Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Журму гунаҳдин оҳу надомат билан санга
Facebook
Журму гунаҳдин оҳу надомат билан санга PDF Босма E-mail

Эй ҳамд ўлуб маҳол фасоҳат билан санга,
Андоқки, қурб тақвову тоат билан санга.

Топмоқ ажиб фикру тахайюл била сени,
Етмак маҳол ақлу фаросат билан санга.

Чун коинот зубдаси ожиз кўруб ўзин,
Ҳамд айта олмас онча балоғат билан санга.

Изҳори ажз биздин адаб таркидур, басе
Юз минг қусуру нуқсу касофат билан санга.

Ҳар тийра рўзгорки, васлингға йўл топиб
Сендин, етиб чароғи ҳидоят билан санга.

Лутфунг рафиқим ўлмаса не ҳадки еткамен
Бошдин аёғ гуноҳу залолат билан санга.

Лутф айлагилки мумкин эмас қилмасанг қабул,
Етмак тамоми умр ибодат билан санга.

Чун сендин ўзга йўқ панаҳим қочмайин нетай
Журму гунаҳдин оҳу надомат билан санга.

Исёни кўп Навоийнингу йўқ уётиким,
Истар етишса мунча хижолат билан санга.


Ҳар қанча фасоҳат - ширин ва пурмазмун сўзлар билан ҳам сенинг ҳамдингни ифодалаш худди тақво ва тоат билан сенга яқинлашишдек мушкулдир.
Ҳар қанча фикру хаёл билан сени топмоқ иложсиз бўлганидек, ақлу фаросат билан сенга етишмак ҳам шунчалик қийиндир.
Энг сара коинот ҳам сенинг ҳузурингда ўзини ожиз билиб сенинг мақтовингни етук бир тарзда айта олмайди.
Юз минг камчилигу заифлигу гуноҳкорлик билан ўз ожизлигимизни сенга изҳор этишимиз адабсизлигимиз ифодасидир.
Ҳаёти қоронғу бўлган ҳар бир киши ҳидоят чироғи билан васлингга йўл топа олади.
Сенинг лутфи қадаминг менинг дўсти рафиқим бўлмаса, бошдан оёқ гуноҳу гумроҳликларим билан сенга етишмоқ учун қандай ҳаддим бўлсин.
Ўзинг менга лутф кўрсатиб қабул қилмасанг, умрим охиригача тоат-ибодат қилсам ҳам сенга етиша олмаслигим мумкин.
Сендин ўзга паноҳим йўқ, шундай экан, гуноҳларимдан оҳу надомат қилиб, сенинг ҳузурингга қочиб боришдан ўзга не чорам бор?
Навоийнинг исёни кўпу уяти йўқ, шу ҳолда шунча хижолатлари билан ҳузурингга етишмоқни истайди-я!

"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан