Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Ким фано туфроғиға ётиб қўяр тош узра бош
Facebook
Ким фано туфроғиға ётиб қўяр тош узра бош PDF Босма E-mail

Ҳар гадоким, бўрёйи фақр эрур кисват анга,
Салтанат зарбафтидин ҳожат эмас хилъат анга.

Ким фано туфроғиға ётиб қўяр тош узра бош,
Тахт уза эрмас музаҳҳаб муттако ҳожат анга.

Шаҳ юруб олам очар, дарвеш оламдин қочар;
Ҳам ўзунг инсоф бергилким, бу не нисбат анга?

Ҳар не шаҳ мақсудидур, дарвешнинг мардудидур,
Кўр не ҳимматдур мунга, не навъ эрур ҳолат анга.

Фақр кўйи туфроғин шаҳ мулкига бермас фақир,
Мулк кўрким, тенг эмас туфроғ ила қиймат анга.

Шаҳ сипаҳ чекса, фақир аҳволиға етмас футур,
Бу вале чеккач нафас, барбод ўлур ҳашмат анга.

Шаҳ эмастур бир нафас осуда дўзах ваҳмидин,
Эй хушо дарвешким, мардуд эрур жаннат анга.

Шаҳға сидқ аҳли дамидин машъали давлат ёрур,
Меҳрдекким, субҳ анфоси очар талъат анга.

Шоҳға шаҳлиғ мусалламдур, агар бўлғай мудом,
Шоҳлиғ таркин қилиб, дарвеш ўлур ният анга.

Мумкин эрмас шаҳлар ичра буйла ниятлиғ, магар
Шоҳи Ғозийким, муяссар бўлди бу давлат анга.

Шоҳлар дарвешию дарвешлар шоҳики, бор
Шоҳлиғ суврат анга, дарвешлик сийрат анга.

То шаҳу дарвеш бўлғай айлагил, ё Раб, аён,
Шоҳдин хидмат мунга, дарвешдин ҳиммат анга.

Гар Навоий сўз узатти фақрдин эрмас деманг,
Бўлмағунча ҳукм шаҳдин қайда бу журъат анга?!

Фақирлик бўзини кийим қилган ҳар бир гадога салтанатнинг кимхобидан кийим кийишнинг ҳожати йўқ.
Кимки йўқлик тупроғида ётиб тош устига бошини қўйган экан, унга тахт устидаги зарҳал суянчиқнинг зарурияти бўлмайди.
Подшоҳ юриб олам очса, дарвеш оламдан қочади, ўзинг инсоф билан айтгин, улар ўртасида қандай нисбат бўлиши мумкин?
Нимаки шоҳнинг мақсади бўлса, ўша нарсани дарвеш рад қилади, мунинг ҳиммати-ю, унинг қандай ҳолатда эканини тамошо қил.
Фақир қашшоқлик кўчасининг тупроғини подшоҳнинг давлатига алишмайди. Қийматда тупроққа тенг бўлмаган давлатни қара-я!
Шоҳ аскар тортиб чиқса, фақир аҳволига зиён етмайди. Лекин бу нафас урса, (подшоҳнинг) ҳашамати ер билан яксон бўлади.
Шоҳ бирор лаҳза бўлсин дўзах ваҳмидан хотиржам эмас, дарвешни кўрки, жаннатни ҳам рад қилади.
Тонг нафаси қуёш гўзаллигини очганидек, содиқ одамлар нафаси билан шоҳнинг давлати машъали ёрийди.
Шоҳга шоҳлик топширилган, лекин у чўзилиб кетса, у подшоҳликни тарк этиб, дарвешлик қилишни истаб қолади.
Шоҳлар ичида бундай ният қилганлар топилмайди, Шоҳи Ғозийга эса ана шундай давлат муяссар бўлди.
У, шоҳларнинг дарвеши-ю, дарвешлар шоҳидирки, шоҳлик унинг ташқи кўринишигина бўлса, дарвешлик хислати, хулқ-атворидир.
Шоҳ дарвеш бўлган экан, ё Раб, унга шоҳнинг хизмати-ю, дарвеш ҳимматини насиб айлагил.
Навоийнинг бу сўзлари фақирлигидан эмас, деманг, шоҳдан ҳукм бўлмаса, у бу журъатни қайдан оларди?!

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан