллатлар бир жонзотнинг аъзоларига ўхшайди. Жонзот учун унинг ҳар бир аъзолари бирдек қимматли. Битта аъзо ишдан чиқдими, демак, бутун танада емирилиш бошланади. *** Аллоҳни тан олиш ёки инкор қилиш унчалик муҳим эмас. Асосийси – унинг даражасига руҳиятда чиқиш. *** Руҳ – нурланиш оқими, моддий. *** Йўқ нарсага ҳам “бўлиши мумкин” деб қараш лозим. Бу ерда инсон ўзига чексиз эрк бермоқда. Инсон туғилгандан бери эркни орзу қилади. Балки инсоннинг асл моҳияти шундадир. *** Маркс: “Эрк бу – англанган зарурият”, дейди. Аслида, эрк ва зарурият бир-бирига қарши. Марксдаги эрк сохта. Эркнинг чегараси йўқ. Руҳиятга эрк бериш лозим. *** Етти рақами муқаддас. У космогониянинг белгиси. Космогония – етти иқлим, етти олам, етти само. Биз ҳаммамиз ўз юлдузларимиз таъсирида бўламиз. Чунки биз туғилганимизда муайян юлдузлар ўз таъсирларини ўтказганлар. *** “Пантуркизм”, “панисломизм” деган гаплар ғирт ёлғон. Чунки бор бўлганида эди, сўз ҳам ўзбекча бўларди. *** Жадидчилик – энг аввало, адабий-бадиий ҳаракат. У жаҳоннинг ярмини қамраб олган. Жадидчилик худди бугунги кундагидек янги бадиий тафаккур. У илгариги маориф тизимини, яъни, мадрасалардаги ўқитиш тизимини тиклашга интилишдан бошланган. Бунинг учун адабиёт орқали йўл тутишган. Туркияда бошланган. У – тараққийпарвар умумтурк ҳаракати. Жадидчиликка француз маърифатчилиги таъсир қилган. Масалан, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт” номли асаридаги фоҳиша аёл тасвири. Француз маърифатчилиги эса, ўз навбатида, Шарқ маданиятидан илҳом олган. *** “Инқилобий”, “прогрессив”, “реакцион” адабиёт деган тушунчалар бўлмағур гаплар. Чунки адабиётнинг мағзи – инсон. Шундай экан, у қандай қилиб реакцион бўлади? Кўринадики, жадидчилик адабиёти ҳам на прогрессивдир ва на реакцион.
Адабиётда иккита руҳ бор: 1. Қуллик; 2. Озодлик. Шахснинг озодлигини миллатнинг озодлиги таъмин этади. Мен аввал ўзбекман, кейин озодман. Лотин Америкаси адабиёти Жаҳон адабиётида Лотин Америкаси адабиётини феномен дейишади. Бу адабиётда роман бўлган эмас, демакки, анъана ҳам бўлмаган. Биринчи роман 1931 йилда ёзилган ва “Премия” деб аталган. Навоийнинг “Садди Искандарий”сини роман дейиш мумкин. Чунки у мифга асосланган (қолган достонлари роман даражасига кўтарилган эмас). Шунга кўра ўзбек адабиётида инқилобдан кейин роман пайдо бўлди, дейиш нотўғри. *** Маркесдаги “думли бола” қадимги ҳиндулар мифологиясидан олинган. Миф ҳар доим фожиа билан якунланади. *** Бошқа халқ психологиясини инкор этиб бўлмайди. У айтаётган гапларни “шундай бўлади”, деёлмасак, “шундай бўлиши мумкин экан”, деб фараз қилайлик. *** Ёзувчининг борлиги унинг бутун асарлари билан белгиланади. Унинг буюк асарлари (ижодкорнинг) фақат бир томонини кўрсатади, холос. Ёзувчининг буюклиги унинг ожиз асарларида ҳам кўринади. Ижод бу – система. Хуллас, санъаткорнинг улуғлиги унинг битта-иккита асарлари билан ўлчанмайди.
*** Биз табиат қўйнидан чиққанмиз. Фожиамиз ҳам шуки – чиққанмиз. Инсон – табиат унсури. У – абадий. Табиатда эврилиш бор, лекин йўқолиш йўқ, бўлмайди. *** Адабиётнинг бирдан-бир вазифаси – ҳаётни ошкора кўрсатиш, унинг фожиасини кўрсатиш. *** Чақалоқ туғилиши билан қаттиқ йиғлар экан, у дунёга келганини интуитив равишда ҳис қилиб, даҳшатдан йиғлайди. Менингча, унинг тафаккури катта бўлгандаги тафаккурига тенг. Фақат у улғайгандагина мазкур тафаккур намоён бўлади. *** Инсон туғилганда ифлос ва ёлғиз бўлади. Ўлаётганда яна ифлосланади. Инсоннинг моҳияти ана шу икки нуқтадан иборат. Унинг оралиғи субстанция – моҳиятнинг ҳаракати. *** Яшашнинг ўзи – фожиа. Ибтидо фожиа бўлсаю интиҳо фожиа эса, демак, ўртаси ҳам фожиа. Биз ана шу фожиани, даҳшатни енгсаккина уни тушунамиз. Йўқса, унинг қулига айланиб қоламиз. Ўз фожиасига камдан-кам одам чидайди. Фожиага бардош бериб, уни кўзгуда акс эттира билган ёзувчи оз, жуда ҳам оз. *** Ҳар ёзувчининг ўз виждони олдидаги жавобгарликдан ташқари бошқалар олдидаги жавобгарлиги ҳам бор. Ҳатто бу муҳимроқдир. Ҳақиқий ёзувчи ўз шахсий ҳаётида бир талай номаъқулчиликлар қилган бўлиши мумкин, бироқ бошқаларга нисбатан ҳеч қачон қабиҳлик қилмайди. *** Ҳар қандай мард одам ҳам ўзидан ва бировдан ниманидир яширади. *** Адабиётшуносликда профессионализмнинг икки томони бор. Биринчиси – асарни англаш. Бу жараёнда ўзликдан воз кечиш керак. Ўзлик, албатта, таъсир кўрсатади, лекин мазкур жиҳат йўналишини белгилаб бермаслиги лозим. Мен асарни белгилаб бермайин, балки асар мени белгилаб берсин. Иккинчидан, профессионалда асарни ўқиётгандаги лаззатланиш ҳиссиёти сийқаланиб боради. *** Энг қийин нарса – болаликни ўзида сақлаб қолиш. Болаларда қолип бўлмайди. Адабиётшунос ана шундай бола бўлиб фикр қилса, кўп нарса ютади. *** Достоевскийда Мишкин – телба, қолганлар соғ. Аслида, Мишкин соғ-у, бошқалар телба. *** Ҳаётда ёлғон гапириш ёмон нарса. Лекин ҳаёт ўз йўлида кетаверади, адабиётда эса умуман ёлғон ишлатиш мумкин эмас. *** “Улисс”ни ўқиш учун мифология ва “Одиссея” каби достонлар билан танишиб чиқиш лозим. *** Ҳалокат бу – қутулишнинг йўли эмас. Ўлим – зиддиятни ҳал қилмайди. Иложсизлик ва иложнинг мавжудлиги “Юз йил танҳоликда” бирлашади. *** Одиссей ёлғиз эмас, уни ҳатто ҳалок бўлганларнинг руҳлари қўллаб турибди. Аммо бу – биздаги коллектив ҳақидаги тушунчадан тамоман бошқадир. Маркесда танҳолик бор. Буни таҳлиллаш учун ақл бовар қилмас истеъдод керак. Бу ҳатто Фолькнерда ҳам йўқ. “Улисс”да танҳолик шу бугуннинг хусусияти тарзида очилади. Маркесда танҳоликни келтириб чиқарган – кечаги танҳолик. Бу ўринда яккаланишдан ташқари яккалаш ҳам мавжуд. Бу фақат одамга эмас, балки оламга ҳам хос хусусиятдир. Танҳолик юз йил аввалги гражданлик урушидан келиб чиқади. Бу – шартли. Аслида, ёлғизлик башарий қирғиндан келиб чиқади. Жазонинг оқибати тазарру бўлмоғи керак. Жазонинг ўзи яна қирғинга сабаб бўлади. Буэндиоларнинг бошига тушган кулфатлар жазонинг бир кўриниши. Инсон табиатида тазарруга қараганда ёвузлик кучлироқ. *** “Қори ишканба” – Гобсекнинг кўчирмаси. Қаранг, Қори ишканбага раҳмингиз келмайди, Гобсекка эса келади. *** Агар истеъдод бўлса, қачондир, нимадир намоён бўлади. Бу – муқаррар. *** “Улисс”ни узлуксиз ўқиш керак. Чунки ҳаётнинг ўзи шунақа – узлуксиз. Ҳаёт субстанция эмас, балки ҳодиса. Танҳолик ҳам шундай. “Юз йил танҳоликда”ги юз йилнинг ўзи чексиз. Кафка Хемингуэй, Маркес, Диккенс каби адиблар: “асар бошқа, мен бошқа”, деган гапни айтишган. Менингча, бу нотўғри. Чунки ёзувчи ким бўлса, асар ҳам ўшандай бўлади. Одам ўзидан нур таратади. Худди шундай, асар ҳам ёзувчининг бир кўринишидир. Кафкадек даҳшатли ёзувчи дунёда йўқ. Кафка маънавий жиҳатдан эзилиб, майдаланиб кетган. Яҳудийларда одам қаторига кириш учун ҳар нарсадан воз кечиш одати бўлган. Улар ҳатто диндан-да кечишган. Лекин, аслида, қалбда, шуурда ҳеч қачон кечмайдилар. Даҳшат шу ердан вужудга келади. Чунки аросат бошланади. Кафка яҳудийликдан чиқиб кетган ва немис тили унинг учун она тилига айланади. Шунинг ўзи танҳоланишдир. У жамиятга киришга ҳаракат қилди, лекин жамият уни ўзидан итарди. Кафкани биров реалист деса, бошқа биров модернист дейди. Кафкани ўқиганда, шу заминдан келиб чиқиб қараш керак эмас, шуурда заминдан бир оз кўтарилиш лозим. Хаёл ҳам реаллик эканини тушуниш керак. *** Болалигимизда эртакдаги барча нарсаларга ишонар эдик ва ишониб тўғри қилганмиз. Ақлимиз расо бўлган сари табиийликдан узоқлашиб борамиз. *** Кафка ўз асарларининг асосий қисмини чоп этишларини ман қилган. Чунки асар таъсирида ўқувчини даҳшатга тушиб, асар асири бўлиб қолишини истамаган. У бундай асарларини ҳатто ёқиб юборишларини илтимос қилган. *** Гоголь ва Кафка ўртасида ўхшашлик бор. У ҳам Кафка даражасидаги даҳо. Масалан, унинг “Вий” асарини ўқиб кўринг. Гоголь “Ўлик жонлар”нинг иккинчи қисмини ёқиб юборган. Эмишки, у мазкур бўлимда помешчиклардан бирини ижобий қилиб тасвирлаган ва кейин тушуниб қолиб ундан воз кечган. Бу – хато фикр. Аслида, Гоголь ўз асаридан ўзи даҳшатга тушган. Биз Гоголни Белинскийнинг таҳлилидан келиб чиқиб баҳолаймиз. Гоголь покланишга чақирган. Буни Белинский тушуниб етмаган ва танқид қилган. Аслида, Гоголь воқелик қандай бўлса, ўшандай акс эттирган. Гоголь ҳам рус бўлиб рус эмас, украин бўлиб украин эмас. Аросатда қолган шахс. *** Ҳаётнинг ўзи трагикомедия. *** Нусха кўчириш – санъат эмас. *** Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен уяламан. *** Қачонгача ҳамма одамларни буюк, табиатнинг энг олий тожи, деб юрамиз. *** Аввало, ўзликдан воз кечишга рози бўлиш керак. Аввало, киши ўзидан қўрқмаслиги лозим. Бундай қўрқув ҳиссини енгиш зарур. *** Кафка 41 ёшида вафот этди. Уни асарларида акс этган ҳақиқат ўлдирди. Кафканинг улуғлиги ўша даҳшатни кўра олганлигида. *** Лирик қаҳрамон ва шоир деган гап бор. Бу – ғирт бемаънилик. Фақат шоир бор. Лирик қаҳрамон ҳам шоир, шоир ҳам шоир. *** Пушкин Байроннинг “Шарқ поэмаси” деган асари тўғрисида: “Байрон ҳар бир қаҳрамонга ўз хусусиятидан битта-биттадан берган. Бу – унинг заиф томони”, деган. Ушбу фикрларида Пушкин ҳақсиздир. *** Воқеликни акс эттиришда ўзини қурбон қилиш Жойс, Камю, Кафкада жуда яққол кўринади. *** Ёзувчининг аросатлиги! Ўйлаб қарасак, ҳаётнинг ўзи шунақа – на у ёқлик, на бу ёқлик. *** Турғунлик даври бир тийинга қиммат давр. Аслида, унинг ўзига хос аҳамияти мавжуд: Кафка, Жойс, Камю сингари ёзувчилар юзага келади. *** Кўздан ёш чиқиши – бу жуда осон йўл. Биз даҳшатга тушишни билмаймиз, тушунмаймиз. *** Жамият тараққиётида ягона йўл бор – эволюцион, революция билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Революция бу – табиатга нисбатан тазйиқ. Дарахтнинг қадри қанча бўлса, инсоннинг қадри ҳам шунча. Утопик асарлар Хаёлни илмга айлантирмоқчи бўлдилар ва айлантирдилар, лекин амалга ошмади. *** Романларни ўқиётганда даҳшатга тушамиз, бироқ ҳаётдан қўрқмаймиз. Аслида, романдагилар ҳаётда бўлган. *** Инсон тафаккурда юз фоиз эркин бўлмоғи керак. *** Мафкура санъатда ҳокимлик талаб қилар экан, бадиият бузилади, сўз бузилади. *** Адабиёт ҳаётнинг худди ўзи эмас ва бўлмаслиги керак. Адабиёт иллюзияга айланиши лозим, яъни, гўё худди шунақа. *** Кўриниб турган нарсани фақат сўз билан ифода қилинса, бунинг нимаси санъат?
*** Навоий асарлари ҳаётнинг худди ўзи эмас, балки гўё худди ўзи. *** Уран сайёрасини Гёте башорат қилган. Яъни, ҳар қандай сиймо бу – ахбор (информация). *** Фарҳодга Ширин кўзгуда жонли бўлиб кўринади. Бу ҳозирги кибернетикага мос тушади. *** Ҳар қандай асар, одатда, бир сўз учун ёки бир сатр, бир фикр учун ёзилади. *** “Қутлуғ қон”да романнинг асосий ғояси Мирзакаримбойда мужассам бўлган. “Ер сотган эр бўлмас, эр ер сотмас” деган фикр учун мен ушбу романни буюк асар деб атайман. Бинобарин, “Қутлуғ қон”нинг асосий қаҳрамони Мирзакаримбойдир. *** Мана биз нисбатан озодмиз . Лекин нега жим турибмиз? Чунки руҳимиз қулфлоқ. У даҳшатдан халос бўлмоғи лозим. Балки бу даҳшат ирсиятга айланиб қолгандир. *** Ҳар қандай асарда нисбатан камчилик бўлади, уни ўйлаб чиқаришнинг ҳожати йўқ. *** Санъатнинг энг зўр устунларидан бири – шартлилик. *** Инсоннинг ҳамма соҳадаги ишлари бир хил принцип (тамойил)га асосланади.
*** Шундай ҳодисалар борки, улар моҳиятнинг ўзида мужассам бўлади. *** Бадиий асар бу – модел. Истеъдоднинг қудрати ана шу моделлаштириш процессида намоён бўлади. *** Асар – модел. Лекин бу унинг қадрини туширмайди, балки оширади. Чунки моделда чек йўқ, чегара йўқ. *** Ҳар қандай асарда санъаткор ўзини намоён қилади. Шу – модел. *** Бизникидан бошқа галактикаларда ҳам инсонлар бор. Улар бошқача, лекин моҳият битта. Буни тушунмасдан туриб санъатни талқин қилиш мумкин эмас. Санъатни олам моҳиятидан ажратиб олиш керак эмас. *** Биз ўз қобиғимиз ичидан чиқа олишимиз лозим. Биз ҳали тухумни ёриб чиқмаганмиз. *** Санъатда ниманидир тушуниш инсонга ҳузур бахш этиши керак. *** Ёзувчи ёзмаслик мумкин бўлса, ёзмайди. *** Ўзликни намоён қилиб бўлгандан сўнг ҳақиқий санъаткор учун ҳаётнинг қизиғи йўқ. *** Яшаш бу – ижод! *** Ҳақиқий санъаткор қанчалик буюк бўлса, шунчалик нозик бўлади.
*** Яшаш нима? Бу ўзликни намоён қилиш. Еб-ичиш, сайр қилиш – булар восита, холос. *** Ўзликнинг ўз маъноси, моҳияти бор. У бемаъни эмас. Шу моҳиятни тушунсаккина ундан қўрқмаймиз. *** Толстой баъзан қолипга тушади, лекин Достоевский учун ўлчов йўқ. Достоевскийнинг тафаккур ва истеъдоди тенг. Толстойда истеъдод пастроқ. *** Руҳий ҳолат Стендалда системага айланган. Бу ҳатто Толстойда ҳам системага айланмаган. *** Руҳият кўп жиҳатдан онг ва тафаккур билан боғланмаган. Унинг илдизлари бошқа жойда. *** Истеъдод бу – меҳнат эмас, у туғма хусусият. *** Сексология – эркак ва аёл ўртасидаги руҳий муносабат. У илоҳият даражасига кўтарилган нарса. Инсонни юксакликка чорлайдиган куч. *** Истеъдод – инсон сексологик имкониятларининг энг юқори даражага кўтарилиши. *** Шеърга ошиқ бўлмаган шоир шоирми? Аллоҳга, борлиққа ошиқлик ҳам шеърга ошиқликда намоён бўлади. *** Ёзувчи кўзга кўринмас ипларни савқитабиий орқали топади. Чунончи, Бетховен ўзининг жаҳонга машҳур 9-симфониясини кар бўлиб қолганда ёзган.
*** Бўғилган эҳтирос (секс) тафаккурга таъсир қилади. Ҳатто фожиага айланиши мумкин. *** Буюк асарларнинг ҳаммасида системали руҳий ҳолат мавжуд. *** Инсоннинг руҳияти ўзи мустақил, кўпинча, ташқи шароитдан, воқеа- ҳодисалардан келиб чиқмайди, улар фақат туртки бўлиши мумкин. Ташқи шароит билан тўқнаш келинганда яшириниб ётган руҳий ҳолат уйғониб кетади. *** Роман, аслида, инсонни кашф қилиш. *** Биз одамнинг қадрини билмаймиз, гўё халқнинг қадрини билмаймиз. Ахир, халқнинг ўзи нимадан иборат? *** Бир-бирини севишиб турмуш қурганларда сексологик муносабат гўзаллик туғдиради. *** Ҳар қандай олий ишқий муносабатларнинг манбаи ўша – ибтидоий инстинкт. *** Идеал қаҳрамонларнинг ҳаммаси – фожиа. Чунки улар хаёл, амалга ошмайдиган хаёл ва ёзувчи буни савқитабиий орқали сезиб туради. *** Кафка: “абсурдда абсурд”, деса, Камю: “ҳаёт абсурд, лекин унинг ўзи қадрият”, дейди. Яъни, туғилиш ва ўлимнинг ўзи қадрли. Шу икки нуқтанинг ораси абсурд, бироқ қадрли абсурд. *** Борган сари асар ҳажми қисқаряпти, лекин мазмун кенгайяпти. *** Китоб ўқиш учун китобхон ўша давр руҳига кириши, ўша давр одамлари нуқтаи назаридан туриб ёндашиши лозим. Бўлмаса, ўқиб бўлмайди. *** Ёзувчининг қалби оламга очиқ бўлиши керак. Қуръон қалби – оламга очиқ ҳодиса. *** Шаклда қайтарилмагандан кейин, демак, мазмун ҳам бошқача бўлади. Модернизм Натурализм – XX аср бошидаги модернизм. Натурализм система даражасига кўтарилмайди. У икки хил даврни бошидан кечиради. Горький натурализмни нотўғри тушунган. Натурализмда кўпроқ модернизмни тушунганлар. Белинский модернизмни тушуниш даражасига етиб келмаган. Унда ўтакетган субъектизм бор. Толстой уни ҳеч қачон қабул қилган эмас. Ҳатто Некрасов – деҳқон шоири ҳам. Белинский Пушкинни бир ёқлама талқин қилади. Унингча, Пушкин подшоҳга қарши, революционер. Натурализмни нотўғри тушуниш Белинскийдан бошланган. *** Эҳтимол, Гоголь интуитив равишда модернизм йўналишида ёзгандир. *** Чернишевский эстетикасининг мазмуни: гўзаллик – меҳнатда. *** Садриддин Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” – деярли очерк. Унда воқеликни инъикос эттириш йўқ, балки фақат тасвир бор. Бунда Ғарб модернизмидан таъсирланган ўринлар мавжуд. Козимийда шундай асар “Қўрқинчли Теҳрон”дир. Агар Шарқдаги мана шу 20-30 йиллик натурализм бўлмаганда, ҳозир ҳам классик анъана давом этаётган бўлурди. *** Жаҳон прозаси Золя романларидан бошланади, дейишади. *** Энгельс Бальзакни ўрнак қилади. Лекин реализмнинг ўзига хослигини бир ёзувчи орқали бериб бўлмайди. Золя ҳам эстетик, ҳам бадиий система яратган. Ҳозирги замон реализми классик замон реализми билан Золя даври реализмининг қўшилувидир. Балки, реализмдан, натурализмдан ажратиб олишнинг ўзи нотўғридир. Натурализмнинг моҳияти нимадан иборат? Фақат Золянинг экспериментал романидан келиб чиқсаккина, натурализмга тўғри баҳо берамиз.
*** Марксизм: “базис бирламчи, устқурма иккиламчи”, дейди. Хўш, марксизмнинг ўзи нима? Устқурма ва у дунёни ўзгартирди. Демак, базис бирламчи эмас. *** Энгельс: “Бальзак ўтмишдаги ва ҳозирги барча Золялардан устун”, дейди. Золяга берилган баҳо натурализмга берилган баҳо эди ва шундан кейин унга (натурализмга) эътибор сусайди. *** Инсоннинг нафақат ижтимоий, балки биологик – энг муҳим томони ҳам ҳисобга олиниши зарур. Натурализмнинг устунликларидан бири, инсонни биологик мавжудот деб кашф қилиш билан боғлиқ. Бальзак эса инсонга кўпроқ ижтимоий мавжудот сифатида ёндашади. Бальзак даврида бу табиий ҳодиса эди, бироқ ўша пайтдаёқ бунга қарши бўлган Стендаль дунёси бор эдики, буни ҳам инкор қилмаслик лозим. *** Стендаль – психологик таҳлил. Вақтида уни ҳеч ким тушунмади, қизиғи шундаки, уни Бальзак тушунди. Бальзак Стендалга айтади: “Нега сиз ҳолатларни тасвир этаётганингизда атрофни ҳам чизмайсиз? ” Кўринадики, Бальзак ҳамма ҳақиқатни ўзида мужассам этолмайди. *** “Менингча, типик деган тушунчадан умуман воз кечиш керак. Чунки ҳозирги замон реализми учун бу ўзини оқламайди”, деган эди Роже Городи. Ушбу француз адабиётшуносининг “Реализм без берегов” деган асари мавжуд. У Кафкани биринчи бўлиб социалистик реалист, деб атайди. Роже коммунист бўлган. Қизиқ, илгари улуғ руҳонийлардан даҳрийлар чиққан, энди эса даҳрийлардан Рожелар чиқяпти. *** Эҳтимол, Кафкани система деб эмас, балки модернизмнинг бир кўриниши, деб тушунмоқ керакдир. *** Бергсон инсонни, асосан, биологик мавжудот сифатидаги руҳиятини ўрганади (ирсият назарияси). *** Инсон ўзини кашф қилишда ҳам табиатга тақлид қилади. Бу – биринчи кашфиёт. Яна бир кашфиёт ирсий кашфиёт ҳисобланади. Яъни, инсон бир-биридан ўзининг биологик характери билан фарқ қилади. Бўлмаса, нега бир хил шароитдаги ўнта одам ўн хил бўлади? Ташқи шароитдан кучлироқ нимадир бор экан, ахир. Буни кашф қилмоқчи бўлган Сегенов жинни бўлиб ўлган. *** Инсонни кашф қилиш табиат билан боғлиқ. *** Адабиёт – инсонни кашф қилиш. *** Ирсият назарияси керак эди. Шундан кейин Бальзак ҳам, Достоевский ҳам, Толстой ҳам жавоб беролмай қолди. Шунга қарамай, натурализмда юқоридагилар бутунлай инкор этилмади. *** Шарқда етти авлодни билиш бор, етти авлод ичида қиз бериб, қиз олиш йўқ. Чунки ирсият бузилади. *** Бальзак воқеликнинг яширин механизмини ҳатто математик шаклларга солиб кўрмоқчи бўлган. У математика ва социологияни мутахассисларидан ҳам яхши билган. *** Шароит қандай бўлса, характер шундай бўлади, деган гапни исботлаб келишади. Аслида, бу унча тўғри эмас. Ҳар битта одамга, албатта, муҳит таъсир қилади, бироқ уни йўлга солиб турган табиати ҳам бор. *** Характер индивидуаллик ва объективликнинг тўқнашувидан келиб чиқади, дейишади-ю, негадир унинг индивидуаллиги (табиати)га эътибор беришади. *** Инсон туғилмасидан олдин биологик жиҳатдан программалаштирилган бўлади. Бироқ буни умумий қонуниятга айлантирмаслик лозим, яъни, ўғрининг ўғли ўғри бўлади, дейиш керак эмас. Шунга қарамай, буни-да, эътиборга олиш лозим. *** Золяда натурализм ва реализм қўшилиб кетади. *** Натурализмда ҳаракат – динамика йўқ. Буни ҳам биз нотўғри тушунамиз, яъни, динамика бўлмаса, ёмон деймиз. Аммо динамикасиз антик дунё асарларини кўкка кўтарамиз. Масалан, трагедиялар уч хил шароитда ўтади. *** Адабиётдаги ҳодисаларга таъриф бериш керак эмас, муҳими, уни тушуниш. *** Толстой: “бир лаҳзани акс эттириш мумкин”, дейди ва тахминан беш юз бетлик бир асарини шунга бағишлайди. *** Шунақа ҳодисалар борки, умрнинг моҳиятини динамикасидан келтириб чиқариб бўлмайди. Чунки бунда бир ҳаракат иккинчи, навбатдаги ҳаракатга қарши бўлиб чиқади. Буларни фақат лаҳзани инъикос эттириш орқалигина моҳиятини тушуниш мумкин. Шу жиҳатдан олганда, кўпчилик тан олмаса-да, фотография ҳам санъатдир. *** Адабиётнинг яна бир чексиз таъсирларидан бири – раҳм-шафқат туйғусини уйғотиш бўлса керак. *** Бергсон фалсафасига кўра, борлиқнинг кечмиши эволюцион ҳаракатга асосланган ва у ҳар доим ҳам жўнликдан мураккабликка томон боравермайди, ҳамма нарса қайтарилади. *** Бугун интиҳо бўлган нарса эрта учун ибтидо. *** Натурализм ҳам эволюцион руҳда акс этади. *** Инсоннинг ўзи ҳам, унинг санъати ҳам табиатга қанча яқин бўлса, шунча кучли бўлади. Руссо табиатга восита сифатида қараган. Табиат унинг учун моҳият бўлмаган. Натурализм Руссо ожизлигини ҳам маълум маънода енга олган. *** Индустрия табиатни (инсонни ҳам) қулга айлантиради. *** Натурализмда табиатга қайтишга интилиш бор. Томас Манн Бадиий асардан хулоса чиқариш керак эмас. Ҳаётнинг хулосаси бўлади. *** Томас Маннда оламга нисбатан олам яратишга интилиш бор. *** Аристотель: “Асар табиатга тақлидан яратилган “нарса”дир”, дейди. Мен буни андак ривожлантириб: “Асар табиатга тақлидан яратилган табиат, бошқа табиат, табиатга мувозий (параллел) табиат”, дейман. *** Тақлид ўхшаш эмас, нусха бўлса ўхшаш бўлади. *** Бу бошқа табиатнинг ўз одамлари – тирик одамлари бор. *** Типиклаштиришни поэтиканинг бир қонуни, дейиш гуноҳ. *** Бадиий асарнинг ўзи воқелик. *** Моделлаштириш дегани бу – бироз аввалги ва бироз кейинги воқеликни табиатга тақлидан яратиш демак. Бироқ, ўн йил-ўн беш йилдан кейинини моделлаштириш қийин ва ҳатто мумкин эмас. Чунончи, Томас Маннинг “Сеҳрли тоғ”ида фашизм моделлаштирилади. Роман ёзилганда фашизм ҳали бўлган эмас. *** Ҳар қандай бадиий асарнинг ўз атмосфераси (ҳавоси) бор. *** Томас Манн бевосита табиатнинг ўзига тақлид қилмайди, миф орқали тақлид қилади. *** Даҳо истеъдодларни қўлидан ушлаб юрадиган нарса кўпинча – интуиция. Гёте интуиция орқали Уран сайёрасини айтиб берган. Фақат йигирма йил сўнггина бошқа математик олим буни исбот қилиб беради. *** Ҳаёт кўпинча кулфатдан иборат. Ёруғ томонлари баъзан бўлади, баъзан бўлмайди. *** Томас Маннинг роман структураси миф асосига қурилган. Демак, роман-миф жанрининг бошланиши у билан боғлиқ. *** Бадиий танқид эмас, бадиий таҳлил бўлиши керак. *** Олам мифологиясидан ҳамма нарсага жавоб топиш мумкин. Мифология – универсал нарса. У инсониятнинг бутун тарихи, тажрибаси. |
|
Мақсуд Асадов. Нома ва соқийнома |
|
|
|
21.07.2014 01:35 |
Мумтоз шеъриятимизда соқийнома йўналишидаги шеърларнинг ўзига хос намуналари номалар таркибида учрайди. Улар ҳар бир номадан сўнг келтирилган маснавийлар таркибидан ўрин олган. Хоразмий “Муҳаббатнома”сидаги 12 та маснавий шеърнинг 10 тасида 3 байтдан жами 30 байт, Хўжандийнинг “Латофатнома” асарида ҳар бир номанинг сўнгида 1 байтдан жами 18 байт, Саид Аҳмад қаламига мансуб “Таашшуқнома”нинг “Сўзнунг хулосаси” қисмларида 3-5 байтдан жами 30 байт соқийнома мазмунини ифодалайди. Уларнинг барчаси соқийга мурожаат билан (“Кел, эй соқий”) бошланади. Чунончи: Кел, эй соқий, кетургил бодаи ноб, Кула ўйнаю ичсунлар бу асҳоб… (Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари. Икки жилдли. Иккинчи жилд. Тошкент. “Фан” нашриёти. 168-бет. Бундан кейин мазкур нашрга мурожаат қилинганда саҳифаси қавс ичида кўрсатилади. М.А.) Соқийнома характеридаги шеър ва байтлар мазмуни номаларда ифодаланаётган воқеа-ҳодиса, фикр-кечинма, ҳис-туйғулар билан ҳам боғлиқ. Шу сабабли, адабиётшуносликда бу шеърлар, кўпинча, поэтик хулосаларнинг ифодаси деб, баҳоланади. Аммо улар фақат хулосавий байтлар бўлиб қолмай, тасвирланаётган ҳаётий манзара ва ифодаланаётган фикр-қарашларига кўра, номаларда келтирилган ғазал, қитъа ва фардлар каби мустақил шеърлар ҳамдир. Бу жиҳатдан, айниқса, “Муҳаббатнома” ва “Таашшуқнома”даги соқийга мурожаат билан бошланган шеърлар эътиборлидир. Тўғри, бу шеърлар соқийнома жанри талабларига тўла мос келмайди. Аммо улар мавзунинг қўйилиши, ижтимоий-ҳаётий, ахлоқий-дидактик, ишқий-фалсафий, қолаверса, маърифий-ирфоний фикр-туйғуларнинг ифодаланиши, қофияланиш тарзи, образ ва тимсоллари, ўзига хос бадиий воситалари каби бир қатор хусусиятлари билан ҳам соқийномаларни ёдга солади. “Таашшуқнома”да соқийнома шеърларга “Сўзнунг хулосаси” деб сарлавҳа қўйилган бўлса, “Муҳаббатнома” муаллифи уларни “Маснавий” деб номлаган. Чунончи, асарнинг қуйидаги “Маснавий”сини олиб кўрайлик. Байтда қўлланилган талмеҳ санъати лирик қаҳрамон – ошиқнинг кайфияти ва мақсадини ҳам аниқ-равшан тушунишга имкон берган: Кел, эй соқий, кетургил жоми Жамни, Киши кўнглудин май ювур ғамни. (108-бет.) Жам, яъни, Жамшид – қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи. У жоми жаҳоннамо – жаҳонни кўрсатадиган жом ихтиро қилган бўлиб, унда дунёдаги нафақат ҳозирги, балки ўтмишда юз берган ва келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳам акс этар экан. Мумтоз шеъриятда май қадаҳи ва комил инсон қалбини ҳам илоҳий сирларни ўзида сақлаши жиҳатидан ойинаи жаҳоннамога тенглаштирилади. Лирик қаҳрамоннинг соқийдан айнан нима учун “жоми Жам” келтиришини сўраётганлиги иккинчи байт мазмунида янада очиқроқ аён бўлади: Ким ошти кўкка оҳим иҳтироқи, Куюрди кўнглуми дилбар фироқи. (114-бет.) Яъни, ҳижрон ва айрилиқ азобидан қийналган, кўнглини ёр соғинчи банд этган ошиқ “жоми Жам” ёрдамида ёр жамолини кўриб, висол лаззатидан баҳраманд бўлишни истайди. Байтда май гўзал маъшуқа хаёли, ёр соғинчи, ишқ-муҳаббат каби маъноларни ифода этган. “Таашшуқнома”даги соқийнома шеърларда ҳам, асосан, бу оламнинг ўткинчилиги, унинг гўзалликларию бахту қувончи абадий эмаслиги, ўтаётган фурсатларни ортга қайтариш инсон фарзандининг қўлидан келмаслиги, шу боисдан, ҳамиша некбинликка, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшаш лозимлиги каби фикр-туйғуларга эътибор қаратилган. Чунончи, мана бу парчада ҳам шоир соқийга мурожаат қилиб, ундан ўзини боқийликка етиштирадиган май беришини сўрайди: Кел, эй соқий, кетургил май зи боқи(й), Ки, қолмас дунёда ҳеч киши боқи(й). (176-бет.) Юқорида таъкидлаганимиздек, соқийнома шеърларнинг мазмуни, кўпинча, нома ва ғазаллардаги фикр-туйғулар билан ҳам узвий боғлиқ. Масалан, “Муҳаббатнома”нинг учинчи номасида шоир маъшуқанинг ақлни ҳайратга солувчи гўзаллигини мадҳ этади. Мумтоз адабиётда ишқни майга нисбат бериш анъанага айланган. Май ичувчини маст қилганидек, ишқ ҳам ошиқни сархуш айлайди. Майни қанча кўп ичган сари ўз хатти-ҳаракатингни шунча назорат қилолмаганингдек, муҳаббат ҳам қанча кучли бўлса, ошиқ шунча ўзининг нима қилаётганини билмай қолади: бутун фикри-зикри севгилисига қаратилиб, унинг ишқида ўзини ҳам, атрофидаги одамларни ҳам, ҳатто дунёни ҳам унутади. Мана бу маснавийда “гул юзли соқий”дан ўзини “ҳайрат мақоми”га етказишни сўраётган лирик қаҳрамон – ошиқнинг аҳволи ҳам шундай тасвирланган: Кел, эй гулчеҳра соқий, май кетургил, Мени ҳайрат мақомига етургил. (109-бет.) Яна бир номада шоир ёр жамолини бир бор кўриш учун ўзининг бору йўғидан кечишга ҳам тайёр бўлган ошиқ ҳолатини тасвирлар экан, хулоса ўрнида келган соқийнома шеърда мана бундай ёзади: Кел, эй соқий, кетургил лолагун май, Ким ул қилди кўпни Ҳотами тай. Суроҳи тўлса кўп, оғзин очолинг, Бу кун майхонада ярмоқ сочолинг. (110-бет.)
Мумтоз адабиётда Ҳотами той ўз сахийлиги, қўли очиқлиги билан машҳур. Бу ўринда, шоир майхонада бор пулини май ичиб тугатган – майхўрни Ҳотами тойга ўхшатмоқда. Бундай тасвирларни Хоразмийнинг издошлари ижодида ҳам кўриш мумкин. Хоразмийнинг лирик қаҳрамони бир ўринда яқин улфатлар, суҳбатдошлар билан май ичиш лозимлигини айтса, яна бир байтда “гул юзли дилбар”га мурожаат қилиб, ундан ҳушдан айирувчи қадаҳ беришини сўрайди: Кел, эй ой юзлу дилбар, тут бирор кеш, Бирор кеш бирла қилғил бизни мадҳуш. (114-бет.) “Таашшуқнома”да эса, “бути айёр” – айёр санам ёки гўзал маъшуқа билан бирга майхўрлик кайфияти гўзал бадиий ифодасини топган: Кел, эй соқий, кетур жоми бир оз май, Ки ғамларни кўнгуллардан қилур тай. Ичоли ул бути айёр бирла, Қароқлари қароқчи ёр бирла. (174-бет.) Таъкидлаш керакки, номаларда ўзига хос майхўрлик кечалари, улардаги урф-одат ва тартиб қоидалар тасвирига ҳам кенг ўрин берилган. Жумладан, “Таашшуқнома”да май базмларида май ёки шаробнинг қадаҳларга қандай қуйилиши ва май қуйувчи – соқийнинг ўзига хос маданияти тўғрисида ҳам ёзилган. Чунончи, лирик қаҳрамон соқийга мурожаат қиларкан, ундан май тўлатиб қуйилган қадаҳ сўрайди: Кел, эй соқий, кетур жоми лаболаб, Қўбиз қўбсаб ичайлик кулуб ўйнаб. (168-бет.) Номаларда соқийнинг ҳам кўплаб таърифу тавсифлари келтирилган бўлса-да, қўлларини нозик белига қўйиб майхўрга шароб қуяётган соқийнинг ўзига хос таърифи фақат “Таашшуқнома”да учрайди: Кел, эй соқий, хумор ашкин олиб кел, Қўлингни белсаниб енгни солиб кел. (180-бет.) “Таашшуқнома”нинг саккизинчи номасидан сўнг келтирилган ғазалда гўзаллик шоҳи бўлган маъшуқа таърифу тавсиф этилади. Шунингдек, лирик қаҳрамон унинг “эҳсону карамлар”ини унутганлигидан, “муҳташам салтанат”идан “фақир” ошиғига жой ҳам бермаслигидан шикоят қилади. “Сўзнунг хулосаси” деб номланган соқийнома шеърда ҳам шоир соқийга мурожаат қилиб, “мири мажлис” – мажлис раҳбари, яъни, май келтиришини сўраркан, у кўпгина саховатли бекларни хасис қилганлигини айтиб, бундай ёзади: Кел, эй соқий, кетур ул мири мажлис, Ки қилди кўп ғани бегларни муфлис. (156-бет.) Номаларнинг асосида, соқийнома жанрига хос бўлган висол онларини ғанимат билиш, кўнгулни ҳамиша ёр муҳаббати, унинг фикру хаёли билан боғлаш, бу дунёнинг бетакрор манзараларидан завқланиш, инсон умрининг боқий эмаслиги, шу сабабли, уни шоду хуррамликда, хурсандчиликда ўтказиш каби мазмунлар ётади. Шу боисдан, уларда мумтоз шеъриятда ҳаёт қувончининг сабаби бўлган май образи ўзига хос кўтаринки руҳ, жўшқин ҳиссиёт ва кучли эҳтирос билан таърифу тавсиф этилган. Бир ўринда, Хоразмий соқийга мурожаат этаркан, ундан ўзини “назар”дан четга қўймаслигини, ошиқ учун “сайқал” бўлган ишқ майидан беришини сўрайди: Кел, эй соқий, назардин солмоғил гал, Кетур ул майки бўлғай бизга сайқал. (123-бет.) Бу каби ҳайёмона фикр-туйғуларнинг таъсири Саид Аҳмаднинг “Таашшуқнома” асарида ҳам сезилади: Кел, эй соқий, кетур жоми дилфируз, Ки ишрат чоғидур ҳам фасли Наврўз. (164-бет.) Мисраларда шоир ҳаёт лаззатларидан баҳраманд бўлиш, умрнинг ҳар дамини хуш ўтказиш учун Наврўзни энг яхши фурсат деб кўрсатади. Хўжандийнинг лирик қаҳрамони эса, уни хурсандчилик ва завқу шавқ билан безаш лозимлигини айтиб, бундай дейди: Кел, эй соқий, бу кун мажлис қуроли, Замоне айш этиб хуш ўлтироли. (140-бет.)
Юсуф Амирий “Даҳнома”да қўбизнинг завқбахш куйи, найнинг майин садоси, барбатнинг жарангдор навоси ва танбурнинг ўтли ноласи майхўрлик кечасига файз киритганлигини тасвирларкан, айниқса, муғаннийнинг қўшиқлари ва соқийнинг гўзал одоби ҳам майхўрликнинг таъсирини оширганлигини айтиб бундай дейди: Муғаннийлар чолиб мажлисда хўшлар, Юруб соқий тутуб саркўча қўшлар.
Уланди кеча тегру эл йиғини, Чиқарди эл чоғирдин аччиғини. (195-бет.) Асарда май базми иштирокчиларининг ҳолати, кайфияти, уларнинг бир-бирига бўлган муносабатлари: бу даврада соқийнинг ўрни, май таъсирида суҳбатдошларнинг мулоҳазасиз сўзлари, хушчақчақлик ва хурсандчилик туйғулари ҳам жуда ҳаётий акс эттирилган: Ўпиб соқий аёғин дам-бадам эл, Кўнгул очилмоғига боғлабон бел…
Тараб ишрат хатидин тортмай бош, Кўнгул чини суроҳидин бўлуб фош.
Ҳикоятлар улошиб бир-бирига, Қулоқ солмай йиравчилар йирига… (196-бет.)
Шу тариқа, номаларда соқий, майхўрлик, май базми, ундаги урф-одатлар, базм иштирокчилари, шунингдек, май идишлари ҳақида ҳам ўзига хос талқинлар ўрин олган. Бу орқали, ижодкорнинг ишқ-муҳаббат кечинмалари, ижтимоий-ҳаётий хулосалари, табиат ва инсон тақдири ҳақидаги чуқур ҳаётий-фалсафий мушоҳадалари ўз ифодасини топган. Бу эса, номаларда келтирилган соқийнома шеърларни мазкур жанрнинг дастлабки кўриниши сифатида баҳолашга тўла имкон беради.
|
08.09.2013 08:23 |
"Адабиётнинг виждони", "сўз заргари" деган номлар олган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор совет даврида яшаб, совет мактаби, университети таълимини олиб ижодкор бўлиб етишди.
Сир эмас, у ўз сафдошлари каби ҳукмрон мафкура, коммунистик сиёсат таъсири ва тазйиқи остида ижод қилишга мажбур бўлган. Ҳатто айрим асарларини даҳриёна руҳда ёзган. Биз адибнинг охирги ҳолатларини ҳисобга олиб, Яратгандан унинг ҳаққига мағфират сўраймиз. Шахсан ўзим бу аломат зот назарига тушиб, саккиз йил давомида унинг шаҳардаги уйи, Дўрмондаги боғ ҳовлисида дўстлар даврасида суҳбатларини олиш шарафига муяссар бўлганман, кўпдан-кўп фазилатлари қатори, илк устози Муҳаммаджон қори ибораси билан айтганда, "бир мусулмоннинг фарзанди" сифатида бу улуғ зот қалбининг туб-тубида исломий эътиқод яширин яшаганига иқрор бўлганман.
Адибнинг совет ҳукуматининг атеистик сиёсати хусусида истеҳзо билан айтган гапларини кўп эшитганман. Бир галги учрашувимиз ҳайит кунига тўғри келиб қолди. — Тонг чоғи машинада Дўрмон атрофи қишлоқларни айланиб чиқдим, — дея сўз бошлади у. — Ҳар йилгидек, барча мачитлар эшиги олдида район активлари, милиционерлар саф тортиб туришибди. Қўлтиғига жойнамоз қистирган одамлар кўчаларда тўда-тўда бўлиб, ини бузилган чумолилардек сарсон-саргардон кезиб юришибди. Биламан, улар барибир дала шийпонигами ёки деворларига атеистик шиорлар ёпиштириб ташланган клубгами кириб албатта ҳайит намозини ўқишади. Ҳукуматнинг ишига ҳайрон қоласан киши, бу қилмиши билан неча минглаб одамлар кўнглида ўзига нафрат уйғотади. Одамлар ярим соат мачитда тўпланиб тинчгина намозини ўқиб олса, осмон узилиб ерга тушмайди-ку, ахир!
У ёғини суриштирсангиз, Абдулла Қаҳҳор совет даврида Абдулла Қодирийнинг "Обид кетмон"идан кейин диндорларнинг бетакрор, ёқимтой образини яратган. Лутф, ҳазил-мутойиба, енгил киноялар билан йўғрилган "Синчалак"даги тақводор, бир оз мутаассиб, аммо ниҳоятда ҳалол, ишбилармон, тадбиркор Ҳамидулланинг юмористик тимсоли ўша давр адабиётида муҳим ҳодиса бўлган эди.
Ёзувчи ижодининг якуни ва чўққиси саналмиш "Ўтмишдан эртаклар"нинг энг нурли саҳифалари устозига бағишланган "Муҳаммаджон қори" бобидир. Бўлғуси адиб болалигида бу очиқ фикрли одам қўлида янгича — жадид усулида савод чиқаради, Қуръони каримнинг охирги икки порасини ёд олади, жадид маърифатчилари дарсликларидан сабоқ чиқаради. Бир умрга бу илк устозига эҳтиромини сақлаб қолади. Умрининг сўнгги дақиқаларида мана шу табаррук зот билан хаёлан мулоқотда бўлади. Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги кунлари, Москва касалхонасидаги видолашув дақиқилари адибнинг умр йўлдоши Кибриё опанинг "Чорак аср ҳамнафас" китобида, Шуҳратнинг "Устознинг сўнгги кунлари" хотира-мақоласида анча батафсил ҳикоя қилинган. Жумладан, Шуҳрат ўша мақоласида касалхонада устоз билан мулоқотлари тафсилотларини қаламга олар экан, улардан мана бундай хулосага келади:
"У ҳаётда қандай мардонавор яшаган, ижод этган бўлса, ана шундай матонат билан сўнгги нафасигача ҳаёт кечирди. Унинг ўлимини эсласам: "Ҳаёт билан видолашишнинг ўзи бир санъат экан. Бунга ҳам матонат ва ирода керак экан", деган хаёлга бораман". Шуҳрат ака Абдулла ака билан ўша учрашувдаги ҳамма гапни ёзади-ю, лекин энг асосий нуқга — фақат унинг қулоғигагина айтган васияти ҳақида ҳеч нарса демайди. Бу ҳақда кейинроқ.
Энди Кибриё опадан эшитайлик. Ажал яқинлашаётганини сезган адиб Кибриё опадан Тошкентдан шоир Шуҳратни чақиртириб келишни илтимос қилади. "Ҳар ҳолда сочига оқ тушган, удумларимизни, мусулмончиликни яхши билади, ота-онасини кўмган бу одамга айтадиган зарур гапларим бор", деб туриб олади. Кибриё опа негадир, ўзи айтмоқчи, умрида биринчи маротаба Абдулла Қаҳҳорнинг бу хоҳишини бажо келтирмайди. Сўнг адиб Ўзбекистоннинг Москвадаги вакили Қосим Раҳимовни ҳузурига чақириб, "Зудлик билан менга Тошкентдан шоир Шуҳратни чақиртириб беринг. Мен айтадиган гапларимни айтиб, хотиржам бўлишим керак", дея илтижо қилади. Вакил бу илтимосни бажо келтиради. Давоми опанинг ёзувларида: "24 май куни эрталаб касалхонага қадрдон дўстлари Константин Симонов келди--- Константин Симонов кетганидан кейин кўп фурсат ўтмай, шоир Шухрат етиб келди. Абдулла Қаҳҳор ўша куниёқ айтадиган гапларини айтиб, васиятларини қилдилар ва худди елкаларидан тоғ ағдарилгандек, бирдан хотиржам бўлиб қолдилар". Хўш, бу васият нимадан иборат эди? Кибриё опа ҳам бу хусусда лом-лим демайди. Кибриё опанинг шу сўзлари битилган китоби ҳам, Шуҳратнинг хотира мақоласи ҳам кирган "Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида" тўплами совет даврида — 1987 йили чиққан. У кезлари Абдулла Қаҳҳор васиятини ошкор қилиш имкони йўқ эди. Ҳатто адиб васиятини Кибриё опадан ҳам қизғаниб, у хонадан ташқарига чиққанида айтган. Мен уни Шуҳрат аканинг ўз оғзидан такрор-такрор эштганман. Мана, Абдулла Қаҳҳорнинг қулоғимда қолган ўша сўзлари: "Пайғамбар ёшини яшадим... Тақдирга тан бераман-да... Сиздан ўтиниб сўрайман, жоним чиққанидан то қабрга киргунимча бошимда турсангиз. Тобутимни Тошкенга олиб боргач, албатта яшикка солиб, «томошага» қўясизлар. Улардан олдин ювиб-тараб, кафанликка ўранглар. Хунугим чиқиб ётмасин... Тезликда Қўқон яқинида Оққўрғонда турадиган устозим Муҳаммаджон қорини чақиртириб келинг. Жанозада имомликка ўша киши ўтсин. Қабристонга борганда яшикдан олиб, кийимларимни ечиб, кафан билан лаҳадга қўйинглар. Елкам, танам Тошкентимиз тупроғига тегиб ётсин..."
Мен бу васиятни хотирам қуввати даражасида эслаб қоғозга туширдим. Янглишлар бўлса, Аллоҳдан кечирим сўрайман. Қани эди, бу васиятни Шуҳрат аканинг ўзлари ёзиб қолдирганларида, бор ҳақиқат янада равшанроқ бўларди. Афсус, 1987 йиллар шароитида бу ишни қилиш асло мумкин эмас эди. Шуҳрат ака устоз васиятини тўла-тўкис адо этишга эришди. Марҳумнинг тобути Тошкентга, ўз хонадонига келтирилгач, ҳукумат вакиллари видолашувга келади. Бош раҳбар Кибриё опага ҳукумат номидан таъзия изҳор қилиб, ундан: "Абдулла ака бизга қандоқ топшириқ бердилар?" деб сўрайди. Кибриё опа ўз дардини айтади, сўнг Шуҳрат ака адибнинг васиятини баён қилади. Бош раҳбар унинг сўзларини эътибор билан тинглайди-ю, вазият тақозоси бўлса керак, ҳеч нарса демайди. Шуҳрат ака бу сукутни розилик аломати деб тушуниб, енг шимариб ишга киришади.
Қабристондаги дафн маросимига кутилмаганда ҳукумат раҳбарлари ҳам етиб келади. Одатдагидек, митинг бўлади, видолашув нутқлари айтилади, энг ҳаяжонли дил сўзларини Шуҳрат ака айтади. Раҳбарият қабр бошида турганига қарамай, кафанланган майит яшик тобутдан олиниб лаҳадга қўйилади, қабрга тупроқ тортилиши билан Муҳаммаджон қори тиловат қилади. Қуръон оятлари қабристон узра таралади. Шу воқеаларга, мана, бир кам қирқ йил бўляпти. Ўша дақиқаларда адибнинг устози овозида янграган Қуръони карим оятлари садоси ҳамон қулоғим остида жаранглаб тургандек. Мана шу оятлар устоз руҳига қиёматга қадар ҳамроҳ бўлиб боришини Яратгандан сўраб қоламан.
Умарали НОРМАТОВ, филология фанлари доктори, профессор |
|