Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик» Гар ниҳон тутсам дағи жон хавфидур бешак манга
Facebook
Гар ниҳон тутсам дағи жон хавфидур бешак манга PDF Босма E-mail

Ваҳки, ишқинг зоҳир этсам ваҳм эрур ўлмак манга,
Гар ниҳон тутсам дағи жон хавфидур бешак манга.

Келган эрмиш ул Масиҳ ўлганларин тиргузгали,
Мен тирик, ваҳ, яхшироқ бу умрдин ўлмак манга.

Жузв-жузвумни, фиғонким, мунфак этти тийғи ҳажр
Бир-биридин лек ўзидур жузви лоянфак манга.

Кўнглум ўтидин йиғоч кулдур, башоқ бир қатра су,
Ногаҳ ул шўхи жафокеш отса бир новак манга.

Олтун эзилиб-эриб куйган сойи холис бўлур,
Не ажаб сарғарса юз, еткан сойи эмгак манга.

Чок айлармен ёқа ул қоши ёни кўргач-ўқ,
Ким хадангин отса ҳойил бўлмағай кўнглак манга.

Бода ҳажридин оқармиш кўзларим, эй пири дайр,
Айлагил май шишасидин синдуруб айнак манга.

Сарсари ҳижрон, вужудим хирманин андоқ совур
Ким, фано йўлида сарсар бўлмасун ҳамтак манга?

Эй Навоий, гар манга кўпрак эмас уммиди васл,
Бас нағу ушшоқидин жаври эрур кўпрак манга?

Эй воҳки, ишқингни зоҳир этсам, ўлим ваҳимаси бошимга тушди. Уни яширсам ҳам, шубҳасиз, жон хавфи остида қоламан.
Ул Масиҳ ўлган одамларини тирилтириш учун келган эмиш. Эсиз, мен тирикману, лекин бундай умрдан мен учун ўлим афзалроқдир.
Фиғонки, ҳижрон ханжари танимни бўлак-бўлак қилиб бир-биридан ажратиб ташлади, лекин ўзи мендан ажралмайдиган аъзо бўлиб қолди.
Ул шўх жафочи ногаҳон менга бир ўқ отса, кўнглимга тушган ўтдан дарахт кулга айланади, бошоқ эса бир қатра сув бўлиб қолади.
Олтин эзилиб, эриб куйган сари тозаланиб боради, шунга ўхшаб менга ҳам азоб-уқубат етган сари юзим сарғайса ажаб эмас.
У қоши ё гўзални кўрган замонимоқ, ўқини отса кўйлагим тўсиқ бўлмасин деб, ёқамни йирта бошлайман.
Эй майхоначи, бодадан айрилганим учун кўзларим сарғайиб кетди, май шишасини синдириб менга кўзойнак қилиб бергин.
Эй ҳижроннинг совуқ шамоли, вужудим хирманини шундай совургинки, йўқлик йўлидаги саргардонликда ҳеч ким менга ҳамқадам бўлолмасин.
Эй Навоий, ёр васлига умидим кўпроқ бўлмаса, нега ошиқларга кўра менга кўп жавр қилади?

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан