Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Миллий уйғониш даври»Биз ким ва нималардан қўрқамиз?
Facebook
Биз ким ва нималардан қўрқамиз? PDF Босма E-mail

Ҳар кимнинг ўзига яраша қўрқатурған нарсаси бўладир. «Иштонсизнинг чўпдан ҳадуги бор», дегандек, шу вақтда иштонлик инсон — ҳадуксиз одам эҳтимол йўкдир. Туркистон истатистиқа идорасининг кейинги йиқған ҳисобига қарағанда, иштонсизлар банаъжи (Банаъжи — беҳад, ниҳоятда.) кўпайиб-дирларки, биз уларни айнан қуйида кўчирамиз: Мустамлакачи — аччиғланған чоғида сирининг очилишидан қўрқадир.
Ҳар турлук идора мудирлари — сайлов яқинлашса мансабдан тушиб қолишдан қўрқадирлар.
Янги кўз очқан ҳисобсиз ўзбек шоирча ва шоирачалари — минг машаққат билан азобланиб ёзған шеърларининг газеталарда босилмай қолишидан қўрқадирлар.
Тутантируқсиз мақола ёзишға ўрганган муҳаррирлар — тўсундан тегиб қолатурған танқид калтагидан қўрқадирлар.
Бой ва совдагарлар — айниқса буларнинг қўрқунчлари поёнсиздир...
Чунончи: дўкон совдаси яқинлашса ижарани ошириб юборатурған яканчилардан(Яканчи — инспектор; пораҳўр.) қўрқадирлар, қўллариға кўпроқ пул йиғилиб қолса, моллар ошиб, пул қурсининг тушиб кетишидан қўрқадирлар, қўлида анчайин қоғоз кўтарган кишини кўрсалар «торғовой налўг» тушмоғидан қўрқадирлар, рўза ойи кириб закот бериш(Закот — шариъат хукми бўйича пулдор, молдор мусулмоннинг ўз моли ва пулининг қиркдан бир улуши микдорида рўза вақтида бева-бечораларга, камбағалларга берадиган хайр-садақаси.) эска тушса, моллар ҳисобини олишдан қўрқадирлар... Ҳар ҳолда бу дуркум халқ учун ер ҳам қўрқунч, кўк ҳам қўрқунч. Фақат қоро ернинг остиғина тинчдир!
Камбағал деҳқон ва ишчилар — кун сайин бозор баҳосининг бирга бир кўтарилишидан қўрқадирлар.(Уша йиллари мамлакатда пул қадрсизланиб нарх-наво кўтарилиб кетган эди, муаллиф шундан киноя қиляпти.)
Ҳукумат идораларидаги битта-яримта порахўрлар — порахўрлиқ билан кураш бошланғандан бери ўзларининг сояларидан ҳам қўрқадилар.
Кўкдаги булутлар — ёғмай деса худонинг буйруғидан, ёғай деса ердаги махлуқларнинг чиртинг-пиртингидан қўрқадирлар.
Ўзбек хотунлари — эрларининг калтагидан, қизлари кўчага чиқай деса оналарининг туртугидан қўрқуб, песлар моховдан, моховлар песдан, аживалар тараладан, таралалар аживадан; қисқаси катта-кичик, ясси-япасқи, қинғир-қийшиқ, узун-қисқа ҳаммалари ҳам қўрқокдирлар...
Ман нима ва кимдан қўрқаман?
Айниқса маним ишим жуда ҳам қийин: ёзай десам, ошна-оғайни-нинг шўртумшуқлиғидан, ёзмай десам «Муштум» поччанинг жекири-гидан қўрқаман.
Яна бундан бошқа қўрқатурған икир-чикирларим:
— Эски шаҳар кўчаларидан юрсам бетимга лой сачрашидан қўрқаман.
— Ёғмур ёққан кунларида Эски шаҳар расталарининг ағнаб кетишидан, совдагарларнинг тўнғуз қўпишидан қўрқаман.
Билим юртлари ёнидан, бошланғич мактаблар қаршисидан ўтуб қолсам, истиқболдағи алвир-шалвир ўзбек маданиятидан қўрқаман!
Ҳарҳолда маним ҳам қўрқунчларим ўзимга етарлик...
Ассалому ала маниттабаъл-ҳудо(Тўғри йўлга эргашганларга салом бўлсин (Хадисдан).).

Жулкунбой,
«Муштум» — 1923 йил, 7-сон.