Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм» Мусулмонлар ёвлашса (Махтумқули)
Facebook
Мусулмонлар ёвлашса (Махтумқули) PDF Босма E-mail

Мусулмонлар ёвлашса бир — бирига,
Давлат қайтиб, динлар нуксона келгай.
Зулм айлаб, бир — бирин олса асирга,
Фалак бу ишлардан пушмона келгай.

Бир-бирини чопмоқ эмас эрликдан,
Бу иш шайтондандир, балки кўрликдан,
Манманлик айиргай элни бирликдан,
Давлат кетиб, навбат душмона келгай.

Яхшилик камайиб, иймон қисилса,
Ёмонлар қутуриб, йўллар кесилса,
Шариат бўшашиб, номус эзилса,
Замонанинг изни шайтона келгай.

Тингла, маскан тутган киши чўлларда,
Садақа камайса улуғ элларда,
Халқустига қаҳаттушиб, йилларда,
Хасталик кўпайиб, қасд жона келгай.

Мусулмонсан, хабардор бўл “Зулол”дан,
Ҳаромдан қоч мудом, изла ҳалолдан,
Ўлчовдан урсалар, юртнинг ваболдан,
Баракати кўчиб, осмона келгай.

Сўзимни олгайлар билганлар қалқа,
Муродим — насиҳат айламоқ халққа,
Қозиси гап уқмас, беги паст ўлка,
Ёмғир ёғмай, ери қизмона келгай.

Шаррга шуҳрат бермоқ — шайтоннинг кори,
Қаҳрин ютмоқ эрур — Раҳмоннинг кори,
Кўпайса ҳар элнинг бошлиқ — саркори,
Низоми бузилиб, вайрона келгай.

Парвардигор Ўзи —фақирга паноҳ!
Ул кимдир, бўлмагай тилида сано?!
Қайси юртда агар кўпайса зино,
Ерлари қимирлаб, ларзона келгай.

Махтумқули, турсам сўзим сочмоққа,
Англамаслар шайланади қочмоққа,
Қайси халқ кўникса шароб ичмоққа,
Юртда ўлат тарқаб, вайрона келгай!..

Шарҳ: Мусулмонлар ёвлашса...
Эй фарзанд, билиб қўйки, мусулмонлар ўзаро ёвлашса, динда нуқсон, давлат ва жамоада парокандалик пайдо бўлур. Икки муслимнинг бир-бирига қилич ўқталиши фалакларни ларзага келтиради. Илло, ноҳақ қон тўкмоқ эрнинг иши эмас. Қонсираган кимсалар шайтон қутқусидан кўр бўлиб қолган кимсалардир. Барча ёвузликларнинг боши кибрда, манманлиққа. Такаббурлари урчиган халқ ўз эркини душманга топшириши шубҳасиз. Хайрли амаллар ноёб бўлиб, иймон азият чекса, ёмонлар қутуриб, эзгулик йўллари бекилса, шариат қуруқ сўзга айланиб, ор-номус ўрнини беҳаёлик эгалласа, англагилки, бу эл ўз ихтиёрини шайтонга топширибди. Эл ичра саховатли кишилар камайса, одамлар садақа нима эканин унутсалар, бу халқ узоқ қаҳатчилик, очлик балосини кутаверсин. Эй азиз фарзанд, жоҳиллик ва залолатдан ҳазир бўл. Ҳаром луқмага алданиб қолма. Қотган нон есанг-да, ҳалолдан топиб егин. Бозорларда тарозилар издан чиқса, ўлчов сўзи ёлғонга айланса, юртдан барака кўтарилгай, вабо бало бўлиб босиб келгай. Бу сўзларим маъносини уққанлар хотиржам ётмаслар. Ётганлар оёққа турарлар, юрганлар югурарлар. Чин насиҳатим, айтар ҳикматим шуки, адолатсиз қози, порахўр беклар сабаб элни қурғоқчиликтутар. Ҳосиллар унмас, дарахтлар қурир. Ёмонликнинг яхши бўлиб кўриниши шайтондан, жаҳлни ютмоқ эса Раҳмондандир. Агар бир эл бошига ўнлаб ҳоким пайдо бўлса, бу эл вайронликка юз тутар. Шукрки, фақирнинг паноҳи Парвардигорнинг ўзидир. Худони танимаганлар жамоасида эса ўғрилик, ёлғон, зино кўпаюр. Бу гуноҳнинг касридан ер ларзага келур. Шаҳарлар вайрон бўлур. Махтумқули Ҳақ сўзни баён этмоққа шайланса, ғофил кимсалар ундан қочмоққа шошилади. Шароб ичишга одатланган халқ бошига эса, ўлат тарқалур.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан