Facebook
Маърифат махзани PDF Босма E-mail

Ўзбек адабиётшунослигида навоийшунослик йўналиши гарчи милодий XX асрнинг иккинчи чорагидан бошлаб, алоҳида тармоқ сифатида шаклланган бўлсада, А.Фитрат, Е.Э. Бертельс, С. Айний, О. Шарафиддинов, Ҳ. Сулаймонов, В. Зоҳидов, Н. Маллаев, В. Абдуллаев каби етук олимларнинг тадқиқотларини эътироф этган ҳолда бемалол айтиш мумкинки, ўзбек халқи ҳаётининг барча сохаларида кузатилгани каби мустақилликдан сўнг навоийшунослик ҳам ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Мустақилликнинг биринчи йили Алишер Навоий йили, деб эълон қилиниши ҳамда ўша йилдаёқ Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиши ҳам энди озодликка эришган ўзбек халқи учун Навоий ҳурлик, озодлик ва ўзлик тимсоли бўлганлигидан гувоҳлик беради. Ўтган йигирма икки йил ичида ҳазрат Навоийнинг куллиёти икки марта нашр этилди, «Хамса», «Хазойин ул-маоний», «Насойим ул-муҳаббат»нинг янги нашрлари дунё юзини кўрди, шоирнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодиёти ҳақида қатор адабий, илмий, фалсафий асарлар яратилди. Энг муҳими, Навоийнинг тафаккур даҳосига муносабат тубдан ўзгарди. Навоий ижодиётини бир томонлама ўрганиш, уни ҳукмрон мафкура қолипига солиш каби самарасиз ва ғайриилмий уринишларга чек қўйилди. Жавоҳир тошлардек серқирра ва замонлар оша сайқал топиб, мумтоз адабиётимиз тожидек жилоланиб турган бу ўлмас маънавий меросни халқимизнинг кўнгил мулкига айлантириш янада долзарб моҳият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов айтганидек: «Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшла-римизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз»(Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. -Т.: «Маънавият», - 2010. 47-48-бетлар.).
Жамиятнинг диний-руҳий асосларини, халқимизнинг минг йиллик маънавий-ахлоқий юксалиш тажрибасини ўзида жамлаган Ислом маданиятини тиклаш ўз такдирини ўзи белгилаш, тарихий хотира, миллий ғурур ва маданий-тарихий ягоналикка эга бўлиш йўлидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Қолаверса, ҳар қандай миллий адабиёт диннинг руҳониятига доимо кучли эҳтиёж сезади, ундан озиқланади. Кечаётган миллий ҳамда биз учун муқаддас бўлган диний қадриятлар ва анъаналарни ўзаро боғлиқликда қайтариш ва тиклаш жараёнида мумтоз адабиётимизнинг ислом динининг бирламчи манбаларидан олган таъсири, диний мавзуларнинг адабиётда ифодаланишини тадқиқ этиш ўз ечимини кутаётган масалалардан саналади.
Жалолиддин Румий «Қуёшнинг далили қуёшдир фақат», деганларидек, Навоийнинг миллат ва тарих олдидаги хизматларини бошқа бирор ижодкорнинг фаолиятига таққослаб бўлмайди. Навоийни фақат Навоийга қиёслаш мумкин. Худди шу каби, бу «назири йўқ киши» (Мирзо Бобур таъбири)нинг асарларини ҳам беназир маънавий обидалар, десак, ҳеч қандай муболаға қилмаган бўламиз. Ана шундай бебаҳо асарлардан бири, тасаввуф тарихига оид «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасидир.
«Насойим ул-муҳаббат»нинг тўлиқ номи «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ил-футувват» («Мардлик ифорини таратувчи муҳаббат насимлари») бўлиб, милодий 1495-1496 йилларда ёзилган. Унда милодий VIII асрнинг бошидан XV асрнинг охирига қадар Осиё, Африка ва Европа қитъаларида яшаб ўтган 770 авлиёнинг ҳаётидан ибратли ҳикоятлар ҳамда ўгит ва ҳикматларидан намуналар келтирилган. Жомий дебочасининг ўрнига мустақил ёзган муқаддимасида Навоий имон нури билан мушарраф бўлганларни Ҳақ йўлга ҳидоят ва раҳнамолик қилувчи валийлар ҳақида қисқача таъриф бериб, барча валийлар учун умумий бўлган айрим хислат ва амал-лар ҳақида маълумот беради. Жумладан, ёмон ишлар ва ножўя сўзлар, эгри ниятлардан буткул тавба қилиш, тирикчиликни ўтказиш учун бирор касб-ҳунарга эга бўлиш, шубҳали (ҳалол эканлиги аниқ бўлмаган) луқмадан парҳез қилиш, тақводорлик, шариат аҳкомини сўзсиз бажариш, бидъатчилик ва хурофотга қарши курашиш, ахлоқ-одобда барчага ўрнак бўлиш, риё, ёлғон, иккиюзламачилик каби ёмон хислатлардан покланиш, барчани фақат яхши сўзлар ва гўзал ахлоқ билан эзгуликка ҳидоят қилиш, ҳалимлик, собирлик, қаноат, ризо ва шукр, сидқ ва риёзат сингари гўзал хислатларнинг мазҳарига айланиш маънавий камолотга эришишнинг муҳим шартлари сифатида талқин қилинган. Кўриниб турибдики, ҳазрат Навоий валийлар сиймосида инсониятнинг идеаллари, башариятнинг асл қиёфасини кўрган ва барчани Аллоҳ азиз этган бандаларидан ўрнак олишга даъват этган.
«Насойим ул-муҳаббат» муқаддимасида муаллифнинг ўзи қайд қилиб ўтганидек, Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» тазкирасини таржима қилиш орқали туркийларнинг форс ва араб тилидан бехабар бўлган қатламини тасаввуф аҳлининг етук намояндаларининг ибратли ҳаёти билан ошно қилиш ниятидан яратилган. Аммо бунда бир тилдан иккинчи тилга ўгирилган асар эмас, балки ижодий ёндашувга таянилган таржимага дуч келамиз. Таржимага бундай ёндашишга бир неча сабаб бор:
Биринчидан, «Нафаҳот ул-унс» мураккаб илмий-назарий асар бўлиб, ундаги арабча ва форсча таъбирлар ва ҳикматлар асосан рамз ва ишора тилида айтилганлиги сабаб тасаввуф истилоҳларидан бехабар кимса учун бу сўзларнинг моҳиятини англаш қийинчилик билан кечади.
Иккинчидан, Жомий ўз асарини ёзишда, асосан, Имом Ёфиъий, Сулламий ҳамда Ансорийларнинг тазкираларига таянган. Навоий эса, Шайх Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» асаридаги 19 нафар машҳур авлиё, Шайх Фаридиддин Шакарганждан сўнг Ҳиндистонда яшаб ўтган 31 шайх, шунингдек 100 дан ортиқ турк машойихлари ҳақидаги маълумотларини қўшимча тарзда келтирган. Ундан ташқари, Носир Хусрав, Шайх Маҳмуд Шабустарий, Озарий, Лутфий, Ашраф, Насимий, Шайх Имодуддин Фақиҳ, Мавлоно Жомий каби валийлик мақомига эришган шоирлар ҳақида ҳам ўрин ажратилган. Ўзи бевосита мулоқот қилган валийсифат замондошларидан Мавлоно Шарафуддин Али Яздий, Бобо Хокий, Бобо Али Маст Нисоий, Бобо Хушкелди сингари Худонинг назари тушган азиз зотлар ҳақида ҳам маълумот бериб, шайхлар сонини 618 тадан 770 тага етказган.
Жомий асарини таржима қилиш жараёнида Навоий ўз асарини янги маълумотлар билан тўлдиришда қисқартириш йўлидан ҳам борган. Кўп ривоятлар, баҳсли нуқталар, моҳиятан бир-бирининг такрори бўлган ҳикматларни таржима қилмаган. Баҳс ва ихтилофга сабаб бўладиган айрим шайхлар ҳақидаги фаслларни умуман ташлаб кетган. Мисол сифатида «Нафаҳот ул-унс»да мавжуд, аммо Навоий таржима қилмаган Шайх Афифиддин ат-Тилмасонийга оид парчани кўриб чиқайлик: «Исми Сулаймон бин Алидир. Айрим юзаки фикрловчи фақиҳлар уни мулҳидликка мансуб деб ҳисобламишлар. Буни ўзига айтмишларким: Анта нусайрий (Сен насронийсан -О.Д.)». Ул жавобида айтмишким: «Ан-Нусайриййу баъзу минний (Насронийлар менинг бир бўлагимдир - О.Д.)».
Ушбу тоифа (тариқат аҳли - О.Д.)нинг истилоҳотидан воқиф бўлганларга аёндур-ким, уларнинг мақомотларидан бири - жамъ мақомидир. Бу мақомнинг эгаси Борлиқнинг барча жузъларини ўзининг бўлаклари ва қисмлари сифатида кўради ва ҳаммани ўзида мушоҳада этади. Шу маънода дебдиларким: «Барча яхшиликлар ва ёмонликлар дарвешнинг бир жузвидир». «Насронийлар менинг бир бўлагимдир дейиш, таҳқиқ юзасидан ҳам, тақлид юзасидан ҳам жоиздир».
Кўриниб турибдики, ушбу парчани тўғри тушуниш ва талқин қилиш учун ўқувчи тасаввуф ва ирфоннинг борлиқ, бутун ва бўлак, кул ва жузъ, ҳол ва мақом, жамъ ва тафриқа, таҳқиқ ва тақлид каби тушунчаларидан хабардорлик билан бирга фиқҳ илмини ҳам мукаммал ўзлаштирган бўлиши керак. Навоий ўқувчини мураккаблик ва англашилмовчиликдан узоқ тутиш мақсадида бундай парчаларни тушириб қолдирган.
Алишер Навоий танлаган ҳикоятлар, ҳик-мат ва ривоятларнинг асосий қисми башарий хислатларни тарк эта бориб, илоҳий ахлоқни касб этувчи, маърифатни эгаллашга бел боғлаган зотларнинг руҳий-ахлоқий камолот йўли, дунёнинг арзимас манфаатлари устидан ғолиб чиқиб, тафаккурининг сатҳи осмону фалаклар қадар кенг қамровли, кўнгли Маърифат ва Муҳаббат махзанига айланган комил инсонлар ҳақида. Бундай ҳикоятлар
ҳар бир инсоннинг руҳиятига кўкламнинг ҳаётбахш насимидай тозалик олиб киради, қалбнинг пучмоқларида мудраб қолган некбин қарашлар, покиза туйғуларни жунбишга келтиради, ҳар қандай давру замонда, ҳар қандай шароитда Раҳмоннинг изидан, Ҳақ йўлдан бориш абадий саодатга элтувчи йўл эканлигини англатади. Мисол тариқасида мана бу ҳикоятни келтириб, хулоса чиқаришни муҳтарам ўқувчининг ўзига ҳавола қиламиз:
«Исмоил Даббос дедиким, ҳаж ниятида сафарга чиқиб, Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўтириб, хирқасига ямоқ соларди. Салом қилдим ва ўтирдим. Мендан сўради:
- He ниятинг бор?
Дедим:
- Ҳаж ниятим бор.
Деди:
- Онанг борми?
Дедим:
- Бор!
Деди:
- Қайтиб, онанг хизматига бор!
Бу сўз менга хуш келмас эди. Деди:
- Нега тўлғонасан? Мен бош яланг, оёқ яланг, ёлғиз ва озуқасиз эллик марта ҳаж қилганман. Барчасини савобини сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлигини менга бер!»
Мумтоз асарларни соддалаштирган ҳолда ўқувчиларга такдим этиш тажрибаси узоқ анъаналарга эга. Ҳазрат Навоийнинг замондоши Ҳусайн Воиз Кошифий олти дафтардан иборат «Маснавийи маънавий» асарини ихчамлаштириб, «Лубби лубоби Маснавий» номли китоб тузганини биламиз. Шунингдек, бугунги кунда Европа мамлакатларида ёш авлоднинг мумтоз адабиётга қизиқишини орттирмоқ мақсадида Данте. Шекспир, Байрон каби мумтоз адибларнинг асарлари матнларини ҳозирги замон ўқувчиси савияси ва дидига мослаб нашр этиш усули кенг қўлланилади. Шу сабабли, «Насойим ул-мухаббат» хажми йирик асар эканлиги ҳамда тили бугунги кунда оддий ўқувчига оғирлик қилишини ҳисобга олиб, ундаги ибратли ҳикоятларни ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрларига мувофиқлаштирган ҳолатда тақдим қилишга жазм этдик. Имкони борича аслиятдан узоқлашмаслик учун Ҳазрат Навоий қўллаган услубни сақлаш ҳамда тасаввуф истилоҳларини айнан келтиришга харакат қилинди. Асар матнида келган арабий ва форсий жумлалар транскрипцияда, таржимаси эса қавсда берилди. Ҳар бир ҳикоятга умумий мазмунидан келиб чиқиб, алоҳида сарлавха қўйилди. Шунингдек, филология фанлари номзоди Сайфиддин Сайфуллоҳ тузган кисқартмалардан миннатдорлик билан фойдаланилди.

Алишер Навоийнинг
"Насойим ул-мухаббат" китобидан