Каромат Муллахўжаева. Мумтоз адабиёт – бугуннинг нигоҳида PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:33

Мумтоз адабий меросимизни ўрганиш бўйича 2012 йили олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар натижаси, асосан, илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган мақолалар, монография ва рисолаларда ўз аксини топган. Улар хусусида фикр юритар эканмиз, кўнгилдан, аввало, шу давр мобайнида назарий жиҳатдан бақувват, янгиликка эга бўлган тадқиқотлар чоп этилдими? Адабиётга қандай янги топилдиқлар олиб кирилди? Чоп этилган илмий ишларнинг кўлами қандай, улар тадқиқот-тарғибот хусусиятига эгами ёхуд бир жойда депсиниб туришдан нарига ўтмаяптими, деган саволлар ўтади.

Масалага шу нуқтаи назардан бирқадар ойдинроқ ёндашилса, назарда тутаётганимиз – ўтган йилги адабиётшунослик манзараси намоён бўлади.
Ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этиш борасидаги энг муҳим тадқиқотлар, мақола ва тақризлар, асосан, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ҳамда илмий тўплам ва илмий конференциялар материаллари саҳифаларида ўз аксини топган. Шу ўринда “Маърифат” газетасидаги айрим мақолаларнинг илмий қимматини эътироф этиш муҳим. Чунки уларда чоп этилаётган мақолаларнинг савияси ва илмийлик даражаси журнал мақолаларидан қолишмайди.
Таъкидланган манбаларнинг ўзида юзга яқин мақола, мақола-тақриз, ахборот-мақолалар чоп этилган. Ўнга яқин китоблар нашрдан чиққан. Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, мазкур йилда чоп этилган монографиялар сони ўтган йиллардагига қараганда камроқ. (Буни ушбу йилда номзодлик, кўпроқ докторлик диссертациялари ёқланмаганлиги билан изоҳлаш мумкин.) Шунга боғлиқ ҳолда, матбуотда аввалги – 2011 йили нашрдан чиққан монографияларга таништирувлар, айниқса, таҳлилий тақризларга тез-тез кўзингиз тушади. Бу ҳам мумтоз адабиётшуносликка оид муайян бир йўналишнинг жонланганлигидан далолат.
“Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг илк сони Иброҳим Ҳаққулнинг “Навоий ва юнон адабиёти” мақоласи билан бошланади. Шарқ шеъриятида юнон адабиёти ва тарихига алоқадор образларга муносабат билдирилган бу мақола айрим мавҳум масалаларга ойдинлик киритади. Шунингдек, Нусратилла Жумахўжа, Дилором Салоҳий, Ҳасан Қудратиллаев каби олимларнинг мақолалари бу йилги адабиётшуносликда, айниқса, навоийшунослик ва бобуршуносликда алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда филология фанлари номзоди Қодиржон Эргашевнинг илмий ишларига тўхтаб ўтиш ўринли. Унинг масалага холис ёндашиши, қатъий илмий далилларга риоя қилиши, изчил тадқиқотлар олиб бориши эътиборни тортади. Жумладан, “Ўзбек тили ва адабиёти” журналидаги “XVI асрнинг биринчи ярмида тарихий наср хусусиятлари”, “Янглиш талқинлар” деб номланган – илмда Навоий биографиясини ёритишда йўл қўйилган айрим чалкашликлар ҳақидаги мақолалари тадқиқот характерига эга. Ҳар икки мақолада ҳам муаллиф ўз хулосаларини ифодалаш учун кўплаб манбаларни қиёслаб ўрганган, ишонарли далиллар келтирган ва тўғри хулосалар чиқарган.
Кейинги йиллари изчил фаолият кўрсатаётган Иқболой Адизованинг мақолалари, асосли фикрлари билан муаммоларни тўғри англаб, ечимини тақдим этишга уринаётган Абдурасул Эшонбобоевнинг изланишларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. И.Адизованинг Фузулий, Увайсий, Нодира ижодий меросига оид мақолаларида янги талқинларга ўтиши бу борадаги ишлар кўламининг кенгайишига имкон беради. Тадқиқотчи А. Эшонбобоевнинг “Ўзбек иншо санъати” номли тақризи ёки “Навоий асарларининг илмий-танқидий нашри ҳақида”ги мақоласида бугунги куннинг энг оғриқли нуқтаси ҳақида тўхталиб, бу муаммони ўрганиш ва ҳал этишга даъват этилган. Бироқ сўнгги йилларда бир адабиётшунос кўтарган муаммога бошқаларнинг бефарқ бўлиши адабиётшунослигимизнинг бир ерда узоқ депсиниб туришига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2012 йили бир илмий тўпламда профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг “Ўзбек адабиёти тарихини даврлаштириш тамойиллари” деб номланган мақоласи чоп этилди. Конференцияда қизиқиш билан тингланган маърузада бугунги адабиётшуносликнинг энг долзарб ва баҳсталаб муаммоси кўтарилди. Бироқ ҳанузгача унга акс-садо йўқ. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бундай баҳсни давом эттириш, у ҳақда ўйлаш, аслида, ҳар бир адабиётшуноснинг иши. Баҳсталаб мақолалар керак бўлгани каби, уларга жавоблар бериш, муносабат билдириш пайти ҳам келди.
Яна бошқа бир мақолага эътибор қаратайлик. Адабиётшунос Рустам Тожибоев “ЎзАС” газетасида чоп этилган “Вазн талаби ёхуд ғазалдаги ғализликлар хусусида” мақоласида матншунос ва манбашунослар зиммасидаги масъулият, мумтоз асарларнинг бугунги нашрларидаги муаммоларни ўринли ўртага ташлайди. Мақола муаллифи, матнни нашрга тайёрлаётган мутахассис ҳар бир шеър вазнини аниқлаб олиши ва уларнинг жорий ёзувдаги нашрда тўғри берилишига жиддий эътибор қилиши лозим. Қолаверса, вазнга эътиборсизлик оқибатида қўпол хатолар юзага келиши мумкинлигини матншунос доим ёдда тутиши зарур, деб, Комёб ва Ҳувайдо “Девон”лари нашрига оид камчиликларни кўрсатиб берган.
Тадқиқотчи Бобомурод Эралиевни жиддий изланишлар натижаси бўлган мақолалари – “Фарҳоднинг ташрифи”, “Тўрт қаср тарҳи” мақолалари тадқиқот характерига эга. Уларда масаланинг моҳияти ишонарли очиб берилган. Айниқса, ўртага ташланган масаланинг Румий асарларига боғлаб тушунтирилиши ёки Сизиф тимсоли ёрдамида қизиқарли ва қиёсий талқин этилиши, қайсидир жиҳатлари билан устоз Нажмиддин Комилов бошлаган йўлни давом эттираётганлиги кишида умид уйғотади.
Таҳлилий мақолалар ҳақида сўз кетганда, Олимжон Давлатовнинг “Навоий девонларида ишора санъати”, “Ажаб йўқ одамилиғни унутсанг” каби Навоий ижодий ниятини илмий, диний-тасаввуфий манбаларга боғлаб очиб берадиган мақолалари ҳам эътиборни тортади. Уларни тадқиқотчидан Навоий ижодини жиддий ўрганиш қанча кўп билим талаб этилишини кўрсатадиган яхши мақолалар қаторига қўйиш мумкин.
“Маърифат” газетасида чоп этилган Полвон Отабекнинг “Навоий ҳақидаги ҳақиқатлар” мақоласи ҳам жиддий таҳлилий мақолалардан. Унда Шуҳрат Сирожиддиновнинг кўпчилик эътиборини тортган “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” монографияси ўрганилиб, унинг бугунги навоийшуносликдаги ўрни ва аҳамияти хусусида фикр юритилган.
Тадқиқотчи Бурҳон Абулхайров эса “Миён Бузрукнинг ўзбек адабиётида тасаввуф масаласига оид қарашлари” мақоласида 20-30-йилларда ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этиш билан жиддий шуғулланган адабиётшунос олимнинг ўзбек мумтоз адабиётига, хусусан, тасаввуф адабиётига муносабатини ўрганади, тадқиқ этади ва баҳолайди. Тадқиқотчининг бу йўналишдаги яна бир хизмати ишида кўринади. журналининг 5-сонида Е.Э.Бертельснинг “Бедил ҳақида мулоҳазалар” мақоласини нашрга тайёрлаб, чоп эттирганида кўринади.
Журналларимиз саҳифаларида қисман бўлса-да, танқидий руҳдаги мақолалар чоп этилаётганлиги хусусида юқорида ҳам таъкидлаган эдик. “Шарқ юлдузи” журналининг “Меросимизни ўрганамиз” рукнидаги Валижон Қодирова Акрамжон Ваҳобовнинг“Бобурнома”даги таърих – муаммолар муаммоси” мақоласида “Бобурнома”нинг табдил – транслитерация қилинган нашрларида таърих санъати орқали ифодаланган саналарнинг бузилиши ҳақидаги фикрлар асосли кўрсатиб берилган. Унда матншуносликдаги жиддий камчиликлар очиб берилади. Бу борада иш олиб бораётган ноширларни ҳам, тадқиқотчиларни сергаклантиради, янги мақолаларни –изланишларни талаб этади. Бироқ, мақола муаллифлари ўртага ташланган муаммони 1989 йили чоп этилган “Бобурнома”га асосланиб ўрганганлар. Бундай тадқиқотлар мукаммалроқ ва охирги нашрларга, жумладан, “Бобурнома”нинг 2002 йили Эйжи Мано танқидий матни асосида яратилган янги нашрига таяниб ўрганилганда, унинг илмий қиммати яна ҳам ошарди.
Мақола аввалида, бу йил адабиётшунослигимизга қандай янги топилдиқлар – манбалар олиб кирилди? – деган савол қўйилган эди. Бу масалада Афтондил Эркиновнинг “Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган яна бир девони” ва “Амир Умархон туҳфаси”, афғонистонлик тадқиқотчи Ҳалим Ёрқиннинг “Низомий Ганжавийнинг туркий девони” мақолаларида янги топилган манбалар ҳақида маълумотлар берилади. Дунёнинг турли кутубхоналаридан ўзлари излаб топган бу манбаларга илмий баҳо берган мазкур олимларнинг ишлари таҳсинга сазовор.
Ўтган йили чоп этилган монография, рисолалар жумласига Нодирхон Ҳасаннинг “Яссавийликка доир манбалар ва “Девони ҳикмат” монографияси, устоз Нажмиддин Комиловнинг “Маънолар оламига сафар, Ҳамиджон Ҳомидийнинг “Фирдавсий ва ўзбек адабиёти”, турк олими Мустафо Эсоннинг “Тазкирадан биографияга”, озарбойжонлик Гулшан Алиева-Кангарлининг “Фузулийшунослик тарихи ва назарияси” монографиялари 2012 йили мумтоз адабиётимиздаги энг муҳим ва илмий қимматга эга китоблар деган фикрдамиз.
Айниқса, сўнгги икки тадқиқот нафақат янги манбалар билан бизни таништиради, балки янги тадқиқ усулларининг ҳам кириб келишига йўл очади. Умуман, чет эллик олимларнинг ўз тадқиқотлари билан ўзбек матбуоти саҳифаларида қатнашаётганлиги ижобий ҳодиса. Жумладан, Республикамизга келиб, тадқиқот олиб бораётган Жанубий Корея давлати Сеул шаҳри, Донгдок хотин-қизлар университети профессори, Низомий номидаги ТДПУ ўқитувчиси Инкёнг О,нинг мақолалари ҳам кўпчилик эътиборини тортди. “Ёшлик” журналида чоп этилган “Ўзини яратган қаҳрамон” мақоласида у “Жумўнг” ва “Алпомиш” достонлари орасидаги ўхшашликка эътиборни қаратгани бизнинг адабиётшунослик учун ҳам янгилик бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган йил чоп этилган мақолалар, китоблар ва бошқа тадқиқотлар мумтоз адабиётимизни ўрганиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги намойиш қилади ва, айни пайтда, бу адабиётшунослик олдида турган, келгусида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

 
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада? PDF Босма E-mail
21.07.2014 01:49

Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва унинг асарлари борасида қарийб бир асрдан буён жиддий фикр-мулоҳазалар билдирилади, қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилади. Чунки унинг халқимиз маданияти ва адабиёти тарихида тутган ўрни бағоят салмоқлидир. Адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг “Қодирий мўъжизаси” номли китоби билан танишиш, мени улкан ёзувчининг ана шу хизмати борасида яна бир бор фикр юритишга ундади. Тадқиқотчининг эътироф этишича, улуғ ўзбек ёзувчиси ва унинг асарлари борасида ҳали айтилмаган гап, ёзилмаган китоб, топилмаган информация тўлиб-тошиб ётибди экан: “Қодирий меросининг кўпгина соҳалари каби ёзувчи эстетик бисоти ҳам чуқур ўрганилган, чинакам баҳосини олган эмас”, деб ёзади олим.
Ушбу тадқиқот билан батафсил танишган ўқувчи Қодирийнинг ўзбек халқи маданияти тарихида тутган мислсиз ролини янада равшан тасаввур қилади: “Ёзувчи “Ўткан кунлар”да холис-объектив туриб, XIX аср ўрталаридаги Туркистон тарихининг, ўзбек халқи ҳаётининг ҳаққоний манзарасини беради, муҳим тарихий жараёнларни чуқур бадиий таҳлил этади, даврнинг етакчи ижтимоий кучлари моҳиятини очади, ўша замон кишиларининг аҳвол-руҳияти, орзу-интилишлари, қувонч ва ташвишларини фавқулодда бир маҳорат билан ёрқин образлар орқали кўрсатади. Aдиб асар ёзилган давр ҳукмрон мафкураси таъсирига, ўзининг ўша кезлардаги синфий майлларига берилмай, реализмнинг бош принциплари асосида реал ҳаёт қандай бўлса, ўшандайича кўрсатади. Назаримда, илк бор худди шу роман орқали ўзбек халқи ўзининг бўй-бастини, асл қиёфасини, ички дунёсини, кучли ва ожиз томонларини бор бўйича худди тиниқ ойнадагидек аниқ кўрди. Бу роман ўзбек адабиётида реализмнинг ҳақиқий тантанаси, катта ютуғи бўлди”.
Устоз адабиётшунос мулоҳазаларида Қодирийнинг халқимиз олдидаги хизмати нимадан иборат эканлиги рўйирост айтилган десам, муболаға бўлмайди. Аммо бетакрор ёзувчининг маданиятимиз тарихидаги ўрни шулардангина иборат эмас, албатта. Қолаверса, юқоридаги таъриф ғоят умумий бир баҳодир. Биз қуйида ана шу умумийликни бирозгина “майдалаб” кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Тадқиқотнинг бир нечта ўринларида реализм масаласи Қодирий романлари билан мувозий тарзда ёдга олинади. Адиб бадиий ижоднинг кўплаб масалалари юзасидан фикр юритган бўлса ҳам ундаги “бош гап – реализм”, дейди олим. Мана шу нуқтаи назардан қаралганда, олимнинг уқтиришича, Қодирий “ўзбек адабиётшунослигида реализм принципларини ишлаб чиқишда ғоят катта иш қилди”.
Хўш, ёзувчининг реализмга доир қарашларининг моҳияти нималардан иборат? “Ҳақиқат, ҳаёт ҳақиқатига садоқат – ёзувчининг ижоддаги бош шиори”, деб ёзади олим. Албатта, ҳаёт ҳақиқати деганимиз санъатнинг яшовчан талаб ва тақозоларига доир бўлади. Йўқса, ҳар қандай реализм, ҳар қандай рўйирост юз берган воқеа бадиий адабиётнинг ҳадафи бўлиб кетавермайди. Чинакам бадиий ҳодисага айланган аксарият асарларда, ижодкор “мени”нинг иштироки яшайди. Яъни, ёзувчи ўзи бевосита иштирок этган ёхуд ҳаётда кўрган, кечирган воқеаларнинг тасвири ҳам, таъсир кучи ҳам бир газ баландда бўлғуси. Бошқача айтганда, асар материалларига сабаб бўлган воқеа-ҳодиса ижодкорнинг ўз шахсий кечинмасига айланмоғи даркор. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, ҳақиқий ижод намунаси бу – ёзувчининг бошидан кечирганлари, юрагидан ўтказганларидир. (Бугун дунёда урф бўлган постмодерн оқими мана шу айтилганларнинг тамомила тескарисини ўз принципи даражасига кўтаради.) Баъзан адиб воқеа – ҳодисаларнинг кузатувчиси бўлиши мумкин. Лекин, шундаям ўша жараёнлар – уларнинг қувончу кадари тўппа-тўғри ижодкорнинг юрагидан ўтмоғи, уни ларзага солмоғи шарт (персонификация ҳодисаси). Акс ҳолда, ўзи ёнмаган ижодкор ўзгани ёндиролмайди. “…Мен турмушда кўрмаган, билмаган нарса ҳақида ҳеч нарса ёзмайман”, дейди Қодирий. Мана, сизга Қодирий романларининг ўқувчига кўрсатган, кўрсатаётган ва бундан кейин ҳам кўрсатгуси эстетик таъсири сабабларидан бири. Олим ёзади: “У ўтмишдан, ўтган аср воқеаларидан олиб ёзган асарларида ҳам ўзининг ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб, ўзи турмушда кузатган, кўрган, яқиндан билган одамларни, халқ ичидаги типларни кўз олдига келтириб туриб қалам тебратгани, асарларига асос қилиб олинган давр, шароитни, тарихий воқеалар ва шахсларни, воқеалар юз берган маконни, ўша кезлардаги халқнинг турмуш тарзи, амал қилган удум-тамойилларни ҳар қандай тадқиқотчи олимдан ҳам ортиқроқ ва чуқурроқ билиши шундоққина сезилиб туради, бу масалада у ҳар қандай билимдон одам, мутахассис тадқиқотчи билан бемалол беллаша олади”. Шу тарзда олим Қодирийнинг ўзбек насрида реализмнинг қарор топишида кўрсатган қиёссиз хизматларини илмий далиллар асосида исбот қилади.
Бадиий асарнинг бир қарашда, манаман деб, кўзга ташланиб турмайдиган ички хусусиятлари бўлади. Шулардан бири меъёр масалаласидир. Меъёрнинг қандайлиги ижодкорнинг оламга математик ёндашувидан улгу олади. Кўпинча биз – ижтимоий соҳа вакиллари буни, яъни, математикани суймаймиз, унга ўгайроқ кўз билан қараймиз. Аслида-чи? Аслида, тирикликнинг ҳар бир одими математиканинг қатъий қонун-қоидаларига асосланади. Ҳисоб-китобли дунё дегани – “нимани эксанг, шуни ўрасан”, деганигина эмас. У олаётган нафасимиздан тортиб, ураётган юрагимизгача шу ҳисобу китобнинг ичида эканлигига ҳам ишора. Худди шундай, бадиий асарни тутиб турган ҳар битта компоненти – композиция, сюжет, қахрамонлар, уларнинг характер унсурлари, турли хил бадиий санъатлар, приёмлар, конфликтлар, бадиий вақт, қўйингки, ҳамма-ҳаммасида қатъий ўлчовлар – математик мезонлар иштирок этади. Агар ана шу мезонларнинг максимал аниқлиги бўлмаганида, Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и ҳам, “Меҳробдан чаён”и ҳам эллар аро, замонлар оша бунчалар суюкли бўлмас эди. “Албатта, мен, – деб кўчирма келтиради муаллиф (Қодирий назарда тутилади – У.Ҳ), – бу сўнгги, марғуб қаҳрамонларни ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар олишга тиришдим. Чунки шундан ортиғи сохта бўлиши, устига китобнинг қадрини ҳам туширар эди”. Умарали Норматов адибнинг бу тутумини “реализмга доир жуда муҳим фикр”, деб айтади. Ва бу ғоят тўғри гап. Айни чоғда, “ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар олиш”, “шундан ортиғи(нинг) сохта бўлиши”ни ўйлаш бу энди фақат реализмгагина хос ёндашув эмас. Мазкур мулоҳазалардаги яширин нарса бу – ўлчов. Ўлчов эса ҳамма замонларнинг измларига тааллуқли тушунча.
Тадқиқотнинг “Истиқлол қайғуси” фаслида олим ёзади: “Ўткан кунлар”нинг баҳоси, талқини масаласи бу фақат шунчаки бир асар, биргина ёзувчи устидаги гап эмас. Бу борада йўл қўйилган хатолар, чалкашликлар айрим адабиётшунос, ёзувчиларнинг хатосидангина иборат деб бўлмайди”. Олимнинг уқтиришича, мазкур асарга бўлган муносабат ўзбек танқидчилигининг кейинги ярим асрлик ҳолини англатади. “Надоматлар бўлсинки, Ойбек, Ғафур Ғулом, Асқар Мухтордек улкан адиблар ҳам ўша машъум муҳит таъсири ва тазйиқи остида бу шоҳ асар ва унинг муаллифига нисбатан адолатсизлик қилдилар”.
Ўрни билан олим Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Иззат Султон, Ҳафиз Абдусаматов, Жамол Камол каби адабиётшуносу ижодкорлар билан мунозарага киришади. Лекин буларни бугунги кун адабиёт илми юксаклигидан туриб атайин танқид остига олмайди. Қолаверса, олим ўзи ҳам давр талабларига мос тарзда фикр юритганини тан олиб: “Ўткан кунлар” социалистик реализм асари эканини, унда тарихни синфий тушуниш ва ифода этиш мавжудлигини исботлашга уринганман”, деб хатоларига иқрор бўлади.
Кўриниб турганидек, олим биргина “Ўткан кунлар” асарига муносабатни текшириш орқали бутун бошли ХХ аср ўзбек танқидчилиги йўлини босқичма-босқич, демакки, кайфиятма-кайфият тадқиқ этибди экан.
Қизиқ, адабий танқид бу илм бўлса, илмнинг ўз принциплари, ўзгармас – умрбоқий эстетик мезонлари бўлсаю даврга қараб чумак урса! Турланаётган даврнинг кайфияти ва қаричларига қараб буқаламундек ўзгариб-турланиб бораверса, унинг илмлиги қаерда қолди, деган изтиробли-ташвишли саволлар қийнайди кишини. Лекин Умарали Норматовнинг қуйидаги жавобидан кейин кўнгилга бир пайса тасалли инади: “Бу ҳол, бир томондан, адабий танқидчилик, умуман, танқидий тафаккуримиз ривожи, тақдири йўлидаги ожизликлар, зиддиятлар, қолаверса, ижобийлик томон ўзгаришлар аломати, оқибати бўлса, иккинчи томондан, чинакам санъат асари, хусусан, баркамол реалистик асарда акс этган ҳаёт ҳақиқатининг сержилолиги, маъно доирасининг кенглигидир”.
Яъни, танқиднинг бир жойда қотиб қолмагани ва романнинг сержило эканлиги чиндан ҳам кишига бир қадар таскин беради. Аммо, барибир, ХХ аср танқидчилигининг ўз эстетик принципларида жуда катта нуқсонлар биқиниб яшаб келганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Агар мазкур эстетик принциплардан чекинилмаганда эди (яъни, илм табиатига содиқ қолинганда эди), даврларнинг кайфият чирмандасига бу қадар ошкора ва намойишкорона мойиллик бўлмасди.
Қодирий романлари ёзилганига қарийб тўқсон йиллар бўлди. Шу вақт мобайнида, уларнинг бошидан яхши-ёмон кунлар ўтди. Лекин ҳамма вақт мазкур романлар оддий ўқувчилар томонидан кўзларга суртиб ўқилди, ўғил- қизларга: Отабек, Кумуш, Анвар, Раъно деган исмлар берилди. Хўш, бундай меҳру муҳаббатнинг сиру синоати нимада?
Албатта, ҳар бир адабиётшунос олимнинг ҳам, оддий ўқувчининг ҳам бу борада ўз фикру мулоҳазаси бор. Кимдир ҳар иккала асарда гўзал бир тарзда акс эттирилган муҳаббат достонларини рўкач қилар, кимдир унда кўрсатилган ўзбек халқининг чор Россияси босқинидан олдинги турмуш тарзининг санъаткорона ифодасини илгари сурар ва ҳоказо. Аслида, буларнинг ҳаммаси тўғри. Ушбу тадқиқотда эса, синчков олим бошқа кутилмаган бир жиҳатга ҳам эътиборингизни қаратадики, у билан танишгач: “Чиндан, Қодирий романларининг сеҳру жодуси у яратган қаҳрамонларнинг табиий, самимий хатти-ҳаракатларида ҳам кўринади”, деб ўйлай бошлайсиз. “Ёзувчи инсонни тушунишда, аввало, унинг Оллоҳ инъом этган табиий, туғма хусусиятларига эътибор беради. Шу билан баробар, кўпгина буюк реалистлар каби жамият, муҳит, шароитнинг инсон шахсига таъсири жуда кучли эканини ҳамиша назарда тутади. Унингча, жамият бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа, яъни, синфига, яна тўғриси, фардига шу касал сироат қилмай қолмайди”.
Албатта, “Меҳробдан чаён” романи билан боғлиқ ушбу кўчирмадан кўриниб турибдики, олим асарнинг икки жиҳатини урғуламоқда. Бири – инсоннинг туғма хусусиятлари бўлса, бошқаси – руҳиятнинг унга таъсири масаласи. Гарчи, адабиётшунос олим масалани бу тарзда ўрганмаган бўлса-да, унинг мулоҳазаларидан шундай хулосалар чиқадики, натижада, улуғ реалист ёзувчи Қодирий романларининг жозибаси кўз олдимизда янада тиниқлашади. Бошқача айтганда, ёзувчининг қаҳрамон яратиш маҳорати унинг эстетик принциплари билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланади. Яъни, Қодирий ўз қаҳрамонларини яратар экан, сохтагарчиликка, юзакичиликка, зўрма-зўракиликка йўл қўймайди. Қаҳрамонлар туғма, табиий хусусиятларга кўра эмин-эркин ҳаракат қилдирилади. Бир қарашда жуда оддий туюладиган бу гапларнинг моҳияти аслида жуда теран. Чунки улар ижодкорнинг асар яратишдаги бош принципларидан сув ичади.
Адабиётшунос олим, ниҳоят, Қодирий романларининг назарий масалаларига келади. Унинг назарида романнинг роман бўлиши учун “тил, услуб, ифода воситалари, адабий приёмлар, санъатлар, сюжет, композиция, конфликт, асар таркиби, характерлар психологизми, миллийлик каби компонентлар”дан-да муҳимроқ омиллар бор. Албатта, олимнинг бу қарашларида етмишинчи-саксонинчи йиллар рус адабиётшунослигининг таъсири сезилади. Шунга қарамай, қуйидаги фикрлар ўзбек романи назарияси бобидаги анча дадил қарашлар ҳисобланади: “Ҳозирги замон назарий тадқиқотлардаги хулосаларга таянган ҳолда романнинг, аниқроғи, реалистик романнинг бош жанр хусусиятлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
1. Асарда романга хос тафаккурнинг мавжудлиги, фикрий-фалсафий кўламдорлик;
2. Шахс ва ҳаётнинг янгича концепцияси;
3. Шахс ва ҳаётнинг худди кўзгудагидек холис-объектив ифодаси, ҳаёт ҳақиқатига садоқат, ҳақиқатнинг ёзувчи шахсий майллари, қарашларидан устунлиги – устуворлиги”.
Анча йиллар муқаддам (2008 ва 2009) “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида бадиий асарнинг тили борасида баҳс уюштирилган эди. Ўртага ҳар хил фикр ташланганига қарамай, аксарият қатнашчилар билдирган мулоҳазалар тагзаминида “асарнинг тили унинг “ҳаёт – мамоти”ни, тақдирини ҳал қилади” деганга ўхшаш ҳукмнамо қарашни уқиш мумкин эди. “Ўткан кунлар”нинг тили ҳақида ҳам мақтов гаплар айтилганди. Гўё романнинг бутун кучи унинг тилида мужассамдек. Тўғри, бадиий асарнинг асосий қуроли, материали бу – тил. Бироқ, “қуроли”, “материали” дейиляпти, асло, “унинг ўзи” дейилмаяпти. Бадиий асар шу қурол воситасида кўзланган мақсадга у ёки бу даражада эришади. Лекин эътибор беринг, тил, барибир, восита бўлаяпти. Мақсад-манзил эмас. Ҳеч бир ёзувчи ёки шоир у ёки бу тилни қанчалар мукаммал билишини намойиш қилиш учун қўлига қалам олмайди, балки аксарият ҳолларда кўнглидаги дардини, қайғу ва шодлигини ўқувчи билан бўлишгиси келиб бу ишга қўл уради. Тил асарнинг шакли билан боғлиқ материал. Гап айланиб келиб, мазмун ва шакл муаммосига тақалар экан, айтиш жоизки, ҳақиқий ижодкорнинг шаклга маҳлиё бўлишдан муҳимроқ иши бор, бу – мазмун! Аввало, мазмун, у бор экан, унинг турли хил шакллари борасида ўйлаш мумкин. Албатта, ҳар қандай мазмуннинг унга энг ярашиб тушадиган шакли бўлиши мумкин. (Эҳтимол, у бир нечтадир…) Кучли мазмун одатда, худди шундай шаклга ҳам эга бўлади. Ижодкор ўша шаклни топиши керак, аслида. Унинг тилдаги ва, умуман, шаклдаги маҳорати шу ерда бўй кўрсатади. Кейинги вақтларда адабиётимизда шаклга алоҳида эътибор берилаяпти. Бу – яхши тенденция. Аммо бу ерда ҳам меъёрни унутмаслик лозимга ўхшайди. Такрор айтамиз, шакл ғоят муҳим, фақат у мазмундан табиий равишда оқиб чиққан, мазмунга бошдан-оёқ чамбарчас боғланган бўлиши жуда-жуда зарур. Уловнинг қиммати йўловчини кўзланган манзилга олиб боришга яроқлилик даражаси билан ўлчанади. Муҳими – шу. Асло, уловнинг қай усул ва даражада безатилгани билан баҳоланмайди. Назаримда, ўша баҳсда кўпчиликнинг нигоҳи уловда ва уловнинг ташқи кўриниши – безагида қолиб кетганди. Йўловчи ҳам, унинг манзил-муддаоси ҳам қайсидир маънода унутилган эди. Румийнинг подшоҳ, унинг ўғли ва олимлар билан боғлиқ машҳур ҳикоятидаги каби иш тутилиб, нарса ва ҳодисаларнинг аломатларига маҳлиё бўлинган, уларнинг ички мазмун-моҳиятидан бир қадар узоқ тушилган эди ўшанда. Ҳар ҳолда, менда шундай таассурот қолдирганди. Зеро, гапни минг айлантирмайлик, ижодкорнинг қандай мазмунни қандай шаклда айтганига кўра қандай шаклда нима мазмунни акс эттирди, деган саволнинг жавоби бирламчи бўлиб қолаверади.
Бадиий асарга баҳо берилаётганда вақт категориясини ҳам эътиборда тутиш керак, деб ўйлайман. Чунки маълум даврга оид бадиий асар лексикаси худди шу давр кишилари учун энг жозиб туюлиши, табиий. Лекин яхши биламизки, тил ҳаракатдаги ҳодиса. У худди тирик организмга ўхшайди – мудом ўзгариб, ижтимоий-сиёсий вазиятга қараб гоҳ дағаллашиб, гоҳ сайқал топиб боради. Унинг лексикасидан тортиб, грамматик қурилишию товуш товланишларигача ўзгаришларга учраши муқаррар. Бунинг натижасида бадиий асар тилига бўлган муносабат ҳам турланиши, тилнинг кеча ўзига оҳанрабодек тортган сифатлари бугун ё эртага ўз жозибасини йўқотиши мумкин. Хўш, кейин нима бўлади? Кейин бадиий асарнинг асос кучи, ўзак қадрияти – унинг мазмун-моҳияти билан юзма-юз қолинади. Шундай мазмун бор бўлса, асар (таржима ва табдил натижасида) замонлар чегарасидан ошиб ўтиб, янгидан- янги авлодларга хизмат қилаверади. Йўқса, йўқ, иккита давр ўртасидаги кўринмас деворнинг нариги томонида қолиб, унутилишга маҳкум этилади. Яъни, биз идеаллаштиришга уринаётганимиз бадиий асарнинг тили унинг бир сифати, холос. Сифатни асос дея талқин қилиш тўғри эмас. Бадиий асар тили бўйича менинг қаноатим шундан иборатки, у бир томондан асар мазмунига, бошқа томондан эса ёзувчи яшаётган замоннинг тил меъёрларига уйғун бўлмоғи керак. Яъни, асар тили ёзувчи бадиий ниятини ўқувчига бекаму кўст етказиш даражасида бўлса, шунинг ўзи кифоя. Назаримда, бадиий асар тили зиммасига юклашимиз мумкин бўлган вазифа асосан шундан иборат. Асло, асар тилига ортиқча юк юклашнинг, унинг имконларини идеаллаштиришнинг ҳожати йўқ, асар тили ҳеч қачон бадиий асарнинг ўзига тенг бўлмайди, бўлолмайди. Қанчадан-қанча шоир-ёзувчиларимиз бор, тилни “сайратиб юборишади”, таҳрирлари жуда силлиқ, лекин, минг афсуски, уларнинг ўз асарларида акс этган мазмун тўпиққа ҳам чиқмайди, ўта саёз. Шунинг учун ҳам уларнинг асарлари миллий адабиётимиз ҳудудидагина бир мунча гап-сўзларга сабаб бўладию сўнг саҳнадан тушиб кетади, кетаяпти. Агар асар тили бадиий асарнинг ўзига тенг моҳият бўлса, марҳамат, асарни қутқариб қолсин эди. Уларнинг асарлари ҳар томонлама сайқал топган гўзал тилига қарамай, Асқад Мухторнинг иборасига суяниб айтганда, ўз мазмунининг саёз жойида шиддат билан чўкишда давом этмоқда. Биргина шу мисолнинг ўзиёқ, тилнинг асар тақдирида тутган ўрни ва аҳамиятини оширмай ҳам, яширмай ҳам ғоят очиқ бир тарзда ифодалаб турибди. Бовужуд, фикримни янада ойдинроқ ифода этишга уриниб кўрай: беркитишнинг ҳожати йўқ, гоҳо улуғ Навоий асарлари тилининг мураккаблигидан бир-биримизга шикоят қилиб қоламиз, бироқ унинг асарларида акс этган теран мазмун-моҳиятдан нолиган жойимиз борми? Навоий асарлари тилининг бутун жозибаси, асосан, унинг ўз замонасида ҳис қилинган десам, ўйлайманки, кўпчилик мени қўллаб-қувватлайди. Бугун эса биз, асосан, Навоий асарлари мазмунига ошно бўлиш учун табдил ва насрий баёнлар ёзиш йўлига ўтганмиз. Мана, мисол учун яқинда профессор Нажмиддин Комиловнинг “Маънолар оламига сафар” деган китобини мутолаа қилдим. Шахсан мен ўша шарҳлар ва насрий баёнлар билан танишиб чиққанимдан сўнг ҳазратнинг маънолар оламига ошно бўлишим анча-мунча осонлашганини ҳис қилдим. Навоий оригинал асарларининг тили нақадар баланд савияда бўлса ҳам, асрлар давомида тилда юз берган лексик ва грамматик ўзгаришлар туфайли бугуннинг ўқувчисига тез етиб бормаслиги бор гап. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Навоий асарлари тилининг гўзаллигини ҳис қилиш учун ўша давр тилининг бутун нозикликларию маъно товланишлари билан билиш, билишгина эмас, уни юрак-юракдан ҳис қилиш шарт бўлади. Бунинг учун эса бу тил фаол истеъмолда бўлган ўша даврга замондошлик талаб этилади. Модомики, бугун наинки оддий ўқувчи, балки мутахассис олимлар ўртасида ҳам бундай кишининг мавжудлигига ишониш қийинлигини инобатга олсак, “хўш, нима қилиш керак?” деган савол рўпарамизда пайдо бўлади. Албатта, бошқа йўл йўқ – Навоий асарлари мазмунига ошно бўлиш, уни шарҳу баёнлар орқали тушунишда давом этиш лозим. Шу маънода, устоз адабиётшунос Нажмиддин Комиловнинг китоби, айни муддао. Тушунаман, ушбу мулоҳазаларни ҳам Навоийдан осон тушуниладиган бир-икки байтни келтириб туриб, инкор қилишга уриниш мумкин. Гап шундаки, мен бир-икки байт ҳақида эмас, Навоий деб аталган бутун бошли маънолар системаси тўғрисида фикр юритаяпман. Мазкур система моҳиятини Навоий асарлари тилини бугунги замон тилига табдил этмагунча тўлиқ тушуниб бўлмайди. Бу системага алоқадор бўлиб, уни англаш учун эса бугун “Маънолар оламига сафар”га ўхшаган тадқиқотлар керак. Тил бу – белги. Белги эса ҳар кимнинг ўз ва ўзга замонлар билан алоқа қилиш воситаси. Бироқ, инсон ўз даврида фаол қатнашаётган белгилар ёрдамида ўзга даврларни тўлиқроқ таниб боради. Шу маънода, Навоийга ўхшаш ҳамма замонлар даҳосини таниш учун ҳамма замонлар кишисига ўз даврида тушунарли бўлган белгиларга эҳтиёж мавжуд. Қолган белгилар уни асл маънодан, мақсад-муддаодан узоқлаштириши ёки чалғитиши мумкин. Бошқача айтганда, бугунги адабий тил нормалари бугуннинг белгиларидир. Таъбир жоиз бўлса, белги бу ўзига хос туйнук ҳисобланади. Биз бу туйнук ёрдамида ҳамма даврларнинг маъноларига бўйлашимиз, керак бўлганда, уларга шу туйнукдан ўтиб сафар қилишимиз мумкин бўлади. Қолаверса, биз, масалан, Навоий асарларидаги маънони ўз белгиларимиз бағрига олар эканмиз, асосан, унинг мазмун бутунлигини сақлашга ҳаракат қиламиз. Тил ва, ҳатто, шакл билан боғлиқ тароватнинг катта бир қисми таассуфки, оригинал матнда қолиб кетади. Чунки мукаммал таржима ёки табдилнинг имкони йўқлигидан ташқари, биз, аввало, асарнинг мазмун-моҳиятига талабгормиз.
Демак, юқорида профессор Умарали Норматов “Ўткан кунлар” романи муваффақиятини асосан учта – романий тафаккур, янгича концепция ва ҳаёт ҳақиқатига мувофиқликдек омилларда кўрсатиб, яна бир бор бизнинг нигоҳимизни бадиий асарнинг мазмун-моҳиятига қаратаётган экан, бу уринишларда жиддий ва катта адабиётга қаратилган улкан ҳақиқатлар яшириндир.
Тадқиқотда диққатга молик яна бир жиддий хулоса бор. “Ўткан кунлар” сўзбошисида ёзувчи: “Тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари”дан ҳикоя қилишидан сўз очади. Шу нарса асар учун бир ниқоб бўлиб, Қодирийнинг романда тасвирланган ўтмишни “энг кир” деб атаганининг сабаби собиқ шўро даврида ўзини ва асарни ҳимоя қилиш йўли деб қаралган. Нуктадон олим эса бунга бошқа жиҳатдан қараш мумкинлигини айтади: “Адиб “Ўткан кунлар” орқали “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” – юртни мустамлака балосига гирифтор этган “хон замонлари” ҳақида сўз очиб, тарихнинг бу аччиқ ҳақиқатидан сабоқ бермоқчи бўлади”.
Дарҳақиқат, ўша тарих парчасининг “энг кир, қора” деб аталишига сабаб, озод мамлакатни босқинчилар томонидан босиб олинишига йўл қўйганида ҳам экан! Хонлик замонининг “кир” ва “қора”лиги ўз мустақил салтанатини ҳимоя қилолмагани билан ҳам белгиланар экан!
Тадқиқот майдонида олимнинг кўпдан-кўп нозик кузатишларига дуч келамиз. Хусусан, унинг қуйидаги фикрига қўшилиш-қўшилмаслик бошқа масала, лекин нуқтаи назарнинг ўзи эътиборга молик. Олим ёзади: “Фармон биби образи (Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” комедиясинининг бош қахрамони – У. Ҳ.) асл моҳиятини Ҳожи она типидаги тимсоллар эмас, айни, Ўзбек ойим, Холнисо, Ҳамро буви, Бўстон бибилар силсиласи орқали англаш, очиш мумкин.”
Яъни, олим ўзбек адабиётида муваффақиятли чиққан “супер қайнона” – Фармон биби образининг этимологияси – илдизини бевосита Ўзбек ойимлардан топгандек бўлади. Бу ҳам мушоҳада қилишга арзигулик бир муҳим мавзу…
Китобдан жой олган “Ҳақиқат туйғуси – муқаддас” дейилган қайдда Умарали Норматов атоқли адабиётшунос олим Иззат Султон билан ораларида бўлиб ўтган ибратли мулоқотни келтиради. Унда Умарали Норматов ўзининг “Қодирий боғи” номли китобида Иззат Султонни танқид қилгани, лекин бағри кенг адабиётшунос олимнинг жавоби мардона бўлгани айтилади: “Қодирий ҳақидаги ҳақиқат сизу бизнинг нафсониятимиздан юқорида туриши лозим. Қодирий ва ҳақиқат ҳимояси йўлида мени ҳар қанча танқид қилсалар, бундан заррача хафа бўлмайман…”
Бутун китоб давомида олимнинг улуғ ёзувчи Қодирийга бўлган чексиз муҳаббати яққол акс этиб туради. Олим адиб яратган икки ўлмас романни ҳайрат билан тўлқинланиб-берилиб талқин қилади. Бовужуд, олим ёзувчини идеаллаштириш йўлидан бормайди. Ўрни келганда, Ойбеку Ғафур Ғуломдек, Ҳомил Ёқубову Иззат Султондек забардаст олимларнинг қодирийшуносликда йўл қўйган камчиликларини рўйирост айтгани каби, Қодирийдек буюк адибнинг замонасозликка бориб, давр кайфиятига боғлиқ ишлар қилганини ҳам яшириб ўтирмайди: “Қодирий катта ақл-заковат, юксак истеъдод эгаси бўлса ҳам, барибир, ўз даврининг фарзанди эди. Инқилоб йилларининг фидойи инқилобчиларига хос муайян инқилобий бетоқатлик унга ҳам ёт эмас эди”.
Аммо, олимнинг назарида: “Қодирийнинг бахти шундаки, у муайян муддат давр таъсирига берилган, қизиллашган, замона суронлари гирдобида гоҳо бир ёқлама сўзлар айтган, давр тўзони ичра қолиб, бошига оғир савдолар тушган бўлмасин, барибир, 20-йиллар алғов-далғовларидан омон чиқди, оқибат натижада, давр тазйиқларини енгиб ўтиб, ундан юқори кўтарила олди, хусусан, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари билан замонасидан бир неча ўн йиллар олға кетди” .
Хулоса қилиб таъкидламоқчиманки, адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматовнинг ушбу асари улуғ ўзбек романнависи Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида шу чоққача ёзилган асарлар, амалга оширилган кўплаб хайрли ишлар орасида энг теран қомусий мазмун ва мундарижага эга тадқиқотлардан биттаси бўлиб, маънавий оламимизни безаб туришига шубҳа йўқ.

 
“ҚОДИРИЙ ҚОШИДА ҚИЗАРМАЙСИЗМИ?” PDF Босма E-mail
23.08.2013 04:54

Адабиётшунос олим, таржимон Иброҳим Ғафуров билан суҳбат

- Иброҳим ака, Сизни сўз муҳиблари закий мунаққид, етук таржимон, моҳир адиб ва танглайи китоб билан кўтарилган зиёли деб билади. Ижозатингиз билан бадиий таржима мавзусида суҳбатлашсак. Менимча, таржимага асар танлашингизнинг ўзи бир мактаб. Ҳамиша “баланд дорга осилгансиз” – муаллифларни чертиб-чертиб танлайсиз, қўлга илинган асарни енг шимариб, таржима қилиб кетавермайсиз. Айтматов, Достоевский, Жойс, Маркес, Мопассан, Распутин, Сартр, Тургенев, Фолкнер, Ҳемингуэй… Салафларни ўзбекча гапиртириб, таржимани “тўйга боргудек” даражага етказгунча, йиллар давомида игна билан қудуқ қазидингиз. Саволим “иши битиб, улови лойдан ўтган” китобхоннинг ношукурлигига ўхшаб қолса, маъзур тутасиз. Таржимага харжлаган қувват ва фурсатни бадиий ижодга йўналтирганингизда, бўй баравар мағзи тўқ романлар ёзишингиз мумкин эди. Умрингизнинг талай йили ўзингиз қолиб, бошқа адибларни юзага чиқаришга кетганидан жилла бўлса-да ачинасизми?
– Дунё марҳаматли ва ранг-баранг. Ранг-баранг ва марҳаматли. Ҳар кимнинг чекига нимадир тушади. Чекимга сўз ва нафосат дунёсида танқид, таржима ва мансура тушган. Романлар ёзилмаганидан афсусланмайман. Романларга ғоя бўла оладиган фикрлар устида ишлаганман. Мансураларнинг гали келади. Таржималарнинг ҳам гали келади. Таржималаримда жумла, жумлаларда нурли руҳ ва кучли ифодавийлик, бутунлик, бадиият бор. Шунчаки таржима эмас улар.
Мўъжизакор илоҳий Қуръон одамзодга нозил қи­линган асрда Исҳоқ Шомий деган ажойиб таржимон ва донишманд ўтган. Унинг ҳикматларини улуғ олим ва тадқиқотчи Сергей Аверинцев кўҳна оромий тилидан русчага ўгириб қолдирган. Исҳоқ Шомий ҳикматлари теранлигининг қиёси йўқ. Кўҳна оромий тилини билмайман. Аммо Сергей Аверинцев таржимаси воситасида бу мўъжизага ошно бўлдим. “Юрак яшаган чоғда, ҳиссиёт тугайди. Ҳиссиётнинг жонланиши юрак учун ўлим. Ҳиссиёт жонланган чоғда, бу Худо олдида юрагимизнинг ўлгани белгисидир”. Оддий сўзлар билан айтилган поёнсиз ҳикмат. Буни илк бор ўқиганимда, ўзимни ҳеч нарса ёзмагандай ва ёзмаслигим керакдай сезганман. Бундай сўз олдида ҳар қандай кибр, ҳар қандай димоғдорлик, ҳар қандай ифтихор маъносиз, тамомила маъносиз бир нарсага айланиб қолади. Исҳоқ Шомийдан беш юз йил кейин чўл тўрғайидай ҳаволаниб инсон сирини очган Яссавий ва Боқирғонийни, Мажнуннинг Мажнунлигини тушунгандай бўлади одам. Мен Исҳоқ Шомийнинг мўъжиза сўзларини ҳали тушуниб етганим йўқ. Байрон ҳиссиётни саждага айлантиради. Ҳар сўзи демонсирайди. Сўзнинг соҳирсоз оламларида ҳар қалам рангин тажриба-да.
– Бир суҳбатингизда таржима пайти ҳар бир сўзни тегирмонга дон солгандек юрагимга солиб, тинимсиз айлантираман, деб ташбиҳ қилгандингиз. Мусоҳаба баҳона ижодий лабораториянгизга бирров бош суқишга изн берсангиз. Ҳемингуэй “Алвидо, қурол!”нинг хотимасини ўттиз тўққиз марта ёзиб чиққан экан. Сўзга ниҳоятда талабчан Маркес “Бузрукнинг кузи”ни бошдан-оёқ ўн беш топқир таҳрир қилган экан. Одатда, қўлёзмаларни қайта-қайта таҳрир қиласизми? Дейлик, “Бузрукнинг кузи” роман-эпопеяси таржимаси қандай кечган?
– 1978 йили ёзувчи Одил Ёқубов Масковдан Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романини кўтариб келди. У пайт атоқли адиб билан Давлат бадиий адабиёт нашриётида бир хонада рўпарама-рўпара ўтириб хизмат қилардик. Одил ака ўзбек адиблари пайдар-пай ёзаётган роман ва қиссаларнинг қўлёзмаларини ўқир, муаллифлар билан узоқ чўзилмай лўнда-лўнда гаплашар, Масковнинг тарбиясини олган эмасми, гапнинг пўсткалласини айтиб қўя қолар, муаллифлар унинг фикрларини инобатга олишарди. “Самолётда шу романни ўқиб қолдим. Масковда тоза шов-шув бўляпти. Илгари бунақа романни ҳеч ўқиган эмасман. Баъзан одам боласи ёзганмикин, шунчалар хаёл, фантазия, мифология зўр, дейман. Ўзбек тилига ўгириб бўлармикин, қани, охиригача ўқиб чиқай-чи…”.
Одил Ёқубов романни таржима қилишни кўнглига тугиб юрди. У кунда-кунора канда қилмай ўтадиган кундузги ва кечки давра суҳбатларида роман ҳақидаги таассуротларини айтар, гурунг берарди. У асарларни ўқувчи сифатида эмас, ёзувчи сифатида ўқирди. Одил аканинг ёнида юриб, ниҳоят, ўқувчи сифатида ўқиш билан ёзувчи сифатида ўқишнинг фарқига борганман. Ёзувчининг китоб ўқиши бу – тўла маънодаги ҳарёқлама ижодий иш. Бу ўқиш жараёнида фикр тинимсиз ишлайди, хаёл тўхтовсиз парвоз қилади. Ёзувчида ўзини безовта қилиб юрган нарсалар қандайдир бахтиёр ечим топгандай, ижодий ниятларда янги йўл ёки йўналиш очилгандай, илҳом учқунлари ҳар томонга чарсиллаб отилаётгандай бўлади. Толстой, Достоевский, Бальзак каби улуғ адибларнинг кундаликлари, ёзишмаларини, китобларини ҳам оддий ўқувчи каби эмас, ёзувчи каби ўқиганликлари, мутолаа асносида хаёл ва фикр шоввалари бир зум тарк этмаганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳозир буни чин маънодаги интеллектуал ўқиш деб айтиш ўринли. Ғоялардан ғоялар, ниятлардан ниятлар туғиладиган ўқиш бу…
Одил Ёқубов кейин китобни менга ўқишга берди. Ўша пайтда “Телба” романи устида бош кўтармай ишлаётган эдим. Аммо адабий жамоатчилик ўртасида Маркес асарлари, чунончи, “Бузрукнинг кузи” худди Чингиз Айтматов китоблари каби фаол ўқилиб, фикр юритилиб тургани учун бу асардан бехабар “билмасвой” бўлиб юришни ўзимга муносиб кўрмадим. Одил ака: “Пиримқул ҳам ўқимоқчи”, дедилар. Китоб қўлимга теккач, бир ҳафтада хатм қилдим. Воқеалар бу қадар зич, бу қадар таранг, мифологияси, мифологик тафаккури бу қадар бой асарга илк бор дуч келишим эди. Албатта, “Оқ кема”нинг нолакорлиги жондан кетмас, наслий жароҳатдай тирик эди. Аммо Маркес бутунлай бошқа олам, ўзга қитъа ҳаёти тажрибалари. “Бузрукнинг кузи” менда муҳаббат уйғотмади. Мен чексиз ҳайратга ғарқ бўлдим. Ҳайрат ва муҳаббат бошқа-бошқа нарсалар эканлигини англадим.
Кейин янги аср кирди. “Жаҳон адабиёти” журнали чиқиб, ҳаммамизни қувонтирди. Глобал – ялпи дунёга туташдик. Ер курраси битта. Темир девор, темир панжара орқасида қандай биқиниб яшайсиз? Журнал менга Нитше ва Маркес таржимасини топширди. Маркесни яна бир қайта тадқиқотчи назари билан ўқидим. Ҳақиқатан, яна у одам қўли билан ёзилганга ўхшамади. Уни энди одам қўли билан қандай таржима қилиш мумкин? Одил Ёқубов тарихий роман қатламлари ичига кириб таржимага вақт ва имкон топмади…
Бир куни Пиримқул ака: “Маркесни ўгирибсиз. Номини нима қилдингиз?” деб сўрадилар. “Бузрукнинг кузи” дедим. “Ҳа-а-а…” дедилар. Бошқа гап айтмадилар.
– Бузрук оригиналда ҳам (patriarca), инглизча таржимада ҳам (рatriarch) айни шаклда қўлланилган. “Патриарх” қандай қилиб “бузрук”ка айланди?
– Бу ном бирдан ва дафъатан туғилгани йўқ. Унгача бир қанча вариантлар назардан кечирилди. “Бузрук” сўзи Боқирғонийни ўқиб ўтирганда, миямда лип этиб ёнди. Аслиятга тўла монанд концептуал ном топмагунча таржимага қўл уриш мумкин эмасдай туюлди. “Бузрук” “куз” билан ички-ташқи оҳангдошлик касб этди. Таржима принципининг учи топилгандай бўлди. Уни маҳкам тутиб роман лабиринтлари ичига қўрқмасдан кириб бордим.
Мумтоз матнларнинг хусусиятларидан бири – уларга бошқа ҳеч нарсани қўшиб ва олиб ташлаб бўлмайди. Мумтоз матн аслиятдаги қиммати баробарида бошқа тилга ўгирилади. Мумтоз асар ҳар қандай бошқа тилда ҳам мумтозлик салоҳиятини сақлаши, мумтозлик хосиятидан ҳеч нарсани бой бермаслиги, йўқотмаслиги шарт. Бунинг учун заргар диққати, заргар меҳнати, заргар нигоҳи, заргар талабчанлиги лозим. Эътиборлиси, инжиқ заргар ўзи яратган буюмга қайта-қайта сайқал беришдан ҳеч қачон эринмайди. Адиб, таржимон ҳам шундай. Таржимоннинг сайқали – таҳририда, қайта-қайта таҳририда. Таҳрирда матн илма-тешик бўлиб кетади. Матнга ишлов беришнинг чеки йўқ. Мумтоз таржима матни шундай ишловдагина яратилади. Таржимашуносликнинг “аслият услубини чиқариш”, “бадиий услубни қайта яратиш” сингари тушунчалари мавжуд. Яъни таржимада Тургенев Тургеневдай, Гончаров Гончаровдай, Достоевский Достоевскийдай бўлиши керак. Кучли таржимон – кучли муҳаррир ҳам! Бунга мен Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Ўткир Ҳошимов, Миркарим Осим, Ваҳоб Рўзиматовнинг ижодий меҳнати тимсолида гувоҳ бўлганман…
– Илгари Ғарб адабиёти намуналари ўзбекчага асосан рус тилидан ўгирилган. Рус тили воситачи тил (медиум) вазифасини бажарган. Табиийки, оғиздан оғизга ўтган ривоятнинг саҳиҳлигига путур етади. Қолаверса, воситачи тилда йўл қўйилган камчиликлар учинчи тилга ўтганда ҳам айнан такрорланиши эҳтимоли катта. Бу ҳолатда – аслиятнинг оҳори тўкилмаслиги, ғози йўқолмаслиги учун мутаржим қандай йўл тутиши керак?
– Воситачи тил орқали бадиий таржимада аслият услуби ва, айниқса, персонажлар нутқи, диалогларнинг ўзига хос жонли жиҳатларини чиқариш қийинроқ кечади. Сўзларда ифодаланган миллий ўзига хосликлар, характерли ҳолатлар сийқаланиб кетиши эҳтимоли йўқ эмас. Бундай “йўқотиш”ларга йўл қўймаслик таржимоннинг ёзувчи ва унинг айнан шу асарини қанчалар тўғри, теран тушуниши, қанчалар нозик билимдонлик билан идрок этишига боғлиқ. Эрудиция ва интуиция ҳар қандай таржимада иштирок этиши ўзгармас зарурат каби қаралади. Айниқса, у воситачи тил орқали таржимада аслиятга яқинликни сақлашда сув ва ҳаводай зарур. Шу икки муҳим нарса бўлмаса, таржимага ҳаваскорлик “ҳуснбузар”и тошиб кетади. Ҳамма гап аслиятни қанчалар тушунишда, тушуниб талқин этишда. Ҳемингуэйнинг инглизчадан русчага ҳамда инглизчадан ўзбекчага ўгирилган “Килиманжаро қорлари”, “Френсис Макомбернинг омонат бахти” асарларини бир сира қиёслаб чиқсак, эрудиция, интерпретация, интуиция каби тушунчалар амалда қандай натижаларга олиб келгани, қанчалар жиддий бадиий ўзгаришларни юзага чиқарганини кузатамиз. Бадиий таржима қонун-қоидалари, принциплари универсал, ўзгармас қимматга эга ва уларни билмаслик, менсимаслик, риоя қилмаслик профессионал яроқсизликка олиб боради.
– Оғриқли масаладан гап очдингиз. Бугун ажнабийчада бурро-бурро сўзлашадиган авлод етишиб келяпти. Тили бийрон ёшларимиз сафи кенгаяётгани нур устига нур. Лекин айрим ҳаваскорлар хорижий тилнинг зеру забарини пухта ўзлаштирмай, ғарқ пишган олма дарахтига тирмашган бола-бақрадек ўзини бадиий таржимага ураётгани чатоқ-да. Баъзида таржимачилик Навоий, Бобур, Огаҳий каби улуғларимиздан қолган табаррук мерос экани унутиб қўйиляпти, баъзида эса қуруқ “воситаи жоҳ” бўлиб қоляпти. Ахир, бадиий таржима бачкана маҳси тикиш эмас-ку. “Алдайвераман, алдайвераман, ким билсин, балки туйқус доно гап айтиб юборарман” дейди Достоевский персонажлардан бири. Айрим графоман-таржимонларда ҳам “Ўгиравераман, ўгиравераман, балки туйқус бирорта зўр таржима чиқиб қолар” деган таги пуч даъво бор, шекилли. Ҳойнаҳой, италянларнинг “Traduttore – traditore” (“Таржимон – хоин”) мақоли ҳам қўлёзмаси устабузар тилмоч қўлига тушиб, ситам чеккан бирор муаллиф томонидан тўқилган бўлса керак… Йўлни тор олаётган бўлсам, айтаверинг, балки кенгбағирлик қилиш, мутолаага ялпи муносабат сусайган бир даврда бадиий таржимага қўл ураётган ҳимматли ҳавасманднинг елкасини қоқиб қўйган маъқулдир. Нафсиламри, таржима салтанатига кириш учун “Сим-сим, оч эшигингни!” дегандек ўрон қўйиш керакми?
– Ҳар бир ишни шу ишга лаёқати ҳамда ҳақиқий қизиқиши бор одамлар қилгани маъқул. Ҳар бир касб-ҳунар, мутахассислик аслида қисмат. Таржимонлик ҳам ижодкорлик каби қисмат. Сермашаққат ҳунар. Бошқа соҳаларда яроқсиз бўлган одам кун кўриш учун ёки осон деб таржимонликка ўзини урса, бунда ҳам, албатта, яроқсизлик қилади. Киши ўз-ўзини яхши англамагунча ва қисмат амрини масъулият билан ҳис қилмагунча ижтимоий жабҳаларда адашиб-улоқиб юришга маҳкум. У ўзига ҳам, жамиятга ҳам кўп ортиқча ташвишлар келтиради. Лаёқатлилик коэффициентлари ишлаб чиқилган. Олий ўқув даргоҳларига ёки ишга қабул қилишда шу лаёқатлилик коэффициентига жавоб беришига қараб баҳолаган маъқул.
– Жаҳон адабиётида ҳар бир авлоднинг ўз таржимаси бўлиши лозим, деган қараш бор. Масалан, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”си италян тилига ўн хил талқинда ўгирилган. Бир асарга турли авлод мутаржимларининг қайта-қайта мурожаат этишини қандай баҳолайсиз?
– Инсониятга керакми, бадиий ҳамда фалсафий даражаси юксак китобларнинг таржималари янгиланиб бораверади. Атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов катта жасорат билан Ҳомернинг “Илиада” ҳамда “Одиссея” достонларини рус тилидаги энг яхши таржималаридан ўзбекчага ўгирди. Тили равон, салмоқли, ўқиганда ичига оҳанрабодай тортиб кетади. Хўш, шу шарафли таржима неча йилга чидайди? Ўн йил, юз йил, икки юз йилгами? Биз бунга жавоб беролмаймиз. Бу ўзбек тилининг бадиий, илмий, фалсафий, маданий қобилияти қанчалар сақланиши, ўсиб-ривожланиб, халқни, миллатни қанчалар бирлаштириб, илҳомлантириб туришига боғлиқ. Аммо бирор таржимон бир кунмас-бир кун юнон тилини Ҳомер миқёсида ўрганиб, инсониятга бешик бўлган бу асарларни аслиятдан ўзбекчага ағдариш фикрига тушиб қолмайди, деб ким айта олади? Ўшанда у албатта Қодир Мирмуҳамедовнинг олижаноб, эзгу тажрибасига ҳам суянади. Ўзидан олдинги авлод вакили бу ишга тамал тошини қўйганидан миннатдор бўлади. Ўшанда анъана ҳам бошланади. Ўзбек адабиётида Ҳомерни таржима қилиш анъанаси…
– “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак” деб ўгит беради ҳассос ёзувчимиз Абдулла Қодирий. Ўқувчи (тингловчи, томошабин) дидини аёвсиз жизғанак қилаётган бозор адабиёти ва тижорий ўзандаги театр-кино Андишадан мосуво экани аччиқ ҳақиқат. Қўлбола молини усталик билан бадиият намунаси сифатида кўрсатишга уринаётганлар эчкининг чандирини барра қўй гўшти деб ўтказаётган суллоҳ қассобдан фарқ қилмайди. Сизнингча, санъат ниқобини тутган жўнлик, саёзлик, ўртамиёналик, дидсизлик билан қандай курашиш мумкин? Шишадан аллақачон чиқиб кетган девни унга қайтариш йўли борми? Ё, айрим зиёлиларимиз маслаҳатига кириб, лойқа оқаётган дарёнинг тинишини кутиш керакми? Сув тингунча, асов дарё анча-мунча кўприкни бузиб-янчиб-ювиб кетмайдими? Таржимоннинг ўқувчи дидига мослашишини ёқ(оқ)лайсизми?
– Таржимон ҳам, ёзувчи ҳам ҳеч қачон дид-фаросатда замондош ўқувчига мослашиб, тенглашиб ижод қилолмайди. Ижодкор ҳамма вақт дид-фаросат, виждонлиликда замондан, замондошларидан анча олдинроқда юради. Бўйи омманинг бўйига баравар, қилиғи омманинг қилиғидан фарқ қилмайдиган, ўз фикрига эга бўлмаган киши қандай қилиб ёзувчи, шоир, санъаткор, танқидчи, таржимон бўлиши мумкин? Йўқ, ижодкор ҳамма вақт чуқурроқ ўйлайди, узоқроқни кўради, умум манфаатини ўткирроқ, теранроқ тушунади. Шунинг баробарида у ижодкор деб аталади. Одамлар ўқимайди деб, Жойс, Флобер, Достоевский, Кафка, Нитше, Беккет, Ионескони таржима қилмай ўтираверсак, бизни ким ижодкор деб тан олади? Бизни инсоният маданиятларидан ким баҳрадор қилади? Мослашиш маданият табиатига, ижтимоий вазифасига тамомила зид. Мослашиш – оммавий маданиятнинг энг суюкли усули, ўйинчоғи. Оммавий маданиятга ўнг-терси кўринмайдиган, бош-кети бир бўлиб кетган оммавий эрмак керак.
– Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад “Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён” ўша тилга ўгирилган-ўгирилмагани билан белгиланади” деб ёзганди. Франц Кафканинг довруқли асари Вафо Файзуллоҳ таржимасида ўзбек ўқувчиси қўлига етиб борди. Хуршид аканинг мулоҳазасидан келиб чиқсак, бемалол ўмганимизни кўтарсак бўлади. Сизга қолса, миллий адабиётнинг “бўйи”ни қайси асарлар таржимаси билан ўлчайсиз? Замонавий ўзбек таржимони қайси муаллифларга кўпроқ эътибор қаратиши зарур?
– Ҳозирги миллий адабиётнинг бўйини ҳам, энини ҳам муайян бирон асар билан ўлчаб бўлмайди. Миллий адабиёт бугун ва эртага ҳам ўзини қидиришда давом этади. Жуда-жуда кўплаб оммавий адабиёт, оммавий санъат намуналари яратилади. Одамлар уларга кўникадилар. Санъат, адабиёт шу экан-да дейдиган, чумчуқни саъвадан, булбулни қарқуноқдан ажратолмайдиганлар ҳам кўпайгандан-кўпаяди. Улар наинки адабиётнинг виждони, балки инсониятнинг виждони ҳақида ҳам ўйламай қўядилар ва бундай савол қўйилганда, шу ҳозир керакми, одамзод энди бензиннинг қайғусини қилсин, дейдилар. Шундай шароитда ҳам миллий адабиёт инсонга нима керак: бир қарич ерми ё бир бурда нонми, деб изланишда давом этади. Бугун ва узоқ-яқин эртага инсониятга тўғри йўл кўрсатолган, муаллимлик қилган, ахлоқ, ахлоқ ва яна ахлоқни одамзодни сақлаб қолишнинг ягона қуроли деб билган адиблар, файласуфлар, таълимотчилар мададга келадилар. Бизнинг мададкоримиз ва олисларни ёритувчи машъаламиз классика! Навоий, Бобур, Толстой, Флобер, Бальзак, Стендаль, Достоевский, Тагор, Қодирий, Чўлпон, Руссо, Вольтерга борайлик! Аввало, ақлимиз, сўнг ҳиссиётларимизни тарбиялайдиган асарларни доим кўз ўнгимизда тутайлик, қулоғимизни шуларга осайлик, юрагимизни шуларга очайлик. Классика ўлган эмас! У доим долзарб, доим актуал, доим бизга ҳамдард!
– Жалолиддин Румийда шундай ҳикоят бўларди. Форс, араб, турк ва юнон иттифоқо бир дирҳам топиб олибди. Ақча бор жойда ғалва ҳам чиқади-да: тўртовлон тангага нима харид қилиш масаласида ўзаро довлашиб қолибди. Форс – ангур, араб – инаб, турк – узум, юнон – истофил cотиб олишни таклиф қилибди. Бир-бирини тушунмаган тўртовлон ўзиникини маъқуллаб тураверибди. Можародан ўнлаб тилни биладиган зукко зот (полиглот) хабар топибди. Тўртовлон аслида бир нарсани харид қилмоқчи эканини тушунтириб, муросага келтирибди… Бу-ку, олис ўтмиш ҳикояти. Лекин ҳозир ҳам – дунё “глобал қишлоқ”қа айланиб, миллатлар бир-бирига жонсарак талпинаётган даврда тилмочга эҳтиёж ошгандан-ошяпти. Бир дирҳам устида ғижиллашиб қолган тўртовлон ривоятини бежиз эсламадим. “Қўлнинг кири” деб ҳар қанча катта кетмайлик, минг таассуфки, кунимиз шу зормандасиз ўтмайди. Айниқса, қалам аҳли кўнглидаги покиза туйғуларни бегард сақлаши, кучини ўтин ёришга сарфламаслиги учун ҳам ақча зарур. Бир пайтлар таржимашунос олим Ғайбулла Саломов мутаржимларни моддий рағбатлантириш зарур, деб хўб куюнганди. Ҳозир-чи, бу борада аҳвол қандай? Нашриёт ва таҳририятларда таржима учун белгиланган қалам ҳақи, моддий рағбатдан кўнглингиз тўладими?
– Таржимадан ўзим учун эстетик, ғоявий манфаатларни биринчи ўринга қўйдим. Таржима адабиётимизнинг оталари бўлган Қутб Хоразмий, Сайфи Саройи, Алишер Навоий таржимани халқнинг маънавий баҳрадорлиги деб тушунган ва бу улуғ ғояни адабий-ижтимоий принцип даражасига кўтарган эдилар. Таржимада – баҳрадорлик, баҳрадорликда – таржимонлик. Бу олижаноб принципдан ортиқ моддий рағбат, манфаатдорлик йўқ.
– Ирланд ёзувчиси Жеймс Жойснинг “Улисс”и XX аср романчилигининг ноёб намунаси деб ба­ҳоланади. Дунё интеллектуалларига қудратли таъсир кўрсатган роман таржимаси ҳам ҳар бир миллий адабиёт учун ҲОДИСА деса дегудек. Машаққатли меҳнат ва дақиқ изланишларингиз маҳсули ўлароқ, ўзбек китобхонcеварлари “Улисс”га маҳрам тутинди. Балки сабрсизлик қилаётгандирман, лекин “Улисс” каби салмоқли роман таржимасидан кейин фикр аҳли ўртасида жонли тортишувлар, тиғиз муҳокамалар авж олиши керак эди. Қарангки, бундай бўлмади. Жойсни, майли, “хос”лар ёзувчиси, деб турайлик. Лекин неча замонки, Достоевский, Маркес, Мопассан, Айтматовдан таржималарингиз ҳам довюрак тадқиқотчиларга илҳақ-да… Умуман, охирги йиллар таржимашунослик хийла заифлашгани таассуф билан қайд этиляпти. Жезга ҳар қанча ялтир-юлтур чаплаган билан тиллага айланиб қолмайди. Қолаверса, “ойнаси бор кишининг бари Искандар” бўлмайди. Жезни тилладан, чин Искандарни қаллобидан ажратиб берадиган таржима танқидини кучайтириш қанчалик муҳим, деб ҳисоблайсиз?
– Албатта, таржима ижоди билан биргаликда, елкама-елка таржима танқиди ҳам ривожланиб бориши лозим. Булар бирини биридан ажратиб бўлмайдиган соҳалар. Таржима танқиди таржимашуносликнинг таркибий қисмидир. Ҳар икки соҳа адабий танқид, адабиётшунослик ҳамда тилшунослик билан ёндош, бақамти иш кўради ва ижодий йўналишларни белгилайди, шакллантиради, жараёндаги характерли хусусиятларни очиб, ёритиб боради. Таржимачиликка адабий танқид билан бирга таржима танқиди ўз мезоний талаблари орқали, жараённи жаҳон таржима санъатида рўй бераётган ижодий-илмий ҳодисалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Биз таржима, таржимашунослик, таржима танқиди йўналишида жаҳонда, Ғарб ва Шарқ мамлакатларида қилинаётган улкан миқёсдаги ишлар, ўзгаришлар, изланишлар, янгиланишларни жон-дилдан кузатиб бориш, қўлдан келганча уларга ҳиссамизни қўшишни истардик. Ўзбекистонда таржима ва таржимашунослик жаҳон мактабларига узвий боғланиб боришини орзу қиламиз. Катта миллий адабиётимизнинг кўлами, таржима мактабларимизнинг кўҳна тарихи ва уларда шаклланган принциплар (шарҳлар, тафсирлар, маънолар таржималари, воситачи тил орқали таржи­ма намуналари, ижодий мусобақалар, шариат, илоҳиётшуносликка доир асарлар таржимаси) шуни тақозо этади. Аммо булар ҳали орзу, холос. Хорижий тиллар ва айниқса, инглиз тилини чуқур ўрганиш давлат миқёсида кенг йўлга қўйилаётгани, бунга катта эътибор қаратилаётгани келажакнинг умидбахш уфқлари очилаётганини кўрсатади.
Ёшлардан умид катта. Улар инглиз, рус, француз, немис, испан, италян, араб, ҳинд, форс, хитой, япон, турк тилларини чуқур билиш заминида ўз изланишлари доирасига Ғарб ва Шарқ таржимашунослиги, лингвис­тикаси манбаларини ҳам кенг жалб қилсалар, уларни амалиётда таҳлил ва талқин этсалар, тадқиқотларнинг концептуал-аналитик жабҳасини кучайтириб берсалар, ўн-ўн беш йил ичида бу соҳа жаҳон таржимашунослигининг узвий жонли қисми каби яшай бошлайди. Ҳозиргача бажарилган илмий ишлар, тадқиқотлар рус тилида кейинги ярим асрда нашр этилган илмий манбаларга суяниш, уларни хўжакўрсинга қайд этиш билан чекланиб қолмоқда, жаҳон манбаларига мурожаат этишга ожизлик қилмоқда. Бугунги таржима танқидидаги ожизликлар, ҳафсаласизлик, саёзлик, сийқаликларнинг асосий сабаби назариядаги шу каби умум ночорлик билан боғлиқ. Тил ўрганишнинг ўсиши илмий-тадқиқотчилик ҳаракатининг кучайиши, юксак савияга қўйилиши билан бирга уйғун бориши зарур. Соҳаларга эса фақат шу ижодий, илмий ишларга аён лаёқатли кишиларгина жалб этилиши керак.
– Французларда миллатпарварлик кучли. Айниқса, ўз тилини ҳимоя қилишда Оврўпадаги бирор миллат уларга бас келолмайди. Инглиз тилида бирор истилоҳ пайдо бўлса, фаранглар ҳаялламай унинг “эгизаги”ни ўйлаб топишади. Ҳатто курраи арзнинг турли давлатларида бемалол-бедаллол истифода этилаётган сomputer, software, email, blog, supermodel каби байналмилал сўзларнинг ҳам французча муқобили бор. Франсуа Рабле тилининг расмий қўриқчиси – Француз академияси 1635 йилдан бери тилбузарларга қарши “қилич ва қалқон билан” курашиб келяпти. Академиянинг айрим баёнотларига лаққа тушган одам, “мустабид” инглиз тилининг дастидан “бахти қаро” француз тилига кун йўқ экан-да, деб ўйлайди. Аслида-ку, фаранг забони жуда ўлар ҳолатда эмас – дунё тилларидан бири мақомида собит турибди. Лекин жароҳатни газак олмасидан даволашга ўрганган фаранглар тилини ҳам ҳарислик билан иҳоталайди. Она тилини кўз қорачиғидек асраш борасида улардан анча-мунча ибрат олсак, зарар қилмаса керак. Узоқ йиллар “маърифат чопари” (Пушкин таъбири) рутбасида жонбозлик кўрсатган, Сўз хизматида сочи оқарган мутаржим сифатида айтинг-чи, бугун она тилимизни авайлай оляпмизми?
– Дунё тилларнинг ранг-баранглиги, ирқларнинг ранг-баранглиги билан ҳам жозибали. Агар Худо одамларнинг манфаатлари учун оламнинг ранг-баранг бўлишини истамаганида эди, ҳаммани бир хил, бир тусда, бир тилда сўйлашадиган қилиб яратиш унинг изму ихтиёрида эди. Аммо бир хил қилмади. Нега? Одамлар бир-бирларига жозибали кўринсинлар, бир-бирларига интилсинлар деди. Тортиш кучи – дунё оҳанрабосининг марказига ранг-барангликни қўйди.
Тилни эъзозламаган, унга эътиборсиз, борми-йўқми, фарқига бормайдиган кимсаларда қандайдир ноқислик, ожизлик, синиқлик кўзга ташланиб туради. Тил одамни гўзал қилади, жамоавийлик туйғусини уйғотади ва кучайтиради. Тиллар ранг-баранг бўлмаса, миллатлар ранг-баранг бўлмасди. Араб, рус, инглиз тилининг ёнбошида қадим ўзбек тилининг борлиги нақадар гўзал, нақадар маънодор! У Қуръонни баён қилиб, Қуръон тилига, Инжилни баён этиб, Инжил тилига, “Одиссея”ни баён этиб, “Одиссея” тилига, “Улисс”ни баён этиб, “Улисс” тилига айланди. Нақадар гўзал бу ранг-баранглик! Шунинг қудратини сезмайсизми таржималарда! Ипакдай чийратма, ўн минг даража ҳароратда ҳам кулга айланмайдиган жумлаларда! Улар худди Коинотнинг қора ўпқонидан ёғилаётган шуълалардан битилгандай! Кечагина бир китоб ўқидим, Бухоро лаҳжасида босилибди. Яна бир китоб кўрдим, Хоразм шевасида ёзилган. Барака топкур, қани қудратли ўзбек адабий тили?! Нега сиз уни инкор этмоқчи бўласиз? Лаҳжа даражасига тушасиз? Навоий қошида уялмайсизми? Қодирий олдида юзингиз қизармайдими? Кунингиз оммавий маданиятнинг “Уялмасанг, ҳар ишни қилавер” қоидасига қолдими? Энди онадан азиз, отадан улуғ тилимизнинг юзига тупроқ сочасизми? Ўнгланинг! Уялинг! Асралмаганни асрамас!
– Иброҳим ака, боя таржимон меҳнатини заргар машаққатига ўхшатдингиз. Одатда, заргар аҳли инжиқлик билан халфа танлайди. Ардоқли сирини учраган одамга дастурхон қилгиси келмайди-да. Негадир таржимада шогирд тайёрламадингиз. Наҳот, сўзгарлик ҳунарингизни ўрганишга муносиб, кўксида лахча чўғи бор қоракўз топилмаган бўлса? Густохликка йўймангу, Сиздек устозларнинг шогирд ҳозирламаётгани ҳам мактаб кўрмаганларнинг тегирмонига сув қуймаяптими?..
– Сўфийга мурид қандай мақом ва ҳолда бўлса, адабий устозга шогирд ҳам шундай мақом ва шундай ҳолатда. Имоним комилки, устозу шогирд бир танбир жон бўлиб кетгандагина, икки ўртада батамом уйғунлик туғилгандагина мавжуд. Акс ҳолда, бу ўқитгану ўқиган, муаллиму толиб муносабатларидир. Сўфийлар устоз – шогирд муомала-муносабатларининг энг юксак ахлоқий даражасига қатъиян риоя қилганлар. Шогирд ўсиб, устоздан ўзиб кета бошласа, сўфий дарҳол уни бошқа, ўзидан кучлироқ устоз сўфийга ҳавола қилиб жўнатган. Мансур Ҳаллож, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ сўфий донишмандлар таржимаи ҳолида бунинг улуғ ибратли мисоллари бор. Сўфийлардан ўрганадиган ахлоқ мўъжизалари кўп. Аммо уларнинг устоз – шогирдлик (пир – муридлик) анъаналари биз учун бениҳоя қимматли. Шогирд деса, ҳар жиҳатдан арзийдиган мумтоз зотлар бор, Худога беҳисоб шукур! Аммо уларга устоз керакмикин? Ҳамма гап шунда!
Мен эса устозларимга юкиниб, улар ҳақида ҳол-беҳол нафис мажлислар тузиб, камтарин сўзларимни ҳамиша улар пойига сочиб, бошимни мўъжиза дафтарларидан кўтармай таржима йўсинида изланиб, шогирдлик бурчларимни Аллоҳ имкон берганча адо этиб келяпман. Худо ҳамма нарсани билувчи, кўрувчи, эшитувчи, охирги сўз – Уникидир.

 
Мумтоз адабиётимиздаги мазмуний таснифлаш хусусида PDF Босма E-mail
02.09.2014 14:45

Мумтоз адабиётимиздаги сара асарларнинг моҳияти (ботини)га чуқур кириб бормасдан уларга “дунёвий” ёхуд “сўфиёна” ёрлиғини ёпиштириш ҳоллари кейинги йилларда кўпайгани сир эмас. Ҳолбуки жаҳон ва ўзбек тасаввуфшунослиги хусусан Н.Комилов, И.Ҳаққулов А.Абдуғафуров, М.Имомназаров каби олимларимиз дунёвий ва диний-суфиёна асарларга хос белгилар нималардан иборат бўлишлиги тўғрисидаги асосланган фикрларини илмий жамоатчилик эътиборига такдим этганлар ёхуд бу жиҳатлар бугунда аниқ тизим (система)га солиниб бўлинган. Афсуски, кейинги йилларда чоп этилаётган қатор тадқиқотларда тилга олинган майлпарастлик (тенденциозлик) яна учраб қолаётир.

Ҳар бир асарнинг сўфиёна ёки сўфиёна эмаслиги эса, аввало мазмун билан белгиланади ва бунда асар мазмунида кўзга аниқ ташланиб турадиган унсурлар ҳисобга олинади. Айни чоғда, мазмун ботинида, образлар мағзида яширинган сўфиёна маънони аниқлашда асарнинг зулмаънайн (икки маъноли)лиги эътиборда тутилади. Шу билан бирга, шакл билан боғлиқ (хусусан), тил, тимсоллар истилоҳлар) унсурлар ҳам асарни у ёки бу гуруҳга киритишга асос беради. Бироқ шакл ҳам, мазмун ҳам алдамчи хусусият касб этиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиш асарнинг мансублик даражасини белгилашга албатта монелик қилади. У ҳолда мазмун ва шаклни уйғунликда олиш, ботин мазмун товланишларига диққатни жамлаш мақсадга мувофикдир.

Машраб, Нишотий, Сўфи Оллоҳёр, Ҳувайдо шеъриятининг сўфиёна эканлиги исботталаб эмас. Айни иайтда, уларнинг манзум асарлари (Сўфи Оллоёр бундан мустасно) дунёвийликдан ҳам ҳоли эмас. Хўш, унда бу шоирлар шеъриятини қай тариқа мазмуний таснифлаш лозим? Бўлиниш учун қайси унсурлар асос бўла олади? Бир умр дунё ва уқбо ҳақида шеър битган Машрабни қайси гуруҳга киритиш лозиму дунёвий маъшуқни таъриф-тавсиф этиш баробарида ахир бу ҳам нафснинг бир кўриниши-ку!) инсон камолотини биринчи навбатга қўйган Нишотий, Ҳувайдоларни қай гуруҳга киритиш керак?

Шу ўринда И.Ҳаққулнинг “Сўфийлиқда мурод - софланиш”, деган фикри том маънода ҳақ. Адабиёт инсон камолоти учун хизмат қилади. Фалсафий-ахлоқий таълимот бўлган сўфийликнинг зоҳиран намоён бўлиш жараёни адабиётда акс этади. Шунта кўра, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдолар шеъриятида бадиийлик ва рамз қурилиши, изчил бадиий мазмун етакчи эди, дейиш унчалик тўғри эмас. Зеро, улар биринчи галда тасаввуф дунёқараши тарғиботи билан машғул бўлганлар. Машраб, Нишотийларда тасаввуфий дунёқараш тарғиботи ўлароқ, мазмун силсиласи,бадиий тасвир воситалари, шакл мутаносиблигига эришилган. Натижада, улар ҳам дунёвий (зоҳирда), ҳам тасаввуфий (ботинда) ғояни тарғиб қила билиш малакасига эта бўлганлар.

Чунончи, Машраб шеърларидаги зоҳирий маъно худди ботиндаги маъно каби сўфиёна эканлиги аллақачон исботини тоиган. У қўллаган истилоҳлар, тимсолларнинг шарҳи кўп мақолаларда учрайди. Шунга суяниб, Машраб шеърияти дунёвийликдан ҳоли эди, дейилса, яна бир томонламаликка йўл қўйилади. Агар, Инсон Худонинг ердаги халифаси эканлигини ва Парвардигор оламларни яратишдан мақсади Одамни яратиш эканлигини эсласак, адабиётда дунёвийлик ёхуд тасаввуфийлик деган нисбий таснифларга ўрин қолмаган; адабиёт - Инсон учун, деган ягона маслак устивор эканлигини тушуниб етилар эди. Бошқа воситалар қатори адабиёт, жумладан шеърият инсон маънавиятини юксалтирувчи, уни асл ҳолига қайтарувчи воситага айланади.

Бадиий адабиётда малеҳ шеърлар ҳам, қабеҳ шеърлар ҳам учрашлиги ёки малеҳ шеърларда аксарият дунёвий гўзалнинг шакли шамойлини мақташдан, инсоннинг ҳирсигагина қувват беришдан нарига ўтмай қолганини айблаш инсофдан эмас. Устига устак тоталитар тузум таъсири ўлароқ, Инсон ҳақидаги ҳақиқий тасаввур ва тушунчалар ифодаланган асарлар таҳлили ўрнини инсоннинг юзи, Кўзи, одати, қилиғини мақтовчи манзум ва мансур асарларнинг таҳлилига мойиллик кучайганлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳолбуки, Е.Э.Бертельс аллақачоноқ: “Тасаввуф адабиётини ўрганмасдан туриб, Ўрта асарлар мусулмон Шарқи маданий ҳаёти ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин эмас, бу адабиётдан хабардор бўлмасдан Шарқнинг Ўзини ҳам англаш қийин” ёки “Тасаввуф ғоялари билан суғорилган ёзма ёдгорликлар сони чексиздир; форс-тожик филологияси ва сўз саньатида деярли ҳар бир асарда бу ғоялар ўз аксини топган, деярли ҳар бир бадиий асарда тасаввуф дунёқараши таъсирини кўриш мумкин”, -деб ёзганда мумтоз адабиётимиздаги деярли барча асарлар у ёки бу жиҳати билан Инсон камолотига хизмат қилади, дегац тезисни илгари сурганда ҳақ эди.

Хулоса шуки, “дунёвий” ёрлиғига эга манзум ва мансур асарлар ҳам маълум маънода Инсон камолотига хизмат қилади: Бу тамға босилган шеърларнинг зоҳирига қараб, дарров хулоса чиқарищ инсофдан эмас. Чунки Ислом дини маъшуқа (демак - аёл, баъзида -эркак)нинг тан аъзоларини васф қилишни шариат ҳукмидап ташқарида деб билади ва ошиқ-маъшуқа ўрталаридап муносабатларнинг “дастурхон” қилиниши ҳам Шарққа хос хусусият эмас. Адабиёт рамзлар асосига қурилади. Шундай экан, шеърий (ёки насрий) асарни бу тасаввуфий, бу дунёвий деб тоифаламасдан, фақаи моҳиятига эътиборни бериш адабиётшунослиқца ютуқ бўлади.

М. Сиддиқов

 
Унинг чолғуси – юраги эди… PDF Босма E-mail
05.06.2014 23:33

Менга ўхшаб рус тилидан бошқа тилни билмаганларни Федерико Лорка шеърияти билан илк бор таништирган таниқли таржимон Анатолий Гелескул шоир ҳаёти ва шеъриятига бағишлаган мақолаларининг бирида шундай ёзади: “Лорканинг хоки туроби қаердалигини ҳеч ким билмайди. Аммо унинг ўқлар тешган жасади шоир севган ватан тупроғида ва мабодо кун келиб ўша жой топилса, мабодо кун келиб қабр устига хотира тоши қўйиладиган бўлса, мен шу тошга бошқа бир улуғ шоир, масофа билан ўлчанганда Испаниядан жуда йироқда бўлган юрт­нинг фарзанди – ўзбек Алишер Навоий­нинг ушбу сатр­ларини ёздирган бўлардим: “…туфроқ ила тенг ўлмишам”.

Хуршид Даврон

УНИНГ ЧОЛҒУСИ – ЮРАГИ ЭДИ…
07

Менга ўхшаб рус тилидан бошқа тилни билмаганларни Федерико Лорка шеърияти билан илк бор таништирган таниқли таржимон Анатолий Гелескул шоир ҳаёти ва шеъриятига бағишлаган мақолаларининг бирида шундай ёзади: “Лорканинг хоки туроби қаердалигини ҳеч ким билмайди. Аммо унинг ўқлар тешган жасади шоир севган ватан тупроғида ва мабодо кун келиб ўша жой топилса, мабодо кун келиб қабр устига хотира тоши қўйиладиган бўлса, мен шу тошга бошқа бир улуғ шоир, масофа билан ўлчанганда Испаниядан жуда йироқда бўлган юрт­нинг фарзанди – ўзбек Алишер Навоий­нинг ушбу сатр­ларини ёздирган бўлардим:
“…туфроқ ила тенг ўлмишам”.

Афсуски, Гелескулнинг бу сўзлари Лоркани илк маротаба ўзбек тилига таржима қилган Шавкат Раҳмон ўлимидан анча вақт ўтгач ёзилган. Шавкат тирик бўлганда бу сўзлар уни беҳад қувонтирган бўларди, деб ўйлайман.
Федерико Лорка шеърияти ҳақида ёзган одам борки, унинг шеърларини албатта мусиқага ўхшатади. Гарчи шоир мусиқий таҳсил олган бўлса-да, биографлари унинг машшоқлиги хусусида ёзса-да, аслида Лорка мусиқа соҳасида эътиборли бир ютуққа эришмаган. Унинг чолғуси – юраги эди. Унинг шеърлари ана шу юрак тубидан кўринмас булоқ каби, улуғвор дарё каби қоғозга қуйилган; бу сатрлар шоир юрагини бирон сония бўлса-да тарк этмаган ўтли муҳаббатдан яраларди.

Бошланяпти
гитар ноласи.
Синаяпти
тонг пиёласи.
Бошланяпти
гитар ноласи.
О, кутмагин ундан
сукутни!
Сўрамагин ундан
сукутни!
Тиним билмай йиғлар гитара,
йиғлагандай дарёларда сув,
йиғлагандай денгизда шамол,
сукут сўраб ялинма энди!
Шундай йиғлар тонгни қўмсаб шом,
шундай йиғлар нишонсиз ўқлар,
шундай йиғлар ловиллаган қум
тароватли гулларни йўқлаб.
Илон нишин таҳликасида
қушлар шундай ўлар жонсарак.
О гитара, шўрлик гитара,
бешта ханжар санчилган юрак!

Федерико Лорканинг бетакрор овози бежиз Шавкат Раҳмон таржимасида ўзбек тилида жарангламаган. Аввалан, уларнинг шеър ва шоирлик масъулияти бобидаги эътиқодлари ҳамоҳанг эди. “Энг қайғули шодлик” китобига ёзган сўзбошисида Шавкат Лорканинг қуйидаги сўзларини алоҳида қайд этган: “Яхшиямки, санъат – санъат учун деган ғоянинг мағзи пуч, акс ҳолда бундан-да шафқатсиз ғоя бўлмасди. Бу сохта санъатнинг ўзигагина дахлдор соф санъатга бирортаям виждонли одам ишонмайди. Зиддиятли давримизда ижодкор халқ кулса кулиб, йиғласа йиғламоғи, ўз бинафшаларидан воз кечмоғи, белигача ботқоққа ботиб бўлсаям бинафша излаётганларга кўмаклашмоғи шарт”. Бу фақат Лорканинг эмас, Шавкат Раҳмоннинг ҳам ижодий ва ҳаётий матлаби эди.
Асл таржимон ўзи таржима қилишни истаган шоирни кўр-кўрона танламайди. Ўзининг ижодий кечинмалари ва ҳаётий матлабларига кўра танлайди.

Шавкат Лоркадан шеърлари таржимаси билан жуда узоқ вақт шуғулланди. Дастлабки таржималарининг кўпидан воз кечди. Унинг ўзи бу ҳақда шундай ёзган эди: “Ўйлаб қарасам, Лорканимас, Лорканинг таржималарини таржима қилганим аёнлашди. Рус мутаржимлари, шубҳасиз, энг сўнгги имкониятларини ишлатиб меҳнат қилган бўлсалар ҳам, Лорка шеър­ларининг асл қиёфасини кўриш иштиёқида ёнавердим”. Лорка шеърларининг асл қиёфасини фақат шеър ёзилган тилгина бера олишини англагани учун Шавкат испан тилини ўрганишга киришди, Испанияга сафар қилди. Айнан ана шу узоқ йиллик меҳнат ва беқиёс муҳаббат натижаси ўлароқ “Энг қайғули шодлик” китоби майдонга келди. Китобнинг номи ҳам Лорканинг “Энг қайғули шодлик шоир бўлишдир, қолгани ҳисобмас” деган сўзларидан олинган эди.
– Биласизми, Хуршид, мен нима учун Лоркани яхши кўраман? – деган эди Шавкат Раҳмон Сулаймон тоғининг тепасида оқшом чўкаётган Ўшни томоша қилиб, суҳбатлашиб ўтирганимизда, – Унинг шеърияти мени ватан ва миллатни севишга ўргатди.
– Нима, олдинлари ватанни севмаганмисиз? – дедим кулиб мен.
Шавкат ҳам жилмайди.Тугай деб қолган сигарета тутунини ичига чуқур тортди-да, гапида давом этди:
– Лоркага ўхшаб озодлик учун ўлиш қўлимиздан келадими? Унинг илк шеърларидаёқ ватан озодлиги йўлида ўлмоқни тақдир деб билган инсонни кўрасиз. Лорка йигирма ёшида ватанини кезиб улгурган эди. Унинг шу ёшда Кастилия бўйлаб қилган сафаридан олган таассуротлари акс этган биринчи китоби Испанияга бўлган буюк муҳаббатининг тимсоли. Ўша сафар жараёнида у қанақадир умумий бир миллат эмас, ўзи кўрган, суҳбатлашган одамлар ҳақида ёзиш лозимлигини англади, бу одамларнинг ҳар бирини чин юракдан севишини ҳис этди. Шуни ҳис этдию ёзадиган шеъри ўзгарди. Ана шу ўзи яхши билган, таниган оддий одамларга бўлган муҳаббати – ватанга бўлган улкан муҳаббатга айланди…
Шавкатнинг бу сўзларини эшитиб ўтирарканман, бир йилми-икки йил аввал унга қилган ҳазилимдан уялиб кетдим.
Бешоғочдаги боғда бўлган улфати чортангдан чиқиб, ҳеч биримиз уйга кетгимиз келмай, автобус бекати четидаги темир тўсиқларда қушлардек қатор тизилишганча қизғин суҳбатимизни давом эттирдик. Шавкат Лорка таржимасига энди киришган кезлар эди.
– Мен Лоркани сиздан зўр таржима қиламан, – дедим ҳазиллашиб унга.
У қошини чимириб, жиддий тарзда:
– Қўлингиздан келмайди, – деди.
Мен ҳам бўш келмадим:
– Барибир Лоркани сиздан зўр таржима қиламан!
– Қилиб бўпсиз! – деди Шавкат олдингидан баттар жиддийлик билан.
Баҳсимизни тинглаб ўтирган Усмон Азим (Шавкат кўрмайдиган қилиб, менга “Калланг борми?” дегандай бармоғини боши узра айлантираркан) орага кирди:
– Бўпти! Иккалангга икки кун муҳлат, иккаланг ҳам Лорканинг битта шеърини олиб таржима қиласан, эртадан кейин менга кўрсатасизлар. Ким зўр таржима қилганини мана мен айтаман.
– Қайси шеърни таржима қиламиз? – деб сўради Шавкат.
– Испан миршаблари ҳақидагисини, – дедим мен.
– Мен у шеърни таржима қилиб бўлганман,– деди Шавкат.
Усмон Азим хохолаб юборди, кейин “Ҳаҳ, Шавкат-а!” дегандай бошини чайқаганча:
– Хўп деб қўяқолмайсизми, афанди! Нима, бу билиб ўтирибдими таржима қилган-қилмаганингизни, мана, қилдим деб олиб келаверардингиз-да. Энди гап бундай, Хуршид, сиз ўша шеърни барибир таржима қилиб келасиз. Келишдикми? – деди.
Мен рози бўлдим. Шу билан тарқалдик.
Ўша вақтларда жўраларим “Хуршиднинг боғи” деб атаган Чилонзор Оқтепасига яқин, Анҳор ёқасида жойлашган, Рауф Парфи ҳам бир неча марта тунаб қолиб, “Кулбаи шоҳ” деган ном билан шарафлаган ижарахонамга қайтдиму Лорканинг китобини олиб шеърни икки-уч карра ўқиб чиқдим. Сўнг ичимда “буларга бир кўрсатиб қўяй” деган ўй чўғ бўлиб ёнди шекилли, тонггача ухламай шеърни таржима қилдим.
Хуллас, келишилган муддатда Усмон Азим билан Шавкат Раҳмонга таржимани кўрсатдим. Ҳакам ҳеч бўлмаса дуранг қилса керак деб турсам, Усмон Азим гапни чўзмай:
– Шавкатники яхши экан, – деб қолди-ку!
Асти бўш келмай:
– Меникиям зўр, – дедим унга эмас, Шавкатга қараб.
Шавкат, ҳали-ҳануз баъзан кўз ўнгимда лоп этиб пайдо бўладиган табассуми юзига ёйилди-ю, ҳеч нима демади.
Орадан неча кун ўтди, билмайман, бир куни у мийиғида худди ўша табассум билан менга тикилди-да:
– Гап бор, – деди.
Кейин ўта муҳим бир масаладек, мени четга тортди ва яна жилмайганча:
– Хуршид, анов таржимангиздаги битта сўзни менга берсангиз, – деди.
– Қайси сўзни?
– Мен “О, жарангдор лўли шаҳрим!” деб таржима қилган сатрни сиз “О, жарангдор лўли кентим!” деб ўгирибсиз, ана шу “кент”ни…
– Олаверинг! – дедим дилим ёришиб.
Лоркадан таржималар китоби босмадан чиққач, Шавкат ўз сатрини ўзгартирмаганини кўрдим, аммо сабабини сўраб ўтирмадим.
“Ўлсанг ҳамки, яша!” деган экан Ҳёте. Буюклар учун айтилган бу гап. Федерико Лорка ва Шавкат Раҳмон учун ҳам айтилган.

 


8 дан 63 сахифа