Facebook
Мезонлар мезони PDF Босма E-mail

Ҳар бир миллат ҳаётининг тун ва куни, инқироз ва уйғониш паллалари бўлади. Ҳудуди фақат Яратгангагина маълум бўлган бу жараён жамият наздида турли белги-ишоратлар, рамз-тимсоллар шаклида зуҳр этади. Буни эврилиш жараёни, тақдир қонунияти ёхуд МЕЗОН дейишади. Шомирза Турдимов ижод этган МЕЗОН асари шу ҳақда...
Жаҳон адабиётини узлуксизлик ва мунтазамликда кузатганлар яхши билишадики, борлиқ ва инсон руҳиятидаги ўзгаришлар энг аввал сўзда акс-садо беради. Яъни бунда карвонбоши вазифасини сўз бажаради. У маълум макон ва замон майдонида шаклу шамойил касб этгач, бир муносиб кимсани, сабр косаси лиммо-лим тўлган ижодкор бир кимсани танлайди. Унинг руҳияти, онг-шуурини буткул эгаллайди. Уни ҳақиқий Мажнунга айлантиради. Шу тариқа сўз воқеликка - бадиий асарга айланади...
Гарчи, эндиликда бу сўз ўзининг асл сеҳру тароватини, рангу тусини бир қадар йўқотган бўлса-да, улкан илоҳий воқеликдан бир улги, бир ишорат ўлароқ ўз ҳаётини бошлайди. Асл сўзни эндиликда жамият, миллат ва бадиият мезонлари билан ўлчай бошлайдилар. МЕЗОНда айтилганидек, эндиликда мезонлар ўзгаради, талқин талқинга халал беради, талқин талқинни бузади. Аммо на чора...  
Журнал таҳририяти нашр этишга жазм қилган “Мезон” асарини мутолаа қилган дастлабки ўқувчи машҳур “Лайли ва Мажнун” афсонасини эслайди. Сўнгра Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий, Фузулий ва буюк Алишер Навоийни ёдга олади. Тарихий фактларга кўра шарқ дунёсида “Лайли ва Мажнун” афсонасига мурожаат қилмаган даврнинг, шахснинг ўзи кам. Афсона ва ривоятларни истисно этганда ҳам, бу мавзуда ёзма адабиёт тарихида юз ўттизга яқин асар ёзилган. Жараён бугунга қадар шиддат-ла давом этмоқда ва унинг интиҳоси-ю сабаби бизга маълум эмас.
Бир қарашда Ш.Турдимов “Мезон” дея номлаган асар марказида ҳам шу афсона туради. “Мезон”нинг дунёга келишини адабий-тарихий жараён қолипларига соладиган бўлсак, ажабтовур қонуниятни, яъни соф адабий мезонни англагандек бўламиз. Воқеан, адабий жараёндаги қолиплар ўрнини нисбий эркинлик олган барча даврларда мана шунга ўхшаш асарлар дунёга келганига, мезонлар синиб, шу синиқлар негизида янги мезонлар пайдо бўлганига тарих гувоҳ. Нафақат миллий адабиётимизда, балки жаҳон адабиётида ҳам, сўз санъатидаги эврилишлар уч омил негизида рўй берган – фольклор, мумтоз ёзма адабиёт ва замонавий дунё адабиёти туташган нуқтада янги адабий воқелик юз кўрсатган.
“Мезон”да шарқ фольклорида мавжуд “Лайли ва Мажнун” афсонасини ҳам, машҳур “Хамса” достонлари гултожи “Лайли ва Мажнун”ни ҳам, борлиқ ва инсонинятнинг азалу абад муаммоларини ҳам, қолаверса, бугунги замон нафасини ҳам туйиш мумкин. Ҳазрат Навоий талқин этганидек:

Лекин чу рақамға келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун...

Зотан, бу афсона замонлар ва одамлар ҳақидаги улкан тарихни ўзида ифодаловчи улкан рамз – энг катта мезондир.
Замондошимиз Ш.Турдимов адабиёт ва ҳикмат денгизидан олган улгилари, билим ва тажрибаси, Оллоҳ берган қалби, истеъдоди боис шундай катта мавзуга қўл урган экан, буни шубҳасиз қувончли ҳодиса, миллий адабиётимиздаги бир янгилик ўлароқ қабул қилмоқ инсофдандир.
Ўқувчи учун у қадар аҳамияти бўлмаса ҳам, адабиётшунос-олимларимизни “Мезон”ни қандай жанрга нисбат бериш керак, деган масала қизиқтирмай қолмайди. Қолаверса, илм ва адабий жараён қонуниятлари деган гаплар бор.
Табиатан ўта камтарин бўлган муаллиф эътирозларидан кўз юмиб айтишни хоҳлардимки, “Мезон”да роман ҳам, қисса ва ҳикоя ҳам, драма ва шеър ҳам бор. У асло маллиф камсуқумлик ила белгилаб қўйган сценарийнинг ўзигина эмас. Мезон бевосита катта адабиётга даҳлдор асар. Катта адабиётга эса ҳар доим синкретиклик хос бўлади. Катта адабиётга ишора қилган асар, шубҳасиз, миллий адабиётимизнинг ютуғидир.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари номзоди, ЎзМУ доценти