Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Бу маҳрум ҳам ўша маҳрамлар гуруҳи ичига кирса
Facebook
Бу маҳрум ҳам ўша маҳрамлар гуруҳи ичига кирса PDF Босма E-mail

Эй, нубувват хайлиға хотам баний Одам аро,
Гар алар хотам, сен ул отким, эрур хотам аро.

Юз эшигинг туфроғиға сурта олғайменму деб,
Чарх қасридин қуёш ҳар кун тушар олам аро.

Анжум ичра оразинг меърож шоми уйлаким,
Тушса дурри шабчароғе ҳар тараф шабнам аро.

Не учун киймиш қора ҳарён солиб жайбиға чок,
Фурқатингдин Каъба гар қолмайдурур мотам аро.

Соф кўнглида юзунг меҳрини гўё асрамиш,
Туш чоғи ҳар кун қуёш акси эмас Замзам аро.

Машъале бўлмиш малак илгида равзанг бошиға,
Ой чароғи кечалар бу нилгун торам аро.

Қум эмас, Батҳодаким, меҳри жамолинг ҳажридин
Зарра-зарра жисми бир-бирдин тўкулди ғам аро.

Йўл эмас, Ясрибда йиртибдур юзин тирноғ ила
Мақдаминг то етмади ул водийи хуррам аро.

Итларинг махсусу маҳзундур, Навоий, кошки
Кирса бу маҳрум ҳам ул зумраи маҳрам аро.

Эй одам зоти ичида пайғамбарлар аҳлига муҳр бўлган зот, агар улар узук бўлса, сен ўша узукка ёзилган отсан.
Қуёш эшигинг туфроғига юзимни сурта олармиканман деб осмондаги қасридан ҳар куни олам томон келади.
Меърож кечасида сенинг юзинг юлдузлар ичида шабнам пайтида ҳар томонга дурри шабчироғ тутган каби.
Каъба сендан айрилганига мотам тутмаётган бўлса, нега қора кийиб, кийими кўкрагини ҳар томондан йиртади?
Ҳар куни туш чоғида Замзам булоғи ичида қуёш акси эмас, гўё у тоза кўнглида юзинг меҳрини асрагандек.
Қоронғи осмонда кечалари ой равзанг бошида фаришталар қўлидаги машъал бўлиб турибди.
Батҳодаги(Батҳо - Макка атрофидаги бир дара номи.) қум эмас, жамолинг қуёшидан айрилгани учун унинг зарра-зарра жисми бир-бир тўкилиб тушган.
Ясрибда(Ясриб - Мадина яқинидаги шаҳар.) йўл эмас, қадаминг бу хуррам водийга етмагани учун у юзини тирноғлари билан йиртган.
Итларинг махсусу Навоий маҳзундир. Бу маҳрум ҳам ўша маҳрамлар гуруҳи ичига кирса кошки эди.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан